Золийхон тоғларга ялинганида балки уларнинг раҳми келиб ёрилиб кетармиди. Лекин номуси таҳқирланган эркакларнинг тош қалби юмшамади. Темир ханжарини қинидан чиқариб, дамини текширди: ўткир! У чаққон бир ҳаракат билан Золийхоннинг сочларини кесиб ташлади-да, кўкрагини оча бошлади. Золийхон худди ноласини биров эшитиб, ёрдамга келадигандай бор овози билан дод солди. Кучига куч қўшилгандай бўлди. Эркаклар чангалидан чиқиш учун типирчилади. Ўнг қўлини Мшхотнинг чангалидан чиқариб олиб, ярми очилган кўкрагини панжаси билан тўсди.
-Бола... бола... гўдакка раҳм қилинг!
БЕОР КЕЧА
Шарқ томондан кучли шамол эсяпти. Даргов водийси бўйлаб учиб, хуштак чалиб ўйноқлаётган бевош шамол Қизилдон сойининг сувларини чайқатиб, кўпиклатиб харсангтошларга, қояларга урди. Булутларни ҳам чок-чокидан сўкиб ташлаган телба шамол, лахтак парчаларни қизларнинг қалам қошини эслатувчи ҳилол атрофидан нари ҳайдаб кетди. Сўнг хасрат билан ув-в торта-торта ўзини Тбау тоғининг тошларига урди. Тоғ ёнбағрида йўлига ғов бўлган баланд миноралар, Цагат Ламардон овулининг эски бинолари атрофида сарсари кезди.
Бирор зарурати ёки муҳтожлиги бўлмаган одам бундай об-ҳавода уйда ўтиришни маъқул кўради. Осетинларнинг ярми ошхона, ярми эса турар жойга мўлжалланган уйлари бу пайтда иссиқ, танга роҳат берадиган бўлади. Ўчоққа илинган қозон остида аланга рақсга тушади, ташқарида эса бўрон ҳамма ёқни остин-устун қилиб юбориш қасдида пишқиради. Эркаклар тошкурсиларда ўтиришиб, оловга ўйчан тикилганларича бирин-кетин тамаки ўраб тутатадилар. Бундай ўтириш эркакларга ярашади. Меҳнаткаш осетин аёллари эса бу вақтда ўзларига яраша бирон юмуш билан машғул бўладилар.
Овулнинг адоғида кенг бир қўрғон бор. У бир-бири билан қўшилиб, қалъага ўхшаб кетган овулдаги уйлардан кейинроқ қурилган. Юқоридан туриб қараган одамга бошқалардан ўзини четга олиб, мунғайиб қолган етимчага ўхшаб кўринувчи бу қўрғон Туцат деб аталмиш юқори диний мартабали шажараларини қадимий юнонларга боғловчи авлоднинг бошлиғи Заурга тегишли. Диний ҳукмронлик унга ота-боболаридан мерос бўлиб қолган. Ислом Қофқазга кирганда, Заурнинг аждодлари бу динни мажбуран, юзаки қабул қилишган эди. Аслида эса ўзларининг қадимий урф-одатларига содиқ қолаверишганди. Уларнинг “Ила” деб аталмиш илоҳлари қадим замонларда қандай бўлса, эндиликда ҳам дзуар фариштасининг ҳимоячиси, момақалдироқ ва ёмғир худоси сифатида шарафланарди. Уларнинг руҳонийлари эса халқнинг йўлбошчилари сифатидаги мартабаларини сақлаб қолишган эди.
Асрнинг ўрталарида туцатлар Цагат Ламардондан уч чақирим наридаги тик ва ҳавфли қоялар орасида жойлашган Найфат қалъасида яшар эдилар. Абхазия князи Шервашидзе Осетия водийларига лашкар тортган кезлари муқаддас Найфат қалъасини вайрон қилиб ташлади. Туцатлар уни қайта тикламадилар. Шу яқин орадаги Цагат Ламардонга, хизматкорлари – кодатлар ва шидатлар истиқомат қилувчи овулга кўчиб ўтдилар. Аммо қадимдан ардоқланиб келинаётган одатларни канда қилмадилар. Улар ҳар йили муқаддас байрам кунлари Найфат қалъасига келиб, бутун қолган ҳужраларда икки ҳафта яшар эдилар. Ила худосини шарафловчи байрамни бу ерда ўтказиш анъанаси сира бузилмаган эди.
Москванинг “икки бошли бургути” Қофқаз узра қанот ёйганида водийликлар насроний динини қабул қилишга мажбур бўлишди. Бу сафар ҳам улар динни шунчаки хўжакўрсинга, юзаки қабул қилишди. Бу сафар ҳам қадимий урф-одатларига содиқ қолишди. Янги дин ҳам ёмғир ва момақалдироқ ҳукмрони эканини билишгач, ўткир фаросатларини ишлатиб, ўзларининг худолари - Ила насронийлардаги авлиё Илянинг айнан ўзидир, деган хулосага келишди-ю, бегона дин таъқибидан қутулишди. Шу тариқа қадимдан қолган байрамларини ўтказишга ҳам монелик бўлмади.
Бу ерликларнинг ҳозирги руҳоний оталари Заур Туцат олтмиш ёшдан ошган бўлса-да, ҳали бақувват эди. У ота-боболаридан мерос қолган қалб тарбиясига алоҳида эътибор бериб, урф-одатларга қатъий равишда риоя қиларди. Аждодларининг руҳоний меросларини ҳамма нарсадан аълороқ қўяр, шунингдек, номус ва ҳаёт хусусидаги ўгитларига мутаассибларча бўйсунар эди.
Хотинининг кўзлари ожиз бўлиб қолгани учун уй юмушлари унинг суюкли қизи гўзал Золийхон зиммасида эди. Заур Туцат ўғилларидан рўшнолик кўрмади. Тўнғичининг исми Қўрғок эди. Урф-одат қоидаларига кўра меросхўри ва ишининг давомчиси ҳисобланмиш катта ўғил гунг-соқов эди. У бирон нима демоқчи бўлса, ҳайвоннинг овозига ўхшаган товуш чиқарарди халос. У чақалоқлигида илашган оғир касалнинг асорати туфайли кар бўлиб қолганди. Туцатлар бу ҳолатни турлича талқин қилар эдилар. Кўпларининг бу борадаги фикри бир – Заур Туцат бирон бир илоҳий қоидани бузганлиги учун Тбау тоғларининг худоси Ила унга шундай жазони лойиқ кўрган.
Иккинчи ўғли – Сузарко жасурликда ва чаққонликда тенгсиз эди. Худо чиройдан ҳам берганди. У бу ерларнинг энг сулув йигити ва раққоси саналарди. Осетиянинг ҳамма томонларидан ёшлар байрамга тўпланишган онда ҳам унинг олдига тушадигани топилмас эди. Аммо у меросхўрликдан бўйин товлаб, отасини ғафлатда қолдирди-ю, цирк чавандозларига қўшилиб кетди. Сузарко бир куни шаҳарга тушганида сайёр циркка дуч келди-ю, тақдирини ўзи ҳал қилиб қўя қолди. Катта маош, томошалардаги олқишлар, циркнинг ўзига хос безакли ҳаёти йигитни ўзига мафтун қилиб қўйди. У ота мероси ўрнига чавандозликни афзал деб билди.
Ўғлининг аҳдини эшитганида руҳоний ота дастлаб ўз қулоқларига ҳам ишонмади. Кейин уни оқ қилди-ю, ўғли ҳақидаги хотирани қалбидан буткул ўчириб, уни ўлдига чиқарди. Хотини билан қизига ҳатто “марҳум”нинг номини тилга олишни ҳам тақиқлаб қўйди.
Укаси Тамбига худо кўп ўғил берган эди. Заурнинг ўрнини мерос қилиб олиши лозим бўлган Тамби шундайгина қўшни ҳовлида яшарди. Ўғилларидан умидини узган Заур Туцат укасига ўзининг юқори мартабасини қолдириш билан чекланмай, сеҳргарлик, фол очиш сирларидан ҳам воқиф қилишни ўйлаб қўйганди.
Хонадон соҳиби ман этшига қарамай, кўзлари ожиз она ўғлини ҳеч унута олмас эди. Кучли ва чаққон ўғли тез-тез хаёлида намоён бўлаверарди. Эри бирон ёққа кетган дамларда ёки яқин атрофда бўлмаган онларда Золийхонни ёнига чақириб, ўғли ҳақида гаплашиб ўтиришни яхши кўрарди.
Бу кеча Заур ўғли Қўрғок ҳамроҳлигида қўшни овулдаги беморни кўргани кетгани сабабли она-бола уйда ёлғиз, ўз ишлари билан машғул бўлиб ўтирардилар. Ташқарида ҳамон бўрон увлайди. Кампир икки қўлини чўзиб ўтириб олган, икки билагига ҳалқа қилиб ташланган ип тўпламини Золийхон тўп каби юмалоқлаб ўрарди.
Ташқарида итлар ҳурий бошлагач, Золийхон қўлидаги ипни онасининг этагига ташлаб, ҳовлига шошилди. Остона ҳатлаши билан одам қорасига кўзи тушди. Ханжарини қинидан суғурган нотаниш одам тинмай ҳуриб, ҳамлага шайланаётган иккита катта итдан ўзини ҳимоя қилиб турарди. Баланд бўйли, қомати келишган бу йигит тоғликларнинг миллий кийимида эди. У тиш-тирноғигача қуролланган – тўппонча, милтиқ, ханжар – ҳаммаси мукаммал эди.
Золийхон овоз бериб, итларни чақирди. Итлар норозилик билдиргандай бир ғингшиб олишди-ю, аммо бекаларининг амрига итоат этиб, тинчишди. У нотаниш одамнинг таъзимига енгил таъзим билан алик олди-да, уни қўноқхонага бошлади. Қўноқхонадаги анжомлар оддийгина эди: ерга япалоқ тош тўшалмай, суваб қўйилган, деворга ёнбошлатиб супа қилинган, кичкина дарча рўпарасида катта камин-ўчоқ бор, супа атрофига тахта курсичалар қўйилган.
Золийхон отаси билан акасининг уйда эмаслигини айтиб, мезбонлик вазифасини қиз боши билан ўзи бажараётгани учун ундан узр сўради. Қиз тоғликлар одатига биноан унинг кимлигини, нима учун бу ерга келганини суриштирмади. У - меҳмон, мезбон учун шунинг ўзи кифоя. Қиз каминдаги олов аланга олиб, хонани ёритгунича тиз чўкканича ўтирди. Ўрнидан тургач, йўловчининг ивиб кетганини кўрди.
-Оловда қуритиб олинг,-деди у камин томон қўли билан ишора қилиб. Сўнг қўноқхонадан чиқди-да, ҳовлини кесиб ўтиб, уйга кирди. Онасига нотаниш меҳмон ташриф буюрганини айтиб, унга овқат тайёрлашга тутинди.
Золийхон ғоятда чиройли эди: бўй-басти келишган, юришлари чаққон – ҳудди капалак ер узра учиб юргандай, юз-кўзлари неппа-нозин, сочлари худди ипакдай майин, қоп-қора...
Қиз чиқиб кетгач, меҳмон қуролларини девордаги михқозиққа илиб, черкасча камзулини ечди-да, оловга тутди. Олов тафти урилгач, кийимдан енгил ҳовур кўтарилди. У оёқ кийимини – қофқазча чарм пайпоғини ҳам ечиб, оловга яқин қўйди.
Юзига, пешонасига эрта тушган ажин унинг ҳаёт йўли ғам-алам, айрилиқ азобига тўла эканидан дарак беради. Аммо олов каби чақнаб турган кўзлари бу азобларга банди эмаслигини билдиради. У қуриган пайпоғини кияётган дамда Золийхон таом кўтариб кирди. У қофқазча пастак хонтахтани меҳмон яқинига тавозелик билан суриб, келтирган ноз-неъматларни унинг устига қўйиб, қадаҳга пиво қуйди. Кейин овқатдан татиб кўришга таклиф қилиб, ўзи хонанинг қоронғи бурчагига ўтди-да, “меҳмонга яна бирон хизмат зарур бўлиб қолар”, деган мақсадда кутиб турди.
Йигит қизга бир қараб олгач, таомга қўл узатди. Шошилганича овқат ейиши очқаб қолганини ошкор қилди. Қизнинг кўзи деворда, олов рўпарасида осиғлиқ турган сариқ рангли камзулга* тушди. Унинг ташқи кўринишига қараб анчадан бери совун кўрмаганини пайқаш қийин эмасди.
-Камзулингизни ювиб қўяйми?-деди у қўнғироқдек ёқимли овози билан.
-Яхши бўларди,-деди меҳмон, таомдан бош кўтариб. Сўнг қўшиб қўйди:-Бундан камзулим зарар кўрмайди. Эгнимдан тушмаганига ҳам кўп бўлди.
Қиз уйга ошиқди. “Бу одам абрекка** ўхшайди,-деб ўйлади у ўзича. –Эҳтимол қонли қасоскорлардан қочиб юргандир...”
Золийхон катта ёғоч тоғорага иссиқ сув қуйиб, қўноқхонага қайтди. Енгларини шимариб, камин ёнига чўккалади-да, камзулни юва бошлади.
Каминдаги ўтин чирсиллаб ёняпти. Алангадан сачраётган ёруғликда қизнинг қоп-қора сочлари ялтирайди. Ўғринча қараб-қараб қўяётган йигит қиз чиройининг сеҳрига мафтун бўла бошлайди.
Ташқарида бўрон ҳуштак чалиб, увлайди. Хона ичи иссиқ, танга роҳат беради. Йигитнинг кўзи деворда осиғлиқ турган фандирга*** тушди. Сузарко бу хонадонни тарк этганидан бери фандир эгасиз равишда осиғлиқ турарди. Меҳмон кўпдан бери мусиқа асбобини кўрмаган эди. Шу топда куй чалиб, қўшиқ айтмоққа унда иштиёқ туғилди. Бир вақтлар у чалган куй , у айтган қўшиқ ҳар қандай кишини ўзига ром қилиб оларди.
___________
*қофқазликлар камзулни “бешмет” деб атайдилар.
**бирон бир айби учун ҳукумат таъқибидан қочиб юрувчи кимса.
***гитарани эслатувчи мусиқа асбоби
Йигит ўрнидан турди-да, фандирни қўлга олди. Авайлаганича созлади. Золийхон эса унинг ҳаракатига аҳамият бермай, бошини эгиб олиб кир ювишда давом этарди. Йигит бир оз сукут сақлагач, фандир торларини дадил чертди. Шундагина қиз у томон қараб қўйди. Куйга қўшиқ уланди. У ўз халқининг жанговор қўшиғини айта бошлади:
Қиндан қилич суғурсак тангрининг номи билан,
Ва тилла ғилофларни жаранглатсак - ўша кун;
Ғаним қонини сўрсак тангри имони билан,
Ҳам ёйли камонларни таранглатсак – ўша кун;
Даъваткор қўшиқларни баландлатсак – ўша кун;
Ёв қишлоққа ўт қўйса, ёндирса тепаларни,
Ибодат хоналаридан ваҳший олов порласа;
Одамлар ташлаб қочса култепа кулбаларни,
Лекин бир ҳис уларни бирлашмоққа чорласа;
Шу туйғуни уларга англатолсак – ўша кун;
Қайтган шамол мисоли шашти тушган оломон,
Бўри қувган қўй каби тирқираб қочар бўлса;
Ё ваҳима тўрига тушиб қолиб беомон,
Энг олий ниятлару орзудан қочар бўлса –
Шу орзуни бир қайта порлатолсак – ўша кун;
Беланчакда гўдаклар фарёд чекиб қўрқувда,
Қандайдир кўкракларга ўзларини отишса;
Қичқириб ва дод солиб, ором топмай уйқуда,
Ҳимоясиз қуш мисол сукунатда қотишса;
Шундай пайт паноҳ бўлиб овутолсак – ўша кун;
Қизлар кўнгил қўйишса лаҳзалик эрки учун,
Нотаниш эркакларга, етти ёт бегонага.
Разиллар тушиб елса титраб-қақшаб куну тун
Этакларнинг ичига – иссиқ хилватхонага;
Имкон топиб уларни итқитолсак – ўша кун;
Тангрининг мухлислари, жаҳолатнинг қуллари,
Мангу шону шуҳратни сотиб олса агарда.
Худди шу кун англаймиз покдир кимнинг қўллари,
Ким ўзини софликда тенглай олар саҳарга?
Фақат мардлик билинар бешубҳа-шак ўша кун!..
У жим қолди.
Бу қўшиқ Золийхон қалбини тўлқинлантириб юборди. Қўшиқчининг шуҳрату шонга муносиб мард йигит эканини унинг юраги сезди. Йигитнинг жарангли овози ҳам жозибали, ҳам ғолибона эди! Бундай қўшиқни фақат ҳақиқий қаҳрамонгина, ҳар қандай хатарга, ҳатто ўлимга тик қарай оладиган жасур одамгина шу зайлда айта олади.
Қизнинг қўллари ишда, хаёли эса “Ким у?” деган саволга жавоб излаш билан банд.
Йигит овқатланиб бўлди. Энди унинг кимлигини, қаерданлигини сўраб билиш мумкин. Золийхон унга қаради:
-Сен кимсан, меҳмон?
Йигит дарров жавоб қайтармади. Қизга синов кўзи билан бир неча нафас қараб тургач, секингина деди:
-Мен Урусхонман.
Бу сўзни эшитиши билан қиз қўрққанидан сесканиб кетди. Қўлидаги камзул тоғорадаги сувга шалоп этиб тушди. Золийхон унга ҳайрат кўзи билан тикилиб қолди: “Боши беш минг рублга баҳоланган, қўрқинчли, жасур, қўлга тушмас машҳур абрек – Урусхон шу эканда, а?”
Урусхон қизнинг кўзларидаги ҳайратни, айни чоқда мафтунлик учқунларини сезиб, деди:
-Меҳмонни сотиб қўймаслигингга ишонаман.
Қиз унга қаради:
-Заур Туцатнинг қизи Золийхон сени сотадими? Оиламиз Тбау-уац-Илага хизмат қила бошлаганидан бери аждодимиздан сотқин чиқмаган!-Қиз кўтаринки руҳда шундай дегач, бир оз сукут сақлади-да, чўчинқираган овозда қўшиб қўйди:-Биз фариштамиз Дзуардан қўрқамиз...
Бу гапни эшитиб, йигит захархандалик билан жилмайди.
-Сен ундан қўрқмайсанми?-деб ажабланиб сўради қиз.
-Мен ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан қўрқмайман,-деди Урусхон совуққонлик ва тўнглик билан. Кейин бу оҳанги қизга малол келганини англаб, юмшоқроқ оҳангда қўшиб қўйди:
-Мен шу пайтга қадар исмимни бировга айтган эмасдим. Сенга ишондим. Сенга айтгим келди.
Бу гапдан қалби бир қалқиб олган Золийхоннинг юзларига қизиллик югурди. Кўз олди туманлашди. Урусхоннинг ишончи унинг юрагига сўнгсиз қувонч бахш этган эди.
Худди шу ерда, худди шу онда тақдир уларнинг қалбларини севги иплари билан чирмаб кетди.
-Яна битта қўшиқ айтиб бер... Бу ерда мен жуда кам қўшиқ эшитаман,-деб илтимос қилди қиз.
Урусхон фандирни яна қўлига олди. Энди ёлғиз қолган одамнинг аламли қўшиғини айта бошлади:
Дейдиларким, ушбу мовий олис-олис осмонда,
Мунгли юлдуз милтилларкан аллақайси замонда.
Дейдиларким, баланд-баланд тош қоялар узра бот,
Танҳо бургут ўсган эмиш беҳимоя, беқанот.
Дейдиларким, ўрмон аро ўсган экан бир арча,
Тақдирига битмабди ҳеч на япроғу на шохча.
Юлдуз дебди худосига: “Яратганим, эй тангрим,
Менга зиё ато этгил, ёритгали тунни жим”.
“Тангрим, қанот бергил менга,- деб ялинмиш бургут ҳам,-
Қуёш сари учай юксак, қанотларим билан ман”.
Арча секин шивирлабди: “Берсанг шохча, барг сағал,
Бўронларда шовуллайман, ҳаётим бўлар гўзал”.
Қўшиқ тугагандай бўлди. Фандир торлари титраб тураверди. Урусхон хўрсинди. Сўнг... бармоқлар яна торларни чертди. Яна дардли овоз янгради:
...Бу ғамларга тоқатим йўқ, ўзимда ҳам қайғу кўп,
Хор этилган қувғиндиман, ўлмоқдаман бахт кутиб.
Ер юзда танҳо ўзим, ҳасратим мўл, ватан йўқ,
Қаро тунда насибам бўл, қайлардасан, дайди ўқ?...
Қўшиқ тугади.
Қўшиқ сеҳридан ўйга толган Золийхон беихтиёр равишда камзул сувини сиқа бошлади. Ўрусхон фандирни қўйиб ўрнидан турди-да, қизга яқинлашиб, билагини ушлади:
-Золийхон!
Қиз худди илон чаққандай сапчиб тушди, кўзларидан гўё олов учқунлари сачради:
-Қандай журъат этдинг! Наҳотки номус ва адабни унутган бўлсанг? Олижаноб меҳмоннинг мезбонга миннатдорчилиги шуми? Сен уйда отам билан акамнинг йўқлигини, бир ўзим ёлғиз қолганимни била туриб... Уял! Мен Урусхондан бундай пасткашликни кутмаган эдим!
Йигит унинг билагидан қўлини олди. Золийхон камзулни оловга яқинроқ жойга илди. Шу топда унинг вужудини ғазаб қамраб олган эди. Қарама-қарши туйғулар оғушида қолган Урусхон бошини эгди:
-Сен ҳақсан... мени кечир,-деди синиқ овозда.-Лекин сен менинг қандай ҳаёт кечираётганимни билмайсан. Мен ҳудди қувилаётган ёввойи ҳайвондекман. Танам ҳафталаб, баъзан ойлаб кўрпа-тўшак кўрмайди. Бошпанасиз бир дайдиман. Бугун ўрмонда, эртага ғорда, ҳали у ерда, ҳали бу ердаман. Доимий қувғиндаман. Бўрон бугун мени сенинг уйингга ҳайдаб олиб келди. Оловда бир пас исиниб, кийимларимни қуритиб олмоқчи эдим. Бошқа ниятим ҳам, умидим ҳам йўқ эди. Сени... тиз чўкиб ўтиришингни кўриб, вужудимни қандайдир сеҳр, қандайдир енгиб бўлмайдиган куч эгаллаб олди... Кечалари уйга қайтганимда мени меҳрибонлик билан кутиб олиб, эркалайдиган хотинга эга бўлишга менинг ҳаққим йўқми? Нега энди мен ёлғиз, ташландиқ бўлиб, бировларнинг меҳрига зор яшашим керак? Нега?!
Золийхон жавоб бермади. У камзулга тикилганича тек тураверди. “Сенинг бу дарбадар ҳаётинг менга қўл теккизишинг учун ҳақ бермайди”, деб ўйлади у.
Урусхон қизга ўйчан ва хафақон тарзда қараб тура-тура изига қайтди-да, яна фандирни қўлга олиб қўшиқ айта бошлади:
Золийхон гўй қўшиқ эшитмасди. Балки кимдир унинг қулоғига шивирлаб арзи ҳол айтаётгандай эди:
Айтгил, нечун туғилган ҳамон,
Нафратга учрайди ҳақиқат?
Бенасиблик бўлди ҳаётим ҳар он,
Ва ёлғизлик ҳамиша қисмат?
Нечун чаппа айланмас бу ер,
Меҳваридан чиқмас бу олам?
Ҳасратлардан қутулиб ахир,
Ўзга ҳаёт қурардик биз ҳам.
Зорланолмас ва лекин ҳеч ким,
Зорланганнинг ўйилар кўзи...
Ёлғиз тангри руҳларга ҳоким,
Тақдирларни бошқарар ўзи.
Ота-онам ўтди хору зор,
Менинг ҳам ҳаётим кўп ғамгин.
Қайғуларда бенаво ва хор,
Мен йўқотдим ҳаётим рангин.
Мен ўларман... лекин тепамда,
Кўз ёш тўкиб эзилмас иним.
Осмон ўзи йиғлайди ғамда,
Ёмғир билан ювилар таним.
Сингиллар йўқ... инимга эса,
Бориб етмас пажмурда бу тан.
Даҳшат, уни бўрилар еса,
Талашиб оч қузғунлар билан!
Қарши олмас ҳатто ватаним,
На дўсту ёр қўлимдан тутар.
Аммо зиндон кутаётир жим,
Ва асирлик яктаги кутар.
Кутар мени моғорада ғам,
Ва сукутнинг узун қишлари.
Занжирларнинг шалдираши ҳам,
Қалбнинг оғир хўрсинишлари...
Золийхоннинг қалби титради.
Урусхон қўшиқни тугатиши билан сапчиб турди-да, фандирни бор кучи билан ерга урди. Фандир майда-майда бўлакчаларга бўлиниб кетди.
-Севгисиз ҳаётга минг лаънат!-Бу ҳайқириқ унинг юрак-юрагидан вулқон кучи-қудрати билан портлаб чиқди. У ҳаяжондан титраганича ташқарига отилди. Нима гап бўлаётганини чуқурроқ англаб етмаган Золийхон ихтиёрсиз равишда бир сакраб унинг ёнида пайдо бўлди. Урусхон ташқарига чиқаман деганида черкасидан ушлаб қолди.
-Тўхтанг! Шу ерда қолинг...-деди хансираганича.
Бу муҳаббат ва шафқат бир-бири билан олишаётган қалбдан чиққан қатъий овоз эди. Йигит тўхтаб, ўгирилди. Қиз унинг қарашида ҳайронликни кўриб, мутелик билан бошини эгди. Урусхоннинг чеҳрасини қувонч нури ёритди. Қизни ўзига тортди.
Қўноқхонадаги супа уларнинг севгисига, вафо ҳақидаги қасамларига тилсиз гувоҳ бўлди.
Ёқимли оғриқдан қичқириш... сўнг эркалашлар... қайноқ миннатдорчилик...
Оҳ, Золийхон, нодон қиз-а! Номуссизлик саҳросига қадам босганини ўйламади-я?! Бу саҳрода ажал уни ташна бўлиб кутаётганини билмади-я?! Паҳлавони бағрида алдамчи лаззат булоғидан сув ичаётганида ғолиб нафс унга беномуслик либосини кийдирди, ажал эса бетўхтов равишда унга гўр қазий бошлади...
Ташқарида эса бўрон бўри галаси каби қутуради. Баҳайбат дарахтларни илдизи билан қўпориб, тўлқинли Қизилдонга улоқтиради.
Ярим тунда Золийхон қўноқхонадан чиқиб, уйи томон юрди. Қутурган бўрон уни ўз қучоғига олмоқ истади. Аммо йигитнинг ҳароратли бўсаларидан олов каби ёнаётган юзларига шамолнинг аччиқ нафаси ўз таъсирини ўтказа олмади. Уйига кириб, онасининг ухлаб қолганига ишонч ҳосил қилгач, яна қўноқхонага, севган ёри ҳузурига қайтди.
Урусхон супада ётарди.
Қиз курсини унинг яқинига суриб, ўз тиззасига тирсагини тираганича ўтирди.
Урусхон чалқанча тушганича қўлларини ёстиқ қилиб ётибди. Аста-секин ўчаётган аланга нурлари қоронғулик олдида кучсиз бўлиб қолди. Хона қоронғулик ҳукмига бўйсинди. Йигит қаддини кўтариб, Золийхонни меҳр билан қучди.
-Нима учун сени шунчалар севиб қолдим?-деди қиз энтикиб.
-Сен аввал бирорта йигитни севармидинг?-деб сўради Урусхон бир дақиқалик сукутдан сўнг.
Қиз “йўқ” дегандай бош чайқади.
-Агар менга вафосизлик қилишни ўйласанг ёинки бошқа бирор кимса қалбингдан жой олар бўлса, у ҳолда...-йигит халқининг одати бўйича бош томонда тургувчи ханжарини ушлади.
Қиз унинг сўзини оғзидан олди:
-Менинг қалбимни ҳам, ҳаётимни ҳам сен эгаллагансан. Тбау-уац-Ила бунинг гувоҳи!
-Абрекнинг йўдоши бўлиш оғир,-деди Урусхон.
Қизнинг кўзлари чақнади:
-Мен сеники бўлганим билан фахрланаман, Урусухон! Овулдаги қизлар бундан хабар топгудай бўлишса қанчалар ҳавас, нечоғли ҳасад қилишларини тасаввур қила олсанг эди!
-Буни ҳеч ким билмаслиги керак.
-Ҳа, албатта, хотиржам бўлавер, Золийхон тилини тия олади.
У дағал кафти билан қизнинг майин сочини силади.
-Нима учун абрек бўлдинг?-деб сўради қиз.
-Ўша кунга лаънатлар бўлсин!-Йигит шундай деб хўрсинди.-Акамнинг тўйи эди. Биз ўйин-кулги билан банд бўлиб турганимизда келин рад этган йигит келиб, уни қизлар хонасидан ўғирлаб қочибди. Мен ёнимга йигитларни олиб, уни қувиб етдим-у, ўлдирдим. Шундан бери беркиниб яшашга мажбурман. Яширинадиган жойларим, паноҳига оладиган дўстларим кўп. Ишончли жойга хазина ҳам кўмиб қўйганман. Энди узоққа кетмайман. Мен шу яқин орада қолишни, сен билан тез-тез кўришиб туришни истайман. Чунки мен сени севаман... Сен менга ёрдам беришинг керак.
-Бу атрофда қаерга яширинмоқчисан? Ҳамма ёқ тоғу тош-ку?
-Яширинадиган жой бор...-йигит бир оз ўйлангач, давом этди: муқаддас ўрмондаги булоқбошига бораман.
Урусхоннинг бу қарорини эшитган қиз чўчиб тушди:
-Шаккоклик қилмоқчимисан? Қадамжони оёғости қилиш гуноҳ-ку! Тбау-уац-Ила жазосиз қолдирмайди.
Бу гапни эшитган Урусхон кулди. Қиз эса уни аҳдидан қайтармоқчи бўлди:
-Менга ишон, жоним, у ерга киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кирганларни худо албатта жазолайди. Одам бир умрга касал ёки ақлсиз бўлиб қолади. Агар бирор жонивор ўрмонга кириб кетгудай бўлса ҳам у ердан ҳайдашга ҳеч ким ботинмайди.
-Қўявер, менга бало ҳам урмайди. Мен Тбау-уац-Илангдан қўрқмайман. Буларнинг ҳаммаси бўлмаган гап.
-Йўқ, йўқ, севгилим,-деди қиз хавотирли овозда,-у ростдан ҳам жазо беради. Бир куни Дахцко деган чол у ердан қўйини ҳайдаб чиққан эди. Ўшандан бери унга иблислар тинчлик беришмайди. У ерга думалаб шундай типирчилайди-ки, ҳатто оғзи кўпиклашиб кетади.
-Қўлимда қуролим бор экан, ҳеч қандай руҳ, ҳеч қандай одам мени ерга кўтариб ташламайди, ҳавотир олма,-деди Урусхон яна кулиб.
-Ундай дема, Урусхон! Қўрқиб кетяпман. Гапларингни фаришталар эшитиб қолишса нима қиламиз? Биламан, сен ботирсан. Лекин ҳалигача ҳеч ким худога қарши чиқиб, жазосиз қолмаган.
-Бас қил! Бундан кейин фақат мендан қўрқ!-деди Урусхон амр оҳангида.
Ёш осетин гўзали бу амрга итоат этиб, бош эгди. У ёрини бу аҳддан қайтариш учун кўп ёлбориши, уриниши мумкин эди. Аммо бунга ботинмади. У айни дамда ўз хожасини, ўз йўлбошчисини топганига ишонган, шунинг ўзиёқ қалбига ғурур бахш этаётган эди.
-Отанг қачон қайтади?-деб сўради Урусхон, қизнинг итоаткорлигидан мамнун бўлиб.
-Пешиндан кейин.
-Менга егулик бирон нима тайёрла. Тонгда чиқиб кетаман. Эртадан бошлаб овқатни ўрмонга ўзинг олиб борасан.
Бу буйруқдан қиз бир сесканиб тушди:
-Урусхон!-деди титроқ овозда.
-Золийхон!!-йигитнинг овозида жаҳл, енгил бўлса-да, дағдаға оҳанги зоҳир эди.
Қиз хўрсинди:
-Майли, сен айтганча бўла қолсин,-деди мутелик билан.-Лекин мени ўрмондан чиқиб, жар ёқасида кутиб оласан. Мен барибир ўрмон ичкарисига қадам босмайман.
-Яхши,-деб ён босди йигит.-Ой Тбау устига кўтарилганда сени кутаман.
Золийхон уйига чиқиб кетиш мақсадида ўрнидан турди. Лекин йигит ёлғиз қолишни истамади. Девор томон сурилиб, унга жой бўшатди. Қиз итоат билан унинг ёнига ётди. Каминдаги ўт ўчди. Аҳён-аҳёнда чўғдан ажраган учқунлар бу ерда икки қалбни бирлаштирган муҳаббатнинг қадимий, умрбод, ҳаёт яратувчи қўшиғини эшитишга муштоқдай қоронғулик бағрига сапчишади. Бу қўшиқдан баҳраманд бўлганлари эвазига хонага ёруғлик инъом этмоқчи бўладилару, аммо муддаоларига етмай, зулмат қулига айланадилар.
***
Тонгда Урусхон ҳовлига чиққанида елкасига сочиқ ташлаган Золийхон ўнг қўлида мис офтоба, чап қўлида чилопчин ушлаб, кутиб турарди. Қиз сув қуйиб турди, меҳмон ювинди. Кейин Золийхон қўноқхонага кириб, унинг ўрнини йиғиштирди-да, нонушта тайёрлади. Урусхон тамадди қилаётганида қайнатиб пиширилган гўшт билан нонни рўмолга тугди.
Хайрлашиш онида Урусхон Золийхонни белидан ушлаганча, ўзига тортиб, ўпди. Золийхон юзини унинг кўкрагига қўйиб, маҳкам қучоқлаб олди. Урусхондан муқаддас ўрмонга кирмаслигини сўраб, яна ёлборгиси келди-ю, ботина олмади – юраги дов бермади. Дардини ичига ютди-ю, хўрсиниб қўйди. Абрек буни ажралиш дақиқасининг аламли изтироби деб ўйлади.
