Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Дил фасли” тўпламида шоирнинг янги шеърлари ва олдин чиққан китобларидан олинган шеърий намуналар киритилган.
Шоир она Ватанни, муҳаббат ва садоқатни авж пардаларда тараннум этади. Ёшлик айёми, умр фасллари унинг назмида бор жўшқинлиги, ранг ва ифорлари билан намоён бўлади.
Тўпламдан, шунингдек, “Бозор иқтисодиёти” мавзуидаги ҳазил-мутойибага бой шеърлар ҳам алоҳида ўрин олган.
Мазкур ранг-баранг назмий гулдаста шоиримизнинг китобхонларга тоза ва муаттар дил туҳфаси бўлади деган умиддамиз.
МУҲАББАТЛИ БУ ОҚШОМЛАР
(Янги шеърлар)
ТОНГ
Тонг отар, дафтарларин
очиб еру осмонга, тонг,
Бўйларин, анбарларин
сочиб гулу райҳонга тонг.
Хуш насимлардин умидлар
ҳам сафолар келтирур,
Жумлайи юрган тирик жон,
жумлайи инсонга тонг.
Оқ келинчакдай либосин
чўққилардан кўргизиб,
Тоғу тошда аввало берди
салом чўпонга тонг.
Қир-адирлар бағрида
яйраб таратди жилвалар,
Нағма берди жилғаларга,
соҳилу сайҳонга тонг.
Бу гўзал гулшан диёрдир,
бунда шўху шан баҳор,
Қанчалар рангу ифорни
солди шўх жавлонга тонг.
Оқсаройлар кўксига
қўндирди оқ каптарларин,
Неча бир давру замондин
келди бу қўрғонга тонг.
Мен у тонг отмас
замонларни тасаввур айласам,
Тожмаҳал шаклида қолди
мангу Ҳиндистонга тонг.
Ранг олиб бўстонлари
булбулларининг қонидан,
Лолагун бўлдию ботди
нолаю афғонга тонг.
Мўлтираб осмонларида
қолди зор чўлпонлари,
Отмади зиндонида
Чўлпон билан Усмонга тонг.
Сўлди бир эл миннату
туҳмат аро юзи қаро,
Чунки ҳеч мумкин эмасди
у темир зиндонга тонг.
Сен фидолар ному ёдидан
дилингга ибрат ол,
Шул сабабким, бесабаб
отмас бирор давронга тонг.
Сўнмагай Соҳибқирон
шавкатлари, ҳеч сўнмагай,
Келтирар султонлари
от миндириб султонга тонг.
Нақшбанд этди Нақшбандий
бобо гумбазларин,
Отди инсофу диёнат,
қалб билан иймонга тонг.
У Самарқанд боғларин
шингарфу зангор айлади,
Отди тонг Фарғонада,
нур сочди ҳам Сурхонга тонг.
Кўзгу олдида нигоринг,
кўзгуми ё тонгмидир?
Тонгга ўхшар дилбаринг
ё дилбари жононга тонг.
Умримиз кўзгуларида
ҳар саҳарнинг ўрни бор,
Кексаларга неъмату
бахтдир қизу ўғлонга тонг.
Не шарафдир, бу ҳаёт
бўстонига зийнат бериб,
Одам оламга зиё,
келтирса ҳар инсонга тонг.
Эзгулик карвонларин
йўллаб, муяссар айлагай
Ўзбекистонни баҳористон,
қуёшистонга тонг.
2005
И З Ҳ О Р
Бир тилим ҳандалак, бир тилим ҳилол
Минг йил кўз ўнгимдан кетмагай ҳаргиз.
Сен — мангу халқдирсан, ризқ-рўзи ҳалол,
Мен — сендан тарқаган, кўкарган илдиз.
Одам атолардан нишоним дедим,
Сени бобом дедим, деҳқоним дедим.
Элин билмаганлар юртин қарғарлар,
Миннат қилганлар бор берган ош-нонин.
Кетди боғларингни босган қарғалар,
Азал булбулларга гўзал ошёним.
Тўрғайларга ўнғай маконим дедим,
Сени бағрим дедим, осмоним дедим.
Амир Темурлардан қолган номус-ор,
Бир синиқ ғишти ҳам шараф-шон юртим.
Сен — ўлмас ғурурсан, сўнмас ифтихор,
Суви ҳам, қуми ҳам зарафшон юртим.
Асрлар жўш урган дил қоним дедим,
Туғи абад баланд қўрғоним дедим.
Сен — ўн бешга тўлган отажонимсан,
Бешигинг ислари кетмаган ҳали.
Тожу тахтим менинг, зўр имконимсан,
Бори тириклигим, умрим сайқали.
Сени — қошу кўзим, мижгоним дедим,
Ўз уйимда ўсган султоним дедим.
Менинг бу дунёда бошқа онам йўқ,
Онажоним ўзинг — танҳо, ягонам.
Сен борсан — сўзимнинг бошоқлари тўқ,
Сен борсан — тинмагай тилдан таронам.
Сенга садқа бўлсин бу жоним дедим,
Сени жоним дедим, жаҳоним дедим.
Халқ бўлиб заминда кўз очган кундан
Қанчалар меҳнату миннат кўрдик биз.
Асли Истиқлолнинг ғояси шундан,
Жон чекиб, муҳташам давлат қурдик биз.
Эзгулик даргоҳим, майдоним дедим,
Оламга очилган айвоним дедим.
Дунё ҳам бўлиниб тулпор, отларга,
Қувончу ғам деган тарафлар бўлгай.
Лекин эл-юртим деб ўтган зотларга
Абадият қадар шарафлар бўлгай.
Бир тонгда ушалган армоним дедим,
Кетмас бўлиб келган давроним дедим.
2006.5.08.
* * *
Менинг шоирлигим — орзу,
фалакдин гар талаб қўйса,
Сочиб кўнглимга ой нурин,
қуёш ҳам ўт қалаб қўйса.
Бериб гулханлигин гулхан,
очиб гулшанлигин гулшан,
Яна гул ғунчалар таъзим
билан сатрим силаб қўйса.
Дилимдан бошланиб созлар,
эл ичра қилса парвозлар,
Тераклар титрабон кетса,
чинорлар қалтираб қўйса.
Менинг қарзим — назарлардан,
ёшим тўккан мозорлардан,
Ки мен зирқирадим доим,
биров ҳам зирқираб қўйса.
Чаман ичра ўзи ҳам бир
атиргулдай бўлиб қолгай,
Дилимнинг қонига булбул
қанотин гар булаб қўйса.
Узун тунларда бедорлар,
бу дилбарлар, бу дилдорлар,
Кўнгил қўйса, бу — дил берса,
бу — юз қўйса, бу — лаб қўйса.
Менга ханжар билан шамшир
тиғига ҳаргиз ҳожат йўқ,
Узун мижгонларини гар
нигорим бир қадаб қўйса.
Куйиб саҳрога айлансам,
яна дарёга айлансам,
Ки Фарҳод бирла Мажнун ҳам
бу ким деб бир сўраб қўйса.
Демангким, мен сухан ёзгум,
ки шеърмас, бир Ватан ёзгум,
Уни мен тан батан ёзгум,
баҳори эркалаб қўйса.
Зиё қолсин деб инсонлар
чекар заҳматлару жонлар,
Менинг ҳам бу умрларда
изим бир ярқираб қўйса.
Ажаб ҳою ҳаваслардир
азалдан шеъру шоирлик,
Уни олам ювиб оқу,
бутун олам тараб қўйса.
На бўлғай менга ҳам имлаб,
мени ҳам бир набирам деб,
Қиёмат тонгида бобо
Навоий бир қараб қўйса.
2006
* * *
Улуғ бобонг Навоийнинг
ётар жойи Ҳирот бўлгай,
Валекин билмасанг ул
зотни сен, оғир уёт бўлгай.
Сенга муҳтож эмас ҳазрат,
улуғ мақсад, улуғ меҳнат
Билан дил кўзларин очким,
ҳаётинг ҳам ҳаёт бўлгай.
Завол эрмас, камол келтир
она юртингга ҳар соат,
У сенга ҳам она, ҳам юрт,
сенга икки қанот бўлгай.
Нечун ёлқинланиб кезгай
бу тўфонзода тойчоқлар?
Улар фарзандларингга
Бойчибору ҳам Ғирот бўлгай.
Бу тупроқ узра инсон бор,
ва иймон — икки мансаб бор,
Агар жуздир ва ё қарлуқ,
ўғиз ё қўнғирот бўлгай.
Кетар жисминг муваққатдир,
Ватан — мангу муҳаббатдир,
Агар кимда муҳаббат йўқ,
жаҳонда номурод бўлгай.
Келибсан гар сурур келтир,
ҳавас бирлан ғурур келтир,
Ки сен кетсанг ҳам ортингдан
эл ичра ному ёд бўлгай.
Навоий назми — иймондир,
агарчи Сўзни сотгайсан,
Унинг бир сатри охир
таъби назмингга сирот бўлгай.
Менинг бу норавон шеърим
ёзилди бир ният бирлан,
Ёзилсин шеър ҳам токи
у шеърдан бир мурод бўлгай.
2005
ШОҲ БОБУР
Бунча узун оҳ тортдингиз, оҳ Бобур,
Муттаҳамлар дунёсида шоҳ Бобур.
Андижону Ҳинду — етти иқлимда
Топилмади Сизга бир додхоҳ, Бобур.
Оллоҳимнинг даргоҳлари кенг, лекин
Сиғдирмади Сизни бу даргоҳ, Бобур.
Кеча узун, манзил олис, йўл узоқ,
Сизга фақат ёлғиз ой ҳамроҳ, Бобур.
Нонкўр беклар, беоқибат мирзолар,
Кимлар Сизга қазмадилар чоҳ, Бобур.
Ғурбат бўлди охир тожу тахтингиз,
Подшоҳлар ҳам йиғларкан-да, воҳ Бобур!
Қисмат қаттиқ, алам бисёр, эл ғофил,
Бу дунёда борми бир дилхоҳ, Бобур?
Умри отда ўтган буюк мусофир,
Давлат надир асли, надир жоҳ, Бобур?
Шоирлиги шоҳлигидан улуғроқ,
Шоҳлиги ҳам шеъридай огоҳ, Бобур.
Алишербек дейсиз, назм султони,
Сиз ҳам шунда топдингиз паноҳ, Бобур.
Шамширингиз янглиғ Жайҳун ярқирар,
Кўкда моҳ ҳам Сизнинг мангу оҳ, Бобур.
2005
ОЙБЕК
Ўзича тушмаган осмондан Ойбек,
Яралмиш меҳр ила армондан Ойбек.
Агарчи давр уни тилдан аюрди,
Вале айрилмади иймондан Ойбек.
Уни ўз лафзига зор айлаганлар,
Қувонмишларки: қолди сондан Ойбек.
Ҳасад ғавғосию миннат жафоси,
Не кўрди ул бузуғ даврондан Ойбек?
Эзилган кифтларида ўзбаки тўн,
Ўтиб келди очиқ зиндондан Ойбек.
Ахир инсон эди ул камтарин зот,
Садоқат истади инсондан Ойбек.
Уни ўйлантириб миллат камоли,
Кечирмиш дардларини жондан Ойбек.
Зарифа опамизким — қувват олмиш,
Ўзи тоғ бўлса ҳам райҳондан Ойбек.
Ватандин кетмаган, сингмиш Ватанга,
Етишган шу улуғ карвондан Ойбек.
Ўзи йўқ, жисми йўқ, лек кўзлари бор,
Навоийдек боқар айвондан Ойбек.
2005
Б О Ғ
Боғбон Носирхон ота Тўрақуловга
Бу дунёда боғ қилмоқнинг ҳикмати бор,
Боғ қолса гар инсон умрин зийнати бор.
Бир кўчат ҳам ўтқизмайин ўтса одам,
Инсон умрин неча пуллик қиймати бор?
Бу боғлар ҳам шундоқ пайдо бўлган эмас,
Бу боғларни боғбонининг хислати бор.
Боғбон айтар: ном қолдиринг, қолдиринг боғ,
Ки умрнинг дарё мисол шиддати бор.
Фарзанд янглиғ ўстирилгай ҳар бир дарахт,
Боғ қилмоқнинг юз минг алам, меҳнати бор.
Инсон қўли гул дейдилар, то инсоннинг
Ихлоси бор, меҳри яна ҳиммати бор.
Ношукурлар қайдан билсин боғ қадрини,
Нонкўрларнинг ўз элига миннати бор.
Мир Алишер бобомиздан келган сўз бу,
Боғбоннинг ҳам Навоийдек тийнати бор.
Қай элнингким бордир шундай боғбонлари,
Ўшал элнинг Ватани бор, миллати бор.
2005
ЯХШИЛИК
Яхшилик қил — элу юртинг,
дўсту ёру бегонага яхшилик қил.
Энг аввало — ўз онангга,
Ҳеч бўлмаса — ўз онангга
ўхшайдиган бир онага
яхшилик қил!
2006
МЕҲР
Бунчалар меҳрни ҳеч қайдан топмам —
Опам — кўнглим бўлди,
Кўнглим-чи — опам.
Дарду соғинчларга шунчалар сингдим —
Синглим — кўнглим бўлди,
Кўнглим-чи — синглим.
2006
АСАЛ ҚИЗИМ НИГИНА
Баҳор келар шивир-шивир, Нигинжон,
Майсалар ҳам живир-живир, Нигинжон.
Мажнунтолнинг сочлари чилвир-чилвир,
Мен шеър ёзай чилвир-чилвир, Нигинжон.
Соғинчларим гуллар очар боғларда,
Ёмғирларим биқир-биқир, Нигинжон.
Саҳарданоқ ўйноқлаган жилғамсан,
Тириклигим қиқир-қиқир, Нигинжон.
Тушларингда жилмаясан нурланиб,
Болишларинг ғимир-ғимир, Нигинжон.
Кечалари куртак ёзар, барг ёзар,
Қаламларим шитир-шитир, Нигинжон.
Меҳр билан жимирлаган ҳаётим,
Жону дилим жимир-жимир, Нигинжон.
Умр бўйи менинг кетмас баҳорим,
Қалдирғочим вижир-вижир, Нигинжон.
2005
ҚИЗАЛОҚЛАР
Қуёш ҳар тонг нурга белар
Айвонингиз, кўчангизни.
Унинг ўзи ёпиб берар
Иссиққина кулчангизни.
Сиз — ҳаётнинг юзидаги
Кулгичлару хандаларсиз.
Бировингиз капалагу
Бировингиз ҳандалаксиз.
Айланади вижир-вижир,
Қалдирғочлар бошингиздан.
Қанотларин олган улар
Сизнинг кўзу қошингиздан.
Сиз билан бу меҳр боғи
Сўлимас ҳеч, ҳаёт бўлар.
Тириклик ҳам бутун умр
Асал бўлар, новвот бўлар.
Умрларнинг баҳорида
Ғунчаларсиз, гулчаларсиз.
Бунчалар ҳам ширин ҳаёт,
Ширингина кулчаларсиз.
2005
ЁТИБЛАР ИЧГАН СУВЛАРИМ
Ёш чоғларимдан севмишим —
ётиблар ичган сувларим.
Армони йўқ ёзу қишим —
ётиблар ичган сувларим.
Ҳовучларимда — тоғу тош,
ҳовучларимда — ой, қуёш,
Шундан қуёшдек балқишим,
ётиблар ичган сувларим.
Қонимда минг боғбон менинг,
ичган ота, бобом менинг,
Аждодларим ҳам кечмишим,
ётиблар ичган сувларим.
Мен жон ва тан ўрганмишам,
Сиздан Ватан ўрганмишам,
Шаъну шараф ҳам олқишим,
ётиблар ичган сувларим.
Кўчатларим боғ бўлғуси,
кўксим менинг тоғ бўлгуси,
Фахрим яна оройишим,
ётиблар ичган сувларим.
Токи ҳаёт бўлгай ҳаёт,
шеъру баёт бўлгай ҳаёт,
Шулдир менинг олий ишим,
ётиблар ичган сувларим.
Жонимни минг тўрғай қилиб,
меҳримни ҳам улғайтириб,
Пишди менинг дил кишмишим,
ётиблар ичган сувларим.
Сиз мен учун — мангу қасам,
кўнглим келиб бир чайқасам,
Оламда қолмас ташвишим,
ётиблар ичган сувларим.
2006
«ТОШКЕНТ ОҚШОМИ»ГА
Устоз Ғафур Ғулом дуоси билан
Парвозин бошлаган уйғоқ газетам.
Сен борсан — қалбимнинг туғроси баланд,
Асло якун топмас менинг қасидам.
Элнинг хавотиру оғриқларидан
Юпанч, тасаллидай бунёдга келдинг.
Машъум зилзиланинг ёриқларидан
Оқ атиргул бўлиб дунёга келдинг.
Ярми вайрон уйнинг эшигин излаб,
Шитирлаб хушхабар келтирган ўзинг.
Жажжи чақалоқнинг бешигин сийпаб,
Салқин саболарни елдирган ўзинг.
У пайтлар биз ҳали ёш бола эдик,
Завқу орзуларга лиммо-лим юрак.
Томларда югурган гуллола эдик,
Гўзал оқшомлардан бергансан дарак.
Ҳали «Маҳаллада дув-дув гап» — ҳаёт,
Ўлмас Лутфихоним ая сиймоси.
Шундадир дилларга нур берган баёт,
Шундадир меҳрнинг асл кимёси.
Оддий темирчингнинг оталик тафти
Етгайдир дунёнинг болаларига.
Бунда чизиқлари оналар кафтин
Уланган қуёшнинг толаларига.
Мен баҳордан қолган қалдирғоч эдим,
Қалдирғоч қайдадир қишламоғи шарт.
Қалдирғоч, айниқса ёш шоир бўлса,
Энг аввал «Оқшом»да ишламоғи шарт!
Тошкент қизларининг кўйлакларида
Бир сатрдан шеърим, шодлигим қолган.
Ҳар бир саҳифангнинг йўлакларида
Муҳаббатим қолган, ёшлигим қолган.
Азиз устозларга мен қўйиб ихлос,
Ранжу заҳматларин кўргандим бунда.
Ҳаётнинг шафқатсиз кўзларига рост,
Тик қараб яшашни ўргандим бунда.
«Мотамсаро она» қошида у кун
Бир кемтик нондайин турганларим бор.
Анҳор бўйларида ёр суйиб гулгун,
Эрка шоирингдай юрганларим бор.
Бунда ҳар бир ниҳол келинчак бўлгай,
Офтобтахтим менинг, ойтахтим менинг.
Кўприклар эврилиб келажак бўлгай,
Оламга остонам — пойтахтим менинг.
Устувор қўрғонсан — чин дўстларингу
Кексаю ёшларнинг тилакларида.
Эзгулик аркасин устунларию
Турналари билан лайлакларида.
Фақат кўнгиллардан таралсин ёлқин,
Бағринг бутун бўлсин, яро бўлмасин.
Оқсарой мисоли мунаввар қолгин,
Оқшоминг ҳеч қачон қаро бўлмасин.
2006
ЖАЙҲУН ШАМОЛЛАРИ
Ибройим оғага
Соғинчларин изҳоридай
Очилдилар жамоллари,
Гул қизларнинг ифоридай
Эсар Жайҳун шамоллари.
Қатлам-қатлам қалб ерлардан,
Қалъалардай алп диллардан,
Муҳаббат исли эллардан
Эсар Жайҳун шамоллари.
Навоийда — “Наҳр ул ҳаёт”,
Берунийни берган Қиёт.
Қорақалпоқдан то Ҳирот
Эсар Жайҳун шамоллари.
Оқар дунё турган қадар,
Бир кафт қуми — дур, ганж қадар.
Термиздан то Урганч қадар
Эсар Жайҳун шамоллари.
О, она юрт, тупроқларинг,
Термизийлар, Куброларинг —
Мангу уйғоқ дарёларинг,
Эсар Жайҳун шамоллари.
Комилжон ҳам Отажондир,
Санъат тонги отган жойдир.
Ҳар сабоси — оҳанг, жондир,
Эсар Жайҳун шамоллари.
