I
Кристофоро Голиш гавдасининг оғирлигидан бир оз букилган оёқларини кериб, кўча ўртасида турарди; бошига қийшиқ қўндирган шапка гардиши уни юмалоқ голланд пишлоғига ўхшатиб қўйган эди. Голиш қўлини силкиб:
– Беньямино! – деб қичқирди.
Баланд бўйли, хипчадан келган, ёши элликлар атрофидаги бир киши шамолда тебранаётган новдадек чайқалиб қаршисидан келмоқда эди. Рангпар юзидаги катта-катта кўзлари атрофга олазарак боқарди. У учига резина ўрнатилган ҳассага таянганча чап оёғини судраб келмоқда эди.
– Беньямино!– қайта чақирди Голиш. Негадир овози бу сафар бошқача чиқди. У қадрдон дўстини бу аҳволда кўраман, деб сира ўйламаганди.
Беньямино Ленци негадир тез-тез киприк қоқар, лекин кўз қарашлари ҳамон ўша-ўша эди. Кўзлари бир зумда ёшга тўлди, лекин афти сира ўзгармади. Мўйлови остидаги бир оз қийшиқ лаблари қимирлаб, нимадир демоқчи бўларди-ю, бироқ гапи қовушмай:
– Бу мени бол-адиган йў-лим,– дея дудуқланди.
– Баракалла,– деди Голиш, қаршисида гўё қадрдон дўсти Беньямино Ленци эмас, балки раҳм-шафқатга муҳтож ёш болакай тургандек. Уни совуқ тер босди.
Голиш дўстига яқинлашиб, унинг юришига мос равишда қадам ташламоқчи бўлди. Афсуслар бўлсинки, бу жонсиз судралаётган оёқни гўё қандайдир номаълум кимса ер қаърига тортаётгандек эди! Яримшол ва бадбашара, ўлим нафаси келиб турган бу кимсани кўриб, унга ачинаётганини ҳамда саросимага тушганлигини яшириш мақсадида Голиш Беньяминодан Римдан кетганидан бери шу вақтгача қаерда юрганлиги-ю, қачон қайтиб келганлигини сўраб, саволларга кўмиб ташлади.
Беньямино Ленци дўстининг саволларига ғўлдираш билан жавоб берди. Голиш эса берган саволларини Ленци тушундими, йўқми, деб шубҳалана бошлади. Киприкларини тез-тез пирпиратиб туриши, у азоб чекаётгани ва жуда танг ҳолатда эканлигини билдириб турарди. Бу ҳол чеҳрасида қотиб қолган ғалати саросималикдан халос этмоқчидек туюларди.Оғир хасталик Беньямино Ленцида ўчмас из қолдирганди. Унинг кўзларида ҳайрат ва қўрқув муҳрланиб қолганди.
– Вой-вой-вой!– тишларини ғижирлатиб деди Кристофоро Голиш мажруҳ дўстига ачиниб қараётган одамларга ғазаб билан боқаркан.
Унинг ғазаби тобора ошиб, дили вайрон бўлмоқда эди. Атрофдагилар кўчада енгил қадам ташлаб бораяптилар. Қандай бахт. Оёқ-қўллари эркин ҳаракатда, қандай яхши. Бошларини у ёқ-бу ёққа бураяптилар. Тани соғлиқ – туман бойлик, деб шуни айтсалар керак-да. Хўш, ўзининг кўриниши қандай! Бақувват, мускулдор вужудидан куч-қувват ёғилиб турибди. Кристофоро Голиш қўлини мушт қилди. Жин урсин ҳаммасини! Шу тобда кимнингдир елкасига мушт туширгиси келиб қолди. Қизиқ, нима учун мушт тушириши керак? Бунинг сабабини ўзи ҳам билмасди. Ўтиб кетаётганлар жиғига тегмоқда эди. Айниқса, Ленцига ўгирилиб қараётган бақувват ёшлар уни ғазабини келтирмоқда. Голиш чўнтагидан ҳаво ранг дастрўмолини олиб, терга ботган юзини артди.
– Беньямино дўстим, қаерга кетаяпсан?
Ленци юришдан таққа тўхтади-да, соғлом қўли билан кўча чироғи устунига суянди ва унинг нотекис жойларини пайпасларкан:
– Шифо-колга оё-қимни машқ қий-дийгани,– дея қотиб қолган оёғини кўтармоқчи бўлди.
