08:07 / 18.05.2010 · Кутубхона
«ЮСУФ ВА ЗУЛАЙҲО»ни ким ёзган?

«Юсуф ва Зулайҳо» достони муаллифи хусусида олимларимиз ўртасида турли хил фикрлар мавжуд. Бизгача етиб келган ўзбекча ушбу асар «Ҳазрати Яъқуб ва Юсуфнинг дуоси бирла Юсуф оғалари гуноҳини тенгри таоло афв қилғони» боби билан тугалланади. Шу охирги қисм муаллиф томонидан ёзиб улгурилмаганми ёки уни кўчирган котиб тушириб қолдирганми — ҳозирча аниқ эмас.
Алишер Навоий ўзининг «Тарихи ҳукамо ва анбиё» асарида Юсуф қиссасини қуйидагича ифода этади: «Юсуф алайҳи-с-салом қиссаси андин машҳурроқдурким, иҳтиёж анинг тафсилина бўлғай, невчунки ғаробати ва ширинлиги била кўп акобир ҳам назм ҳам наср анинг шарҳ асбобин тузубтурлар ва баёнида сеҳрлар кўргузуптурлар. Ул жумладан бири Фирдавсий Тусий ва яна бири ҳазрат Маҳдуми Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий маддазаллаҳулолийким Юсуф алайҳи-с-саломнинг ҳусни ва жамоли таърифдин мустағнийдур. Анинг дағи фазл ва камолига васф ҳожат эмас. Яна Ҳожа Масъуд Ироқий ҳам назм қилибтур ва балоғатнинг додин берибтур. Яна дағи азизлар машғуллуқ қилибтурлар. Бовужуди булар бу бебизоат ҳамки иборати роҳимдиндур. Хомаи фотир хотирга бу орзуни кечурурким, иншооллоҳ, умр омон берса, турк тили била ўқ кофири кавн варақ узра хомайин мушкин шамомани сургай, бу қисса назмин ибтидо қилиб, интиҳосиға еткурғай. Шеър;
Ҳақ бу тавфикни насиб этгай, ё насиб улча тенгридин етгай»
Юқорида келтирилган маълумотлардан аёнки, Навоий ўзини Фирдавсий Тусий, Абдураҳмон Жомий ва Ҳожа Масъуд Ироқий каторида шу қиссанинг роқимларидан бири ҳисоблайди ҳамда ҳалигача турк алфозида ҳеч ким баён этмаганини таъкидлаб, умр омон берса, бу тилда яратиб, итмомига, интиқосига етказишни режалаштириб қўяди.
Аммо шоирнинг бу олижаноб режалари амалга ошганми ёки режалигича қолиб кетганми — кўпчилик олимларимизга аниқ эмас. Агар «Тарихи ҳукамо ва анбиё» асари 1480—1490 йиллар орасида яратилгани ва у бундан кейин ҳам қарийиб 20 йил мобайнида ижод билан шуғулланганини эътиборга олсак, шоир ўз орзусини рўёбга чиқарган бўлиши эҳтимоли юзага келади.
Айни пайтда туркий тилда яратилган «Юсуф ва Зулайҳо» достонининг жуда кўп нусхалари мамлакатимиз қўлёзма фондларида, чет эл кутубхоналарида, шунингдек, бир қатор кишилар қўлида сақланмоқда.
Зотан, мазкур қўлёзма нусхаларнинг бирортаси ҳам Навоий яшаган даврдан олдин эмас, балки XVI ва ундан кейинги асрларда кўчирилгандир. Уларнинг энг қадимийси Туркиядаги Тўпқопи сарой кутубхонасида сақланаётган 832-рақамли қўлёзма саналиб, у 1516 йилда Ҳирот шаҳрида, Париж миллий кутубхонасидаги нусха эса 1563 йилда кўчирилган.
Шу чоққача Дурбекка нисбат берилиб келаётган «Юсуф ва Зулайҳо» достонининг муаллифи кўпчилик адабиётшуносларимизнинг баҳсу мунозараларига сабаб бўлмоқда. Баъзилар Дурбек — Мирзо Улуғбекнинг адабий тахаллуси деса, бошқа бирлари «Юсуф ва Зулайҳо» достонини Ҳомидий Балхий, гоҳида Сайфий, гоҳ Аҳмадий қаламига мансуб, деб кўрсатишмоқда. Афсуски, бу фикрлар ишончли эмас. Пировардида: ўзбекча «Юсуф ва Зулайҳо» достонини ким ёзган? — деган савол туғилади.
Профессор Б. Валихўжаевнинг «Ўзбек адабиётида эпик поэзия тараққиёти тарихидан» деб номланган тадқиқотида «Дурбек» тахаллуси билан ижод этган шоирнинг ўтганига шубҳа билдирилади, унинг таъкидлашича, ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган мазкур асарнинг қадимий қўлёзма нусхаларида Дурбек номи учрамайди. Бу ҳол СамДУ илмий кутубхонасида сақланаётган 212830 рақамли нусхада ҳам такрорланган бўлиб, бундан ташқари асарнинг муқаддимасида келтирилган тарих:

Зод эди тарих тақи ҳою дол,
Муддати ҳижратдин ўтиб моҳу сол,

—тарзида эмас, балки:

Зод эди тарих дағи айну дол,
Муддати ҳижратдин утуб моҳу сол,—

деб берилган. Шу боисдан асарнинг кириш қисмида келтирилган тарихдан аввалгидан 812 эмас, балки 874 х,ижрий (1469—1470 мелодий) йил келиб чиқади. Олимнинг фикрича, асар муқаддимасида келтирилган Султон Ҳусайн Бойқаро мадҳи бу тарихнинг тасодифий эмаслигини кўрсатиб туради.
Диққатга молик томони шундаки, бу хол достоннинг энг қадимий қўлёзма нусхаларида ҳам учрайди. Китоб муқаддимасида келтирилган тарих Туркиядаги қўлёзмада:

Муддати ҳижратдин ўтуб, моҳу сол,
Зод эди тарих таки айну дол.

Париж нусхасида:

Зод эди тарих доғи айну дол,
Муддати ҳижратдин ўтуб моҳу сол, —

деб ифодаланган. Бу ерда сатрлар ўрни алмашгани ҳисобга олинмаса, деярли ҳар учала нусхада хам тарих бир хил берилган. Аммо бу асарнинг ёзилиш тарихи эмас, балки мазкур асар ёзилишига сабаб бўлган воқеа санасидир. Фикримизни ойдинлаштириш учун қуйидаги сатрлар келтирамиз:
Балх эрур даҳрда уммул билол, Мазҳари ислому таки адлу дол. Жумла акобирнинг эди манзили, Сокин эрур анда набию вали. Бўлди фалак гардишидин дори зулм, Халқи анинг бўлди гирифтори зулм. Зод эди тарих тақи айну дол, Муддати ҳижратдин ўтуб моҳу сол. Қалъайи Балх ўлди чу дарвоза банд, Пояйи зулм ўлди бағоят баланд...
Кўриниб турибдики, гaп Балх шаҳри қалъаси дарвоза банд этилиши, яъни қамал тарихи ҳақида бораётир. Демак, асар ёзилишига 1470 йили Балх да бўлиб ўтган воқеалар туртки берган. Буни асарнинг ёзилиш санаси деб тушунаётган олимларимиз асар муаллифини аниқлашда ҳам янглиш фикр юритмоқдалар. Афсуски, юқоридаги сатрларда достоннинг ёзилиш санаси хусусида кичик бир ишора ҳам йўқ.
Адабиётшунос олима Фозила Сулаймонова ўзининг «Юсуф ва Зулайҳо» достонининг Навоийга нисбат берилган Париж қўлёзмаси ҳақида» деб номланган мақоласида бу асарни 1490 йили Дурбек ёзган деб исботламоқчи бўлади ва Париж нусхасидан қуйидаги Ҳусайн Бойқаро мадҳини келтиради:

Шоҳи замон сояи лутфи илоҳ,
Ҳомии дин динига пушту паноҳ.
Тоати эрур борига фарзу айн,
Шоҳи Абдулғозий Султон Ҳусайн.
Юсуф эрур Миср ичинда бу дам,
Сўзида Исо дамидур дам-бадам.
Даҳрға улдур чу султони аср,
Мадҳу саносин дер улус назму наср...
Бўлсун ўшал давлату умринг фузун,
Салтанатинг динида бўлсун узун.
Зотинг эрур чунки улусқа паноҳ.
Ўз паноҳида сени тутсин илоҳ.

