2012 йил халқ хўжалигининг барча соҳаларидаги сингари бадиий адабиётда ҳам ғоят самарали бўлди. Бу жиҳатдан адабиётимизнинг гултожи ҳисобланган роман жанрининг хирмони ҳам миқдори, ҳам сифатига кўра аввалги йиллардагидан қолишмайди. Мавзуларнинг ранг-баранглиги, адабий аҳоли тоифасининг янгилиги, характерлар хилма-хиллиги, бадиийлик мезонлари ва муаммо ечимидаги ўзига хослик роман жанрининг йил сайин имкониятлари кенгайиб, жаҳон миқёсига чиқиш йўлларини излаётганидан далолат беради.
Ўтган йили биргина «Шарқ юлдузи» журналининг ўзида 6 та – Назар Эшонқулнинг «Гўрўғли», Асал Дилмуроднинг «Ранг ва меҳвар» романлари тўла, Комил Авазнинг «Созанда», Ҳаким Сатторийнинг «Соғинч» (ҳар иккала роман кейинроқ алоҳида китоб ҳолида нашр этилди), Нурали Қобулнинг «Тахт тагидаги зиндон», Ғулом Каримийнинг «Лангар фожиаси» романларидан парчалар эълон қилинди. Булар қаторига пойтахт нашриётларида чоп этилган Ўзбекистон Халқ ёзувчилари Одил Ёқубов ва Тоҳир Маликларнинг «Осий банда» ҳамда «Самум», Саъдулла Сиёевнинг «Аҳмад Яссавий», Баҳодир Худойбергановнинг «Аёл армони» (барчаси «Ўзбекистон»), Н.Каримовнинг «Миртемир» («Мериус»), Абдуқаюм Йўлдошевнинг «Банкир» («Тафаккур қаноти»), Олимжон Ҳайитнинг «Аросатлар ороли» («Янги аср авлоди») ҳамда вилоятлар ва хусусий нашриётларда босилиб чиққан кўплаб романларни ҳам қўшадиган бўлсак, йил хирмонининг салмоғи янада ортади.
2012 йил романлари ҳосилини сарҳисоб қилар эканмиз, аввало, уларни мавзу ва муаммосига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратиб олишни лозим топдик:
1. Ижтимоий-иқтисодий (О. Ёқубовнинг «Осий банда», А.Йўлдошнинг «Банкир», Ҳ.Сатторийнинг «Соғинч», Ғ.Каримийнинг «Лангар фожиаси»);
2. Маънавий-ахлоқий (Т.Маликнинг «Самум», Н.Эшонқулнинг «Гўрўғли», А.Дилмуроднинг «Ранг ва меҳвар», Б. Худойбергановнинг «Аёл армони»);
3. Тарихий (С.Сиёевнинг «Аҳмад Яссавий», К.Авазнинг «Созанда», Н. Қобулнинг «Тахт тагидаги зиндон»);
4. Биографик (Н.Каримовнинг «Миртемир», О.Ҳайитовнинг «Аросатлар ороли»);
5. Детектив (бу гуруҳдаги романларнинг ҳадди-ҳисобига етиб бўлмайди, аммо уларнинг кўпчилиги енгил-елпи, олди-қочди воқеалардан иборат бўлгани учун муносабат билдиришдан ўзимизни тийдик).
Бу таснифни шартли қабул қилиш жоиз. Негаки, ижтимоий-иқтисодий мавзу ва муаммони кўтарган романлар маънавий-ахлоқий масалалардан холи бўлмаганидек, тарихий ҳамда биографик романларда ҳам қаҳрамон тақдири билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий муаммолар акс этиши табиий. Масалан, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг умри сўнггида ёза бошлаган, аммо бетоблиги сабабли тўла тугалланмай, қайта ишланмай колган «Осий банда» романида юқоридаги барча мавзу ва муаммолар қамраб олинган десак, хато қилмаган бўламиз. Роман ёзувчи услубига хос шафқатсиз реализмнинг янада такомиллашганидан, жамият иллатларининг туб илдизларини реал фактлар ва далилларга асосланган ҳолда фош этилиши жиҳатидан «Диёнат», «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» романларига қараганда бир неча поғона юксакликка кўтарилганидан далолат беради. Адиб ўтган асрнинг 80-йилларида ўзбек халқи бошига маломат тоши бўлиб ёғилган пахта яккаҳокимлигининг фожиали оқибатларини, «пахта иши»ни вужудга келтирган қабиҳ сиёсатнинг туб илдизларини 50-60-йиллар воқеалари билан боғлаган ҳолда реал образлар воситасида очиб ташлайди.
