Ҳайрат ул-аброр (наср)

Биринчи мақолат
Имон ҳақида

Кимки бу жаҳонга инсон бўлиб келган экан, унинг асосий нишони - белгиси имондир.
Демак, сабр, шукр ва ҳаёдан иборат бўлган одамларгина Инсон деган шарафли номга муносибдирлар, имондан узоқ бўлган кишиларни эса бу ном билан атаб бўлмайди.
Имон олти қисмдан иборат. Ким бу олти тўсиққа эга бўлса, улар ҳар бир кишини олти жиҳатдан ҳимоя қиладилар.
Олтидан биринчиси - мақсуд, яъни Ҳақнинг мавжудлигини билмакдур. Ҳамма нарса қойим _ мавжуд, фақат Аллоҳгина абадийдир. Барча жаҳон аҳлига унинг зоти, исмларнинг пайдо бўлиши, жаҳон сифати ниҳондур.
Барчани нобуд қилувчи ҳам, барча ўтиб кетиб мавжуд бўлғувчи ҳам ўзидир. Икки жаҳон мулки унга бўйсунади, ўзга жаҳон ҳам уникидир.
Олтидан иккинчиси _ фаришталар. Яхши билиб олгинки, улар барча фалак зиёратчиларидир, улар нафснинг барча ифлосликларидан покдирлар. Барчасининг жавҳарлари поку озод, тупроғу суву елу ўтдин холи. Барчалари яратилганларидан бери дам олишни билмай хизмат қилишади. Жаннат қушларидек шавқнок, қилаётган ишларидан завққа тўладилар.
Фақат бир қулгина улар ичида бу завқни тополмайди, унинг бўйнида занжир. У ҳалқада учта ҳарф ошкор ёзиб қўйилган, ҳар бирининг домонаси ҳалқавор, ҳар бирининг ҳалқаси ўзаро туташиб лаъндаги ёзувда булфузул ўқилади.
Учинчиси - осмон китоблари, барчасини ҳеч шубҳасиз тангри сўзлари деб билгайсан. Китоб эмас, ҳар бири чуқур бир дарё, ҳар сўзи эса шу баҳрнинг гўзал дурдонасидир. Денгиз эмас, балки ҳар бири ажойиб бир кон, бошдан-оёқ лаъл ила гавҳарга макондир. Агар учтаси уч нурли шамъ бўлса, лекин бири Шарқ қуёшидир. Учови ҳам туғилган бўлса-да, буниси етти ота-бобонинг ишини қилғувчидир. Балки бўлса ҳам, сабки масоний, яъни фотиҳа сураси шу китобда янграйди. Унинг бошидаги ҳар бир сураси зарҳалланган, тартиб коший билан пиширилган, ҳар бир саҳифаси гулшанга, жадвали атрофидаги чизиқлар равшан зулолларга ўхшайди. Боғ дема, балки фалак, шундай бир фалакки, сатрлари ҳар тарафга саф-саф бўлиб тизилган. Унинг саҳифалари атрофидаги ўнта доирача мартабада ҳар қайсиси бир ложувард фалакка ўхшайди. Ҳар жузви варақларидаги сўзлар асли ҳақиқат, балким барчаси ҳақдир.
Тўртинчи _ пайғамбарлар гуруҳи. Уларнинг ҳар бири бир сафо баҳрининг гавҳари.
Бу сўзларнинг бариси Ҳақ амри ва унинг томонидан ман қилинган ҳақиқатларни бари элга кўргузуб берди. Ҳар бир билимсиз одам ҳужжат истаса, ҳар қайсисига мўжизот кўрсатилди. Барча ҳақиқий ҳолат аён бўлди, нуқсонларга, иллат, ёлғонларга эҳтиёж қолмади.
Пайғамбарлар уч қисм бўлиб, аввало, авлиё анбиё гуруҳи келди, сўнг Ҳақ расуллари. Улар Оллоҳнинг барча сўзларини халқларга етказадилар.
Сўнг ҳақ расулига росих бўлиб, дини расул динига носих бўлиб, куфр қаршисида ҳар мурсал дили билан машъал ёритди. Унинг шаръи қуёши зуҳур топгач, бошқа машъалалар ичида нур қолмади. Унга етганда пайғамбарлар келиши тугалланди. Дин унинг исломи бўлиб қолди.
Бешинчиси _ қиёмат. Ҳисоб куни, ҳисоб куни дема, азоб куни деявер. У куни бўлиши учун қиёмат бўлади, элга қилганидан надомат ёзилади, ёзиш учун қоғоз саҳифалари етишмай қолади.
Шимол аҳли ичида жанжал кўтарилиб, номалари юзларидек қорайиб кетади. Тўғри тарозунинг икки боши бўлиб, бирига гавҳар, бирига тош солинади.
Кўприк устида халқ ташвишда бўлиб, бирига мушкул, бирига осон бўлади. Дўзах ўти чексиз ёниб, халқни ўлдиришда аждаҳо қатнашади. Унинг етти боши айлана гумбаздек бўлиб, етти оғзининг ҳар бири ғордек келади. Гўё етти дўзах эшигини очиб, етти оғзидан ўтлар сочилиб, фирдавс гулшанида озуқа мўл бўлса ҳам, оловлар орасида насим эсаётган бўлса ҳам ўтиш қийин бўлади. Унинг ҳури руҳи мусаввар каби бўлиб, қадду, лаби кавсар тўбиси каби бўлади.
Олтинчиси қадар ҳақида бўлиб, олдин ёзилган барча яхшиликлару ёмонликлар: май ичиб маст бўлишлар, ҳаммани маст-беҳуш қилиш, йиғинларда бўлган барча яхши-ёмон воқеалар, мастнинг нохуш садо тортишию мутрибнинг қилган дилкаш навоси, баъзилар Каъбага қараб йўл олган бўлса-ю, баъзилар майхона ичида базм тузган бўлса, бири саҳрода ярим-яланғоч ухлаб, яна бири вайронада яшаётган бўлса, маст муғбача _ май қуювчи бола салоҳ аҳлини бевақт уйғотган бўлса, зоҳид агар эрталабдан май қуйқасини ичиб, фосиқ хирқа кийиб масхарабозлик қилса,
Барчаси ҳақ илмида маълум эди,
Лавҳаи маҳфузда марқум эди.
Яхши амал қилганлар омонликдан беҳиштга тушиши ҳам, ёмон феъли туфайли дўзахдан ўрин олиши ҳам номаълум. Тангрига минг йил сужуд қилган одам ҳам жаннатдан ўрин ола олмаса _ фойдаси йўқ. Муғбачалар дайрда ҳалок қилган саиди абадий бўлса, не ажаб?
Кимдаки мана шу олти нарсага эътиқод бор экан, у ҳар қанча номасияҳ бўлсин, ғарқаи дарёи гуноҳ бўлса ҳам, Оллоҳим авфига муяссар бўлса, не ажаб?
Лекин бу дард ўти жонни изтиробга солади, унинг ичида қанча-қанча аҳли роз кутиб адо бўлган. Биттаси ўз ҳолига мотам тутса, иккинчиси олам тарк айлаган. Мен тасвирлаган зиналарга ким етади-ю, ким етмайди _ у ҳеч кимга маълум эмас. Етмаги ҳам ноаниқ, етиши ҳам мумкин.
Бу хил ташвиш кофиру мўмин учун ҳам баробар, ҳар иккисининг ҳам кўнгли шу дард билан банд, ким тўқу ким оч бўлсин, шу ғавғодан холи эмас. Барча бир ниятда, Аллоҳ шафқат-маърифатини топмоқда. Топмоқ лекин машаққатдадир, истакда, хоҳишда, иродададир.

Шайх Боязид ҳақида ҳикоя
Шайх Боязид бир куни ғамгин бўлиб ўтирган эди, муридларидан бири унинг бу нохуш кайфияти сабабини сўради: «Эй, осмоннинг энг юқори қисмларида юрадиган, қадамларинг эса фалакнинг энг юксак манзилларида _ Арш фазосига тўғри келадиган улуғ зот! Кўнглинг нимадан бу хил ташвишга мубтало бўлди, чекаётган машаққатларингнинг боиси недур?» Шунда пир ўтли кўз ёшларини тўкди-да, оҳ-фиғон чекди: «Чекаётган изтиробларимнинг боиси шуки, одамлар ўз дарди билан тўс-тўполон, шикояту норозилик кўтаришади-ю, ҳар бирига ўзи қилаётган иши мақбул кўринади. Улардан биронтасини ҳам чинакам инсон деб бўлмайди. Бўлса ҳам ўтиб кетганлар ичида бўлиши мумкиндир». Савол берган мурид изтироб билан дедики: «Бу оламда ҳақиқий инсон қолмаган, дединг, ахир сен ўзингни бу эл ичига қўшмадинг-ку?!» Шайх жавоб бердики: «Эй иши гумроҳлик, нодонлик бўлган киши, мен айтаётган сирдан огоҳ бўлмаган одам! Мен каби юз минг саргашта, кўз ёши жигар қонига беланганлар, имон билан кетишни билмаса, бундай гапларни айтадиган одам бўлмаса, оламдаги сену менга ўхшаган кичигу катта одамлар _ ҳаммамиз бу ғам тиғидан абгормиз, барчамиз бу ғамга гирифтормиз. Бу алам-ташвиш билан кимнинг ичи қон бўлмади, кимга бу нукта аён бўлмади?
Ким чу видў айлагуси жон анга,
Ҳамроҳ ўлур йўқса йўқ имон анга.
Агар жаҳон аҳлининг барчаси шу дард билан изтироб чекса, менинг сўзларим хатоми, ахир?!»
Шу сўзларни айтиб тугатгач, пирнинг оғзи хомуш бўлди.


Иккинчи мақолат
Ислом бобида

Аллоҳ таоло бу олам халқларини нажот _ қутулиш аҳли ва ҳалок аҳли _ ҳалок бўлувчилар қилиб яратди, бирларини бутларга ибодат қилувчилар, бошқаларини ислом жамоати қилиб яратди. Кофирлар маломат-обрўсизликка йўл топди, ислом гуруҳи эса саломатлик-омонлик, тинчлик, соғломлик сари йўл топди. Бирига дўзах уйи _ оҳ-воҳ чекиш манзили тайинланиб, ислом гуруҳига беҳишт насиб этди.
Кишвари ислом чегараланган бўлиб, бир неча дин аҳли аралаш яшайдилар. Бошдан-оёқ барча мусулмон эмас, мусулмон бўлганлар буни ёлғон демаслар.
Исломнинг ўз шартлари бўлиб, оддий одамларнинг кўпчилиги уларни билавермайдилар. «Ман салимул муслимин _ мен соғлом мусулмонман» деган кишиларгина юзи, қўл-оёғи, тили билан ожизлик кўрсатган кишилар шулар жумласидандир.
Мусулмонлик шартларини Тангри таборак беш турли қилмишдир. Уларнинг барчаси муборакдир.
Аввало, «Ла илаҳа иллоллоҳ» калимаси моҳиятини англа, сўнг Муҳаммадни бил, уни танишингни айтиб қабул қилгил.
Иккинчиси намозни адо этмоқдир. Лекин уни бажаришда баъзи қийинчиликлар ҳам бор. Аввало, таҳорат қилмоқ, таҳорат қандай қилинишини билмакдир. Ўйламаким, сувга кириб ул сув билан бир аъзонгни ювгайсен. Бу хил таҳоратни ҳар бир очкўз, тамаъгир ҳам қила олади. Яна бошқача бир нафис таҳорат ҳам бўлиб, уни бажарганда, аввало сафо чашмасидан хурсандлик билан хотиринг тахтасини поклайсан. Танни эътибор билан ювиб, шу тарзда жонни тоза қиласан. Жонни шундай таҳорат ичига солиб, тан юзида нуқтача қаро қолдирмай, кўздан ёшингни ариқдек оқизиб, балки кўнгилдан бошқа барча ўй-фикрларни чиқариб ташлаб, ўзлик уйини ўзингга ҳаром қилиб, Тангри сари йўл олгандек ўнг оёқни олдин ташлаб уй ичига қадам ташлайсан. Уй эгаси билан икки киши бўлиб намоз ўқимоқ _ яхшироқ. Саждада титраб ерга бош қўйиб, қуёш каби юзни сарғайтириб, вожиби фарзини бажо қиласан, суннатни адо қиласан.
Шу хил намоз қилсанг пок юз билан қуёш каби ерга кирасан, тонг чоғи бошдан-оёқ нурга тўлиб уйғонасан.
Учинчиси ўзингга берилган ҳамма нарсадан закотни адо қилишдир. Бу ерда ҳам икки турли фарқли томон бор. Бири кўплашиб, бири якка ҳолда беришдир. Алоҳидалиги шуки, расул шаръини қабул қилсанг, закот берувчи эса соҳиб нисоб, яъни закотни адо эта олувчи бўлса, қирқ дирамдан бирини ҳисоблаб беради. Ихтиёридаги олтинларию дўконлари, хизматкорлар (ходимлар), туёқли ҳайвонлар, матоу молларидан шариат бўйича тўланади. Дон-дунлар миқдори ҳам белгилаб қўйилган.
Тўртинчиси рўзадир. Уни тутгил, лекин фойдаси ҳақида оғиз очмай қўя қол. Рўза ҳақида баъзи мунозаралар ҳам бор. Чунки Ҳақ рўзани «Ас-савму ли!» деб таъкидлаган. Аллоҳ тутиладиган рўза миқдорини ҳам белгилаб қўйган. Худо таоло «12 ойнинг ҳар бирида рўза тутасен» деб амр қилса, нима қилардинг. Шунча кун тутсанг ҳам сазовор бўларди, лекин жафосини сен тортардинг.
Ақлини ишлатган рўзадор аъзоларига халал етмаслиги ва шариат хилофига йўл қўйилмаслиги зарур. Ҳар бир аъзо ўз вазифасини бажармаги, хилоф ишга бормаслиги, кўрмаслиги, тутмаслиги, айтмаслиги, эшитмаслиги зарур.
Бешинчиси қиблага қадам ташлаб, Каъба томон йўлга тушмоқдир. Бундай саодатга етган одам саҳрони икки сафар кесиб ўтиб, соғлиғи имкон берса, йўллар тинч бўлса, ёнига бир дўстини олиб, фарзлигини ҳис қилгани ҳолда фарз адоси учун йўл олади. Иккинчи бир нарса ҳам борки, камбағал халқ ҳам дўсти хотирига тушиб, дўст ёди хотирига шавқу талаб ўтини солса-ю, фил каби йўлга тушса, ишқ ўтидан телбаланган эл каби эҳромини белига боғлаб, минг ёғоч йўл юрса, не анга улов, не дўст, не карвон керак бўлади.
Дашт унга гулшан-у, насрин _ тикан,
Йўлики ёнида муғилон чаман.
Самум эсгандаги қизил ранг гулу лола учирган шамол рангини эслатади. Ҳақ унга раҳматини далил қилиб, шуълада Халилни эслатиб, барча шартини яратиб беради. Борган одам дўсти уйига меҳмон бўлгандек роҳатланади. Мезбон ҳамма нарсани тайёрлаб қўйган. Балки бу меҳмонни ўзи ҳамроҳ бўлиб уйигача етказиб қўяди.
Хуллас, бадавлатлар қанча-қанча мол сарфласа, камбағалларнинг боришида ўзгача бир ҳолат бордур. Бой одамнинг топган нозу ниёзини озгина ниёзи билан ғариб ҳам топа олади.

Иброҳим Адҳам ҳақида ҳикоя
Иброҳим Адҳам шаҳзодаликни тарк этгач, илоҳ унинг бошига фано тожини қўйди. У ўз мамлакату салтанатини фано елига берди-ю, саҳро томон жойнамоз билан йўлга тушди ва ҳар қадамда икки ракъат намозга бош қўйиб, ўзи ёқтирган Маккани мадҳ этиб, ўн тўрт йил йўл босди. Маккага етиб келгач, уни ўз ўрнида кўрмай ҳайрон бўлди-да: «Ё Аллоҳ, бу қанақаси бўлди?» деб фиғон чекди. Масжид ичидан овоз эшитилди: «Бир ожиза шу саҳрода яёв юриб келаётиб, шавқ-муҳаббат юкидан букчайиб нотавон бўлиб қолган экан, Каъба уни зиёрат қилиш учун кетди».
Бу воқеага ҳайрон қолган Иброҳим Адҳам орқасига қараса, Робианинг келаётганини кўрибди. Дедиким: «Сенинг зиёрат маконинг Арш, осмоннинг юқориси бўлса, Каъба томонга азм этиб кўрки, жаҳонни не ҳолатга қўйибсан?» деб сўради. Робиа дедики: «Дағаллик қилма. Саҳрода ўн тўрт йил йўл юриб, сенинг ўзинг оламга ғавғо солибсан». Иброҳим деди: «Эй покиза, балки фаришталар аҳлидек фалакда кезувчи аёл, нега мен минг ранж чекиб, ганж сенга тегяпти?» Робиа унга: «Огоҳ бўл, неча йил сен саҳрода намоз ўқиш билан банд бўлган эсанг, мен ёлбориш, ўтиниш, умид билан ўтказдим. Сен намози риё мевасидан баҳраманд бўлган эсанг, бизни ниёзу фано умидимизга етказди».
Боқма, Навоий, яна ноз аҳлиға,
Арзи ниёз айла ниёз аҳлиға.


