Қалдирғочларга бер айвонларингни. Сирожиддин Саййид
МАРДЛАР МИНГАН ОТЛАРИНГ
НОМАРДЛАРГА ХОР БЎЛМАС
* * *
Мен дунёга номимни
Бунёд этгали келдим.
Аввал ўзни йўқотиб,
Сўнг ёд этгали келдим.
Куйган саҳро ҳам ўзим,
Тошқин дарё ҳам ўзим,
Ишқдин адо ҳам ўзим,
Фарёд этгали келдим.
Саболар билан келдим,
Садолар билан келдим.
Бир жонимда минг битта
Савдолар билан келдим.
Қатъий ниятлар билан,
Даъволар билан келдим:
Ҳар бир вайрона дилни
Обод этгали келдим.
Бу соҳибжамолларни,
Бўйнидаги холларни,
Холларига термулиб
Ўтган неча онларни,
Мана бу осмонларни,
Бу шомларни, тонгларни,
Ошиқнинг дилидай соф
Покиза замонларни
Баёт этгали келдим.
Ҳар неким хатолиғдир,
Разиллиғ, расволиғдир,
Ҳар неким ёмонлиғдир,
Риёлиғ, ёлғонлиғдир,
Барбод этгали келдим.
Дунё ҳали шод бўлгай,
Тушлари новвот бўлгай.
Мен шеър айтсам, бу ҳаёт
Яна шаън ҳаёт бўлгай.
Шу ҳаётни абадий
Ҳаёт этгали келдим.
1984
ВАТАННИ АНГЛАШ
Шабнам-шабнам тонгларда
жайронларга айланган,
Онанг сувлар сепганда
райҳонларга айланган,
Бир кечада соғинчинг
осмонларга айланган,
Соғинчларингдай зангор
осмонлари Ватандир.
Дерлар ҳусну малоҳат
вафо қилмас, арир у.
Сен ёр десанг, тушдаги
Лайлоларга арзир у,
Ҳарирдан ҳам ҳариру
паридан ҳам парирў,
Сойларга соя солган
мижгонлари Ватандир.
Бешикларда ўйнаган
оппоқ-оппоқ қўлчалар,
Кўзмунчоққа сўйлаган
кўзмунчоқдай кўзчалар,
Очилган гул-ғунчалар,
қанду асал кулчалар,
Момоларинг тўй қилган
айвонлари Ватандир.
Отанг солган уйлар бу —
синчлари — бардошларга,
Токлари ўхшаб кетар
мўйсафид элдошларга,
Томлар узра чўзилиб
кўклар, ой, қуёшларга
Узум узатиб турган
нарвонлари Ватандир.
Бир йигитга оламда
ҳам ёру ҳам ор керак,
Номуси баланд эрга
на сўз, на гуфтор керак,
Фарзандлари улғайса
шерюрак, арслонюрак,
Элнинг ҳар они, давру
давронлари Ватандир.
Оллоҳ ўзи буғдойинг —
тиллоларга еткизгай,
Қабоғингнинг остидан
балоларни кеткизгай.
Оқсарою Кўксарой
дунёларга еткизгай,
Ор-номусдан яралган
қўрғонлари Ватандир.
2002
НАВОИЙНИ ЎҚИШ
Ҳар бир калла,
Ҳар бир бош
Жаҳолатдан қўрқиши керак.
Ҳар бир бола,
Ҳар бир ёш
Навоийни ўқиши керак.
Ҳар бир ота,
Ҳар бир мўйсафид
Умр ҳикматларин кўрсатиб,
Нафс арқонларин қирқиши керак,
Фарзандлари, набирасига
Навоийни ўқиши керак.
Бир болага — бутун мамлакат,
Баъзан эса қирқ киши керак.
Бешиклардан тушиб болалар
Навоийни ўқиши керак.
Сиз дейсиз: Йўл топиши керак,
Уй қуриб, пул топиши керак,
Йўқ-йўқ, у ор қилиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Самарқанду Бухоро, Термиз
Тўйларида барчамиз жаммиз.
Бизлар ахир кимлардан каммиз?!
Элга олам олқиши керак,
Оламга тик боқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Берунийлар, ибн Синолар,
Улуғбеклар, Бобур Мирзолар
Қуриб кетмиш қандай бинолар!
Ёш кўнгиллар қалқиши керак,
Навоийни ўқиши керак!
Ватан азал битта Ватандир,
У биз учун сўлмас чамандир.
Шул сабабдан бола чоғлардан,
Майса чоғлар, лола чоғлардан
Ўзни уриб, юлқиши керак,
Навоийни ўқиши керак,
Дилга недир юқиши керак!
2002
БУ — СЕНИНГ УЙИНГДИР...
Баъзан боғларимни
Чулғар хавотир,
Баъзан Ер шаридан
Оғирдир ўйим.
Олам — бир осмон,
Бир обу ҳаводир,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Бу дашту далалар,
Боғлар ҳам мендан,
Бу тупроқ — буғдой бўй,
Ҳандалак бўйим.
Сенинг кўксингдаги
Доғлар ҳам мендан,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Сен Ватан дейсану
Порлар юзларинг,
Менинг юртим ҳам ўз
Рангу рўйимдир.
Талпиниб келгувчи
Ўғил-қизларинг —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Сенинг осмонўпар
Биноларингдан
Силкинди менинг ҳам
Чинордай бўйим.
Дарз кетди менинг ҳам
Минорларимга,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Баъзан назар солсанг
Ўзга юртларга,
Бағри тўлиб ётар
Олов, дудларга.
Одамзот кетмоқда хор,
Уюм-уюм,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Менинг ука-синглим
Сенга ҳам ука.
Синглинг тўй қилса гар —
Менинг тўйимдир.
Замин — қон-қардошлар
Йиғилган ўлка,
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Менинг ҳам шаҳримнинг
Кўксида доғлар,
Узмоқчи бўлдилар
Бошлаган куйим.
Денгизлар ортидан
Боқдингми бир бор:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим?!
Дунё томи узра
Нурли ҳалқалар,
Тинчлик — эрмак эмас
Ва ё бир ўйин.
Айтсалар бирлашиб
Давлатлар, халқлар:
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
Мен йироқ кетсам гар,
Ўртангай онам,
Сенинг ҳам волиданг
Йиғлагай юм-юм.
Оналар интизор турган
Шу олам —
Бу — сенинг уйингдир,
Бу — менинг уйим.
2001
11.9 — 4.10.
ДЕҲҚОН МАДҲИЯСИ
Тун чоғида томингга
Томчилаган ёмғирдир.
Бир томчиси — севинчу
Бир томчиси — оғриқдир.
Дастасига сиғмайин
Ерни қўмсар кетмонинг,
Умринг — дашту далангнинг
Меҳнатлари оғирдир.
Чопонингда тупроғу
Заҳматларнинг иси бор.
Юзларингда — минг ташвиш,
Қисматларнинг изи бор,
Одам Атодин қолган
Ҳикматларнинг изи бор,
Бу ҳикматни билмаган —
Ўз юртига сағирдир.
Ким ўйлади оламни,
Сен ўйладинг далангни.
Даланг бирлан ўтказдинг
Ёмғир селу жалангни,
Бозорларга кўз тикдинг
Ўқитолмай болангни,
Тақдир — гоҳ қўю қўзи,
Гоҳ сут бермас тарғилдир.
Пайкалларга ўтидан
Базм бергай қуёшинг.
Бу бир қизғин базмким,
Синалгайдир бардошинг.
Кетмон — сенинг йўлдошинг,
Еринг — сенинг дилдошинг,
Терларинг шароб бўлгай,
Кўк чойларинг чоғирдир.
Тупроқ билан дардлашмоқ
Бу — қадимий бурч, шараф.
Сен-чун асли бу даврон,
Сенга бўлсин бу шараф.
Ким етишди, ким етди,
Ким бўлмади мушарраф,
Ўзбекистон, онажон,
Мангу иссиқ бағирдир.
2002
ВАТАН ДЕСАМ...
Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш.
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.
Тирикликнинг заҳматлари, тақдирлари,
Ҳаётининг бор ҳикмат ҳам тадбирлари,
Эй, онамнинг тупроққина тандирлари,
Иситгансиз жонларини, жонларини.
Ким Ватанни зар тўнига енг этмишдир,
Ким бағрини осмонлардай кенг этмишдир.
Яратганнинг ўзи бугун тенг этмишдир
Асрларга онларини, онларини.
Бир суворий келмоқдадир — Бобурми ё?
Ҳиротми ё, Ҳиндистонми ёки Кўнё,
Кўриб келди, бундан сўнг ҳам кўрсин дунё
Султонлари, хонларини, хонларини.
Бу диёрнинг айвонлари нурга талош,
Бу диёрнинг кайвониси ою қуёш,
Ватан десам кўзимда ёш, юзимда ёш,
Кўзга суртай нонларини, нонларини.
Нечун ўтмоқ ҳасад экиб умрларга,
Дилни ўраб ғараз, риё — кўмирларга?
Ҳавас қилиб яшанг улуғ Темурларга,
Эл билгайдир шонларини, шонларини.
2001
УСТОДИ АВВАЛ
Болаликдан бир ғаройиб тахтда бўлдим,
Ой, юлдузлар бирлан мудом аҳдда бўлдим.
Сўқмоқлардан, оқ, заъфарон далалардан
Мен заъфарон сўзлар териб катта бўлдим.
Сабоқ олдим янчилмаган сомонлардан,
Умр иси келиб турган чопонлардан.
Ғариб пахса деворлардан олдим савод,
Билдим надир надомату надир савоб.
Қирларимдан, зирқиратиб бағирларим,
Паға-паға юзиб кетди сигирларим.
Не ҳикматни ҳам қарзу ҳам фарз бердилар,
Менга ул кун хору хаслар дарс бердилар.
Хатим чиқди онам кафтин хатларидан,
Камол топдим кафтларининг тафтларидан.
Меҳрлари кўнглимга кўзлар бўлдилар,
Ватан янглиғ улуғвор сўзлар бўлдилар.
Таълим олдим бошоқлардан, донлардан ҳам,
Кулча юзлар ҳамда кулча, нонлардан ҳам.
Мен Ватанни ўргандим ҳар гиёҳидан,
Шомларию райҳонларин сиёҳидан.
Қадирғочлар тўйларимда хизмат қилди,
Камбағални суйдим, бойлар иззат қилди.
Дилга кўчди умрий ранжу азиятлар,
Ўйчан, кекса токлар қилган насиҳатлар.
Мен шундайин сўзга тўлдим ичларимдан,
Ҳарф ўргандим уйларинг ҳам синчларингдан,
Ҳар қаричи, ҳар ғубори имло, юртим,
Ҳар бир тоши, ҳар чинори мулло, юртим.
1994
ОНАМНИНГ КАЛИШЛАРИ
Бунча ҳам қаттиқ экан
Қисматнинг болишлари.
Кўз олдимдан кетмас ҳеч
Онамнинг калишлари.
Улар остонасида
Турар бир жуфт абгордай.
Кўзимга бутун дунё
Кўринади айбдордай.
Яшайдирман гарчи қўл,
Юзларини соғиниб.
Калишлари даҳлизда
Тураверар оғриниб.
Дардимни яширгайман
Онам ҳолим сўрганда.
Калишлари валекин
Барин билиб тургандай.
Гарчи тилсиз, забонсиз,
Хомуш, беозордайлар.
Бор дарду ҳижронимдан
Улар хабардордайлар.
Онамнинг кўзёшидан
Бўлса болишлари нам.
Назаримда кечалар
Йиғлар калишлари ҳам.
Улар ҳам гўё мени
Ўртаниб ўйлагайлар.
Бахту бахтсизлигимдан
Қиссалар сўйлагайлар.
Соғинчнинг деворлари
Ёмғирларда емрилган.
Улар ҳам онам каби
Йўлларимга термулган.
Мол йиғмадим мен, аммо
Сув сўрганга сой бердим.
Бир кўнглим бор эди, лек
Мен уни ҳам бой бердим.
Бу дунёда ниҳоят
Бир ҳикматни илғадим.
Калишларни юзимга
Босиб, келар йиғлагим.
Онамнинг калишлари...
Бир умрлик қарзимдай.
Патакларин кўзимга
Суртиб ўлсам арзигай.
1999
ЁМҒИРЛАР ВА КЎЗЁШЛАР
Йилларга ҳам ёмғир ёғар,
Умримизга ўхшар боғлар.
Ҳижрон бўлиб қолар тоғлар,
Дилларга ҳам ёмғир ёғар.