Маълум бўлишича, романнинг атиги 16 боби ёзиб бўлинган экан, холос. Аммо шу бобларда тасвирланган воқеалар ҳам истеъдодли адибнинг юксак маҳоратидан дарак беради.
Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ўзининг доимий мавзуси ва услубига содиқ қолиб, қиморбозлар, ўғрилар ва наркомафиозлар фаолияти ҳақида бир неча китобга мўлжалланган «Самум» романини эьлон қилди. Маънавий-ахлоқий муаммолар асосий мавқени эгаллаган бу романда ҳам жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, Бўрон, Ўлат, Ғирромларнинг ҳаётига оид биографик маълумотлар, ҳатто детектив унсурлар ҳам учрайди. Ёзувчининг мақсади «китобхонни жиноятчилар оламининг турли зулмлари билан таништиришгина эмас», балки шулар тузоғига билиб-билмай илиниб қолаётган одамлар, асосан, ёшларни хушёрликка чорлаш, «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади» деб огоҳлантиришдан иборатдир.
Ўзининг кўплаб ҳикоя ва қиссалари билан китобхонлар ҳамда адабий жамоатчилик эътиборини қозонган ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев «Банкир» романида бозор иқтисодиётининг муҳим соҳаси бўлмиш банк ва соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзига хос ислоҳотлар, бу борадаги мураккабликлар, ўзаро рақобат ва жиноятчилик илдизларини қаламга олади. Беш қисмдан ташкил топган роман воқеалари ретроспектив баён асосига қурилган. Роман банкир Толибжон Бакировнинг 55 ёшга кириши муносабати билан ўринбосари Абдужаббор Маннонов ҳамда бўлим бошлиқлари ташаббуси билан уюштирилган тантанали зиёфатда заҳарланиб, шаҳар шифохонасига олиб келишиниши билан бошланади.
Абдуқаюм Йўлдошев роман воқеаларини ҳикоя қилишда киносценарий жанри усулига кўпроқ мурожаат қилганлиги сезилади. Эпизодларнинг тез-тез ўрин алмашиб туриши, қаҳрамонларнинг воқелик доирасидаги иштирокини романга хос батафсилроқ тасвирлаш, руҳий кечинмаларини чуқурроқ очиш ўрнига уларнинг қисқа диалоглари ва хатти-ҳаракатларини кўрсатишга эътибор қаратиш шундан далолат беради.
Профессор Қ.Йўлдошев қайд этганидек, «бадиий асар ҳақида бизда шаклланган одатий тушунча ва тасаввурларга унчалик мос келмайди»ган «Ранг ва меҳвар» романи ўзини мутахассис деб билган юксак савияли китобхонни ҳам тишини тишига босиб, сабр-тоқат билан ўқишга мажбур қилади. Асардаги узундан-узоқ жумлалар, бир-бирини рад этувчи хотиралар синиғидан таркиб топган манзаралар айқаш-уйқашлиги билан унинг сабр косасини тўлдиради. Шу азобга чидаса ва мутолаадан сўнг узоқ ўйласа, хаёлида қуйидагича манзара жонланса ажабмас: асар воқеалари марказида «ҳар неки курган-кечирганини мойбўёқ билан матода зарблаш ва жувонмарг кетган қавмдошлари арвоҳини шод этишга бел боғла «ган мусаввир Комрон Вали туради ва барча ҳодисалар унинг хаёлида кечади. Роман чиндан ҳам мураккаб қурилмага, стилистик номукаммалликка эга ўзига хос асардир.
