Яқин кишингни ёмонлашдан оғир гуноҳ йўқ. Биз, масалан, кўчада кетаётган бирон кишини кўрамиз-у, дарров унинг қаёққа ва нима мақсадда кетаётганини фаҳмлагандай бўламиз; агар у ўй сурса, нияти нима эканлигини сезгандай бўламиз ва нима қиларкан-а, ишга тумшуқ тиқиб, деб ўша заҳоти уни ғийбат қила бошлаймиз, ўзи бемаъни одам бўлатуриб шу қилаётган иши инсофданмикин, деб маломат қиламиз, шўрликнинг бошига таъналар ёғдириб, уни ҳатто тушига ҳам кирмаган, хаёлига ҳам келмаган ножўя гуноҳларга кўмиб ташлаймиз.
Лекин шундай қилишимиз яхшими, ахир? Ё, ўзгалар қилмишини назорат қил, деб ғойибдан нидо келганми бизга? Келинглар, яхшиси, ўзлигимизни билайлик, бошқалар тўғрисида бирон нима эшитгудек, ёки кўргудек бўлсак, эшитмагандай, кўрмагандай бўлайлик, нимагаки, баъзида ҳамманинг оғзида, палончи ундай қилибди, пистончи бундай дебди, деган миш-мишлар тарқалади; буни биров бош-қа бировдан эшитган, унга эса яна бошқа бир киши, ўз кўзи билан кўрганлигини айтган бўлади...
Ҳолбуки, яхшилаб суриштириб қаралса, ўша ғийбатга учраган одам фуқаро манфаатини кўзлаб шундай ишга қўл ургани маълум бўлади; бордию бу қилмиши билан кимгадир зиён етказган бўлса, аксар пайт шубҳа қилинаётган одам эмас, балки ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган мутлақо бошқа одам айбдор бўлиб чиқади.
Мана шу зайлда бир хокисор одам бадният, гуноҳкор кишининг ўрнига жавобгарликка тортилган эдики, агарда бир қиз елиб-югуриб уни бандиликдан қутқариб қолмаганида, бечора адойи тамом бўлган бўларди. Ҳа, бу “бало” қиз эди! Отаси Трофим Макуха уни жуда ҳурмат қиларди, сабабки Ивге (қизнинг исми шундай эди) бир сўз айтса, юзта кампир ҳам уни ниятидан қайтара олмасди. Хуллас, унинг айтган сўзи – отилган ўқ эди.
Кекса Макуха барча рўзғор ишларини қизига топшириб қўйиб ҳаловатда яшарди. Чунки Ивга ақлу фаросатда, топқирлик, тежамкорлик, уддабуронликда тенги йўқ қиз эди. Унга бирон кўзлаган ниятингнинг учини чиқарсанг бўлди – шу заҳоти у қаерга ва нима учун қанча маблағ сарфлашликни ҳисоблаб берарди. Агар Макуха бирон янги ишни кўзлаб, қизидан маслаҳат сўрагудек бўлса, Ивга отасига фақат фойдали маслаҳат берарди. Шунинг учун ҳам Макуханинг бутун хўжалик ишлари бошқаларникидан пухтароқ ва яхшироқ эди. Макуха уйланганидан кейин, хотинининг гапига кириб, ғаллакорлик амалини ташлаган ва тижорат билан шуғуллана бошлаган эди. У қатрон, туз билан, баъзида эса ғалла билан, дуч келган бошқа моллар билан ҳам савдо қиларди. Шу билан бирга, у майхонасини ҳам ёпмади, лекин майхонаси энди ҳамма учун эмас, балки фақат ўтган-кетган мусофир одамлар учун хизмат қиларди. Унинг яна карвонсаройи ҳам бор эди – турган гапки, карвонсаройда ҳамма нарса муҳайё бўлиши керак эди, сабабки, извошчиларнинг, аравакашларнинг талаблари оғизларидан чиқмасдан тайёрлаб берилиши лозим эди, ана шулардагина карвонсарой даромад келтириши мумкин эди.
Агарда хўжалик ишларини Трофим Макуханинг ўзи бошқарганида борми, орадан сал вақт ўтар-ўтмас унинг “улкан хонадон”и ҳам, мусофир ошёнига айланган, ҳовлисидаги сули ва бошқа ғаллалар билан, шунингдек, турфа хил унлар билан тўлдирилган омборларига ўргимчаклар уя қуриб ташлаган бўларди. Айтмоқчиманки, агарда у хўжалик ишларини ўзи бошқарганида бутун бойлигидан мосуво бўлган ва икки қўлини бурнига тиқиб қолган бўларди, чунки шунақа.... “аммамнинг бузоғи” эди у... ҳай, барчаси худонинг паноҳига! У нимани қачон ва қай тарзда тайёрлаш лозимлигини унча билолмасди; бунақа одамлар ҳақида эл оғзида шундай таъбир юради: у иситилган уйидан ташқарига чиққанида, бу ерда иссиқнинг нима ҳожати бор, деб эшикни ёпмасди. Тушунмайдики, печка билан иситилган уй ҳам, агар эшик ёпилмаса совиб қолиши мумкин. Полизда бир ғарам пичанни, омборида ўн чорак сулиси бўлса, шу ем-хашакнинг ўзи ўн йилга етади деб, бошқа ҳеч ниманинг ташвишини қилмай, қўл қовуштириб ўтираверади. Ана шунда отасининг бундай кайфиятини кўрган Ивга ўзини ўтга-чўққа урганча, бировни у ёққа жўнатади, бошқани бу ёққа ғизиллатади, ўзи югуриб елади, ниманидир харид қилади, ниманидир қарзга олади, кимнидир ёллайди, ким биландир байлашади – шунинг учун ҳамма иши пишиқ, ҳамма нарсаси муҳайё. Айтмоқчиманки, Макуха қизи Ивганинг бундай саришталиги туфайли доимо ҳаловатда яшарди!
Яна шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, агар Макуха хўжаликни ўз ўғли Тимоха билан бошқарадиган бўлса, тирикчилиги аранг ўтишига ҳам кўзи етмасди. Тимоха ана шунақа “қўли гул” йигит эди! Агар хўжаликни у бошқарганида, бутун молу давлатлари совурилиб кетиши муқаррар эди. Тимоха чапани ва олифта йигит эди: бошининг қоқ чўққисида кокил ўстирар, мўйловини гажак қилиб бурар, ҳеч қачон чакмон киймас, доим хитой мўйнасидан тикилган бежирим чопон кийиб юрарди; белбоғлари бири биридан чиройли; бегим кунлари киядиган қалпоғи бошқа, байрамларда киядигани бошқа, аммо бири биридан чўққироқ; кийган этигидан бошқа яна бир жуфт этиги доим қатронга бўктириб қўйилган бўларди – кўнгли хоҳлаганча олифтагарчилик қилиши учун; этикларининг бир жуфти баланд пошнали, иккинчи жуфти мих пошнали эди. Қани, айтинг-чи, ким кўчадан баралла бақириб қўшиқ айтиб ўтади, ким қовоқхонада улфатларнинг “гули” бўлади, ким майхонада идишларни чил-чил синдиради, ким ўн киши ичадиган ичкиликни ичиб маст бўлмайди? Фақат Тимоха Макушшенко-да! Қизлар кимдан ўзларини олиб қочишади, майхона хўжайини кимдан беркиниб олади? Кимдан бўларди, фақат Тимоха Макушенкодан, албатта Ҳа, унинг қўлидан ҳар қандай ёвузлик ҳам келарди! Заҳарига ичиб олиб, дуч келган одам билан муштлашар, қизларни алдарди; қарта ўйнаган пайтларида ҳамманинг пулини йиғиб олиб, уларни майхонама-майхона судрар, қизларнинг ўтиришларига олиб борарди. У бўлис мирзаси билан қалин дўст эди, икковлари тил бириктириб, нима балонидир кўзлаб юришарди... Бу иллатлар етмагандай, у яна учига чиққан ўғри ҳам эди. Ивга доим акасидан ҳамма молу пулларини эҳтиёт қиларди. Тимоха кўзи тушган нарсани ўмармай қўймасди. Лекин отаси унинг гапини икки қилмас, нима сўраса, ҳаммасини гап қайтармай бераверарди, чунки Макуха ўғлини жонидан ортиқ яхши кўрар, папалаб эркалар, ҳамма сўраган нарсасини бериб кўнглини кўтарарди – ахир у ёлғиз ўғил эди-да. Шунинг учун, отаси, майли, ёшлигида тўйиб-тўйиб ўйнаб олсин, кейин, отамнинг бағрида роса мириқиб роҳатда-фароғатда яшаганман, деб эслаб юрар, дерди. Шундай пайтлар ҳам бўларди-ки, Ивга отаси билан тортишиб, акасига ҳеч нима бердирмасди, ўғлингизни жудаям талтайтириб юбордингиз, деб отасини уришиб берарди. Шунақа пайтда Макуха ўғлига пул беришдан воз кечса ҳам, барибир, кейин ими-жимида сўраган пулини берарди.
Тимоха ота ҳузурида мириқиб ўйнаб-кулар, кўнглига сиққанча бевошлик қилар, гарчи унинг ғирт ишёқмас такасалтанг эканлигини ҳамма кўрса, қишлоқда бўладиган барча тартибсизликларнинг сабабчиси у эканини ҳамма билса ҳам, ҳеч ким унга қарши ғинг деб оғиз оча олмас, ҳеч ким уни безорилик қилишига қаршилик кўрсатаолмас, ҳеч ким унинг устидан маъмурларга шикоят қилишга ботина олмас эди, сабабки, у бойнинг ўғли – бойвачча эди... Зеро, қишлоқларда ҳам ҳақиқат худди шаҳардагидек эди: ҳамма ерда бойлар кўнглига сиққан бемаъниликларни қилишлари мумкин эди. Қайтага, бошқалар ҳам, баъзи-баъзида уларнинг хурмача қилиқларига тақлид қила бошлардилар.
Гарчи Тимоханинг барча беадабликларидан бохабар бўлган, уни кузатувчи одам бўлса ҳам, Тимохага тўсқинлик қилишга ҳаққи йўқ эди унинг. Бу одам Макуханинг асранди ўғли Левко эди. Трофимнинг раҳматли хотини Горпина бир куни еттита гўдакнинг ҳам отаси, ҳам онаси ўлиб, етим қолишганини ва уларни одамлар ўзларига бола қилиб олишаётганини эшитиб, у ҳам бир ёшли чақалоқни, яъни мана шу Левкони ўзига ўғил қилиб олган эди.
Левко етим бўлса ҳам Макуханинг уйида яхши яшади: уни ювиб- тарашар, яхши кийинтиришар, ҳар якшанбада эгнига оппоқ кўйлак кийдириб, юмшоқ оқ бўлка беришарди, у оёғига қишда этик, эгнига анча тутилган бўлса ҳам пўстинча киярди. Горпина жуда меҳрибон ва художўй аёл эди, қашшоқлардан ҳеч нимани аямасди. Нафақат ўз қишлоғидаги, шунингдек, бошқа ерли қашшоқлар ҳам унинг олдига худди ўз оналари пинжига келгандек келаверишарди: Горпина уларнинг бирига пул садақа қилса, бошқасига оқ бўлка, яна бирига рўмолча тақдим қилар, хуллас, ҳеч кимни қуруқ қайтармасди. Қисқаси, у гўдак етимчани қўлига олганидан бошлаб, уни жонидан ортиқ яхши кўриб, меҳр қўйган эди. Сабаби, Ўғли Тимоха бу болани ёмон кўрар, боз устига, Левкодан икки ёшча катта бўлгани учун, доим турткилар, калтаклаб безор қиларди. Бола Тимоха устидан Горпинага шикоят қилар, Тимоха бўлса отасига шикоят қиларди – оқибатда чол яна Левкони калтаклашга тушарди; кампир Левконинг ёнини олиб, тўнғиллаганича чолини койиб берарди. Эри қанчалик жоҳил бўлмасин, хотинига гап қайтаришга журъат этолмасди, аммо Левкони учратиб қолса, айби бўлса-бўлмаса, уни дўппослар ва Горпинага шикоят қилишини ман қилиб қўярди. Трофимдан бола шунақа юрак олдириб қўйган эдики, у бир ўқрайиб қараса, қўрққанидан бутун вужуди титраб-қақшай бошларди. У нафақат чолдан, шунингдек, Тимохадан ҳам, тағин мени урмасин ё отасига чақиб бермасин, деб қўрқиб турарди. Ўзи туфайли чол-кампирнинг тез-тез жиқиллашиб туришини кўрган Левко, кўпинча Горпинага шикоят қилишдан ўзини тияр ва бошига тушган азоб-уқубатлар тўғрисида фақат Ивгага ёриларди. Ивга ундан беш ёш ёшроқ эди, шу боис, йигитнинг кўнглини кўтариш учун ҳеч нима қила олмас ва ўтирволиб у билан бирга йиғлашарди.
Горпина уйда тўла ҳуқуқли бека эди, ҳамма ишлар унинг фармойиши бўйича амалга ошириларди. У эрининг феълини билар, шунинг учун уни ҳеч қандай хўжалик ишига аралаштирмасди. То Ивга катта қиз бўлиб қолгунича. Горпина Левкони иш бошқаришга ўргата бошлади. Кейин у қизида хўжалик ишларини юритишга лаёқати борлигини кўриб, унга ўзининг уйдаги вазифаларини ўргата бошлади. Ивгага қайси нарсани қачон, қаердан топиб, ғамлаш кераклигини, карвонсаройга келиб турувчиларнинг ҳамиша фақат шу ерга қўниб ўтишлари учун улар билан қандай муомала қилишни тушунтирди. Ҳамма қазноқ ва омборларнинг калитларини у Ивга билан Левкога топширди; дон-дун борми, ем-хашак борми, жамики рўзғор ва хўжалик буюмлари энди шу икковининг қўлида эди; сармоя ҳам, барча ҳисоб-китоб ишлари ҳам Ивга билан Левконинг ихтиёрида эди, Горпина уларга фақат йўл-йўриқ кўрсатиб турарди. У ўғли Тимохани ҳам хўжалик ишларини бошқаришга ўргатмоқчи бўлди-ю, лекин унинг худодан қўрқмай, харидорларни ҳам пулдан, ҳам тароздан ура бошлаганини, доим маст-аласт юриб, одамлар билан муштлашгани чоғланганини, баъзида эса уларнинг пулини ҳам ўмарганини кўриб, бу ниятидан воз кечди. Зеро, у карвонсарой шаънига доғ тушириши мумкин эди. Агар бунинг олди олинмаса, одамлар бу даргоҳга келишдан қадамларини узган ҳам бўлардиларки, Горпина бу аҳволни кўриб, ўғлига эрк бермай қўйди, вақти қазоси етганда эса, бутун хўжалик ишларини қизининг ихтиёрига топширди ва ҳамма соҳада муфассал йўл-йўриқлар кўрсатди. Левкони эса, бутун оила аъзолари ҳимоясига топшириб, уни ҳеч нимадан камситмасликни, кўнглини оғритиб хафа қилмасликни ва башарти, агар унинг ўзи ўз хўжалигига эга бўлишни хоҳлагудек бўлса, хоҳишига монелик қилмасликни васият қилди: “Сен, қизим, унинг янги рўзғор қилишида кўмаклаш, ҳамма керакли буюмлар билан таъминла, ўзинг биласан, Левконинг кўп ёрдами тегди бизга, унинг шарофати билан анча-мунча даромад қилдик,– сен унинг шу қилган яхшилигига яраша, ўзинг ҳам яхшилик қил. Борди-ю, агар бир-биринглардан ажралмай, турмуш қургудек бўлсанглар, нур устига аъло нур. Эру хотин – қўш ҳўкиз бўлиб, рўзғорни тебратасизлар, отангни ташвишга солиб қўймайсизлар! Аммо-лекин Тимохага эрк бера кўрманглар, йўқса у сени ҳам, қизим, тўққиз пулга сотиб юборади, отангни ҳам қиморга бой бериб ичади, бутун молу давлатимизни елга совуради”.
Она ўлганидан кейин, Ивга бутун хўжаликни ўзи бошқаришга киришди, отасининг ўзбошимчалик қилиб пул сарфлашига йўл қўймади. Олди-сотдидан тушган пулларни у отасига топширар, лекин унинг феълини яхши билгани учун, менинг маслаҳатимсиз ҳеч бир нарсага бебилискага пул сарфламанг, деб қаттиқ тайинлаб турарди. Ота ҳам худди илгари хотинининг амрига итоат этгандай, қизининг гапига ҳам қулоқ солар эди. Қария ўғли Тимохани яхши кўрар, доим уни папалагани-папалаган эди, у пул сўраганида ҳеч йўқ деяолмасди, аммо Ивга отасига бундай қилишни тақиқлаб қўйган эди ва Тимоха учун ҳар ойда қанчадан пул бериб туришни белгилаб берган эди. Ота ҳам унга бўйсунарди... Лекин Тимоха олган пул қанчага етарди, дейсиз! Пул қўлига тушган заҳоти, уни ароқ ичиб, ё бўлмаса, маишат қилиб қуритар, кейин то янги ой бошлангунча илҳақ бўлиб, тишининг кирини сўриб юрарди. Оқибатда, нуқул Левкога заҳрини сочгари-сочган эди, чунки, у асранди ўғил бўлса ҳам, ҳамма ишда бош-қош-у. Тимоха ота ўғли бўлатуриб, ҳеч нарсага ҳақи йўқ эди. Шунинг учун ҳамма бало шу Левконинг касрига бўляпти деб ўйлаб, кунуззукун унинг устидан отасига ғийбат қилиб, қулоғини пишитгани-пишитган эди. Трофим ҳам Левкони ҳар учратганида сўкиб, ўшқириб берарди, бечора Левконинг тоқати тоқ бўлар, пичоқ суягига етганди. Бу хонадондан, бош олиб кетарди-ю, лекин у Ивгани юрак-юрагидан севиб қолганди, Ивга ҳам унга таскин бериб, мана, олдин акамни уйлантириб, рўзғорини бошқа қилайлик, отамни унинг қарамоғига топширайлик, кейин сен билан турмуш қураман, ана унда ўз рўзғоримиз бўлади, деб айтарди.
Шундай кун келишини интизор бўлиб кутган Левко Макуханинг зуғумларига тишини тишига қўйиб чидар, ўз иши билан овуниб, оз-оздан пул жамғарарди. У Тимоханинг қинғир ишларини кўрмасликка қанча уринмасин, барибир, унинг таралабедод айш қилиб, маст бўлиб одамлар билан муштлашиб юрганини, айниқса, қандайдир оғир бир жиноят қилиб қўйиб, ошнаси – бўлис мирзаси ёрдамида айбини ёпти-ёпти қилганини ва бу “яхши”лиги учун мирзани ўз синглисига катта сеп билан турмушга бермоқчи бўлганини – тешик қулоқ эшитган, билган эди. Левко ана шу ҳақда отага гапиришга жазм қилди. Хўш, нима бўлди шу билан? Макуха ишонмади, Левко ўғлимни ёмон кўради, шунинг учун уни ғийбат қиляпти, деган қарорга келди. Шунда Левко Тимоха томонидан пули шилинган ёки панд еган одамларни чолнинг олдига бошлаб келди, лекин Макуха, Левко ўғлимга туҳмат қилиш учун, бу одамларнинг қулоғини пишитган, деб ҳеч бир гапга ишонмади. Хўш, шундан кейин Левко нима ҳам қила оларди? Гунг бўлиб юраверди; ҳолбуки, Тимоханинг қинғир ишлари кун сайин болалаб борарди.
Левконинг кўнглини фақат Ивга юпатар ва баъзи-баъзида шундай дерди: “Ўзимам, Левко, сезиб турибман, акамнинг қаршисида сен ҳечам отам билан тотув яшолмайсан... Бас, етар шунча чидаганим, айтаман отамга: мени сенга турмушга берсин, онамнинг васиятига кўра. Фаҳмимча, отам қайтага хурсанд бўлади мени чиқариб юборганидан, негаки ўшанда Тимоха билан бемаънилигини қилиш учун имкон туғилади. Отам тўйимизни ҳам қилиб беради, менинг сепларим солинган сандиқниям, онам тўйимга атаб ҳозирлаган кўрпа-ёстиқларниям беради, лекин бир тийин пул бермайди; ҳолбуки, ҳамма жамғарилган пулни, аслида, сен билан икковимиз топганмиз – бу ҳақда ўйламайди ҳам. Вой, у шунақа қурумсоқки... Биласан-ку, у ўзи ётадиган меҳмонхонага ҳеч кимни киритмайди, хонанинг калитини ҳам ҳеч кимга ишонмайди, фақат жуда ночор аҳволга тушгандагина менга беради. Пул сақланадиган сандиқнинг калитини-ку, ҳатто менга ҳам ҳеч қачон ишонмаган. Унга пул берганимда кўраман, сандиғида пули жарақ-жарақ, лекин бизга у пулдан ҳеч нима насиб қилмайди. Ахир пулимиз бўлмаса қандай рўзғор тебратамиз? Ишни нимадан бошлаб, қайси пулимизни муомалага қўямиз? Тўғри, бироз вақтдан кейин, худо хоҳласа, ўзимизни ўнглаб олардик ҳам: яхши одамлар кўп, улар отамдан кўра бизни кўпроқ танишади, уларга мурожаат қилсак, албатта, ёрдам беришади, фақат ишни бошлашга ҳеч вақомиз йўқ. Сен, пулим бор, деб айтувдинг. Қаерда у?
– Э, нима бўларди менинг пулим, – деди Левко ва юраги бир орзиқиб тушди. У пулини бўлиб-бўлиб, арпа, қатрон ва бошқа нарсалар харид қилиш учун бир одамга ишониб берган эди. Лекин шундан бери ўша одамни ҳам, пулини ҳам бошқа кўрмади. Шунинг учун ҳам Ивга берган саволдан кўнгли ғаш бўлиб шундай деди: – Озгина пул! Айтишгаям арзимайди! Фоизи билан қўшганда эллик сўмча келади. Нима ҳам қила олардик бу пул билан?
– Дастлабки пайтда шунинг ўзи ҳам анча ишга яраб қоларди. Иложимиз қанча? Рўзғоримизга зарур бўлган нарсаларнинг бир қисмини пулга, қолганини қарзга олиб турардик, шу тариқа ўзимизнинг карвонсаройимизни очишимиз мумкин. Худонинг паноҳида аста-секин хўжалигимизни ўнглаб олардик. Сен бориб, одамлардан қарзингни талаб қил, кейин ишни бошлаб юборамиз.
Ивга шундай деб Левкони бир неча марта қарзини ундиришга юборди. Лекин йигит, қарзни бир ҳафтадан кейин, ё икки ҳафтадан кейин берадиган бўлишди, деб келиб Ивгага ёлғон сўзлашга мажбур бўларди. ... Иложи қанча? Агар Ивга унинг пулни қандай сарфлаганини билса, койиб берарди-да, албатта...
Бир куни Ивга Левкога деди: – Отам уйда йўқ, кечқурун қайтади. Мен сен билан бўлажак ишимиз ҳақида ими-жимида гаплашиб олишим керак. Мана бу отам ётадиган хонанинг калити. Ўша ерда мени кутиб тур. Мен бир зумгагина қўшни хотинникига чиқиб, икки оғиз гапим бор, шуни айтиб қайтаман. Кейин иккаламиз эртадан кейин никоҳдан ўтиш тадоригини кўрамиз. Карвонсаройда ҳам, уйда ҳам бегона одамлар кўп, сен билан маслаҳатлашиб олгани бошқа жой йўқ. Ўтинаман сендан, ўша ерда жимгина ўтириб тур, зинҳор отамнинг сандиғига яқинлаша кўрма: у ҳар балодан гумонсирайверади, қаерга нима қўйганини билади, пулини ўғри уриб кетишидан қўрқади...
Левко Ивга айтганидек иш тутди. Қиладиган ишларини битириб, Макуханинг хонасига йўл олди.
Эҳ, Ивга, Ивга! Элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз сўзи бор, деганларидек мунча узоқ қолиб кетмасанг? Нима иш билан чиққан эдинг ўзи қўшниникига? Сен у ёқдалигингда уйингда нималар бўлганини биласанми? Тезроқ кел, ўз кўзинг билан кўр!
