2010 йил ҳикояларига бир назар
Бадиий адабиётда ҳар қайси жанр ўз ўрни, файзи, аҳамиятига эга. Лекин, ҳикоя жанрига хос бўлган имкониятлар туфайли ҳамиша у нисбатан кўп яратилади, кўп эълон қилинади, бинобарин, ҳар бир миллий адабиётнинг ўзига хос кундалик нафаси, қадам олиши, мавқеи ҳикояда кўпроқ намоён бўлади.
Ҳикоя нисбатан ихчам ва “тезпишар” жанр ҳисобланса-да, унинг имкониятлари кенг. Театрнинг мўъжаз саҳнаси ёхуд газета-журналнинг кичкина саҳифаси бутун дунёни ўзида жо этиш имконига эга бўлганидек, ҳикояда ҳам исталган мавзуни исталган қамровда, исталган мураккабликда тасвирлаш мумкин. Фақат бу муаллифнинг маҳоратига боғлиқ, яъни, у ҳар бир ҳикоянинг ўз макони, ўз замони, ўз бадиий реаллигини ярата билдими, мазкур реалликка мос тасвир услуби, тили, оҳанги, ўзига хос образлар силсиласини топдими ёхуд?..
Рустам шаҳарда туғилган, шу ерда вояга етган. Табиат ва ҳайвонот дунёсини кўпда фарқламайди ҳам. У ўз хонасида, кўпдан буён йиғиб юрган бисотидан чиққан плакат – суратни қирқиб деворга илиб қўяди. Хаёлга толади. “Орадан оз вақт ўтдими, кўпми, бехосдан назарида бир нарса ерга тўп этиб тушгандек бўлди”. Рустам бош кўтариб қараса, суратдаги йўлбарс мушукка ўхшаб ерда ётибди!
Омон Мухторнинг “Суратдаги йўлбарс” ҳикоясидаги (“Ёшлик”, 8-сон) бу тасвир ўқувчини ажаблантирмайди, ҳатто суратдан тушган йўлбарснинг одамга ўхшаб тилга кириши, ҳатто кун бўйи шаҳар айланиб қайтгач, “лип” этиб суратдаги жойига чиқиб олгани ҳам ишонарли. Чунки ҳикояда ушбу ғайритабиий ҳолатнинг бадиий асоси яратилган, шунинг ҳисобига нореал манзаралар ўқувчининг шуурида бамисоли реал воқелик манзаралари сингари давом этади. Ҳикоя муаллифининг профессионал маҳорати ҳам, биринчи навбатда, шунда кўринади.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Этакдаги кулба” (“Шарқ юлдузи”, 1-сон), Исажон Султоннинг “Қисмат” (“Шарқ юлдузи”, 2-сон), Шомирза Турдимовнинг “Сиртлон” (“Шарқ юлдузи”, 5-сон) ва Ҳабибилло Ҳайдарнинг “Қор элаган кун” (“Шарқ юлдузи”, 4-сон) ҳикояларида ҳам асар учун очилган “қўриқ” – замон, макон ҳамда ўша майдонда тасвирланаётган реаллик ўзида ҳаётий ва хаёлий ҳақиқатларни уйғун бир ҳолатда мужассам этгани билан ажралиб туради. “Этакдаги кулба”да эса бутун бир қишлоқ аҳлини комига ютган руҳий парокандалик ва унинг зиди бўлмиш мубҳам руҳий сокинлик ўқувчининг кўз ўнгида ажабтовур залворли манзарани гавдалантиради. “Қисмат” ва “Сиртлон”да эса асосан якка шахс – қаҳрамон руҳиятидаги эврилишлар изтироби тасвирланса, “Қор элаган кун”да бир оила аъзоларини музтар аҳволга солган ҳолат қаламга олинади.
Номлари тилга олинган ҳикоялар ўтган 2010 йил ҳикоянавислигимизда ҳажман хийла мўъжаз, шундай эса-да, руҳий ҳолат тасвиридаги кенглик, психологик таранглик ва маънодорлик, айни чоғда, ўқувчини фаол мутолаага чорловчи жозибадорлик ўзига хос тенденция тусини олганлигидан далолат беради.