Учинчи мақолат
Салотин бобида

Аллоҳ сенга меҳрибонлик соясини солиб, Хилофат тахтини сенга насиб этди. Олдингда буюкларни паст айлаб, олам забардастларини сенга мағлуб қилди. Халқни олдингда ожиз этиб, қадларини олдингда буктирди.
Лекин шуни билгилким, сен ҳам бир бандасан, ҳатто кўпроғидан ожизроқ ҳамсан. Улар тупроғ бўлиб, сен нури пок эмассан, сен ҳам, улар ҳам тупроғдан яратилгансиз. Барча тана аъзоларида ҳамма билан тенгсан. Лекин ҳунарда ҳам, камолотда ҳам, яхши хулқу яхши сўзлашда ҳам, юриш-туришингу адл ва инсофда ҳам, шариат қонунларига амал қилишда, Аллоҳ йўлида тақво ва тоатда ҳам сен тўғри йўлдан юрмай, кўпроғи бу йўлдан яхшироқ юради.
Сенга Тангри имтиёз бериб, салтанатнинг энг юксак чўққисига чиқариб қўйди, шахсинга тахтни макон қилиб, мамлакатда ҳукмингни юргизиб қўйди. Раият гўёки гала-ю, сен чўпон бўлдинг. Бўлди раият гала-ву, сен шубон, ул шажару мусмиру _ сен боғбон бўлдинг. Қўйни чўпон ою йил асрамаса, у оч бўриларнинг емишига айланади. Деҳқон боғини тун-кун парвариш қилмаса, боғнинг қуриган ўтиндан фарқи қолмайди. Бўрини галадан узоқ тутиб, боғингга эса сув бериб маъмур (сероб) қил. Ғам есанг, у гала фойда беради, боғ гулу мевадан ҳосил етказиб беради. Гала бўриларга ем бўлиб тугаб, дарахтлар эса қуриб тамом бўлса, сенга ҳам фойдаю ҳосили қолмайди.
Аллоҳ топширган неъматларининг жавобини сўраса, у куни нима деб жавоб берасан? Ақлинг бўлса, ҳозирдан кўзингни очиб, ҳар бир ишингни ўйлаб қил!
Неча-неча кишилар сенинг ҳукмингга бўйсунади. Зулм қилсанг ҳам, бечора мазлум бўлиб тураверади, чидайди, гарчи мартабаю пул-дунёси бўлмаса ҳам унинг пояси сендан ҳам ортиқроқ. Қиёмат куни Яратган золимни ҳам, мазлумни ҳам сўроқ қилади. У қоматини рост тутиб турса, сен шарманда ҳолатда қомати эгилган бир даражада турасан, мазлум Ҳақнинг саволларига пўлат ханжардек очиқ, дадил жавоб қилса, сен уятдан бош кўтаролмай қоласан-ку! Ҳар бир қилган хатонг ҳисоб қилингач, ҳар бирига юз азоб белгиланади-ку!
Мазлумлар, сендан зулм кўрганлар гуноҳларингни кечиришмаса, ватанинг муттасил дўзах бўлиб қолади-ку!
Эй подшоҳ! Аллоҳ қўлингни қувватли қилди-ю, лекин сен зулм йўлини танладинг. Зулминг халойиққа кам эмас эди, энди сен уни ўзингга ҳам қилаётирсан. Эй ҳушёр, зулм ўзингга фисқ (гуноҳдир), агар сенга ҳуш ёр бўлса, улардан воз кеч, чунки шодлик, хурсандликга берилиб, айшу ишрат йўлига киришиб кетдинг. Базминг бўлаётган қасрда жаннат зийнатлари билан ол-яшил пардаларининг иплари эл жонидан, лаълию шингарфи _ олтинранг безаклари халқ қонидан. У ердаги ғиштлар мачитларни бузиб келтирилган, тоши халқ қабрларидан етказилган, шифт ўртасидаги қуёшсимон ялтироқ кунгира элнинг дуру лаъли билан олтинранг қилиб безатилган.
Шундай манзилда шоҳларга хос олий зиёфат уюштирилади, айшу ишрат учун бор нарса муҳайё қилинади. Базмда май қуювчилар табассум билан хилма-хил майлар тутадилар, ашулачи _ ҳофизлар ҳар соҳадан достон тўқийдилар. Тиллар дейилиши мумкин бўлмаган сўзларни сўзлаб, кўзлар кўриши мумкин бўлмаган нарсаларни кўрадилар.
Базмдаги ҳар бир қарию ҳар бир йигит майдан ҳар бири қутурган ит бўлиб кечаси билан шу хил шармандалик давом этиб, тонг отиши билан яна ҳар бири бир зулмга машғул бўлади. Ҳар куни шу хилдаги ярамаслик тунгача давом этади, ҳар кеча шу ғафлат кун бўйи давом этади.
Қоида мундоғму бўлур, де, ахи,
Бир ўз ишингни ғами ҳам е, ахи.
Неча бу бехудлик ила йилу ой,
Вой, агар келмасанг, ўзунгга вой!
Зулмни тарк айла-ву, дод айлагил,
Марг кунидин доғи ёд айлагил.
Зулмунг эрур кундуз фисқинг кеча,
Зулм ила фисқинг неча, бўлғай неча?
Май жисм уйини вайрон қилиш учун отилган ўқдан бошқа нарса эмас. Балки жисм уйига бало селидир. Қандай қилиб энди у жисм уйи, жон уйи бўлсин, жисм уйи, демаки, имон уйи ҳам бўлолмайди-ку!
Сел қайси томонга қараб ўзини уриб туғён солса, шоҳ билан дарвеш уйи ҳам яксон бўлади.
Бодаға кўргузса киши хиралиқ,
Ақл чароғиға берур тиралиқ.
Агар чироғ ўтига бир томчи сув томса, унда ёруғликдан қўлингни ювиб қўя бер. Алоҳида бир чироққа бир одам тонгдан кечгача май сувидан кетма-кет жом қуйиб турар экан, машъал ўтига бир қадаҳ сув қуйса ўчади-ю, бу хил чироғнинг ҳоли не кечади? Сув билан машъал ўти, машъал ўтигина эмас, манқал ўти. Манқал ўтими, қўра ўтими, тандир ўтими _ сув етиб боргач, унда тобу нур қолмайди. Ёнаётган сув ичра мажусий динидаги одамнинг ҳоли не кечарди, сандал дарахти бир дамда обнус дарахтига ўхшаб қоп-қорайиб кетади-да! Ҳар кишиким бу сувдан бир идиш тановул қилса, хонанинг сиёҳга айланиши ажаб эмас.
Сув дема оники, бир ўт эрур,
Ким ети кўк хирманини куйдурур.
У шуъла тушса, хасу хашак нима эмиш, осмонни ўртаса, уни куйдириб кул қилади. Вужудинг уйи бир хашак бўлса, зор танинг худди бир ҳовуч кулнинг ўзи-ку! Бу хашакка неча ўт ураверасан? Бу туфроғни неча совураверасан? Май суви дард ўтининг ўзидир, йўқ, у дўзах ўтию тўфон сувидир. У ўтни хасу хашакингга ураверма, қуйма, бу сувни бир ҳовуч хокингга қуяверма!

Шоҳи Ғозий ҳақида ҳикоя
Шоҳи Ғозий мамлакат тож-тахтини эгаллаш мақсадида юз-икки юз киши билан гоҳ Хоразм, гоҳ Адоқ ерларида душман билан қаттиқ урушлар олиб бориб, охири ўз муродига эришди ва тахт устида ўтириб, халқнинг арзу додларини эшитишга киришди. Вайроналарни обод қилди, зулмни адолат билан дафъ этди, ўғри ва ифлос одамлар йўқолиб, шариат адолатининг қўлини узун қилди.
Бир куни мамлакатни кезиб юрганида, бир паришонҳол кампир шоҳ этагини маҳкам тутиб, оҳу фарёд қилиб, «Эй шариат ҳимоячиси бўлган подшоҳ, адолат билан иш тутадиган бўлсанг, бугун сен билан шаръан даъволашаман. Шартим шуки, шу ерда жавобини бермай, шаръий маҳкама _ қози олдида жавоб бергайсан», деди. Шоҳ унга «Қонимга даъвогарлик қилсанг ҳам, шаръан жавоб беришга ҳозирман», деб жавоб қилди. Шу фикрга келишиб, ислом қозиси ҳузурига йўл олдилар. Икковлари ёнма-ён ўтирар эканлар, барча одамлар ҳайрат билан томоша қилишарди. Зол билан Рустам тепасига гўё бутун олам йиғилгандек эди.
Кампир дедики: «Шоҳ ҳокимиятни эгаллаш учун қон тўкиб, жанг қиларкан, яккагина фарзандим, боғимдаги сарви равоним, қуриган дарахтимнинг ёлғиз меваси шу жангларнинг бирида ҳалок бўлди. Жигаримни тиғ билан ёриб, қонини ерга оқиздилар». Қози: «Иккита гувоҳ топиб келиб, сўзларингни исбот қил», дегач, кампир: «Икки гувоҳ келтиришни истасам, подшонинг адолатию инсофи етарли бўлади», деди. Шоҳ бу фикрга рози бўлди. Қози: «Адолат қонунига мувофиқ айбдор, яъни шоҳ ўлганнинг хунини тўласин ёки ўзи қатл этилсин!» деб ҳукм чиқарди. Шоҳ: «Шариат шундай ҳукм чиқарар экан, бу ҳукм учун жоним фидо бўлсин», деб, бир рўмол билан ўз бўйнини боғлаб, яна юзта олтин тангалар тўлдирилган халтачаларнинг оғзини очиб, қўрқинч билмай кампир қўлига ханжар тутқазди-да, унинг бир томонига юз ҳамённи тўкиб, деди: «Қасос оламан десанг, бошим олдингда турибди, мол-дунёни танласанг, олтину кумушларни олгин. Ўша пайтларда мен қасддан ўлимга буюрмаган бўлсам ҳам, ҳозир ихтиёр сенда».
Кампир тиғни қошларини чимирганча диққат билан кўздан кечирди-да, чириган ўтмас тишларини кўрсатиб, шоҳ оёғига бошини эгди ва «Эй, лашкари юлдузлардан ҳам сероб бўлган шаҳаншоҳим! Болам сенга жонини фидо қилган бўлса, мен кексанинг жони ҳам қурбон бўла қолсин. Мен алам билан ғазабли сўзлар айтган бўлсам, сен менинг аҳволимни хароб қилмай афв эта қол», деди. Мана хижолат изҳорию лутфу адолат сўраш!
Кампир ўз даъвосидан, ўғлининггина эмас, ўз қонидан ҳам кечди. Қизиғи шуки, одил шоҳ уни ўша даврда адолат билан бадавлат қилди. Кампирни юлдузлардек кумушлар билан безаб, фалак золи _ қуёшдек яшартирди. Унга халқ «Тилла кампир» деб лақаб қўйди.
Золи фалакдин неча кўрсанг алам,
Шаҳ чу қилур адл, Навоий, не ғам.


Тўртинчи мақолат
Риёйи Хирқапўшлар ҳақида

Эй, устамонлик билан дарвешлар кийимини кийиб олиб, шому саҳарда бўкириб, фарёд ураётган, хирқанинг ҳар чеккасига шайхлик ва тақводорлик макрлари ямоқларини тикиб олиб, унга яна юмалоқ шаклли қоғозларни қадаб, уларни ҳар бирига мўлжаллаб, иплари макр ришталари бўлиб, игнаси эса иблиснинг мўйлабидек.
Бошидаги эски салласи бурам-бурам бўлиб кетган, эгри ҳассаси, ҳийла уйининг устуни, кошки у синиб, бу уй йиқилганида эди. Қўлидаги тасбиҳ доналарини бутпараст йўнган.
Беўхшов соқоли кулгу учун осилгандек, кўриниши ҳам эгри ёғоч устига чиқиб ўтирган эчкидек туюлади. Ишида эчкичалик ҳам тўғрилик йўқ, у ўғрини тутса, бунинг ўзи ўғрилик қилади. Эчки аҳлига яшил ўт, яхшилик тиласа, мингта эчкига ҳам пешволик қила олади. Тоғда ҳам, даштда ҳам тўдани бошқариб, йўл қийинчиликларидан омон олиб ўтади. Қоп-қоронғи водийда ҳам йўл топиб, тўғри йўлдан адаштирмай галасини бошқаради. Бу тўдасига тўғри йўл кўрсатиб борса, буниси тўғри жаҳаннам ўти томон бошлайди.
Ул ажойиб тўда зулмат водийси томон йўл олиб, хонақоҳга етиб боришади-да, у ерга бўйра тўшаб, риёкор шайхни ўзларига шайх деб атайдилар. Ўзини ориф деб, Хизр деб билган бу «пир» «муридлар»ни ўз усулларига ўйнатади. Шайхга муносиб риё аҳли гоҳи баланд овоз билан бақиришиб, гоҳида пирпиракдек чарх уришиб, ўрнидан туролмайдиган даражада беҳол бўлиб тиқилишади. Бундай эл ёмонларнинг ёмонидурларким, улардан ёмонроқ кишиларни топиб бўлмайди. Буларга, ҳатто дўзах ҳам ҳайф. Улар ўтга ҳам азоб берадилар.
Эй кўнгул, икки жаҳондангина эмас, ҳатто жонларидан ҳам кечадиган, жонига жонини фидо қилишга тайёр турувчи элга жаҳонлар фидо бўлсин. Улар қай томон назар ташласалар, Ҳақни кўрадилар, набий суннатига амал қилиб, жаннат умидини ҳам, дўзах ваҳимасини ҳам назар-писанд қилмайдилар. Борлиқни фоний билиб, ўзларини йўқлик ўти ичида кул айлайдилар. Уларга муҳаббат лофи раво эмас.

Хожа Абдуллоҳ Ансорий ҳақида ҳикоя
Ул зоти бобаракотни Ҳирот аҳли, уларгина эмас, балки барча коинот аҳли солик қибласи деб атаган. Абдуллоҳ Ансорий бир куни дедиларки: «Менинг ишим тоатдир, тангрининг амрига итоатдир. Бундан мақсадим дўзах ўтининг қўрқинчи ҳам, жаннат ҳам эмасдир. Инсон қўрқув билан Ҳаққа сиғинса, ўзининг нафсини қутқариш учун енгилган бўлади. Ким ҳорғинлик чекар экан, жаннатдан ўрин олишдан умидворлик қилган бўлади.
Ҳақдан ҳар иккови йироқдир, иш ҳақи учун иккаласи мардикордир.
Менинг ишим доимо топиниш бўлди, қўрқуву умид иккаласи ҳам бўлди. Бандалик ишимга жавобгарман, туну кун ишим бундай бўлса узрлиман, тоатим унга лойиқ бўлмаса ҳам бирон соатим усиз бўлмасин. Қил деди, ҳар ишини қиламан. Рад қилиши ёки қабули билан ишим йўқ».
Учмоғу зоҳид, томуғу булҳавас,
Бўлса ҳавас ёр Навоийға бас.
Ёр юзи ёди била шод ўлай,
Дўзах ила равзадан озод ўлай.


Бешинчи мақолат
Карам, олижаноблик, саховат ҳақида

Устингга саховат кийими насиб этган, қўлингда сўмнинг қиймати қолмаган инсон! Панжанг мағрибу-машриқда кумуш сочиш учун очилди. Кумуш билан қўлинг келишолмайди. Унда фано, мунда эса саховат _ бир-бири билан талашади. Кафтинг чақмоқдан ҳам тезроқ олтин сочиб турганида, чақмоқ уялганидан терга ғарқ бўлади. Бошинг устида саховат жиғаси, унинг устида эса жўмардлик гавҳари ярқирайди. Буки санга тангри ато айлади, карам қисми билан сахо айлади. Жисмингдаги ҳар бир тук тилга айланганида ҳам бунинг шукрини айтиб адо этиб бўлмайди.
Энди саховат жўш урган чоғингда шукр қилиш керак бўлганда, бахилликка юз тутмагил. Бахиллик барча сифатларнинг энг ярамасидир, саховат ҳаёт жавҳаридир. Бу порлоқ дурни хор айлама. Бухл ҳисобида ҳаддан ташқари сарфлайверма. Саховат ҳар қанча мақташга арзирли бўлса ҳам, исроф тарзида кўп сарфлама, ақл бекорга исроф этишни бахиллик билан тенг тутади.
Эй, сен тангри молу давлат насиб этган экан, кимларга яхшилик қилиш ҳақида таълим ҳам бериб қўйган. Билиб ол: саховат қилиш учун кимлар ҳақли, кимларга олтину кумуш ҳадя қилиш мумкин?
От чиқариш, ном қолдириш, исмини улуғлаш учун ҳатто қўл билан этаклаб гавҳар сочиш ақллиларга муносиб эмас. Маст ёки жинни киши бундай бемаъни ишга қўл уриши мумкин.
Қўлида жом тутган киши тўхтовсиз сочаверса, ҳар қанча сочқини тугатиши ҳеч нарса эмас. Бу хил бемаънигарчиликларни аҳоли саховат деб атамайди.
Шундай одамларни ҳам сахий деб бўлмайдики, исроф қилмайди, лекин муҳтож бўлмаган кишиларга ўз мол-мулкини бекорга сарфлайди: оч бўлмаган кишиларга дастурхон ёяди, яланғоч бўлмаган кишиларга тўн кийдиради. Юзта йилқиси бўлган бойга от тортади, юз йилгиси бор кишига кумуш тортиқ қилади. Бадахшонга лаъл юборса, Кирмонга зира олиб келиб улашади. Хизрни кўриб қолса, унга ҳаёт сувини туҳфа қилади, Мисрдаги шакарпазга доналаб наввот совға қилади. Шамъни кундуз беҳисоб ёритиб қўйиб, қуёш зиёсига ёрдам кўрсатмоқчи бўлади. Ҳар кечаси қоронғулиқ кучайсин деб, тўхтовсиз мушк сочиб чиқади. Муҳтож эл юзлаб нон тилаб турса ҳам, биронтасига луқма ҳам тоттирмайди. Бундай одамлар қуриётган боғ устига ёғмай ўтиб, сувини қуруқ чўлга тўккан булутнинг худди ўзгинаси.
Яна бир хил кишилар борки, уларни ҳам саховат аҳли тоифасига киритиб бўлмайди. Бундайларнинг кўзи ҳамиша халқнинг молида бўлиб, уларни тортиб олиш _ муддаоси. Зулм, турли фирибгарликлар, ваъдаю алдашлар, гувоҳликлар воситасида бир мусулмондан истаганини тортиб олади-ю, бошқа бировга беради. Олиш ҳам, бериш ҳам унинг мақсади. Олишдан ҳам фойда йўқ, беришдан ҳам.

Ҳотами Тойи ҳақида ҳикоя
Бир пок табиатли одам Ҳотами Тойидан сўради: «Кафтларинг иши саховат бўлганидан бери ўзингга ўхшаган бирон кишини кўрдингми?» У жавоб бериб айтдики: «Бир куни катта бир базм қуриб, шу чўлда яшаётган барча одамларни меҳмон қилдим. Зиёфат учун юзта туя, сон-саноқсиз қўю қўзи сўйилган эди. Бир вақт меҳмонлар олдидан бироз дам олиш учун очиққа, саҳрога чиқдим. Шу пайт кўз олдимда машаққат чекиб, орқасига тиканли шох-шаббаларни ортиб, юк остида жисми уйи эгилиб, унга ҳассадан сутун тиркаб олган, ҳар қадам юрганида тўхтаб, ҳар нафас олгунча дамини ростлаб бораётган бир кекса намоён бўлди. Унинг чекаётган изтироблари менинг кўнглимга ўт солгандек бўлди-ю, унга боқиб, лутфу раҳмдиллик билан шундай хитоб қилдим: «Эй, қаддини машаққат юки паст айлаган, жисмида ғам тикани азоб бераётган инсон! Бугун Ҳотам уйида чақириқ бўлаётганлигидан хабар топмадингми, унинг даргоҳидаги зиёфатга бормадингми? Ҳотам ҳаммани меҳмонга чорлаб, барча яхши-ёмоннинг кўнглини оляпти
-ку! Тиканингни ташлагин-да, иззат гулшанига ет, кўп машаққат чекмай, ўрнингдан туриб, чақирилган манзил томон йўл олгин», дедим.
Менинг у ҳақида ташвиш чекаётганимни англаган киши бошини кўтариб кулди-ю, шундай жавоб қилди: «Эй, оёғини ҳирс-очкўзлик занжирбанд этган, бўйнини эса тамаъю тиланчилик арқони маҳкам боғлаган, ғайрат водийсига қадам урмаган ва ҳиммат чўққисига байроқ қадамаган инсон! Сен ҳам бу тикан азобини тотиб кўр, шунда Ҳотам Тойи миннатини кўтармайсан!»
Унинг бу сўзлари асосли бўлиб, мендан унинг ҳиммати юксак эди». Эй Навоий, сенинг ҳам ҳимматинг бўлса, Ҳотами Тойи сенга банда бўлар эди.


