Э, ошнам, ичим тўла ҳасрат, сиз сўраманг, мен айтмай. Суриштираман десангиз, калаванинг учи қирқ йилнинг нари-берисига бориб тақалади. Ўшанда мен ўн тўртга кирган етим бола эдим. Отам ҳам, онам ҳам ҳаётдан бемаврид кетдилар. Онамни-ку, хасталик қулатди. Аммо отам ҳали-бери ҳаётдан умид узадиган эмасди, уни қўшнимизнинг хўкизи сузиб ўлдирди. Мен бувам билан бувимнинг қарамоғида қолдим. Бувимнинг ўнг қўллари ишламай қўйиб, уй юмушларини бажаришга қийналгач, бувам мени уйлантиришга қарор қилдилар. Мендан: “Уйланасанми?”-деб сўраб ҳам ўтиришмади. У пайтда сенинг рози-ризолигинг билан ҳисоблашишмасди, кексаларнинг ўзлари ишни пишитиб қўя қолишарди. Бир куни тасодифан чол-кампирнинг маслаҳатларини эшитиб қолдиму бувамнинг бу аҳди қатъий эканини англадим. Бувим аввалига “ҳали ёш”, деб эътироз билдирдилар. Бироқ бувам: “Ёшлиги қолибдими, овози раста бўлганини сезмаяпсанми? Юлдузига тўғри келадиган қиз топиш керак”, деб гапни калта қилдилар.
Мен йигит кишининг нима мақсадда уйланишини тузукроқ билмасам-да, қандай қиз топишар экан, деб қизиқиб юрдим. Бир куни яйловдан келсам, уйимизда фақат узун бўйи билан эмас, ҳунари билан ҳам қишлоққа беш қўлдек маълум бўлган, белбоғига ҳамиша қайчи осиб юрадиган тикувчи ўтирибди.
-Рамадон, бўтам, амакинг сенга чолвор тикиб бериш учун келибди. Рангли чолвор киясанми ёки одмисиданми?-деб сўрадилар бувам..
Шундан бўлак мендан ҳеч нимани сўрашмади. Ҳатто фотиҳа қилишда ҳам, тўйда ҳам менинг истагим билан мутлақо қизиқишмади. Тикувчи чоршанба куни келган эди, пайшанбада рангли чолвор тайёр бўлди. Жума куни эса тўй бошланди. Ноғоралар чалинди. Дошқозондаги шўрва биқирлаб қайнайди. Мен эса “Келин ким экан?” деган хаёлда гарангман. Охири чидамасдан бувимдан сўрадим.
-Келин бу қишлоқлик эмас, тоғдан,- бувим шундай деб гапни калта қилдилар-да, ўз юмушлари билан овора бўлдилар. Мен эсам “Келин ёшми, ўзи қанақа?” деб сўрашга уялдим. Ҳаммаси оқшомда аён бўлди. Мулла никоҳ ўқигач, келин билан ёлғиз қолдик. Ҳа, айтмоқчи, унга қадар бувам мени бир четга тортиб, узоқ чайналдилар.
-Сен ёш бола эмассан,-дедилар,-сен энди эркаксан! Ҳақиқий эркаклигингни шу кеч исбот қил. Тушундингми? У ер-бу ерини тимдалаб бўлса ҳам... Йўқса, қишлоқдагилар олдида уятга қоламиз.
Бувамнинг нима деяётганларига тушунмай туравердим. Шундан кейин аччиқланиб, менга ҳамма гапни лўнда-лўнда қилиб тушунтириб бердилар.
Келин билан ёлғиз қолгач, ярим соатча қимирламай жим ўтирдим. Гапирай десам, хаёлимга дурустроқ сўз келмайди. Бошига ташланган рўмолни кўтарай дейману журъат қилолмайман. Ниҳоят, унинг ўзи юзини очди. Мен уни қари хотин, десам, ўзим тенги ёш қизалоқ экан. Оппоққина, кўзлари кўм-кўк, киприклари узун-узун. Худди капалакка ўхшаган нозик бу қизга анграйганча қараб қолибман. У бирдан кулиб юборди-да:
-Уяляпсанми?-деб сўради.
-Ҳа... Озгина...
-Нимадан уяласан? Чолворинг жуда чиройли экан. Белбоғинг ҳам. Бизбизак ўйнамаймизми?