– Машқ қилдиргани дейсанми?– сўради Голиш.– Оёғингни машқ қилдираяпсанми?
– Ҳа, оё-қимни,– жавоб қайтарди Ленци.
– Баракалла! – деди Голиш. Унинг кўнглида ногирон оёққа жон ато этиб, дўстини бу азобдан қутқариш нияти пайдо бўлди.
Дўстини бундай ачинарли ҳолатда кўриш Голиш учун жуда оғир эди. Наҳотки унинг қаршисида турган ўша ёшлик йилларида ғаройиб саргузаштлар ишқибози бўлган Беньямино Ленци бўлса? Икковлари ҳам уйланмай бўйдоқликларича қолиб кетдилар. Бўш вақтларини маишатда ва ўйин-кулги билан ўтказишни ёқтирар эдилар. Кейинчалик Беньяминонинг ҳаётида ўзгариш рўй берди. У жуда эпчил чиқиб қолди. Гаплари бурро, қатъий эди. У пайтларда Беньямино деганлари ишга муккасидан кетган, умид билан ҳаракат қиларди. Кутилмаганда, шундай ҳолатга тушиб ўтирса-я... Бу ёғи қандоқ бўлди! Ачинарли аҳволга-я!
Голиш дўстидан кўп нарсалар ҳақида сўрамоқчи бўлди, аммо буни ўзига эп кўрмади. Ундан сўрамоқчи бўлган қанча гаплари бор эди-я.
– “Фьяскеттерия Тоскана” баридаги баҳсимиз ёдингдами?– эслатди у дўстига.– Надина эсингдами? Биласанми, ҳозир ҳам мен у билан учрашиб тураман. Ёдингдами, сен ғайирлик қилиб уни мендан тортиб олмоқчи бўлгандинг? Ўшанда Надина сени жуда ёқтириб қолганди. Ҳали-ҳанузгача у сени эслайди. Бугун кечқурун уникига меҳмондорчиликка ўтаман, сени учратиб қолганимни унга айтаман. Қара, сен ҳам мени танимаётгандирсан, таниётган бўлсанг ҳам худди тушда кўраётгандекдирсан.
Голиш жиққа ёшга тўлган кўзлари билан дўстига тикилар, Беньямино бармоқлари билан тинмай ўзи суяниб турган чироқ устунини пайпасларди.
Беньямино Ленци ҳозирда суяниб турган чироқ устунини яхши эслаб қолганди, чунки ҳар куни сайрга чиққанида шу ерда бир оз дам олиш учун тўхтарди. Атрофда ҳаёт давом этмоқда, одамлар унинг аҳволига қараб ачинар, қадам ташлашига хавотирланиб қарашарди. Ленци эса ҳеч нарсани пайқамай, ўз хаёли билан бўлиб, шу тош кўчадан судралиб ўтарди. У бор кучини тўплаб, аввал кўча чироғи устунига, сўнг шаҳар бозоридаги биронта дўконнинг кўргазма ойнаси олдигача етиб олишга жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Бу ер эса иккинчи маротаба тўхтаб дам оладиган манзили эди. Беньямино Ленци шу ерда узоқ вақт туриб, кўргазмага қўйилган арғимчоққа қизил боғич билан боғланган чинни маймунчани томоша қилиб турарди. Кейинги пайтларда кўчанинг ичкарисидаги боғ девори олдида тўхтаб дам оладиган бўлди. Айнан уни даволайдиган шифокор ҳам шу кўчада истиқомат қиларди.
Шифокорнинг ҳовлиси шинамгина, гултувакларга экилган анвойи гуллару катта ёғоч қутиларга ўтказилган ёш бамбуқ, апельсин дарахтларига тўла эди. Шу билан бирга турли хил машқ ўтказиладиган асбоб-анжомлар ҳам мавжуд эди. Бир бурчакда эса мустаҳкам тахтачаларга қоқилган ҳалқачаларда айлана орқали ўтказилган арқон ҳам осилиб турарди.
Беньямино Ленци касал оёғини ёғоч педал устига қўйиб айлантира бошлади. Бу машқ ҳар куни ярим соат давом этарди. Орадан икки-уч ой ўтгач, анча тетиклашиб, соғайиб кетишига ўзида ҳам ишонч пайдо бўлган эди.
Бу манзарани бир оз кузатиб турган Кристофоро Голиш қўлларини силтаганча, катта-катта қадам ташлаб, ҳовлидан шитоб билан чиқиб кетди.