Олтинчи мақолат
Одоб ҳақида

Элга молу дунё шараф-шон обрў бўлмай, ҳаё билан одобгина шараф ҳисобланади. Чунки ёғиннинг бошланиши ҳаё бўлганидек, ёғиннинг ҳар қатраси тупроғни кимёга айлантиради.
Одобсиз кишилар иззатли бўлмайдилар. Баланд осмон бу хил кишиларни пасайтириб қўяди.
Одобсизликнинг бири кулгу бўлиб, кулгу одобнинг йўқлигидан белги, холос. Қаҳқаҳаси туфайли каклик қаттиқ сайраб, бу хил кулгу унинг бошига хилма-хил балолар келтиради. Ғунча эса овозсиз, очилса сочилиб кетади.
Яшин ўз қаҳқаҳаси туфайли тоғ ичида йиқилиб, ер билан яксон бўлади. Субҳ эса овозсиз ўз жамолини аён қилар экан, қуёш нурлари ўз дурларини унинг устидан исириқ қилиб сочади.
Кулгу ўз ҳаддидан ошгач, йиғлаш ундан кўп яхшироқ бўлиб қолади. Шамъ ҳар туни йиғлаб, ўзини аён этар экан, унинг устидан кулаётган ғунчаларни ел учириб кетади. Булут паст овоз билан кўз ёшларини тўкар экан, яшин кулгусидан хоксор ҳолатига тушади.
Одобли инсонлар кулгуга кўп ҳам оғиз очавермайдилар. Лекин ҳаё булути қатрасиз ҳам бўлмайди. Қаҳқаҳа ҳазил билан ёр бўлса, икковининг қиёфаси қурбақанинг куйи билан сакрашини эслатади. Юзига соқол боғлаб элни кулдиришга интилган одам ўз соқолига ўзи кулгу келтиради.
Масхарабоз кулгу уйғотиш учун бир дирам деб нақ икки шапалоқ ейди. Бойўғли ҳам ўз кўриниши жиҳатидан масхарабозга ўхшаб кетгани учун, қушлар уни урмоқ учун ҳужум қиладилар. Бу масхарабозликларнинг барчаси ҳаё ва одоб келса, дарҳол дафъ бўлади.
Қуёш рухсори жилва қилгач, кеча зулмати ер тубига киришга мажбур бўлади.
Ҳар бир ақл-ҳушли инсон ўз сўзини ақл билан сўзлайди. Маст одамгина шовқин-сурон солиб гапиради. Тулки билан ит кулгу эшигини очишса, шер кўрингач, ҳамма уйидан қочиб чиқади.
Тавозуъ ёки адаб деб аталган нарса ҳақида ақл фақат уларни мақтаса ҳам, халқ фикрига мувофиқ бирдек бўлмайди. Масалан, уларни ҳар кишининг таврига _ ҳолатига қараб кўриниши ва ҳолатига мувофиқ бажариши зарур. Масалан, бек қулга узоқ ҳурмат кўрсатса, уни яхши ҳурмат қилмайдиган бўлади, гадойнинг олдида сажда қилиш эҳсон эмас, балки эҳсон унга танга бермакдур. Бола келса ўриндан туриш ҳам адаб ҳисобланмайди. Кексалар бундай ишни адабга нисбат бермайдилар. Бундай ҳолда у мутакаббир-у, сен енгил табиатли инсон бўлиб қоласан. Шунинг учун ҳам эл бу икки хил ишни қилишни қоралайди.
Одобда унинг муайян шартларига амал қилмоқ муҳимдир. Ҳар кишига муомала қилинганда, унинг сенга нисбатан ёши, обрў-эътибори қандайлиги ҳисобга олиниши керак. Бошқаларнинг обрўйи сенга нисбатан пастроқ бўлса ҳам, баланд бўлса ҳам, уларга яхши муомалада бўлиш керак. Улар бошқача иш тутсалар ҳам, сен ҳисоб билан иш кўришинг даркор. Бу хил ишингни жавобини қиёмат куни кўрасан. Умуман, барча билан яхши муомала қилмоқ вожибдур.
Бирон киши мартабада сендан паст бўлиб, сенинг ҳукминг остида бўлса ҳам, унинг сўзи, шикоятлари сенга хуш келмаётган бўлса ҳам, пайғамбаримиз ҳадисларига кўра ёқимли муомалада бўлиш, унга сўз одоби ҳақида ўгит беришдан йироқ бўлмоқ лозим. Бундай одамларга ҳамиша яхшилик қилиш, айни чоғда уларнинг аҳволларидан хабардор бўлиб туриш зарурдир. Бу уларга кўрсатилган эҳтиром, таъзиминг бўлади.
Агар аҳли аёлинг бўлса, уларга ҳам худди шундай меҳрибонлик кўрсатиш лозим. Болаларни кичикликдан парвариш қилишда ҳикмат кўп. Қатрани садаф тарбия қилиб келгани учун у гавҳар бўлиб бошга чиқиш шарафига эга бўлди.
Яна бири фарзандга яхши от қўймоқдир. Шундай исм қўйиш зарурки, одамлар атаганларида уялиб қолмасин. Исмларда ҳам фарқ кўп учрайди. Бири Ҳусайн бўлса, яна бири Язиддир.
Яна бири болага таълим бериш ва илму адаб ўргатиш учун муаллим топишдир. Ит таълим ўрганиб шундай камол топадики, ҳатто оғзида келтирган ови ҳалол бўлади.
Болани тарбиялашда унга шафқат кўрсатиш, уни тақдирлаб бориш ҳам даркор, лекин бу хил ишлар: мақташ, мукофотлаш ҳаддидан ошиб кетса, фақат зиён бўлади. Болага меҳрни ҳам, жазо беришни ҳам меъёридан оширмаслик унинг яхши одоби учун хизмат қилади.
Одобнинг энг муҳим шартларидан бири ота билан она эҳтиромини бажо қилмоқдир. Бу икки зотнинг хизматларини бир хил бажариш, бу хизматларни имкон борича кўпроқ адо қилсанг ҳам шунча оз. Бошингни ота қошиға фидо айлаб, жисмингни она бошиға садқа қилгил. Икки жаҳонингга роҳат истасанг, ушбу икки зотнинг ризолигини олгил. Туну кунингни ёритмоқ учун бирини ой, бирини қуёш деб англагил. Сўзларидан салгина ҳам четга чиқмай, васиятномаларидан бир қадам бўлсин ташқари қадам қўймагин. Барча хизматларинг одоб доирасида бўлсин, қоматингни эса «адаб» сўзидаги «дол» ҳарфи каби тутгил.
Сўнгра силаи раҳм _ қариндошларга садоқат, уларга меҳрибонлик, доимий алоқада бўлишни, ўша доира одамларига меҳр-шафқатни ўзинг учун фарз бил. Қариндошларингнинг барчаси билан доимо муносабатни узмай, улуғроғига хизмат қил, кичикроқларига шафқат кўрсатгил. Ўзинг билан тенгқур деб ҳисоблаганларингга ҳам эҳтиром кўрсатгил. Қилган меҳнатингни ҳеч қачон юзига солмагил, ҳурматсизлик қилиб зинҳор дилига озор бермагил.

Нўширавоннинг уялгани ҳақида ҳикоя
Нўширавон шаҳзода эканлигида, бир қизнинг ишқи билан нотавон бўлди, ғунча каби кўнгли тўла қон эди. Ўз ёрига етишиш йўлида оғир меҳнатлар қилиб, охири унинг висолига муяссар бўлди, бир чаман ичига хилват жой тайёрлатиб, гулрух билан очиқ суҳбат қилмоқчи бўлди. У гулузор ҳам бунга қаршилик қилмади. Шоҳ дилбари томон қўлини узатган эди, кўзи бир бута наргисга тушди, бундан уялиб кетиб, дарров қўлини тортиб олди. Суманбар ҳайрон бўлиб деди: «Бу хилда қўл чўзмоқнинг ва дарров тортиб олмоқнинг сабаби недур?»
Сабабини шоҳ шундай тушунтирди: «Менинг бундай ҳаракат қилишимга наргиснинг шаҳло кўзи сабабчидур». Айни ҳаё билан футувват бу ишда уни қувватдан қолдирди. Кўзларини ёшга тўлдириб ўриндан туриб кетди. Унинг бу пок нияти Нўширавонга хос бўлган ҳаё хосияти эдики, жумлаи оламга уни шоҳ айлади, адлини оламга паноҳ айлади.
Айш, Навоий, неча дилкаш дурур,
Лек адаб бирла ҳаё хушдурур.


Еттинчи мақолат
Қаноат бобида

Ким учун қаноат бир фан, одат бўлиб хизмат қилган экан, билингки, бой қилган ҳам ана шу қаноат бўлган. Олтин-кумушлару турли безакларни бойлик деб ҳисобламагин, чинакам бойлик қаноат ганжидир. Агар қўлингда қаноат нақди йўқ экан, ҳаракат қилгин-у, нақди қаноат билан бойлик топишга интилгин. Чунки тамаъ _ гадолар иши, тамаъгир эса гадонинг ўзидир. Шоҳ тамаъ қилса, жиғилдонга айланса, қаноатли дарвеш подшоҳ бўлғусидир.
Шоҳ ул эмаским, бошиға қўйди тож,
Шоҳ ани билким, йўқ анга эҳтиёж.
Шоҳ агар ул бўлсаки, муҳтождур,
Ҳарф ила муҳтожда ҳам тождур.
Ким қаноатни ҳужжат деб билса, яхши-ёмонга муҳтожлиги бўлмайди. Кимки қаноат сари йўл топа олса, бу йўл билан шоҳ ҳам бўла олади. Молу дунё билан ўзингни бошқалардан юқори қўйма, қаноат мулки билан ўзингни мағрур тут.
Саҳрода сув истаган бир ташна инсон учун қўлидаги олтун қадаҳдан не фойда? Қуруқ сувга қаттиқ нонни тўғраб еса, сувни оби ҳаёту, нонни қуёш деб билсин.
Биров зийнат учун ошига шолғому сабзи ўрнига олтину кумуш солган бўлса, сузганда олтину кумушлар ярақлаб турса, ўзинг айт-чи, оч бир одам уни тановул қила оладими? Уни ейиш тишларга қанча озор берса, ҳазм қилиш ҳам ошқозонга осон бўлармикан? Ҳазм бўлса ҳам инсоф юзасидан қарасанг, бекорчи сарф билан исрофдан бошқа нарса эмас-ку?
Инсоф эшигини очиб, бу фойдасиз дуру гавҳарларни очу яланғочлар устидан сочиб очга емак, яланғочга тўн бериб, юз тилаганга _ минг, бир тилаганга ўн берса, ўзини ҳақиқий қонеъ (қаноатли) инсон деб билса, тангрию халқ олдида ҳам узрли бўлади-ку!
Баъзи бадавлат кишилар бўладики, ўзининг шундай эҳсонларидан кўнгли тўлмайди. Кийими учун эгнида палос йўғ-у, элга чиройли, безакли либослар ҳадя қилишни ўйлайди. Бу ниятни амалга ошириш учун аввал ўша ҳалол пулни меҳнат чекиб топиши керак.
Икки қаро пулки, чекиб даст ранж,
Яхшироқ андинки, шоҳ инъоми ганж.
Тинч кўнгул бирла қатиқсиз умоч,
Беҳки биров миннати бирла кулоч.
Баъзилар хаёлда фаровон ҳаётни, баланд иморатлару кўркам гулистонларни орзу қиладилар. Унинг ўрнига жаҳонни бир ҳовуч кулча кўриб, тўби ва сидра дарахтларини хашакча кўриш, кўк қасридан ўзининг қийшайган айвонини афзал билиш, кулбаси ой шамидан ёруқ бўлиши, эшиги ел қўлидан очиқ бўлишини ёқтириши, эгнидаги ямоқли кўйлагини фалак атласидан афзал билиб қаноатни шиор қилиб яшаш тамаъ билан хор бўлишдан аълодир.

Икки дўст ҳақида ҳикоя
Форс мамлакатида икки дўст Чин сари йўлга тушлар. Бири азалдан қаноатли киши бўлиб, иккинчиси унинг акси эди. Йўлда борар эканлар, бир катта тошни кўрдилар. Унинг ярми ерда-ю, ярми юқорида эди. Унга «Ким меҳнат қилса, тошни айлантириб ўз жойига қўйса, ёзилган бир ёзувни кўради ва бу водийдаги бир остона остида катта бойлик яширинганидан хабардор бўлиб, унга эга бўлади. Кимки меҳнат қилиб, алам тортишни истамаса, унинг учун сабру қаноат баридан яхшироқ», деб ёзиб қўйилган экан. Қаноатсиз одам бу хабарни ўқигач, бойликка эга бўлиш учун тош остини қазишга тушди, қаноатли бепарво бўлиб ўтирарди. У ўша атрофни томоша қилиш билан банд бўлди, «Менинг қаноат бойлигидек бойлигим бор, бу меҳнатдан қандай нафъ тегарди? Тангри эҳсон бераман деса, тош ёрилиб ҳам бойлик чиқаверади», деб хаёл сурди-да, эрта туриб шаҳар томон йўналди, шаҳарга кирадиган бир неча дарвоза бўлиб, шаҳарга биринчи бўлиб кирди. Ҳамма ўша дарвоза _ у биринчи бўлиб кирган дарвоза томон интиларди. Бу элда шундай бир одат бор эканки, мамлакат подшоси нариги дунёга риҳлат қилган бўлса, аъёнлар бу гапни шаҳар халқидан яширин тутишар экан-да, кимки саҳарда шаҳарга ҳаммадан бурун кирса, уни подшоҳ сайлаб, бошига тож қўйдиришиб, бармоғига олтин узук тақишар экан. Бу сафар ҳам худди шундай ҳол юз бериб, ҳалиги мусофирни шоҳ кўтардилар.
Унинг тош остини қазиётган дўсти эса оғир меҳнатни бажариб бўлгач, тошни ёнига ағдариб қараса, ундаги хатда «Хом тамаъ бу дунёда алам чекади», деб ёзиб қўйилган экан. Хуллас, қаноат қилгани подшоҳ бўлди, бунисини эса тамаъ ранжи хоксор қилди.
Қилма, Навоий, тамаъ элдин дирам,
Бор эса, берсанг худ эрур ул карам.


Саккизинчи мақолат
Вафо ҳақида

Бас, кишига ҳаётнинг лаззати ёр экан, умр деган ёри вафодор экан. Вафо одатидан узоқ одам зиёси йўқ шамънинг ўзгинасидир. Зиёдан озуқаси бўлмаган шамъ эса гўёки ўтсиз зиё, нури бўлмаган бир муз парчасидир.
Вафоси бўлган кишинигина ёр деса бўлади. У худди умр каби вафодордур. Ҳар киши оламда ёрсиз бўлса, дури шаҳворсиз бир садафгинадир, холос.
Ёлғиз одам баҳодир бўлса ҳам, қўлидан бирор иш, бирор ҳунар келмайди. Ёлғиз киши қачон кишилар сонига ўтади? Якка-ёлғиз инсон даврда мақсадига етолмайди. Чунки ёлғиз, бир ҳовучдан садо эшитиш мумкинми?
Ёрсиз элнинг оҳи ғам-андуҳ бўлади, холос. Ёнса ёлғиз _ ёғоч туташдан нарига бормайди. Тоқ кишининг уйи ҳам паст бўлади. Қачон уйни битта устун кўтариб турарди? Бургутнинг бир қаноти синса, тез учгани билан дарҳол чарчаб қолади.
Агар нард тахтасида биттагина рақамли куб (каъбатайн) бўлса, бу ўйинни ўйнаб бўлармиди? Тошки чақмоқдан узоқроқ тутилса, иккаласи ҳам узоқда тураверади-да! Бир-бирларига яқин етишсаларгина уларнинг ўтларидан олам ёришади.
Учи иккига айрилган қаламнинг учларидан бири синса, ёзаётган киши ўз хатини битиролмай қолади.
Жумла жаҳон шоҳлиғидин ори бор,
Кимки гадодур, доғи бир ёри бор.
Шоҳнинг ёнида ҳамдамлару ёрлари бўлмаса, кўнглида ташвишлару армонлари ҳам кўп бўлади. Ёр шундайин бир бебаҳо гавҳарки, ундай ёрга шоҳ ҳам, гадо ҳам муҳтож бўлади. Мен айтиб ўтганимдек, содиқ ёр бу даврда мутлақо қолмаган. Топмоқ гарчи мушкил бўлса ҳам, одамзод орасида топилади. Бу хил дўстлар васлидан баҳраманд бўлган кишининг бошига жоним исириқ бўлсин. Ким вафо кўриб, жафо қилмаган бўлса, кўрган вафосига вафосизлик қайтармаган бўлса, эй сабо, жонимни унга топширайин, ҳеч уялмай унга етказгил. Мендин унга арзи дуо айлагин, йўлида жонимни фидо қилгин. Чаманининг атиргулларидан олиб кел демайман, кўзимга йўлининг чангларини етказсанг бўлгани. Унинг билан суҳбатлашишга имконинг етса, олдида менинг ҳолимдан сўзлаб берарсан.
Аввал оёғига тушиб паст бўл _ оёқларини ўпгил, тупроғ билан тенг бўл. Субҳ насими каби хомуш турмасдан, шом шамоли каби фиғон айла. Айтким, висолингни тилаб яна қанча зор бўлай, фироқингга неча гирифтор бўлай?
Сени истаб шунчалик кўп изладимки, ҳар қайси қадамим сенинг талабингда бир алам бўлди. Сени тилаб ҳар қанча шиканж кўрган бўлсам, ранж дардидан бошқа бирон ганж талаб этмадим. Ҳар кишинингким оёғига бош қўйсам, менинг бошимга жала каби тош ёғдирди.
Ҳам бу нафас бошима ет раҳм этиб,
Сўнгра не осиғ келурунг мен кетиб.
Турмаву зинҳор етишгил менга,
Хизр ҳаёти бу хабар бил менга.
То чиқибон ўтру, юз афғон қилай,
Қайси фиғон, балки фидо жон қилай.
Тушса кўзум йиғлаю жононаға,
Жон берайин олида шукронаға.
Жондин олиб дард бу дармон била,
Бормайин охир дами армон била.
Гар манга бу ком қарийб ўлмаса,
Давлати дийдор насиб ўлмаса.
Дашти фано сори хиром айласам,
Мулки адам ичра мақом айласам.
Айласалар икки томондин вафо,
Етгай улар жониға онча сафо.
Ким сифати сиғмагай авроқ аро,
Демайин авроқки, офоқ аро.

Икки вафоли ёр хусусида
Эшитишимча, шоҳи комрон, тўрт улус хони Амир Темур Кўрагон иқлимларни бирин-кетин босиб олар экан, Ҳиндистон ўлкасида қаттиқ жанглар бўлди. Соҳибқирон ғолиб келиб бир неча ҳудудларни фатҳ этди ва душманлар кўнглига кучли даҳшат солди. Ёвлар кофир бўлиб, шаҳаншоҳ уларнинг барчасини қириб ташлашга буйруқ берди. Ҳар бир аскар ўз хоҳишича бош кесишга киришди. Бошлар селлардаги тошлар каби ҳамма ёқни тўлдирарди. Ўткир ханжарлар ҳамма ёқда бош кесишдан бўшамасди. Шу маҳал икки бечора ёр қотилларга дуч келишди. Бир сипоҳ улардан бирининг калласини танасидан жудо қилмоқчи бўлди. Шоҳнинг буйруғини бажармаса, ўзининг ўлдирилиши аниқ-ку! Ёнидан ханжарини чиқариб, ҳалиги ҳинднинг бошини чопмоқчи бўлган эди, дўсти бошининг ёв тиғи остида турганини кўрган йўлдоши ўз бошини очди-да, душман аскарига тутиб, «Сенга бош керак бўлса, унинг бошига тегмай, менинг бошимни кесақол», деб илтижо қила бошлади. Сипоҳ олдинги ҳиндини қолдириб, кейингисини ўлдирай деб тиғ кўтарган эди, ўртоғи қотил оёғига бош қўйиб ўзини ўлдиришини тиларди. Жаҳли чиққан сипоҳ «Майли, иккалангизнинг каллангизни оламан» деб, қай бирига ханжар кўтарса, иккинчиси изтироб чекиб фарёд урарди. Икки дўст ўз бошларини олдин кестириш учун бир-бирлари билан талашишарди. Шу ҳол давом этар экан, эл орасига «ал-омон», яъни «ўлдиришни тўхтатиб, қолганларни омон қолдиринглар», деган эълон-буйруқ эшитилди. Икки дўст бир-бирлари учун жонларидан кечишган эди, шоҳ ҳам халқ қонидан кечишга фармон берди. Икки жонажон дўст ўзларининг чинакам садоқатларини намоён қилишиб, ўзлари ҳам омон қолдилар, элнинг ҳаётини ҳам сақлаб қолдилар.
Эй Навоий, худо сенга шундай ёр берса,
Сен ҳам унга бошинг билан жонингни фидо қилгин.


