Катта арава қаердан юрса,
кичиги ҳам шу йўлдан юради.
Халқ мақоли
Бўйноқ сўриток тагида мудраб ётган эди. Туйқусдан қаттиқ вовиллаб, дарвоза томонга ташланди. Рашид ҳовлиқиб уйдан чиқди. Шу пайт кўча тарафдан отилган тош супа четида турган челакка даранглаб урилди. Кимдир ташқаридан дарвозани ёпиб олди. Олд оёқлари билан эшикни таталаётган Бўйноқнинг акиллаши аралаш бўғиқ овоз эшитилди:
— Рашид! Тирикмиса-ан?!
У бориб, дарвозани очди. Ранги қув ўчган Собир ташқарида титраб турарди.
— Ҳайда-е бунингни! Ё?.. нимага тиржаясан? — деди у тутақиб
— Ҳаҳ, танимаганингни қара-ю! Бу — ўзимизнинг Собир шер-ку! Қоч, чавақлаб ташлайди-я! — деди Рашид жўртага итга хезланиб.
Бўйноқ калтакдан ўзини олиб қочгандек, тисарилди, лекин ириллашини қўймади.
Собир депсиниб, итга муштини дўлайтирди:
— Ўшанда сувга чўктириб юборсам бўларкан сан итваччани! Қараб тур ҳали, кунингни кўрсатаман!
Рашид пиқиллаб кулиб юборди.
— Ҳирингла-я, ҳирингла! Сенга калака қилиш бўлса...
Бўйноқнинг қорасини ўчирмаса, жўрасининг кўнгли жойига тушадиган эмас. Рашид уни сомонхонага қамамоқчи бўлди. Ит бўлса ҳовлини айланиб қочишини, Собирга қараб акиллашини қўймасди. Рашид ит зотининг бу қадар кек сақлашини энди кўриб туриши. Собирдан калтак еганига, эҳ-ҳе, неча йил бўлди-ю, уни кўрса ҳали ҳам жаҳл билан ириллайди...
Ўшанда Собир ҳам, Рашид ҳам ўйинқароқ бола эди. Бўйноқнинг ҳам қулоғи кесилмаганди. "Ўғилларимиз ҳам ўзимиздек қиёматлик дўст бўлишсин", деб оталари уларни жўра киритишган. Қишлоқ расм-русумига кўра тўн кийгизишиб, белбоғ бойлашган. Қиёматли жўралар кўпинча бирга ўйнашарди. Шундай кунларнинг бирида Рашидни онаси чақириб, қандайдир юмуш буюрди. У қайтиб келса, Собир Бўйноқни ариқдаги сувга пишиб, обдан савалаётган экан. Зўрға ажратиб олди. Бўйноқ Собир ушлаган чумчуқни емаган эмиш. Алам қилиб итни қулоғидан ушлаб судраган экан, "ғарч" этиб қўлини тишлаб олибди. Шу-шу, бир-бирига кўзи тушди дегунча, икковининг ҳам жини қўзийди.
Бу орада Хол Бўтаевич катта ишга кўтарилиб, Собирлар шаҳарга кўчиб кетишди. Аммо, у қишлоққа онда-сонда келса ҳам Бўйноқ билан "ғижиллашмай" кетмасди.
Собир ҳар гал фасони ғалати кийимлар кийиб келар, шаҳарда кўрганларини айтиб, ҳамманинг оғзини очириб қўярди. "Мактабимизда Бахти деган жўрам бор. Ўзи чиллакда-ю, ўнинчидагилар ҳам эгилиб салом беради. Каратист. Қўли ойболтанинг нақ ўзи. Бир уриб, ғиштни икки бўлиб ташлайди. Шаҳар зўр-да, дунёга машҳур одамлар сен билан ёнма-ён юраверади".
