Йигирма биринчи аср сўнггида инсониятга тақдим этилган ҳайратланарли восита – Интернет маданиятимизга, санъатимиз ва адабиётимизга қай даражада кучли таъсир қила олади, у таъсир яхшими-ёмонми деган баҳслар анчадан бери давом этиб келмоқда.
Модомики, гап Интернетнинг адабиётга ва адабий муҳитга таъсири ҳақида борар экан, у ҳолда мазкур ҳодисанинг таҳдидли томонлари билан бирга, яхши томонларининг кўплиги, бошловчи ижодкорлар учун ҳам, профессионаллар учун ҳам ўнғай восита экани ҳақида гапиришимиз керак.
Адабиёт интернетга кўчиб ўта бошлаганига бир неча йил бўлди, холос. Лекин шу ҳолатнинг ўзиёқ келажакда босма нашрлар ва Интернет адабиёти орасидаги чегара йўқолиб, адабиёт Интернетга тамомила кўчиб ўтса нима бўлади, деган хавотирларга олиб келди.
Мазмунан қарасак, Интернетнинг адабиётга таъсири, бор-йўғи, икки омилдан иборат. Биринчиси – кўп йиллардан бери яккаҳокимлик қилиб келаётган қоғоз ва матбаа саноатининг четга сурилиши. Иккинчиси, адиб билан ўқувчи орасидаги масофанинг (шунингдек, нашриёт ва китоб савдоси номи остидаги тижорий воситачининг) йўқолиши.
Интернет адабиётидаги барча янгиликлар, асосан, мана шу икки омил туфайлидир. Яъни интернет – адабиёт учун янги бир мавжудлик ҳудуди, ёзувчини-асарни-ўқувчини айни онда бир жойга келтира оладиган янги макондир. Интернетга кўчган адабиёт янги жанрларни ёки маданий ўзгаришларни пайдо қилмайди, замонавий технологик имконлар туфайли адабиёт маконини ўзгартиради, холос.
Бизлар кўп йиллардан бери китоб ортидаги ижодкорни ва гоҳо телевизор экранида кўриниб турадиган ижодкорни таниймиз. Лекин Интернетдаги ижодкор тамомила “бошқа”, имконлари чексиз ижодкордир. У асарини ўзи хоҳлаган шаклда, ранг ва дизайнда, хоҳлаган безаклари билан эълон қила олади, изоҳлар киритади, айни вақтнинг ўзида таҳрир ҳам қила олади. Айни вақтда ўқувчининг фикрларига, ижтимоий ҳодисаларга муносабат ҳам билдиради, масалан, шу дамда нимани ўйлаётганини ҳам билдира олади. Ўқувчи эса муайян асар юзасидан истаган вақтида адиб билан мулоқотга киришиши, мулоҳазаларини баён этиши, ҳатто махсус дастурлар орқали юзма-юз мулоқотга ҳам киришиши мумкин. Мулоқотнинг ривожи шу тарзда юз беради ва “фаол ўқувчи”ни пайдо қилади. Бунинг яхши томонини кўра олишимиз керак. Айнан шу боис “йўқолган ўқувчи”ни топиш имкони пайдо бўлади. Чунки, жамиятда рўй берган турли ижтимоий метаморфозалар оқибатида ёзувчи ўзининг ўқувчиси ҳақидаги аниқ тасаввурини йўқотиб қўйди. Ёзувчи феноменининг бетакрорлиги айнан унинг истеъдодида, дунёни “учинчи” (яъни басират) кўзи билан кўра олишида бўлгани ҳолда, оммавий тижорат адабиётидан (детективлардан, ишқ-муҳаббат қиссаларидан ва б.) “қочиб”, асосан, “ўзлари учун”, тор адабий давра учун ёза бошладилар. Баъзан мана шу ҳолат умумий қоида тусини олиб, поп-маданият ҳамда санъатнинг агрессивроқ бошқа турлари томонидан сиқиб чиқарилаётган адабиёт умрининг тугаши ҳақидаги тахминларни ҳам келтириб чиқармоқда. Лекин бу ерда гап адабиётнинг тамом бўлишида эмас, ўқувчидан узилиб қолишида кетмоқда. Чунки, ёзиш жараёнида адиб ўқувчини, мутолаа жараёнида ўқувчи адибни тасаввур қилади. Муаллиф бўшлиққа хитоб қилиши сира мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан қарасак, адабиётнинг Интернетга кўча бошлаши янги ҳодисаларни, ўз ёзувчиларини кутаётган янгидан-янги ўқувчилар қатламларини очиши мумкин. Тўғри, ўқувчиларнинг асосий қатлами ҳозирча Интернет билан унча таниш эмас. Лекин тараққиётнинг бугунги суръатига қараб, бир неча йилдан кейин Интернет худди телевидение каби кундалик эхтиёжга айланиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиш қийин. У ҳолда, ҳозирги Интернет қўлланувчиларни сираям “олақуроқ оломон” деб атаб бўлмайди, улар – эртанги куннинг постиндустриал жамиятининг илғор қисми, йигирма-ўттиз ёш орасидаги бугуннинг ёшлари эртанги куннинг профессионалларидир.