Назаримда, Асад Дилмурод асар структурасини лойиҳалашда бундан 15 йил олдин айтган қуйидаги фикрларига амал қилган: «Адабиёт тили – рамзий тил, тимсолий тил. Мажозий йўсин билан сўзлаганда, бадиий ижод танланган мавзу моҳиятини, аниқроги, руҳ драмасини чукурроқ очади. Адабиёт мажоз тили билан сўзлай бошласа, руҳият драмасини, инсон қалбини теранроқ очиш учун кенг имкониятларга эга бўлади». Одатда, бу усулда ҳикоя қилинган асарларда ўтмиш билан бугун, фано билан бақо, хаёлот ва реаллик, замон ва макон бир нуқтада – персонаж онгида бирлашади ва бир пайтнинг ўзида ҳаракатланаверади. «Ранг ва меҳвар» романида шундай структурал марказни Комрон Вали образи бажаради. Ўқувчи унинг қалб драмаси орқали ижтимоий ҳаётда, айниқса, тасвирий санъат соҳасида рўй бераётган тартибсизликлар, корчалонлик каби иллатлардан хабардор бўлади.
Менимча, «Ранг ва меҳвар»ни истеъдодли ёзувчи Асад Дилмуроднинг жаҳон адабиётига хос онг оқими анъаналарини ижодий давом эттириш йўлида олиб бораётган навбатдаги эксперименти деб қабул қилиш ўринлидир
«Гўрўғли» – талай ҳикоя ва қиссалари билан танилган Назар Эшонқулнинг биринчи романи ҳисобланади. Муаллифнинг изоҳлашича, асар ўтган асрнинг 90-йилларида ёзиб тугалланган. Роман «инсоннинг тириклиги ва мавжудлигини тан олмаган, инсонийлик шаъни ва ғурурини хўрлаш ва ҳақоратлаш эвазига яшаган ўша мустабид тузум» суратини акслантиради. «Гўрўғлининг туғилиши» достонидан эпиграф қилиб олинган «Айтсам етгаймикан, энажон, зорим, Юракда гамим кўп, ичда зангларим» сатрлари ёзувчининг ғоявий ниятини тушуниш учун калит вазифасини бажаради. Арз қилувчининг «энажони» – мустабид Шўро жамияти аллақачон қариб, кар ва кўр ҳолига келганлиги туфайли «бола»сининг зорини эшитишга, ғамига даво топиб, ичидаги зангларини артишга қурби етмай қолганлиги учун арзини ҳеч ким тингламайди, тинглашни истамайди ҳам. Натижада, юрагида тўпланган ғамлар занглаб, Н.ни ҳам маънан, ҳам жисмонан ўлим сари етаклайди.
Н. бошидан кечирган воқеалар «ҳукмни сўзсиз бажариш керак. Топшириқни бажариш биз учун қонун» бўлган Шўро даври сиёсатининг бадиий кўзгусидир. Шу қонун ҳукм сурган жамиятда Н.нинг энг катта хатоси – ўзи учун «шарт бўлмаган нарсани (яъни ўзининг тирик эканлигини – Й.С.) исботлашга» уринганлигидир. Ҳа, чиндан ҳам «Ҳамма нарса инсон учун, инсоннинг бахт-саодати учун» деган сохта шиор билан халқини алдаган Шўро ҳукумати учун тириклар эмас, «Ўлик жонлар» керак эди. Н. билан қабристон гўркови ўртасидаги диалогда романнинг яна бир яширин ғояси юз очади: «Сизнинг энг катта хатонгиз шарт бўлмаган нарсани исботламоқчи бўлганингизда! – деди гўрков бамайлихотир. – Сиз курашни нотўғри танладингиз! Муҳими, сиз мен тирикман деб даво қилгансиз, барча далиллар сизга қарши эди, натижада, сизнинг даъвонгиз исбот этилмади. Сиз тирикман деб нимага эришдингиз?»