Кекса Макуха бугун уйга кутилмаганда эртароқ қайтди, бунинг устига, пича кайфи ҳам бор эди. Бу ҳолни кўрган Тимоха, ҳозир ундан бир нима ундириш осонроқ бўлади, деб ўйлаб, пешвоз чиқиб дадажонини қарши олди ва атрофида парвона бўлиб, ундан пул сўрай бошлади. Олдинига у беш сўлкавой сўраган эди – отаси уни кўкрагидан итариб юборди: кейин уч чўлкавой сўради – отаси уни жеркиб берди; фақат бир сўлкавой сўраган эди – ота пўнғиллаб, ҳатто ярим сўлкавой ҳам бермайман, деди, Тимоха ҳамон отасининг оёғига йиқилиб тиланчилик қилаверди. Отасининг ахири унга раҳми келди ва майли чорак сўлкавой берарман, деди-да, ўз хонаси томон йўл олди. Хонанинг қулфи очилган эди.
– Кўрдингми,– деди ота ўғлига,– уйда Ивга бор экан! Олдин у чиқиб кетсин, кейин бераман пулни; ўзинг биласан синглингнинг феълини, сенга пул беришимни ёқтирмайди, нуқул пўнғиллагани-пўнғиллаган.
– Қўяверинг, дада!– деди шунда Тимоха.– Агар пўнғилласа, ўзига ҳам ялиниб кўраман. Юрақолинг.
Улар эшикни очиб ичкари киришди... Ё худоё тавба! Бу нима ўзи? Макуханинг сандиғи очилган, бузилган қулф ерда ётибди... сандиқ тепасида... Левко турибди! Афтига қараб, бу Левкоми ё унга ўхшаш бошқа одамми, деб ўйлайсан!.. Унинг ранги докадек оқариб, кўзлари ич-ичига ботиб кетган... Бир қўлида пул тўла ҳамён, иккинчи қўлида – бир сиқим сўлкавойлар... Чамаси, бу унинг сандиқдан биринчи марта пул олиши эмасга ўхшайди, чунки ҳамма ёқда, ерда сўлкавойлар сочилиб ётарди. Афтидан, шошган бўлса керак, қопчиқдаги пуллар сочилиб кетган...
Макуха буни кўрдию икки кафти билан этагини шапатилаб бақириб юборди: “Ие, сен нима қилиб турибсан бу ерда?” Левко эса, худди безгаги қўзигандай, афти тамоман ўзгариб кетди, дағ-дағ қалтираркан зўрға тили калимага келди: “Мен, амаки... балки... мен эмас...”– “Сен эмасмисан, ўғри?.. Сен эмасмисан?.. Ушланглар уни! Йигитларни чақир бу ёққа!” – Шу заҳоти Тимоха карвонсаройдаги одамларни чақириб келди...
– Ушланглар уни... Оёқ-қўлини боғланглар бу ўғрини!– деб бақира бошлади ҳамма.
Бечора Левкони маҳкам ушлашиб, дарҳол белбоғлар билан қўлларини ҳам боғлашди, тағин қочиб кетмасин, деб оёқларини ҳам тушовлашди. Кейин уни бўлис маҳкамасига судраб олиб кетишди: олти киши уни икки ёғидан маҳкам ушлаб олган, яна ўнтача одам – ким таёқ, ким катта қозиқ, ким косов билан билан қуролланиб, Левкони худди аристон одамдай, атрофини ўраб кузатиб борарди.
Шўрлик Левко-чи? У нима ҳам қила оларди? Турган гапки, қаршилик ҳам кўрсата олмай бир оғиз сўз ҳам айтолмай, судраган ерларига борарди, унинг бўйнига бузилган қулф осилган, узун чўпга у ўғирлаган,– буни ҳамма кўрган,– худди никоҳ тўйида келиннинг сарпосини илишгандай пулнинг қопчиғи илинганди. Бу қулф билан қопчиқ у қилган жиноятнинг далилий ашёлари эди. Оломон ҳали дарвозадан кўчага чиқиб улгурмасидан, зумда тумонат одам йиғилди... Худди тўйхонага келгандек. Ана шунда ғийбатчи хотинларнинг ови юрди! Левкони тутиб кетаётган оломон ўн қадамча ҳам босишга улгурмай, қўшни хотин қўшнисига бир дунё миш-мишни тўқиб айтиб ташлади: Макуханинг асранди ўғли бор-у – Левко, ўша ухлаб ётган отасининг тепасига келиб, уни сўймоқчи бўлган экан, яхшиям, устига Тимоха келиб қолиб, отасини бир ўлимдан асраб қолибди. Вой, у безори Тимоханинг биқинига икки марта, бўғзига бир марта пичоқ тортиб юборган бўлса ҳам, шунга қарамай, Макушенко Левкодан зўр чиқиб, уни боғлабди, бақириб, одамларни ёрдамга чақирибди... бир зумда етиб келган одамлар Левкони қўлга олишибди...
О, одамлар, Левкони то бўлис маҳкамасига олиб боришгунча, ҳали бунақа миш-мишларнинг яна қанчаси ёйиларкин бутун қишлоққа?..
Оломон борган сари кўпайиб, қишлоқнинг тор-тор кўчаларига сиғмай қолди. Бу ҳам етмагандай, тўдага болалар ҳам келиб қўшилишди. Улар оломон орқасидан эргашарканлар, аристоннинг олдига югуриб келиб, уни: “Ўғри!... Қароқчи!.. Чўз сўлкавойдан бизгаям... Эй, ўз отасининг пулини ўғирлаган ўғри!..” деб ва яна шунга ўхшаш сўзлар билан таҳқирлай бошладилар.
Бу ҳақорату мазахларга қандай чидасин Левко? Энди ким деган одам бўлди у? У оломон куршовида бораркан кўзи ҳеч нарсани кўрмас, фақат одамларнингг масхараловчи сўзларини, қарғишлари, сўкишларини, таънаю маломатларини эшитарди... У кетатуриб кўзини осмонга тикар, оғир хўрсинар ва ўзига ўзи: “Ё раҳмдил эгам! Шу менманми? Менга нима бўлди ўзи?” – дерди. Баъзида у, ўзимга яқин бирон одамни кўриб қолармикинман, деган ният билан одамларга кўз ташларди...
Бу шовқин-суронни эшитган Ивга қўшниникидан югуриб чиқди ва бошига не савдо тушганини билмай, одамлардан, кимни тутиб олишибди, деб суриштира бошлади. Ҳозиржавоб қўшни хотинлар шу заҳоти нима бўлганини унга ўзлари бичиб-тўқиганча сўзлаб беришди, буни эшитиб, Ивга ўзини йўқотиб қўяёзди... Ранги докадай оқариб, дағ-дағ қалтирай бошлади, агар қўшни ушлаб қолмаганида йиқилиб ҳам тушарди. У Ивгага, сенга кўз теккан, тезроқ табибга олиб борай – ёмон кўздан асраб дам солиб қўйсин, деди.
Э, севган қайлиғининг бошига шундай мусибат тушган пайтда кўз тегишига бало борми? “Йўқ,– деди Ивга,– йўқ, айланай халоскоргинам, йўқ, ўргилай холажон! Ҳозир менга табиб ёрдам қилолмайди! Яхшиси, юринг, бўлис маҳкамасига борайлик, Левко нима қилиб қўйган экан, эшитамиз, агар унинг шу қилганлари рост бўлса, ўша ерда, унинг оёғи остига йиқиламану ўламан!..”
Қишлоқ маъмурлари, худди асалга ёпишган пашшалардай, маҳкама сари шошилишди. Ахир маълум-ку, агар бирон кимсанинг бошига савдо, фалокат тушса, ҳакамларга ҳам даъвогардан, ҳам айбдордан бирон нима униши муқаррар, қуруқ қолишмайди, албатта... Ахир улар – ҳакамлар! Бу ерда ҳам шундай бўлди: маҳкама сардори раҳбар сифатида, столнинг тўрига ўтирди, унинг икки ёнидан қишлоқ оқсоқоллари жой олишди, столнинг этагига эса, сиёҳдон ва қоғоз билан қуролланган бўлис мирзаси жойлашди. У аллақачон Тимоха билан пичирлашиб бир нималарни келишиб олган эди. Шу боис юзида табассум билан ўрнига келиб ўлтираркан, йўталиб-йўталиб қўйиб, қоғозга нуқул: “Патқалам билан сиёҳ синови...” – деб ёзарди. Ёзиб туриб бу ерга тўпланган одамларга қараб-қараб қўярди, одми ки-йинганларга-ку, эътибор ҳам бермасди, нуқул мовут чакмон кийганлар билан кўз уриштириб, худди кўзи қаймоққа тушган мушукдай тамшаниб қўярди.
Сардор, ўғрини обкиринглар, деб буюрди. Сўнг қария Макухани ёнига чақириб олиб, нима бўлганини сўради. Макуха ҳамма бўлган гапни – хонага кириб, Левкони қўлида пул чангаллаган ҳолда сандиқ олдида турганини сўзлаб берди. Левко бир нима демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаган эди, лекин сардор унинг оғзига уриб ўдағайлаб берди: “Менинг олдимда сен ғинг дея кўрма! Биласанми, мен кимман? Мен сардорман, сардор сенинг гапингни эшитганимас, жазога торт-гани келган. Гувоҳлар борми?” – деб сўради у Макухадан, бу ерга тўпланган жамоа томонга қараб. Йигирматача одам Левкони қўлида пул билан турганига, шунинг-чун уни ҳибсга олишганига гувоҳлик берди... “Вассалом, иш тамом!”– деди сардор стол ортидан тураркан. Бошқа оқсоқоллар ҳам унга эргашиб ўринларидан туришаркан: “Ана холос, буни қаранг-а!”– деб қўйишди.
– Мирза!– деди сардор амирона буйруқ бераркан,– сен гувоҳларни рўйхатга ол, ҳаммаларига бармоқ бостир, кейин тезда судга хабарнома ёз. Бизлар бўлсак, Макуханикига бориб, тергов ўтказамиз. Мен сенларга аввалги сардорларинг Евдоким эмасман. Мен тартибни биламан ва ҳурмат қиламан.
Кейин юзбоши ва ўнбошиларга қараб, ўз фармонининг ҳар бир моддасини бармоғи билан кўрсатганча деди: “Қулоғингизга қуйиб олинг: ҳозирнинг ўзида уйма-уй юриб, товуқ, тухум ва бошқа керакли егуликларни муҳайё қилинглар. Биласизларми, ҳали бу ерга суд ҳайъати келади тергов ўтказгани. Ким билсин, балки икки-уч кун туриб қолишар, шунинг-чун ҳамма нарса етарли бўлсин... Қани, кетдик, бошла бизни уйингга Трофим Федорович”.
Қишлоқларда тергов қандай ўтказилишини билган қария Макуха оғир хўрсиниб афтини буруштирди. Начора, йўл бошламай иложи йўқ эди. Аммо шу пайт мирза сардорни йўлдан тўхтатиб:
– Пан сардор, жиноятчини сўроқ қилиш керакдир, балки? – деб сўради.
– Нима, сўроқ қилиб ўтираманми бошимни оғритиб? Ўзинг кўрмаяпсанми? Бўйнига бузилган қулф билан пул халтаси осилган-ку...
– Ҳа, бу гапингиз тўғрику-я,– деди мирза энсасини қашиб...– Гуноҳкорлиги оппа-ойдин, лекин шундай бўлса ҳам, ўзининг айбига иқрор бўлгани ҳақида далолатнома керак-да...
– Сен уни таёқ билан уриб чалажон қилсанг ҳам, иқрор бўлмайди айбига. Нима бало, сен эсингдан айрилганмисан, қўлинг шол бўлиб қолганми? Ўзинг ёзиб, ишга тикиб қўявер-да. Мен тартибни ёқтираман.
– Шунингдек, айбдорнинг шахсий иқрорини ҳам қўшиш керак-да, ишга. Ўзингиз биласиз, жаноблари... йўғ-е, жаноби олийлари ҳамиша ишни кўришда энг олдин, айбдорни шахсан сўроқ қилардилар...
– Буни ўзим ҳам биламан,– деди сардор.– Менга ақл ўргатма: ишдан олиб ташланган Евдоким эмасман мен сенга. Айтганимни қил. Шахсий иқрор менда, аристонни совуқхонага ташла, хабарномани тезроқ судга юбор...
– Қанча ўмарган экан Левко? Сиз, пан сардор, бу ҳақда сўрамадингиз ҳам...
– Кўпроқ ёзавер. Майли.... икки юз сўм деб ёз... Нимасини аяйсан ўша Левконинг? Ахир у ўғри, муттаҳам-ку! Қолаверса, Макухага ҳеч ачинмайман. Ким бўлибди у, аяб нима қиламиз? Йўқолган бўлса, унинг пули йўқолган, бизникимас. Қани, кетдик, пан ҳакамлар! Макухага жиноят содир бўлган ерда айтаман ҳамма гапимни: нимасини, қанчадан, кимга, қандай қилиб... дегандай.
Унинг бу гапи маъносига тушунган Макуха, яна энсасини қаттиқ-қаттиқ қашилай бошлади, шундай бўлса ҳам ҳакамларни уйига бошлади... Сардор ҳаммадан олдинда йўғон бир таёққа таяниб, худди хода ютгандай ғўдайиб, қовоғидан қор ёғиб борар, ҳакамлар эса, ўзларининг доимий: “Ана холос, буни қаранг-а!” сўзларини такрорлаганча сардорнинг орқасидан эргашдилар. Уларнинг кетидан Макуха ўз ўғли ва гувоҳ бўлган жамоа билан йўл олди; ўғли йўлга тушишдан олдин яна мирза билан пичирлашиб олганди. Қолган оломон эса, Левко бўлис махкамасига олиб борилганидан кейин, лўлилар қишлоққа етаклаб келган айиқларни томоша қилгани тарқаб кетган эди...
– Маҳкамада ёлғиз ўзи қолган мирзанинг дарров димоғи шишиб кетди ва ўнгу сўлга буйруқ бера бошлади:
– Ҳей, қаёқдасизлар, ўнбошилар? Аристоннинг оёқ-қўлига кишан солиб, совуқхонага қаманглар. Қоровуллар ҳушёр туришсин! Хабарномани энди бугун юборолмаймиз, негаки, сардор ҳозир тергов ўтказяпти, тергов тугагач, навбати билан, ўша ерда кечлик қилади, шунинг-чун имзо чекишга улгурмайди. О! У сенларга аввалги сардор эмас: у имзо чекишдан олдин далолатномани албатта ўқиб чиқади. Ҳа, яхши, пан сардор, чексанг чекавер имзоингни, унгача мен тайёрлаб қўяман хабарномани...
Мирза бошидаги кокилини қашиб олиб, хабарнома ёзишга энди киришган эди, хонага ўқдай отилиб кирган Ивга унинг оёғига йиқилиб илтижо қила бошлайди:
– Жо-он акажоним Кондратич, шунқорим! Хоҳлаган нарсангни сўра... Мана, маржонимни ол.... Мана, тилла тақинчоқларим, яна сени алоҳида хурсанд қиламан... Фақат рухсат бер, Левко билан юзма-юз гаплашиб, нима бўлганини сўраб билай: у бундай қилмаган... Қандайдир хатолик юз берган... Фақат сўраб кўраман...
Мирза, ўз одати бўйича томоқ қириб-қириб қўяркан, нуқул мўйловини гажак қилиб бурарди. Кейин ўрнидан туриб, хона ичида уёқдан-бу ёққа юра бошлади ва ниҳоят қўлларини белига тираганча гап бошлади:
– Евгения Трофимовна! Нима бало, сен, жонгинам ё жинни бўп қолганмисан, ё ақлдан озганмисан? Ҳали сен қизлик иффатингни, ёш умрингни, ҳусну жамолингни оёқ ости қилмоқчимисан, бутун молу давлатингни ўша ўғри билан бирга шамолга совурмоқчимисан? Унинг масаласи ҳал бўлган: ўлиги энди сургунда чирийди. Сен бу ҳақда ҳеч куйиб-пишма, ўзингни уринтирма ҳам, менга маржонинг-ни ҳам, тилла тақинчоқларингни ҳам берма; ўзингни бер менга бутун бойлигингга қўшиб. Мен қобилиятли йигитман. Сенинг тилла тақинчоқларинг ва менинг лаёқатим ёрдамида земство суди маслаҳатчиси лавозимига эришаман. Сен уйимиз бекаси бўласан, мен тергов қилиб, дунё орттираман. Қалай, а? Йиққанимиз ўзимизга ҳам етади, болаларимизга ҳам. Қўй, ўша қароқчини! Мен уни Сибирга жўнатаман, кейин сен билан иккаламиз роҳату фароғатда, ҳаловатда умргузаронлик қиламиз. Бугун кечаси мен уни шаҳарга жўнатаман. Эртага уйингга совчиларни юбораман, сен уларни сочиқлар билан қутлайсан ...
– Илоё, сен яшшамагурни мирза қилиб тайинлаганлар дўзах алангасида ёнсин! – деб Ивга бор овози билан бақириб берди унга.– Мен бўламан-у, Левкогинамни шу ҳолича ташлаб қўяманми? Ахир онам раҳматлик менга уни иззат қилишни васият қилганлар-ку! Шундоқ қалбим суруридан воз кечиб сендек эл-юрт бошига битган зулукка кўнгил қўяйми? Чучварани хом санабсан! Агар Левкони Сибирга жўнатсанглар – мен ҳам бораман орқасидан! Ҳақиқат излаб бўлмас экан сенлардан. Мен шаҳаргача бориб, суд қилувчи мансабдорлар билан учрашаман; Левконинг унақа одам эмаслигини, уни чалғитиб алдашганини ҳаммага гапириб бераман. Сен бўлсанг, менга уйланишни хаёлингга ҳам келтирма: совчиларинг уйимдан қовоқ қўлтиқлаб кетишади.
– Ўша Левкоингни Сибирда чиритаман!– деб бақирди мирза.– Бор, йўқол кўзимдан ўша пора-мораларинг билан. Барибир, аканг розилик берган сенга уйланишимга, отанг ҳам рози бўлади ҳали... Қани, тегмаям кўр-чи! Йўқ десанг, мажбур қиламиз. Жўна, жўна!..
У шундай таҳқиромуз гаплар билан Ивгани маҳкамадан ҳайдаб чиқарди, кейин ғазаби қайнаганидан ўзини нима қилишни билмай, ўтириб, тишларини ғижирлатганча, хабарнома ёзишга киришди. У кокилини дам-бадам тутамлаганча, қийнала-қийнала Левкони Макуханинг очиқ сандиғи тепасида пул чангаллаб турган ерида қўлга олингани ҳақида, яна “бундан ташқари унинг чўнтагида ҳам, қўйнида ҳам жами икки юз сўмдан ортиқроқ пул бор эди, юқорида номи зикр этилган Леонтий яна ҳам кўпроқ пул ўғирлаш ниятида бўлганига ўзи қуйида номлари келтирилган гувоҳлар олдида иқрор бўлди”, – деб ёзди. Шундан кейин у ушбу қишлоқда истиқомат қилмайдиган нотаниш кишиларнинг номларини ёзиб, ўзи улар ўрнига имзо чекди, бармоқ босди-да, дарҳол сардор тергов олиб бораётган Макуханинг уйига жўнади. Бораркан, ўзича шундай мулоҳаза юритарди: “Хоҳламасмиш! Кўрамиз! Шу бугун кечасиёқ хабарномани шаҳарга жўнатаман; судьялар билан тил бириктириб, уни Сибирга сургун қилдираман! Сени, барибир, аканг зўрлаб бўлса ҳам, менга хотин қилиб беради... Ҳамма бойлигинг меники бўлади! О, бу қизнинг бойликлари бир дунё!”– Шундай хаёллар билан маст бўлиб, у Макуханикига кириб борди...
Хўш, бу ерда сардор гувоҳлар иштирокида қандай тергов олиб бораётган эди? Турган гапки, земство мансабдорларига ўхшаб-да! Даставвал сардор ва ҳакамлар кела солиб стол атрофига ўтиришди, Макуха шўрлик пайдар-пай далиллар келтира бошлади; далиллари – гоҳ ёвшан арағи, гоҳ қалампир арағи бўлди, кейин навбат арпабодиён арағига келди – Ивга уни ўтган-кетган ҳурматли панлар учун асраб қўйган эди. Ҳаммасини бир томчи ҳам қолдирмай ичиб тугатишди. Зиёфат пайтида улар гоҳ пичан ўрими ҳақида, гоҳ ғалла ҳосили ҳақида гаплашишаркан, кўриладиган бугунги иш тўғрисида ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмади. Макуханинг оқсочлари оёғи куйган товуқдай шоша-пиша угра кесишар, вареник2тугишар, сўйилган товуқларнинг патини юлишарди, яна улар Ивга бўрдоқига боқаётган иккита ғозни ҳам инидан тортиб сўйишди... Ҳа, у шўрликларнинг ҳам куни битганди! Ўзиям зиёфатмисан, зиёфат бўлди! Уй бекаси бўлмиш Ивгадан эса ҳеч ким ҳеч нима сўрамади ҳам. У янги қурилган бўм-бўш хонага кириб олиб, Левконинг қисматига ва ўз бошига тушган бу оғир мусибатга чидай олмай, ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади... кўз олди қоронғилашди!..
– Тимоханинг-ку, бити тўкилди! У ҳаммани меҳмон қиларкан, биринчи навбатда ўзини сийларди. Меҳмонлар билан ичишаркан, нуқул Левкони сўкар ва у бечора хаёлига ҳам келтирмаган айбларни устига ағдарарди.
Мирза бу ерга югуриб кириб келганида кечки зиёфат авжида бўлиб, ҳали сариёғга булғаниб, қаймоққа ботирилган вареникларга навбат келмаган эди.
– Пан сардор билан ҳакамлар шу ердами? Наҳотки тергов тугаган бўлса?– деб сўради мирза; сардор унга дағдаға билан жавоб қилди:
– Тугадими, ҳукм ҳам чиқарилди. Нима, сен ярамасни кутиб ўтирармидик? Мен аввалги сардор Евдоким эмасман, деб сенга айтганман ҳам, тайинлаганман ҳам: мен раҳбар бўлган ерда иш қайнаши, ҳамма ишда адолат бўлиши керак. Хўш, нималарни ёздинг шу ярим кечагача, нима обкелдинг? Балки ҳали бу қораламасидир? Мана, ҳозир тамадди қилиб олай, кўриб чиқаман, бир лаҳзада хатоларингни топаман. Ўтир, диёнатли кишиларнинг кечлик қилишига ҳалал берма.
Пан сардор гапга киришиши билан, пан мирза зумда арпабодиён арағидан ҳам татиб кўрди, қалампир арақдан ҳам ичишга улгурди, яна яримта товуқ гўштини ҳаш-паш дегунча ямламай ютворди; бир бўлак ғоз гўштини оёғи билан бирга киссасига урди (у буни мактабда ўқиб юрганида ўрганган эди) сўнг вареникка ҳужумни бошлади. Шу зайлда у ичишда ҳам, ейишда ҳам ўзидан анча олдин келган балохўрларга етиб олди. У жуда олғир, абжир йигит эди! Шошқалоқлик билан ҳам ичар, ҳам овқатларни ураркан, айни пайтда ўзининг мирзага хос одати бўйича томоқ қириб, йўталиб-йўталиб қўярди. Сардорнинг пин-ғиллашига эса парво ҳам қилмасди. Чунки у: “Акиллаган итдан қўрқма”, деган қоидани яхши биларди, яна у, қайси амалдор кўпроқ кеккайса, кўпроқ керилса, нуқул тартиб ўрнатиш билан овора бўлса, у ҳеч нимани билмайди, билмаганидан, сенинг айтганингни қилади, дерди. Бу пан сардор ҳам шундай амалдорлардан эди.
Ҳаммалари мириқиб ейишди, ичишди. Пан сардорнинг тили зўрға айланар, қолган ҳакамлар билан гувоҳлар, гарчи дарров таёқларига таяниб олган бўлсалар ҳам, юрганда бинойидай гандираклашарди. Пан сардор лаби-лунжини зўрға йиғиб олиб, Макухага нон-намак учун миннатдорлик билдирди, Левкони қилган айби учун бўралаб сўкди ва эртага бу ҳақда судга хабарнома юборишга сўз берди. Пан мирза бўлса, охирги таом – сутли бўтқани, томоқ қира-қира еб тугатаркан, арпабодиён арағи қуйилган хумчадан ҳеч кўзини узолмасди. Нуқул, йўқ, пан сардор, сиз айтгандай бўлмайди, дейишга уринаётгандай, ҳадеб мўйловини ликиллатарди. Ниҳоят, у ҳамма овқатини еб бўлиб, газакка яна охирги қадаҳни ичди-да, сардорга деди:
– Қаёққа кетяпсиз? Имзо чекмайсизми хабарномага. Ахир жуда муҳим воқеа содир бўлди-ю, шу кечасиёқ хабардор қилишимиз керак...