Баҳорийми, кузгимизми —
Биз излаймиз севгимизни.
Бу ёмғирлар раҳм қилмай
Ювиб кетар изимизни.
Ойларимиз сўлғин-сўлғин
Сингилларга айландилар.
Юзимиздан оққан селлар
Кўнгилларга айландилар.
Соғинч қоплар хонамизни,
Ўйлаб ёлғиз жонимизни,
Биз қолдириб кетгайдирмиз
Ёмғирларга онамизни.
Оқ бўйинли танноз дунё,
Ўйнар тилло занжирлари.
Кимни кутар ёмғирларда
Она уйнинг тандирлари?
Биз орзу ҳам армонларнинг
Ёқаларин кўтаргаймиз.
Толе бир кун ёр бўлса гар
Ёмғирларда кўкаргаймиз.
2002
БАҲОР КЕЛМИШ
Томингизда шивир-шивир, шитир-шитир,
Бу — баҳорнинг қадамларин товушидир.
Сўридаги пуч ёнғоқнинг пўчоқлари
Қай қарғанинг қолиб кетган ковушидир.
Ранглар кирар энди ғамгин ўйингизга,
Томингиздан баҳор келмиш уйингизга.
Ёмғир ювган юлдузлар ҳам қандоқ гўзал,
Ёрингизнинг кўзлари ҳам андоқ гўзал,
Қадрин билинг бу дамларнинг, қайтиб яна
Бундоқ фасл тополмайсиз, бундоқ гўзал.
Қаранг, баҳор келмиш ошиқ кўнглингизга,
Гул ўлчайди қараб қадду бўйингизга.
Эй, сен менинг шаҳарлик оқ турнагинам,
Ярим кун ҳам сен ёнимда турмадинг ҳам.
Қиш ўртаси ногоҳ баҳор келди десам,
Зулфларингнинг атри экан кейин билсам.
Мен жон берай исларингиз, бўйингизга,
Баҳор билан сенинг ифор тўйингизга.
Ҳижронларга тўлиқ шеърий дафтаримни
Сен варақлаб, шамол, мени ахтардингми?
Бир бойчечак, бир қаламқош қалдирғочга
Алмашдим мен бор алам, бор дардларимни.
Шеърларим-ай, армонларим ўзингизга,
Баҳор келмиш бугун кўча-кўйингизга.
Қандай ўғил бўлдим сизга, қандай жигар,
Мендан аввал баҳор сиздан олмиш хабар.
Майса бўлиб кўкариб ҳам, ота, яна
Менга таскин бермоқдасиз бу тонг саҳар.
Баҳор келмиш мангу сукут кўйингизга,
Ҳар бир майса ўхшар сўзу ўйингизга.
Баҳор келмиш, қутлуғ бўлсин ҳаммангизга!
Умр берсин бобонгиз ҳам момонгизга.
Баҳор ахир қанча шодлик, шукроналик
Келтиргуси холангиз ҳам аммангизга.
Қанча севинч гулдай қизу ўғлингизга,
Қанча қўзи олиб келар қўйингизга.
Кўклардаги тўлин-тўлин ойдай Ватан,
Осмон десам, тошқин-тошқин сойдай Ватан.
Ватан десам, кўз олдимга онам келган,
Онам десам, нигоҳимда пайдо Ватан,
Баҳор келмиш яна ризқу рўзингизга,
Доғ тушмасин ҳаргиз рангу рўйингизга.
1999
* * *
Қирлардан бир яшил тўпламлар ичдим,
Салсабил сойлардан кўкламлар ичдим.
Бу ёруғ дунёни ҳўпламлаб ичдим,
Ярми тўлқин, ярми сўлғин япроғим,
Хазонга қоришган баҳоринг менман.
Кўнгил мулкининг ҳам зулматлари бор,
Эй ой, қаролиқнинг туҳматлари бор,
Ишқнинг ҳам бир ажиб узлатлари бор.
Ярми ўчқин, ярми ёрқин чироғим,
Зулмат жаҳонида шароринг менман.
Эгнини эпкинлар чок этган, эй гул,
Кўксини шабнамлар пок этган, эй гул,
Саҳро юрагимни боғ этган, эй гул,
Ярми ел, ярми сел саргашта боғим.
Сенинг қаноату қароринг менман.
Эй дунё, жонимни қовурган дунё,
Боримни елларга совурган дунё,
Менинг инграётган қовурғам дунё,
Ярми сас, ярми хас бўлгай тупроғим,
Кипригингга қўнган ғуборинг менман.
1990
БАҲОР
Илдизларда шивирлаган сен эдинг,
Тупроқ кўпчиб, ғимирлаган сен эдинг.
Бир кечада ўзгарди руҳ ангори,
Дардим яшил, ҳасратларим зангори.
Ҳаётимдан ечдинг ғам печагин сан,
Адашгайдир ким айтур кечагимсан.
Баҳор, харсангтош остидан, уни суриб
Озодликка чиқиб олган чечагимсан.
Тўрт ой мендан қаролик устун бўлди,
Мен тўкилдим, дафтарларим тун бўлди.
На хушдирки, қайтадан насибимсан,
Равоч ҳидин келтирган насимимсан.
Барг ёзмоқчи бўлган янглиғ томирлар
Жимирлар, тан оғочида жимирлар.
Сен гулборим, гулнорим, гуландомим,
Кечалари шитирлар қаламдоним.
Яшил ҳовуч бўлиб чиқди исмалоқ,
Қалдирғоч ҳам келди сал-пал эзмароқ.
Ҳар бир кўлка яқин қиру этакда
Қўзичоққа айланади эртага.
Сен тоғларим қайраган чақинимсан,
Дўмбираси гулдурак оқинимсан.
Айтишларинг бу оламга ёқади,
Еру осмон сел бўлади, оқади.
Куйга тўлиб кетди тошу деворлар,
Сўлғин-сўлғин соғаяди беморлар.
Фақат бир барг, чириган бир барг фақат
Айлар менга мунглуғгина насиҳат.
1991
НАВРЎЗ ҚЎШИҒИ
Фалак бизни балолардан асрадими?
Юлдузлардан бойчечаклар сачрадими?
Бир куртакка алмашдим бор ҳасратимни,
Олам эски, лекин ўнгу сўлим янги.
Осмон бўлди бир кечада ҳорғин бағрим,
Тўй бошлади чақинларим, ёмғирларим,
Гўё ҳозир япроқ ёзар томирларим,
Гўё эски қалам тутган қўлим янги.
Ойларга ҳам алишмасман юзларини,
Қаранг Қўқон, қаранг Сурхон қизларини.
Зулфларию райҳонларнинг исларини
Олиб келган эпкинларим, елим янги.
Эй кўҳна боғ, кўпдир чеккан азиятинг,
Қуриган шох, дилда сенинг васиятинг,
Эй сариқ барг, қулоғимда насиҳатинг,
Бу йил энди менинг гулзор, гулим янги.
Ҳар кўнгилга бир янги куй, қўшиқ берсин,
Имон, инсоф, диёнатни қўшиб берсин.
Ҳар бир уйга энг аввал бир бешик берсин,
Ҳеч бир уйга кўрсатмасин ўлим янги.
Бормоқдасиз гарчи Ҳинду Хитойларга,
Умид айланг ўз ерингиз, Худойларга,
Уйларингиз тўлсин бу йил буғдойларга,
ўимирлаган элим, дашту чўлим янги.
Лолалардан гар айтмадим, қир айтади,
Қолганларин само айтар, ер айтади.
Кўнглим очсам, ҳар гиёҳ бир шеър айтади,
Ростин айтсам, кўксимдаги дилим янги.
1995
ҚАДРДОНЛАР
Қадрдонлар, элга биз бир
супурги ҳам бўлолмадик,
Киприклари сафида бир
киприги ҳам бўлолмадик.
Ўт бўлмадик ўтинига,
кўк бўлмадик тутунига,
Меҳру шафқат сойининг бир
кўприги ҳам бўлолмадик.
Хизрдайин биз учун у
ҳар нарсага ҳозир эди,
Даласида бир кўриниб
кетган булут Хизр эди.
Аслидаку ковушига
патак бўлсак арзир эди,
Кир ювганда совунининг
кўпиги ҳам бўлолмадик.
Ўзимиз ҳам ҳайрондирмиз
рўй берган бу синоатдан,
Кетмонларин товушлари
келаётир қиёматдан.
Уйлар қурдик хиёнатдан,
лофлар урдик диёнатдан,
Асли Машраб бобонинг бир
тупуги ҳам бўлолмадик.
1994
КЕТМОНЧИ ҚИЗЛАРГА
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.
Ойлар гулбоғидан тушган япроқлар,
Юлдузлар бандидан кўчган япроқлар,
Нурсиз пайкалларда шуъла ёзмайин,
Тупроққа қоришиб ўчган япроқлар.
Ҳуснин чечакларин чаноқлар юлган,
Сочларин гардида насимлар ўлган,
Сизнинг таровату гул юзингизни
Қуёшлар тушликка тановул қилган.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган,
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.
Балоғат чоғида балоғат кўрмай,
Ўн бешдан уёғи ҳаловат кўрмай,
Заъфарон райҳондай забун ўтдингиз,
Давру давронлардан садоқат кўрмай.
Сабоҳдан саҳрога айланганларим,
Сарғайган сарвларим, гул, савсанларим,
Серташвиш турмушнинг қучоқларидан
Далалар бағрига тайланганларим.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган.
Тун-кун кўксим ичра ёнғину ёнғин,
Йиллардан сўрайдир йиллар сўроғин.
Шомларга шимилган тупроқ йўллардан
Толларим келгайлар толғин ва толғин.
Дийдам дийдиратган дийдорларингиз.
Сўнди малоҳату дилдорлигингиз.
Тунлар пайкалларда ҳорғин юзган ой
Сизнинг зору маҳзун ёдгорлигингиз.
Ўйласам ўйларим кўксимда куйган,
Сўйласам сўзларим бўғзимда куйган.
Барглардай сўлғину шамлардай озғин,
Қовжираб далаю тузимда куйган,
Сонсиз эгатларга тизилганларим,
Қисмати кетмон-ла ёзилганларим.
1990
ҲАМДАРДЛИК
Бу сафар мен сўз айтмайин бахтингдан,
Ўзингники бўлган тожу тахтингдан,
Жиндаккина баён айлай дардингдан,
Кеч кузларда зирқираган белим-ай,
Белин ушлаб элим деган элим-ай!
Ўтди не-не доҳийлару ҳайкаллар,
Юртда қанча оройишу сайқаллар,
Сенга илҳақ ҳамон ўша пайкаллар,
ўўзаларда дийдираган қўлим-ай,
Далаларни илитган ай, элим-ай!
Китобини ўйлаб ўғил-қизингни
Бозорларга тикдинг ҳорғин кўзингни,
Нима қилдинг шунча қўю қўзингни?
Фарзандига бераман деб билим-ай,
Молин сотган, жонин сотган элим-ай!
Пахта териб ёки буғдой ўрганда,
Ўз ҳақингни сўрашни ҳам ўрган-да.
Пўрим кийган тўраларни кўрганда
Калимага келмаган ай, тилим-ай,
Ҳам ишлаб, ҳам мулзам бўлган элим-ай!
Сенга доим йўлдош эзгу, ҳур ният,
Каззобларинг қаср қурди пурнеъмат,
Шулар учун бўлганмиди Ҳуррият?
Ўчоқларда совуб қолган кулим-ай,
Кулбалари мунғайган ай, элим-ай!
Ўздан чиққан балоларми ё кимлар
Сенинг ризқу насибангни қийқимлар?
Етимнинг ҳам ҳақин юлиб, тақсимлаб.
Чирқираган танга-тилло, пулим-ай,
Вой элим-ай, вой элим-ай, элим-ай!
Қишин ёзин тинмай меҳнат айлаган,
Меҳнатини на бир миннат айлаган,
Шул Ватанни шаъну шавкат айлаган,
Обод бўлгил қуримай ҳам сўлимай,
Ошу нони доим ҳалол элим-ай!
Оллоҳ берсин сўнмас бахт, иқболингни,
Уйлар қилгил эккан терак, толингни.
Оғриганди белим кўриб ҳолингни,
Энди эса зирқиради дилим-ай,
Тупроқдан ҳам хоксорроқ ай, элим-ай!
1998
АҲМАД ФЕРМЕР
Аҳмад фермер деганлари Деновдадир,
Ҳар бир куни меҳнат билан синовдадир,
— Бойлик нима? — дейди фермер. — Қўлнинг кири,
Бугун сенда, эрта эса бировдадир.
