Зокиржон Мамажонов. Ифода усулларида ўхшатиш санъати

Поэтик ижоднинг, хусусан, бадиий мазмуннинг оригиналликка интилиш тамойили янгича айтиш, янгича ифода туфайлигина амалга ошади. Айни шу ижодий-руҳий эҳтиёж туфайли турфа ифода усуллари кашф этилади ва шеъриятнинг ифода имкониятлари ривожланиб боради. Шу боис ҳам “ифода усуллари асосидаги санъатлар” анча салмоқлидир.
Аввало, шуни айтиш керакки, “ифода усули” (“ифода тарзи”, “ифода йўсини”) тушунчаси кўпроқ поэтик ифоданинг шаклий томони билан боғлиқ. Шунга кўра, ифода усули асосидаги санъатлар ҳамиша маънавий санъатлар билан уйғунликда воқеланади ва шу уйғунлик туфайли, бадиий-эстетик қиммат касб этади. Ифода усулларининг айнан санъат ҳодисасига айланишида, ўхшатишнинг ўрни ва аҳамияти муҳим. Мумтоз шеърий санъатларни ўрганиш ва ўргатишда қийинчилик туғдирадиган асосий жиҳатлардан бири – уларнинг бир-бирига ўхшашлиги ҳамда, асосан, қоришиқ ҳолда намоён бўлишидир. Бу нарса шеър санъатларига бағишланган асарлардаги турлича қарашлар, айрим чалкашликларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Жумладан, профессор Анвар Ҳожиаҳмедов “Ҳусни таълил санъати” номли китобида: “Алишер Навоийнинг ҳусни таълил санъати ривожига қўшган яна муҳим ҳиссаси жамият ҳаёти, ижтимоий адолатсизликларни акс эттиришда ушбу тасвир усулидан моҳирона фойдаланишда ўз ифодасини топди. Масалан, шоир қаламига мансуб:

Бевафолик тонг эмас элдинки, деҳқони азал,
Экмади асло вафо нахли жаҳон бўстонида, – байтига диққат қилсак, одамларнинг бевафолигини таъкидлаётган шоир ўз фикрини бу олам бўстонига вафо кўчатлари экилмагани билан ғайритабиий тарзда ифодалаётганини кўрамиз”, деб ёзади. Дарҳақиқат, бу байтда одамлардаги бевафоликнинг сабаби изоҳланмоқда, лекин буни ҳусни таълил санъати, деб бўлмайди. Чунки, бу ерда ғайритабиий сабаб кўрсатилаётгани йўқ, аксинча, Навоий учун бу айни ҳақиқий сабабдир. Шоир одамзоднинг яралиш ҳамрида, унинг фитратида бевафолик илдизлари бор, деб билади, шуни ўзгачароқ тарзда ифодалайди, холос. Иккинчи томондан, ифоданинг структураси бу байтда тафсир санъати сифатида қўлланган, дейишга тўла асос беради. Негаки, шоир аввалига, “элдин бевафолик кўриш ҳеч ажабланарли эмас”, деган ҳукмни изҳор этмоқда, сўнг шу фикрни изоҳлаш заруратини сезиб, уни тафсир қилмоқ (тушунтириб бермоқ)да.
Шунга ўхшаш, олим Навоийнинг:
Хатинг ичинда лабингнинг икки холи не ажаб?
Икидур нуқта, ёзилур эса хат ичинда жон, – байтида “китобат санъати асосидаги ҳусни таълил” санъати қўлланган, деб ҳисоблайди. Ҳолбуки, бу ерда ёрнинг “хати ичида икки хол” борлигига чиройли далил келтирилаётгани йўқ, балки шоирнинг “не ажаб” ибораси билан изоҳталаб бўлиб қолган фикр тушунтириб берилмоқда, яъни тафсир санъати қўлланган. Анвар Ҳожиаҳмедов байтни шарҳлаб: “Юзакироқ ёндашсак, ушбу мисраларда: “Хатинг ичидан иккита холинг жой олганига ажабланмоқ зарурияти йўқ. Ахир, хат ёзилганда, жоннинг иккита нуқтаси бўлади-ку!” деган маъно англашилади”, деб ёзади. Бизнингча, байтга юзакироқ қараганда эмас, балки ҳақиқатда ҳам шу маъно англашиладики, қуйида буни бошқа жиҳатдан асослашга ҳаракат қиламиз.
Модомики, тафсир ифода усулларидан бири экан, у кўпроқ фикрни ифодалаш тарзи, синтактик конструкцияси билан боғлиқдир. Араб ёзувида битилган мумтоз шеъриятимиз намуналари ҳозирги ёзувга ўгирилганда, сир эмаски, айни шу конструкциялар ҳар доим ҳам адекват ифодаланмайди. Бунинг сабабларидан бири, араб ёзувида қўлланмаган тиниш белгиларининг ҳозирги ёзувда муҳим аҳамиятга эгалигидир. Зеро, бугунги кун ўқувчиси жумла мазмуни, оҳанггини идрок этишда тиниш белгиларининг ёрдамига ўрганиб қолган. Юқорида келтирилган байт Навоий асарлари йигирма жилдлигининг учинчи жилдида қуйидагича шаклда берилган:

Хатинг ичинда лабингнинг икки холи не ажаб
Икидур нуқта, ёзилур эса хат ичинда жон.

Кўриб турганимиздек, бу ерда байтни ҳозирги ёзувга мослаштириш сираси охирига етказилган эмас. Эҳтимол, шу сабабли, Анвар Ҳожиаҳмедов китобига байтни, биринчи мисра охирига савол аломати қўйган ҳолда киритгандир. Бизнингча, байтдаги жумла қурилиши эътиборга олинса, унинг ҳозирги ёзувга мослаштирилган шакли қуйидаги кўринишда бўлиши лозим:
Хатинг ичинда лабингнинг икки холи – не ажаб:
Икидур нуқта, ёзилур эса хат ичинда жон.
Бу ҳолда, биринчи мисрада иккита предикат, иккинчи мисрада битта, байт жами учта жумладан таркиб топган бўлади. Буни қуйидагича жумлаларга ёйиб кўриш мумкин:
1) хатинг ичинда лабингнинг икки холи (бор);
2) не ажаб (бу ажабланарли эмас);
3) чунки жон сўзи ёзилганда иккита (жим ва нун ҳарфларида) нуқта бўлади.
Байтдаги жумлалар ўзаро боғловчисиз қўшма гап қолипида боғланган бўлиб, тире биринчи иккита гап орасидаги мазмунан зидликни кўрсатса, икки нуқта учинчи гапни изоҳлашга хизмат қилаётганини билдиради. Бундан аён бўлаяптики, мумтоз шеърият намуналарини ҳозирги ёзувда нашр этишда жумла мазмунига мос тиниш белгиларининг қўлланиши, нафақат, уларнинг мазмуни, балки бадиий жозибасини тўғри ва тўла етказишда ҳам муҳим аҳамиятга эга экан. Иккинчи томондан, агар тиниш белгилари шу тарзда қўйилса, бизнингча, байтда айнан тафсир санъати етакчилик қилаётгани, бошқа санъатлар шу санъатни юзага чиқариш воситаси эканига шубҳа қолмайди.
Эътибор берилса, “ифода усули асосидаги санъатлар”га хос бир хусусиятни, у ҳам бўлса, ифода усули деганимиз, шунчаки бир қолип – cкелет, унга жон ва қон бахш этаётган нарса ўзга эканини англаш қийин эмас. Яъни, масалан, шунчаки билиб-билмасликка олиш, риторик сўроқлар бериш ё ажабланишнинг ўзи ҳали санъат эмас, буларга эстетик қиммат бераётган нарса ўхшатиш экан. Бошқача айтсак, мазкур гуруҳга мансуб санъатлар қўлланган байтларда ифоданинг образлилиги ўхшатиш туфайли таъмин этилади, ўхшатиш асосида яратилаётган образ ифода конструкциясига эстетик жозиба бағишлайди.
Худди шундай ҳолни, масалан, тафриъ санъати мисолида ҳам кўриш мумкин. Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг “Бадойиъ ус санойиъ” китобида ушбу санъатга берилган турли таърифлар зикридан сўнг, Қайс Розийдан “тафриъ улдурким, шоир нафй сийғаси била бошлаб, эрмас фалонким, андоғу мундоғдур, фалондин яхшироқ ёки фалондин ортиқроқ дер”, деган таъриф келтирилади. Яъни, бунда бирон нарса ҳақида аввал “бу – бу эмас” дейилади, сўнг эса, ўша нарса ҳақида, “бу – аслида мана бу” тарзидаги фикр ифодаланади. Демак, тафриъ санъати шеърда жумланинг муайян синтактик схема асосида қурилишини тақозо этади. Масалан, Навоийнинг қуйидаги байтини олайлик:

Лола эрмас, урди ўт гулшанга бир гул ҳажридин
Ўртаниб ҳар дам Навоий нола қилмоғи била.

