Бало дашти аро Мажнун менингдек кўрмамиш даврон,
Куюндек ҳар замон бир кўрмаган водийда саргардон!
Не андуҳу малолимға балият дашти дек ғоят,
Не савдою жунунимға маломат баҳридек поён!
Тунум дайжур, ўзум ранжур, ичим ғамноку бағрим чок,
Тилим лолу таним беҳол, ишим афғон, сиришком кон!
Заифу дарду ғам пеша, наҳифу меҳнат андиша,
Залилу бесару сомон, қатили ханжари ҳижрон!
Фиғонимдин фалак ғамгин, сиришкимдин жаҳон рангин,
На ишким ўтиға таскин, на ҳажрим дардиға дармон!
Бошим ғам тошидин пора, таним ҳажр ўқидин ёра,
Кўнгул бу ёраға чора топарға топмайин имкон!
Кўзум намлик, бўюм хамлиқ, ичим андуҳу мотамлик,
На ҳамдамлик, на марҳамлик топиб бу меҳнати пинҳон!
Манга не ёру не ҳамдам, манга не дўст, не маҳрам,
Манга не чора, не марҳам, манга не сабру не сомон!
Бу аҳволи табоҳимдин, фиғони умркоҳимдин,
Ҳам ўтлук дуди оҳимдин қарориб кулбаи аҳзон!
Фалан раҳзан, замон душман, бадан равзан уза равзан,
Қолиб жон хисравидин тан, чиқиб тан кишваридин жон!
Навоий, бўлса меҳнат кўп, ичокўр жоми ишрат кўп,
Неча бўлса суубат кўп, килур ваҳдат майи осон!
Бу ғазал ижтимоий лириканинг энг ёркин намуналари жумласига киради. У «Хазойин ул-маоний»да йигитлик йиллари девони сифатида тасниф этилган «Наводир уш-шабоб» таркибига киритилган бўлса-да, аслида қарилик йиллари фаолиятига мансуб.
Лирик каҳрамон — муаллиф «мен»ининг ҳаяжонли нафаси — ҳайқириғи каби жарангловчи бу ғазал даврон жабри зулмию такдир кемтикларидан фалак бедодию машаккатли турмуш ташвишларидан, замона аҳлининг бемеҳр-шафқатсизлигию инсоннинг бекадрлигидан мунгли шикоят, кескин норозилик тарзида ёзилган.
Ғазалдаги деярли ҳар бир мисра эрк-ҳуқуқлари, ғурур-шарафи топталган, ҳам маънан, ҳам жисман эзилган покиза ва ҳалол инсоннинг чуқур изтироби, айни замонда, чексиз каҳри билан йўғрилган. Ғазал бағридан ёвуз кучлар тарафидан оғир азоб-уқубатлар гирдобига улоқтирилган толеи паст ва унутилган қалбнинг дарднок туғёни уфуриб туради, бундай аянчли, адолатсиз ҳолат билан асло келиша олмаслик, норозилик оҳанги баралла эшитилади.
Навоий ана шундай жиддий ижтимоий ғоя-мазмунни таъсирчан ифодалашда юксак бадиий маҳоратини намойиш этган. Шоир қўллаган ҳар бир истиора, тазод, сифатлаш ёки ташбиҳ, ҳар бир киёс ёки муболаға мантиқий урғули бўлиб, ғазалнинг умумий қораловчи руҳи, шикоят оҳанги ва исёнкор йўналишига жиддий ҳисса бўлиб қўшилади. Ғазал байтлари шиддат — ички ҳаяжон-ундов билан ўқилади.
Бало дашти аро Мажнун менингдек кўрмамиш даврон,
Қуюндек ҳар замон бир кўрмаган водийда саргардон!
Ғазалнинг мазкур бошланма байтидаёк бутун асар учун етакчи бўлган исёнкор руҳ ва кескин норозилик ёркин ифодасини топган.
...Бало-казолар даштида жудоликда юрган Мажнун не-не оғир кунларни бошидан кечирганлиги ҳаммага маълум. Аммо, унинг кўрганлари, фиғон чекади шоир, мен тортаётган азоб-уқубатлар олдида ҳеч нарса эмас; менингдек бир нафас тинчлик-осойишталик билмаган, водийдаги чанг-тўзондек сарсон-саргардон кимсани ҳеч ким кўрмаган. Байтдаги «даврон» сўзи бу ўринда асл маъносини ўзгартириб, «бошга тушган кулфатлар, оғир кунлар» мазмунини, умуман, адолатсизлик ва зўравонликни ўзида жамлаб ифодалайди.
Ғазалнинг кейинги байтлари ана шу мисли кўрилмаган «даврон»ни, куюндек қадрсизлик ва сарсон-саргардонликни гўё шарҳлаб, изоҳлаб келади, яққол шеърий образларда суратлантиради.
Не андуҳу малолимға балият даштидек ғоят,
Не савдою жунунимға маломат баҳридек поён.