Жийрон отдай учқур умр ўтаверар,
Яхшилик қил, токи қўлинг жиловдадир.
Саҳар туриб даласида ўйлар сурар,
Ҳар ғўзанинг ниҳолида бўйлар кўрар,
Куй-қўшиғи унинг — тарғил, говмишлари,
Қўйларининг кўзида ҳам тўйлар кўрар.
Ўзи учун кошоналар солмади у,
Қурса фақат болаларга уйлар қурар.
Тошканда ҳам ном қозонган пишлоқлари,
Яшнаб борар униб-ўсган қишлоқлари.
Болакайлар, қўзиларга тўлсин дейди,
Она юртнинг қирларию қирғоқлари.
Аҳмад фермер бу дунёда кам ухлайди,
Зар бўлгайдир шунинг учун тупроқлари.
Тойчоқ бўлиб кезиб юрган чоғим Ватан,
Йироқ тушсам — соғинчим, титроғим, Ватан.
Боболарим синггиб кетган муқаддас ер,
Осмон десам, кўксимдаги тоғим, Ватан.
Токи шундай фарзандларинг заҳмат чеккай,
Завол билмас, мангу сўлмас боғим, Ватан.
Аҳмад фермер деганлари Деновдадир,
Ҳар бир куни меҳнат билан синовдадир,
— Бойлик нима? — дейди фермер. — Қўлнинг кири,
Бугун сенда, эрта эса бировдадир.
Жийрон отдай учқур умр ўтаверар,
Яхшилик қил, токи қўлинг жиловдадир.
2004
ЭЛЛИКҚАЛЪА ТАШБЕҲЛАРИ
Неъматулла оғага
Азиз бўлди бу тупроқ ҳам —
дилимдан саҳфалар кўмдим,
Саҳифа сингари саҳросида ҳам
қалъалар кўрдим.
Куюк хатлар каби мозийси
узра қарғалар кўрдим,
Ҳазин бир лоласи маъвосида ҳам
қалъалар кўрдим.
Ҳилолидан фалак дарвозасида
ҳалқалар кўрдим,
Унинг Ерга яқин Зуҳросида ҳам
қалъалар кўрдим.
Тилимга Ақчакўлнинг мавжларидан
лаҳжалар сўрдим,
Сополининг синиқ имлосида ҳам
қалъалар кўрдим.
Кўзим юмдим, азим дарё аро
Вақт сингари чўмдим,
Бугун ҳам Эртанинг маъносида ҳам
қалъалар кўрдим.
Қуёшли қалъалардай қалбларин
қошида ўй сурдим,
Азиз инсонларин сиймосида ҳам
қалъалар кўрдим.
2003
БУ ДУНЁДА
Завол нима билмайди,
Қуюн, селлар юлмайди.
Эгаси бор бодомлар
Бу дунёда сўлмайди.
Гоҳ қора, гоҳ оқ инсон,
Эзгулик қил, оҳ, инсон!
Риёси бор рақамлар
Бу дунёда унмайди.
Имконинг осмон қадар,
Имондан бергил хабар.
Сафоси бор қаламлар
Бу дунёда синмайди.
Ўкинмагил, бўз бола,
Ўзга хаёл туз, бола.
Вафоси бор санамлар
Бу дунёда бўлмайди.
Ҳар на бўлсанг бор бўлгин,
Тугал номус, ор бўлгин.
Зиёси бор қадамлар
Бу дунёда сўнмайди.
Дилда кўпдир фироғинг,
Ёниқ қолар чироғинг:
“Фарзанди бор одамлар
Бу дунёда ўлмайди”1 .
1994
* * *
Хуршид Давронга
Гул билан гул ўртасида сеҳр — лабхандлар керак,
Дил билан дил ўртасида меҳрпайвандлар керак.
Бузмагай оламни, обод айлагай дил тошқини,
Дил билан дил ўртасида, айтмагил, бандлар керак.
Дил билан гул қони ҳамрангдир, вале ишқ йўлида
Дил қони бирлан битилган онту савгандлар керак.
Кўрди ҳар турлук шиорларни бу юрт пештоқлари,
Энди унга Мир Алишердин битик, бандлар керак.
Турли пешволарни бошдин бирма-бир ўткарди эл,
Элга ҳар хил оталармас, энди фарзандлар керак.
Фахр учун момиқ эмас, ҳар бир кўнгилнинг қонида
Дил била эл қонидин бўлган Самарқандлар керак.
1989
ҲАЙИТ ҒАЗАЛИ
Ҳаётни Сен ҳаёт этган
умидларда муборак эт,
Ўғил-қиз, оналар ҳам
мўйсафидларда муборак эт.
Сано эт тилларини ҳам
Саловат эт, Таборак эт,
Азизу авлиё азмин
муридларда муборак эт.
Мунаввар эт Жалолиддин
жалоли-ла кўнгилларни,
Фаридиддин каби фазли
фаридларда муборак эт.
Дуолар айлагай бир эл,
дуо толе калитидир,
Бу эл мушкулларин шундай
калитларда муборак эт.
Саодатлик бу кунларда
сабоҳатлик, саодатлик
Сатрларни Сирожиддин
Саййидларда муборак эт.
Синовлар, ранжу заҳматлар
аро берган шу умрингни
Илоҳи, барчамизга ийд —
ҳайитларда муборак эт.
1999
ЗАМОННИНГ ЭГАСИ
Замондан койинманглар, зеро
замоннинг эгаси Оллоҳдир.
Ҳадис
Оллоҳ сизга берган ой ва йил учун
Арзир ҳар лаҳзанинг нақши бўлсангиз.
Азалдан ёмонга ёмондир замон,
Замон яхши эрур — яхши бўлсангиз.
Ҳар кимга дилдаги нияти йўлдош,
Эзгу мақсадлари бир умр ёрдир.
Замондан ҳеч қачон койинмангизким,
Замоннинг эгаси Парвардигордир.
КИЧИКЛАР ВА КАТТАЛАР
Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталарнинг
шарафини билмаган кишилар биздан эмасдир.
Ҳадис
Ота-онадандир асли тарбия,
Садоқат бир ўғил-қиздан эмасдир.
Лекин кичикларга шафқат қилмаган
Кимсалар, билингким, биздан эмасдир.
Билингким, норасо фарзанддир, улким
Элнинг улуғларин дилдан севмасдир.
Яъни, катталарнинг шарафин билмай,
Иззат қилмаганлар биздан эмасдир.
2001
ИЛИНЖ
Юртим, менга зар керакмас зарларингдан,
Киприкларим ўпсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим, мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.
Алмашдилар сени ному рутбаларга,
Мунглуғ бўлиб қолдинг ботиб шубҳаларга.
Ҳилолларинг қайтар яна қуббаларга,
Мозийларга сўйлаб-сўйлаб зорларингдан.
Менга қадим минорлардан бир сас етар,
Шул сас менинг кўнглим охир серфайз этар.
Менга дунё керак эрмас, бир сас етар
Яссавийлар ётган азиз ерларингдан.
Оқсаройга қай кунки юз бургандим мен,
Сўнмас шону шавкатинг деб тургандим мен.
Шеър айтишни сал-палгина ўргандим мен
Чинорларда йиғлаб ётган баргларингдан.
Бу дунёда кўнгилларга чироқ ёқсам,
Мозорларинг сукутидан сабоқ олсам,
Тиниққина булоқ бўлиб оқиб қолсам
Оллоёрлар назар қилган жарларингдан.
1991
КЕЛИБ КЕТМОҚ
Саҳар туриб оламга боқ:
жилғалари равондир,
×арақлаган тоғлар боши
шомга бориб тумондир.
Тойчоқларинг қаёндиру
қулунларинг қаёндир?
Кўрганларинг ўзингники,
кўрмаганинг гумондир.
Инсон бўлиб бу дунёнинг
бозорини кўрдингми?
Зарлари ҳам зорларию
озорини кўрдингми?
Саҳар туриб ўз отангнинг
мозорига бордингми?
Борганларинг ўзингники,
бормаганинг гумондир.
Келиб кетмоқ ўйин эрмас,
саёҳат ё зиёрат,
Умр йўли заҳматлару
меҳнатлардан иборат.
Кўнгилларга қурдингми бир
кўприкми ё иморат?
Қурганларинг ўзингники,
қурмаганинг гумондир.
Атрофингга қараб боргил,
англаб боргил йўлингни,
Кўз бўлсанг гар, қароғ деб бил
она Юртинг, элингни.
Бергил унга эътиқодинг,
меҳринг, жону дилингни,
Берганларинг ўзингники,
бермаганинг гумондир.
2000
ҲАЁТ ҚЎШИҒИ
Кимлар алвон кийдилар,
Кимлар армон кийдилар.
Кимда бору кимлар зор,
Буни ҳаёт дейдилар.
Кимлар гул деб суйдилар,
Кимлар тушга йўйдилар.
Оқу қора ранглари,
Буни ҳаёт дейдилар.
Кимлар ёнмай куйдилар,
Кимлар қонмай тўйдилар.
Ким бемору ким безор,
Буни ҳаёт дейдилар.
Гулларини жийдалар
Кўзёшингга чайдилар.
Бунча азиз ислари,
Буни ҳаёт дейдилар.
Қанду новвот дейдилар,
Лек ичларин ейдилар,
Кўролмайин ким-кимни,
Буни ҳаёт дейдилар.
Яна эсиб келдилар
Шамолларинг — дайдилар.
Кимлар бору кимлар йўқ,
Буни ҳаёт дейдилар.
Бўлса ҳамки бедиллар,
Баланд яшанг, эй диллар.
Қанотлари қайрилмас,
Буни ҳаёт дейдилар.
2001
ШАРАФ ДОСТОНИ
Ватан ўғлонлари хотирасига
Жилғалар жилдираб сойга келгайлар,
Қошлар камол топиб ёйга келгайлар.
Бир аччиқ аламлар ўйга келгайлар:
Жангларда ўлган ул ўғлонлар гўё
Ҳозир қаторлашиб тўйга келгайлар.
Умр таронасин тузиб тузмайин,
Йигитлик онида қувнаб кезмайин,
Тириклик боғидан бир гул узмайин,
Гулдайин муаттар кетган ўғлонлар
Боқарлар бизлардан кўнгил узмайин.
Боқарлар Самарқанд минорларидан,
Урганчу Хеванинг деворларидан,
Кўз узмай Дашнобод анорларидан,
Боқарлар Сурхоннинг самоларию
Тошкент, Фарғонанинг чинорларидан.
Оламнинг талошу урҳоси надир?
Фалакнинг гулдурос гурроси надир?
Бир йигит ўлса гар, дунёси надир?
Олис осмонларда уйғоқ руҳингиз,
Уларнинг Сурайё, Зуҳроси надир?
Сизга буюрмади уйлар, айвонлар,
Сизга тож керакмас, сиз — кемтик нонлар,
Абдулло, Исмоил, Жума полвонлар,
Мўлтираб боқарсиз шабнамлар бўлиб,
Эсиз, шабнамларга айланган жонлар.
Эсган шамол балки сўзларингиздир,
Отган тонг эҳтимол юзларингиздир.
Япроқлар излаган изларингиздир,
Тоғу тошлардаги гирён булоқлар
Сизнинг зор, нигорон кўзларингиздир.
Ҳаргиз тўхтамагай ҳаёт карвони,
Унда номингизнинг ёду армони.
Сизга авлодларнинг шараф достони,
Ҳурмат эҳтироми Сизгадир юртнинг,
Сизга бу Ватаннинг шавкату шони.
1999
ЭГАСИ БОР ЮРТ
Очсанг давронларнинг китобларини
Қанча карвонларнинг эртаги бордир.
Тингла доноларнинг хитобларини:
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.
Дунёнинг манзилу маконларида
Бир рўзғор бут бўлса, тўрттаси хордир.
Боққил ўз юртингнинг қўрғонларига:
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.
Бунда ой, қуёшдан чеҳралар олган
Ўғил ҳам қизларнинг эркаси бордир.
Ҳар айтган сўзидан Ватан туғилган,
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.
Милёнлаб ўзбекнинг умидлари жам
Милён бу овозлар — номус ҳам ордир.
Чопдим шеърларимни қўлтиқлаб мен ҳам:
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.
Қалдирғочларга бер айвонларингни,
Қушнинг ҳам бек билан бекаси бордир.
Сингилжон, экавер райҳонларингни,
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.
Умр гоҳи ширин, гоҳи талх бўлгай,
Улуғ ниятларга Оллоҳ ҳам ёрдир:
Эгаси бор юртнинг эли халқ бўлгай,
Эгаси бор юртнинг — эртаси бордир.
