Истиқлол туфайли қайта тикланаётган миллий тарихимизни тўғри англаш учун уни бадиий адабиётда ҳаққоний акс эттириш талаб этилади. Ижодкорларимиз шу масъулиятни чуқур ҳис қилиб, ижодий эркинликдан фойдаланган ҳолда тарихий мавзуда кўплаб асарлар ёздилар. Уларда Беруний, Амур Темур, Мирзо Улуғбек, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замахшарий, Алишер Навоий каби аждодларимиз образлари маҳорат билан яратилди. Хусусан, бу борада, шоҳ ва шоир Бобурнинг шахсияти, унинг зиддиятга тўла ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини акс эттирувчи ҳикоялар эътиборга лойиқ.
Биргина “Бобурнома”да келтирилган бир тарихий воқеа тафсилоти уч ижодкорнинг, яъни, Пиримқул Қодировнинг “Мардлик”, Хайриддин Султоновнинг “Нуқта”, Урфон Отажоннинг “Бобур ва Беҳзод” ҳикояларини яратилишига сабаб бўлди. Ҳар бир ижодкор ўз ғоявий мақсадидан келиб чиққан ҳолда бу тарихий ҳақиқатни асар сюжетига сингдирди.
“Бобурнома”да Чахчарон, Чароқдондан ўтиш тафсилотлари тўлиқ келтирилади: “Чахчарондин икки-уч кўч ўтгач, қор асру улуғ бўлди: узангудин юқорроқ эди, балки аксар ерда отнинг аёғи ерга етмас эди, яна қор доим ёғар эди. Лангари Мир Ғиёс навоҳисида Кобулға не йўл била боруримизни кенгаштук. Мен ва, аксар, барин эдукким, қишдур, тоғ йўлида кўп дағдаға ва тараддудтур, Қандаҳор йўли агарчи бир нима йироқдур вале бетараддуд ва бедағдаға борилур. Қосимбек, ул йўлни йироқдур, бу йўл била борурбиз, деб кўп жаҳл қилди, бу йўлға бўлдук. Бир Султон отлиқ пешойи бошчи эди, қарилиғидин ё олдорағонидинму ё қорнинг улуғлиғидинму, йўлни йўқотти, бошлай олмади”. (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Тошкент. Юлдузча нашриёти. 1989 йил. 174-бет. Бундан кейинги мисолларда асар БН тарзида кўрсатилади ва саҳифалар қавс ичида берилади).
Адиблар Хайриддин Султонов, Урфон Отажон бу маълумотларни ўз ҳикояларида келтирмайдилар. Пиримқул Қодиров эса Бобурнинг эътирофларидан ўз ҳикоясида маҳорат билан фойдаланади: “Бобур қўриқчи йигитлари билан отланиб чиқаётганида, Қосимбек афғонларнинг пашойи қабиласи яшайдиган қишлоқдан Султон деган бир йўл кўрсатувчини топиб келди.
Олачипор салла ўраган, баланд бўйли, бурни узун, жингалак соқолига оқ оралаган бу одамнинг юзи Бобурга алланечук тунд кўринди”.
Ёзувчи шу тариқа ҳикояга Султон образини киритади. Бобурнинг уни хушламаслиги (Султон юзининг тунд кўриниши, Бобурга тик қараб, дадил жавоб қайтариши, туркий тилда у ҳақда айтилган фикрларни англаб, истеҳзоли кулимсираб қўйиши, “совуқ бир нарса”си)ни тасвирлаш билан ўқувчида Султонга нисбатан шубҳа уйғотади. Аста-секин Султоннинг бу ишга бош қўшиши сабаби темурийзодалар томонидан ўлдирилган яқинлари учун интиқом олиш экани аён бўлади.