– С-судними?– деб сўради сардор.
– Албатта, судни-да,– деб қичқирди унга мирза,– нима, эсингиздан чиқдими, пан исправник*, ҳар битта юз берган воқеадан шахсан мени ва фақат мени бохабар қилиб туринглар, деб буюрмаганмидилар? Шундай деб туриб у пан сардорнинг олдига хабарномани ёзиб қўйди, чўнтагидан сиёҳдон олиб, унинг қўлига пат қалам тут-қазди-да, деди: – Қўл қўйинг тезроқ. Вой, қаёққа ёзяпсиз? Ахир тескари ушладингиз-ку!
Сардор сал ҳушини йиғиб олиб, қоғозни тўғри қўйди-да, ўз исмини ҳарфма-ҳарф битталаб айтганча имзо чекаркан, нуқул тўнғилларди:
– Мен ёқтирмайман тартибсизликни... Мен сизларга Евдоким
эмасман... Ёлғон сўз билан лақиллатолмайсанлар мени!
Мирза имзо чекилган хабарномани сардорнинг қўл остидан юлқиб олди-да, ғизиллатганча уйига жўнади, конверт устига “ўта муҳим” деб ёзиб, уни шу заҳотиёқ исправникка жўнатди. Пан сардор-ку, бир амаллаб уйига етиб олди, чунки уйи яқин эди, қолаверса, ҳали у бақувват эркак эди, илло қолган ҳакамлару гувоҳлар, қай томонга бошлари оғганини ўзлари ҳам билмадилар; уларни эрталаб ҳар ер-ҳар ердан топишди – кечаси билан сандироқлаб юриб, кўча-кўчада чўзилиб қолган эдилар. Мана шундай тергов қилган эди улар. Совуқхонага қамалган ва оёқ-қўлига кишан урилган Левко чекаётган азобининг чеки йўқ эди. Орадан бир кун, икки, уч кун ўтди. Соқчилар Ивгани унга яқин йўлатишмади. У Левкога овқат обкелиб турди, лекин, энг муҳими, ундан нега олдинг шу касофат пулларни, деб сўрагиси келарди. Яна, қандай қилсак, бу ишни ёпти-ёпти қила оларканмиз, деб маслаҳатлашмоқчи бўларди. Лекин соқчилар уни нуқул ҳайдашга тушардилар... Шўрлик қиз уйга қайтиб келарди-да, кўз олди қоронғилашгунча юм-юм йиғларди!
Левкони гум қилганидан қувончи ичига сиғмаган Тимоха бўлса, Ивганинг қайғуга ботганига парво ҳам қилмай, хўжаликни бошқаришга киришди ва кунуззукун мирза билан улфатчилик қила бошлади... Қизиғи шундаки, энди Тимоха мирзани эмас, мирза Тимохани сийлаб меҳмон қилар ва икки гапнинг бирида, Левкони гаврон билан савалатиб Сибирга сургун қилдиражагини айтиб, ҳамтовоғининг кўнглини хушларди:
– Мен,– дерди у,– ҳаммасини дўндирдим: ҳамма гапни, ҳатто уни, ўзи айбига иқрор бўлди деб ёздим; кўрдингми, мен сени душманингдан, рақибингдан қутқардим. Сен энди синглингни зўрлаб бўлса ҳам менга бер. Менга молу давлат ҳам, бойлик ҳам керак эмас, фақат синглингга уйлансам бўлгани.
Мирза, гарчи оғзида шундай деётган бўлса ҳам, аслида Тимохани алдаётган эди: унга Ивга эмас, бу хонадондаги бойликлар керак эди. Зеро, бу жуда бадавлат хонадон эди. Охир-оқибатда, мирза Тимохани ҳам ёмон хулқи учун солдатликка жўнатиб, бутун хўжаликни ўзи бошқариш ниятида эди. Қария Макуханинг ҳам чорасини кўриб қўйган эди. “Уни қишлоқнинг энг бадавлат фуқароси сифатида солиқ йиғувчи этиб сайлатаман, кейин уни ҳисоб-китобда чалғитиб адаштираман. Шу баҳона билан бутун ҳуқуқни ўз қўлимга оламан. Агар гапимга кирса, ҳай-ҳай, ишини тўғрилаб бераман, бордию қайсарлик қилса, уни қишлоқдан бадарға қиламан. Баттар бўлсин! Ивгани бўлса, беш-олти марта боплаб пўстагини қоқаман, менга халақит қилмайдиган, ишларимга тумшуқ тиқмайдиган бўлади... Ана унда, ўз қобилиятим, тадбиркорлигим билан жуда бойиб кетаман, эҳтимол, шунда мени суд маслаҳатчиси этиб сайлашар ҳам... Ҳм! Ҳм!” Мирзанинг кўкнори хаёллари ана шунақа эди!
Орадан тўрт кунча вақт ўтибдики, ҳали ҳам ҳеч нарсанинг дараги бўлмади... Бир куни қишлоққа чопар казак от чоптириб келиб, ор-қамдан пан исправник келяптилар, деб хабар қилди. Шу заҳоти хонадонлардан товуқлар, тухумлар йиғишга киришишди; узумдан сузилган вино – мусаллас ва фаранги арақ харид қилиш учун шаҳарга одам юборишди. Ахир эртаси куни жума эди. Пан исправник бу куни очидан сирилиб ўлса ҳам жайдари таомларни истеъмол қилмайдиган одат чиқарган эди. Шунинг учун, шаҳардан увилдириқ, Қримнинг сельд балиғи, янги тузланган осетра балиғи, энг сархил қисқичбақалар ва юмшоқ тешиккулчалар олдириб келишди. “Маълумингизки,– дер эдилар сардор билан мирза ҳар доим жамоа йиғинларида,– жаноби олийлари бизларнинг ташвишимизни қилиб тер тўкиб ишлайдилар, шунга кўра, бизлар ҳам, ўз навбатида, ул жаноби олийларининг кўнгилларини овлашимиз лозим”.
Мана, пан исправник ҳам икки нафар казак кузатувида, бир жуфт қўнғироқчаларни жингиллатиб, ўз мирзаси билан аравада етиб келди.
– Қаерда ўша уй? – деб сўради у бақириб.
Уни Макуханикига бошлаб кетишди. Лекин пан исправник уйга киришидан олдин, карвонсаройда истиқомат қилиб турган мусофирларнинг барини ҳайдаб чиқаришди.
Исправник хонага киргач, биринчи навбатда худога сиғиниб чўқинди, шундан кейин:
– Бирон егулик борми ўзи бу ерда?– деб бақирди.
– Бор, пан жано... йўғ-е... жаноби олийлари,– деди мирза хокисорона мутелик билан.– Вале, ундан олдин тергов ихтиёр қилмайдиларми...
– Йўқол кўзимдан, аҳмоқ!– деб бақирди унга жаноби олийлари ер депсиниб ва мирза узатган тергов қоғозини унинг башарасига отаркан.– Нима, мени оч қолдириб сирмоқчимисан? Шундоқ ҳам йўл азобидан қийналиб кетдим. Ўша ўғрини ўзинг сўроқ қилгин-да, кейин менга кўрсат. Ҳозир овқат емоқчиман!
Бизнинг мирза жаноби олийларини безовта қилмаслик учун оёқ учида аста-секин юриб хонадан чиқиб кетди. У даҳлиздан чиқиб, уй орқасига ўтди ва шу ерда, гўё Левкони сўроқ қилгандай тергов қоғозини тўлдира бошлади, ваҳоланки, у Левкони қамалган кунидан бери бир марта ҳам кўрмаган эди. Пан исправник эса, шу аснода мириқиб тушлик қилди. У эндигина тановул қилиб ҳам бўлган эди, мирза унинг ҳузурига оёқ учида пилдираб кириб келди ва:
– Тергов гувоҳномасига имзо чекмоқни ихтиёр этмайдиларми, жаноби олийлари? – деб сўради.
Аммо жаноби олийлари “гурс-гурс” ер тепиниб, мирзага ўшқириб беришни ихтиёр қилдилар ва: “Овқатдан кейин ҳордиқ чиқаришим керак, менга халақит қилма, дедилар ҳамда аристон масаласида гувоҳларни ялпи сўроқ қилиб, бу ишни уйқудан уйғонгунларича тугатишни амр этдилар.
Шоҳона тушликдан кейин исправник жаноблари “пинакка кетдилар”, сабабки, у киши товуқ гўшти ва қуймоқ устида кўп заҳмат чекдилар. Ул зотнинг мирзасини эса Тимоха Макушенко тўйгунича меҳмон қилгач, дарёда чўмилишга, кейин ўрмонда майсалар устида чўзилиб ётиб, трубка чекишга таклиф этди.
Пан мирзо эса, бу орада бирталай одамларни йиғиб, бўлис маҳкамасига бошлаб келди ва уларни шундай сўроққа тутди: “Қани, менга айтинглар-чи, азизлар, Макуханинг асранди ўғли Левконинг қандай сифатларини биласизлар? Ким нима дейди?”– шундай деб, у патқаламини қоғоз устида қитирлатганча, жамоанинг жавобини кута бошлади. Қариялар, нима дейишларини билмай, елкаларини қисишди.
Кимдир йўталиб қўйди, кимдир қўлидаги таёғи билан ер чиза бошлади, лекин ҳаммалари гунг эди. Ниҳоят, бир қария олдинга чиқиб шундай деди:
– Ҳа-а, анави Левкоми? Макуханинг асранди ўғлини айтяапсанми?.. Унинг қанақа сифати бўлиши мумкин?.. Ҳм, ҳм!.. Худо асрасин уни! Унинг ҳеч қандай ёмон сифати йўқ. Мен қасам ичиб, сенга ҳақ сўзни айтишим керак: у яхши бола, мўмин-қобил, серғайрат йигит; агар у билан Ивга иккови хўжаликда тартиб ўрнатмаганида, Макуха ҳозир ҳамма буд-шудидан мосуво бўлган бўларди...
– Ҳамма ҳам шу фикрдами?– деб сўради мирза, Левкони мақташганларига ҳасад қилиб; унинг ичини ит таталай бошлаганди. “Майли... кўрамиз ҳали!” деб қўйди ўзича.
– Ҳаммамиз ҳам шундай деб ўйлаймиз, қасам ичишимиз мумкин...– деб чувиллай бошлади бутун жамоаа.
– Яхши, яхши, оталар,– деди мирза,– келинглар, бармоқ босинглар-да, уй-уйингизга кетаверинглар.
Мирза ҳамма қарияларга бармоқ бостириб, уйларига жўнатиб юборди, сўнг ўтириб, ичидан тўқиб, фалончи ва писмадончилар қасам ичган ҳолда, Левконинг ғирт ўғри, ишёқмас, қишлоқма-қишлоқ сан-қиб юрувчи безори, оилавий ҳаётга ноқобил, қилмиши фақат одамларни тунаш, маст-аласт бўлиб юриш, дуч келган одам билан муштлашиш эканини, яна бошқа ёмон жиҳатларини ҳам санаб, қолаверса, ўз хўжайинининг пулини ўғирламоқчи бўлганини айтишганини, у билан бир қишлоқда яшашни хоҳламасликларини баён этишиб, маъмуриятдан уни солдатликка бериб юборишни ё Сибирга сургун қилишни сўрадилар, деб бир дунё ғийбатни тўқиб ташлади. Пан мирза бармоқ босган фуқароларнинг ҳаммаси учун ўзи имзо чекаркан, бундай сохта ялпи тергови учун гуноҳга ботишдан қўрқмади! Кўрдингизми, Левкони қандай таърифлаганини? Эҳ, шум ният мирза!..
У яна гувоҳларнинг маълумотларини ҳам, яъни айбдорнинг чўнтагидан пулларни ким тортиб олгани, ким уларни санаб чиққани, Левко ўша пулларни юлқиб олмоқчи бўлгани, кейин, барибир, айбини бўйнига олгани борми – ҳамма-ҳаммасини ёзиб чиқди-да, ўша лом-мим демаган гувоҳлар номидан имзолар чекди. Кейин бу тергов ҳужжатларини йиғиштириб, пан исправник жойлашган Макуханинг уйи-га кириб борди.
Исправник жаноблари уйқуга тўйиб уйғондилар, ҳомуза тортиб, бир неча марта керишдилар ва ўзларини чой билан меҳмон қилишни амр этдилар. Фаранги арақ билан чой ичиб, трубка чекдилар. Ниҳоят, еттинчи финжонни ичиб бўлгач, шанғиллаб:
– Ҳей, мирза! Буёққа кир! – дедилар.
Мирза оҳиста қадам босиб кирди ва пан исправникнинг кўзига тикилганча эшик олдида тўхтади. Ҳозир унинг миясида гоҳ у фикр, гоҳ бу фикр ғужғон ўйнарди: пан исправник нима тўғрисида: узилмаган қарзлар ҳақидами, йўлларнинг аҳволи ҳақидами ё фуқарога ер тақсимлаш масаласидами сўрамасин, у ҳаммасига мукаммал жавоб тайёрлаб қўйган эди, унга қандай савол беришмасин, барибир, ёлғон маълумотлар билан қутулиб кетарди.
– Тергов нима бўлди?– сўради пан исправник.
– Тугади, пан.... э йўғ-е, жаноби олийлари! Тергов ҳам, сўроқ ҳам, гувоҳларни ялпи сўроқ қилиш ҳам тугади.
– Кўрсат, буни менинг мирзам туздими?
– Йўқ, жаноби олийлари! Мирза жаноблари жисмларини покламоқ мақсадида бир манзилга, яъни дарё бўйига равона бўлдилар, чўмилиб кирдан фориғ бўлиш учун. Шунга кўра, терговни тезроқ якунлаш мақсадида ўзим...
Пан исправник терговномани узоқ вақт варақлаб ўтирди, сўнг деди:
– Маъқул, яхши. Ҳатто суд маслаҳатчиси Марко Побейпеч ҳам буни ўқиб, ҳеч балога тушунолмайди... Яхши, уйимга борганда имзо чекаман бунга. Бориб айт, отларни аравага қўшишсин... Ким у даҳлизда пиқиллаб йиғлаётган?
Бу йиғлаётган бизнинг бахти қаро Ивга эди; у исправник билан учрашишни сабрсизлик билан кутарди, зеро, унинг тушунчасича, пан исправник ўз лавозимига кўра, унинг Левкосини ҳимоя қилмоғи керак эди. Шунинг учун, исправник келганидан бери, у Левко қамалган совуқхона олдидан жилмай, уни исправник ҳузурига олиб боришларини кутди, шунда ўзи ҳам унинг кетидан эргашиб бориб, терговда Левконинг нима деб жавоб қилишини эшитмоқчи, қайси шайтон йўлдан уриб, уни отасининг сандиғидан пул ўғирлашга ундаганини билмоқчи эди.
Исправник берган саволга пан мирза виждонини ютиб, ёлғон тўқишга шайланаркан, кокилини силаб, томоқ қирди, белбоғини тортиб қўйди-да, бир вақтлар эшитгани “ёлғон гапирган одамнинг кўзида ўйнагувчи жажжи одамчалар оёқлари осмонда бўлиб тураркан”, деган таъбирни эслаб, кўзини ерга қадаганча деди:
– Бу, жаноби олийлари, шу уй соҳибининг қизи. Миш-мишларга қараганда, яқинда рекрутликка (аскарликка) сафарбарлик бошланармиш. У яккаю ёлғиз акасини рекрутликка олиб кетишларидан хавотирда...
– Нима, у боланинг хулқи ёмонми?
– Йўқ, жаноби олийлари, унда ҳеч қандай ёмон иллат йўқ, фақат қуруқ миш-мишлар, холос, Биласиз-ку, хотин зоти лақма бўлади...
– Айт унга, ҳеч нимадан хавотирланмасин. Бориб айт, йўлга ҳозирлик кўришсин. Аристонни ҳозироқ жўнат шаҳарга. То мен етиб боргунимча, у ўша ерда бўлсин. Мен зумда хал қиламан унинг ишини. Айт, йўлда унга кўз-қулоқ бўлишсин, тағин қочиб кетмасин.
– Ижозат берсангиз, жаноби олийлари, мен ўзим уни шаҳарга кузатиб бориб, топширганим ҳақида расмий ҳужжат олардим. Судга керак бўлиб қолади бу ҳужжат.
– Яхши, ўзинг олиб борақол. Жўна. Ҳузуримга сардорни юбор.
– Пан мирза худди биз-бизак ўйинчоқдай бир оёғида орқасига айланганди, кокили силкиниб кетди... ва зумда ғойиб бўлди.
У чиқиб кетиши билан дарҳол хонага сардор кирди ва эшикни зичлаб ёпди. Улар ўзаро нима ҳақдадир узоқ суҳбатлашишди. Айтишларича, ичкаридан нималарнидир тақир-туқури, жингиллагани эшитилибди... Биров, Левко қўлга олинганда ёнидан чиққан пулларни санашган, деса, яна биров, ким билсин, балки финжонлар ё бошқа буюмлар жаранглагандир деди. Биз у ерда бўлмаганмиз, нима бўлганини билмаймиз, билиш бизнинг ишимиз ҳам эмас. Биз сизга Левко билан Ивга ҳақида ҳикоя қимоқчимиз, лекин ортиқча гап айтиб юбормаслик ё керакли гапни айтолмай қолмаслик учун бу икки ёшнинг ўртасига тушмоқчи ҳам эмасмиз. Уларни ўз ҳолига қўяйлик-да, мирзанинг орқасидан бориб, унинг қандай найранг ишлатишини кузатайлик.
Исправник олдидан отилиб чиққан мирза эшик олдида аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкиб йиғлаётган Ивгага шундай деди:
– Йиғлама, жонидан! Пан исправник жаноби олийларига астойдил илтижо қил. У эшитар балки, Левкони уйда қолдирар, ишқилиб, солдатликка юбормаса бўлгани. Ялиниб-ёлбор жаноби олийларига!
– Мирза шундай деб ўз вазифасини бажаргани югуриб кетди. Шу заҳоти соқчилар ҳам, кузатувчилар ҳам шай бўлишди; улар Левкони, эс-ҳушини йиғиб олишига ҳам имкон бермай, қўлига кишан урушиб шаҳарга ҳайдаб кетишди. Пан мирза уларнинг орқасидан отда кузатиб борарди...
Пан исправник жаноби олийлари сардор билан ишни битиргач, аравага ўтиргани ҳовлига чиқди, шу пайт остонада Ивга унинг оёғига бош уриб ёлбора бошлади:
– Отагинам, ўргулай сиздан! Илтимос, топширманг менинг Левкомни!– деди-ю, ҳўнграб юборди.
Исправник бўлса, Левко киму Марко ким, билишни ҳам истамасди, шу боис, бу қиз акасини аскарликка олмаслик тўғрисида илтижо қиляпти, деб ўйлаб, уни оёғи билан туртиб, дағдаға қилди:
– Мунча қўрқмасанг, тентак қиз? Олишмайди уни, олишмайди...
– Буюринг, жаноби олийлари, уни қўйиб юборишсин!– дея нола қилди Ивга исправник орқасидан арава томон югуриб бораркан ва унинг камзули этагидан тортқиларкан.
– Айтаман, буюраман,– деди исправник оғзидаги трубкадан тутун қайтариб, аравага чиқиб ўтираркан.– Уни олишмайди...– Шундай деди-ю, жўнаб кетди...
Отлар югуриб кетишди, қўнғироқчалар жингиллади, иккита казак араванинг олдида, учинчиси ёнида отларини елдириб борардилар.
Пан исправник жаноби олийлари бўлса, терговни шу тарзда ўтказиб бўлиб, аравада оёғини узатганча ўз хаёллари билан банд бўлди.
Унинг мирзаси ҳам ҳузур қилиб чўмилиб, ўрмонда мириқиб ҳордиқ чиқаргач, ўз аравасига ўтириб, ўз хаёллари оғушида йўлга равона бўлди... Сал вақт ўтмай исправникнинг ҳам, мирзасининг ҳам аравалари кўринмай қолди.
Пайшанба куни фуқаролардан йиғиб келинган ва жума куни шаҳардан харид қилинган турфа хил таомлардан жаноби олийлари еб улгуролмаган сарқитлар сардорга қолди. Бошқа кимга ҳам насиб этарди улар?
Пан исправникннг шундай марҳаматли қарорини эшитган Ивга, суюнганидан боши осмонга етиб, югурганча совуқхона олдига борди... “Вой, дарров бўшатиб юборишдими?– деб ўйлади у.– Эшик очиқ, соқчилар кўринмайди...” У бўлис маҳкамасига борди.. Э... қайси нокас ўтирарди бу ерда пан исправник жўнаб кетганидан кейин? Энди уч кун изғиб ҳам уларни йиғолмайсан. Агар яна шунақа бирон можаро юз бериб исправник ё маслаҳатчининг келиши кутиладиган бўлса, шунда ҳамма яна жой-жойида пайдо бўлади.
Ивгамизнинг қалби қувончга тўла, унинг кўнглида энди ҳеч қандай ғашлик йўқ. Унинг ўйлашича, исправникнинг буйруғи билан ҳибсдан озод қилинган Левко, эҳтимол, ҳозир дарёда чўмилиб пок-лангани кетгандир, ундан кейин, эҳтимол, амакисининг уйига кириб тамадди қилар... Шундай хаёллар билан Ивга уйига йўл олди ва кўнгли таскин топиб, яна рўзғор ишларига берилиб кетди. Уйда кўп нарсалар ейилган, анча-мунча ичимлик ичилган, баъзи нарсалар олиб кетилган, баъзи нарсалар қаровсиз қолган эди... Бу ғирт хонавайронлик! У бироз йиғлаб олди, нима қилсин, ишга киришди: ҳаммаёқни супуриб-сидирар, йиғиштирар, уни жойлар, буни яширар, югуриб-елар экан, кўзи нуқул Левконинг йўлига нигорон эди... Янгасиникида тушлик қилгани қолгандир балки? Шундай қилганиям яхши бўлди – бу ерда нима билан боқарди уни? Худди ёв босгандай, ҳеч вақо қолмаган уйда! Мана. Кеч ҳам кирди. Балки, бир мириқиб дам олай, деб бугун ўша ерда ётиб қолар. Биратўла эртага келиб, ишга киришмоқчидир?..
Мана, тонг ҳам отди... Ҳануз Левкодан дарак йўқ!.. “Ҳа-а, энди билдим, – деб ўйлади яна Ивга.– Одамлардан берган қарзини ундиргани кетган; бу машмашалардан кейин, у тезроқ масаламизни ҳал қилмоқчига, отамдан ажралиб ўз рўзғоримизни тузмоқчига ўхшайди. Пан ҳазрат бизни уйлаб қўйишга ва камбағал бўлганимиздан никоҳ ўқигани учун озгина ҳақ олишга сўз берувди...”
Туш ҳам бўлди, кун ҳам оға бошлади, Левкодан ҳалиям дарак йўқ. Кечқурунга бориб, Ивганинг яна ташвиши орта бошлади: бу ёқда отасининг хуноби чиққан, у сардорнинг олдига бориб, қайтариб берилмаган аллақандай пуллар ҳақида тортишди. Сардор бўлса, қоида бўйича, қўлга туширилган пул ҳеч қачон қайтариб берилмайди,деб айтибди... Бу ҳам етмагандай, Тимохани айтмайсизми... Шунча пулни қайдан олдийкин – ҳеч ким билмайди! Ҳар куни улфатлари билан маишат қилади, уларни тўда-тўда қилиб уйига бошлаб келади. Улар бамаъни, ҳалол одамлар бўлишса ҳам майлийди, ҳаммалари ўзига ўхшаган қабиҳ, безори кишилар. Уларни бошлаб келиб уйни тўлдиради-да, маишатга берилади, ҳаммалари бақиришиб қўшиқ айтишади: Тимоха дераза ойналарини, қадаҳларни, шишаларни уриб синдиради; синглисига, худди чўри хотинга бақиргандай ўдағайлайди, унинг ишга киришиб, рўзғорни тартибга келтиришига халақит беради. Шўрлик қизга кун йўқ; бу ёқда унинг биттаю битта дардлашадигани Левко ҳам ҳалигача келмаяпти...
У Левкони бир кун кутди, икки кун кутди, ҳамон ундан дарак йўқ эди. Балки у, энди ҳамма мени “ўғри” деб чақиради деган андишага бориб, уялганидан қорасини кўрсатмаётгандир? Агарда Ивга Левкодан қарз олган одамларнинг кимлигини билганида. Ўзи бориб, Левконинг уларникига борган-бормаганлигини сўраб-суриштирган бўларди. Лекин нима қилсин – қарзддорлар кимлигини у билмайди. Уч кун деганда, Ивга Левконинг янгаси олдига боришга жазм қилди; у аёл қайнисининг қаердалигини ва нима мақсадда кўздан қочиб юрганини билса керак, албатта. Қиз шу хаёл билан янганикига йўл олди.