2000
ВАТАН АБАДИЙ
Баҳрайн сувларига чайдим юзимни,
Насимлар эсдилар илиқ, арабий.
Бир осмон тўлдириб келди кўксимни,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Не зотлар ўтдилар Ватандин айро,
Севинчи савдою соғинчи саҳро.
Кўксимни тўлдириб келди бир дарё,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Бобо қирлардаги бир хас ё тикан,
Шу ҳам кимларгадир зўр армон экан.
Кўп экан зар топиб, зор бўлиб юрган,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Ким ахир бу даҳри дундан ўтмагай?
Ким ахир бир куни асо тутмагай?
Тандан жон кетар, лек Ватан кетмагай,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Ҳар тепа, ҳар дўнглик турбат эмасдир,
Ҳар қандай айрилиқ ғурбат эмасдир.
Юртдан кетган ҳар зот Фурқат эмасдир,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Олмон тупроғида бир немис аёл,
Кўзда ёш, ўзбекча айлади савол.
Халқим, нону тузинг ҳамиша ҳалол,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Ҳар кекса, ҳар ёшнинг заҳматларида,
Азим чинорларнинг ҳикматларида,
Ҳазрат Яссавийнинг хилқатларида
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Айб эмас аввалий ва ё сониймиз,
Агарчи инсонмиз вале фониймиз.
Барчамиз ушбу кун Туркистониймиз,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
Аста барг тўкмоқда зарҳал оғочлар,
Умр гўё тўлар божу хирожлар.
Келиб кетар экан қанча Сирожлар,
Ватан қолар экан, Ватан абадий.
1995
БИТИРУВЧИЛАРГА
Бул Ватаннинг қошу кўзи,
Мижгонлари сиз бўлгайсиз.
Чеҳралари гулдай, кундай
Хандонлари сиз бўлгайсиз.
Бу тонг оппоқ дафтарлардай
Шаҳрим тўлди каптарларга.
Тизсам буни сатрларга
Осмонлари сиз бўлгайсиз.
Бир мамлакат тиниқ кулгу,
Бир мамлакат севинч, орзу,
Бу ҳаётнинг гўзал аҳду
Паймонлари сиз бўлгайсиз.
Ёлғиз қолиб кетган чирой —
Мактабларингиз узра ой
Бу оқшом йиғлар ҳойнаҳой:
Армонлари сиз бўлгайсиз.
Китоблари кўксидаги...
Меҳр балққан сўзидаги,
Устозларнинг кўзидаги
Маржонлари сиз бўлгайсиз.
Кўксингизда баланд ору
Номус бўлса — бўлгай бари,
Бул Ватаннинг кўрар давру
Давронлари сиз бўлгайсиз.
Йиллар ўтар турли-турли,
Умр йўли — қирли, ўрли.
Ниятларнинг нурли-нурли
Нарвонлари сиз бўлгайсиз.
Кўрки бордир ҳар ниҳолнинг,
Ҳар боғдан бир ибрат олинг,
Илм олинг, ҳикмат олинг —
Келажакнинг, истиқболнинг
Қўрғонлари сиз бўлгайсиз.
2000
СИЗНИНГ ШАЪНИНГИЗ
Ватан посбонларига
Қўлга олмоқ-чун бир юлғич, қаллобни,
Ёки бир муттаҳҳам, ўғри, каззобни,
Сизга матонатдан илдизлар керак,
Қанчалар кечаю кундузлар керак.
Мен-ку шеърим узра озиб-тўзарман,
Бугун ёзмасам гар, эрта ёзарман.
Сиз бир қабоҳатни этмоқ-чун ошкор
Қанча тунларингиз кечгайдир бедор.
Чой узра хотиржам ўй суриб, сурмай,
Ўғил-қизингизни гоҳ кўриб, кўрмай,
Бир зум уйқусида боқиб кетасиз,
Ҳали уйга кирмай чиқиб кетасиз.
Сизга сокингина тонг бошламоқ йўқ,
Болишга бемалол ёнбошламоқ йўқ.
Ташвишли ҳар хату хабар ичрасиз,
Ҳамиша хавф ила хатар ичрасиз.
Дунёда яхшилар кўпдир муқаррар,
Ёмон ҳам кўп экан солсанг гар назар.
Шод этиб хун бўлган дилларингизни,
Сизга ким қайтарар йилларингизни?
Шараф деган сўзга шон берган ҳам сиз,
Тинчлик замонида жон берган ҳам сиз.
Токи яшар экан бидъат, жаҳолат,
Сизда ором бўлмас, бўлмас ҳаловат.
Шул сабаб энг гўзал дил сўзларини,
Осмоннинг энг ёрқин юлдузларини,
Сизнинг шаънингизга ўқилсин дейман,
Сизнинг елкангизга тўкилсин дейман.
1998
ҒАЛАБА!
Яна нима керак:
Жаҳон майдонига чиқди бир ўзбек,
Тупроқ томларимда улғайган лолам.
Бутун юрт бир қуёш,
Бир порлоқ юздек,
Жингалак сочингдан айланай, болам!
Азал ор-номусдан келган юртим-ей,
Бу оқшом бир яйраб,
Яшнаб юрдим-ей!
Ким айтди:
Ташнаю зор юрганлармиз?
Жаҳон майдонида от сурганлармиз.
От сурган қўлингдан айланай, болам,
Ўзбекча кулгунгдан айланай, болам!
«Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз» каломи,
Ҳикмат давомидай унинг давоми,
Эврилиб Ватанга тимсоллар бўлгай,
Фарзандлари ғолиб инсонлар бўлгай.
Ному нишонангдан айланай, болам,
Ёруғ пешонангдан айланай, болам!
Темур бобо солган қўрғонларгача,
Анҳоринг, сен ўсган айвонларгача,
Ўйлади ҳаққингга дуолар айлаб,
Сингиллардан тортиб султонларгача.
Шон, ғурур — кўркингдан айланай, болам,
Туз ичган юртингдан айланай, болам!
Яна нима керак:
Буни фарзанд дейдилар!
Она, Ватан, фарзанд пайванд дейдилар.
Бу ёруғ дунёда ҳали синовлар керак,
Ақлу заковатлар,
Қалби оловлар керак.
Ватан ўз-ўзидан Ватан бўлмагай,
Милён-милён Рустам Қосимжоновлар керак!
Ҳаддинг, шахматингдан айланай, болам!
Қадду қоматингдан айланай, болам!
2004.13.07
БАҒИШЛОВ
Қуёшу ой кеча-кундуз
азал посбони бўлган юрт,
Гўзал ×ўлпонларию ҳам
гўзал осмони бўлган юрт,
Сен, żй шаъни баланду ҳам
баланд айвони бўлган юрт,
Тикилсам гар, севинчдандир
кўзимдан кетмагай намлар.
Сени мен хасларингдан,
сасларингдан ўрганиб ўсдим,
Чинорлардай сабоғинг,
дарсларингдан ўрганиб ўсдим,
Бешикдан мен сенинг
ҳикматларингга бурканиб ўсдим,
Äилимда Яссавийлар,
Термизийлар ёқдилар шамлар.
Азиз сингилларим янглиғ
ниҳолинг, толларинг ўпсам,
Гулу гулшанлар ичра гул,
гул ичра холларинг ўпсам,
Дилу дилбандларинг айтсам,
асал ҳам болларинг ўпсам,
Менга шул анжуман басдир,
на даркор ўзга ҳамдамлар.
Ęаҳон ичра ғараз кўпдир,
ғалат иш кўпу ғулғул кўп,
Ватан танҳо бўлур, гарчи
жаҳонда шоҳу дулдул кўп,
Бу гулшанга бизим янглиғ
келиб кетгувчи булбул кўп,
Ватан, сен мангу бўстонсан,
баётим — сенга шабнамлар.
Саломат бўл, чекан жабру
ғаму оғриқларинг етгай,
Қўлинг етгай жаҳонларга,
қошу киприкларинг етгай,
Ўғил ҳам қизларинг етгай,
йўлу кўприкларинг етгай,
Тилай сенга саодатлар,
хуш айём, мангу байрамлар.
2000
ОНА ЮРТ
Баланд-баланд тоғларда
Бекорларга қор бўлмас.
Чирқираган полапон
Бежиз бир кун сор бўлмас.
Бўталари изидан
Келмаса гар нор бўлмас,
Юртинг — сенинг юзингдир,
Юртнинг ўзи бор бўлмас.
Оламга боқ — қанча боғ,
Қанча гулу чамандир.
Бир томони Чин-Мочин,
Бир томони Ямандир.
Бир жисм — жону тандир,
Ватан битта Ватандир,
Қаён борсанг — онангдай
Йўлларингга зор бўлмас.
Ўзингники шу гулшан
Ё куйинсанг ё суйсанг.
Дил кўзига жойлаштир
Ҳиллоларин “ё” син сан,
Атласлибос бир ёрнинг
Зулфларига осилсанг,
Бу дунёда бўйнингга
Бундан гўзал дор бўлмас.
Оқ ҳавога бурканмиш
Ариқларнинг бўйлари.
Соғинч бўлиб таралмиш
Сингилларнинг ўйлари.
Бунда — кўнглинг тўйлари,
Бунда — кўнглинг куйлари,
Терагингдай ёр бўлмас,
Толингдай дилдор бўлмас.
Ном қолдирсанг, изингдан
Шавкат ҳам шан қолдирсанг.
Тупроғига орингни
Сен тан-батан қолдирсанг,
Ҳар бир ўғил-қизингга
Эрку Ватан қолдирсанг,
Мардлар минган отларинг
Номардларга хор бўлмас.
2001
БАҲОР СУРХОНДАН БОШЛАНАР
* * *
Оламда соғинчлар
Нақадар бисёр,
Ҳар бир соғинчнинг ҳам
Ўз ранг, туси бор.
Ҳар йил “Ахборот”да
Бир хабар такрор:
“Бодомлар гуллади —
Сурхонда баҳор.”
Ҳар йил қиш ўртаси,
Ҳар шому саҳар,
Мен хабар кутгайман
Сурхондан — хабар.
Бир дамим минг йиллик
Сабрлар бўлгай,
Кунларим зер ила
Забарлар бўлгай.
О, ҳаёт! Мен сенга
Тармашганим рост.
Сен билан рангу бўй
Талашганим рост.
Сенинг бор айрилиқ,
Ҳасратларингни
Битта бойчечакка
Алмашганим рост.
Оламда ғамлар бор
Ниҳояси йўқ.
Қанча дард, аламнинг
Ҳикояси йўқ.
Билинтирмайгина,
Аста, беозор,
Ажиб якун ясар
Барига баҳор.
Бу тонг Бойсундаги
Тоғлардан эниб,
Бир ел бир севинчни
Еткизди келиб.
Кеч пайт “Ахборот”да
Шу бўлди такрор:
“Сурхонда бодомлар
Гуллади. Баҳор.”
О, баҳор! Мен сени
Кутганларим рост.
Йўлингга кўз тикиб
Ўтганларим рост.
Дилни сувлар қилиб,
Дилни сел қилиб,
Яна ўз ичимга
Ютганларим рост.
Бу кеч шамоллар ҳам
Эрка, ҳуркаклар.
Бу кеч қаламларим
Ёзгай куртаклар.
Менинг соғинчларим
Гуллаган диёр —
Онам айвонидан
Келдингми, баҳор?
Бир тандир хизмати
Бутун элга тан.
Бир ноннинг тафтида
Қанчалар Ватан.
Бир сингил дийдори
Гул янглиғ тансиқ,
Бир юрт муҳаббати
Қуёшдай иссиқ.
Йигитлигин қўмсаб
Боботоғим ҳам,
Кўкармиш, ёшармиш
Бобо боғим ҳам.
Майсаларин силаб,
Бермайин озор,
Отамнинг бошидан
Келдингми, баҳор?
Келдингми ул ёғоч
Сўриларимдан,
Қумрилар севишган
Мўриларимдан?
Унда зуволалар
Тутгай супралар,
Офтобга чиққайлар
Барча кўрпалар.
Чимилдиқдан чиққан
Келинчак янглиғ,
Бир кунлар бошланар
Ифорлиғ, ранглиғ.
Эсганда муаттар
Боди саболар,
Ер ҳам кўкка қилгай
Нозу иболар.
Мен бу кеч кўнглимни
Торлар айладим.
Бир чечак васлида
Зорлар айладим.
Баҳорим — умидим,
Зори жонимсан,
Сен — менинг дилдорим,
Ёри жонимсан.