Шу тобда Голишни шундай ҳис-туйғулар қамраб олдики, гўё бу аҳволга Ленци эмас, худди ўзи тушиб қолгандек туюлди.
Голиш ўртоғининг бундай ночор аҳволига асло тоқат қилолмай қолди. Кўзлари ғазабдан чақнарди. Ақлдан озган одамдек қўлларини силкитиб, тишини тишига қўйганча кўча бўйлаб ўзи билан ўзи сўзлашиб борарди:
– Бу ёғи қандоқ бўлди-а? Сенинг ўрнингда бўлганимда, ўзимни хароб қилдириб қўярмидим? Одамлар мазах қилишларига чидаб юрармидим? Бошқалар мазза қилиб юрсинлар-да, мен кулги-маломатга қолайми? Йўқ, бу кунимдан ўлганим яхши. Кулги бўлишни истамайман.
Шу оқшом, эртаси куни ва яна бир неча кун давомида унинг миясини фақат шу ўй-хаёллар қамраб олди. Содир бўлган бу ҳол уни васвасага солиб, на уйда, на ишда ва на қаҳвахонада тинчлик бермасди. Таниш-билишларни кўриб қолгудек бўлса:
– Беньямино Ленцини кўрдингизми? – деб сўрарди. “Йўқ” деб жавоб бергудек бўлишса:– Бечора шол бўлиб қолибди! Қандай яшаб юрибди, ҳайронман. Шифокор бўлганимда бу ҳолдан қутқарармидим... Бечора педал айлантириб, оёғини ҳаракатга келтираяпти. Тузалиб кетармикин? Бир минг саккиз юз олтмиш олтинчи йилда – ёшлик йилларида мен билан ёнма-ён туриб урушган ва дуэлда қатнашган ўша Беньямино Ленци-да. Жин урсин, биз ўзимизни ҳеч қачон аяган эмасмиз. Ҳаёт шоду хуррамликларга тўла бўлсагина қадрли бўларкан. Бўлмаса, унинг қизиғи йўқ экан. Мен бу аҳволга чидаёлмай ўзимни бир балога гирифтор қилган бўлардим.
Ниҳоят, қаҳвахонада ўтирган улфатлар Голишнинг гапидан чарчашди.
– Мен жонимга қасд қилган бўлардим,– деди Голиш.
– Тезроқ айтганингни амалга ошир, биз ҳам совуқ гапларингдан қутулайлик,– деб ҳазиллашишди дўстлари.
Кистофоро Голиш улфатларининг гапига эътироз билдириб, қўлларини силтаб:
– Йўқ, агар шундай ҳолат рўй берса деяпман-да...– деди.
II
Орадан бир ойлар чамаси ўтгач, Кристофоро Голиш опаси ва жияни билан бир дастурхонда кечки овқатни тановул қилаётган пайтларида тўсатдан нафас ололмаётгандек кўзлари олайиб, оғзи қийшайди-қолди. У столга юзтубан йиқилиб, тақсимча устига бошини қўйди.
Худди унга ўлим шарпа солаётгандек эди. Бир зумда Голишнинг ўнг тараф аъзолари ишламай, гапдан қолди.
Кристофоро Голиш Италияда туғилганди. Ота-онаси немис эдилар. Умрида Германияга бормаганди. У соф рим шевасида сўзлашарди. Дўстлари унинг Голиш исми шарифини аллақачоноқ итальянча Голиччи дея ўзгартириб юборган эдилар. Баъзилар эса, қорни қаппайганлиги, ҳаддан зиёд иштаҳаси зўрлиги учун унга Голачча, деб лақаб ҳам қўйиб олган эдилар. У баъзан хуфиёна гаплари бўлса опаси билан немис тилида сўзлашарди, холос.
Кристофоро Голиш гапира оладиган бўлганидан сўнг, у шифокорни ҳайратга солиб қўйди, итальян тилини мутлақо унутиб, фақат немис тилида сўзлаша бошлади.
Қизариб кетган, қўрқув тўла кўзларини очиб, қийшайган оғзи ва юзини чап тарафини ҳаракатга келтириб, бўйсунмаётган тили билан бир нечта сўз айтмоқчи бўлди. Сўнг соғ қўли билан бошини ушлаб шифокорга немис тилида шундай мурожаат этди:
– Сиз... сиз... мўлжалга олиб мушт туширгандай...– деди.