Мен “ҳа” ёки “йўқ” дейишга улгурмасимдан у белбоғимдан ушлаб тортди. Дам у чир-чир айланади, дам мен. Шу зайлда хўроз қичқургунча ўйнабмиз. Бирдан бувамнинг гаплари эсимга тушиб, ўйланиб қолдим. “Ҳозир тонг ёришади. Кейин келиб сўрашади”. У хаёлга ботганимни сезган экан, сабабини суриштирди. Мен бор гапни яширмай, унга айтдим.
-Шуни ўйлаб, ташвишланиб ўтирибсанми?- у шундай деб нимадир қилган эди, бурнидан қон келди. Бу қонни кимларга кўрсатишди, кейин нима қилишди, билмайман. Бўлган гап шуки, тўйдан сўнг биз Силвина билан тотув яшай бошладик. Унинг номи энди “хотин” бўлгани билан, аслида қиз бола эди. Мен Силвинани тобора қаттиқроқ яхши кўра бошладим. Юрагимнинг ришталари унга тинмай чирмашаверди. Оқибатда эса ришталарга қўшиб юрагимни ҳам илдиз-пилдизи билан суғуриб олишлари мумкинлигини билмабман.
Ҳаётимиз сокин оққан сув каби эди. Лекин бу сувнинг остида орзуларимизни чилпарчин қилувчи қоялар борлигини пайқамабмиз. Силвина ҳамиша уй юмушлари билан банд бўларди. Бувимга қарарди, даладан қайтишимизга овқат тайёрлаб турарди. Уйимиз чиннидек тоза. Ҳовлини гулларга кўмиб ташлади. У чаққон, нозик дидли, озода қиз эди. Ҳар куни олтинранг сочларини тараб, ўрарди. Сал наридан қарасангиз, сочи сариқ эмас, қизилга ўхшаб товланади. Янада узоқроқдан қаралса, соч эмас – тилланинг ўзи! Менинг маҳлиё бўлиб турганимни пайқаган бувам дарҳол томоқларини қириб, огоҳлантириб қўярдилар.
-Қани, Рамадон, эчкилар очдан ўлмасин тағин. Ҳайда!
Шу эчкилар ҳам баъзан жонга тегарди. Эрталабдан кечгача бошларини ўтдан кўтаришмайди. Эчки зоти жуссаси кичкина бўлгани билан дунёнинг бор ўтини еса ҳам тўймаса керак. Мен жониворларни ўтлоққа қўйиб юбораманда яна ширин хаёлга берилиб, Силвинамни ўйлайман. Тезроқ қош қорая қолса-ю, уйга қайтсам. Аммо қуёш аксига олиб қоқ тепамда туриб олади. Ётоғига энай демайди. Бир сакраб қўлимдаги таёқ билан уни туртиб юборгим келади. Баъзан эса туртиб ерга тушириб, кўмиб қўйишни ўйлайман. Фақат тун бўлса-ю, тонг сира отмаса дейман. Менга қолса Силвинамнинг ёнида ётаверсам, сочларини силасам... Мен унга Филибадаги катта бозорга борганимизда албатта катта тароқ олиб келаман, деб ваъда қилгандим. Бироқ, ваъдамни бажаролмай, доғда қолдим.
Бир куни бувам билан пичан ўримига бордик. Уйга шошилиб,соғиниб қайтсамки, келин йўқ! Уй ҳувиллаб турибди. Силвинани акалари зўрлаб олиб кетишганмиш. Бувим бечора ночорликдан кўз ёши оқизиб қолаверибдилар.
Қоним қайнаб кетди. Пичоқнинг дастасини маҳкам ушлаганимни сезган бувам қўлимни тутиб: “Арқонни бер!”-деб бақирдилар. Бувим эса дарҳол буйруқни бажо келтирдилар. Бувам мени дарахтга маҳкам боғлаб қўйдилар.
-Эсингни ема, бола! Сен менга тириклайин кераксан. Мен эварамнинг овозини эшитишни истайман. Ҳасан Дурвишев наслининг тугашига йўл қўймайман! Аввал ўзингдан зурриёт қолдир, ана ундан кейин билган ишингни қилавер.
Бувам шундай дедилару эшакка миниб тоғ орти томон йўл олдилар. Сал нари боргач, ўгирилдилар-да, бувимга қараб бақирдилар:
-Дурвишевнинг наслини асра! Агар ечиб юборсанг, каллангни оламан!