Ирмоқдаги сув ҳам,
Қадрига етсанг —
Етгайдир бир юртни
Гар обод этсанг.
Озурда жонлар бор,
Зор кўнгиллар бор,
Обод айлагайсан
Энг аввал, баҳор.
Заҳматлар сунбулу
Суманлар бўлгай.
Фарзандлар соҳиби
Чаманлар бўлгай.
Азиз элдошларим,
Сизнинг соғинчлар
Менинг кўкрагимда
Ватанлар бўлгай.
Тошкент осмонида
Ажиб туғёнлар:
Етиб келмиш бу кеч
Абри найсонлар.
Келинг, ёмғирларим,
Қалдирғочларим,
Бағримда очиқдир
Барча айвонлар.
Мен бу кеч руҳимни
Зангор айладим.
Сен бирлан умримни
Рангзор айладим.
Менинг йўлларимга
Зору интизор
Зангор қирларимдан
Келдингми, баҳор?
О, ҳаёт! Мен сенга
Тармашганим рост.
Сен билан рангу бўй
Талашганим рост.
Сенинг бор айрилиқ,
Ҳасратларингни
Битта бинафшага
Алмашганим рост.
* * *
Минг йиллик ҳадислар
Гуллаган диёр.
Ҳикмат келтиргайсан
Энг аввал, баҳор.
Яъни, инсон умрин
Бори ҳикматин:
Эзгулик қийматин,
Умр зийнатин.
Дунё — бир томони
Ёнғинга тўла,
Бир томони меҳру
Соғинчга тўла.
Нур ўйнар ўтларнинг
Киприкларида,
Ел кезар Ҳайратон
Кўприкларида.
Ҳирот ёқларга ҳам
Ўтдингми, баҳор?
Кўкдан раҳматларинг
Тўкдингми, баҳор —
Навоий бобомнинг
Мозорларига,
Мозорлари чеккан
Озорларига?
Мангулик сорига
Айлаган сафар,
Мирзо Бобурдан ҳам
Олдингми хабар?
О, баҳор, бу дунё
Сотилган дунё,
Шоҳу султонларим
Сочилган дунё.
Мен бу кеч бир азиз
Онларга қайтай,
Шомлардан сўз сўраб,
Тонгларга қайтай.
Ковак ёғочлардай
Яшаб, оламда
Бир бор гулламаган
Жонларга айтай:
Ўтмаса кўкламнинг
Чақинларидай,
Ўшал чақинларнинг
Ёлқинларидай,
Умрин нечун яшар,
Нечун, одамзот?
Унинг ҳаётидан
Унга не мурод?
Чўпонлар ўй суриб
Олгунча мудроқ,
Таёғи кўкариб
Кетгувчи тупроқ,
Наҳот ибрат бўлмас
Одамга, наҳот?
Наҳот тупроқчалик
Эмас одамзот?
Тақир чўлларни ҳам
Айладинг бедор,
Бизга ўргатгани
Келдингми, баҳор?
Шўртан тупроғининг
Ёлқинларида
Сенинг хосиятинг,
Хислатларинг бор.
Кеча Самарқандда
Сочиб ифорлар,
Зангор гумбазлардан
Ювдинг ғуборлар.
Эртан бўй таратиб
Андижонларга,
Атлас кийгизурсан
Марғилонларга.
Гулбаданбегимдай
Безангай ҳаёт,
Бир нурлар қўйнида
Исингай ҳаёт.
Бу гулшан диёрим
Гулхона бўлгай,
Мендай шоирларинг
Девона бўлгай.
Майсажон, айт, тонгги
Табрикларингдан!
Ётиблар ўпайин
Киприкларингдан.
О, юртим! Оламга,
Рўйи заминга
Фақат баҳор ўтгай
Кўприкларингдан.
* * *
Нечун биз дунёда
Ор-номус деймиз?
Нечун мақсадларга
Дил фонус деймиз?
Нечун “Ватан” бизда
Энг қутлуғ калом,
Темур деб қўйгаймиз
Фарзандларга ном?
Ҳар бир гўдак бунда
Султон, улуғдек,
Юлдузларга боқар
Юз минг Улуғбек.
Бағринг тўла сенинг
Дарду оҳ, жаҳон,
Қара, ўсар бунда
Қанча Шоҳжаҳон.
Нечун бу тупроқда
Ҳар бир лола — шеър?
Юз минг боладан сўр,
Бари — Алишер.
Сўнмас ғурур, шондан
Бериб хабарлар,
Ўсиб улғаймоқда
Қанча Бобурлар.
Кеча Қаршидан бир
Полвонча келди,
Ўзи тўққиздаю
Осмонча келди.
Исми ҳам Алпомиш,
Кўкраги — баланд,
Улғайсам оламни
Енгаман, дейди.
О, ҳаёт! Мен сенга
Тармашганим рост.
Сен билан рангу бўй
Талашганим рост.
Сенинг бор айрилиқ,
Ҳасратларингни
Битта гул бешикка
Алмашганим рост.
Осондир Ватан деб
Фарёд айламоқ,
Гап сотиб шаънини
Барбод айламоқ.
Лекин улуғ ишдир —
Ташвишин торта,
Ватанда Ватанни
Обод айламоқ.
Эҳ-ҳе, ҳали қанча
Туғёнлар керак!
Қанча пок туйғулар,
Илҳомлар керак.
Қанчалар шерюрак
Темурхонлару
Қанча арслонюрак
Исломлар керак!
Нечун биз дунёда
Ор-номус деймиз?
Нечун мақсадларга
Дил фонус деймиз?
Баҳордай сертошқин,
Баҳордай озод
Яшаб ўтмаса гар,
Нечун одамзот?
Бу элнинг кўксига
Саболар келгай,
Имом Термизийдан
Дуолар келгай.
Эрта қуёш ўзи
Ерларга тушиб,
Сен учун ризқ эккай,
Насиба эккай.
Бу кеч ҳаволарда
Дийдор иси бор.
Бу кеч умидларим
Барг ёзар такрор.
Менинг соғинчларим
Гуллаган диёр —
Онам айвонидан
Келдингми, баҳор?
О, ҳаёт! Мен сенга
Тармашганим рост.
Сен билан рангу бўй
Талашганим рост.
Сенинг бор айрилиқ,
Ҳасратларингни
Битта қалдирғочга
Алмашганим рост.
2002
МУҲАББАТНИ ТАШЛАБ КЕТМАНГ БОҒЛАРГА
ЁШЛИК. БАҲОР. МУҲАББАТ
Асрлар бор — рўёдай,
Фасллар бор — муваққат.
Доим зангор дарёдай
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Умримда уч саҳарим,
Уч гўзал хуш саҳарим,
Менинг уч хушхабарим
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Соғинчлари қанотли,
Ёмғирлари новвотли,
Армонлари ҳам тотли,
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Айтсам дилда зоримдан
Гуллар унгай қорингдан.
Нишон йўғу боримдан
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Сен, эй синглим, сен оғам,
Ўтгай алам, ўтгай ғам,
Оламда энг олий дам
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Мангу карвон тириклик,
Дарду ҳижрон тириклик,
Надир, инсон, тириклик?
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Бўйу басти гул Ватан,
Бош-оёқ кўнгил Ватан,
Отин сўрсанг, бул Ватан —
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
Дунё арчаси ёлғон,
Қанча-қанчаси ёлғон.
Шудир ёдимда қолган:
Ёшлик. Баҳор. Муҳаббат.
2003
* * *
Қора кўзли Гулпари,
Шунчалар суюкмисан?
Холанг сени эркалар,
Қизмисан, кийикмисан?
Ерга боқсанг ер — қуёш,
Қирга боқсанг қир — ойли.
Сен холангдан гўзалу
Холанг сендан чиройли.
Бир савдо бор, мен уни
Дилга ҳавола қилай.
Кўчангдаги толингга
Мен бориб нола қилай.
Қизғиш бўлар осмонлар,
Қизил — асли қиз ранги.
Кўчангдаги толдан ҳам
Холанг сени қизғанди.
Дардларимни ўйноқлаб
Ариқчалар куй қилар.
Қора кўзли Гулпари,
Холанг сени тўй қилар.
Нурга тўлар уйлару
Баланд-баланд айвонлар.
Мен севги деб кетгайман,
Юрагимда ҳижронлар.
1985
ЎЗБЕКНИНГ “ЁР-ЁР”И
Ота уйнинг эшигидай эшик йўқ,
Оламни кез, Фарҳодингдай ошиқ йўқ.
Бу кеч тошу деворларинг сел бўлар,
Бу дунёда “Ёр-ёр”ингдай қўшиқ йўқ.
Ўстирганинг қизмиди ё гулмиди?
Қиз кўнглидан жаннатларга йўлмиди?
“Ёр-ёр”ингдан титроқ тушиб ойларга
Қўшилишиб оқиб кетар сойларга.
Ҳеч юртда йўқ қайрилмақош янгалар
Остонангга сочса тилло тангалар.
Ота эшик, қанча ифорларинг бор,
Қизинг билан кетар баҳорларинг бор.
Бу кеч тошу деворларинг сел бўлар,
Қанча нозик кўнгилчалар дил бўлар.
Не кечгайдир бундан кейин ҳолларинг?
Йиғлар бу кеч теракларинг, толларинг.
Бошинг узра нурли фалак айланар,
Осмон ўзи тутгай сенга ойналар.
Дуо энди отангдандир, халқдандир,
Қиз болага бахту толе Ҳақдандир.
Майли, етти иқлимларда тўй бўлсин,
Ҳар қарич ер ўлан бўлсин, куй бўлсин.
Оламни кез, бешигингдай бешик йўқ,
Бу дунёда “Ёр-ёр”ингдай қўшиқ йўқ.
2001
ЁДГОР ГУЛ
Бу ёруғ оламда бир гул туғилди,
Ўртаб тирикларнинг жону жисмини.
Боғда бор гулларнинг боши эгилди,
Ёдгора деб қўйдилар бу гулнинг исмини.
О, ҳаёт,
Бир ширин кулчаларинг бор,
Бешиклардан чиққан қўлчаларинг бор.
Қатор қилгин энди сен бор гулингни,
Қабул қилиб олгин ёдгор гулингни.
Бу дунё аслида алвон рангли гул,
Ёдгора, Ёдгора, гўзал, мунгли гул.
Кимни кутиб ўсдинг гуллар аро зор?
Капалакларнинг ҳам оталари бор.
Сенинг хаёлингми тонгги шабнамлар,
Меҳрдан сўйлашса — кўзингда намлар.
Эй, сен тоза ифор,
Бокира, эй гул,
Севгию соғинчдан хотира, эй гул!
Бизлар ҳаммамиз ҳам гулга ўхшаймиз,
Гул суйиб, гул сочиб, гуллар тўшаймиз.
Ҳаёт, муҳаббатдан кўйлак олиб бер,
Шу ёдгор гулингга бахту толе бер.
2001
ОЙ ИЗИДАН
(халқона)
Ой бу кеч сайҳондадир,
Нур тўла хирмондадир.
Ойни бу кеч кўрмаган
Бир умр армондадир.
Оҳ, бунчалар тўлиндир,
Ўн тўрт кунлик келиндир.
Ой десам, эртакда йўқ,
На ҳуру ғилмондадир.
Қиз боради сой билан,
Челагида ой билан,
Қилиқлари, нозлари
Каклигу жайрондадир.
Қиз десам, ойча экан,
Балдоғи ёйча экан.
Қоматию сочлари
Жанжалу исёндадир.
Йил кечару ой кечар,
Сувингдан ким ой ичар?
Сенга етган кўнгилнинг
Савлати қўрғондадир.
Жамолингга Яратган
Тўлин ойни қаратган.
Ерда сарсон қанча кўз,
Қанча кўз осмондадир.
Оҳ, бу қандай ой, дилим?
Кўксимдаги сой дилим.
Вой дилим, вой-вой, дилим,
Тошкану Сурхондадир.
2001
ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Булут эрмас, кўк узра тарқаган кўнгил гумонидур,
Гумон қилмак бу дамда бегумон дилнинг зиёнидур,
Кўкарган хор ила хаслар тирикликнинг нишонидур,
Баҳор айёмидур дағи йигитликнинг авонидур,
Кетур соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.
Нигорнинг чеҳраси гоҳ ишқ нақлидин эрур гулгун,
Гаҳи ҳусну латофат, гоҳи ақлидин эрур гулгун,
Букун боғим менинг ёр қадди нахлидин эрур гулгун,
Гаҳе саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,
Гаҳе саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонийдур.