Хайриддин Султоновнинг “Нуқта” ҳикоясида айни маълумот: “Султон пешойи отлиғ кекса йўлбошловчи совуқдан гангибми ё азбаройи қариликми йўлни йўқотди”, шаклида соддагина ифода этилади. Урфон Отажон бу қаҳрамонни ҳикояга киритмайди.
Бобур изтиробли сафарни шундай тасвирлайди: “Бир ҳафтаға ёвуқ қор тепиб, кунда бир шаръий – бир ярим шаръийдан ортиқ кўчулмас эди. Қор тепар киши мен эдим, ўн-ўн беш ички била ва Қосимбек эди, икки ўғли Тенгриберди ва Қанбар Али била яна икки-уч навкари ҳам бор эди… Ҳар қадам қўйғонида белигача, кўксигача бота-бота қор тепар эди”. (БН, 174).
Пиримқул Қодиров Султон табиати, ниятидаги ўзгаришларни тасвирлашда “Бобурнома”даги шу маълумотлардан ўринли фойдаланади: “Султон Бобурнинг совқотиб асабийлашишини, йўл жуда секинлаб қолганидан тажанг бўлишини, одамларига бақириб-сўкиниб иш буюриши, айтганини қилмаганлар бўлса, қамчи билан савалашини кутмоқда эди. Отаси ва акасини ўлимга буюрган ҳукмдорлар қиёфасида Султон ана шунақа золимларни кўрган, бугун эса улардан бирининг талвасага тушишига гувоҳ бўлиб, бир аламдан чиққиси келар эди”. Бироқ, Султон кутганидек бўлмайди. Чунки Бобур: “Маҳал ул эмас эдиким, кишиға таклиф ва зўре қилилғай, ҳар кимнинг ҳиммат ва журъати бўлса бундоқ ишларни ўзи тилаб қилур” (БН,175), деб ҳисоблайди.
Пиримқул Қодиров қаҳрамонлар нутқи, ички монолог, табиат манзараларни тасвирлаш асносида, Бобур шахсиятидаги мардлик, олижаноблик, фидойилик каби фазилатларни очиб беради.
“Бобурнома”да Кўтали Заррин, Ҳаволи Қутийдан ўтиш тафсилотлари ҳам тўла баён қилинган. Хайриддин Султонов бу воқеаларни лирик тарзда баён қилади. Бобурнинг руҳий изтироблари ҳам шу йўсинда тасвирланади. Бу кечинмалар Бобур қаламидан тўкилган дардлар изҳорига ниҳоятда яқинлиги билан ажралиб туради.
Пиримқул Қодиров эса навкарлардаги тушкунлик кайфияти, ўзи далдага муҳтож Бобурнинг уларга таскин бериши, кейин куракни олиб, “қортўла” қазиши, шу ерда кигиз ва жойнамоз ёздириб, қор бўрони остида намоз ўқишини тасвирлар экан, Мирзоқули, Маматбек, Тоҳир қўрчибеги образларидаги ўзига хос жиҳатлар ҳам яққол намоён бўлади.
Бобурнинг: “Ўшандоқ чопқунда қозғон, ясағон чуқурда ўлтурдум, намози хуфтанғача қор онча чопқулаб ёғдиким, мен энгашиб ўлтуруб эдим, орқамға ва бошимға ва қулоқларимнинг устига тўрт эллик қор бор эди” (БН,175) деган маълумотларидан ҳар учала адиб ҳикояларида ҳам фойдаланилган.
Бобур Чахчарон воқеаларидан олдинроқ Маъсума Султон бегим ҳақида фикрлар билдиради. Ёзувчи Пиримқул Қодиров воқеалар баёнида “Бобурнома”даги кетма-кетликка амал қилади. Урфон Отажон эса бу ёқимли хотираларни кейинроққа кўчиришни маъқул кўради.
Хайриддин Султонов “Нуқта” ҳикоясида мазкур воқеани лирик чекиниш сифатида қўллайди. Шунинг учун ҳикояда воқеанинг кейинги ривожига ўрин ажратмайди.
