Жуда кўп машҳур адиблар Шарқ маданияти ва адабиётига катта қизиқиш билан қараган. Масалан, улуғ олмон шоири Йоҳан Ҳёте “Шарқу Ғарб девони”ни тузган. Нобел мукофоти совриндори, рус мумтоз адиби Иван Бунинга ҳам Шарқ, аниқроғи, мусулмон маданияти катта таъсир кўрсатган.
Иван Буниннинг диний қизиқишлари фақат Библия билан чегараланмаган эди. У Қуръони карим таъсирида инсон ҳаёти ҳақидаги нодир, бошқа манбаларда учрамайдиган ҳақиқатларни топди. Исломга қизиқиш Бунинни мусулмон мамлакатларига саёҳат қилишга чорлади. 1903 йил апрелида ёзувчи илк бор Истанбулга борди. Адибнинг турмуш ўртоғи Вера Муромцева-Бунина бундай хотирлайди: “У биринчи марта Қуръонни тўлиғича ўқиб чиқди ва олам-олам таассурот олди, шу сабабли зудлик билан мусулмон ўлкасига бориш фикрига тушди”.
Бунин Қуръони каримнинг М. Казимирский франсузчага ўгирган маънолар таржимасидан К. Николаев русчага ағдарган ва 1865 йили Москвада босилган нусхасини ўқиб чиқади.
Вера Бунинанинг сўзларига кўра, “Истанбулда кечган бир ой унинг маънавий ҳаётида энг мухим, хайрли ва жўшқин воқеа бўлди”.
Айни шу сафарда “Ислом унда жуда катта таассурот қолдирди”.
1907 йил баҳорида Бунин мусулмон Шарқи мамлакатлари бўйлаб узок муддатли саёҳатга чиқади. Ёзувчи Истанбулдан ташқари ўша пайтлари Усмонлилар ҳукмронлиги остида бўлган Фаластин, Сурия, Лубнонда, сўнг Мисрда бўлади. Бир йил ўтиб яна Истанбулга боради, 1910 йил кўкламида эса Жазоир ва Тунисга сафар қилади. 1910 йил охирида Шри Ланка оролларига йўл олган ёзувчи яна Истанбул ва Байрутга (Лубнон) тушиб ўтади, Мисрда олти ҳафта қолади. Бунин Истанбулга ҳаммаси бўлиб ўн уч марта борган, умр йўлдошининг фикрича, “у Истанбулни Москвадай яхши биларди”.
Буниннинг барча шарқона насрий ва шеърий асарлари ижодий фаолиятининг илк босқичида ёзилган. “Қадр туни”, “Каъбадаги қора тош”, “Сир”, “Абадий”, “Муҳаммад ва София”, “Мақом”, “Кавсар”, “Тамжид” каби шеърлар шулар жумласидан.
Ориф Толиб тайёрлаган