Яна кўнгил қатидин кетди бир-бир занг гуллардин,
На хушдур етса кўксунгга муаттар чанг гуллардин,
Яна ўксук жаҳонингда талошу жанг гуллардин,
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардин,
Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳондур.
Кўйингда ончалар даҳр ичра қилмишдир бу дил зори,
Ки яхлит лоларанг ўлмиш харобот бирла кулзори,
Аламлар тарқалиб буткул, туганмиш ранжу озори,
Юзинг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,
Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.
Руҳимга иштиёқ солған зумуррад майсаси қирнинг,
Гўзал тушдир бу айёмлар, баёнин қилма таъбирнинг,
Букун етмоқдаман зимнига аста-аста бир сирнинг,
Не ерда бўлсанг эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
ўарибингға тараҳҳум айлагилким, анда жонидур.
1991
* * *
Баҳор бу йил ажиб пинҳона келмиш,
Кўнгиллар розига ин, хона келмиш.
Келиб ёр зулфини райҳон этиблар,
Кейин — гул, сунбулу райҳона келмиш.
Чечаклар бирла етмиш давру даврон,
Сарою боғу дашт жавлона келмиш.
Назокат ичрадир олам, мисоли
Малика оқ кийиб султона келмиш.
Ҳилол чиқмиш бу кеч кўк сийнасидан,
Кўрингким, ул нечук шарқона келмиш.
Кетар дил бул кеча минг дилрабодан,
Келинлар ғўра еб туғёна келмиш.
Сенинг, эй лоларух, пинҳон хаёлинг,
Кўз ичра айланиб, мижгона келмиш.
Адирлар лола жомидан тутар май,
Табиат хуш бўлиб, риндона келмиш.
Ёронлар, бу — баҳор эрмас, билингким,
Тириклик номидан шукрона келмиш.
2001
ГИЛОСЛАБ
Тошкент гилосидай сенинг лабларинг.
Бундай неъмат битмиш ҳаёт боғинда,
Муҳаббат боли бу — самар чоғинда.
Шом чоғи, тун чоғи, саҳар чоғинда
Тошкент гилосидай сенинг лабларинг.
Назокат нуқтасин жим шивирлашиб,
Аста пичирлашиб, секин сирлашиб,
Қўш гилос яралмиш гўё бирлашиб,
Тошкент гилосидай сенинг лабларинг.
Титраб тегинсалар — сўзки, ярашгай,
Уларга сукут ҳам сезги ярашгай,
Бу лабларга фақат севги ярашгай,
Тошкент гилосидай сенинг лабларинг.
Кўнгил деганларин шулар жоними
Ё ҳусн мулкининг шараф-шоними?
Мен орзу қилганим — гилос қоними?
Тошкент гилосидай сенинг лабларинг.
Дилни не ҳавою не рангдан узай?
Ҳижронга шувалган шевангдан узай.
О ҳаёт, шу асал мевангдан узай!
Тошкент гилосидай сенинг лабларинг.
Бир кун япроғимни узгайдир фалак,
Жоним олиб кетар самовий малак.
Шунда ҳам кўкларда ўйласам керак:
Тошкент гилосидай сенинг лабларинг.
2001
ҚУВОНЧ
Япон шамсияларин остида
Намхушгина юрган малаклар,
Қаранг: ёмғир эмас, аслида
Қувонч ёғдирмоқда фалаклар!
1980
ГЎЗАЛЛАР ЗИЁФАТИ
Ҳарир-ҳарир кўйлакларда юзиб келдилар,
Лаганларга юрагимни сузиб келдилар.
Нозик-нозик ўлтиришиб, сўнг ҳаммалари
Менинг кабоб юрагимни буткул едилар.
1991
ЭЙ ОЙ
Ҳаёт бир най бўлди, дил чалар бўлди,
Менинг ҳар бир дамим йилчалар бўлди.
Қилдай белларингга етгунча, эй ой,
Жон ҳам нозик тортиб қилчалар бўлди.
БОўДА
Анор юзларингга не бўлди, анор?
Сенга ким бунчалар тикилди, чарос?
Нега бир ёноғинг олдир, шафтоли?
Гилос лабларингдан ким ўпди, гилос?
БАҲОР ОҚШОМИ
Бу — баҳор оқшоми, фол, роми йўқдир,
Ҳеч юртнинг бу юртдай оқшоми йўқдир.
Қанча гуландомдан гул иси келгай,
Қанча дилоромнинг ороми йўқдир.
СЕНИНГ БИР ХОЛИНГ...
Фалак ўз ишини пухта қилмишдир,
Нақшини жисм ила руҳда қилмишдир.
Менинг бор хорлигу сарсонлигимга
Сенинг бир холингни нуқта қилмишдир.
ИККИ ЮЛДУЗ
Бу оқшом менингдир, бу айём менинг,
Бу соқий менингдир, бу Хайём менинг.
Кўкдан жилва қилса Сурайём менинг,
Ерда ишва айлар Муҳайём менинг.
1999
* * *
Инжа, нозик хол тушибдур
инжа бу лаб остида,
Тушмиш ул андиша айлаб
ўнг эмас, чап остида.
Ушбу холнинг ҳолатидин
сен менинг ҳолимни кўр:
Қалб аро минг битта доғу
мингтаси қалб остида.
Қошу мижгонлардин ул
холнинг қатор жаллоди бор,
Охир ўлгумдир, ёронлар,
бу қатор саф остида.
Эл аро овоза бўлдим
холга мен кўнгил бериб,
Ўтгай умрим, қолгум энди
бир умр гап остида.
2002
БЎСА
(Чўлпондан икки сатр)
Кипригинг, кокилларинг тундан узун бир кечада,
Сочларинг киприкларингга сўйлаган сир кечада,
Тушдайин оний, гўзал ҳам мисли тақдир кечада,
“Кел малак, кел, кел пари, кел, кел ўпай бир эркалаб,
Кел қуёш чиққунча ўптир, кел ўпай бир эрталаб”.
Кел ўпай сайёралар ҳам ою юлдузлар қадар,
Ҳеч туганмас эсдаликлар кеча кундузлар қадар,
Дарду ҳижрону фироғу дилда илдизлар қадар,
Кел малак, кел, кел пари, кел, кел ўпай бир эркалаб,
Кел қуёш чиққунча ўптир, кел ўпай бир эрталаб.
Қош билан киприкларинг, кокилларингдан тенг ўпай,
Кўзларингни зулфларинг, бўйинларингдан сўнг ўпай,
Юзларингдан юз ўпай, лаб, тилларингдан минг ўпай,
Кел малак, кел, кел пари, кел, кел ўпай бир эркалаб,
Кел қуёш чиққунча ўптир, кел ўпай бир эрталаб.
Гул ёноғинг қолмасин, балдоқларинг ҳам қолмасин,
Кафтларингда тафтларинг, бармоқларинг ҳам қолмасин,
Бир ўпайки тонггача титроқларинг ҳеч қолмасин,
Кел малак, кел, кел пари, кел, кел ўпай бир эркалаб,
Кел қуёш чиққунча ўптир, кел ўпай бир эрталаб.
Беркиниб турган қаро холингни ҳам охир топай,
Сўнг авайлаб мен уни киприкларим бирлан ёпай,
Кўзларим бирлан ўпай, киприкларим бирлан ўпай,
Кел малак, кел, кел пари, кел, кел ўпай бир эркалаб,
Кел қуёш чиққунча ўптир, кел ўпай бир эрталаб.
Кел малак, сўйлаб адо қилгил мени бул қиссадин,
Ўлмагум оламда мен дарду балою ғуссадин,
Бўсадин кулдир мени, куйдир ва ўлдир бўсадин,
Кел малак, кел, кел пари, кел, кел ўпай бир эркалаб,
Кел қуёш чиққунча ўптир, кел ўпай бир эрталаб.
Сўнгра шириндан шакар сўз, гапларингга кўм мени,
Кўзларинг, киприкларинг ҳам лабларингга кўм мени,
Кафтларингга кўм мени, сўнг қалбларингга кўм мени,
Кел малак, кел, кел пари, кел, кел ўпай бир эркалаб,
Кел қуёш чиққунча ўптир, кел ўпай бир эрталаб.
1999
БИР ТУРЛАНГУВЧИ ГУЛ
Бу қандай гул? Бу қандай гул?
Гаҳи қор, гоҳи қондай гул.
Мен унга гапларим айтсам,
У менга баргларин бергай.
Қади ҳам бўйни зарҳал гул,
Яқоси, қўйни зарҳал гул.
Мен унга зорларим айтсам,
У менга зарларин бергай.
Қабоғи узра нурлар бор,
Қабоси ичра дурлар бор.
Анга ашкимдин арз айтсам,
Манга шабнамларин бергай.
Паришон ҳолу боғимдан,
Куйиб кетган димоғимдан,
Десам дилда ямоғимдан,
У менга барларин бергай.
Жудолик исли эпкинлар
Букун боғимда эркинлар.
Мен унга доғларим айтсам,
Менга анбарларин бергай.
Тун ичра чирма ёлқин гул,
Гаҳи тинч, гоҳи тошқин гул.
Мен унга дардларим айтсам,
У менга лабларин бергай.
1990
ХОРАЗМЧА
Бир гул кўрдим нақши нигор шаклинда,
Камзуллари боғу баҳор шаклинда,
Қаро кўзи лайлу наҳор шаклинда,
Икки зулфи мор, аждаҳор шаклинда,
Бул иккиси тун-кун бедор шаклинда.
Баланд боғнинг олмаю оранжи бор,
Боғ ортинда Хеваю Урганчи бор.
Бир сўз десам андаккина ранжи бор,
Бул санамнинг икки ниҳон ганжи бор,
Барглар аро икки анор шаклинда.
ўунча лаби ғунчаларни сўлдурур,
Асли ғунча деганлари шулдурур.
Кулгичлари куйдурур ҳам кулдурур,
“Галдингизми” дейишлари ўлдурур,
Қурбонлари қатор-қатор шаклинда.
Қуёш чиқса шул санамнинг юзиндан,
Олам кечар ойиндан, юлдузиндан,
Даъво қилмай дилнинг ёзу кузиндан,
Гурлангача кетай анинг изиндан
Гоҳи хазон, гоҳи ғубор шаклинда.
Энди биза бир гап бўлса гул сабаб,
Хоразм, ай, ҳолимиза қўй қараб.
Энди билдик, ишқ элина ўт қалаб,
Ҳофизларинг куйласалар, шул сабаб
Шамойили селу себор шаклинда.
1998
ҚУЁШ ҚИЗИ
Бу қизнинг офтобда қорайган юзи
Ранг олиб яшади қиш бўйи қордан.
Бу қизнинг офтобда қорайган юзи
Қордай оппоқ бўлиб келди баҳорга.
Офтобда қорайган елкаларини
Қиш бўйи қорлардан яширди бу қиз.
Офтоб нури эмган билакларини
Қиш бўйи қорлардан яширди бу қиз.
Қиш бўйи бу қизнинг баданларини
Қорлардан яширди иссиқ палтолар.
Барибир, бажарди айтганларини,
Қизни оқартирди барибир қорлар!
Бу қиз ечинаркан кўзгу олдида
Лол қотиб термулди ўзига у кун:
—Елкамни қай йўсин кўриб қолди-я,
Қорлар баданимни кўрмаганди-ку?
Қуёш ўт пуркайди. Ёз. Кўриб қолдим
Қирғоқда бу қизнинг кўйлакларини.
У қуёшга тоблаб, қорайтирарди
Қордай баданини, елкаларини.
1978
СЕВГИ ҲАЗИЛИ
Сен гўзал, нозанин, дилрабо, дилдор,
Нега тушунмайсан гапга, билмайман,
Бутун ҳаётимда энг севикли ёр,
Мен сени ҳеч қачон хафа қилмайман.
Сенинг-чун яшайман оламда, ишон,
Шунинг-чун дунёни чаппа қилмайман.
Мен хафа қилмайман сени ҳеч қачон,
Сенга ўхшаганларни ҳам хафа қилмайман.
2003
* * *
Чарақлайди тун ичра юзлар,
Кулгулари шарқирайдилар.
О, бу қизлар,
Бу офат қизлар
Қиличлардай ярқирайдилар.
Камон қошлар,
Бу камон қошлар,
Тиғсиз, ўқсиз яралайдилар.
Жаллод кўзлар,
Қаттол қарашлар
Қиличлардай чарақлайдилар.
Суйган кўнгил — саодатлидир,
Султонга ҳам кулсин омадлар.
О, бунчалар назокатлидир
Қилич қўллар,
Қилич қоматлар!