-Урусхоннинг хотини бошқа аёллар каби йиғлаб-хўрсинмаслиги керак,-деди у.-Худо жонимизни сўраб оладиган онга қадар қаҳрамонлигимизча қолишимиз шарт.
-Мен ҳаракат қиламан, Урусхон.
У кетди.
Елкасига милтиқ осган Урусхоннинг Найфатдаги муқаддас қадамжога олиб борувчи сўқмоқдан юқорига кўтарилиб боришига қиз хавотир тўла кўзларини қадаб қолди. У ёрига қўл силкишни ёки “хайр, жоним!” деб қичқиришни истарди. Аммо бундай қилишдан ҳайиқди.
Тонг қуёшининг нурига чўмиб ётган овул аста уйғонмоқда эди. Истагини енга олмаса сирининг ошкор бўлиши ҳеч гапмас. У ёрини нигоҳи билан кузатиш, унинг жар ёқалаб дадил қадам ташлашига меҳр билан боқиш билан чекланди.
Қиз йигитга бутун қалбини берди. Урусхоннинг бир кечалик эркалашлари бу гўзал қизни ёри учун жонини ҳам беришга рози бўлган севучи хотинга айлантирди.
Найфат харобаларига яқинлашган Урусхон ён-атрофга синчков назар ташлади: ҳеч ким йўқ....
Ҳов пастда, кўм-кўк ўтлоқ ўртасини ирмоқ кесиб ўтган. Соқов қоялар эса гердайганларича кўкка бўй чўзганлар. Сўқмоқ адоғи муқаддас ўрмонга тақалади. У тўғри йўл қолиб, пастга, ирмоқ соҳилига тушди. Сув оқими бўйлаб бориб, ўрмон этагига етди.
Қадимий чинорлар томон қадам қўйиши билан унинг вужудига беихтиёр ваҳима оралади.
“Шаккоклик!” деб висирлади қандайдир ички овоз. Лекин бу овозга банди бўлмади. Ўнг қўли билан ханжари дастасини сиқиб, қошларини чимирди-да, дадил юриб кетди. Шу алпозда юриб, баҳайбат чинорлар орасидаги булоқ бошига етди. Байрам кунлари руҳонийлар бу ерга келиб пиво қайнатиш учун шу булоқ сувидан олардилар. Қуриган дарахт шохларини ҳам шу атрофдан тўплашарди. Бу томон отлангунларига қадар аввал рўза тутиб, руҳларини поклаб олган ғариб кийимли одамлар баданларига илоҳий сувдан етказиб, жисман ҳам поклангач, дуоларни ўқиганларича эҳтиётлик билан қадам босиб, муқаддас ўрмон ичкарисига аста-аста юриб кириб борардилар.
Булоқ бошидаги майин кўкат меҳрибон мезбон сингари Урусхонни дам олишга чорлади. Ҳеч кимнинг нигоҳи тушмайдиган бу ер унинг учун ҳавфсиз эди. Қадамжога келишга журъат қилувчи жасур одам бу атрофда топилмайди. У беҳисоб тунларни мозористон сағаналарида мурдалар билан ўтказгани учун ҳар қандай қўрқув ва ваҳимани енгишга одатланган эди.
Урусхон таом ўралган тугунни, қуролларини харсанг устига қўйди-да, кўкат устига бўркини тўшаб ётди. У ётганича, ўз хаёлларига банд бўлиб чекарди.
Кун билинтирмасдан тез қариди. У тунни, севгилиси келадиган пайтни – ой чиқишини интиқ кутарди.
СОВЧИ
Заур Туцат уйига соқов ўғли ҳамроҳлигида пешин чоғи қайтди. Отдан чаққонлик билан сакраб тушган Қўрғок отаси эгардан имиллаб силжигунича жиловдан ушлаб турди. Узоқ йўл юрганидан руҳоний отанинг аъзойи бадани толиққан эди. Унинг вазмин қадам товушларини эшитган ожиза кампир ўрнидан қўзғолди.
Золийхон эса эшик кесакисига суянганича қимирлай олмайди. Унинг юраги нима учун бунчалар қаттиқ тепяпти?
Қўрғок отасига эргашмай, эгарларни олиб, отларни ўтлоққа ҳайдади.
Хотини билан қизининг саломига алик олган Заур оғир-оғир қадамлар билан юриб келиб, ўчоқ олдидаги курсига ўтирди. Бир оз давом этган сукутдан сўнг вазмин овозда гап бошлади:
-Хицада Темир Тўтараевни кўрдим. Яқин кунлари ичи у сурувини бу ерларга ҳайдаб келади. Қўйларини ёз ичи шу ерларда боқмоқчи. У бизникида яшаб туради. Келган куни қўй сўйиб, иззатини жойига қўйиш керак.
Заур қайси бир меҳмонни алоҳида иззат-ҳурмат билан кутиб олишни истаган тақдирдагина унинг ташрифини аввалдан маълум қиларди. Она-бола унинг бу одатини яхши билишади. Темир деганлари Заурнинг қалин дўсти. Бу уйда кўп меҳмон бўлган. Бироқ шу пайтгача уни алоҳида тайёргарлик билан кутишмаган эди. Энди унинг пойи қадамига қўй ҳам сўйиш керак эмиш. Бундай иззатнинг тагида бир гап бор...
Золийхон бу янгиликнинг тагига етишга уринмади ҳам, аксинча буни ўзига алоқаси йўқ бир хабар деб билиб, индамайгина чиқиб кетди. Қиз уйида бўлаётган воқеаларга эътиборсиз қарашга кўникиб қолган. У Темир Тўтараевнинг ташрифи ўзининг тақдирига таалуқли эканини ўйлаб ҳам кўрмади. Унинг бутун фикру зикри ҳозир муқаддас ўрмондан паноҳ топган, худо ва барча одамларга қарши чиқишга журъат этган жасур йигитда эди!
Қизининг чиқиб кетганини шарпасидан сезган ожиза эрига мурожаат қилди:
-Заур, сендан бир нарсани сўрасам майлими?
-Сўрайвер.
-Темир бекорга келмаётгандир? Мақсади нима унинг?
-Нимагалигини айтдим-ку? Гапимга тушунмадингми?-Заур шундай деб хотинига норози қиёфда қараб қўйса-да, изоҳ беришга мажбур бўлди:-Қўйларини боққани келади.
-Заур, сен ниманидир яширмоқчи бўляпсан. Темирнинг мақсади фақат қўйларини боқиш эмасдир?-Ожиза шундай деб ўрнидан турди-да, хассаси билан ерни пайпаслаб, эрига яқинлашгач, унинг қўлини ушлаб, ёлборган одамнинг товуши билан сўради:-Менга тўғрисини айтақол...
Заур аввалига индамади. Бир оз сукутдан сўнг мужмал равишда жавоб қайтарди:
-Сендан яширадиган гап йўқ, ташвишланма. Темир ўғли учун бизникидан бир нимани олмоқчи.
Ташқаридан келган киши бу гапни эшитса, “Темир бирон буюм илинжида экан-да”, деб ўйлаши мумкин. Бироқ онанинг кўнгли бу мужмаллик ортида қандай ният ётганини дарҳол илғади.
-Золийхонними?-деди овозини баландлатиб.
Бу фақат бўлажак айрилиқ даҳшатига тушган она қалбининг фарёди эмасди. Унинг овозида қизидан айрилгач, тун қаърида ёлғиз қолишдан қўрқиш оҳанги ҳам бор эди. У эридан қўрқади. Золийхон эса унинг бирдан-бир қувончи. Шунинг учун ҳам бўлажак айрилиқ хабари вужудини тилка-тилка қилиб ташлади.
-Керим қизимиздан розилик сўрабдими?* Золийхон бу ҳақда менга ҳеч нарса демади-ку?
-Ичидан пишган қизинг совчи юборилишига рози бўлгандир-у, лекин сенга айтмагандир. Сенлар бунақа ишларни мендан яшириб юришга устасанлар.
Ожиза эрига эътироз билдиришга журъат этмаса-да, “йўқ, қизим мендан ҳеч нимани яширмайди”, дегандай бош чайқади.
Заур хотинига бошқа гапирмади. Жимгина ўтириб, ўйга ботганича Тбау-уац-Ила ўрмонига тикилиб қолди.
Бу пайтда Керим Тўтараевнинг тутинган акаси Зураб Кодат овул томондан отини гижинглатиб, уларнинг уйлари томон яқинлашиб келарди. У черкасча оқ камзул билан оқ папоқ кийган, дастаси билан қинига кумуш суви юритилган ханжар ва кумуш ҳалли камар тақиб олган эди. У ҳовлида турган Золийхонга яқин келиб, Қофқаз одатича салом берди: ўнг қўлини бир нафас кўкрагига қўйиб, кейин туширди.
-Заур қайтдими?-деб сўради.
Қиз мулойимгина, айни дамда ўзини киборларча тутгани ҳолда жавоб қайтарди:
-Ҳа...
Золийхоннинг ўзини киборларча тутиши бежиз эмас. Туцатларнинг урф-одатлари унинг қон-қонига сингиб кетган. У Кодатларнинг бир вақтлар Туцатлар хонадонига қарам бўлганини унутмаган. Эпчил, айни дамда зеҳни ўткир бўлган Зураб қизнинг ўзини тутишидан мақсадини англаса-да, ҳеч нима сезмагандай олижаноблик оҳангида суҳбат бошлади. У ғоят баодоб эди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракатида эрлик ғурури билан бирга ҳилм ҳам мавжуд эди. Мана шу хулқи билан у мартаба жиҳатдан юқори саналувчи хонадон қизининг кибр-ғурурини босиб олишга эришди.
Йигит овул янгиликларидан сўз очди-да, байрамнинг яқинлашиб қолганини гапира туриб, дўсти Керим Тўтараевни мақташга тушди. Керимнинг жасурлиги, софдиллигини, оиласининг бадавлатлигини ва обрў-эътиборининг мақтовини келтирди.
Хаёли Урусхон соғинчи билан банд бўлган қиз аввалига бу таърифу тавсифларни эътиборсиз тинглади. Кейин унинг мақсадини англаб, титраб кетди.
--------------------------------------
*Осетинларнинг одатича, куёв яқин дўсти орқали қиздан ризолик олганидан кейингина совчи юборади.
-Золийхон, Керимга бориб нима дейин? Совчи юбораверсинми?
Бу савол қизнинг жонини суғуриб олгандай бўлди. Зурабнинг жавоб истаб тикилиб турган ўткир нигоҳи юрагига ўқ каби қадалгандай бўлди. Қани эди, бу нигоҳ чиндан ҳам ўққа айланса-ю, юрак қонини оқизса... Шундай бўлса Золийхон айни дамда мингдан-минг рози бўлиб ташлаб кетарди бу дунёни... Ўткир нигоҳини қадашга қаноат қилмаган Зураб саволини яна такрорлади. Энди унинг овози гўё момагулдирак каби гулдираб, қизнинг боши устидаги осмонни майда-майда қилиб юборгандай туюлди. Қани эди, чиндан ҳам шундай бўлса-ю, осмон парчалари унинг жонини ола қолса... Зураб саволни учинчи марта такрорлаш ўрнига “жавоб кутяпман”, деган маънода томоқ қириб қўйди. Золийхон шундагина ўзига келди. Шошилганича:
-Йўқ, йўқ! Ҳеч қачон, ҳеч қачон!-деди-ю, бошқа сўз айтишга қурби етмади. Шарт бурилиб, уйига ошиқди.
Қизнинг ҳаракатидан ажабланиб қараб қолган Зураб ўша куниёқ Кадгаронга йўл олиб, дўстига нохуш хабарни етказди.
Узоқ давом этган таниш-билишликдан сўнг Зураб билан Керим ака-ука тутинишга қарор бериб, қасам қадаҳидаги майни ичиш билан бу аҳдларини қалбларига муҳрлаган эдилар. Ўшанда Керим Заурнинг гўзал қизига ошиғу беқарор эканини айтган, Зураб эса унинг оғирини енгил қилишга бел боғлаган эди. Агар совчилик билан иш битмаса айёрлик ва жасурлик билан бўлса-да, қизни ўғирлашга ҳам тайёр эканини билдирганди. Ўша йиллари бу режани амалга ошириш мумкин бўлмагани учун то шу кунга қадар тоқат билан кутишга тўғри келди. Керим гарчи ишқ ўтида ёниб юрса-да, акаси уйланмагани учун Золийхонга оғиз сола олмасди. Қайси осетин йигит акасидан олдин уйланибди-ки, Керим бунга журъат қила олса!? Акасига инсоф кириши қийин бўлиб ойларни эмас, йилларни совурди. Ниҳоят ота-онасининг гапига кириб уйлангач, Керимнинг йўли очилиб, Заурнинг қизига уйланиш нияти борлигини отасига айтди.
Темирга ўғлининг танлагани маъқул келди. У Заурга қариндош бўлиш орқали оиласининг обрў-эътибори ошажагини биларди. Қолаверса, кўп йиллик дўстликлари ҳурмати Заур қалин пули сўрашда инсоф қилар, деган ниятда эди.
Кўзлари соддалик билан беғубор боқувчи, тўладан келган, юзлари чиройли Керим қизнинг рад этганини эшитиб, аввалига кўнгли ўксиди. Сўнг “яхшилик билан ризолик бермаса, уни ўғирлайман!” деган қарорга келди. У йиллар бўйи муҳаббат алангасида ёниб, энди гўзал қизга тезроқ етишишни хоҳларди. Шу аҳдига маст бўлиб, қиз олиб қочилган тақдирда қалин пули бир неча баробар ошиб кетишини ўйлаб ҳам кўрмаётган эди. Ниятига тезроқ етишни истаётган ошиқ йигитнинг кўзларига қалин пули эмас, фақатгина қизнинг гўзал чеҳраси кўринаётган бўлса не ажаб! Бироқ жасурликда тенгсиз ҳисобланган Зураб бу сафар дўстининг аҳдини маъқулламади. Керим ботир биродарининг гапларидан ажабланди. Ҳавфли вазиятга дуч келса, олишишни севадиган йигитнинг бундай эҳтиёткорлиги унинг учун тушунарсиз бўлди.
Бу тоғларда Зураб ўтмаган сўқмоқлар қолмаган. Чўлдан ўғирлаган отларини фақат ўзигина биладиган сўқмоқлардан неча-неча маротабалаб олиб ўтгани учун ҳам унга ҳар бир дарахтгина эмас, ҳар бир бута ҳам таниш, дейилса лоф бўлмас. Унинг доимий ҳамроҳи - ханжар юзидаги доғлар даҳшатли фожиаларнинг тилсиз гувоҳи. Ханжаридаги доғларни кўрсатиб ғурурланишни хушловчи Зураб бу он қурол билан иш битириб бўлмаслигини билиб турарди. Тутинган укасининг безовта юрагини тинчитиш учун тушунтиришга ҳаракат қилди:
-Сен ҳар қандай оғир ишда менга бемалол суянишинг мумкин,-деди у.-Фақат Заурнинг эмас, туцатлардан қай бирининг бўлса ҳам қизини олиб қочиб, бу гердайганларнинг бўйнини эгиб, эзиб қўйишни ўзим ҳам хоҳлардим. Ўзларини бизлардан устун қўйиб юрган бу руҳонийларни бир тузласам ўзим ҳам хумордан чиқардим. Лекин ҳозир бунинг вақти эмас, озгина кутишга тўғри келади. Золийхонни кўндиришга яна бир марта уриниб кўрайлик. Кўп қизлар биринчи сафар оғиз очилганда шунақа ноз-фироқ қилиб туришади. Кейин рози бўлганини ўзи ҳам билмай қолади. Сен байрамга борасанми?
Керим “ҳа, бораман”, дегандай бош ирғади.
-Мана бу ишинг тўғри бўлади. Сен унга яқинлашиб, рақсга таклиф қиласан. Кейин мен яна гаплашаман.
-Хўп, сен айтгандай бўла қолсан-деди Керим. Кейин бир оз ўйланиб туриб, хавотир билан сўради:-Бошқа бирор йигитни севиб қолган бўлса-чи?
-Бўлиши мумкин эмас!
-Нега?-деди гумон пардасига ўралган Керим, унга нажот кўзлари билан қараб.
-Агар бирортасига ишқи тушган бўлса, танлаганингга кўз олайтирган ўша малъуннинг юрагини менинг ханжарим аллақачон тилка-пора қилиб юборган бўларди. Мен кимман? Ахир акангман-а! Худо шоҳид, бирон бир йигит шу ниятда бу ҳовлига яқин йўламаган. Йўлаган бўлса мен албатта билардим. Ниятингдан хабар топганимдан бери нигоҳим эртаю кеч шу хонадонда бўлди. Соқов билан ошналигимни биласан-ку? Гўзал Золийхоннинг юрагини ўзига қарам қилган йигит йўқ бу оламда. Бу хонадонга руҳоний отанинг муридларидан бошқа кимса йўламайди.
Дўстининг тушунтиришларини беэътибор тинглаётган Керим унинг гапини бўлди:
-Зураб!
-Нима дейсан?
-Сен боргин-да, Заурдан илтимос қил: у илоҳий ёғочларидан сўраб кўрсин. Фақат... менинг исмимни айтма. Дўстим кўнгил қўйган қизига етишадими ё йўқми, дегин, шуни сўраб билиб берса бас менга.
-Яхши, албатта сўрайман, сен бу томонидан ҳотиржам бўлавер.
-Раҳмат, Зураб.
Дўстлар хайрлашишди. Бири алам оловида қоврилиб қолди. Бири қиз қалбига қандай йўл топиш муаммоси билан гаранг ҳолда қайтди.
АВЛИЁНИНГ БАШОРАТИ
Эртасига Зураб яхшилаб кийиниб-тараниб, Заурнинг уйи томон юрди. Ошнасининг ҳовлига кириб келаётганини кўрган Қўрғок шодон қичқириқ билан уни қаршилади. Зураб унга бир ўрам тамаки берди. Қўрғок тамакини олиб, шоша-пиша беркитди-а, унга савол назари билан қаради.
Зураб имо-ишора билан руҳоний отада зарур юмуши борлигини билдирди. Соқов қўноқхона томонда турган курсига ишора қилиб “ўтира тур”, дегандай бўлди-ю, отасига Зурабнинг ниятини маълум қилиш учун ичкарига кириб кетди.
Заурнинг хонасида ортиқча жиҳозлар йўқ эди: хонанинг бир томонига жўнгина сўри қўйилган. Ҳафсала билан безак берилган милтиқ шу сўри тепасига осилган. Иккинчи томонни Ила худосини турли кўринишларда тасвирловчи суратлар эгаллаган. Тўрдаги энг катта сурат олдида мўъжаз чироқ липиллаб ёниб турибди. Унча катта бўлмаган думалоқ курси устида оқ қайиндан кесиб олинган, йўғонлиги бармоқдек келадиган тўртта таёқча кўзга ташланади.
Қўрғок ичкарига қараган маҳалда Заур ибодат билан банд эди. У Иланинг сурати қаршисида тиз чўкканча пичирлаб, дам-бадам саждага бош қўярди. Ибодати ниҳоясига етганда чўқиниб олди-да, ўрнидан турди. Отасининг ибодатдан туришини сабр билан кутган Қўрғок овоз чиқариб, эшик томонни кўтарди. Заур муридларидан бири келганини англаб, ташқарига йўналди. Остонада кўриниши билан Зураб унга эҳтиром кўрсатиб, таъзим қилди. Бу эҳтиром Зурабнинг қарилиги ёки руҳоний ота эканлиги учунгина эмас, балки буларнинг уруғига узоқ йиллар давомида хизмат қилган ўз аждодларининг ҳурмати учун ҳам эди.
Кекса Заур Зурабнинг келишдан мақсади нима эканини мулойимик билан сўради. Зураб фаришталардан муҳим бир ишнинг оқибатини сўраб беришни илтимос қилди. Бу кун ҳали туз тотмагани сабабли руҳоний ота Зурабнинг илтимосини бажо этиши мумкин эди. У Золийхонни чақириб, сув келтиришни буюрди. Отасининг амрини бажараётган қиз Зурабга савол назари билан қараб-қараб қўйди. Отасининг қўлига сув қуяётган дамда ҳам кўзи чақирилмаган меҳмонда эди. Хаёли эса “рад жавобини олгандан кейин сурбетларча яна келишидан мақсади нима экан?” деган саволга жавоб изларди. Зураб бир мартагина қиз билан кўз уриштирди. Кейин худди аввалги куни совчилик қилмагандек, бугун Заурни зиёрат этмоқдан ўзга нияти йўқдек Қўрғокка қараб, имлашганича “гаплашаверди”. Заур қўл-бетини ювиб бўлгач, сочиққа артинди-да, Зурабга “орқамдан юр”, деб ишора қилиб ичкарига кирди.
-Нималарни билиш истагидасан?-деб сўради у Зурабга ўгирилиб ҳам қарамай.
-Мен дўстимнинг севганига етишиши ё етиша олмаслигини билмоқчи эдим.
Заур бу гапни эшитиб, ўгирилди. Кодатнинг ўғлига қараб олди. Кейин икки дераза орасидаги токчада турган кичкинагина ёғоч косачага кўз ташлаб қўйди. Зураб бу нигоҳнинг маъносини тушунди.
Авлиё Иланинг тасвири томон ўгирилган руҳоний ота кумуш танганинг таниш ва ёқимли жарангини эшитгач, тиз чўкди-да, дуо ўқий бошлади. Ора-сира саждага бош қўйиб турди. Ниҳоят чўқиниб олгач, ўрнидан турди. Унинг ҳаракатларини диққат билан кузатаётган Зураб ҳам беихтиёр чўқиниб олди. Заур шошилмасдан, тантанавор қадам ташлаб курсига яқинлашди-да, бир таъзимни бажо келтириб, таёқчаларни қўлига олди. Сўнг қўлларини олдинга чўзганича Иланинг энг катта тасвирига яқинлашди-да, пичирлаб дуо ўқий бошлади.
Руҳоний отадан кўз узмаётган Зураб ҳудди илоҳий бир даҳшат чимматига ўралиб бораётгандай ҳис қилди ўзини. Заур зўр бериб дуо ўқиётган пайтда таёқчалар гўё жонлангандай қимирлашди. Улар қандайдир куч таъсирида юқорига кўтарилдилару, сўнг яна Заурнинг кафтларига қўндилар. Шу алпозда осетинча бир ҳарфни ясадилар.
Заур ибодатини тўхтатмай, балки янада берилиброқ дуо ўқий кетди.
Таёқчалар яна кўтарилдилар. Яна жойларига қайтдилар. Яна аввалги ҳарф ҳосил қилинди.
Заур ибодатини ниҳоясига етказиб, илоҳи Ила ҳақига пичирлаганича шукрона айта-айта таъзим қилгач, таёқчаларни жойига қўйди-да, Зурабга юзланди:
-Тбау-уац-Ила саволингга жавоб қайтарди. Дўстингнинг бахти кулгай, умидига етгай, севганига етишгай. Энди тутунган уканг номидан Тбау-уац-Илага шукр қил!
Руҳоний отанинг “тутинган уканг номидан” деб таъкид оҳангида гапириши Зурабни лол қолдирди. Заур унинг ажабланишини сезмагандай мулойимлик билан деди:
-Кимнинг номидан келганинг менга ошкор этилди.
Бу гапдан кейин Зураб Иланинг тасвирига юзланиб тиз чўкди, шукрона дуосини ўқиб, тўхтовсиз равишда чўқиниб, беҳисоб равишда сажда қила кетди.
Шу куниёқ у Кадгаронга чопар жўнатиб, хушхабарни Керимга етказди.
***
Орадан кунлар, ҳафталар ўтди. Май ойи водийга тантанавор ва ғолибона қадам ташлади. Ҳамма ёқни нафис гулларга, илиқ қуёш нурига чўмдирди. Золийхон баъзан қийин аҳвол бандилигида қийналса ҳамки, Урусхонни оч-наҳор қолдирмади. Бунинг учун у бир неча маротаба айёрлик ва алдов кўчаларига кириб чиқишдан ҳам ор қилмади. Аввалига у ўрмон ёқасигагина келар, ўзини Урусхоннинг бағрига отар эди. Мана шу шарқираб оқаётган ирмоқ сонсиз бўсалар ва эркалашларнинг тилсиз гувоҳи. Тотли кечаларнинг бирида Урусхон унга шундай деди:
-Юр, мен сенга ўзимнинг шоҳона кўшкимни кўрсатай. Момиқ ўтлар менинг кўрпа-тўшагим, илдизлар - юмшоқ ёстиғим.
Бу таклифдан Золийхон қўрқиб кетиб, орқасига тисарилди:
-Йўқ, йўқ,-деди у титроқ овозда,-Урусхон, зўрлама, мен журъат қила олмайман.
Бу ўжарлик Урусхоннинг ғазабини уйғотди:
-Амримга итоат этасанми ё йўқми?!-деди у овозини баландлатиб.-Қачондан бери хотин эрга бўйсунмайдиган бўлиб қолган?
Урусхон севгилисининг нимадан қўрқаётганини англамай ножоиз ранжиган эди. “Ёрим худонинг қаҳр-ғазабига учрамасин”, деган ҳавотирдаги Золийхон очиғини айтишга журъат этди:
-Урусхон, сенга итоат этиш менинг бурчим, лекин... мен... сенга бирон фалокат ёпишиб қолишидан қўрқяпман.
Урусхон унинг кўзларини меҳр билан ўпди-да, сўнг даст кўтариб олди:
-Қўрқма, ҳамма гуноҳни ўз гарданимга оламан. Урусхон хотинини қандай сева олишини Тбау-уац-Ила бир кўриб қўйсин!
У Золийхонни кўтариб борар, қўрқув чангалидаги қиз эса унинг бўйнини маҳкам қучоқлаб, кўзларини юмиб олган эди. Уларнинг йўлларини тўсиш учун шохларини осилтириб турган қари эман дарахтига ҳам эътибор бермай ўтдилар. Урусхон мамнун кулганича нозик-ниҳолини ерга қўйди. Сўнг булоқ лабига бўркини тўшади.
Золийхон унинг ҳаракатларига монелик қилмади. Буларнинг ҳаммаси унга ширин туш каби ёқимли туюлаётган эди.
У – мард йигитнинг севган ёри – муқаддас ўрмонда ётибди. Бу не сир-синоатки, даҳшатли Тбау-уац-Ила унга жазо бермаяпти!
Уни чақмоқ ҳам ургани йўқ, худо унга жазо юбориб, кўзларини кўр ҳам қилмади, ақлини ҳам олмади. Наҳотки Тбау-уац-Ила ҳақидаги гаплар шунчаки уйдирма бўлса?
Урусхон бўрк устида нозланиб ётган қиз томон эгилди. Лабларидан бўса олди. Ҳақиқий бахтли ҳаёт кечиришга, муҳаббат лаззатидан доимо баҳраманд бўлиб юришга даъват этди.
Кейин фақат ўзигагина маълум бўлган тоғ чўққисида жойлашган эски сарой ҳақида гапириб берди.
...Қалин ўрмонлар бағридан гўё юлқиниб чиққандай туюлувчи тоғ чўққилари кўкда, булутлар салтанатидан ўрин олган. Унга олиб чиқувчи на бирон йўл, на бирон сўқмоқ бор.
-У ерга ўзинг қандай чиқиб борасан?-деб ажабланиб сўради Золийхон.
-Қояларга қоқилган ҳалқалар сақланган. Саройга чиқиб олгач, унда фақат ўзим эркин ҳоқонман. У ерга тирик жоннинг оёғи етолмайди. Мен сени ўша ерга олиб кетаман.
-Жоним. қаҳрамоним, сен мени қаерга бошласанг, изингдан боравераман,-деди қиз эркаланиб.
Ирмоқ аста шилдираб, гўё ишқ савдосидан қўшиқ куйлайди. Тбау осмонида ҳукмронлик қилаётган ой нурлари сокин ўрмонни кумуш нур чодирига ўрайди...
ЧОРАСИЗ ҚИЗ
Ой Тбау тоғи чўққилари ортига яширинган паллада Золийхон жар ёқасидаги сўқмоқ бўйлаб шошганича уйига қайтар эди. Эшик олдида акаси билан Зурабни кўрди-ю, қўрқувдан юраги орқасига тортиб кетди. Тонг саҳарлаб икки дўстнинг йўлга кўз тутиб туриши бежиз эмас – Золийхонни кутишаётгани шак-шубҳасиз эди.
“Тбау-уац-Иланинг қаҳри келибди! Энди мени жазолайди!” Золийхоннинг хаёлидан шу фикр ўтиб, титраб кетди. Севгилиси қучоғига кирганда уни тарк этган қўрқув яна қайтди-ю, темир омбурлари билан вужудини сиқувга олди.
Қиз сири фош бўлганини, куни битганини сезди.
У тунда уйидан чиқди – бу ҳақиқатни беркитиб ҳам бўлмайди, рад этиб ҳам. Бироқ унинг қаерда бўлгани номаълум, буни ҳеч ким, ҳеч қачон била олмайди.
Назарида акаси уни майна қилиб ўкиргандай бўлди. Аслида-ку, Қўрғокнинг бундай қаршилаши аҳамиятсиз бир нарса, чунки бу уйда унинг сариқ чақалик эътибори йўқ, ҳатто одам қаторига қўшишмайди. Ҳатто унинг тирикчилиги ҳисобланган таом қолдиқлари ҳам кейинги пайтда сезиларли даражада камайиб қолди. Бир куни у синглисининг ҳаракатларини зийраклик билан кузатиб, қолган овқатни токчага эҳтиётлаб олиб қўйганини кўрди. Эрталаб тура солиб токчага қараганда таом кўринмади. Бу ҳолат бир неча марта такрорлангач, отасига ириллаганча синглисининг сирини фош этмоқчи бўлди. Аммо Заур унга эътибор бермади.
Кунларнинг бирида гўшти шилиб олинган суякни ғажиб ўтирганида Зураб келиб қолди-ю, дардини унга айтиш истаги туғилди. Суякни Зурабга кўрсатиб, зорланиб ўкирди. Зураб унинг дардини тушунгандай бўлди. Пайтдан фойдаланиб, уни уйига бошлаб кетди. Уйда сузмали сомса пиширтириб, бир коса пиво билан меҳмонини сийлади. Қўрғок дўстининг бу марҳаматидан қувониб, пишқирди-да, бу тансиқ таомни иштаҳа билан еди. Сўнг телбаларча кулиб, миннатдорлик билдиргандай Зурабга қўл узатди.
Зураб имо-ишора билан унга мақсадини англатди. Унинг истаги бўйича Қўрғок синглисидан кўз узмай ҳар қадамини кузатиши, уйлари атрофида бирон бегона йигит пайдо бўлиб қолса дарҳол хабар қилиши керак эди. Бу хизмати учун Зураб ўн рублнинг баҳридан ўтиши мумкинлигини ҳам тушунтирди.
Соқов “Зураб синглимга уйланмоқчи экан-да”, деб ўйлаб қувониб кетди. Бу хурсандчилик бежиз эмас, Зураб совғалари ва ширин муомаласи билан унинг кўнглини овлаган эди. Шундай йигитнинг куёв бўлиши Қўрғок учун айни муддао эди. У қувончини ичига сиғдиролмай, Зурабни қучоқлаб, ўпиб қўйди. Кейин кир кафти билан унинг юзини силади. Бу эркалашларидан Зурабнинг ғаши келса-да, мақсадини амалга ошириш йўлида ўзига керакли йўлдош топганидан кўнгли тўлгани учун чидаб ўтирди.
Кечки овқатдан сўнг синглисининг рўмолга нон билан пишган гўшт ўраб қўйганини кўрган Қўрғок отхонага яшириниб, мижжа қоқмай ўтирди. Овул уйқуга берилган онда Золийхоннинг асталик билан уйдан чиқиб, ўрмон томон кетганини кўрди-ю, Зурабни бундан огоҳ қилишга ошиқди. Лекин Зураб уйида йўқ эди, унинг қаёққа кетганини уйидагилар тушунтириб бера олишмади.
Қўшнилари билан ярим тунгача лақиллаб ўтирган Зураб уйга қайтгунича Қўрғок унинг остонасидан нари жилмади. У синглисининг тугунча кўтариб, ой чиқиши олдидан қаёққадир кетганини имо-ишора билан англатди.
-Қаёққа кетди?-деб сўради Зураб.
Соқов саволга жавобан “билмайман” деган маънода елка қисди.
Қизнинг чакки қадам босаётганини Зураб сезган эди. Лекин шу топда уни қаердан излашни билмай гаранг бўлди. Охири Золийхонни қайтишини унинг эшиги остонасида кутишга қарор қилди. Қарорини маълум қилмаса-да, Қўрғок унинг ёнидан жой олди. Тонг қоронғулигида Золийхон пайдо бўлгунига қадар Зураб хаёлан минг кўчага кириб чиқди. Қизнинг бошини айлантирган ким экан, деб ўзи билган йигитларни бир-бир кўз олдига келтирди. Гумонидаги нечта йигитнинг кўкрагига хаёлан ханжар урди, қанчасининг қизга термулган кўзларини ўйиб олди, қанчасининг калласини узиб ташлади… Ички бир ғазаб ўтида қовурилаётган дамда Золийхон кўринди. Зураб мартабаси баланд оиланинг қизини дафъатан саволга тутишга журъат қилмади. Қиз яқинлашгач, ўзини қўлга олиб, олижаноблик билан салом берди:
-Тонгинг хайрли бўлсин, Золийхон,-деди у.- Тонгнинг ажойиблигини қара-я! Шундай бўлса ҳам қиз боланинг бир ўзи юрадиган пайт эмас ҳозир. Ҳар ҳолда хатар ҳам бор-да.
Золийхон саломга жавоб қайтармай тўхтади-да, бошини кўтариб унга мағрур равишда тикилди:
-Қандайдир кодат қачонлардан бери туцатлар қизи учун тартиб-қоида белгилайдиган бўлиб қолган?
Зураб бундай гапни сира кутмаганди. Золийхон унга донолик билан зарба берган эди. Лекин Зураб ҳам бир чўқишда қочадиган анойи кодатлардан эмасди. Шу пайтгача энг гапга чечан қиз ҳам уни мот қила олган эмас. Уруғ-аймоғи мартабасининг нисбатан пастроқ эканига шамаъ қилинган онда ҳам Зураб довдираб қолмаган. Шунинг учун ҳам у жавобга келганда гап излаб тараддудланмади:
-Кодатлар ҳамиша туцатларга содиқ хизмат қилиб келганлар. Керак бўлганида уларнинг номус-ори учун ўз юрак қонларини ҳам тўкканлар. Ҳа, мен – кодатман! Агар зарур бўлса, Заур Туцат хонадонини шармандаликдан асраш учун жонимни беришга ҳам тайёрман.
