Кейинги икки аср давомида роман жаҳон адабиётида етакчи жанр бўлиб келди, ХХI асрга ўтиб ҳам, у ўша мавқеини асло бой бергани йўқ. Ҳар бир миллат адабиётининг бўй-басти, даражаси, аввало, шу жанр камолотига қараб белгиланади десам, буни ҳеч ким муболағага йўймайди. Бунинг боиси шундаки, башарият даҳоси яратган адабий жанрлар орасида энг универсали, канонларни, миллий чегараларни тан олмайдигани, бетиним янгиланиб, ўзгариб боришга мойили, ҳамма даврларга, оқимларга мослаша оладигани айни шу жанр бўлиб чиқди. Романтизм дейсизми, реализм, соцреализм, неореализм, сюреализм, магик реализм, постреализм дейсизми, модернизм, постмодернизм дейсизми – барча адабий оқимларда унинг етук намуналарини топиш мумкин. Бугина эмас, ҳамма адабий тур – эпик, лирик, драматик шакллар, миф-асотир, ривоят, ҳикоятлардан тортиб, оғзаки ва ёзма ижоднинг деярли барча кўринишлари, жумладан, ёндош жанрлар – ҳикоя, новелла, қисса-повесть тажрибаларини, ҳатто намуналарини ўз бағрига бемалол сиғдираверди. Унда вақт қамрови, ҳажми, персонажлар сон-саноғининг чек-чегараси йўқ. Бир кунлик, ҳатто бир неча соат, дақиқалик воқеа асосига қурилган, айни пайтда бир асрлик воқеаларни қамраб олган, бир-икки ёки ўнлаб, юзлаб персонажлари бор яхши романларни ўқигансиз. Бир, икки, уч, тўрт ва ундан ортиқ китоблардан иборат хиллари борлигини ҳам яхши биламиз. Унинг ҳудудига публицистика, эссе, тарих, хроника, фалсафа бемалол бостириб кираверади. Роман сатҳи ҳозир урф бўлган плюрализм – фикрлар хилма-хиллигини бадиий ифодалаш, кўп овозли – полифония учун беқиёс майдондир.
У ёғини суриштирсангиз, бугунги кунда жаҳоннинг турли минтақаларида миллиардлаб томошабинларни кечаю кундуз телеэкран қаршисида ушлаб турган телесериаллар айни шу роман тажрибалари, романга хос тафаккур, тасаввур ҳосиласидир, телесериаллар томошаси энг оммавий визуал романхонликнинг ўзгинасидир.
Қисқаси, бу жанрнинг имкониятлари чексиз, шунга яраша романнавис бўлиш масъулияти ҳам бениҳоя катта. Романнинг ана шундай беқиёс имкониятларидан фойдалана олиш лаёқатига эга бўлган, унинг заҳматларига дош бера оладиган, роман юкини елкасида кўтаришга қодир шижоатли, чин истеъдод соҳибигина бу жанрда муваффақият қозона олади.
Шунинг учун бўлса керак, икки асрдан ошдики, ҳеч ким, ҳатто мана мен деган назариячи олимлар ҳам бу жанрнинг ҳамма бирдек тан оладиган таърифини бера олгани йўқ, беролмайди ҳам. Қарангки, кейинги икки юз йил давомида жаҳон адабиёти, адабий танқидчилигидаги энг қизғин баҳс-мунозаралар айни шу жанр, унинг намуналари, ижодкорлари теварагида кечган.
Муайян сабабларга кўра, бизда роман кейинроқ пайдо бўлди, бундан роппа-роса 90 йил бурун – 1920 йил декабрида ёзиб тугатилган “Ўткан кунлар” билан ўзбек миллий романчилик мактабига асос солинди. Хомчўт ҳисоб-китобларга қараганда, ўшандан бери бизда “роман” номи остида 500 га яқин асар яратилди. Табиийки, уларнинг савия-даражаси турлича. Миллий романчилигимизнинг туғилиш, шаклланиш ва тараққиёт йўлининг 70 йили ғоят мураккаб, таҳликали вазиятларда, шўро истибдоди адабий сиёсати таъқибу таҳдидлари шароитида кечган бўлишига, машъум сиёсат ижодкорлар тақдирида муайян нохуш асоратлар қолдирганига қарамай, мўъжизани қарангки, ўша кезларда ҳам, Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айтганда, бизда Европа адабиёти гази билан ўлчанганда ҳам тўлақонли, янги жаҳон адабиётининг нодир намуналари билан бўйлаша оладиган асарлар яратилди.