Эл-юрт ўсар — диллар ўсар,
Еллар эсар, гуллар ўсар.
Биз кетармиз — йиллар эсар,
Эсар Жайҳун шамоллари.
Тинмас умр сафосидай,
Қутлуғ ҳаёт навосидай,
Мангу Ватан ҳавосидай
Эсар Жайҳун шамоллари.
2005
ЯНГИ-ЯНГИ ЙИЛЛАР КЕЛАДИ
Тоғларингдан кетмагай қорлар,
Юз минг гиёҳ гуллар бўлади.
Янги-янги келар баҳорлар,
Янги-янги йиллар келади.
Янги-янги уйғоқ булоқлар,
Янги-янги диллар бўлади.
Жилғалардай чопиб, ўйноқлаб
Янги-янги йиллар келади.
Гул бозорга ўхшайди ҳаёт,
Янги-янги гуллар келади.
Бўйингга гул ўлчайди ҳаёт,
Янги-янги йиллар келади.
Қалдирғочлар айвонларингда
Вижир-вижир тиллар бўлади.
Орзиқтирган армонларингдай
Янги-янги йиллар келади.
Муҳаббатдан фақат ёлқинлар,
Муҳаббатдан селлар бўлади.
Юракларга солиб тошқинлар
Янги-янги йиллар келади.
Шаҳарларга ўхшар кўнгиллар,
Кимлар кетар, кимлар келади.
Янги-янги порлоқ манзиллар,
Янги-янги йиллар келади.
Заҳматларинг топмагай завол —
Кўприклар ҳам йўллар бўлади.
Толеингга бахш этиб камол,
Янги-янги йиллар келади.
Улуғ бўлар барча инсонлар,
Умр ўтар, умр елади.
Ер юзида қолмас ёмонлар,
Янги-янги йиллар келади.
Дунё, сенинг хор зурёдларинг
Буюк-буюк эллар бўлади.
Эзгуликка қайтар отларинг,
Янги-янги йиллар келади.
2005
ҲАЁТ КЎЗГУСИ
(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига)
Гарчи кўп бўлса-да аймоғи, насли,
Бу ёруғ дунёда ёлғон оз яшар.
Миллат газетадан бошланар асли,
Газета рост ёзса — миллат рост яшар.
Неча авлодларнинг сабру саботи,
“Ўзбекистон адабиёти...”
Тонг чоғи боғлиқ тил, боғлиқ бел билан,
Кетмонни елкага олиб кетган сен.
Каззоб замонларда юпун эл билан,
Сўлғин далаларда заҳар ютган сен.
Сенда шу тупроқнинг унди фарёди,
“Ўзбекистон адабиёти...”
Кимлар яшар эди халифалардай,
Орол қурир эди — чорасиз, абгор.
Бағри ғижимланган саҳифалардай,
Қон ютган муҳаррир, мухбирларинг бор.
Сенда япроқ ёзди элнинг муроди,
“Ўзбекистон адабиёти...”
Жўр бўлиб гоҳ мумтоз хонандаларга,
Кўнгил торларини чертган навосан.
Очиқ ойналардай — хондонларга
Уфуриб киргувчи тоза ҳавосан.
Руҳ ва кўнгилларнинг савту баёти,
“Ўзбекистон адабиёти...”
Сенда йўргакланди қанчалар адиб,
Не-не шоирларнинг тилаги бўлдинг.
Маърифат тарқатиб, зиё тарқатиб,
Ўзинг ҳам юртнинг бир бўлаги бўлдинг.
Ҳазрат Навоийнинг абадий ёди,
“Ўзбекистон адабиёти...”
Келди тошқин солиб охир Ҳуррият,
Эккан кўчатларинг мангу сўлмагай.
Яшнаб камол топса ҳар бир ҳур ният,
Адабиёт ўлмас, санъат ўлмагай.
Она тилимизнинг оби ҳаёти,
“Ўзбекистон адабиёти...”
Ҳали Ватан учун керак чинорлар,
Чин қалблар, қошу кўз, киприклар керак.
Муҳташам сўзлардан тиклаб бинолар,
Шеърлардан йўл билан кўприклар керак.
Сен ҳам Истиқлолнинг уйғоқ зурёди,
“Ўзбекистон адабиёти...”
2005
БУҒДОЙЗОРЛАРИМ
Фермер Гулбаҳор Муродовага
Бир парча нонига қаноат қилган,
Буғдой бошоғидан синоат қилган.
Элим бор, юртим бор — номус, орларим,
Олтин далаларим — буғдойзорларим.
Саҳар юлдузлардан тақиб маржонлар,
Дашту қирларимда отгайдир тонглар.
Жимирлаб кетгайдир кўнгил торларим,
Жимирлаб турсалар буғдойзорларим.
Тупроқнинг ишида эрта-индин йўқ,
Қишдан ғимирласанг — ёзда кўнглинг тўқ.
Яшил, олачалпоқ, азиз қорларим,
Қишда ҳам кўкламим — буғдойзорларим.
Ердаги донни ҳам эгилиб тердинг,
Сен буни ризқ билан насиба дединг.
Деҳқоним — заҳматкаш бургут, сорларим,
Кенг ёйган қанотинг — буғдойзорларим.
Эртан ҳаммаёқни қоплар гул, чечак,
Ниш урган ҳар майса у — бир келажак.
Фермер бўлиб чиқса гулбаҳорларим,
Сиз яшнаб кетгайсиз, буғдойзорларим.
Қўлинг буғдойрангдир, юзинг — буғдойранг,
Пайкаллар қўйнида бу нечук жаранг —
Кулгингдан уйғонди эл, диёрларим,
Янграб силкиндилар буғдойзорларим.
Бу юрт нон ислидир, бу юрт — буғдойбўй,
Гулбаҳор, менга ҳам кўк чойингдан қуй!
Ёзилсин дилдаги бор хуморларим,
Менинг акам, синглим — буғдойзорларим.
Бир хас-сомонинг ҳам жонимга пайванд,
Сен менга онасан, мен сенга — фарзанд.
Мени катта қилган чанг-ғуборларим.
Эй ота маконим, буғдойзорларим.
2005
ТЕМИР ЙЎЛЛАР
Ҳаёт катта йўлга ўхшайди,
Айланади бир умр йўллар.
Уфқларга умид тўшайди
Темир йўллар, бу темир йўллар.
Қайга элтди пахтаю донин
Шунча йиллар, у темир йиллар?
Юксалтирар ўзбекнинг шонин
Темир йўллар, бу темир йўллар.
Кўприклар ҳам дилларга ўхшар,
Эл қалбидай дарёлар, кўллар.
Тилакларга, йилларга ўхшар
Темир йўллар, бу темир йўллар.
Бир зумгина чайқалиб қолди
Ота макон — қирларим, чўллар.
Осмонларни ёнига олди
Темир йўллар, бу темир йўллар.
Сизни ҳасад нечун маҳв этар,
Кўмир диллар, эҳ кўмир диллар?
Ниятларни манзилга элтар
Темир йўллар, бу темир йўллар.
Дунё гоҳо бизга қайрилмай,
Эзгуликни тиллога пуллар.
Ор-номусдай кетар айрилмай
Темир йўллар, бу темир йўллар.
Ким қад тиклаб оламга боқди,
Бағри тўла орзулар, гуллар.
Мақсадларга чечаклар тақди
Темир йўллар, бу темир йўллар.
Ҳар манзил — бир тенгсиз жаҳондир,
Ўтаверар бу умр — йўллар.
Мангуликка қадар равондир
Темир йўллар, бу темир йўллар.
2005
МЕҲНАТ
Ердаги ҳар чумолининг
Сирдошидай ишлаш керак.
Далаларда сингилларнинг
Бардошидай ишлаш керак.
Ишлаш керак, она юртнинг
Қуёшидай ишлаш керак.
Ҳеч бўлмаса шу қуёшнинг
Қардошидай ишлаш керак.
Майсасию бошоғининг
Тилдошидай ишлаш керак.
Дарёси ҳам тупроғининг
Дилдошидай ишлаш керак.
Давру замоннинг эркаси,
Ҳар бир дилбанд — юрт эртаси.
Ҳар бир фарзанд — юрт эгаси,
Юртбошидай ишлаш керак!
2005
УЛУҒРОҚ ИШ БОРМИ ЭЛНИНГ ТИНЧИДАН
(“Постда” газетасига)
Ёмонлик — ёмонда,
Меҳр — дўстдадир.
“Постда” газетаси доим постдадир.
Адолатнинг қўли баланд келса гар,
Разолат доимо тубан, пастдадир.
Бизлар Ватан қурдик — муҳташам, кўркам,
Қадду камолингдан айланай, ўлкам.
Ҳар қизинг синглимдир, ҳар боланг — укам,
Бари очиқчеҳра ҳам орастадир.
Бизни бу дунёда кўролмаганлар,
Бир зум ёмонликсиз юролмаганлар,
Умрида бир кўприк қуролмаганлар,
Бири — ҳасад қилар, бири қасддадир.
Токи фарзандларнинг бедор диллари,
Эзгулик боғининг эсар еллари.
Эй сиз, келажакнинг генераллари,
Сизга ким ҳайрату, ким ҳавасдадир.
Сўранг ҳар чўпону ҳар ўтинчидан,
Улуғроқ иш борми элнинг тинчидан,
Қуёш ҳар тонг берган нур суюнчидан,
Қаранг, қандай жавлон хору хасдадир.
Бир гул япроғига тушса гар титроқ,
Шоирнинг қалби ҳам титрагай шу чоқ,
Сўзлари ҳам уйғоқ,
Ўзи ҳам уйғоқ,
Шоир ҳам бир умр асли постдадир.
2005
УНИВЕРСИТЕТ МАДҲИЯСИ
Қанча улуғ зотларнинг мунаввар дарсхонаси,
Ҳар бир кўҳна ғиштингда замонлар афсонаси,
Мангулик қўрғонида сўнмагай нишонаси,
Уйғонгувчи миллатнинг илму фан кошонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Ўзбекнинг бу дунёда тулпори бор, оти бор,
“Қутадғу билик”лардан бошланган бунёди бор,
Сокин деворларингда алломалар ёди бор,
Садоқат пирхонаси, саодат нурхонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Китоблар узра юз минг кечалар кундуз бўлур,
Устозларнинг орзуси — юз минг ўғил-қиз бўлур,
Маърифат осмонида бу юз минг юлдуз бўлур,
Ёшлик ҳам муҳаббатнинг туганмас таронаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Илм олмоқ оламда улуғ неъмат, улуғ эрк,
Бағрингда вижир-вижир қалдирғочлар тўлуғдек,
Кўрса ҳавас қиларди ўзи султон Улуғбек,
Неча бир авлодларнинг ярқироқ пешонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Бир сўз ўрганмоқ учун кетгай қанчалар сабот,
Асли сўнгсиз синовдир, дорилфунундир ҳаёт.
Сен ўзинг парвоз бергил, сен ўзинг бўлгил қанот,
Сендадир камолотнинг юксалур поғонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
Бизлар тошқин дарёлар — бир жону тан бўлгаймиз,
Тириклик чечаклари — гул-гул чаман бўлгаймиз,
Улғайиб, камол топиб, буюк Ватан бўлгаймиз,
Истиқлол дурдонаси, истиқбол остонаси,
Миллий Университет,
Миллий Университет.
2005
ЁШ ШОИРЛАРГА
Бу диёрда тоғу тош шоир бўлиб,
Ерга тушгайдир қуёш шоир бўлиб.
Ўргатар куйлашни булбул сувлари,
Майса ҳам тебрайди бош шоир бўлиб.
Бундайин ҳеч бир диёр оламда йўқ,
Гул билан гул рангталош, шоир бўлиб.
Сиз унинг заҳматларига дил беринг,
Дардларига елкадош шоир бўлиб.
Дилчироғ шоир бўлингу дилқароғ,
Кетмангиз ҳеч дилтарош шоир бўлиб.
Бу жаҳонда қоралик бор ҳам риё,
Сиз яшангиз нурпош шоир бўлиб.
Шеърият — оташ муҳаббатдир, билинг,
Жону бағрингиз тутош, шоир бўлиб.
Ўйлабон ҳам куйлабон қорин билан,
Ўтмоқ ҳам мумкин ош шоир бўлиб.
Ёр зулфин атридай ёшлик ўтар,
Қолмагайсиз ҳеч ёш шоир бўлиб.
Сиз — элингиз қалбининг мирзолари,
Элга сўз айтинг қуёш шоир бўлиб.
Тенг бўлингиз аҳли олам бирла ҳам,
Қардош ҳам дарддош шоир бўлиб.
Улғайингиз баркамолу безавол,
Юртингизга кўзу қош шоир бўлиб.
2005
ХУШХАБАР
Қиш охири, келди хабар:
Сурхонда бодом гуллади,
Ушбу хабардан ғам тўла
кўксимдаги жом гуллади.
Олам иморатдир азал,
одам иморатдир азал,
Бу кўҳна икки уй аро
девор билан том гуллади.
Хору хаси зар масканим,
эй сен, муаттар масканим,
Ҳар бир мозоринг ўйласам,
бу тонг неча ном гуллади.
Гулга тириклик гул учун,
инсон ҳаёти эл учун,
Шукрона айтгил, сен учун
такрор бу инъом гуллади.
Мен — ҳам баҳорнинг шоири,
мен — ҳам баҳорнинг мухбири,
Бир лаҳзада бир юрт аро
тарқаб бу пайғом гуллади.
Бодомгинам, жону дилим,
юртим менинг, кони гулим,
Термизда гар тонг гуллади,
Тошкентда оқшом гуллади.
Келди менинг ойчечагим,
балдоқлари бойчечагим,
Бўйнидаги холин силаб
ёр зулфида дом гуллади.
Бу хушхабарни шеър қилиб
айтиб югурсам шаҳр аро,
Ҳар бир гуландом гуллади,
ҳар бир дилором гуллади.
2006.19.02.
ШЕЪР ВА КУРАШ
Устоз Абдулла Орипов ва полвон Абдулла Тангриевга
Шеър аро полвон бўлиш осон эмас,
Шеър фақат гул атри ё райҳон эмас.
Шеър — серташвиш умрдир, серазоб,
Шеър — заминдир ҳам, фақат осмон эмас.
Мир Алишернинг буюк беш панжаси
Бор ҳақиқатдир, фақат достон эмас.
Шоиру шеър — якка, сўз майдонида
Шер билан шер олишур, инсон эмас.
Чин кураш майдонидир асли ҳаёт,
Бўлмаса полвонлари — майдон эмас.
Бунда ҳам ранжу алам чекмоқ керак,
Доимо у чеҳраси хандон эмас.
Ору номусдан яралган халқмиз,
Ўлдиролур бизни ор, ёлғон эмас.
Дил муроди, эл муроди ўлмагай,
Паҳлавон Маҳмудлари ўлғон эмас.
Барчинойлар бирлан Алпомишлари
Эскидан қолган қизу ўғлон эмас.
Шаъну шавкат рамзидир Темур бобо,
Шунчаки соҳибқирон хоқон эмас.
Шул сабабдан мард Темурзодалар
Паҳлавондир аввало, султон эмас.
Жисмимизда кеча-кундуз қайнаган
Ота-боболар ғурури, қон эмас.
Енга олмаскан рақибин кимки, ул
Ўзбекистонлик эмас, полвон эмас.
2006
ХХ АСР. ҚАТАҒОН ЙИЛЛАРИ
Бир кунда сотилдилар
Отилмаган шоирлар.
Бир тунда отилдилар
Сотилмаган шоирлар
2006
450 000 ЛОЛА
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган
ўзбек ўғлонлари хотирасига
Ўтар давру давронлар,
Ўтгай алам, ғам, нола.
Ёт элларда сочилган
Тўрт юз эллик минг лола.
Тўрт юз эллик минг лола —
Ўзбекнинг болалари.
Бўстонидан айрилган
Ғунчаси, лолалари.
Кўз олдингга келтирсанг
Бўйларию кўз-қошин.
Тўрт юз эллик минг лола —
Кўкрагида қўрғошин.
Ҳар кўклам кўкка етар
Тўрт юз эллик минг нолам.
Ёт элларда ётибди
Тўрт юз эллик минг болам.
Ўз кўчамдан хайрлашиб
Кетган чангу ғуборим.
Менинг тўрт юз эллик минг
Хазон бўлган баҳорим.
Майса қоплар қирларни,
Еру осмон нурланар.
Сиз — кетган турналарсиз,
Сиз — қайтмаган турналар.
Хотира майдонида
Тошга айланган тонг бор.
Тўрт юз эллик минг ном бор,
Тўрт юз эллик минг бонг бор.
Ўтар давру давронлар,
Эскирмагай хотира.
Осмондай зангордир у,
Лола янглиғ бокира.
Ер юзининг гуллари
Элларнинг ноласидир.
Тўрт юз эллик минг лола —
Ўзбекнинг боласидир.
2005
ФАХРИЙЛАР
Тортган заҳматингиз юкдир дилларда,
Кўрган умрингиздан ҳеч тонмадингиз.
Ёшлигингиз кечди олов йилларда,
Танклар ёниб кетди,
Сиз ёнмадингиз.
Бугун чой ўрнига хотира дамлаб,
Яшарсиз гоҳ шодон,
Ғамгинсиз гоҳо,
Саксон ёшли ўсмир Матёқуб домла,
Саксон яшар бола Назармат бобо.
9.05.005.
ДЎРМОНДАГИ ҲАҚҚУШ
Фасллар кетдилар — ёзу қиш, кўклам,
Умрлар ўтдилар — рўёми ё туш.
Фақат кимларнидир чақириб, йўқлаб,
Бўзлаб қолаверди бунда бир ҳаққуш.
Баъзан ёлғиз қушга ўхшармикан руҳ,
Ўзининг тилида айлаб гуфторни —
Тунлар зору нолон йўқлармикан у
Абдулла Қаҳҳор ё Асқад Мухторни.
2005
УСТОЗЛАР ЁДИ
Букун нолаларим ноламдан ўтди,
Умр қоғоз билан қаламдан ўтди.
Кетди айтилмаган қанчалар калом,
Қанча шеъру баёт оламдан ўтди.
Ажал ов қиларми якка-яккалаб?1
Тўра Сулаймону
Шукур акалар...
Озод домла янглиғ сўз қўрғонлари
Кетдилар.
Дилларда ёд, армонлари.
Қанчу сабру сабот оламдан ўтди.
Гўё Адабиёт оламдан ўтди.
2005
НУҚТАИ НАЗАР
Ватан надир —
Шоҳ шоирини
Соғинчда йиғлатган бир қовунидир.
Шоир кимдир —
Мир Алишер бобонинг
Биринчи ва мангу муовинидир.
Шеър гарчи шоирнинг кўксида ёнган,
Бўғзини куйдирган олов унидир.
Шеърият — гул эмас, чечакмас, асли
Руҳ ва кўнгилларнинг кир совунидир.
2005
УСТОЗ
Доим янграб турсин шеър ила ғазал,
Давру замонимдан қайирма, Худо.
Ҳамма ҳам яшасин, фақат энг аввал
Мени устозимдан айирма, Худо.
Махкам қил эзгулик чегараларин,
Ғамга чулғамагин теваракларин.
Асрагин гулдайин невараларин,
Мени устозимдан айирма, Худо.
У дилларда яшар, ўзи — дилпора,
Тоғдек улуғ, бироқ хасдан бечора.
Бу зорим сенга ҳам етсайди зора,
Мени устозимдан айирма, Худо
Бир буюк, дир даҳшат шоирчалар бор,
Бир-бирин қовуриб ейишга тайёр.
Уларга ҳеч кимни қилма гирифтор,
Мени устозимдан айирма, Худо.
Эсиз шеър ёзолмай юрган пайтларим,
Сувга оқиб кетди қанча дардларим.
Ўтди не-не дўст-ёр, мард, номардларим,
Мени устозимдан айирма, Худо.
Ҳасрат майи тўла бир пиёладир,
Бағри қизғиш, юзи сарғиш лоладир,
Етмиш ёшга бораётган боладир,
Мени устозимдан айирма, Худо.