Бувим чолларининг феълларини билганлари учун бу буйруқни сўзсиз адо этдилар. Ҳар қанча ялиниб, ёлворсам ҳам ечмадилар. Юрагим тошиб, ёрилиб кетаётган бўлса-да, бувамнинг қайтишларини кутишдан ўзга чорам йўқ эди. Силвинамнинг акаларига инсоф бер, деб Худога илтижолар қилдим. Эрталабгача банди ҳолида турдим. Тонгда бувам келдилар. Эшак тез юрганидан оғзи кўпириб кетибди. Йўлни қисқароқ олиш мақсадида тиканзорни тик кесиб ўтишган шекилли, бувамнинг кийимлари титилибди. Бувам саломимга алик ҳам олмасдан индамай яқинлашиб мени ечиб олдилар-да, уйга киритиб, эшикни тамбалаб қўйдилар. Чол-кампир қўшни хонага киришди. Бу икки хонани юпқагина девор ажратиб турарди. Юқорироқда латта тиқиб қўйилган туйнук орқали уларнинг гапларини бемалол эшитиш мумкин эди.
-Келиндан ажрабмиз!-дедилар бувам ҳорғин товушда.-Беҳаё акалари унинг ҳали ҳам қиз эканини билиб қолиб, Руфатга икки эчки эвазига сотишибди.
-Энди нима бўлади?
-Нима бўларди... Руфатга қўшиб қўйишади.
-Ҳеч иложи йўқмикин?
-Қанақанги илож?! Бегонадан бўлган болани қорнига жойлаган келинни бошимга ураманми? Дурвишевларнинг қони шу топгача бузилмаган, бундан кейин ҳам бузилмайди!
-Энди нима қиламиз бўлмаса?
-Нима қилишни ўзим биламан. Руфат бу дунёга келганига ҳали пушаймонлар ейди. Қўшотарни нақ оғзидан қўяман. Лекин ҳозир унга тега олмайман. Майли, кайфини суриб юра турсин, чидайман. Аввал Рамадонни уйлаб, боласининг овозини эшитай, кейин...
Бу гапларни эшитиб, тошдек қотиб қолдим. Кун ёйилгач, бувам муллани бошлаб келдилар. Қуръонни ўртага қўйиб, мени “сўкишмайман, муштлашмайман, ўзимни дарёга ташламайман, жонимга қасд қилмайман”, деб қасам ичдиришди. Бола кўрганимдан кейингина бу қасам кучдан кетар экан.
Шу йўсинда ихтиёримни жиловлаб қўйишди. Ҳамма дардимни ичимга ютавердим. Юрагим игналар санчилавериб илма-тешик бўлиб кетгандай туюларди. Силвинанинг қишлоққа қайтганини эшитгач, дод деб юборай дедим. Руфат девор-дармиён қўшнимиз эди. Аммо Силвинанинг қайтганини ҳеч ким кўрмаганди. Бир ойгача у ҳатто ҳовлисига ҳам чиқмади. Кейинчалик воқеа ойдинлаша бошлади.
Силвина менга тегиб, ҳовлида уй юмушларини бажариб юрган кезлари Руфат уни бир кўргану ошиқу беқарор бўлиб қолган экан. Девордан кўз илғамас туйнукча очиб, уни ўғринча кузатиб ўтирар экан. Руфат мендан етти ёш катта эди. Аммо на ўтин тергани борарди, на далага чиқиб ишларди, на қассоб отасига кўмаклашарди. Турган-битгани ғирт танбал, такасалтанг эди. Уларнинг иккита эчкиси бўларди, икковининг бўйнига ҳам қўнғироқ осилган эди. Силвинанинг Ражаб ва Умар деган чўпон акалари ана шунақа эчки учун ўзларини томдан ташлайдиганлар тоифасидан эди. Руфат уларнинг ана шу ожизликларидан фойдаланибди. Ражаб билан Умар шу эчкиларга харидор бўлишганида у номард бунинг эвазига Силвинани сўрабди. Сингилларининг ҳали ҳам қиз эканини билиб қолишгач, улар Руфатнинг шартига кўнишибди.