Миллий уйғониш деб аталган улкан тарихий-маънавий жараённинг ҳосиласи сифатида пайдо бўлган ўзбек романи кўзгусида айни шу жараён – миллат тақдири – қисмати, унинг онги, руҳиятидаги долғали силсилалар, халқнинг орзу-армонлари, интилишлари, дарду дунёси, оҳу зорлари бор бўйича ўз аксини топди, бу мўътабар анъана мустақиллик йилларида ҳам ўзгача кўринишда давом этиб келяпти.
“Ўткан кунлар”нинг асосий маъно-мундарижаси, пафоси ҳақида ҳозирга қадар ғоят хилма-хил фикр-мулоҳазалар айтилди, айтилмоқда. Улар орасида роман асосида ишқий-оилавий можаролар ифодаси-талқини туради, деган қараш кенг тарқалган. Ҳатто романнинг немис тилидаги таржимаси “Тошкентлик ошиқлар” деб аталиши бежиз эмас. Камина эса, бундай қарашни бутунлай инкор этмаган ҳолда, “Ўткан кунлар” романининг маъно-мундарижаси ғоят кенг, унда хилма-хил ижтимоий, маънавий, борингки, ишқий-оилавий муаммолар кўтарилган деган фикрдадир. Улар ичида, менингча, энг муҳими, юртнинг, миллатнинг тақдири, мустақиллиги масаласидир. “Ўткан кунлар” романига қадар ҳам, асар ёзилган пайтда ва ундан кейин ҳам ХIX асрда миллат тақдири учун ҳаёт-мамот аҳамиятига молик тарихий ҳодисаларни, ўлканинг мустақилликдан маҳрум бўлиб, мустамлакачилар олдида таслим бўлишига олиб келган омилларни Қодирийчалик чуқур, таъсирчан бадиий таҳлил этган асар яратилмаган. Адиб бу романи орқали тарихимизнинг энг кир, “қора кунлари” – юртни мустамлака балосига гирифтор этган кейинги “хон замонлари” ҳақида сўз очиб, бу аянчли ҳақиқатдан халққа сабоқ бермоқчи бўлган. Асар марказида турган Отабек, Юсуфбек ҳожи қисмати, руҳиятидаги энг кескин, драматик кечинма-ҳолатлар ифодаси айни шу муаммолар билан боғлиқдир. Ёзувчи қалбини ўртаган, уни қўлига қалам олишга ундаган омиллар, менимча, ана шунда. Бундай даъвонинг тафсилотлари “Қодирий мўъжизаси” китобимда батафсил ёритилган.
“Ўткан кунлар”дан сўнг пайдо бўлган “Кеча ва кундуз”, “Қутлуғ қон”, “Сароб”, “Обид кетмон”, “Қўшчинор”ларни эсланг. Бу романларнинг ҳар бири асар битилган кезлардаги муаллифлар кўнглида кечган оғриқ тўла ўй-кечинмалар – асарлар қаҳрамонларининг драматик, фожиавий қисмати, дарду дунёси, оҳу зорини айни кўзгудагидек гавдалантириб берганлиги билан қимматлидир. Бу романлар орасида хронологик жиҳатдан ажиб мантиқий силсила, уйғунлик бор. Чунончи, “Кеча ва кундуз” “Ўткан кунлар”нинг давомидек туюлади. Чоризм мустамлакаси халқ ҳаётини асло енгиллаштирмади, бу даврда жаҳолат ва зулм баттар авж олди. Оилавий ва ижтимоий муносабатлардаги қолоқлик, қабоҳат ёнига фаҳш, янги кўринишдаги қаллобликлар келиб қўшилди. Бундай иллатлар ваҳшати романда шафқатсиз бир тарзда кўрсатилди.
