Мана беш юз йилдан ортиқ муддатки, Алишер Навоий халқ фахри, тилимизнинг байроқдори, шеърият мулкининг султони, маданият ва маънавиятимизнинг порлоқ қуёши бўлиб келмоқда.
Навоийга ўхшаш доҳий шоирлар тасодифан дунёга келмайди. Бунинг учун жуда яхши шаклланган ижтимоий-маданий муҳит ва ривожланган иқтисодий-сиёсий шароит зарурдир. Навоий ўн бешинчи аср фарзанди. Лекин унинг ижодий шахсияти Амир Темур асос солган буюк салтанат билан, шу салтанатдаги маърифий-маънавий кўтарилишлар билан чуқур боғлиқ. Амир Темур Мирзо Улуғбек тақдирида қанчалик муҳим ролни бажарган бўлса, темурийзода Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийнинг Навоий бўлишида алоҳида ҳисса қўшган. Шунинг учун Амир Темур ҳукмронлиги даврларида шаклланган ва ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида ибратли натижалар берган давлатчиликдаги Бирлик туйғуси Навоийни кўп илҳомлантирар эди. «Хуросон ва Мовроуннаҳр тарихида, - деб ёзганди академик Иззат Султон, - «Темур ва темурийлар даври» деб аталмиш палла Навоийнинг таҳсин ва ғурурини уйғотар эди, чунки бу давр «турк улуси» зодагонларининг ҳокимият бошига келиши ва миллий манадият ҳам адабиётнинг тараққиёти даври бўлди. Зотан, Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг бу давр тарихи гениал шоирнинг бунёдга келишига замин ҳозирлаган ва Навоий ўз тақдири ва тарихий миссияси билан бу давр орасида узвий, чамбарчас алоқа борлигини сезар эди». Шу боисдан ҳам Навоий фикри очиқ, руҳонияти соғлом, тўғрилик, ростлик ва ҳақиқатни умр моҳияти деб билган эл учун ижод қилиш заруриятини чуқур ҳис этган. Сўз билан одамни алдаш, сўз билан ёлғонни ҳақиқатга айлантиришга уриниш миллат манфаати учун катта зиён ва кечирилмас қабоҳат эканлигини Навоий ҳар нарсадан ортиқроқ тушунган. Улуғ шоир бутун ижодиёти мобайнида «Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил», деган талаб ва шиоридан мутлақо чекинмаган. Бу – ижод тажрибасида жуда сийрак учрайдиган ҳодиса.
Навоий ўн бешдан зиёд шеърий шаклларда қалам тебратган. У ғазал, рубоий ва бошқа турдаги шеърларида инсонга хос жамики гўзал ҳис-туйғулар, эзгуликка чорловчи маъноларни тасвирлаб берган деса, муболаға бўлмайди.
Навоийнинг ўзбек тилида илк маротаба «Хамса» яратиши чинакам ижодий жасорат эди. «Хамса» - беш улкан достонни ўз ичига олган мукаммал асар. Ҳар достоннинг ўзи бир оламдирки, ундаги ғоялар, ҳақиқатлар, неча ўнлаб қаҳрамонлар тақдири инсоният қалбини абадулабад завқлантиришга қодир.
Алишер Навоийнинг буюклиги ва халқимиз тарихидаги хизматлари мутафаккир шоирлиги билангина белгиланмайди, албатта. Навоий бадиий ижод жабҳасида қанчалик тенгсиз бўлса, илмда, яъни олимликда ҳам шунчалик беназир. Навоийнинг тилшунослик, адабиётшунослик, тарих ва тасаввуфшуносликка бағишланган асарлари ҳанузгача ўзининг илмий қимматини бой бергани йўқ. Тилимиз, адабиётимиз муаммоларини ҳал қилишда бу нодир тадқиқотларга қайта-қайта мурожаат қилишимиз, айниқса, ёш авлод улардан пухта хабардор бўлиши зарур.
Алишер Навоийнинг ҳаёти, адабий, илмий меросини ўрганиш олижаноб меҳнат. Унинг таржимаи ҳоли, меросига қизиқиш XV асрдан бошланган. Навоий асарлари ўз замонасидаёқ моҳир хаттотлар томонидан қайта-қайта кўчирилиб, халққа етказилган бўлса-да, навоийшунослик йигирманчи асрда янгича шаклланди. Албатта, шўро даврида Навоий асарлари нашри ва тадқиқи бўйича кўп ишлар қилиниб, маълум ютуқларга эришилган. Аммо улар эркин ёки озод бир миллатнинг талаб ва эҳтиёжларини қондира олмасди. Чунки, Навоий тўғрисида баҳс юритган ҳеч бир олим шўро мафкураси томонидан белгиланган чизиқдан четга чиқа олгани йўқ. Айтиш зарур бўлган фикр-мулоҳазаларнинг аксарияти тадқиқотчиларнинг кўнглида қолиб кетганлиги энди сир эмас. Шоирнинг айрим асарлари нега мустақиллик замонигача тўлиқ нашр этилмади? Улуғ шоир ижодиётининг ирфоний моҳияти, илоҳий ҳақиқатлари хусусида деярли баҳс юритилмаган? Бунинг сабаблари мушоҳада қилиниши лозим.
Ёшларимиз Навоийни қанчалик чуқур ва пухта билса, маърифат, эзгулик, комиллик сирларини ўшанча кенгроқ эгаллайди. Навоийнинг сўзлари дилига ўрнашган одам, ўзи истасин-истамасин одамийлик шарафи ва куч-қувватини идрок этади. Навоий сабоқларига амал қилган киши ўз-ўзидан халқ дарду ташвишларини енгиллатишга бел боғлайди, фикрни – фикрсизликка, илм-маърифатни – нодонликка ва жаҳолатга қарши қурол ўрнида ишлатади. Навоийни етарли даражада билиш – адолат, диёнат ва имон-эътиқоднинг кучига ишонч демак. Кўнглида шу ишонч ғолиб бўлган одамлар сони жамиятимизда қанча кўпайса, инсоний муаммолар ҳар қалай камайиб боради. Энг муҳими, диний ҳаётдаги маҳдудлик ва чалғишлар ёш авлод онгидан тезроқ барҳам топади. Бунга сира-сира шубҳаланмаслик лозим.
