Алҳазар, алҳазар, минг бор алҳазар,
Ана юришибди кийганлари зар
Қодирийни сотиб шоир бўлганлар...
(Муҳаммад Юсуфдан)
Шоирнинг синглиси — бувим Фоиқа Сулаймон қизи жуда илмли, тақводор, араб тилидан ҳам анча хабари бўлган аёллардан эди (1995 йилда вафот топдилар). Ўз оилаларида совет даврининг қийин кунларида ҳам беш вақт намозни канда қилишмасди. Қуръон оятларини ўқиб, ўзбек тилида имкон қадар тафсир қилиб беришарди.
Мен ҳамма ҳам билмайдиган битта воқеани айтиб бераман. Чўлпон 38-йилдаёқ отиб ташланган бўлса-да, оиламиздагилар бу воқеадан 50-йиллардагина хабар топишган. Сталин вафот этиб, унинг қатағонлари фош этилгач, кўпчилик ёзувчи ва шоирларимиз, арбобларимиз қатори Чўлпонни ҳам оқлашган. Ана шундагина унинг вафоти ҳақидаги хабар Андижонга етиб борган, бувимиз 20 йил ўтибгина – 1957 йилда аза очганлар. Ўша 20 йил давомида бувим акаларининг келиб қолишини кутиб яшаган экан. Бувимнинг Москвага ёзган хатига «Чўлпон 1939 йилда қамоқхонада вафот этган» деган жавоб келган. Ваҳоланки, Чўлпон 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланган, 5 октябрда суди бўлган! Ўша 1957 йили бувим акасига жаноза ўқиттирган, кичикроқ маърака қилинган. Бу мусибатлар, айниқса, шоирнинг катта синглиси Фозила онамизга қаттиқ таъсир қилган. Улар кейинчалик руҳий хаста бўлиб қолганлар, 93-йилнинг ёзида вафот этганлар (бувим 1908 йилда туғилган, Фозила онамизнинг таваллуд йиллари - 1906).
Шу ерга келганда оилавий маълумотларни тўхтатаман-да, таниқли адабиётшуносимиз Озод Шарафиддиновнинг Чўлпон ҳақидаги битикларини тақдим этаман. Зеро, Чўлпонни энг кўп биладиган, у ҳақда архивлардан етарли маълумот ололган, Чўлпонни биринчилардан бўлиб ёқлаб чиққан шахс, менимча айнан Озод Шарафиддиновдир. Яна бир аҳамиятли томони, мазкур тадқиқот ва битикларда нафақат Чўлпон, балки қатағон йилларининг бошқа воқеалари ҳақида ҳам жуда қимматбаҳо маълумотлар бор. Мен Озод Шарафиддинов таҳлилларининг энг қизиқарли саҳифаларини тўплаб чиқдим ва бироз ўзгартириб беряпман. * * *
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон ўзига хос бетакрор шеърият оламни яратган улуғ шоирлар сирасидандир. У ижодини 1914 йилдан бошлади, парвози эса 20-йилларга тўғри келди. Айниқса, 1920-27 йиллар мобайнида Чўлпон илҳоми жўшқин булоқдай қайнаб-тошди, пўртанадай қирғоқларга сиғмай кўпириб жўш урди.
1925 йилда қабул қилинган РКП Марказий комитетининг резолюциясидан сўнг жуда кўпчилик шоир ва ёзувчиларимизга қарши маънавий қатли ом бошланди. Чўлпон шу шу қатли омнинг биринчи қурбонларидан бўлди. Шу ўринда атоқли адабиётшунос олим Абдурауф Фитратнинг 1928 йилда эълон қилинган «Ёпишмаган гажаклар» деган мақоласида тилга олинган бир фактни эслайлик. Олим 1919 йилда «Чиғатой гурунги» тўгарагининг илмий мажлислари қуролли қизил гвардиячиларнинг назорати остида ўтганини эслайди. Шўрлик зиёлилар пешонасига милтиқ тиралиб турган ҳолда қандай гурунглашдилар экан?
Шундай қилиб, шўролар ҳукумати ўзининг илк қадамалариданоқ ижод эркинлигини чеклашни бошлаб юборишганди, зиёлилар фаолиятига тўсиқлар қўйиш, меҳнаткаш халқни уларга нисбатан ишончсизлик руҳида тарбиялаш сиёсатига амал қилардилар. 1927 йилнинг 4 октябрида Чўлпон Самарқандда ўтган Ўзбекистон маданият ходимларининг II қурултойидан хайдаб чиқарилади. Унинг бўйнига турли бўҳтон ва иғво гаплар қўйилади.
30-йилларнинг барча қурбонлари каби, Чўлпонга ҳам биринчилардан бўлиб айб қўйганлар – аслида истеъдоди йўқ бўлган, ривожлана олмаётган ёзувчи ва шоирлар эди. Масалан, улардан бири – ҳозирда ҳеч биримиз танимайдиган Умаржон Исмоилов. Тўғри, у ўзи буни тўғридан-тўғри амалга оширмаган.