Левконинг янгаси Горпина Ивгани кўрди-ю, лаби лабига тегмай, саннаб кетди: “Адойи тамом қилдинглар, единглар менинг Левкогинамни! Қаёққа тиқдиларинг шўрликни? Нима, жувонмарг қилгани асраб олувдингларми бечора етимчани? Арзимаган пулларингни олганми ё энди олмоқчи бўлганми, маълуммас, дарров жазога тортдинглар! Оз-моз олган бўлса ҳам, ахир хизмат қилиб қўйибди-ку! Одамлар асранди болани ўз фарзандидай парвариш қилишади, у шўрлик қулдай яшади сизларникида: кечаю кундуз тиним билмай ишлади, мол-давлатингизни худди ўз мулкидай куйиб-пишиб асради, зиёда қилди. Шуми ҳали унга кўрсатган кароматларинг? Шўрлик бола пулга муҳтож экан, ёрдам сўрайдиган ҳеч кими бўлмаганидан беш-ўн сўм олмоқчи бўлибди – шунга ҳам шунча машмашами? Ҳай, ўғрилик қилаётгани устидан чиқиб қолибсизлар, ахир унга уйда танбеҳ берсаларинг ҳам бўларди-ку, сизлар бўлсангиз, бир ҳафтадан бери совуқ хонада асраяпсизлар уни...”
– Йўқ, янгажон, уни озод қилишди, исправникнинг ўзи буюрди уни чиқариб юборишни...
– Илоё, ўша исправникларинг ҳам, қари калбош Макуха ҳам, ҳамма уруғ-аймоқларинг билан бирга балойи азимга гирифтор бўлинг-лар!– дея айюҳаннос солди Горпина.– Чиқариб юборишди, дейди-я! Қани сен чиқариб кўр-чи, қўллари боғлиқ, оёғига кишан солинган йигитни; худди ашаддий қароқчи ё қотилни қўриқлагандай таёқлар билан қуролланган соқчилардан озод қилиб кўр-чи... Олиб кетишди бояқишни! Ҳали шаҳарга етиб боргунларича ҳам дам бермай ҳайдасалар керак у бахти қарони.
– Қанақа таёқлар билан?.. Шаҳарга, деганингиз нимаси?– дея олди Ивга базўр, у ўлар ҳолга тушган, оёқ-қўллари дағ-дағ қалтирарди...
– Қанақа таёқлар билан?– деди Горпина пичинг қилиб.– Нима, сен ҳали ҳеч нимани билмайсанми, ўргулай? Ўшандай таёқ билан сенинг ношуд отангнинг бошига бир марта урсалар, тил тортмай ўларди; бечора болани бўлса, шунақа таёқ ушлаганлардан ўнтаси олдига солиб ҳайдаб кетди.
– Ахир қаёққа ҳайдаб кетишди?.. Тезроқ айтсангиз-чи, янгажон!..
– Қаёққа бўларди? Такаларнинг шохини синдирадиган ерга. Аслида у ёққа сенинг отанг билан бебурд аканг Тимохани, уларга қўшиб сени ҳам, ойимқиз, жўнатиш керак эди; сен ҳам анойимассан: сенга эрга тегаман, деб алдаб бечора боланинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиргансан. Уни молдай ишлатгансан. Мана, энди хўжаликни усиз ҳам бошқаришга кўзларинг етганида, шўрликни гумдон қилишга тушгансанлар. Ана, энди бошқа йигитни топиб лақиллатавер! Горпина жиянига ачиниб, юм-юм йиғлашга тушди.
Унга қараб Ивга ҳам аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкди ва ҳеч бўлмаса, мендан ранжиманг холажон, деб исправник билан бўлган муолмаласини, унинг Левкони озод қилишга сўз берганини бир бошдан сўзлаб берди...
Горпинанинг кўнгли бироз юмшади ва Левкони анча-мунча соқ-чию кузатувчилар шаҳарга ҳайдаб кетганини сўзлаб берди.
Бу хабар Ивгани ҳайратга солди. У Горпинага бир оғиз ҳам сўз айтмай, уйига жўнади. У узоқ вақт ўксиб-ўксиб йиғлади... Кейин кўнглига бир гап келиб, йўлга отлана бошлади: керакли нарсаларни сафар халтага солиб оғзини боғлади... Пул ҳам керак эди унга – лекин пули йўқ. Хўжаликда, олди-сотдидан тушган пулларнинг ҳаммасини у отасига берарди. Лекин отасидан пул сўрагиси келмади – нима қиласан пулни, деб суриштириши мумкин эди-да. Қўшнима-қўшни юриб, маржонини, тилла тақинчоқларини, хочини яна энг яхши нав йўл-йўл газламасини ҳам гаровга қўйиб, улардан пул олди; ҳаммасини жо-бажо қилиб халтани елкасига илди, узун чакмони устидан белбоғ боғлади, қўлига таёқ олди-да, черковга бориб худога ибодат қилди. Кейин бўзлаб-бўзлаб йиғлаганча... йўлга тушди.
Гарчи у ўз қишлоғидан анча узоққа кетган бўлса ҳам ҳалигача на бир бурда нон еди, на бир қултум сув ичди. Овқат ўтармиди шўрликдан. У ҳеч нимани ўйламасди! Кетаверди... кетаверди... Бир маҳал узоқдан шу томонга елиб келаётган мирзанинг отларини кўриб қолди. Мирза ҳам шу отлардан бирида бўлиши керак, деб ўйлаб, баланд ўсган ўт-ўланлар ичига кириб, биқиниб ётиб олди. Мирза уни кўрмади, овозини бадандлатиб қўшиқ айтганча, ғизиллаб ўтиб кетди.
Ивга мирзанинг қораси ўчгунча пойлаб ётиб, ўрнидан турмоқчи бўлди... Вой, нима бўлди?.. Оёқлари увушиб қолибди! Томоғи қақраган, ҳеч нима емаганидан силласи қуриган, миясини эса фақат ғам, ташвиш қамраб олган эди!..Бир амаллаб ўрнидан турди ва зўрға-зўрға қадам ташлаб юра бошлади... Қаранг, аксига юриб, биронта арава ҳам ўтмаса-я! Балки шаҳаргача олиб бориб қўярмиди... У кечқурун алламаҳалда шаҳарга зўрға етиб олди: у ерда Ивганинг бир дугонаси бор эди – бева жувон. Шу дугонасиникига кириб борди... Уни яхши кутиб олишиб, қорнини тўйғазишди, ўзини юпатишди.
Эрталаб Ивга дугонасига нима мақсадда шаҳарга келганини сўзлаб берди ва у билан маслаҳатлашиб, икковлари қамоқхонага жўнашди. Дарвоза олдида соқчилик қилиб турган солдат улардан бир пул олиб, палон аристонга кўйлак билан бўлка нон олиб келишибди, деб айтгани бошлиқнинг олдига кириб кетди. Рухсат олиб чиққач эса, унга яна ярим танга беришиб, қамоқхонага киритишини сўрашди. Ичкарида уларнинг олдига Левко чиқиб келди... Ё биби Марям! Шу Левкоми, а? Эгнидаги кўйлаги исқирт, илма-тешик; ўзи ялангоёқ, соқоли ўсиб кетган. Сочининг ярми, худди сургун қилинган махбусларникига ўхшаб узунасига устарада қирилган... Агар Левконинг ўзи гап бошламаганида Ивга уни танимасди ҳам.
– Ивга! Ҳалиям мени унутмадингми? Шу ерданам топибсан!
Ивга тош бўлиб қотиб қолди, вужуди дағ-дағ титрар, кўз олди хиралашганди.
– Нима қилиб қўйдинг асти? – деб сўрашга зўрға ҳоли келди унинг.
– Нима қилганимни ўзим биламан. Мен худодан ҳам, суддан ҳам қўрқмайман. Нимага мени тергов қилишмаяпти? Ҳаммасини гапириб берардим судда, агар сўрашганда...
– Сен менга гапириб бер, ҳеч бўлмаса, мен билай нима қилганингни.
– Ҳа, сенга бор ҳақиқатни айтиб бераман, лекин мени тергов қилишлари ҳам керак-ку, ахир. Бўлмаса эшит, судьяларга ҳам айтиб бер: мен отангнинг хонасига кирганимда...
– Нега бу аристон хотинлар билан гаплашяпти? – деб бақирди уларни кўриб қолган сержант.– Ҳайда уларни! Обкелган садақасини бердими, кетишсин!
Шу заҳоти Левкони обкириб кетишди. Ивга унга олиб келган нарсасини беришга зўрға улгурди. Солдат уларнинг қўлидан ушлаб қамоқхонадан обчиқиб қўйди...
Ивга энди нима қилсин? Левконинг ишини ҳалиям судда кўришмабди... У нималарнидир айтмоқчи эди... шунинг учун ҳам қўрқмаяпти ҳеч нимадан... Нима бўлса бўлар: ўзим судга бориб, тезроқ унинг ишини кўришларини сўрайман. Ана шунда, агар айби унчалик бўлмаса, бўшатиб юборишади...
– Билмадим, унинг ўрнида бошқа қиз бўлганида судга бориб арз қилишга журъат эта олармиди? Нима деб ҳам арз қиларди у, ахир неча пуллик иши бор Левко билан: ўша қиз ҳатто зийрак, эпчил, довюрак, айтган сўзлари отилган ўқдай бўлганида ҳам судга борганида ҳалимдай юмшаб, мусичадай ювош бўлиб қолган бўларди. Лекин бизнинг Ивгани ҳеч ким лақиллатолмайди, қўрқитолмайди, у шунақаки, бошлаган ишини охирига етказмай қўймайди; у ақли расо қиз, онасилан ўтган бу фазилат. Шундай қиз бўлади-ю, кўзлаган ерига етиб боролмайдими? Ивга у ёқ-бу ёққа кўз ташлаб чўқиниб олди ва... шартта йўлга тушди.
Йўлда учраган одамлардан сўраб-сўраб ахири пан исправник ўтирадиган суднинг қаердалигини билиб олди. Бориб ичкари кирди... Вой-бў, ҳаммаёқда мирзалар, одамлар ҳам тумонот, ораларидан ўтиб бўлмайди. Бир ерга бир аристонни олиб келишган; яна бир ерда солдат тураржой ҳақида арз қиляпти; бир ерда яна бир одам бегона сигирлар даласини пайҳон қилганидан зорланяпти; бошқа бир ерда қари бир кампир, болаларим менга қарашмай қўйишди, деб шикоят қиляпти; бир жойда ўғрилар, яна бир жойда ногаҳон ўлиб қолган одам тўғрисида яна бирталай ҳар хил воқеалар устида гап боряпти, суд аҳли эса одамларга фақат маслаҳат бериш билан банд.
Бизнинг Ивга ҳаммаёққа кўз югуртириб чиқди, одамларнинг арз-додини эшитди, кейин оломон орасини ёриб ўта бошлади. Мана, у эгнига одми халат кийган бир мирзанинг олдига бориб, таъзим қилиб сўради:
– Кошкийди, сиз, пан мирза, тезроқ менинг Левкомни сўроқ қилиб ишини кўрсангиз.
– Яна қанақа Левко?.. Бор, бор, тошингни тер! Бу ерда бош қашишга вақт йўғ-у, у бўлса Левкосини тиқади-я!
Ивга унинг дағдағасидан қўрқмади ва муғомбирлик қилишга ўтди. “Чамаси бу исқирт халат кийган одам катта амалдорга ўхшамайди,– деб ўйлади.– У билан бир можаро талашиб кўрай, зора-мора каттароқ бошлиқлари келса”.
Шундай хаёл билан у мирзага бақира кетди:
– Нега дарров жаҳлингиз чиқади? Мен сизга савол бердим, сиз бўлсангиз ким ҳақида сўраганимни суриштирмай-нетмай, дарров мени бир у ёққа-бир бу ёққа жўнатяпсиз. Ўзингиз жўнасангиз бўларди... ўша ёққа!
– Нима? Ҳали сен менга бақирасанми? Ҳей, қоровул, ҳайдаб чиқар манавини!
– Э, йўқ, сиз мени ҳайдолмайсиз,– деб яна бор овози билан бақирди Ивга,– Мен бу ерга иш билан келдим. Агар сизлар хат ёзишга уста бўлсанглар, мени ҳайдамай, арзимни эшитасизлар...
– Мунча чакагинг очилмаса! Ҳозир сени сочингдан тортиб...– деб мирза бақирган эди, бу ерга кирган одамни кўриб, бирдан гапи оғзида қолди.
Ивганинг таърифлашича, бу – афти лавлагидай қизил, соқоли пахмоқ, боши кал, кўзойнак таққан, эгнига тугмалари қадалган кафтан кийган, қўлига бир варақ қоғоз ушлаган, қулоғига патқалам қистирган одам бўлиб, афтидан, бурнаки тамакини ҳидлашга ружу қўйган кўринарди.
– Ким бу ерда бақирган,– деб сўради кирган одам.
– Мирза шу заҳоти, манави қиз ҳаммаёқни бошига кўтаряпти, деб ғийбат қилишга тушди. Лекин кўзлаган мақсадига эришганини кўрган Ивга бошлиқни гувоҳликка чақириб мирзага: “Ҳечам-да, пан мирза, ёлғон гапирманг”,– деди. Кейин воқеа қандай бўлганини гапириб, Левконинг иши билан келганини айтди. Кирган одам котиб эди.
У бўлган можарога эътибор бермай, Ивгадан сўради:
– У қайси Левко? А, бўлди! Анави хўжайинининг икки юз сўм пулини ўғирлаганми?
– Йўқ, тақсир. Сиз уни сўроқ қилинг, нега бундай қилганини айтиб беради. Унга одам юбориб сўроқ қилинг. Айби йўқдир унинг, эҳтимол.
– Сени қара-ю!– деди котиб.– Нима, энди сени деб ўн марталаб сўроқ қиламизми? У аллақачон айбини бўйнига олган: энди у бизнинг суддамас.
– Бўлмаса. Қаерда у, муҳтарам жаноб?– Левконинг айбини бўйнига олганини эшитган Ивга кўнгли вайрон бўлиб нафаси ичига тушиб кетган эди...
– Қаерда бўларди – борадиган жойида. Унинг ишини биз тегишли ерга жўнатганмиз,– деди котиб ва орқасига ўгирилиб ўз жойига кета бошлади.
Энди Ивга нима қилсин? Аҳвол чатоқ! Левко, мени сўроқ қилишмади, деб айтувди, суд маҳкамасида эса, унинг ҳамма айбни бўйнига олганини айтишяпти, ҳозир уни бошқа судга ошириб юборишганмиш. У қаерда бўлиши мумкин?
Суд маҳкамасидан чиққан дилпора Ивга шундай қарорга келди: “Левконинг олдига бориб бирга дардлашамиз, нима қилиш лозимлигини маслаҳатлашамиз!”
У дугонасиникида тушлик пайтида бирон нима едими ё йўқми, билмайди; ҳамма егуликларни йиғиштириб, қамоқхонада ётган Левкога олиб кетди...
– Яқинлашма!– деди унга қамоқхона олдида у ёқдан-бу ёққа юриб турган солдат.
– Бу мен, жаноб солдат, Левконинг олдига келдим. Мени эрталабам киритишганди...
– Эрталаб киритишган,энди киритилмасин, деб буйруқ келди.
– Ким буюрибди?
– Суд маҳкамасидан хат олиб келишди, унинг олдига ҳеч ким қўйилмасин, деган.
– Худо хайрингизни берсин, жаноб солдат, айтинг, бугун Левкони сўроқ қилгани олиб боришдими?
– Йўқ. Айтишларича, у шундай ёмон иш қилганмишки, сўроқсиз ҳам иши чатоқмиш.
– Эй раҳмдил эгам!– деб йиғлаб юборди Ивга.– Нима ёмонлик қилган эдики, бечорани жувонмарг қилишмоқчи?..
Ана шунақа! Кўзлари ғилт-ғилт ёшга тўлган Ивга қаёққа бош урарини билмай қолганди.
Лекин, барибир, шундай оғир қайғуга ботган бўлса ҳам, Левконинг қайси судда суд қилинишини, судьялар кимлигини, уларнинг турар жойини одамлардан сўраб-суриштирди. Бир киши унга ҳар битта судьянинг уйига бориб, арз қилишни маслаҳат берди. “Бўлмасам, деди у, судга борсанг, сени ё киритишмайди, ё арзингга яхши қулоқ солишмайди, чунки улар бирйўла бир қанча ишни кўришади”.
Ивга эрталаб битта судьяникига борди.
Данғиллама иморат. Ивга кирди... Қараса, бир нечта йигитлар стол атрофида ўтириб, қарта ўйнашяпти (Ивганинг таърифлашича, бу панлар ўйини бўлиб, ютқазган аҳмоқ бўлиб пул тўларкан. Қуриб қолган эканми панларга шу “аҳмоқ” ўйиндан бошқа ўйин, деб ўйлабди у).
Ҳеч нарсага тушунмаган қиз ҳаммага бир-бир эгилиб таъзим қилди ва аянчли овозда илтижо қила бошлади: “О менинг азиз панларим, о менинг ҳурматли панларим! Қай бирингиздан сўрай менинг Левком ҳақида?”
Ивганинг овозини эшитган бойвачча йигитлар унга ялт этиб қарашди ва берган саволини мазах қилиб хандон ташлаб кула бошлашди. Уларнинг сурункасига қотиб-қотиб кулишидан, Ивга олдинига ўзини йўқотиб қўяёзди. Кейин сал ўзига келгач, уларга қарата шундай деди: “Бошига оғир мусибат тушиб, сизлардан нажот излаб келган бахти қаро бир қизни масхара қилиб кулиш гуноҳ эмасми, панлар? Илоё, сизларга ҳам насиб этсин менинг бошимга тушган савдо! Ҳамонки, мен сўраб келган иш сизларнинг қўлингизда экан, унда ялинмайман ҳеч бирингизга: мен бошқа ерларга бораман. Барибир, ҳеч ҳам сизлар хоҳлаганча бўлмайди. Фақат шуни айтаман сизларга: уялинг, шармандалар! Сизлар мансабдор панларсиз, ўқиш-ёзишни биласиз, бахти қаро одамларга қандай ёрдам қилиш ҳақида китоблар ўқийсиз. Лекин олдингизга нима учун, нимани илтижо қилиб келганимни сўрамасдан устимдан кула бошладингиз! Худо сизларга мартабани шунинг учун берганми? Биз ҳам сизларга ўхшаган одамлармиз-ку, ахир биз каби одамлар сайлаган-ку, сизларни судья қилиб, сизлар бўлсангиз арзимизга қулоқ солиш ўрнига, ўз вазифангизни унутиб қўйиб, қаёқдаги “аҳмоқ” ўйинни ўйнаб ўтирибсиз. Майли, ўйнайверинглар, майли, бегуноҳ одамлар қамоқларда азоб чекиб ётаверсин – сизларнинг вақтингиз йўқ...” Ивга анча-мунча шунга ўхшаш таъна-танбеҳларни уларнинг юзига солди. Эшитишсин! Ахир тўғри эмасми гапи? Бас, сен судья экансан, қарта ўйнашни, маишатни тарк эт. Худо берган кунда ишингга бор, қўлинг-га тушган ишни қунт билан, инсоф билан бажар, ана ундан кейин, майли, айшингни сур... Ҳай, бизнинг ишимизмас панларга ақл ўргатиш; уларга тегу қоч, бўлмаса балога қоласан. Яхшиси, Ивга ҳақида ҳикоя қилайлик.
Эртаси куни у бир суд қилувчи одамнинг олдига борди. Қараса: чўпдай озғин, сочлари оппоқ оқарган жиккаккина, кўримсизгина “жаноб” хаёлга чўмиб, уй ичида у ёқдан-бу ёққа юриб турибди. Ивганинг кўзига у хушфеъл одамдек кўринди ва унга эгилиб таъзим қилиб: “Ижозатингиз билан, муҳтарам афандим, сизга ўз арзимни айтсам”,– деди.
– Қандай арз?– деб сўради пан юришдан тўхтаб.
– Отамнинг,– деди Ивга,– асранди ўғли бор эди, Левко деган. Отам ҳам, акам ҳам уни ўлгудай ёмон кўришарди, бора-бора уни шу кўйга солишдики, у ўз бошига бало орттириб, отамнинг сандиғидан пул ўғирлабди. Ўтиниб сўрайман сиздан, буюринг, уни сўроқ қилишсин, кейин, майли, билганингизни қилинг...
– Отанг қаерда?– деб сўради судья виқор билан.
– Отам ўз уйида, қишлоқда.
– Қандай сўроқ қиламиз уни, уйда бўлса?
– Йўқ, отамнимас, Левкони сўроқ қилинг.
– Ўзи, сенинг отанг Левкоми?
– Ҳа, йўқ. Левко асранди ўғил, отам – бу отам.
– Ахир Левконинг пули ўғирланган-ку, нима қиламиз уни сўроққа тутиб?
– Ҳа, йўқ. Отамнинг пулини Левко ё ўғирлаган, ё бегуноҳ ўтирибди қамоқхонада. Мен уни кўрдим, менга айтдики, ҳали уни сўроқ қилишмаганмиш.
– Нима, энди сени қамоқдан чиқариб юборишдими?
– Вой, йўқ. Мен қамоқда ўтирганим йўқ, Левко ўтирибди. Сиз ундан сўраб кўринг, нега олганикин отамнинг пулини?
– Бу қанақаси? Қамоқхонада пули ўғирланган отанг ўтирибдими?
– Йў-ўқ. Қамоқда ўтирган отаммас, Левко.
– Шунақа дегин, энди тушундим. Отасининг ўрнига ўғли қамоққа тушибди – ўз ихтиёри биланми?
– Ҳа, йўқ – вой, нега тушунмайсиз? Ўғлимас, асранди ўғли.
– Боядан бери жаврайсан, бундоқ тушунтириброқ гапирмайсан. Демак, отанг билан унинг асранди ўғли сенинг пулингни ўғирлашган, шундайми?
– Йўқ. Рухсат этинг, сизга бир бошдан сўзлаб берай.– деб Ивга ҳамма бўлган гапни аниқ ва батафсил ҳикоя қилди – худди қоғозга ёзилгандай. Пан судья бўлса, нуқул бош ирғаганча, “Яхши, яхши, тушундим, билдим”, дерди. Кейин бирдан алмойи-алжойи гап бошлади:
– Мана бу бошқа масала. Гапларингга энди тушундим. Мендан нима сўраётганингни биласанми? Мумкин бўлмаган нарсани. Сен акангни қамоқдан озод қилиб, ўрнига Левкони қамашимизни сўраяпсан. Йўқ, йўқ, тасаддуқ, бундай қилиб бўлмайди. Ким айб қилган бўлса, ўзи жазосини тортсин. Мен ноҳақ ишга қўл уролмайман.
– Вой, йўқ ахир! – гап тушунтираверишдан силласи қуриган Ивга бақириб юбораёзди.– Сиз Левкони сўроқ қилинг. Айбдор Левко...
– Яна Левкони айбдор деяпсан. Каллам ўнта бўлгандаям гапингга тушунишим қийин. Бор, кет уйингга. Қулоғимнинг тагида жаврайвериб бошимни қотириб юбординг. Гапларингнинг ҳаммаси телва-тескари. Мени ёлғон гапингга ишонтиролмайсан. Ҳаммасини кўриб турибман. Бор, бор, уйингга. Нима қилишимни ўзим биламан.
– Вой, бу қандоқ кўргилик – судья ҳам шунақа ғалча бўладими?– дерди Ивга йиғлаб уйга қайтаркан.– Биттагина гапимгаям тушунмаса-я! Шўрим қурсин менинг!
– Энди сен асосий судьяга ҳам учраб кўр,– деди дугонаси.– Уни жуда кучли одам дейишади. У ҳамманинг устидан турган бошлиқмиш. Биласанми. Ивга! Сен унга ҳурмат юзасидан бирон нима кўтариб бор.
– Нимамни олиб бораман, ҳеч вақом бўлмаса?
– Икки шода тешиккулча олиб ол. У унақа инжиқ табиат одам эмас: бир пайтлар мен бир иш юзасидан унга беш дона пиширилган тухум олиб борган эдим, ийманиб ўтирмади, олди. Раҳмат унга, ишимниям тўғрилаб берди.