Олиманинг таъкидлашича, Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтиргач, Дурбек асарига номаълум шоир мадҳия қўшиб, асарни кўчиртирган.  М. Диёрийнинг фикрига қараганда, бу бағишлов Алишер Навоий қаламига мансуб бўлиб, уни буюк шоиримиз Дурбек асарига қўшиб Султон Хусейн Бойқарога тақдим этганини мантиқ тақозо этар эмиш
«Юсуф ва Зулайҳо»нинг «Китоб назмининг ибтидоси» бобида асар муаллифи кенг меҳнаткашлар оммасининг оғир аҳволини кўриб ачинади, Балх воқеалари тадрижидан хабардор эканини маълум қилади:

Қалъайи Балх ўлди чу дарвоза банд.
Пояйи зулм ўлди бағоят баланд.
Айлади қаҳҳор чу изҳори каҳр,
Бўлди гирифтор халойик башаҳр.
Ҳукм била кирди улус ичкари,
Ҳосили умрин кўюбон ташқари.
Шаҳр чу дўзах киби зиндон эди,
Ташқари чун равзайи ризвон эди,

Ташқари эрур бари нозу наим,
Шаҳр ичида эрди азоби алим.
Ташқари эрди бари полизу боғ,
Шаҳр ичида эрди басе дарду доғ.
Тошта эди сабзаву оби равон,
Шаҳр ичида эрди юз оҳу фиғон.
Тошта эди неъмат ила гашт гоҳ,
Шаҳр ичида шарбат эди оби чоҳ.
Тошта ўшал суҳбату гулзор эди,
Шаҳр ичида меҳнату булжор эди.
Тошта эди жумлаи айшу тараб,
Шаҳр ичида эрди басе сўзу таб.
Халқ бу шаҳр ичра безиндон эди,
Меҳнат ўтидин бори бирён эди.

Учар эди кўзларидин нақши нон,
Кўз ёши эрди магар оби равон.
Барчаси мафлуку тиғи даст эди,
Борча узум ҳасратидин маст эди.
Борчанинг ул токатидин ток эди,
Барча уни ғуссасидин қоқ эди.
Борчанинг ул жони ба бонги суруд.
Дер эди: «шафтолию себу муруд!»
Борчаси ҳасрат била лайлу наҳор
Дер эдилар: «Олию оби анор!»
Ушбу кабил халқ уч ойи тамом,
Ер эдилар ғуссаю гам субҳу шом.
Банда алар бирла гирифтор эдим,
Барчасидин воқифи асрор эдим...