Тўққизинчи мақолат
Ишқ ўти таърифида

Тупроқдан ясатилган одамни тонг саҳарлаб руҳ майи билан маст қилдилар танига руҳ киргиздилар. Тупроғини ҳикмат қўли билан Эрам боғидек яшнатдилар. Жаннат боғига ўхшаган бу гулшан ҳурлар жилвагоҳининг ўзи эди. Қушлари ҳар лаҳзада юз афсона сўзлар, эшитганлар яна янги афсона сўзлаб беришини қайта-қайта сўрашарди. Фалак боғидек покиза ва саришта бу боғнинг ҳар бир гули янги чиққан ойга ўхшарди. Юзи энг тоза гулдек бўлиб, чеҳраси устидаги қизиллик унинг ғозаси эди. Қомати савсандек тик, балки сарв ила шамшод каби эди. Зулфи мушкин бўлиб, юз ва энг лолаю насрин каби эди. Юзида қуёш булоғидан томаётгандек суву ўт тобланиб турар, кўзлари наргиси фаттондек, лаблари очилган ғунчадек эди. Майин хат-туклари жуда чиройли кўринар, ул сабза устидаги шабнам терга ўхшарди. Хуллас, ҳусни жамолда тенгсиз эди.
Ишқ булбули достон куйлар экан, бу бўстонни томоша қилишга кирди. Назари гулга тушиб, шавқ ўтидан жони хабардор бўлди. Жонига ишқ ўтидан ҳарорат тушиб, кўнглида ғам шуъласидан изтироб пайдо бўлди. Гул унга қараб изҳори ноз, жилва-табассум қила бошлагач, булбулнинг бағри куюб, шундай фарёд чекдики, ўтидан чаманга ғулғула тушди-ю, ошиғу маъшуқлик аён бўлди. Ишқ туғёни тобора кучайиб, ошиқнинг шайдолиги оша борди, шундан сўнг жаҳон мулкига ишқ ғавғоси тушиб, замон аҳлини талон-тарож қила бошлади.
Руҳ бу гул тиканига гирифтор бўлиб, жон ҳам бу бўй исидан маст эди. Ишқ қайси кўнгилни макон этган бўлса, уни ишқ ўтдан лаълга кон айлади.
Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасун,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун.
Ишқсиз ул танки, анинг жони йўқ,
Ҳуснни нетсун кишиким, они йўқ.
Ишқ бир дур бўлса, кўнгил унинг сақланадиган қутичасидир, балки қуёш, ишқу кўнгил унинг буржидир. Ишқ ҳусн ишидир, киши шамъ билан ўт ёққанидек. Лутфу тароват гулда қанчалик кўп бўлса, ҳасратидан булбулда ғулғула ҳам шунчалик кўп бўлади.
Ошиқ ўзин ким деса ошиқ эмас,
Барча киши ишқда содиқ эмас.
Ҳаммаёқни кезиб, ҳуснли бирон гўзални топиб, кейин унга кўнглини бойлаган инсон кўнглини бир пора тош, шамъ ўтидан қизиган бир қоя тош деб билинг. Ёлғондан ўзини дардли қилиб кўрсатиб, мотами бўлмаган ҳолда ёқасини чок этиб, ташқарисидан ҳийлагар, ёлғончи, маккор, ичкарисидан иблиснинг ўзгинаси; ташқарисидан садоқат зийнат, ичкарисидан бузуқлик безбетлиги бўлган ошиқ чин севги шайдосими?
Ёридан не-не нарсаларни истаб, одобсизликдан тортинмай, гоҳ лаби лаълидан жон тамаъ қилиб, жонгина эмас, истаган нарсани тамаъ қилиб, гул танини васф этиб, ҳар бир аъзосини таърифлаб, сўзлари фаҳшу макрга тўла бўлган ошиқни ўлдирса, жисмини бошдан-оёқ куйдурса арзийди.
Ошиқ ани билки, эрур дарднок,
Ҳам тили, ҳам кўзию ҳам кўнгли пок.
Ишқ ошиқни ўзлигидан поклаган бўлиб, балки фано ўтига хашак этган бўлса, дардини яширганидан юзи сарғайиб, кўз ёшини оқизаверганидан кўзи пок бўлса, дард юкидан қадди эгилиб, қадди «дол» ҳарфига ўхшаб қолган бўлса, хаёлидан бошқалар хаёлини чиқариб, жонини фақат жонони хаёли билан тўлдирган бўлса, ёр номидан бошқа сўзи бўлмаса, жонида жонон ғамидан ўзга ғам бўлмаса, ҳар тарафга қараганда, фақат ёри жамолинигина кўрса, ана шундай ошиқнигина ҳақиқий ошиқ санаш мумкин. Ҳатто ўзлиги ҳам бартараф бўлиб, кўз ташлаганда фақат ёрни кўрса, севгида шу тарзда мағлуб бўлган ошиққина муҳаббатда содиқ бўла олади. Шундай муҳаббатгина унга ўзлигини унуттира олади.
Бундай ошиқ ўзлигини унутиб, уйдан ташқари чиққиси келмай қолади. Шунда унинг дўстлари уйдан ташқари чиқмаётгани учун маломат қилсалар, жаннат ваъдаси билан овутиб, ишқ ўтидан кўнглини совутсалар, у гузару хиёбон сари йўл олиб, даштда тўп-тўп одамларни кўриб, ўша одамлар ичидаги гўзал чеҳрали соҳибжамол ўзининг париваш ҳусни билан уни ўзига ром қилади. Май ўти рухсоридан юз гул очилиб, бирини дасторига қистириб олган, ҳусни ўти шуъласи гулзорга ўхшайди. Гулзорининг ҳар томонида гулнор кўринади. Қошлари ҳилолни эслатади, ул ҳилоллар ошиқ аҳлини девона қилади. Ҳалиги қошлар улусни қатл қилмоқ учун бошларини яқинлаштириб маслаҳатлашдилар.
Зулфининг сунбуллари устма-уст тушган. Ўтли кўзлари ноз билан ҳар ёнга боқади. Лабларида ҳаёт қатраси қотиб қолгандек, йўқ, бало чашмасидан жон томиб тургандек кўринади.
Бу қандай жамол намойиши, эй кўнгил? Балки гулистони Халил, эй кўнгил. Шундай жамол билан жавлон қилиб ошиқ бошига етиб келса, ошиқнинг тупроқ бўлишдан бошқа чораси қолмайди. Ул чоғ Шиблию Зуннун бўлса ҳам, кўпларни мажнун қилади. Дин уларнинг мотамига ҳой-ҳой чекиб, ақл пири болалардек бармоғини тишлаб қолади.
Жаброил ҳам унга боқиб, оғзидан сўлакайи оқади. Кўрмаган эл бу ўтдан омон қолади-ю, кўриб кул бўлмоқ ҳам ёмон эмас. Кимки кирланган, нопок бўлса, бу тозаловчи ўт орасига кирса, покроқ бўлиб чиқади. Кимга бу хил куйиш одат бўлса, дунёда саодат топади.


Ўнинчи мақолат
Ростлик таърифида

Ҳар кишиниким одати тўғрилик бўлса, фалак унга ҳар қанча тескарилик, қайсарлик қилганида ҳам қўрқадиган жойи бўлмайди. Ўқнинг таянч парлари тўғри бўлса, ернинг эгрилиги унга бирон зиён етказармиди? Йўл қанча тўғри бўлса, йўлчи мақсадидаги манзилига тезроқ етиб боради. Шундай вақтларда қинғир-қийшиқлиги туфайли йўлнинг узайиб кетиши аниқ-ку!
Най тўғри бўлгани учун ҳам одамлар уни тинглашни ёқтирадилар. Чанг эгри бўлгани учун қулоғини бураб жазо берадилар.
Айвонда ёнаётган шамъ ўти тўғри кўтарилиши туфайли кечки базм шоҳиди бўлади, кўп айланиб учавергани билан парвонанинг етиб бориш жойи маълум.
Сарв қомати ўқ каби тўғри, шу туфайли шамол ҳам унга зиён етказолмайди. Боғда чирмашишдан бошқа ишни билмайдиган сунбул эгрилигидан юзлари қорайиб кетган.
Чанг асбоби қили тўғри экан, нафис овозлар чиқараверади, салгина эгри бўлса, соз чиқмайди.
Назари тўғри одам тўғри, покиза киши бўлади. Кимнинг қўли эгри бўлса, у _ ўғридир. Қўл эгриликка мойил бўлса, уни кесибгина тузатиш мумкин. Ҳар ким тўғриликни истаса, у икки хусусиятни англаб олсин. Биринчидан, кишининг сўзи тўғри бўлса, сўзигина эмас, балки ҳам сўзию ҳам ўзи тўғри бўлса, ҳалол бўлса. Бири буки, ёлғон гапириб қўйганида ачинса, тўғри сўзни чиройли гапирса. Аввалгиси яхши, лекин иккинчиси ҳам ёмон эмас.
Ёлғонни камроқ гапирадиган кишилар кошки бизнинг давронда ҳам бўлса эди. Кимки бу давронда ростгўй бўлса, иши доимо каму кўстликдан бошқа нарса бўлмайди. Давр эгриликни талаб қилади, сен ростликни тиласанг, розилик билдирмайди. Тўғриликни шон-шараф деб билган кишиларга даврон гардиши душманлик қилади. Қалам тўғриликни талаб қилгани учун боши кесилади. «Алиф» ҳарфи тўғриликни яхши кўргани учун «бало» сўзи уни оёқлари остига олиб мажақлайди. Янги ой эгрилиги туфайли ҳамманинг диққатини ўзига тортади. Салла чирмалиб-чирмалиб бош устига чиқишга сазовор бўлади.
Йўқ-йўқ, бундай эмас, бу ёзганларим хато. Балки барчаси қаламнинг битган хатолари, эгри билан тўғрининг таърифи айни ҳақиқатдир. Шамъ тўғрилигидан хурсанд бўлиб куяди-ю, лекин бошдан-оёғи нур бўлади. Чақмоқнинг иши эгрилик бўлгани туфайли ҳам, гарчи у ҳам ёриса-да, ер остига кириб йўқ бўлади. Деҳқон режа чекмас экан, боғ ўрнига чангал унади. Деҳқон моласиз, уруғ сочса, сувни тенг ичмай қанчаси яксон бўлади. Кўзгу юзи қанча текис бўлса, соҳибжамоллар юзи тўғри бўлиб кўринади. Унинг юзи сайқалланмаган бўлса, атрофидаги безаклар уни мутаввал _ турли хилда: чўзиқ, йўғон ва ҳ.к. кўрсатади. Қуёш жим турган сувда тўғри акс кўрсатса, сув қўзғалса, эгри кўрсатади.
Хато қилиб билмасдан ёлғон гапириб қўйиш ёлғончи деб аташга асос бўлолмайди, чунки бу хил одамлар хато қилганини англагач, ўзлари ундан воз кечишади. Ёлғон гапиришни шиор қилиб олган, доим ёлғон сўзлашга одатланган одамларни эркагу мусулмон деб бўлмайди.
Ёлғончиликни касб қилган киши ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, бир-икки иши юришади-ю, унинг ёлғончилигини халқ билмай қолса ҳам, Аллоҳ огоҳ бўлиб, кўриб туради-ку! Ушбу сифатини элдан ҳар қанча яширмасин, ёлғон охир ўзини бир куни ошкор этади.
Одамларни ҳар соҳада алдаб юришдан кўра ўғрилик ундан яхшироқдир. Ҳар киши ёмон, ёвуз ният билан онт ичган бўлса ҳам, нияти ўғирлик бўлса, кафорат билан дафъ қилиш мумкин. Кимки ўзи ўз сўзини ёлғонга айлантирган бўлса, у, қолган барча сўзларини ҳар қанча рост демасин, эл унинг сўзлари ростлигига ҳеч қачон ишонмайди. Уни азобга солган бу зиён, зарар шу даражадаки, ҳатто кафорат билан ҳам ундан озод бўлиш иложсиз.
Кимсага ёлғончи дебон қолса от,
Бу от ила чорласалар ўзу ёт.
Сидқ хитоби яна ёнмас анга,
Чин деса ҳам, халқ инонмас анга.
Кимки чини эл аро ёлғондурур,
Ёлғони чинлиққа не имкондурур?
Неча зарурат аро қолғон чоғи,
Чин демас эрсанг, дема ёлғон доғи.

Ёлғончи Дуррож ҳақида ҳикоя
Бир ўрмонда ёвуз бир она шер яшарди. У ваҳшатда осмон йўлбарсидан қўрқмас эди. Бола кўрганида завққа тўлиб хурсанд бўлар, аммо кўпинча уларни чумолилар талаб ташлашар, шу туфайли шер ўз фарзандини оғзида кўтариб олиб юрарди.
Ўша ўрмонда бир қирғовул ҳам яшаб, ҳамиша ғазабкор шердан қўрқиб ҳаёт кечирарди. Шер дам-бадам боласини тишлаганича ўрмонда ҳар ёнга қадам қўяр экан, ногаҳон дуррож ётган ерга бориб қолса, у парр этиб учиб шерни сескантириб юборар, шунда у тишини қаттиқроқ сиқиб боласига азоб берарди. Ўз жигарига мотам тутгандек бўларди. Кўнгли бу ишдан озор чекиб, дуррож билан дўстлик чорасини излай бошлади. Унга дедики: «Сенда менинг заррача қасдим йўқ, бу сўзларимга ишонч билан қара. Мендан ваҳм қилмай, дўстиму сирдошим бўлгин. Хурсандчилик чоғларимда эса шодлигимга шерик бўлгин. Мен ҳам сенинг овозингни эшитиб хурсанд бўлай. Шарт шуки, сенга бирон ҳайвондан зарар етса, овчининг тўрига тушиб қолсанг, ёрдам учун дарҳол қўлимни чўзай, душманни бир панжам билан йўқ қилай. Ваъдамга содиқ бўлиб сени душман тузоғидан халос қилай!»
Шер кўп тушунтириб, ўз муддаосини баён қилгач, дуррож ҳам у билан юракдан аҳдлашди. Шундан кейин икковларининг ўрталарида меҳр-муҳаббат пайдо бўлиб, кўрганларнинг ҳаваси келадиган даражага етишди. Шер қаерда ором олиб ётган бўлса, атрофида дуррож қўрқмай парвоз этар, худди султон бошида ҳумой айланиб учиб тургандек, шер боши атрофида парвозда бўларди. Шер унинг сайрашини эшитар экан, баъзан ёлғондан ёрдам сўраганини эшитиб қолиб, унга: «Ёлғондан мени ёрдамга чақирма, яхши бўлмайди, тўғри сўз олдида ёлғон ёмон қилиқ саналади», деб насиҳат қиларди. Аммо ҳеч қайси ҳайвондан қўрқмайдиган бўлиб қолган дуррож ёлғончилигини йўқ этмай, ҳазиллашгани-ҳазиллашган эди.
Бир куни бир овчи уни ушлаш мақсадида ўз тўрини ёйди. Дуррож доналарни еб, сув томон юрган ҳам эдики, овчи тўрини тортди. Қуш овози борича ўзининг тузоққа тушиб қолганидан шерни «Дод! Мени тутиб олишди!» деб огоҳлантирса ҳам, шер унинг сўзларини ҳар доимгидек алдамчилиги, ҳазили деб ўйлади. У дуррожнинг бундай ҳазилларини, ёлғончилигини кўп эшитиб алданган эди. Шунинг учун бу сафарги чин сўзларини ҳам олдинги қилиқларидан бири деб билди-да, ёрдамга келмади. Оқибатда ёлғончи қуш овчи қўлида ҳалок бўлди.
Ҳар кишиким бирон сўзни бехосдан ёлғон сўзлаб юборса ҳам, халқ уни рост деб билади.
Сўзда, Навоий, не десанг, чин дегил,
Рост наво, нағмага таҳсин дегил.


Ўн биринчи мақолат
Илм ва олимлар ҳақида

Оламнинг иши халқ билан душманлик экан, олим хор-у, жоҳил (билимсиз, нодон) азиз бўлаверади. Токи жаҳон зулмдан воз кечмас экан, дарахт баланд бўлиб, мева ерга тушаверади. Нокасларга баланд мартабалар-у, билим аҳлига _ азоб-уқубат, тошлар тоғ устида-ю, бойлик, конлар унинг остида бўлаверади. Феъли ёмонлар юксак мавқеъларни эгаллаб, оламни ҳукмига бўйсундираверади. Худди бахтсизлик манбаи бўлган Кайвон (Зуҳал) юлдузи осмоннинг юқори қисмида ўрнашиб олгандек, «Саъди Акбар» бўлган Муштарий ундан қуйида, олтинчи осмонда жойлашибди. Фалак ҳамиша яхшини ёмондан қуйига қўяди, бўлмаса яхши ёмондан ғаму озор тортиб, боғда гулнинг ҳамнафаси тикан бўлармиди? Қанчадан-қанча соф, пок дурларни яширган садафнинг қорнини олмос билан ёриб, бағрини чок қилишармиди?
Бағир ёрмоқ мақсади бўлган қуш шоҳ билаги устида ором олади, чиройли, дилкаш наволар чекувчи қуш _ булбул эса кул ичида хор бўлиб яшайди.
Бир нотавон йигит шаҳридан илм истаб йўлга тушади, қашшоқлигидан оёғида ковуши ҳам йўқ, тўни йўқлигидан танаси яланг. Оёқларини тиканлар илма-тешик қилиб юборган, бошида икки-уч ўралган салла. Ҳайвонлар териси каби кийимининг бошидан оёғи тилик-тилик. Мақсади қушини қидириб кўзда ёши билан шаҳар кезади. Эгнида китобу дафтар, илм олишга шошилади.
Қорни муҳтожлик туфайли ҳамиша оч. Жисми шунчалик заифлашганки, савол беришга ҳам мадори қолмаган.
Халқ кўп бўлгани билан бирон киши унга дўстлик кўрсатиб, мадад қилишни истамайди. Бечора йигит ўз шаҳру диёрини ёдига олиб, бу ерда қаерга боришни билмайди. Кўча, уй, бозор кўп, лекин бу йигит қаерга бориш, қаёққа қадам уришдан ожиз. Оқшомгача шу тарзда тентираб қоронғи тушгач, бирон бурчакни топиб ухлаб қолади, лекин тонггача уйқу келмай беҳол ётаверади.
Тонг отиши билан мадрасама-мадраса юриб, ўз ҳолини айтиб неча кунини бекорга ўтказади. Унинг истагини эшитган баъзилар уни ҳазил-мазах қиладилар. Кундуз маскан, кечаси ётадиган бир жой тополмай, ғурбатда изтироб чекиб, шунча алам кўрадики, тил билан ҳам баён қилиб бўлмайди.
Хуллас, мадрасалар бурчагида ўн-ўн беш йил алам чекиб, ҳам ишлаб, ҳам билим олишга тиришиб, охири ўзига бир-икки соҳиб камол дўст топиб, турли билимларни, ибрий, юнон, сурёни тилларини, ҳинд тилини ҳам пухта эгаллайди. Унинг кўнгил уйи бир дарё бўлдики, унинг ҳар қатрасида бир дард ниҳон эди. Фалак илмларини шунчалик кенг ва чуқур эгалладики, Абу Али фикрларини осонгина ечиб берарди.
Лекин унинг душманлари, ҳасадгўйлари ҳам йўқ эмасди. Айрим жоҳил, илмсиз золимлар унинг тўғри кўрган нарсасини эгри деб, айтганларини нотўғри, ёқимсиз деб кўрсатишарди. Уни дину диёнатсиз қилиб кўрсатувчилар ҳам топиларди.
Ҳисобсиз бойликка эга бўлган, кийиму асбоблари заркаш, ёмонликдан итдан ҳам баттар бир жоҳил унга ёмонликни раво кўриб, олимнинг фазлу фасоҳатли сўз ва ишларига қабоҳат ва разолат билан жавоб берарди.
Амир деган номга эга бўлган бу жоҳил халққа ўз айтганларини қилдира оларди. Унга ҳалиги билимли олимнинг хизмати керак бўлиб, уни хизматга олмоқчи бўлди.
Олим эса илтимос қила-қила, зўрға бир маротабагина рухсат олиб,амир қабулига кира олди...
Илмни ким воситаи жоҳ этар,
Ўзинию халқни гумроҳ этар.
Олим агар жоҳ учун ўлса залил,
Илми унинг жаҳлиға бўлғай далил.
Олим илмга садоқат билан хизмат қилиши керак.
Олим агар қатъи амал айласа,
Илмига шойиста амал айласа.
Солмаса кўз жифаи дунйи сари,
Боқмаса туз дунйийи фоний сари.
Они шараф гавҳарининг кони бил,
Гавҳару кон, ҳар не десанг _ они бил.
Бундай олим атрофини чексиз гавҳарлар ўраб олган, ўзи осмон бўлса, ҳар тараф унинг юлдузлари бўлган; конидаги гавҳарларининг барчаси ҳам пок бўлган, юлдузлари ҳам ҳароратли, ялтироқ бўлади.
Кимга бундай бахт насиб бўлиб, дунёга кўз солмаса, эгнидаги кийимлари юз ямоқ бўлса ҳам, асал солинган идишдан яхшироқ, мушкию нофаси йўқ бўлса ҳам дурустроқ бўлади.
Эр кишига хилъат ила не шараф,
Дурга не нуқсон йироқ ўлса садаф.
Қайси чибин кисвати заркордур,
Ери дурур қайдаки мурдордур.