Бу дадил гапни эшитиб, Золийхон чўчиб тушди.
“Шармандаликдан асраш учун… Зураб нимани назарда тутяпти? Гумони борми?”
Қиз шу ҳавотир билан унга яқин келди. Аввалги ғуруридан асар ҳам қолмади.
-Зураб, сендан ўтиниб илтимос қиламан,-деб ёлборди у,-кечаси кўчада юрганимни бировга айтиб қўйма. Агар оиламизга чиндан ҳам дўст бўлсанг, мени тунда кўрганингни бошқаларга айтмасликка сўз бер.
Энди мағрурлик мартабаси Зурабга кўчди. Қиздан кўз узмаган ҳолда совуққонлик билан сўради:
-Қаерда эдинг?
-Зураб, буни сенга айта олмайман.
-Агар бу қилиғингдан отангни хабардор қилиб қўйсам-чи?
-Барибир айта олмайман.
Зураб ночор аҳволга тушган қиз томон бир қадам қўйди. Ҳеч нимага тушунмаётган Қўрғок эса бир Зурабга, бир синглисига мўлтиллаганича қараб тураверди.
-Золийхон, Керим Тўтараевнинг тутинган акаси эканимни биласан-а, -деб вазминлик билан сўз бошлади Зураб.-Шунинг учун қаерда бўлганингни сўраб, тергашга ҳаққим бор.
-Қанақасига ҳаққинг бўлар экан?-деб юборди қиз ўзини босолмай.-Керим Тўтараевинг билан менинг нима ишим бор? Унга арзийдиган жавобимни айтиб бўлганман.
-Сен гапираверасан. Сенинг гапинг эмас, худонинг буюргани амалга ошади. Сен Керимга тегасан.
-Ҳеч қачон!
Золийхон шундай деб ҳайқирди-ю, нажот излаб атрофига аланглади. Нажот йўқ эди. Соқов акасига кўзи тушиб, ночор равишда бўшашди.
-Тбау-уац-Ила айтди: тақдиринг шу экан, бўйсунишга мажбурсан,-деди Зураб совуқ оҳангни ўзгартирмай.
-Нима? Бекор айтибсан!
-Ўзинг бекор айтибсан. Ишонмасанг отангдан сўра. Мен фол очиб беришини илтимос қилган эдим.
Бу янгиликдан сўнг ўзини тамоман йўқотган Золийхон юзини кафтлари билан тўсди.
Бу қанақаси ахир?! Қалби, муҳаббати фақатгина Урусхонга аталган бўлса-ю, худо уни бошқа бировга раво кўрса?!
Бу қандай кўргилик? Қадамжони булғагани учун худо жазоламоқчими? Ахир у аллақачондан бери Урусхоннинг хотини-ку? Зураб буни хаёлига ҳам келтира олмайди. Аммо Тбау-уац-Иланинг бехабар бўлиши мумкинмас-ку? Ахир бу иш ҳам унинг иродаси билан бўлган-ку? Энди бошқа йигитга раво кўряптими?
Кодат ўғли олий табақали туцат қизининг бу ночор аҳволини кузатиб, лаззатланади.
-Ана, кўрдингми, бошқа иложинг йўқ сенинг. Тақдирдан хабар берувчи фариштанинг айтгани албатта бўлади.
Зураб бу гапни ғолиб одам овози билан айтган эди. Унинг назарида чорасиз қиз мағлубликни тан олмоғи лозим эди. Аммо Зураб кутгандай бўлмади. Золийхондаги мағрурлик яна бош кўтарди.Туцатнинг мағрур қизи амалга ошиши муқаррар қилиб белгилаб қўйилган тақдир ёзуғига ҳам қарши бош кўтарди:
-Ҳеч қачон, ҳеч қачон! Эшитяпсанми, Зураб Кодат! Мен ҳеч қачон Керимга тегмайман!
Зураб қалб нидосини ўзининг кескир гапи билан майдаламоқчи бўлди:
-Барибир сен Керимники бўласан, Золийхон Туцат! Бошқа чоранг йўқ!
Кўнгли чўккан қиз бу одам билан айтишиб туришни истамай, ҳовлисига кириб кетмоқчи бўлди. Аммо йигитнинг бақувват гавдаси йўлини тўсди:
-Агар биронта йигитга кўнгил қўйган бўлсанг, яхши қиз, билиб қўй, уни сенинг нафасинг эмас, ўлим фаришталарининг қучоғи кутяпти.
-Йўлдан қоч. Мени ҳоли-жонимга қўй,-деди Золийхон ялингансимон оҳангда.
Қизни қийнаш ортиқчалигини сезган Зураб четланиб, унга йўл бўшатди. Қиз шошганича ичкари кирди. Ортидан Зурабнинг қаҳрли овози келди:
-Нимагадир ханжарим қонсираб қолди-я!
Зураб бу гапни шунчаки таҳдид учун айтгани йўқ. Агар Золийхоннинг қаердан, кимнинг олдидан келаётганини билса эди, қонсираган ханжарини тонг отмай турибоқ қонга тўйдирарди. Бу бевош қизнинг кимнидир севиб қолгани Зурабга аён. Тунда дайдиб юриши бекоргамас. Биринчи марта Керимнинг истагини айтганда ўйлаб ҳам ўтирмай шоша-пиша рад этгани ҳам бежизмас. Аммо кимни? Қизнинг ақлини ўғирлаган йигит келгиндиларданми ё шу овулдаги эси пастлардан бирими? Зурабга шуниси номаълум.
“Мен буни билишим шарт. Керак бўлса бир ҳафтами, бир ойми изини пойлайман. Билмасдан қўймайман”, деб аҳд қилди у.
Уйга қайтиб, отни эгарлади. Уйқусираб чиққан укасига овга отланганини айтди. Ўткир зеҳни билан тенгдошларидан ажралиб турувчи ўн тўрт ёшли Фидор акасининг мақсади бўлак эканини англаган бўлса-да, унинг гапига ишонгандай бўлиб, қарашиб юборди. Бирин-кетин уйғонган онаси билан синглисига ҳам Зураб овга кетаётганини, беш-ўн кун уйда бўлмаслигини маълум қилди.
ОВ ИЛИНЖИДА
Заурнинг уйи орқасидан тоғ тиккасига кўтарилиб кетган. Бироз баландликдаги яланғоч харсанглар билан ўралган яланглик баҳор ва кузда қўйлар учун бошпана – қўра вазифасини ўтайди. Ундан сал баландроқда тошлардан тикланган бостирма бор. Совуқ тушган маҳали қўйчивонлар шу бостирма ичида жон сақлашади. Ҳозир улар сурувларини чўққилар ортидаги ялангликларга ҳайдаб кетишган. У томонларда ўт сероб бўлишидан ташқари қўйчивонларни бу ерлардаги иссиқлик ва чивинлар беҳаловат қилмайди.
Овга кетаётганини баҳона қилиб уйидан чиққан Зураб сўқмоқ орқали шу бостирма томон юрди. Укаси Фидор уни кузатиб келди. Зураб бу бостирмани бекорга танламаган эди. Бундан туриб Заур Туцатнинг уйини, ҳовлисини бемалол кузатиши мумкин. Руҳоний отанинг уйини овул билан боғлаб турувчи икки йўл ҳам, Найфатга олиб борувчи сўқмоқ ҳам, юқорига, Цагат-Ламардонга қараб кетган йўл ҳам кафтдек кўриниб туради.
Зураб бостирмага жойлашиб олгач, бу ердалигини биров билмаслиги шарт эканини укасига қайта-қайта тайинлади. Фидор оғзида гап турмайдиган мишқи болалардан эмас, шу боис акасининг таъкидлари малол келди. Акаси овга кетган – бошқа гапга ўрин йўқ. Йигит ёшига яқинлашиб қолган ўсмир учун бу сирни сақлаш оғир масала эканми? Фидор акасининг ниятини билмаса-да, ёнида қолиб хизматини қилишни хоҳлайди. Аммо акаси унга бошқа вазифа топширди: ҳар куни бировга билдирмасдан бу ерга сув ва таом келтириб туриши керак. Акасининг ёнида қолиш унинг учун қизиқарлироқ бўлса-да, ялинишга журъат этмайди.
Фидор кетиши билан Зураб икки харсанг орасига жойлашиб олиб, Заур Туцат хонадонига кўз тикди. Бир оздан сўнг кўза кўтарган Золийхон кўринди. Қизилдонга тушиб, сойдан сув олиб чиқди. Унинг ҳотиржам юриши, ҳавотир билан атрофга алангламаслиги Зурабнинг диққатидан четда қолмади. Кейин Заурнинг муридлари пайдо бўлишди. Руҳоний ота уларни кутиб олиб, ичкари бошлади. Бир оз вақт ўтгач, кузатиб қўйди.
Қуёш мағрибга бош қўйди. Салқин тушди. Шом қоронғулик чодирини ёя бошлагач, Зураб кундузги ошёнини тарк этиб, пастроққа тушди. Заурнинг дарвозаси аниқ кўриниб турадиган жойни танлаб, ўтирди.
Унинг тун бўйи мижжа қоқмай ўтириши зое кетди – Заурнинг дарвозаси атрофида тирик жон кўринмади. Кун ёйилмай туриб Фидор сув билан таом келтирди. Зураб унга туцатларнинг уйини диққат билан кузатишни, Золийхон ташқарига чиқди дегунча уйғотиб қўйишни тайинлаб, дам олгани чўзилди. Бу махсус топшириқдан мамнун бўлган йигитча акасининг жойини эгаллади.
Зураб уйғонганида кун тиккага келган эди. Укасини жўнатиб юборгач, яна жойини эгаллаб, кузата бошлади. Кун кутиш азоби билан ўтди. Зурабни қувонтирадиган бирон янгилик бўлмади. Кеч кириши билан у яна пастроқдаги жойига тушди.
Ҳали ой кўтарилгани йўқ. Атроф қоронғу.
Овул уйқуда.
Бирдан у сергакланди.
Заурнинг дарвозаси сассиз очилиб, кўчада аёл қораси кўринди. Кеча қоронғулигида аёлнинг кимлигини ажратиш мушкул бўлса-да, пистирмадаги зийрак Зураб унинг Золийхон эканига амин эди. Қўлида тугунча кўтариб олган аёл бир зум тўхтади-да, нимадандир хавотирланиб, атрофга қулоқ тутди. Кейин, хатар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, Найфат томон тез-тез юриб кетди. Буни кўрган Зураб вақтни бой бермай ўрнидан турди-ю, бамисоли йўлбарсдек чаққонлик билан пастга сакради. Тошларни паналаб, сўқмоқ бўйлаб Золийхоннинг изидан тушди.
“Ярим кечаси Найфатда унга нима бор экан?”-деб ўзига-ўзи савол берган Зураб қанча ўйланмасин маънилироқ жавоб топа олмади.
Ирмоққа етиб келгач, Зураб учун ҳеч кутилмаганда Золийхон чапга бурилиб, жар ёқалаб муқаддас ўрмон томон юрди.
Бундан ҳайратда қолган Зураб ўз кўзларига ишонмай бир зум тўхтаб қолди. Сўнг пусиб, шарпа чиқармай Золийхоннинг изидан соя каби эргашди.
Тбаунинг тишсимон чўққилари тепасига ой балқиб кўтарилди. Шунда Зураб ўрмон этагида турган баланд бўйли одам қорасини кўрди-ю, сўқмоқдан четга чиқиб, ўзини буталар панасига олди. Ўрмондан, зулмат қаъридан чиқиб кутиб турган одам қораси Золийхон яқинлашгач, уни қучоғига олди.
Буни кўриб турган Зурабнинг кўзларидан олов учқунлари сачрагандай бўлди. Қўллари беихтиёр милтиқ сари югургилади. Икковини бараварига қулатиш мақсадида нишонга олди. Аммо бу ернинг муқадас жой экани ёдига тушиб, бунда қон тўкишдан қўрқди.
“Барибир у Керимнинг хотини бўлади!-деб ўйлади у.-Бу одамни эса арзимас хас каби йўлдан супуриб ташлайман!”
У Золийхоннинг нотаниш одамга тугунча узатганин аниқ кўрди. Нотаниш одам уни қучиб, ўрмон ичкарисига олиб кирмоқчи бўлди. Шунда Золийхон ўзини четга олишга уринди. Нотаниш одамнинг ёлборишини рад этиб, уйга тезроқ қайтиши зарурлигини, аввалги сафар қўшнисининг сезиб қолганидан хавотирда эканини айтиб, ялинганларини Зураб эшитди. Золийхон бошқа гаплардан сўз очмади. Ўрмон ичкарисига кириш илтимоси рад этилган йигит энди қизни бағрига босиб эркалай бошлади. Зураб эса Керимнинг бўлажак рафиқасини қучиб, бўса олаётган йигитга ташланиб, майда-майда қилиб ташлашдан ўзини зўрға тийиб турди. Тутинган укасининг рақиби қонини албатта тўкиш фикри уни ҳозирги қасосдан ушлаб турарди. Қасос олишга уни фақат номус-ор ҳаққигина эмас, балки бу муқаддас ўрмон худосига бўлган эътиқоди ҳам даъват этаётган эди.
Севишганлар бир-бирларига тўймай, ажралишди. Номаълум киши эманлар ортида ғойиб бўлди. Золийхон уйига шошилди. Ўйга толган Зураб унга эргашди. Керимнинг йўлига ғов бўлишга журъат этган одамни даф этиш унинг учун сув ва ҳаводай зарурат касб этган эди. Агар ўша номаълум киши овулда от ўйнатиб юрган энг довқур йигит бўлганида ҳам пайсалга солмай чанг солиб, калласини шарт узиб ташлаган бўларди. Лекин Тбау-уац-Иланинг муқаддас ўрмонига яширинган, бу муқаддас ўрмонга аёлни, яна руҳоний ота қизини чорлаб, оёғости қилишдан тап тортмаган одамга қандай ҳужум қилсин? Кўрган-билганларини шу кечнинг ўзидаёқ Заурга сўзлаб беришни хаёл қилди. Назарида ўрмондаги шаккокни йўқ қилишда руҳоний ота унга забардаст иттифоқчи бўла оларди. Бу иблис кўринишидаги йигитни жазолаш Зурабдан кўра унга зарурроқ эди.
Зураб ўйлаб-ўйлаб, Заурга бу кеч эмас, эрта тонгда хабар беришни лозим топди. У Золийхоннинг ҳавфсираб қолишидан қўрқди. Агар у ҳозироқ Заурнинг ҳузурига кирса, қиз сезиб қолиб, севгилисини огоҳлантириб қўйишга улгуриши мумкин эди. Шу тўхтамга келган Зураб Заурнинг қўрғонига қараб юрмай, ўз уйи томон йўл олди. Куфроний рақибини ўрмондан алдаб чиқариб олиш режасини тузиш фикри уни бир зум ҳам ҳоли қўймади.
Зийрак ётган Фидор акасининг шарпасини сезди-ю, ирғиб ўрнидан турганича қарши олди:
-Иш битдими?-деб сўради у.
-Ҳа,-деди Зураб.-Ўлжа қуршовда турибди, эртага ов бошланади.
Зураб бошқа гап айтмади. Фидорга ўлжанинг кимлиги, ов қай тартибда бошланишини билиш ғоят қизиқарли бўлса-да, акасидан сўрашга ботинмади.
МАҲБУСА
Эрталаб Заур ҳовлига чиққанда Зураб унга яқинлашиб, зарур гапи борлигини маълум қилди. Заур унга норози қиёфада боқди. Йигит қарашидаги қатъиятни кўриб, уни ноилож уйга бошлади. Ташқарига чиқиш умидида келаётган Золийхон Зурабни кўрди-ю, остонада таққа тўхтаб, унга хавотир билан боқди. Зураб унга қараб, кўзларидаги қўрқувни кўриб қувонди. Бармоғини лабига босиб, “ҳеч нима айтмайман, онт ичаман”, деган ишора қилди. Бу онда қизни ҳуркитиб юбормаслик учун у ҳар қандай ёлғонни ишлатиб, онт ичишга тайёр эди.
Хонага киришлари билан Зураб эшикни зичлаб ёпди-да, ташқарида қиз қулоқ тутиб тургандир, деган ҳавотирда паст овозда гап бошлади:
-Заур, мен сенга хунук бир ҳақиқатни айтишим керак.
-Айтадиганингни айтавер, мужмаллик қилма.
-Муқаддас ўрмонда Золийхоннинг ўйнаши яшириниб ётибди. Қизинг кечаси унинг ёнига бориб туради.
Қарийб пичирлаб айтилган бу гаплар руҳоний отанинг назарида момагулдиракдек жаранглаб, оламга жар солгандай бўлди. Зураб буни “хунук ҳақиқат” деб атаган эди. Аслида “даҳшатли” деб сифат бергани дуруст эди. Зураб бундай дея олмасди. Ҳақиқатнинг бу даражада даҳшатли эканини фақат отагина ҳис қилиши мумкин. Бу гап ғирт туҳмат бўлганда ҳам отага осонмас. Агар бу хабар чиндан ҳам ҳақиқат бўлса-чи?!
Заур аввалига худди гапга тушунмагандай Зурабга ҳайрат кўзларини қадаб жим қолди. Кейин вужудини қамрай бошлаган вулқон кучга тўлиб, портлади – ханжарини яланғочлади-ю, тиғни Зурабнинг кекирдагига тираб ҳайқирди:
-Сен, ит, қулвачча! Туцат қизининг пок номусига туҳмат қилиб, ҳақоратлашга қандай журъат этдинг?!
Кодат бундай ҳамла бўлишини аввалдан ҳисобга олгани сабабли қўрқмади ҳам, талвасага тушмади ҳам. Ўзини ҳотиржам тутди. Ҳатто киприк қоқмади. Нимадан қўрқсин? У бировларга туҳмат қилувчи йигитлардан эмас. Унда инкор этиб бўлмайдиган далил бор. Заур олдида ҳам, худо олдида ҳам унинг юзи ёруғ. Аксинча, бу талвасага тушган чолнинг юзи қора бўлиб турибди. Агар Зураб хоҳласа “ит, қулвачча!” деб ҳақоратлаётган бу одамнинг ўзинигина эмас, бутун уруғ-авлодининг ор-номусини ер билан тенг қилиб, шармандалик ботқоғига ботириши мумкин эди. Лекин унинг бундай нияти йўқ. Унинг мақсади бутунлай бўлакча.
Зураб тим қора кўзларини қарияга тикди, мижжа ҳам қоқмай бургутқараш қилди:
-Тбау-уац-Ила номи ва унинг қасоси ҳаққи қасам ичаман: айтганларимнинг ҳаммаси рост! Кеча тунда мен уларни ўз кўзим билан кўриб, фақат ўзинггагина маълум қилиб қўяй, деб келдим ҳузурингга. Туцатлар шаънига иснод тушишига йўл қўймасликни мен эр йигитлик бурчим, деб биламан.
Зурабнинг қасами ва “фақат ўзинггагина” деб таъкидлаши Заурга таъсир қилиб, ханжарини туширди. Энди у вулқон оташида ёнаётган одам эмас, оловда куйиб кул бўлган бечора ота ҳолатида эди.
-Ҳузуримга келиб тўғри қилибсан,-деди у титроқ овозда,- гапир...
Шу топда Заурнинг кўзи дераза томонга тушди. Дераза ортида соя ҳаракатини кўрди-ю, ёшига ярашмаган чаққонлик билан бир сакраб, эшик ёнида пайдо бўлди. Эшикни шашт билан очди – остонада турган Золийхон ўзини панага олишга ҳам улгурмади.
-Бу ёққа кир!-отанинг сўзлари бўғиқ момагулдирак каби эшитилди.-Зурабнинг гапларини ўзинг ҳам эшит!
-Дадажон,-деб ёлборди остона ҳатлашга ҳадиксираган қиз,- унинг ҳамма гаплари ёлғон. Керим Тўтараевга тегмайман, деганим учун аламини оляпти.
Заур қизининг ёлборишига қулоқ солмади:
-Агар ёлғон сўзлаётган бўлса, бу хонадан тирик чиқмайди. Қани, кир!
Қўрқув сиртмоғи бўйнига ташланган қиз отасининг амрига бўйсунишга мажбур эди. Золийхон ичкари киргач, Заур эшикни зичлаб беркитиб, қулфлади-да, калитни чўнтагига солди. Сўнг хансираганича юриб бориб, дераза пойидаги курсига ўтирди.
Зураб билан Золийхон тик турганларича ундан садо кутишди.
Заур бу топда худосининг ғазабини қўзғотишга сабаб бўлувчи қандай гуноҳ иш қилиб қўйганини ўйлаб топишга уринарди. Исломни ҳам, насарони ҳам инкор этган адашган қавм ўйлаб топган худо эмас, Яратган жазо юбораётганини унинг ноқис ақли тушуниб етмасди. Аждодларига Тангри ажиб неъмат бериб эди – юз ўгирдилар. Агар асрлар муқаддам ҳидоятни танлаганларида эди, ҳаё либосида улғайган қизлар номуснинг қадрига етган ҳолда улғаяр эдилар. Заур каби оталар бегона йигитдан машъум хабарни эшитиб бошларини эгмас эдилар.
Деворлардаги олтин суви юритилган тасвирлар мойчироқнинг липиллаётган нурида жило тарқатади. Аммо бу жило хонадагиларнинг биронтасига таъсир қилмайди. Уч одам – уч олам, ҳар бири ўз ташвиши билан банд. Ниҳоят, руҳоний ота тилга кирди:
-Зураб, Тбау-уац-Иланинг нигоҳи сенга қадалиб турибди, фақат тўғрисини сўзла!
-Мен фақатгина ҳақ гапни айтаман, Заур!-деди Зураб дадиллик билан. Сўнг гапидан адашмай, ҳаммасини бир бошдан бошлади: аввал Керимнинг Золийхонга бўлган муҳаббатидан хабар топганини маълум қилди, кейин тутинган укасининг илтимоси билан қизга совчи юбориш борасида мурожаат қилгани ва қизнинг ўйлаб ҳам ўтирмай рад жавоби берганини, дўсти бундан изтироб чекавергач, Заурга фол очирганини, фол Керимнинг исмини ошкор этгач, қизнинг ҳаракатини кузата бошлаганини, ниҳоят ярим кечаси қаердандир қайтаётган Золийхонни учратганини айтиб берди. У қасамига содиқ қолиб, гапига ёлғон аралаштирмаса-да, ишга Қўрғокнинг аралашганини яширди. Бироқ тепадаги қоялар панасида қандай пойлоқчилик қилганини, қизнинг бу кеч эшик оғзида пайдо бўлганини аниқ баён қилди. Золийхоннинг изидан пусиб боргани, муқаддас ўрмондан номаълум эркакнинг чиқиб келиши, қизнинг унга тугунча узатишини айтгач, бир зум сукут сақлади. Гўё воқеанинг давомини айтишга андиша қилгандек туюлди. Бу сукут чоғида Золийхоннинг юраги қўрқувдан ёрилиб кетаёзди. Андиша деган фазилатга бегона Зурабга аслида айнан шу керак эди. Қизнинг қўрқув оғушида титрай бошлаганидан мамнун бўлган Зураб энди унинг йигит қучоғига киргани, эркалаш ва ўпичлардан маст бўлганини батафсил тасвирлаб берди. У тасвир ўқларининг ота ва қиз қалбини поралаётганини сезиб турар ва бундан лаззат оларди. Зураб шаккокни отишга аҳд қилгани аммо муқаддас жойга қон тўкиб гуноҳкор бўлишдан қўрққанини айтгач, нафас ростлади.
Золийхон Зурабнинг ҳикоясини ўлим тўрига чирмашиб қолган қуш ҳадиги билан тинглади. Қадамжода гуноҳга ботгани учун Тбау-уац-Ила жазо бериш мақсадида гўё боши узра ўлим булутларини тўплаётгандай эди. Кутилмаган бу бахтсизлик уни шу даражада ларзага солди-ки, у ҳатто тайинли жавоб қайтаришга ҳам қодир бўлмай қолди. Золийхон жазодан қўрқяпти, ўлим олдида чорасиз қиз талвасага тушди, дейилса унинг шаънига иснод бўлар. Тоғнинг қайси мағрур қизи ўлимдан қўрқибдики, Золийхон талвасага тушса? Бу онда Золийхон ўзи ҳақида ўйламасди. Унинг бутун фикру хаёли Урусхонда эди. Улар нотаниш кишининг кимлиги билан қизиқадилар, аммо тирик экан, лабларидан бу ном учмайди! Қани эди, қанот чиқарса-ю, севгилиси ёнига учиб бориб, уни хатардан огоҳ қила олса!
Зурабнинг хотиржам оҳангдаги ҳикояси Заурнинг қалбига оловли қўрғошин бўлиб қуйилиб бориб, кўкрагини куйдирди. Кимдир кетма кет бошига оғир гурзи билан уравергандай бўлиб, охири гангиб ҳам қолди. Хонага жимлик чўккач, у хаёлини жамлашга уринди. Зураб кириб келиб, гап бошлаганида уни ноҳақ ҳақоратлаганини англади. Аммо узр сўрамади. Чунки Туцатлар ҳеч қачон кодатлар олдида паст кетиб, узр сўрашмаган. Заурнинг ғазаб ўқлари энди қизи томон отилиши кутилаётган эди. Чиндан ҳам Заур бу он қизини бўғиб ўлдиришга ҳам тайёр эди. Аммо ўзини босди. Ички оловни ташига чиқармади. Босиқ овозда қизидан сўради:
-Шу гаплар ростми?
Қиз юзини кафтлари билан тўсди, аммо жавоб қайтармади. Заур ўша совуқ оҳангда саволини такрорлади:
-Золийхон, шу гаплар ростми?
Саволни хонадаги ўлик сукунат ютди. Мойчироқ атрофидаги хира пашшанинг ғинғиллашига уччовлари ҳам эътибор беришмади. Сукунатни яна Заурнинг овози поралади:
-Тбау-уац-Иланинг қасоси ҳаққи, айтилган гапларнинг барчаси рост экан!-деди у изтироб билан. Кейин қизига ўгирилиб сўради:
-Унинг кимлигини айт!
Золийхон тилини тишлади.
-Отангга жавоб берасанми ё йўқми!- у шундай деб қизининг билагини бор кучи билан сиқди.-Ким у, айт, шарманда!
-Ота, мени ўлдиришинг мумкин, лекин мен унинг кимлигини айтмайман!
-Айтасан! Мен сени гапиришга мажбур қиламан.
Золийхон қатъийлик билан бош чайқади:
-Мажбур қила олмайсан, ота. Туцатлар орасидан шу пайтгача сотқин чиқмаган.
Бу гапни эшитган Заур қизининг қўлини беихтиёр қўйиб юборди: “Қизим ҳақ! Туцатлар ҳеч қачон сотқинлик қилишмаган!..”
-У билан қаерда топишдинг?-деб сўради Заур саволни бошқа томонга буриб.
-Бўрон турган тунда қўноқ бўлиб келди. Бир кеча ётди,-деб қиз гапни қисқа қилди.
Бу иқрор отани қаноатлантириши мумкин эмасди. Заур гапнинг давомини кутди. Қизи жим туравергач, сўради:
-Кейин-чи?
-Кейин...-Золийхон “айтсамми ё айтмасамми?” деб иккиланиб турди-да, сўнг дадил гапира бошлади:- ўрмонда яширинишини айтиб, таом келтириб туришимни илтимос қилди.
-Сен... илтимосини қабул қилдингми?
-Дарров рози бўлмадим, бу йўлдан қайтаришга уриндим. Лекин у мени мазах қилиб, фаришта Дзуардан қўрқмаслигини айтиб, барибир ўша ўрмонга кетди.
-Сен-чи?.. Уни севиб қолдингми?
Отанинг бундай саволига энг беҳаё қиз ҳам дарров жавоб қайтара олмаса керак. Золийхон гарчи ўзини Урусхонга бахш этиб қўйган бўлса-да, ҳаё чегарасидан буткул чиқиб улгурмаган эди. Шу боис саволни яна сукунат ютди.
-Сенлар...
Заур “қўшилдиларингми?” деб сўрамоқчи эди. Аммо тили бу гапга айланмади. Бу даҳшатли савол берилмаган бўлса-да, Золийхон отасининг муддаосини англаб, жим тураверди.
Заур қовоғини уйганча жим қолди. Сўнг девордаги энг катта тасвир томон юзланди-да, амр этди:
-Ёнимга келиб, тиз чўкинглар!
Зураб ҳам, Золийхон ҳам унга сўзсиз итоат этишиб, муқаддас ҳисобланган тасвир қаршисида тиз чўкдилар.
Зуар қўлларини икки томон ёйганича тасвир томон йўналтириб сиғина бошлади:
-Тбау-уац-Ила! Сен момақалдироқ ва яшин ҳукмрони, ризқ-насибани мўл қиладиган ёмғирлар ёғдирувчи водийлар ҳомийсисан! Менинг аждодларим асрлар оша сенга тоат-ибодатда бўлиб, эътиқод билан хизмат қилиб келди. Мен ҳам бир қулинг сифатида хизматингдаман. Аммо ҳозир сен шармандалик туфайли абгор бўлган бандангни кўриб турибсан. Ўзимнинг қизим менинг ор-номусимни булғади, бошимни иснод балчиғига ботирди. Лекин бу бошимга ёғилган балоларнинг ҳаммаси эмас. Оҳ, Тбау-уац-Ила! Тоғларимиз паноҳи фаришта Дзуар! Бир бадкирдорнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шаккоклиги туфайли мен – сизларнинг бандаи хизматкорингиз гуноҳга ботиб, қаҳрингизга учраб турибман. Мен муқаддас ўрмонни ҳимоя қила олмадим. Хотин кишининг оёғи зиёратгоҳни булғади. Қадам босишга мутлақ ҳаққи бўлмаган куфроний ўрмонингга киришга журъат этибди. Бу гуноҳимиз учун бизлардан ғазабланма, Тбау-уац-Ила. Тавбаларимизни қабул эт, Тбау-уац-Ила! Бизни аёвсиз жазоингга мубтало этма! Сенга сиғиниб, илтижо этаман: ўзинггагина содиқ хизматкорингни эмас,оилаларимизни, молу-ҳолимизни эмас, водий аҳлини ҳам эмас, фақат ва фақат айбдорларнинг ўзларини жазола, ғазабингни уларгагина соч! Бу худосиз кўрнамакка, сенга қарши чиқишга ботинган шаккокка раҳм этма, жазола уни! Яна... яна... ўз ота-онасининг номусини, урф-одатини унутган, азиз-авлиёлар рад этса ҳамки, у бадкирдор билан аҳду паймон қилган қизга ҳам жазо бер! Ҳа, жазо бер унга! Энди бошимизга қандай кулфатлар ёғилади, Тбау-уац-Ила? Энди нима бўлади? Мени ва иниларимни гуноҳларни ювиш йўлига йўлла! Жиноятчини маҳв этиб, қадамжони поклашимизни насиб эт! Водий аҳлини ғамдан фориғ қил!
Дуо пайтида Заур бир неча маротаба пешонасини саждага қўйди. Ибодатни тугаллаб, қаддини кўтарганида унинг чеҳрасида маҳзун қатъийлик зоҳир эди.
-Зураб!-деди у синиқ овозда.
-Хизматингга шайман, Заур!
-Бугун сен Тбау-уац-Иланинг руҳоний хизматкорларигина биладиган бир сирдан воқиф бўласан.
-Эшитяпман, Заур.
-Сен ҳозир “бу сирни ҳеч кимга, ҳеч қачон айтмайман”, деб қасам ичишинг керак.
-Қасамёд этаман, Заур!
-Тбау-уац-Иланинг қасоси ҳаққи қасам ич!
-Тбау-уац-Иланинг номи билан қасамёд этаман!
-Яхши, энди дераза олдига бориб тур, яна бу беор қиз қочиб кетмасин.
Зураб буйруққа сўзсиз итоат этди: ҳудди кутилмаган ҳужумга шайлангандай ханжарининг сопини ушлаб турди.
Заур қалин тахтадан ишланган оғир сўрини сурди. Полнинг бир ерини босган эди, икки энли тахта ўз-ўзидан кўтарилди. Зулмат ўрага олиб тушувчи зина кўринди. У ўзини бир қадам четга олди-да, бармоғи билан ўрани кўрсатиб, қизига: “Пастга туш!” деб буюрди.
Золийхон ўрага қўрқув кўзи билан қараб олиб, отасига илтижо билан:
-Ота, сен бундай қила олмайсан,-деди.
-Ўз ихтиёринг билан тушасанми, ё оёқ-қўлингдан кўтариб ташлаб юборайликми?-деди Заур, қизига қарамасликка тиришиб.
Қўрқув даҳшат исканжасидаги қиз тиз чўкиб, отасининг черкасча узун камзули этагини юзларига суртди-да, кутилмаганда ўкраб йиғлаб юборди. Ташқарида туриб бу ўкирикни эшитган кишига “ширали овоз соҳибаси йиғлаяпти”, дейилса ишонмай, “бирон бир ҳайвонни бўғизлашаётгандир” дейиши аниқ эди.
-Ота, ота! Раҳминг келсин, бечора қизингни кечир!
Бечора қиз... Қани эди, бечора қиз бўлса... Заур ўйлаб ҳам ўтирмай кечирарди. Аммо ёлбораётган бу қиз бечора эмас, у - беномус... номуссизни эса кечириш мумкин эмас...
Заур этагини силтаб тортиб, қизининг чангалидан чиқарди:
-Бақирма, эси йўқ!-қаҳр билан шундай деб бир оз жим бўлди. Сўнг анча босиқ, ҳатто бир оз мулойим оҳангга кўчди:-Золийхон, мен сени бу ердан тезда чиқараман... Қўрқма, мен сенга ўлимни раво кўрмайман. Мен Тбау-уац-Иланинг қарорига қарши боролмайман: сен Керимнинг хотини бўлишинг керак! Сен шу ерда жон сақлайсан. Бадкирдорга хабар етказиб, огоҳлантиришингга йўл қўймайман. Қани, туш пастга!
Қалтираб ўтирган Золийхон қаддини кўтариб, отасининг амрига бўйсинди. Заур мойчироқни кўтариб унинг изидан юрди. Қоя тошларини ўйиб хона шаклига келтирилган тўланинг у ер-бу ерида турли ҳажмдаги қутилар бетартиб ётар эди. Қизидан кейин пастга тушган Заур қутилардан бирини четга суриб, қопқоқни кўтаргач, қоронғу ертўла кўринди. Хона бурчагида титраганича даҳшат ва савол назари билан қараб турган қизига Заур мойчироқни узатди-да:
-Пастга туш!-деб буюрди.