Айни шу шафқатсиз ҳодисаларнинг давоми ва ваҳшати “Қутлуғ қон” романида муайян даражада интиҳосини топган. Асар бош қаҳрамони Йўлчи қишлоқдан нажот истаб шаҳарга келади-ю, қадам-бақадам ҳақсизлик, адолатсизлик қаърига кира боради, ниҳоят, кўзи очилиб, ўз шаъни, қадри йўлида, қолаверса, сабр косаси тўлиб-тошган жабрдийда оломон ҳимояси, аниқроғи, миллий озодлик ҳаракати йўлида қурбон бўлади.
Миллатларга эрк, озодлик ваъда қилган Октябрь тўнтаришидан кейинги давр акс этган “Сароб”да миллатнинг ҳар жиҳатдан етук, тўкис бахтга муносиб икки кўркам фарзанди – Саидий билан Мунисхон инқилобий алғов-давлғовлар – икки тўлқин кураши гирдобида ҳалок бўладилар. Адиб аросатда қолган икки ёшнинг маънавий-руҳий изтиробларини ўқувчини ларзага соладиган тарзда ифода этади.
Ўтган аср 20-йиллари охири, 30-йиллар бошларида колхозлаштириш деб аталган мамлакат тарихида, кўп сонли деҳқонлар қисматида оғир асорат қолдирган ҳодисалар ҳақида давр сиёсатига мос “синфий кураш” ақидаси асосида ҳайбаракаллачилик руҳида битилган асарлардан тубдан фарқ қилароқ, “Обид кетмон” ва “Қўшчинор” (“Қўшчинор чироқлари” эмас) миллий адабиётимизда янгилик бўлди. Мазкур мавзудаги расмий қарашларга мос тушадиган асарлардан фарқли ўлароқ, бу икки асар ўша мудҳиш ҳодисаларга ўзгача тарзда, кутилмаган томонларидан ёндашилганлиги, оддий одамлар қисмати холис, ҳаққоний ифода этилганлиги билан қимматлидир.
Афсус, бу икки асардан сўнг муайян муддат романчиликдаги миллат қисматидан баҳс этиш анъанаси тўхтаб қолди. Ниҳоят, 50-йиллар охирига келиб, “Синчалак” орқали ўша анъана қайта қад ростлади. “Синчалак” билан изма-из яратилган “Уч илдиз”, сўнг бирин-кетин пайдо бўлган “Қора кўзлар”, “Уфқ”, “Чинор”, “Олтин зангламас”, “Диёнат” сингари миллат тақдиридаги мураккаб, чигал ҳодисалар қаламга олинган романлар эл орасида шуҳрат топди. Бора-бора миллат қисмати билан боғлиқ ҳодисалар тасвири-талқинидаги танқидий руҳ кескинлашиб, Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” , “Тушда кечган умрлар”, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” романларида жамият ҳаётининг фожиали инқирози ифодаси ўз интиҳосига етди. Жамият ва шахс қисмати талқинида танқидий пафос, инкор руҳининг кучайиши оқибатида миллий романчилигимизда модернистик адабиётга хос абсурд туйғуси ва ғояси, шахс руҳияти таҳлилида эса янгича тамойиллар, “полифония” ва “онг оқими” унсурлари пайдо бўла бошлади. Бу ҳол танқидчиликда қизғин баҳсларга асос бўлди. Дадил айтиш мумкинки, ўзбек романи истиқлолдан анча бурун мавжуд тузумнинг антигуманистик моҳияти, инқирози, ҳалокатга маҳкум экани хусусида ўз бадиий ҳукм-хулосасини чиқарди. Ва бу билан ўзбек миллий романчилиги миллат олдидаги тарихий миссиясини адо этиш шарафига муяссар бўлди.
Яна бир муҳим жиҳат, мустабид тузум таъқибу тазйиқлари шароитида, тарихий ўтмишимизни нуқул гина зулматдан иборат деб аташ урф тусини олган, ҳар куни “Ким эдик тарихда бизлар, номи йўқ, қашшоқ, гадо” деган бўҳтон ва ҳақоратдан иборат қўшиқ сатрлари янграб турган кезлари жаҳон тан олган буюк сиймоларимиз ҳақидаги “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё”, “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” сингари етук романларнинг яратилиши мислсиз жасорат ва ҳайратомуз ҳодисадир.