Роман том маънода абсурд ғоясига – яшашда маъни йўқ деган фикр асосига қурилган. Худди юмалоқ тошни тепаликка олиб чиқиб, ўзининг ҳақлигини исботлашга уринаётган Сизиф сингари Н. ҳам маҳкамаларга тинимсиз қатнаб тириклигини исботламоқчи бўлади. Бундан умидвор, бироқ у мансуб бўлган жамият одамнинг ҳақлигини тан олгиси келмайди. Асарни ўқир эканмиз, хаёлимизга беихтиёр Ф.Кафканинг «Жараён» романи келади. Қаҳрамонлар исмининг бош ҳарф билан белгиланишидан тортиб, уларнинг ёшигача, ўз гуноҳсизлигини исботлаш учун югуриб-елишларигача, аммо ҳақ эканлигини амалда исботлай олмай, руҳан азобланиб, ўлиб кетишларигача бир-бирига ўхшайди.
Ўтган йили иккита биографик роман яратилди. Булар Н.Каримовнинг «Миртемир» ва О.Ҳайитнинг «Аросатлар ороли» деб аталган асарлари бўлиб, улар ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Маърифий-биографик роман яратишда катта тажрибага эга бўлган профессор Наим Каримов (олимнинг Чўлпон, Ҳ.Олимжон, М.Шайхзода ҳақидаги романларини эсланг) ўзбек адабиётининг энг садоқатли, энг ҳокисор вакили Миртемирнинг монументал қиёфасини ҳам адабиётшунос, ҳам тарихчи, ҳам этнограф, ҳам психолог сифатида мукаммал чизиб бера олади. Бироқ О.Ҳайитнинг асари тўғрисида илиқ фикр билдиришдан ожизмиз. Гап шундаки, ёзувчи ёшлигидан кўп қийинчилик, яхши ва ёмон одамларни кўрган, ҳарбий хизматни ўтаб келган 24-25 ёшдаги журналист Қодиржоннинг ҳаёт йўлини акс эттиришни ният қилган.
Аслида, у бошидан кечирган воқеалар шу қадар ўткинчи, шу қадар номуҳимки, улар олдида довдираб қолган Қодиржоннинг аҳволига ачиниб кетасиз. Бу асар шунчаки воқеалар баёнидан иборат бўлиб қолган.
Маълумки, мустақилликка эришганимиздан кейин тарихимизга муносабат тубдан ўзгарди. Шу пайтгача қора бўёқ билан чапланган тарих саҳифаларидан нур ва ҳақиқатни излашга эътибор кучайди. Достонлар, драмалар, қисса ва ҳикоялардан ташқари ҳар йили тарихий мавзуда ёзилган талай романлар дунёга келаётганлиги ана шу саъй-ҳаракатнинг самарасидир. Шунга қарамай, ҳали халқимиз тарихида «очилмаган қўриқ»лар жуда кўп ва улар ўзлаштирилишини интизорлик билан кутиб турибди.
Ана шундай очилмаган қўриқлардан бири – Туркистон ўлкасининг Шайх ул-машойихи бўлган улуғ зот Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг фаолияти эди.
Адиб Саъдулла Сиёев ўтган йили чорак аср давомида изланиб, ниҳоясига етказган «Аҳмад Яссавий» номли роман-дилогиясини ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилди.
Аслида, ушбу романнинг биринчи китоби янги аср бошларида «Яссавийнинг сўнгги сафари» номи билан эълон қилинганди. Шундан сўнг иккинчи китоб устида адиб ўн йилдан ортиқ ишлади. «Она юрт шамоллари» деб номланган иккинчи китоб ҳаж сафарига кетаётган ҳазратнинг йўл-йўлакай садоқатли муриди Султон Санжар ҳукмронлик қилаётган Марв мамлакати аҳолисини ўлат балосидан қутқаргач, ҳаж савобини олгани ҳақидаги илоҳий ишора туфайли Туркистонга қайтишидан бошланади.