Ивга икки шода тешиккулча сотиб олиб, судьяникига кириб борди. У паст бўйли, бақалоқ, кепчик юз, танқайган кўзлари фонусдай чақноқ, хуллас, “бинойидай” одам экан. Ивга кирганида у судга кетишга шайланаётган эди.
Ивга худога сиғиниб чўқиниб олди, судьяга эгилиб салом берди ва тешиккулча шодаларини столга қўйиб, ўз иши юзасидан арзини баён қила бошлади. Судья тешиккулчаларни кўрдию уларга ташланиб, кавшай бошлади. Унинг оғзи катта, лунжлари дўмпайган бўлиб, шошганидан тешиккулчани бутунича оғзига тиқар ва унча чайнаб ҳам ўтирмай бирдан ютиб юборарди. Ҳиқичоғи тутиб, кўзлари ёшланса ҳам, ҳамма тешиккулчаларни еб битиришга ошиқарди. Унинг хизматга шошиши шундай ўтди.
Ивга ҳамма гапини айтиб бўлган, у бўлса ҳамма тешиккулчаларни пок-покиза тушириб бўлган эди, шунда Ивга яна гап бошлади:
– Сиз нима дейсиз, жаноби олийлари? Гапиринг!
– Сенга айтадиган гарим шуки,– деди судья охирги тешиккулчани чайнаркан...– Қаердан олдинг бунақа ажойиб тешиккулчаларни?
– Еяверинг, ош бўлсин, жаноби олийлари. Қаердан олардим? Бозордан сотиб олдим. Айтинг, нима дейсиз менинг ишим ҳақида?
– Мана бу тешиккулчамисан, тешиккулча, қойил! – деди судья оғзидагини чайнаркан, тамшаниб.– Сенинг ишингми? Биласанми, жони-дилим кўкнор уруғи сепилган тешиккулча; қанча кўп сепилса, шунча яхши... Ишингми? Ёғиям қават-қават... Мазали, жуда мазали кулчалар!.. Сенинг ишинг масаласи!.. Ундан кейин, жуда сингитиб пиширибди! Ё..Ҳали мен сенинг ишингни кўрмаганман, эртага кел, ўшанда айтаман,– тешиккулчаларни еб битирган судья шу гапларни айтиб уйдан чиқаркан, ҳамон уларни мақтарди: – Зўр тешиккулчалар! Ўлай агар, уйимда ҳеч қачон бунақа кулчаларга оғзим тегмаган!
Мана, ниҳоят, тешиккулчалар судьяга ёққанидан ва судьянинг бугун ишни битириб, эртага Левкони озод қилишига тўла ишонганидан Ивганинг кўнгли таскин топди. Майли, уни қамчи билан савалашса ҳам шу ерда савалашсин-у, илло, қишлоққа олиб бориб юришмасин; йўқса, таниш-билишлар олдида уятга қолади. Бу ерда савалашса, уни ҳеч ким танимайди, ҳеч ким гап-сўз қилмайди. Ивга қувнаб-яйраб тушлик қилди ва уй бекасига миннатдорчилик билдирди, унинг қай бир ишларини тикди, бироз ип ҳам йигириб берди-да, кейин қамоқхонага югуриб кетди. Нима бўлди, денг? “Рухсат берилмаган!”– деб бақирди унга солдат. Ивга ундан Левкони ҳеч қаёққа сўроқ қилгани олиб боришмадими, деб сўради.
– Йўқ!– деб жавоб қилди солдат.
О, қандай мусибат! Бечора қиз ўзини ўтга-чўққа урди, аммо ҳеч нима қилолмади! Эртасига эрталаб судьянинг олдига борди. Уни ўз хуторига жўнаб кетганини айтишди; дам олиш кунлари келиб қолган эди; демак, ҳеч қанақа суд бўлмайди.
Ивга орзиқа-орзиқа, юм-юм йиғлай-йиғлай бегим кун келишини кутди. Мана, судья хуторидан қайтиб ҳам келди. Ивга яна тўрт шода тешиккулча сотиб олиб, судьяникига кириб борди.
Судья тешиккулчаларни кўрдию дарҳол ҳужумга ўтди. У оғзида чайнаётган овқати билан Ивгага деди: “Вуй, мунча кўп!.. Мен буларни бир ўтиришда еб тугатолмайман... Лекин айбдорман сенинг олдингда: бутунлай хотирамдан кўтарилибди ишинг! Энди бироз чидайсан... Ҳал қиламан албатта сенинг ишингни... мана худди манави...”
– Ҳеч бўлмаса, бугун эсингиздан чиқарманг, жаноби олийлари!
– Эсимдан чиқади, худо ҳаққи, эсимдан чиқади. Ишим шу қадар кўпки, бурнимни артишга ҳам вақтим бўлмайди. Мана, ҳозир ҳам судга шошиб кетяпман.– Судя шу гапларни айтаркан, кетишга отлана бошлади, еб улгурмаган тешиккулчаларни чўнтакларига тиқиб олди.
– Мана, сиз судга кетяпсиз-у,– деди судьянинг ҳаракатини кузатиб турган Ивга,– кулчаларни еётганингизда, ким олиб келганини ўйласангиз, дарров мени эслайсиз.
– Майли, кўраман!– деб жавоб қилди судья.– Иш орасида овқат ейишга ейман-у, аммо сени эслолмаслигим аниқ. Ишим бошимдан ошиб ётибди: ҳаммасига имзо чекишим керак, бундай пайтда мен ҳеч нимани ўйламайман, фақат имзо чекаман. Яхшиси, сен, тасаддуқ, бундай қил: орқамдан суд маҳкамасига боравер, мени ўша ерда кут. Сени кўриб қоламану дарров эслайман.– Шу гапдан кейин у йўлга тушди.
Нима қилсин – Ивга ҳам унинг орқасидан кетаверди.
У маҳкама олдида у ёқдан-бу ёққа юриб турди, Дахлизга кириб мўралади – судья кўринмади; демак у Ивгани эсламаяпти; Левкога одам юбормаяпти.
“Шу топгача судья тешиккулчаларни еб бўлган бўлса керак,– деб ўйлади маҳкамага кираверишда ўтирган Ивга.– Тешиккулча еётганда эсламаган, энди бутунлай эсламайди мени”.
Мана, маҳкамадан одамлар чиқа бошлашди. Судья ҳаммадан олдинда келарди; у Ивгани кўриб, келишилган битим эсига тушди ва ҳамроҳларига қараб деди:
– Йўқ, йўқ, биродарлар, шошманглар! Жуда муҳим бир иш бор. Бери кел, яхши қиз, қани айт-чи, қандай иш билан келгандинг?
– Ивга арзини баён қила бошлади... Шу пайт у кунги котиб (Ивга уни таниди) ғирт маст ҳолда судья олдига пилдираб келиб, бурнакисини ҳидлаганча деди:
– Биз бу ишни ҳал қилиб бўлганмиз.
– Қачон?– сўради судья.
– Ўтган жума куни, ўша муттаҳам ўғрини қамчи билан савалаб. Кўчирма қилиш ҳақидаги ҳукмга сиз ҳам имзо чеккансиз.
– Ана, кўрдингми!– деди судья Ивгага.– Мен қўл қўйибман, энди иложи йўқ. Бугун қўл қўйганимда ҳам бошқа гап эди, ўтган ҳафтанинг жумасида бўлибди. Индинга бир ҳафта бўлади...
– Демак, муҳтарам пан, бу сизга мазали тешиккулчалар олиб келган куним бўлган экан-да?– деди Ивга судьяга таъна қилиб... Гапираркан кўзлари ғилт-ғилт ёшга тўлди... Ҳа, шундай шумхабарни эшитганди шўр пешона қиз!
Судья унинг таънасини лоқайдлик билан эшитаркан, гапига қўшилишиб дерди:
– Ҳа, тасаддуқ, тўғри. Сен эрталаб олиб борувдинг тешиккулчаларни, мен кундузи имзо чекибман. Ҳа, бу жума куни бўлган эди.
– Яхши қилибсиз. Худонинг ўзи сийласин сизни!.. Ахир нега уни сўроқ қилмадингиз?
– Бу қанақаси, котиб? Нега у сўроқ қилинмади?– деб сўради судья.
– Нега сўроқ қилмас эканмиз? Ахир ўзингиз сўроқ қилиб бўлиб имзо чекдингиз-ку!
– Имзо чекишга-ку, чекдим, лекин уни кўрганим ҳам, сўроқ қилганим ҳам эсимда йўқ! Ҳеч эслолмаяпман.
– Сиз ҳеч қачон ҳеч нимани эслолмайсиз,– деб суҳбатга нуқта қўйди котиб ва шапкасини бостириб кийди-да, судьядан олдинга ўтиб кета бошлади; судья ҳам энди Ивгага қайрилиб қарамай, уйига жўнаб қолди.
– Шўрим қурсин, энди зоримни кимга айтаман?– деб ҳўнграб йиғлай бошлади Ивга.– Энди бечорани савалаб... сургунга суришади.
– Қўй, хафа бўлма,– деди эшик олдига чиққан бир маҳкама ходими. Бу иш ҳали губернияга жўнатилган; у ерда, русларнинг таъбирича, яна бир ойча ётади, кейин тағин бу ёққа жўнатишади; шундан кейингина жазога тортиб, сургун қиладалар.
Мажоли қолмаган Ивга уйга зўрға етиб борди... Ўксиб-ўксиб йиғлади... кун бўйи туз ҳам тотимади... Жаҳл устида судловчиларни қар-ғаб, бошларига минг-минг бало-офатларни ёғдирди! Нима бўларди? Бало ҳам урмайди уларга! Бу суд қилувчилар ҳеч нимани билмаган ҳолда одамларни суд қилишади, котиб олиб келган ҳукмномаларда нималар ёзилганини ўқимай имзо чекишади... шошмай туришсин, ҳали бурунларидан булоқ бўлиб чиқади ҳаммаси... Биронта ҳам қусурлари бежазо қолмайди!..
Эрталаб ўрнидан турган Ивга, бу ерда ғамга ботиб ўтиргандан фойда йўқ, бирон иложини топиш керак, деган қарорга келди. “Ишни губернияга юборишган экан, мен ҳам бораман ўша ерга, худонинг паноҳида!” У бир зумда йўлга отланди: керакли буюмларини сафар халтага солиб, елкасига осди, қўлига таёқ олди... Йўлга тушди. Жуда чарчаган пайтларида, яхши одамлар уни уйларига киритишди, баъзида араваларига ўтқазишди; бутунлай ҳолдан тойиб силласи қуриган чоғларда эса, кимларникидадир то ўзига келгунча бир-икки кун дам ҳам олди. Ишқилиб, бизнинг Ивга ниҳоят бир куни губерния шаҳрига етиб олди...
– Вой... нима бу... қандай жой бўлди бу?.. Ё биби Марям, ўзинг асра!.. – деб чинқириб юборди тепа бошига чиқиб, пастда ўзининг кичкинагина қишлоғини эмас, улкан губерния шаҳрини кўрган Ивга... Бу манзарадан нафаси қайтган Ивга, кўзи қамашиб, шаҳарга қандай кўз ташлашни ҳам билмай ичи музлаб кетгандай бўлди... “Қарадим-қарадим...ҳеч ерда шаҳарнинг охири кўринмайди!..– деб ҳикоя қилган эди Ивга кейин.– Черковларни айтмайсизми – сон-саноғи йўқ! Ҳаммаёқда данғиллама иморатлар!.. Ўлмасам, шу ерда ишимни пишираман, деб ўйладим... Ахир қуруқ қайтмайман-ку, уйга”.
Ивга теран хаёлга толди: бас, биз ҳам энди ундан хавотир олмасак бўлади. Сиз ҳам, китобхон, уни ёлғиз деб, раҳнамоси, маслаҳатчиси йўқ деб шундай катта шаҳарда бир ўзи панлар жамоасида ўзини қандай тутаркин деб (Ивга, қишлоқда ҳамма мужик бўлганидай, шаҳарда одамларнинг “бари панлар” бўлса керак деб ўйларди) сира ҳам қўрқманг; у ким билан қандай муомала қилишни, Левко ҳақида нима деб гап очишни билмай, боши қотди.
У биринчи тўғри келган кўчага кириб, шаҳарда яшайдиганларнинг ҳаммаси ҳам панлар эмас, бу ерда авом халқ ҳам кўп экан, деган қарорга келди. Бу ҳол унинг кўнглини тинчитиб, руҳини кўтарди.
Бахти бор экан, яшаш учун ўзига жой топди. Кичкина қизчаси билан яшовчи бир аёл Ивгани, рўзғор ишида ёрдам кўрсатиши шарти билан оз миқдордаги ижара ҳақига хонадонига киритди. Ивга дам олаётган ё тушлик қилаётган пайтида, уй бекасига ўзининг қаердан ва қандай иш билан шаҳарга келганини сўзлаб берди.
Бека қўлларини белига тираб, азза-базза бош ирғаганча: “Билмадим, қандай эпларкинсан буни!”– деди. Сўнг Ивгага бу ерлик судловчи панларнинг иш тутиш усуллари ҳақида сўзлаб берди. У кўп нарсани биларкан, чунки кичкина қизлик пайтидан бойларнинг хонадонида хизмат қилган экан: қиз туғиб олганидан кейин эса, бир котибникида энагалик қилибьди, шунинг учун, ким котибникига нима билан қандай кириб келишини ҳам, кимнинг қайси эшикдан чиқиб кетишини ҳам жуда яхши билиб олган экан. Гап орасида бека яна шундай деди: “Сен катта мансабдор панлардан қўрқма; пан қанча улуғ зот бўлса, шунча оқкўнгил, меҳрибон бўлади. Лекин, қўрмаганнинг кўргани қурсин, деганларидай, агар ялангоёқ мужик атаман бўлгудай бўлса, ана унақа одам сени назар-писанд қилмайди; мабодо сардор бўлиб қолса-чи! О, худо сақласин! Ундай пандавоқига яқин ҳам йўлай кўрма. Аммо панлар унақамас: унақалар билан учрашганингда, ҳеч қўрқмай шаҳдам-шаҳдам гапир, фақат рост гапир, зинҳор ёлғон сўзлай кўрма; бўлмаса, ўша заҳоти думингни тугишади”.
– Мен қандай қилай, холажон? Агар каттакон паннинг олдига борадиган бўлсам, бирон нима кўтариб боришим керак-ку ахир, арз қилиш учун.
– Худо сақласин! Тўғри, эскиликка амал қилувчи панлар ҳам бор, унақалар сен кўтариб борган биронта кичкина тешиккулчани, кўнглинг учун, хафа бўлмасин, деб қабул қилишлари мумкин; муқаддас нон олиб борсанг, уни ўпиб қўядилар-да, сенга йўл-йўриқ кўрсатиб, доно маслаҳат берадилар. Бу фақат улуғ панларда шунақа таомил. Лекин кичик мансабдаги “панваччалар” ва “чалапанлар”дан эҳтиёт бўлишинг керак! Нарса тортиқ қилсанг-қилмасанг – уларга барибир; агар олдиндан келишиб олиб, бирон нима берсанг. Бу кам. Яна олиб кел, дейишади. Ундай олғирлардан худонинг ўзи асрасин”. Сен юрак ютиб, тўғри энг катта мансабдор паннинг олдига бор.
Бека бутун оқшом панларнинг удуми тўғрисида сўзлади, Ивга эса, ҳаммасини кўнглига тугиб олди ва бу ишга қандай киришиш ҳақида ўйлай бошлади.
Бу гап шанба куни кечқурун бўлган эди, якшанба куни эса, Ивга ўрнидан тургач, ясаниб кийинди-да, шаҳарни томоша қилгани чиқиб кетди. Кейинчалик, бу ҳақда сўзлаб берганида, худди ўрмонга кириб қолгандай қўрқиб юрдим, деган эди. Бозорда тумонот одам, ўтиб бўлмайди, ақалли битта ҳам таниш учрамаса-я! Ҳеч ким сенга таъзим ҳам қилмайди, сендан ҳеч нима сўрамайди ҳам... Йиғлайвериб хун бўлдим!.. Худди етимчадек тентираб юрибман, денг. Бир маҳал черков қўнғироқлари бонг ура бошлади... Жаранглашини эшитсанглар эди! Ҳалигача янграйди қулоғим остида! Шунда мен энг катта, энг чиройли черковга қараб йўл олдим. Нима бўлди, денг! Солдатлар мени черковга киритишмади, ярим танга пул узатгандим, пулимни ҳам олишмади, черковгаям киритишмади. Лекин мен, барибир, у ердан олислаб кетмадим. Одамларнинг ибодатдан чиқишини кутдим, зора-мора катта амалдор панларни яқиндан кўриб қолсам, деб. Аксига юриб, мен пан исправникка ўхшаган мансабдорни ҳеч кўрмаган эдим; ўшаниям икки-уч мартагина кўрганман. Ўз шаҳримда гарчи судловчи амалдорларни кўрган бўлсам ҳам, менга кўрсатган муомалаларидан кейин, уларнинг панлар эканига гумоним бор. Ахири чошгоҳга бориб одамлар черковдан чиқа бошлашди... Вой бў-ў! Ана одамлару ана жаноблар!.. Кўзим битта мансабдорга тушди... унинг олдида ҳам, орқасида ҳам, атрофида ҳам нуқул панлар, панлар! Ўзи қанақа денг! Ёқасига ҳам, енгларига ҳам зарҳал кашталар тикилган, бўйнига бўлса бир нечта хоч осилган! Кўкрагида олтин юлдуз, елкаси оша қип-қизил кенг лента ташланган, елкаларидаги попуклар чўғдай товланади, хуллас, бошдан-оёқ порлаб турибди: қарасанг, кўзинг қамашади! Унинг олдида югуриб боришаётган панлар одамлар орасидан йўл очишади, ёнида келаётган панлар ҳам, унга гард .юқтирмаслик учун атрофида парвона. Бу олий мартабали апан файтонга ўтираётганида, отлар пишқириб, депсиниб туришди, кейин улар қушдай учиб кетишди, жаноб пан бўлса, дам ўнгга, дам чапга нуқул таъзим қиларди. У амалдорга таъзим қилиш менга ҳам насиб этди, фақат узоқда турганим учун мени у кўрмагандир ҳам. Ёнимда турган бир аёлдан, бу пан ким, деб сўраган эдим, у: “губернатор жаноблари”, деб айтди... Ўша куни мен панларни тўйгунимча томоша қилдим!..
Кейин бекага дедим: “Агар губернатордан бирон гап сўрайдиган бўлсам, рўпарасида тиззаларим қалтираб тик туролмай, йиқилиб тушишим мумкин. Кейин қандоқ тураман?”
– Қўрқма,– деди бека,– у эл олдида шунақа салобатли кўринади, бутун юртнинг бошлиғи бўлганидан кейин, халқ ҳурматимни қилсин, қадримга етсин, дейди-да. Лекин уйига борсанг, сени очиқ юз билан кутиб олади. Мулойим, ширин гапириб, арзу ҳолингни ўн марталаб тинглайди, агар бажарса бўладиган иш бўлса, ёрдамини аямай, тезроқ тўғриланглар, деб буюради; бордию у бажара олмайдиган иш бўлса, нега ва нима сабабдан бажариб бўлмаслигини сенга яхшилаб тушунтиради; кўнглингни кўтаришга уриниб, қандай иш тутиш лозимлиги ҳақида маслаҳат беради. У қашшоқларга доим садақа улашади. Сен ҳеч қўрқма – у меҳрибон одам, худди ўз отангдай.
Шу куни кечгача Ивга яна шаҳар айланди, бир яхши одамдан суд маҳкамалари жойлашган иморатнинг қаердалигини сўради. У одам Ивгага, “Сен муроса палатасига бор” деб маслаҳат берди; Ивга ўша одам таърифлаган иморатлардан учтаси ёнидан ўтди. Яёв юриб келаётган ё извошда бораётган панларни кўрганида, уларга тикилиб-тикилиб қаради, башарти биронтаси билан гаплашишга тўғри келса қўрқмаслик учун. Шу куни у қатъий бир қарорга келиб ухлагани ётди, лекин ҳадеганда уйқуси келавермади – у эртага нима бўлишини ўйларди...
Тонг отди. Ивга ўрнидан туриб, чин дилдан худога ибодат қилди, ҳатто ундан мадад сўраб йиғлаб ҳам олди. Кейин кетди. Йўл-йўлакай черковга ҳам киришни ва “худонинг бандаси Левкони ибодат чоғида дуо қилиш” учун ҳазратга садақа беришни ҳам унутмади. Суд маҳкамаси жойлашган иморатларни у дарров топди ва ичкарига кирди... Э худо! У нима қилиши мумкин бу ерда? Ҳаммаёқда эшиклар, эшиклар, эшиклар; у ёққа борсаям эшик, бу ёққа юрсаям, эшик билан зина; ҳамма ёқда эшиклару зиналару эшиклар... Қарайдиган бошқа ҳеч нима йўқ! Одамлар дам у ёққа, дам бу ёққа тентираб юришибди, ёш панлар бўлса нуқул югуриб ўтишади, извошларда келган панлар саломлашишади, ўзаро суҳбатлашишади. Бизнинг шўрпешона Ивга бўлса, худди ўрмонда адашиб қолгандай, нима қилишини, қаёққа боришини билмай, донг қотиб турарди – у палатанинг номини эсидан чиқариб қўйган эди! “Палата қаерда?”– деб сўрадиям.Унга жавобан: “Қайси палата? Бу ерда палата биттамас”, дейишди. У бўлса ҳеч эслолмайди, денг. Мана, ниҳоят эсига тушди: “Муроса палатаси”. Кулиб туриб унга палатанинг қаердалигини айтишди. Шунда ҳам Ивга бир неча марта адашиб, ахири топди ва ичкари кирди... “Ким керак сенга?” деб сўради ундан бу ерда ўтирган солдат.”Амакижон, шуми ҳалиги.... палата му... ро...”– “Шу”. Мана, Ивга солдат кўрсатгана эшикдан ичкарига кирди. Бу жудаям узун хона бўлиб, ҳамма ёқда столлар, столлар ортида ёш панлар ёзиб ўтиришарди.
Ивга кириб, олдин чўқиниб олди, ёш панларга эгилиб таъзим қилди ва сўради: “Худо сизларга мададкор бўлсин! Муборак душанбада соғ бўлинглар!”
Ёш панлар ўзаро бир-бирларига қараб, мийиғларида кулишди, лекин индашмади. Шунда улардан биттаси ёзаётган ишини тугатиб ўрнидан турди, Ивгага яқин келди-да, очиқ юз билан мулойим оҳанг-да сўради: “Сенга нима керак эди, яхши қиз?”
– Бизнинг Левко ҳақидаги иш сизлардами, жаноби олийлари, деб сўрамоқчийдим.
– Қанақа Левко?
– Бизнинг Левко, отамнинг асранди ўғли.
– Қани менга айт-чи, ўзи қайси уезддан келдинг?
– Нима десангиз денг, лекин буни айтмайман.
– Нега айтмайсан?
– Негаки, ўзимам билмайман.
– Нима қилган эди ўша Левко?
– Биласизми: айтишларича, у отамнинг пулини ўғирлаганмиш.
Ана шунда бу пан бир қоғозни олиб, уни бошдан-охир ўқиб чиқди ва Ивгадан: “Шуми?” деб сўради...
– Ҳа, шу эди!
– Хўш, нима истайсан ўзи?
– Истайманки, атиги... жаноби олийлари. Биздаги судловчилар уни суд қилишди-ю, аммо сўроқ қилишмади. Бориб уни сўроқ қилишни кимдан сўрасам бўлади? Унинг айбдор бўлиши гумон; мен “барака топинг, раҳмат”, деган бўлардим сизларга.
– Нега бунча кечикиб келдинг-а, яхши қиз? Унинг иши ҳал бўлган, ҳозир бу иш губернаторга юборилган...
– Вой, ўлмасам, шўрим қурибди! Нима, энди уни Сибирга жўнатишадими?
Ёш панлар фақат елкаларини учиришди.
– Бир яхшилик қилинг, жаноби олийлари, бирон йўл-йўриқ кўрсатинг, мен шўрлик нима қилишим керак? Сиздан жуда-жуда миннатдор бўлардим... Уни сўроқ қилишмаган.
– Мен ҳеч нима қилолмайман,– деди ёш пан,– энди ҳеч ким ёрдам беролмайди унга. Қилган айбига яраша жазосини олиши керак. Сен кет, қаердан келган бўлсанг, ўша ерга кет; бу ерда туриш мумкинмас.– Шундай деб у ўз иш жойига йўл олди, лекин Ивганинг йиғлай бошлаганини, ҳатто айюҳаннос солишга чоғланаётганини кўриб, солдатни имлаб чақирди; солдат Ивганинг елкасидан астагина ушлаб, даҳлизга етаклаб чиқиб кетди.