Алишер Навоий мумтоз адабиётимизнинг марказий сиймоси. Туркий адабиётнинг энг илғор ва безавол ютуқлари шоир шеъриятида мужассамлашган. Буни Озарбойжоннинг беназир шоири Муҳаммад Фузулий, туркман классиги Махтумқули, қозоқ оқини Абай, қорақалпоқ ёзма адабиётининг асосчиларидан бўлмиш Бердақнинг эътирофларидан ҳам англаш мумкин. Демак, Навоий ижоди қардош халқлар билан бўлган асрий алоқалар, дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва янги поғоналарга кўтаришдаги ўзига хос муҳташам асосдир. Навоий ва Жомий ўртасидаги устозу шогирдликни эса ҳар қанча ибрат қилиб кўрсатса, ўшанча кам. Чунки бундай ҳодисалар кўҳна тарих учун ҳам камёбдир.
Хуллас, кейинги йилларда биз Навоийнинг тилимиз, маданиятимиз, адабиётимиз ривожидаги тарихий хизматларини нисбатан чуқур англай бошладик. Навоийнинг қудратли шахсияти, бетакрор ижодиёти, ижтимоий, сиёсий фаоллиги, бунёдкорлик ғайрати хусусидаги тасаввурларимиз нисбатан ўзгарди.
2
Алишер Навойнинг ғазалларидан бирида шундай гап бор:
Дедим: назм аҳлининг сархайли ким бўлғай, деди ҳотиф:
Навоий бўлғай, улким сен тилайдурсен агар бўлғай.
Ўша ҳотиф – ғойибдан овоз бергувчи адашмаган: Навоий ҳақиқатда ҳам шоирларнинг сардори, барча давр туркий шеъриятнинг султонидир. Алишер Навоий шеърияти санъаткорликнинг буюк мактаби. Унинг ижод тажрибаларига таяниб адабиёт тараққиёти ҳақида мулоҳаза юритиш ёки «Шоир ким, унинг асосий ҳунари нима?», - деган сўроққа аниқ жавоб топиш мумкин. Мен Навоий яшаб ижод қилган даврни гоҳо ўзимча ҳаёлан тасаввур айлаб, Ҳазрат шеъриятининг ўқувчилари, мухлисларини кўз олдимга келтиришга уринаман. Улар кимлар? Энг аввало шоирлар, ижодкорлар – гўзаллик ва шеъриятнинг сир-асрорини ҳам, қадр-қимматини ҳам англай оладиган кишилар. Кейин илм аҳли – Навоийга олимларнинг – шоири, шоирларнинг – олими деб қараган, Навоийни илм-фанннинг толмас муҳофизи, буюк маърифатпарвар ўлароқ эъзозлаган олиму уламолар. Яна бир тоифа: Навоий асарларида фалсафанинг энг мураккаб, энг долзарб муаммолари шеър тили ила гўзал талқин қилинишига тан берган файласуфлар…
Хуллас, Алшер Навоий шеъриятдан баҳрамандлик кўнгил эҳтиёжи бўлиб қолган мусаввирлар, муғаннию ҳофизлар, давлат ва ҳокимият соҳиблари, ҳақ йўлчилари – дарвеш, фақир, ориф ва ошиқлар, мадраса талабалари, дин ва шариат вакиллари, косиблар, ҳунармандалар, деҳқонлар...
Эҳтимол бу қайдлар кимгадир эриш туюлар. Лекин эриш туюлмаслиги керак. Оддий китобхонни қўя турайлик. Шоир – шоирнинг, ёзувчи – ёзувчининг ёзган нарсасини ўқимай қўйган замонда ўқувчининг дид, савия ва ички талаблари деярли унутилган бир даврда, кўпчиликнинг Навоийга қизиқиш сабаблари тўғрисида ўйласа асло зарар қилмайди.
Дарвоқе, бундан бир неча йил аввал матбуотда «Навоий хослар шоири», деган бир фикр айтилган эди. «Хослар» - алоҳида тоифа демак. Одатда аҳли тасаввуфга хослар дейилади. «Аъхос» - хосларнинг хоси, «хос» - сараланган кишилар жамоаси, «авом» - саводсиз ёки саводи паст оддий халқ, «аъом» - авом даражасига ҳам кўтарилмаганлар гуруҳи. Булар тасаввуфий истилоҳлар. Шунинг учун на тасаввуф нуқтаи назаридан, на илм, савия, маданият мезонига кўра Навоийни «хос»лар шоири дейиш ҳақиқатга мувофиқ келмайди. Навоий шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам, ошиқнинг ҳам орифнинг ҳам – ҳамма-ҳамманинг шоири. Навоий шеъриятидан ким нимани ахтарса, шуни топади. Фикран ва руҳан ким нимага талабгор бўлса, унда барчаси мавжуд. Ҳатто золим ва жоҳил, нодон ва гумроҳ ҳам Навоий шеърларидан шифо топади. Чунки Навоий шеърятида битта бош мақсад бор – Комиллик. Битта сарбон туйғу мавжуд – камолот туйғуси. Асосий биргина нур қайноғи бор – Ишқ.
Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасин.
Икки жаҳоннинг ҳам мазмун-моҳият ва саодати шу ишқда.
Комиллик тўғрисида сўз юритилган айрим қадимий китобларни ўқиганда, комиллик мақоми замин одамига насиб этмайдиган бир нарсага ўхшаб туюлади. Тўғри, комил инсон мартабасига юксалиш машаққатли –риёзат ва заҳматни талаб этадиган иш. Тасаввуфий мазмундаги комиллик шартлари янада оғирроқ. Лекин Навоий масалани мураккаблаштирмайди. Аксинча, ҳар қандай мураккаблик ва қийинчиликни осон ҳал қилиш йўли ёки усулларини кўрсатади. Шулардан бири, эҳтимолки, биринчиси, комиллик даъвосини дилдан супуриб ташлаб, ноқисликка нигоҳни қаратиш, яъни ўз нуқсонларининг мушоҳадасига киришиш:
Ноқис улдурким, ўзин комил дегай,
Комил улким нуқсин исбот айлагай.