Романчилигимизнинг истиқлол давридаги йигирма йиллик тараққиёти, минг афсус, ҳозирга қадар атрофлича ўрганилгани, муносиб баҳосини олгани йўқ. Назаримда, адабий танқид зиммадаги бош вазифаси – мавжуд роман хирмонини саралашда хийла сусткашлик қиляпти.
Истиқлол туфайли ижод аҳли ҳам, адабий танқид ҳам мустабид тузум шароитида шаклланган барча чеклов, тушовлардан халос бўлди, ижодий изланишлар учун кенг йўл очилди. Бошқа барча адабий тур, жанрлар каби романнинг мавзу-мундарижа, шакл, ифода, поэтик кўлами хийла кенгайди; турли-туман адабий-ғоявий оқим, хилма-хил мафкуравий йўналишга мансуб асарлар пайдо бўла бошлади; бир вақтлар менсимай қаралган оилавий-маиший ҳаёт муаммосига бағишланган сон-саноқсиз асарлар битилди; нисбатан суст ривожланган ҳажвий, фантастик ва саргузашт-детектив романлар бугун китоб жавонларимизни тўлдириб турибди. Улар орасида Худойберди Тўхтабоев, Неъмат Аминов, Тоҳир Малик, Ҳожиакбар Шайхов каби эл тан олган адабларимизнинг етук асарлари ҳам бор. Тарихий романчилик анъаналарини Муҳаммад Али, Эркин Самандар, Асад Дилмуроддек тажрибали адибларимиз изчил давом эттираётирлар.
Бевосита баҳс мавзумизга дахлдор – мамлакат, миллат тарихидаги энг буюк ҳодиса – истиқлол йилларида одамлар ҳаёти, тақдири, руҳиятида кечган жараёнларнинг роман кўзгусидаги ифодаси масаласига келсак, бу борада ҳам муайян ютуқларимиз бор, азизлар.
Бир тизимдан иккинчи бир тизимга ўтиш осон кечадиган жараён эмаслигини ҳаммадан кўра ижод аҳли яхши билади, теран ҳис этади. Шахсан ўзим гувоҳ бўлган ҳодисаларга, қолаверса, ўз тажрибамга таяниб айта оламанки, бу жараён шавқи ва оғриқларини, аввало, ижодкорларнинг ўзлари татиб кўрганлар. Чунончи, Шукур Холмирзаевнинг 90-йиллари ёзган эсселари, жумладан, “Адабиёт ўладими?” мақоласи, устоз Озод Шарафиддиновнинг “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” бадиаси, шунингдек, каминанинг устозга эргашиб ёзган “Ўтилган йўлнинг баъзи сабоқлари” мутолааси чоғи бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Ўз бошидан кечган, ўзи юракдан ҳис этган ҳодисаларни, руҳий жараёнларни ўзгалар, аниқроғи, асар тимсолларига кўчириш – бадиий ижоднинг ғаройиб, сирли-сеҳрли хилқати. Шукур Холмирзаевнинг истиқлолимизнинг дастлабки йилларида замондошлари ҳақида битилган “Аросат”, “Озодлик” “Қуёш-ку фалакда сузиб юрибди…”, “Булут тўсган ой” ҳикоялари, ниҳоят, “Динозавр” романи биринчи китобининг дунёга келиш тарихидан қисман хабардорман, уларнинг айримларини муаллиф розилигига кўра қўлёзма ҳолда ўқиганман, эҳтимолки, биринчилардан бўлиб улар ҳақида сўз айтганман, ёзганман.