Бахти қаро Ивга адойи тамом бўлган эди!
Кўзлари ғилт-ғилт ёш бўлганидан у ҳеч нимани кўрмас, ҳатто қаёққа юриш, қаёқдан чиқишни ҳам билмасди! Рўпара келган одамлар энди унга эътибор бермай, ёнидан ўтиб кетарди. Силласи қуриган Ивга гоҳ қоқилиб, гоҳ адашиб, бошқа йўлакларга кириб, анчагача бино ичида тентираб юрди... Ниҳоят, эшик олдига чиқдию боши айланиб, йиқилиб тушди.
“Энди нима қилдим? – деб ўйлардим у ётган ерида дув-дув кўз ёш тўкаркан.– Унинг иши буткул тугабди... Адойи тамом бўлади энди бояқиш Левко! Ишини губернаторга юборишибди, у бўлса Левкони қамчи билан савалаш ҳақида аллақачон буйруқ юборган бўлиши керак... Оҳ, бу қандай кўргулик! Қамчилаганларидан кейин, ҳали яна Сибирга ҳам ҳайдашади!.. Мен билан ҳам хайрлашолмай кетади!.. Никоҳдан ўтган бўлсак ҳам майлийди, мен ҳам орқасилан эргашиб кетаверардим; энди бир ўзим бу ерда сўппайиб қоламан!.. Отам ғийбатларга учиб, мени уйдан ҳайдайди... Ё бўлмасам, мени зўрлаб мирзага эрга беришиб, умримни хазон қилишади... Левко ҳам олис йўлда менсиз жувонмарг бўлади, етиб боролмай! Биламан, у мени астойди севарди... Менсиз ҳароб бўлади!...Вой, ишқилиб уни жўнатишмасин-да, то қайтиб боргунимча! Вой, мунча пешонам шўр бўлмаса!.. Қачон етиб бораркинман у ёққа? Агар кечиксам... унда ўлганим яхши... Ўз жонимга ўзим қасд қиламан!..”
– Ҳой қиз, нима қиляпсан бу ерда? Нега ётиб олиб йиғлаяпсан? Эт-бетинг оғрияптими?– деган овоз эшитди Ивга; кимдир унга савол бераётган эди. У бошини кўтариб қаради... Тепасида бир пан турарди; афтидан, кўнгилчан одамга ўхшайди.
– Бошимга тушган оғир мусибатдан йиғлаяпман, отагинам... Аҳволим жуда оғир!..
Пан унинг аҳволини сўраб-суриштираркан, мудом юпатарди; Ивга йиғлаб-йиғлаб ўз дардини сўзлаб берди.
Пан қизнинг арзи ҳолини бошдан-оёқ диққат билан тинглади, аҳволига тушунгач, шундай маслаҳат берди:
– Сенга раҳмим келяпти, оппоқ қиз, бу ишингни ҳали тўғриласа бўлади. Сен шу ерда тур. Ҳали-замон бу ердан губернатор ўтади. Сен уни тўхтатиб, ҳамма бўлган воқеани бир бошдан сўзлаб бер. Шояд, у сени қўллаб юборса...
– Отагинам, жаноби олийлари... сизни нима деб чақиришниям билмайман! Шундай улуғ одамга рўпара келишим одобданмикин? Қолаверса, унга икки оғиз сўз айтишга қурбим етармикин? Мен у жанобнинг юзига қарашга ҳам қўрқаман.
– Ҳеч нимадан қўрқма. Унинг фақат кўриниши шунақа – важоҳатли, лекин қийналган одамни кўрса, ўзи ундан ҳол-аҳвол сўраб, ёрдам қилади. Фақат чўчима!
Оқкўнгил пан қизга маслаҳатлар бериб, қандай иш тутишлигини ўргатди, кўнглини кўтарди; Ивга ўрнидан туриб, бу паннинг орқасидан юрди ва у кўрсатган муюлишга, яъни губернатор ўтадиган ерга бориб турди.
Мана, орадан сал вақт ўтар-ўтмас, одамлар ҳар ёққа ғиз-ғиз югуриб қолишди:
– Губернатор келяпти...Губернатор келяпти!..
Бизнинг Ивга гапирадиган гапларини унутиб қўйганди, ҳеч бир гап эсига келмасди; у губернаторни кўриб, қўрқиб кетди, қалт-қалт титрай бошлади... Кошкийди, ер ёрилсаю, ерга кириб кета қолса!..
Губернатор яқин келиши билан, Ивга унинг оёғига йиқилиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлай бошлади... Йиғлаб туриб ҳеч бир сўз айтолмади...
Нима бўлди, денг! Губернаторнинг ўзи уни ердан ўз қўллари билан кўтариб турғазди ва мулойим овоз билан ундан йиғлаши сабабини сўради.
Қиз бўлса эсанкираб қолганидан, фақат: “Раҳм қилинг! Раҳм қилинг!” дерди, вассалом.
Губернатор ундан биронта бамаъни гап эшитмоқчи бўлиб узоқ кутди, уни юпатишга уринди. Лекин қиз ўзини йўқотиб қўйган эди. Шунда губернатор унинг тирсагидан ушлаб шундай деди: “Менга қара, ойимқиз! Ҳозир сен қўрқиб кетдинг, шунинг учун ҳеч нима деёлмаяпсан, менинг эса ҳозир вақтим йўқ, ишларим кўп. Сен, яхшиси, менинг уйимга бор; то қайтгунимча ўша ерда дамингни олиб ўтир, кейин ҳамма гапни айтиб берасан. Сен қўрқма, қўрқма мендан; ёрдам қиламан сенга. Жандарм! Бу қизни меникига кузатиб қўй, йўлда хафа қилма уни; уйдагиларга айт, то мен қайтиб боргунимча, яхшилаб қорнини тўйғазишсин”. Мана буни раҳбар дейдилар, мана буни ҳақиқий ота дейдилар!
Ивганинг кўзи чақнаб кетгандай бўлди. У йиғидан кейин бир зум дам олгач, жандарм билан бирга губернаторнинг уйига жўнади. У ерда уни бир хонага олиб киришди. Оқ нон ва турли хил тансиқ егуликлар келтиришди... Лекин шўрликнинг томоғидан ҳозир овқат ўтармиди; бошига тушган машъум савдодан бошқа ҳеч нима келмасди унинг хаёлига. Ҳали бу ёғи нима бўларкин?
Губернатор бир неча соатдан кейин қайтди. Уйга кириши билан: “Қаерда у қиз?”– деб қичқирди. Ивгани кўриб, уни меҳмонхонага бошлаб кирди... Бу меҳмонхона, кейинчалик Ивга таърифлаб беришича, жуда кўркам жой эди. “Унинг шифти жудаям баланд, деразалари худди эшикдай катта-катта, эшиги эса нақ дарвозадай эдики, бу ерга бир неча ғарам пичан ортилган аравада ҳеч ерга урилмай, туртилмай бемалол кириб борса бўларди. Хонанинг шифти ҳам, деворлари ҳам, оёқ ости ҳам ҳар турли бўёқлар билан безатилган... Кўрсанг, кўзинг қувонади! Вой, кўзгуларни айтмайсанми! Ҳаммаёқда кўзгу. У ёққа қарасанг ҳам ўзингни кўрасан, бу ёққа қарасанг ҳам: қаёққа кўз ташлама, ҳаммаёқда сен кўринасан худди тирикдай. Нақ қўрқиб кетдим, ўзимни биринчи марта кўзгуда кўрганимда!”
Унинг эсанкираб қолганини кўрган губернатор: “Сен шу ерда бирпас дам олиб ўтир, мер дарров қайтаман”,– деди ва хонадан чиқиб кетди.
Ивга кўзгуга қараб, у ёқ-бу ёғини тузатган бўлди, энди ўзини анча тетик ҳис қила бошлаган эди; шу маҳал губернатор кириб келди. У мулойим жилмайиб қиздан сўради: “Қани, яхши қиз, энди менга ҳамма-ҳамма гапни сўзлаб бер: қаерликсан, отанг, онанг борми, қандай арз билан келдинг бу ерга?”
Ана шунда Ивга ҳамма бўлган воқеани бошидан то охиригача, ҳаммасини батафсил гапириб берди.
Губернатор унинг арзу ҳолини эшитиб бўлиб, шундай деди: “Йўқ, яхши қиз, сенинг Левконг фирибгар; уни иккита судда сўроқ қилишган, у айбини бўйнига олиб бармоқ босиб имзо ҳам чеккан. Бу иш менинг қўлимда”.– Шундан сўнг у бошқа хонага чиқиб кетиб, бир даста қоғоз кўтариб кирди. У қоғозларни варақлаб-қарақлаб Ивгага кўрсатди: “Мана, бу ерда у отангнинг пулини бир неча марта ўғирлаганига иқрор бўлган. Мана, унинг номидан имзо чекишган, судьялар ҳам кўришган унинг ишини, у ана шу судьялар гувоҳлигида айбини бўйнига олган”.
– Отахон, жаноби олий.... сизни нима деб аташниям билмайман! Пан жаноблари, губернатор ҳазратлари, азизим! Бу тўғри эмас, уни сўроқ қилишмаган: қасам ичиб айтаман буни. Сўроқ қилинганида, Левко айтарди менга, аммо-лекин у сўроқ қилишларини илтимос қиляпти, худди садақа сўраган гадойдай. У жуда муҳим бир гапни айтмоқчига ўхшайди. Мен унга кўпроқ ишонаман сизнинг судьяларингиздан кўра, ўша судья, Левкони сўроқ қилдим, деб қўл қўйган бўлсаям, унинг ҳамма гаплари ғирт ёлғон; у фақат одамлар олиб борган тешик кулчаларни ейишни билади.
Губернатор тешиккулчалар ҳақидаги гапни эшитиб кулиб қўйди.
– Кўзингни оч, қиз,– деди у кейин,– сен жуда жиддий гап айтдинг; судьялар сўроқ қилмаганлигини ҳали уларга исботлаб беришинг керак бўлади.
– Сўроқ қилишмаган, қилишмаган, жаноби олийлари! – деб чин-қириб юборди Ивга.– Обкелинг уларни олдимга. Мен бу гапимни уларнинг юзларига айтаман. Ахир Левко, сўроқ қилишсин, деб бекорга айтмади-ку...
– Мана ахир,– деди губернатор қоғозларни қайта варақлаб, қайта ўқиркан,– одамлар сенинг Левконгни ўғри, хулқи ёмон, деб қасам ҳам ичишган...
– Ёлғон ҳаммаси, худо урсин агар, ғирт ёлғон!– деб Ивга энди дадил-дадим гапира бошлади.– Унинг ҳеч қанақа ёмонлик томони йўқ, мен уни ҳаммадан кўра яхшироқ биламан. У умрида ҳеч қачон ҳеч нима ўғирламаган, зиғирдаккинаям ёлғон гапирмаган. Сиз яхшироқ қаранг, одамлар ҳам Левконинг сўроқ қоғозига қўл қўйганини бошқача исботлашгандир, эҳтимол.
– Яхши,– деди губернатор,– мен буни аниқлайман. Сен эртага палатага бор, ўша ерда сенга ҳаммасини кўрсатишади.
– Мен шўрлик, муҳтарам жаноб, биламан, ўша Муроса палатасини. Кечирмаган азобим, кўрмаган ерим қолмади. Мени деб шунча урундингиз, раҳмат сизга. Эртага ўша айтган ерингизга барвақтроқ етиб бораман. Сизнинг ҳам эсингиздан чиқмасин, албатта боринг, ўша жойда биргаликда, текшириб кўрамиз, ёлғончи ким: менми ё сизнинг судьяларингизми? Хайр эртага кўришгунча.
Губернатор кулиб туриб, унинг кетишига рухсат берди. Ивга гул-гул яшнаган, хушбахт чеҳра билан йўлга тушди, йўлида учраган гадойу сўқирларга садақа бериб ўтди. Уйга келиб, бутун оқшом хушчақчақ кайфиятда бўлди.
– Эрталаб у жуда барвақт турди; у бекасининг рўзғор ишида кўмаклашгандай бўлди-да, кейин отланиб палатага жўнади.
Суд қилувчилар бугун кечагидан барвақтроқ ишга келишганди; губернатор ҳам ҳаялламай етиб келди, Ивгани кўриб шу заҳоти уни ўзи билан ичкарига олиб кириб кетди; унга кутиб туришни буюрди-да, ўзи суд қилувчилар ўтирган хонага кирди, қандайдир пан бир даста қоғоз билан унинг орқасидан эргашди – Левконинг иши бўлса керак.
Губернатор ичкарида суд қилувчилар билан анча вақт гаплашиб қолди, кейин уларни ўзи билан бошлаб чиқиб: “Мана бу қиз, аристон сўроқ қилинмаган деяпти. Қани гапир ўзларига”, деди.
Сўроқ қилинмаган, судловчи панлар, бошимда ойболта ўйнатсанглар ҳам, барибир сўроқ қилинмаган, деб исботлайвераман. Левко ҳеч қачон менга ёлғон гапирмаган; доим савдода тушган пулнинг тийинигача олиб келиб берарди... Унинг ёлғон сўзлаганини ҳеч қачон сезмаганман, шунинг учун, мени сўроқ қилишмади, деган гапига ишонаман; гапим тўғрилигига қасам ичиб, ҳатто бир ҳовуч тупроқни ейишдан ҳам қайтмайман; мен рост гапиряпман, лекин анави ҳукмга қўл қўйган судьялар ғирт ёлғончи ҳаммаси. Левкони хулқи ёмон, деб одамлар номидан ким имзо чеккан бўлса, у ҳам ёлғончи. Гапим шу! Лекин ҳеч ҳам сизлардан хафа эмасман, судловчи панлар, сиздан ҳам, губернатор жаноблари!
– Хўш, энди нима қилмоқчисизлар?– деб сўради губернатор суд аҳлидан.
Улар бир-бирларига қараб қўйиб, елкаларини учиришди ва шундай дейишди:
– Сиз нима десангиз шу. Биз бу ишни ҳал қилиб бўлганмиз.
– Биламан, ҳал қилгансиз ва лекин ҳукм чиқаришда зинҳор адолатсизлик бўлмаслиги керак!– деди уларга губернатор.– Сизлар бу қиз айтаётган гаплардан бехабарсиз; фақат қоғозга қарагансиз, қоғозда эса, ҳамма гап сип-силлиқ ёзилган. Бу қиз эса у ерда бўлган, ҳамма гапдан хабардор, аристонни сўроқ қилмаганлар, деб қасам ичишга ҳам тайёр. Ишни қайта қўлга олинглар, уни бу ерга чақиртириб сўроқ қилинглар-чи, нима мақсадда ўғирлик қилган экан?
– Мен буни шундоқ ҳам биламан,– деди Ивга.– Биз турмуш қурганимиздан кейин рўзғоримизни бошқа қилмоқчийдик, шунга керак бўлади деб олган у пулни. Бунинг ҳеч қанақа айбли томони йўқ: мен отамнинг қизиман, у отамнинг асранди ўғли, пул отамники. Бу ишни осонгина ҳал қилса бўлади, чунки Сибирга сургун қилишга арзийдиган гуноҳи йўқ унинг. Чақиртиринглар уни, сўроқ қилинглар, нима учун отамнинг пулини олганини очиқ айтиб беради; шу билан уни бўшатиб юборасизлар.
Эҳ, Ивга, Ивга, рост гапираман деб, ишнинг пачавасини чиқараёздинг-ку! Сал бўлмаса, барча югуриб-елганларинг зое кетган бўларди, чунки суд қилувчилардан биттаси, унга эргашиб, қолган ҳамкасблари ҳам, сен айтган гапни илиб олиб, чуғуллай бошлашди: “Пулни нима мақсадда олган бўлса ҳам, ахир олган-ку; ўз отасиникиними, бегонаникиними, барибир, олган – сўрамасдан, сандиқнинг қулфини бузиб олган; демак, ўғри”.
Губернатор пешонасини қашиб, бироз ўйланиб қолди, кейин чуқур тин олиб деди: “Ҳа, тўғри айтасизлар; лекин, барибир, унга одам юборинглар. Олиб келишгач, сўроқ қилинглар. Фақат биргина сўздан нажот топиб, уни Сибирга сургун бўлишдан асраб қолиш мумкин. Мактуб ёзинг, тезроқ уни бу ерга жўнатишсин. Сен бўлсанг, оппоқ қиз, уйингга бор, бир ҳафтадан кейин келиб хабар ол”,– сўнг у бир панни чақириб, қаёққадир хат ёзишни буюрди – қаёққа? Буни Ивга тушунмади; хатда, ҳеч ким мазкур қизга тегмасин, уни хафа қилмасин, деб ёзилиши керак эди. “Бу қизни фақат мен яхши биламан,– деди губернатор.– Сен, ойимқиз, агар бирон нимага муҳтожлик сезсанг ё бирон киши сени хафа қилгудек бўлса, тўғри менинг олдимга келиб, сўрайвер нима керак бўлса”.– Шундай деб у ўз ишига кетди.
Ивганинг қувончи ичига сиғмасди! У ҳам йиғлар, ҳам кулар, ҳам губернаторнинг оёғига йиқилиб, унинг қўлини, шунингдек, бошқа судловчиларнинг ҳам қўлини ўпишга уринарди...
– У ўзи турган уйга юрибмас, қушдай учиб борди, уй бекасини “чўлп-чўлп” ўпиб, Левкони бу шаҳарга олиб келиб, шу ерда сўроқ қиладиган бўлишганини, айтди. Энди уни Сибирга жўнатишмаслигини мақтана-мақтана гапирди. Севинганидан кун бўйи кўнгли яйраб юрди.
Эртаси куни Ивга (худога шукурки, энди шаҳар кезиши лозим эмас эди) ишга киришди: қўли қўлига тегмасди! Тинмай қўшиқ куйлар, қилаётган ишини тўхтатмай, нуқул лаби-лабига тегмай, қизиқ-қизиқ гапларни ҳикоя қилар, бека унинг ҳазил-ҳузул гапларидан қотиб-қотиб куларди. Иш ҳам пешма-пеш келиб турди; бир ишни тикиб улгурмасидан иккинчи буюртма келаверди. Ҳамма ёқдан уларга пул ҳам келиб тушаверди! Ивга ҳар ҳафта Левкодан хабар олдгани “Муроса палатаси”га боришни канда қилмади: ундан дарак йўқ эди. Тўғри-да, йўл олис бўлса: юз эллик чақирим келадиган йўлни яёв босиб ўтишнинг ўзи бўладими?
Кунларнинг бирида Ивга тиккан ишини буюртмачига олиб кетаётганида кўчада бўлаётган... қандайдир бир воқеага кўзи тушди. Жуда кўп одамлар, бир қанча извошлар тўпланган, мусиқа гумбурларди! Бу тўй бўлса керак, деб ўйлади Ивга ва шаҳарликлар тўйи қанақа бўлишини кўргани яқинроқ борди. Кўрса, бу тўй эмас экан. Энг олдинги извошда учта машшоқ скрипка, бас ва цимбал** чолғуларида машқ чалар, уларга яна доира ҳам жўр бўларди; иккинчи извошда иккита яхши кийинган, басавлат киши қўлларида вино солинган челакча ушлаб турарди: учинчи извошда бўлса, эгнига одми чопон, бошига казаклар қалпоғини кийган одам ўтирарди; у белига алвонранг кенг шоҳи белбоғ боғлаган, иккинчи шоҳи белбоғ билан бўйнини ўраб олган, қўлидаги яна бир белбоғ билан дам-бадам юз-кўзини артарди. Бу одам ғирт маст бўлиб, ўртадаги извошда кетаётганларга дам-бадам ҳамма учраган ва ўтган-кетган каттаю ёшни арақ билан сийлашни буюриб турибди; ичишни хоҳламаганларни эса,бутун кўчани бошига кўтариб бўралаб сўкаяпти, айни чоғда машшоқларга ҳам, қаттиқроқ чалинглар, деб ўшқирмоқда эди. Орқасидан худди чигирткалардек гурра-гурра югуриб келаётган болаларга эса, бўйнига қизил лента билан осилган шоҳи рўмолдаги ҳар хил пряниклар, ёнғоқлардан сочқи сочиб, уларни ўйин тушишга ундарди.
Ивга бу томошани яхшироқ кўриб олиш учун яқинроқ бора бошлайди, чунки уларнинг қишлоғида ҳеч қачон бунақа мўъжизалар бўлмаган эди; буни шаҳар дейдилар, бу ерда аҳмоқлар ўзларини шунақа доно қилиб кўрсатадилар. Мана, болаларни хурсанд қилган бу одам: “Мусиқа! Олға марш!”– деб буйруқ берди. Мусиқа извоши қўзғалди, унинг орқасидан ҳамма ёшу қари эргашди. Извошлар бир чиройли уй ёнидан ўта бошлашди; уйнинг чиройли деразалари ярақлаб турарди. Тентак маишатпараст: “Тўхта!– деб қичқирди.– Ким бу уйнинг эгаси? Деразангни синдирсам қанча сўрайсан?”
– Қўйсанг-чи ҳазилингни, бир сўлкавой ҳам олмайман, йўлингдан қолма,– деди уй эгаси.
– Бекорларни айтибсан!–деди арақхўр ва бир уриб, дераза ойнасини чил-чил синдирди. Уй эгаси ,,дод” солиб бақира бошлади, тентак бўлса ўн сўлкавойли қоғоз пул чиқариб, унинг қўлига тутқазаркан, деди: “Билиб қўй, мен эркин одамман, ишрат қиляпман!”
У яна бир қанча ақл бовар қилмайдиган хурмача қилиқлар қилди. Қаршидан асал чой сотувчи одам келаётганди. Тентак туриб, унинг чой идишига қўлини чўзди; аҳволга тушунган сотувчи идишини унга берди. Мана, тентак чой идишини олиб, ундаги ҳамма чойни ерга тўкди-да, машшоқларга, чалинганлар, деб буюрди ва ўзи шу тўкилган асал чой устида “гопак”ка рақс тушиб, чойни ҳаммаёққа сачратди, асал чой эгасига беш сўлкавой бериб, шўхлик қилгани яна нари кетди.
Ивга оломонга қўшилиб бораркан, бу қанақа расм, деб сўради. “Бу йигит ёлланма аскар, дейишди унга. У янги аскарликка ёлланган, шунинг-чун бугун мириқиб ўйнаб қолмоқчи, кўнглига нима келса, шуни қилиб, одамларга пул тўлаб ётибди, негаки, ёллангани учун анча-мунча ҳақ олган. Эртага унинг пешонасини устарада қиришади, бугун кўнглига сиққанча ўйнаб қолмоқчи, ўтмишдан хотира бўлсин учун”.
Ёлланма аскар извошни тўхтатди ва одамларни арақ билан сийлашни буюрди. Болаларга ҳам ичиришди. Кейин уларни бир-бирлари билан муштлашишга ундаркан, бу жангни мириқиб томоша қилди... Ивга бу одамга тобора яқинроқ бораркан, унга тикилиб-тикилиб қаради... Кейин бирдан чинқириб юборди:
– Тимоха!.. Бу менинг акам-ку!.. Нима қилиб юрибсан бу ёқларда?
– Ие!.. Ким бўлди бу?.. Вой, тавба, Ивга-ку, синглим-ку! Қай гўрдан чиқдинг?.. Нима, пишириб қўйибдими сенга бу ерда?
– Ўзингни қай аҳволга солдинг?.. Тушуняпсанми нима қилаётганингни?
– Фақат шу бугун тушундим, бугун мен эркин қушман, эртага: бир: икки, чап, ўнг, бир, икки, чап, ўнг...– Шундай деб Тимоха кўчада гандираклаб-гандираклаб марш қилиб юра бошлади, халқ унинг устидин қотиб-қотиб кулди...
– Аскарликка ёлланибсан, шу тўғрими, Тимоха?– сўради Ивга акасининг юзига яқиндан тикилиб қараркан.
– Тўғри.
– Унда, отамни кимга қолдирдинг?.. Эсингни еганмисан, нима бало?
– Отамни... энди ўз ҳолига қолдирса ҳам бўлади: унинг пуллари... улардан ном-нишон қолмади, ҳаммаси қовоқхоналарга, қиз-жувонларга сарфланди.. Ахири едим Левкони... Энди эрким ўзимда!.. Отамнинг сандиғини қоқладим... ҳувиллаб қолди у... Сен, яхшиси, бизнинг мирзага эрга тег...
– Қанақасига единг Левкони?... Нималар деяпсан?