Золийхон бу сафар талвасага ҳам тушмади, отасига ёлвормади ҳам. Отаси ҳудди арзимаган ишни буюргандек итоат этиб, мойчироқни олди-да, нарвон поясига оёқ қўйди. Нарвоннинг ўн икки поясини босиб пастга тушгач, тепадаги қопқоқ ёпилди, қулфнинг “ширқ” этгани ҳам эшитилди. Золийхон ертўла деб ўйлаган жой анчагина кенг ғор эди. Мойчироқнинг ожиз нури ғорнинг ҳамма ерини ёрита олмасди. Тош деворлар томонга эмандан ишланган оғир ўриндиқлар қўйилган. Ўз дардига банди Золийхон бунча ўриндиқларнинг вазифаси нимадан иборат эканини ўйлаб ҳам кўрмади. Қўлидаги мойчироқни тошдевор токчасига қўйди. Бир оз ҳаракатсиз тургач, ўриндиққа омонат ўтирди. Бошига ёпирилган бало булутининг қай ҳолда пайдо бўлганининг сабабини ўйлай бошлади. Ўйлай-ўйлай “Тбау-уац-Ила! Қаҳринг шунчалар қаттиқми? Билиб турибман... менинг шаккоклигим учун бу жазоинг ҳам кам”, деган фикрга келди. Чорасизлик занжирига банди қилинган қиз нимқоронғулик бағридан нажот кутгандай қўлларини баланд кўтарди-да:
-Менинг паҳлавоним! Менинг Урусхоним!-деб пичирлади. Кейин бирданига даҳшат билан чинқириб юборди-да, ҳушидан кетиб йиқилди.
Бу онда Заур тепага кўтарилиб, тўла қопқоғини ёпиб, сўрини жойига суриб қўйди.
-Энди сен бу тўланинг сирини биласан. Нотиинч кунларда жон сақлаш учун бобокалонларим қояни ўйиб ўзларига бошпана қилишган экан,-деди Зурабга қараб.
-Мен бу сирни ўзим билан қабрга олиб кетаман,-деди ҳануз деразани пана қилиб турган Зураб.
-Бунга шубҳам йўқ, Зураб. Лекин яна бир сирни сақлашга онт ичишинг керак. Золийхоннинг ...-Заур “беномуслигини” демоқчи эди, аммо бу сўзга тили айланмади. Қийналиб бўлса-да, ўзгачароқ тарзда баён қилди: - қилиғини биров билмаслиги керак.
Заур Зурабдан йигит сўзини олишга ишонган эди. Аммо ишончи пуч бўлиб чиқди. Зураб у томон яқинлашди-да, кўзларига тик қараб деди:
-Онт ичолмайман, Заур. Керим Тўтараевдан менинг яширадиган сирим йўқ. Буни унга айтишга мажбурман.
Заур йигитнинг кўзларидаги қатъийликни кўриб, бошини эгди.
-Сен ҳақсан,-деб чуқар хўрсинди. Кейин унга илтижо билан боқди:-Фақат бошқаларга айта кўрма... сендан ўтиниб сўрайман, айниқса бу овулдагилар билишмасин.
-Албатта шундай бўлади. Мен дўстимнинг хотини номусига гард юқишини истамайман. Сен у аблахни нима қилмоқчисан, ўйлаб кўрдингми?
-Унга Тбау-уац-Иланинг ўзи жазо беради!
-Шундай деб кутиб ўтирмоқчимисан? Йўқ! Уни қўлга тушириш керак!
-Қўлга тушириш керак, дейсанми? Қачон? Қандай қилиб? Бир ҳафтадан кейин ой тўлишади. Биз шундан кейингина ўтин териш учун ўрмонга кира оламиз. Унга қадар ҳатто менинг ҳам ўрмонга киришга ҳаққим йўқ. Кирган тақдиримизда ҳам қадамжода олишиш мумкин эмас. Ўйлаб кўр: бирдан бир чора – уни алдаб, ўрмондан чиқишига мажбур қилишимиз керак. Аммо эҳтиёт – шарт! У маккорнинг ўрмондан чиқиб қочиб қолишга уриниши аниқ.
-Қаёққа қочади? У шаккок ҳали сири ошкор бўлганини билмайди-ку? Золийхон унинг олдига кун ора қатнарди. Демак, эртага кечқурун қизингизни кутади.
-Бу гапинг ҳам тўғри. Мен укаларимни ҳузуримга чорлай. Сен уларга режангни айтасан.
-Золийхон ҳақидаги сирни ошкор қилмай турайми?
-Қариндошларимдан яширадиган сирим йўқ. Улар бор ҳақиқатни билишлари шарт. Сен ҳозироқ бу ердан чиққину Тамби билан уларнинг ўғилларини чақир. Кейин Иналдко, Моцко ва Хсинларни топ. “Муҳим иш бор”, деб тайинла. Ҳаммалари дарҳол етиб келишсин. Ўзинг йўлда у-бу ишга аралашиб қолиб кетма, бирга кел.
Зураб буюрилган вазифани бажариш учун ташқарига чиққач, Заур ичкари уйга кириб “Золийхонни шошқич бир иш билан Дарговга юборганини” хотинига маълум қилиб қўйди.
ҚУРШОВ
Мартаба жиҳатидан иккинчи даражада ҳисобланувчи руҳонийлар – Заурнинг қариндошлари бирин-сирин тўпланишди. Улар Заурнинг ташвишли чеҳрасига қараб бошига мушкулот тушганини сезишса-да, сабабни сўрашдан ўзларини тийишди. Таомили шунақа – катталар лозим бўлган гапларни айтишади, зарурати бўлмаса сир сирлигича қолаверади. Туғишган укаси - Тамби биринчи бўлиб хонага кирган бўлса-да, амакиваччаларининг келишларини тик турган ҳолда кутди. Юрт қонунига кўра, амакиваччаларини Заур “ука” деб атаб, шунга яраша уларга лутф кўрсатарди. Барча жамул-жам бўлгач, катталар Заурнинг таклифига кўра ўриндиқларга ўтирдилар. Зураб ёш туцатлар билан бир қаторда девор томонда тик турарди. Ҳаммаларининг қўллари ханжар дастасида – гўё жанговор ҳолатда катталарнинг амрини адо этишга шай эдилар.
Заур муддаога ўтишдан аввал бобо калонларининг асрлар оша фаришта Дзуарга содиқ хизматда бўлганларини эслатди. Ўзларининг аждодлари васиятига содиқ равишда хизмат қилаётганларини ҳам алоҳида таъкидлагач, қариндошларни шошқич тарзда чорлаши сабабини маълум қилди. Муқаддас ўрмонда куфроний ҳодиса содир бўлганини, энди мункирга қарши чора кўрмоқ учун биргаликда режа ишлаб чиқмоқликлари зарурлигини билдирди. Зураб Заурнинг илтимоси билан ҳикоясини бошлагач, бу янгиликдан ҳайратланган қариндошлар фақат бир озгина жим ўтирдилар. Кейин Зурабнинг гапи ўтирганларнинг ғазабли хитоблари ва луқмалари билан бўлиниб турди. Зураб айтадиганларини баён қилгач, хона бир неча нафас сукунат ихтиёрида қолди. Сўнг Тамби Туцат вазминлик билан оёққа қалқди-да, эшитганларидан қаттиқ ташвишга тушганини, бундай бадкирдорликнинг юз бериши етти ухлаб бир тушига кирмаганини гапирди.
-Насл-насабимизга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган шармандалик даҳшат солиб турибди. Агар Худо зеҳнимизни очиб, бу ходисани яшириш йўлларини бизларга ўргатмаса, бу ёруғ оламда бош кўтариб юришимиз мумкин бўлмай қолади. Ҳеч ким,-шундай деб у қатор турган ёшларга қараб олди,-бу ҳақда оғиз очмаслиги шарт. Ҳатто уйдаги хотинлар ҳам сезмалиги зарур,-энди у Заурга қаради. Заур бу қарашнинг маъносини уқди:
-Уйимдагилар билишмайди. Қизимни яширин ертўлага қамаб қўйганман, бадкирдорга хабар етказа олмайди.
-Тўғри иш қилибсан, Заур,-деб давом этди Тамби.-Ҳозирги вазиятда оиламизнинг шармандали ҳолатига чора топишдан ҳам муҳимроқ вазифа бор: Тбау-уац-Ила хизматида бўлган биз – руҳонийларнинг қарорига водийнинг фаровонлигигина эмас, тақдири ҳам боғлиқлигини унутмаслигимиз шарт.
-Бунинг нақадар қабиҳ жиноят эканини тасаввуримга сиғдира олмаяпман,-деди Иналдко.-Ҳаммамизни ҳам худо урмасайди, деб қўрқаман. Ахир дунё яралганидан бери то шу кунга қадар муқаддас ўрмонимизга хотин зотининг қадами яқин йўламаган эди-я! Тўғри, айрим эркаклар орасидан чиққан шаккоклар қадамжони оёғости қилганлар. Лекин фаришта Дзуар уларни ўша заҳотиёқ аёвсиз жазолаган. Куфрдан қўрқмаган бу бадкирдорнинг ҳали ҳам муқаддас ўрмонда яшаши-ю, ҳали ҳам жазосини олмагани бошимизга ёғиладиган балоларга ишора эмасмикин? Унинг бир ўзинигина жазолаш Тбау-уац-Илага камлик қилаётган бўлса-чи? Балки бизларни ҳам гуноҳкор жиноятчи қаторида кўраётгандир? Акалар, сизлар доносизлар, айтинглар, қандай қилсак гуноҳимизни ювамиз, қайси яхши ишларимиз эвазига худонинг қаҳридан қутула оламиз?
Иналдко ўтирганларнинг барчасига мурожаат қилган бўлса ҳам, жавобни Заурдан кутдилар.
-Биз ўша мункирни қўлга олиб, қадамжони яна оёғости қилинишига бундан буён йўл қўймаслигимиз керак,-деди Заур ўйчан тарзда.
-Мен ҳам шуни ўйлаётган эдим,-деди Тамби.-Лекин ўрмонга кирмай туриб уни қўлга ололмаймиз-ку? Ўрмонга кириш учун бир ҳафта кутамизми?
-Биз уни алдаб чиқарамиз ўрмондан,-деди Иналдко.
-Чиқмаса-чи?-деб сўради Заур.
-Унда биргина чорамиз бор: ўрмонни қуршаб оламиз-у, очликдан силласини қуритамиз. Қани, чиқмай кўрсин-чи!-деди Тамби.
-Менга ҳам шу чора маъқул туюляпти,-деди Заур паст овозда.-Қадамжони ўраб олиш учун аҳолини жалб қилишимиз керак.
Бу гапдан Тамби ҳам, бошқалар ҳам ажабланишди. Тамби масалани ойдинлаштириш учун акасига мурожаат қилди:
-Золийхон воқеасини-чи? Уларга айтмассан, а?
-Албатта айтмайман. Золийхоннинг у малъун билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. У кадкаронлик Керим Тўтараевга турмушга чиқади. Керим қизимни севади. Тбау-уац-Ила Золийхонни унга тақдир қилди. Қалин пули арзимаган даражага тушиб қолса ҳам, улардан тўғри гапни яшира олмаймиз.
-Бундан бошқа чорамиз ҳам йўқ,-деди Тамби.-Бунақа машмашалардан кейин...
Тамби гапининг давомини айтмаса ҳам тушунарли бўлди. Бошқалар ҳам тагдор қилиб: “Ҳа... бу машмашадан кейин...”, деб қўйишди.
-Машмаша ўз йўли билан,-деди Мацко,-лекин у одам ким, оти нима экан?
-Кимлиги номаълум,-деди Иналдко,-ҳукумат таъқибидаги абрекдир ёки қасоскорлардан яшириниб юрган бирон номарддир.
-Ҳукумат таъқиб этиб юрганларданми?-кенжа ўғил Хсин бу саволни ўртага ташлаб, ўзича жавоб излади:- Эҳтимол қўрқинчли машҳур Урусхон бўлса-чи?-Бу саволни бериб, акаларига бир-бир қараб қўйди. Унинг бу гумонига ҳеч ким аҳамият бермагач, гапини давом қилди:-Агар ростданам Урусхон бўлса, овимиз роса бароридан келарди-да! Унинг боши учун оз эмас, кўп эмас – нақ беш минг рубл ваъда қилинган-а! Бу пулларни қўлга киритсак, кам-кўстимиз тўлиб қоларди.
-Хомтама бўлма,-деди Тамби унга қараб.-Гапингдан ҳеч нимани билмайдиган гўдакка ўхшайсан. Бу ҳукумат одамларни лақиллатишдан бошқа нарсани билмайди. Эсинглардами, Доғистондаги Бабонинг боши учун ҳам ҳазилакам пул ваъда қилинмовди. Уни тутиб, ўлдирган чўпонга сариқ чақа ҳам беришмади. Агар ўша шаккок Урусхон бўлган тақдирда ҳам биз уни ҳукуматнинг пули учун эмас, худонинг розилиги учун ўлдирамиз. Шуни унутмаслик керак!
-Ҳукуматнинг ваъдасини ҳозирча қўя туринглар,-деб уларни тинчлантирди Заур.-Ҳозирги асосий масала – бу ташвишлардан байрамгача қутулиб олиш чорасини топиш.
Йиғин аҳли кенгаша-кенгаша охири бир қарорга келди. Қарорга кўра, улар ҳар бир дарадаги овулга бориб, жиноятчи қўлга олинмагунича ҳар йигирма тўрт соатда ўринларини алмаштириб туриш шарти билан йигирма бештадан одам талаб қиладиган бўлишди. Овулларга борганда нима деб даъват қилиш лозимлигини Заур укаларига бир бошдан тушунтирди. Заурнинг талабига кўра, улар шунчаки ёрдам сўрамай, балки шу дара худосининг вакили сифатида боришлари ва қадамжонинг оёғости қилинганига бефарқ қараганлари учун гуноҳкор бўлганларини англатишлари ҳамда худонинг ғазабидан қўрқишга чақиришлари зарур эди. Яна айтишлари жоиз эдиким, Тбау-уац-Ила ўзининг содиқ қули Заурга намоён бўлиб, нотаниш кимсани шаккокликда айблади ва бандаларини қадамжони поклашга ундади. Шунда Заур билан Зураб куфроний одамнинг пайига тушиб, ўрмон этагида уни пойлайдилар.
Вазифа аниқ бўлгач, Тамби нотаниш одамнинг кўриниши қандайлиги билан қизиқиб, Зурабга мурожаат этди.
-Баланд бўйли, елкалари кенг одам эди, аммо қоронғида юзини аниқ кўролмадим,-деди Зураб.
-Ана, мен айтганим ростга ўхшаяпти,-деди Хсин жонлаиб.-Урусхонни ҳам баланд бўйли, келишган, бақувват, дейишади.
-Балки шундайдир...-деди Заур ўйчан тарзда, кейин укаларига бир-бир қараб чиқди:-овулларга борганларингда буни ҳам айтинглар. Шаккокнинг яхшигина ўлжа эканини Тбау-уац-Ила маълум қилди, денглар. Шунинг учун ҳеч ким чўчимасин. Худо куфронийни жазолайди, унга ҳужум қилишга журъат этган мардни эса, дунёвий неъматлар билан мукофотлайди. Шундай десанглар уларнинг оёққа қалқишлари осонроқ бўлади. Энди бетўхтов равишда йўлга отланинглар. Бугун қош қорайгунича муқаддас ўрмонимиз бир юз эллик нафар қуролланган ботирлар билан ўраб олиниши шарт.
Йиғилганлар тарқалишга шайланишганда Заур яна бир марта уларга, айниқса, Зурабга Золийхонга таалуқли масалаларда оғиз очмасликларини уқтирди. Шундан сўнг ҳаммалари ҳовлига шошилдилар, отларига миниб, белгиланган овуллар сари йўл олдилар. Пешиндан сўнг бутун водийда жонланиш сезилди. Цагат ламардонликлар уйларининг ясси томларига чиқиб олиб ҳар томондан оқиб келаётган отлиқларни қизиқиш ва бир оз ташвиш билан кузатдилар. Енгсиз босма чакмонларига ўраниб олган чавандозлар тоғ сўқмоқларида аввал нуқта каби кўзга ташланиб, сўнг аниқ равшан кўринардилар.
Қадамжода шаккокнинг пайдо бўлгани ҳақидаги хабар айниқса, цагат ламардонликларни жунбушга келтирди. Барча диний мросимлар шу овул яқинида ўтказилгани учунми улар мутаассибликда бошқалардан ажралиб турардилар. Улар руҳонийларнинг деярли барча гапларига ишонадилар, чизган чизиқларидан чиқмайдиларким, бу соҳада қолганларга ўрнакдирлар.
Бундай бўлиши бежиз эмас, ўзига яраша сабаблари ҳам бор. Шулардан бири – байрам кунлари овул яхшигина даромад олади. Зиёратга келувчи художўйларнинг аксари айнан шу овулга жойлашадилар. Меҳмондан ҳақ олиш одатга хилоф бўлса ҳамки, зиёратчилар мезбонларга “эсдалик учун совғалар” ёки “худойи”лар бериб кетишади. Бундан ташқари зиёратчилар худо учун сўйиладиган қора қўзичоқларни ғоят қиммат нархларда сотиб оладилар. Ибодат мақсадида зиёратгоҳга келган ҳеч бир осетин Тбау-уац-Ила байрамида сўйилажак қўзичоқни сотиб олиш чоғида савдолашиб ўтирмайди. У мана шу қурбонлик эвазига ибодати худога маъқул келишига ва бунинг оқибатида хўжалигига фаровонлик оқиб кириб, харажатларининг қопланиб кетишига ишонади.
Уйи олдидаги майдончада виқор билан турган Заур ўрмонни қуршаб, шаккокка жазо бериш қасдида келаётган мард ўғлонларни дуолар билан қарши оларди. Илоҳий бурчини адо этиш учун етиб келган чавандоз отдан сакраб тушгани ҳамон, овулнинг ўсмирлари эгарни ечиб олиб, тайинли жойга қўйгач, жониворларни ўтлоққа ҳайдардилар.
Руҳоний ота ўғлонларни икки гуруҳга ажратди. Етмиш беш кишидан иборат биринчи гуруҳ тоғ қояларини айланиб ўтиб, ўрмоннинг орқа томонидан қуршаб олиши керак эди. Қолган етмиш беш ўғлонни Заурнинг ўзи тиккасига Найфат йўли билан бошлади. Ярим йўлга етганда у йигитларни жар ёқалаб кетган сўқмоққа йўналтирди. Қуёш ётоғига бош қўймай туриб, ҳар икки гуруҳ ҳалқа бўлиб бирлашишга улгурди. Урусхон ҳар томондан қуршаб олинди.
Заур Зурабни ҳалқа бўйлаб йўллаб, ўғлонларга ўрмон сари қадам босмасликларини, куфроний ташқарига чиқсагина ҳужум қилишлари мумкинлигини қайта эслатди.
Бугун Золийхоннинг келишини кутмаётган Урусхон атрофида нималар содир бўлаётганидан мутлақо бехабар эди. У булоқ яқинидаги майса устда ётиб, келгуси ҳаёти хусусидаги ширин орзуларга банди бўлиб ётарди.
Ўрмоннинг ишончли ҳалқа билан қуршаб олинганига қаноат ҳосил қилан Заур уйига қайтиб, Золийхонни ертўладан чиқарди. Ташқарига чиқиш, бўлиб ўтган гаплардан бировни огоҳ қилишни қатъий таъқиқлагач, ўзи яна ўрмон томонга қайтди.
***
Тун тоғ ва водийни ўз оғушига олди. Бундай кезларда кундузги ишлардан ҳориган Цагат Ламардон аҳли дам олиб ётган бўларди. Бугун қоронғулик бостириб келганини сезмагандай ҳеч ким мижжа қоқмади. Ҳар бир оиладан ҳеч бўлмаганда бир ёки икки одам қўлида қурол билан ўрмонни қуршаб турган кезларда уйда хотиржам ётиш мумкин эканми? Овулдагиларнинг вужуди уйда бўлгани билан ўй-хаёллари хатар билан юзма-юз турган яқинларида эди. Шаккокнинг қонини тўкиш худога маъқул иш бўлгани билан, бу вазифанинг осонлик билан бажарилмаслигини, ўрмондан паноҳ топишга журъат этган мункирнинг ханжари ҳам кимларнингдир жонини олиши мумкинлигини ҳар бир одам англаб турарди.
Бу таҳликали онларда биргина Урусхонгина хотиржам эди. Тамакисини тутатиб, чинор остида ширин хаёллар оғушида ётган абрек ўрмондан чиқди дегунча юзлаб мерганларнинг ўқларига нишон бўлажагини хаёлига ҳам келтирмайди.
Ёш туцатлар мард ўғлонлар қаторида қуршов ҳалқасидан жой олишган. Заурнинг укалари эса худо йўлида қуролланган одамлар орасида юришиб, зийрак бўлишга даъват қилишади.
Аёллар тун қоронғулигида эрларни таом билан таъминлаб туришади.
Тун бекорчи кутиш билан ўтди.
Зоғ ҳам кўринмади.
Ўғлонларнинг нигоҳлари сокин ва сирли ўрмон сари қадалган. Шохлари тарвақайлаб кетган чинор ва эман дарахтларига хавотир билан қарашади. Буталар орасига яширинган азаматлар шаккокнинг кутилмаган онда пайдо бўлишига шай туришади.
Ниҳоят қуёш кўтарилди. Ҳудди яқиндагина бу ерларга тун ҳукмини ўтказмагандай, ҳамма ёқ чароғон бўлиб кетди.
Пешин чоғи қуршовдаги одамлар ўринларини биродарларига бўшатиб, дам олгани Заурнинг уйига қайтишди. Қўрғок билан Золийхон меҳмонлар ташвиши билан банд бўлиб қолишди. Тун бўйи мижжа қоқмай толиққан бир юз эллик одамни кутиб олиш, қорнини тўйдириш осон эканми! Золийхон мезбонлик вазифасини алам ва нафрат билан бажаради. Севгилисининг жонини олиш қасдида туни билан шай турган одамларга хизмат қилиш нақадар оғир! Унинг қўли ишда, хаёли эса Урусхонда эди. У севгилисининг бу қуршовдан қутулиб чиқишига жону дили билан умид қилар, унинг гуноҳини кечириб, паноҳига олишни Тбау-уац-Иладан сўрашга эса ботина олмас эди.
Бу худо кечириш нималигини билмайди, у қўрқинчли, қасоскор ва жазоловчидир. Тбау-уац-Ила ҳақида билганлари фақат шу. Эсини танибди-ки, ундан қўрқиш лозимлигини уқтириб келишади. У ғазабланмаслиги учун ибодат қилишади, рўза тутишади, жазосидан қочиш мақсадида унинг учун қурбонликлар қилишади. Уларнинг дини шундай, раҳм-шафқат, гуноҳни кечириш, муҳаббат тушунчалари бу дин учун ёт.
Заур Тамби билан маслаҳатлашиб, абрекни ўрмондан алдаб чиқариш режасини тузди. Режага кўра, Тамбининг кичик ўғли Мулдор қизларнинг кийимини кийиши, ой ўрмон узра кўтарилиши билан Заурнинг уйидан тугунча кўтариб чиқиб, ирмоқ бўйлаб юриши керак. Ўрмон этагидан юз қадамча беридаги сўқмоқда йиқилиб, инграб овоз беради-ю, лат егандай ётаверади. Ана шунда абрек қўноғини ташлаб чиқишга мажбур бўлади. Чиқади-ю, мерганлар ўқига нишон бўлади.
ХИЁНАТ
Атрофини ўраб турган ҳавф-хатардан бехабар Урусхонга кеча қоронғулигининг осойишта сукунати роҳат ваъда қилгандай эди. Кечанинг бевафо, осойишта сукунатнинг эса алдамчи эканини у сеза олмади. Роҳатли дамларга етиш мақсадида булоқ бошидаги масканини тарк этиб, ирмоқнинг ўрмон бағридан ажралиб чиқадиган ерига бориб турди. Кичик харсанг устига ўтириб, ёз тунига маҳлиё бўлди: тишсимон чўққи тепаси оқаринқирай бошлаб, суйган ёрига етиш они яқинлашганидан дарак берди. Ҳадемай ой кўтарилади. Табиатнинг бу ишорасини кўрган Золийхон уйидан чиқади. Ирмоқ бўйлаб сассиз юриб келиб, унга таом ва тамаки келтиради.
Ой кўтарилиб, қоронғуликда эзилаётган водий гўзаллигини очди. Урусхон “одам қораси кўринмадимикин, бу томон қайрилмадимикин?” деган илинжда водий томондан кўз узмай ўтирди.
Ниҳоят кутгани рўё бўлди:
“Ана, у!”
Урусхоннинг юраги ҳаяжондан тез-тез тепади.
Ирмоқ бўйлаб юриб келаётган одам қораси кутилмаганда йиқилди. Урусхон севгилисининг чинқириғини эшитиб, қулоғини динг қилди. Энди севгилиси ожиз ингради. Милтиғи ўрмон ичкарисида қолганини ҳам унутиб, жар ёқалаб кетган сўқмоқ сари югурди.
Тбау устида хотиржам равишда балққан тўлин ой нури макрни ошкор қилмоқчи бўлгандай ҳар бир харсанг, ҳар бир бута қаторида ерда ётган одамни ҳам ёритди.
Ерда ётган одам қорасини аниқ кўрмаса ҳам Урусхоннинг юраги унинг Золийхон эмаслигни сезди. Гарчи яшин тезлигида фикрласа-да, аниқ хулосага келишга улгурмай, ўқ узган милтиқ жаранги сукунатни поралаб ташлади. Урусхоннинг қулоғи остидан ўқ ҳуштак чалиб ўтди.
“Нима бу? Сотқинликми?”
Ерда ётган одамни энди аниқ кўрди: мўйлави сабза урган йигитчанинг кўзлари “Қалай, боплаб алдадимми?” дегандай кулиб турибди.
Яна милтиқ отилди. Бу сафар ҳам ўқ қулоғи остидан ўтиб кетди. Ўрнидан туриб қочиб қолиш фурсати етганини англаб, қаддини кўтаришга уринган йигитчанинг кўкрагига Урусхон ханжарини то дастасига қадар ботирди.
-Сотқинлигинг мукофоти шу бўлади сенга!
Шундай деди-ю, тошдан тошга сакраб, ўзи учун паноҳ ҳисобланган ўрмон сари қоча бошлади. Қонга беланган Мулдор оғзидан кўпик чиқариб, жон талвасасида қолаверди.
Пистирмадагилар тинмай милтиқ тепкисини босадилар, ўқлар эса нишонни четлаб ўтади.
Яна озгина қолди. Сўнг ўрмон... унда биров даф қила олмайди.
Етай деганда, сўнгги қадамларини боса олмай йиқилди, лабларидан лаънат сўзлари учди.
Зураб отган ўқ унинг ўнг ўпкасини тешиб ўтган эди. Шаккокнинг йиқилганини кўрган йигитлар уни ўлди, деб гумон қилишиб, ғолиблик қийқириғи билан ўринларидан туриб кетдилар. Йиқилиб ётган Ўрусхонга қарата отилган яна бир ўқ ёнбошига санчилди. Пистирмадагиларнинг шодон ҳайқириғи тезгина сўнди: Урусхон қаддини кўтарди-ю, сўнгги кучини тўплаб паноҳкор дарахтлар сари интилди. У дастлабки баҳайбат чинорга етиб келганида мажоли қолмаган эди. У дарахтни худди онасини қучгандай қучоқлади-ю, ҳушсиз йиқилди.
Уни ушлаш учун таъқиб эта бошлаганлар беихтиёр равишда тўхтаб қолдилар. Урусхон муқаддас ўрмон ҳудудига ўтишга улгурган, масофа уч-тўрт қадамни ташкил этса-да, энди ўғлонларнинг биронтаси ўлжага яқинлашишга журъат эта олмас эди.
Отишма овози наридагиларнинг ҳам диққатини тортди. Улар пистирмадаги жойларини тарк этиб, шу томон кела бошладилар. Овулда ҳам жонланиш сезилиб, Найфат йўлида шошилиб келаётган одамлар кўринишди. Кўп ўтмай ўрмон этаги одамлар билан тўлди. Томошаталаблар бошқаларни суриб, суқилиб, олдинга ўтмоқчи, муқаддас чинор панасида ётган шаккокни кўрмоқчи бўлардилар. Қисқа фурсатда бўлиб ўтган воқеа оғиздан-оғизга кўчарди.
Мулдорнинг ўлими қадамжони асрай олмаганлари учун руҳоний отахонларга Тбау-уац-Ила томонидан юборилган жазо сифатида қабул қилинди. Тбау-уац-Илани сўроқламоқ ҳуқуқи ёлғиз Заурга берилгани сабабли у қадамжонинг оёғости қилинганидан аввалроқ огоҳ бўлишга мажбур эди.
Тамби ғам-аламини ичига ютади. Дардидан бировнинг огоҳ бўлишини истамайди. Бошқалар қатори етиб келган ўз уруғининг аёлларини атрофига чорлайди-да, барчага суюкли бўлган, қувноқ Мулдорга аза очишни тайинлайди. Сўнг халойиқни тинчлантиришга уринаётган туцатлар сафига қўшилади. Бировлар уларнинг даъватларига қулоқ солишади, бетоқат ва қони қайноқлар эса муқаддас чинор остида ётган мункирни бу ёққа судраб чиқиб, бурда-бурда қилиб ташлашни исташади. Ғазабларини жиловлай олмаётганларга чинорга яқинлашиш муқаддас ўрмонни оёғости қилмоқлик эканини тушунтириш осон эмасди.
Шу зайлда соатлар ўтди.
Тўпланган юрагидаги ғазаб олови дам сўнгандай бўлади, дам яна катта куч билан аланга олади.
Урусхон эса ҳамон ҳушсиз ётибди.
Бекордан бекорга кутаверишнинг охири кўринмас эди. Тоқати тоқ бўлган бесабрлар изларига аста қайта бошлашди. Дарахт остида ҳушсиз ётган куфронийни қўриқлашга етарли одамларгина қолди.
Кўп қон йўқотганидан мадорсизланган Урусхон эрта тонгда ҳушига келиб, кўзларини очди. Бошини сал кўтариб атрофга қаради-ю, пойлоқчиларни кўрди. Унинг ҳаракатга келганини кўрган қуролли одам сал нарида ўтирган Заурни чақирди. Заур одамларига ўрмонни қуршаб олишни буюриб, дарахтга яқин келди.
-Нотаниш одам, сен кимсан?-деб сўради у Урусхондан кўз узмай.-Сен бизнинг водийга келиб, қадамжони таҳқирладинг. Мункирлик сенга камлик қилибдимики, яна қотиллик ҳам қилдинг. Сен нобакор, худонинг ғазабидан қўрқмайсанми?
Урусхон худди унинг гапларини эшитмагандай жавоб қайтаришга уринмади ҳам. Қаддини сал кўтариб, енгининг бир парчасини йиртиб олди-да, ярасини боғлай бошлади. Заур эса тоқат билан ундан жавоб кутди. Жавоб бўлмади. Урусхон ярасини боғлаб бўлгач, аранг ўрнидан турди-да, маст одам каби гандираклаганича ўрмон ичкарисига қараб юрди.
Унинг бу қилиғидан ғазабланган пойлоқчилар милтиқларини отишга шайлаб, изн олиш илинжида руҳоний отага умид билан қарадилар. Заур уларнинг шаштини қайтариш учун бош чайқади.
-Қадамжода қон тўкиш сира ҳам мумкин эмас. Тбау-уац-Ила унинг жазосини бериш учун сизларнинг ўқларингизга муҳтож эмас. У шаккокни бизга ўзи тутиб беради.
Заурнинг ишонч билан бундай дейиши бежиз эмас, у якшанба куни ўрмонга кирувчи руҳонийларнинг шаккокни қўлга олишларига умид қилаётган эди.
Аламзада ўғлонлар руҳоний оталари чизган чизиқдан чиқмай, чорасиз қолдилар.
Бу пайтда Урусхон яра азобидан бақириб юбормаслик учун тишини тишига босганича булоқбошига етиб келди. У баданини куйдираётган яра қийноғига чидарди, аммо ғазаб олови уни батарроқ азобга соларди. У қандай қилиб алдов тўрига илиниб қолди? Зийраклигини қайда йўқотди? Ўраб олгунларича лаллайиб ётавердими? Милтиқни олмай ўрмон ташқарисига чиққани-чи? Энг лақма одам ҳам бундай эҳтиётсизлик қилмас?
Бу ердалигини у одамлар қаердан билишди?
“Золийхон хиёнат қилди”, деган фикр хаёлига ҳам келмайди. Арзимас туюлган ҳар қандай тасодиф сирни ошкор қилгани аниқ. У ташвишларга ва саргузаштларга тўла ҳаётида тасодифлар билан ҳисоблашишга ўрганиб қолгани учун шу тўхтамга келди.
Урусхон булоқ сувида яраларини ювиб, қон оқишини тўхтатиш учун маҳкам боғлади. Сўнг бу ердан тезроқ қочиш режасини ўйлай бошлади. Тик қояларга синчиклаб разм солиб, бу ерда қолиш хатарли эканини англади. Танга дармон бериши мумкин бўлган овқат йўқ. Қолган-қутган таом қоринга юқ ҳам бўлмайди. Қандай бўлмасин бу ердан тезроқ чиқиб кетиши шарт. Кечагина ҳар ҳил балолардан асраши мумкин бўлган бу муқаддас ўрмон энди унга ўлим зиндони бўлиб туюлди. Токи танасида жони бор экан, таслим бўлмайди, ҳаракат қилади. Унинг аниқ режаси йўқ, аммо омадига ишонади.