Ҳикоянинг мавзу, ният, ғоя, конфликт ва ҳоказо бадиий унсурлар кўтара олган ҳажмда тугалланиши ҳам ижодий маҳорат белгиларидан ҳисобланади. Яъни, муаллиф ҳикоя ҳажмини ҳис этганми ёки йўқми, дарҳол сезилади. Қисқа, лекин тўмтоқ ва чала таассурот қолдирадиган ҳикоялар бўлганидек, сунъий равишда чўзилиб кетган, ўз “жуссаси”ни кўтара олмаганлари ҳам учрайди. Аммо-лекин батафсил тасвирга асосланган, мумтоз мусиқа оҳанглари янглиғ вазмин тасвир мароми сақланган ҳикояларнинг таъсири баайни ўқувчини сеҳрловчи қудратга эга бўлади. Аҳмад Аъзамнинг “Тугмачагул” (“Ёшлик”, 5-сон), Асад Дилмуроднинг “Хаёл чўғланиши” (“Ёшлик”, 10-сон), Ғулом Каримийнинг “Кўрагон” (“Ёшлик”, 12-сон) ҳикоялари мана шундай асарлар сифатида ҳикоячилигимизда алоҳида саҳифа дейиш мумкин.
Рамз, тимсол, мажоз ҳар қандай бадиий асарнинг, умуман, бадиий тафаккурнинг кўрки, безаги, жилоси сифатида қадрланади. Маҳорат билан яратилган ҳикояларнинг аксариятида бу каби бадиийлик унсурларининг турфа “қиёфа”ларини кўрамиз. Яхши топилган битта рамз асосига қурилган ҳикоялар ҳам бор. “Суратдаги йўлбарс”да йўлбарс, “Қор элаган кун”да дарвозанинг қайта-қайта сирли тақирлаши, Улуғбек Ҳамдамнинг “Мусулмон”ида (“Ёшлик”, 9-сон) қаҳрамонлардан бирининг боши узра кўриниб-кўринмаётган қуш ҳикоянинг маъно-мазмун юкини кўтарган.
Ўтган йилда яратилган бир қатор ҳикояларда аёл сиймоси ўзига хос бокиралик, ғурур, гўзаллик тимсоли сифатида куйланган десак янглишмаймиз. Наби Жалолиддиннинг баён услубига вазминлик ва батафсиллик хос, бундай хослик унинг “Аёл”идаги (“Ёшлик”, 8-сон) садоқат ва аёллик нафсонияти тимсолини сокин драматизм орқали кўрсатишда қўл келган. Зулфия Қуролбой қизининг “Аёл”ида эса (“ЎзАС”, 14 май) аёл киши чуқур ҳамдардлик, мунислик ва бемисл матонат соҳибаси мақомига кўтарилади. Ҳамид Элхоннинг “Аёл ва илон” ҳикоясида (“Ёшлик”, 10-сон) аёлнинг, аниқроғи, аёл вужудидаги пинҳон қудратнинг фавқулодда мўъжизаларга қодирлиги ўхшатиб тасвирланган. Айни чоғда, аёлга қилинган хиёнат, нокаслик Абдунаби Ҳамро “Қирқ йиллик қасос” ҳикоясида (“Ёшлик”, 11-сон) тасвирлангани каби инсонни умрининг охирига қадар таъқиб этиши ҳам ҳеч гап эмас.
Адабиётда тарихий воқеликнинг бадиий талқинини яратишда катта тажриба ва анъаналар мавжуд. Тарихдан ҳикоя қилишга жазм этган адиб олдида бир қатор шарт – амаллар кўндаланг бўлади. Аввало, тарихий ҳиқиқатни бузмаслик, иккинчидан эса, муҳими – ўша тарихий воқеликни бадиий ҳақиқат даражасига олиб чиқиш. Ғулом Каримийнинг “Кўрагон” ҳикоясида Амир Темурнинг Сароймулкхоним билан танишуви ва унга уйланиш воқеалари қаламга олинган бўлса, Дурбек Қўлдошевнинг “Шикор” ҳикоясида (“Шарқ юлдузи”, 6-сон) Бобур мирзонинг 11-12 ёшлик чоғидаги ов саргузаштлари тасвирланади. Рисолат Ҳайдарованинг “Учинчи башорат” ҳикоясининг (“Шарқ юлдузи”, 4-сон) фабуласи Мирзо Улуғбекнинг чигал ва фожиали қисмати башорат этилиши асосига қурилган. Таъкидлаш жоизки, адиба топган фавқулодда ҳаяжонли сюжет занжири ишонарли бадиий тўқима иплари билан чатишиб кетган.