Чунки, изоҳланади иккинчи байтда, мен чекаётган ғам-ғуссаю кайғу мусибатнинг на ранжу кулфат даштидек чек-чегараси бор ва на булар окибатида юзланган шайдолигу телбалигимнинг маломат денгизидек ҳадду ҳудуди бор!
Тунум дайжур, ўзум ранжур, ичим ғамноку бағрим чок, Тилим лолу таним беҳол, ишим афғон, сиришким қон!
Янада ғамгин, янада кайғули оҳангда айтилган бу байтда кескин баҳс, қатъий ҳукм руҳи сезилади.
...Кечам тим коронғу, безиё («дайжур»), дейилади байтда, ўзим ранжу озор, мусибат остидаман («ранжур»); ичим ғам-ғуссага тўла («ғамнок»), бағрим эса тилка-пора («чок»); тилим тутилган, таним заиф, ҳолсиз, ишим оҳу фиғон чекишу кўзимдан қонли ёш оқизиш...
Шоир лирик каҳрамоннинг ночор аҳволини, юрагини тирнаётган мусибатни ёрқин ифодалай оладиган жуда кучли ва сермаъно сўз-образларни («дайжур», «ранжур» «ғамнок», «чок», «лол», «беҳол», «афғон», «қон»,) топа олади. Бугина эмас. Шоир худди шу сўзларга мантиқий урғу юклаб, улардан қофия сифатида фойдаланади, натижада байт мисралари саккиз тенг бўлакларга бўлиниб, уларнинг ҳар бири ҳукму маҳкум руҳини эгаллайди:
1) Тунум дайжур!
2) Ўзум ранжур!
3) Ичим ғамнок!
4) Ва бағрим чок!
5) Тилим лол —
6) Таним беҳол!
7) Ишим афғон!
8) Сиришким қон.
Айтиш керакки, ғазалнинг шу байтидан бошлаб, умумий ягона қофияланишдан ташқари, ҳар бир байт мисраларининг мустақил ички кофияланганини кузатамизки, бу ҳол асарнинг бадиий жиҳатдан баркамоллиги ва таъсирчанлигини ниҳоятда оширган.
Заифу дарду ғам пеша, наҳифу меҳнат андиша,
Залилу бесару сомон, қатили ханжари ҳижрон!
Лирик «мен»нинг ўз икрорича: у дарду ғамнинг доимий йўлдошлигидан заиф, чексиз азоб-уқубатлар ва хавфу хатардан озиб-тўзиб кетган, хору зор, айрилик ханжари уни қатл этган.
Фиғонимдин фалак ғамгин, сиришкимдин жаҳон рангин,
На ишқим ўтиға таскин, на ҳажрим дардиға дармон!
Яъни: менинг чекаётган оҳу ноламдан фалак кайғу-мотамда. Тинимсиз окаётган қонли кўз ёшимдан бутун борлиқ қизил ранг олган. На ўртаётган ишқим ўтига таскин ва на айрилик дардига шифо топаман.
Бошим ғам тошидин пора, таним ҳажр ўкидин ёра,
Кўнгул бу ёраға чора топарға топмайин имкон!
Байтда шоир «ғам тоши», «ҳажр ўқи» бирикмаларини кўллайди. Айтиш керакки, бу бирикмалар ҳам жуда кенг мазмунни ифодаловчи рамзий образлар даражасига кўтарилган. Бу ўринда лирик «мен»нинг инсоний шарафи ва қадру кимматини топтаган ижтимоий ёвуз кучларга, зўравонлик ва адолатсизликка нисбатан кучли киноя бор. Ана шундай ижтимоий мазмундор «ғам тоши»нинг тинимсиз зарбалари, «ҳажр ўки»нинг эса узлуксиз қадалиши натижасида лирик «мен»нинг боши пора-пора, бутун танаю аъзолари яра-чақа, аммо, бундай ғам-мусибатлардан, кайғу-аламлардан қутулиш чораларини топишнинг иложи йўқ...
Кўзум намлик, бўюм хамлик, ичим андуҳу мотамлиқ,
На ҳамдамлик, на марҳамлик топиб бу меҳнати пинҳон!
Кўринадики, ғазалнинг барча байтлари бири-бири билан мустаҳкам боғлик, бир-бирини тўлдиради, мазмунан чуқурлаштиради, далиллайди. Келтирилган байтда ҳам етакчи мавзу янгича қирраларда очилган: кўзим ёш билан тўла, қадду бўйим букик, эгик: ичим эса ғам-ғуссага тўлиб тошган, юрак-бағрим мотам-мусибат билан йўғрилган; вужудимни ўртовчи пинҳона бу азоб-кийнокларга на марҳам топа оламан, на дардлаша оладиган ҳамдамим бор!
