Ленчонинг илтимоси. Грегорио Лопес

Ленчонинг кафтдеккина ери бўлиб, унда ёлғиз ўзи ишларди. Бу йил жўхори, ёнига ловия эккан эди, ҳосил дуруст бўладиган кўринади. Ёмғир қуйиб берса қанийди.
Одатдаги тонгларнинг бирида Ленчо — экин-тикин нималигини тушунадиган, ўта ишонувчан деҳқон — шимол тарафдан сузиб келаётган булутларга қараб башорат қила бошлади.
— Ҳозир ёмғир ёғади, хотин, еримиз бугун сувга қонади.
Овқат тайёрлаётган Ленчонинг хотини ўзича минғирлади:
— Худо хоҳласа.
Орадан кўп ўтмай, нонушта пайтида, Ленчо айтганидек, ёмғир йирик-йирик томчилай бошлади.
— Тасаввур қилинглар болаларим, — деди ҳаяжонини яширолмаган Ленчо стол атрофини тўлдириб ўтирган фарзандларига қарата. — Ёмғир томчилари, сизлар ўйлагандек, сув эмас, пуллар. Катта, йирик томчилар ўн, майдалари беш сентаволик танга.
Шу пайт кутилмаганда кучли шамол эсиб, эй худо, шу етмай турган эди, ёмғирга қўшиб дўл ёға бошлади.
— Ҳа, буниси энди ёмон бўлди, — афсусланиб бош чайқади Ленчо. — Ишқилиб ўтиб кетсин-да!
Лекин шамол ва дўл Ленчо айтгандек тезда тина қолмади. Тахминан бир соатлар тинимсиз ёғган дўл уй томини ҳам, бир парча экин даласини ҳам расво қилди. Шамол тиниб, ёмғир тўхтаганида кайфияти тушиб кетган Ленчо болаларига қараб секин сўзлай бошлади:
— Дўл бизга ҳеч нарса қолдирмади. Барча меҳнатимизни йўққа чиқарди. Бу йил энди оч қолишимиз аниқ…
Якшанба куни Ленчо ҳеч бир иш қилмади, кун бўйи ўтириб хат ёзди ва шу куниёқ уни қишлоқ марказидаги почтага олиб бориб ташлади.
Бу, шунчаки, Худога ёзилган хат эди, холос…
“Парвардигорим, — деб бошланарди хат, — агар менга ёрдам бермасанг, бу йил бутун оилам билан оч қоламан; менга уруғлик сотиб олиш, ҳосилни йиғиб олгунимга қадар тирикчилик учун юз песо керак. Сабаби бу йилги ҳосил дўл остида қолиб…”
Хатнинг юбориладиган манзилига “Худога” деб имзо чеккан Ленчо ғоят ташвишли қиёфада қишлоққа йўл олди. Почта идорасидан марка сотиб олиб хатга ёпиштирди-ю, дарҳол қутига ташлади…
…Хат ташувчи бошлиғининг хонасига кириб келар экан, ўзини кулгидан тўхтатолмасди. У қўлидаги антиқа — Худога ёзилган хатни раҳбарига тутқазди.
Ходими билан мириқиб кулишган қишлоқ почта идораси бошлиғида тўсатдан хатга жавоб ёзиш истаги туғилди. Хатни ўқиб чиққач, фақат қуруқ сўзлар билангина жавоб хати йўллаш камлик қилишини англаб етди. Шундан сўнг барча ходимларидан пул йиғди, ўз маошининг бир қисмини ажратди, камига бошқалардан ҳам ёрдам сўради.
Лекин барибир Ленчо сўраган юз песо тўплашнинг иложи бўлмади ва деҳқонга йиғилган эллик песодан сал кўпроқ маблағни жўнатишга аҳд қилди.
Пулларни обдон тахлаб конвертга жойлаган бошлиқ унга қўшимча хат ҳам илова қилди. Унда фақат биргина сўз ёзилганди: “Худодан”.
Келаси якшанба куни Ленчо хат бор-йўқлигини сўраш учун почтага жуда барвақт келди. Идорада деҳқоннинг хатини олиб ўқиган ходим кутиб ўтирар, бошлиқ эса ўз хонаси деразасидан бу ҳангома нима билан тугашини кутиб, кулимсираган кўйи воқеаларни кузатиб турарди.
Хат келганини билган Ленчо бундан заррача ҳам ажабланмади, чунки у Худо мактубни жавобсиз қолдирмаслигига қаттиқ ишонар эди. Лекин хатни очиб пулни санаб кўргач, кайфияти тушиб кетди… Ахир, Худонинг адашиши мумкин эмас-ку!.. Ленчо ходимнинг ёнига бориб ундан қоғоз ва қалам сўраб олди. Сўнг столга ўтириб хат ёза бошлади. Почтадан янги конверт ва марка сотиб олиб хатни яхшилаб жойлади-да, секин бориб қутига ташлади.
Деҳқон почтадан чиқиши биланоқ идора раҳбари қутининг ёнига югуриб келди, ҳозиргина ташланган, елими ҳали қуриб улгурмаган хатни очди-ю, ўқий бошлади. Унда шундай дейилганди: “Яратган эгам, марҳаматинг учун қуллуқ. Аммо менга юборган пулнинг олтмиш песодан камроғи етиб келди, холос. Илтимос, қолганини ҳам жўнатсанг, чунки ҳар бир песо менга жудаям зарур. Лекин уларни почта орқали юбормасанг яхши бўларди, чунки почта идораси хўжайини, ишчилари ўлгудек зиқна, очкўз ва алдоқчи одамлар. Ленчо.”

Испан тилидан Жамшид Матёқубов таржимаси