Самарқандда Садриддин Айний таваллудининг 136 йиллигини «Айнийхонлик» тадбири билан нишонлашди

15 апрель, сешанба куни Самарқанддаги Садриддин Айний уй-музейида ёзувчи таваллудининг 136 йиллигига бағишланган анъанавий тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда, Gazeta.uz’га асосланиб, Daryo.Uz хабар берди.

Айнийнинг уй-музейи Самарқанд шаҳридаги Регистон кўчасида жойлашган. У Ўзбекистон ҳукумати қарори билан 1967 йил 19 майда очилган.

Самарқанддаги проспектлардан бири ва эски шаҳардаги мактабга ёзувчи номи берилган. Ҳар йили 15 апрель куни Садриддин Айнийнинг истеъдодини қадрловчи кишилар йиғилиб, «Айнийхонлик» ўтказилади. Унда мактаб ўқувчилари, талабалар, филологлар, ёзувчилар, шоирлар ва, умуман, ёзувчи ижодига қизиқувчилар қатнашади.

Садриддин Айний ХХ аср тожик ва ўзбек адабиётининг буюк намояндаларидан биридир. У ўзининг «Дохунда», «Қуллар» романлари, «Одина», «Етим», «Судхўрнинг ўлими» сингари қиссалари, тўрт қисмдан иборат «Эсдаликлар» асарлари орқали янги хилдаги, замонавий тожик адабиётига асос солди, шунингдек қардош ўзбек маданияти, адабиёти ва санъати тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди. Шу сабабли, Садриддин Айний ижодиёти ҳар иккала қардош халқ учун қадрли ва қимматлидир.