Менинг энг беғубор чоғларим кетган,
Яшил адирларим, боғларим кетган.
Қанчалар суянган тоғларим кетган,
Мени устозимдан айирма, Худо.
Сўз қадрин, туз қадрин билиб юрдимми?
Бир зум имтиҳонсиз умр кўрдимми?
Паноҳингга олгин элим, юртимни,
Мени устозимдан айирма, Худо.
Одамзот авзойи ўзингга маълум,
Бир умр яшаб ҳам олмагай таълим.
Отадан сўнг турар ахир муаллим,
Мени устозимдан айирма, Худо.
2005
ТИРИКТЕПА
Жаноб Като Кюдзога
Сурхон тупроғида бир ёпон бобо,
Ёпон бобоми ё бир чўпон бобо,
Тепаликлар ошар, ўру қир ошар,
Кўҳна қўрғонларга қоришиб яшар.
Ҳар сопол синиғин пуфлаб, сизлайди,
Неча йиллардир у нени излайди?
Менинг қўнғиротча лафзим англагай,
Термиз десам, дарров таъзим айлагай.
Бу қумлар, қалъалар — тиллардир, дейди,
Сопол синиқлари — диллардир, дейди.
Айтар: бир бўлгандек эзгу ниятлар,
Асли бир бўлгандир маданиятлар.
Оёқ остига ҳам назар қилсинлар:
Бир қум заррасида қанча тилсимлар.
Оламни тенг бўлган, эй соҳиб олам,
Тамаддун олами на ғойиб олам?
Қанча Искандарлар, Кирлар кўмилмиш,
Бунда минг асрлик сирлар кўмилмиш.
Гарчи Бақтрия, гарчи Ёпондир,
Дунё ҳам аслида эски чопондир.
Тарих тегирмони тўхтамас бироқ,
Бобонинг эгни чанг, уст-боши тупроқ.
Ўзи ҳам ер қаърин йиқиб келгандай,
Далварзинтепадан чиқиб келгандай.
Қадим аждодларнинг жисмидай гўё,
Ҳозир Холчаёндан чиқмиш бу бобо.
Тандиркабоб билан уни тўйғиздик,
Оқсоқолга дўппи, чопон кийгиздик.
Қадду қоматию ҳам қисиқ кўзи
Худди Жовлимурод бобонинг ўзи.
Бекорчи гапларга ҳушим йўқ дейди,
Кечиринглар мени, ишим кўп дейди.
Беҳаловат бу жон, тинчимас тана
Дўнгликлар қўйнига шўнғийди яна.
Тепалар қаъридан ахтарар зиё,
Ўзи ҳам бир тирик тепадир гўё.
2005
«ИЛТИМОС, СУЯНМАНГИЗ»
Илтимос, суянмангиз.
Сўзларнинг ҳурматини
Сақлангу сансираманг.
Елкалари яғирдир,
Сизмас, унга оғирдир.
Илтимос, суянмангиз,
Дунёнгиз ҳансираган.
Илтимос, суянмангиз,
отангиз ҳолдан тойган,
У сизни суйиб, суяб
еткизди камолотга.
Бирор зот қолмаганда,
одамзот қолмаганда,
Мозорларга ёш тўкинг,
суянманг жаҳолатга.
Ниш чиқарган куртаклар
ғўраларга айланар,
Бирга ўсган жўралар
тўраларга айланар.
«Дўстлик бору дўстлар йўқ»1.
Дош беринг, куйинмангиз,
Душманга ҳам суянманг,
дўстга ҳам суянмангиз.
Йиллар бўяр бошларни
тирикликнинг қорига,
Қайғу келса — ғам чекманг,
бахтига — суюнмангиз.
Илтимос, суянмангиз
қаллобларнинг зўрига,
Каззобларнинг зарига,
илтимос, суянмангиз.
Мардлик бору мардлар йўқ.
Рост келган оятларда,
Мардларга ҳам суянманг,
суянманг номардларга.
Инсонлари паст кетса
муттаҳам бу дунёнинг
Бобораҳим Машрабнинг
бир сатрига суянинг.
Разолатнинг қўлини
доллартўра ҳалоллар,
Нокасларда ранг бўлмас
қанчалар бўянмангиз.
Менинг гул чаманимга
керак эмас даллоллар,
Илтимос, суянмангиз!
Ҳаёт надир — бир умр
айрилмоқ ҳам куйинмоқ,
Шоҳ Бобур айтгандайин
ўз қалбингга суянмоқ.
Баъзан иши тушмишдир
тўнғизларга туянинг,
Майсаларга суянинг,
қўнғизларга суянинг.
Бу юртнинг кеча-кундуз
далалари бедордир,
Кетмонларга суянган
сингилларингиз бордир.
Курсиларда ястаниб,
ястаниб бўйламангиз,
Сингиллар меҳнатига,
илтимос, суянмангиз.
Сизни улғайтиргандир
сувлари, шамоллари,
Унинг ой-қуёшлари,
тераклари, толлари.
Заҳматларин чекмоқдан
ор этманг, уялмангиз,
Ватанга таянч бўлинг,
Ватанга суянмангиз!
1985-2005 й.й.
* * *
Эй дил, сенинг ёр олдида
озурда бу ҳолинг надир?
Эй жон, жисм қўрғонида
бир кун қилу қолинг надир?
Ё қисматимга ҳалқадир,
ё ҳасратимга нуқтадир,
Эй ёр, сенинг зулфинг билан
ўйноқи бу холинг надир?
Дилдошлигингдан бир сабо,
сирдошлигингдан бир ибо,
Ё ёшлигимдан бир видо —
бўйнингда рўмолинг надир?
Бағримда қонлиғ лолалар,
кўргил, бу аччиқ нолалар,
Қайдин келур — лаблардаги
қанду асал, болинг надир?
Эй одамизот, зорларинг,
савдолару бозорларинг,
Минган бари тулпорларинг,
кўксингдаги ёлинг надир?
Бу даҳр аро инсонмисан,
сомонми ёки донмисан,
Мангуми ёки онмисан,
ўнг, туш ва ё фолинг надир?
Фарзандларингга уй бўлур,
сўнг уйларингда тўй бўлур,
Бир кун кетар чоғинг қолур
терак билан толинг надир?
Солдинг баланд кошоналар,
айвонидан бош айланар,
Бошинг уза тош айланар,
мақсад ва аъмолинг надир?
Умринг бўйи мол истадинг,
кўргил, на иқбол истадинг,
Қаддингни ҳам дол истадинг,
йиққан зару молинг надир?
Келтир букун кўз олдига,
боргунг ахир Ўз олдига,
Энг катта сўнгги ҳовлида
турганда аҳволинг надир?
2006
* * *
Муҳаббатли бу оқшомлар
муборак бўлсин, эй кўнгил,
Яна сенга хуш айёмлар
муборак бўлсин, эй кўнгил.
Яна гулдан назар келди,
гўзал бир хушхабар келди,
Бинафша бўйли пайғомлар
муборак бўлсин, эй кўнгил.
Йигитлик бир келар отдир,
баҳор ҳам бир мукофотдир,
Тирикликдан бу инъомлар
муборак бўлсин, эй кўнгил.
Изингни юзларидан кўр,
ўзингни кўзларидан кўр,
Бу раънолар, дилоромлар
муборак бўлсин, эй кўнгил.
Очиб дилбарлигин дилбар,
қўшиб дилдорлигин дилдор,
Сенга бундоқ гуландомлар
муборак бўлсин, эй кўнгил.
Сенинг ҳолингни танг солмиш,
тушиб бўйнига чанг солмиш,
Яна ёр зулфидин домлар
муборак бўлсин, эй кўнгил.
Бу — кўнгил бирла гул васли,
бу — дил фасли, кўнгил фасли,
Бу дилбар лоладин жомлар
муборак бўлсин, эй кўнгил.
Тўлиб кўксимга сиғмайсан,
келиб бўғзимга сиғмайсан,
Яна кўнгил деган номлар
муборак бўлсин, эй кўнгил.
2005
* * *
Гулни дилга бойлаган
ёқанг аро жон бермишам,
Дилни гулга бойлаган
ёқанг аро жон бермишам.
Икки зулфинг халқасини
сирғаларга чоғлабон,
Бир-бирига шайлаган
ёқанг аро жон бермишам.
Кокилингдан қизғаниб
бир кокилингни, сўнг уни
Сийналарга тайлаган
ёқанг аро жон бермишам.
Ушбу ҳолдан завқланиб,
сўнг елкаларни айланиб,
Бир-бирини пойлаган
ёқанг аро жон бермишам.
Беркиниб оламга ўт
солгай ахир бир тола соч,
Олам ўтин жойлаган
ёқанг аро жон бермишам.
Шунча давлат даврасида
шунча давлатдин кечиб,
Оқ бўйинни сайлаган
ёқанг аро жон бермишам.
Холу зулфинг фитнасига
фитна бирлан қўшилиб,
Фитнабозлик айлаган
ёқанг аро жон бермишам.
2006
* * *
Зулфлариким икки ёндин тарқамиш,
Ҳар бири бир жон олурга ҳалқамиш.
Ёқа остидан кўрингай холлари,
Ё менинг ошиқлигимни пайқамиш.
Сочлари тунга қаролик ўргатиб,
Ой нурини юзларига чайқамиш.
Мен уни кўкракларимда асрасам,
Ул мени киприкларида сақламиш.
Беллари бордир қамишнинг белидай,
Нола қилгум мен мисоли найқамиш.
2005
* * *
Менда кўнгил торларию
сенда зулфинг торлари,
Зулфларингнинг торларидан
менга кўнгил дорлари.
Қоматингдан зар ёғар,
сийминбадан, атласнигор,
Кўйлагингнинг зарларидан
менда кўнгил зорлари.
Қанча дилни зулфларингдан
белларингга ташлагай,
Сочларингнинг белларинг
бирлан бузуғ гуфторлари.
Қошларинг ёй тортибон,
киприкларинг тургай қатор,
Йўлдан ургай кўзларинг ё —
фитнабоз ғаддорлари.
Қадду бастингдан ҳаётга
қанчалар рангу ривож,
Гул бўлиш дарсин олур
сендан гулу гулзорлари.
Кетмагай дилдан баҳору
ҳам тирикликдан ифор,
Бунча ҳам дилдор экандир
бу шаҳр дилдорлари.
Сен қадам каклик юришлар
бирла қўйгил жонима,
Гул қадамлардирми нозик
ё кийик рафторлари?
Сержаранг янграр умр ҳам
икки тор бирлашса гар,
Менда кўнгил торларию
сенда зулфинг торлари.
2005
* * *
Кипригингга қор қўнибдир,
қошларинг устида қор,
Юзларингдан қорга ҳам
не бахтиёрлик, эй нигор.
Зулфларинг узра илашган
оқ хаёлимдир менинг,
Ярми олам оқ хаёлдир,
ярми олам оқ ғубор.
Қора холинг узра ҳам
тушмиш ажиб гулгинаси,
Нуқта бирлан нуқта гўё
учрашибдир интизор.
Сўйласам киприкларингдан
орамиз йилларчадир,
Ушбу қорнинг шарҳи мен
тортган у ҳижронларча бор.
Сен қизил гул бирла қорнинг
оқ ҳарир рақсини кўр,
Лабларин очгайми ёр,
ё лабларин ёпгайми ёр.
Икки қумри бир-бирига
мунғаяр шохлар аро,
Иккиси ҳам икки ҳижрон,
икки дилдир, икки зор.
Ёр ёрлик қилмаса гар,
кетса қордай чарх уриб,
Эй кўнгил, ўксинмагил,
қиш ортидан келгай баҳор.
2005
МИР АЛИШЕР НАВОИЙ ҒАЗАЛИГА
МУХАММАС
Кўнглим очилиб, ўйлаки орзу била ўйнар,
Кўрганда юзинг, орзуси қайғу била ўйнар,
Қайғуси яна завқ ила туйғу била ўйнар,
Зулфинг очилиб орази дилжў била ўйнар,
Ҳинду бачае шўхтурур су била ўйнар.
Кечдим шу замон қолган умр, бори ҳавасдин,
Жон куйдию, фарқ қолмади дил бирла нафасдин,
Кўнглим отилиб, ишвасидан, чиқса қафасдин,
Ул шўх кўнгил лавҳин этиб тийра нафасдин,
Бир тифлдур, алқиссаки кўзгу била ўйнар.
Юзи ўзидин мағруру ҳам ўзи юзундин,
Киприклари дарс олган эрур икки кўзундин,
Бир жилваси — минг шеваю афсона ҳусндин,
Ўйнай-ўйнай боғлади уйқумни фусундин,
То ғамзаси ул наргиси жоду била ўйнар.
Гул ҳам сени кўрганда чаман ичра уёлиб,
Қолгайму лабинг олдида қонига бўёлиб,
Қаддинг била қатлинг манга ғоятки муносиб,
Тонг йўқки кўнгил бўлса кўзунг бирла мулоиб,
Мажнунга ажаб йўқ агар оҳу била ўйнар.
Сочлар туну, юз — ойми, қуёш — анвар ичинда,
Зулфлар ичида бўйунларинг анбар ичинда,
Бўйнунгга боқиб ўлсам агар ғамлар ичинда,
Бир лўлийи бозигар эрур чанбар ичинда,
Холингким ўшал ҳалқаи гесу била ўйнар.
Дунё ишида бордир азал икки тарафким,
Ул меҳру муҳаббатдир, бири — қаҳру ғазабким,
Ағёр била дўст кулса агар, қилма сабабким,
Зоҳид била нафс этса тамасхур, не ажабким,
Ит сайд қилур вақтида тулку била ўйнар.
Бу меҳру вафо олам аро кўҳна гурунгким,
Кўнгил тилаган ҳамдаму ёр бирла юрунгким,
Бу умр йўлин сидқу сахо сори бурунгким,
Муғ дайрида маст ўлса Навоийни кўрунгким,
Бир олма киби гунбади мину била ўйнар.
2005
* * *
Ўлтирар бўлса ёнимда
нозаниним соч тараб,
Ёнида мен ўлтиролмасман
унга бефарқ қараб.
Қўлларим ҳам ул томон
боргайверар тинч турмайин,
Гоҳи сочин ўйнагайлар,
гоҳида зулфин бураб.
Зулфларини қошларига
келтириблар ўйнасам,
Кўзлари ўйнаб кетар
ёлғондакам қатлим тилаб.
Қўлларимга урса гар,
мен белларидан ушлагум,
Сақлагим келгай қучоғимда
кийикдай эркалаб.
Чимчилаб олсам лабидин
икки бармоғим билан,
Ваҳ, нечук титроқлари бор,
ваҳ, нечук лабдир бу лаб!
Сен гули раъно десам мен,
сен ўзинг танҳо десам,
Бўйнида холи кўрингай
ногаҳон божин сўраб.
Кечалар ойсан дебон ухлатмасам,
кун бермагум
Сен қуёшимсан дея
уйқуларида эрталаб.
Хушқилиқлардан гўзалдир
икки кўнгил, бир ҳаёт,
“Дилбарим нозикмижозу
мен бағоят беадаб”.1
2005
НАСТАРИН СЕВГИ
Икки кўнгил, икки дил осмон эди,
Икки соҳил, икки йўл бир ён эди.
Иккимизга осмон айвон эди,
Ёр, ширин кулганларинг ёдимдадир.
Ёширин келганларинг ёдимдадир.
Тун ароким сирли сой бўлганларинг,
Зулф очиб, тунга чирой бўлганларинг.
Кўксим осмонида ой бўлганларинг,
Ёр, ширин кулганларинг ёдимдадир,
Ёширин келганларинг ёдимдадир.
Очилиб боғ ичра бир боғ настарин,
Иккин кўнгил — икки қирғоқ настарин.
Севгимизда энг гўзал чоғ — настарин,
Ёр, ширин кулганларинг ёдимдадир,
Ёширин келганларинг ёдимдадир.
Севгисиз ном, севгисиз ёд бўлмагай,
Ишқ ўтидин бехабарлар билмагай.
Бундайин шому саҳарлар келмагай,
Ёр, ширин кулганларинг ёдимдадир,
Ёширин келганларинг ёдимдадир.
Тушда ҳам гул, ҳушда ҳам ўнгимда гул,
Тўлғонодир бир қучоқ қўйнимда гул.
Бир умр кетсанг қолиб бўйнимда гул,
Ёр, ширин кулганларинг ёдимдадир,
Ёширин келганларинг ёдимдадир.
2005
* * *
Гулсанамнинг гул бўлиб турмоқлари,
Гулни лаб бирлан суйиб, кулмоқлари.
Лаблар узра гулмидир ё гулми лаб,
Лабми ё гул ичра гул япроқлари?
Чеҳраси сутга чайилмиш ёки сут?
Кўкдаги ой ҳам унинг қаймоқлари.
Зулфлари гул ёқасига чанг солиб,
Изларидан ўт ёқар балдоқлари.
Порлаган осмонда юлдузлар эмас,
Кўзларининг бор уруғ-аймоқлари.
Гулни қониданми олмишларми ранг,
Дил қониданми хино тирноқлари?
Беллари гул дастасининг белидай,
Юрса гар — гулдастанинг юрмоқлари.
Енгларин ҳам инжа гулзор айламиш,
Енгмидир бу ё дилим қирғоқлари?
Қўйнима титратма солди бир кеча,
Кетмагай жондан сира титроқлари.
2005
СЕВИШГАНЛАР ҒАЗАЛИ
Тўлин бўлмиш тўлин ойинг
келинчаклик либосида,
Сенинг бахтинг, сенинг тахтинг
унинг нозу ибосида.
Фалак оина тутмишдир,
бу кеч моҳин унутмишдир,
Ул ой ёнингга тушмишдир
ҳама нуру зиёсида.
Сенинг Ер бирла Осмонинг,
йигитлик — давру давронинг,
Сенинг бор орзу армонинг
унинг зулфи сабосида.
Ҳаёт бор то садоқат бор,
нафосат бор, латофат бор,
Қара, қанча назокат бор
кўзу қоши қаросида.
Бу оқ тушдай хуш айёмлар,
бу оққушдай хуш оқшомлар,
Кўнгиллар ишқ тўла жомлар
кўнгил базми сафосида.
Азал дил ранги гулрангдир,
ғазал, куй ранги дилрангдир,
Шунинг-чун рангли оҳангдир
муҳаббатнинг навосида.
Етишган дилбаринг тенгсиз,
дуринг ҳам гавҳаринг тенгсиз,
Зиёлар сўнмасин ҳаргиз
ҳаётингиз ҳавосида.
Юраклар янги қолгайдир,
умрда ранги қолгайдир,
Муҳаббат мангу қолгайдир
ики дилнинг вафосида.
2005
МЕНИНГ ШАЙДОЛИГИМ
Ошиқ укам Шерзодга
Менинг шайдолигим, дўстлар,
ўшал Тошкан қизидандир,
Гаҳи шошган, гаҳи дарё
бўлиб тошган қизидандир.
Юзи офтобу ойидан,
кўзи ҳам юлдузидандир,
Сочи бирлан жамоли
кеча бирлан кундузидандир,
У бир жайрон, дилим жайрон
мисол доим изидандир.
Нечун маҳзун, нечун мажнун,
не янглиғ андалиб бўлдим?
Ўзим дил қонима, дўстлар,
бутунлай рангланиб бўлдим.
Бу шаҳр ичра санамлардин
деярли алданиб бўлдим,
Дилим қони хиноси ҳам
лабининг қирмизидандир,
Умидим лек ҳамон
киприклари бирлан кўзидандир.
Сиз, эй феруза айвонлар,
боқиб енгил кулинг менга,
Сен, эй хилват хиёбоним,
хазонинг ҳам гулинг менга,
Сиз, эй фавворалар, энди
қайинсингил бўлинг менга,
Севилмак гул фаслдандир —
ўғилдандир, қизидандир,
Етишса ҳар ким ўн етти
ва ё ўн саккизидандир.
