Ҳозирги ўзбек шеъриятининг дарғаларидан бири Омон Матжон. Унинг илк шеърий тўплами “Очиқ деразалар” (1970) номи билан нашр этилган. Шундан буён қирқ йиллик ижодий тажриба ва меҳнат фаолиятига эга бўлган шоирнинг “Карвон қўнғироғи” (1973), “Қуёш соати” (1974), “Драматик достонлар” (1975), “Ёнаётган дарахт” ( 1977), “Ярадор чақмоқ” (1979), “Ҳаққуш қичқириғи” (1979), “Сени яхши кўраман” (1983), “Дарахтлар ва гиёҳлар китоби” (1984), “Гаплашадиган вақтлар” (1986), “Минг бир ёғду” (1989), “Ўртамизда биргина олма” (1990), “Одамнинг сояси қуёшга тушди” (1991), “Қуш йўли” (1993), “Иймон ёғдуси” (1995), “Дийдор азиз” (2011), “Халоскор руҳ” (2012) каби йигирмага яқин шеърий, насрий, драматик китоблари чоп қилинди.
Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилди. Унинг отаси – Матжон Жуманиёзов (1905-1976) шу туманда почта бўлимининг бошлиғи лавозимида ишлар эди. Онаси – Хотира Эрматованинг (1916-1946) умри жуда қисқа экан, ўттиз ёшга тўлганида, тўрт фарзандини чирқиллатиб, боқий дунёга рихлат қилади. Ёш Омон онаси вафот этганида, уч яшар гўдак бўлган. Шу боис, Омон ака туққан онаси – Хотира опани тугал эслай олмаслиги табиий ҳол бўлиб, уни тарбиялаб-ўстирган ўгай онаси – Ўрозбика опа номларини жуда ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олдилар. Омон аканинг вояга етишишида унинг иккита опаси – Гулсара ва Ойимжонларнинг ҳам хизматлари катта бўлганлигини тусмол қиламиз. Минг таассуфлар бўлсинким, Хотира опанинг умри қисқалиги, қизлари қисматига ҳам битилган экан. Бу қисмат қизларига она мерос қолган эканми? Ёки бошқа бир сабабми? Билмадик… Омон аканинг эслашича, катта опаси – Гулсара жуда хушрўй, келишган қиз бўлиб, унинг нафис, ғоят билимдонлиги, одоби ёш Омон қалбини ўзига ром этади. Опасининг мактаб топшириқларини, биргина, она тили ва адабиётдан берилган иншо ва машқларни зўр иштиёқ билан бажаришини кўриб, укаси – Омон ҳам унга эргашиб, олти ёшида қишлоқдаги Оржаникидзе номидаги ўрта мактабга: “Мен ҳам мактабда ўқийман”, дея ўжарлик қилиб боради ва биринчи синфга ўқишга қабул қилинади. Айниқса, опасининг ҳуснихати жуда гўзал, саводли, тоза ёзилганлигини Омон ака қувонч ва илиқ хотиралар билан эслади. Опаси – Гулсара боши қаттиқ шамоллаб, шу дард билан гуллаган ўн олти ёшида оламдан кўз юмади. Омон аканинг хотирлашича, қизининг бевақт ўлими отаси – Матжон Жуманиёзовни чуқур қайғуга ботиради, бир кунда сочлари оқариб кетади.
Омон аканинг иккинчи опаси – Ойимжон эса турмушга чиқиб, йигирма олти ёшида бевақт вафот этади. Омон Матжон ота ва онаси бир Зариф аканинг ҳам алоҳида феъли, қизиқишлари ва характери ҳақида гапирдилар. Зариф ака туғма санъат шайдоси бўлсалар-да, тарих фани бўйича мутахассис бўлиб етишади. Зариф ака Самарқанд Давлат университетини тугаллаб, ўша ерда қўним топиб, бугун ҳам ўша ерда оиласи билан умр кечирмоқда.
Матжон Жуманиёзовнинг иккинчи турмуш аёлидан туғилган фарзандлари: Собир, Ҳамро, Қадам акалар бугун ҳам Гурлан туманида ҳаёт кечиришмоқда.