Ўз камолидин демас аҳли камол
Аҳли нуқсон ичрадур бу қилу қол.
Сенки нуқсон ичра комилсен, басе,
Олим айтиб ўзни, жоҳилсен басе.
«Нуқсон ичра комил»лик дегани нима? Бу – нафс дастидан халос бўлмаган ўзлик. Навоийнинг комиллик маслаги нафс ҳукмронлигидан бутунлай озод янги бир руҳоний «Мен» салоҳиятига асосланади. Инсоннинг иймони ва виждонини ана шу «Мен» ўз тасарруфига олмагунча, у ҳеч қачон комиллик завқига етиб боролмайди. Ҳурлик, эзгулик, ҳақиқат тўғрисидаги иддаолар шунчаки қуруқ гап бўлиб қолаверади. Шарқнинг буюк шоирларидан бири «Оллоҳни жуда очиқ кўришни истасанг, «Мен»ни жуда очиқ кўришни ўрган», деганда нафс учун «ўлган», руҳ учун ҳаёт бошлаган ўша янги «Мен»ни эътиборда тутган.
Навоий бир ғазалида:
Руҳ раҳмоний эрур, нафс эрур шайтоний,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут,
-дер экан, худди шу «Мен» тақдири учун жавобгарликка чорлагандир. Инсон қисмати ва маънавиятида тасаввур этиб бўлмас ўзгариш, ғаройиб янгиланишлар ижодкори бўлмиш ушбу «Мен» хусусида сўзлашимизнинг яна бир сабаби бор.
Азизиддин Насафий «Комил инсон» номли китобида ёзади: «Билгилки, комил инсон қуйидаги тўрт нарсага мукаммал шаклда эга бўлган инсондир. Уларнинг биринчиси, яхши сўз, иккинчиси, эзгу фаолият, учинчиси, гўзал аҳлоқ, тўртинчиси, илм». Бу тўрт нарсага эришган киши комил бўлиши мумкин, бироқ ҳурлик шавқини қўлга кирита олмас экан. Сабаб? Чунки у ҳали тарк ва фано ҳолининг мададига муҳтождир. Чунки у яхши аҳлоқ, яхши амал ва илмда нечоғлик илгарилаган бўлмасин, тўла маънода кўнгул тозалиги ва осудалигини қўлга киритиб билмаган. Хўш, нима қилиш керак? Фано ҳолидан нажот кутиш лозим. Навоий ғазалларидан бирида ёзади:
Дединг: «фано недур?» Мухтасар дейин: «Ўлмак!»
Ки шарҳин тиласанг юз рисола бўлғусидур.
Бизда фано шарҳида ҳатто бирор рисола ҳам йўқ. Шунинг учун ўша мухтасар шарҳ: «Ўлмак, йўқ бўлмак»дан бошқасини деярли билмаймиз. Ҳолбуки, Навоий девонларидаги неча юзлаб байтлар, бутун бошли ғазаллар фано талқнига бағишланган. Мана ўша байтлардан айрим намуналар:
Кирсанг фано тариқиға девонавор кир,
Ул важҳдинки, ақл бу йўлда ақиладур.
ёки:
Фано майхонасида қил гадолиғ,
Десангким, бўлмайин султонга муҳтож.
Фано тариқининг бош талаби ва туб моҳиятини шундай шарҳлаш мумкин: инсоннинг ихтиёр ва иродаси – унинг сифатлари, бошқача айтганда, шахснинг сифатлари унинг ихтиёр ва иродасини ифода этади. Лекин ўзининг башарий иродаси билан у Ҳақдан ажралган. Яъни, ирода ўртадаги ҳижоб. Демак, инсон ўз-ўзича ожизлик, ноқислик, кучсизликларини бутунлай енга олиш имкон ва иқтидорига эга эмас. У фоний нарсадан кечиб, боқийга эришмоғи лозим. Ҳақ иродаси ҳам азалий, ҳам қудратли. Илоҳий ирода эгаси бўлиш эса, юқорида айтганимиз, одамнинг барча маҳлуқотлардан буюклиги ва устунлигини намойиш этадиган қудратли «Мен»нинг туғилиши. Шу учун ҳам Навоий:
Дема жоми фано ичра эзилмиштур ажал заҳри,
Навоий жон бериб, ул жомни чекмакдур армоним,-
деб ёзган.
Маълумки, комил инсон тушунчасини тасаввуфга биринчи бўлиб Муҳйиддин ибн Арабий олиб кирган ва назарий жиҳатдан асослаб ҳам берган. Унингча, «Инсони комилдан юқори мукаммал бир мавжудлик йўқдир. Бу дунёда «Инсонлар орасида камолга етишмаганлар ҳайвони нотиқ – улар фақат сувратда инсондирлар, холос». Бу фикрлар беихтиёр Навоий бобомизнинг бир қитъаларини хотирга келтиради:
Аҳли маъни гуруҳида зинҳор,
Ҳеч ор айлама гадолиғдан.
Ким буларга гадолиғ ортиқдир,
Аҳли суратға подшолиғдин.
Демак, «аҳли маъни» – комил инсонлар, «аҳли сурат» – комиллик насиб қилмаган кимсалар. Навоий шеърияти эса комиллик фазилати ва ҳақиқатларининг мислсиз бир бадиий қомусидир.
3
Тасаввуфга бағишланган мўътабар китобларда такрор-такрор келтириладиган бир ҳикоят бор: нақл қилинишича, Шайх Самъуннинг мажлисида бир одам унинг ёнига келиб ўтириб ундан «Муҳаббат недур?» - дея сўрабди. «Бугун бу масалани тушунмоққа қодир бирор-бир кимса йўқдур», - дебди Самъун. Шунда унинг ёнига бир қуш келиб қўнибди. Шайх қушни тиззасига олиб, «Муҳаббатни англаган бирор жонзот бўлса, мана шу қуш эрур», - дебди-да унга юзланиб сўз бошлабди: «Сўфийлар ишқ ва муҳаббатда шу, шу... даражаларга юксалдилар. Шундай, шундай сирларни мушоҳада этдилар...» сингари бир қанча гапларни айтибди. Самъун ишқ ҳақида шу қадар таъсирли гапирибди-ки, бир пайт унинг тиззасидаги қуш ўлик ҳолида ерга қулиб тушбди. Ва бу ҳол мажлис аҳлини ҳайрону лол этибди. Ҳазрат Навоийнинг айрим ғазалларини ўқиганимда мана шу ҳикоят тез-тез ёдимга келаверади. У ғазалларнинг сир ва таъсир қувватини таърифлаш қийин. Баъзан уларнинг башар хайлига мўлжалланганлигига ақл ҳам унча бовар этмайди. Чунки Навоийнинг аксарият ғазалари, ақлусти бир туйғу ва завқи руҳоний ила битилган.