Кундузи дам олгани маъқул. Кечаси буларга сездирмай йўл юриш мумкин. Шу қарорга келган Урусхон майса устига чўзилиб, кўзларини юмди. Уйқуси нотинч бўлди. Иситмаси кўтарилиб, азоб чекаётган қалбини қўрқинчли туш даҳшати билан ларзага солиб турди: бир қараса, оч бўрилар қуршовида турибди, ўзини ҳимоя қилай деса – милтиғи йўқ. Бир қараса, ғазабланган Тбау-уац-Ила унга қиёмат жазосини бериш мақсадида устига бостириб келяпти. Бир қараса, тоғ чўққисини қоплаб турган қора булутдан бир парчаси ажралиб тушиб, уни ўраб-чирмаб, беаёвлик билан сиқа бошлайди. Назарида Тбау-уац-Иланинг ғазабнок нигоҳи фақат унгагина қадалган, қасос онлари яқинлигини сезган жасур Урусхонни энди даҳшат чодири бўға бошлайди. Бирданига тоғ чўққилари, ҳатто водий чир-чир айлана кетди. Гўё ер юзи телба қуюн ихтиёрига берилди. Тоғларни ҳудди енгил хас каби гирдикапалак қилаётган қуюн Урусхонни ҳам унутмади: у арзимас зарранинг зарраси сингари айланаверди. Қуюн баҳайбат чўққиларни ўрнидан суғуриб, унинг устига отди. Тошлар қўлларини синдирди, харсанглар оёқларини мажақлади. Тбау-уац-Ила уни шаккоклиги учун шундай жазолаб, чувалчангдай қимирлашга уринаётган Урусхонни мазах қилган каби мамнун кулади.
ТБАУ-УАЦ-ИЛАНИНГ ИНЪОМИ
Урусхон пойлоқчиларни доғда қолдириб, гандираклаганича ўрмон ичкарисига кириб кетгач, Заур билан Тамби руҳонийлар оиласига мансуб барча қариндошларини тўплаб машварат қилдилар. Ой тўлишгач, улар ўрмон ҳудудини босиб ичкари кириш ҳуқуқига эга бўладилар. Ҳозир эса сабр қилмоқликдан ўзга чора йўқ. Номаълум одамнинг нопок қадами билан ўрмонни таҳқирлаши шаккоклик бўлса, ўзларининг ой тўлишгунга қадар ўрмонга киришлари куфр устига баттар куфр саналмоғи аниқлигини улар яхши билишади. Унга қадар эса ўрмон зич ҳалқа билан ўраб олиниши керакким, токи ундан бир қумурсқа ҳам ўрмалаб чиқиб кета олмасин. Уларнинг ҳар бир ҳаракатларини зийраклик билан кузатиб турган Тбау-уац-Ила руҳоний бандаларининг ўз вазифаларини қандай содиқлик билан адо этаётганларини назардан қочирмайди.
Маслаҳат чоғида яна “Бу одам ким бўлди экан?” деган савол такрорланди. Хсин “бу шаккок айнан Урусхоннинг ўзи”, деган аввалги гумонини энди исбот қилмоқчи бўлди. Бу мункирнинг ўлдирилиши учун туцатларнинг беш минг рубл миқдорида мукофот пули олишларини яна бир эслатади.
-Муҳими бу эмас,-деб уни қайириб ташлайди Тамби.
Пойлоқчилар жой-жойларига жўнатилгач, Тамби ўғлининг дафн маросимига тайёргарлик кўриш учун уйига отланди. Инилари эса қасос онини қўлдан чиқармаслик учун жойларида қолдилар.
Заур ҳам уйига қайтди. У жиноятчини қўлга олиш насиб этадими ё йўқми, деб фол очувчи таёқчаларидан сўради. Таёқчалар унинг кўнглига таскин берувчи ижобий жавобни бердилар.
Инилари ва жиянларининг ўрмон пойида сергак турганлари унга далда бериб, бир оз дам олишни ихтиёр қилди.
Эрталаб қизини қайғули аҳволда кўрди. Қиз қалбидаги муҳаббат оловининг забти унга ҳам таъсирини ўтказдими, ҳар нечук ғазабини юмшатди. Куфроний бир эркакни деб асрий қонунни бузишга журъат этган, энди унинг ҳажрида куяётган қизига Заурнинг раҳми келди.
-Золийхон!
-Лаббай, ота?
-Қайғураяпсанми?
Бир оғиз гап гапиришга ҳоли ҳам қолмаган қиз отасига нима деб жавоб қилсин? Золийхон индамайди, бошини эгади.
-У нобакорни хаёлингдан чиқариб ташла!-деб амр қилади Заур.
Ота амри сўзсиз адо этилиши керак. Аммо муҳаббатнинг бақувват занжири билан икки юрак боғланган дамда бундай амрни бажара олувчи ошиқ борми бу дунёда?
Қиз итоатсизлик билан бош чайқади:
-Ота, мен бундай қилишга ожизман.
-О, бахти қаро қиз, нега тушунгинг келмайди? У яраланиб ётибди. Балки жони аллақачон жаҳаннамга кетгандир?
Қизнинг ғамга лиммо-лим тўла қалби азобини титроқ овози ошкор қилди:
-Биламан...
Ота ғамнинг бу садосига эътибор қилмайди:
-Тбау-уац-Ила Керимнинг хотини бўлишингни менга аён қилди.
Золийхон бошини эгганича пичирлади:
-Бу ҳам дзуарнинг жазоси менга...
-Ҳа, бу Тбау-уац-Иланинг жазоси!-деб қатъийлик билан такрорлади Заур.-Сен куфронийга ёрдам бериб, гуноҳга ботдинг. Энди тавба қилиб, гуноҳингни ювишинг керак. Қизим, ишон, сенга раҳмим келяпти. Мен – отаман! Тақдирингга бефарқ қарай олмайман. Сени ҳали олдинда оғир қисматлар кутяпти. Азобларга чидашга мажбурсан...
Заур ота сифатидаги айбига иқрор бўлиб, бошини эгди. Қиз “отам яна бирор нима дермикин?” деган фикрда жим турди. Заурдан садо чиқавермагач, қайрилиб нари кетди.
“Бундан баттарроқ яна қандай азобга дуч келишим мумкин?-деб ўйлади у.-Сарлочиним яраланиб ётибди, мен ярасига малҳам қўя олмайман. Балки отам айтганидай, тириклар дунёсини ташлаб ҳам кетгандир, мен - нотавон эсам унга аза очиб, бир томчи кўз ёши ҳам тўка олмайман. Мен севмаган, бундан кейин ҳам ҳеч қачон сева олмайдиган Керимга тегаманми? Тбау-уац-Ила менга шу тақдирни раво кўряптими? Бу қандай кўргилик!
Золийхон қалбини забт этган пахлавонининг булоқбошида қонига беланиб ётганини хаёлан кўз олдига келтирди. Ички бир қудрат уни ўрмон томон боришга даъват этди.
Аммо...
Тбау-уац-Иланинг қасоси-чи?
У қуршовдаги пойлоқчилар орасидан сездирмай ўтиб олиши мумкин эди. Одамлар сезмай қолишар, аммо шу ўрмон, шу тоғ худоси-чи? Баттар ғазабланмайдими? Унинг жазоси-чи? У ўзининг эмас, севгилисининг бошига бундан баттар балолар ёғилишидан қўрққани учун ҳам ўрмон сари боришга журъат этолмайди.
Қуршовда ўтирганлар назарида жума ва шанба жуда имиллаб ўтди. Урусхон эса иситма оташида алахсираб ўтказди бу кунларни. Кунни зерикиш билан ўтказган пойлоқчилар ўрнига янгилари келишди. Балоғат ёшига етган туцатлар шанба куни рўза тутдилар. Чўмилиб, покиза бўлишгач, ибодат қилишди. Сўнг оппоқ камзулларини кийдилар-да, ўрмонга отландилар. Қурол билан ичкари кириш мумкин бўлмагани сабабли қўлларига фақат таёқ ва ўтин кесгали болта олдилар. Улар шаккокни булоқбошида ётгандир, деб тахмин қилдилар. Уни ухлаб ётганида қўлга олиш режасини туздилар.
Заур “Тбау-уац-Ила бизга мадад беришга ваъда қилди”, дегани учун, ғалабага ҳамманинг ишончи комил эди. Заур бадкирдорни Тбау-уац-Ила ҳукмига рўпара қилмоқ мақсадида тириклайин қўлга олишни амр этди. Агар абрекни беҳос ўлдириб қўйишса, ишга ҳукумат вакиллари аралашадилар. Руҳонийлар эса уларнинг аралашишлари у ёқда турсин, бу ерларга яқинлашишларини ҳам хоҳламайдилар.
Улар муқаддас ўрмон этагига яқинлашиб, тун оғишини кутдилар. Сўнг бир неча гуруҳга бўлиниб, ўрмоннинг турли томонларидан ичкари кирдилар.
Водийдан кўтарилиб келган қора булут тўлин ойни ҳам, осмонга сачраган юлдузларни ҳам ютди.
Ўрмонни қуршаб ётган ўғлонлар харсанглар ва буталар панасида милтиқларини маҳкам сиққанларича зийрак ётибдилар. Уларнинг кўзлари ичкарига йўл олганларда. Оқ камзулли туцатлар баҳайбат дарахтлар остида ҳудди ўрмалаётган арвоҳлар каби кўринадилар.
Заур тўғри булоқбошига бормай, аввал ўрмоннинг ҳамма томонини қараб чиқишни буюрган эди. Топшириқни бажарган туцатлар Заурнинг атрофида бирин-кетин тўпландилар. У болтадан фақат ҳимоя воситаси сифатидагина фойдаланиш мумкинлигини таъкидлагач, булоқбоши томон шарпасиз юра бошладилар. Олдинда бораётган Заур шаккокнинг нима қилаётганини ўз кўзлари билан кўришни истаётган эди. Агар ухлаётган бўлса орқадагиларга ишора қилади. Туцатлар эса унга ташланиб, қўл-оёғини боғлашади. Пусиб, сас чиқармай белгиланган жойга етдилар. Ана, куфроний майса устида ҳаракатсиз ётибди. Заур уни ҳудди шу аҳволда, шу жойда кўришни таҳмин қилган эди.
Сокинлик...
Заур унга аста яқинлашди.
Тбау-уац-Ила жиноятчини унинг қўлига осонлик билан топширди.
Ҳушсиз Урусхоннинг кўзлари юмуқ. Алахсираб, нималардир дейди.
Заур қаддини ғолиблик билан кўтариб, иниларига ишора қилди.
-Боғланглар!
Урусхоннинг ҳушсиз эканидан бехабар туцатлар унга баравар ташланиб, қўл-оёғини боғладилар.
Урусхон уларни ажаблантириб, қаршилик кўрсатмади, уйғонмади, ҳатто нималар бўлаётганини сезмади ҳам.
Урусхонни ўзининг бўркига ётқизишди. Тўрт йигит уни кўтарди. Тамби сал нарида ётган милтиқни кўриб, қўлига олди.
-Уни уйимга олиб боринглар, Тбау-уац-Ила бизга марҳаматини ёғдирди. Бугун қасидалар айтамиз. Ўтинни эртага кессак ҳам бўлади.
Заур шундай деб Тбау-уац-Илани улуғловчи қадимий қасидани куйлай бошлади. Ҳазин оҳангда бўлса-да, киши қалбини ларзага солувчи бу қўшиқ тун сукунатини поралаб ташлади. Маросим иштирокчилари шошилмай сўқмоқ томон боришди. Пистирмадагилар қўшиқни эшитишлари ҳамон ўринларидан турдилар-да, эҳтиром юзасидан бош кийимларини ечиб, қўлга олдилар.
Руҳонийлар ўрмон этагига яқинлашганларида булут чоки сўкилиб, тўлин ой кўринди. Ҳаракатсиз қора бир нарсани кўтариб келаётган оппоқ кийимлилар ой нурида аниқ кўзга ташландилар.
Ғолибона қадамлар билан ўрмондан чиқиб келган руҳонийларни кўрган пойлоқчи йигитлардан бири шодонлик билан:
-У қўлга олинди!-деб қичқирди.
-Шаккок қўлга тушди!-бошқалар шундай деб қичқиришиб, қувончларини ичларига сиғдиролмай милтиқларини баланд кўтарганларича тантана қилдилар.
-Ушланди! Ушланди!-деган шодиёна хабар оғиздан оғизга кўчди.
Тўпланганлар руҳонийлар сафига шошилиб, жўровозда қўшиққа қўшилдилар.
Жар ёқасида ажиб бир манзара намоён бўлди: олдинда оппоқ либослилар, уларнинг изидан қора кийимли ўғлонлар тизилиб боришади.
Қоялардан қояларга урилиб жаранглаётган қўшиқ Цагат Ламардон аҳолисини уйларини тарк этиб чиқишга мажбур этди. Заурнинг уйи олдидаги майдонча бир пасда одамларга тўлди. Ғолибона ва тантанали юриш иштирокчилари майдончага яқинлашишганда қасида ҳам ниҳоясига етди.
Ярадорни кўтариб келган туцатларнинг ёш ўғлонлари уни аста ерга қўйдилар. Одамлар тўдаси қизиқсиниб, ўлжага яқинлашдилар. Бир бола чироқ олиб келиб, унинг юзини ёритди. Ҳеч ким уни танимади.
-Унинг менинг қўноқхонамга олиб киринглар. Тепасида икки киши қўриқлаб турсин,-деб буюрди Заур.
Улар ярадорни кўтариб, ҳовлига қадам босишлари билан Золийхон ичкарига, аёллар хонасига қочиб кириб кетди. Қизнинг вужудини жунбушга келтираётган қандайдир куч уни ёрининг яраларини боғлашга, тасалли беришга ундайди. Аммо ночорлик ҳисси ғолиблик қилиб, хонада беркиниб ўтиришга мажбур этади. Нима қилсин, у бечора, эркаклар тарқалишини кутишдан ўзга иложи йўқ.
Томошаталаблар тарқалишди. Ғала-ғовур ҳам тинди. Урусхон қўноқхонадаги тўшак устида ҳамон ҳаракатсиз ётибди. Қуролланган икки йигит унинг икки ёнида зийрак турибди. Заур худонинг ғазабини келтирган, туцатларни эса беҳаловат қилган бу нобакорга узоқ тикилиб турди-да, йигитларга буюрди:
-Қаранглар, балки ярасини боғлаш керакдир.
Соқчилар амрни бажаришни пайсалга солмадилар. Заур чиқиб кетмай турибоқ, Урусхоннинг қўлларини маҳкам сиқиб турган арқонни бўшатдилар. Кейин устидаги кийимларни ҳам ечгач, ярага ёпишиб, қотиб қолган қонли латтани бемеҳрлик билан юлиб олдилар. Оғриқ зўридан ярадор инграб юборди. Соқчилар энди нима қиларларини билмай ҳайрон турганларида эшик очилиб, Золийхон шошилганича кириб келди. Заур бу ердан чиқиб ярадорга қараш лозим эканини айтганида Золийхон гўё қанот чиқариб учгандай бўлган эди. У келтирган малҳам, тоза мато, илиқ сувни ерга қўйгач, севгилиси ёнига чўккалади. Буларнинг қалб сирларидан бехабар соқчилар сал наридаги курсига бориб ўтирдилар.
Золийхон нозик ва майин бармоқлари билан ярага малҳам қўйиб, авайлаб боғлади. Ёнбошни яралаган ўқ ҳавфли эмас, суякка тегмабди. Аммо кўкракка теккани... Золийхон шунисидан хавотирда.
“Ўқ ўпкасида қолганга ўхшайди,-деб ўйлади у.-иситмалаши шундан”.
Золийхон ярадордан хабар олиб туриш учун қўноқхонада қолажагини билдирди. Соқчилар унга қаршилик қилишмади.
Эртаси куни ёш руҳонийлар ўтин кесиб келгани ўрмонга йўл олганларида катталар ярадорнинг қисматини ҳал қилиш учун Тамбининг уйида маслаҳатга тўпландилар. Улар ўзларича ҳукм чиқариб, ижро этишга ботина олмайдилар. Қадамжонинг хорлангани, жиноятчининг қўлга олинганини бутун водий аҳли эшитди. Ҳокимиятнинг бу янгиликка бефарқ қарамаслиги аён, демак, туцатлар ўзларича ҳеч нима қила олмайдилар.
Ҳатто Тбау-уац-Ила ҳам жиноятчининг жонини олмай, ўз хизматчиларининг қўлига топширди. Заурнинг фикрича, худо бу куфронийга ўлимдан кўра янада азоблироқ ва даҳшатлироқ жазони тайёрлаб қўйган. Шу сабабли энг маъқул чора – ярадорнинг тузалиши ва Тбау-уац-Иланинг қарорини кутиш.
Шу куниёқ Темир Тўтараев ўғли ҳамроҳлигида Цагат Ламардонга етиб келди. Уларнинг изидан икки баҳайбат ит кўмагида сурувни ҳайдаб келаётган хизматкор овулда тўхтамай, қўйларни ўтлоқ сари ҳайдади. Заур ардоқли меҳмонларни ҳовлида кутиб олиб, ўзининг хос хонасига бошлади. Қариялар сўридан жой олдилар, Керим эшик ёнида қолди. Дўстининг ташрифидан хабар топган Зураб ҳам хонага кириб, Керимнинг ёнидан жой олди. Мезбондан амр кутаётгандай ханжари дастасини маҳкам ушлаб, қаддини ғоз тутганча турди.
Руҳоний ота меҳмонини кейинги кунларда юз берган воқеалардан огоҳ қилди. Аммо қизининг жиноятчига таом олиб борганини айтишга тили бормади. Бу гап сирлигача қолмаслигини, Зураб ҳадемай дўстига ошкор қилишини биларди. Шундай бўлса-да, бу ҳақиқатни айтиш унга ўлим азоби каби туюлди. Мезбон гапини тугатиб, тин олгач, Темир жиноятчини кўришга изн сўради.
Заур унга монелик қилмай, ҳовли орқали қўноқхонага бошлади.
Темир ярадор асирни кўрди-ю, беихтиёр бир сесканди. Ўзини ўша заҳоти қўлга ололган бўлса-да, синчков Заур ундаги ўзгаришни сезди. Темир орқасига ўгирилиб ҳовлига чиққунига қадар Заур ундан садо кутди. Аммо мезбон муқаддас ўрмон томон тикилганича жим қолди. Заур меҳмонни тирсагидан ушлаб, уйга бошлади-да:
-Уни танийсанми?-деб сўради.
Агар рус жандарми шундай деб сўраганида Темир рад жавобини берар, қочоқни ҳеч қачон сотмаган бўларди. Аммо ҳозирги шароитда қиёматли дўстига тўғрисини айтиши мумкин. У чуқур хўрсинди-да, Заурга қараб:
-Танийман,-деди.
Заур гапнинг давомини кутиб, меҳмонига савол назарини қадаб тураверди.
-Мен уни абрек бўлмасидан илгари ҳам яхши танирдим. Унинг киндик қони бизнинг овулда тўкилган.
-Демак?..-Заур шундай деб жим қолди. Темир ҳам гапирмади. Жавобни руҳоний отанинг ўзи айтди:-Урусхонлиги аниқми?
Темир жавоб ўрнига бош ирғади.
-Энди ҳаммасига тушундим! Энди ҳаммаси менга аён бўлди! Тбау-уац-Ила менга, ўзининг содиқ қулига марҳамат қилибди! Худойим Урусхоннинг боши беш минг рублга баҳоланганини билади-ку, ахир? Бу бойликни худо менга насиб этибди!
Заур ҳаяжон билан шундай дегач, жимиб, ўйланиб қолди: “Аммо мен уни жандармга ўз қўлим билан топшираманми? Беш минг рубл эвазига “сотқин” деган тавқи лаънатга эришаманми? Йўқ. Буниси тўғри келмайди!”
Заур “чорасини сен топ” дегандай дўстига қараб қолди. Темир “бунинг чорасини топишга мен ожизман”, дегандай нигоҳини олиб қочди. Бир оз ўйлангач, Заурнинг ўзи топди бу чорани: у асирини жиноятчи қочоқ Урусхон деб топширмайди, ҳукумат қўлига. Балки ҳужжатсиз, номаълум кимса деб беради. Ҳукуматдигаларнинг ўзлари бошларини қотириб унинг кимлигини аниқлаб олишсин-у, мукофот пулини чўзишсин. Зарур бўлиб қолса уларга озгина ёрдам беришар. Лекин ҳозирча ҳеч ким асирнинг кимлигини билмаслиги шарт. Заур бу қарорини яна бир марта фикр тарозусига солиб кўргач, қочоқнинг номини сир сақлаб туришини дўстидан илтимос қилди.
Темир бу илтимосни ҳеч бир шартсиз қабул этди.
Отасининг имо-ишора орқали берган амрини адо этиш учун Қўрғок тезлик билан отни эгарлади-да, тоғ тепасидаги яйловга қараб йўл олди. Орадан ярим соат ҳам ўтмай эгарида қора қўзи билан қайтди. Ҳовлига кира солиб, отдан чаққон сакраб тушди. Зорланиб маъраётган қўзини эгардан олди-ю, уни ўнгланишига ҳам қўймай, бўғзига ханжар тортиб юборди. Кейин енгини шимариб, чўккалаб олди-да, жониворнинг терисини шилди, ичак-чавоғини ағдариб ташлади. Амр этилган ондан икки соат ўтмай, меҳмоннинг шарафига сўйилган қўзи гўштидан кабоб тайёр бўлди.
ЎҒИЛ
Шомга яқин Урусхон ҳушига келди, кўзларини очиб, атрофга ҳайрат билан боқди. Эшик ёнида ўтирган қуролли икки йигитни кўрди. Ўрнидан турмоқчи эди, оёқлари боғланганини сезиб, ортиқча ҳаракат қилмади. Яна кўзларини юмди-да, ўзини ухлаганга солди. Аммо онги уйғоқ эди. У бўлиб ўтган воқеаларни эслашга уринди: тўғри, у эҳтиётсизлик қилиб, ўрмондан чиқди, унга ўқ уздилар... лекин, уни алдаган бола...
Урусхон болага ханжар урганини эслаб, мамнун жилмайди. “Сотқинлик учун жон билан ҳақ тўлайдилар... Қизиқ, бу ерга қандай келиб қолдим? Муқаддас ўрмонга кириб мени олиб чиқишга ким журъат этди? Ким мени боғлаб ташлади? Уйқуда эдимми ё ҳушсизмидим? Қанчадан бери ётибман? Чанқадим, оғзимда тупук ҳам қолмабди...”
-Сув... менга сув беринг,-деди у беиҳтиёр.
Унинг хирилдоқ овози жуда паст эди. Шунга қарамасдан қўшни хонада ўтирган Золийхон пахлавонининг илтижосини эшитди, шошилганича чиқиб, ярадорга қарамоқчи бўлган соқчининг қўлидан истаконни олиб, мис қумғондан сув қуйди-да, бир қўли билан Урусхоннинг бошини кўтарди. Золийхонни кўрган Урусхоннинг кўзлари чақнаб кетди. Сувни ютоқиб-ютоқиб ичди-да, баланд овозда:
-Раҳмат!-деди, кейин овозини пастлатиб сўради:-Мен қаердаман?
-Отамнинг қўноқхонасида,-деди қиз ҳам паст овозда, сўнгра янада шивирлаб:-Кейин, кейинроқ гаплашамиз...-деб қўйди.
Бу онда Заур ўзининг хос хонасида Тамби ва Иналдко билан маслаҳатлашиб ўтирарди. У боши беш минг рублга баҳоланган машҳур абрекни Темир Тўтараев таниганини укаларига маълум қилди-да, “Тбау-уац-Ила марҳамат кўргазиб, содиқ хизматларим эвазига бу мукофот пулини менга лозим кўрди. Агар худойим шуни хоҳламаганида жиноятчини менинг қўлимга топширмай, ўзи жазолаган бўларди”, деб изоҳ берди. Укаларга бу изоҳ маъқул келмади. Гарчи “Худо жиноятчини ўзи маҳв этмай қўлимизга топширди”, деган фикрга қўшилсалар-да, қочоқни қўлга олишда барча туцатлар иштирок этганлари сабабли олинажак пул мукофоти тенг тақсимланиши керак, деган талабни ўртага қўйдилар.
Укаларининг талаби Заурга маъқул келмай, баҳс бошланиб кетди.
Заур абрекни биринчи бўлиб кўрганини қайта-қайта такрорлайверди. Укалари эса унга жавобан: “ёнингда биз бўлмасак, ёлғиз ўзинг унга яқинлашишга журъат эта олмаган бўлардинг, уни ким ушлаб, ким боғлаб, ким кўтариб келди, буни ҳисобга олмайсанми?” деб қаттиқ эътироз билдиришди.
Заур ён босишга мажбур бўлди – олинажак пул мукофотини теппа-тенг тақсимлашга қарор қилдилар.
Дераза ёнида турган Золийхон уларнинг бу баҳсини эшитиб, ғашланди.
Ҳали қўлга олинмаган пул ҳақидаги баҳс ҳал этилгач, Тамби “Биз ҳали йўқ нарсани талашиб ўтирибмиз. Ҳукумат ваъдасини бажариб, пулни берадими ё йўқми?”, деган гумонни ўртага қўйди.
-Мен билан пул талашмай, гапни шундан бошласанг дурустроқ бўларди,-деди Заур норози оҳангда.-Сен шаҳарга тушиб, ўша ердаги катта-кичик амалдорлар орқали бу ҳақда аниқ маълумот тўпла. Биз шунга қараб иш кўрамиз. Агар жиноятчини ҳукуматга абрек сифатида топшириб юборсак, таъна тошлари остида қоламиз. Пул униши аниқ бўлсагина, биз уни ҳарбийлар касалхонасига олиб борамиз, шунда ҳам абрек Урусхонни эмас, муқаддас ўрмонимизни оёғости қилиб топтаган шаккокни, руҳонийлар табақасига мансуб йигитчани ўлдирган қотилни ҳукумат ихтиёрига топширамиз. Шундан кейин ҳукумат вакиллари Урусхонни таниб қолсалар, оиламизнинг айби эмас.
Бу фикр Иналдкога ҳам маъқул келиб, Тамбининг эртагаёқ шаҳарга боришини сўради. Заур эса абрекни биров топа олмайдиган жойга яшириб қўйишини айтди. Шундай иттифоққа келган оға-инилар ҳотиржам равишда қўноқхонага чиқдилар. Бу ерда Моцко туцатларнинг азиз меҳмони Темир суҳбатлашиб ўтирарди. Керим билан Зураб эса катталарнинг гапларига аралашмай, девор томонда, ханжарлари дастасини омонат ушлаганлари ҳолда тик турардилар.
Заур Иналдко билан кириб, Темирнинг ёнидан жой олгач, ёшлар енгил таъзим қилганларича ташқарига чиқиб, тоққа кўтарилдилар. Чўпонларнинг ҳужраси яқинидаги харсангга ўтириб нафас ростлаб олишгач, Зураб дўстига бўлиб ўтган гапларни бирма-бир баён қилди.
Отаси билан амакиларининг баҳсини ўғринча эшитиб турган Золийхон даҳшатдан қалтирай бошлади. Гарчи гапларни аниқ-тиниқ эшита олмаган бўлса-да, бир нарсани – мукофот теппа-тенг тақсимланишини англади. Демак, унинг севгилисини ҳукумат жаллодлари қўлларига топширишмоқчи! Қўшни хонадаги тортишув барҳам топгач, Золийхон изига қайтди. Унинг хаёлида фақат битта аҳд чарх урарди: Урусхонни қутқариш керак! Кечгача от ҳозирлаб қўйса, тунда бандиликдан бўшатиб қочириб юборади. Урусхоннинг Сибирга жўнатилишига сира ҳам йўл қўймайди!
Соқчилар Урусхоннинг ёнида чекиб ўтиришибди. Бир қадам ҳам нари кетиш йўқ. Қани эди, Золийхон севган ёри билан бир нафасгина бўлса-да, ҳоли қололса! Қиз ҳудди чўғ устида ялангоёқ тургандай безовталанади. Урусхон ярим юмуқ кўзларини унга тикиб, хавотирини, гапини айтишга фурсат тополмай қийналаётганини сезди. Урусхон қизнинг безовта кўзларига қараб, мақсадини уқишга тиришди. Севгилисининг хавотири бежиз эмаслигини билиб, бошига ёғилиши мумкин бўлган бало дўлига шай туриши шартлигини англади.
Ташқаридан таомланиш вақти етгани маълум қилиниб, Золийхон амакисининг қизи Салимат кўмагида соқчиларга дастурхон тузади.
-Овқат тайёр,-деди Золийхон соқчиларга қараб. Уларнинг имиллаб қўзғолишлари, дастурхон атрофидан жой олишларини тоқат билан кутди. Кейин уларнинг ижозати билан ярадорга таом билан сув келтирди. Урусхоннинг бошини авайлаб кўтариб, сув ичираётганда шивирлаб, хатардан огоҳ қилди.
Сув ичиб бўлган Урусхон қалқиб кетгандай йўталди-да, секингина шивирлади:
-Баҳона топиб битта соқчини чиқариб юбор, менга пичоқ бер.
Золийхон топшириқни англаб, ташқарига чиқди. Дам ўтмай жунчойшаб кўтариб кирди.
-Кечаси совуқ бўлади,-деди у соқчиларга изоҳ бериб. Кейин жунчойшабни авайлабгина ярадор устига ёпди. Жунчойшаб қатига яширилган пичоқ Урусхоннинг ёнига тушди.
Абрек жони қайтариб берилгандай қувониб, пичоқ дастасини маҳкам сиқди. Сўнг сездириб қўймасликка тиришиб, оёғини сиқиб турган арқонни аста қирқа бошлади. Золийхон эса кичкинагина хонтахта устига пиширилган қўй гўшти қўйди-да, қўшни хонадаги меҳмонларга элтиб беришни соқчилардан бирига илтимос қилди.
Урусхон хонадаги ҳар бир ҳаракатни зийраклик билан кузатиб ётди. Ҳукумат одамлари қўлига тушишни сира-сира истамаётган Урусхон жонини сақлаб қолишнинг минг бир йўлини изларди. Ниҳоят топди! Ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайдиган дадил режа тузди: энг аввало қандай қилиб бўлса-да, аёллар бўлмасига кириб олиши шарт. Ана шунда кавказликлар одати бўйича ўғиллик ҳуқуқига эришади-ю, руҳоний ота уни ҳукумат одамлари қўлига топшира олмайди!
Аёллар бўлмасига ўтиб олиш айтишга осон. Аслида устара тиғи бўйлаб ялангоёқ юришдай гап бу. Ё - ўлиш, ё – қолиш! Аёллар бўлмасига киришга интилган ҳар қандай бегона эркакнинг ўлим топишини у яхши билади. Жони гаровда, бироқ бошқа чораси ҳам йўқ. Фурсат етди: арқон қирқилди, хонада соқчининг бир ўзи қолди. Золийхон фурсат ғаниматлигини англатувчи ишора қилди. Соқчини ушлаб қолишга ҳаркат қилишини кўз қараши билан билдирди.
Урусхон фурсатни қўлдан бой берувчи ландовур йигитлардан эмасди. У яра азобини ҳам унутиб, ирғиб ўрнидан турди. Буни кўрган соқчи унга ҳамла қилай деганида Золийхон худди ҳушдан кетгандай ўзини унинг қўлларига ташлади. Соқчи нима воқеа юз берганини англашга улгурмай, Урусхон унинг устига жунчойшабни отиб, Золийхон кутгандай ҳовли томон эмас, хонадон бекасининг хонаси томон югурди.
Дераза ёнидаги курсида ўтирган ожиза бека шарпадан чўчиб тушди. Аммо Урусхон унинг туришига йўл қўймади. Бир қўли билан уни елкасидан қучиб, иккинчи қўли билан кўйлаги тугмаларини узиб ташлаб, кўкрагини очди. Кампир унга қаршилик кўрсатишга ожиз, бақиришдан бўлак иложи йўқ эди. Ҳаёти қил устида турганини билган Урусхон эса режасини амалга оширишга ошиқарди. Сийнабандни юлқиб узиб олгач, кампирнинг қуриб кетган, ажин босган кўкраги кўринди. Урусхон ожизани икки қўли билан маҳкам қучди-да, лабини кўкракка босиб, бир неча бор эмди. Режаси амалга ошгач, ҳаяжон ва ҳаракатдан ҳолсизланганича кампирнинг тиззасига бош қўйди.
-Мен сени эмиб олдим, энди мен сенинг ўғлингман!-деди у заиф товушда.
Урусхон буни айтмаса ҳам кампир қофқазликлар одати бўйича шундай бўлишини биларди. У дастлабки қўрқувдан қутилиб, ўзини босишга ҳаракат қилди. Кўкрагини беркитишга уриниб:
-Сен кимсан? -деб сўради.
-Мен бир бахтсиз одамман, қочоқман,-деди Урусхон ғамли овозда.
-Ўрмонда қўлга олинган шаккок сен эмасмисан?-деди кампир, уни ўзидан нари итариб.
-Одатимиз бўйича мен энди сенинг ўғлингман,-деб такрорлади Урусхон,-энди мендан бундай гапларни сўрама.
Шу онда ханжар яланғочлаган Заур ва унинг укалари хонага бостириб киришди. Урусхон ўнг қўли билан курси суянчиғини ушлаб ўрнидан турди. Қалтис ҳаракат қилганидан кўкрагида яра очилиб кетган эди. Баданидан илиқ қон оқа бошлаганини сезса-да, бунга аҳамият бермай ғазаб оташида кўзлари чақнаётган Заурга тикилди:
-Мен уй эгасининг хотинини эмиб олдим,-деди у дадил гапиришга интилиб,-илоҳий қонунга кўра энди мен сенинг ўғлингман!
Заурнинг ночор қалби икки тўлқин орасида қалқиб қолди: бу қандай бедодлик-ки, қадамжони оёғости қилган шаккок, қизини йўлдан урган аблах, жиянини ўлдирган қотилнинг жазодан қутулиши камлик қилиб, энда ўғиллик даъвосини қилиб турса!? Бу ҳам етмагандай ҳукуматдан умид қилинган беш минг рубл пул мукофоти ҳам сомон хасларидай совурилиб кетяпти. Наҳотки Тбау-уац-Ила бундай фожиага йўл қўйса?
Шу алам ўтида куя бошлаганида хаёлига бошқа, нурлироқ фикр келди:
“Ҳа... Бу Тбау-уац-Иланинг жазоси. Бу куфроний менга ўғил бўлиш баҳонасида жонини қутқариб оляпти. Лекин муҳаббатининг барбод бўлганини ўйламаяпти. Шу ондан бошлаб у менга ўғил бўлса, қизимга ака! Ака билан сингилнинг қўшилиши эса ақлга сиғмайди! Тбау-уац-Иланинг ҳукми шундай!” Бу ҳукмдан қувонган Заур унга қўл узатди:
-Сен ўғиллик ҳуқуқига эриша олдинг. Энди сен менга ўғил, буларга укасан!