Ёш Омон қалбида адабиётга, сўз санъатига меҳру муҳаббатнинг уйғонишида, икки опаси ҳамда акасининг ҳам таъсири бўлди, десак янглишмаймиз. Албатта, шоир шахсиятининг шаклланишида, унинг бадиий тафаккури, поэтик нигоҳининг камол топишида жуда кўп омиллар, оилавий муҳит билан биргаликда, устозлар меҳнати, шахсий мутолаа (газета- журналлар, бадиий адабиёт мутолааси) ҳам катта аҳамиятга молик. Унинг шоир Ҳамид Олимжоннинг бувисига ўхшаган эртакчи бувиси, сўзга чечан энаси йўқ эди. Лекин қишлоқда халқ мутолааси, парихон муллалар, оқшомлар уюштирилган шеърхонлик ва достончилик анъаналари ёш Омон қалбини нурлантириб, йўналиш бергани аниқ. Бу соҳир кечалар ва яқинлари, оиласи ҳақида шоир шундай ҳикоя қилади:
“Менинг катта бобом Хоразмда – Ферузшоҳ замонида – саройда девонбеги бўлганлар. Исми – Эрмуҳаммад бобо (Гап Омон Матжонни туққан онаси – Хотира опанинг отаси ҳақида кетаяпти. Таъкид бизники. М.Қ.) бўлган. Бу тарихий маълумотларни турли мавқели идоралардан истаб, ўрганиб кўрганман. Аммо булар 1917 йил бутун шўро мамлакатидаги “эврилишлар” оловида ёндирилган, тупроққа кўмилган. Амударёга ташлаб, оқизиб юборилган. Бу замон воқеалари ҳақидаги нолаларим “Икки дарё оралиғида” шеъримда бироз акс этган…
…Болалик майли ўзи дунёнинг турли информатив оқимларига ошуфта этади. Эсимда, қишлоғимизда чоллар, халфа кампирлар, кўпинча, туркман шоирлари: Муланафас, Махтумқули шеърларини жуда кўп ўқишарди. Бизнинг уйимизда ҳам бу шоирлар шеърияти катта қизиқиш ва меҳр билан ўқиларди. Яна шундай кексалар бор эдики, улар кечқурунлари йиғилишиб, ашулалар айтишарди. Аёллар эса кечалари мойчироқ ёруғида кўрак чувишиб, эртаклар айтишарди, халқ қўшиқларини куйлашарди. Мен, мактаб ёшига кирмаган бола, бу сеҳрли куй, қўшиқ, эртакларнинг барисини ухламасдан, қизиқиш билан, қандайдир ҳайрат билан тинглардим. Балки болаликдаги мана шу қизиқиш ва ҳайрат менинг қалбимда шеъриятга бўлган улкан муҳаббат ҳиссининг илк куртакларини уйғотгандир”.
Ёш Омон мактабда ўқувчилар томонидан тайёрланадиган деворий газета ишларига бош-қош бўлади. Газета саҳифасини расмлар, шеърлар билан тўлдирганини Омон ака суҳбатларида таъкидладилар. Ўша йилларда Янгибозорда “Коммунизм учун” район газетаси нашр этиларди. Омон аканинг ўқувчилик йилларида ёзилган “Балиқ билан чирик тўр” номли илк шеъри шу газетада чоп қилинади. Мазкур шеърнинг яратилиши ҳақида шоир болалик хотираларини эринмасдан гапириб бердилар. Айтишларича, Омон ака дўстлари билан Амударёдан оқиб келадиган уй олдидан ўтадиган ёпдан (сув йўли, каналдан кичикроқ сув йўли Хоразмда ёп дейилади. – М.Қ.) ёз кунлари балиқ тутишади. Дарё сувидан ичиб, чанқоғини босишади. Ёп ва шу ердаги балиқ ови ҳақидаги болалик кунлари натижасида “Балиқ билан чириган тўр” шеъри ёзилади.
Шеърда тўрга илинган балиқ ва чириган тўр мулоқот қилади. Бу услуб ёш Омоннинг болаларча бадиий тафаккури, фантазиясини акс эттирган бўлса, айни пайтда, ўзи англаб-англамаган ҳолда мажозий, фалсафий шеър намунасини яратганлигига гувоҳ бўласиз. Чирик тўр – чириган тузум рамзи бўлса, тўрга илинган балиқ – собиқ шўро одами. Чирик тўр балиқни тезроқ овчига етказмоқчи бўлади. Аммо уддабурон, қўрқмас балиқ чириган тўрни доғда қолдириб, озодликка интилади. Бу ишнинг уддасидан чиқади ҳам. Шеър хулосаси чуқур оптимизм ва гуманизм ғоялари билан суғорилган. Умуман шеърда ёш шоирнинг ижтимоий муносабатлар, эзгулик ва ёвузлик, тутқунлик ва эркинлик ўртасидаги абадий зиддиятлар ҳақидаги таъсирли ҳукм-хулосаси тимсолли образларда ўз аксини топган.