Урфон Отажон эса қор бўронидан Бобур ҳаётининг хуш лаҳзаларини, Беҳзод ҳақидаги фикрларини тасвирлашда фойдаланади.
Бобур ўта машаққатли бу сафар ҳақида тўхталар экан, шундай гувоҳлик беради: “… Ул неча кун бисёр ташвишлар ва машаққатлар тортулди, андоқким, муддатул-умр мунча машаққат камроқ тортилиб эди. Бу матлаъни ўшал фурсатта айтилди:
Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму,
Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?” (БН, 174).
Адабиёт тарихи учун ҳам аҳамиятли бўлган бу маълумотлардан фақат Хайриддин Султоновгина фойдаланади: байтнинг дастлабки мисрасини Бобурнинг ички монологига киритади. Бу байтнинг ҳикоялардан ўрин олиши Бобурни шоир сифатида ҳам тасвирлаш имконини берган бўларди. Зеро, таҳлил қилинаётган ҳикояларда эътибордан четда қолган жиҳатлардан бири шудир.
Мазкур ҳикоялар орасида Хайриддин Султоновнинг “Нуқта” ҳикояси пухта сюжети, равон ифода услуби, тарихий материалларнинг салмоғи, ёрқин образлари билан ажралиб туради. “Бобурнома”да 1528 йил воқеалари баёнида Ҳумоюннинг навкарлари Баёншайх ва Беккина Вайс Лоғарийнинг ташрифи ҳақидаги маълумотлар қайд этилади ва Ҳумоюнга йўлланган мактуб матни тўлалигича келтирилади. Хайриддин Султонов шу мактубни 11 қисмга ажратади ва улар орасида Бобур ҳаётидаги унутилмас воқеаларни, мактубни битиш асносидаги руҳий кечинмаларни маҳорат билан тасвирлайди. Ҳосил бўлган воқеалар занжири Бобур ҳаёти ва шахсияти ҳақидаги муҳим тасаввурни ҳосил қилиш имконини беради.
“Бобурнома”даги қайдлардан маълум бўлишича, Бобур Ҳумоюнни ўғил кўргани билан қутлайди. Айни пайтда, исм танлашдаги хатосини ҳам кўрсатиб ўтади: “Отини Алъамон қўймишсен, тенгри муборак қилғай. Вале, бовужудким, ўзунг битибсен, мундин ғофил бўлубсенким, касрати истиъмол била авом Аламо дерлар, ё Эл Амон дерлар, ўзга мундоқ алиф-лом отта кам бўлур…”(БН,320). 1529 йил воқеалари баёнида ҳам бу исм Бобурга “хуш ёқмагани” таъкидлаб ўтилади. Бобурнинг кенг дунёқараши, тенгсиз шахсиятининг бир қиррасини очишга хизмат қилувчи бу факт Хайриддин Султонов эътиборидан четда қолмайди. Алъамоннинг таваллуди Ҳумоюн туғилган пайтдаги воқеаларга, унинг исми Бобур фарзандларининг исмларига қиёсланади. Бу қиёс ёзувчига Бобур ҳаётидаги машаққатли ёки файзиёб лаҳзаларни тасвирлаш, “элга шоҳу қисматга қул” бўлган буюкларнинг ҳам гоҳо чорасиз қолишлари ҳақидаги изтиробли кечинмаларни бадиий инкишоф этиш имконини беради. Бу кечинмалар тасвирида ҳам “Бобурнома”даги воқеалар баёнининг излари бор. Масалан, ёзувчи Абдуллатиф ҳақида сўз юритар экан, Бобур тилидан: “Ахир, Султон Мирзо Улуғбекдек фозили замоннинг норасо фарзанди Абдуллатиф шу беш кунлик ўтар дунё учун шундоқ қари ва донишманд отасини қатл этди”, –дейди. “Бобурнома”да бу воқеа қуйидагича баён этилади: “…Улуғбек Мирзодин ўғли Абдуллатиф Мирзо олди. Бу беш кунлук ўтар дунё учун андоқ донишманд ва қари отасини шаҳид қилди…” (БН,48).