Шунингдек, интернет янги, ҳали нотаниш муаллифларнинг пайдо бўлиш маконига айланиб бораётир. У – ўз услубини ва сўзини айтишни эндигина ўрганаётган ёшлар учун машқ майдони, шунингдек, машаққатли шу юмушни эплай олмаганлар учун ҳам тинчгина, беташвиш бир макон ҳамдир.
Интернетдаги асар босма асардан бошқача қиёфага эга. Китоб бир неча ой ичида босилиб, шундан кейингина адабий мутахассисларга ва ўқувчиларга етиб боради. Бунинг учун орада катта маблағ сарфланади, у сарфнинг охирги ҳалқаси ўқувчи ёки танқидчидир. Ўқувчилар китоб янгиликларидан хабардор бўлишлари учун муттасил китоб дўконига кириб туришлари ёки ўша янгиликлардан хабардор қилиб турадиган бошқа нашрларни сотиб олишлари зарур. Етти юз миллиондан ошиқ кишини бирлаштирган Facebook ёки Twitter каби ижтимоий тармоқларда китоб рекламаси жуда осон иш. Киши ўтирган жойидан жилмасдан у китоб билан танишиб чиқиши, мутахассисларнинг ёки ўқувчиларнинг фикрларини ўрганиши, муносабат билдириши мумкин ва ҳоказо.
Юксак адабиётга келсак, бу ўринда аҳвол бошқачароқ. Фаоллик нуқтаи назаридан қарасак, Интернет ўқувчилари кўпроқ “иккинчи даражали” адабиёт эканини, тақдим қилинаётган асарларда дилетантлик, такрорлар ва тақлидлар кўплигини кўрамиз. Лекин кимдир қайсидир саҳифага нимадир ёзса, бу ҳали уни кишилар ўқийди ва юксак санъат намунаси сифатида қабул қилинади, дегани эмас. Мўътабар нашрларнинг электрон саҳифаларидан ёки кутубхоналардан ўрин олиш учун ўша нашр талаблари асосида саралаш босқичидан ўтиш лозим. Яъни адабий ҳаётнинг асосий марказлари – журналлар, танловлар ва ҳоказолар Интернетга кўчиши билан уларнинг аҳамияти камайиб қолмайди, балки ортади.
Шундай экан, у ҳолда нашрларнинг умри нечук ниҳоя топсин?
Интернет ҳозирча китоб ва нашр индустрияси билан жиддий рақобат қила оладиган кучга эга эмас, аксинча, босма адабиётни тўлдириб, уни тарғиб қилиш вазифасини бажармоқда. Буни Интернетда параллел равишда мавжуд адабий нашрларнинг сайтлари мисолида кўрса бўлади. Масалан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг, “Шарқ юлдузи” журнали интернет “клон”лари ҳам расмий саҳифа кўринишида, ҳам Facebook ижтимоий тармоғида муваффақият билан фаолият олиб боряпти. “Шарқ юлдузи” журналининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига уч ойда икки минг киши аъзо бўлгани бунинг исботи. Турли нашриёт-ижод уйларининг Интернет-саҳифаларида чоп этилган китоблар ҳақида маълумотлар бериб борилмоқда, булар қаторида “Ўзбекистон”, “Шарқ”, “Ғафур Ғулом”, “Чўлпон” ва хусусий нашриётларни санаш мумкин. “Ziyo.uz” (Нигора Умарова иштирокида) сайти олиб бораётган ва ўзбек адабиёти тарғибу ташвиқига қаратилган фаолият ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдириш мумкин ва керак.
Аммо, модомики, рақобат мавжуд деган фикр бор экан, у ҳолда ноширлик фаолияти ва Интернет ўртасида эмас, балки юксак санъат ва турли-туман виртуал ўйин-кулгилар орасида рақобат бор, деб қараш керак.
Шу ўринда Интернет нафақат ўқувчига, балки адибга ҳам ўзга қиёфа бахш этиши ҳақида тўхталмоқчиман.