Бора-бора "Собир кепти" деган гап қулоққа чалиниши билан болалар ишини ташлаб, уларникига югурадиган бўлишди. "Парпи деган оғайнимнинг зўр овчаркаси бор. Оти Ресси, — ёнбошлаволиб гап бошлайди Собир. — Қурғур бирам ақлли-е. Парпини мактаб олдида чўнқайиб пойлаб ўтиради. Парпи дарсдан чиқиши билан папкасини тишлаб олади-да, олдига тушиб уйга жўнайди. Парпига дўқ қилганларни тирқиратиб қувади. Манови Бўйноқ ҳам кучук бўптими, куйган пўстакку!" "Ресси ўргатилганда-а?". "Ўргатган. Қорда Парпини чанада катайса қилдиришини бир кўрсанг... Бу шимни киймайин девдим-а, — у гап орасида болаларни янги кийимига жалб қилади, — жуда тор, тиззани буколмайсан. Модаям жонга тегди". "Шуям модами? — афтини бужмайтиради Собир. — Бундан қоп тикиш керак". "Эшакка тўқимликкаям ярамайди". "Вўй, қишлоқилар-е". Собирнинг бирдан ранги ўзгаради.
"Биласанларми бу қанча туради? Ҳаммангни кийимингни сотгандаям ярмига етмайди. Мактабда мен билан физоргимиздан бўлак ҳеч кимда йўқ бунақаси!" "Ҳалиги, погонли куйлагинг бор-у, оти пиконмиди, жуда чиройли эди-да, — вазиятни юмшатмоқчи бўлади Рашид, — буям яхши, фақат жуда қиммат экан". "Арзоннинг моли татимас. Одам дунёга икки марта келмайди", — Собир отасидан эшитган гапни салмоқлаб такрорлайди.
... Рашид Бўйноқни сомонхонага қамаб, Собирнинг ёнига қайтди. У дераза ёнидаги стулда оёғини ликкиллатиб ўтирган экан. Рашид шоша-пиша ўрнини йиғиштира бошлади:
— Бугун бормоқчи эдим, иситманг бор, мактаб қочиб кетмайди, деб энам қўймади.
— Нима дейсан?
Рашид кўрпани тахлаётиб Собирга қаради. Назарида дўстининг хаёли жойида эмас эди. Собирнинг қийиқ кўзлари олма-кесак терар, лаблари асабий титраётганди. Рашид кўрпани тахмонга жойлаб унинг ёнига чўкди:
— Бунча хўмраясан? Соғайиб қолдингмиям демайсан-а? — деб гина қилган бўлди.
— Э-э! — Собир асабий қўл силтади. Ўрнидан туриб, зарда билан деразани очаркан, Рашидга ўқрайди:
— Бўшатишди, билдингми? Раисликдан опташлашди.
— Оббо, шунга шунчами? — Рашид кулиб юборди. — Қайтанга яхши-ку, ғавғодан қутулибсан.
— Гапирасан-да, — деди у норози оҳангда, — қанча меҳнатим бекор кетди. Тошпўлатга берган ёрдамим... мен бўлмасам, қолиб кетарди синфда. Кўзини бақрайтириб: "Зўравон бу, кераги йўқ бизга!" деб бақирди-я! Райим билан Назар-чи? Устимдан шикоят ёзибди. Анови латта ойимча бўлса... жойини тортиб олганимга чидолмай юрган экан, бир ваҳима қилди...
— Бошқаларни билмадим-у, Мастура унақа — кунчимас.
— Ёнини оляпсанми?
— Тўғрисини айтяпман. Ўзинг ҳам анча кеккайиб кетувдинг-да.
Собир чўғни босиб олгандай тизза бўйи сапчиб тушди.
— Тилингдан илиндинг-а?
— Нима деганинг бу?
— Нега талмовсирайсан?! Дўстингдан топ, дегани шу-да, — деди Собир ўқрайиб қараганча. — Ўзингни гўлликка солмай қўяқол! Ҳаммангнинг тилинг бир. Сенинг ҳозир касаллигинг ҳам ёлғон. Биламан, отам ҳам бошқа ишга кўтарилаётганда касалман, деб жўрттага уйда ётарди. Ишни пишитиб, шерикларингни тезлаб, ўзингни панага олибсан-да!
Собир шитоб билан ўрнидан турди-да, эшикка йўналди.
— Нимага унақа деяпсан? Тўхта, ҳей!
Собир супага чиқиб тўхтади.