Имом Фахр Розий ва Хоразм шоҳи ҳақида ҳикоя
Тасаввуф оламининг энг забардаст алломаларидан бири бўлган олам имомларининг имоми Фахри дин бир маҳал Хоразмга меҳмон бўлиб келди. Шунда Хоразм шоҳи уни кўришга келмади. Илм шукуҳи бунга ҳам йўл бермади. Шоҳ ўзининг ушбу қилган ишидан уятда эди, лекин имом бунга парво қилмади. Воқеанинг сабаби ҳам очилмаганича қолди.
Бир куни имом ҳаммомда эди, шоҳ ҳам ногаҳон ювиниш учун келиб қолди. Бир-бирларига дуч келишганда шоҳ хижолат чеккан ҳолда унга савол берди: «Эй илминг билан элни баҳраманд қилган зот! Қиёмат ишидан бир саволимга жавоб берсанг. Ул куни одамлар не ҳолда бўладилар, кишиларнинг аҳволи не кечади?» Соҳиб камол аллома шундай жавоб қайтарди: «Сенинг мақсадинг ҳашр сўзини эшитишдир. Бу сўзга шу ҳаммом жуда мос келади. Маҳшар куни гадо билан шоҳ бир хил, бир кўринишда, иккови ҳам яланғоч бўлиб, давлату мол эгалари сенинг каби бору йўғи ташқарида қолади. Менга ўхшаган илм аҳли эса йиққанлари ўзи билан ҳаммом ичида ҳам бирга ҳамроҳ бўлади. Сен султон бўлсанг ҳам, ёнингда фойдали бирор нарсанг бўлмайди, лекин менда илм билан фойда, нажот жуда кўп бўлади», деди.
Илм, Навоий, санга мақсуд бил,
Эмдики илм ўлди, амал айлагил.


Ўн иккинчи мақолат
Қалам ва қалам аҳллари ҳақида

Бу қандай ёқимли суратки, уни чиройли қилиб, диққат билан ким яратган экан? Учлиги _ нозик маъноларни безатувчиси, тирноғи _ чизғичнинг қон томири. Қушдек енгил тузилган бўлиб, тумшуғидан ҳар томонга маъно сочилади. Овқати _ зулмат, ватани эса нур устида. Оқ саҳифалар устига мушк сочади. Ҳаракатлари тезу чаққон, ўлчамли, лекин учиш учун қаноти йўқ.
Қуш дема, айтгил, хуш исмли қора илон, де, илон эмас, афсунгар, найрангбоз илон, де. Ялтироқлиги, учқурлиги, қўл-оёқларининг яширинлиги бу фикрга шоҳид. Тилини чиқарса, ундан афсунлар фош бўлади. Бу жаҳонда ким илоннинг афсунгарлигини кўрибди? Илон дема, пулларни асровчи дегин. Унинг идишларида, косаларида юз хил дуру жавоҳир яширин. Аждар каби оғзидан тутун чиқариб, тунни гавҳар каби ёритади.
Аждар эмас, соғлом аждар, балки Мусонинг ҳассаси дегил. Бўлмаса қандай қилиб жаҳон сеҳрини, маънолар мулкинию баён сеҳрини ютди? Унинг мавжудлигига мунча шараф мавжуд экан, котиби мақбул ёки мардуд бўлади. Қанча-қанча яхшию ёмон котиблар китоб битишга майл қиладилар.
Аввал қозихона котибини кузатайлик. Шаръий бўлмаган ишларга ризолик бериш унинг иши. Адолатли шоҳид унга ёлғончи гувоҳ, туҳмат қилиш учун пул олган гувоҳ. Ноҳақ нарсани узундан-узоқ қилиб ёзиб, қоғоз юзини ҳам ўз юзидек қора қилиб, барча хиёнатни диёнат билиб, барча диёнатда хиёнат қилиб, Исо ҳам пул бермаса, унинг номига тўққиз хотинни ёзиб, маҳр тўламагани ҳақида ҳужжат тилаб, ўз дафтарига бу ҳақда ёзиб ҳам қўяди. Ким унинг ёзганларига қалам урса, ўз юзидек номасини ҳам қорайтиради.
Кейингиси ҳийлакор муфтий бўлиб, ҳийла, макр ва алдовдан бошқа иши йўқ. Кўнглига келган ҳар бир бўлмағур гапни тўғри деб дафтарига ёзаверади. Чўрига қуёш кийимини кийдириб, дағалга Ҳасан кийимини кийдиришга уста. Беҳуда наволар ичига заҳр қўшиб, шамъ тубига қуёшни яшириб ташлай олади.
Хоҳласа Амр ва Зайд ҳақида ўзаро мактуб ёзиб, йўқ нарсаларни ёзиб ташлайди-ю, «Валлоҳу аълам» деб Ҳақ номини ҳам киритишдан қўрқмай мактуб «яратади». Сафҳаси шабистон каби ораста, муҳрлари тўлин ой. Диққат қилган киши ҳар гул ичида юз тикан топади. Ҳар бир сўзида қатор-қатор хатолар топади. Бундай мактубларни ёзадиган котиблар бўйнини қаламдек узиш керак.
Яна бири омили девондаги _ девон котибдир. Дев унинг ишларини кўриб ҳайратда қолади. Фалак унга амалдор номини берган, шу дордан баҳра олсин дегандек. У бу амал билан жоми май ичиб, ҳоким каби мулкни ғорат этиб юради.
Косибу деҳқонга ҳам, косибу деҳқон нима бўлибди, султонга ҳам зулм қилади. Қайси вилоятга борса, одамларнинг ҳараму боғида базм айлаб, уй эгасидан, аввал тоза май талаб қилади. Уй эгасининг аҳволини бузгач, шоҳид учун унинг хотинини ҳам чиқариб юборади.
Омборидаги экишга мўлжаллаб қўйилган арпасини оти еб, товуқларини сурук тоти еб, ўша уйга бало киргандек бўлади, бало эмас, худди вабо тушгандек бўлади.
Кентнинг бир-икки ёрдамчилари, зулмда бу хожа-ю, улар паҳлавон бўлишиб, дўстига шоҳ молини олтини-бир олтинга сотиб, сархат _ рўйхат тузишиб, товон солишиб, бир рақамга беш-ўн рақамни қўшишиб, ситам қилувчи обод-у, ситам чеккан барбод бўлиб, ўз хатидаги варақдек осилсин.
Юқоридагиларни рад қилсак, яхшилари ҳам бор. Аввало, мунший бўлиб, гоҳ руқъа, гоҳ нишон ёзиш билан шуғулланишади. Мактубидан фироқ асири шод бўлади, номаси руқъасидан ҳам яхшироқ.
Номасидан булбул гул саҳифасидан роҳат олгандек ҳузур қиласан. Ҳажр қаро шомида нажот тонги бўлиб, фурқат зулматида ҳаёт суви бўлиб туюлади бу мактублар. Бу хатларнинг нишони ўзи яхши хабардек бўлади, ёзилган ичидаги хатлари эса завқдан нишон беради.
Зулм ҳақида мазлумга хатти омон, яъни озодлик хатидан зомин кўрган замон ваҳмга тушади. Фойда беришда порлоқ нурли қуёш шаклини эслатади.
Агар бундай муншийлар китоб битсалар, назм билан наср дурри хушоб, яъни ҳидли дур бўлиб, сафҳалари ҳар бири гулзордек, жадвали атрофидаги девордек чиқадики, сатрлар унда гулу сарви суман, ҳар икки сатр ўртаси эса дилкаш чаманга ўхшайди. Байтлари худди байтулҳарамдек, чиройи эса Эрам боғидек туюлади. Бундай муншийларни _ хат битувчиларни хато қилишдан Ҳақнинг ўзи асрасин.

Ёқут ҳақида ҳикоя
Ҳаёт боғининг гулшанида ўтириб шуҳрат қозонган кишиларнинг гули машҳур мутасаввуф Шайх Суҳравардий эди. Бир куни у Бағдодда ҳукмронлик қилган халифа Муътасим саройига ташриф буюрди. Ҳижоз аҳолиси Каъбага эътиқод қилгани цингари халифа унга кўп ҳурмат кўрсатди. Уни тахтга чиқариб, кейин ўзи чиқди. Шайх одамларга ваъз сўзлай бошлади, халифа эса ерга кўз тикиб жим турарди. Шу пайт Шайх ҳурматли одамлар, шаҳзодалар ва амирлар орасида турган Ёқут номли кишини кўриб қолди-да, ҳаяжонланиб ўрнидан туриб кетди, ҳайратдан қотиб қолди. Унинг бу ҳолатини кўрган халифа Шайхга мулойимлик билан мурожаат қилиб, «Эй не-не оқил одамлар оёғинг чанги бўлган одам, шоҳлар ҳам сенга қуллуқ қилиб, у билан фахрланадилар. Бундай олий мартаба унга қаердан келганки, сен унга бу хилда эҳтиром кўрсатмоқдасан?» деб сўради. Шайх деди: «Қайси бир ҳурмат ва мартаба худо унга берган ҳурмат ва мартабадан юксак бўлиши мумкин? Унинг иши доим қуръон кўчириш бўлиб, ҳеч ким у цингари кўчиролмайди. У
Худонинг сўзларига зийнат бергани учун уни ҳурмат қилиш бизга вожибдур».
Тушунган одамларнинг бошлиғидан Ёқутни билгач, шоҳ унга ўз мажлисига келиб ўтиришни буюрди. У қўли пок одам хатининг яхшилиги туфайли мамлакат подшоҳи билан ҳамсуҳбатликка муяссар бўлди.


Ўн учинчи мақолат
Жувонмардлик ҳақида

Тонг каби кумуш сочувчи бўлган инсон, меҳринг қуёш мисоли эл бошига сочилади. Субҳ каби халқнинг юзига кулиб боқиб, фалак чархи каби эл бошидан ўргуласан.
Қилган яхши ишларинг учун халқдан дуо оласан. Сен одамларга нафъ етказмакни шиор айладинг, у наъфни ўзингга ёр айладинг.
Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Билки бу нафъ ўзунга кўпракдурур.
Булут денгизга ўз қатраларини сочса, баҳр ҳам бу қатраларни покиза дурга айлантиради. Деҳқон ниҳолни парвариш қилса, у гул ва мева беради.
Кимки зарар келтиришга одатланса, элгагина эмас, ўзига ҳам жавр этади. Чунки шишани босиб синдирган инсон ўз оёғи яра бўлишини ўйлайвермайди. Хас-хашакка шуъла тушиб аланга олса, уни куйдиргач, ўзи ҳам ўчади. Капалакни тутмоқчи бўлган бола дўпписини ерга уради-да, ўз бошини очиқ қолдиради.
Бирон бадавлат киши зўрлик билан халқнинг уруғини тортиб олиб, уни ўз ерига экса, бу уруғни чумолилар талаб кетиши муқаррар. Кимки фалакка қараб тош отса, тоши ўз бошини яралайди. Пасткашлик белгиси ёмонликдир, Шуъланинг табиати ҳароратдир.
Лекин ёмон одам ҳам ўзини яхши қилиб кўрсатса, нима ҳам дейиш мумкин. Аммо мушкни ҳар қанча яшириб қўйилса ҳам, атри уни элга ошкор қилганидек, унинг ёмонлиги ҳам яширин қолмайди. Аслида яхши одам ҳам бою камбағал бўлса ҳам сезилиб туради.
Худо бировнинг табиатини пок қилиб яратган бўлса, нопок одамлар уни севмаса, ҳечқиси йўқ. Мева остида данак ҳам, мағиз ҳам бўлганидек, ҳар кимсанинг дўсти ҳам, душмани ҳам бўлади.
Яхши-ямондин бари эрмас жаҳон,
Лек ямон зоҳир-у, яхши ниҳон.
Чунки ямон кўпрак эмиш, яхши оз,
Жазмки, оз ўлғусидур яхши роз.
Бошқаларни писанд қилмайдиган одамлар яхшиларни асло писанд қилмайдилар. Ёмон қилиқларни ёқтирадиган пасткашлар элнинг яхшиларини ёқтирмайдилар. Хаёли ёмон фикрларга тўла инсонлар барча яхши фикрли кишиларга ҳасад қиладилар, улар тошларни лаъл ҳисобида билиб, барча садаф синиқларини инжу ҳисоблайдилар.
Бировнинг дастурхонида патир кўрсалар, осмондаги тўлин ойдек бўлиб кўринади. Бировнинг зарҳал айвонини кўриб қолса, ичини ҳасад кемиради. Ҳар киши гул исласа, унинг қўлига тикон ботгандек бўлади; эл шод бўлса, у бундан алам чекади, дард уни изтиробга солади.
Наби сўзи билан шод бўлиб, элга зарар етказиш хавфидан озод инсон! Ҳақ фалак тоқини бино айлар экан, унинг ичида ушбу фонийлик дунёсини ҳам яратди. Даврон гулшанига нақшу нур бериб, ҳар гулини тобланувчи офтобга айлантирди.
Худо бу чаманни яратар экан, унга инсон гули мақсад бўлган эди. Инсонлар гуруҳи аро ҳам комили пайғамбарлар шоҳи Аҳмади мурсалдир.
Пайғамбарлар қуёшини шундай юксак ва улуғлиги билан сенинг шомингни ёритувчи машъал, сенинг шонингни айтувчи маддоҳ қилди, нафъ етказиш ўлчовини тузиб, шу ўлчовга кўра сени одамларнинг яхшиси қилди.
Сен ушбу улуғ мартабанинг қадрини бил ва унинг шукрини қил. Шукрни мумкин қадар кўпроқ қилмоқлик _ кўпроқ яхши сўз сўзламоқликдир.
Хайр муяссар гар эмас эл била,
Нафъ тегурмак ҳам ўлур тил била.
Ганж бериб бўлмас экин тутса кўз,
Улча қилур вақтида бир яхши сўз.
Ҳам сўз ила элга ўлумдин нажот,
Ҳам сўз ила топиб ўлук тан ҳаёт.
Маъдани инсон гуҳари сўздурур,
Гулшани одам самари сўздурур.
Сўз била нафъ ўлмаса эл пешаси,
Яхши керак кўнглида андешаси.
Ҳар бир инсон бошқа бир одамнинг хурсандлигидан шодланиши, нохуш бўлса - ташвишли бўлиши керак.
Одамий эрсанг, демагил одами,
Оники йўқ халқ ғамидин ғами.
Бир кишининг ўлганини эшитиб хурсанд бўлган инсон гўркову ғассолу жаллоддир. Учовининг қайси бирини тасаввур этсак, таъбимизни жирканиш, нафратланиш қоплаб олади. Бу сифатлардан ҳам ёқимлироқ яна бир иш бор, бу ҳам бўлса элга беришу олмаслик. Берган нарсани эсдан чиқариб юбормоқ, берганни олмоқни хаёл этмаслик яхшидир. Булут топганини эл устига сочгани учун ҳам Ҳақ уни қудратли, даргоҳи кенг ҳукмдорга айлантирди. Одамлар сочган нарсаларни териб ўз маконига ташувчи чумолининг иши тириклайин гўрга кирмоқ бўлди. Ҳамма нарсани йиғиб юрадиган шамол шу иши туфайли ҳамиша дарбадару хоксор.
Шиша юзларга гулоб сепгани учун уни орзулаб тоқ устида асрайдилар. Супурги ҳар учраган нарсани йиғиб юргани учун эшик олдида хор-зор бўлиб ётади.
Санамларнинг зулфлари мушк тарқатиб ётади. Шунинг учун ҳам қуёш юзлилар уларни рухсори устида асрайди.
Яна бир муҳим жиҳат чучук сўзларни очиқ юз билан айтишдирки, буни аччиқ бодани чучук сўз билан тутмоққа ўхшатиш мумкин. Инъом беришда бу яхшиликни эсдан чиқармаган инсон бир йўла яна икки гўзалликка эришади. Олтин лаган дилтортар мева билан тўлдирилган бўлса ҳам, унинг устига гуллар қўйилса, ортиқча зеб бўлади. Олтин тожга зийнат берса ҳам, устида дур бўлса, янада чиройлироқ кўринади.
Безалган дастурхон ҳар қанча ҳурматга лойиқ бўлмасин, устидан қанд сепсалар яхшироқ бўлади. Ундай инсон шу хил ахлоқ била юриб, жазога қўл урмай, жафо қилмаса, дилхираликни шодликка айлантирса, ҳар қанча жафо етганда ҳам вафо айласа:
Они башар хайлининг инсони бил,
Одамилар одамиси они бил.
Англа кишиликни мусаллам анга,
Юз кишиликча иш эса ҳам анга.

Ҳазрати Айюб ва ўғри ҳақида ҳикоя
Бир кеча Айюб халаф шамъдек ниёз кўз ёшларини тўкарди. Куйишда у шамъга шерик эди. Хилватда, бир бурчакда худди бебаҳо дур бир пана жойда тургандай ўтирарди. Шу кечаси бир кисавур ер остидан яширин йўл _ нақб қазиб, унинг уйига ўғирликка тушди. Кечаси билан ер остини қазиб чиқди. Айюб уни сезиб турса ҳам индамади. Ўғри нақб ичидан чиқиб, уйдан ўғирлаган нарсаларини орқасига боғлаб олган ҳолда нақбга кирмоқчи бўлувди, у ердаги тешик торлик қилди, чунки юки жуда катта эди. Тор инига сичқон, қуйруғига ғалвир боғлаб кирмоқчи бўларди.
Айюб кўрдики, ўғрининг кучи етмаяпти. Шунда у ўрнидан турди-да, эшикни очиб йўл кўрсатди. «Юкинг катталик қиляпти, нақб тешиги эса тор экан. Эшикдан чиқиб кетавер», деди.
Шайх шундай бир йўл кўрсатдики, ким ҳам бундай йўлдан чиқа оларди? Ўғри бу ҳолатни кўриб ҳайрон бўлди, оғир юк эса елкасидан босиб турарди. Шунда бир дард, аланга жонига ўт солди-ю, ундан осмони ҳам куйиб кетди. Эгнидаги юкни ҳам бу ўтга урди, ўзлигини ҳам куйдириб, ранжу уят уни шарманда қилиб, хас-хашак каби ёндирди.
У наъра чекиб, сел каби кўз ёшларини тўкди, шайх оёғига бошини қўйди. Унинг караму лутфи тилини лол этди, жисмини беҳол этди. Шайх карам қилиб, кўз ёшини артди, бошини тупроғдан кўтарди. Унинг дарду аҳволини англаб етган шайх ўйлаб кўришни маслаҳат берди. Сулук ўтига жони куйиб, нишони маҳв бўлди.
Ўзлиги хас-хашакдек куйиб, ўт билан ёруғлик пайдо бўлди. Комил имон уни парваришлади. Бир афв билан шунча иш юз берди.
Нетти Навоий, қўюбон телбалик,
Сен дағи урсанг бир этакка илик.