«Правда Востока» газетасининг 1931 йил 15 январ сонида Михаил Шевердиннинг «Ўзбек йўқсул адабиётининг илк катта асари» деган мақоласи эълон қилинади. Қизиғи шундаки, ўзбек тилини билмайдиган, ўзбек адабиётидан йироқ турадиган бу одам ўзбеклардан чиққан ҳақиқий истеъдод эгаларини қоралаб, ерга уриб уларга истеъдодсиз адибларни қарама-қарши қўйишни, уларнинг хом-хатала, тутуруқсиз асарларини кўкларга кўтаришни касб қилиб олган эди. У 1927 йилда Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романини ёмон отлиққа чиқаради. Тасаввур қиляпсизми, «Ўтган кунлар»ни-я! Кейин эса юқорида тилга олганимиз мақолада ўша Умаржон Исмоиловнинг «Пахта шумғиялари» деган ўта бўш асарини «ўзбек йўқсул адабиётининг илк катта асари» деб кўкларга кўтарар экан, йўл-йўлакай Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирийларни бир тепиб ўтишни ўзи учун ҳам қарз, ҳам фарз деб билади. Мана, ўша мақоладан сатрлар: «Буржуй ёзувчилари Фитрат («Арслон»), Чўлпон («Ёрқиной»), Абдулла Қодирий («Меҳробдан чаён»), Элбек («Турмуш уринишлари») ва бошқалар ўзбек адабиётининг ўта ўнг қанотини эгаллаб келишаётир. Бу ерда Фитратнинг қатор асарларидаги туркпарастлик ҳақида, Чўлпон ижодидаги босмачилик кайфиятлари тўғрисида, Жулқунбой-Қодирийнинг савдо буржуазияси ва феодализмни мадҳ этгани хусусида, Элбекнинг шовинизми борасида гапириб ўтишнинг ўрни эмас».
Услубнинг гажакдорлигига қаранг – гапирадиган гапини гапириб бўлиб, «гапириб ўтиришнинг ўрни эмас» дейди-да, юввошгина бир чеккага чиқиб қараб тураверади.
Хўш, Шевердин буларни тинимсиз қаердан олиб ёзар экан? Гап шундаки, ўша пайтларда Тошкентда ВКП марказий комитетининг Ўрта Осиё бюросида Зеленский деган одам ўтирарди ва юқоридаги каби мақолаларни дарров рус тилига таржима қилдирарди, синчиклаб ўқиб чиқарди.
Матбуотда эълон қилинган бунақа гаплар, айниқса, Михаил Шевердиндай «мўътабар зот»нинг оғизларидан чиққани учун кўпгина ўзбек адабиётчилари томонидан дастуриламал ўрнида қабул қилинарди. Шунақа пўписалардан кейин Чўлпонга яқин одамлар ҳам ўз қарашларини бутунлай ўзгартириб, ҳукмрон мафкура хизматига бел боғлар эдилар. Шулардан бири Абдураҳмон Саъдий 1924 йилда Чўлпонни қандай мақтаб мақола ёзган бўлса, 30-йилларга келиб, уни шундай ерга тиқади. Жумладан, «Ўзбек буржуа адабиёти» деган дарслигида, Саъдий Чўлпонни «жадид, буржуа ёзувчиси, ашаддий миллатчи» деб таърифлайди.
Бундайлар орасида, айниқса, Миёнбузрук Солиҳов деган одам ҳаммадан ўтиб тушган. Тан олиш керак, у ўз даврининг энг истеъдодли адабиётшуносларидан эди. Бир қатор Туркистон мадрасаларида, жуда обрўли Истанбул университетида таҳсил кўрган, ҳаттоки, Қобулда дипломатик вазифада ҳам ишлаган. У ўнлаб китоблар ва мақолалар муаллифи, унинг ўзбек театри тарихига оид монографияси материалга бойлиги билан ҳозирга қадар тадқиқотчилар эътиборини ўзига жалб қилиб келмоқда. Афсуски, шундай юксак маданиятли, пухта билимли одам ҳам Чўлпонга тош отишда фаол қатнашган. Афтидан, у ҳам оёғи остидаги замин нураб бораётганини сезгану, ҳукмрон мафкурага садоқат кўрсатиб жон сақламоқчи бўлган. Шу мақсадда 1933 йилда «Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари» деган китоб эълон қилган, лекин бу садоқати ҳам уни қатағон бўронидан сақлаб қола олмаган! Айтиш керакки, Миёнбузрукнинг бу китоби ҳам материалга бой, аммо у нима қилиб бўлса-да, Чўлпон билан Фитратни миллатчига чиқаришни мақсад қилиб олади.
Миёнбузрукнинг бундай «хуружлари» ўша пайтдаги бошқа мақолалардан хавфлироқ эди – чунки мақолаларнинг кўпчилиги енгил-елпи ёзилган, уларда далил ўрнига шаллақи одамлар қўллайдиган усул – «диғоним-диғон» қабилида иш тутиш устивор эди. Миёнбузрукнинг китоби эса ҳар ҳолда китоб эди ва унда «илмийнамо» далиллар бордай туюларди. Бу эса жамоатчиликни чалғитиб, Чўлпон ҳақидаги тасаввурларни умуман бошқача тусга киритиб қўярди.