Мен Силвинани жуда-жуда кўргим келарди. Лекин ваҳший Руфат хотинини сира уйдан чиқармас эди. Ўйлаб-ўйлаб чорасини топдим: қош қорайиши билан томга чиқиб, мўрини паналаб, Руфатнинг деразасига қараб ётдим. Унинг деразаси жуда кичкина эди. Бироқ, ичкарида чироқ ёқилгач, кўзим баъзи нарсаларни илғади. Юмалоқ хонтахта атрофида ўтириб овқатланишди. Кейин хонтахтани кўтариб, четга олишди. Кейин... жой солинди. Кейин Руфат белбоғини ечди. Силвина эса унга қарамай, бошини эгганича тураверди. Руфат уни бағрига босди...
Унинг уйида керосин чироқ милтиллаб ёнар, менинг қалбим эса шамчироқ каби сўнаётганга ўхшарди. Назаримда юрагим уришдан тўхтаган эди. Нафас ҳам олмасдим. Аслида юрагим одатдагидан қаттиқ тепар, вужудим ғазабдан титрарди.
Менинг томга чиқишларимни бувим сезиб қолиб, бувамга айтиб бердилар.
-Ишинг бўлмасин, қарайверсин,-дедилар бувам.-Қаҳрини қайраса, минбаъд никоҳ кечаси келиннинг бурнини қонатмайдиган бўлади.
Бувамнинг ҳақ ёки ноҳақ эканликларини таҳлил қилиб ўтирмайман. Аммо унинг қаҳр-ғазаб ҳақидаги гапи чин эди. Агар одамнинг дарди ошиб-тошиб кетса, қаҳр-ғазабгина уни бу азобдан қутқаради. Ичига сомон тўлғазилган полиз қўриқчисини кўрганмисиз? Ташидан одамга ўхшайди. Бироқ ичида сомондан бўлак ҳеч вақо йўқ. Юрак ҳам, суяк ҳам йўқ унда. Яхшилаб тойланган сомонгина унинг қаддини тик тутиб туради. Менда эса юрак бор. Ичим сомонга эмас, ғазабга тўлган. Мана шу ғазаб қаддимни кўтариб турибди. Қаҳримнинг бари Руфатга қаратилган. Руфат бир зум ҳам хаёлимдан кўтарилмайди. Далада ҳам, яйловда ҳам уни ўйлайман. Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам уни ўлдириш йўлини излайман. Болта билан чопиб ташласаммикин ёки қорнига пичоқ тиқиб, бураб-бураб олсаммикин? Шундай қилганим дуруст. Дарров ўлмайди. Тозза азоб чекади. Ичак-чавоғини оёғим билан эзғиласам-ку, росса хумордан чиқаман. Йўқ, буниси бўлмайди. Етарли азоб чекмайди. Бўғиб ўлдирганим маъқул. Озгина бўғиб, сўнг бўшатсам, кейин яна бўғсам... Йўқ, буни эплаш қийин. Томоғига бир чанг солгач, қўйиб юбормасам керак. Қийналмай дарров ўлади-қолади... Шу зайлда уни минг марта ўлдириб, терисини шилиб, минг марта тирилтирдим. Бошим ғовлаб кетди. Қўлларим титраб, тишларим ғижирлайдиган бўлиб қолди. Полиз қўриқчиси сомони билан ёниб кетди – алаҳлайдиган бўлиб қолдим.
Бувам бу аҳволимни кўриб, саросимага тушдилар. Тўғрисини айтсам, бувамнинг ҳавотирлари менинг тобим айниганидан эмас, балки Дурвишевлар авлодининг, зурриётнинг тақдири қил устида илиниб қолганидан эди. Бир оз ўзимга келганимдан сўнг, қўлимдан етаклаб Триградга – бақалоқ Ойша холаникига олиб бордилар. У менга турли гиёҳлардан тайёрланган дорилардан ичирди, баданимга қандайдир бадбўй мойларни суртди. Бир ҳафтадан кейин алаҳсирамайдиган бўлдим. Лекин бувам мени қишлоққа қайтаришга шошилмади. Ойша холага:”нима қилсанг қиласан, лекин болам эр йигит бўлиши шарт”, деб яна ташлаб кетди.
Бошимга яна бир бало ёғилди: аччиқ овқату қўланса дорилар азобида қолдим. Ойша холанинг муолажасими ё ёшимнинг улғайишими сабаб бўлиб, бир неча ойдан сўнг ўзимни бошқача сеза бошладим. Ана шундан кейингина бувам етиб келдилар.