Умуман, иккинчи китобда Хожа Аҳмад Яссавийнинг маънавий-руҳий, маърифий-ижодий фаолияти доирасини бирмунча кенгайтириш имкониятлари мавжудлиги сезилиб турибди. Бироқ муаллиф улардан фойдаланишни истамагандек таассурот қолади.
Таниқли ёзувчи Нурали Қобул сўнгги йилларда кўпроқ тарихга мурожаат қилиб, унинг шонли саҳифаларини бадиий образлар воситасида шавқ билан ҳикоя қилишга киришди. Бу борада адиб қисқа муддатда иккита роман яратди. Ёзувчининг «Тахт тагидаги зиндон» романи бундан атиги икки йил аввал эълон қилинган «Буюк Турон амири ёхуд ақл ва қилич» романининг мантиқий давоми бўлиб, улар бир-бирини тўлдиради. «Тахт тагидаги зиндон»да улуғ Амирнинг хиёнаткор ва иккиюзламачи Тўхтамишхон билан олиб борган мухорабаси ифодаланган. Романнинг журнал саҳифаларида эълон қилинган атиги 4 боби (2, 3, 4, 5) га таяниб, муаллифнинг ғоявий нияти ҳақида тугал хулоса чиқариш қийин. Бу ҳақда роман тўла босилиб чиққандан сўнг фикр юритиш ўринлидир.
Таниқли адиб Комил Аваз «Созанда» романида асосий эътиборини Хоразм қўшиқчилиги тарихи, унинг бардавом бўлишига муносиб ҳисса қўшган халқ ҳофизларининг фаолиятини акс эттиришга қаратади. Роман маънан покланиш воситаси ва руҳият озуқаси бўлган соз ва илоҳий касб эгаси созанда ҳақидадир. Бу ниятини ифодалаш учун адиб Хоразм тарихининг XX аср бошидан 50-йилларгача бўлган энг мураккаб даврини қаламга олган. Воқеалар марказида полвон, созанда ва хонанда, покиза ниятли Қутлуғмурод, шахсий манфаатига эришиш йўлида ҳар қандай разилликдан қайтмайдиган Матмурод ҳофиз (Матти мутрик), қатъиятли устоз Абдирим банги, гўзал ва ишонувчан қиз Қамарсултон ҳамда унинг ота-оналари образлари туради.
Худди шундай тарихнависликка берилиб кетиш қусури Ҳ.Сатторийнинг «Соғинч» романида ҳам учрайди. Роман баёнида ахборот ҳаддан зиёд кўпайиб, ўқувчини зериктириш даражасига етади. Айрим ўринларда бадиий тасвирдан кўра илмий тафаккур устун келганлиги сезилиб қолган. Энг муҳими, романда воқеалар ривожига туртки берувчи, қаҳрамонларни ҳаракатга келтирувчи жиддий конфликт, кўзга ярқ этиб ташланадиган характер учрамайди.
Б.Худойбергановнинг «Аёл армони» романи олий ўқув юртини тамомлаб, оиласига қайтган уч қизнинг уч хил тақдири орқали қизлик шаъни, номусини асраш бахт ва миллий бойлик деган фикр асосига қурилган. Турсуной билан Шаҳло ўйламай босган қалтис қадамлари туфайли бир умр армонда яшайдилар. Фарангиз эса сабр-тоқат билан «тош келса – кемириб, сув келса – симириб», ёмонларнинг ҳам таҳсинига сазовор бўлади. Ҳар учовининг қисматида оиладаги муҳит, айниқса, она асосий роль ўйнаганлигига алоҳида урғу берилади.
Хуллас, 2012 йилда яратилган романлар воқеликни баён қилиш ва образлар талқинига кўра анъанавий ҳамда ноанъанавий усулларда битилгани уларнинг шаклан ва мазмунан янгиланиб бораётганидан далолат беради. Шу билан бирга, муҳим ижтимоий-маънавий муаммоларни кўтариш, уларни йирик характерлар воситасида ўқувчилар шуурига сингдириш санъаткорлар олдидаги муҳим вазифа бўлиб қолаётганлигини унутмаслигимиз лозим.