— Латта ойимча сенинг номзодингни кўрсатди. Дўппингни осмонга отавер! Лекин билиб қўй, менам қараб турадиганлардан эмасман! — У яна бир нима демоқчи бўлди-ю, шартта бурилиб, чиқди-кетди.
Рашид унинг орқасидан ўйчан тикилиб қолди. Собирларнинг шаҳардаги ҳовлисига боришгани ёдига тушди.
... Собирларнинг уйи шаҳарнинг қоқ ўртасида — катта кўча ёқасида экан. Дарвозадан кирган заҳоти ҳайратдан Рашиднинг оғзи очилиб қолди: ҳовли саҳни қип-қизил гулзор, ўртада мармар ҳовузча, ҳовузчада ярим танаси сувга ботган "аждар" оғзидан сув пуркаб турибди. Уйларининг пештоқидаги нақшлари қуёш нурида товланиб, кўзни қамаштиради. Гулзор орасидаги тор йўлакчаларга асфалт ётқизилган.
Собир циркка, отаси ҳам бир ёққа кетган экан.
Собир кечга яқин келди. Улар кўчага ўйнагани чиқишди. Собир Рашидни Зокир, Парпи деган жўралари билан таништирди. Рашид Зокир билан Парпининг Собирга қилган хушомадини кўриб, ҳайрон қолди. Кечқурун сабабини сўраган эди, Собир: "Дўст деган шундай бўлиши керак", — деб аввалига мақтанди. Кейин "Икковиям тирноққа арзимайди, морожний оберганим, кинога оптушганим учун шунақа", — деб синиқ илжайди.
Хол Бўтаевич жуда кеч қайтди. Уни ширакайф ҳолда икки киши зўрға қўлтиғидан суяб келишди. Хол Бўтаевич Рашиднинг отасини кўргач, аввал болалардек қийқириб юборди. Сўнг гандираклаб келиб қучоқлаша кетди. Юз-кўзидан ялаб-юлқаб ўпди. Ёнидагилар ҳам меҳмон билан қучоқлашмоқчи бўлган эди, у:"Қани, марш!" — дея қўлини бигиз қилиб, дарвозани кўрсатди. Шериклари: "Хол акамиз жа очилдилар бугун. Яшасин акахонимиз!" — деганча ҳовлидан чиқиб кетишди. Рашиднинг отаси қаттиқ хижолат чекди, юзлари қизарди, қовоқлари осилди. "Бориб ухланглар", деб болаларни турғизиб юборди-да, Хол Бўтаевичга бир нималарни уқтира бошлади. Рашид то ухлагунча чорпояда отасининг босиқ овозини, Хол Бўтаевичнинг: "Сенлар мени кўролмайсанлар",, деган ўкириши-ю, Рисолат холанинг пиқ-пиқ йиғисини эшитиб ётди...
Орада ярим йўл ўтмай, қишлоқда шов-шув тарқади: “Хол Бўтаевич қўлга тушибди. Камомад катта эмиш”.
Кўп ўтмай Собирлар қишлоққа бутунлай кўчиб келишди: шаҳардаги ҳовли-жойлари давлат ихтиёрига ўтибди. Собирнинг айтишича, ёмон одамлар отасини қаматтирмоқчи бўлишибди. Аммо дўстлари бунга йўл қўйишмабди. Отасини тумандаги икки қаватли магазинга мудир қилиб юборганлар ҳам ўшалар эмиш...
Кўчиб келишганидан кейин Хол Бўтаевич яна аввалгидан Рашидларникига тез-тез келадиган бўлди. Рашид бўлса... Собирга, қиёматлик жўрасига тушунолмай қолди. Унинг гердайиши, ҳадеб ўзини кўз-кўз қилиши Рашидни ҳайрон қолдирди. Собир Назарга бир даста дафтар, расмқалам деса томдан ташлайдиган Райимга яп-янги фломастер бериб, икковиниям чизган чизиғидан чиқмайдиган қилди. Кейин учовлон Алини қўрқитиб, униям ўзларига қўшиб олишди. Айниқса, бир воқеадан кейин Рашиднинг кўнгли дўстидан бутунлай совиди Ўшанда... эсласа, ҳалиям уятдан юзи қизиб кетади. Собир Мастурадан гап очди:
— Мастураларинг ғирт латта-я! Тағин синфкоммиш. Бўшатиш керак уни.