Саҳарлар оҳи, булбул
жилғаларнинг ноласиман мен,
Ки ҳижрон даштининг ёлғиз
сариғ бир лоласиман мен,
Бу дунёда муҳаббатнинг
мусофир боласиман мен,
Бу савдолар йигитликнинг
баҳори ё кузидандир,
Ўтолмасман кўнгилнинг ҳам
ўзидан ё юзидандир.
2005
“ЁШЛИК”ДАГИ СУРАТИМГА
Бу бир даврон экан, дўстлар,
билинмай ўтдию кетди,
Баҳорим лолазор қирда
ялинмай кутдию кетди.
Ажиб оққуш экан ёшлик,
ҳали ёр зулфидан тутмай,
Баногоҳ патларини
қўлларимга тутдию кетди.
2004
ЎН САККИЗ ЙИЛДАН КЕЙИН
Гул юзинг, гул қоматинг,
гулғунча япроғинг қани?
Гул уза шабнамдайин
жон ичра титроғинг қани?
Ўтди ўн саккиз баҳору
ўн саккиз минг боғбон,
Эй гуландом, ўн саккиз
ёшингдаги боғинг қани?
2006
ФИЛФАКНИНГ ҲИЛОЛАСИ
Елкангда шамоллару
Сочларнинг шалоласи.
Қайга шошаётирсан,
Филфакнинг Ҳилоласи?
Қошу кўзинг, юзларинг
Балоғат сулоласи.
Қайга шошаётирсан,
Филфакнинг Ҳилоласи?
Достон аро саҳрода
Мажнун бўзлар: о, Лайли!
Филфакнинг Ҳилоласи,
Лайли сенми ё Лайли?
Ойлар ўтар онлардай,
Баҳору ёз қиш бўлар.
Сенинг ҳижрон дарсида
Баҳоларинг “беш” бўлар.
Азал қийин савдодир
Бир сочу дил толаси.
Неларни ўйлаб қолдинг,
Филфакнинг Ҳилоласи?
Бу дунёда чин гулга
Чин бахту чин илҳақ йўқ.
Уйғонасан бир тунда:
Филфак қани? Филфак йўқ!
Атиргулларда — шабнам,
Ҳаёт ранглар алмашар.
Киприкларинг нечун нам —
Тушунмайди олмошлар!
1982
СУҚРОТ АЙТАДИКИ...
Суқрот айтадики: — Бино бўлурсан,
Дунёга қўшилиб дунё бўлурсан.
Ўсиб, камол топиб, вояга етиб,
Бир йигит бўлурсан — барно бўлурсан.
Бир гўзал, нозанин қизга уйланиб,
Балки саодатда танҳо бўлурсан.
Ғам чекма, хотининг ёмон чиқса гар —
Файласуф бўлурсан, доно бўлурсан.
2006
* * *
Ёшлигинг бир-бир ўтиб бормоқдадир,
Не сеҳр, не сир — ўтиб бормоқдадир.
Вола, зор дилдирми ёки нолазор?
Лолазор қирдир, ўтиб бормоқдадир.
Ерда — ёрнинг қошлари, кўкда — ҳилол,
Мисли уч шамшир ўтиб бормоқдадир.
Ёр ҳам жайрон мисол жавлон қилар,
Қил бирор тадбир, ўтиб бормоқдадир.
Зулфлари, кокиллари айлар шитоб,
Бу қатор занжир ўтиб бормоқдадир.
Кетди сувда қўлларингдан гул тушиб,
Бул нечук тасвир — ўтиб бормоқдадир?
Тонгмидир бу ёки оқшом юлдузи?
Барчаси бирдир — ўтиб бормоқдадир.
Мавжмидир, дарёми, соҳил ё шамол,
Бори кўнгилдир — ўтиб бормоқдадир.
Неки йиллар интизор этмиш сени,
Оқу қорамтир ўтиб бормоқдадир.
Ўйлаким, ёшлик эмас, умринг аро
Ранг-баранг тақдир ўтиб бормоқдадир.
2005
МЕНИНГ ҲОЛИМНИ...
Менинг ҳолимни дил жомларга айтар,
Улар ҳам турфа хайёмларга айтар.
Гуландомимга айтсам дил сиримни,
Гуландомим гуландомларга айтар.
2006
ЁРНИНГ ОЙНАСИ
Ойнангда хонанг кўринди,
Хонангда ойнанг кўринди.
Мен сени кўрай девдим, ёр,
Ойнангда онанг кўринди.
2004
* * *
Қоши қаролар, кўзи қаролар,
Солди бошимга жабру жафолар.
Қошлар қиличдир, қоматлари ҳам,
Жону дилимда шундан яролар.
Кўз бунчалар ҳам қаро бўлурми,
Кўзданми шунча мотамсаролар?
Лабларда ранги, зулфларда жанги,
Рангларми ёки рангин балолар?
Кўйлаклари гул — куйдиргусидур,
Ўлдиргусидур бундан саболар.
Элдан ниҳон бир каптарлари бор,
Оламни бузган қўш можаролар.
Фасли баҳордай — қайдин келодир,
Қайга кетодир бу дилраболар?
Кўкларга бир кун учгайсан, эй жон,
Зангор ҳаволар, мовий самолар.
Сендин сўрсалар, олдилар, деб айт,
Қоши қаролар, кўзи қаролар.
2005
* * *
Эй лоларухлар, сизгадир
кўнгил тилакларим,
Кўклам лола тутар, нечун
қондир юракларим?
Ўтар баҳору севгию
йигитлик палласи,
Кетмоқ учун очилмишларму
гул чечакларим?
Кетган — ишқу муҳаббату
ҳам шу баҳор қадар —
Бинафша лолалар эмас,
кўнгил бўлакларим.
Уммидларимни ун қилиб,
бошимга сепди сўнг,
“Чамбарларидан айлади
гардун элакларим”1.
Япроқларинг ёмғирмидир,
эй настарин гулим,
Ё ёшлигимга йиғлади
кеча фалакларим?
Кўнгил изидан даҳр аро
кетдимки шунчалар —
Мажнун ҳам топгаймикин
излаб даракларим.
Тонг чоғи бир насим ўйнаб
келтирди хуш ифор,
Шоядки ул ёр зулфига
бордир керакларим.
Бу боғ аро орастаю
озода қолгайсиз,
Эй лоларухлар, сизгадир
кўнгил тилакларим.
2005
БИТТА ДИЛДОШ БИЛСА БАС
(Олдинги китоблардан)
ШУКУҲ
Қай бир ошиқ дилдан эпкин елдими:
“Онажон, билмадим, Наврўз келдими?”
Ёруғ ниятларнинг амалими бу?
Ёки тирикликнинг самарими бу?
Кўзимга кўз суртар малоҳат тенгсиз,
Онажон, бу олам бунчалар чексиз!
Тилагим гул бўлар қаерлардадир,
Юрагим бу кунлар сайрлардадир.
Неки армон бордир, неки орзу бор,
Умидлар дунёсин неки арзи бор —
Бари якдил бўлиб туюлар менга,
Ажиб тақдир бўлиб туюлар менга.
1985
* * *
Ҳасрат ўчоғида ўтинман, ёмғир,
Қисмат қирғоғида тутунман, ёмғир.
Бунчалар мулойим, илиқ ёғурсан,
Онам йиғладими бу тун ҳам, ёмғир?
* * *
Уфқлар, қирлару осмонгача қор,
Тошкентдан Термизу Сурхонгача қор.
Она, бул соғинчни қандоқ ёзайин,
Ўртамизда чексиз оппоқ варақ бор.
* * *
Ёмғирлар йиғлашиб сел бўлди, она,
Соғинчлар бирлашиб йил бўлди, она.
Тўпланиб-тўпланиб барча оғриқлар
Менинг кўкрагимда дил бўлди, она.
1995-2000
ОНАМНИНГ КАЛИШЛАРИ
Бунча ҳам қаттиқ экан
Қисматнинг болишлари.
Кўз олдимдан кетмас ҳеч
Онамнинг калишлари.
Улар остонасида
Турар бир жуфт абгордай.
Кўзимга бутун дунё
Кўринади айбдордай.
Яшайдирман гарчи қўл,
Юзларини соғиниб.
Калишлари даҳлизда
Тураверар оғриниб.
Дардимни яширгайман
Онам ҳолим сўрганда.
Калишлари валекин
Барин билиб тургандай.
Гарчи тилсиз, забонсиз,
Хомуш, беозордайлар.
Бор дарду ҳижронимдан
Улар хабардордайлар.
Онамнинг кўзёшидан
Бўлса болишлари нам.
Назаримда кечалар
Йиғлар калишлари ҳам.
Улар ҳам гўё мени
Ўртаниб ўйлагайлар.
Бахту бахтсизлигимдан
Қиссалар сўйлагайлар.
Соғинчнинг деворлари
Ёмғирларда емрилган.
Улар ҳам онам каби
Йўлларимга термулган.
Мол йиғмадим мен, аммо
Сув сўрганга сой бердим.
Бир кўнглим бор эди, лек
Мен уни ҳам бой бердим.
Бу дунёда ниҳоят
Бир ҳикматни илғадим.
Калишларни юзимга
Босиб, келар йиғлагим.
Онамнинг калишлари...
Бир умрлик қарзимдай.
Патакларин кўзимга
Суртиб ўлсам арзигай.
1999
ҲАЁТ ҚЎШИҒИ
Кимлар алвон кийдилар,
Кимлар армон кийдилар.
Кимда бору кимлар зор,
Буни ҳаёт дейдилар.
Кимлар гул деб суйдилар,
Кимлар тушга йўйдилар.
Оқу қора ранглари,
Буни ҳаёт дейдилар.
Кимлар ёнмай куйдилар,
Кимлар қонмай тўйдилар.
Ким бемору ким безор,
Буни ҳаёт дейдилар.
Гулларини жийдалар
Кўзёшингга чайдилар.
Бунча азиз ислари,
Буни ҳаёт дейдилар.
Қанду новвот дейдилар,
Лек ичларин ейдилар,
Кўролмайин ким-кимни,
Буни ҳаёт дейдилар.
Яна эсиб келдилар
Шамолларинг — дайдилар.
Кимлар бору кимлар йўқ,
Буни ҳаёт дейдилар.
Бўлса ҳамки бедиллар,
Баланд яшанг, эй диллар.
Қанотлари қайрилмас,
Буни ҳаёт дейдилар.
2001
ВАТАН
Дил пораси, кўз қораси
сен ўзингдирсан,
Менинг кўнглим сен аслида,
сен кўзимдирсан.
Томиримда томир ёйган
илк сўзимдирсан,
Илк оғриғим, илк ёмғирим,
найсоним, Ватан.
Қир устида ёнбошлаган
бобом чайласи
Бу дунёда кимларнингдир
орзу-ҳаваси.
Димоғимда — юлдуз иси,
шабнамлар иси,
Момом экиб кетган кашнич,
райҳоним, Ватан.
Қулоқ солсам шивирлагай
ҳатто тошларинг,
Ою қуёш, камалаклар
кўзу қошларинг.
Бешигимни тебратгандир
қалдирғочларинг,
Ою қуёш кўрпа солган
айвоним, Ватан.
Бўронлари тулпорларга
тунлар ёл бўлган,
Бир ўғлони чинор, бири
мажнунтол бўлган.
Темурлари отдан тушмай
жаҳон лол бўлган,
Жаҳонларга тўлуғ
шоҳу султоним, Ватан.
Валилардан ибрат сўйлар
жулдур саҳролар,
Сўнди қанча салтанатлар,
қанча туғролар.
Мақбаралар айтсин лекин,
айтсин Зуҳролар:
Ер остидан суҳбат айлар
ҳануз Кубролар,
Термизийлар бедор ётган
қўрғоним, Ватан.
Не тонг эди — изғиринлар
заҳрини тотдинг,
Дастурхонда музтар қолди
қанду наботинг.
Шаҳидларнинг руҳларидир
ҳар бир работинг,
Абадий ёд эрур асли
адабиётинг,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам
Усмоним, Ватан.
Мен дунёни не деб айтай?
Бу бир кўҳна боғ,
Ўз билганин сайрар бунда
ҳар қумри, ҳар зоғ.
Асло сенинг бағирларинг
кўрмайин мен доғ,
Юлдузларга осмон бўлган
эй нурли тупроқ,
Осмонлари еру ери
осмоним, Ватан.
Сўқмоғингда мен бир эпкин
ё бир насимман,
Япроқ сенинг, хас бўлсам гар
сенинг хасингман.
Жайронларинг кўзларида
қолар сўзингман,
Менинг борим сен биландир,
йўғим сен билан,
Катта йўлга чиққан улуғ
карвоним, Ватан.
1994
БАҒИШЛОВ
Қуёшу ой кеча-кундуз
азал посбони бўлган юрт,
Гўзал Чўлпонларию ҳам
гўзал осмони бўлган юрт,
Сен, эй, шаъни баланду ҳам
баланд айвони бўлган юрт,
Тикилсам гар, севинчдандир,
кўзимдан кетмагай намлар.
Сени мен хасларингдан,
сасларингдан ўрганиб ўсдим,
Чинорлардай сабоғинг,
дарсларингдан ўрганиб ўсдим,
Бешикдан мен сенинг
ҳикматларингга бурканиб ўсдим,
Дилимда Яссавийлар,
Термизийлар ёқдилар шамлар.
Азиз сингилларим янглиғ
ниҳолинг, толларинг ўпсам,
Гулу гулшанлар ичра гул,
гул ичра холларинг ўпсам,
Дилу дилбандларинг айтсам,
асал ҳам болларинг ўпсам,
Менга шул анжуман басдир,
на даркор ўзга ҳамдамлар.
Жаҳон ичра ғараз кўпдир,
ғалат иш кўпу ғулғул кўп,
Ватан танҳо бўлур, гарчи
жаҳонда шоҳу дулдул кўп,
Бу гулшанга бизим янглиғ
келиб кетгувчи булбул кўп,
Ватан, сен мангу бўстонсан,
баётим — сенга шабнамлар.
Саломат бўл, чекан жабру
ғаму оғриқларинг етгай,
Қўлинг етгай жаҳонларга,
қошу киприкларинг етгай,
Ўғил ҳам қизларинг етгай,
йўлу кўприкларинг етгай,
Тилай сенга саодатлар,
хуш айём, мангу байрамлар.
2000
АЗИМ ЧИНОР
Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаевга
Ҳар қандайин ўсмирнинг орзу-нияти
Улғайсам дер, мен ҳам бир кун мўйлаб қўйсам.
Сизда азим чинорларнинг салобати,
Бургутларнинг ҳайбати бор ўйлаб кўрсам.
Умрларнинг китобида ҳар варақдан
Термулгайдир қанча зору маъюс бобо.
Шеър ўқисам муҳаббату ёшлик ҳақда,
Кўзларингиз намланди-ку, раис бобо!
Чинорларнинг шивирлари боғларимда,
Мен бу қутлуғ манзиллардан наво олдим.
Фахр этгум, айни йигит чоғларимда
Сиздай улуғ чинордан ҳам дуо олдим.
Инсонлар бор, бир дилга ҳам қолдирмай из,
Ўзларига қаср қурган, қўрғон қурган.
Сиз бир оддий темирчининг фарзандисиз,
Ёшлигидан ўзин ўтга, чўққа урган.
Ўтмаса гар эзгуликка хизмат айлаб,
Кимга, нега кераги бор жон ва таннинг?
Сиздай бағри бутун, оқил зотлар сабаб
Бағри бутун бўлгай доим бул Ватаннинг.
Чертиб кўрсам ўз кўнглимнинг торларини,
Сухан бошлар қанча зору маъюс бобо.
Сочларингиз Сангардакнинг қорларими,
Умрингизга умр берсин, раис бобо!
Шукрона бор ҳар нафас, ҳар сўзингизда,
Бўлмаса бу шону шараф, обрў қайдан?
Омон бўлсин тоғдай баланд кўксингизга
Энг мўътабар юлдузини таққан Ватан!
1997
ПОЛВОН
Укам Алпомишга
Чўққилардан виқор кетмас, қор кетмас,
Қоялардан қийғир кетмас, сор кетмас.
Бир боласи ўсиб, полвон бўлгунча
Бир отадан заҳмат кетмас, кор кетмас.
Қай ул кунким қадам босди эрлари,
Гурсиллади ногоҳ Сурхон ерлари.
Тўйларида хизмат айлаб, Шерали
Ҳофизларнинг қўлларидан тор кетмас.
Тупроғида дарёлари қўш оққан,
Бошларидан зар ёққан, кумуш ёққан.
Азал Темур буваларга хуш ёққан
Полвонларнинг юрагидан ор кетмас.
Букун завқу ғурурларга тўлсангиз,
Алпомишга ҳайкал қўймоқ бўлсангиз,
Шу полвоннинг бўй-бастидан ўлчангиз,
Излаб келса тулпор Бойчибор кетмас.
Тақдир, унинг изларини бор қилгин,
Ойбарчиндай бир сулувга ёр қилгин,
Уйларини бешикларга тор қилгин,
Бу уйлардан ифор кетмас, ёр кетмас.
Бориб полвон ўғлонлари элимдан,
Шараф топиб қайтса етти иқлимдан,
Кўзда ёшим, менинг шоир дилимдан
Бир умрга фахру ифтихор кетмас.
1998
БИР ФАРЗАНД ЎСТИРГАНИНГ...
Сен ёлғиз эмасдирсан,
Бу дунёда миннат бор.
Ҳар инсон боласининг
манглайида бир хат бор.
Яхшилик ҳам туганмас,
ёмонлик ҳам фақат бор.
Ва лекин бир гул диёр
куй-ғазал, булбул диёр —
Унда битмас муҳаббат,
унда меҳру шафқат бор.
Қуёш ҳам Меҳр ахир,
оламда айлангайдир.
Меҳрсиз жойда умр
мотамга айлангайдир.
Кўнглинг очсанг майса ҳам
болангга айлангайдир.
Бошинг узра Ватанинг
Онангга айлангайдир.
Бир кун бу полапонлар
одамга айлангайдир.
Эл номин осмон этиб,
оламга айлангайдир.
О, ҳаёт кўчаларинг,
ғунча ҳам гулчаларинг!
Меҳрибонлик уйида
мен кўрдим қўлчаларинг,
Бўстонимда саф тортиб,
очилгувчи гулларим.
Болам десам, ҳар доим
жимирлаган дилларим.
Менинг бедор маконим,
чароғон манзилларим.
Бийрон тилим ўзингиз,
менинг уйғоқ йилларим.
Сиз менинг жаҳонларга
элтар кўприк, йўлларим.
Қора қош ҳам қора кўз
қанча бола бу юртда.
Тириклик чечаклари,
гул ҳам лола бу юртда,
Ой-қуёш ҳам бир тўхтаб
ўйлар: қолай бу юртда.
Сувларидан, куй бериб,
куйлар олай бу юртда.
Юртим десам, онам у,
онам десам, бу — юрт-да.
Сен ёлғиз эмассан, юрт,
меҳрдир дўст тутганинг.
Заҳматларни жим торта,
дунёга кўз тутганинг.
Улуғларинг хокини
кўзларингга суртганинг.
Бир фарзанд ўстирганинг —
бир Ватан ўстирганинг.
Бир ўғлон ўстирганинг —
бир қўрғон ўстирганинг.
2004
ВАТАН ҚЎШИҒИ
Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳга
Мен Ватанни севаман,
Танда жонимдир Ватан.
Юлдузлари кўзимдир,
Осмонимдир Ватан.
Киприкларим варақлар,
Ой саҳфалар чарақлар.
Тошлари ҳам ярақлар,
Нур баёнимдир Ватан.
Мендан ёш, лекин қутлуғ
Етти пуштимдан улуғ,
Бағри ҳикматга тўлуғ,
Дур маконимдир Ватан.
Тоғи — Бухорий бобом,
Боғи баҳорий бобом.
Темур — суворий бобом,
Шоҳжаҳонимдир Ватан.
Нақшин нигор бешигим,
Қуёш очган эшигим.
Отам айтган қўшиғим,
Жонажонимдир Ватан.
Менда кўпдир ҳур ният,
Энг азизи — Ҳуррият.
Шарафинг — абадият
Шараф-шонимдир, Ватан.