Бобур салтанат қутқуси сабаб падари ё ўғлининг, туғишганлари ё қондошларининг ҳаётига нуқта қўйган ҳукмдорларнинг қилмишларидан изтиробга тушади. Ҳикояда Бобурнинг хавотирлари тасвирланар экан, тарихимиздаги “қора доғлар” – салтанат талашишлар, Ҳусайн Бойқаро ўғилларининг, Бобурнинг Жаҳонгир Мирзо исмли ўгай инисининг кирдикорлари ҳам қаламга олинади.
“Бобурнома”да 1501-1502, 1506-1507, 1527, 1528 йиллар воқеалари баёнида Бобурни қулоқ оғриғи безовта қилгани қайд этилган (БН, 88, 175, 310, 313, 317). Ёзувчи бу маълумотлардан усталик билан фойдаланади ва ҳикоя сюжетига Кўтали Зарриндаги воқеаларни қўшади. Бу воқеа 1506-1507 йиллар оралиғида бўлиб ўтгани “Бобурнома”дан маълум. Ҳикояда Бобур шахсиятининг яна бир ибратли жиҳати Кўтали Заррин воқеаларига боғлиқ тарзда тасвирланади. Бу ҳақда “Бобурнома”нинг “1501-1502 йиллар воқеалари”да шундай дейилади: “… Ул мартабада совуқ эдиким, ушул икки-уч киши бу орада совуқнинг шиддатидин ўлуб эди. Манга ғуслға эҳтиёж эди. Бир ариқ суйидаким ёқалари қалин муз тунгуб эди, ўртаси сувнинг тезлиги жиҳатидин ях боғламайдур эди, бу сувға кириб ғусл қилдим. Ўн олти қатла сувға чўмдум. Сувнинг совуқлиғи хейли таъсир қилди”. (БН, 88). Гарчи, Бобур: “Манга ғуслға эҳтиёж эди”, деса-да, ёзувчи Бобурнинг ирода кучини тасвирлашни ният қилганидан “черикнинг сескангани”ни сабаб қилиб кўрсатади ва унинг талқинича, Бобур шу тариқа ибрат кўрсатиб, қўшиннинг руҳини кўтармоқчи бўлади. Ёзувчи маҳорати туфайли турли йилларда бўлиб ўтган воқеалар бир бутунлик, изчиллик касб этади.
“Бобурнома”да юқорида кўрсатилган йилларда Бобурнинг тез-тез иситмалаб, касал бўлиб қолгани ҳам қайд этилади. “Нуқта” ҳикоясида Бобурни шундай ҳолатда, яъни, дардманд кўрамиз, у мактубни ёзиш жараёнида ҳам бир неча бор тўхтайди, гоҳ қулоғини ушлайди, гоҳ бемажол бўлади. Ҳикоядаги илк жумлаларда ҳам шундай “маълумотлар” бор: “Икки ҳафтадирки, Ограда беморнинг ҳасратидек узун, тинимсиз ёмғир қуярди. Икки ҳафтадирки, файзу шукуҳини йўқотган Боғи Нурафшонга дарчадан маҳзун боқиб ётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу кун ёстиқдан бош кўтарган, тонг саҳардан хилватхонада ёлғиз ўтирганча Қобулга-Ҳумоюнга мактуб битмоқда”. Тинимсиз ёғаётган ёмғирни беморнинг узун ҳасратига ўхшатиш-оригинал бадиий кашфиёт. Қолаверса, ҳикоя қаҳрамони – бемор Бобурнинг руҳий ҳолатида ҳам эзгинлик ва ҳасрат устувор. Соҳибининг хасталиги туфайли Боғи Нурафшон файз-у шукуҳини йўқотган бўлса, хаста киши учун наинки Боғи Нурафшон, балки бутун олам бефайз, бешукуҳ туюлиши аён ҳақиқат. Гарчи, Бобурнинг вужуди хаста бўлса-да, тафаккури теран, мулоҳазалари асосли. Ёзувчи Бобурнинг дардли ўйларини тасвирлар экан, муҳим фалсафий фикрларни унинг ички кечинмалари тарзида баён қилади: “…изтироблар боиси-тирикликда, инсонликда. Фақат тирик одамгина изтироб чекмоққа, изтироблар ичра тобора тозариб, юксалиб, ҳаётнинг жамики машаққатларини енгиб бормоққа қодир. Дунёдаги ҳатто энг улуғ ўлик ҳам изтироб чекмоқдан маҳрум, зеро, инсоний изтироб-тириклик нишонаси, барҳаёт диёнат овозидир…”.
