Воқеий ҳикоя
Бобом Мулла Жура хотирасига
Ўшанда учинчи синфда ўқирдим. Мактабимиз “Лагер” деб аталадиган каттакон боғнинг чеккасида жойлашган эди. Боғда асосан ўрик, олма дарахтлари бўлиб, ҳар йили шиғил мева соларди. Боғ чеккасида катта ҳовуз бор эди. Ҳовуз атрофи узун-узун акас дарахтлари билан ўралган, оппоқ акас гуллари сувда сузиб юрарди. Айтишларича, мактаб биноси олис Сибир ва Кавказ томонлардан сургун қилинганлар учун махсус қурилган экан. Бу жой уруш йилларигача жазо лагери бўлганини биз болалар кейинчалик катталардан эшитганмиз. Уларнинг дард ва изтироб билан ҳикоя қилишларича, сургун қилинганларнинг кўпи иссиққа чидаёлмай, баъзилари очлик туфайли оламдан ўтиб кетган экан.
Олтмишинчи йилларга келиб мазкур бинода турт йиллик мактаб очилган. Мактаб бор-йуғи кичкина йулак ва иккита синфхонадан иборат эди. Чап томондаги ҳайҳотдай хонанинг шифти баланд, ваҳимали эди. Деразаларнинг ярмигача ғишт терилгани учун кўпинча кундузлари ҳам чироқ ёқиб дарс утиларди. Бир хонада учта синф болалари утириб, уч фандан дарс тинглардик. Ҳаммамизга барча фандан битта аёл дарс берарди. Унинг исми эсимда қолмаган. Кўзлари кўкимтир, жуссаси озғин ва жингалак сочларини зарҳал буёқларга буяб, ажинага ўхшаб юрарди. Сочи сариқ бўлиб сариқ эмас, кулранг бўлиб кулранг ҳам эмас, беретов бир ранг эди. Хонанинг ўнг томонидаўтирган 1-синфларга “Алифбе”дан, ўрта қаторда утирган 3-синфга “Ўқиш китоби”дан ва чап томонда утирган 4-синфга “Арифметика” дан вазифа бериб, ўзи қанд-қурс билан хуриллатиб чой ичарди. Тушунмаганини сўраган ёки бехосдан гапирган боланинг юрагини ёриб, бақириб берарди. Бақиргани етмаганидай олдида турган оққандни башарасига отарди. Жаҳли тез, қўли қаттиқ, меҳри тош эди. Қўли теккан жойнинг оғриғи икки-уч кунгача кетмас, ўрни ҳафталаб кўкариб юрар эди. Агар қулоққа ёпишса, тамом — ўт чақнарди, ўт! Ундан улардай қурққанимиз учун бошимизни эгиб, жимгина ўтириб, дарс қилардик. Қаҳри қаттиқ аёл эди у.
Бу хотин ашаддий коммунист, эри эса хўжаликда партком котиби эди.
Бир куни дарс пайтида у “Уқиш китоби”нинг орасидан арабча ҳарфлар ёзилган бир варақ қоғозни кўриб, шартта тортиб олди. Олдию заҳрини соча бошлади. Унинг мушукникидай сарғиш-кўкимтир кўзлари ғазаблангани боис косасидан чиқиб кетай дер эди.
— Ким ёзган буни?! — деб ўшқирди худди ўта махфий ҳужжатни қулга киритган терговчидай.
— Мен, — дедим астагина унинг важоҳатидан қўрқиб.
— Сен ярамас ҳали арабча ёзувни биласанми? Буни сенга анави мулла, диндор буванг ўргатган! — дея баттар пишқириб кетди. Сунг мени жаҳл билан судраб, ёзув тахтаси ёнига олиб чиқди. Кутилмаганда тиззамни партанинг қиррасига уриб олдим. Танамдан гуё ўт чиқиб кетди.
— Ўзим ҳам уйлаган эдим, арабча ёзувни сенга бобонг мулла Жўра ўргатган бўлса керак, деб. Мулланинг боласи мулла буларкан-да! Одамларни “Худо бор” деб алдагани етмаганидек, энди совет ёшларини ҳам бузяптими, ярамас мулла! Сен муллавачча фақат мактабимизга эмас, мендай илғор ва ҳалол коммунист шаънига иснод келтирдинг. Шошмай тур, муллача, сени ҳам, партиямиз душмани бўлган бобонгни ҳам панжарага тиқаман. Тавбангга таянтираман сен аблаҳларни! — деб кутилмаганда жон-жаҳди билан мени дуппослай кетди. Юз- кузларим аралаш мушт тушира бошлади.
Бир маҳал ўнг қулоғимдан маҳкам ушлаб чунонам тортди- ки, қулоғимдан қон отилди. Ҳаммаёғим қип-қизил қонга бўялди...
Болалар қўрқувдан тошдай қотиб, киприк қоқишга ҳам юраклари бетламай, анграйиб туришарди... Уйга қандай қилиб, қай аҳволда етиб келганимни билмайман...
Ўша кеча роса иситмалаб чиқдим. Тушларимда нуқул бир варақ қоғозга ёзилган арабча ҳарфларни, сўзларни кўраман, холос. Сўнг ғазаб отига минган хотиннинг важоҳатли қиёфаси пайдо булади...
Икки кун шу аҳволда алаҳсиб ётдим. Уч-турт синфдошим яширинча келиб, куриб кетишди. Улар аҳволимни кўриб: “Энди арабча ёзма, арабча ўқима, бўлмаса ўқитувчимиз яна уради”, деб ўзларича мени огоҳлантиришди.
“Қўрққан олдин мушт кутаради” деганларидек, учинчи куни ўқитувчининг аризасига асосан уйимизга озғин, тез-тез гапирадиган қишлоқ шуроси раиси, баланд буйли милиса ва хўжалик партия ташкилоти вакили келди. Улар дастлаб бечора бобомни, сўнг мени обдан суроқ қилишди. Мен булган воқеани гоҳ тутилиб, гоҳ қўрқиб гапириб бердим. Бобомдан тилхат ёздириб олишди. Сўнгра улар мени етаклаб мактабга боришди. Куўз кўриб, қулоқ эшитмаган антиқа томоша рўй берди. Уч синф болани менга қарши тайёрлаб қўйган экан. Милиса мени ёзув тахатаси ёнига чиқарди, сўнг синфдагиларга юзланиб сўради:
— Қани, айтинглар-чи, манави болани ўқитувчи урдими?
Болалар бир овоздан “йуқ” дейишди. Сўнгра улар кутилмаганда бор овозлари билан жўр бўлиб: “Туҳматчи, туҳматчи” деб қичқира бошлашди. Мен бу даҳшатли ҳолатга чидаёлмай йиғлаб юбордим, ўзимни эшикка урган эдим, милиса ушлаб қолди. Болалар тинимсиз бақирар, мен эса йиғлар эдим...
Раҳматли бобожоним менга арабчани ўргатаман деб анча вақтгача тергов бериб юрди. Партия аъзоси булмаса ҳам, хўжалик партия мажлисида муҳокама қилиниб, қаттиқ хайфсан олди.
Ўқитувчи “қаҳрамон”лигидан хурсанд бўлиб, ғудайиб юрди.
Бобом: “Худога солдим, жазосини Худо берсин!” дедилар.
Мен эса бобомнинг олдида “айб” иш қилгандай ҳижолат эдим.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, биз оила-аъзоларимиз билан Зарафшон соҳилига — ота-онам туғилган Жалойир қишлоғига кўчиб кетдик...