Доим ёруғдир йўлим,
Бу шеърни айтди кўнглим.
Ватан — Шукрона синглим,
Онажонимдир Ватан.
1997
МИР АЛИШЕР
Тирикликнинг бонги Навоий,
Буюкликнинг ранги Навоий.
Бир ёришди зим-зиё олам,
Туркийларнинг тонги Навоий.
Беш асрлик рўёдир дунё,
Беш асрлик ўнги Навоий.
Бир уммонким, ибтидоси йўқ,
Йўқдир унинг сўнги — Навоий.
Ўтган сайин илдамлаб кетгай,
Борган сайин янги Навоий.
Ватан каби поёни йўқдир,
Ватан каби мангу Навоий.
2000
НАВОИЙНИ ЎҚИШ
Ҳар бир калла,
Ҳар бир бош
Жаҳолатдан қўрқиши керак.
Ҳар бир бола,
Ҳар бир ёш
Навоийни ўқиши керак.
Ҳар бир ота,
Ҳар бир мўйсафид
Умр ҳикматларин кўрсатиб,
Нафс арқонларин қирқиши керак,
Фарзандлари, набирасига
Навоийни ўқиши керак.
Бир болага — бутун мамлакат,
Баъзан эса қирқ киши керак.
Бешиклардан тушиб болалар
Навоийни ўқиши керак.
Сиз дейсиз: Йўл топиши керак,
Уй қуриб, пул топиши керак,
Йўқ-йўқ, у ор қилиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Самарқанду Бухоро, Термиз
Тўйларида барчамиз жаммиз.
Бизлар ахир кимлардан каммиз?!
Элга олам олқиши керак,
Оламга тик боқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Берунийлар, ибн Синолар,
Улуғбеклар, Бобур Мирзолар
Қуриб кетмиш қандай бинолар!
Ёш кўнгиллар қалқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Ватан азал битта Ватандир,
У биз учун сўлмас чамандир.
Шул сабабдан бола чоғлардан,
Майса чоғлар, лола чоғлардан
Ўзни уриб, юлқиши керак,
Навоийни ўқиши керак,
Дилга недир юқиши керак!
2002
ШОИР БЎЛАМАН ДЕБ КЕЛГАН БОЛАЛАР
Дашту далаларда унган лолалар,
Яшил қирлардаги шабнам, жолалар.
Тоғларда яралган соф шалолалар —
Шоир бўламан деб келган болалар.
Оламча аламни бахт этгудайин,
Гулу чечаклардан тахт этгудайин,
Дунёни шеър билан забт этгудайин,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Тиниқ булоқлардай пок бўлар бари,
Орзулари мўлу йўқ ҳунарлари,
Мовий осмонларнинг оқ турналари —
Шоир бўламан деб келган болалар.
Шарқираб оққувчи тоза ирмоқлар,
Ҳали гард қўнмаган майса, япроқлар,
Ўн етти, ўн саккиз ёшли чақмоқлар —
Шоир бўламан деб келган болалар.
Гўё ёлқинланган олов уюрлар,
Оҳ, улар беғараз, бекин куюрлар,
Гулдайин қизларни танлаб суюрлар
Шоир бўламан деб келган болалар.
Кейин йиллар ўтар варақлар бўлиб,
Бир дарахтдан кўчган япроқлар бўлиб,
Кетгайлар ҳар ёнга тўзғиб, тарқалиб,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Энди синовларин бошлагай ҳаёт,
Энди тоблангуси бардош ва сабот,
Абдулла Орифни ёд билган авлод,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Неки бор, қисматнинг ҳукмига кўра
Рўй берар: бирлари амалдор, тўра,
Бирлари ҳали ҳам пишмаган ғўра,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Бирларин кўксига ин қуриб ҳасад,
Кўнгил ғунчаларин сўлдирар абад.
Юз жилд севинч эди, эҳ, юз жилд ҳайрат,
Шоир бўламан деб келган болалар!
Бирлари бек бўлиб майхоналарга,
Яна ҳайрон боқар ҳайроналарга,
Айлансалар экан тароналарга,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Менинг бу ҳаётдан кўпдир қарзларим,
Ўзим не йўқотиб, нени асрадим?
Эсиз, сиз-ла кечган гулгун пайтларим,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Ҳар бир сатр узра алвидо айта,
Дафтар очгандингиз у ёшлик пайтда.
У шараф қайда, у шеърият қайда,
Шоир бўламан деб келган болалар?
Шунча соф жилғадан исмсиз, изсиз,
Қолмиш йиллар ўтиб бир ё иккиси,
Қани у чаманзор кунларнинг иси,
Шоир бўламан деб келган болалар?
Фалак айланади ҳам давру замон,
Тақдир саралайди бизни беомон.
Шеъру қўшиқларсиз қолмагай жаҳон,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Бир тонг поездлардан тушар кўп гуллар,
Жилғалар, гиёҳлар, насимлар, еллар,
Уларни асрагил, эй тақдир, улар —
Шоир бўламан деб келган болалар.
1998
СОВҒА
Дунёнинг ярмиси — нур ва зиёдан,
Ярми — ёзув-чизув, ярмиси — ғавғо.
Қалам келтирдингиз Ёпониёдан,
Дедингиз: Бу мендан сизларга совға.
Олам мусофирлар билан бедордир,
Сайёҳлар ичра ҳам сиз мулло, ака.
Дунёнинг энг гўзал қисми дийдордир,
Дийдор қутлуғ бўлсин, Абдулло ака!
Бундай пайт кўргали дўсту ёрон ҳам
Ўғиллари келгай, қизлари келгай.
Сиздан, қучоқ очиб пешвоз олган дам,
Япон ёмғирларин ислари келгай.
Биз-чи, биз қаламни чўнтакка урдик,
Гўё бўй қўшилди қад, бўйимизга.
Олис эллар ҳақда суҳбатлар қурдик,
Сўнгра тарқаб кетдик уй-уйимизга.
Шоирлик нимадир?
Дард билан ҳижрон.
Қалам ҳам бир нени илғаса керак.
Биз ухлаб қолганда, тунлари пинҳон
Билдирмай японча йиғласа керак.
2003
НАВРЎЗ ҚЎШИҒИ
Фалак бизни балолардан асрадими?
Юлдузлардан бойчечаклар сачрадими?
Бир куртакка алмашдим бор ҳасратимни,
Олам эски, лекин ўнгу сўлим янги.
Осмон бўлди бир кечада ҳорғин бағрим,
Тўй бошлади чақинларим, ёмғирларим,
Гўё ҳозир япроқ ёзар томирларим,
Гўё эски қалам тутган қўлим янги.
Ойларга ҳам алишмасман юзларини,
Қаранг Қўқон, қаранг Сурхон қизларини.
Зулфларию райҳонларнинг исларини
Олиб келган эпкинларим, елим янги.
Эй кўҳна боғ, кўпдир чеккан азиятинг,
Қуриган шох дилда сенинг васиятинг,
Эй сариқ барг, қулоғимда насиҳатинг,
Бу йил энди менинг гулзор, гулим янги.
Ҳар кўнгилга бир янги куй, қўшиқ берсин,
Имон, инсоф, диёнатни қўшиб берсин.
Ҳар бир уйга энг аввал бир бешик берсин,
Ҳеч бир уйга кўрсатмасин ўлим янги.
Бормоқдасиз гарчи Ҳинду Хитойларга,
Умид айланг ўз ерингиз, Худойларга,
Уйларингиз тўлсин бу йил буғдойларга,
Ғимирлаган элим, дашту чўлим янги.
Лолалардан гар айтмадим, қир айтади,
Қолганларин само айтар, ер айтади.
Кўнглим очсам, ҳар гиёҳ бир шеър айтади,
Ростин айтсам, кўксимдаги дилим янги.
1995
ДАШНОБОД АНОРИГА
Сеҳрсиз соҳиллардан,
Меҳрсиз манзиллардан
Ўтиб келдим, сен мени
Унутдингми, анорим?
Бағри доим қонгинам,
Мискин, паришонгинам,
Анор бўлиб сен фақат
Мунг ютдингми, анорим?
Тун саҳарга айланур,
Сўнг заҳарга айланур.
Мен ютар оғуларни
Сен ютдингми, анорим?
Сенинг гулларинг маъюс,
Балки ўйларинг маъюс?
Менинг эса хазонга
Тўлмиш ҳамма канорим.
Не умр бўлди умр?
Ою йилларим кўмир.
Энди сўник дунёда
Мушкул эрур ёнорим.
Сен шундайин хомуш қол,
Мисли кўрилган туш қол.
Гуллагайдир менинг ҳам
Бир кун сабру қарорим.
Соғинчим чинор бўлгай,
Ҳаммаси дийдор бўлгай.
Дилим шохингга илсам
Бир гўзал анор бўлгай.
1991
* * *
Мезон кетди, ақраб кетди, қавс кетди,
Шафтолилар баргидан бир сас кетди.
Бу сасдин дил деворига дарз кетди,
Момом кетди, ҳовлисидан файз кетди.
Аввал кашнич, райҳонлари қуриди,
Сўнг сув сепган айвонлари қуриди.
Арилар ҳам бундан буткул ариди,
Тут букчайди, бир кечада қариди.
Неваралар юрар эди ҳарбийда,
Бири шарқда, бири дунё ғарбида.
Улар қайтди. Момом эса ҳозир ҳам
Йиғлаб ётган бўлса керак қабрида.
Шўрлик момом. Бир умр гирён бўлди,
Гоҳи у ён, гоҳида бу ён бўлди:
Келинларин яраштира олмайин
Бутун умр юрак-бағри қон бўлди.
Тоғаларим юрар қадлари сўроқ,
Кўнгиллари ёришмас ёқса чироқ.
Кенжалари қирққа етмай кексайган,
Ўртанчаси тўнғичидан қарироқ.
Ғамга тўлдим ногоҳ нохуш тасвирдан,
Зах ҳидлари келиб қолди тандирдан.
Тўйхонага ўхшаган катта ҳовли
Кўз олдимда жимиди қолди бирдан.
Энди бунда кечалари ой йиғлар,
Пиёлада ичилмаган чой йиғлар.
Япроқларни дув-дув тўккан шамолга
Қўшилишиб сўри, ҳовли-жой йиғлар.
Энди сувда еру осмон лойланар.
Бошим узра ўгирибон ойналар,
Дарду ҳасрат ипларини йигириб
Дунё момом урчуғидай айланар.
1990
ҚИСҚА САТРЛАР
* * *
Мен дардни ҳеч кимдан
Кўчирмадим, йўқ,
Ёзганимдан кўра
Ўчирганим кўп.
* * *
Булбулни қарғага
Қўшиб бўлмайди,
Қарға бўлган жойда
Қўшиқ бўлмайди.
* * *
Дилимнинг доғи ҳам
Кўксим яроси:
Лаблар гилосию
Кўзлар чароси.
* * *
Бир қатра шабнам,
Бир томчи атир,
Эй ёр, менга ҳам,
Сенга ҳам етар.
* * *
Умр — бир соғинчдир,
Умр — бир оғриқ.
У томони зангор,
Бу томони сориғ.
* * *
Бу дунё, у дунё —
Икки айри боғ,
Келиб кетгусимиз
Айлаб сайрибоғ.
1999
ЮЗ МИНГ КЎНГИЛ
Юз минг ғамдир бу олам,
Юз минг ғамга қалошиб
Ошиқлари ўтгайлар
Юз минг ўру қир ошиб.
Ҳар хасда юз минг ҳикмат,
Ҳар касда юз минг тоқат,
Ҳар дилга юз минг ҳасрат
Кетаётир илошиб.
Ҳар бир лаҳза юз минг ранг,
Ҳар бир тош юз минг жаранг,
Ҳар сукут юз минг оҳанг
Беролгайдир улошиб.
Бир жонга юз минг жафо,
Бир бошда юз минг савдо,
Бу невчун шўру ғавғо,
Кетолмас ҳеч ярошиб?
Юз минг булбул навоси,
Юз минг хил об-ҳавоси,
Юз минг хил дил балоси
Ўтар нени талошиб?
Юз минг гулдир бу ҳижрон,
Юз минг кўнгил бу армон,
Юз минг руҳдир бу осмон
Бошинг узра қарошиб.
Юз минг лола бу нолам,
Юз минг сирдир бу олам,
“Юз минг валилар ўтди
Сирни сирга улошиб”.1
1991
ХУДОГА ТОПШИРДИМ
Қай бир саҳфаларда қолди учқуним,
Қай бир лаҳзаларда қолди кукуним,
Яхшими, ёмонми ўтди бир куним,
Мен уни Худога топширдим охир.
Савобим борми ё гуноҳим борми?
Бу дарди дилимга огоҳим борми?
Эртан кун бир ростгўй гувоҳим борми?
Мен уни Худога топширдим охир.
Болалик ул тили чучугим бўлди,
Тиниқ осмонлари қўшиғим бўлди.
Энг вафодор дўстим кучугим бўлди,
Мен уни Худога топширдим охир.
Орзу ширин эди мисли ҳандалак,
Қаср ваъда айлаб бўлибман ҳалак.
Уйимни куйдириб кетди бир малак,
Мен уни Худога топширдим охир.
Ҳасад адо қилди гулдай дўстимни,
Мен уни ичимда бир бор сўкдимми?
Унга элтиб беринг менинг пўстимни,
Мен уни Худога топширдим охир.
Майли бораверсин шубҳа гумонга,
Ёмонлик қилолмам ҳатто ёмонга.
Ул мени олгайдир ҳар тун нишонга,
Мен уни Худога топширдим охир.
Ағёрлар оғзида эртак эканим,
Келарми йўлида кўзлар тикканим?
Қандай ҳосил берар эккан экиним?
Мен уни Худога топширдим охир.
Яшарман ҳар дамни кўнгил они деб,
Бир кун... йиғилгайлар дўстлар мени деб,
“Эй Сирож, танангда жонинг қани?” деб,
Мен уни Худога топширдим охир.
1995
ҚУРБОНЛИК ҚЎЙ
Худди жаннат жамолидай
Бир тонг эди,
Олам бир ён,
Сенинг кўзинг бир ён эди.
Кечир мени,
Мен ёнингга боролмадим,
Жовдираган кўзларингга қаролмадим.
Ўзларича қўли очиқ, ҳотамлари,
Нечук одам
Бу дунёнинг одамлари?
Нечун сени,
Нечун сени сайладилар?
Ётқиздилар,
Оёқларинг бойладилар.
Нечун бўйнинг бермай,
Ерга уравердинг,
Бошгинангни қорнинг томон
Буравердинг?
Оёқларинг нечун бунча ташлашдилар?
Қорнинг тирнаб,
Нени бунча талашдилар?
Бу дунёда куйдирган
Ҳам куйган инсон,
Ўнг келганда
Ўз боласин сўйган инсон.
Қурбонлик қўй,
Майсаларга қонинг томди,
Жовдираган кўзинг билан
Жонинг томди.
Кўтаришиб,
Осдилар сўнг оёғингдан,
Саҳар ичган сувинг
Оқди томоғингдан.
Кўзёшингни
Қонинг билан қордиларку,
Теринг шилиб,
Қорнингни ҳам ёрдиларку!
Наҳот ҳайвон қисматин ҳам
Давоси йўқ?
Қўзиларинг ётар эди
Кўзи юмуқ.
Жонсиз қорнинг,
Чавоғларинг болиш бўлиб,
Ётар эди улар
Тилсиз нолиш бўлиб.
Ҳаёт менга
Кўп ғамларни қайтиб берди,
Буни менга бир оғайним
Айтиб берди.
Жонзот кўзи билан
Боқсанг гоҳ ҳаётга,
Нафратларинг келиб кетар
Одамзотга.
Кечалари мен ҳам
Уйғоқ алам билан,
Юрак-бағрим тиғлайдирман
Қалам билан.
Лекин унга
Бир тасалли беролмайман,
Юрагимнинг кўзларига
Қаролмайман.
Жонворгинам,
Дунё нечун кирлардадир?
Хаёлларим
Сен ўтлаган қирлардадир.
Қўймас сира,
Қулоғимдан кетмас нари,
Кўзи юмуқ қўзиларнинг
Маърашлари.
2004
НОУМИД ОДАМНИНГ ДАФТАРИГА
Битта уйни бузмоқ мумкин бу дунёда,
Ундан кўнгил узмоқ мумкин бу дунёда.
Унда бўлмас айвонлару дастурхонлар,
Хониш қилмас унда қушлар, полапонлар.
Унга ҳеч ким кириб чиқмас — эшиги йўқ,
Боласи йўқ, алласи йўқ, бешиги йўқ.
Унда биллур жилғаларнинг бонги бўлмас,
Унда фақат шом ҳукмрон, тонги бўлмас.
Вайрон этсанг уни кўнгил тўйидир бу,
Кўксингдаги умидсизлик уйидир бу.
2004
НА КЕРАК?
Бир гулга бир дилдан дунё керакдир,
Бир дилга битта гул танҳо керакдир.
Бир элга меҳрдан дарё керакдир,
Меҳр гар бўлмаса, итоб на керак?
Тириклик бир азиз неъматдир азал,
Ўткармоқ жойиздир покиза, гўзал,
Насимлар наводир, япроқлар — ғазал,
Балоғат базмида шароб на керак?
Сийму зар ҳавоси рангларингдадир,
Не ҳасрат томоғинг, танглайингдадир?
Эй инсон, ҳисобинг манглайингдадир,
Бунчалар ҳисобу китоб на керак?
Садоқат дарсидан хабар бўлмаса,
Фаросат аҳлидан назар бўлмаса,
Кўнгилда ҳаёдан асар бўлмаса,
Ул ҳусну жамолга ҳижоб на керак?
Сув уза ярқ этган шуъладир умринг,
Осилган омонат тугмадир умринг,
Магар Ҳақ йўлида ўтмади умринг,
Сени бу чулғаган сароб на керак?
Илғагил дунёдан мунглуғ куйингни,
Энг аввал супургил кўнгил уйингни,
Саволу жавоб эт ҳар бир кунингни,
Саволинг бўлмаса жавоб на керак?
1994
БАҲОР КЕЛМИШ
Томингизда шивир-шивир, шитир-шитир,
Бу — баҳорнинг қадмларин товушидир.
Сўридаги пуч ёнғоқнинг пўчоқлари
Қай қарғанинг қолиб кетган ковушидир.
Ранглар кирар энди ғамгин ўйингизга,
Томингиздан баҳор келмиш уйингизга.
Ёмғир ювган юлдузлар ҳам қандоқ гўзал,
Ёрингизнинг кўзлари ҳам андоқ гўзал,
Қадрин билинг бу дамларнинг, қайтиб яна
Бундоқ фасл тополмайсиз, бундоқ гўзал.
Қаранг, баҳор келмиш ошиқ кўнглингизга,
Гул ўлчайди қараб қадду бўйингизга.
Эй сен менинг шаҳарлик оқ турнагинам,
Ярим кун ҳам сен ёнимда турмадинг ҳам.
Қиш ўртаси ногоҳ баҳор келди десам,
Зулфларингнинг атри экан кейин билсам.
Мен жон берай исларингиз, бўйингизга,
Баҳор билан сенинг ифор тўйингизга.
Ҳижронларга тўлиқ шеърий дафтаримни
Сен варақлаб, шамол, мени ахтардингми?
Бир бойчечак, бир қаламқош қалдирғочга
Алмашдим мен бор алам, бор дардларимни.
Шеърларим-ай, армонларим ўзингизга,
Баҳор келмиш бугун кўча-кўйингизга.
Қандай ўғил бўлдим сизга, қандай жигар,
Мендан аввал баҳор сиздан олмиш хабар.
Майса бўлиб кўкариб ҳам, ота, яна
Менга таскин бермоқдасиз бу тонг саҳар.
Баҳор келмиш мангу сукут кўйингизга,
Ҳар бир майса ўхшар сўзу ўйингизга.
Баҳор келмиш, қутлуғ бўлсин ҳаммангизга!
Умр берсин бобонгиз ҳам момонгизга.
Баҳор ахир қанча шодлик, шукроналик
Келтиргуси холангиз ҳам аммангизга.