Нажмиддин Кубронинг таъкдлашларича, «Муҳаббатнинг интиҳоси ишқнинг ибтидоси эрур. Муҳаббат қалб учун, ишқ эса руҳ учундир». Шунингдек, Ҳақ сифатларининг мушоҳада этлишига муҳаббат, Ҳақ феъллари нурининг идрокига ишқ ва Ҳақ зот нурининг мушоҳадасига унс дейилмиш.
Навоий:
Хилвате топиб, сени жисмим аро жон айласам,
Балки жон хилватсаройи ичра меҳмон айласам,
деган мисраларни ёзганида қарилик фаслига етган ва руҳида унс ҳоли ғолиб эди. Буни байтнинг умумий мазмунидан, хусусан, хилват орзусидан илғаш қийин эмас.
Хилват – халқдан узоқлашиб, улардан айри яшаш учун бирор-бир гўшага чекиниш демак. Тасаввуфий маънода хилват ёки узлатдан кўзда тутилган аосий мақсад ёмон аҳлоқдан ажралиш, тубан ишлардан воз кечиш, қалбни жилолантириб, руҳни ҳузур ва фароғатга етиштириш. Бу узоқ давом этидиган ҳодиса эмас. Лекин шу қисқа муддатда маъшуқа ошиқнинг жисми аро жонга айланиши мумкин. Навоий эса ошиқлар учун доимий орзу бўлиб келган ёр ила хилват хусусида сўзлаётир. Аммо бу хилват моҳияти тамоман бошқача. Чунончи: ошиқ ёрни жисми ичра жон этиб «хилват саройи ичра меҳмон» қилиш билан кифояланмасдан, «танда жон янглиғ» уни жон бағрида пинҳон тутмоқчи:
Хилват элдин ёшурун, хилват аро тан ёшурун,
Танда жон янглиғ сени жон ичра пинҳон айласам.
Маълумки, жон форсий сўз бўлиб, руҳ, кўнгил, тириклик нафаси сингари маъноларни ифодалаган. Тасаввуф ва тасаввуф адабиётида жон тушунчаси жуда кенгайтирилиб, калима таркибига янги маънолар киритилган. Масалан, эндигина сайри сулук йўлига кирган дарвешларга мавлавийлар «жон» дейишган. Кўп тариқатларда эса жондан мурод меърожи маънавий бўлган. Бундай юксалиш ҳолидан йироқ шеърхон висолни яшириш, махфий сақлаш учун «жон пардаси»ни имкони бўлгани қадар ҳар томонга осиш ёки қандай осишни умуман тасаввур қила олмайди:
Анда ҳам жон пардасин ҳар сари осиб сатр учун,
Васлинг ихфосин нечаким, бўлғай имкон, айласам.
Хўш, бу гаплар кимга қаратилган ва уларнинг ҳақиқатини ким тўғри англай олади? Ўзлик масаласида бош қотирмаган, ўзликдан кечиш йўл-йўриқларидан бехабар ҳеч ким. Мосиводан (Ҳақдан бошқа ҳаммасидан) бутунлай фориғ бўлиб Ҳаққа боғланган чин ошиқ ёки ориф мана бу байтда гап нима тўғрисида эканлигини тез ва хатосиз билиб олади:
Чу бу хилват ичра не ўзлук эрур маҳрам, не мен,
Ҳар не номаҳрам дурур, ўздин паришон айласам.
Аслида «Ўзлук» ҳам бир мен. Аммо Навоий шундай бир «ҳилват»дан баҳс юритаётирки, унда ўзликдан нисбатан ажралган, анқроғи ишқ оташида тобланган иккинчи «мен» ҳам ёрга тўла маҳрам бўлишга қодир эмас. Бироқ, «ҳар не номаҳрам» бўлса, барча-барчасини ўздин йироқлаштиришга қасд қилган худди ана шу «мен» ғазалнинг бош қаҳрамонидир. Нафс ва нафсоний майллар унга ағёр бўлганидек, Ҳақдан йироқ қолганлар ва воқиф бўлмаганлар ҳам ағёрдир. У ишқ изҳорига тил нечоғлик ожиз деб билса, ҳижрон дарди шарҳида ҳам «безабонлиғ» «усули»ни танлайди:
Дафъ ўлуб ағёр, топсам бор ул хилват аро,
Безабонлиғ бирла шарҳи дарди ҳижрон айласам.
Тасаввур қилингки, ошиқнинг хилватга дахлдор ва байтма-байт таъкидланиб келинган деярли барча истак ёҳуд ҳоҳишлари рўёбга чиқди. У энди мутлақ фоориғ ва сокин одам. Бундай ҳолнинг ҳикмати нима? Биринчи ҳикмати, лаҳза мазмуни, лаҳза сурурини ўзида мужассамлаштирган ва лаҳза нуридан мунаввар ҳолга соҳиб бўлиш. Зеро, боқий умр асрори «бир лаҳзалик ушбу ҳол аро» яшириндир. Шу боис ҳам ошиқ ҳеч иккиланмасдан, «Умри боқий топқамен, бир лаҳза ушбу ҳол аро», дейди. Иккинчи ҳикмат, ошиқлик камолини белгиловчи бехудлик ёки беҳушлик «мақоми»га кўтарилиш. Бу мақомда тил ишқ асрорига маҳрам эмаслигини англаган ошиқ бир умр жамол завқи ила нфас олишни истайди:
Умри боқий топқамен, бир лаҳза ушбу ҳол аро,
Ўзни бехуд, кўзни рухсорингға ҳайрон айласам.