Келинг, яхшиси булар ҳақида шоирнинг ўзларидан эшитайлик:
“Биринчи шеърим эсимда, унинг номи “Балиқ ва чириган тўр” эди:
Балиқ билан чирик тўр,
Жанжал қилди жуда зўр.
Чирик тўр дер: Балиқвой,
Ишинг чатоқ, ҳолинг вой…
Сени ўраб оламан
Ва халтамга соламан.
Овчига етказаман,
Кунингни битказаман.
Бу шеърнинг бошланиш қисми холос, у ёғи эсимда қолмаган. Бу шеър Янгибозор райони газетаси “Коммунизм учун”да чоп этилган. Ўша йиллари Янгибозорда машҳур журналист ва шоир Дўстжон Матжон ишларди. У менга шеър ёзиш санъати ҳақида маслаҳатлар ҳам берган. Биз бу инсон билан кўп учрашганмиз. У болалар шоири ҳам эди”.
Омон Матжон ота касбини эгаллаш учун мактабни тугатгач, дастлаб, Тошкент Алоқа институтига ҳужжатларини топширади. Бир ҳужжат туфайли, бу олийгоҳ талабаси бўлиш шарафига муяссар бўла олмайди. Сўнгра, шу институт қошидаги Алоқа билим юртига ўқишга киради. Бир йиллик таҳсилдан сўнг, Гурланга қайтиб келиб, томма-том юриб, кимнингдир телефон симларини, яна кимнингдир радиосини, хуллас, нимаики техника жиҳозлари бўлса, уларни тузатиб-бузиб, устачилик билан шуғулланади. Гурланда монтёрлик вазифасини сидқидилдан бажаради. Радио-техникага, газета-журналга ихлослик унга ота мерос касб эди. Шу боис, радиотехник Анвар образи Омон Матжоннинг “Гаплашадиган вақтлар” шеърий қиссасига бежиз олиб кирилмаган. Китобга, техникага, кашфиётга, билим олишга ўч Анвар Омон Матжонга ўхшаб кетади. Аммо Омон Матжонга ҳаёт бошқачароқ кашфиётчиликни инъом этди. Яъни, у техник кашфиётчи эмас, бадиий сўз кашфиётчиси бўлиб етишди. Мазкур қиссадаги кўпгина воқеалар, образларнинг ҳаётий асослари бор.
Шоир ўзининг таълим ва таҳсил йиллари, фаолияти ҳақида шундай ҳикоя қилади:
“Мен 1961 йилда акам – Зарифнинг маслаҳати билан Самарқанд Давлат университети филология факультетининг француз тили бўлимига ўқишга кирдим. Аммо иккинчи курсга ўтган йилим армия хизматига чақирилганман. Талабанинг ҳам ҳарбий хизматга чақирилиши тарихий-ижтимоий ҳодиса: чунки, 1941-45 йилларда Иккинчи жаҳон уруши йилларида, ниҳоятда, кўп одамлар, айниқса, эркаклар қурбон бўлиб кетишган. Отамнинг елкасида урушдан олдинроқ авто-авария туфайли содир бўлган жароҳат бор эди, шундан уни фронтга олишмаган.
Шундай қилиб, мен, 1962 йилда хизматга кетдим ва, ўша пайтда, Германиянинг Дрезден, Майсен шаҳарларида уч йил ҳарбий хизмат бурчимни ўтадим. Ҳарбий қисмимизда жуда катта кутубхона бор эди. Мен ўйладим: уч йил – минг кун… Ҳар куни сал бўш қолсам, китоб ўқийман. Кўп ўқиш болаликдаги ички қизиқишимга руҳий қувват берди. Шеърлар ёзабошладим. У пайтларда, аспирантларга ҳарбий хизмат муддати икки йил эди. Ленинободлик Исоқул Тўрақулов деган ҳарбий хизматчи-дўстим шеъримдан бир-икки дастасини Тошкентга олиб кетди. У шеърларимни ўша пайтда, “Шарқ юлдузи”да ишлаётган устоз Шуҳратга бериб кетибди. Устоз эҳтиромли эътибори билан, бирга ишлашаётган Ҳусниддин Шариповга оқ йўл ёздириб, 1965 йилнинг 6 сон (июнь)ида “Солдат ўйлари” сарлавҳаси билан шеърларимни эълон этишган. Отам битта журнални ҳарбий қисмга жўнатганлар. Мен журнални олдим. Шундай қилиб, мен ҳарбий хизматдан шоир Омон Матжон бўлиб қайтиб келдим. Хизматдан қайтишда ҳарбий кийимда “Шарқ юлдузи” журнали редакциясига кириб, устоз Шуҳрат билан учрашдим… Устоз мени қучоқлаб: “А-ай, солдат гонорар олдингми?” дедилар… Мен Хоразмга – уйга – Боғолонга эртасига ярим кечаси етиб бордим… Мен устоз Шуҳратнинг нурли эҳтиромларини кўп туйганман…
1965 йилда хизматдан қайтиб келиб, дорилфунунда ўқишни давом эттирдим. Лекин мен энди француз филологиясида ўқишни хоҳламадим. Ҳарбий хизматда юрган пайтимда қарорим ўзгарди. Ўқишимни ўзбек филология факультетига алмаштирдим. Университетда менга дарс берган: Воҳид Абдуллаев, Улуғ Турсунов, Нуриддин Шукуров, Қўнғуров каби азиз зотлар – устозларим бўлганидан фахрланаман.