Шифокор немис тилини тушунмади, укасининг гапидан эси чиқиб кетган опаси бу гапларни таржима қилишга мажбур бўлди.
Кристофор Голиш тўсатдан немисга айланди-қолди. Аниқроқ қилиб айтганда, у қайтадан немис бўлиб туғилди. Хотирасидан барча итальян сўзлар чиқиб кетганди.
Шифокор бу ҳолатни илмий асосда тушунтирмоқчи бўлди, ўз ташхисини қўйиб, муолажалар буюрди. Шифокор кетаётганда Голишнинг опаси уни бир четга олиб, бир неча кун аввал шол бўлиб қолган эски қадрдони билан учрашиб қолганида, агар ўзи ҳам шундай дардга чалингудек бўлса, жонига қасд қилишга онт ичганлигини айтиб берди.
– Биласизми, доктор, худди шу касалга мубтало бўлишини аввалдан сезгандек, фақат шу ҳақда гапиргани-гапирган эди. У жонига қасд қилиши турган гап. Мен жуда хавотирдаман.
Шифокор хайрихоҳлик билан илжайиб:
– Хавотир бўлманг, хоним, ҳеч қўрқадиган жойи йўқ. Укангизга унинг бетоблиги бор-йўғи овқат ҳазм бўлмаганидан деб айтамиз, мана кўрасиз...
– Лекин доктор!
– У ишонади, мен бунга кафилман. Чунки касали оғир эмас, бир неча кундан сўнг оёқ-қўлларини қимирлата бошлайди. Вақт ўтгач, юриб ҳам кетади. Аста-секин юради. Ким билсин, вақт ўтиши билан у буткул кўрмагандек бўлиб кетиши ҳам мумкин... Бу унга жиддий огоҳлантириш бўлди. У ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартириши ва қатъий тартибга бўйсуниб яшаши лозим. Фақат шу йўл билан касал хуружи қайталанишидан узоқ вақт сақланиши мумкин.
Опаси кўзига қалқиб чиққан ёшларини яшириш мақсадида, қўллари билан кўзларини юмиб олди. Шифокорнинг гапларига ишонмасдан дарҳол хизматкори ва ўғли билан маслаҳатлашиб, укасининг тортмада турадиган тўппончасини яшириб қўйиш режасини туза бошлашди. Маслаҳатга кўра у хизматкор билан тўшакни тўғрилаб қўйиш баҳонасида каравотнинг четида туриб олганларида, тортмадан ўғли тўппончани билдирмай олиб чиқиб кетадиган бўлди. Фақат эҳтиёткор бўлишлари керак. Шундай қилдилар ҳам. Опаси ўз эҳтиёткорлигидан енгил тин олди, чунки авваллари укасининг бундай касаллик ҳақидаги тушунтиришларига унча эътибор ҳам бермаганди. Худди шифокор айтганидек, укасига касалини оддий ошқозон касали деб тушунтирдилар.
– Ҳа... ҳа... бу оддий ошқозон касали...
Дарҳақиқат, укаси тўрт кунгача ошқозонида қандайдир нохушлик рўй бераётганини сезди.
– Меъда сустлиги... ҳа...ҳа... шундай.
“Наҳотки танасининг ўнг тарафи шол бўлиб қолганлигини укам сезмаётган бўлса?– дея хаёл сурарди опаси.– Наҳотки у Ленцининг бошига тушган бу азоблардан сўнг оддий меъда сустлиги шундай даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигига ишониши мумкин бўлса, а?”
У ўз ихтиёри билан навбатчилик қила бошлаган биринчи кунданоқ гўё ёш болага ўргатгандек, унга меҳр билан унутилган итальян сўзларини ўргата бошлади. Укасидан эса нима учун итальян тилида гапирмаётганини сўради.
Голиш опасига ҳайрат-ла боқди. У ҳозир немис тилида сўзлашаётганини ҳам пайқамаётганди; у дабдурустдан немис тилида сўзлаша бошлади, бошқа тилда сўзлашиш эса унинг хаёлига ҳам келмасди. Голиш опаси ўргатаётгандай қилиб, итальян сўзларини қайтаришга тушди. Бироқ у опаси ўргатаётган итальян сўзларини немис тилида талаффуз қиларди. Жияни Жеванниони Чоугато деб атай бошлади, тоғам мени ҳазиллашиб шундай ном билан атаяпти, дея кулиб қўярди жияни.