Қанча севинч гулдай қизу ўғлингизга,
Қанча қўзи олиб келар қўйингизга.
Кўклардаги тўлин-тўлин ойдай Ватан,
Осмон десам, тошқин-тошқин сойдай Ватан.
Ватан десам, кўз олдимга онам келган,
Онам десам, нигоҳимда пайдо Ватан,
Баҳор келмиш яна ризқу рўзингизга,
Доғ тушмасин ҳаргиз рангу рўйингизга.
1999
ОҚ ЁҚАЛАР
Ишим тушди сенинг оппоқ ёқачангга,
Йил қанчага чўзилдию ой қанчага?
Фаслларни алмаштириб ранглар синди,
Мен йиғлаган майсаларга чанглар инди.
Талабалик йилларимдан қолган хаёл,
Сен бир ниҳол, нозиккина бир навниҳол.
Мен соғиндим, қанча ёзу қишим учди,
Сенинг оппоқ ёқачангга ишим тушди.
Ҳар тонг нафис капалакдай пайдо улар,
Бир кўрмасам, ўртанаман: қайда улар?
Ёқаларинг охир шайдо қилди мени,
Талабалар ичра гадо қилди мени.
Менинг тоза, оқ, муаттар япроқларим,
Оқ хаёлдай кечди дарсу сабоқларим.
Ёқаларинг қандай гўзал фунун бўлди,
Дорилфунун менга дорилжунун бўлди.
Фаслларга ранг алмашиб синди ранглар,
Мен йиғлаган варақларга инди чанглар.
Диллар кўрдим — мисли сувнинг лойқалари,
Кўнгилларга йўлиқдим — кир ёқалари.
Гилосларнинг гулларидай оқ муҳаббат,
Ёшлигимнинг тонгларидай пок муҳаббат,
Кўлдан ғозим, қўлларимдан қушим учди,
Яна оппоқ ёқачангга ишим тушди.
2002
ҚИРҚ БАҲОР РИВОЯТИ
Кўҳна дўстларингдай кўкда ой, қуёш,
Қирқ ёш, соғинчмидинг ва ёким бардош?
Ярми иссиқ, ярми совуб қолган ош,
Сойми, соҳилми ё сайҳонми, қирқ ёш?
Бари бир-бирига ҳайронми, қирқ ёш?
Сен тонг деб кутганинг шом чиққандайин,
Ўрган арпаларинг хом чиққандайин,
Ҳам тинган ёмғиру ҳам чақиндайин,
Ранги сал униққан кўйлагим, қирқ ёш,
Эрта нелар дея ўйлагум, қирқ ёш?
Ярми оқ, ярмиси зангор тепалик,
Унда гулхан ёнар, ёни — капалик.
Бир йўлчи отланар — қундуз телпаклик,
Бир тунда зор-маҳзун бўлганим, қирқ ёш,
Қирларда қолганим — гулханим, қирқ ёш.
Изҳор дейинмикин ва ё изтироб,
Севинчми, саодат, севгими, сароб?
Ярим кўнглим обод, ярмиси хароб,
Яшил ҳам заъфарон кўкламим, қирқ ёш,
Ичи тўла ҳижрон тўпламим, қирқ ёш.
Бу — бир кенг саҳрода қолган пайтдайин,
Армон, қушларингга не деб айтайин?
Олдга юрайми ё ортга қайтайин?
Менинг висолим ҳам фироғим, қирқ ёш,
Шабнамга ғарқ бўлган қароғим, қирқ ёш.
1999
ЁМҒИРЛАР ВА КЎЗЁШЛАР
Йилларга ҳам ёмғир ёғар,
Умримизга ўхшар боғлар.
Ҳижрон бўлиб қолар тоғлар,
Дилларга ҳам ёмғир ёғар.
Баҳорийми, кузгимизми —
Биз излаймиз севгимизни.
Бу ёмғирлар раҳм қилмай
Ювиб кетар изимизни.
Ойларимиз сўлғин-сўлғин
Сингилларга айландилар.
Юзимиздан оққан селлар
Кўнгилларга айландилар.
Соғинч қоплар хонамизни,
Ўйлаб ёлғиз жонимизни,
Биз қолдириб кетгайдирмиз
Ёмғирларга онамизни.
Оқ бўйинли танноз дунё,
Ўйнар тилло занжирлари.
Кимни кутар ёмғирларда
Она уйнинг тандирлари?
Биз орзу ҳам армонларнинг
Ёқаларин кўтаргаймиз.
Толе бир кун ёр бўлса гар
Ёмғирларда кўкаргаймиз.
2002
ЁШЛИК. БАҲОР. МУҲАББАТ
Асрлар бор — рўёдай,
Фасллар бор — муваққат.
Доим зангор дарёдай
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Умримда уч саҳарим,
Уч гўзал хуш саҳарим,
Менинг уч хушхабарим
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Соғинчлари қанотли,
Ёмғирлари новвотли,
Армонлари ҳам тотли,
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Айтсам дилдан зоримдан
Гуллар унгай қорингдан.
Нишон йўғу боримдан —
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Сен, эй синглим, сен оғам,
Ўтгай алам, ўтгай ғам,
Оламда энг олий дам —
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Мангу карвон тириклик,
Дарду ҳижрон тириклик,
Надир, инсон, тириклик?
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Бўйи басти гул Ватан,
Бош-оёқ кўнгил Ватан,
Отин сўрсанг, бул Ватан —
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Дунё арчаси ёлғон,
Қанча-қанчаси ёлғон.
Шудир ёдимда қолғон:
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
2003
АЁЛ МАНЗУМАСИ
Бу диёрда ору номус,
шаъну шавкатдир аёл,
Меҳру шафқатдан яралган,
меҳру шафқатдир аёл.
Олам узра бир қуёш бор,
битта ой бордир, валек,
Ердаги нур — моҳитобон,
шамси талъатдир аёл.
Она сўзи юрт сўзи бирлан
нечун пайвастадир?
Бир улуғ элдир, Ватандир —
шунга сархатдир аёл.
Кўкдаги кунларни ҳам
чарчатгуси меҳнатлари,
Уч юз олтмиш томири
иш бирла заҳматдир аёл.
Жон десам жононадир,
жоним десам жонимдадир,
Ул муҳаббат оламига
мангу даъватдир аёл.
Мен қошингизнинг қаросидан
дилимга хат олай,
Ваҳ, нечук нозик нафосат,
инжа санъатдир аёл!
Бу гўзал нозу адолар
ҳеч адолар қилмагай,
Қайта-қайта жон ато
этгувчи ҳайратдир аёл.
Умрингизнинг боғларига
файз берган ҳам ўшал,
Билсангиз Ҳақдин мукофот
ҳамда рағбатдир аёл.
Онажоним, Она юртим,
давлатинг кам бўлмагай,
Токи сен борсан жаҳонда
катта давлатдир аёл.
2004
ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР
ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Булут эрмас, кўк узра тарқаган кўнгил гумонидур,
Гумон қилмак бу дамда бегумон дилнинг зиёнидур,
Кўкарган хор ила хаслар тирикликнинг нишонидур,
Баҳор айёмидур дағи йигитликнинг авонидур,
Кетур соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.
Нигорнинг чеҳраси гоҳ ишқ нақлидин эрур гулгун,
Гаҳи ҳусну латофат, гоҳи ақлидин эрур гулгун,
Букун боғим менинг ёр қадди нахлидин эрур гулгун,
Гаҳе саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,
Гаҳе саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонийдур.
Яна кўнгил қатидин кетди бир-бир занг гуллардин,
На хушдур етса кўксунгга муаттар чанг гуллардин,
Яна ўксук жаҳонингда талошу жанг гуллардин,
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардин,
Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳондур.
Кўйингда ончалар даҳр ичра қилмишдир бу дил зори,
Ки яхлит лоларанг ўлмиш харобот бирла кулзори,
Аламлар тарқалиб буткул, туганмиш ранжу озори,
Юзинг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,
Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.
Руҳимга иштиёқ солған зумуррад майсаси қирнинг,
Гўзал тушдир бу айёмлар, баёнин қилма таъбирнинг,
Букун етмоқдаман зимнига аста-аста бир сирнинг,
Не ерда бўлсанг эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.
1991
* * *
Дил букун, бошдин оёғим дил букун,
Ҳар қарору ҳар қароғим дил букун.
Дилдин ўзга қолмади манзил манга,
Энг яқин ҳам энг йироғим дил букун.
Кечалар қўйнида жон айвонида
Беомон ёнган чироғим дил букун.
Кўксим ичра йиғлаюр қизғиш хазон,
Ўртаниб чеккан фироғим дил букун.
Ўтмасин дил фасли, эй устоз фалак,
Менга дарс бергил, сабоғим дил букун!
Қўйнида тошлар ниҳон каслар аро
Яккаю танҳо яроғим дил букун.
1990
СЕНИ ОЛИБ КЕТСАМ...
Сени олиб кетсам туманзорларга,
Туманзорлар ичра суманзорларга.
Етти газ тумандан чодир тиксам сўнг,
Сумандан бир ажиб сўри йиғсам сўнг,
Ойни қулоғингга сирға айласам,
Ҳар неки айласам бирга айласам.
Кўйлак туҳфа қилсам ҳарир еллардан,
Кўзгулар ўрнатсам тоза кўллардан.
Булоқлар сувини қазиб тош, довон,
Сенинг қадамингга айласам равон.
Бахмал шамоллардан пардалар қилсам,
Сўнг дилни тумордай бўйнингга илсам.
Юрар сўқмоғингга юлдузлар қўйсам,
Тунлар суйсам сени,
Кундузлар суйсам.
Бир ҳаёт яратсам туну тумандан,
Овқатимиз бўлсин ишқу сумандан.
1988
БИР ТУРЛАНГУВЧИ ГУЛ
Бу қандай гул? Бу қандай гул?
Гаҳи қор, қоҳи қондай гул.
Мен унга барқларим айтсам,
У менга баргларин бергай.
Қади ҳам бўйни зарҳал гул,
Яқоси, қўйни зарҳал гул.
Мен унга зорларим айтсам,
У менга зарларин бергай.
Қабоғи узра нурлар бор,
Қабоси ичра дурлар бор.
Анга ашкимдин арз айтсам,
Манга шабнамларин бергай.
Паришон ҳолу боғимдан,
Куйиб кетган димоғимдан,
Десам дилда ямоғимдан,
У менга барларин бергай.
Жудолик исли эпкинлар
Букун боғимда эркинлар.
Мен унга хасларим айтсам,
Менга анбарларин бергай.
Тун ичра чирма ёлқин гул,
Гаҳи тинч, гоҳи тошқин гул.
Мен унга дардларим айтсам,
У менга лабларин бергай.
1990
МУҲАББАТ КОШОНАСИ
Муҳаббатни ташлаб кетманг боғларга,
Эрмак бўлар, хор бўлар у зоғларга.
Азал гўзал нишонаси бир гулдир,
Муҳаббатнинг кошонаси кўнгилдир.
Марвариддай асраб юрса қиз уни,
Хазонларга ташлаб кетманг сиз уни.
Ҳаволардан танлаб Момо Ҳаволар
Юборгандир тонгда боди саболар.
Шабнамлардан олмиш рангу атрини,
Пайпоқларга тенг этмангиз қадрини.
Азал ифор эшиклари бор ҳаёт,
Асал, бедор бешиклари бор ҳаёт.
Диллар кейин етишмагай дилларга,
Муҳаббатни ташлаб кетманг йилларга.
Кўнгил шу деб кўз очур ҳам кўз юмур,
Бутун умр, бори умр, бир умр.
Кўксингизда олиб ўтинг доғларни,
Муҳаббатга ташлаб кетинг боғларни.
2002
ШАҲР АРО...
Шерали оғага
Шаҳр аро шарҳи дилимни битта дилдош билса бас,
Ер билан осмон аро ул менга сирдош билса бас.
Ранг-барангдир одамининг зоҳирию ботини,
Аслини қайдин билурсан, сабру бардош билса бас.
Лола бағрида ниҳон доғларга завқинг келмасин,
Ишқини Лайлога Мажнун айлади фош, билса бас.
Жоми бахтим ичра кўрсам изтиробим жилвасин,
Ўзлигимни ўзгалар кўзиндаги ёш билса бас.
Равзаи жисмим аро минг андалибнинг оҳи бор,
Андалибни андалиб дўсту қариндош билса бас.
Етти қат ер, етти қат кўк, водийи ҳижрон дилим,
Водийи ҳижрон дилимни битта дилдош билса бас.
1998
* * *
Мен ишқ элининг нолаю афғонида куйдим.
Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим.
Меҳрин тилабон ўтса агар ошиқи зорлар,
Меҳримни бериб мен эса товонида куйдим.
Мушкул эди йўл, ранж ила изҳориға етдим,
Сизлар кўйида, мен эса домонида куйдим.
Ташбеҳига, ҳолим будурур, ўзга қиёс йўқ,
Соч толасидай чоки гирибонида куйдим.
Ишқ аҳли фироғинда фиғон этса агар, мен
Ёнида юриб, ёнида ҳижронида куйдим.
Дунёйи азалнинг ғазалий матлаъи булдур:
Бошлаб ҳама ишни они поёнида куйдим.
Ҳам меҳнати, ҳам миннати, ҳам заҳмати — борин
Жон жомиға жамлаб, дағи уммонида куйдим.
1988
* * *
Ғанимлар сен билан бизни ҳали йиллаб гапиргайлар.
Кезармиз, ортимиздан соялар йўллаб гапиргайлар.
Мену сен бир-бировдин айрилиб кетмоғимиз мумкин,
Алар бир-бирларини доимо қўллаб гапиргайлар.
Сену мен рози дил айтарға гаҳ бир сўз тополмаймиз,
Аларнинг диллари айрою қўш тиллаб гапиргайлар.
Сенинг яфроғ янглиғ ҳолатингу ҳам менинг яфроғ
Киби ҳузну хазонимни алар гуллаб гапиргайлар.
Сену мен нуқта янглиғ гар узоқлашсак, алар ортдан
Миниб бир-бирларининг бўйнига бўйлаб гапиргайлар.
Садосиз, истимосиз биз жимиб кетсак агар шундоқ,
Алар фархунда бўлгайларки, ҳой-ҳуйлаб гапиргайлар.
Ҳазин достон бўлур бир кун бизим бул бемурувват ишқ,
Ўшал кун ҳам алар бизни кулиб-куйлаб гапиргайлар.
1989
* * *
Мен сени осмон десам, осмон санингдек бўлмагай,
Мен сени армон десам, армон санингдек бўлмагай.
Не эрур гулшан аро сарву санобар ҳам суман?
Ҳеч бири хуш қоматинг, гулгун танингдек бўлмагай.
Бу чаманда ғунча гуллар хандасидан ҳеч бири
Ғунча лаблар баргидан сўз айтганингдек бўлмагай.
Настаринда оқ либос, алвон ясанмиш қанча гул,
Биттаси ҳам жонга офат савсанингдек бўлмагай.
Қатл этди ул нигоҳ ораста мижгонлар аро,
Икки дунё ганжи бир кўз тикканингдек бўлмагай.
Вомиқу Фарҳоду Мажнунлар агар келса қатор,
Ҳеч бири оламда саргардон манингдек бўлмагай.
1994
ИККИ ДИЛ ҒАЗАЛИ
Бул кеча шаҳду шакар бирлашдилар,
Икки дил, икки шаҳар бирлашдилар.
Бир-бирига етди охир икки хат,
Бул кеча зеру забар бирлашдилар.
Икки дарё, икки юлдуз, икки нур,
Мисли икки хушхабар бирлашдилар.
Бул кеча шому саҳарсиз кечадир,
Икки оқшому саҳар бирлашдилар.
Бўлмагандай барча ҳижрону алам,
Икки дил охир агар бирлашдилар.
Икки жон, икки жаҳон бир тан бўлиб,
Икки оғуш бир камар бирлашдилар.
Осмон ҳам бехабар қолмиш, ажаб,
Бул кеча шамсу қамар бирлашдилар.
1998
УЙҚУЛИҚ БАХТ
М.Н.С.Н.
На хуш бўлғайки бир кун уйқулиқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар тори мўйидек белига чирмашиб ётсам.
БОБУР
Жоми бахтим эрди доим гоҳ қурум, гоҳ қуйқалиқ,
Нозанин кўрдим у кун, бир нозанинким уйқулиқ.
Қошу мижгонлар қабоқлардан хабар олмас эди,
Уйқусида айлагим келди анга бир хуш қилиқ.
Оқ бўйинда ухлаган зулфлар аро олдим нафас,
Оқ бўйинда холининг атрофлари бир хуш, илиқ.
Кафтларим оташ эдию ул санам оташ эди,
Қўл юборсам ҳам куярдим, гар юбормам — куйгулиқ.
Мен унинг ноз уйқусидан жон била олдим ҳаво,
Уйқуси дарё эди, ул нозанин — бир оқ балиқ.
Сочларидан тола-тола танладим дил торига,
Шунгача бўлган ҳаётим риштаси қолди юлиқ.
Олгил умрим боғидан бор гулларинг, тақдири ҳақ,
Суйгулик қилсанг мани қилгил шу гулга суйгулиқ.
Кўрганим бул бари, дўстлар, туш эди, рўё эди,
Ул менинг бахтим эдию, бахтим эрди уйқулиқ.
1998
ФУРҚАТ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Ғунчадек лаб бирла гулгун чоғингизга доғман,
Ғунча бирлан лаб аро бармоғингизга доғман.
Гулга теккач сийналар, титроғингизга доғман,
Лоладек юз бирла сайри боғингизга доғман,
Ғунчалар бағрига қўйган доғингизга доғман.
Титрагай япроқдаги шудринг каби тан ичра жон,
Биз киму сиз ким? Гулу пойидаги барги хазон.
Сиз — ўшал Лайло, ўшал Ширин, ўшал сарвиравон,
Булбули дилхасталар овораи бехонумон,,
Маскан этган гулшан ичра зоғингизга доғман.
Дил йўли ғоят узундир, мен унинг корвониман,
Бу узун йўлда ўзим васлу ўзим ҳижрониман,
Менга етмас кўнглиму кўнглимни мен сарсониман,
Раддим айлар кўйингизнинг итларин ҳайрониман,
Шум рақибга йўл берар бўсоғангизга доғман.
Ногаҳон рухсорингизга зулфингиз солганда чанг,
Бўйнингизда холингиз ҳам беркиниб тургай аранг,
Камзулингиз ҳам таранг, ингичка белингиз таранг,
Бахмали мушкин ичинда илкингиздур лоларанг,
Хуни ошиқ ё хино тирноғингизга доғман.
Сиз нафис гуллар аро юрганда гулдан йўл бўлиб,
Кўйлагингиз бўйингизда ёнибон, гул-гул бўлиб,
Кун десам кундай кулиб, тун чоғи ой янглиғ тўлиб,
Ўлтурарсиз бехирадлар базмида ўйнаб-кулиб,
Бизга қолганда дили ночоғингизга доғман.
Бир нигоҳингиз тириклик ҳам ҳаёт эрди менга,
Сиз томондин бир ибо юз минг нажот эрди менга,
Тори зулфингиз туганмас бир баёт эрди менга,
Аввал-аввал лутфингиз ҳаддин зиёд эрди менга,
Эмди-эмди марҳамат камроғингизга доғман.
Сувда оққан гулдайинким лаҳзалар йилга етиб,
Кузда қолган майсалардек ларзалар дилга етиб,
Сиз кетурсиз, сиз билан бори назокатлар кетиб,
Куйдириб Фурқат ўтида, васлдин маҳрум этиб,
Элга андоғу менга мундоғингизга доғман.
2004
САҲАР ТУРМОҚ ЁКИ ШАБНАМ САЙЛИ
(Андрей Вознесенскийдан)
Бинафшалар, бўтакўзлар,
Капаклаклар гулин излар.
Бир рангларга кўмилгаймиз,
Биз шамбнамга чўмилгаймиз.
Тонг чоғи бу — кавсар ҳаво,
Асал ҳаво, ғазал ҳаво.
Тоза наво, тиниқ сафо,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.