1969 йилда таҳсилни тугатгач, устозларим мени шаҳри азим Тошкентга жўнатишди, бу ерда Навоий кўчасида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлашга имкон, йўл-йўриқ беришди.
Бу нашриёт у пайтлар бутун республикада танилган нашр даргоҳи эди. “Навоий – 30”. Деярли, барча йирик босмахоналар, газета-журналларга ҳам меҳрли мураббийлар маскани бўлиб, ўша йиллари, Шуҳрат, Саид Аҳмад, Саида Зуннунова, Кибриё Қаҳҳорова, Рамз Бобожон, Мирзакалон Исмоилий, Мавлон Икром, Ҳамид Ғулом сингари кўплаб ижодкорларни кўриш бахтига муяссар бўлганман.
1969 йилнинг охиридан бошлаб, то 1986 йилгача мазкур даргоҳда ишлаган давримда, мен учун яна янги нашр академияси эшик очгандай бўлди. Бу ерда, нафақат, улуғ устоз Ҳамид Ғулом билан ёрқин иш фаолиятимиз, улуғ ижодкор акаларимиз билан танишув, балки бутун вилоятлар, Марказий Осиёдаги кўплаб ижодкор шоирлар, таржимонлар билан танишув, хизмат жараёни ҳам бўлди…”
Омон Матжоннинг биринчи шеърий тўплами “Очиқ деразалар”(1970) нашр этилгач, адабий танқидчилик, жамоатчилик унга илиқ муносабат билдирди. Маълумки, шоир уруш йилларида туғилди, мурғак болалик йиллари уруш ва урушдан кейинги қийин ижтимоий-тарихий даврга тўғри келди. Шу боис, кўп қийинчиликлар, замона қаттиқликларини бошидан кечирган ёш шоир илк шеърий китобини “Очиқ деразалар” деб номлади. Сарлавҳага чиқарилган шеър матнига эътибор қаратсак, Омон Матжоннинг ижодий кредоси, бадиий-эстетик аъмоли бор бўйи басти билан кўз олдимизда намоён бўлади. Шоир ўз деразасини, дераза ортидан ёғду, соя, кулги эшитилиб турадиган фаровон, осойишта оила, руҳий хотиржам уй, Ватанни орзу қилади. Ёш шоир ўз йўлини излайди, бедор руҳий тўлғанишларини шеърга солади. Мазкур тўпламга кирган: “Очиқ деразалар”, “Шеърият”, “Бошқалардек севишдик биз ҳам”, “Фируза”, “Шар”, “Дўстларим”, “Буғдой” каби ўнлаб шеърларида ёш шоирнинг олам ва одам муносабатларига лиро-романтик, фалсафий, патетик, ҳиссий тафаккури ўз муҳрини босган.
Ижодкор шеърдан-шеърга, фикрдан-фикрга, образдан-образга томон ўсиш ва ўзгаришда давом этди. У бадиий ижодда тиним билмай меҳнат қилди.
Китобларининг сарлавҳа – номлари ҳақида шоир шундай дейди:
“Китобларимнинг номлари кўнглимда, ҳали асарим чиқмай, кўп олдин зоҳир бўлиб юрар эди. Ҳозир ҳам…
“Карвон қўнғироғи”. Тасаввур қилинг, қадим Хоразм замини, овул-эли. Бу қадимий карвон йўллари диёри…
Хоразмнинг барча шаҳар, кент, овул-қишлоқларининг, ҳар бирининг номи жуда қадим пур маъно. Битта Боғолонни олинг, Бўзқалъа, Чўболончи, Дўсимбий, Мискин бобо… Амударёнинг “орқа” – шимоли “Қирқ қиз”, “Тупроққалъа”, “Элликқалъа”…
Мен Навоийнинг асарларини ўқиб-ўрганишларим натижасида, бинобарин, унинг “Хамса”сидан таъсирланиб, “Минг бир ёғду” асаримни яратдим”.