– Айтайми?.. Озгина... Лақиллатдим... уни чақдим... Гумдон қилиб бўпти Макуш ченкони! Тимоха абжир казак!
– Нима қилиб лақиллатдинг уни? Қани, гапир... – Бечора қиз! Бадмаст акасидан гап суриштирмоқчи бўлган эди, лекин унинг шериги, тағин синглиси акасини аскарликка ёлланишдан айнитиб қўймасин, унда шунча пулдан қуруқ қоламиз, деб ўйлаб, дарров пастга тушди-да, Тимохани извошга ўтқазиб, “Кетдик яйрагани!”– деб бақирди. Мусиқа Дербент маршини чалди, доира “така-тум”и янгради. Извошлар орқаларида чанг-тўзон кўтариб жўнаб қолди.
Оломон ҳар томонга тарқала бошлади, Ивга сувга тушган мушукдай шўппайиб туриб қолди... Ахир қандай бўлса ҳам жигари-ку...унинг кекса отасини ёлғиз қолдириб, аскарликка ёллангани Ивга учун жуда аянчли ва ўкинчли эди. “У нима деди ўзи, деб эслай бошлади Ивга, отамнинг сандиғини қоқладим, дедими?.. Назаримда, у ҳамма пулни ўғирлагану уйдан чиқиб кетган. Яна Левко ҳақида нимадир деди: Левкони лаққиллатдим, уни едим, деди, шекилли? Ҳамма гапни ўзидан сўраб билиб олсам яхши бўларди, лекин шериклари Тимохани гапиргани қўйишмади. Қандай қилсам, уни қайтариб отамнинг олдига юбораркинман? Шўрим қурсин! Агар у отамнинг пулларини ўғирлаган, яна ёллангани учун ёлловчидан бирталай пул олган бўлса, қандай тўлаймиз ахир шунча қарзни? Энди мен нима қилдим?.. Нима? Губернаторнинг олдига бораман, у менга маслаҳат беради; ахир ўзи айтди-ку, агар бирон нима керак бўлса, тўғри уйимга келавер, деб... Бориб унга дардимни айтаман...”
У югуриб-елиб уйдаги ишларини битирди-да, губернаторникига ҳеч нимадан ҳайиқмай, дадил кириб борди ва акаси Тимохани қўргани борми, унинг нима дегани борми – ҳаммасини губернаторга сўзлаб берди.
Губернатор дарҳол Тимохани қидириб топгани жандармларни жўнатди, Ивгага эса шу ерга кутиб ўтиришни буюрди.
Икки соатлардан кейин ғирт мастлигидан ўзининг кимлигини ҳам унутиб қўйган худонинг бандаси Тимохани олиб келишди. Губернатор Ивгани парда орқасига қўйиб деди: “Ўзинг эшит унинг нима дейишини, айтдим, ҳозир уни бу ерга олиб киришади”.
Тимоха қанчалик маст бўлмасин, кимнинг олдида турганини тушунди. У ўзини ҳушёр кўрсатишга, ҳақиқий аскардек қаддини тик тутишга уринди; лекин қаддини ростлаб, бошини адл кўтаришга қанча ҳаракат қилмасин, шу заҳоти боши айланиб, шилқ этиб хам бўларди.
Губернатор унга дағдаға қилди: “Нега бунчалик мастсан?”
– Бир ялло қилиб қолай дедим, олий... жаноби олийлари... Эртага кеч бўлади, эртага, соч... сочингни қирамиз, дейишди.– Тимоха шундай дадил жавоб бераркан, яна ер депсиниб ҳам қўйди. Ахир маълум-ку, дунёни сув босса, мастнинг тўпиғига чиқмайди.
– Қанчага ёлландинг?
Тимоха ўйлаб-ўйлаб, пишиллаб-пишиллаб, эслашга уриниб кўрди, гандираклаб-гандираклаб, юмилиб бораётган кўзини зўр-базўр очди, ниҳоят, қийнала-қийнала деди: У-уч ю-у-узга... ян-на э-эллик сў-ўммга.
– Қанча олдинг?
– Ҳали фақат яррмини, пан... аъло... жаноби... билмайман,
– Ҳаммасини ичиб тугатдингми ё ҳали қолгани борми?
– Ҳаммасини... қурритдим, жа... жаноби...олийлари! Тимоха аззамат йигит. Хўжайин бошқа бермади; ҳали йўлда кер-рак бўлади, дейди. Отахон, айтинг, берсин. Ўл-лай агар, ўша қолган икки юз сўмниям эртага қур-ритаман... қуртдай қилиб. Аскарликда менга пул керак бўлмайди: маош бер-ришади, теккинга боқишади.
– Нега отангни ёлғиз ташлаб кетдинг?
– Мен ташлаб кетмадим, мени ташлашди. Отамнинг пули қолмади, отагинам, ҳаммаси қуритилди.
– Ким қуритди, сенми ё Левкоми?
– Йў... йў...йў.... Левко авлиё одам! Мен, отахон, жан... ноби...шуннақа; мен ўмардим отамнинг ҳамма пулини...
– Левко-чи? У қачон ўғирлаган эди?
– Йў...йў... Мен кирдим отамнинг хонасига, эшик қулфмас экан... Қарасам, сандиқ... сандиқда... О, билардим, пул кўп эди!... Мен... ҳеч ким йўқ эди.... Қулфни бузиб, олдим... Кўп пул олдим!.. Кейин отамни сандиқ тепасига бошлаб келдим... қарасак, Левко ҳам қўлида пул ушлаб турибди... Олса олибди-да.. пулимиз кўп... камайиб қолмасди, отамга Левкони чақмасамам бўларди... агар қишлоғимиз мирзаси мени йўлдан урмаганида Левкони илинтирамиз, деди у, Ивгага мени куёв қиласан... Шундан кейин Левкони Сибирга гум қилдик...
– Губернатор маст Тимоханинг ҳамма айтганларини ёзиб қўйишни буюрди. То Левкони олиб келгунларича, Тимохани ҳибсда сақлашни буюрди: аскарликка ёлловчи хўжайиндан қолган икки юз сўмни ҳам ундиришди; губернатор Ивгани уйига жўнатаркан деди: “Агар ҳаммаси аканг айтгандай бўлиб чиқса, худога шукр қил, кўнглингни бузма; балки Левконгнинг айби унчалик оғир эмасдир”.
Ивга губернаторга қайта-қайта миннатдорчилик билдириб, бекасининг уйига кетди.
Шундан кейин бир-икки кун ўтгач, Ивга Левконинг келган-келмаганини билиш учун палатага борди. Акасининг қаерга қамалганини у ҳали билмасди; бир пайт жандарм от чоптириб келиб, унинг тезроқ губернаторникига бориши кераклигини айтди.
Ивганинг юраги бир орзиқиб тушди... Отланиб, тайинланган ерга борди.
Губернатор уни кўриши билан шундай деди: “Мана, олиб келишибди ниҳоят Левконгни, мен уни сўроқ қиламан, сен мана бу ерда туриб (у қизни яна парда орқасига олиб ўтди), унинг ўзини оқлаб айтадиган гапларини эшит, кўрамиз, қандай важ топаркин!”
Ивга парда орқасида туриб, Левкони олиб келишларини кичик бир тешикдан кузата бошлади... Ё биби Марям, ўзинг паноҳингга ол! Кўзи Левкога тушганида чинқириб юборишига сал қолди!.. Эй худо, бу Левкоми ё бошқами? Таниш қийин. Чўпдай озғин, ранги докадай оқарган, соқоли патак бўлиб ўсиб кетган, бошининг ярим палласи устарада қирилган, эгнида... кўйлак деб атаб бўлмайдиган увада! Қўллари кишанда!.. Шўрлик қиз! Юм-юм йиғлари! Осон эмас эди унга суюкли маҳбубини бундай аҳволда кўриш!.. Қанийди иложи бўлса, шу аснода у отилиб чиқиб, биринчи навбатда, Левконинг ойлаб ювилмаган, чанг, исқирт юз-кўзидан айниқса, кишан яғир қилган билакларидан ўпаверарди, ўпаверарди... Мана, губернатор уни сўроқ қилишга киришиб: “Сен, бола, худди худога сиғинаётгандай, бор ҳақиқатни гапир менга, деди.– Агар фақат рост гапирсанг унда, башарти, бирон-бир айбинг бўлса ҳам, жазоингни юмшатаман”.
Левко олдин чўқиниб олди; сўнг ўз қилмишлари ҳақида сўзлай кетди, Ивга унинг айтганини нафасини ичига ютиб эшитди.
Мана, Левко Ивгани қандай севгани борми, қизнинг отаси уни ўлгудай ёмон кўргани борми, Тимоханинг айшу ишратда ўғрилик қилиб кун кечиргани ва унга, Левкога кун бермагани, устидан туҳмат қилиб, отасига ёмон кўрсатгани борми – ҳамма-ҳаммасини гапиргач, бундай деди: “Ота билан ўғилнинг зуғумларига ортиқ тоқат қилолмаганимиздан кейин, Ивга билан икковимиз никоҳ ўқитишимиз ҳақида маслаҳатлашмоқчи бўлдик. Мен ўзим жамғарган арзимаган эллик сўм пулни қарзга бериб, ундан ҳам қуруқ қолдим – қарз олган одам қорасини кўрсатмай кетди. Менга қаттиқ алам қилган бўлса ҳам, Ивгага оғиз очмадим бу ҳақда; биз никоҳдан ўтиш тўғрисида отамизнинг хуфия хонасида маслаҳатлашиб олмоқчи бўлдик, Ивга менга хонанинг калитини бериб, ўзи қўшниникига иш билан чиқиб кетди. Мен хонага кириб хаёл суриб ўтирдим. Бир маҳал қулоғимга даҳлиздан Тимоханинг шанғиллаган овози келди, у мен ўтирган хона томон келаётган эди... Нима қилишим керак эди? Бу ерда бир ўзим ўтирганимни кўрса, жанжал кўтариб мен билан муштлашишига баҳона топилади... Қочиб чиқиб кетишга кечиккан эдим: у даҳлизда, эшикдан чиқаётганимни кўрса, нега отамнинг хонасига кирдинг, калитни қаёқдан олдинг, деб ёпишиб олиши аниқ... Ноилож, стол тагига биқиниб олдим. Тимоха кирди, биров йўқмикин деб у ёқ-бу ёққа қаради, деразадан мўралади. Ҳеч зоғ кўринмасди... Шунда у бурчакда турган болтани олди-да, “қарс” этиб уриб сандиқнинг қулфини бузди; сандиқни очиб, бир нималарни кавлади, кейин пул тўлдирилган бир қопчиқни тортиб олди! Уни бутунича олиб кетмоқчи бўлдию, кейин ўйлаб туриб, оғзини еча бошлади... У қопчиқдан сиқимлаб пул олиб чўнтагига сола бошлади. У шошарди, шунинг-чун анча-мунча пул ерга сочилди. Шу пайт яқин ўртадан қария Макуханинг овози эшитилди, Тимоха қўрқиб кетди, албатта, шошганидан қопчиқни оғзи очиқлигича, пулларни ерга сочилганича, сандиқни қопқоғи очиқлигича қолдириб, югуриб чиқиб кетди. У кетиши билан мен худди қайноқ сувда куйган одамдай стол тагидан отилиб чиқдим... Худди безгак тутгандай дағ-дағ қалтирардим! Эй раҳмдил эгам! Нима қилишим керак эди энди? Бошим қотган, гаранг эдим. Агар ҳаммасини очиқ-сочиқ ҳолда қолдириб хонадан чиқсам, мени кўриб қолишлари, ҳамма айбни менинг бўйнимга қўйишлари турган гап... Ҳозир чолнинг олдига бориб бор ҳақиқатни айтаман-да, уни бу ерга бошлаб келаман, деб ўйладим; Тимоха бўйнига олмайди, чол гапимга ишонмайди – мен айбдор бўлиб қоламан. Яхшиси, ҳаммасини йиғиштираман-да, хонадан чиқиб эшикни қулфлайман. Кейин Ивгага айтиб, қандай қилиб буни отасига хабар қилишни ўйлаб кўрамиз. Мен шундай хаёлга бориб, қўрқа-писа сандиқ тепасига борим ва ундаги сочилиб ётган сўлкавойларни ҳам, ерга тўкилган пулларни ҳам йиғиштириб қопчиққа солганимни биламан, ота-бола кириб келишди! Бутун уйни бошларига кўтариб бақира бошлашди! “Ўғри, Левко ўғри!” Мен худди мурдадай донг қотган эдим! Шундан кейин нималар бўлди, улар мени нима қилишди, ҳеч нимани эслолмайман!”
– Вой, Левко, худодан қўрқмадингми? – деб бақириб юборди Ивга парда орқасидан югуриб чиқаркан.– Нега ахир буларни менга айтмадинг? Ўғрилик қилмаганингни билганимда бунчалик азоб чекмаган бўлардим!..– Қиз шундай деб йигитнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. У худди телба бўлиб қолгандай ҳам йиғлар, ҳам ўпар, ҳам хохолаб куларди!..
– Ие, қаёқдан келиб қолдинг? О, менинг асалим, о, менинг балиқчам!– Левко ўзининг қаерда ва кимнинг олдида турганлигини унутиб, нуқул маҳбубасини эркаларди. Ивгани ҳеч хаёлига келмаган ерда учратганидан унинг кўнгли тоғдай кўтарилган эди...
Губернатор – раҳмат сенга! Губернатор йигит билан қизнинг бир-бирини навозиш билан эркалашларини кўриб, кўзига ёш қалқди ва тескари ўгирилиб, рўмолчаси билан кўзларини артди.
Биринчи бўлиб Ивга эс-ҳушини йиғиб олди ва губернаторга юзланиб деди:
– Жаноби олийлари (Ивга шаҳарда яшаб мансабдорларни қандай улуғлашни билиб олган эди), кўз олдингизда ўпишишга журъат этганимиз учун бизни ғазабга олманг... Худо ҳаққи! Мен шунақаям хурсандман, шунақаям хурсандманки... Левкони кўрганимнинг ўзи катта бахт; яна бир хурсанд бўлганим – у ўғри эмас экан, шунинг учунам сиз борлигингизни унутиб, нима қилаётганимни билмай қолдим.
– Парво қилма, ҳечқиси йўқ, азизам!– дерди губернатор кўз ёшларини артаркан.– Ўзим ҳам мамнунман бу йигитда айб йўқлигидан ва ҳақиқат ошкор бўлганидан. Лекин шу айтган гапларингнинг ҳаммаси ростимкин?
– Худо ҳаққи, рост, худо ҳаққи, рост!– деб Ивга Левкони ҳимоя қилишга тушди.– Ҳаммаси Левко айтгандай бўлган, у ҳеч ҳам ёлғон гапирмайди.
– Рост, тақсир... афандим... жаноб пан...– деди Левко губернаторни нима деб улуғлашни билолмай, нуқул икки букилиб таъзим қиларкан.– Сиздай улуғ зотга мен ёлғон гапирармидим? Ахир подшо ҳазратлари сизга биздек хўрланганларни ҳимоя қилмоқни буюрган-ку; қандай ёлғон гапирай сизга? Рост, фақат рост гапни айтдим!
– Яхши,– деди губернатор,– унда нима учун исправникка, пул олганман, деб айтдинг, судда ҳам шунақа деганмидинг?
– Ҳаммаси бўҳтон, ёлғон, чалкаш гаплар, пан олий... губернатор жаноблари, ҳаммаси ёлғон!– дерди Левко жон-жаҳд билан.– Мен исправникниям, суд қилувчиларни ҳам ҳеч кўрмаганман, уларнинг афт-башараси қанақалигиниям билмайман, ҳеч кўрмаганман, суд маҳкамасигаям қадам босмаганман. Боя айтдим: қандай қилиб бўлисимизнинг “совуқхона”сига тушиб қолганимни билмайман, эслолмайман; у ерда очликдан сирилиб ўлаёздим. Мендан ҳеч ким ҳеч нима сўрамади, ўзим ҳам ҳеч кимни кўрмадим; мени совуқхонадан қўлимни боғлаб олиб чиқишди-да, шаҳарга, тўғри қамоқхонага олиб бориб тиқишди. У ердан ҳеч қаёққа чиқаришмади, судга ҳам олиб боришмади. Мени шаҳарга мирза кузатиб келган эди, у ҳамма гапдан хабардор. Ўша айтсин нима бўлганини...
– О, у айтади!– деб унинг гапини бўлди Ивга.– У йўқ ердаги гапларни тўқиб солади. Биласизми, жаноби олийлари, ўша мирза Левкони тириклайин ямламай ютмоқчи бўлиб юрибди, нимага десангиз, у менинг Левкогамас, унга эрга тегишимни хоҳлайди. Лекин овора бўлади. Менимас, шимилдириқни олади. Ҳа!
– Яхши, йигитча!–деди губернатор.– Сен судда ҳам исправникнинг, судьяларнинг юзига тик қараб туриб, менга сўзлаб берган ҳамма гапингни айтасанми?
– Айтаман, шартта юзларига айтаман, пан жаноб... нима дейиш керак, Ивга?
– Жаноби олийлари, деб айт.
– Ҳа, ҳа, жаноб... Ивга айтгандай, қўрқмай, ҳаммасини айтаман, нимагаки, мен ҳақман!
– Хўп, бўлмаса,– деди губернатор,– борақолинглар. Сен, яхши қиз, яшаб турган жойингга бор, йигитни эса, қўлини ечинглар-да, эртагача полиция маҳкамасида сақланглар. Эртага сени палатада сўроқ қилишади, агар гапларинг рост чиқса, сен, яхши қиз, ўша ерда, палатада уни кафилликка олиб кетаверасан.
Ивга, унинг кетидан Левко губернаторнинг оёғига йиқилишди ва дув-дув кўз ёш тўкиб, қайта-қайта миннатдорчилик билдира бошлашди, бизга қайта жон ато этди, деб худога шукроналар айта бошлашди.
Ивга Левконинг қўлидаги кишанни ҳеч кимга ечтирмади, ўзи қулфини очиб, кишанни ечди; кейин Левкони полиция маҳкамасигача кузатиб борди ва унинг ёнида бўлиб туриш учун рухсат ҳам олди. Бутун тун, то тонг отгунча, Левко билан Ивга одамлардан чеккан азобу уқубатлар ҳақида бир-бирларига сўзлаб чиқдилар; Левко ҳимоя қиладиган ва маслаҳат берадиган ҳеч кими бўлмаганидан зорланса, Ивга кимларнинг зуғумидан изтироб чекканини сўзлади.
Эрталаб Левкони палатага олиб боришди, Ивга ҳам у билан бирга борди, қараса, Тимоха ҳам ўша ерда соқчи назоратида ўтирибди; солдатлар уни милтиқ ўқталиб қўриқлаб туришибди. Левко кеча губернаторга сўзлаб берганидай, бу ерда, палатадаги сўроқ пайтида ҳам ҳамма бўлган воқеаларни аслида қандай бўлган бўлса шундай ҳикоя қилиб берди. Лекин Тимоха (энди ҳушёр тортган эди) яна “ёлғон тўқишга” киришган эди, дарҳол Ивгани чақириб киришди, у шу заҳоти акасининг оғзига уриб тўхтатди ва уни шундай ер билан яксон қилдики, оқибатда, у кеча губернаторга гапирганидек, ҳамма айбни бўйнига олди. Уни янада кўпроқ сўроқ қила бошлашди, ана шунда у бутун қинғир қилмишларини мирза билан улфат бўлиб олиб, синглисини унга эрга бермоқчи бўлгани борми, Левкони биргаликда гум қилмоқчи бўлганлари борми – ҳаммасини очиқ гапириб берди. Мирза Тимоханинг ўз отаси сандиғидан ўғирлаган пули эвазига, Левко ҳақида бир дунё бўхтон сўзларни ёзиб ташлаганди; суд қилувчилар Левкони кўрмаган бўлсалар ҳам унинг устидан очилган ишга ўйлаб ўтирмай имзо чекишганди. Чунки бу одамлар ўз вазифаларини фақат имзо чекишдан иборат деб билардилар, котибларнинг вазифаси эса, ҳукмномага ўзлари хоҳлаган гапларини ёзиб, судьяга қўл қўйдиришдан иборат эди. Бундан фойдаланган Тимоха бегуноҳ одам – Левко устидан ғийбатлар ёғдирганди!.. Тимоханинг ҳамма айтганларини ёзиб олишди ва ўзини қамоқхонага жўнатишди, Левкони эса озод қилиб, қўйиб юборишди.
Ивга Левко билан бирга беканикига етиб келиб, эндигина қандай қилиб уйларига етиб олиш, хўжаликни қандай тартибга солиш ҳақида маслаҳатлашмоқчи бўлиб турган ҳам эдиларки, жандарм келиб, Ивгани губернатор чақираётганини айтди. Қиз ҳеч нарсадан хавотирланмай, йўлга тушди ва тўғри губернаторнинг уйига кириб борди. “О, сен чиндан ҳам бало қиз экансан,– деди унга губернатор,– югуриб-елиб, ахири қайлиғингни Сибирдан олиб қолдинг. Мана бу икки юз сўм пул сенга, буни акангни аскарликка ёллаган одамдан олдик. Акангнинг энди солдат бўлишдан бошқа иложи қолмади; у отангнинг пулларини ўғирлаб қуритибди, сен бу пулни ол, никоҳ тўйинг-га ишлатасан”,
Ивга губернаторга таъзим қилди ва ёлбориб деди:
– Йўқ, жаноби олийлари, бу пулни ололмайман. Қандай қилиб мен акамнинг пулини олай? У ўзини шу пулга сотган, нима, энди мен тўйимни унинг пулига ўтказайми? Бу инсофдан эмас. Бу пулни акамнинг ўзи олсин, муҳтожликка тушганида асқотиб қолади.
– Бўлмаса, қандай тўй қиласизлар, кейин қандай кун кечирасанлар?– сўради губернатор.
– Бизнинг тўй етимлар тўйи бўлади,– деди Ивга,– ҳеч қандай сарпо-суруқсиз, совға-саломсиз, тўяналарсиз... Коровай*** ўрнига оддий нон улашамиз. Қандай кун кечиришимизга келсак, муҳтожликка чидаб, ишлаймиз, ҳаракат қиламиз, рўзғорни тиклаймиз, у ёғига бизни худонинг ўзи қўллаб юборар, жаноби олийлари.
Левко ҳам губернаторга таъзим қиларкан, Ивганинг гапини илиб кетди:
– Ҳа, тер тўкиб ишлаймиз, пул топамиз, пан жаноб... сизни улуғлагандай.
– Баски, шундай қарорга келган экансизлар, унда гап бундай!– деди губернатор ва бугун уйига тўпланган меҳмонлар олдига кириб кетиб, салдан кейин қайтиб чиқди-да, Ивгага деди: “Мана бу уч юз йигирма сўмни сенга меҳмонларим беришди. Ол, тўйингга ишлатасан”.
– Йўқ, мен буни ололмайман, жаноби олийлари! Олмайман ҳам, хоҳламайман ҳам,– деди Ивга таъзим қилиб ва губернаторнинг пул узатган қўлини қайтариб.
– Нима учун олмайсан?
– Олмайман дедимми, олмайман. Ахир қандай олай? Қишлоғимизда мени губернияда бўлганимни ҳамма билади; ахир бир одам бир йил ишлаб ҳам топа олмайдиган шунча пул билан қайтсам, нима деб ўйлашади, бу чувринди қиз шунча пулни қаёқдан олибди, дейиш-майдими? Мен тўғримда шунақанги ғийбатлар, уйдирмалар тарқаладики, худони шоҳид қилиб, юз минг марта чўқинсанг ҳам ишонтиролмайсан уларни; одамларимизнинг табиати шунақа.
– Олавер, тентак қиз; ахир эрга тегаяпсан. Сенга нима, гапиришса гапираверишсин!
– Сиз мени тентак дейсизми, бошқа дейсизми, деяверинг, барибир, олмайман, ҳатто бир қоп пул берганингизда ҳам олмасдим, худо ҳаққи. Менинг номус-орим ҳамма нарсадан азизроқ. Нима, эрга тегаман деб, пок номимдан воз кечайми? Менинг гард юқмаган номим ўзимгаям, эримга ҳам керак. Агар болалар бармоқлари билан мени кўрсатиб пичирлашса, қишлоқнинг каттаю кичик фуқароси, шаҳарда озгина вақт бўлиб шунча пулни қандоқ топибдийкин, деб ғийбат қилишса, ҳолим нима кечади? Шунча пулни бир-икки ҳафта ичида ишлаб топиб бўлмайди, ҳеч ким бунча пулни қарзга ҳам бермайди; демак, панлар берган, нимага бергани маълум. Раҳмат, керакмас менга бундай шуҳрат! Ахир одамлар кўзига қаролмай қоламан-ку, бунақада!