Бобур фарзандларининг ҳар жиҳатдан комил инсонлар бўлиб етишишини истайди. Улардаги ўзи сезган камчилик ва хатоларни бошқалар кўришини хоҳламайди, уларни бартараф этишга ҳаракат қилади: маслаҳат беради, йўл-йўриқ кўрсатади. Ҳумоюн мактубининг “асру муғлақ”лиги, имло хатолари отанинг “дилини музтар қилади”. “Бундан нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бит: ҳам сенга ташвиш озроқ бўлур, ҳам ўқуғучига…”, деб насиҳат қилади Бобур (БН, 321). Бу нуқтада Бобурни тадбиркор ҳукмдор, меҳрибон ота, етук тилшунос сифатида кўрамиз. Ёзма нутққа қўйиладиган талабларни бундан аниқроқ ифодалаш қийин.
Ёзувчи Бобурнинг яна бир тарихий хизмати – “Хатти Бобурий” ҳақидаги фикрлар баёнида ғоятда қизиқарли воқеаларни тасвирлайди. Шерғоридаги англашилмовчилик, мўътабар шариат пешволарининг ташрифи ҳақидаги воқеалар занжирига мунажжим Муҳаммад Шариф кирдикорларига тегишли тасвирлар моҳирлик билан уланади. Ҳикоядаги Муҳаммад Шариф образи орқали ўша давр мутаассибларининг ҳукмдорларга босим ўтказишга интилишлари, уларнинг фолларига ишониб, салтанатнинг тақдирини мунажжимлар башоратлари асосида ҳал қилган подшоҳларнинг забун ҳоллари ҳақидаги тарихий ҳақиқатлар акс эттирилади. “Бобурнома”да Муҳаммад Шариф номи уч бора тилга олинади. 1526 йил воқеалари баёнидаги гувоҳлик Муҳаммад Шариф ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилади: “…Муҳаммад Шариф мунажжим шумнафас агарчи манга айтур ёроси йўқ эди, ҳар кимга йўлуқса муболағалар билан айтур эдиким: “Бу айёмда Миррих ғарб саридур, ҳар ким бу тарафдин урушса мағлуб бўлур”. Мундоқ шумнафас неким сурди, бедил элнинг кўнглини кўпрак синдурди. Анинг бу паришон сўзлариға гўш қилмай, қилур ишларимизни тигилмай уруш ишида бажид ва масоф қилмоққа мустаид бўлдук (БН,286). Муҳаммад Шариф шундай “юз қароликлар”га қарамай, Бобурни яхши-ёмон кунларда йўқлагани “Бобурнома”да қайд этилади. Мазкур қайдлар Бобур табиатидаги муҳим бир жиҳатни кўрсатади: гарчи Муҳаммад Шариф Бобурнинг зиёнига иш тутса-да, Бобур унинг олдинги хизматларини юз-хотир қилади, ўзидан узоқроқ тутса-да, жазоламайди, эл қатори ҳадялар беради. Бобурнинг бу фазилати ҳикояда акс этмаган.