Бошқа туцатлар бу “янги қариндош”ни бунчалик тез тан олишни исташмаса-да, бобокалонларидан мерос одатга қарши чиқишга ботина олишмади. Мероснинг муқаддаслиги улардаги ғазабдан ва қасос ташналигидан устунроқ чиқди. Улар бирин-кетин Урусхонга яқинлашиб, ака-укалик риштасини боғлаш аломати ҳисобланган одатни бажардилар – бир неча нафас илгари душман ҳисобланган йигитнинг ўнг қўлини сиқиб кўришдилар. Энг охирида Тамба қўл узатди. Кичик ўғлига ханжар санчган қўлни дўст сифатида ушлашдан кўра ўлим азобига чидаш осонроқ бўлса-да, муқаддас одатга бўйсуниш бурчи устунроқ эди.
Заур Урусхон боғланган арқоннинг кесилганини кўргач, бу ишда қизининг қўли борлигини сезди. “Ёшларнинг юракларини чирмаб турган муҳаббат ипи қариндош тутиниш билан осонгина узила қолмайди”, деб ўйлади Заур. Бир неча дақиқа илгари Тбау-уац-Иланинг жазосидан мамнун бўлган руҳоний ота энди ҳушёр тортди. “Муқаддас одатимизга биз амал қилдик. Қадамжони хорлашдан қайтмаган бадкирдор ака-сингиллик чегарасини тан олармикин? Буни тезроқ узоқ ерларга жўнатиб юбориш зарур”, деган қарорга келиб, Урусхонга аҳдини маълум қилди:
-Тбау-уац-Ила бу ердан тезроқ кетишингни хоҳлаяпти. Сен соғайиб, кучга киргунингга қадар бегоналарнинг кўзи тушмайдиган жойда ёта турасан.
Урусхон қарорни охирига қадар эшита олмай, ҳушдан кетди. Уни Заурнинг қўноқхонасига олиб чиқиб, жойига ётқиздилар. Бошқалар чиқиб кетишгач, Заур унинг ярасини қайтадан боғлаб қўйди. Кейин укаларига аравани ҳозирлашни буюрди. Сўнг ярадорни авайлаб кўтариб чиқдилар-да, аравага ётқиздилар. Моцко ҳушсиз абрекнинг ёнига ўтириб, жиловни қўлига олди. Дори-дармон ва егулик таом ҳам аравага қўйилгач, икки ёш туцат қўшимча буйруқни кутмай, чаққонлик билан отларига миндилар-да, уларга ҳамроҳ бўлдилар. Моцко бошқараётган арава аввалига илонизи йўлдан пастга қараб юрди, кейин эса шовқинли ва асов Қизилдон ёқалаб овулдан узоқлашгач, Тбау чўққиларини мўлжаллаб, юқорига кўтарила бошлади.
Бир неча соатлик йўл азобидан сўнг ён-атрофда ўт-ўлан кўринмай қолди. Гўё тошу харсангдан иборат ўлик салтанатга кириб қолгандай бўлдилар. Айрим харсанглар остида аранг кўриниб турган кўкатларгина бунда ҳаёт борлигидан дарак бериб қолардилар. Тақир-туқур араванинг силкиниши ва тун салқини таъсир этиб, Урусхон ҳушига келиб, тўлин ойнинг сутдай нурига чўмилган ўлик тоғу тошларга аланглаб қаради.
-Муқаддас тоғимизга етиб келдик,-деди Моцко унга бир қараб олиб.-Бу ерга киришга фақат бизнинг авлодимизгина ҳақли. Сен Заурга ўғил бўлдинг, энди бизнинг авлодимиздансан. То соғайгунингча шу ерда яшайсан.
Яна бироз юришгач, йўл дара томон бурилди. Тик қоялар нақ осмонга қадалиб қолгандай туюлади. Баҳайбат харсанглар шу жойда йўлни шартта тўсган. Жилов тортилмаса ҳам от ўз-ўзидан тўхтади. Моцко аравадан сакраб тушиб, дори-дармон ва таом ўралган тугунни қўлига олди. Жиянлари ҳам отларидан чаққон сакраб тушиб, унга яқинлашдилар.
-Уни отга миндиринглар,-деб буюрди у, Урусхонга қараб олиб.-Биттанг отнинг жиловидан тут. Биттанг ярадорни ушлаб кетасан, яна йиқилиб тушмасин, эҳтиёт бўлларинг. Мен олдинда бораман.
Жиянлар чурқ этмай, амрни бажаришга киришдилар: отлардан бирини аравага боғладилар-да, иккинчи отга Урусхонни миндириб йўлга тушдилар. Харсанглар орасидаги сўқмоқдан юқорилаш осон бўлмади. Юлдузлар салтанатига санчилиб қолгандай турган мағрур чўққилар ой нурини ҳам тўсди-ю, атрофни қоронғулик босди. Улар яккатовон йўл азобига бардош бериб, дўнгликни айланиб ўтдилар-да, ясси майдонга чиқдилар. Бу ердан водий кафтдагидек кўриниб турарди.
Урусхонни отдан тушириб, катта ғор оғзи ёнидаги харсангга суяб ўтқазишди.
-Рўзадор руҳонийлар бу ерда илоҳий кечани тоат-ибодатда ўтказадилар,-деб тушунтирди Моцко.-Бу ерда сен бехавотир яшашинг мумкин. Бу жойни фақат туцатларгина билишади. Кучга кириб олгунингча шу ерда қоласан.
Урусхонни кўтариб, ғор ичкарисига олиб кирдилар.
-Энди мана шу хазону хашак сенга юмшоқ тўшак бўлади,-деди Моцко, уни суяб, кейин жиянларига буюрди:- бўркни тўшанглар.
Топшириқ бажарилгач, Урусхонни ётқиздилар.
-Ана энди дамингни олавер,-деди Моцко.-Тугунда таом билан дори-дармон бор. Шишадаги сув бир кунга етади. Кундузи қуёш кўтарилганда ташқарига чиқиб ёт. Бу ернинг ҳавосида тез кунда қувватга қирасан. Бу йигитлар ҳар куни нон-сувингдан хабар олиб туришади.
Моцко “гап тамом” дегандай ташқарига йўналди. Аммо ғор оғзида тўхтаб, орқасига ўгирилди:
-Биз – туцатлармиз! Бобокалонларимизнинг қонунини биз учун муқаддас!- деди у ғурур билан.
Урусхон уларга миннатдорлик билдирди, йигитлар ғордан узоқлашмай туриб яна ҳушидан кетди.
РОЗИЛИК
Бу хонадонга аламу ташвишлар келтирган ярадор Урусхон ортилган арава ҳовлидан чиққач, Заурнинг кўнгли сал жойига тушди. Қизининг абрекка бўлган муҳаббатига чек қўйилганига ишонч ҳосил қилиб, енгил тин олди-да, Темир билан Иналдко ўтирган хос хонасига кирди.
-Темир,-деди Заур, афсус билан,- эшитгандирсан?
-Ҳа, ҳозиргина Иналдко айтди,-деди Темир норозилигини яширмай, кейин пичинг билан қўшиб қўйди:-Ўғлинг кўпайибдими?
Заурга бу пичинг малол келса ҳам эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Кўзини ердан узмай:
-Бу Тбау-уац-Иланинг хоҳиши, унинг ҳукми олдида бизлар ночормиз,-деди.
-Энди уни нима қилмоқчисан?
-Уни... бехатар жойга жўнатдим. Хабар олиб турамиз. Тез кунда қувватга кириб олгач, боши оққан томонга кетаверади.
Қўрғок мўъжазгина хонтахта кўтариб кирди. Хонтахта ўртасига қўйнинг қайнатилган калласи, атрофига эса ёғоч сихга терилган кабоб, бутунича пиширилган сон гўшти, истакон ва нон қўйилган эди.
Тоғдан қайтиб тушган Зураб билан Керим хос хонага кириб, дастурхонга яқинлашмай, яна девор томонда ханжарлари дастасини ушлаганларича тик турдилар.
Заур чап қўлига истакон олиши билан сергак турган Қўрғок шиша пўкагини очиб, уйда тайёрланган қўлбола ароқдан қуйди. Руҳоний ота ўнг қўлига бир сих кабобни олгач, осетинларга хос дуоларни ўқий бошлади. Девор томонда турган ёшлар “Омийн!” деб уни қувватлаб туришди.
Шундан сўнггина меҳмондорчилик бошланди. Ханжарлар қиндан суғурлиб, ҳар бир киши ўзи учун гўшт бўлакларини кесиб олди. Ханжар таомланаётганлар учун бу сафар санчиқ вазифасини бажарди.
Катталарнинг меҳмондорчилиги якун топгач, ёшлар овқатланиш учун қўшни хонага чиқишди. Заур Золийхоннинг жиноятчига ёрдам берганини, овқат билан таъминлаб турганини Темирга айтсамми ё айтмасамми, деб узоқ мулоҳаза қилди. Ўйлай-ўйлай охири қисқа тарзда маълум қилиб қўйишни лозим топди. Нохуш хабарни қийналиб айтган Заур гапини: “Бўлар иш бўлиб ўтди. Агар бевошлик қилиб кўнгил қўйган бўлса ҳам, энди улар ака-сингил. Кўнгил хоҳиши шу билан ўлди”,-деб якунлади. Бу хабардан кейин иккови ҳам жим қолишди. Темирнинг жимлигидан фойдаланган Заур яна тилга кириб, яқин кунларда совчи келгудай бўлса, энди қуруқ қайтмасликларини билдириб қўйди.
Темирга бу хабар ёқмаган бўлса-да, Заурнинг кейинги хулосаси маъқул келиб, ўз қарорини маълум қилди:
-Мен Керимга айтаман, бу ишни энди кечиктириб бўлмайди. Эртага тонг отиши билан Зураб яна қизингга учрайди.
Бу аҳдни эшитгач, Заурнинг елкасини босиб турган ғам қояси ағанагандай бўлиб, енгил тортди. Шу қарор айтилишини кутиб тургандай, қарияларга ўрин тўшаш мақсадида хонага Золийхон билан Салимат кириб келдилар. Темир бўлажак келинининг ҳаракатларига зимдан разм солиб турди. Унда кўнгилни хира қиладиган унсур ёки ота ризолигига қарши исён ўтини кўрмагач, кўнгли хотиржам топди. Қизлар вазифаларини бажариб чиқиб кетишгандан сўнг Заур меҳмонининг ечинишига кўмаклашди. Бу орада Қўрғок кириб отасининг этигини тортиб қўйди. Заур меҳмонни кўрпага ўраб, унга хайрли тун тилади.
Қарияларга ўрин тўшаб чиққан Салимат қўшни хонада овқатланиб ўтирган Керим билан Зурабга энг охирги янгиликни – абрекнинг ўғил ҳуқуқига эга бўлиб қолганини, уни бу ердан номаълум томонга олиб кетишганини билдирди. Керим “Бу қанақаси бўлди?” деган маънода дўстига ажабланиб қаради. Бу янгиликдан мамнун бўлган Зураб “йўлимиздаги энг асосий тўсиқ олиб ташланибди!” дегандай мийиғида кулиб қўйди.
Тонг отиши билан Керим отасига учраб, ҳозироқ Кадгаронга бориб, мўътабар қариндошларидан бир нечтасини Цагат Ламардонга совчиликка йўллашини илтимос қилди. Золийхоннинг Урусхонга муносабати Темирни бир оз ҳавотирга солиб турган бўлса-да, ўғлининг раъйини қайтармади. Аммо одатга мувофиқ аввал қиздан ризолик олишни талаб қилди.
Ота-ўғил совчилик масаласини ҳал қилаётган пайтда ичкари уйда Заур қизи билан ҳудди шу мавзуда гаплашаётган эди. Салимат уйига чиқиб кетган, ожиза кампир эса дераза ёнидаги курсисида уларнинг гапларига қулоқ солиб, жимгина ўтирарди.
-Золийхон,-деди ота босиқ оҳангда,-сен абрекка яна ёрдам бердинг. Арқонни ким кесганини билмайди, деб ўйлаяпсанми?
Золийхон жавоб бермайди. Қайсар қизнинг кўзлари қатъийлик билан ёнади. У ўз муҳаббатини ҳимоя қилиш учун курашмоғи лозимлигини билади. Севгилисидан фақат ўлимгина айириши мумкинлигини отасига айтгиси келади. Бироқ фарзандлик бурчими ё қизлик ҳаёсими, гапиришга йўл қўймайди.
-Золийхон, мен сени айбламоқчи эмасман,-деди Заур оғир тин олиб,-сени Тбау-уац-Иланинг ўзи жазолайди. Сени бу жазодан асраб қолишга мен ҳам ожизман.
“Ҳа, бу турган гап, жазо олишим тайин”, деб ўйлайди нодон қиз.
-Шаккокка кўнгил қўйганинг учун, у малъунга ёрдам берганинг учун ҳам жазолайди,-деб илова қилди Заур.
“Гуноҳим шунинг ўзигина бўлса қанийди, мен қадамжога ҳам киришга журъат этдим”, деб ўйлайди гуноҳкор қиз.
-Кўзларинг айтиб турибди: уни ҳали ҳам севасан. Сен муҳаббатнинг нечоғли телба эканини ҳис қилмаяпсан. Эсингни йиғ, тентак севгининг оловидан эҳтиёт бўл, куйиб қолма! Ҳозирданоқ худонинг қаҳрига учрадинг. Сени деб бутун уруғ-аймоғимиз шармандаи шармсор бўлди. Агар шу нафасдан бошлаб у куфронийдан воз кечмасанг, уни энди акам демасанг, билиб қўй, худонинг қаҳри сени изма-из таъқиб этаверади. Кўргулигинг фақат ва фақат ғам-қайғу бўлиб қолади!
Бу огоҳлантиришдан сўнг Золийхон отасига итоат этгандай бошини эгди. Аммо у бу онда отаси ҳузурида эмас, ўзининг аламли тақдири олдида таслим бўлган эди. Унинг лабларидан Заур кутмаган сўзлар учди:
-Тақдирим ёзуғидан қочиб қутула олмайман, ҳаёт роҳати энди менга бегона, қолган умримни азоб-уқубатда ўтказишимни билиб турибман,-деди у ажиб бир мусиқий ғамгинлик билан. Кейин бошини кўтарди, аҳдини дадил айтди:-Мен ундан воз кечолмайман!
Заур ўзини босолмай, ғазаб билан ўрнидан туриб кетди:
-Тентак! Нима деяётганингни биляпсанми? Энди у сенинг севгилинг эмас, идрок қиляпсанми – энди у аканг! Ўз акангни севмоқчимисан? Ҳеч қачон бундай бўлмаган, бўлмайди ҳам!
Бу таъкиддан сўнг у чўчиб тушди. Дарвоқе, бу ҳақда ўйламаган экан-а! Урусхон ўз жонини сақлаб қолиб, муҳаббатларини эса азобли ўлимга ҳукм қилиб қўйибди-ку?!
Заур қизининг сукут сақлаб, ўйга толиб қолишидан фойдаланиб, гапини кескинроқ оҳангда давом этди:
-Акасига муҳаббат изҳор этиш бахти қароликнинг ўзгинаси! Майли, мен шармандалик балчиғига баттар булғанайин, майли, онанг шўрлик беҳаё қизининг дардида эзилиб адо бўлсин! Бизни ўйламай қўяқол. Лекин севгингдан кечмасанг, Урусхоннинг бошига бундан беш баттар балолар ёғилади. Кулфат ботқоғига ботиб, ит азобида ўлади у! Сенга шу керакми?!
Қиз “йўқ”, деган маънода бош чайқади: Урусхонга аталган балолар унинг бошига ёғила қолсин! Отаси буни тушунармиди?
Заур буни тушунмасди, тушунишни ҳам истамасди. Шу боис қизини аччиқ гаплар савағичида савалашни давом этди:
-Унинг ўзи била туриб шундай қилди. Унга “ўғлим бўла қолгин”, деб таклиф қилганимда мендан ўпкаласанг бўларди. Унинг ўзи сенга эр эмас, ака бўлишни хоҳлаб аёллар бўлмасига кирди. Бунинг учун уни айблама. Урусхон ақлли одамнинг ишини қилди, отасига раҳмат! Сени ғавғолардан озод этиб, бахтли турмушинг учун шароит яратиб берди.
Золийхон отасининг бу гапларини маъқуллай олмасди. Жон аччиғидаги Урусхоннинг танлаган йўли оқибатини ўйлаб кўрмаганлигига у аниқ ишонади. Золийхон отасига эътироз билдиролмай онасига нажот кўзи билан қаради. Йиллар давомида эрига бирон марта эътироз билдирмаган, урф-одатлар талабига ҳамиша бўйсиниб яшаган ожиза кампир бу онда нима қилсин? Бош ирғаб, тасдиқ ишорасини қилишдан ўзга чораси йўқ-ку... Қизини ҳимоя қилиши учун бирор асоси борми унинг?
Золийхоннинг онасидан нажот кутиши саҳродаги ташна одамнинг булутсиз осмондан ёмғир исташи каби амалга ошмас ҳолат эди. У бошини эгиб, чорасиз одамнинг овозида пичирлади:
-Ота, мен уни унута олмайман. Унутишга қурбим етмайди.
“Гапларим таъсир қиляпти, қизим ўз ҳаддида туради, итоатда бўлади”, деб умид қилаётган Заур бу гапдан кейин вулқон каби портлаб кетди:
-Сен уни унутишга мажбурсан! Бу фақат менинг истагим эмас, бу – тақдир тақозоси! Урусхон ҳам шундай бўлишини хоҳлайди. Чунки бу Тбау-уац-Иланинг қарори!-Шундай деб қизи томон бир қадам қўйди:-Буни худонинг бир жазоси деб қабул қилсанг ҳам бўлади.
Золийхоннинг бардош жоми тўлиб-тошди. Энди чидай олмади:
-Она, онажон! Менга ёрдам бер! Мени бу балолардан қутқар!-деб фарёд қилди-ю, ожиза қаршисида тиз чўкди, паноҳ истаб, бошини унинг тиззаларига қўйди.
Она жабрдийда қизининг бошини меҳр қўллари билан силади. Нурсиз кўзлари ёшланди.
-Золийхон, қизгинам, отангнинг сўзидан чиқма,-деди титроқ овозда.-Шундай қилсанг Тбау-уац-Иланинг қаҳридан ўзинг ҳам қутуласан, севганингни ҳам балолардан асраб қоласан. Аввал севган бўлсанг ҳам, энди бу ёғига уни ўз аканг ўрнида кўришинг керак. Бошқа чоранг йўқ.
Ожизанинг хаста овозини Заурнинг дағал товуши босди:
-Тбау-уац-Ила сени Керимга хотин бўлишингни ирода этган. Сен энди худо билан баҳслашмоқчимисан? Худо қаршисида ким эканингни унутяпсанми?
Унинг бу сўзлари кеч топилиб, эрта йўқотилаётган муҳаббатни ўлимга ҳукм қилувчи аҳд бўлиб жаранглади. Бу ҳукм жаранги деворларга урилиб янада кучлироқ акс- садо бергач, гўё ҳисобсиз найзаларга айланди-ю, севги оташида куяётган қиз қалбини илма-тешик қилиб юборди.
-Ҳадемай Зураб келади. “Керим совчиларни юбораверсинми?” деб сўраса қайсарлик қилиб ўтирмай “хўп”, деб жавоб берасан, уқдингми?
Қиз норозилигини бош чайқаш билан ифода этди.
-Сен “хўп”, деб розилик берасан,-деб янада қатъий оҳангда таъкидлади руҳоний ота.-Худо уни сендан ажратиб, кўз илғамас узоқларга кетишини ирода қилди. Худонинг унга атаб қўйган жазосини юмшатаман, десанг “хўп” дейсан.
Кейинги изоҳ Золийхонни тамоман енгди. У отасининг ҳукми адолатли эканини тушунди. Аммо тан олишга қурби етмади. Ақли кўнгани билан беҳаловат юраги норози эди.
-Худодан қўрқишинг керак,-деб давом этди Заур.-Онанг билан менга, яна... аканг Урусхонга бўлган меҳринг ҳаққи-ҳурмати розилик берасан. Унинг ҳаётини тавқи лаънатлардан қутқариб, умрбод бахтли ҳаёт кечириши учун ҳам муҳаббатингни қурбон қилишинг керак!
Иложсиз қиз енгилганини тан олди. Бироқ буни сўз билан ифода этишга ўзида куч топа олмади. Заур бир оз сабр қилгач, яна сўради:
-Хўпми?
-Хўп,-деб шивирлади қизнинг жонсиз лаблари,-Урусхон, сен учун, фақат сен учун “хўп” деяпман...
ЖОНСИЗ ЖОН
Заур муддаосига етиб, чиқиб кетгач, Золийхон онаси билан қолишни, унга ҳасрат қилишни истамади. Унинг кўнгли алҳол ёлғизликни қўмсарди. У ўрнидан аста турди-да, ён томондаги кичикроқ хонага қараб юрди.
Золийхон алангаси кўкларга ўрлаётган икки гулхан орасида қолди. Ақл билан руҳ уни исканжага олиб, дўзах азобига сола бошлади.
“Энди унга сенинг муҳаббатингдан сира-сира наф йўқ. Унинг ўзи сени бу балодан халос этди. У худонинг қаҳру-ғазабига дучор бўлмаслиги учун сен севгингни қурбон қиласан”, дейди ақл.
Шунда руҳ фарёд уради:
-Йўқ, йўқ! Мен уни унутолмайман, унутолмайман! Жонимдан кечаман, лекин ундан юз ўгира олмайман!
Азобдаги руҳга ширин хотиралар мадад бера бошлайди. Кўзларини юмади...
Меҳмонхонадаги ўчоқ рўпарасида калта сочли хушсурат йигит ўтирибди...
Унинг қўшиқлари қалбни ларзага солади...
Шундай қўшиқлар куйловчи азамат наҳот уни ўз хоҳиши билан ташлаб кетди?
Бу фикр унинг ўлимтик юрагидаги жонни суғуриб олгандай бўлди. Инграб юборди. Кейин... яна хотиралар уни илк муҳаббатнинг ҳузурли дамларига қайтарди...
Йигитнинг ҳароратли бўсалари... Кучли билаклари билан маҳкам қучоқлаб олишлари... Кейин ўрмон... ойдин кеча...шундайгина булоқ бўйидаги майса устида ўтказилган тотли соатлар. Наҳотки ҳузурбахш дамлар йўқлик оламига чўкиб, қайтмас бўлиб кетди?
Ҳа... ҳаммаси тамом бўлди. Энди тотли нафаслар учун ҳақ тўлаш вақти етди. Ҳақиқий бахт бўлиб туюлган у дамлар энди қон талаб қиляпти. Қон... қон...қон...
Золийхон шу ҳолатда ўтирганида Қўрғок кириб, уни икки ўт балосидан қутқарди. Синглисига имо-ишора қилиб, сув келтириши лозимлигини билдирди. Золийхон унинг ишорасига итоат этиб ўрнидан турди. Сув олгани пастга қараб тушаётганида йўлида Зураб пайдо бўлди. Зураб қизни тасодифан учратиб қолгандай ажабланиб қаради. Золийхон сув келтириш баҳона эканини англаб, унинг қарашига эътибор бермади.
Зураб дўсти Керим ва унинг муҳаббати ҳақида узоқ гапирди. Қалби Урусхон севгиси билан банд қиз бу гапларни ҳушсиз эшитди. Зураб ишқ ғавғоси хусусидаги баёнини тугатгач, “совчилар келаверишсинми?”, деб сўради.
Золийхон розилик ишораси сифатида бошини эгди. Бир нарса томоғини бўғиб олгандай “ҳа”, дейишга қурби етмади. Зураб учун бош эгилишининг ўзиёқ кифоя эди. У қувончли хабарни тезроқ дўстига етказиш учун орқасига қайтди. Қиз унинг изидан қараб ҳам қўймади. Бошини қуйи эгганича йўлида давом этди.
“Нима қилиб қўйдинг-а! Нима қилиб қўйдинг?”дейди юраги ярадор қуш каби потирлаб.
“Нима қилишим шарт бўлса ўша ишни қилдим!”-деб жавоб беради ақли.
Дўсти келтирган хушхабардан кўнгли кўтарилган Керим ўша заҳотиёқ Кадгаронга жўнади. Овулдаги баобрў қариндошларига учраб, Заур Туцат қизига уйланиш нияти борлигини билдирди. Эртасига эса совчиларни бошлаб Цагат Ламардонга қайтди.
Заур совчиларни иззат-икром билан қаршилаб, алоҳида лутф кўрсатиб, Темир жойлашган хос меҳмонхонасига бошлади. Меҳмонлар кутиб олинаётган пайтда Қўрғок ўз вазифасини адо этди: тоғдан қўй келтириб, сўйди.
Совчиларга аталган меҳмондорчилик охирлаб қолганда Заур томонидан чақирилган барча туцатлар бирин-сирин кириб келдилар. Салом-аликдан сўнг икки уруғ орасида қалин пули миқдорини келишиб олиш учун бозордаги каби олди-сотди бошланиб кетди. Арзимас ишдай туюлган бу жараён бутун кеча давом этди. Бу каби масала ҳал этилаётганда кексалар ўтирган жойларида хотиржам равишда баҳс юритадилар. Ёшлар эса суҳбатга аралашмай девор томонда турнақатор тизилиб, ханжар дастасини ушлаганларича қимир этмай турадилар.
Қуёш водийни нурга чўмдириб кўтарилганига икки соатдан ошса-да, туни билан давом этаётган баҳснинг охири кўринмасди. Ёшларнинг сабр косалари тўлиб, “бўлди-да энди, бир тўхтамга кела қолинглар”, дегилари келиб турса-да, одат талаби ва одоб чиройи юзасидан лом-мим демайдилар. Норозиликларини ҳатто кўз қарашлари билан ҳам ифода этмайдилар. Шундай қотиб туришдан лаззат топаётгандай, қарияларнинг баҳсига мутлақо қизиқмаётгандай ҳайкал мисол тураверадилар.
Туцатлар оилаларининг обрў-эътибори, қадимий аслзодалар авлоди эканликларини қанчалик писанда қилишмасин, қизларининг гўзал ва оқила энг муҳими - соғлом эканлигини мақтаб,қалин пули миқдорини оширишга қанчалик уринишмасин, Тўтаревлар Золийхоннинг иффатли қизга хос бўлмаган айби ҳам борлиги, яъни абрекка ёрдам берганини баъзан пичинг, баъзан эса тагдор гаплар билан эслатиб, уларни лаб тишлашга мажбур қилиб туришди. Ниҳоят ҳар икки томон қалин пулини икки юз эллик рубл миқдорида белгилаб, баҳсга якун ясади.
Олди-сотди тугагач, Тамби издиҳом аҳлининг топшириғи билан Золийхоннинг розилигини олгани аёллар бўлмасига чиқди.
Салимат билан унинг синглиси Оминат бу кеча Золийхон билан бирга бўлиб, унинг ясан-тусанига кўмаклашиб ўтиришган эди. Оч-қизғиш рангли миллий либос қизга жуда ярашган эди. Лекин Тамбининг кўзига жияни ғоятда бемор ҳолда кўринди. Қон қочган юзларига қараб, унга ачинди. Шу боис дафъатан гап бошлай олмади. Жиянига бироз тикилиб турди-да, сўнг меҳрибон ота овозида сўради:
-Керимга турмушга чиқишга розимисан?
Шундай деб сўрашга сўради-ю, “яна “йўқ!” деб инкор этса-я?” деб чўчиди.
Қиз уни хавотирдан қутқариб, бошини эгди. Ҳудди шабада шивири каби эшитилар-эшитилмас овозда жавоб қайтарди:
-Отам нима деса – шу. Мен ота измидан чиқмайман.
Шундай деб бошини кўтарди. Унинг юзи энди ўликнинг рангидай оқариб кетган эди. Агар Салимат уни ушлаб қолмаганида ҳушсизланиб, йиқилиб тушарди. Тамби хушхабарни етказиш учун чиқиб кетгач, Салимат билан Оминат Золийхонни ўрнига ётқизишди. Икки опа-сингил нима қиларларини билмай, хавотирга тушишганда, Золийхон кўзларини очди. Лекин унинг кўзларида ҳаёт нишонасини билдирувчи нур йўқ, ҳиссиз боқарди. Шу ондан бошлаб Золийхон тошмисол бўлиб қолди. Ҳамма нарсага ҳиссиз, эътиборсиз боқади, айтилаётган гаплар қулоғига кирмайди.
Туйғулари қора ерга кўмилган Золийхон тунни кўз ёшлари билан қарши олди. Йиғлай-йиғлай чарчаб, ухлаб қолди. Тушида Урусхонни кўрди: унинг азобларини ўзига олганмиш. Тонг отганда уйғонди. Энди у ёруғ дунёда кўз очиб юрган бахтиқаро қиз эмас, балки уйқусидагина яшаётган жонсиз жон эди. Унинг назарида бўлиб ўтган, бўлаётган воқеаларнинг барчаси даҳшатли тушда кечаётган эди. Фақат бу аламли тушнинг қачон ниҳоясига етишини, қачон бахтиёр қиз либосида уйғонишини билмас эди.
Керимнинг кириб келишига эътибор бермади. Узатган совғаларини ҳам бепарво равишда қабул қилди. Бу совуқ муомаладан Керимнинг кўнгли оғриган бўлса-да, ишқ оловида куйиб, ўртанаётгани учун бунинг сабабини сўрашдан ўзини тийди. Қизнинг ҳузуридан чиққач, Зурабга хавотирини айтган эди, у: “бу ўтиб кетадиган ҳолат, қўйнингга кирганидан кейин ҳалимдай бўлиб қолади”, деб овутди.
РЎЁ
Кунлар имиллаб ўтаверди. Водийдаги каттаю-кичикнинг байрамга тайёргарлиги авжга минган. Қоялар қуршовидаги ғорда жон сақлаётган Урусхон кундузлари қуёшда тобланиб, анча кучга кирди. У Заурнинг режасидан бехабар бўлгани сабабли “Руҳонийлар мени ҳукумат таъқибидан қочириб бу ерга олиб келишди”, деб ўйларди. У бутунлай соғайиб, қувватга киргач, Золийхонни ўзининг бургут қоясига олиб чиқиб кетишни интизорлик билан кутарди. Қизга етишиш йўлида ўтиб бўлмас довонлар борлигини эса сезмас эди.
“Бунақа одатлару ирим-сиримлар менинг йўлимни тўса олмайди,-деб ўйларди у,-мен унақа лақма одамлардан эмасман”.
Урусхон ўз орзуларига банди бўлиб ётган кезлари руҳонийлар Найфатга кўчиб чиқишди. Ёшлар муқаддас ўрмонга кириб ўтин териб чиқишгач, пиво қайнатишга киришдилар.
Шанба куни эрталаб барча туцатлар жамулжам бўлдилар. Черкасча оқ камзул кийиб олган руҳонийлар азиз-авлиёлари қадамжоларини зиёрат этиб, ибодат қилиб олишгач, Тбау-уац-Илани мадҳ этувчи қасидани айтишиб, тантанали юриш билан тор сўқмоқ орқали водий томон йўналдилар. Неча асрларки, ҳар йили бир марта қуёш энг узун кун маррасига етиб келганда мана шу сўқмоқ орқали Тбау томон борадилар. У ерда тунни ибодат билан ўтказишгач, якшанбада яна шу сўқмоқ билан изларига қайтадилар.
Туцатлар ери бошланадиган жойда зиёратчилар руҳонийларни иззат-икром билан кутиб оладилар. Уларнинг юқори мартаба эгалари эканликлари ҳурматидан оёқлари остида қўйлар сўйилиб, қурбонлик қилинади.
Аввал ибодат қилиниб, кетидан илоҳий қўшиқлар куйлангач, тўкин зиёфат бошланади. Сўйилган қурбонликлар пиширилади, Тбау-уац-Ила шарафига неча-неча қадаҳ ароғу пиволар бўшатилади. Зиёфат авжига чиқиб сармаст бўлинганида яна худолари шарафига мадҳия бошлайдилар. Руҳонийларнинг жарангдор овозлари бутун водийни қамраб олади.
Шундан сўнг руҳонийлар аввалдан аниқ белгилаб қўйилган йўл билан олға юрадилар. Йўл гоҳо кенг ўтлоқлар ёқасидан, гоҳида тоғликларнинг тўртбурчак шаклидаги томорқалари ёнидан ўтади.
Заур Қизилдонга етиб келганда кодатлар уни ўз чегараларида қурбонликлари ва турли совға-саломлари билан кутиб туришарди.
Дуогўйлик ва зиёфат бу ерда ҳам такрорланди. Руҳонийлар бу ерда узоқ қолмадилар. Тантана энди махсус ажратилган ерга – ирмоқ ёқасига кўчди. Заур уруғ-аймоғи билан муқаддас ва илоҳий ҳисобланган йўлдан Тбауга кўтарила бошлади.
Тоғ бағридаги ясси майдончада нафас ростлашди. Бу ердан унча узоқ бўлмаган Хассар Ламардон овулининг аҳолиси уларни зиёрат қилгани келдилар. Улар қадимий одатлари бўйича қўй сурувини ҳам ҳайдаб келган эдилар. Сурув орасидан бир қўй танлаб олиниб, юқорига, сўнгги манзилга етганларида Тбау-уац-Ила учун қурбонликка сўйилиши керак. Ибодат ва қасидадан сўнг Заур пичирлаб дуо ўқиганича сурув оралади. Бир қора қўзи чўзиб маъраганича сурувдан ажралди-да, унинг изидан юрди. Шундан сўнг руҳонийлар яна йўлга тушдилар. Қора қўзи улардан ортда қолмади. Дарага етиб боргач, сўқмоқ орқали ғорга чиқдилар. Ғор оғзида қувватга кириб, аввалги ҳолига қайтай деб қолган Урусхонга рўпара келдилар.
Улар тунни шу ерда ўтказадилар. Қора қўзичоқ сўйилиб, олов ёқилди. Оила бошлиғи бўлгани учун фақат Заургина Тбау чўққисига чиқади.
У ўнг қўлида ўрмондаги оқ қайиндан бугун кесиб чиқилган, уч томонига ҳозиргина сўйилган қўзининг калласи илинган хассани ушлаган, чап қўлида эса бир чўмич тўла пиво билан ёғли пишлоқ тугилган тугунчани кўтариб олган эди.
Руҳоний ота сўқмоқдан шошилмай, аста-аста юриб юқорига кўтарилади. Фақат угина йилда бир марта шу муқаддас чўққига кўтарилади. Бу ерда топинган худоси фақат унгагина мўъжиза кўрсатади.