Орадан уч кун вақт ўтгач, “Фьяскеттерия Тоскана” қаҳвахонасида Голишнинг бошига тушган кулфатдан хабардор бўлган дўстлари кўргани келдилар. Итальян тилини янгидан ўрганаётган Голишни кўриб, аҳволига ачиндилар. Голиш эса ўрганаётган сўзларининг маъносини фаҳмламасди ҳам.
Голиш ғалати аҳволга тушиб қолганди. Маълум бир дақиқада у абадий давом этгувчи оламга шўнғиган-у, сўнг у ердан бутунлай бошқа инсон – қирқ саккиз ёшли ажнабий гўдак бўлиб туғилгандек эди.
Голиш ишламай қолган қўлини илк бор қимирлатганида шундай хурсанд бўлиб кетганини кўрсангиз эди! Оёғи эса қимирлай демасди. Лекин у оёғи ишлаб кетишига умид боғларди. Кристофоро Голиш оёғини ҳаракатга келтиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди.
– Қалай?– сўради у дўстларидан.
– Яхши, яқин кунларда юриб кетасан,– далда беришарди унга дўстлари.
Голишнинг яшашдан умиди катта эди. Ҳар эҳтимолга қарши дўстлари ҳамширадан беморга эътибор билан қараб туришини илтимос қилдилар.
– Биласизми, кутилмаганда ҳар қандай воқеа рўй бериши мумкин. Хотираси ҳам тикланиши турган гап. Голиш дўсти касал бўлганида нохуш фикрни миясига ўрнаштириб олганди: худо кўрсатмасин, хуруж яна қайтарилиб қолса борми, унда ҳар нарсани кутиш мумкин.
Ҳозирда Голиш эмас, балки дўстлари нохуш фикрлар гирдобида эдилар. Орадан йигирма кун ўтгач, опаси ва жияни етовида хона ичида бир неча қадам босаётганидаги хурсандчилигини кўрсангиз эди! Шу тобда ундан бахтли одам йўқ эди дунёда! Гўё онадан қайта туғилгандек эди. Худди ёш боладек қадам босаётганидан хурсанд бўларди. Арзимас нарсага йиғлаб ҳам оларди. Хонадаги ҳамма нарса унга жуда қадрдон кўринарди. Уларнинг ёнига бориб, қўли билан пайпаслаб кўрар, кўзига ёш олганча, қалби шодликка тўлиб судралиб қадам босарди. Бошқа хонадаги жиҳозларни ҳам узоқ вақт томоша қилиб турар ва шу хоналарга кириб боришни орзу қиларди. Ҳа, опаси билан жияни қўлтиғига киришса борми, у ҳамма хоналарни айланиб чиқарди. Кейинчалик Голиш жиянидан ёрдам сўрамай қўйди. Опаси ёрдамида соғ қўли билан ҳассага суянганча хонама-хона кеза бошлади. Тез орада бировнинг ёрдамисиз, фақат ҳасса билан юра бошлади ва ниҳоят, Кристофоро Голиш атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлди.
– Энди-чи, энди... ҳассасиз юрсам дейман...
Голиш ҳассасига таянмай икки-уч қадам ташлади, лекин дарҳол курсига ўтириб олишига тўғри келди. У анча озиб-тўзган, ташқи кўриниши опасига ўхшаб кетганди.
– Бейамин!– дўстининг исмини бузиб чақирди Голиш.
Беньямино Ленци дўстининг шол бўлиб қолганлигини кўриб, ажабланмади ҳам. Мўйлови остидаги лабларини чўччайтирди, холос, шу лаҳзада ўнг юзи бир оз қийшайиб, тамшанганча деди:
– Сенга ҳам юқибди-да?– дея педал айлантиришда давом этди.
Эртаси куни Кристофоро Голиш шифокор ҳузурига опасининг ёрдамисиз бормоқчи бўлди. Беньямино эса ёлғиз ўзи қатнарди, Голиш ҳам ундан ортда қолмасликка аҳд қилди. Аввалига опаси ўғлига тоғасининг ортидан сездирмай кузатиб, назорат қилиб юришни тайинлади. Опанинг кўнгли хотиржам бўлгач, ёлғиз ўзи шифокор ҳузурига боришига рухсат этди.
