Яқинда бир илм мажлисда қатнашишга тўғри келди. У билмаганларимизни билиш, билганлардан ўрганиш мақсадида ташкил этилганди. Аммо даврага “адашиб кириб қолган” бир “сўзамол доно”нинг бир соатча бефойда валақлашидан суҳбатнинг тамоман файзи кетди, умидлар чилпарчин, ҳафсалалар пир бўлди. Бир соатли “чиройли суҳбат”дан ҳеч нарса ололмадик, аксинча ташлаб келган юмушларимиз, исроф бўлган қимматли вақтимизга ачиниш ҳисси билан тарқалдик.
Замонимиз кўп гапириш, сўзамоллик қилиш фазилатга айланган, сўз бисёрлиги донолик саналган бир замон бўлди. Икки оғиз маълумотни етказиш учун соатлаб йиғилиш ўтказиладиган, шунчаки маслаҳат тарзида ҳал бўладиган бир масалани кўриш учун катта машваратлар ташкил этиладиган даврда яшаяпмиз. Чойхоналарда, базм-гаштакларда, турли йиғилишларда соатлаб бефойда гапларни сўзлаймиз, қимматли вақтимизни, тансиқ умримизни совурамиз. Нотиқлар, хатиблар, даъватчилар билимдон кўриниш, фасоҳатли гапириш мақсадида икки оғиз сўз билан тушунтирса бўладиган фикрларини етказа олмай, соатлаб эзмаланишадиган одат чиқаришди. “Ойнаи жаҳон” ва радио бошловчилари ҳам кўп (аммо хўб эмас) сўз ишлатиш пойгасида пешқадамлар сафида. Катталардан нусха кўчираётган фарзандларимиз ҳам тобора маҳмадона, сергап, бемаъни сўзлар гапирадиган бўлиб боришяпти.
Ваҳоланки, аждодларимиз фикрларини, айтмоқчи бўлганларини икки-уч жумла билан ифодалашда шуҳрат чиқаришган. Кўп гапиришни, сўзмоллик қилишни айб, одобсизлик санашган. Бир-икки мисол: Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» асарида гўзал бир ривоят бор: «Ҳазрати Усмон розийаллоҳу анҳу халифа бўлиши билан минбарга чиқди ва халқ: «Ажабо, нима дер экан?» деб кутди. Бироқ Ҳазрати Усмон индамади. Ақалли бир сўз айтмади. Фақат боқди ва халқда шундай бир ҳол пайдо бўлдики, ҳеч кимда ташқарига чиқишга мадор қолмади. Шу вақтгача қилинган юзлаб хутбалар чоғи бундай ҳол ҳосил бўлмаган, мўминлар бундай ҳол соясида ўзлари учун фойда ва сирларни ҳеч қачон бунчалик кўп кашф этишмаган эди. Усмон розийаллоҳу анҳу йиғин тугагунича гапирмади. Фақат минбардан тушаётганида: «Сиз учун фаол иймон маҳмадона иймондан хайрлидир», деди. У ҳақ гапни айтди. Чунки сўз айтмоқдан мақсад бир фойда бермоқ, қалбга таъсир этмоқ, ахлоқни ўзгартирмоқ ва ҳоказо яхшиликлар қилмоқдир. Ҳолбуки, Ҳазрати Усмон лом-мим демасдан гапирган вақтидагидан кўпроқ фойда келтирди».
Доғистоннинг машҳур шоири Расул Ҳамзатов "Доғистоним" асарида бир воқеани келтиради: шоир Масковда ўқиб юрганида отаси палто олиш учун пул жўнатади. У пулни ишлатиб қўйиб, палто ололмайди. Қишки таътилда Доғистонга борганида отаси олдида ўз айбини оқлаш учун теша тегмаган баҳоналар ахтариб топади, бир-биридан қовушмаган ва ёлғон гапларни тўқиб ташлайди. Охири ҳамма нарсани чалкаштириб юборганини кўрган отаси унинг қийналишига нуқта қўяди: “Тўхта, Расул, сенга иккита савол бермоқчиман”. “Бераверинг…” “Палто сотиб олдингми?” сўрайди ота. “Йўқ”. “Пулни ишлатиб бўлганмисан?” яна сўрайди ота. “Ҳа”. “Мана энди ҳаммаси тушунарли. Боядан бери нима учун шунча бефойда сўзларни гапирдинг, қанча баҳона-сабабларни қалаштириб ташладинг, ахир бор гапни бир жуфт сўз билан ифодаласа бўларкан-ку!”
Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин» деганлар (Имом Бухорий). Абулқосим Замахшарий бундай деган: «Агар тилингни ортиқча сўзлашдан тия олмасанг, унинг жиловини шайтонга топширган бўласан». "Эзмалик калтабинликдир", деган донишманд Қобус. "Ўз тилини идора қилолмаган одамда ҳақиқат бўлмайди", дебди ҳиндларнинг давлат арбоби Махатма Ганди.
Сергаплик ва сўзамоллик фазилат эмас, қусурдир. Чунки сўз кўпайганда мақсад унутилади. Айрим нотиқлар сўзларни сохта қофиялар билан безаб, ёдлаб олинган сўзларни аямай ишлатиб одамларга ёқмоқчи бўлишади. Инсоний муносабатларда ва илм мажлисларида бу «донолик»нинг сири тезда фош бўлади. Аммо хатибларнинг хутба чоғида кишилар диққатини тортиш учун фасоғат ва балоғат билан сўзлаши сохтакорлик ва қофиябозликка кирмайди.
Ўтмишдошларимиз оз сўзлашни, кўп фикрлашни, сўзлаганда ҳам фақат зарур, рост, фойдали сўзлашни одат қилишган, бошқаларни ҳам шунга чорлашган. Агар ақл кишиларнинг гап-сўзи миқдорига кўра ўлчанганида эди, одамларнинг энг ақллиси уларнинг энг сергаплари бўлар эди. Сўзни қисқа қиладиган бўлсак, сўзамолликдан қўрқайлик!