Сиртдан қаралганда, ғазал мақтаъсидаги фикр олдинги байтлардаги гаплар билан мантиқан унча боғланмайди. Чунки ўқувчи ишқ тарки иқрорини хаёлга ҳам келтирмайди. Аксинча, султоний бир ҳолга етишган ошиқликннинг истиқболига ўзича инонгиси келади. Аммо ғазалда талқин этилган «хилват» туйғусини ҳамма ҳам идрок қилишга қодир эмас. Айниқса, ўздин кечиб, ҳайрат водийсига етган «бехуд» ошиқ аҳволига кўпчилик бошқача нигоҳ билан қараши табиийдир. Шоир масаланинг шу жиҳатини ҳам ҳисобга олади ва ишқ йўлидан чекинишга асло иложи йўқлигини шундай тарзда баён этади:
Эй Навоий, дема иқрор айла ишқи таркини ,
Ким инонғай, гар ўзумга буйла бўҳтон айласам.
4
Одатда орифона ғазалларда ҳаёт воқеа-ҳодисотлари ва инсон қисматига чуқур нигоҳ ташлаш, каттадир, кичикдир, ҳар бир нарсани фано ва бақо ҳоли ила мушоҳада қилишга даъват этилади. Алишер Навоийнинг:
Даврон гулию гулшани хориға арзимас,
Гулгун майи балойи хумориға арзимас, -
байти билан бошланган ғазалининг бирор бир байтида ҳам ҳам маъқулланган, эътироф этилган, қадрлашга лойиқ кўрилган нарса, ҳодиса ёки ҳақиқат йўқ ҳисоби. Ҳамма-ҳаммаси учун битта хулоса, битта ҳукм: «Арзимас!»
Бир ёқлама қараш, ёруғликни ҳисобга омай, зулматни инкор айлаш Алишер Навоийга бутунлай ётдир. Даврондан ҳар қанча нолимасин, даврни ҳар қанча айбламасин, одам фарзанди ўз даври ва давронидан ажралиб яшай олмайди. Бундай умрнинг маъниси ҳам, кераги ҳам йўқ. Қолаверса, давр ва замонда ҳамма нарса ёмон дейиш ақлдан эмас. Навоий буни ҳам шу қадар мукммал билганки, бир ғазалида:
Давр ичинда фитна ҳам кўп, хўб ҳам, валек
Бўлмағай мингдин бир ул сарфитнаи давронча хўб,-
дея, ўқувчини даврон макр-ҳийлаларидан ғафлатда қолмасликка чақирган. Демак, ёмонни билиш яхшини қадрлашга хизмат этмоғи керак. Ёки аксинча. Ана шунда:
Минг йил киши жаҳон элига қилса шоҳлиқ,
Бир дам алар иҳонату ориға арзимас –
лигини чуқур тушунишда қийинчилик сезилмайди. Тарих не-не жаҳонгирлар мисолида шоҳлик, салтанат ишқи ҳам бақосизлигини кўп бора исботлаган. Навоий шоҳликни дунёга боғланиш ва дунё ишқининг энг олий шакли ўлароқ тилга олган. Ва шоҳ нақадар адолат ила ҳукм юритмасин, тожу тахт халқу ҳалойиқ ори ва қадрининг бир дамлик камситлишига арзимаслигини ҳаққоний таъкидлаган. Шу ўринда бир муаммога аниқлик киритиш зарурга ўхшайди.
Навоий ғазалининг замирида тарки дунё туйғусига даъват бор. Умуман, Шарқ мутафаккирлари, айниқса, тасаввуф ва тасаввуф адабиёти вакиллари тарки дунё ҳақидаги фикр-қарашларини ҳамиша очиқ-ойдин ифодалаганлар. Шўро мафкураси тасаввуф ва мумтоз шеъриятнинг айнан тарки дунёчилик тушунчаларига кескин қарши чиқди ва уларни тамоман инкор этди. Бу тўғрими, нотўғрими?
Моддиётчилик маъносида нисбатан тўғри, аммо маънавий-руҳий камолот нуқтаи назаридан нотўғри. Дунё ва олам ўзига хос бир ҳукмрон – ҳокими мутлоқ. Одам фарзанди, у билан муроса қилишга, унинг талаб, истаклари билан ҳисоблашишга мажбур. Бундан у ҳамиша ҳам ютқазавермайди. Балки, эл-юрт манфаати ва тараққиёт учун ҳисса қўшади. «Ҳар не қадар бу оламнинг ҳол ва ишлари ўткинчи бўлса ҳам, - дейди Азизиддин Насафий, - алдансак ва алданмасак ҳам бу дунёга эҳтиёжимиз бор. Шу эҳтиёж туфайли нокаслар билан суҳбатлашиш, бехабарлар билан бирга бўлишга мажбурмиз». Тасаввуф, зоҳиран дунё билан алоқани узмай, одамларга нафи етадган ҳеч бир ишга қўл силтамаган ҳолда, ботинан дунёпараст бўлмаслик, нафс «аркон»лари билан фоний дунёга боғланмаслик йўл-йўриқларини белгилаб берди. Шу учун тасаввуф бошқа кўп касб, ҳунарлар қатори, ҳатто тижоратни ҳам қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда улуғ юртдошимиз Абубакр Муҳаммад бин Исҳоқ Бухорий Калобозий ёзади: «Сўфийлар зироат, тижорат ва ҳунармандлик каби шариат мубоҳ айлаган йўллар билан мол топиш ҳалол деган нуқтаи назарда ҳамфикрдурлар. Аммо мол топганда ҳушёр бўлиш, қаллоблик қилмаслик ва ва шубҳали нарсалардан қочиш шартдир. Уларга кўра, меҳнат қилиш ва пул топишдан мақсад ёрдам қўлини чўзиш, бировларнинг мол-мулкига кўз олайтириш ҳиссиннг илдизини қуритиш, пулни халқ учун ҳарж айлашни ният этиш ва қўшниларга ғамҳўрлик туйғусидир». Бундан ортиқроқ мурувват, бундан зиёд холис ният ва олий туйғуни тасаввур этиш мумкинми? Алишер Навоий бир ғазалида:
Замона аҳлиға гарчи ўюнчилиқдур иш,
Енгар ҳам охир аларни замонанинг ўюни, –
дейди. Бугуннинг тили билан айтганда, бу байтда замонасозлик найранги, шахсий ғараз ва иддаоларни кўзлаб замонга мослашиш ҳолати қораланган. Навоий буни ўз номи билан «ўюнчилиғ», деб атайди. Бироқ бундай ўюнчилиғни енгиб, «ўюнчи»ларни забун этадиган бошқа бир катта ўйин бор. Бу – замонанинг ўйини.