Халқнинг оғир аҳволидан хабардор бўлган бу шоир ким эди? Балх шаҳрига ўша йиллари ўзбек тилида ёзадиган қайси шоир борган эди? Тарихий манбаларни кўздан кечирсак, бу саволларга қисман жавоб топилади.
Маълум бўлишича, хазрат Навоий Балх шаҳри ва унга яқин вилоятларга бир неча марта борган. Баъзида давлат топшириқлари билан бу шаҳарга келганида анча муддат қолиб кетишга мажбур бўлади. «Мураққайи Алишер Навоий» деб номланган шоир альбомидан ўрин олган Абдураҳмон Жомий мактубларининг бир қисми Ҳиротдан Балхга, Навоий номига йўлланган эди.
Шоирнинг Балх шаҳрига биринчи сафари 1469—1470 йилларга тўғри келади. Бу ҳақда Мавлоно Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияр» асарида муфассал маълумот берилган. Тарихчининг гувоҳлик беришича, Султон Ҳусайн Бойқаро аввалига Балх ҳокими Ахмад Муштоқ билан ярашиш чораларини излаб кўради. Охири илож топа олмагач, қўшин тортиб Балх устига юриш бошлайди. Аҳмад Муштоқ Султон Ҳусайннинг жуда катта қўшин билан келаётганини эшитиб, Балх шахрининг барча истеҳкомларини мустаҳкамлайди. Султон Ҳусайн қўшинлари Балх шаҳрини қамал қилади. Шаҳар атрофи амирлар ўртасида тақсимланиб, Амир Навоий бошқа амирлар қаторида Балхнинг Ширхор дарвозасини аскаргоҳ қилади. Ҳусайн Бойқаро қўшинлари шаҳарга сув берадиган хандакларни шох, хашак ва тупроқ билан тўлдириб, ўзанни бошқа тарафга буриб юборадилар.
Балх қамали анча узоқ чўзилади. Қамалда қолган шаҳар аҳолисигина эмас, ҳатто шаҳар ташқарисидаги Ҳусайн Бойқаро аскарлари ҳам очликдан қийналишади. Бу ҳодиса уч-тўрт ой давом этгач, Амир Алишер озиқ-овқат олиб келиш учун Балх шаҳридан Ҳиротга юборилади. Бу ҳақда «Ҳабиб ус-сияр»да қуйидагича маълумот берилади:
«Алқисса, Балх шаҳари ва қалъасининг мустаҳкамлиги, заҳирасининг мўллиги сабабдан қамал муддати уч-тўрт ойга чўзилди, кўпинча эрта тонгдан то шомгача жангу жадал билан машғул бўлиб, «ҳушёр бўл!» деган наъра Кайвон айвонидан ҳам ўтди... Шу вақтнинг ўзида қамал вақтининг чўзилиб кетиши натижасида олий ўрдада қаҳатчилик бошланди, сипоҳийларда қимирлашга мажол қолмади, юришга имкони бўлмаган кишилар қоча бошладилар, чунончи, зафар нисбатлик узанги мулозаматида икки мингдан ортиқ одам қолмади. Амир Музаффар барлоснинг Амударё бўйидан зафар ворис Кавкабга келганидан кейин «Низомуддин Алишер дорулсалтана Ҳиротга бориб, Хуросон вилоятидан имкони борича ғалла тўплаб, Урдуга юборилсин» деган қатъий фармойиш берилди. Ул жаноб фармойишга биноан икки-уч минг харвор ғалла тўплади ва кўчманчи арабларнинг туяларини кира қилиб ортиб Балхга юборди»
Худди шу воқеа Ҳофиз Нурмуҳаммаднинг «Тарихи Мазори шариф» асарида сал бошқача шаклда баён этилади. Унда Аҳмад Муштоқ исёни ҳақида бир оғиз ҳам гапирилмаса-да, Алишер Навоийнинг Балхга бориш сабаби тубандагича иншо қилинган:
«...Кунларнинг бирида Мирза Бойқаро бу можаро тафсилини билиб, тезда мактуб орқали дорулсалтана Ҳиротга маълум қилинишини лозим топди. Султони олийшон бу шарҳу тафсилни тахдиқ этиш учун Буюк Амир Алишерни Балхга равона қилди. Бу вазифа равшан-назир, яъни Амир Алишер... ҳақиқати ҳолни тўла мушоҳада қилиб, Ҳиротга мактуб йўллади...»
Юқоридаги маълумотлардан аёнки, Алишер Навоий бу можаро тафсилини билиш ва аниқлаш мақсадида Балх шаҳрига жўнатилган. Асар давомида Ҳусайн Бойқаронинг катта лашкар билан у ерга исённи бостириш учун боргани таъкидланади. Навоийнинг Балх шаҳрига навбатдаги сафари 1473—1474 йилларга тўғри келади. Бизга маълумки, Абдураҳмон Жомий 1472 йилнинг кузида Маккага отланиб, 1474 йилнинг ўрталарида Ҳиротга қайтиб келган эди. Бундан Балхда хабар топтан Мир Алишер устози номига мактуб йўллайди ва жавоб тариқасида руқъа олади. Демакки, бу ёзишма 1474 йил охирларида бўлиб ўтган.
Шоирнинг укаси Амир Низомиддин Дарвешали китобдор ва айниқса, шахзода Бадиуззамон Мирзо Балх ҳокими бўлган даврда Навоий бу шаҳарга тез-тез бориб турган. Бу ҳақда «Равзат ус-сафо», «Ҳабиб ус-сияр» асарларида маълумотлар мавжуд.