Ёзувчи Муҳаммад Шарифнинг қилмишлари ва Ғазна мужовирларининг найранглари орасида ўхшашлик кўради. “Бобурнома”да 1503-1504 йиллардаги воқеалар баён қилинар экан, шу воқеа ҳам келтирилади: “… Дедиларким, Ғазнанинг кентларида бир мазор бордурким, салавот айтғоч, қабр мутаҳарриқ бўлур. Бориб мулоҳаза қилилди, қабрнинг тебрангани маҳсус бўлди. Сўнгра, маълум бўлдиким, мужовирларнинг тазвири экандур. Қабрнинг устиға бир жулъя ясабтурлар, ҳар замон жулъяға тегадурлар, жулъя тебрангач, қабр тебрангандек маҳсус бўладур. Нечукким, кемага кирмаган эл кемага киргач, соҳил мутаҳаррик маҳсус бўладур. Буюрдумким, мужовирлар жулъядин йироқ турдилар, бир неча салавот айттилар, қабрда ҳаракате маҳсус бўлмади. Буюрдумким, жулъяни бузуб, қабрнинг устида гунбаз қилдилар. Мужовирларни бу ҳаракаттин таҳдид била манъ қилилди” (БН,126).
Хайриддин Султоновнинг “Нуқта” ҳикояси “Бобурнома”даги воқеаларнинг шунчаки такрори эмас, балки адабиётшунос Умарали Норматов таъбирича, “ҳар бир сатри ҳақида биттадан ҳикоя ёзиш мумкин бўлган муаззам асар” – “Бобурнома”ни “кўнгил кўзи билан мутолаа қилган адиб”нинг юксак поэтик диди, бадиий тафаккур тарзини намоён этувчи ижод маҳсулидир.
Пиримқул Қодиров “Мардлик” ҳикояси экспозициясида Бобурнинг оилавий ҳаётдаги омадсизлиги, биринчи турмуш ўртоғи Ойша бегимнинг оқибатсизлиги натижасида аёллардан кўнгли совугани ҳақидаги фикрни келтиради. Моҳим бегимнинг боғ кўчадан ташлаган атиргули ҳақидаги бадиий киритма “Юлдузли тунлар” романидаги шу воқеа тасвирини ёдга солади. Романда Ҳирот доруғаси Юсуф Алибек Моҳимнинг оиласи ҳақида маълумот берса, ҳикояда Қосимбек қизни қидириб топишга ваъда беради.
“Бобурнома”да Кўтали Зарриндаги воқеалардан сўнг туркман ҳазораси билан бўлган тўқнашув тасвирланади ва Қобулдаги тартибсизликлар ҳақида сўз боради. Пиримқул Қодиров Бобурнинг хавфли сафарга чиқишига, айнан, шу воқеани сабаб қилиб кўрсатади ва Чахчарон воқеаларини ўзига хос тарзда талқин этади. Ҳикояда Султон образи етакчи ўрин тутади. Ёзувчи Султон руҳиятидаги ўзгаришлар тадрижини ишончли тарзда асослайди. Интиқом туйғусининг узоқ вақт ҳукмронлик қилиши, Бобурнинг шоҳ ва инсон сифатидаги ҳаракатлари Султоннинг виждонини уйғотиши, яратган ва келажак авлодлар олдидаги масъулият ҳиссининг ғолиб келиши тасвирланар экан, Султон образининг янги қирралари очилиб боради. Бу тарихий шахс ҳақидаги бадиий тўқималар ҳикоянинг муваффақиятли чиқишига замин яратади. Муаллиф Султоннинг интиқом истагини темурийлардан бўлган Абусаид Мирзога боғлаши, Абусаиднинг Бобурга бобо бўлиши, Абусаид ва ўғли Маҳмуд Мирзонинг Хуросонга бостириб кириши, Шоҳруҳ Мирзонинг яқинларидан ўч олиши каби тарихий воқеалар бадиий тўқима таъсирида янада ишонарли чиққан. Ҳикояда адибнинг кузатувчанлиги сезилиб туради. “…Юқорига кўтарилганлари сари юриш қийинлашади, от-уловлар бурунларидан ҳовур чиқариб, оғир-оғир нафас олишади, ҳорғин пишқиришади. Беку навкарларнинг оғизларидан чиққан ҳовур ёғаётган қорга қўшилиб, соқол-мўйловларга оппоқ қиров бўлиб ёпишади ва ҳаммани мўйсафидга ўхшатиб кўрсатади”, каби тасвирлар Бобур ва ҳамроҳлари чеккан азобларни аниқроқ тасаввур этишга хизмат қилади.