Машриқда қизил шафақ кўринмай қолди. Дам ўтмай совуқ туман чўққиларни ўз чодирига ўраб олди. Нишаби шимол томонга кетган майсазор майдончага етгач, нафас ростлади. Ўртада тошлардан бетартиб равишда тикланган меҳроб турибди. Бўронлар ҳамласига чидаган меҳроб тошларини моғор босган. Атрофда сочилган суяклар аввалги йиллардаги қурбонликлардан дарак беради. Меҳроб ёнидаги супача худонинг хонтахтаси ҳисобланади. Заур кўтариб келган эҳсонларини шу ерга қўйди. Майдон атрофига уч юзга яқин оқ таёқлар кўмиб қўйилган. Айримларининг учларида қўйнинг калла суяклари илинганича турибди. Айримларини бўрон юлиб олиб, майдонча узра сочиб юборган. Худолари йўлида қилган қурбонликларини шамолу ёмғир, қишда қор-у, ёзда қуёш нурлари чиритиб, адо қилиб юборган. Бу ерга чиқувчи руҳоний зот учун бунинг аҳамияти йўқ, унинг вазифаси – худога аталган қўй калласи илинган оқ таёқчани кўмиб кетиши шарт. Заур учун бу вазифа янгилик эмас. У ханжари билан ерни кавлади-да, таёқчани кўмиб, атрофини тепкилиб, бостириб қўйди. Кейин тиз чўкканича машриқ томон тикилиб худо томонидан аён этилувчи мўъжизани кута бошлади.
Бу ерда дуо ўқилмайди. Ибодат ҳам қилинмайди. Отасининг васияти шундай. У Тбау-уац-Иланинг мўъжизасини тоқат билан кутади. Афсуски, бу мўъжиза ҳар йили ҳам насиб этавермайди.
Заур кутяпти...
У ўзини ғоят ҳақир ва ёлғиз ҳис қилди.
Атрофда вазмин тун сокинлиги ҳукмрон.
Унинг овули пастда жойлашган. Ҳудди худонинг ғазаб омочлари билан шудгорланган ерга ўхшайди.
Ой кўтарилди.
Водий томондан эсган шамол Тбау қоялари орасида сарсари кезади.
Заурнинг вужудига қўрқув оралай бошлади.
Илоҳидан содир бўлажак мўъжиза они яқинлашганини қалбан сезди.
Тиз чўкиб ўтирган руҳоний беихтиёр равишда эгилиб, пешонасини ерга қўйди. Қоялар юзини силаб, сузиб юрган туман қуюқлашди. Гўё ҳамма ёқни қоп-қора тутун босгандай, Заурга ҳатто таёқлар ҳам кўринмай қолди. Кўзга кўринувчи фаришта Дзуарнинг яқинлашаётгани шу тарзда Заурга аён бўлди.
Туман орасида одам қиёфаси кўринди.
Заур ҳушини йўқотди.
Аммо йиқилмади, елкасидан кимдир маҳкам ушлади:
-Қара!
Унинг кўз олдини қоплаб турган қора парда йиртилди-ю, ўтган ва бўлгувчи воқеаларнинг мудҳиш манзаралари кўрина бошлади.
Аввалига кенг ва асов дарёни кўрди. Ажабки... дарёда харсангдан харсангга урилиб кўпирувчи сув эмас, қон оқаяпти. Қон дарёси узоқда эмас, шундайгина ёнидан оқиб ўтяпти. Ана, қон тўлқинлари елкасида нимадир оқиб келяпти. Заур диққат билан тикилди: қизларнинг либосини кийиб олган ўсмир боланинг жасади. Кўксида ханжарнинг ўрни бор. Тўлқинлар жазавага тушганча гирдоб ҳосил қилди-да, жасадни чирпирак қилиб айлантира-айлантира паст томон оқизиб кетди. Заур Урусхоннинг ханжаридан ўлим топган маъсум Мулдорни таниди.
-Оқизиб кетди, оқизиб кетди-я!-деб пичирлади унинг лаблари.
Дам ўтмай ўркач-ўркач қон тўлқинлари яна бир жасадни оқизиб келди. Буниси катта кишиники эди. Гавда тузилишидан азамат жангчи бўлгани билиниб турибди. Юз-кўзлари қулоқчин билан ўраб ташлангани учун Заур бўғзига ханжар уриб сўйилган бу жангчини танимади.
Бу ўлик ҳам ёнгинасидан оқиб ўтиб кетди.
Қонли дарё мавжи тинмайди.
Ана... яна бир кимса кўринди.
Заур беихтиёр қичқириб юборди. У шу топда юзини ўгириб олишни, ҳеч бўлмаса кўзларини юмишни истади. Аммо бундай қилишга ҳаққи йўқ, амр этилган: қарашга мажбур!
Қора либос, сочлари оппоқ, кўзлардаги нур сўнган...
-Хотиним...-деб шивирлади даҳшатга тушган Заур,-менинг хотиним!..
У қон дарёсидан кўзини узиб, бошини ерга уришни истади. Агар бу он ер ёрилса-ю, уни юта қолса, мушкули анча осон бўларди.
Бироқ елкасидан яна бир чайир панжа тутди. Олий ҳоким унга яна қатъий буйруқ берди:
-Қара!
У яна қип-қизил мавжларни, ўлим оқимини кўрди. Оқим оқаверади, оқаверади – охири кўринмайди. Шу аснода тўлқинлар талвасага тушиб, елкасида яна бир жасадни кўтариб келди. Оқ либосдаги ўликнинг юзларига оқ рўмол ташланган, кўйлагининг кўкрак қисми йиртилган, сийнабандлар ҳам йиртилиб, кўкраклари яланғочланган.
Заур даҳшат билан кўзларини каттароқ очди:
-Бу нима? Кўкраклари куйдирилганми?
Шамол жасаднинг юзидаги оқ рўмолни кўтарди.
-Золийхон! Болам!!!
Руҳоний ота ҳушсиз йиқилди. Кўрганлари унинг учун ғоят оғир юк эди – кўтаришга қурби етмади.
Кечаси билан ҳушсиз ётди. Эрталабки совуқдан жунжикиб, ўзига келди. Қуёш туманни ҳайдаб, тоғ ва водийни олтин нурига ғарқ қилиб улгурган эди. Тунги мудҳиш манзаралар ҳам йўқолиб, ҳаёт ўз йўриғига тушиб олганди. Қуёш нурларидан қайта жон олган Заур ўрнидан туриб меҳробга яқинлашди. Бултур олиб келган эҳсонлари қолдиқларини четга олиб қўйиб, изига қайта бошлади. Қоялар билан ўралган майдончада илҳақ бўлиб кутаётган инилари унинг оқариб кетган юзига қараб, ҳавотир назари билан бир-бирларига қараб олдилар. Уларнинг жавоб кутаётганларини Заур биларди. Аммо бу онда бирон нима дейишга ҳоли йўқ эди. Ҳоли бўлган тақдирда ҳам кўрганларини уларга айта олмасди. Шу боис иниларига қараб бош чайқаб қўя қолди. Туцатларнинг “демак, бу тун худо кўриниш беришни истамабди”, деган хулосага келишлари учун шу ишора кифоя қилди.
Урусхон ғордан чиқиб, қаддини ғоз тутди-да, мушт қилиб тугилган қўлини кўкрагига қўйганича мағрур оҳангда салом берди. Заур алик олмай, “сўйилган ўлик шу эмасмиди?”-деган хаёлда бир неча нафас тикилиб қолди.
Руҳонийлар Урусхонни яна ғорда қолдириб, изларига қайтдилар.
Турнақатор бўлиб олган туцатлар неча юз йиллардан бери бобокалонлари қатнаган тор сўқмоқ бўйлаб юриб борардилар. Шошилмай юрганлари сабабли Найфат қалъаси харобаларига оқшомда етиб келдилар. Ярми бузилиб кетган дарвозадан ўтиб, қалъа ичкарисига кирдилар. Бу ердан Тбаунинг баланд чўққилари ва унинг пойидаги Ламардон водийси яққол кўзга ташланиб турарди.
Чап томондаги хоналарнинг айримлари бутунлай вайрон бўлган, бут қолганларини эса руҳонийлар ўзлари учун омборга айлантирган эдилар. Ўнг томондаги қия очиқ эшикдан яримқоронғу кушхона кўриниб турарди.
Байрам бошланди. Оқ либосли ёш туцатлар уст-бошларини қонга белаб, қурбонлик учун келтирилган қўйларни тошлардан тикланган меҳроб қаршисида сўймоққа киришдилар.
Дошқозонларда шўрва қайнайди. Қўраларда кабоблар жизиллаб пишяти. Кабобпазлар ёғоч сихларга терилган гўштларни усталик билан чўғ устида тўхтовсиз айлантириб туришади.
Торгина зина иккинчи қаватга олиб чиқади. Бу ердаги кенг хонада тўпланган муридлар руҳоний оталарининг келишларини соғиниб кутишади. Қалъа ҳовлисида тўпланган оломон ҳам Заурни зиёрат қилиб олишга интилади. Заур улар орасидан аранг ўтиб, иккинчи қаватга кўтарилди.
Хонанинг ўнг ва чап томонига ўриндиқсифат қоқилган тахталар устида ҳалойиқнинг Тбау-уац-Ила учун олиб келган эҳсонлари, ликопчадан тортиб, косага қадар турли буюмлар териб қўйилган эди. Кичкинагина тўртбурчак деразадан кундузи тушиб турадиган нур ҳам бу хонани етарли ёрита олмайди. Ҳозир эса ёқиб қўйилган ўнлаб мойчироқлардан таралаётган нур бу деразадан ошиб, ҳовлини ёритишга ожизлик қилади.
Хона тўрига турли тасвирлар акс этган суратлар осиб қўйилган. Гуржи подшоҳи ҳадя этган катта мис қозонда ҳар бирининг катталиги тухумдек келадиган икки маъдан тош ташлаб қўйилган. Руҳоний ота Тбау-уац-Илага сиғиниб, дуо ўқиганида мўъжиза юз бериб, бу тошлар даволаш кучига эга бўлар эканлар. Айтадиларки, жиннилиги авжга чиққан, ҳеч кимга бўйсунмай, қичқириқлари билан оламни бузаётган кимса бу ерга олиб келингач, Заур дуо ўқиганича тошлардан бирини олиб, беморнинг пешонасига теккизган экан. Шунда типирчилаётган жинни тинчиб, бирданига тошдай қотиб қолган экан. Бир неча дақиқадан сўнг кўзларини катта-катта очганича атрофга ҳайрон боққан одам жиннилигидан асар ҳам қолмаганидан қувониб, Тбау-уац-Иланинг қудратини оламаро таърифлаш учун овулига йўл олган экан.
Бу хона деворига Заур учун энг муқаддас ҳисобланган, мўъжизаларга бой узун занжир-кишан осиб қўйилган. Самовий кишан ҳисобланган бу занжир ҳақидаги афсоналар тиллардан тилларга кўчиб неча асарлардан бери яшайди.
Эмишки, кўп асрлар муқаддам қабардинлар водийга бостириб кирадилару бироқ қалъани забт эта олмайдлар. Аммо тоғ ёнбағрида от боқиб юрган ёш туцатни асирга оладилар. Уни ўзлари билан ватанларига олиб кетиб, оёқларига кишан урадилар-да, қўйларини боқишга мажбур қиладилар.
Ёш ўғлон қисматидан қайғурган туцатлар Тбау-уац-Илага сиғиниб, ундан мадад сўрайдилар. Ниҳоят, уларнинг муножотларини илоҳлари эшитади.
Кунларнинг бирида ўғлон сурувни ўтлатиб юрганида осмону фалакдан боши билан қанотлари бургутга, танаси эса одамга ўхшаган маҳлуқ учиб келади-да:
-Елкамга ўтир,-деб буюради.
Сўнгра бу мўъжиза маҳлуқ Тбау тоғига учиб келади-да, Найфатдаги муқаддас қалъани кўрсатиб:
-Ватанингни танидингми?-деб сўрайди-ю, ўзи ғойиб бўлади.
Ўғлон кун бўйи пиёда юриб, Найфатга етиб келади. Уни кишандан озод қиладилар. Занжирни эса ташлаб юбормай, эсдалик учун зиёратгоҳ деворига осиб қўядилар. Ўшандаёқ бу кишан илоҳий куч касб этиб қолган. Руҳоний ота танлаган бемор шу кишанга қўл ургани замон соғайиб кетаверар экан.
Қачонлардир Абхазия князи Шервашидзе қалъани харобага айлантириб, мўъжизавий кишанни юртига олиб кетган, лекин кишан ўша туниёқ Найфатга қайтиб учиб келиб, девордаги ўз ўрнини эгаллаган экан. Кишанни уча бошлаганини кўрган абхаз соқчиси унга қараб ўқ узган экан. Кишанда ҳозир ҳам шу ўқ изи сақланиб қолган. Ўша-ўша кишан бу деворда муқим қолган.
Тбау-уац-Ила шарафига ўтказилган байрам икки ҳафта давом этди. Бу вақт ичи қалъадан муридларнинг оёғи узилмади. Ҳовли ҳамиша одамларга тўла, муридлар руҳоний оталарини зиёрат қилиш учун узоқ вақт навбат кутадилар. Қурбонлиқ сўйиш эрталабдан кечгача тинмай давом этади. Қоялар бағрини қизилга бўяб пастга қон сизиб оқади.
Заурга одамлар ўз дардларини айтиб илтижо қилишади. Бири беморларига шифо талабида келган, яна бири меҳр-оқибатга муҳтож, бошқаси худодан барака тилайди. Заур уларнинг истакларини жимгина эшитгандан сўнг худо билан шу одам ўртасидаги вакил мисоли Тбау-уац-Илага муножот қилиб, талаблари ижобат бўлишини сўрайди.
Диний вазифаларини бажо этиб бўлган ёшлар эса сайлни бошлаб юборганлар. Улар давра-давра бўлиб рақсга тушадилар. Қизлардан бири гармон чалади. Бошқалар куйга қарсаклари билан жўр бўладилар. Давра ўртасида икки ёш худди икки оққуш мисол сузади. Қўллари пастга туширилган, юзма-юз туриб бир-бирининг кўзларига муҳаббат билан тикилаётган йигит билан қиз куйга монанд равишда майдон бўйлаб сузадилар: бир яқинлашадилар, бир узоқлашадилар.
Қалъага кўп қатори келган Темир ҳам ўғли ёрдамида қурбонликни сўйиб, худодан Керим билан Золийхон никоҳларининг қутлуғ бўлишини илтижо қилиб сўради.
Заур дўстига узоқ тикилиб қолди. “Кечаси кўрган даҳшатли манзарани унга айтсаммикин ё йўқми?” деб иккиланди. Кейин сир сақлашга қарор қилди: “Айтганимдан нима фойда? Тбау-уац-Ила кимга бахтсизликни раво кўрган бўлса, бу қарорни одам боласи ўзгартира олмайди”.
У руҳи эзилган, топталган одам ҳолатида Темирдан сал нари кетиб, азиз-авлиёлар тасвирлари қаршисида тиз чўкди-да, Тбау-уац-Илага ёлвориб, Темир ва унинг оиласидан марҳаматларини аямаслигини сўради. Золийхоннинг исмини тилга олиб, унинг ҳаққига дуо қилишга ботина олмади. “Қизим худонинг қаҳру-ғазабига дучор бўлган, энди нажот йўқ!”- деб ўйларди у. Золийхоннинг руҳан эзилишини, қарашларига муҳрланиб қолган қўрқувни ўз айбига иқрор бўлиш деб ҳисобларди. Қўрқув ҳам, эзилиш ҳам Урусхоннинг ҳажрида эканини эса ўйлаб ҳам кўрмасди.
Кадгарондаги тўй қадимдан мерос қолган урф-одатларга риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Келин ва куёв меҳмонларга кўриниш бермадилар. Меҳмонлар эса уч кеча-кундузни емоқ-ичмоқлик ва ўйин-кулгудан иборат шодиёналик билан ўтказишди. Келинни абрек олиб қочгани ҳаммага маълум бўлса-да, бундай воқеалар Қофқазда учраб тургани сабабли вафқулотда фожиа сифатида қабул қилинмади. Балки абрекка жазо берилганини нишонлаб, қувонч билан қадаҳлар кўтардилар.
Тўйдан сўнг Золийхон барча хотинлар каби ўз хонасига эга бўлди. Аммо ташвиш билан кутгани – висол содир бўлмади. Тунлар кетидан тунлар ўтаверди, бироқ Керим унинг остонасини босиб, ичкари кирмади. Дастлаб бундай ҳолатдан Золийхон қувонди ҳам. Керимнинг асл мақсадини билмай, буни унинг марҳаматига, олижаноблилигига йўйди. Қиз унинг кўнгилчанлигини қанчалик қадрламасин, қалбининг тўри ҳамон Урусхони билан банд эди. Урусхоннинг бу дунёни ташлаб кетгани рост, аммо қиз қалбини ташлаб кетмаган эди. Дастлабки кунлари эрининг уйга кирмагани унда миннатдор ҳисларни уйғотди. Аммо кейинчалик ҳаётининг бундай давом этиши мумкинмаслигини англаб қолди.
Ҳафта кетидан ҳафталар ўтди. Керимнинг муносабати ўзгармади. Золийхон энди ташвишлана бошлади. Кунларнинг бирида, Урусхон забт этган юрагининг остида тирик жон пайдо бўлганини сезди. Аввалига ҳомиласига ишонмади. Буни тан олишнинг ўзиёқ бир даҳшат эди. У бутун вужуди билан она бўлишига қарши эди. Уни шармандаликдан қутқариб қутқариб қолишнинг бирдан-бир йўли эри билан яқинлашиш эди. У энди Урусхони хотираси билан яшамасди. Эрини ўзига чорларди. Бу йўлда аёлларга хос барча карашмаларни ишга солди: эрига фақат жилмайиб қарайди, баъзан нозли кўз сузишлари билан уни ўзига оғдирмоқчи бўлади. Керимни гапга солади, нозли сўз оҳанглари орқали соғинганини англатишга уринади. У ўзининг рафиқалик ҳуқуқидан фойдаланишни, туғилажак фарзандга Керимнинг ота бўлишини жуда-жуда истарди. Бироқ ҳамма уринишлари беҳуда кетаверди. Золийхон унга интилаверади, Керим эса ундан ўзини олиб қочаверади. Ноз-карашмалар эътиборсиз қолаверади. Золийхоннинг назарида эрига интилгани сайин Керим ғоят бемеҳрлик билан ундан узоқлашишга уринарди.
Ёз фаслининг адоғида бахтсизлигининг нишонаси – ҳомиласи сезилиб қолди. Юрагини дард азобидан халос қилай деса, атрофида унинг хасратини тинглайдиган дардкаши йўқ. Қайнонаси билан қайинсинглиси аввал бошданоқ унга нохуш муомала қила бошлашган. Золийхон бу хонадонда кутилган, ардоқли келин эмаслигини дастлабки кунларданоқ англаган. Номус-ор, вафо-садоқат туйғулари ҳақидаги юксак тушунчалар таъсирида тарбия кўрганлари сабабли улар Золийхоннинг шармандалигини кечира олмас эдилар.
Сентябрнинг бошларида унинг қомати тўлишиб, юзида доғ пайдо бўлиб, ҳомиласини ошкор қилди. У ҳамон эрига яқинлашишга интилади. Керим ҳамон ўзини олиб қочади. Кундуз куни ҳам ёлғиз қолишни истамайди.
Қайнонанинг зийрак нигоҳи Золийхондаги ўзгаришни сезди. Бир куни дастурхон атрофида ўтиришганда у одатига хилоф равишда келинига мулойимлик билан гапириб қолди:
-Худо сенга марҳаматини аямаганга ўхшайди. Тез орада Керим ўғилчасини қўлига олиб, шодлигини дўстлари билан баҳам кўради.
Бу ҳақиқатни қайнонасининг оғзидан эшитган Золийхоннинг боши айланди. Йиқилиб кетмаслик учун хонтахтани ушлаб қолди.
“Тбау-уац-Иланинг жазоси бу!” деган фикр бутун вужудини қақшатиб юборди-ю, ҳушсизланиб йиқилди.
Она-бола қўрқиб кетдилар. Уни ўринга авайлаб ётқизиб, юзига сув пуркаб, ҳушига келтирдилар. Ўғлининг хотинига ҳануз яқинлашмаганидан бехабар она бу ҳолатни ҳомиладорликнинг оғир ва азобли жараёнига йўйди.
Оқшомда ёмғирда қолиб бўккан Керим даладан қайтди. Кийимларини ечиб, олов қаршисида исиниб ўтирганида онаси унга қараб хушхабарни айтиб, суюнчилади:
-Керим, янги йил байрамида ўғлингни қўлга олиб, дўстларингга зиёфат берадиганга ўхшайсан.
Бу хабарни эшитиб сакраб туриб кетди. Лекин ҳаракат қувончдан эмас, бехос уйғонган ғазаб оқибатидан эди. Унинг ранги оқарди. Кўзларида олов учқунлари ёнди. Қўли беихтиёр ханжари дастасига юборилди.
-Нималар деяпсан!-деди у хирилдоқ овозда.
Кампир ўғилдаги бу ўзгаришдан ҳайратланиб, унга қўрқибгина боқди:
-Менимча, яқин орада Золийхон она бўлса керак...
Керим шу ойлар ичи қўрқиб кутган хабарни эшитиб, ўзини йўқотиб қўйди.
-Бу бўхтон! Бўлмаган гап! Ёлғон!-деб ҳайқирди.
-Сенга нима бўлди?-деди кампир меҳрибонлик билан.-Бунақа пайтда оталар қувончдан худога шукрлар қиладилар.
Бу гапни эшитиб, Керим телбаларча кула бошлади:
-Мен қувонайинми? Мен худога шукр қилайинми? Нима учун?
У кулгидан бирданига тўхтади-да, кўзлари ола-кула бўлиб онасига қаради:
-Она, унинг қорнидаги бола меники эмас!.. Чунки мен... эр бўлиб унга ҳалигача яқинлашмаганман.
Кампир бу гапни эшитди-ю, даҳшатдан тошдай қотиб қолди. Оғиз очиб бир нима дейишга ҳам қурби етмади. Кейин жон бераётгандай лаблари аста пичирлади:
-Бузуқ.... бизнинг уйимизга фоҳиша кириб келган экан...
Тилидан учган бу аччиқ ҳақиқат сўзлари кампирни сескантириб, ўзига келтирди. Энди бор овози билан қичқирди:
-Бузуқ! Бузуқни бошлаб келганмидинг?!
Керим онасини ҳоли қолдириб, Золийхоннинг хонасига отилиб кирди. Дераза ёнида ниманидир тикиб ўтирган Золийхон чўчиб, ўрнидан турди. Золийхон эрини бундай дарғазаб ҳолда сира кўрмаган эди. Керимнинг юзлари ғазабдан қизариб кетган, кўзларида нафрат ўти бор эди. Бироқ у хотинига ташланмади, лаънат сўзларини ҳам тилидан учирмади. Ўзини босиб олиб, вазминлик билан сўради:
-Золийхон, сенга нима бўлди?
-Раҳмат, Керим, сенинг паноҳингда менга нима ҳам бўлиши мумкин?
-Мен соғлиғингни сўраяпман?-у шундай деб қизнинг қоматига синовчан тикилди.-Назаримда тўлишиб қолганга ўхшаяпсан.
Қиз қандайдир даҳшат тўфонининг шарпасини сезиб, ўнғайсизланди.
-Керим, гапларингга тушунолмаяпман?
Бу гапдан кейин Керим ўзини тутолмади – портлади:
-Сен ҳали ҳам номусли қизмисан? Ҳа... ҳомиладор қиз!
Золийхон қалтираганича унинг қаршисида тиз чўкди:
-Мени кечир, кеч...
Золийхон узрини охиригача айта олмади. Унинг сўзини Керимнинг қатъий ҳукми узди:
-Йўқ!-деди у қаҳри қаттиқ одамнинг бераҳмлиги билан.-Ҳеч қачон!
Шундай деб чиқиб кетмоқчи эди, Золийхон ўзида кучли бир журъат топиб, сакраб турди-да, остонага ундан олдин етиб бориб, йўлини тўсди.
-Сендан ўтиниб-ўтиниб илтимос қиламан. Узил-кесил ҳукм чиқармасдан олдин бир оғиз сўзимни эшит.
-Яна қанақа сўзингни эшитай? Ҳозиргина ўзинг тан олдинг-ку? Бошқа гапга ўрин йўқ!
-Керим, никоҳимиздан кейин мен сенга заррача бевафолик қилмадим.
-Никоҳдан кейин дейсанми?-Керим шундай деб захарли илжайди:-Оиламиз катталари келишиб олишган ондан бошлаб сен меники эдинг!
-Биламан... ўшандан кейин ҳам сенга хиёнат қилганим йўқ.
-Лекин сен у аблах билан бирга қочдинг-ку?
Золийхон бу ҳақиқатни рад этишга ожиз эди. У бош эгиб, жимиб қолди. Бундан фойдаланган Керим гапини давом этди:
-Энди мен сенга қандай ишонишим мумкин? Эсингдами... йўл устида... гуноҳ иш қилмадиларингми, деб сўраганимда сен “гуноҳ иш қилмадик” девдинг?
-Ҳа. шундай дегандим, эсимда. Лекин сен “ўша тунда бўлдими?” деб сўрагандинг.
-Сен гапни чалғитма. Мен поклигингча қолдингми... қизмисан, деб сўраган эдим. Буни мен ўзим учун эмас, отам учун сўровдим. Сени севган, сенга ишонган одамни алдадинг. Муҳаббатимдан фойдаланиб, абрекдан бўлган болангни менинг номимга ўтказмоқчи эдинг. Худога беадад шукрлар бўлсинки, у менга етарли сабр-тоқат бериб, сенга яқинлашишимдан ўзи асраб турди. Энди орамизда ҳеч нарса йўқ. Менинг муҳаббатим бугун ўлди. Ҳа, худди Урусхонинг сингари ўлди. Энди йўлимдан қоч!
У яна ёлвормоқчи, тушунтирмоқчи эди, бироқ бунинг фойдасиз уриниш эканини сезиб, ўзини четга олди.
Золийхон ҳали ҳаёт бўлса-да, юзига ўликнинг ранги югурди. Ҳолсизланиб ўтирди. Вужудини гўё совуқ булут ўрай бошлаган бўлди. Кўзлари бир нуқтага маъносиз тикилиб қолди.
Хаёлига қадимдан қолиб келаётган одат ҳукми келди-ю, кўзлари даҳшатдан катта-катта очилиб, сапчиб туриб кетганини ўзи ҳам билмай қолди. Осетинларнинг бузуқларга нисбатан ҳукми ғоят даҳшатли эди: беномуснинг сочи кесилиб, кўкраклари чўғда куйдирилиб, сўнг ота-онасиникига жўнатиб юбориларди. Золийхон яқин атрофда шундай воқеа юз берганини эшитмаган. Чунки Осетияда узоқ йиллардан бери бунақа ҳол юз бермаганди. Эс-эс билади, унда ҳали қизалоқ эди, қўшни кампирлар ўчоқ олдида суҳбатлашиб ўтириб шундай одат мавжудлигини гапиришган эди. Ҳозир ўша суҳбатни эслаб, баданига муз югурди. Энди нима бўлади? Унга “бузуқ” деб ҳукм чиқаришадими? Кўкракларига чўғ босишадими?
Йўқ. йўқ! Бунга йўл қўёлмайди. Бу шармандаликдан кўра ўзини дарёга ташлаб ўлгани минг марта афзал. Дарё унинг ўзини ҳам, гуноҳларини ҳам ютади. Бу дунё азобларидан қутулади. Аслида аллақачон шундай қилиши керак эди. Фақат Урусхонидан қолган ёдгорининг ўлимини истамаётганди... Энди у ҳам кўзига кўринмай қолди.
У бир қарорга келиб, уйдан чиқишга улгурмай остонасида қайнотаси кўринди. Керим хотинининг хонасидан чиқиши билан отасига бор гапни айтиб, Золийхонни шу оннинг ўзида ҳайдаб юборишни талаб қилган эди. Ўғлининг талабини эшитган Темир ҳукм чиқаришга шошилмади, яқинларини чақиртириб келди. Золийхоннинг хонасига аввал ўзи, орқасидан акалари Мшохт билан Мухтор, кейин амакиваччаси Урусмат кириб келдилар.
Катталар хонага ҳеч бир мулозиматсиз ва салом-аликсиз кириб келдилар. Уларнинг изларидан Керим, Хотшош ва гўзал Алдиан ҳам кирдилар. Гап бошлаш ҳуқуқи Темирда эди:
-Золийхон Туцат,-деди у вазмин ва мулойим гапиришга тиришиб,- сен менинг ўғлим Керим Тўтараевга ўз розилигинг билан хотин бўлган эдинг. Ўғлим эр сифатида сенга яқинлашмагани ҳолда ҳомиладор бўлиб қолганингни айтиб, айблаяпти. Уйингга қайтариб юборишимизни талаб қиляпти. Биз ҳаммасини аниқ билмагунимизча одатимизга биноан ҳукм чиқара олмаймиз.
“Ҳаммаси аниқ: бузуқларга бериладиган жазо беришади менга”, деган фикр яшин сифатида миясига урилиб, товонигача зириллатиб юборди. Қайнотасининг гапини энди узоқ-узоқлардан эшитгандай бўлди:
-Керим, аввал сен гапир.
Ханжари дастасини маҳкам ушлаб турган Керим ҳаяжонланиб, дарров гапира олмайди. Золийхон томонга қарашга ботинмайди.
-Ҳа, отам тўғри гапирди,-деди у овози титраётганидан ўзи ҳам ҳижолат бўлиб. Томоқ қириб олиб, ҳаяжонини босган бўлди-да, қатъийроқ оҳангда давом этди:-Мен Золийхон Туцатни ота-онасиникига ҳайдаб юборишни талаб этаман. У менга ҳеч қачон хотин бўлган эмас. Ҳомиласи абрек Урусхондан. Улар йўл устида қўлга тушишганда менга “номус-орли қизман”, деган эди. Шунинг учун мен унинг “ўз акаси” билан қочганини кечирган эдим. Энди эса бузуқлиги учун ҳайдаб чиқаришни талаб қиламан. У мени алдади. У номус-орли осетин йигитнинг хотини бўлишга ҳеч қачон ҳақли бўлган эмас.
Талаб ҳақли эди. Шундай бўлса ҳам Темир ҳукм чиқаришга шошилмади.
-Золийхон Туцат, энди сен гапир: ўзингни оқлай оласанми?
Темирнинг овозида қўрққулик бир хотиржамлик борлигини қиз пайқади.
Бутун ўй-хаёлини қамраб олган бўлажак ҳукм даҳшати бирон нима дейишга ҳам йўл бермайди. Шундай бўлса-да, сўнгги қувватини ишга солиб гапиришга чоғланди:
-Никоҳдан кейин хиёнат қилмадим,-деди ғоят паст овозда. Тишлари зириллаб бошқа сўз айтолмади. Тўпланганлар учун унинг гапириши унчалик муҳим эмасди. Шунга қарамай Темир яна сўради:
-Керим сенга эр бўлганмиди?
-Йўқ...-деди у секингина.
-Ҳомиладормисан?
-Ҳа...
Қизнинг иқрорини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмаган бўлса-да, Темир акаларига бир қараб олиб, яна сўради:
-Бола кимники?
-Ўзингларга маълумку?
-Боланинг отаси кимлигини ўзинг айт!
-Урусхон...
-Керимга тегишга ўзинг рози бўлганмидинг?
-Ҳа... Урусхонга бўлган муҳаббатим туфайли хўп деганман.
-Нима-а?
-Ҳа, мақсадим уни Тбау-уац-Иланинг жазосидан қутқариб қолиш эди. Урусхон акам бўлиб қолганидан кейин барибир унга теголмас эдим. Шунинг учун ихтиёримни отамга бердим.
-Цагат Ламардонда қалин пулини келишаётганимизда сен ўз хоҳишинг билан розилик берганмидинг ё зўрлашган эдими?
-Ҳеч ким зўрламаган.
-Тўй куни абрекка ўз ихтиёринг билан эргашдингми?
-Ҳа.... тўғриси... мен ундан қўрқдим. Кўзларида ғалати ўт бор эди.
-Балки у сени қўрқитиб, қочишга мажбур қилгандир?
-Йўқ бундай бўлмади.
-Демак, сен бир йигитнинг қаллиғи бўла туриб, бошқа одам билан қочдингми?
-Ҳа.
Темир бу иқрордан сўнг қариндошларига бир-бир қараб олди:
-Оғаларим, бошқа гап сўрашнинг энди фойдаси йўққа ўхшайди. Айбини бўйнига оляпти, шунинг ўзи кифоя.
-Қаердан келган бўлса, ўша ерга ҳайдаб юбор!-деди Урусмат ғазаб билан.
-Ҳайдаб юбориш осон,-деди Темир.-Унга аввал бузуқлиги учун жазо беришимиз керакмикин?
Орага бир зум сукут тушди.
Золийхон титрай бошлади.
-Мана шу ҳукм адолатдан бўлади. Бошқа чора йўқ,-деди Мшохт, оппоқ соқолини силаб қўйиб.
-Мулоҳазага ўрин йўқ,-деб акасини қувватлади Мухтор,-айбига иқрор бўлмаганда ҳам бошқа гап эди.
Темир ҳукмга акаларидан оқ фотиҳа олгач, ханжарини қинига қўл юборди-да:
-Қачон?-деб сўради улардан.
-Ҳозир,-дейишди улар ҳукм ижроси вақтини аниқ белгилаб. Уларнинг фикрича ҳукм ижроси вақтини ортга суришдан маъно йўқ эди.
Темир Золийхон сари бир қадам босди :
-Золийхон Туцат! Биз – сен номусини булғаган авлоднинг катталари – сени бузуқликда айбли деб топдик. Сенга урф-одатимиз қоидаларига кўра жазо бергач, отангнинг уйига жўнатамиз. Керим!-шундай деб ўғлига ўгирилиб қаради:-Аёлларни олиб, уйдан чиқ. Ўзимиз чақиргунимизча томорқанинг четидаги олмазорда кутиб туринглар.
Керим уйдан чиқиб кетиш учун баҳона топилганидан қувонди.
Мухтор Мшохт ва Урусмат билан маслаҳатлашиб олгач, хонтахта устидаги ёниб турган чироқни четга олиб қўйди.
-Темир,-деди Мшохт,- сен Керимнинг отасисан. Ҳукмни ижро этиш сенинг бурчинг.
-Биламан,-деди Темир келинига бир қараб олиб.
Бу онда Золийхон кишанланган каби қотиб турарди. У ҳовлига қочиб чиқишни, дарёга бориб ўзини сувга отишни истарди. У ўзида куч топиб, қочишга аҳд қилди. Сал қимирлаши билан Урусмат унинг ниятини сезиб қолиб эшикни маҳкам беркитиб қўйди.