Баъзи фикрларим такрор бўлса ҳам айтай: “Динозавр” романи мавзу-материали, мазмун-мундарижаси жиҳатидан ўта замонавий асар, унда асар битилган даврнинг нафаси уфуриб туради, мамлакатдаги, жамиятдаги туб бурилиш, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида одамлар ҳаёти, табиати, руҳияти, тақдирида, ўзаро муносабатларида юз берган ўзгариш, эврилишлар қаламга олинади, одамларнинг ўша кезлардаги ҳаёти-кайфияти бамисоли кўзгуга солиб кўрсатилади. Дадил айтиш мумкинки, ўша туб бурилиш асносида, аввало, адиб қалбидаги, қолаверса, одамлар руҳиятидаги эврилишлар, уларнинг ҳолат-кайфияти миллий адабиётимизда илк бор “Динозавр” орқали роман кўзгусида ўз аксини топди.
“Динозавр” муаллифи долзарб мавзуни қаламга олган экан, бу билан ўтмишда бўлганидек, ижтимоий жараёнларга шунчаки муносабат билдириш, ниманидир тасдиқлаш, улуғлаш ёки ниманидир рад этиш, қоралашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эмас, балки сўз санъатининг асл табиати, вазифасидан келиб чиққан ҳолда, ана шу туб бурилиш палласида юзага чиқаётган инсон жумбоғи, аниқроғи, инсон табиати, руҳиятининг турфа жилвалари, янги қирралари, турли нағмалари, сир-синоати билан қизиқади. “Динозавр” романи айни шу жиҳати билан сизу бизнинг эътиборимизни тортади, бизни асар воқеалари, персонажлар давраси гурунгларининг иштирокчиси, суҳбатдошига айлантиради. Роман қаҳрамонлари – кеча моҳир актёр саналган Шаҳлонинг хорижий мамлакатларга қатнайдиган тижоратчига, куни кеча таниқли “совет болалар шоири” бўлган Абзал аканинг бугун мутаассиб тақводорга айланиши, куни кеча СССР тарихи ўқитувчиси сифатида ёш авлод онгига коммунистик ғояларни сингдирган, раҳбар ходим сифатида даҳрий ишларга қўл урган Тойировнинг бугун катта фирма очиб “бозор иқтисоди” одами, савдогар бўлиб олиши, Жамолиддиннинг оз фурсатда авваллари ҳатто тасаввур этиш ҳам мумкин бўлмаган кўламли мулкдор, бизнесмен бўлиб етишиши – бу тур одамлар табиати, руҳиятидаги бу қадар кескин ўзгаришлар ғалати жумбоқ…
Бироқ асардаги энг катта жумбоқ – бош қаҳрамон Маҳкам образидир. Маҳкам ҳам пок, соддадил, самимий инсон сифатида, ҳам истеъдодли адиб, моҳир тараққийпарвар кинорежиссёр сифатида туб бурилиш, ўзгаришлар жараёнида янги шароитга мослашолмай, янги “шароит мевалари”ни ҳазм қилолмай қийналади. Йўқ, у истиқлол, янгича ижтимоий муносабатлар рақиби эмас, айни пайтда унда эски тузумни қўмсаш кайфияти ҳам йўқ, аслида, моҳият-эътибори билан бу одам мустабид тузум жабрдийдалари тоифасига мансуб: отаси, тоғаси, яқин одамлари эл-юрт қайғуси билан яшаган зиёли одамлар бўлган; отаси қатағонга учраган, Сталин ўлимидан олдин қамоқда ўзини осиб қўйган; ўзи эса ижодкор сифатида оғир шароитларда адолат, ҳақиқат учун курашганлар сафида турган. Истиқлол туфайли аждодлари, ўз кўнглидаги орзу-ниятлари ушалади. Шундай бўла туриб, нега энди бу одам янги шароитга дарҳол мослаша