Энди ҳар куни эрталаб бир вақтда иккита ногирон дўст йўлда учрашиб шифокор ҳузурига бирга қатнайдиган бўлдилар. Уларнинг йўналишлари бир хил эди – аввал кўча чироғи устунига етиб олишлари керак эди, сўнгра пастликка тушиб, бозор расталаридан ўтиб боришар, кўргазмага қўйилган арғимчоқда ўтирган чиннидан ясалган маймун боласини узоқ томоша қилгач, боғнинг панжараси олдига етиб олишлари зарур бўларди.
Бугун Голишнинг хаёлига ажойиб бир фикр келди. У дўсти Ленци билан фикрини ўртоқлашиш учун ошиқа бошлади. Икки дўст – кўча чироғининг устунига суянганча нигоҳларини бир-бирларига қадаб, нима демоқчи бўлганларини тушунар ва кулгидан оғзиларининг таноби қочарди. Улар гапираётган сўзларини бузиб талаффуз қилганча бир тўхтамга келдилар, Голиш ҳассасини кўтариб кўчадаги извошчини имо билан чақирди. Извошчи аввал биттасини, сўнг иккинчисини аравага чиқарди, мана энди улар Испания майдонида истиқомат қилаётган Надинаникига меҳмонга кетмоқда эдилар.
Пиллапоялардан юқорига минг азобда чиқиб, ҳансираб турган бу икки шахсни кўриб, Надинанинг эси оғиб қолаёзди. Бечора Надина кулишини ҳам, йиғлашини ҳам билмасди. Уларга ёрдамлашиб, икковларини ҳам меҳмонхонага бошлаб кирди ва ўз ёнидан ўтиришлари учун жой кўрсатди. Сўнг худди тарбиячиларга ўхшаб, қочиб келган ёш, шўх болаларга дакки бераётгандек, ўйламай қилган ишлари учун уларни койий кетди.
Беньямино Ленци аразлаган ёш боладек афтини бужмайтириб, йиғлаб юборди.
Голиш эса аксинча, қовоғини уйганча ташриф буюришдан мақсад, унга ажойиб – сирли совға қилмоқчи бўлганликларини айтди.
– Мени йўқлаб келганларинг учун бошим кўкка етди, раҳмат,– шоша-пиша деди Надина.– Яшаворинглар! Икковингизлар ҳам зўрсизлар... Уйимга қадам ранжида қилиб, бошимни осмонга етказдинглар. Мен айтган гапимдан хижолатдаман, лекин сизларнинг фойдангизни кўзлаган эдим... Меникигача етиб келиш, устига-устак пиллапоялардан юқорига чиқишда қийналган бўлсангиз керак, деб... Беньямино, қўй, азизим, йиғлама... Сенга нима бўлди ўзи. Бардам бўл, Беньямино! – дея Надина оппоқ, чиройли, дўмбоққина қўллари билан унинг юзини силаб қўйди.– Сенга нима бўлди? Қани, менга бир қара-чи!.. Уйимга келмоқчи эмасмидинг, а? Сени анави ярамас бу ерга бошлаб келган бўлса керак? Шунинг учун мен уни эркаламоқчи эмасман. Бас қил, сен менинг арслоним, қадрдонимсан. Йиғлама, кўз ёшларингни ўзим артиб қўяман. Ана шундай, шундай қилиб. Мана бу ажойиб феруза кўзли узукка қарагин-а? Уни менга ким совға қилган? Бу узукни ким ўз Надинасига совға қилган? Эгнимдаги чиройли кўйлакни-чи? Қани, топ-чи? Сен мен учун энг қадрли инсонсан, азизим,– дея Беньяминонинг пешонасидан ўпиб қўйди. Сўнг ўрнидан даст турди-да, кўз ёшларини артиб олгач:
– Сизларни нима билан меҳмон қилсам экан-а?– деди Надина. Унинг қилган ишидан Кристофоро Голишнинг дили ранжиди, томоғидан овқат ўтмади. Беньямино Ленци ширинликдан бир бўлак ейишга розилик билдирди. У Надина узатган ширинлик томон чўзилиб, оғзини очмоқчи эди, Надина қиқирлаб кулганча ширинликни Беньяминодан олиб қочиб:
– Йўқ, йўқ, бермайман,– дея ҳазиллашди.
Топишиб олган икки қадрдон дўст ғаройиб кайфиятда эдилар. Улар қувонгандан қувониб, тинмай кулардилар.
Русчадан Назира Жўраева таржимаси