Яъни, шоир кўриб турганинг лола (лолазор) эмас, балки гул ҳажрида Навоий чеккан нолалардан гулшанга ўт кетди, дейди. Ифода усулига қаралса, бу байтда тафриъ санъати борлиги кўриниб турибди. Лекин уни санъат ҳодисасига айлантириб, ўқувчини завқлантиришига сабаб бўлаётган нарса, “бу эмас – мана бу” тарзидаги қолипнинг ўзи эмас, балки ўхшатиш асосида юзага чиқаётган муболағадир. Биринчидан, “лола эмас – ўт кетган гулшан”, деганда, инкор асосидаги ўхшатиш бор, яъни, қип-қизил лолазор аланга-оташга ўхшатилмоқда. Иккинчидан, матнда мавжуд бўлмаган, лекин мумтоз шеърият контекстидан англанувчи “ишқ – олов” ўхшатиши, шунингдек, қалбдаги ишқ оловининг “оҳ-фиғон” билан чиқиши ҳам ўхшатиш асосида идрок этилади. Шу ўхшатишларнинг мавжудлиги байтда, “бу эмас – мана бу” қолипи орқали муболағали фикрни образли ифодалашга имкон беради.
Қайд этиш жоизки, юқорида зикр этилган китобида Анвар Ҳожиаҳмедов биз таҳлил қилган байтни ҳусни таълил намунаси сифатида талқин этади. Китоб билан танишганда, олим ҳусни таълил санъати қўлланган деб таҳлил қилган бир қатор байтларда, аслида, тафриъ санъати қўлланганини кўриш мумкин. Масалан:

Анжум дема, гўёки малойикка туташти
Оҳим ўқи учқунлариким, кўкка етурдим.

Ёки:

Анжум эрмаским, фалак миръоти ичра тушти акс,
Баски, дур сочилди ер узра кўзим уммонидан.

Агар биринчи байтда шоир юлдузлар гужумини ошиқ оҳларининг учқунларига ўхшатса, иккинчи байтда кўзидан сочилган дур (кўзёш)ларнинг фалак миръоти (кўзгуси)даги аксига ўхшатмоқда. Бироқ ҳар икки байтда ҳам ўхшатиш сираси “бу эмас – мана бу” қолипида амалга ошмоқда. Иккала ҳолда ҳам ўхшатиш объекти муболағали бўлгани учун байтларда ўхшатиш ва муболаға санъатлари қўлланган, дейиш мумкин. Айни пайтда, бу санъатлар тафриъ қолипида яхлитлик, тугаллик касб этади, яъни байтдаги етакчи санъат тафриъдир.
Шу ўринда қайд этиш керакки, замондош муаллифларнинг шеърий санъатларга бағишланган асарларида тафсир ва тафриъ санъатлари эътибордан четда қолдирилган бўлиб, фақат Ваҳоб Раҳмонов китобида тафрига таъриф берилган. Хусусан, Анвар Ҳожиаҳмедов китобларида бу санъатларга ўрин ажратилмагани, юқоридагича ҳоллар келиб чиқишининг сабабларидан, деб, кўрсатилиши мумкин. Иккинчи томондан, ушбу санъатларнинг Атоуллоҳ Ҳусайнийнинг “Бадойиъ ус санойиъ” китобидаги каби маънавий санъатлар қаторида санаш ҳам, бизнингча, ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки, юқорида кўрганимиздек, ифода усуллари, аслида, бир қолип бўлиб, улар ҳар вақт ўхшатиш (ва шу асосдаги муболаға, ҳусни таълил каби санъатлар) билан қўшилибгина мазмун касб этади. Демак, мумтоз адабиётшунослар қайд этган санъатларни қайтадан назарий тавсифлаш бу жиҳатдан ҳам муҳимлик касб этади. Зеро, юқоридаги мулоҳазаларимизнинг ўзиёқ анъанавий таснифлашдаги лафзий ва маънавий санъатлар ичидан ифода усулларини алоҳида ажратиб гуруҳлаш кераклигини кўрсатиб турибди.