Иложсиз қолган Золийхон қайнотаси олида тиз чўкди.
-Мени авф эт,-у худди худога илтижо қилаётгандай қўлларини баланд кўтарди:-Отамникига шундайлигимча ҳайдаб юборинглар. Агар шарт бўлса. майли сочимни қирқинглар, аммо кўкрагимни куйдирманглар, ўтинаман.
У тиз чўкканича қайнотаси томон юрди.
-Мен бундан баттар жазога ҳам лойиқман. Лекин болага раҳм қилинглар. Ахир уни ким эмизади... раҳм қилинглар.
Эркаклардаги раҳм туйғусидан кўра одат ҳукмига бўйсиниш ҳисси кучлироқ эди. Мухтор ташқарига чиқиб, ўчоқдаги оловда темирни қиздириб қайтгач, нолаю фиғонга аҳамият ҳам бермай ишга киришдилар. Золийхон типирчилаб қанчалик қаршилик кўрсатмасин, қанчалик ялинмасин, фойдаси бўлмади. Уни хонтахта устига ётқизганларида оёғи осилиб қолди. Урусмат уни тиззаларидан маҳкам босиб турди. Мшохт билан Мухтор қизнинг қўлларини ушлашди.
-Бундай қилманглар,-деб ялинди титроқ исканжасидаги Золийхон.
Золийхон тоғларга ялинганида балки уларнинг раҳми келиб ёрилиб кетармиди. Лекин номуси таҳқирланган эркакларнинг тош қалби юмшамади. Темир ханжарини қинидан чиқариб, дамини текширди: ўткир! У чаққон бир ҳаракат билан Золийхоннинг сочларини кесиб ташлади-да, кўкрагини оча бошлади. Золийхон худди ноласини биров эшитиб, ёрдамга келадигандай бор овози билан дод солди. Кучига куч қўшилгандай бўлди. Эркаклар чангалидан чиқиш учун типирчилади. Ўнг қўлини Мшхотнинг чангалидан чиқариб олиб, ярми очилган кўкрагини панжаси билан тўсди.
-Бола... бола... гўдакка раҳм қилинг!
Бечора қизнинг фиғони совуқ деворларга сингиб кетди. Мшхот қизнинг қўлини қайира бошлади. Темир акасига ёрдамлашди. Сўнг кўйлакни йиртиб, кўкракни батамом очди-да, қизитилган темирни унинг кўкрагига яқинлаштирди.
Боғда, баргларини тўкиб яланғочланиб қолган олма дарахти остида аёллар туришибди. Улар ўзаро гаплашмай, ҳукм ижросини жимгина кутишади. Уларни ҳам қандайдир қўрқинчли куч қамраб олган. Барчаларининг вужудларида енгил титроқ бор.
Ниҳоят, кутилган он етди: одам вужудини ларзага соладиган фарёд эшитилди. Жимгина турган аёллар бир-бирларига қараб олдилар. Бир неча нафасдан сўнг аввалгисидан ҳам кучлироқ, юракни эзиб юборадиган даражадаги фарёд янгради.
Мшхот мис косада сув келтириб, Темирга узатди. У ранги ўликникидай бўзариб кетган қизнинг юзига сув сепди. Золийхон инграб, тўлғонди. Кейин ўкириб йиғлай бошлади. Мшхот билан Мухтор уни кўтариб, курсига ўтқизишди. Урусмат билан Темир жавонни титиб, тоза сочиқни топдилар-да, қизнинг куйган кўкрагини боғлаб қўйдилар.
Ҳукм ижросидан кўнгли тўлган Темир гуноҳкорни Цагат Ламардонга шу оннинг ўзида жўнатиш учун арава тайёрлашни буюрди. Жувонни кузатиб борувчи одам одат бўйича уни эшиги остонасига ташлагач, ҳеч бир гап-сўзсиз изига қайтиши лозим эди.
Арава тезда ҳозирланди. Алахсираётган Золийхонни суяб олиб чиқиб, аравага ўтқазишди. Куйлаклари ўралган бир тугун билан, йўлда егулик таом ҳам қўйишди.
-Отанг қалин пулини қайтаргач, қолган буюмларингни оласан,-деди Темир. Алҳол Золийхон қолаётган буюмларини ўйлайдиган аҳволда эмасди. Бошига селдай ёпирилган азоб-уқубат уни бўлаётган гапларга, воқеаларга ҳиссиз қарайдиган қилиб қўйган эди.
Арава Тўтараевлар хонадонидан узоқлашиб, қоронғулик бағрига сингиб, кўздан ғойиб бўлди.
Золийхон ўтирган арава тош йўлларда галдираб юриб, сувлари жўшиб-жўшиб оқаётган сойларни кечиб ўтиб, қоронғи довонларни, хатарли жар ёқаларини ортда қолдириб борарди. Золийхон қаерлардан ўтиб бораётганига аҳамият бермайди. Уйига қачон қай аҳволда етиб боришини ҳам билмайди. Унинг бошига тушган барча уқубатлар бир тугунга тўпланиб тўхтовсиз азоблайди. Руҳ азоби кўкрагидаги яра азобидан баттарроқ қийнайди.
Бу туннинг тонгги йўқдай эди гўё...
Кун ёришганда кузатувчи аравани тўхтатиб, отни чиқарди-да, ўтлоққа қўйиб юборди. Кейин Золийхонни нонуштага таклиф қилди. Золийхон унинг нима деяётганини англамади, мақсадини тушунмади. Лаблари нимадир деб шивирлади. Кузатувчи энгашиб, унинг узуқ-юлуқ гапларини аранг тушунди:
-Сув беринглар... сув... юрагим ёняпти...
Кузатувчи атрофга аланглаб, баланд қоя бағридан жилдираб тушаётган сувни кўрди-ю, ўша томон шошилди. Папоғини сувга тўлдириб қайтди. Золийхон сувни ютоқиб-ютоқиб ичди. Бир неча марта қалқиб-қалқиб кетса ҳам сувдан бошини кўтармади. Чанқоғи бироз босилгач. Бошини кўтариб, кузатувчига ҳайрон боқиб қолди:
-Менга раҳминг келдими? Сен одам эмасмисан? Улар ўзларини одам деб ҳисоблайдилар. Лекин уларда раҳм-шафқатдан заррача ҳам йўқ.-Шундай дегач, папоқдаги сувни охиригача симириб ичди-да, сўнг бошини эгди.
Кузатувчи ноқулай аҳволга тушиб унга тикилиб қолди. “Агар мен бу билан Цагат Ламардонда бирга бўлганимда эди... бу азобларга рўпара қилмас эдим”, деб ўйлади у.
Кичкина отда бўркига ўраниб ўтирган киши аравага яқинлашгач, бахти қаро аёлга ачиниб қараб қўйди. “Бу беморни шифо истаб Тбау-уац-Иланинг руҳонийларига олиб кетяпти шекилли”, деб ўйлаб нари кетди.
Пешинга яқин водий ортда қолиб, юқорига, Цагат Ламардонга олиб борувчи йўлга чиқдилар.
Заурнинг қўрғонига етиб келишгач, кузатувчи Золийхонни аравадан туширди. Тугунни олиб, унинг ёнига қўйди-ю, ҳайр-хўш ҳам демай, изига қайтди.
Туцат қизи бир оз ҳаракатсиз тургач, дарвоза томон беҳолгина қадам қўйди. Эшикни очиб, остона ҳатлаши билан тугун қўлидан тушди. Тугунни кўтаришга унинг кучи ҳам, истаги ҳам йўқ эди. Унинг назарида бу тугунга Тўтараевлар унинг кўйлакларини эмас, номуссизлик йўлида топган гуноҳларини ўраб бериб юборган эдилар. Золийхон эшикни қия очиқ қолдирганича ичкари қараб юрди. Уйда кимса кўринмасди. Тўғри аёллар хонасига борди. Эшикни очди. Дераза ёнидаги юмшоқ курсида ўтирган қора либосдаги онасини кўрди. Унинг оппоқ сочлари деразадан ёпирилиб кираётган нур ёруғида кумушсимон товланади.
-Она... онажоним!-деб ўртанди Золийхон.-Онажон!-шундай деб онасига яқинлашиб тиз чўкди-да, тиззасига бош қўйди. Золийҳон фақат шу ердагина раҳм-шафқат, меҳр-муҳаббат топа олишини биларди.
Кутилмаган ташрифдан гарангсиб қолган кампир қалтироқ қўллари билан унинг бошини силади:
-Золийхон! Қизгинам...Сенга нима бўлди? Нега келдинг?
-Она, раҳминг келсин менга, раҳминг келсин. Бу дунёдаги барча одамлар тошбағир бўлиб кетишибди. Заррача шафқат йўқ одамларда...
-Золийхон, муштипар онангга айт: нима бўлди?
Ожиза қизининг аҳволини кўрмайди. Қизининг кўзларидаги дардли нурни, иситмадан ёнаётган бетларини, хушқоматига кўрк бериб турувчи сочнинг кесиб ташланганини, куйдирилган кўкраклари устидан танғиб боғланган сочиқни кўра олганида, худога нола қилиб: “бу фожиага гувоҳ қилганингдан кўра мени кўр қилиб қўйганинг яхши эди!”деб нолалар қилиши аниқ эди.
-Она, Темир Тўтараев мени лаънат ва шармандалик тамғаси билан ҳайдаб юборди. Чунки... чунки... қорнимда Урусхоннинг боласи бор... Керим аввал бошдан шубҳаланган экан. Эр бўлиб менга бирон марта ҳам яқинлашмади.
-Шубҳаси бор экан, нега сенга уйланибди?
-Мен ундан яширган эдим... ҳеч ким тегинмаган номусли қизман, девдим. У аста секин менинг севиб қолишимга умид қилган эди. Агар гумон билан мени пойламаганида унинг хоҳлагани бўларди.
-Даҳшат! Қандайин даҳшат-а!-деб пичирлади ожиза.-Кейин нима бўлди, айтавер, қизим.
-Қайнонам тўлишиб қолганимни сезиб, ҳомиладорлигимни ўғлига айтган бўлса керак. Кеча оқшомда хонамга ғазаб билан кириб келди. Мени сўроқ қилди. Мен тўғрисини айтдим.
-Кейин-чи?
-Қолганини сен сўрама, мен айтмай қўя қолай... Йўқ, айтаман, сенга айтмасам ким дардимга шерик бўларди? Кейин... қайнотам акалари билан кириб... одат ҳукмига кўра мени бузуқ хотинларга раво кўриладиган жазо билан жазолашди!-Золийхон шундай деб ўкраб йиғлаб юборди Ожиза ўтирган еридан сапчиб туриб кетди:
-Нима дединг?! “Одат ҳукмига кўра” дедингми? Ҳали улар сочингни қирқиб, кўкрагингни куйдиришдими?
-Ҳа!
-О, даҳшат, қандай даҳшат-а! Бечора қизгинам!-ожиза шундай нолалар билан йиғлаб, қизини бағрига босди.
-Оҳ, онажон, мени бунчалар сиқма, кўкрагим оғрияпти.
-Кечир, мени қизим, унутибман. Бу ишни... кеча қилишдими?
-Ҳа... кеча... буни ўша ёввойи чоллар қилишди. Кейин аравага солиб, ҳайдашди. Бўлди, она, энди бошқа нарса сўрама мендан. Бир пас ётай, ўзимни ёмон ҳис қиляпман.
Ожиза пайпасланиб юриб, қизини ўзининг ўрнига ётқизди. Золийхон онасидан табиб кампирни чақиртиришни илтимос қилди. Мўлжалида ой-куни ҳали яқинлашмаган, аммо белида уйғонган оғриқ уни ҳавотирга солаётганди.
Кампир хассасини дўқиллатиб, кўча томон юрди. Тамбининг уйига кириб, Салиматни дояникига жўнатди.
Қайтаётганида дарвоза яқинида Заурга дуч келди. Заур ҳамиша уйда ўтирадиган, ташқарига қадам босмай қўйган хотинининг кўчада юрганини кўриб, ажабланганича тўхтади:
-Қаердан келяпсан?
У эрини овозидан таниб, чўчибгина тўхтади. У эрининг бераҳмлигини биларди. Шу боис юраги ҳозир юз беражак момагулдирак даҳшатини сезди.
-Тамбиникида эдим,-деди у айб устида ушланган гуноҳкор одамнинг овози билан.-Салиматни Уарзат кампирникига юбордим. Золийхон келди. Қизимиз қаттиқ бетоб, Заур.
-Золийхон келди, дейсанми? Нега келади? Турмушга чиққанига ҳали бир йил бўлмади-ку?
-Бир йил бўлмади... Лекин... сен уни кечир, Заур... уни... жўнатиб юборишибди.
Заур тўйдан бери ҳар кун, ҳар соат шундай даҳшатли воқеа юз беришини қўрқув билан кутаётган эди. Ҳар ибодатида Тбау-уац-Илага ёлвориб, шармандаликдан асрашини сўраётган эди. Илоҳи муножотини қабул қилмадими? У беихтиёр инграб юборди. Кейин бақириб юборганини ўзи ҳам сезмади:
-Нима?!
-Бир соатча олдин хизматкорлари олиб келиб ташлади.
-Нима гуноҳ қилибди?-Шундай савол берди-ю, лаб тишлади. Қизининг нима гуноҳ қилганини бошқалар билмаса ҳам у билиши керак-ку? Хотини бу саволга жавоб бермади. У ўзига ўзи гапиргандай пичирлади:-Бу бутун авлодимизни шармандалик ботқоғига ботиради-ку?
-Афсуски, улар ҳақ, Заур. Минг афсуски улар ҳақ... Золийхонимиз ҳомиладор.
-Ҳомиладорлик гуноҳ эканми?
-Ҳомиласи Керимдан эмас, Урусхондан экан. Керим эр бўлиб унга ҳатто яқинлашмабди. Гумонсираган экан, сир ошкор бўлибди.
-Шундай дегин... У беномус шу аҳволда менинг остонамни босиб, уйимга кирдими?! Сен уни бағрингга олдингми? Дарҳол йўқот уни! Туцатнинг покиза хонадонини бузуқ қадами билан булғамасин! Ҳайдаб чиқар, деяпман, сенга!
-Заур!-ожиза шундай деб ёлвориб, у томон қўлларини чўзди:-Раҳминг келсин, Заур! Улар қизимизни одат ҳукмига кўра бузуқ хотин сифатида жазолашган. Яраси битмаган, иситмаси баланд...
-Ҳайда!-деди қатъий Заур.
-Заур! Қирқ йилдан бери мен сенга итоатда яшадим. Сендан бирон нарсани сўрашга ҳеч маҳал журъат этмаганман. Бугун биринчи марта илтимос қиляпман: болам касалдан тургунича парваришлашимга ижозат бер. Сен унинг нақадар бахтсиз ҳолда эканини бир кўрсанг эдинг...
Заур унинг ноласини совуққонлик билан узди:
-Йўқ! Мен уйимда куфронийнинг ҳароми боласи туғилишига йўл қўймайман!
-Заур, ёлвораман...
-Жим бўл, бошқа гапирма!
Заур шу гапи билан ҳукмнинг қатъий эканини билдириб, уйига кирмай орқасига қайтди. Кампир эридан шафқат кутиш ортиқчалигини, у қайтиб келгунича қизини уйдан чиқариб юборишга мажбур эканини англади. Англади-ю, чорасизлигидан эзилиб, дардини ичига ютди.
Иситма оташидаги Золийхон дам инграб, дам алахсираб ётибди. Ожиза “қизимнинг дардини менга бер”, деб илоҳига илтижо қилиб ўтирибди.
Ниҳоят Салимат Уарзат кампирни бошлаб келди. Кампир эрининг ҳукмини Салиматга айтиб, Тамбидан нажот кутаётганини билдирди. Салимат ўша заҳоти отасига учраб ижозат олди-да, акалари ва Қўрғок ёрдамида Золийхонни ўзининг хонасига олиб чиқиб ётқизди.
Тунда Золийхон ўлик ўғил туғди...
Бир неча кун мобайнида у ҳушсиз, алаҳсираб ётди. Унинг ҳаёти ҳам қил устида қолган эди. Ҳамма сукут сақлаб, унинг жон беришини кутарди. Беномуснинг ўлими бу авлоднинг айни муддаоси, гўё ўз ишини бажарган ажал туцатлар боши устидаги шармандалик булутини тарқатиб юборадигандай эди. Золийхоннинг ўлими – узоқ ойлар давом этган дардли ташвишларнинг қувончли якуни бўлиши кутиларди. Ўлим Золийхон учун ҳам нажот эди, нурсиз келажагидаги азоб-уқубатлардан қутқарарди. Аммо ёшлик кучи жўш урган қиз ўлимни енгиб чиқди. Ўзи истамаса-да, кундан-кун соғайиб бораверди.
Яраси битиб, сал қувватга киргач, ўрнидан турди. Катта рўмолга ўралиб, ҳовлига чиқди. Уни кўрган Салимат ёнига келиб ўтирди. У амакиваччасига нимадир демоқчи бўлар, лекин гапини айтишга қийналиб, нуқул рўмолчасини бураб ўйнарди. Золийхон унинг гапи борлигини сезди.
-Салимат, ўзингни қийнама, гапингни айтавер. Мен ҳар қанақа даҳшатли гапни эшитишга ҳам тайёрман.
-Золийхон, гапим даҳшатли эмас, лекин... биласанми, мен сени жудаям яхши кўраман. Сенга жуда-жуда раҳмим келади. Эсизгина... Сени сираям ранжитгим йўқ...
Золийхон мақсадини айтолмай қийналаётган қизнинг гапини бўлди:
-Салимат, тортинмай айтавер.
-Биласанми... отам мен билан гаплашди...
Золийхон мақсадни англагандай бўлиб, ундан кўзини олди.
-Отамнинг айтишича... Биласанку, отам Заурнинг меросхўри. Келажакда руҳоний ота бўлиб, Тбау-уац-Илага хизмат қилиши керак.
-Шундай бўлиши аниқ. Кейин-чи?
-Отам халқнинг фикри билан ҳисоблашишга мажбур. У сенинг хулқингни ҳимоя қилишни истаса ҳам, бундай қилолмайди.
-Мақсадингни айта қолсангчи?
-Хуллас, қисқа қилиб айтсам, уйимизда бошқа тура олмас эмишсан...
Золийхон бу гапни эшитиб, ўрнидан турди. Бошини ғурур билан тик тутди:
-Отангни хотиржам қил. Уйингларда энди бир кеча ҳам ётмайман.
-Золийхон, ўтинаман сендан, мендан ранжимагин, хўпми?
Золийхон жавоб бермади. Қимир этмай, қотиб тураверди.
У одамлар қалбидан раҳм-шафқат топа олмади. Энди қарори қатъий: бу ёруғ дунёда унга жой йўқ! У ўзини ўзи ўлдириши керак, бошқа чораси қолмаган! У бошқа дунёга кўчиши керак. Эҳтимол у дунёда жой топилар. “Балки-деб ўйлади у,-раҳм-шафқат эгасини ўша дунёда учратарман”.
У ҳамон ёнида ҳижолат чекиб турган Салиматга қаради:
-Ҳозироқ кетаман, мен туфайли амакимнинг боши эгилишини истамайман, Фақат... сендан битта илтимосим бор. Урусхоннинг милтиғини олиб чиқиб бер. Қараб кўр, милтиқ отангнинг хонасида бўлса керак.
-Милтиқни нима қиласан?
-Нима қилишимни сўрама.
Салимат Золийхонга ҳайрат билан тикилиб, шивирлади:
-Бирон одамдан қасос олмоқчимисан?
-Шундай бўлса-чи? Сенга нима? Сабабини суриштирмай, отанг келиб қолмасидан тезроқ милтиқни олиб чиқиб бер.
Салимат гапни кўпайтирмай, Золийхоннинг амрига итоат этиб, уйига кириб кетди. Деворда осиғлиқ турган қуроллар орасида Урусхоннинг милтиғи борлигини у биларди. Қасос тўғрисида бекорга гап очмади. Урусхонни ўлдирган, Золийхонни барча балоларга гирифтор қилган Зурабнинг ким томонидан бўлса ҳам жазоланишини Салимат жуда-жуда истарди. Золийхон милтиқ сўраганида қасос они етиб келди, деб ўйлаб ҳатто қувонди. Чунки одат бўйича номус-ори учун қасос олишгина шараф эмас, қасоскорга кўмаклашиш ҳам олқишга сазовор ҳисобланарди. Шу қувонч ва ғурур билан милтиқни олиб чиқиб берди.
Золийхон милтиқни авайлаб ушлаб, аламли жилмайди.
-Энди уйингга киравер, Салимат,-деди Золийхон унга меҳрибонлик билан.-Отангнинг хонасига кириб, милтиқни менинг ўзим олдим. Сен бундан бутунлай бехабарсан, тушундинг-а?
“Маъқул” ишорасини қилган Салимат кетмоқчи бўлганида Золийхон уни тўхтатди:
-Салимат, сендан яна битта илтимосим бор: мен учун онамга таъзим қилиб қўй. Уни охирги марта кириб кўришга қурбим етмайди. Онам ҳамиша менга меҳрибон эди. Мен онамдан розиман. Мен учун зорланиб сўра: онам берган оқ сути учун мендан рози бўлсин.
Бу видо онидан кўнгли ўксиган Салимат йиғламоқдан бери бўлиб, уйга кириб кетгач, Золийхон милтиқни ўпди. Бу милтиқни унинг ёри олиб юрарди, бунда Урусхон қўлларининг ҳарорати бор. Золийхон бу дунёни ташлаб кетишидан ғоят мамнун. Энди йўлида тўсиқлар йўқ – қалбида илк бор муҳаббат оловини ёққан севгилиси билан умрбод қовушади. Бу дунёга сиғмаган болажонини у дунёда бағрига боса олади. Золийхон у дунёда шундай бахтга эришажагига ишонади. Ота-бола уни интиқ кутишяпти. Золийхон бу дунёда ҳеч кимга керак эмас. Золийхон фақат ва фақат уларники. Улар бир бахтли оила бўлиб қовушадилар. Мана бу ўқлоғлик милтиқ ўша нурли ҳаёт калити, Золийхонга сеҳрли дарвозани очиб бергувчи саодат калити...
Қарор қатъий, ортга йўл йўқ. Аммо режасини қаерда амалга оширсин экан?
“Салимат қасос ҳақида гапирдими?-ўйлади у.-Кимдан қасос олишим керак? Зурабданми?”
Боши устида тўпланаётган ўлим булути зулматида Зураб унга шунчалар пасткаш, шунчалар ҳақир кўринди-ки, оқибатда “у малъунга ўқ ҳам ҳайф, жазосини Тбау-уац-Ила берсин”, деган тўхтамга келди. Илоҳи номини эслаши билан хаёлини бир фикр чақмоқ каби ёритди:
“Тбау-уац-Ила! Ҳа! Тбау тоғининг илоҳига мен сўнгги нафасимгача қаршилик билдираман. Мен ундан қўрқмайман! Мен унинг муқаддас ўрмонига кираман. Булоқ бошида мен Урусхонимни ёдга оламан. Муҳаббат изҳорларини ҳузурланиб эслайман. Кейин бу дунёни лаънатлаб, ташлаб кетаман. Агар осмону фалакда Тбау-уац-Иладан ҳам олийроқ бошқа худо бўлса, ҳаётнинг бу қадар жоҳиллиги ва аёвсизлигидан, Иланинг менга бунчалар уқубатларни раво кўрганидан шикоят қиламан. Мен Иладан энди нажот кутмайман. Ундан аълороқ адолатли ҳакам ҳузурига боришни истайман. Тўғри, мен гуноҳкорман. Эҳтимол, мени у дунёда кечиришар. Балки у дунёда аҳволимни тушуниб, мени ҳимоя қила оладиган шафқат эгасини учратарман...”
У аста-аста қадам босиб амакиси хонадонини тарк этди. Қор учқунлари унинг юзларига қўниб, гўё покламоқчи бўлади. Остона ҳатлаб чиққач, атрофга аланглади: зоғ ҳам кўринмади. Бирон одамга рўпара келиб қолишдан чўчиб, қадамини тезлатди – Найфат сари ошиқди. Ёзнинг неча тунида бу йўлдан хавотирланиб, қўрқиб юрган эди. У тунлар фарахбахш эди. Энди қўрқувсиз юриб боряпти. Ёз тунларида, ўрмон ёқасида севгилиси кутиб турарди. Энди ажал кутяпти. Қор унинг сўнгги йўлига оқ пояндоз тўшаяпти. Урусхон яшаётган оламга шу пояндозни босиб киради...
Кўзлари йўлда. Хаёли эса Урусхонда: ўша бўронли кеча... Қулоқлари остида мағрур йигитнинг маҳзун қўшиқлари янграй бошлади:
Ота-онам ўтди хору зор,
Менинг ҳам ҳаётим кўп ғамгин.
Қайғуларда бенаво ва хор,
Мен йўқотдим ҳаётим рангин.
Мен ўларман... лекин тепамда,
Кўз ёш тўкиб эзилмас иним.
Осмон ўзи йиғлайди ғамда,
Ёмғир билан ювилар таним.
Сингиллар йўқ... инимга эса,
Бориб етмас пажмурда бу тан.
Даҳшат, уни бўрилар еса,
Талашиб оч қузғунлар билан!
Золийхон беихтиёр равишда бу қўшиқни хиргойи қила бошлади.
Ажабо! Қўшиқ сўзлари бу онда унинг бахтсиз тақдирига нақадар мос-а!
Қор ёғяпти...
Кошки эди, гуноҳ сари бошлаб борган йўлларни энди поклай олса...
Золийхон довонга етиб келди. Қўлидаги милтиқ оғирлик қилса-да, уни маҳкам ушлаганича қийинчилик билан юқорига кўтарилди. Бу йўлдаги ҳар бир дарахт, ҳар бир бута унга таниш. Аммо ҳозир барчаси совуқ оқ либосга ўраляпти. Ҳаммаси ўлик уйқуда. Золийхон гуноҳ сари бораётганда, гуноҳни елкасига ортиб қайтаётганда гувоҳ бўлган япроқлар жонсиз ҳолда шохларидан узилиб тушиб, энди лойга беланиб ётибди. Золийхон ўша гувоҳларини босиб боряпти.
Урусхон билан ётган, бўсаларидан маст бўлган, садоқат хусусида қасам ичишган булоқ бошидаги майсалар устини ҳам қор харир парда каби қоплаган. Ҳамма ёқ оппоқ. Гўё бу оламда заррача ғубор йўқдек...
Золийхон “сенга садоқатли бўламан”, деб қасам ичган эди. Садоқатини исботлайдиган вақт етди.
У ўтирди-ю, милтиқ тепкисини босди...
***
Салимат ожиза кампирга бахти қаро қизнинг видо сўзлари, сўнгги узри ва илтижосини етказди. Кампирнинг ҳаяжон ва ҳайрат билан берган саволларига чўчибгина жавоб қайтарди. Отасининг номуссиз қизни уйдан чиқариб юбориш ҳақидаги буйруғини истиҳола билан айтди.
-Отанг бунча бемеҳр бўлмаса! Касал одамни ҳам қишда уйдан ҳайдаб чиқарадими? Ахир ёлғиз ўзи қаёққа кетди?
-Балки... кодатларникига кетгандир?
-Кодатларникига? Эсинг жойидами? У ерда нима қилади? Сен бир балони билмасанг гап бошламайсан. Менга тўғрисини айт!
-Мен бу ҳақда оғиз очмайман, деб қасам ичганман. Майли, сизга айтай, фақат бировга гапириб юрманг. Менимча Золийхон Зурабни ўлдирмоқчи. Ахир Урусхоннинг ўлими учун кимдир қасос олиши керак-ку? Ҳар ҳолда Урусхоннинг милтиғини бекорга олмади.
Кампирнинг талабига кўра Салимат кодатларникидан хабар олгани кетди. Ҳавотирини босолмай, пайпасланиб, ҳовлига чиқди. Шу онда қор босаётган водийни титратиб ўқ овози янгради. Бу овоз муқаддас ўрмон томондан келиб, қояларга урилиб акс-садо берди.
-Бу нимаси?-деб сўради ожиза ўзидан ўзи.
Хавотир чангалидаги юраги ярадор қуш каби потирлай бошлади.
Ҳамма ердан ҳайдалган бахти қаро қиз...
Севган ёрининг милтиғини олган...
Муқаддас ўрмон томондан келган ўқ овози...
Салиматдан эса ҳалигача дарак йўқ...
Кута-кута кампирнинг тоқати тоқ бўлди. Охири чидай олмай , бошида рўмоли йўқлигини ҳам унутиб, йўлга тушди. Ожиза муқаддас ўрмон йўлини яхши билади. Бир вақтлар бу йўллардан кўп юрган. Ҳар бир сўқмоқ, ҳар бир бурилиш унга таниш.
“Бевош қиз... Урусхон билан учрашадиган ерга борган,-деб ўйлади кампир.-Бошқа жойни танламайди... Тезроқ ... тезроқ етиб боришим керак. Балки ҳали тирикдир...”
Ожиза сирғанчиқ сўқмоқни хассаси билан пайпаслаб шошилади. Қор энди бўралаб ёғади. Кўзи соғ одам ҳам бир қадам наридаги нарсани кўра олмайди.
Кампир беҳос сирғаниб кетди. Бирон нарсани ушлаб қолиш умидида қўлларини ёйди-ю, мувозанатини сақлай олмай, нажот илинжида бир қичқирди-ю, жарга қулади.
Кодатларникидан қайтаётган Салимат бу қичқириқни эшитиб, овулдагиларни фожиадан огоҳ қилди.
Бир неча соат қидиришгач, Тамбининг ўғиллари жарлик тубидан боши пачоқланган кампирнинг мурдасини топишди.
Овулда “кампирнинг мияси айниб, кўчага чиқиб кетган экан, адашиб йиқилибди”, деган овоза тарқалди.
***
Қор ёғади...
Ҳудди ҳеч қандай фожиа юз бермагандай хотиржам қор ёғади.
Қор ўзининг оппоқ чойшаби билан тоғ ва довонларни ўраб чиқди.
Иссиқ уйларида ўтирган тоғликлар Золийхон қаерга йўқолди экан, деб қидириш у ёқда турсин, ўйлаб ҳам кўришмади.
Бу фожиадан фақат тулкиларгина хабар топганлар. Уларнинг ўрмондаги инларида катта-кичик суяклар сочилиб ётибди.
Одам суяклари...
Яна таржимондан:
Ўқиганингиз мазкур қиссанинг таржимасини 1970 йил 17 октябр, шанба куни тонгги соат 6.10да якунига етказган эканман. Орадан ўттиз олти йил ўтиб, асарни яна қўлга олдим. Бир неча ой мобайнида қайта таҳрир қилиб, оққа кўчириш билан банд бўлдим. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, Ўзининг мадади ила бу иш 2006 йилнинг 21 июн, чоршанбасида ниҳоясига етказилиб, сиз азизларнинг ҳукмингизга ҳавола этишга қарор қилинди.
Яна бир-икки сўз айтмоқликдан мақсад, таржима тарихидан сизларни огоҳ этишгина эмас.
Гап шундаки, мазкур асар ўттиз олти йил муқаддам каминага бошқача таъсир этган эди. Оққа кўчириш жараёнида Золийхон ва Урусхоннинг муҳаббати ва тақдирига бўлган муносабатим анча ўзгарди.
Сезиб турибман, асарни ўқиган ёшлар Золийхонга ачинишяпти.
Кексароқ одамларнинг эса фикри ўзгачароқ.
Аслида уларга ачиниш керакми? Буни ҳар бир ўқувчи ўзи ҳал қилиши лозим бўлса-да, фикрларингизни баҳсга чорлашни лозим топдик. Қайси бир асарда бош қаҳрамон баён якунида ўлим топар экан, ўқувчи унга ғоят ачинади. Баъзан ёзувчини бемеҳрликда айблайди ҳам. “Ўтган кунлар” романини ўқиганлар Кумуш жон берганда йиғлаган бўлсалар керак. Ҳатто Абдулла Қодирийнинг ўзлари ҳам бу сатрларни ёзганларида йиғлаган эканлар. Хўш, Золийхонга Кумушга ачинганимиздек ачинишимиз керакми?
Албатта йўқ!
Кумуш – ҳаё, садоқат, пок муҳаббат олиҳаси. Золийхон-чи?
Беномуслик барча халқларда, барча динларда ғоят оғир гуноҳ саналади. Барча халқларда, барча динларда беномуслар қаттиқ жазоланадилар. Урусхон Тбау тоғининг Ила худосидан қўрқмади. Нега? Чунки бу худони одамларнинг ўзлари тўқиб чиқарганларини билади. Агар у чинакам Худони таниганида эҳтимол, гуноҳдан ўзини тийиб олган бўларди.
Сиз ачинаётган Золийхон иккита катта гуноҳ қилиб охиратини ҳам куйдирди. Номуссизлик кўчасига киргани бир гуноҳ бўлса, ўзининг жонига қасд қилгани янада оғирроқ гуноҳдир. Барча халқларда, барча динларда одамнинг ўзини ўзи ўлдириши кечирилмас гуноҳ саналади.
Бизнинг бу мулоҳазаларимизни инкор этмай, севишганларнинг тақдирини яна бир қайта ўйлаб кўрарсиз. Халқимизнинг бир мақоли уларнинг ҳатти-ҳаракатларини баҳолашда қўл келиши мумкин: “Билмайин босдим тиканни, тортадирман жабрини, билсам эрдим, босмас эрдим, тортмас эрдим ул тиканни жабрини”.
Эҳтимол, ораларингизда бировга кўнгил қўйиб, севгилисига етолмай юрганлар ҳам бордир. Эҳтимол, улар севгани билан қовушишга йўл бермаётган ота-оналари ёки бошқа яқинларидан норозидирлар. Шундай бўлса ҳам шошилманг. Аввал севги билан ҳавасни фарқлаб олинг. Беномуслик кўчасига киришни хаёлингизга ҳам келтирманг. Никоҳсиз турмуш қуриш беномусликдир ва бу ҳаракат бу дунёда ҳам у дунёда ҳам жазоланади.
Дуо қилайлик: ё раббимиз Аллоҳ! Қиссада баён этилган Урусхон ва Золийхоннинг тақдирини бизнинг ёшларга бегона қил. Ёшларимизни ор-номусли бандаларингдан қил. Ҳаё, иффат, садоқат каби фазилатлар билан зийнатлантир. Ёшларимизга тотув оила саодатини бер. Омийн!
Тоҳир Малик таржимаси