олмайди, туб ўзгаришлар моҳиятини англашда қийналади. Бутун гап ҳаётнинг мураккаблигида, асарни асар, образни образ қиладиган бадиий жумбоқ ана шунда! Ахир, янги ижтимоий муносабатларнинг қарор топиши осонликча кечмайди, “бозор иқтисодига ўтиш” даврида юзага чиқаётган мураккаб муносабатларни, давр зиддиятларини Маҳкам хилидаги одам дарҳол ҳазм қилиши қийин; айниқса, одамлараро муносабатларда ҳамма нарсани ҳисоб-китоб, пул, шахсий манфаат асосига қуриш тамойили қарор топа бориши, бу ҳодиса ҳатто Маҳкам оиласига кириб келиши уни қийноққа солади. Ҳаёт тарзининг ўзгариши билан ижодга муносабат, бадиий ижод, санъат мезонлари ҳам тубдан ўзгарди. Бугун ижодкор кечаги мезонлар билан иш кўриши мумкин эмас. Маҳкам сиймосида биз мана шу мураккаб руҳий жараённи юракдан ўтказаётган, ўзи янгиланиш машаққатини бошидан кечираётган ижодкор шахси драмаси, балким фожиасини кўрамиз. Шу тариқа қаҳрамоннинг изтиробли ўйлари, қалб драмаси Шукур Холмирзаев услубига хос бўлган икир-чикирлари, тафсилотлари билан ифодаланади. Маҳкам ўтиш даври зиддиятларини ҳам содда, самимий инсон, ҳам виждонли, истеъдодли санъаткор сифатида намоён этганлиги билан жозибадор. Қизиқ, янги замон ўзгаришларини қийинчилик билан қабул қилаётган Маҳкам, романда қаламга олинган шароитга осонлик билан мослашиб “бозор даври” одамига айланиб олган кимсаларга қараганда қалбимизга яқин, мустақил Ватаннинг чин, самимий ўғлони сифатида таассурот қолдиради.
Адиб романнинг иккинчи китобидан айрим бобларни эълон этди, афсуски, у охирига етмай қолди. Аммо журналда эълон этилган биринчи китобнинг ўзиёқ “Динозавр” миллий адабиётимизда истиқлол даври одамлари тақдири, қалб драмаларини роман кўзгусида ёрқин акс эттирган илк етук асар сифатида қимматлидир, деб ҳукм чиқаришга тўла асос беради.
“Динозавр” олдидан Шукур Холмирзаев қалбида кечган руҳий жараёнга яқин ҳолатни кейинги авлод романнависи Улуғбек Ҳамдамда ҳам кузатиш мумкин. Буни муаллифнинг 1994-1997 йиллар оралиғида қоғозга туширган автобиографик характердаги “Ёлғизлик” қиссаси мисолида яққол кўрамиз. Анъанавий автобиографик қиссалардан фарқли ўлароқ “Ёлғизлик” одатдаги саргузашт асар эмас, балки айни қисса ёзилган кезлари муаллифнинг қалбида кечган ўй-мушоҳадалар, изтироблар, қолаверса, у муаллиф ижод психологияси биографиясидир. Дарҳақиқат, қисса синчиклаб мутолаа қилинса, кейинроқ дунёга келган “Мувозанат”нинг режа, муаммо, мотив, образлари айни ўша кезлари муаллиф кўнглида шаклланганини пайқаш мумкин. Қарангки, “Мувозанат” романи “Ёлғизлик” билан изма-из айни 1997 йили ёзилган.
Моҳият-эътибори билан роман эпик жанрга мансуб эканини ҳис этган муаллиф “Мувозанат”да “Ёлғизлик”даги субъектив “дил изҳори” усулини қўйиб, ўзини ҳодисалардан четга олиб, объектив, холис ифода йўлидан, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, жараённи роман кўзгусида гавдалантириш йўлидан боради.