«Равзат ус-сафо»да келтирилишича, 1497 йили Ҳусайн Бойқаро Балх ҳокимлигига Бадиуззамонни тайинлаб, Ҳиротга қайтади, орадан кўп вақт ўтмай, яна Балхга юришга қарор қилади. Аммо Алишер Навоий: «Агар фармони олий берилса, банда Балхга бориб, мирзо Бадиуззамонга насиҳат қилсам ва уни подшоҳнинг мурувватларига умидвор қилиб ҳарна бўлса ҳам, дилозорлик биёбонидан хизматкорлик бурчагига қайтарсам», деб илтимос қилди. Бу фикр подшоҳнинг ҳумоюн мижозига мувофиқ тушиб, Амир Алишер мақсад тарафига юзланди. Балх яқинига боргач, шаҳзода одатни тутиб, ул азиз меҳмоннинг шарофатлик қадамини бир бахт деб ҳисоблаб, таъзиму ҳурмат лавозими адоси бобида муболаға кўрсатди ва яхши умид билан зиёфат ва меҳмондорчилик маросимини жойига қўйди. Соҳиб тадбир амир Алишер яхши сўзлар билан Бадиуззамон мирзони отасига итоат этишга кўндирди...»
Ammo Алишер Навоий Бадиуззамонни энди кўндирган пайтда, унинг саъй-ҳаракати билан сулҳ тузилишини истамаган Низомулмулк ва яна бошқа кишилар иғвосига учган Ҳусайн Бойқаро Бойқаро қутволи амир Ислом Барлосга «Бадиуззамон мирзо овга, шаҳар ташқарисига чиқиши билан шаҳар даврвозалари унинг юзига ёпилсин» мазмунида фармон юборади. Бу фармондан шаҳзода хабар топгач, Навоийнинг барча уринишлари бекор кетади.
Ҳазратнинг Балхга бориши билан боғлиқ бўлган худди шу ҳолат «Ҳабиб ус-сияр»да ҳам тафсил ёритилган. Унда таъкидланишича, Навоий Султон Ҳусайнни Бадиуззамон мирзонинг таъзирини бериб қўйиш ва Балхга қўшин  тортишдан тўхтатиб қолиб, ота-болани яраштириш мақсади Балхга жўнаб кетади.
Булардан равшан бўладики, Навоий Балхда уч-тўрт ой эмас, балки ундан ҳам ортиқ муддат қолиб кетади. Шоир, бу сафарлари пайтида кўпинча, ўзаро низоларни бартараф этиш, юртда тинчлик ва осойишталик ўрнатиш, илму маданият, санъат ва адабиёт масалалари ҳамда бу ҳарларда ҳам турли бинолар барпо этиш ишлари билан машғул бўлади.
«Юсуф ва Зулайҳо» достонининг муаллифи асар муқаддимасида кўнглида бурундан шун асар яратиш нияти борлигини, ана шу кўп йиллик режасини амалга ошириш, назм силкига кирити учун хийла вақт сарфлаганини маълум қилган эди:
Бор эди кўнгулда бурундан бу азм, Турки тили бирламу килсам бу назм. Ушбу маҳалда анга боис магар, Бўлди яна бир неча соҳиб наэар. Бандага дедилар аларким бу дам; «Бўлгил ўшул қавлингга собит на дам, Қўйма талаб устида таъбингни суст, Айла бу азмингни тамоми дуруст. Қиссайи Юсуфни тамом айла назм, Турки тили бирла килиб азму жазм. Қолгай охир саҳфасида ёдгор
Сендан ўшал қисса ўтуб рўзгор...» Банда ўшал ҳолда килдим шуруъ, Шукр килиб, тенгрига айлаб ружуъ. Олдим ўшал лаҳза давоту калам, Саҳфаи коғоз уза урдум рақам. Давлати тавфикни истаб мудом, Тангри таолодин ўшал субҳу шом. Ушбу мушавааш кўнгул айёми чанд, Қилди қалам нўги билан сўзни банд. Эрду чу хотир чу мусаммам бу азм, Айлади бу қиссани дар силки назм...
Бундай улуғ ва олижаноб ният бошқа шоирлар қаторида Алишер Навоийда ҳам бўлганини унинг «Тарихи ҳукамо ва анбиё» асари мисолида кўриб ўтдик.
«Юсуф ва Зулайҳо» достонининг кириш қисмидаги ҳамдунатъ бобларидан сўнг «Султон Ҳусайн Мирзонинг мадҳи» келади. Бу мадҳ Париж нусхасида ҳам, Туркия нусхасида ҳам, Самарқанддаги қўлёзмада ҳам учрайди. Тадқиқотчилар бағишлов Навоий қаламига мансуб эканини тан оладилар. Улуғ шоир бошқа бир муаллифнинг асарига уни киритиб, Ҳусайн Бойқарога тақдим этган, деган фикрга эса ишониш қийин. Чунки Навоийдек калами қудратли шоирнинг бундай ишга қўл уриши ғайритабиийдир. Модомики, «Юсуф ва Зулайҳо» муқаддимаси Мир Алишер томонидан ёзилган экан, у асарнинг қолган қисмини ҳам давом эттирган бўлиши эҳтимолдан узок эмас!
Албатта, «Юсуф ва Зулайҳо» достонининг қадимий нусхаларида «Дурбек» номи учрамаганидек, ҳозирча бирор қўлёэма нусхада «Навоий» ёки «Фоний» тахаллусларига ҳам дуч келмадик. Аммо, «Ҳайрат ул-аброр» достонидаги:

Куллуғи хонларга келиб фарзи айн,
Хонлару шоҳлар шоҳи Султон Ҳусайн...

«Фарҳод ва Ширин» достонидаги:
Расул хайлига сархайли сипоҳ ул,
Алар бори сипоҳ хайл ичра шоҳ ул.
Салотиннинг ҳам андок сарпарози,
Эрур гўё азалдин Шоҳи Ғозий...
Наби шаръига берган эубу зайн ул,
Салотин сарвари Султон Ҳусайн ул...

сатрларини «Юсуф ва Зулайҳо» достони муқаддимасидаги Султон Ҳусайн мадҳи билан таққосласак, бу учала асардан келтирилган сатрлар бир шоир қаламига мансублиги ойдинлашади.
Алишер Навоий «Тарихи ҳукамо ва анбиё»да Яъқуб ва унинг фарзандлари ҳақида маълумот беради, шунингдек, Юсуф ҳақидаги қиссани насрий йўлда баён этади. Агар бу асардаги насрий сюжет билан мазкур туркий достон воқеаларини бир-бирига қиёсласак, бир қатор умумийлик ва ўхшашлик борлигини сезамиз.
Айрим тилшунос олимларимиз бизгача етиб келган «Юсуф ва Зулайҳо» достонининг туркий нусхаси Алишер Навоий асарлари тилига ғоят яқинлигини эътироф этадилар.
Менингча, тилшунос олимларимиз ўз кузатишларида янглишмаган. Шундай экан, биэ гоҳ Дурбекка, гоҳ Сайфийга, гоҳ Улуғбекка, гоҳ Ҳомидий Балхийга, гох, Аҳмадийга нисбат бериб келган бу достонни ҳазрати Алишер Навоий ёзмаганмикин?.. Ўйлаймизки, бу масалага тадқиқотчилар аниқлик киритишади.

Эргашали ШОДИЕВ, филология фаилари доктори, профессор