— Нимага?
— Биринчидан, қиз бола, иккинчидан, қачон қарасанг, касал... Синфком деган қаттиққўл, сўзини ўтказадиган бўлса! Агар мен...
Рашид бу гапдан қип-қизариб кетди.
— Ёки сен қаршимисан? — хавотирли илжайди Собир.
— Йўғ-е.
— Бу бошқа гап, — қўлини бир-бирига ишқади у. — Эртага бир қўллаб юборасан-да, оғайни. Икки оғиз мақтаб қўйсанг бўлди.
— Мен, ҳалиги...
— Яхши боласан-у, чайналишинг чатоқ, — унинг сўзини бўлди Собир. — Йигит деганнинг гапи қиличдай кескир бўлса.
— Шу ҳам гап бўлди-ю, — деди Рашид энсаси қотиб.
Собир баттар тутақди:
— Шаҳарда ҳамма отамга эгилиб салом берарди. Кимсан, кўп магазинларнинг бошлиғи эди-да! Ишдан бўшади-ю, ўшалар қутурган итдай оёғидан оладиган бўлишди. Нимага? Билмайсан! Амалдан бўшадингми, сендан фойда йўқми — бир пулсан. Сен бўлсанг... — У ёқимсиз илжайди. — Майли. Шу ишни бир ёқли қилай, ўзим саводингни чиқариб қўяман. — Собир катталардай Рашиднинг елкасига қоқиб қўйди. Рашиднинг ғаши келди. "Яхши одам ўзини ўзи кўтар-кўтар қилмайди", демоқчи бўлди, лекин тили бормади.
... Собир синфкомликка сайлангандан кейин ишлар анча жойланди, мактабда синфнинг номи тилга тушди: 1"Б"ни оталиққа олган ким? 6"А". Уруш ветеранлари билан учрашув ўтказган ким? 6"А". Энг кўп темир-терсак тўплаган-чи? 6"А".
Унинг ташаббускорлиги ҳаммани қойил қолдирди. Ўқитувчилар синфда унга қараб гапирадиган, баъзилари "Тўғрими, Собирбек?" деб фикрини тасдиқлатиб оладиган бўлишди.
Аммо, ярим йиллик "кўтар-кўтар"дан сўнг янги синфком босар-тусарини билмай қолди. У ҳаммага лақаб қўйиб чиқди: Мастура — латта ойимча, Тошпўлат — йўрға, Назар — юмшоқ супурги, Адолат — эркак сабзи...
Синфда бирор кечами, учрашувми ўтказилса, қўлини чўнтагидан олмайди. Ўқитувчига бўлса: "Мен айтган эдим..." деб керилади
— Қўлингни киссангдан чиқарсанг совуқ уриб кетадими? — деди бир куни Рашид. — Бунча гердаймасанг?
Собир икки-уч кун хўмрайиб юрди.
Мастуранинг тоби қочиб, бир ҳафта ўқишга келолмади. Собир: "Ўрнингга бошқалар навбатчилик қилди, энди беш кун синфга дежурлик қиласан!" — деб буюрди у дарсга келгач. Мастурага оғир иш қилиш мумкин бўлмаса ҳам пол ювди, деразаларни артди. Эртасига яна ётиб қолди. Ана шундан сўнг болалар Собирнинг хулқини муҳокама қилмоқчи бўлишди. "Мени муҳокама қилишга ҳаққинглар йўқ! — устун келди Собир.
Ўн-ўн беш йил аввал оддийгина "Хол чўтир" эди. Хол Бўтаевич бўлгунча минг тешикка бош суқди. Неча марта панд еди, оғзидагини олдирди. Бировнинг луқмасини тортиб олган пайтлари ҳам бўлди.