Кейинги байт шу ғамгин таъкидни янада катъийлаштириб, янада бўрттириб ифодалаш мақсадини кузатади. Айни замонда, бу байт ҳам Навоийнинг юксак бадиий санъатига, мисрага тизилган ҳар бир сўз имкониятларини бош мақсад-ғояга тўла-тўкис хизмат эттириш маҳоратига ёркин мисол бўла олади. Байтда ҳаммаси бўлиб ўнта сўз иштирок этади. Улардан бири — инкор «не» саккиз маротаба, иккинчиси — «манга» тўрт ўринда қайта-қайта келади. Аммо шоирнинг моҳир санъаткорлиги шундаки, бу такрорларнинг ҳеч бирини ноўрин ёки ғашга тегувчи, ғализлик туғдирувчи оддий қайтарик деб бўлмайди. Аксинча, улар ҳар бир муайян ҳолатда жиддий маънавий вазифани ўтайди, ғояни кучайтириб, ҳолатнинг чиндан ҳам фожеъ моҳиятини очади, оҳангга шиддат ва суръат бахш этиб, уни хитоб, ҳайкирик даражасига кўтаради:
Манга не ёру не ҳамдам, манга не дўст, не маҳрам,
Манга не чора, не марҳам, манга не сабру не сомон!
Бундай аянчли, ночор аҳволимдан, дейилади кейинги байтда, жон чиқар олдидан тортган фиғонимдан, ўтлик нолаю оҳимдан бурқсиб чиқаётган тутун кайғу-ҳасрат ғам-хонамни янада қорайтириб, коронғулаштириб юборган:
Бу аҳволи табоҳимдин, фиғони умркоҳимдин,
Ҳам ўтлук дуди оҳимдин қарориб кулбаи аҳзон!
Навбатдаги байт, шубҳасиз ғазалнинг шоҳбайтидир. Унда пояма-поя баланд парда-га кўтарила борган шикоят, норозилик, коралов юкори чўккига чикади. Эндиликда яна ижтимоий руҳ олдинги ўринга ўтади — лирик «мен» «фалак»ни очикдан-очик қароқчи, йўлтўсар, бору йўғини зўрлик билан шилиб олувчи «раҳзан» дея қоралайди, «замон» эса унга нисбатан «душман»нинг худди ўзи. Ана шу «раҳзан» ва «душман»ларнинг ёвуз килмишларидан унинг аъзойи бадани «равзан уза равзан», яъни илма-тешик; худди шу «раҳзан» ва «душман»ларнинг касрат-касофатидан жон ихтиёридан тан четда қолиб, тан мулкини жон тарк этган, бошқача айтганда, тандан жон, жондан тан айрилишга мажбур бўлган:
Фалак раҳзан, замон душман, бадан равзан уза равзан,
Қолиб жон хисравидин тан, чиқиб тан кишваридин жон!
Ғазалнинг сўнгги, якунловчи байти фақат ички қофиялигина эмас, балки ички радифли ҳамдир. У шоирнинг ўзига таскин-ўгит аралаш мурожаати, хитоби тарзида битилган. Эй Навоий, дейилади унда, азоб-уқубат, қайғу-мусибат қанча кўп бўлса, ишрат жомини шодлик ва хушдиллик, хурсандчилик ва хуррамлик кадаҳини шу қадар кўп ичабер, чунки, барча қийинчилик ва мушкулликни ваҳдат майи осон килади.
Навоий, бўлса меҳнат кўп, ичокўр жоми ишрат кўп,
Неча бўлса суубат кўп, қилур ваҳдат майи осон!
Навоийнинг бу ғазали моҳиятан инсоний қадр-киммат, шаън-шараф, эрк-ҳуқуқнинг поймол этилишига қарши кучли норозиликни лирик воситаларда жуда таъсирчан ифодалайди. Ижтимоий адолатсизликдан, ёвуз кучларнинг зўравонлигидан дардли шикоят исёнкор руҳ билан уйғунлашиб кетган бу ғазал бадиий жиҳатдан ҳам баркамолдир. У кейинги асрлар ўзбек ва кардош туркий халқлар ижодкорларига баракали таъсир кўрсатган. Жумладан, буюк озарбойжон шоири Фузулий меросида Навоий ғазалига ҳам мазмун ва ижтимоий руҳ, ҳам бадиий воситаларига кўра жуда якин ғазал мавжуд Биз унинг фақат бошланғич байтини келтириш билан чекланамиз:
Дўст бепарво, фалак бераҳм, даврон бесукун,
Дард — чўх, ҳамдард — йўх, душман қавий, толе забун!
Навоийнинг бу ғазалига бир катор ижодкорлар, жумладан, XIX аср бошларида1 қалам тебратган иқтидорли шоир, Муқимий ва Фурқатнинг яқин дўсти Муҳаййир, шунингдек, Муҳйилар тахмис боғлаганлари маълум.
Абдурашид АБДУҒАФУРОВ, филология фанлари доктори, профессор