– Оббо, қизи тушмагур-е! Балосан, бало!– деди губернатор.– Гапинг тўғри, сен тўғри мулоҳаза қилдинг. Одамлар ҳамма жойда: шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам бир хил; бизнинг жамоамизда ҳам, сенларнинг ораларингда ҳам; бўлмаса, пулни қайлиғингга берсам майлими?
– Хоҳласа олсин, хоҳламаса йўқ. Ҳали унинг хотини эмасман, буйруқ беролмайман.
– Демак, Левкога бераман, – деди губернатор.– Бу пулни у беайб қамоқда ўтириб чиққани учун олади. Энди сен уйингга кетавер, йигитинг бу ерда қолади ва маъмур билан биргаликда бориб, уни сўроқ қилмай қамоқхонага тиққан судьяларнинг айбини юзларига айтиб фош қилади, Яхши бор, “бало” қиз!
– Яхши қолинг, жаноби олийлари! – деди Ивга.– Менинг никоҳдан ўтишимга оқ фотиҳа беринг: сиз менинг ҳам отамсиз, ҳам валинеъматимсиз! Сизнинг мурувватингизсиз Левко жувонгмарг бўларди, мен хазон бўлардим! – Шундай деб Ивга, никоҳ удумига кўра, уч марта губернаторнинг оёғига, бош уриб таъзим қилди, унинг қўлидан ўпди ва хайрлашиб кетаркан деди: – Ҳамиша соғ-саломат бўлинг! Бизга кўрсатган ҳимматингиз, сизга худодан қайтсин! Илоё, сиз ҳам, фарзандларингиз ҳам биз учраган қуруқ туҳматларга учраманглар, ҳеч қачон худо сизларни судьяларга рўпара қилмасин...– Шу гапдан кейин Ивга Левко билан бирга чиқиб кетди.
Ивга энди нима қилиш лозимлиги ҳақида Левко билан маслаҳатлашди ва унинг пулидан бир қисмини олиб, уй бекасига ижара ҳақини, олмайман, деса ҳам берди-да, арава ёллаб, ўз қишлоғига жўнаб кетди.
Келса, отаси бошига тушган ғам-ташвишдан ўлар ҳолга келибди: ахир қизи уни ташлаб, ўғли пулларини ўғирлаб дом-дараксиз кетишган эди-да. Ивга ўзининг қаерларда, нима мақсадда бўлганини, нима ишлар қилганини, арзанда ўғил Тимоха Левкони қандай хароб қилишга чоғланганини, кейин ўзи губернияда не-не машаққатларни бошидан кечириб, ахири Левконинг бегуноҳлигини исботлаганини, Тимоха эса, отасининг сандиғидан ўғирланган пулларни ичиб тугатгач, аскарликка ёлланганини– ҳамма-ҳаммасини сўзлаб берди.
– Баттар бўлсин!– деди ота.– Ўзим ҳам уни қайтиб келган заҳоти аскарликка бериб юбормоқчи бўлувдим. Зорини худога айтсин!
Ивга, Левко билан қандай қарорга келганини, ҳозир унинг нима мақсадда губернияда қолганини ҳам айтиб берди.
– Сиз, дада,– деди Ивга отасига,– Левко ҳақида ҳеч кимга ҳеч нима деманг, гўё сиз унинг дарагини эшитмагансиз.
– Яхши, қизим,– деди ота.– Хоҳлаган ишингларни қилинглар, ишқилиб мен ёнингларда бўлсам, ўлганимда қаровсиз қолмасам бўлгани.
Қаранг, шу куни кечқурун кекса Макуханинг уйига пан мирза бир тўда совчиларни бошлаб кириб келса бўладими, Ивгани ўзига унаштиргани. Мирза, биринчи навбатда, шундай гап бошлади: “Энди Левко адойи тамом бўлди. Уни тутиб, тўппа-тўғри губернияга ҳайдаб кетишди; у ерда жаллод уни қамчи билан савалабди, кейин уни сургун қилишибди, бу ҳақда бизга, мана, ҳужжат ҳам келди”,– шундай деб у аллақандай қоғозни, бу фармон, деб очиб кўрсатди. Кейин яна гапира бошлади: “Бинобарин, энди Ивга, Левко бўлмаганидан ке-йин, мендан бошқа кимга ҳам тегарди. Шунинг учун, мана, совчилар билан келдим. Якшанба куни тўйни бошлаб юбораверамиз энди...”
– Вой, ордона, нотавон кўнгилга қўтир жомашов!– дед чинқирди Ивга ичкаридан ва катта хонага отилиб чиқиб, мирзага бақириб берди: – Йўқол, касофат, қорангни ўчир уйимиздан! Мен сендақа аблаҳга нафақат бир оғиз илмиқ сўзимни, сасиган қовоқни ҳам лойиқ кўрмайман. Дунёдан сўққабош бўлиб ўтасан. Одамларнинг қонини роса сўрдинг сен, яшшамагур! Сизларга бўлса, яхшилар, ҳо совчи бўлинг, ҳо бошқа, айтадиган гапим битта: бу ерда таомилимиздаги гапларни айтманг-у, яхшиликча, уйимиздан чиқиб кетинг; агар чиқишга шошмасангиз, ҳозироқ шамни ўчираман****, ана унда қоронғида худди ўғрилардай урилиб-қоқилиб зўрға йўл топасиз.
Нима қилсин совчилар? Қалпоқларини кийишди, таёқларини қўлга олишди. Пан мирза билан бирга уйдан отилиб чиқишди... икки қўлларини бурунларига тиқиб! Кейин ура қочишди оёқларини қўлга олиб!
Эрталаб мирза сардор олдига бориб, тулкидек айёрлик қила бошлади. Кеча Макуханинг қизи Ивгадан ўзининг қандай қаттиқ танбеҳ еганини айтмай, гапни бошқа ёққа бурди: “Пан сардор! Трофим Макуха қариб қолди, асранди ўғли сургун қилинди, ўғли аллақаёқларда қочиб юрибди; ҳозир одамлар ўлпон тўлай бошлашди. Нима дейсиз, шу мункиллаб қолган, ҳеч кими йўқ чолни бир йилга ўлпон тўлашдан озод қилсак, савоб бўлмасмикин?
– Нима, мени лақиллатмоқчимисан?– деб бақирди унга сардор.– Биласан-ку, мен ноҳақликни ёқтирмайман! Мен сенларга аввалги сардор Евдоким эмасман, сенлар уни истаган кўйга солдиларинг, қўғирчоқ қилиб ўйнатдиларинг! Мен ҳамма ишни ўзим ҳал қилмоқчиман, сен бадбахт мирзанинг гапига кирибмас. Ҳозир одамларни ол-да, қария Макуханикига бориб, ундан ҳамма ўлпонларни тўла-тўкис тўлашни талаб қил. Борди-ю, пулим йўқ деса, уйидаги ҳамма мол-давлатини тортиб олиб сот, хонавайрон қил! Ўзини совуқхонага олиб бориб қама, эски удумимиз бўйича, устидан сув қуй, бўкиб ётаверсин...
– Қизини уйда қолдирайми, рўзғорга қараб тургани?– сўради сардорнинг феълини яхши билган мирза айёрлик қилиб.
– Кўрсатаман сенга уйда қолдиришни!– деб ўдағайлади сардор.– Мен сенларга Евдоким эмасман, ўз билганларингча иш қилишларингга йўл қўймайман. Айтганимни қил: уни ушлаб, судраб кел, юбкасини, маржонларини пулла. Агар оёқ тираб туриб олса, сочини кесиб олиб сот. Мен унинг эсини киритиб қўяман, иккинчи марта мирзаларга хушомад қилмайдиган бўлади. Билиб қўйсин кимлигимни! Мен сардорман, ҳеч ким менга “ғинг” деёлмайди.
Мирзага айнан шундай буйруқ керак эди! У зумда гувоҳлар, баҳоловчилар, қўриқчиларни йиғди! Улар Макуханикига худди қора булутдай бостириб боришди ва шу заҳоти сандиқларни бузиб очиб, ҳамма топилган молларни сотмоқчи бўлишди... Лекин Ивга шу заҳоти мирза ўлпон учун талаб қилган пулларни бекаму кўст қўлига тутқазди. Ўлпонлар сон мингта эди: йўл ўлпони, кўприклар ўлпони, қоровуллар учун, совуқхонада ёқиладиган (аслида ҳеч қачон ёқилмаган) шамлар учун ўлпон... Ивга мирзага у айтган ҳамма ўлпонларни тўлади, шунда мирзанинг энсасини қашиб, одамлари билан чиқиб кетишдан ўзга иложи қолмади.
Мирзанинг адабини берган Ивга энди ҳеч нимадан қўрқмасди. Бу пайт Левко билан келишилган вақт ҳам яқинлашиб қолган эди. Ивга шоша-пиша уйни тартибга келтира бошлади: деворларни оқлади, столлар ва ўтирғичларни қиртишлаб ювди, товуқ ва ўрдаклар сотиб олди (ўзларида борини Тимоха қуритган эди), уларни сўйиб, патларини юлди, тозалаб пиширди, ҳамир қориб угра кесди, нон ёпди... Иш қизигандан қизиди! Жума куни ясаниб олиб, таниш-билиш эркагу аёлларни, тўйга бирга бўлишга, кимларнидир совчилик қилишга, кимларнидир тўйни бошқаришга, бўйдоқ йигитларни куёв жўраликка таклиф қилди; яна қуда-андаларни, янгалик қилувчиларни, хуллас, қишлоқнинг барча ҳурматли ва мўътабар кишиларини тўйга айтди.
“Кимга турмушга чиқаяпсан”, деб сўраганларнинг ҳаммасига у “Левкога” деб жавоб қилаверди.
“Вой тавба, бу қаёқдаю, куёв қаёқда! Ахир уни сургун қилишган-у!” дейишарди мирзанинг гапини эшитган одамлар.
– Нима бўлса бўлди,– дерди Ивга,– лекин сиз, амакижон, сиз, холажон, яхшилаб ўтказиб беринг мен етимчанинг тўйини.
Одамлар бўлса, елкаларини учиришиб, мийиғларида кулишаркан: “Бу Ивга тушмагурнинг эси оғиб қолмадикин мабодо?– деб ўйлашарди.– Эрга тегмоқчи-ю, қайлиғи бир тупканинг тагида сургунда. Майли, кўрайлик-чи, қанча асал чиқаркин бу пиводан!”
Шанба куни Ивга коровой ёпувчи нонвой хотинларни хамир қоргани йиғди: нонвой хотинлар ёқимли қўшиқлар айтиб, хамир қора бошладилар; бўғирсоқсимон кулчалар ясашганда ҳам қўшиқ айтиб туришди ва қадимги удумга амал қилишиб, хамирни қўйниларига яширишди; скрипкачилар мусиқа чалишди, уларни ўқтин-ўқтин арақ билан сийлаб туришди; қария Макуха тартибни кузатиб турди, лекин Левко ҳақида сўраганларга “чурқ” этиб ҳам жавоб қилмади. Мана, хамир ҳам тайёр бўлди, нонвой хотинлар тўйбошидан оқ фотиҳа сўрашди ва коровойни ясаб, тагига сули донини сепишди, ярим танга пул ҳам қўйишди, устига хамирдан ясалган хоч ётқизишди, яна бир-бири билан ўпишиб турган ўрдакчаларниям чиройли қилиб ясаб қўйишди. Мана, печ қизиб тайёр бўлди, коровайни авайлаб узун дас-тали куракка қўйишди, шунда тўйбоши фотиҳани бошлади:
– Ё парвардигор ўғли бўлмиш Исо Масиҳ, ўзинг ёрлақа!
– Омин!– деб қичқирди совчиликка тайинланган икки киши.
– Омин учун раҳмат, пан оқсоқоллар.
– Биз дуони эшитишдан хурсандмиз.
–Ушбу ҳалол ва мўътабар нонни печга қўйиш учун оқ фотиҳа беринглар.
– Худо марҳаматига олсин!
– Иккинчи марта.
– Худо марҳаматига олсин!
– Учинчи марта.
– Уч карра бир йўла, худо марҳаматига олсин!
Шундан кейин аёллар ўзлари бажарган амалга монанд ёқимли қўшиқ айтишди, тўйбоши эса, куракка қўйилган коровойни печга тиқди; печ оғзини шу заҳоти қопқоқ билан ёпиб қўйдилар; зарурат туғилгудек бўлса афсун ўқий оладиган иккита жувон ҳеч ким печга яқин йўламасин, печ ичига тикилиб қарамасин (ёмон кўздан асраш мақсадида), деб печ ёнида ўтириб олди; агар шундай ҳолатни пайқаб қолишса, улар дарҳол пичирлаб афсун ўқишлари ва чап елкалари оша тупиришлари керак эди.
Кейин тўйбоши коровайдан қолган хамирни олиб, унинг устига тўртта шам ўрнатди-да, уларни ёқди, хамирни тоғора билан ёпди, ўз ёрдамчиси ва яна иккита йигит билан хамирни кўтариб олиб қўшиқ айтганча хона ичида айланиб юра бошладилар:
“Печка аққа-баққа югурар,
Тоғорада хамир қорилар,
Печка жоним, сендан айланай,
Ёпиб берган бизга коровай!”
Қўшиқ тугагач, хамирни уч маротаба шифтга урдилар ва уч марта жуфт-жуфт бўлиб ўпишиб, яна қўшиқ айтиб, уйдагиларни арақ билан сийлай бошладилар. Мусиқа коровай нон печга қўйилгандан бошлаб, тинмай жон-жаҳд билан Дербент маршини чалиб турди. Одамларни айтинг! Ҳовли тўла одам, улар деразалардан мўралашиб томоша қилиб туришибди...
Гарчи ҳамма меҳмонлар тартиб сақлаётган ва узатилган арақдан бош товламаётган бўлса ҳам, барибир, ўзи бу қиз кимга тегмоқчи, мунча куйиб-пишиб тўй тадоригини кўрмаса, ахир куёв йўқ-ку, балки у аллақачон Сибирга ҳам етиб олгандир, деб истеҳзо қилишни қўймасдилар. Ҳатто Ивга билан кўчама-кўча юриб, куёв бола Левко ҳақида қўшиқ айтаётган яқин дугоналари ҳам ўзаро ҳиринглаб кулиб қўярдилар. Қизлар тўдасига рўпара келган баъзи одамлар ҳаммадан орқада кетаётган қиздан: “Нима, куёв келдими?” деб сўрар, қизлар эса: “Ҳа, йўқ, худо билади қачон келишини...”, дер ва хандон ташлаб кулиб, дугоналари орқасидан югурдилар.
Мана, сочларини ёйиб (онаси йўқ етимча бўлгани учун), бошига ленталар, гулчамбарлар, бўйнига қаҳрабо маржонлар, хочлар, тилла тангаларни тақиб, дугоналари олдида худди маликалардай савлат тўкиб келаётган Ивгани пан мирза кўрди!.. Кўрдию... юраги така-пука бўла бошлади.. Шу заҳоти у Ивганинг кайфиятини бузишга чоғланди – зора шунда бу қиз менга тегишга рози бўлса деб! У сардорнинг олдига югуриб борди, унинг жиғига қандай тегишни биларди муттаҳам. Сардор унинг гапини эшитар-эшитмас бўкириб берди: “Сен Макухани ҳимоя қилма! Биламан, Левко қочган, улар уни яшириб қўйишган. Бор, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қил. Агар Левко топилмаса, чолниям қизиним ҳибсга олиб, совуқхонага қама. Мен сенларга Евдоким эмасман, мени қўғирчоқ қилиб ўйнатишларига йўл қўймайман, ўзларингча иш кўришларингга ҳам рухсат бермайман, фақат мен айтгандай қилинглар!”
Ивга дугоналари билан уйга қайтди. Энди вакил ота, вакил оналарни дастурхонга таклиф қилиб, қўшиқ айтиб, тўйни бошлаб юборса ҳам бўларди. Лекин куёв йўқ! Меҳмонлар олазарак бўлиб ҳамма ёққа қарай бошладилар, пиқирлаб кулишади, қани буёғи қандоқ бўлдаркин, деб кутишди, аммо Ивганинг парвойи фалак: лабидан табассум аримайди, шўх-шўх гаплашади, ҳамма ерда ҳозиру нозир, ҳеч бир тайёргарлик унинг назаридан четда қолмайди. Мана, ниҳоят, у дугоналарини дастурхон атрофига ўтқазиб, тўйни бошламоқчи бўлди... Лекин шу пайт бирдан пан мирза ўзининг одамлари билан қуюндай бостириб кириб келса бўладими: “Қани қочоқ Левколаринг?” деб бақирди у.
Ивга хушчақчақ. У дарров мирзанинг олдига югуриб келиб, деди: “Хотиржам бўлинг, пан мирза, у ҳозир етиб келади. Сиз тўйимизга бирга бўлинг, нону намагимиздан ҳазар қилманг!”
– Сизлар жиноятчисизлар!– деб бақирди мирза.– Қочоқларни яширяпсизлар! Ўнбошилар! Қани, бошланглар қидирувни, ҳамма буюмларини кўчага улоқтиринг, синдиринг, ҳамма ёқни ковлаштиринг, топинг ўғрини. Кўрсатиб қўяман сенларга тўй қанақа бўлишини! Даставвал чолни ҳибсга олинг, қизи билан қўшиб маҳкамага олиб боринг; сочидаги, бошидаги ленталару гулларни юлиб ташланг; у қамоқда бўлади, то Левко топилмагунча...
– Мана, мен топилдим, қидирмай қўяқолинглар!– деди мирзанинг орқасида турган кимдир...
Қаранг!... Левко-ку! Ҳа, Левконинг ўзгинаси, қадди-басти келишган, азамат, ўктам Левко; у худди бойваччалардек кийинган: эгнига мовут чопон кийиб, белига қирмизи белбоғ боғлаган; бошига чўққиси қип-қизил кулранг қалпоқ кийган; белбоғига эса катта-катта гулли қизил шоҳи рўмол қистирилган,– бунақа рўмолни қишлоқ аҳли умрида кўрмаган. Ана шу азамат йигит қўлларини белига тираб мирзанинг қаршисида тураркан, деди: “Мен нега керак бўлиб қолдим сизга, пан мирза? Мана шу ердаман!”
– Уш... уш... ушланглар уни!– деёлди мирза зўрға, чунки у аллақачон Сибирда деб ҳисоблаган Левконинг бирдан рўпарасида пайдо бўлганидан қўрқиб кетган эди!– Ушланглар уни,– деб қичқирди у яна,– дарҳол кундага солинглар! У ўғри, фирибгар, Сибирдан қочиб келибди...
– Бекорларни айтибсан, бадбахт!– деб қичқирди унинг орқасида турган аллаким... Ие, бу энди ким бўлди? Ҳа-а, губернатор юборган маъмур-ку!..– Бу аблаҳни ҳибсга олинглар! Унинг ўзини бошқалар учун қазиган чуқурга олиб бориб ташланглар!
Маъмур шу заҳоти одамлардан Левко ҳақида сўрай бошлади... Одамлар бир овоздан, Левконинг ҳеч қандай ёмон иллати йўқлигини, мирзага ҳам худди шундай деб таърифлашганини, лекин мирза хабарномага нима деб ёзганлигини билмасликларини айтишди... Хуллас, гапни чўзишдан на ҳожат? Маъмур шу сўроқ пайтида ҳамма нарсани: мирзанинг котиблар билан тил бириктириб, Левко ишини чалкаштириб юборганини, ундан ташқари, сардорни пеш қилиб, бўлис аҳолисини шилганини ҳам аниқлади. Ҳеч бир ишни билмайдиган, бошвоғи мирзанинг қўлида бўлган, аммо нуқул: “Мен сенларга аввалги сардор Евдоким эмасман!”– дейишдан бошқа гапни билмайдиган, сардор ҳам жазодан қуруқ қолмади.
Маъмур сўроқни тугатгач Левко билан Ивгага: “Энди бемалол бошлайверинглар тўйни, мен шаҳарга бориб, буларни сўроқ қиламан...”, деди ва жўнаб кетди.
Шу заҳоти тўй бошланиб кетди. Дугоналар “ёр-ёр” айтишди, мусиқа янгради, яхши одамлар қалаҳлар кўтаришди. Ичарканлар, бўшаган қадаҳни пешоналарига қўндиришар ва нуқул Ивганинг қандай қилиб губернияга бориб, панлар билан, ҳаттоки губернаторнинг ўзи билан гаплашишга журъат этиб, Левкони фалокатдан озод қилганига ҳайрон қолишарди. Кекса Макуха қариялар даврасида ўтириб, ҳамма бўлиб ўтган ишлар ҳақида ҳикоя қилар, қариялар бўлса, лаблари билан тамшаниб қўйиб: “Ҳа, губернатор қизингни бекорга “бало қиз” деб айтмаган, рост, рост!” дердилар:
Эртаси куни келин билан куёвни иззат-икром билан ажойиб сов-ғалар билан қутлаб, никоҳ ўқитишди ва шундай данғиллама тўй-томоша бошлашдики, таърифга сиғмайди. Уч кун сурункасига эсларини йўқотгунча мириқиб ичишди. Тўйда ёшар турна, айиқ, жуҳуд қиз бўлиб кийиниб чиқишди, яна лўли хотинлар, турклар, бошқача тоифадаги одамлар бўлиб ҳам даврага чиқишди – булар ҳаммаси энг оғир мусибатларни барҳам топтириб, кўзлаган ниятига эришган “бало” қизга бўлган ҳурмат-эҳтиром белгиси эди. Ёш келин-куёвга тақдим этилаётган совғаларнинг кети узилмасди! Тўйбоши, ўз вазифасига кўра, даврага совға кўтариб чиққан турфа хил жонворларга ўхшатма қилиб қичқираверганидан овози бўғилиб қолди...
У ёқда мирзадан пора олиб, Левконинг ишини айқаш-уйқаш қилиб юборган котиблар ҳам адабини ейишди. Исправник ҳам, суд қилувчилар ҳам жазоларини олишди; улар котиблар келтирган ҳужжатларда нималар ёзилганини ўқимай имзо чекиш билан судьялик вазифасини бажарган, тешиккулчаларни ютоқиб оғзига тиққан, беайб одамларнинг бошига қандай мушкул савдолар тушганини билишни ҳам хоҳламаган судьядан ҳам еганлари тешиб чиқди. Буларнинг ҳаммасини “бало” қиз деб ном олган Ивга қилди; у ҳамма яхши одамларнинг мушкулини осон қилди...
Совуқхонага қамалган мирза Левконинг тўйида яхши одамлар қандай яйраб кулаётганини эшитиб ва “бало” қизга уйланолмаганидан ичини ит тирнаб нуқул сочини юларди. Кейин у ўзи Левкони жўнатмоқчи бўлган йўлдан узоқ Сибирга равона бўлди. Нуқул, “Мен сенларга Евдоким эмасман”, деб керилувчи ва ўзи мустақил бирон ишни эплай олмайдиган сардорни ишдан олиб, ўрнига бошқа одамни сайлашди.
Энди бизнинг ёш келин-куёвга келсак, роҳатда, фароғатда кун кечира бошладилар. Ивга яна тежамкорлик билан иш юрита бошлади: шаҳарда унга тортиқ қилинган пулларнинг ҳамасини тўйга сарфламади; тўй маросимини тугатгач, у Левко билан биргаликда хўжаликни тиклашга киришди. Бузилган, ўғирланган, талон-тарож қилинган буюмлар ўрнига янгиларини сотиб олдилар, яна карвонсаройни очиб, ўткинчи меҳмонларни қабул қила бошладилар, рўзғорда тартиб ўрнатилди. Қария Макуха ҳам хурсанд: у тинч-осуда, иззат-эҳтиромда, егани олдида, емагани кетида бўлиб яшай бошлади. Хўш, Ивга-чи? Энди унинг бошида эри бор, у бахтли жувон – болалари бағрида ва ҳануз ҳамма уни “бало” қиз деб чақиради.
Рус тилидан Қодир Мирмуҳамедов таржимаси
__________
* И с п р а в н и к – Чор Россиясида уезд полицияси бошлиғи.
** Ц и м б а л – чангга ўхшаган чолғу асбоби.
*** Коровай никоҳ тўйида зарур бўлган алоҳида шаклда ёпиладиган нон. Никоҳга келганлар олдига катта дабдаба билан олиб кирилади.
**** Ш а м н и ў ч и р и ш – куёвга бериладиган энг таҳқирли рад жавоби.