30-йиллардан бошлаб бутун мамлакатда янги қатағонлар тўлқини кўтарилди. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмасди. Жумладан, Мунаввар Қори, Маннон Рамзий ва Боту, шунингдек, Ўзбекистон Олий Судининг раиси Саъдулла Қосимов, прокурори Шамси Бадриддинов устидан суд процесси бўлиб ўтди. Бундайлар одатда ўша давр учун характерли бўлган тамға – «халқ душмани» деб отувга ҳукм қилинар эди (Мунаввар Қори 1931 йилда Москвада, Бадриддинов 1932 йилда отилган, бошқалариники номаълум).
1930 йилда Боту қамалиб, отишга ҳукм қилинди. Шундан сўнг Анқабой Худойбахтов деган бахмаллик журналист (1931 йилнинг 3 февралида) «Қизил Ўзбекистон» газетасида «Йиртилган ниқоб» деган мақола эълон қилади. Унда Ботунинг «чала қолган ниқобини» йиртади – уни «йўқсулларнинг ёвуз душмани» деб атайди. Орадан бир йил ўтгач, 1932 йилнинг 4 февралида яна ўша «Қизил Ўзбекистон» газетасида Х.Бурлақ ва Р.Чўрағулнинг «Зарарли икки китоб» деган мақоласи чиқади. Унда энди ўша Анқабойнинг ўзи танқид қилинади, китобидаги сиёсий хатолар фош этилади. Бироқ масаланинг энг таажжубли томони шундаки, газетанинг айни шу сонида Анқабойнинг танқидга жавоби ҳам босилган. Дунё тарихи ҳали бунақа тезкорликни кўрмаган бўлса керак! «Бошқармага хат»да Анқабой танқидни мардлик билан тан олади:
«…биринчи китобим бутунлай зарарли, уни қатъиян қўлга олмаслик керак… биринчи китобим жуда катта зарарларни келтирганлигини большевикларча масъулиятимга олиб, биринчи китобимнинг фойдаланишдан тўхтатилишини талаб этаман». Лекин, унинг бундай ялтоғланиб қилган тавба-тазаррулари ҳам фойда бермаган – кейинчалик Анқабой қамоққа олиниб, бошқа «халқ душманлари» қаторида 1938 йил 4 октябрда отиб ташланади.
Кўряпсизми, ёзди-ёзди замонида хўлу қуруқ тенг ёнган. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам бирин-кетин отувга ҳукм қилинаверган.
Бундай шароитда Чўлпоннинг бошидаги булутлар жуда қуюқлашиб қолади – уни сўкиб қарғашлар, «миллатчидан» олиб «миллатчи»га, синфий душманга солишлар жамоатчилик фикрини тайёрлаб бориб, уни қамоққа олишга асос бўлиши керак эди. Шунда Файзулла Хўжаевнинг маслаҳати билан Чўлпон Тошкентни тарк этади ва Москвага кўчиб бориб, собиқ СССР Марказий Ижроия қўмитаси аппаратида таржимон бўлиб ишлайди. Эҳтимол, шу нарса унинг қамоққа олинишини бироз кечиктирган бўлиши мумкин. Аммо расмий доиралар Чўлпондан шу даражада қўрққанларки, унинг ижодини синчиклаб текшириб боришган.
Ниҳоят, ўша қора 37-йил ҳам етиб келди. Шўроларнинг қатли ом машиналари бутун мамлакат бўйлаб паррак бўлиб айлана бошлади. Чўлпон Москвадан 1935 йилда қайтган бўлса, уни шу икки йил ичида нималар қилиб ташлашмади. Ниҳоят, 1937 йилнинг ёзида у қамоққа олинади. Бир йиллик даҳшатли қийноқлардан сўнг 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланади.
Мақоламизнинг сарлавҳасини Абдулла Ориповнинг машҳур шеъридан олиб қўйган бўлсак-да, уни яна Муҳаммад Юсуф сатрлари якунлаб беради:
37-йил йиғиси
Олов эди, шўх эди ўғлим,
Шамол эди, ўқ эди ўғлим,
Уйимда нон йўқ эди, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?
Майли изинг қолсайди, ўғлим,
Ўғил-қизинг бўлсайди, ўғлим,
Кўриб кўнглим тўлсайди, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?
Тўлишган ой, тўлин ой, ўғлим,
Кетган еринг қайси жой, ўғлим,
Тилаб олган Турсунбой ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?
Ёниб кетсанг майлийди, ўғлим,
Чўкиб кетсанг қанийди, ўғлим,
Айбли бўлсанг қанийди, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?
Ўқиб, ўсиб, унмай ўл, ўғлим,
Ўқиб, олим бўлмай ўл, ўғлим,
Олти тилни билмай ўл, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?
Беҳзод Аҳмаджонов