Ўн тўртинчи мақолат
Фалак ҳайъати шикоятида

Эй кўнгил, олам бир найрангбоздир, унинг макрлари, алдовлари билан ранжийверма. Балки бир қўғирчоқбоз каби ҳийлагар, томоша пардаси - чодиридан минг хил ўйинчоқларни намойиш этади. Бир-биридан чиройли қўғирчоқларни элга кўрсатишдан мақсади эса элни алдашдан, азоблашдан иборат.
Ҳам тўкиб эл қонини тадбир ила,
Ҳам олиб эл жонини тазвир ила.
У, олам келинини ясатар экан, маккоралик қилиб, уни турли безаклар билан янада гўзалроқ қилишга интилади. У гўзал келинни эрта тонгданоқ хушбўй гуллар билан безайди, гул билан юзига ғоза суриб, зулф ҳамда эгнини сунбул билан ораста қилади-ю, лола билан чеҳрасини қизил қилиб, лола доғидан ул чеҳрага хол ясайди. Сабза билан қошига ўсма қўйиб, шабнам билан юзига ёпинчиқ - меъжар тутади. Ҳинодан панжаларига бўёқ суртиб, сувни унга ойинадор қилади. Оғзини ғунчалар билан пинҳон қилиб, сўзлаш чоғида у ғунчани очиладиган қилади. Шаҳло наргисдан унга кўз ясаб, савсану раънолар тилидан сўз ўргатади. Кўзларига ғамза билан ноз ўргатиб, ғамзасига фирибгарлик таълимини беради.
Шунча гўзалликлар билан у олам келинини безаб, халқни унга мафтун этишга интилади. Энди ҳар ким у гўзални кўриб шайдо бўлгач, ўзи даллолалик қилиб, икки тоқдан жуфтлар ясайди-ю, маҳрга жон давлатини белгилайди. Йигит ва қиз бир-бирига ошиқ бўлгач, энди уларнинг жон билан имонига ҳужум қилиб, даҳр уйидан қувлайди. Олам шундай давом этаверади.
Инсонлар тинмасдан базмга келган одамлардек бу дунёга келиб-кетаверадилар. Фалак юз минг одамларни шу тарзда вайрон қилган, унинг жафосидан оҳ, юз минг оҳ! Жаҳондаги барча жонли ва жонсиз нарсалар ундан шикоят қиладилар. Фалакнинг тўхтовсиз айланаверишидан тун билан кун ҳаёти остин-устун бўлиб кетган. Чеккан азобларидан қуёш юзи сарғайиб, янги ой ҳам беҳол. Тонг тўнини чок этиб, унинг ғами билан шом либоси мотамий ранг. Фалакнинг азоб-уқубатларидан ўтни ўз иситмаси беқарор қилса, елни югурмоқдан чарчатади. Денгиз унга алами борлиги туфайли заҳар рангидадир, кон фалак зулмидан бахти қаро, гўё ичини лахта-лахта қон боғлаган. У беихтиёр дурга жафо қилиб, озор берганидан бу ҳолатга чидай олмай кўз ёш тўкади. Булут ҳолининг азоби унинг дардига бир қора оҳ бўлиб атрофида юради.
Чашма ҳам ўзи кўрган балолар туфайли бир кўзини йўқотган ҳолда кўз ёш тўкади. Булбул унинг аламидан диққат, шу туфайли гул тўни парчалари ҳам ерни қоплаб ётади.
Аммо фалак эл жонига ҳар қанча ўт солса ҳам, берганларини барча одамдан қайтариб олади. Фалак ҳам ўзини элга яқин тутиб, меҳрибонлик қилиб, бир неча кун нашъу намо ҳам кўрсатади-да, бир неча кун элни ўз мақсадига эриштиргандек бўлади. Бировни молу давлат соҳасида Қорун каби бойликларга эга қилса, бошқасини Фаридун каби тахтга ўтқазади.
Фалак эл ҳолини синовдан ўтказиб, покни нопокдан жудо қилади. Яхши билан ёмон маълум бўлгач, ғалвирини айлантириб, кўпроқ ёмонлик қилганларга лутф этиб, янада бойроқ қилади.
Саховатга нолойиқ кишиларга, билимсиз, одобсиз кишиларга олтин лаганларда кумушлар ҳадя қилади. Покиза деб билган гулни жаннат гулзорининг зевари деб англайди-ю, тиканга мубтало этиб, узиб-совуриб юборади. Риндлар ичкилик қадаҳи терисини Хўтан мушки сақлайдиган қилди. Қилични золим подшоҳ ёнига осиб қўйиб, кўплаб бегуноҳ кишилар қонининг асоссиз тўкилишига сабаб бўлди. Ўқдек тўғри яхши одамлар адолатни билмаган подшоҳнинг саройидан ўқ камондан чиқиб қочгандек қочадилар.
Қизиғи шуки, яхши ёки ёмон одамлар ўз муҳлати бўйича яшаб, тахт узра яшаганлар каби тахта устида бу дунёни ташлаб кетадилар.
Фалак тахт устида подшолик қилган не-не улуғ шоҳларнинг биронтасини ҳам омон қолдирмади. Фаридуну Жамшид, Эражу Ҳушанг, Заҳҳоку Салм, Манучеҳру Навзар, Баҳману Скандар қани? Жаҳонгир Чингизхон, жаҳон хони Темур Кўрагон қани? Бу пасткаш олам биттасига ҳам вафо қилмади. Кимни юксакка кўтарган бўлса, яна пастга улоқтирди.
Давлату иқболи ила бўлма шод,
Меҳрига ҳам айламагил эътимод.
Ҳечдурур ҳосил-у, боқийси ҳеч,
Кеч боридин бот, вале қўйма кеч.
Сени ул этгунча забун, сен бурун
Айла ани фақр ила хору забун.
Қўлингда бор нарсангни сочиб, ўз қўлинг билан фалакни шарманда қил.
Панжаи хуршиддек илгингни оч,
Анда неким сийм эса, оламға соч.

Искандар ҳақида ҳикоя
Барча қитъаларни эгаллаган Искандар бутун жаҳон мулкига султон бўлди. У юриб олмаган бирон ер қолмади. Ҳатто денгизлару уммонларгача унинг амрига кирди. Қуллиғини шоҳлар ихтиёр қилиб, қуллуқ қилиш уларга ифтихор бўлиб қолди. Ҳам шоҳ, ҳам валий, ҳам пайғамбар, билимлар соҳасида тенгсиз олим бўлди. Жамшид ишини давом эттириб, жаҳонни кўрсатадиган жомлар ижод қилдирди. Етти кўк ҳукми муяссар бўлиб, ҳам етти қитъа унга бўйсунди. Шунчалик давлат, шону шавкат, бахт бўлса ҳам бу дунёни тарк этар экан, кўп ожизлигу бечоралик кўрди, кўплаб овораликлар унга дуч келди, кетар чоғи олдида амирлари ҳам, хизматчилари ҳам бўлмади. Уларнинг барчалари яшил боғда қолиб, ўзи қаро тупроқ ичига кирди. Нариги оламга жўнаш чоғида ичини бу хил сўзлар билан бўшатди: «Ким бу нафас бежон ҳолда жўнар эканман, шундай васият қиламан: «Менинг жоним узилгач, оҳ билан оламни қаро айлаб қабр томон олиб борар экансизлар, тобутим ёнидан бир қўлимни чиқариб қўйинглар, то бу қўлга кимнинг
назари тушса, унга ибрат кўзи билан боқсин. Билсинким, етти кишвар шоҳи, етти фалак мушкилларини ҳал қила олган шоҳ бу макондан жисмида жон йўқ ҳолича бўш қўли билан кетяпти. Жаҳон мулкини ҳавас қилган кишига шу тажриба, кўргани етарлидир».
Торт, Навоий, бу жаҳондин илик,
Қайси жаҳон, жавҳари жондин илик.


Ўн бешинчи мақолат
Жаҳл майи ҳақида

Хурсандчилигинг жомга ҳамроҳлик, жаҳл хумори туфайли ишинг доимо мастлик бўлган одам! Сенинг доимий айшинг камайишни билмайди. Сенинг муродинг доимо жаҳолат жоми. Май идиши сенинг ичингга бода лаззатини қуйиши билан ўша лаззат кўнглингга ғавғо солади. Бода жонингга ғурур ҳиссиётини уриб, ўзингдан бошқа ҳар қандай фикрни йўқ қилиб ташлайди. Ўлмак ғами мотами ҳам, паймонанг тўлишининг ғами ҳам қолмайди. Ажал назоратчиси етиб келса, нима қиласан, ундан қутулиш учун не чора топасан?
Муҳтасиб _ назоратчи жафо тошини май хумингга уриб, парча-парча қилиб ташласа, жисмингни бошдан-оёғинггача доғ устига доғ ўртаб, майингни қаро тупроққа тўкиб ташласа, нима қила оласан?
Идишингни ушатгандек, майинг лаълини ер қонидек қилса, буки билимсизлик майини беҳисоб ичасан, бу сенга бир куни эҳтисоб қилинса-чи?
Сенинг мастлигинг неча ою неча йилдан бери давом этяпти, ой билан йил мастлигингдин айил!
Мастнинг бори тутуриқсиз бўлади, кўчанинг болаларига масхара, кулги бўлади. Маст одам кўчанинг бошидан жиннинамо юриб келаркан, болалар ҳар тарафдан уни тошбўрон қиладилар.
У тўйганича ичиб олиб, майхонадан кўчага маст бўлиб чиқар экан, манглайи деворларга урилиб қон бўлиб, бошидаги салласи чувалиб, ҳар ёққа ёйилиб, элга қутурган итга ўхшаб ҳамла қилиб, қайси ёмон ит, қопағон итдек ҳар одамга ташланиб, жисмини мастлик ҳолати, ҳар сари қадам қўйса, ўша томонга яна бир қадам ташласа, селнинг ердаги кўлмак сувини ичиб, шароб хаёл қилиб шимирса, сой тошини кўриб қолиб қизил гулдек ҳидлаб роҳатланса, олам гулу тоши кўзига учраганда эса уларни бир ён отиб юбормоққа мадори ҳам қолмаган бўлса, унинг бесўнақай отган тошларидан болалар гоҳ тарқаб қочишиб, гоҳ унга ўхшаш маст-маст ўйнашиб йиқилишса, йиқилиб, гоҳ туриб, май унинг ҳолини беҳол қилиб, соқолини ифлос қилиб, қусқи соқолини неча бор нопок этиб, ит ялаб-ялаб тозалаб қўяди. Мастлик уйқуси кучайиб кўчада ухлаб қолади-да, бошидаги салласини ҳам, белидаги пулини ҳам тополмай, тўнини яна бир қароқчи олиб кетиб, худди ўликдан кафанни суғуриб олгандай қилишади. Қин қолибди-ю,
қўлидаги пичоғини олиб кетишибди. Ковушнинг ҳам бири қолиб, бирини йўқ қилишибди. Тўн этаги балчиқ бўлиб, олди ҳўл, олди ҳўл-у, аммо унинг олдида кўл.
Уйини топишга ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, узун кўчадан уни ҳар қанча изламасин _ тополмасди. Бутун аъзойи бадани титроққа зўрға чидар, оғзи эса ажаб бемаза таъм берарди. Ҳар қанча қидириб ўз уйини излаб тополмади. Тўнини фақат ўғри ечиб олган бўлмай, қолганини асас _ тунги соқчи олган эди.
Бу бечора мастнинг аҳволи ярасини тузатиш учун ўқ захмини ўзи ёриб очаётган одамнинг ҳолини эслатарди. Боши айланиб гандираклар, ҳуши озиб беҳузурликдан азобланар, қулоғининг ости _ баногўши ҳам яшиниб эгни ичига кириб кетганди.
Ўзининг ҳолатидан хижолатлик устига мастлик беҳоллиги ҳамда махмурлик, яна ичкиликка ташналик қийнарди уни. Хумор дема, уни юз бало дегил. Бу балолар ёғилиб, жонига юз азоб солганди. Кўрки, билиб туриб шу аҳволга тушди бу одам, кўрки, қанча алам соляпти ўз жонига. Кўрки, ўз қонига ҳам кириб, ўз жонига зулм қилмоқда.
Буни ҳам қўяверинг-у, борган сари ўз обрўсидан ажралиб, эътиборсизликда қолиб, ялқов, дайдилик касалига ҳам мубтало бўляпти. Бу маломатларга заррача парвоси йўқ, ўзининг бетаъсир қилмишларидан асло хижолат чекмайди. Шунча қабоҳатлари, бир-биридан хунук, ярамас ишларидан уялиш, ор қилиш кераклигини англамайди.
Қариган кампир қанчалар хунук бўлмасин, унинг кўзига жаннат ҳури бўлиб кўринади. Ўжар бир шоир қаерда нима деса, бунинг олдида, қандай бемаъни бир сўзни вайсаётган бўлса ҳам, бунинг учун сеҳрли бир асар. Итки қозон ошига тил текиздими, юзи қаролик билан ҳар ерда юзи қизил-да!
Эл-улус қатлига жаллод бўлган инсон ўғлини ўлдирса ҳам хурсанд бўлаверади. Кўмир сочишни ҳунар қилиб олган кимса юзининг қора бўлишидан уяладими? Бойқуш обод ерда ҳар қанча наҳсли кўрингани билан вайрона ичида товусдек гўзал кўриниши шубҳасиз.
Май танни вайрон айласа ажабланарли жойи борми? Сел уйни хароб айлаши аён-ку. Сел уйни итқитганидек, май сели ҳар қандай уйни вайрон қилмай иложи йўқ.


Ўн олтинчи мақолат
Мақтанчоқ кишилар ҳақида

Эй, мардлик кўзгусида отини шижоат майдони аро суриб юрган, отини чақмоқдан кам санамай, кўзига Рустамни ҳам илмай, ҳаммасидан ўзини юқори тутиб, осмонгача «бошимдан тўрт илик, холос» деб керилувчи инсон! Юриш чоғи оти катталашиб, устида ўзини қоплон каби паҳлавон сановчи, эл олдида мақтаниб, ўзингни зулмат ғори ичидаги қора қоплон каби сезасан. Кибр билан қошларингни чимириб, атрофга зимдан гердайиб боқасан. Хаёлида ўзгача кибр _ мақтаниш. Гердайиши ҳар қоши учидаги гириҳ _ тугунлардан ҳам кўриниб туради. Қулоқларига темир қалпоқчалар кийиб олган. Буларнинг мақсади _ одамларда ўзига эҳтиром қўзғатиш, зулмда Заҳҳоклигини _ золимлигини билдириш учун икки елкасидан икки илон чиқариб қўйган. Икки мўйлаби икки ёнга даҳшат солаётгандек кўринади, улар гўё нафсу ҳаво қушларига ҳалқа _ ов сиртмоғини эслатади. Бошида ўтағаси _ жиғаси парпираб туради. Ўзи уни руҳул- аминнинг _ Жаброилнинг шоҳпари деб мақтанса ҳам, аслида у иблиси лаъиннинг ташлаб юборган жунидан бошига тақиб олган парларини бойқушдан узиб олган бўлса ҳам, товус тожи деб даъво қилади. Салласи учини елкасига тушириб қўйганидан тебранганида гарданига урилиб туради. Бўрки учини ичкари қилиб тикдиргани ҳирсу ҳаво қушларига ошён қилмоқчи бўлганидан _ мақтанчоқлигидан.
Тўни ипакдан тикилган бўлмаса кўнгли тўлмайди, энг нозик ипаклардан кўйлак тикдиради.
Белига заррин камар, унинг остидан заррин белбоғ боғланган, тўни бошдан-оёқ олтин билан тикилган, ҳатто этигининг тақаси зарга бўялган, отидаги эгарни ҳам зар қоплаган.
Дев жамолини париникидек ясатиб, тиканни янги гулбаргидан ясаб, шоҳиди раънодек жилва қилиб, боғда ичиб гулрухи зебо каби майдонда намоён бўлади. Атрофида бир неча ялқовлар, бирида бўлсин ақлу идрокдан заррача йўқ ножинслар гулхан атрофига текинхўрлардек, ўлимлик атрофида тўпланган мурдорлардек «баҳодир»ни бегиму мирзам деб, ўзини чиройлию зебо деб эртадан кечгача хушомад қилишади. Аслида ўзи ўртада деву атрофида шайтонлар тўдаси кўринади. Ичкилик ича бошлаганича бу ифлослик даражасига етмаган эди, майни мўл-кўл ичиб, еб-ичари ҳарому ҳариш, ичкиликни қадаҳ-қадаҳ ичиб олгач, гурзи билан Баҳром бошини янчиб ташлагандек бўлади хаёлида. Филни пашшача, аждаҳони чивиндек кўради-да, одамларига зўрлик _ зулм қилиб, шоҳга таъна қиларди: «Менга юз минг беради, юз минг-икки юз минг менга лойиқми? Ҳолим бу ҳолда кечадиган бўлса, бошқа мамлакат, бошқа шоҳ топилмайдими?» деб хафа бўлади.
Арзи ҳунар бўлса йигитлар иши.
Қилса аён ўз ҳунарин ҳар киши.

Эйки, такаббур сени хароб этди. Бир киши ул сафдаги юз мингдан бири. Икки Рустам ишини бир Рустам бажаролмайди. Бу хил тасаввурлардан қутулиб, барини фано ўтига куйдириб ташлагил!

 


Ўн еттинчи мақолат
Баҳор йигитлиги ҳақида

 