Омон Матжон Ватанимиз тарихи, маданияти, урф-одатлари, фольклорини, ўзга халқлар тарихини чуқур биладиган, бир сўз билан айтганда, катта билим ва тафаккур эгаси. Бу қирралар унинг шеъриятида ёрқин кўринади. Яна Омон Матжон шеърларидаги руҳ шундан иборатки, у кўп дунё кўрган, кўп инсонлар билан танишган, уларнинг ҳаёти, дарду изтиробини чуқур ҳис этган ижодкор сифатида кўз олдимизда намоён бўлади. Адабиётшунос Умарали Норматов уни: “Омон жаҳонгашта шоир”, деб таърифлаган эди. Омон Матжон шеърларида халқоналик, аллегорик образлилик, ижтимоийлик, насрга хос эпик тасвирни шеърий йўлда ифодалаш, фалсафийлик, ҳақиқатпарастлик, давр фожиаларини, инсон дардини дадил айтиш жиҳатлари ёрқин намоён бўлади. Шу маънода, унинг юксак маҳорат, баланд бадиий дид натижаси ўлароқ, “Гаплашадиган вақтлар” шеърий қиссаси, “Паҳлавон Маҳмуд”, “Хоразмийнинг тўрт саёҳати ва саккиз башорати”, “Тўғон”, “Ҳаққуш қичқириғи” каби драматик, фалсафий, тарихий достонлари, сўнгги йилларда эса “Нажмиддин Кубро” трагедияси, “Тўрабекахоним” насрий қиссаси яратилди.
Омон Матжон лирик, лиро-эпик, драматик турнинг турли жанрларида баракали ижод қилди. Шу билан бирга моҳир таржимон сифатида ҳам уни яхши биламиз. Жумладан, турли миллат шоирлари: Шиллер, Бодлер, Евгений Евтушенко, Расул Ҳамазатов, Юстинас Марцинякивичюс, Шандор Петефи, Берди Кербобоев, Суҳроб Тоҳир, Ибройим Юсуповлар ижодидан таржималар қилди.
Зеро, бадиий таржима ҳам алоҳида санъат ҳисобланади. Таржимон билан ўзга миллат ижодкори руҳияти орасида қандайдир уйғунлик, руҳий яқинлик бўлиши лозим, дейишади таржима назарияси билан шуғулланувчи олимларимиз. Ўзининг таржимонлик фаолияти хусусида шоир шундай дейди:
“Таржималарга келсак, мен жуда уста таржимон эмасман. Муайян вақт учун, ижодий жараён руҳига бир: “Ҳорманг!” тарзида кучим етганча Шиллер, Бодлер ва бошқа шоирлардан озгина таржималар қилдим. Евгений Евтушенко билан жуда яқин ижодий ҳамкорлигимиз бор. У менинг шеърларимни рус тилига таржима қилди. Ҳатто хонадонимизда бир неча бор меҳмон ҳам бўлган. Жуда яхши эслайман, у билан биринчи маротаба Тошкентда учрашганимизда шундай деган эди: “Мен минглаб юлдузларни кашф этган буюк мунажжим Мирзо Улуғбек туғилган она заминни, унинг одамларини бир кўрсам эди, – деб орзу қилардим. – Улуғбек, Беруний, Ибн Сино, Ал Хоразмий каби буюклар туғилган юрт одамлари қандай экан? Улар қандай тилда гаплашар экан? Улар қандай миллат экан? – деб қизиқар эдим. Ниҳоят, мен шундай қутлуғ заминни кўриш бахтига муяссар бўлдим!” деган эди. Евгений Евтушенко, асли сибирлик. Музлар, қорлар қоплаган бир юртдан…
Таржимонлик иши ҳақиқатданам машаққатли касб, таржимон билан ўзга ижодкор ўртасида, албатта, руҳий боғлиқлик бўлиши шарт. Шу маънода, мен таржима қилган шоирларнинг руҳини бир қадар топа олиш керак, деб ўйлайман. Балки, шунинг учундир, улар ўзбек бадиий таржима адабиётида ўз ўрнини топа билди. Хусусан, Евгений Евтушенконинг Ўзбекистондаги энг ишончли таржимони мен бўлиб қолдим. У менга шундай ваколат берди: “Фақат Омон Матжон менинг шеърларимни таржима қилсин!” Евгений Евтушенко бир келганида, унинг истаги билан Ўзбекистоннинг гўзал шаҳарларини биргаликда айланиб чиқдик.