Ўз дилимни кулдиролмаган
Мени — севгим ёди сўлдирар —
Ҳеч қандай дард ўлдиролмагай,
Қиличдайин қизлар ўлдирар.
2002
ИККИ ДИЛ ҒАЗАЛИ
Бул кеча шаҳду шакар бирлашдилар,
Икки дил, икки шаҳар бирлашдилар.
Бир-бирига етди охир икки хат,
Бул кеча зеру забар бирлашдилар.
Икки дарё, икки юлдуз, икки нур,
Мисли икки хушхабар бирлашдилар.
Бул кеча шому саҳарсиз кечадир,
Икки оқшому саҳар бирлашдилар.
Бўлмагандай барча ҳижрону алам,
Икки дил охир агар бирлашдилар.
Икки жон, икки жаҳон бир тан бўлиб,
Икки оғуш бир камар бирлашдилар.
Осмон ҳам бехабар қолмиш, ажаб,
Бул кеча шамсу қамар бирлашдилар.
1998
ТАКЛИФНОМА
Укам Фурқатга
Шафтолилар баргидан
ранглар кетар, ёр-ёр,
Ҳовлимизда оппоқ, ойдин
тонглар отар, ёр-ёр.
Ёшлик ҳам бир тўй сингари
ўтар-кетар, ёр-ёр,
Сиз келсангиз кўнглимиздан
занглар кетар, ёр-ёр.
ТИЛАК
Кўчалардан кўтариб
ўтганинг бешик бўлсин,
Уйингдан чиққан овоз
алла ҳам қўшиқ бўлсин.
Қиз кўрсанг, Ширин каби
ширин бўлсин, озода,
Ўғил кўрсанг, камида
Фарҳоддай ошиқ бўлсин.
1993
МУВАШШАҲ
Шаҳр аро шарҳи дилимни битта дилдош билса бас,
Ер билан осмон аро ул менга сирдош билса бас.
Ранг-барангдир одамининг зоҳирию ботини,
Аслини қайдин билурсан, сабру бардош билса бас.
Лола бағрида ниҳон доғларга завқинг келмасин,
Ишқини Лайлога Мажнун айлади фош, билса бас.
Жоми бахтим ичра кўрсам изтиробим жилвасин,
Ўзлигимни ўзгалар кўзиндаги ёш билса бас.
Равзаи жисмим аро минг андалибнинг оҳи бор,
Андалибни андалиб дўсту қариндош билса бас.
Етти қат ер, етти қат кўк, водийи ҳижрон дилим,
Водийи ҳижрон дилимни битта дилдош билса бас.
1998
* * *
Мен ишқ элининг нолаю афғонида куйдим.
Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим.
Меҳрин тилабон ўтса агар ошиқи зорлар,
Меҳримни бериб мен эса товонида куйдим.
Мушкул эди йўл, ранж ила изҳориға етдим,
Сизлар кўйида, мен эса домонида куйдим.
Ташбеҳига, ҳолим будурур, ўзга қиёс йўқ,
Соч толасидай чоки гирибонида куйдим.
Ишқ аҳли фироғинда фиғон этса агар, мен
Ёнида юриб, ёнида ҳижронида куйдим.
Дунёйи азалнинг ғазалий матлаъи булдур:
Бошлаб ҳама ишни они поёнида куйдим.
Ҳам меҳнати, ҳам миннати, ҳам заҳмати — борин
Жон жомиға жамлаб, дағи уммонида куйдим.
1988
ТОТЛИСАСНИНГ ҚЎШИҒИ
Кетмай ҳали найсон атри,
Келиб келмай хазон фасли,
Бахтсизманми ва ё бахтли,
Ёшлигим, тарк этма вақтли,
Куним дардли, кечам дардли.
Муҳаббатим сиймоблари
Кўкнинг юлдуз моҳтоблари.
ўуборлидир офтоблари,
Дилим доғли, гулим гардли,
Куним дардли, кечам дардли.
Соғинчларим шиғил-шиғил,
Ярми сориғ, ярми яшил,
Ўз ишқимдан ўзим хижил,
Қани ёрлар садоқатли?
Куним дардли, кечам дардли.
Дил баргидан кўчган оҳим,
Менинг куйга тушган оҳим.
Соз куйларсан эй, Иброҳим,
Қўшиқ ҳам бир армон асли:
Куним дардли, кечам дардли.
1998
УЙҚУЛИҚ БАХТ
М.Н.С.Н.
На хуш бўлғайки бир кун
уйқулиқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар тори мўйидек
белига чирмашиб ётсам.
БОБУР
Жоми бахтим эрди доим гоҳ қурум, гоҳ қуйқалиқ,
Нозанин кўрдим у кун, бир нозанинким уйқулиқ.
Қошу мижгонлар қабоқлардан хабар олмас эди,
Уйқусида айлагим келди анга бир хуш қилиқ.
Оқ бўйинда ухлаган зулфлар аро олдим нафас,
Оқ бўйинда холининг атрофлари бир хуш, илиқ.
Кафтларим оташ эдию ул санам оташ эди,
Қўл юборсам ҳам куярдим, гар юбормам — куйгулиқ.
Мен унинг ноз уйқусидан жон била олдим ҳаво,
Уйқуси дарё эди, ул нозанин бир оқ балиқ.
Сочларидан тола-тола танладим дил торига,
Шунгача бўлган ҳаётим риштаси қолди юлиқ.
Олгил умрим боғидан бор гулларинг, тақдири ҳақ,
Суйгулик қилсанг мани қилгил шу гулга суйгулиқ.
Кўрганим бул бари, дўстлар, туш эди, рўё эди,
Ул менинг бахтим эдию, бахтим эрди уйқулиқ.
1998
БИР ГУЛ ҚИССАСИ
Неки ҳурлик бор эди сен шул эдинг,
Фақатгина ўз ҳуснингга қул эдинг.
Ҳатто шабнам ўпмаган бир гул эдинг,
Бир бедардга хотин бўлдинг сен, Раъно.
Дунёданми шундоқ кўнгил узарлар,
Бу дунёда фақат кўнглинг бузарлар.
Ўтганингда жимиб қолса гузарлар,
Зоҳир кулдинг, ботин сўлдинг сен, Раъно.
Шунча йиллар дилда нени асрадинг?
Эй пок чашма, қай қумларга сачрадинг?
Чой дамласанг, чойдай аччиқ ҳасратинг,
Ўз ғамингга отин бўлдинг сен, Раъно.
Сочлар ўксук — ул шўху шан жилғалар,
Надин титрар зулфлар аро сирғалар?
Алар тунлар ҳали узоқ йиғларлар,
Қисмат шўрин тотин билдинг сен, Раъно.
Кўксинг ичра доғинг — лоланг бир томон,
Нигоҳингда пинҳон ноланг бир томон,
Қизинг бир ён, маъюс боланг бир томон,
Оҳ, бунчалар нотинч бўлдинг сен, Раъно!
Ким айтадир бу дунёда дил харжин?
Надин гул чеҳрада бир тола ажин?
Ачингил, ўз ҳаётингга сен ачин!
Бул азобнинг отин билдинг сен, Раъно.
...Мен бир гулдан айтдим, бағри бутунлар,
Бул қиссани гул баргига битинглар.
Бағрим ёрсам, ўрлаб чиққай тутунлар,
Қай уйларга ўтин бўлдинг сен, Раъно?
1993
АЛАМЛИ ДУНЁДА
Қўлларим шохлардай зор қолган кунлар,
Дил кетиб, валекин ор қолган кунлар,
Узун мижгонларда қор қолган кунлар,
Сен кетдинг, музлади ўнг ила сўлим,
Аламли дунёда аламли гулим.
Сувларда садосиз синдилар ойлар,
Афсундай жим, сокин оқдилар сойлар.
Тугунларин ечиб йиллар ва ойлар
Ўтдилар, сен ҳамон тили тугуним,
Аламли дунёда аламли гулим.
Сендин сўнг кўнглимни беомон янчиб,
Не санамлар ўтди ўзича ранжиб,
Баланд пошналарин кўксимга санчиб,
Бевақт сўлдирдилар сеҳру жунуним,
Аламли дунёда аламли гулим.
Мунғайиб қолдилар умид боғлари,
Мангу зирқирайди бағир доғлари,
Боғларнинг дудлари ҳамда зоғлари
Менинг фиғонимдир ҳам менинг кулим,
Аламли дунёда аламли гулим.
Бу ҳолим кўрганлар тақдир, дейдилар,
Тақдир азал-азал ҳақдир, дейдилар.
Чин қалблар ҳамиша тоқдир, дейдилар.
Қандай санъатдир бу, қандайин илм?
Аламли дунёда аламли гулим.
Сенга хотиралар мунглар келтириб,
Менга тирикликдан айтиб, билдириб,
Куйган кўкламларим ўрнин тўлдириб,
Кўксимда яшайди энг гўзал ўлим,
Аламли дунёда аламли гулим.
1991
ХОЛ
Сокин сайҳонликда толғин тол қўнган,
Толнинг шохларига ҳилол дол қўнган.
Ишқнинг қирчиллама иқлимларида
Жон қуши жисм аро бемажол қўнган.
Жон қушин бир четга қўйиб ўйлайман:
Зулфларинг остида битта хол қўнган.
Айланиб айлона қошларинг аро,
Юзларинг яшнатиб ёшларинг аро,
Тола-тола бўлиб сочларинг аро
Тонг чоғи кетгувчи бир шамол қўнган.
Шамолни бир четга қўйиб ўйлайман:
Зулфларинг остида битта хол қўнган.
Кечалар майсаси — узун мижгонлар,
Юлдузлар чашмасин кўкдан ичганлар,
Дилдан тошқин чиқса алар кечганлар.
Аларда бул замон ажиб ҳол қўнган:
Ё савол қўнгандир ё малол қўнган.
Аларни бир четга қўйиб ўйлайман:
Зулфларинг остида битта хол қўнган.
Сен билан дунёни келишолмадик,
Юлдузни осмонга алишолмадик,
Сенинг бир холингни бўлишолмадик.
Шундай бўлса ҳамки кўнгил тубида
Холингга хайрихоҳ бир хаёл қўнган.
Дунёни бир четга қўйиб ўйлайман:
Зулфларинг остида битта хол қўнган.
1990
СОҒИНЧ ТАҲЛИЛИ
Бировнинг соғинчи эзди кўп ёмон,
Дўстим, бу фоже бир ўзимга аён.
(Эски дафтардан)
Бировни соғинмай яшамоқ оғир,
Соғиниб яшамоқ ундан ҳам оғир.
Бу ҳам етмагандай, уч кундан буён
Ёмғиру ёмғир.
Соғинч дийдирайди лойгарчиликда,
“Чилп-чилп” товуш келар.
Йиллар ўприлар.
Дарёлар тошади,
Беланчаклардай
Жим оқиб кетгайлар осма кўприклар.
Тошлар шу соғинчнинг ёшлари эрур,
Соғиниб-соғиниб тошга айланган.
Кўнглим тугунларин ечолмайман мен,
Улар соғинч билан бойланган.
Мен қачон чалиндим ўзи бу дардга,
Бу соғинч касалин юқтирдим қачон?
Қора булут янглиғ соғинч йилларки
Руҳимда муаллақ турибди ҳамон.
На тарқаб кетгайдир ва на йиғлайди,
Ойлар ўтган сайин у қуюқ, қуюқ.
Шул сабаб музлайман саратонларда,
Ёмғирлар остида кетгайман куйиб.
Соғинч айрилмайди мендан бир нафас,
Доим бирга борар меҳмонга, тўйга.
Мени ўтиргани қўймайди соғинч,
Эзилиб кетяпман, кетдик дер, уйга.
Дунё пойафзалдай пойгакда қолар,
Ёниқ қолдираман даҳлиз чироғин.
Соғинч ўзгаларни кўкартирса гар,
Мени куйдиради охир бу соғинч.
Ўзимни силкитсам — барглар тўкилар,
Хазонимни кўргил, хазонрез боғим!
Умр ўтмоқдадир.
Лекин бир умр
Ўтмай сил қилади мени бу соғинч!
Сени соғинмасдан яшамоқ оғир,
Соғиниб яшамоқ ундан-да оғир.
Сени соғинаман ёнингда юриб,
Бу ҳам етмагандай — ёмғиру ёмғир.
Соғинч пўстин янглиғ босар елкамдан,
Бўйнимга шарф янглиғ ўраладир у.
Кураб ташлаш мумкин ёққан қорларни,
Соғинч — мангу қордир,
Куралмайди у.