Қуёш ҳамал буржига киргач, фалак оламга ўз меҳрибонлигини зоҳир айлади. Тонг пайтлари саҳарнинг мушк таратувчи насими _ майин шамоли эсиб, боғда фаррошлик қила бошлади. Булут ҳам сувни саққо _ сув сепувчидек сепишга киришди. Боғ супурилиб, сув сепилгач, райҳонлар хурсандчилик билан бошларини кўтара бошладилар. Кейин улар ер юзига ҳужум бошлаган бўлиб, ҳар бири бир юлдуз каби ер осмонини тўлдириб юбордилар. Чиройли болаларни эслатувчи райҳонлар кулиб яйрашар, атирларини ҳар ёққа таратиб, боғдаги гуллар билан мусобақа қилишарди. Ранг-баранг гуллар гўзал ҳуснларини кўз-кўз қилишаркан, шабнам уларнинг юзларини гулоб билан янада нафисроқ безарди. Ғунчалар бекинмачоқ ўйнаш билан банд. Улар икки томонда терилишиб «Гулҳоча гул» ўйинини ўйнашарди.
Баҳор болалари ёғоч деразалардан гул ва райҳонлар ўйинини завқ билан кузатишарди. Бир неча кун шу тарзда ўтгач, шохлардаги гуллар ўрнини япроқлар эгаллай бошлади, боғ ўзининг оқу қизилини яшилга алмаштирди. Шохлардаги дурлар ўрнини зумрадлар, лаъллар ўрнини забаржадлар эгаллай бошлади. Кейин дарахт тугмалари меваларга айланиб, боғ меваларга тўлиб кетди.
Боғбон бу меваларни йиғиб олгач, боғ юлдузи йўқ осмондек бўлиб қолди. У гўё мевасиз бир гулистон эди, гавҳарсиз бир садафдек бўлиб қолганди. Мевалар ўз тожларига қадаш учун дур топиша олмас, мевалардан айрилган шохлар беморлардек заиф бўлиб қолишган, уларнинг шохлари ғамгин ошиқлардек, юзлари сарғайган дардли мажнунларга ўхшаб қолганди. Боғдаги сариғ рангли япроғларни кўрган одам боғни ғам ўти куйдираётгандек ҳис этарди. Ахир япроғдан боққа ўт тушмаган бўлса, нега шохлар ўтиндек қорайиб кетди?
Боғларда бу хил оҳу фиғон тугаганича ҳам йўқ эдики, барг кесувчи совуқ шамол эса бошлади-да, шохлардаги баргларни узиб ташлашга киришди-ю, уларни барглардан жудо қилиб, ҳар томонга ота бошлади. Япроғларнинг рангу сафоси ҳам қолмай, ўликлардек бўлиб тупроғлар устига туша бошлади. Ел аскарлари боғни талаб, мева дарахтларигина саф тортгандек яланғоч, бош-оёқ қора бўлиб, ариқлардаги сувлар занжири билан бир-бирига боғланган фиғон тортаётган яланғоч асирлардек туришарди. Уларни барг деб эмас, ошхона ўтини, шох эмас, дўзах кундаси деб аташ тўғрироқ бўларди. Гўё дўзах жаннат гулистонига айланган-у, дўзах унинг олдида беҳишт боғига айланганди.
Умр гулшанининг кузу баҳори ҳам шу гулистонга ўхшаб кетади. Инсоннинг шараф уйи вақти етгач умр қуёши пайдо бўлади. Кўпдан-кўп ғунчалар кулиб, ҳадсиз-ҳисобсиз гуллар очила бошлайди. Ғунчалар ўйнамоқ ва емак билан ором оладилар. Билим шами уларнинг миясига ақл нурини солмагунича, кўнгилларини идрок салоҳияти билан ёритмагунча, ёшлар ўзининг етилгани, юзи гулранг бўлганини англагач, жафо билан жонларини сайд этиб, базмларда лабларни май билан хурсанд қиладилар.
Боғ гул ва чечакларни тарк этгач, навбат барг билан мевага етади. Ҳар бир дарахт гулшан кийимини кийиб илму адаб мевасидан баҳраманд бўлади, илм-касб эгаллайди. Бири тафсирлар илмини ўрганса, бошқасини ҳадислар қизиқтиради. Ёшлар мадрасаларни ўзларига оромгоҳ қиладилар, бошқалари хонақоҳларни хилватхона қилиб танлайдилар.
Ёшлик мевалари тўкилгач, бақо гулшанини гўзалликлар тарк айлагач, ёшлик айёмининг мевалари тўкилиб, жаҳоннинг нафосату гўзаллиги тугаллана боргач, қадду қомат дарахти ғам елидан эгила бошлагач, гулдек юзлар хазон бўлиб сарғая бошлайди. Тан дарахтида ҳавас барги қолмай, кузнинг совуқ шамоли уларни учириб кетади. Кўзлар уйлар бурчагини талаша бошлайди, болалар кулгуси янграб, юзларни заъфарон қилади.
Икки букилган қад ҳассага таяниб аста одимлайди. Оғиз ичидаги дурлар тўкилиб, бир дона ҳам тиши қолмайди. Юздаги оқ туклар кафан ипларини хотирга солади. Ўлимни ўйлайверганидан боши қуйи эгилган, хайрлашиш учун қадди ҳам икки букилган.
Бир неча кун шу аҳволдаги изтироб билан қон ютиш, оҳ-фарёд ичида кечади. Ажал хабарчиси фармон бўлганида етиб келиб, унинг кўнглини ҳаёт азоблари, кексалик аламларидан қутқаради. Бу базмга етиб келган ҳар бир одам навбат билан бу қадаҳ _ ўлим қадаҳини ичади. Бу аччиқ қадаҳни тотган инсон йўқлик кўчаси томон маст ҳолда йўл олади. Маст экан, ўзини ҳам билмайди, борганидан сўнг хабари ҳам келмайди.
Элни бу май айлади бир-бир адам,
Навбат эрур бизга доғи дам-бадам.
Оҳки, умрим билимсизлик билан ўтди. Ўлим вақти етганда хижолатликда қолдим. Керак вақтда _ умр куни тамом уйқуда қолдим, энди уйғонсам, шом вақти бўлибди. Шу вақтгача қиладиган ишимни билмадим. Иш қилиш куни етганида иш қила олмас куним келишини билмадим. Тириклик чоғим бўлур-бўлмасга нобуд бўлди, ўзимни ўлдирсам ҳам энди нима фойдаси бор?
Вақт кам-у, йўл узуну май ачиқ,
Асру қатиғ ҳол етибдур қатиқ.
Агар Аллоҳнинг ўзи раҳм қилиб кечирмаса, менинг ҳолимга минг қатла вой! Қазо умр кунларини бўлакларга бўлиб беради, ҳар бири бир нарсага мўлжалланган: ўн ёшгача _ ғафлат, эркин ҳаёт кечиришга, йигирмагача _ билимсизлигу мастлик билан банд бўлиш мумкин. Ўттиз билан қирқ ичида айш қилиш, ваҳки, у ҳам менга насиб этмади. Инсон эллик ёшга борганда тараққий қилиши мумкин эмас, олтмиш ёшида эса иши таназзулга _ пастга тушиш бўлиб қолади. Етмиш ёшда туришинг, саксонда ўтиришинг фарздир. Тўқсон ёшда йиқилмоқ, юз ёшда жон таркини қилиш керак.
Умри табиий кишига бўлса ком,
Истар ўлуб, ҳар сари қилғай хиром.
Умри табиий дема, гар умри Нуҳ,
Бор эса, тавфиқдин ўлмай футуҳ.
Яхшироқ ул умрдин ўлмоқ йироқ,
Умр неким, андин ўлум яхшироқ.


Ўн саккизинчи мақолат
Фалак ғамхонаси ҳақида

Ақлли кишилар учун олам бир зиндондир, унга мафтун бўлган киши эса нодондир. Ўз қобилиятингни бу номаълумлик билан банд этма. Бу юмалоқ дунё ҳаммани охири тупроқ остига жойлайди. Шундай экан ўша ғамдан изтиробга тушиб, ўзингни ўлимдан бурун ҳалок этишингнинг зарурияти борми? Ўлимни ўйлаб мунча мотам тутишинг нимаси? Мотамни сенга амакию тоғаларинг тутаверишади. Шундай экан, жонингга алам солиб, бир ғамнинг ўрнига икки ғам емагил. Ўй-фикрларинг билан жисмингни азобга ташлама, бир азобингни икки азоб айлама. Кўксингдаги доғ изтиробини камайтириш ўрнига доғ устига доғ қўйиб нима қиласан?
Фалакдан етган жафоларни унут, нимаки мушкул, оғир бўлса _ осон тут. Бу оламда ғам емай яшайдиганларни шод деб бил, чунки бу даҳр иши ғам ейишга арзимайди. Чунки жаҳон боғи вафосиз, ундаги умр гули бақосиз, вақтинча. Ўзининг атиргулига вафо бўлмаган боғда атиргул ҳам бундай боққа вафодор бўлармиди? Шундай боғ ором олишга лойиқми? Бундай гулдан димоғ муаттар бўлармиди? Бу умрнинг ўтган ишлари мақтанарли эмас, ўтган нарса учун ғам чекиш ҳам ортиқча.
Оқил одам бу дунёга келиш сабабини айта олмайди, чунки маълум бўлмаган нарса ҳақида гапиришнинг иложи йўқ. Келишингу кетмагингни билиш иложсиз экан, ҳолингга раҳм айлагин-у, азоб чекаверма. Хурсанд бўлиш учун қачон бир пайтни топсанг, ғанимат билиб ундан фойдаланабер.
Ҳар нафасинг чиройли бир жавҳардир. Ўша бир нафас сенинг яқин бир дўстинг. У ҳаёт нафасигина эмас, инсон жавҳари, жавҳар эмас, ҳаёт суви ушбудир.
Шу бир нафас бўлмаса, эл қаёқдан тирик бўларди? Барча зот унинг билан тирикдир, уни ҳаёт суви десам хато бўлмайди. Демак, уни муқаддас нафас дегил, балки муқаддасгина эмас, энг муқаддас нарса деб бил.
Шундай ғанимат нарса сенга ҳамнафас, бирон нафас ҳам сен усиз бўлолмайсан. Сенинг саботинг _ барқарорлигинг, юриш-туришингу сенинг хаёлинг шу бир нафас туфайлидир. Сен уни ранжу ғам билан, юз аламу мотам ила ўтказиб, эътиборсизлик билан уни хор қилиб, ҳар хил сўзларга сарф этиб юрдинг. Кел, энди бу жоҳилликдан воз кечиб, ақлинг билан иш кўр. Нафасингга бошқа зулм берма! Шундай улуғ неъматни Аллоҳ сенга яхшилик қилиб бериб қўйган экан, бир нафас насиҳатларига қулоқ тутувчи бўл.
Кўргин, Ҳақ сенга қандай ажойиб неъматлар бахш этди, қанчалик эҳсону армуғонлар берди! Бири буки, олам соҳиби сени ҳайвон ё ўсимлик, ё бирон жонсиз табиат парчаси қилиб яратмади. У сенга яхшиликни раво кўриб, инсон қилиб, дин йўлида мусулмон қилиб яратди. Кўрар кўз, эшитур қулоқ, айтур тил, атирни англаш учун димоғ берди; овқат ушлаш учун қўл, юриш учун оёқ берди. Емоқ-ичмоғинг учун юз хил неъмат бериб, уларнинг ҳар бирисига таъму шакл бахш этди. Сен учун шунча ранго-ранг либослар бердики, уларнинг саноғига ҳам етиб бўлмайди. Шунингдек, дала-қирлар, тоғу чўққиларда миниб юриш учун турли уловлар яратди. Оқар сувларга сероб бўлган жаннат мисол боғларни ҳам сенга армуғон этди.
Бу инъом ва атолар бир бўлди-ю, ақл жавҳари яна бир тараф бўлди.
Барча жаҳондин қилиб ашраф сени,
Айлади розиға мушарраф сени.
Ҳар қайси неъмат дастурхони очиларкан, барчасига шукр айтиш сенга вожибдир. Оллоҳнинг сенга берган барча неъматлари учун шукрини адо айламоқликнинг имкони йўқ. Ҳамма нарсани қўя турайлик-да, нафас ҳақида ўйлаб кўрайлик. Кириши-чиқиши ҳам улуғ неъмат.
Бири эрур қути ҳаётинг сенинг,
Яна бири қуввати зотинг сенинг.
Иккаласи учун ҳаётинг ва қувватинг учун ҳар қанча шукр қилсанг арзийди. Жонингни фидо қилганда ҳам бу икки нафас шукрини адо этолмайсан. Ҳақ нафасингни азиз этган экан, сен уни хор айлама, қадрини билгинки, нафасча не бор?
Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл,
Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл.
Бошдин аёғигача қил сарфи ҳақ,
Тенгри сенга ёр, ўқусанг бу сабақ.
Яхшилиғи айламасанг иш чоғи,
Айламағил бори ямонлиқ доғи.
Анда қаю амрки, дилкашдурур,
Барчадин аҳбоб юзи хушдурур.
Асра ўзунгни биров озоридин,
Кимсага озурдалиқ изҳоридин.
Эл поклиги, аёлига қасд қилма, унинг жонию молиға қасд айлама. Бир нафас қайғудин озод бўлиб, ёру мусоҳиблар билан ширин суҳбат қургин. Яхши дўстларни чорлаб, жонни уларнинг қадамидан гулшан эт, кўзни улар чеҳрасидан равшан эт. Саховат русумларини шиор айлаб, ҳар неки борингни уларнинг бошидан сочгил.
Ким бу чаман ичра хиромон эрур,
Барчаси бир-бирига меҳмон эрур.
Ҳар кишиким, бор эса ёре анга,
Ҳар кишиким, ёр эса боре анга.
Ком била васлини айлаб ҳавас,
Топса бу комиға даме дастрас.
Бўйниға қоним мени ёд этмаса,
Руҳум ўшул ёд ила шод этмаса.
Васл аро унинг мақсади амалга ошиб, шу бахтини яна давом қилдиришни истаса, Яратганга шукрини янада кўпроқ айтсин.
Комини қилсун ҳақ анинг бардавом,
Жониға берсун бу давом ичра ком.

Чин гўзали ҳақида ҳикоя
Чин мамлакатида бир нозанин гўзал бўлиб, унинг расмини ҳар қандай наққош чизишда ожиз эди. Юзлари Хўтан гулзорига ўхшар, кўзи бу гулзордаги мушкин кийикни эслатарди. Чеҳраси худди Чиннинг нурли қуёши бўлиб, қоп-қора хутан мушки унинг зулфи муанбарича бор эди. Унинг қўрқув билмас ғамзалари жонларни асир қилар, ҳатто Хитой мулкидаги хонлар ҳам унинг асирига айланишганини сезмай қолишарди. Унинг ғамзаси талончилари дастидан Чин хатар остида қолган, турмакланган сочидан динга халал берарди. Жаҳоннинг бутун аҳолиси унинг ҳусни ҳайронаси, замон шоҳи эса зулфининг ошуфтаси эди. Уни кўрмай қолган инсон бир нафас ҳам нафас ололмасди, нафас олмагандан сўнг жон қолармиди?
Шундай гўзал гулрух майдонда гўй ва чавгон ўйнаб юрар, ҳеч ким унга яқин келмаслиги учун хон махсус одамлар белгилаган эди. Агар бирон киши унинг томон назар ташласа ё унинг ҳақида бирон сўз айтса, ундай одамнинг айби айтилгач ҳукм бўйича жазога тортиларди. Ҳар куни қанча-қанча йигитлар шу хил айб билан ҳалок бўларди.
Шу қизга кўп йиллардан бери ошиқ бўлиб юрган бир ишқ-муҳаббат шайдоси бир панада яшириниб, ўз дилдорини томоша қилиб ўтираркан, қиз маст ҳолида унинг устидан чиқиб қолди. Бода ичиб заифлашган ошиқ ўзига ҳужум қилган душманига бас келолмади. Шунда бир неча бошқа айбдорлар олдига уни ҳам солиб олиб келдилар. Бу асирларни кўрган дарғазаб хон барчасини шаҳар деворига қўйиб лой билан чаплаб ташлашга буйруқ берди, токи юзлари лойдан чиқиб турсин, халқ улардан ибрат олиб, жазоланганлар ҳам кўп азоб чекиб ўлсинлар. Ҳукм тезлик билан ижро этилди. Қиз тоғ ичига яширинди, хон даштда сайр қилиб юрган бўлса ҳам, отланиб шаҳар томон йўл олди. Ичиб олган хон ишқ ўтида ўртаниб, шаҳар девори томон юрди-да, жазоланганлар аҳволини кўриш учун ўша девор остига келди. Ҳали деворга сувалмаганлар оҳ-нола қилиб йиғлашаркан, жазоланганлар томон юрди. Улар ўлим билан жон талашишарди. Маликага ошиқ бўлган йигит эса девор орасидаги сомондек азобланаётган, сариғ юз билан изтироб чекаётган бўлса ҳам тангрига ҳар лаҳзада сано айтиб, шукр изҳор қилиб турарди: "Бу нафас жоним чиқяпти-ю, ёр ғами бу ишни осонлаштиряпти". Умрига икки-уч нафас қолганда ёр сўзларини зикр этаркан, тилида ёр эди-ю, сўзида ёр, оғзида ёр эрди-ю, кўзида ёр.
Золим ҳоким бу ҳолатни кўргач, кўнглига ишқ ўти таъсир қилди-ю, ўлимдан уни халос қилиб, ёри турган томонга йўллади. Ишқ балоси аро шукр қилган йигит шундай мартабага етди.
Асра, Навоий, бу нафас муғтанам,
Лек дегил, ҳар нафасе шукр ҳам.


Ўн тўққизинчи мақолат
Хуросон баёнида

Аллоҳ жаҳон ашёсини вужудга келтиргач, оламни пайдою ниҳон айлади. Етти фалакни юмалоқ қилиб ясади-ю, ҳар бирини бир шамъ билан ёритди. Олтитаси гар шамъ порлаб турувчи бўлса, лекин бири нурли машъалдир. Учтасини қуйига, учтасини юқорига жойлаштирди. Машъалани эса тўртинчи уйга жойлаштирди. Машъала эмас, порлоқ дур, дургина эмас, ялтироқ қуёш дегил. Кўкнинг етти иқлимида султон ҳам ул, бошқалари тан бўлса, жон ҳам улдир.
Худди юлдузлар етти тақсим қилингандек, жаҳон ҳам етти иқлимга бўлинган. Улар бир-бирларидан қувват оладилар, бир-бирларини тарбия ҳам қиладилар. Қуёш бу олти порловчига раҳбар ҳисобланиб, иқлими ҳам ўзига хосдир. Қуёш ўз нурин ором айласа, юлдуз кўзга кўринадими? Тўртинчи фалак унинг масканидир. Ерда бу иқлим ёқимли бўлиб, кўкда қуёш гумбазидек тенгсиздир. Ер ўлчашни ҳам алоҳида бир фан _ масоҳат фани деб атайдилар, шунинг учун тўртинчи иқлим дейишади уни.
Гўзалликда жаннат боғидир у, жаннат боғини ҳам қўябер, мулки Хуросондир у: майдони тўртинчи фалакдан кенгроқ, даражаси еттинчи осмондан юксакроқ. Ҳудудида шаҳр сон-саноқсиз, ҳар бирининг безаклари ҳаддан ташқари кўп. Шаҳарлари гўзалликда жаннатнинг ўзгинаси. Яхши одамлари у жаннат боғидаги ҳурларнинг ўзгинаси.
Тоғлари олдида фалак содда бир даштга ўхшайди, барчасининг кўксида юз хил кон, у конларни ранг-баранг жавоҳирлар ўзига макон қилиб олганди, чашмасидаги сувни кўриб ҳам бўлмайди, бу сувлар кондан оқиб чиққани учун ҳам жавоҳирга айлангандир.
Сабзасига кўкимтир осмон рашк қилса, тупроғидан тоза анбар рашк қилади. Етти фалаг бойликларининг хазинаси у, етти иқлим тана бўлса, сийна _ ул! Унга жаҳон кўкси сифат бўлиб келган, унда кўнгил хиттаи поки-пойтахти  Ҳирот.
Кимки бу шаҳарни кўнглидан севса, далил истаса, уни кўнгил мулкига султон деб атайди. Улуғлар буни жаҳон кишварига шоҳ деб тилга оладилар. Уни шоҳ десалар ажаб эмас, чунки шоҳ ери қалбда эмасми? Ҳирот кўнгил ўрнида экан, ундан аҳоли ҳеч кўнгил узолмайди ҳам.
Зийнати андоқки, бадан пайкари,
Вусъати андоқки, кўнгул кишвари.
Айтма кишвар, деки боғи Эрам,
Дема Эрам, айтки Байтулҳарам.
Ҳиротнинг даврини хаёлан юз йилда ҳам кезиб чиқиш маҳол. Қўрғонининг кўриниши шунчалик баландки, осмон ҳам унинг олдида уялади. Арки тўққиз осмондан буюкроқ. Девори кунгуридаги қуёш каби думалоқ, тешиклар гўё барча фаришта аҳлига меҳроблар. Фалак фили киргуча дарвозаси. Чуқур хандақлари уни ернинг остки пардасидан ажратиб турарли даражада.
Тўрт тарафида бозор жадвали, кирган барча одамлар унга харидор. Кирса чиқар йўлини тополмай барчанинг ақли шошади.
Масжиди Жомеъ _ яна бир олам, шаҳар бир жаҳон бўлса, масжид билан шаҳар бир-бирининг ичида ниҳон. Масжидининг минбари Муштарийгача етади. Ой бу ажойиб шаҳарни найкамалак шакли каби ёритиб туради.
Шаҳар ичида бинолар беҳисоб, қалъасининг ташқарисида эса сонсиз-саноқсиз уйлар кўплигидан уларни маҳаллаларга ажратиб, уларнинг отини ҳам Ҳирот деб қўйганлар. Бундай шаҳарчалар ҳам юз шаҳр келади.
Оллоҳ-оллоҳ, не Ҳири, бу Ҳири,
Бир-биридан турфа анинг ҳар бири.
Иккита турғун юлдузи фалакидан нишон бўлса, икки хиёбони _ икки сомон йўли.
Мадрасалари бири бирисидан улуғвор. Мударрислари ажойиботлар яратишга моҳир. Гунбази кошисида кун акси гўё кўк гумбази ичидаги қуёшдек кўринади.
Боғларининг ҳар бири жаннат мисол, ҳар манзил шодлигу хурсандчилик манзилидир. Барча чаманлар гулу гулзорлик, ҳар чаманининг йўли гириҳлидир. Ҳар гириҳида гулу гулшан доғи бўлиб, мусаддас эмас, мусамман тарзидадир.
Гулларининг навини санаш ҳам қийин, уларнинг турларини санай олганча санаш мумкин-да! Дарахтини деҳқонлар доим парвариш қилишади, бир шохининг ўзига юз мевани пайванд этишади. Ҳар дарахт юз хил гул очади, меваси ҳам юз турли бўлади. Ҳар бир дарахт, юз хил гул чиқариб, ҳар гулининг атри бир ёғоч масофага боради.
Қушлари юз навъ-у, барчаси хуш сайроқи, барчаси сабзау гуллар устини қоплаб олади. Сув шодиёна бир овоз чиқариб шундай куй чалиб оқадики, худди булбул овозига ўхшайди.
Қасрлари барчаси юксак ва мустаҳкам. Жануб томонида бир ажойиб ҳовуз бўлиб, ҳовуз эмас, яшил осмоннинг бир қисмига ўхшайди. Шимол томонидан эса икки дарё оқиб ўтади, улардан шаҳар сувга сероб бўлади. Иккала дарёда ҳам ҳаёт зулолининг таъми бўлиб, жаннат боғидаги тўрт нарса ундан уятли. Ариқларида Хизр сувидек зилол сувлар оқиб турса, сувдан эсиб турадиган майин шабада Масиҳ нутқини эслатади.
Миср билан Самарқанд унга гўзалликда тенг келиши амри маҳол, Ҳирот зимнида юзта Мисру Самарқанд бор десак хато бўлмайди. Уни Ҳақ барча офатлардан асрасин, балолардан ўзи ҳимоя қилсин.
Бу айтилганлар Хуросон таърифининг ўндан бири, холос. Мамлакат шоҳ инсофи туфайли шундай шараф топди, унинг сифатларидан ақллар лол қолади. Ҳеч сўзсиз, Хисрави Ғози _ Ҳусайн Бойқаро адолатига ҳамма лол. Унинг адолатини Ануширвон ўрганса, шогирдликни ҳавас қилиб, юз ишидан бир ишинигина _ адолатнигина ўрганарди, лекин исломни ўрганмасди.
Одамзод аро номи қолиб, оти юзларча шоҳлар отидек қолса ажаб эмас. Олам бани Одам билан, бани одам олам ичида экан, адл билан олам юзини обод қил:
Адл ила олам юзин обод қил,
Хулқ ила олам элини шод қил.
Ҳукмунг аро оламу одам доғи,
Йўқки бу ики яна олам доғи.