Яна бир гап. Еттинчи-саккизинчи синфларда ўқиб юрган пайтларимда, менда, бир орзу пайдо бўлган эди: “Қани қирқ ёшимгача ҳеч қурса ярим дунёни кўриб келсам…” Пирлар ёр бўлди. Шу ниятим амалга ошди. Мен Франция, Америка, Германия, Чехославакия, Туркия, Мўғулистон мамлакатларига, Россиянинг Москва, Свердловск каби шаҳарларига саёҳат қилдим. Французларда шундай гап бор экан: “Уч марта Парижни кўрмаган шоир – шоир эмас!”
Эҳтимолки, хорижий мамлакатларга қилган сафарларим ҳам бадиий таржимага туртки бергандир…”
Омон Матжон шеърий, драматик достонларида тарихий шахслар ҳаётига кўп мурожаат этди. Масалан, Ал Хоразмий, Беруний, Маъмун, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Хўжа Аҳмад Яссавий, Дравархоним (Тўрабекахоним) каби тарихий образлар қатор драматик достон, трагедия ва қиссаларида акс эттирилган. Тарихий асар яратишда ўзига хос бадиий шартлилик талаблари мавжуд. Ижодкор тарихий фактни, айнан, кўчириб эмас, унга бадиий тўқима образлар қўшиб, воқеликни хаёлан тўлиқ тасаввур этиб, тарихий воқеликни бадиий ҳақиқатга айлантиришда бир қанча мезонларга таяниши лозим. Масалан, ўтмишни тасвирлаш учун, табиий равишда, ўша давр лексикасини асарда қўллаши, тарихий миллий колоритни асарнинг руҳига сингдириб юбориши лозим бўлади. Қолаверса, тарихий асар фонида замонавий кун тартибдаги муҳим ижтимоий, маънавий-ахлоқий, фалсафий ғояларга ҳам жиддий эътибор берилиши лозим.
Омон Матжоннинг “Дийдор азиз” номли янги китобига иккита тарихий асар киритилган. Улардан бири Кубровия тариқатининг асосчиси Нажмиддин Куброга бағишланган. Трагедияда Нажмиддин Кубро тимсолида иродаси кучли шахсни кўрамиз. Қолаверса, бу валийтарош, мутасаввуф тимсолида ватанпарвар, миллатпарвар, инсонпарвар шахс образи мужассамлаштирилган. Ижодкор тез-тез тилга олганидек, Нажмиддин Кубро шартли ерий инъомлару, ерий орзу-истаклардан анча юқорига кўтарила олган зот.
“Нажмиддин Кубро” трагедиясида жиддий танқид этилган маънавий, ижтимоий муаммолардан бири ўша давр муҳитидаги хиёнаткорлик, сотқинликдир. Ички низолар, адоват-кин, кўра олмаслик, катта истеъдодларни тан олмаслик, қандай бўлмасин уларни мағлуб қилиш учун бутун бошли миллатни маҳв этишга муваффақ бўлган худкашлар образи кўрсатиб берилган. Мазкур трагедиядаги салбий иллат, бундан салкам йигирма-ўттиз йиллар олдин яртилган “Беруний”, “Ал Хоразмий”, “Паҳлавон Маҳмуд” драматик достонларида ҳам ишонарли очиб берилган эди. Демак, Омон Матжон шахс табиатига хос хиёнаткорлик, сотқинлик, ҳасадгўйлик каби салбий иллатларни қизил ип мисоли кўпгина асарларида давомий ўрганади, аёвсиз танқид қилади.
“Нажмиддин Кубро” трагедиясининг яратилиши, ижодий жараён лаҳзалари ҳақида сўраганимизда, Омон Матжон шундай жавоб бердилар:
“Менинг бу асарни ёзиш ҳақидаги ижодий режам йигирма йил олдин миямда бор эди. “Дийдор азиз” китобимга янги икки асаримни киритдим. Иккиси ҳам тарихий мавзуда. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларимизда, тарих ўқитувчимиз биз – ўқувчиларни Хивага зиёратга олиб борди. Шунда, муаллимимиз Дўсиммат ака Нажмиддин Кубро билан Тўрабекахоним ҳақидаги тарихий ҳикоятларни гапириб берган. Шу ҳикоятлар менга кучли таъсир қилган эди, ўша пайтда. Қолаверса, Хоразм тарихини ўрганган рус олими Толстовнинг китобларига суяндим. Умуман, мен, асосан, ижодимда, Х-ХIII асрлар Хоразм тарихини, шу даврдаги энг машҳур, қаҳрамон деб аташга лойиқ шахслар ҳақида ёздим”.