“Бобурнома”да “Намози хуфтанда ғорни яхши мулоҳаза қилғонлар қичқириштиларким, ҳавол асру кенг ҳаволдур, бу элга тамом ер бор…”, деб қайд қилинади (БН,175). Урфон Отажон ҳикоясида Бобурга бу хабарни Қосимбек етказса, Пиримқул Қодиров талқинича, бу ишни қилган Султондир: “…Юринг, мен сизга ҳамма одамларингиз сиғадиган улкан ҳаволни кўрсатай!”. Бу талқин Султон руҳиятидаги эврилишларни яққолроқ тасвирлаш мақсадидан келиб чиққан. Бобурнинг эътиқоди, қор бўралаб турган пайтда намоз ўқиб, парвардигордан нажот тилаши Султоннинг дили ва тилига “Барча мусулмонлар бир-бирларига биродардирлар” ҳикматини солади. Султон қилган иш ҳам мардлик ҳисобланади. Ҳикояга ном сифатида берилган бу фазилат унинг икки қаҳрамони – Бобур ва Султонга бирдек тегишли дейиш мумкин.
Пиримқул Қодиров Хайриддин Султонов ва Урфон Отажондан фарқли равишда, Қобулдаги воқеалар тафсилотига ҳам ҳикоядан ўрин ажратади. Бу воқеалар “Бобурнома”да келтирилган тартибда тасвирланади. Фақат Бобурнинг яхшиликларини унутиб, унинг ўрнига, Мирзохонни подшоҳ қилиб тайинлаган қариндошларининг оқибатсизлиги ҳақидаги гаплар ҳикояга киритилмаган. Бу ҳам Бобур шахсиятидаги мардликни кўрсатиш истаги билан боғлиқ. Бобур фитнага шерик бўлган Султон Санжарга нисбатан олижаноблик қилади. “Чун хон додамнинг волидаси Шоҳбегим ҳоҳарзодаси бўлур эди, буюрдумким, мундоқ беиззатона кездурманг, ўлум йўқтур”, дейди (БН, 179). Худди шундай илтифотни ўгай момоси Шоҳбегим (фитнакор Мирзохон унинг невараси эди)га, холаси Хўб Нигорхонимга нисбатан (унинг эри Муҳаммад Ҳусайн Мирзо ҳам фитнанинг ташкилотчиларидан эди) ҳам кўрсатади. “Бемурувват ва ҳақношунос киши” –Муҳаммад Ҳусайннинг ҳам гуноҳидан ўтади.