Кўп йиллик тажрибадан сўнг Хол Бўтаевич бола тарбияси ҳақида шундай хулосага келди: "Бола эркин ўссин, унга ҳадеб дакки берма, ёш ниҳол, шохи синиб, ҳар нарсадан ҳадиксировчи, қўрқоқ бўлиб қолади. Ўғил бола деган қиличдай кескир бўлиб улғайса, ҳеч ким шаштини қайтаролмайди".
Хол Бўтаевич ўғлини саройдек кенг кабинетда елкасигача креслога ботиб ўтиришини истайди. Бунинг учун неки лозим бўлса, барисини қилади. Унсин деган йўриқчи кўчиб келган пайтлари бир-икки нолиган эди: "Синглим, қўчқорчамиз шўхроқ, ўзингиз қараб турсангиз", — деб сумкачасига бир жуфт француз атирини секингина солиб қўйди.
Шу бўлди-ю, Унсиннинг уни ўчди. Синф раҳбарининг ҳам кўнглини шунга ўхшаш йўллар билан тинчитган эди. Лекин бугунгиси...
Хол Бўтаевич тепароғига ўқувчилар хонаси деб ёзилган эшикни шахд билан очди. Альбомга қоғоз ёпиштираётган Унсин "келинг", дейишга ҳам улгуролмади.
— Ишлар тузукми, сингил? — деди Хол Бўтаевич зўраки жилмайиб, қатор стуллардан бирига ўтирар экан. — Болаларингиз Собиржонимизни хафа қилиб қўйишибди-ку!
— Шундай бўп қолди. Синфдагилар анча тўполон кўтаришиб... — Унсин бўёқ теккан бармоғини зўр бериб қоғозга ишқай бошлади.
— Бирор йўлини қилмапсиз-да, — ўпкаланди Хол Бўтаевич, — мисол учун олдингисидан каттароқ ишга ўтказишми...
Унсин кўзларини пирпиратиб, Хол Бўтаевичга қаради.
— Боланинг шахди қайтмасин дейман, сингилжон. Ўзи, шунақа ишнинг жуда ҳавосини олган, ишонсангиз, бугун туз татигани йўқ. Ўзини бир бало қилиб қўймасин, деб онасинниг жони ҳалак. Энди ўзингиз бир иложини топмасангиз бўлмайди, сингилжон. Ҳа, айтгандай, онангиз тунов куни чит сўраган эди. Эртага олдимга борсин, — Хол Бўтаевич шу гапларни айтгач, майин жилмайиб ўрнидан қўзғалди.
Унсин беихтиёр:
— Албатта, албатта, жуда яхши бўлади, — деб юборди.
Эрталаб синфга кириши билан болалар Рашидни ўраб олишди. "Собирнинг ўрнига сени сайлаймиз", деб шовқин-сурон кўтаришди. Рашид ғалати бўлиб кетди. Ноқулай аҳволга тушиб қолди. Собирга қараган эди, у бир оқарди-ю, энгашиб портфелини титкилашга тушди.
Дарсдан сўнг йиғилиш ўтказилди. Қаршилик қилгани билан фойдаси бўлмади. Рашид ўзи истамаган ҳолда Собирнинг ўрнини эгаллади. Мажлис тугаши билан Собир эшикни қарсиллатиб ёпиб, чиқиб кетди. Рашид орқасидан югурди. Катта йўлда етиб олди.
— Собир! Собир!
Собир таққа тўхтаб, кескин бурилди, бир қадам босди-ю, товони тагида бир нарса портлаб кетадигандай: "Яқинлашма! — дея ўшқирди. — Ўл-а, аҳволинг шу экан-ку, демоқчимидинг?!"
Рашид унинг гапини баралла эшитиб турган бўлса ҳам, худди туш кўраётгандек, гаранг эди:
— Нима деяпсан, жўра?..
— Тупурдим сендай жўрага! — заҳрини сочди Собир ва ортига шарт ўгирилиб, тез-тез юриб кетди. Рашид турган жойида узоқ серрайиб қолди.
Бўшагандан буён бегонасираб юрган Собир катта танаффусда синфга булутдай бостириб кирди. Доска ёнида тўхтаб, баланд тепадан теваракни томоша қилаётгандай, синфдагиларга писанд қилмай кўз югуртирди. Сўнг чап қўлини шими чўнтагидан олмай, Рашиднинг ёнига келди, сирли илжайди, елкасига қоқди.