Омон Матжон шеъриятининг асос ўзагини Хоразм нафаси, Хоразм одамлари, Хоразм тарихи, Хоразмнинг қадимий минг йиллик урф-одатлари, Хоразм характери, табиати, иқлими бир сўз билан айтганда, Хоразм миллий колорити ташкил этади. Шоир асарларидан Хоразм оҳанглари уфуриб туради. “Сиз Хоразм заминида туғилганингиздан, гурланлик эканингиздан фахр ҳиссини туясизми? Гурланликлар қайсар, ўжар одамлар бўлади. Сизнинг табиатингизда ҳам шундай хислатлар борми?” деб сўраганимизда, Омон Матжон шундай жавоб қилдилар:
“Хоразмда менга энг катта раҳбар ҳам, боғчага кетаётган болакай ҳам бари руҳ гўзаллиги, эҳтироми, деб биламан! Ижод ҳам гоҳида шахмат ўйинини эслатмайдими? Менда унча ҳам шахматчиликка салоҳият йўқ. Баъзан бир пиёданинг юриши кифоя! Шоҳнинг ҳимояси эса асосий ғоя!
Мен, албатта, буюклар туғилган она замин Хоразмда туғилганимдан фахрланаман! Унинг ҳар бир қарич ери, одамлари, янтоғи, чўли, суви – ҳаммаси мен учун бирдек қадрли!
Биласизми, мен, “Ҳаққуш қичқириғи” достонимга “Гурланликлар” ҳақида бир афсонани киритган эдим. Умуман, Гурлан ва гурланликларнинг пайдо бўлиши ҳақида турли тахминлар, халқ афсоналари, чўпчаклар юради, халқ орасида. Шулардан биттаси кўр ва ланг одам ҳақидаги афсона. Шу афсонанинг моҳиятидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, гурланликлар уддабурон, ишнинг кўзини биладиган, оғир шароитдан, халқ таъбири билан айтганда, “тегирмондан бутун чиқадиган” қавм деб ўйлайман. Менда, ўша ота-боболаримнинг характер, фазилатлари бор, албатта…”
Омон Матжон ҳаёти ва ижодининг асосий қисми шўро замонида кечган бўлса-да, унинг асарларида ўзбек халқининг дарди, изтироби, экологик, ижтимоий, маънавий-ахлоқий муаммолари айтилган. Масалан, биргина “Гаплашадиган вақтлар” шеърий қиссаси бунга мисол. Шоир ҳаёти ва ижодини тадқиқ этган Ж.Жумабоева мазкур қиссани “кўп тармоқли асар”, У.Норматов эса “мураккаб асар”, деб белгилашган. Унда, ўша пайтларда айтилиши мумкин бўлмаган жуда жиддий муаммолар кўтариб чиқилган.
Жоиз бўлса, “Гаплашадиган вақтлар” шеърий қиссаси қат-қат муаммолар, қат-қат фалсафа, қат-қат маънолар мавжуд серқирра асар. “Битта акса урса, ўттизта протокол тузилади”, деган жумла билан собиқ шўро давридаги даҳшатли қоғозбозлик, расмиятчилик устидан шоир қаҳқаҳа уриб кулади, ўтли қалам кучи билан мавжуд ижтимоий иллатни аёвсизларча танқид этади. Қиссада англашимча, биографик деталлар билан бир қаторда, тарихий воқелик, тарихий шахслар ҳаёти яширин бир тарзда берилган. Мазкур ўринларга бироз аниқлик киритиб беришини шоирдан сўрадик. “Тўрт дарвеш образини яратишдан мақсадингиз нима эди? Нима учун дарвешларга исм қўймагансиз?”
“Тўғри англабсиз, қиссада тўрт дарвеш образи бор. Уларга мен атайлаб исм қўймаганман. Чунки, мен, дастлаб, Аҳмад Яссавий образини яратмоқчи бўлганман, шу қиссамда. Лекин бу пиримизнинг номлари ҳам, асарларини ўқиш ҳам, уни тарғиб этиш ҳам қатъиян ман этилган давр эди. Биласиз, Аҳмад Яссавий бобомиз олтмиш уч ёшга тўлганларида: “Пайғамбаримиздан ортиқ умр кўришни ўзларига эп кўрмай, ер остига кириб кетганлар! “Гаплашадиган вақтлар” қиссамдаги сирли дарвеш, аслида, бу – Аҳмад Яссавий эди.