Бугуннинг шиддати аро муаллифнинг ўзи жанрга айланмоқда. Бу – ҳақиқатан ҳам ғалати ва фавқулодда бир ҳодисадир. Ҳаддан ортиқ қўпайиб кетган ахборотлар аро маълум бир авторни танлаш учун асар жуда оригинал ва жозибадор бўлиши шарт. Жанр цензурасининг йўқолиши бугунгача кўрилмаган бошқа шаклларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда. Асарда нима ҳақда гап кетаётгани, фалсафами, публицистиками, поэтиками – жанри эмас, балки айнан адиб – унинг тафаккури, тасаввури, услуби, ҳаётни такрорланмас йўсинда бадииятга айлантира олиш қобилияти биринчи ўринга чиқмоқда.
Автор ҳатто ўзини-ўзи кўпайтириши, ўз электрон журналини ёки кутубхонасини ҳам яратиши мумкин. Интернетдан ташқарида бу ишларни амалга ошириш мушкул иш. Энг асосийси, у асарини ўзи қандай истаса, шундай тақдим қилиш имконига эга. Истаса, изоҳлар, суратлар ва ҳатто видео билан. Интернетда авторнинг бутун ижоди битта катта китобга айланади. Реал ҳаётда ижодни тартибга соладиган икки омил бор, бу – китоб дўкони ва кутубхона. Интернетда эса китоб дўкони, кутубхона, уй-музей, фотосуратлар, замондошларнинг ёки танқидчиларнинг таассуротлари, шахсий ҳаёт… ҳаммаси қўл етадиган яқин бир жойда, компьютер, планшет ёхуд (ҳатто!) қўл телефонида турибди.
Нашриётнинг устун томони халқаро ISВN код бера олишидадир. ISВN коди муаллифнинг бутун дунёда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қиладиган унсурдир. Фақатгина шу нарса Интернетдаги асарларнинг расмий тус олмаслигига сабаб бўлиб турибди. Чунки Интернетда ҳозирча шундай имконият йўқ.
Эндиликда асарнинг кенг тарқалиши учун нашр тизими бирдан бир йўл бўлмайди, табиийки, адабиётнинг ортида турган ва гоҳо “адабиёт – менсиз яшай олмайди” деб даъво қиладиган тижорий муносабатларни янгилайди, асарни тақдим қилишнинг янги усулларини белгилайди.
Бу – нашр тизими тамомила маҳв бўлади дегани эмас, сифатли қоғозга босилган залворли, гўзал китоб элитар маҳсулот бўлиб қолаверади ва хос кишиларнинг жавонларидан жой олади.
Бу тезкор мулоқот воситасининг ажабтовур меваларидан ҳозирданоқ баҳраманд бўлмоқдамиз. Масалан, “ziyo.uz” сайтида 3 мингдан ортиқ китоб бор. Ғафур Ғуломнинг танланган асарларини, Эркин Воҳидовнинг ёки Абдулла Ориповнинг илк тўпламларини ҳозир ҳеч қайси дўкондан топа олмайсиз, аммо Интернетда бор, марҳамат.
Ҳа, хавотирга ҳам ўрин йўқ эмас, чунки Интернет – ҳар ким ўз фикрини айтиш ҳуқуқига эга бўлган умумий демократик макондир. Лекин келажакнинг мулоқот технологияси ҳозирча мана шу. Барибирам, Интернет бир томондан янги феноменни ҳосил қилгани билан, ёзувчи ёки ўқувчисиз мавжуд бўла олмайди. Шу сабабдан ҳам президент Ислом Каримов “Модомики, шундай экан, энди одамлар, ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, ана шу таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, Интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур, деб ўйлайман. Бу ҳақда сўз борганда, ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг ўз веб-сайтларига эга бўлишига эришиш нафақат адабий жараёнга, керак бўлса, бутун маънавий-маърифий ҳаётимизга кучли таъсир ўтказишини сизлар албатта яхши тушунасиз. Айни вақтда, ана шундай замонавий воситалар ёрдамида мумтоз адабиётимизни, жумладан, Алишер Навоий асарларини халқимизга яқинлаштириш, бу ноёб меросни ҳақиқатан ҳам маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаига айлантириш барчамиз, аввало, адабиёт аҳлининг вазифаси, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди”, деганида, шулар ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин. Хулласки, таҳлиллар ва кузатишлар сўнггида шуни тўла ишонч билан айта оламанки, Интернетда бўладими, бошқа нетдами, ҳар қанақасига ҳам, олди-сотди муносабатларига асосланган тижорий ёзмалар эмас, балки бетакрор, гўзал ҳодиса бўлмиш Инсон фикру тафаккури, қалбининг фавқулодда гўзал ва такрорланмас баёни, инсоният орзуларию изтироблари, миллат тилининг ва руҳиятининг ақл бовар қилмас ажойиб гўзалликларини акс эттира олган адабиёт, яъни ҳақиқий Адабиёт мангу яшайверади!