`“Тарихи Рашидий” асарининг муаллифи Ҳайдар Муҳаммад Хўб Нигорхоним ва Муҳаммад Ҳусайннинг фарзанди эди. Қобулдаги воқеаларга шахсан гувоҳ бўлган адиб шундай ёзади: “… яхшилик ва мурувват Бобур Подшоҳга хос сифатлар эди… Шоҳбегим Подшоҳни кўргач, хижолат бўлиб, тилига бирор сўз келмай қолди. Бобур Подшоҳ тиз чўкиб, адаб расмига риоя қилган ҳолда, мулойимлик билан: “Гар муҳтарам она ўғилларидан бирортасига меҳрибонлик кўрсатса, бошқа ўғил қандай қилиб бундан хафа бўлсин? Онанинг ҳар қандай истаги фарзандлар учун қонундир”, деди-да, тағин қўшиб қўйди: “Мен тун бўйи ухламай узоқ йўл босиб келдим”, дея ухлаш учун бошини Шоҳбегимнинг қучоғига қўйди. Буни у Шоҳбегимга таскин бериш учун қилди…”. Шу далилнинг ўзи ҳам Бобурнинг олижаноблиги, мардлиги, юксак маънавият соҳиби эканлигини исботлаб турибди. Ҳайдар Муҳаммад Бобурнинг бошқа айбдорларга бўлган муносабатини ҳам батафсил тасвирлайди. Аммо Пиримқул Қодиров воқеалар тасвирида “Бобурнома” даги далилларга асосланади.
“Бобурнома”да Ҳирот таассуротлари батафсил баён қилинади. Фақат Урфон Отажонгина бу тафсилотларга ҳикоясида кенг ўрин ажратади. Улар қор чоҳида ўтирган Бобурнинг хаёллари тарзида тасвирланади. Бу тасвир ўша давр Ҳиротидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, шаҳзодаларнинг ҳаёт тарзи, урф-одатлар, қадриятлар ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Машҳур мусаввир Беҳзоднинг бетакрор санъати ҳақида сўз юритилар экан, Султон Ҳусайн Мирзо, Искандар Зулқарнайн, Амир Темур, Алишер Навоий, Бадиуззамон Мирзо каби тарихий шахслар билан боғлиқ воқеалар қаламга олинади.
Кўтали Зарриндаги воқеалар тасвирида Урфон Отажон бошқа муаллифлар ва “Бобурнома”да учрамаган деталлар – ойболта ва гурзини қўллайди. Бобур совуқ олишига йўл қўймаслик учун ҳаракатланиб туриш лозимлигини англайди ва улар ёрдамида турли жисмоний машқларни бажаради. Ҳамроҳлари ҳам шундай йўл тутадилар. Ёзувчи гурзи воситасида қорнинг қалинлигини кўрсатмоқчи бўлади (“…гурзи дастасининг ярмигача қорга ботиб кетди”.) Шундан кейингина қорни кураш эпизоди келтирилади. Амир Қосимбек ва Бобур диалоги орқали шоҳ ва шоирнинг ҳаволга кирмаслик сабаблари изоҳланади. “…Бобур ўз ҳамроҳларини илҳомлантириб ишончини қозонар, уларни жасоратга ундар, зарур ҳолларда ўзига бўйсундира олар эди…”, деб таъкидлайди ҳинд олими Л.П.Шарма. Ҳикояда Бобурнинг ана шу фазилатлари кўзга ташланмайди. Қолаверса, Кўтали Зарриндаги воқеалар “Нуқта”, “Мардлик” ҳикояларидагидек таъсирчан ифодаланмаган. Натижада, Бобур образи эмас, унинг хаёллари тарзида жонлантирилган Беҳзод образи ёрқинроқ тасвирланган. Ҳикояда Маъсума Султонбегим ҳақидаги фикрларга ҳам ортиқча урғу берилган. “Нуқта”, “Мардлик” ҳикояларида бундай тасвир кузатилмайди.
Тарихий ҳикоялар ижод уммонининг сара дурларидир. Юқорида қайд этганимиздек, “Бобурнома”да келтирилган бир тарихий воқеликнинг уч ижодкор томонидан турлича талқин этилиши ҳикоячилигимизнинг имконият даражаси нақадар кенглигини кўрсатиб турибди. Тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқиманинг маҳорат билан умумлаштирилиши тарих сабоқларини ўқувчига таъсирчан шаклда етказиш имкониятини бериши, шубҳасиз.