Мен яқинда, дастлаб чиққан “Очиқ деразалар”, “Карвон қўнғироғи” китобларимни варақлаб: “Шукур, ҳақ бизга қутлуғ замонни иноят қилган экан!” дедим ўзимга-ўзим.
“Ҳаққуш қичқириғи”, “Гаплашадиган вақтлар”, “Карвон қўнғироғи” сингари китобларим бугун ҳам дунёнинг турли кўп информ нашрларида фойдаланилаяпти. Мен бу жиҳатдан жуда бахтли ижодкорман!”
Омон Матжон Тошкентда иш фаолиятини бошлаган даврларида, Навоий – 30 кўчасида, бўлажак рафиқаси Мақсуда Тоҳирова билан танишиб қолади. У, ўша пайтларда, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетининг кечки бўлимида таҳсил олар, шу билан бирга, нашриётда корректор лавозимида ишлар эди. Уларнинг дунёқарашлари, гаплашадиган гаплари, интилишлари, ҳаётга муносабатлари мос тушади. Шундай қилиб, икки ёш турмуш қуришга аҳду паймон қилишади.
1970 йилда Омон Матжон билан Мақсуда опаларнинг муборак никоҳ тўйлари бўлиб ўтади. Мана, улар қирқ уч йилдан бери бирга умргузаронлик қилишмоқда. Тўрт фарзанднинг ота-онаси. Матжоновлар сулоласи давом этмоқда. Фарзандлари: Райҳона, Диёр, Элёр, Назиҳа. Уларнинг касблари: иқтисодчи, техник, шарқшунос (япон тили мутахассиси), психолог.
Дастлаб, нашриётда иш фаолиятини бошлаган Омон Матжон турли таҳририят ва даргоҳларда астойдил меҳнат қилди.
Омон Матжон билан суҳбатлашиш учун хонадонларига қадам ранжида қилар эканман, ҳар сафар унинг ижодий лабораторияси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдим. Унинг ҳаётда, ижодда кўрган-кечирганлари, болалик ва навқирон ёшлик хотиралари билан танишдим. Энг сўнгги маротаба борганимда, адабий жараён учун муҳим бўлган янги бир гап айтиб қолдилар. Шоир шахсий архивида “Ибн Сино” ҳақидаги тайёр сценарий ёзиб тугалланганлигини, аммо уни шу пайтгача, ҳеч қаерда нашр этмаганлигини гапирди. Бир пайтлари Шароф Рашидовнинг ижодий маслаҳати билан шоира Зулфия ҳаёти ва ижоди ҳақида “Садоқат” номли либретто ҳам ёзганлигини қайд этди. Сўнгра, ижодкор янада бир қизиқ фактни қистириб ўтди. Айтишича, “Қуёш соати” шеърий тўплами ҳажман катта, мазмунан фалсафий лирикага бой бўлган. Аммо нашриётда уни, ниҳоятда, ихчамлаштириб, кўпгина шеърларини олиб ташлаб, чоп этишган.
Бугун Омон Матжон фарзандлар, неваралар ва қизғин ижодий меҳнат қўйнида яшамоқда. 1968 йилда яратган “Шеърият” шеърида шоир шундай деган эди:
Шеърият – ҳамманинг ўзи, ўзлиги!
Шеърият ўзинг-ку, қалбдан-қалбларга
Эзгуликнинг беқиёс ганжин
Ишонч қоғозисиз элтиб бергувчи!..
…Мен ҳам шошиляпман сенга, шеърият!
Сен сари кетгувчи улкан кемадан
Фақат юкларимга жой топсам, майли.
Шеърият!
Шу ишонч тинчитмас такрор,
Сирли кашфлар сари судрар солимни.
Сенга содиқлигим байроғи шулки,
Ҳар гал,
Ҳар шеъримда,
Ҳар тепганда қалб –
Ўзим ўз қалбимнинг бўлсам Колумби.
Ҳа, атоқли шоир Омон Матжон табиий равишда, ўз қалбининг кашфиётчиси – Колумби бўлди!
Омон ака сизни илк бор ўзбек халқига танитган “Шарқ юлдузи” журнали таҳририяти ва мухлисларингизга тилакларингизни изҳор этсангиз!
“Юқорида айтганимдек, менинг илк шеърларим, 1965 йил июнь ойида “Солдат ўйлари” сарлавҳаси билан “Шарқ юлдузи” журналида нашр этилган. Ўша пайтларда, устоз Шуҳрат, Ҳусниддин Шариповлар кўп эътибор билан қарашган. Бугун ҳам ушбу жонажон журналимиз ижодкорларига, ўқувчиларига юксак руҳониятлар тилайман.
Эҳтиром ила
Омон МАТЖОН”.