Айрим ҳикояларда учрайдиган ўхшатиб топилган бир оғиз жумла, теша тегмаган деталь ёки тасвир таъбир жоиз бўлса, бир жумла кайфияти ўқувчининг диққатини тортади, унинг хотирасига муҳрланиб қолади, бадиий сўзнинг қудрати, мўъжизасини намоён этади. Уйғун Рўзиевнинг профессионаллик нуқтаи назаридан бир қадар заиф чиққан “Робия” ҳикоясининг (“Ёшлик”, 7-сон) қаҳрамони ўн беш йил бир ёстиққа бош қўйган турмуш ўртоғи билан шу қадар садоқатли ҳаёт кечирганки, тақдир уларга фарзанд кўришни раво кўрмаган эса-да, бирон марта эри, “кет” демади, Робия “кетаман” демади. Жумланинг ўзида бу оила аъзоларининг аччиқ қисматларига тенгма-тенг қудратга эга бўлган садоқат, меҳр-оқибат, муҳаббат мужассам. Шунга ўхшаш ҳолат Ўктам Мирзаёрнинг “Ор” сарлавҳали ҳикоясида (“ЎзАС”, 16 апрель) учрайди. Унда шаҳардан қишлоғига келган мартабали меҳмон қаровсиз қолган қабристонга кириб, ишга киришиб кетади – ҳаммаёқни тартибга сола бошлайди, тозалайди. Одамлар ҳайрон бўлаётганини кўрган меҳмоннинг, “Ҳамма қабрлар тозаланиши керак, бу ерда бегона қабр йўқ”, деган сўзлари халқимиз табиатидаги соф миллий гуманизм “сурати”ни чизгандек таассурот қолдиради.
Баҳодир Қобулнинг “Оқ камар” ҳикояси (“ЎзАС”, 2 апрель) шамолнинг рубобий тасвири билан бошланади. Бамисоли шамол моддийлашади, шабада кўз олдингиздан сузиб ўтади. Тасвирга монанд оҳанг ўқувчининг кайфияти, зеҳни ва эстетик диди торларини чертади, эъзозлайди. Худди шунга ўхшаш “бир жумла кайфияти” Холиёр Сафаров (“Ҳайдар бобо”. “Ёшлик”, 5-сон), Муҳаббат Тўхташева (“Ечим”. “ЎзАС”, 5 март) ҳикояларида ҳам учрайди.
Луқмон Бўрихоннинг “Тун қаъридаги шуъла” (“ЎзАС”, 1 октябрь), Зулфия Қуролбой қизининг “Аёл” (“ЎзАС”, 14 март) ва “Кўланка” ҳикояларини (“Тафаккур”, 4-сон) йил кашфиётлари сифатида таъкидлаш мумкин. “Аёл ва илон” ҳамда “Шабнам соясидаги муҳаббат” (“ЎзАС”, 22 октябрь) ҳикояларининг муаллифлари Абдунаби Ҳамро ва Ҳамрохон Мусулмонова ижодларига нисбатан ўқувчининг қалбида илиқ ҳарорат ва умид, ишонч туғилади. Шу билан бир вақтда, Шерзод Комил Халил, Ширин Собурова, Дилафрўз Пиримқулова, Ҳасан Манзур, Муяссар Тиловова, Каримабегим, Салим Абдураҳмон, Ўзбектош Қиличбек, Севара Бахтиёр қизи, Келдиёр Тўлиев, Муаттар Баротова, Илмира Жуманиёзова, Гулшод Айтбой қизи, Азамат Қоржовов, Бахтиёр Абдуғафур сингари ўнлаб ёш ҳикоянависларимиз ҳаваскорлик даражасидан профессионаллик мақомига кўтарилиш истагида қалам тебратаётганликлари ҳикоячилигимиз ихлосмандларини қувонтиради, албатта.
Бир сўз билан айтганда, ҳозирги ўзбек ҳикоячилигимизнинг энг сара намуналари тимсолида рамзийликка, мушоҳадакорликка, фалсафий мажозга, полифоник тасвирлашга мойиллик тенденция тусини олаётганини яққол кузатиш мумкин. Вазмин ва батафсил тасвир услуби кўзга ташланмоқда. Конфликт, зиддият зоҳирдан ботинга кўчмоқда. Муаллифининг бадиий маҳорати даражасидан бирмунча паст савияда яратилган ҳикоялар ҳам йўқ эмас. Айни вақтда, ҳали профессионалликдан йироқ, бадиий сўз қудрати ва жозибасини ҳис этмаслик, ҳаёт ҳақиқати ва бадиий ҳақиқат уйғунлигини фарқлай билмаслик, сюжет қурилишида ясамаликлар, зўракиликлар ҳам учрайдики, буларнинг бари биргаликда ҳозирги ўзбек ҳикоянавислигимиз манзараларини ташкил этади. Зеро, шулар сингари ютуқлар, изланишлар ҳаракатдаги адабий жараён учун табиий ҳолат ҳисобланади.