“Динозавр”да бўлгани каби бош қаҳрамон Юсуфнинг ҳам шаҳар, ҳам қишлоқ одами экани “Мувозанат”нинг ифода доирасини кенгайтиради, қишлоқ ва шаҳар ҳаётида, хилма-хил одамлар сийратида кечаётган силсилаларни ифодалаш имконини беради. Бугина эмас, Юсуфнинг ёш тарихчи олим, олий ўқув юрти муаллими, курсдош дўстларидан бири Саиднинг масъул раҳбар ходим, Миразимнинг эса савдо-тижорат, бизнес одами сифатида олиниши ҳаётнинг турли қатламлари қаърига кириб бориш учун йўл очади. Янги шароитида ҳам жамиятда, ҳам оиладаги табақаланиш, фақат талабалик кезлари бир майизни бўлиб еган қадрдон дўстлар даврасидагина эмас, бир оила одамлари: эр-хотин, ота-бола, ака-ука орасида ўта чигал, мураккаб муносабатларни келтириб чиқаради. Шу тариқа жамиятдаги жараёнларнинг оқибат-асоратлари персонажларнинг шахсий, оилавий-маиший турмушида ҳар қадамда баралла намоён бўла боради. Ўз навбатида асардаги ҳар бир тирик жонни қийнаган дарду ташвишларнинг илдизи жамият ҳаётида улкан бурилиш палласида содир бўлган силсилаларга бориб тақалади. Айни шу ҳолат – шахсий-оилавий-ижтимоий муносабатлар драмасининг уйғунлигидан романга мос улкан яхлит драма, қолаверса, романга хос тафаккур – яхлит бадиий концепция вужудга келади. Яна бир муҳим жиҳат, асарда қаламга олинган барча персонажлар тақдири, хатти-ҳаракати билан боғлиқ ҳодисалар бош қаҳрамон қисмати билан қандайдир йўсинда туташади; булар Юсуфнинг ўз шахсий ҳаёт драмалари, орзу-интилишлари йўлида чеккан заҳматлари, топган ва йўқотганлари билан қўшилиб-туташиб даврнинг тирик тимсоли, романга хос қаҳрамон даражасига кўтаради. Баралла айтиш мумкинки, Юсуф романчилигимизда ўтиш даври деб аталган мураккаб тарихий жараённинг қаҳрамонидир. Муҳими, у қийин, чигал, аммо зарурий ҳаётий силсилалар тўзони орасидан эсон-омон ўтади. Ҳаёт синовларида тобланиб, ўзлигига, асл эътиқодига содиқ қолади.
“Мувозанат” “Жаҳон адабиёти”да босилиш олдида ҳам, босилгандан кейин ҳам қизғин баҳс-мунозараларга асос бўлиб келди, у ҳақида ҳам танқидий, ҳам илиқ гаплар айтилди. Унга хорижда ҳам қизиқиш катта. Чунончи, АҚШдаги Мичиган университети муаллимаси Рейчл Харэл 2007 йил Марказий Евроосиё масалаларига бағишланган 8-халқаро анжуманнинг маданият шўъбасида ўқиган “Ўтиш даврида ўзбек адабий овозлари. Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи воқеаси” мавзусидаги маърузасида романда “кўнгил эҳтиёжи сифатида етилган мавзунинг жасорат билан акс эттирилганли”ги алоҳида таъкидланади. Бугина эмас, университетда унга бағишланган кўламли семинарлар ташкил этилади.
“Динозавр” ва “Мувозанат” каби Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” романи ҳам айни ўша миллат тарихидаги улкан бурилиш, бозор иқтисоди муносабатларига ўтиш палласидаги миллат фарзандлари ҳаёти, қисмати, онг-шуури, қалбида кечган мураккаб зиддиятлар ҳақида баҳс эди. Аммо юқоридаги икки асардан фарқли ўлароқ, “Бозор” бутунлай ўзгача услубий йўналишда битилган. Асар тили бошдан-оёқ рамзлар, метафоралар, имо-ишоралар асосига қурилган. Бу тилни ўқимай, уқмай туриб романни тушуниш, унинг туб моҳиятини англаш маҳол. Биргина асар номи – “бозор” сўзи таркибидан “бозор” тушунчасидан ташқари “ор”, “зор”, “озор” маъноларини қидиради муаллиф. Бутун бошли романда бунақа рамзий ишоралар тўлиб-тошиб ётибди. Оддий китобхон уларнинг ҳаммаси моҳиятини англашга қурби етмас, аммо асар бағрида ловуллаб турган ёлқинни баралла кўриб, ҳис этиб туради. Бу романдаги икки жозибадор шахс – Фозилбек билан Қадрия қалбидаги маёқдир. Асар воқеалари, асосан, бир бозор ва унга ёндош қироатхонада кечади. Романда бозор – метафора, рамз, тимсол, ҳаётнинг ўзига хос бадиий модели. Муаллиф ибораси билан айтганда, “бозорнинг ўзи дунё”, одамларнинг ичини кўриш, томоша қилиш борасида бозордан қулайроқ жой йўқ дунёда. Бозор одамларнинг ич-ичини ағдариб кўз-кўз қиладиган “ажойибхона”, бунда ҳар бир бандасининг феълидаги зўравонлик, соддалигу муғамбирлик, лақмалигу уятчанлик – ҳаммаси бозорда ё пинҳона, ё ошкора кўзга ташланади. Энг муҳими, бозор – романда муаллиф учун жамият маънавиятидаги бугунги оғриқли жараёнларни тафтиш этишнинг қулай воситаси.