-Энди уйлантирсам бўлади. Руфатнинг қонини қўмсайвериб, тинкам қуриди,-дедилар.
-Мени истасангиз уйлантиринг, истасангиз тириклайин кўмиб ташланг, аммо Руфатга тега кўрманг. У билан ўзим ҳисоб-китоб қиламан,-деди бувамга.
Кўп тортишувлардан сўнг, бувам таслим бўлдилар. Руфатга қўл кўтармайман, деб онт ичдилар. Мен Триграднинг ўзидаёқ уйландим. Бу сафар никоҳ кечаси бизбизак ўйнамадик. Ҳаммаси рисоладагидек бўлди. Ой-кунлар ўтиб, бола ҳам туғилди.
Бувамнинг хурсанд бўлганларини, қувона-қувона кулганларини дадамнинг вафотларидан бери кўрмаган эдим. Эвараларини қўлларига олиб ростманасига яйраб кулдилар... Кейин... орадан уч кун ўтгач, бехосдан қайтиш қилиб бердилар. Туппа-тузук юрган эдилар, келиб ўринларига ёнбошладилар, жилмайдилар, қовоқлари учди. Кейин менга тикилиб қарадилар:
-Худога шукур, Дурвишевларнинг зурриёти қуримайдиган бўлди. Дадангга бу хайрли хабарни етказай энди. Руфатнинг жонини эса сенинг қўлингга топшириб кетаман...
Шундай дедилару осонгина жон бердилар.
Ана, мулла Рамадон, елкангизга етарлича юк тушди. Бир қўлда душманингиз, бир қўлда болангиз ва хотинингиз! Эплай олармикинсиз?
Ичига сомон тойланган бўлса ҳам, полиз қоровули тирговичсиз тик туролмайдиган бўлиб қолди. Бошим рўзғор ташвишидан чиқмайди. Эчкиларни ўтлоққа ҳайдаш керак, даланинг ишлари ҳам менинг зиммамда... Жигарим билан юрагим эса қассоб Руфатнинг қўлларида – истаган кўйига солади.
Аввал боламнинг сал каттароқ бўлишини кутишга қарор қилдим. Бола кўкракдан ажралиб овқатга ўрганса, Руфатнинг қорнини ёраман... Кейин боламнинг тетапоя бўлишини кутдим. Бу пайтда Силвина ҳам қўлида бола кўтариб ҳовлига чиқадиган бўлди. Узоқ йўл юриб чарчагандай ҳовлида секин юради. Юзини рўмол билан тўсган. Бироқ, бизнинг ҳовли томонга қараб-қараб қўяди. Мен девордаги туйнукдан, Руфат эса деразасидан тикилади. Хотиним мени бетиним кузатади. Бахтимга у рашкчи эмас. Нима учун девор яқинидан кетмай қолганимни билса ҳам индамайди. Йиғлаб-йиғлаб ўзини овутади.
Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Даладан ҳам, яйловдан ҳам оқшом тушмай қайтаман. Бирров бўлса ҳам девордаги тешикдан мўралайман. Силвинани кўрсам кўрдим, бўлмаса тун бўйи Руфатнинг терисини шиламан, бўғаман, заҳарлайман. Хуллас, ўлдиришнинг неча хил тури бўлса, барчасини бажараман. Шунда ҳам кўнглим таскин топмайди. Руфатни ўлдиришга қатъий қарор қиламан. Қўлимга пичоқ ҳам оламан. Аммо бу ишим учун қамоқхонага тушишим аниқлигини, ундаги девор тешигидан мўралаб Силвинани кўриш мумкин эмаслигини ўйлайман-да, фикримдан қайтаман.
Кунни кун, ойни ой, йилни йил қувиб ўтаверди. Болалар туғилаверди. Дурвишевларнинг авлоди томир ёйиб кўпайди – бувам орзу қилганларидан ҳам зиёдароқ бўлди. Бувамнинг зурриёт бобидаги ташвишларига энди ҳеч қандай ўрин қолмади. Руфатнинг ҳовлисини ажратиб турган тахта девор чириди. Лекин алам эскирмади, қайралган тишлар чиримай қолаверди. Амалга ошмаган орзулар сўнмади.