Инсон шуни билиш, шу шафқатсиз ўйиндан ўзини четга олишда кўпинча ожизлик қилади. Ва гоҳо хаёлга келмас дунёсеварлик машғулотларида қўли баландлигини кўз-кўз қилмоқ истайди. Ахир, манқалга оддий ўтин ёқса бўлади-ку! Йўқ, халқдан ажралган дунёдор «манқал»ига рангдор, хуш ҳид таратувчи ёғоч ёндиради:
Манқалда уду сандал агар айласанг ўтун,
Бир лаҳза дуд бирла шарориға арзимас.
Бундаги «манқал» бир тимсол. Ҳозирги даврда «манқал»нинг шакллари ўзгариб, турлари кўпайган, албатта. Камёб, қимматбаҳо «ёғоч»га ҳорисликчи? Ақл бовар қилмас даражада кучайиб, кенг томир ёзиб кетган. «Дуд» ва «шарор»дан андиша ҳисси пасайган десак, ҳакатдан кўз юмган бўламиз.
Тўғри, инсон дунёга бир марта келади. Елдай ўтадиган шу қисқа умрни эркин, ҳар қандай қарамлик ва муҳтожликдан фориғ, яйраб ўтказшга у тўла ҳақли.
Даҳр боғинда неча кунким тириксан, айтқил,
Ким яна топмоқ эмас маълум бу бўстон каби.
Навоийнинг бу ўгитлари нақадар донолик ва ҳаётсеварлик билан айтилган. Лекин ақлни таний билиш чоғлариданоқ билмоқ керакки, ҳаёт бўстонида айш қилиш – нафсоний ва шаҳвоний қувватларга эрк бериш дегани эмас. Мол-мулк йиғиш пойгаси, мартаба баландлиги, «тотлиғ-тотлиғ» емоқ, «турлик-турлик» кийиб, ҳашаматли қасрларда роҳатланиб яшаш – булар ҳам умр моҳиятини акс эттирмайди. Навоийга кўра, тириклик айши, аввало, нафсни руҳга таслим айлаш, ишқ, маърифат, гўзаллик нури ила кўнгулга зийнат беришдир. Шундагина инсон дунё фатҳи учун лашкар тортмоқ «сипоҳ гарди ғубориға» арзимаслигини ҳам, одамлар орасидаги бир фурсатлик нифоқу жанжаллар асрларга чўзилган умр фароғатини буткул йўққа чиқариш эҳтимолини ҳам англаб одим ташлайди:
Юз қарн олам аҳли аро айламак нишот,
Бир дам алар нифоқу ниқорига арзимас.
Навоий шеърларини киши қанча кўп ўқиб, маъно маоҳиятини қанча кўпроқ англай бошласа, фикр-мушоҳада меҳнатидан ўшанча ҳузурланадиган, руҳнинг қудрати ва сеҳрига ортиқроқ ишонадиган бўлиб бораверади. Аста-секинлик билан бўлса-да, тубан майллар, қаҳрли туйғулар, саёз ва қиймати ҳаминқадар тушунчалар қалбдан чекина бошлайди. Энг муҳими, сиз ўз ғафлатингиз «чегара»сини кўриш, Навоий талаб қилганидек, ноқисликларингиз исботидан чўчимайдиган ҳолга кўтарилишга уринасиз. Бу умидбахш уриниш жараёнида ўзингизча бир нарсанинг ҳақиқати ва моҳиятини аниқроқ, теранроқ кашф этишга жаҳд қиласиз. Бу – фано ҳоли, фано йўли ва фақру фанолик орзуси эрур. Чунки, Навоий қайта-қайта фано хусусида сўзлайди, фано сирларини шарҳлашдан, фано водийсига сайр этишга чорлашдан тўхтамайди. Фикр юритганимиз ғазал мақтаъида ҳам ўқиймиз:
Киргил фано йўлиға, Навоийки, даҳри дун,
Бу умри бесаботу мадориға арзимас.
Навоий дунёқарашида комилликни кафолатловчи ҳол – фано ҳоли, дилни яйратувчи, толиқишлар, ториқишлар, жабр-жафолардан халос этгувчи маскан – фано майхонаси, Ҳақ висоилга етказгувчи йўл – фано йўли.
Абу Наср Саррожга кўра, фано, нафснинг ёмон сифатлардан халос бўлиши ва поқланиши. Фано уч турлидир: биринчи, қулнинг ўз нафси ва сифатларидан фано бўлиб, Ҳақ сифатларига эга бўлиши. Бу – фанои афъол. Иккинчиси, қулнинг Ҳақни билиш билан Ҳақнинг сифатларидан ҳам фано бўлиши. Бу – фанои сифот. Учинчиси – қулнинг Ҳақ борлиғига фанолиги, яъни фанои зот. Фанои афъол шартларини бажаришнинг ўзиёқ инсон аҳлоқини гўзаллаштиради. Чунки Ҳужвирий айтмоқчи, жаҳолат фано бўлгач, илм боқий бўлади, ғафлат кетгач – маърифат, меҳр ва муҳаббат муқимлашади. Навоийнинг кўрсатмаси бўйича, фано расмин забт айлашни истаган киши зинҳор-базинҳор нафс ила руҳни қориштирмаслиги зарур:
Гар фано расмин қилмоқ тилар эрсанг мазбут,
Нафс ила руҳни зинҳорки қилма махлут.
Хуллас, шоир фано тариқига зўр ишонч билан қарайди. Шу тариқ орқали, хирқа, тасбиҳ, мусалло каби воситаларсиз ҳам ишқ ва руҳ илмини эгаллаб, висолга восил бўлишни алоҳида таъкидлайди:
Фоний ўлғил, тиласанг васлки, бу йўлда эрур,
Хирқау дафтару тасбиҳу мусалло офат.