Йигирманчи мақолат
Султон Бадиуззамонга насиҳат

Оламда зоҳир бўлган ҳар бир нарсанинг пайдо бўлиш сири бўлади. Моҳияти нимада кўринса, хосияти унинг ичига яширинган бўлади. Қуёшнинг хосияти нур ва ҳарорат эканлиги туфайли булут нутфаси дурри хушоб бўлмиш. Якка халаф, яъни оиланинг давомчиси пок бўлган ягона фарзанд ҳам конга ўхшайди, анбар сифатида денгизга ҳам ўхшаб кетади.
Бу халаф инсонга ҳам инсондир, шоҳга _ шоҳ-у, хонга хон эрур. Шаҳи озодани кондек кўрган бўлсак, шаҳзодани унинг гавҳари сифатида кўрдик.
Билки эрур мояи амну амон,
Хисрави Жамқадр Бадиуззамон.
Улки дили гавҳари яктодурур,
Барчасидин пояда аълодурур.
Унинг покликда зоти парилар цингари, бундай пок сифатли бирон зотни фариштадан ҳам топиб бўлмайди. Софликда, мулойимликда яратилган зот у, жаҳон халқи аҳлига Ҳақнинг раҳмати у. Нутқ ила васфингни айтиш осон эмас, ҳар қандай сўзамол ҳам сифатларингни санашда гунгу лол бўлиб қолади. Қуёшни халқ мақтагани-мақтаган, лекин бу унинг учун қанчалик таъриф бўла олади? Ойни ёруғ, осмонни баланд деб таърифласанг, бу хил мақтовни эл писанд қилмайди.
Сени ҳар қанча мақтасам ҳам мадҳингни айтиб тугаллашим қийин, шунинг учун сенга бошқа жиҳатдан хизмат қилай.
Ўзинг воқифсанки, шаҳи комкорга кўп махфий сирлар ошкор. Бугун бир нарса хаёлига келса, эртага ҳаммаси рўёбга чиқади, эрта эмас, индин бўладиган ишлар ҳам унга бугундан аён. Мунча камолот билан, кўнглингга неки яхши нарса келса айт деб ҳукм қилибди. Шоҳга менинг сўзим ҳам эътиборлидир. Сенга бир неча насиҳат айтсам жоиздир.
Бил муниким, умр вафосиздурур,
Давлат ила жоҳ бақосиз дурур.
Бу оламда ҳамма нарса кўз юмиб очгунча ўтиб кетади. Давр биносини хароб деб бил, кўринган нарсаларни сароб деб билгил. Бутун дунё фоний _ алдамчидир, боқийни тиласанг, у фақат Ҳақ эрур. Жисмимиз уйини тарҳини солувчи ҳам, унга руҳ бериб олгувчи ҳам Ўзи!
Олам аро токи тирикдур киши,
Ҳақ била бўлмоқ эрур ансаб иши.
Ҳақ ёдидан огоҳ бўлмаган ҳар бир одам учун огоҳлик ҳам гадоликча бўлмайди. Гадо бўлса ҳам Тангридан огоҳ бўлса, икки жаҳон шоҳига тенг бўла олади!
Олдинга келса тиламас иш басе,
Ҳақдин эрур, айлама нолиш басе.
Етса зафар, билма илик кучидин,
Бил зафару фатҳни бергучидин.
Шоҳлиғинга айламагил эътибор,
Ҳақ ғазабу лутфиға қил эътибор.
Узунқанот қушлар фил минганларни бир лаҳзада ҳалок этганини ёдингда тут.Биргина қуш донаси ҳар бирининг манзилини йўқлик оламига айлантиргани эсингдами? Заҳҳокнинг азоб-уқубат билан топган хазинаси Фаридунга қандай насиб этганини ҳам биларсан? Қаҳридан шер енгилган бўлса ҳам, оддий сигир сутини ичган бир етим унинг бошини узди-я!
Бу ажойиб ишни кўрки, Ҳақ ўз неъматларини халққа беришда сени сабаб қилди. Сен бу қисматни қандай ўзгартира олардинг? Шу ҳолатда бир неча нодон сенинг фармонларингга бўйсунмаётган бўлса, барчасига амалдаги қонунларга кўра сиёсат қилиш зарур бўлади.
Сенга Ҳақ лутф қилиб, тожу тахтни инъом қилди, сенга каромат, иқбол, бахт берди. Ҳукмингга оламни забун айлади, эл қаддини амрингга букди _ таъзим қилдирди.
Мунча яхшиликлар шукрини билмасанг, неки амр этган бўлса, адо қилмасанг, ғафлатда қолиб ё мағрурлик қилиб амрига бўйсунмасанг, қаҳри келадими, йўқми, айт, мен уни айтгунимча ўзинг айтақол! Ғазабнинг қаттиқ шамоли етса, нима қила оласан? Мулк унинг мулки бўлса, қаёққа кетасан? Унга қарши душманлик қилиб исён, уруш бошласанг, енгилиб бирон жойга яширинган ҳолингда ҳам Холиқ буни кўриб турса, қандай ҳолатга тушасан? Сенинг эл олдида уятли бўлганинг Тангрига аён бўлса, не ҳол юз беради?
Адолатли бўлай десанг Муҳаммаднинг шаръий низомини туз. Қайси шоҳ нажот уйига паноҳ истаса, шу йўл ўша уйга олиб борувчи катта кўча вазифасини бажаради. Шариат қонунларига амал қилиб, адолат билан мамлакатингга мадор қилгил.
Шоҳки иш адл ила бунёд этар,
Адл бузуқ мулкни обод этар.
Яъни, шоҳ адолат билан иш юритса, адолат унинг вайрон бўлган мамлакатини обод этади. Адолат билан мамлакатни бошқарган подшонинг сирот кўпригидан ўтиши ҳам осон бўлади.
Коминг учун туз бўл-у, адл айла иш,
Ўқда агар адл йўқ этмас равиш.
Яъни, мақсадингга етиш учун ҳамиша адолат билан иш қил, ёй ўқи текис, тўғри бўлмаса учолмайди. Адл, уч ҳарфдан иборат бўлиб, ҳар бирида ўзгача мазмун бор: «айн» ҳарфи қуёшга ўхшаш порлоқдир, у зулмнинг қаро шомини ёруғликка айлантиради. «Дол»и давлату дин тожидур, дин била давлат эл муҳтожидир. Тожни кийиб, қуёш билан кўзни ёрит, сўнгра мустаҳкам бошқариш арқонини қўлингга тут.
Сенинг олдингда арз билан келган мазлумнинг сўзи ҳар қанча узун бўлса ҳам, узоқ умр кўрай десанг, гапини тўхтатма. Арз қилувчи зулм ўтидан фарёд қилаётган экан, адлинг сояси унга паноҳ бўлсин.
Мазлум сўзини тугатгач, унинг гаплари тўғри эканлиги аниқлангач, золим нафсинг бўлса ҳам, юзига қарама, нафски, доимо айшй истайди, сенга гуноҳ, ўзига мақсад тилайди. Ганж устидаги илон баҳр топсам дейди, унинг айтганини қилиб, азоб истама, тавба билан унга лойиқ жазосини бергил. Гуноҳ қанча улуғ бўлса ҳам, надомат оҳи уни учириб юборади. Журм ўтининг шуъласи юксалса узр ёшларининг сувидан паст бўлади.
Лутфу карам гарчи эрур дилпазир,
Қаҳру сиёсат ҳам эрур ногузир.
Оламдаги кишиларнинг барчаси яхши бўлавермайди, ҳар кишининг ҳамма иши ҳам маъқул бўлавермайди. Агар яхшиликни барчага баравар қилинса, яхшилик ёмонга кўп-у, яхшига оз бўлади.
Яхшиликни тез-тез қилиб турсанг ҳам, сиёсат тиғини ҳам баъзан ўткир қилиб тур. Неча касалга қанд фойдали бўлса ҳам, шундай касаллар борки, уларга заҳар фойда беради. Танадаги йирингга малҳам ёрдам бермаса, у фасод ништарнинг учи билан чиқариб бўлмаса ташланади. Замон шоҳи ақл билан иш қилар экан, яхшига _ яхши-ю, ёмонга _ ёмон бўлмоғи керак. Иккисига бир хил муносабатда бўлса, мамлакатда инқилоб юз беради.
Кимсани бот айламагил аржуманд,
Ҳам яна оз иш била қилма нажанд.
Одамларни тезда мансабда кўтармагил, ҳам озгина айби учун пастга туширмагин _ мансабини пасайтирмагин. Устунга чиқмоқ _ истак, тилакдир, чиқмоқ ва тушмоқ учун поядир. Поядан тез тушиб кетган одам йиқилиши, ранжу алам тортмоғи мумкин.
Кимники инсон десанг _ инсон эмас,
Шаклда бир, феълда яксон эмас.
Яъни, ҳар қайси инсон ўз феълу атвори, руҳияти билан бир-биридан фарқ қилади. Мукофотлаш ё жазолашда уларнинг бу хусусиятларини ҳам ҳисобга олиш керак. Муз шишаси билан шамъ ўзаро ўхшаса ҳам, иккисининг табиати икки хил.
Кимники айлай десанг маҳраминг,
Кўп синамай, айламагил ҳамдаминг.
Яъни, бировни синамай туриб яқин олма, унга ишонма.
Ғафлатда бировга баҳо берма, яхши кўринса, яхши дема. Айбини билгач, сўнг пушаймон еб юрма. Тушда ҳур бўлиб кўринган қиз уйғоқликда шайтон бўлса, ажаб эмас.
Оз иш учун тунд итоб айлама,
Қатлу сиёсатда шитоб айлама.
Бок йўқ ар кечрак ўлур қатл иши,
Ўлса, сўзинг бирла тирилмас киши.
Сувда ҳубоб ўлса дамингдин хароб,
Мумкин эрурму ясамоғлик ҳубоб?
Яъни, ўлим жазосини беришда шошилма, бундай ҳукмни кечроқ чиқарса, ҳеч зиёни йўқ, аммо ўлгандан кейин уни тирилтириб бўлмайди. Сувда ҳубобни учириб, яна ясаб бўладими? Яхшиси сиёсат чоғи, яъни ҳукм чиқараётганда, кечириш керак, аммо бу ўринда фаросат билан иш кўриш керак, албатта. Агар гувоҳ қилинган гуноҳни тасдиқлаган бўлса ҳам, шариатда ёлғон гувоҳликнинг ўтгани вақти кам бўлганми? Ҳар кишининг сўзи ёлғон бўлса, кейин ҳар қанча рост гапирса ҳам ишонма! Рост сўзловчи одам қасддан ёлғон сўзламайди, айни вақтда ёлғончи ҳар қанча ҳаракат қилса ҳам, рост сўзлай олмайди. Тонготарнинг аввало ёлғондаками, кейин рости бошланади.
Тутма тузиб кину адоват фани,
Ўзга киши журми била ўзгани.
Яъни, бировнинг айби учун бошқа бировни айблама. Қўйчивон бўлсанг, ҳар қўйни ўз оёғи билан ос. Хаёлингга не келса, савобга ўхшаса ҳам, маслаҳатсиз иш тутишга шошилма.
Ўз ихтиёрингга кўп эътиқод қилаверма, ишончли кишиларнинг истагини ҳам ҳисобга олгин.
Шоҳ аъёнларини кўпроқ писанд этса, аъёнлар кўрадики, бу билан эл тилига банд солди.
Бўлма малул ўлса кенгашда талош,
Асру узун доғи керакмас кенгош.
Яъни, кенгашда баҳс кетса, диққат бўлма, лекин кенгаш жуда ҳам узайиб кетиши яхши эмас.
Қиладиган ишингни чўзмай, вақтидан бир нафас ҳам ўтказмай бошла.
Ўз ишингни ҳар қанча истаб турган бўлсанг ҳам, тангри иши олдида уни кейинга сур. Дўстинг хато қилса, у билан яхшилаб келишиб ол, чунки фақат Тангригина бехато.
Уруш куни душман томонга қарши юриш бошлаганингда, тезда тўра билан ясолингни туз (уруш яроғларини ҳозирла).
Урушда ҳужумга ўтиб, бехато зарба бер. Ўлимдан қўрқма, чунки тақдирсиз ҳеч ким ўлмайди.
Алам етганда, икки қадам чекингунча ҳаракат қилиб, бир қадам илгари қўй.
Зафар Ҳақ лутфидан бўлади, хатти-ҳаракат, жасоратга ҳам аҳамият бер.
Шундай юриш қилгинки, сипоҳ чексанг, лашкар тўпласанг, халқнинг дуоси сенга паноҳ бўлсин.
Урушда ғолиб чиқсанг, бу шукрона учун мағлубларни ўлдиришга қасд этма.
Ҳар неки бу номада мастур эрур,
Барчага шоҳ ишлари дастур эрур.
Ҳар ишда отангга ўхшайдиган бўлсанг «Ал валаду сирри абиҳ» бўласен. Отангнинг ҳар бир қадамига қадам қўйсанг, шунда ранжу қийинчилик кўрмагайсан.
Яъни: ўғилни мурид-у, отани пир бил, ҳар ишида айтган ҳукмини бажаришни одат қил. Давлат ва пирлик истасанг, бу пир олдида айбдор бўлиб қолма.

Хожа Абу Наср ҳақида ҳикоя
Унга Порсо лақаб бўлиб келган, ўзи эса аср нодири бўлса, унинг ўғли Хожа Абу Наср эди. Отаси дунёни севмасликда энг покиза шоҳлардан бўлса, ўғли худди шундай покиза шаҳзода эди.
Хожа Макка томон йўл олгач, Хожа Абу Наср ҳам у билан бирга боришга жазм қилди. Ота солики атвор _ тасаввуф пешволаридан шайхлик билан шуғулланса, ўғли унга сирдошлик қиларди. Ота саҳрода қайси томонга қараб бир қадам ташласа, ўғил ҳам шундай бир қадам ташлаб борарди.
Бир неча кун саҳрода кезишгач, кўзлаган мақсадларига етдилар. Халқ ҳаж арконларини тамомлагач, яхшию ёмон, муршиду солик бир улуғ кишининг халқ истакларини адо этиб, барча халойиқ номидан дуо қилишини истадилар. Тўпланганларнинг барчаси Хожага кўз тикдилар. Бу иш Хожа зиммасига юклатилгач, Хожа Абу Насрга ишора қилиб айтдики: «У менга илмда тенг, лекин бу хил баланд иш унга лойиқдир. Йўлда раҳбари бўлмаган ҳар киши адашиши мумкин. Мен ҳамроҳсиз эдим, Тангри менга уни йўлдош айлади. У йўл бўйи мени парваришлаб келди. Қийин йўлларимни осонлаштириб, бехатар айлади. Мен ҳаётимдан хавотир олсам, у мен ҳақимда ташвиш чекиб, ўзида Ҳақни ҳам, мени ҳам фикрлар эди». Шундай деди-да, у элига ишорат қилди, узр учун йўл қолдирмади. Шамъ каби кўз ёши тўкиб, ичи куйган чинордек бўлиб, раҳмату афв истагини баён қилиб, Хожа ўрнидан туриб омин қилиб турарди. Сўнгги дуо бу бўлдиким: «Ё Аллоҳ, сенга уялганимдан паноҳ сўраб илтижо қиляпман, мен тилак тилаш илмини билмасам, менинг оминимни зоеъ айлама. Бунда отамдек киши зиммамга бу ишни юклади».
Ё раб, ул омину дуо ҳурмати,
Ё ул ўғул бирла ато ҳурмати.
Ким бу ато бирла ўғулни мудом,
Давлату дин тахтида тут мустадом.
Ўзга ўғилларни ҳам эт муҳтарам,
Унга ўғул, мунга иниларни ҳам,
Жумлаи оламға алар ихтиёр.
Олам эли ичра шаҳу шаҳриёр.
Шоҳ дуосида туганди калом,
Эмди Навоийға эрур бода ком.

Бир қул ҳикояти
Халқи яхшиликлардан баҳраманд бўлган бир саховатли подшоҳ бўлиб, унинг бир хизматчи қули бор эди. У кўп йиллардан бери подшо ошпази бўлиб ишларди. Бир куни подшо шилон базми _ умумий зиёфат уюштирганда шоҳ иштаҳаси жўш уриб турган чоғ, бахтсизлик юз бериб, ошпаз шоҳ учун олиб келаётган иссиқ ошни унинг бошига тўкиб юборди. Одамлар «Подшо ҳозир уни ўлимга буюради, чунки унинг бу гуноҳига шундайин жазо муносиб», дедилар.
Шоҳ хизматкорга боқиб, уни ғоят ғамгин ҳолда кўрди-да, унга лутф кўрсатиб _ яхшилик қилиб озод этиб юборди. Вазир дедики: «Сенинг марҳаматинг чексиз, хизматкор ўз иши учун ўлимгагина маҳкум эди». Шоҳ хурсандлик билан табассум қилиб, «Бировни хижолат ҳалак қилган бўлса, уни яна бир ўлдириш яхши эмас-ку! Шунинг учун уни яна бир жазолашга зарурат йўқ эди», деди.
Халқ вакилларидан бири гуноҳкорроқ экан, у аввало афву меҳрибонликка муносиброқдир.
Ё Раб, унингдек карам этувчи шоҳ ҳузурида бошқа юз минг эшикда хизматда бўлишдан афзалроқдир. Менинг гуноҳим ҳар неча кўп бўлса ҳам, шукрки, сендек илоҳим бор. Хижолат ичида менга жой қолмади, менга ўз эҳсонингдан эҳсон қилишинг мумкин. Лутфу караминг қобили бўлмасам ҳам, улардан бирйўла ноумид ҳам эмасман. Мен ким-у, яхшилик денгизини бағишлашни ҳавас қилсам? Менга баҳо қилинган бир қатранинг ўзи етарли.
Шукрки, эҳсонинг бўлиб ёварим,
Топти ниҳоят варақин дафтарим.
Ҳайрати аброр кўриб зотини,
«Ҳайрат ул-аброр» дедим отини.
Ким ўқуса ё қилур эрса савод,
Руҳум агар қилса дуо бирла шод...