Бунинг сабаби синф йиғилишида маълум бўлди: Собир мактаб ўқувчилар бошқаруви котиби этиб тайинланди.
Шу кундан бошлаб синфдошлари яна Собирни таниёлмай қолишди: худди илгаригидек шиддаткор, куюнчак. Бир қарасанг, мажлис ўтказган, бир қарасанг, қуёнхона навбатчиларига маслаҳат берган, бир қарасанг, тўполончиларни койиган...
Собир синф йиғилишларида Рашидни сиқувга олар, ҳар хил баҳоналар билан кўпчиликнинг олдида уни ера уришга интиларди.
Бугун Собир яна Рашидга заҳрини сочди.
Мактаб боғида ўтказилган ҳашарда икки киши қатнашмагани учун уни ўрнидан турғазди.
— Хўш, буни қандай тушуниш керак, ўртоқ Нишонов?
— Ўзинг биласан, ўуломнинг тиши...
— Мен билмайман! — Собир столга гурсиллатиб бир мушт туширди. — Тиш эмиш... Меҳнат байрами куниям тиш оғрийдими? — У узун стол теварагида бошини қуйи солиб ўтирганларга бир қараб олиб, давом этди. — Синфда тартиб-интизомни бўшаштириб юборгани учун Нишоновга ҳайфсан берилишини талаб қиламан, — деб ўнг қўлини кўтарди. Ўтирганлар ерга қараган кўйи бирин-кетин қўл кўтаришди. Рашиднинг бўғзига муштдай бир нарса тиқилди.
Йиғилиш тугагач, Рашид уйига хомуш қайтди. Кўнгли ғаш эди. Собирнинг такаббурона башараси кўз олдидан кетмасди.
Тўсатдан Бўйноқнинг ғазабнок вовиллаши эшитилди. Рашиднинг хаёлига "лоп" этиб Собир тушди. "Бўйноқ ундан бошқани бунчалик "иззат-икром" билан қарши олмайди..." Адашмабди. Собир яқинда олган "Урал" велосипеди билан ўзини тўсиб, деворга қапишиб турибди. Бир қўлида чиллаксопдай насос. Бўйноқ дарвоза олдида: "Ўлдирсанг ҳам қимирламайман", дегандай олдинги оёқларини узатиб, чўзилиб олган. Рашид ити билан Собирнинг ўртасида тўхтади.
— Шу арзандангдан қутулмадим, қутулмадим-да! — деди Собир насосни жойига қўя туриб. — Йўқот бунингни! Одамга тикка сапчийди-я?!
Рашид чурқ этмади. Мажлисдаги гаплар яна нашъа қилди. "Ҳеч нарса бўлмагандай шанғиллайди-я!"
— Сирканг сув кўтармас экан-ку, — илжайди Собир велосипедининг ялтироқ қўнғироғини жиринглатиб қўяркан. — Бошқаларга ибрат бўлсин дедим-да. Сен — ўзимникисан. Менга қараб кўп ўқраяверма, бир-икки кун ўтсин, ўзим ўчириб ташлмайман.
"Шайтон-ей, ҳамманинг олдида ерга уриб, қулоғимга узр айтмоқчи", деб ўйлади Рашид. Сўнг боядан бери товонига ботаётган тошни зарб билан тепган эди, велосипеднинг қанотига чирсиллаб тегди.
Собирнинг авзойи бирдан ўзгарди.
— Ҳали шунақами? — У велосипедини даст кўтариб, орқага бурди. — Мен ялинармишман-у, бу кишим ноз қилармишлар. Энди ўзингдан кўр! — Собир шундай деди-ю, велосипедига сакраб миниб, ғизиллатиб ҳайдаб кетди. Бўйноқ Собирнинг орқасидан талпинган эди, Рашид итнинг бўйнидан қучоқлаб, қулоғига ниманидир оҳиста шивирлади.
Бўйноқ бу гапдан севингандай, думини ликиллатиб Рашиднинг оёғига суйкалди...