Салом бўлсин қўнғизларга,
Оромижон анғизларга.
Сиз чўмилинг денгизларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.
Сизда баланд кошоналар,
Ёмғир кўрмас тошойналар.
Биз — гулларга ҳамхоналар,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.
Муҳаббат бир сайҳон эрур,
Найсон эрур, найсон эрур,
Айвонимиз осмон эрур,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.
Жимжимадор ҳовузингиз,
Кезар нозли товусингиз.
Ёқут сизнинг ҳовучингиз,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.
Бир шом чўкар хотирларга,
Йиллар — ғадир-будирларга.
Сиз қатнайсиз дўхтирларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.
Ҳозир сизга бари бирдай,
Ҳали бир кун, қариликда
Сиз ғамларга кўмилгайсиз,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.
Биз дил очиб самоларга,
Гиёҳларга термулгаймиз.
Сиз чўмилинг тиллоларга,
Биз шабнамга чўмилгаймиз.
2001
ТАКРОР
Тун чоғи бир шамол эсдию кетди,
Гулнинг титроқлари қўйнимга тушди.
Ёр ўз сочларидан узун дор этди,
Зулфин сиртмоқлари бўйнимга тушди.
Осмонлар айланиб, ойлар тўлдилар,
Қошлар камон тортиб, ёйлар бўлдилар.
Қўллар, кокиллари сойлар бўлдилар,
Ундан ирмоқлари бўйнимга тушди.
Ё, раб, бу қандайин кўргулик, омад,
Хушқадам, хушқилиқ, хуш қадду қомат,
Бир тун савдосида маҳшар — қиёмат
Савол-сўроқлари бўйнимга тушди.
Ҳаётнинг энг гўзал, шоҳ устунлари,
Ваҳ, бу устунлари, воҳ устунлари!
Муҳаббат қасрининг оқ устунлари —
Ёрнинг оёқлари бўйнимга тушди.
2003
* * *
Инжа, нозик хол тушибдир инжа бу лаб остида,
Тушмиш ул андиша айлаб ўнг эмас, чап остида.
Ушбу холнинг ҳолатидин сен менинг ҳолимни кўр:
Қалб аро минг битта доғу мингтаси қалб остида.
Қошу мижгонлардин ул холнинг қатор жаллоди бор,
Охир ўлгумдир, ёронлар, бу қатор саф остида.
Эр аро овоза бўлдим холга мен кўнгил бериб,
Ўтгай умрим, қолгум энди бир умр гап остида.
2002
ЭСКИ ТАШБЕҲ
Нола қилди най бўлиб қирқ йил қамиш,
Оҳларимдан, ёр, келиб қирққил қамиш.
Қирқ қамишдай қийма-қийма қирқ йилим,
Бир қамишимдир, ажаб, қирқ қилқамиш.
Бир кўнгилдан ер уза қирқ настарин,
Қирқ гиёҳ унгай яна қирқ хил қамиш.
Том қилғил бу қамишлардинки, кўр:
Ястанибдир йўлинга қирқ дил қамиш.
Сочларингни биз учун қирқ қилмадинг,
Сенда қоматлар қамишу бел — қамиш.
2002
ОЙСИНГИЛНИНГ КЕЛИНЧАКЛИК
ЛИБОСИГА
Настарин, исминг фаранги, Настарин,
Сен ҳаётнинг янги ранги, Настарин.
Жилвасидай икки биллур жомнинг,
Икки кўнгилнинг жаранги, Настарин.
БИР НИГОРНИНГ ДАФТАРИГА
Киприкларинг орасига киприк солсам,
Кипригимдан кипригингга кўприк солсам.
Бу кўприкни ҳижрон сели ютолмагай,
Биздан бошқа ҳеч ким бундан ўтолмагай.
2004
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
(Ҳазрат Яссавийдан бир сатр)
Тонглар кетди, кунларимдан тонглар кетди,
Кетган тонглар йилларимни онлар этди.
Бир жонимни севгим юз минг жонлар этди,
Кўнглим, сенинг давлатингдан шонлар кетди.
Бу муттасил меҳнатларим битармукин,
«Кўксумдаги зангорларим кетармукин?»
Кўзёшимдан майса бўлган бўйроларим,
Шомларимда жимирлаган Зуҳроларим,
Кезган ерлар, адирларим, саҳроларим,
Эшигимга чайқалибон дайроларим
Келса, бул ҳам фиғонимга етармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Суйкансанг гар юз йил кўзу қошинг билан,
Уринсанг, ёр, юз йил қўлда тошинг билан,
Сўнгра силаб мижгонларинг, сочинг билан,
Яна юз йил ювиб ўтсанг ёшинг билан,
Тадбирларинг дардимга кор этармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Уч минг йиллик чинор яна куртаклади,
Эрта-индин яшил куйга буркалади,
Оҳуларим — тоғларимнинг ҳуркаклари
Кечалари таним ҳидлаб суркалади,
Уларнинг ҳам дунёлари хатармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Бу дунёда ёр изладим дилга лойиқ,
Бу дил энди елга лойиқ, селга лойиқ.
Нур таратган сочларини ёйиб-ёйиб,
Бошим узра йиғлаб турса минг малойик,
Аламларим булутлардай ўтармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
1990
* * *
Баҳор бу йил ажиб пинҳона келмиш,
Кўнгиллар розига ин, хона келмиш.
Келиб ёр зулфини райҳон этиблар,
Кейин — гул, сунбулу райҳона келмиш.
Чечаклар бирла етмиш давру даврон,
Саройу боғу дашт жавлона келмиш.
Назокат ичрадир олам, мисоли
Малика оқ кийиб султона келмиш.
Ҳилол чиқмиш бу кеч кўк сийнасидан,
Кўрингким, ул нечук шарқона келмиш.
Кетар дил бул кеча минг дилрабодан,
Келинлар ғўра еб туғёна келмиш.
Сенинг, эй лоларух, пинҳон хаёлинг,
Кўз ичра айланиб, мижгона келмиш.
Адирлар лола жомидан тутар май,
Табиат хуш бўлиб, риндона келмиш.
Ёронлар, бу — баҳор эрмас, билингким,
Тириклик номидан шукрона келмиш.
2001
«БОЙБУВА, ДУО АЙЛАНГ...»
(«Бозор ижодиёти»дан)
БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИ ВА ШЕЪР
Бир шабнамга зор бўлиб турган пайтинг
Ёмғир бўлиб қирларингга ёғайми?
Бисотимда бор-йўғи бир қоп байтим,
Тўрт килоча қофиям бор, оғайни.
Таъм бермас балки кечки шўрвангга,
Тоза, тиниқ сатрлардан ўрайми?
Ёки ғариб, шалвираган тўрвангга
Ярим кило тўртлик солиб берайми?
Шоир яшар дард ютиб, юлдуз қусиб,
Ҳосил олмоқ учун бир бет, ярим бет.
Ғунчадайин сўзларимдан сен узиб,
Атиргулдай қўшиқлардан харид эт.
Ҳеч ким хор ўлмаган ҳали оч қолиб,
Чорласалар олтин, зангор соҳиллар.
Менга ҳам унча хуш эмас, бош қолиб,
Қорин билан ўйласалар шоирлар.
Дўконим борми ё йўқми — қарамай,
Тонг еллари сўраб келса ҳолимни.
Ўз кўнглимни қоғозларга ўрамай,
Шамолларга ҳадя этгум молимни.
Қашқарбалдоқлардай тўрт ташбеҳим бор,
Билагузук янглиғ беш-олти ғазал.
Ошу нондан иборат эмас рўзғор,
Бул ҳақда ҳам топиб берай кўп масал.
Ажабланди аввал у мен хастадан,
У ён боқди, бу ёнга солди назар.
Аста ўтиб сўнгра қўшни растадан
Икки кило гўшт об кетди, баччағар!
1997
ТИЖОРАТЧИ ДЎСТИМ ТУРСУНБОЙГА
ҲАЗИЛ МАНЗУМА
Бир гап айтсам, азиз дўстим Турсунбой:
Ёлғиз ирмоқ оқавериб сой бўлмас.
Дўсту ёри кўп бўлса гар, ҳойнаҳой,
Йигит ҳоли ҳеч қаерда вой бўлмас.
Кунлар ботар, ўтар кеча-кундузлар,
Оғрир нечун юракдаги илдизлар?
Милён йиллар милтираган юлдузлар
Нечун қуёш ва ё тўлин ой бўлмас?
Хўб яхшидир бу дунёда тижорат,
Барча солар баланд-баланд иморат.
Эҳтимол бўй кўрсатмоқда қиёмат,
Бизга ул кун ўзга хоҳиш-рой бўлмас.
Ҳозирча, кел, носларимдан отиб кет,
Уч-тўрт кеча айвонимда ётиб кет.
Шеърларимнинг қаймоғидан тотиб кет,
Эрта-индин шеър айтишга жой бўлмас.
Қайғуларни қайғуларга ямлатсак,
Тўзган фикру хаёлларни жамлатсак,
Саиднеъмат эшонга ош дамлатсак,
Бул гурунгдан ортиқ тотли мой бўлмас.
Чўнтагингда пулинг бўлса, яхши-да,
Бизда пулни “лой” дегайлар аслида.
Айниқса, гул йигитликнинг фаслида
“Лой”га ботсанг, бундан яхши лой бўлмас.
Жуда қизиқ дунёдаги рафторлар:
Дил аҳли ҳам, пул аҳли ҳам бедорлар.
Парво қилма, алдасалар ғаддорлар,
Хўтик бўлиб туғилганлар той бўлмас.
Бирни ака, бирни эса жўра деб,
Баъзан пасткаш бир нокасни тўра деб,
Яшайдурсан гоҳ ҳалво, гоҳ ғўра еб,
Ўқинг бўлса, гоҳи камон-ёй бўлмас.
Мискин опа-сингилларга нажот бер,
Дўконлар қур, кўчаларга ҳаёт бер.
Энг аввал сен шоирларга закот бер,
Шоирларда гоҳ нон, гоҳи чой бўлмас.
Бу эл меҳри ўхшар қуёш, ойларга,
Фақирлари айлансинлар бойларга,
Қозонлари тўлса гўшту мойларга,
Бу дунёда шоирдан зўр бой бўлмас.
1996
КУЛГИЛИ
Хаёлимда қурилмаган қасримга
Қумхаёлдан девор қилсам кулгили.
Ҳали дилда яралмаган сатримга
Қофияни қатор қилсам кулгили.
Том бошига олиб чиқсам тандирни,
Ҳандалакка пайванд қилсам анжирни.
Миниб ялқов, узунқулоқ хачирни
От пойгада тулпор қилсам кулгили.
Одам Ато бирлан Момо Ҳавони
Яратди ҳам берди жабру жафони.
Ўн саккиз ёшимда ўтган хатони
Қирқ ёшимда такрор қилсам кулгили.
Ўчдим қанча ёронларнинг ёдидан,
Кечдим мен ҳам қандидан, новвотидан.
Кўнглим қолиб кетган одам зотидан
Яна қайта дўст-ёр қилсам кулгили.
Ёнди қанча сарвиқомат шамларим,
Мумдай қотди кўзёшларим, ғамларим.
Ўтди кетди ширин дамим, дамларим,
Яна ширин гуфтор қилсам кулгили.
Бировнинг тўн, бировнинг йўқ этиги,
Дунё шудир: доим бисёр кемтиги.
Хўтигини ғажиб ўтар хўтиги,
Мен бу ҳолни ошкор қилсам кулгили.
Нима қилай беҳаловат бу дилни?
Унутди деб гўзал гулу сунбулни,
Уйқу босган, тўқ ва семиз булбулни
Шеърлар айтиб бедор қилсам кулгили.
1997
ШОИРНИНГ ҚЎЙИ
Молбозордан бир тирриқ
Қўй сотиб олди шоир.
Ўз бошига минг ташвиш,
Ўй сотиб олди шоир.
Гўё саксовул дейсиз,
Ўз пулига яраша.
Оёқлари чилвирдай,
Қўй эмас бу, тараша.
Шоир у кун асабий,
Толиққан, ҳорғин эди.
Озғин шоир эди у,
Қўйи ҳам озғин эди.
Аслида тили қисиқ,
Муттаҳам қўй экан бу.
Ўпкаси шамоллаган,
Зотилжам қўй экан бу.
Ҳали юрмай, ўзини
Орқага ташлади қўй.
Бир ариқдан ҳатламай,
Йўтала бошлади қўй.
Бир қарасанг муғомбир,
Нобакорга ўхшайди.
Кўзларининг тубида
Бир гап борга ўхшайди.
Унда ҳали куз эди,
Келди қишнинг чилласи.
Шу қўйни деб шоирнинг
Қуриб битти силласи.
Узун тунлар йўталиб,
Кўзни юмирмади қўй.
Арпа бериб боқса ҳам,
Ҳаргиз семирмади қўй.
Бедаларнинг гулидан
Завққа тўлмади бу қўй.
Шоир қанча жон чекди,
Одам бўлмади бу қўй.
Айтди шеъру достонлар,
Қўй эса бемор эди.
Шоир бедор кечалар,
Қўйи ҳам бедор эди.
Нима билан тугади
Бу машмаша, бу савдо?
Қўйни одам қилай деб
Бир шоир бўлди адо.
Тириклик гоҳи шундай
Ташвиш экан, ўй экан.
Шоир олган қўй эса
Одам бўлмас қўй экан.
1996
АЙИРБОШ
(Ҳазил)
— Бу дунёда эҳтиёж мўл пахтага,
Мен пахтани алмаштиргум тахтага
Менинг сенинг диёрингга паттам йўқ,
Пахтам кўп, лек том ёпишга тахтам йўқ.
Умрим меҳнат ва заҳматдан иборат,
Мунғаядир чала битган иморат.
Мен демасман қаҳва ёки латта бер,
Пахтамни ол, берсанг менга тахта бер.
Ёнилғи, мой бир гап бўлар, сол қулоқ:
Шовулламас бекор тун-кун Мингбулоқ.
— Қоғоз олгил, у тиллога баробар.
— Менга фақат тахта керак, биродар!
Шоирлар ҳам қизиқ, ёзар бетиним,
Томсиз уйда китоб ўқир ахир ким?
Етмаса, ол кўрпа-ёстиқ, тўшагим,
Пўстагим бор, бир амаллаб яшагум.
Эрта-индин қиш кўрсатар кунимни,
Етмаса гар, ечиб берай тўнимни.
Ўзбек қизиқ, доим шундай жайдари,
Иморат деб ўтар умр дафтари.
Бу сафар ҳам оқлади ўз номини,
Тўнсиз қолиб, ёпиб олди томини.
1993
АЖАБ ДУНЁ
Мен бу олам аҳволининг
ҳар рангига тушунмадим,
Мен бу одам авлодининг
найрангига тушунмадим.
Мен бу ичи тўла риё,
кўнгли қаро ёронларнинг
Кийиб юрган чопонининг
зар рангига тушунмадим.
Мен бу чаман саҳнасига
ошиқ бўлиб келган эдим,
Гул рангига тушундиму
дил зангига тушунмадим.
Мен бу бозор ичра юрган
булбулларга ҳайрон боқдим,
Симёғочга боғлиқ турган
кар ҳангига тушунмадим.
Мен бу кавну маконига
бир дўст излаб келган эдим,
Эртаю кеч ош еб ётган
барзангига тушунмадим.
Кўнгиллару майсаларнинг
шивирларин тинглай девдим,
Қоринларнинг дўмбираю
дарангига тушунмадим.
1999
ДУО СЎРАБ
(Ҳазил)
Бойбува, дуо айланг,
Сиз гарчи Хизр эмас,
Лек Худо ҳар кимга ҳам
Мол бермас, давлат бермас.
Доим очиқ эшигу
Қозон тўла ошингиз.
Сизни алқар бутун эл:
Дард кўрмасин бошингиз.
Майли ҳар бир фақирнинг
Бошини силанг, сийланг.
Бироқ менга қўл очинг,
Бойбува, дуо айланг.
Рости гап, хўп зерикдим
Омадни қува-қува.
Тўним елкамда доим,
Дуо айланг, бойбува.
Шоири замонларнинг
Дуосин олдим роса.
Машҳур шоир бўлиб мен,
Элга бўлдим овоза.
Ёлғиз эмасман гарчи,
Агарчи дўст-ёрим бор.
Кўнглим менинг шеърдан бой,
Валекин рўзғорим бор.
Дилимда бу дунёнинг
Дардлари куйиб кетсин.
Бойбува, дуо айланг,
Бир шоир бойиб кетсин!
1995
БОЗОР
Нос бозори қанию
ғоз бозори қани?
Соз бозор гар шудир,
носоз бозори қани?
Турфа бу гумбаз аро
йўқдир оёқ қўймоққа жой,
Макиёндир ҳаммаёқ,
хўроз бозори қани?
Бир гуруҳ тузсак дегандик,
номи ҳам “Бозорнаво”,
Тору дойра, сурнайу най,
соз бозори қани?
Битта ҳам деҳқон топилмас, кўр,
бу деҳқонлар аро,
Қайда чин тошу тарозу,
хос бозори қани?
Бу ҳаётда барчамиз
ўйинчилармиз бир қадар,
Сўрмангиз: ўйинчи ё
раққос бозори қани?
Тунлари тинмай “Қатортол”дан
қатор тойлар ўтар,
Той тойга тиржаяр:
танноз бозори қани?
Икки барзанги давангир
муштлашар қўйтери деб,
Шулми одам, ҳўкизу
новвос бозори қани?
Тўғрилик ахтармагил
бу даҳри дун бозорида,
Сўрмагил ўртаб ўзингни:
рост бозори қани?
2005
“ЎЛДИРГУСИ”
Охир мени бу шаҳрнинг
дўндиқлари ўлдиргуси,
Дўндиқларининг қўл, оёқ
қўлтиқлари ўлдиргуси.
Юз нағма пардоз айлаган,
ўзини танноз айлаган,
Келмай туриб ноз айлаган
интиқлари ўлдиргуси.
Давру замон лозимлари,
овро, фаранг қирқимлари,
Сурнайга сингил шимлари
йиртиқлари ўлдиргуси.
Сиймин баданми, сиймбанд,
кўйлакми бу ё сийнабанд?
Кўп ҳам хаёлинг этма банд,
кемтиклари ўлдиргуси.
Қандоқ десам қантдек экан,
қандил яна қиндек экан,
Тилло тўла сандиқ экан,
сандиқлари ўлдиргуси.
Эсиз гўзал уй бекаси,
бу — кўча ҳам кўй бекаси,
Дўндиқлар ичра эркаси,
тантиқлари ўлдиргуси.
Ғоят ғаройиб холлари,
олам бўлур ҳайронлари,
Илонлари, чаёнлари —
чандиқлари* ўлдиргуси.
Зулфларми каждумларми ё,
тирноқлари хунларми ё,
Бу чархи гардунларми ё
қилтиқлари ўлдиргуси.
Недир муҳаббат таънию
ҳусну гўзаллик шаънию,
Дилни бу ҳолнинг маънию
мантиқлари ўлдиргуси.
Охир мени бу шаҳрнинг
дўндиқлари ўлдиргуси,
Киприклари эмас, энди
киндиклари ўлдиргуси.
2005
АХТАРАЙЛИК
Келинг, мулло Сирож, ёр ахтарайлик,1
Туну кун зору бедор ахтарайлик.
Умрнинг ярми ўтди нола бирлан,
Яна токи умр бор — ахтарайлик.
Бўйинлар осилур зулфлар кесилмиш,
Биз энди ўзга бир дор ахтарайлик.
Узарлар бунда кўнгил торларини,
Кўнгилга бошқа бир тор ахтарайлик.
Очилмиш лолазор янглиғ бу лаблар,
Бу лаблар ичра зуннор ахтарайлик.
Билолмай жинси шимлар жинсиниким,
Уётдин бошга чалвор ахтарайлик.
Кўриб киндикларини ҳалқа таққан,
Қочайлик, бир чуқур ғор ахтарайлик.
Бу бозор ичра кўнгил синдирурлар,
Биз энди ўзга бозор ахтарайлик.
