Дунёга келганман сўзламоқ учун
Қалбимнинг қаърида ҳали сўзларим.
Қошингизда таъзим қиламан бу кун,
Менинг фейсбукдош азиз дўстларим!
Ҳар бирингиз сўзу ҳикмат макони,
Ҳар бирингиз нурли битта оламсиз.
Жаҳолат ва ғафлат босган дунёни
Ўзгартмоққа тайёр турган одамсиз.
Элнинг дарди билан кўксингиз тўлган
Ҳақ сўзни сўзлайсиз эркин ва ўктам.
Бу имкон йўқ эди қадимда бўлган
Ҳатто Капитолий майдонида ҳам.
Олам яралганди асли сўз билан
Минг йиллар сўз асл шифо бўлгандир.
Эрки йўқ, сўзи йўқ, тили кесилган
Маҳбус билан қанча зиндон тўлгандир.
Сиз сўзланг майлига улар учун ҳам.
Ҳаёти абгору ҳам талхлар учун.
Сиз сўзланг сўз билмас қуллар учун ҳам,
Қул миллатлар учун, қул халқлар учун.
Гар бахтли бўлмаса яшашдан не наф,
Не учун дунёга келади инсон?!
Қай юртда, қай элда, юрсада яшаб,
Аввало инсонга бўлсин шараф шон!
Мазлум битта, золим ўнтадир доим
Бир қонхўр, гоҳ мингнинг ейди бошини
Бир тахтга ўтирса гар битта золим,
Тўкар миллионларнинг кўзин ёшини!
Ҳурриятнинг аскарларисиз,
Бутун олам узра эрк деб жар солган.
Миллат юрагининг гавҳарларисиз,
Миллатни юракда кўтариб олган.
Сизки жонингизни хатарга қўйиб
Ўлимга тик боқиб айтган сўз учун,
Қабоҳат панада турибди чўчиб,
Разолат ютмаган дунёни бугун.
Қайда бўлманг ҳақ сўз сизга бўлсин ёр,
Доим бўлсин олтин бошингиз омон!
Сизни улғайтирган Ўзбекистон бор,
Суянч тоғингиздир шу ота макон!
Бирингиз менга дўст, бирингиз устоз
Қон бир, жон бир қалбан қариндошимсиз!
Эгик бошим, букик қаддим қилиб рост
Қаро кунда қуёш, қиблагоҳимсиз
Тарқалиб кетгансиз, Ер юзи бўйлаб
Ҳурлик машъалидан олов ёққансиз
Бутун инсоният тақдирин ўйлаб
Сардор ёки дарға бўлиб қолгансиз.
Бу кун сиз мағлубсиз, балки ғолибсиз
Зулму- зўравонлик битмас ҳеч қачон
Аммо ҳақ йўлида доим қолингиз,
Ўзбекка келтиринг буюк шараф -шон!
Тинмас ғавғо учун ортиқ еманг ғам
Қисмат хатин битган буюк Оллоҳ бор.
Тилагим, қўлласин музаффар ҳакам,
Қодир Парвардигор сизга бўлсин ёр!
Муҳаммад ИСМОИЛ