Руфатнинг қассоблик дўконини ёпиб қўйишди. Дард устига чипқон бўлиб, ёшликдаги таралла-бедодлари, ароқхўрликлари мева тугди: хасталик унга азоб бера бошлади. У нодон шунда ҳам ақлини йиғмай, аксинча, понани пона билан чиқарадилар, деб самогонга ружу қўйди-ю, оқибатда кўрпа тўшакка михланди. Қизи бошқа қишлоқлик йигитга турмушга чиққач, Силвина ногирон Руфат билан ёлғиз қолди. Бир куни қаттиқ шамол туриб, ўртадаги чириган тахта девор қулади. Кўп ўйлаб ўтирмай Руфатникига худди ўз уйимга киргандай кириб бордим. Илк марта уччовимиз бир ерга тўпландик. Қирқ йил бадалида кўзларимиз энди тўқнашди.
Мен ҳам Худонинг бир гуноҳкор бандасиман-да, ошнам, шу десангиз шайтоннинг васвасасига берилиб, Руфатнинг кўз олдида Силвинани бағримга босмоқчи, унинг эса аламдан азоб чекишини томоша қилишни ўйладим. Томдаги мўрини паналаб ётган кечаларим ёдимга тушди. Бироқ: “У ҳайвонлик қилган бўлса, сен одамсан-ку!”- деб васваса қилаётган шайтонни қувдим.
Энди муносабатларинг қандай, дейсизми? Оббо ошнамей, муносабатимиз ўша-ўша. Руфат ҳамиша совуқдан қақшагани қақшаган. Ўтин келтирай деса, эшаги йўқ. Силвина қийналмасин, деб ўтинларни мен келтириб, печларини ҳам ўзим ёқиб бераман. Ҳар куни бир эшак ўтин келтираман. Барибир етмайди. Ўрмончилар жарима соламиз, деб ғавғо кўтаришяпти. Шунинг учун кечаси дарёни кечиб ўтяпман. Мени қирқ йил бадалида дам чўғ устида, дам муз устида ялангоёқ сақлаган бандани иситиш учун жонимни жабборга бераман. Қилмай десам бўлмайди. Силвинага раҳмим келади. Баъзан овқат ейишига ҳам ўзим балогардонман. Баъзан, айбга буюрсангиз ҳам айтай, тагларини тозалашга ҳам тўғри келади. Силвина нозик аёл, бунақа ишларга қийналади. Шунинг учун камина Руфатнинг атрофида парвона. Ҳамқишлоқлар: “Қўшни деган киройи Рамадондай бўлса”, деб ҳамду сано ўқишади. Бироқ ҳеч ким ичимдагини билмайди. Ичимда гўё қўрғошин қайнайди. Ўладиган бўлса, тезроқ омонатини топшира қолса-ю, Силвинага уйлансам, эр-хотин бўлиб бир тўшакда ётсам, дейман. Хотиним ҳам, болаларим, невараларим ҳам кўзимга кўринишмайди. Нима бўлса бўлар, дейман. Аммо Руфат без бўлиб ётиб олган – худди мени масхаралаётганга ўхшайди. Ё ўлмайди, ё тузалмайди. Вақт эса ўтяпти. Тиззаларимда мадор йўқ, оёқларим титраяпти. Бу аҳвол давом этаверса, назаримда Силвина билан эр-хотиндай ётсак ҳам, ака-сингил бўлиб турсак керак. Руфат ҳам қийналяпти, биз ҳам. Бечора икки йилдан бери дўзахнинг эшигини тақиллатиб ётибди. Очила қолса бўлмасмикин бу эшик! Бўғиб ўлдира қолай, десам, қўлим бормайди. Бир-икки кун совуққа қўйсам-ку, тайёр бўлади-я. Лекин Силвинанинг умидвор кўзларига кўзим тушса, эшакни етаклаб ўрмонга жўнаганимни ўзим ҳам сезмай қоламан.
Нима қилишни билмай, бошим қотган. Агар фикрингиз ожизлик қилмаса, менга бирор жўяли маслаҳат беринг. Бўлмаса, анави ўтинларни эшагимга ортишиб юборинг. Тезроқ бора қолай, шўрлик жон уйида совуқдан тишлари такиллаб ётгандир.
Тоҳир Малик таржимаси