5
Алишер Навоий таваллудининг беш юз йигирма беш йиллиги тантанали нишонланган йили биз талаба эдик. Ўшанда Навоий асарлари билан бирга Навоий ҳаёти, ижодига бағишланган кўп нарсалар босилган эди. Биз уларни иложи борича назардан четга қолдирмаслик ва топиб ўқишга ҳаракат қилардик.
Айниқса, «Ўзбекистон маданияти» газетаси, «Гулистон», «Шарқ юлдузи», «Ўзбек тили ва адабиёти» журналларида чиққан ижод намуналарини, албатта, ўқирдик. Ўшанда «Гулистон» журналида марҳум шоир Собир Абдулланинг бир туркум шеърлари чоп этилиб, биттаси Алишер Навоийга бағишланган мадҳия эди. Шеърдаги бошқа бирор сўзни ҳам ҳозир эслай олмайман, лекин мана бу тўрт мисра ҳанузгача хотирдан чиқмайди:
Билмак Навоийни – бу зўр маърифат нишони,
Билмак Навоийни – бу юксакка элтар они.
Билмак Навоийни – бу ўз нафъи, йўқ зиёни,
Билмак Навоийни – бу ойнаи жаҳони.
Ёшлик тасаввури билан, демак, Навоийни билиш маърифат, юксаклик ва жаҳонни кўриш «ҳужжати» деган хулосага келганман. Лекин Навоий ижодиётининг моҳият ва руҳоният оламига кириш, гўзаллик сир-асрорини баҳоли қудрат англаш осон эмаслигини, рости ўйлаб ҳам ўтирмаганмиз.
Навоийни англаш «мақоми»га етиш том маъноси ила бир саодат. Фақат бунга ғоятда секинлик билан, ниҳоятда кўп мутоолаа ва мушоҳада ила, муълум бир ҳаёт тажрибасига эга бўлиш билан эришилади. Демоқчимизки, Навоий ижодиётини шошилиб ёки кундалик ҳаёт ташвишларига кўмилиб ўрганиш жуда қийин. Навоий ҳазратларининг ижод қасрларига кириш – муқаддас бир ибодатгоҳга, улкан бир санъат масканига киришдек махсус тайёргарликни талаб қилади. Навоийнинг руҳонияти шу қадар баланд, Навоийнинг тафаккур дунёси шу даражада теран ва маҳобатли.
Навоий меросини ўқиб-ўрганиш бундан ўн йиллар муқаддам ҳам алоҳида тоифа ёки гуруҳнинг эҳтиёжи эди. Бугун энди бутун бир миллатнинг эҳтиёжига айланиб бораётир. Демак, миллат тафаккур меҳнатини зиммасига олмоқчи. Руҳоният учун қайғурмоқчи, ўзлигини танимоқчи ва Ватан билан бир жону тан бўлиб яшамоқчи. Бундан ҳар қанча қувонса арзийди.
«Навоийни бугун яхши ўрганмоқ керак!» – дейилганда «Кеча нега яхши ўрганилмади?» – деган саволга ҳам жавоб топиш керак бўлади. Шу маънода баъзи фикрларга диққатни қаратмоқчимиз.
Алишер Навоий ғазалларидан бири шундай байт билан бошланади:
Кийик чарми заиф эгнимга мажнунлуғ нишони бас,
Жунун тоши синуқ бошим уза қуш ошёни бас.
Байт мазмунини унча қийналмасдан тушунса бўлади. Шеър қаҳрамонининг ташқи сувратини ҳам тасаввур этиш осон: «кийик чарми»га ўранган заиф бир вужуд. «Жунун тоши» устидаги яраланган бош. Бу ғариб бош соҳибининг бирдан-бир орзуси мажнунлик ҳолига эришиш ва «қуш ошёни»ни манзил айлаш. Демак: «нишон»дан ва «ошён»дан мурод – мутлоқ ҳурлик истагини билдириш. «Кийик чарми» ҳам, «қуш ошёни» ҳам орзуга ишорат. Лекин кўп қатори «заифлик» ва «синиқлик» нималигини билсак-да, шахсан мен, ҳолат ўлароқ уни идрок қила олмайман. Биринчидан, бундай ҳолнинг сирини билмайман. Иккинчидан, бунақа ҳолатни яшамаганман. Шунга қарамасдан, байт мазмунидан кўнгилга бир енгиллик инади. Негадир айнан «қуш ошёни» ибораси дилимга ёқимли эшитилади. Энг муҳими эса орзиқтирувчи бир кайфиятдир. Бу кайфиятнинг номи руҳоний ҳурлик. У қандай туғилади ва унга қандай эришилади – бу энди муаммо.
Алишер Навоийга кўра, агар кўнгилда ишқ оташи ёнмаса, кофирлик билан мусулмонликда фарқ қолмайди. Ишқ бўлмаса зуҳду тақво қуруқ даъводир:
Ишқ кўнглунгга солиб дард, они қон этмиш,
Ол кисват била кофирни мусулмон этмиш.
Яъни, ишқ кўнгулга дард солиб уни қон этмиш. Лекин шу қон кўнгил либоси бўлганлиги туфайли кофир мусулмонга айланмиш.
Албатта, бунда назарда тутилган «кофир» – нафс. Уни мусулмон айлаш «тажриба»си эса соф тасаввуфий тажриба. Бу «тажриба»нинг талаб, эҳтиёж, шарт ва мажбуриятларини инобатга олмай, Навоийнинг руҳ, кўнгул, фано, бақо, ҳурлик ҳақидаги фикр ва тасвирларини умуман тўғри машоҳада этиб бўлмайди, Чунки, Навоийнинг лирик қаҳрамони Ҳақни ичкин ўлароқ нафсда мушоҳада айлагани учун у ниҳоятда кучли руҳий, ҳиссий салоҳият соҳибидир. Унинг кўнгил ва руҳ оламига яқинлашишининг бир неча йўли бор. Шулардан бири – тасаввуф.