2006
ЖЎРАЛАР
Мен нечун меҳру вафони
ҳарф қилдим, жўралар?
Қанчалар сидқу сафони
сарф қилдим, жўралар.
Истадим бир тўғри юз,
бир тўғри кўнгил, тўғри сўз,
Мен бу дунёда бу янглиғ
айб қилдим, жўралар.
Токи топгайман нишон деб
рост бир дўстдан нишон,
Дилни бой бердим, ўзимни
ғайб қилдим, жўралар.
Оқланиб битди неча
уммидларимнинг сочлари,
Неча бир уммидларимни
дафъ қилдим, жўралар.
Энди дўст деб, дўст кутиб
қон йиғламас фурсатларим,
Ёшлигимни мен шу йўлда
ҳайф қилдим, жўралар.
Сиз риё базмида ишрат
сурдингиз йилларки, мен
Қай куни сиздан қутулдим,
кайф қилдим, жўралар.
2005
“ХАЛҚ ҚЎЙМАСА НИМА ҚИЛАЙ?”
(Баъзи унвонпарастларга)
Ўз Лайлимни суймас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?
Мажнун бўлиб сўлмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?
Бу гумроҳлар — болаларим,
ўзим эккан лолаларим,
Эркак эдим, гўлмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?
Директўр бўл, зўр бўл дер халқ,
бўлолмасанг кўр бўл дер халқ,
Мен-ку ўзим билмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?
Мени ахир халқ истайди,
қайга борсам халқ қистайди,
“Халқ шоири” бўлмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?
Иззат истаб ўлодирман,
кеча-кундуз елодирман,
Мен-ку асли елмас эдим
халқ қўймаса нима қилай?
Бу дунёда пул, шон надир,
амалкурси, унвон надир,
Мен назарга илмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?
Тушунинг-да, ўртоқ раис,
аҳволим танг, гапим ғализ,
Бу даргоҳга келмас эдим,
халқ қўймаса нима қилай?
2005
БЎЛ!
(Завқиёна оҳангларда)
Аҳли дил бўлма, замоннинг танбури ё сози бўл!
Бир улусга бўл бўлис ё бир туманга қози бўл!
Кўп нуфузли давраларда тустовуқдай товланиб,
Базмларнинг кўрки бўлгил, нози бўл, таннози бўл!
Индамай юрсанг бўлурсан оқибат туфроққа тенг,
Бир баобрў ташкилотнинг бир кичик ғаммози бўл!
Ҳолима боқмас дема, даврон қулоғи кар эмас,
Латта бўл, юмшоқ супургининг майин овози бўл!
Бир сатангнинг лозимига поча бўлгил суйкалиб,
Эр эмас, ҳаммоли бўл, баққоли ҳам баззози бўл!
Бул амаллар гар қўлингдан келмаса, ўксинмагил,
Машқлар қилгил, замон каззобининг сарбози бўл!
Ақча кирган уйларингдан янграгай шеъру суруд,
Танга бўлгил ё динор ё ул кўкиш қоғози бўл!
Ҳаммаёқ дўкону маркет, растаю бозорининг
Муттаҳам даллоли бўлгил ё семиз бир ғози бўл!
Оқило, сен зору маъюссан бу савдолар аро,
Чеккароқ юр, хору хаснинг ҳамдаму дамсози бўл!
1994
ОДАМ — ТЕЛЕФОН
(Ҳазил)
Биқинда — бир телефон,
Бўйнингда — бир телефон.
Бир телефон — киссангда,
Қўйнингда — бир телефон.
Қўлингда — қул телефон,
Ўйингда — пул телефон.
Сенга ҳамдамдир — кезсанг
Саҳрою чўл — телефон.
Қизингда — бир телефон,
Ўзингда — сир телефон.
Уйда неча жонинг бор —
Шунча телефонинг бор.
Қўймайди хушторларинг,
Дилбару дилдорларинг.
Баданларинг зириллар,
Телефонинг ириллар.
Камалакни кўрмайсан,
Капалакни кўрмайсан.
Тўхтаб туриб, майсага
Боқдингми бир лаҳзага?
Бир кун ўтсанг, эй одам,
Сенга ким тутар мотам?
Жанозангга нолонлар
Тўпланар телефонлар.
Зирқирайди биқининг —
Буйракдаги тошингми?
Телефонлар охири
Едиларку бошингни.
Маъракангда жам бўлиб
Ейдилар ҳам ошингни.
Кейин дўсту ёрларинг
Йиғлаб бардош, сабрингга,
Мармартош телефонни
Ўрнатишар қабрингга.
2006
ЧУМОЛИГА ҲАЗИЛ
Бу дунёда фақат меҳнат,
Заҳматни билган чумоли.
Онам ёпган кулчаларга
Илашиб келган чумоли.
Юрган эдинг уйимизда,
Гоҳ тому гоҳ сўримизда.
Қавминг сени излар ҳали,
Тополмайин йиғлар ҳали.
Зерикдингми турмушингдан,
Қочдингми ё юмушингдан?
Бўйнимда жонинг уволи,
Тошкентга келган чумоли.
Сени нима қилсам экан?
Кошки ўзим билсам экан.
Элтайми боғ, гулзорига,
Ё мардикор бозорига?
Сен ўқишга киролмайсан,
Асло вазир бўлолмайсан.
Дунёнинг ожиз саволи,
Тошкентга келган чумоли.
Ростин айтсам, қотди бошим,
Ош бўлмас ҳеч еган ошим.
Яхшиси, кет маконингга,
Жўнатайин Сурхонингга.
Ширинликлар, мойлар қўйсам,
Сени ипсиз бойлаб қўйсам,
Жиянимнинг халтасига
Билинтирмай жойлаб қўйсам.
Бу ишларга бўлма ҳайрон,
Яхши боргил, чумолижон.
Сен кетдингу тоғдай ўсдим,
Кечир, агар кўнглинг буздим.
Мен сен ҳақда шеър ёзайин,
Сен ишлагин бориб, дўстим.
2001
«ТАЛАБАЛИК ОЧЛИК ДАВРИМ»
(Ҳазил)
Уч кундир оч яшайман
Термулиб қотган нонга.
Чўнтакнинг ҳам “қорни оч”,
Мадад беролмас менга.
Девордан жилмаяди
“Олтин талабалигим”.
Қарайман, хўрсинаман,
Хўрсиниб қўяр қорним.
Стипендиянинг “қотили”
Ана, қирқ сўмлик туфли,
Бақрайганча қарайди
Менга даҳлиздан туриб.
Ял-ял ёниб курсдош қиз
— Кинога, — дейди, — юринг!
Кинога бало борми,
Қорни тўқ-да, аблаҳнинг!
Отам берган пулларнинг
Китоб олдим барига.
Кулбам мени сир тутар,
Яширгандай бағрига.
Суратимга қарайман,
Бир нарса деб бўлмайди.
Китоб — дўстдир, валекин
Китобни еб бўлмайди.
Таниш шоир келади,
Кўзойнаги ялтирар.
Баччағарнинг қорни оч,
Мени ғам босар баттар.
У ҳам кириб ўлтирар,
Англагандай ноламни.
Тор кулбада шеър ўқиб,
Сайр этгаймиз оламни.
Шеърият қанотида
Тоғлар, сойлар кечамиз.
Қотган нонни бўктириб,
Бирга чойлар ичамиз.
...Ярим тун, қўзғалару
— Яхши қол, — деб жўнайди.
Кўзойнаги ялтирар,
Осмон юлдуз ўйнайди.
Ўша кеча, тор ҳужра,
Фақиргина кўйлакда,
Шоирлик, талабалик
Тутинди ака-ука.
1977
КИМ НИМА БЎЛАДИ?
(Болаларга)
Бу майсалар униб-ўсиб,
Похол, хашак бўлади.
Бу хўтикча, билсанг, бир кун
Каттак эшак бўлади.
Бу қамишлар бир кун бориб
Най бўлурлар, том, бўйро.
Бу жилғалар оқавериб
Бўлғайлар катта дарё.
Бу тухумлар чийиллашиб,
Жўжа бўлар, полапон.
Қарға бўлар улар, балки
Бургут бўлар, болажон.
Бу жонворлар сал-палгина
Ўсаётир нотўкис.
Катта бўлса булар бир кун
Ҳўкиз бўлар ё тўнғиз.
Уқтирсалар, хафа бўлма,
Ранжимагин, болажон.
Бу сапчалар қовоқ бўлар,
Калла бўлмас ҳеч қачон.
Бу дунёда ғалат ишлар
Рўй бермоғи ҳеч гапмас.
Бу читтаклар бир кун келиб
Булбул бўлса ажабмас.
Бу пахталар, билсанг, бир кун
Бўлар оппоқ дастурхон.
Ўша кунлар соғ бўлсак бас,
Нон бўлса бас, болажон.
1994
ҚУШЛАР ОЛАМИ
(Болаларга)
Қарғалар қочиб кетди,
Гум бўлдику читтак ҳам.
Унга бу ошёнлардан
Топилмасди катак ҳам.
Жуфтакни ростлаб қолди,
Қаранг сатанг майнани.
Булғаб кетибди яна
Деразани, ойнани.
Анҳорда юрган эмиш
Чумчуқ билан зағизғон.
Истанбулга учибди
Бу саҳар жиблажибон.
Қалдирғочку, тинмайди,
Кўзга қўйиб сурмалар,
Ташигани ташиган
Фақат лою гувалак.
Қизилиштоннинг эса
Уялгани ўлгани,
Ипподромга кетдими
Яшил иштон олгани?
Табиатнинг бу ҳолдан
Қош-қовоғи чимрилар.
Муҳаббат бозорига
Ҳайрон боқар қумрилар.
1998
ҚУРБОН ЭШМАТ КЕЛМАДИ
(Излаган пайт топилмас махсус мухбирга
ҳам эътироф, ҳам ҳазил)
Сурхонми ё Қашқадан
Кутилган пойиз келди.
Бир-бирин қўлтиқлашиб
Қози ҳам райис келди.
Ғузордан тандиркабоб,
Деновдан майиз келди.
Марғилондан қандолат,
Сеулдан салат келди.
Бу дунёда юрганлар
Кўплари ғалат келди.
Челакдан чак-чак келди,
Қўқондан пашмак келди,
Қурбон Эшмат келмади.
У пайт рамазон эди,
Нос унда арзон эди.
Ҳайит ўтиб, ҳут келди,
Ким ёрти, ким бут келди.
Қанча сигир, говмишнинг
Елинига сут келди.
Ўт-ўлан, хашак келди,
Қанча мов пишак келди,
Пўстагу тўшак келди,
Қурбон Эшмат келмади.
Бу дунёга термулсанг
Кўса ҳам кўп, кал ҳам кўп.
Соғлари-ку, майлига,
Бекорчи касал ҳам кўп.
Бу даргоҳга қанчалар
Кўса келди, кал келди.
Барчаси бир кўмакка,
Мададга маҳтал келди.
Қанча бой одам келди,
Қанча ой “мадам” келди,
Тош келди, Тошмат келди,
Бало келди, дард келди,
Қурбон Эшмат келмади.
Қурбон Эшмат қайдасан?
Гоҳ чолғу, гоҳ найдасан.
Кутган маҳал келмайин,
Кутмаган пайт пайдосан.
Котибият қон бўлди,
Хамирлари нон бўлди.
Барча ишинг — қоғозда.
Сайёраю Озода
Чинқирар бор овозда:
Қўй, қўчқор, қўзи келди,
Фарҳоди Рўзи келди,
Қурбон Эшмат келмади.
Инфаркт бўлиб телефон
Стол узра берар жон.
Жовдирар Жовли Хушбоқ,
Дўстим, дунёга хуш боқ.
Хуш боққилу қалам сур,
Қиличдан ҳам қалам зўр.
Қурбон Эшмат ким ўзи?
Олмосдай кескир сўзи.
У сендай дуторчимас,
Ё мендай бекорчимас.
Жаврамагил бунча ҳам:
Қурбон Эшмат келмади.
Қурбон Эшмат бор бўлгил.
Бўта эдинг, нор бўлгил.
Битгайдир бу дунёнинг
Бир кун бор каму кўсти.
Қанча фақир зотларнинг
Сен чин ёри, чин дўсти.
Кезгайдирсан эл аро,
Ҳар дил, ҳар кўнгил аро.
Бунга эса қуш келди,
Хушмат келди, хуш келди.
Норқул носфуруш келди,
Қанча сўзфуруш келди.
Йўлаклардан ҳар доим
Бир қўшиқ нохуш келди:
Қурбон Эшмат келмади.
1999
ДОНИШМАНДНИНГ НОСҚОВОҒИГА
Қиш яхшику, баҳор яхши,
лекин тўкин ёз яхшидир,
Ўрмондаги хомхаёлдан
Дўрмондаги ғоз яхшидир.
Яшайверсанг бу дунёда
ажиб ҳикмат бўлар умринг:
Юз муттаҳам дўстдан кўра,
икки отим нос яхшидир.
ШОХИ СИНГАН БУҚАГА
Дунёда кўп қизиқ:
Ўйноқлаб, тошиб,
Оққан жилғани ҳам тиндиргувчи бор.
Ҳатто жонзот бўлиб шох чиқарсанг-да,
Сенинг шохингни ҳам синдиргувчи бор.
БАДАВЛАТ АМАКИМНИНГ ЭШАГИГА
Қариндош ҳам гоҳи-гоҳи ёт бўлар,
Эшакман деб ғам ема, уёт бўлар.
Махтумқули бобо айтиб кетгандай:
Давлатмандлар эшак минса от бўлар.
КАМБАҒАЛНИНГ ПУЛИ
Камбағалнинг пули тўйга етмади,
Бир ашула ё бир куйга етмади.
Бутун умр ғам чекишга етдию,
Бир карнайчи ё бир қўйга етмади.
ОДАМЗОТ
Қанча сурувларни одамзот еди,
Барра ширвозларни еди одамзот.
Семиз қўчқорларнинг бошига етди,
Айтинг, қай манзилга келди одамзот?
Туриб илик ейди,
Гўшт ейди ухлаб,
Зарра парвоси йўқ китобга, куйга.
Ҳозир у ётибди қорнини силаб,
Ўзи ҳам айланиб қолганми қўйга?..
* * *
Бу дунёдан ҳеч кимса
бус-бутун чиққан эмас,
Одамзотдан тоғ чиққан,
бир устун чиққан эмас.
Кўнгли эгри каслардан
тўғри зотлар чиқмагай,
Қийшиқ мўридан ҳеч вақт
рост тутун чиққан эмас.
2004
Ё ТАРИҚ, Ё БУҒДОЙ
Эккан тариғимни талаб кетди деб,
Қириб ташламасдан чумчуқларини.
Майли, юраверсин душманим бол еб
Ва ё мойга булаб тумшуқларини.
Мен унга ҳеч қачон қилмасман таъна,
Ўтган ҳар бир ишдан огоҳдир Худой.
Ўшал қирда бу йил кўкламда яна
Ё тариқ экарман ва ёким буғдой.
1997
УМР ТАРТИБИ
Ҳар куни битта тухум
Ҳаётинг учун муҳим.
Ҳар куни тўртта илик
Есанг — илигинг тўлиқ.
Ўтказмоқ-чун бир тўйни
Сўйдинг ўн хўкиз, қўйни.
Қолмаса гуруч, унинг,
Қон ютиб ўтар кунинг.
Яна буғдой, дон дейсан,
Ҳар куни ўн нон ейсан.
Нафсинг билан лафзинг бор,
Пиёзинг ҳам сабзинг бор.
Парранда, балиқ ейсан,
Оз эмас, тўлиқ ейсан.
Булар — дашту далангдир,
Ўғил-қизинг — болангдир.
Қозону товоқ дейсан,
Чалвору бошмоқ дейсан.
Ажин эмас юзларинг —
Рўзғорингдан изларинг.
Кўзларинг ҳам — тушлардир,
Пати синган қушлардир.
Бу не янглиғ кор бўлди —
Қора сочинг қор бўлди.
Қурмоқ-чун бир иморат,
Чекдинг қанча риёзат.
Бир тилло занжир учун
Юракларинг бўлар хун.
Ташвишларинг, дардларинг —
Сенинг умр дафтаринг.
Ғийбатлар ҳам тўқийсан,
Бир-бирингни чўқийсан.
Лекин қачон, эй инсон,
Битта китоб ўқийсан?!
2006
“ДИЛКАШ” ЧОЙХОНАСИ ТАЪРИФИДА
Шошнинг чаман гулзорида
Қанча гулу ойхона бор.
Мирободнинг бозорида
“Дилкаш” деган чойхона бор.
Бунга келар Сурхондан ҳам,
Хевоқ яна Қўқондан ҳам,
Яйпан билан Ёпондан ҳам,
Меҳмон билан меҳмона бор.
Дунёда дур, инжу — салом,
Бунга берар ҳинду салом.
Кайвониси — Абдусалом,
Доим юзи хандона бор.
Зое кетмай заҳматлари,
Чеккан алам, меҳнатлари,
Бўлсин элнинг раҳматлари,
Чойхонамас, кошона бор.
Атрофида гул-лолалар,
Офтоб сочар шалолалар.
Бундай жонон пиёлалар
Қай нозанин жонона бор?
Чопди роса ёзу қишлар
Абдуғаффор ҳануз ишлар.
Тушларига кириб ғиштлар,
Кечалари тўлғона бор.
Дийдор ахир бошнинг тожи,
Таъзим айлаб Одил ҳожи
Пешвоз олса, завқинг тошиб,
Жону дилинг мастона бор.
Бу дунёда ризқ излама,
Бўйдоқ бўлсанг — қиз излама.
Тақдир билур — юз излама,
Бир қушга сув ё дона бор.
Бунга келур жононлари,
Жононларин жон олари.
Ошиқларининг шонлари
Қай бек билан султона бор?
Ҳар сўзнинг ўз ўрни бордир,
Қулоқ билан бурни бордир.
Вазирнинг ҳам қорни бордир,
Вазирларга хос хона бор.
Разм солинг оққан сува —
Дунёга ким ҳоким, бува?
Ўтинг, ўтинг, ҳоким бува,
Бунда қизиқ афсона бор.
Юртда эсар озод еллар,
Армон қилар не-не эллар.
Чой ичганда генераллар,
Тинчлик деган шукрона бор.
Бағри очиқ жаҳондайин,
Кўнгли бир дастурхондайин,
Дўст топсанг Қобилжондайин,
Қўрқмай Чину Афғона бор.
Ҳар бир гуручга битта жон
Бахш этганидан лол забон,
Соҳиб ака — соҳибқирон
Келгандайин — мардона бор.
Йигит эрсанг — бўл ўт, олов,
Қор ҳам ёнар топсанг қалов.
“Пахан”ларга “пахан палов”
Берсанг — қанча парвона бор.
Ҳар кимга бир тақдир, ака.
Умр йўли надир, ака?
Айтиб берар Садир ака —
Фарғона ё Анжона бор.
Ҳар улуғи — тилло бобо,
Сўз ичра зўр мулло бобо,
Шеър айтса Абудулло бобо —
Минг булбули сайрона бор.
Соз чалса — ёниб юзлари
Ўйнар фарангнинг қизлари.
Шер оғамдай ҳофизлари
На Турк, на Ҳиндистона бор.
Биз — бир юртнинг болалари,
Бир қуёшнинг толалари.
Бундай гулу лолалари
На Пориж, на Лондона бор.
Келсайди гар Жайҳун кечиб,
Бобур бобо — отдан тушиб,
Бир тўхтабон, чойлар ичиб,
Бўзларди сўнг — баҳона бор.
Танҳолардан танҳо юртим,
Ою қуёш, Зуҳро юртим,
Яна қайда, тилло юртим,
Бундоқ тилло остона бор?
Дилкашим ҳам дилтортарим,
Дўсту ёроним, ёрларим,
Жимирлагай дил торларим,
Айтай неки тарона бор.
Кўрмангиз ҳеч хорлиғ, танглиғ,
Гулдай яшанг ранглиғ-ранглиғ,
Йўқласангиз, Сирож янглиғ
Бир шоири девона бор.
2006