Романда бозор билан ёндош ҳолда қироатхона тасвири ҳам бор. Бозор ҳамиша гавжум, жамики тумонот бозорда. Бозордагиларнинг барчаси нафс илинжида. Нафс балоси туфайли бозор ёнмоқда, чўкмоқда. Бозор ёнидаги қироатхона эса кимсасиз, хароб, ҳувиллаб ётибди… Ҳаёт ҳеч қачон ақли расолардан, фидойилардан ҳоли қолган эмас. Ҳамма ўзини бозорга ураётган, балки нафс кўйига мубтало бўлиб қолган замонда, қарангки, қоқ бозорнинг ичидан, бозор одамлари орасидан бир маънавият, маърифат фидойиси Фозилбек отилиб чиқади, илоҳий тақдир уни кимсасиз ҳувиллаб ётган маскандаги яна бир маънавият фидойиси Қадрияга рўбарў қилади… Бу икки ёш нафс балоси туфайли бозор ёнаётган, чўкаётган, нафс бандаларини олов қаърига тортиб кетаётган бир замонда нажот йўлини қидирадилар. Улар бозорни ҳалокатдан қутқариш йўли маънавиятда деб биладилар. Фозилбек маслакдош севгилиси билан бирга бозор ўзгаришларини тушуниш, унинг тилини, ҳикматини ўрганиш, зулмат қаърига чўкаётган бозорни маънавият, маърифат ёғдуси билан нурлантириш устида астойдил ўй суради, амалий ҳаракатга ўтади. Ёзувчининг диққат-эътибори бозор манзаралари ва можароларининг бевосита ўзини эмас, персонаж онги, руҳиятидаги акс-садосини ифодалаш, бадиий таҳлил этишга қаратилади, бунда “онг оқими” тажрибаларидан ижодий фойдаланади.
Қисқаси, “Бозор” ҳам “Динозавр” ва “Мувозанат” каби ўтиш даврининг роман кўзгусидаги ўзига хос, бетакрор акси, оқил одамлар орасида, онгида кечаётган баҳсу мунозараларнинг акс-садосидир. Асар ўзининг асосий пафоси билан мамлакатимизда қарор топган иқтисодиёт билан маънавиятни уйғунликда олиб боришдан иборат устувор ғоя-концепцияга ҳамоҳангдир.
Биз сўз юритган романлар истиқлолнинг дастлабки йиллари, ўтиш даври жараёнлари ҳақида баҳс этади. Ўтиш даври аллақачон ортда қолди. Кейинги йигирма йил давомида мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Бугунги ўзбек бундан ҳатто ўн йил бурунги ўзбек эмас. Мамлакатимизда жаҳонни ларзага солаётган инқирозга дош бера оладиган жамият, барқарор ўсишни таъминлаётган, жаҳон миқёсида фикрлайдиган янги авлод шаклланди. Бундай ўзгаришлар ўз-ўзидан осонликча содир бўлаётгани йўқ. Буларнинг барчаси замондошларнинг бетиним ўй-мушоҳада, ақл-заковат, ижодий меҳнат ва шижоати самарасидир. Мана шу мислсиз жараённинг ичида яшаётган, қолаверса, шу жараённи яратаётган одамлар ҳаёти, уларнинг яратиш заҳмати ва шавқи, кечинмалари, орзу-интилишлари, армон-ўкинчлари энди яратилажак романларимиз кўзгусида муносиб аксини топишига ишонамиз.