Тасаввуфни қоралаш, унинг ҳақиқатларини нотўғри талқин қилиб, мутасаввифларни бадном айлашни шўро мафкураси равнақи учун бел боғлаб хизмат қилган олимлар бошлагани йўқ. Бу иш ўнинчи асрлардаёқ бошланган. Тасаввуфдаги Ҳақ нарса ботил сифатида кўрсатилгач, Калобозийнинг айтишича, «тасаввуф ҳақиқатини биладиганлар бир гўшага бекиниб, билганларини бошқалардан сир тутганлар. Оқибатда халойиқ кўнлида тасаввуфга нисбатан нафрат уйғониб, кўнгиллар сўфийлардан совиган.
Шўро даври адабиётшунослигида Навоий ижодиётини имкони бўлгани қадар тасаввуфдан узоқлаштириш ёки ажратиш нуқтаи назари ҳукмронлик қилган бўлса, қайта қуриш ва ошкоралик замонидан сўнг бунга мутлақо тескари ҳаракат бошланди. Яъни, Навоийнинг деярли ҳар бир шеъридан тасаввуфий маъно ахтариш, қандай қилиб бўлса ҳам ирфоний ҳақиқатларни «кашф» этиш умумий бир интилишга айланди. Кечагина тасаввуфга ёт бир назар билан қараган ёки бу таълимотнинг куч-қуввати ва мавқеи билан ҳисоблашишни истамайдиган олимлар ҳам тасаввуф ҳақида ижобий фикр-мулоҳазаларини баён қилишга киришдилар. Мустақилликдан кейин сўфийлик ва тариқатлар тарихи, тасавуф ва адабиёт муаммолари эркин ўрганишга киришилди. Тасаввуфни пухта тадқиқ этмасдан мумтоз адабиётни текшириш самара бермаслиги равшанлашди. Бу ҳодиса баъзи навоийшуносларга ҳам ички бир енгиллик бахш этди. Чунки улар айнан ўша шўро мафкураси талабларини ифодалайдиган ва тасаввуф маслаги Навоий дунёқараши учун ҳам, шеърияти учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмаган, деган ҳукм ва баҳоларининг тасдиғини кўргандай бўлишди. Ҳолбуки, айрим саёз ва шошма-шошарлик билан амалга оширилган ишлардан ташқари кўпчиликнинг диққатини ўзига жалб этган ва Навоий ижодиётига янгича қарашни тасдиқлашга қодир тадқиқотлар ҳам яратилди. Тўғри, бу ишларниг ўзига яраша нуқсон ва камчиликлари бор. Дастлабки уриниш ва изланишлар учун бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Биз истаймизми, истамаймизми, навоийшуносликда маълум бир саёзлик, якранглик ва турғунлик кўзга ташланиб турибди. Уни бартараф этиш осон эмас. Бунинг учун биринчи навбатда Навоий шеъриятининг руҳоният ва туйғулар оламига қарашларни тубдан ўзгартириш лозим, янгича тадқиқ усул ва йўлларини жорий этишга уриниш керак. Навоий шеърларида санъаткорлик билан тасвирланган маъно ва тимсолларнинг зоҳирий «қатлам»лари хусусида баҳс юритиш билан чегаралнмасдан, уларнинг ботиний «қатлам»ларини ҳам очиш лозим. Буни эса тасаввуфий илмга эга бўлмасдан юзага чиқариш жуда-жуда душвордир. Албатта, юқорида қайд этилганидек, Навоийнинг ҳамма шеъридан тасаввуфий моҳият излаш ва уларни атайин тасаввуфлаштириш тамоман номақбул ишдир. Айни пайтда, шуни ҳам унутмаслик керакки, Навоийнинг аксарият шеърларида тасаввуфнинг ё зиёси, ё сафоси, ё маъноси ёки истилоҳ ва тимсоли эркин ўрин эгаллаган. Буни ҳам инкор этиб бўлмайди. Фақат ишқ, фақат ҳақиқатда эмас, аҳлоқ-одоб, руҳ, тафаккур, маърифат, шахс тарбияси ва дунёга муносабат масалаларида ҳам тасаввуф Навоий дунёқарашини машъалдай ёритиб турган. Гап бунда Навоийнинг нақшбандийлик тариқатини расман қабул қилганлиги ва инсон қисматига доир бир қанча ахлоқиий, маънавий ва фалсафий муаммоларни ушбу тариқат талаб ва кўрсатмалари бўйича ёритганлигида эмас, албатта. Навоийнинг тасаввуфга ёндошуви ва бу таълимотдан кўзда тутган мақсади – шахс ва миллат тиқдирига масъул, юрт тараққиётига сув ва ҳаводай зарур тушунчаларнинг истиқболи учун ёниб курашган, ҳақиқатни фақат таниш эмас, ҳақиқатни севиш салоҳиятини ҳам кўзлаган мутафаккир санъаткорнинг ёндашув ва мақсади эди. Навоийнинг тасаввуф чашмаларидан чуқур баҳраманд бўлганлигини исботлаш учун ташқаридан «ҳужжат» ахтаришга эҳтиёж йўқ: улар шоир ижодиётиниг ўзида мавжуд. Тасаввуфий тажрибада туйғу ва ҳаяжон фавқулодда муҳим рол бажарган. Фано мақомида толиб-матлуб ёки ошиқ-маъшуқ бирлигини акс эттирган завқу-сурурнинг асоси ҳаяжон унсуридир. Зеро, ишқ сурури ва ёруғ туйғулардан маҳрум ошиқнинг йўли таҳликалидир.
Жалолиддин Румийда шундай байт бор:
Илмро бар тан занй, море бувад,
Илмро бар дил занй, ёре бувад.
Яъни: Илмни танга сингдирсанг, илон бўлади. Илмни дилга жо этсанг, ёр бўлади. Навоий меросини ҳар томонлама теран ва ҳаққоний ўқиб ўзлаштиришда, ҳеч шубҳасизки илм керак. Лекин у илон тимсолидаги илм бўлмаслиги лозим. Ақл, юрак, руҳ ва илмни ҳамжиҳат - уйғунликда ишлата олган одам Навоийнинг ижод галшанига ортиқча қийинчилик сезмай, яйраб кириб боради ва сўнгги нафасигача ундан ажралмайди.
Иброҳим Ҳаққул