1988
БИЗ МУҲАББАТ ҚИССАСИ
Чўпонқулга
Бу дунёда бир мунгли куй
Бир ғамгин қўшиқ бўлдим.
Ўзга юртда, сизга айтсам,
Бир қизга ошиқ бўлдим.
Бу мамлакат эртак азал,
Бу мамлакат бир титроқ.
Қайинлари қиздай гўзал,
Қизлари қайиндай оқ.
Äалаларда қорайган бир
Ўсмир эдим, ёронлар.
Ўзга юртда дилга тақдир
Солди ажиб бўронлар.
Маринани кўрган куним
Ҳушлар учди бошимдан.
Мендан кечди жону таним,
Маза кетди ошимдан.
Гоҳи чақин, ипакдай гоҳ
Майин эди Марина.
Оқ қайинлар ичра танҳо
Қайин эди Марина.
Ўзга юртда ўз дилимга
Овчи бўлдим мен ўзим.
Ўзим гувоҳ, ўз гулимга
Совчи бўлдим мен ўзим.
Ишлар келса бароридан,
Мадад бергай Оллоҳ ҳам.
Ўзга юртнинг бозоридан
Топилди бир мулло ҳам.
Бу мамлакат эртак азал,
Бу мамлакат бир титроқ.
Қайинлари қиздай гўзал,
Қизлари қайиндай оқ.
Таровату чиройига
Бойланди бор тоқатим.
Бу диёрда ишқ-муҳаббат
Бўлди фақат овқатим.
Олтиндарё сочларига
Сочдим олтин ғазаллар.
Маринанинг лабларидан
Ичдим фақат асаллар.
Унинг учун адо бўлдим,
У-чи, менинг адойим.
Тўққиз ою тўққиз кунда
Ўғил берди Худойим.
Бу дунёда энди мену
Сенга тараф йўқ, ўғлим.
Қошу сочи қоп-қораю
Кўзлари кўм-кўк ўғлим.
Ўзга юртнинг қўшиғини
Айтиш керак бир куни.
Қанча гўзал бўлмасин у,
Қайтиш керак бир куни.
Оқ қайинлар чайқаларди,
Олам яшил, нофармон.
Қалдирғочлар келган саҳар
Éўлга чиқдик учовлон.
Бу мамлакат эртак азал,
Бу мамлакат бир титроқ.
Қайинлари қиздай гўзал,
Қизлари қайиндай оқ.
Бунда кўнглим япроқ ёзди,
Яшнади гул баҳори.
Алвидо, эй Ларисалар,
Наташалар диёри!
Дарё бўлиб тўлдим сенда,
Балки бошқа тўлмасман.
Бир кун қайтиб келгум балки,
Балки қайтиб келмасман.
Салом сизга, бир замонлар
Шабнам ичган ерларим.
Товонимда тафти қолган
Сўқмоқларим, қирларим.
Кириб келдик, бошимиздан
Онам сочди тангалар.
Таомил деб, дойра чалди,
Ўлан айтди янгалар.
Отам аввал аразлаб, сўнг
Ағдардилар ҳўкизни.
Маълум қилиб, ош бердилар
×ақириб эл-улусни.
Кунлар шундай ўтаверди
Сокин-сокин сойлардай.
Ёрим менга ҳамдам эди
Осмондаги ойлардай.
Аста-секин тил чиқарди
Полапоним, полвоним.
Қолмаганди гўё менинг
Ҳеч ғамим, ҳеч армоним.
Бироқ не ҳол, суйганимнинг
Бағрин бир кун õун кўрдим.
Кўзларининг тубларида
Ўқиб бўлмас мунг кўрдим.
Бунда кунлар зерикарли,
Ҳаммаёқ тупроқ деди.
Мен шаҳарга ўрганганман,
Бул эса қишлоқ деди.
Бу дунёда бир мунгли куй,
Бир ғамгин қўшиқ бўлдим.
Нечун, дўстлар, ўзга юртнинг
Қизига ошиқ бўлдим?
Кетди ёрим, бу савдони
Тақдир деб йўйиб кетди.
Ўғлим кетди бирга, юрак
Бағримни ўйиб кетди.
Кунлар шундай ўтаверди
Сокин-сокин сойлардай.
Ёрим мендан йироқ эди
Осмондаги ойлардай.
Юпатгайман баъзан хомуш
Бўлиб қолган онамни.
Бир дардим бор лекин, айтсам
Ёндиргайдир оламни.
Соғинтиргай гоҳи-гоҳи,
На тўйлар, на ўйинлар —
Қизлар янглиғ сарвиқомат,
Қизлардай оқ қайинлар.
Баъзан эса тушларимга
Кирар дўмбоқ, шўх ўғлим.
Қошу сочи қоп-қораю
Кўзлари кўм-кўк ўғлим.
1995
* * *
Таõир бўлди муҳаббатим мевалари,
Ғубор ичра қолди яшил тепалари.
Қаёнларга тарқаб кетди тевалари?
Сарсондирман тополмайин карвонимни.
Дунё ҳазин, дунё ҳазин кўзларима,
Одамлари ҳайрон ғамгин сўзларима.
Боқиб алам из қолдирган юзларима,
Ҳеч ким билмас дардимни ҳам дармонимни.
Шудринг эмас, тун ичра кўнгил йиғлаган,
Бир тун эмас, бу кўнгил минг йил йиғлаган.
Сингилларим сўйлашиб сел-сел йиғлаган,
Исми надир, билмайдирман, армонимни.
Уни гулу савсанлардан тиклагандим,
Хаёллари равшанлардан тиклагандим.
Ярқираган оҳанглардан тиклагандим,
Мунг босдику чарақлаган қўрғонимни.
Жимирлайди кўкда кузак юлдузлари,
Зирқирайди кўксимда ишқ илдизлари.
Нола қилсам кечалари, кундузлари,
Қайдин топгум кетган давру давронимни?
Ё раб, нечун бағрим бунча тилкаладим?
Лолазорга айландику елкаларим.
Елкаларим узра бўйлар укаларим,
Аларга бер мен бой берган имконимни.
1991
* * *
Эсиз, эпкинларинг, эсиб кетдими?
Сендин шиква айлаб, безиб кетдими?
Тошлар дил қасрингни бузиб кетдими?
Вайронам, ўзингни ўнглай олмайсан.
Дунё мунғираган бир ғариб уйдир.
Аввали, охири кўринмас куйдир.
Сен ўзингни куйдир, мени ҳам куйдир,
Куймасанг бу куйни тинглай олмайсан.
Тунлар бўйнидаги ёқут маржоним,
Ярми қоним бўлса, ярмиси жоним.
Қўйнимда тўлғонган гўзал илоним,
Сен буни ҳеч қачон англай олмайсан.
1990
ДЕВОР
Ўртамизда ўсди девор, ўсди девор,
Мени сендан, сени мендан тўсди девор.
Иккимизга надир бўлди, сезди девор,
Охир бизнинг кўнглимизни бузди девор.
Сен деворга нолон қушдай урилгайсан,
Йўл тополмай юлингайсан, куйингайсан.
Билмам, яна қанча йиллар урингайсан,
Ёлғизликнинг ёздиғини ёзди девор.
Бу деворга кор қилмагай ҳижронларинг,
Юзинг юлиб, бўйнинг юлиб ҳам жонларинг,
Гилам узра қондай сачрар маржонларинг,
Қизил гулни шамшир бўлиб кесди девор.
Девор аён, қолган бари ниҳон кетди,
Бизнинг кўнгил бу йўлларда ёмон кетди,
Ўртадаги гўзал парда қаён кетди?
Ўртадаги ипларни ҳам узди девор.
Мисданмиди асли тилло узугимиз?
Уй ўрнига девор берган тузумимиз.
Кўксимизда йиғлаб ўтар узумимиз,
Бул узумдан шарбат қилиб сузди девор.
Йиғламагил, қўшиғимиз девор бўлди,
Бирга қурган эшигимиз девор бўлди,
Орзу этган бешигимиз девор бўлди,
Иккимизни гиёҳ янглиғ эзди девор.
1990
ПУШАЙМОН АЙВОНИДА
На айвондир пушаймоннинг айвони?
Қўлдан кетган ёшлигингнинг жайрони.
Гули гулмас, ифор сочмас райҳони,
Бунда дарду оғриқларинг кайвони,
На айвондир пушаймоннинг айвони?
Сен ичган ҳам ичмаган жом, соғарлар,
Булут янглиғ хотирангни соғарлар,
Ёмғирлари юрагингга ёғарлар.
Хазон тўшаб, хазон сочар ҳар ёни,
На айвондир пушаймоннинг айвони?
Кўрганларинг қадр билмас ёрлардан,
Онанг чеккан зорлардан, озорлардан.
Сўрай десанг томидаги қорлардан,
На томи бор, на-да бордир нарвони,
На айвондир пушаймоннинг айвони?
Ким кўргайдир хатоларин, ким кўрмас,
Бу айвоннинг пештоқлари кун кўрмас.
Қалдирғочлар бунда ҳаргиз ин қурмас,
Иморатми ва ё кўнгил вайрони,
На айвондир пушаймоннинг айвони?
2001
* * *
Умр аста айланмоқда азиятга,
Ёзганларим ўõшаб борар насиҳатга.
Қай гўшага борсам ундан боқар дардим,
Ўз онамнинг сочларини оқартирдим.
Деворларни тирнаганда барги хазон,
Нечун жисмим зирқирайди ўша замон?
Кўнгил, кўнгил, қай йўлларда тўкилдим мен?
Сени охир ўз майлимга қул қилдим мен.
Нечук хирмон бўлди уйган бу хирмоним,
На буғдойим аёндиру на сомоним?
Юлдузларга боқсам совуқ ел келади,
Юзларимдан шу он қайноқ сел келади.
Тутган янглиғ хору хаснинг уволлари
Жой сўрайди мендан кузак шамоллари.
Лек мен ўзим қай ҳолда ва қайдадирман?
Адирларда қолиб кетган чайладирман.
×айладан ҳам тушади-ку ойнинг нури,
Не ҳолларга солдинг мени фалак ҳури!
1993
* * *
Ой нурлари ёйилади сайҳонларга,
Томлар оша ўтар сўнгра айвонларга.
Айвонларда ниҳолдайин келинчаклар
Нечун маъюс тикилади осмонларга?
Бу айвонлар кўз олдимдан кетмай қолди,
Ойлар, йиллар тўхтаб, гўё ўтмай қолди.
Кўнгил, сенинг гўзал доғинг битмай қолди,
Нечун бунча дўст бўлдинг сен армонларга?
Мен онамнинг тушларига кирган ўғил,
Кўксим ичра аламларим шиғил-шиғил.
Эй дунё, сен меҳру мурувватинг қўйгил,
Йўргакладинг мени ҳажру ҳижронларга.
Ой нурлари ёйилади сайҳонларга,
Томлар оша ўтар сўнгра айвонларга.
Айвонларда ниҳолдайин келинчаклар
Нечун маъюс тикилади осмонларга?
Қанча райҳон хаёлларим пайҳон бўлар,
Сайҳонлар қир, қирлар текис сайҳон бўлар.
Эй дил, бир кун теграларинг райҳон бўлар,
Ишим бўлмас менинг ул кун райҳонларга.
1992
БОЙСУН ҚЎШИҒИ
Фарҳод Аъзамга
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бу доғларим мени букун доғлар-ей.
Мен бахт эдим, мен бахт эдим, бахт эдим,
Само айтгил, қани ўшал чоғлар-ей?
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бошим олиб кетай сизга тоғлар-ей.
Кимгаки ёр бўлдим — дилим оғриди,
Орзулар хор бўлди — дилим оғриди.
Кафтларимга қадалмоқда юлдузлар,
Дўстлар, менинг қизил гулим бор эди.
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бошим олиб кетай сизга тоғлар-ей.
Ошиқ бўлдим, қўшиқ бўлдим, ишқ бўлдим,
Ишқим бирлан осмонларга хеш бўлдим.
Нима бўлди бу дунёйи бечора,
Мен минг бор ёз, минг боралар қиш бўлдим.
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бошим олиб кетай сизга тоғлар-ей.
Кўзларми ё қаро қошлар азизроқ?
Кулгуларми ё кўзёшлар азизроқ?
Бу кўнглимни буюк тоғлар тушунгай,
Менга букун тоғу тошлар азизроқ.
Армонлардан юрагимда доғлар-ей,
Бошим олиб кетай сизга тоғлар-ей.
1984
АЙРИЛИҚ
Барҳаётман, демагил,
Дунёга келган кунинг
Илк бор чинқириб тўккан
Ёшингдадир айрилиқ.
Бир кун дарё сочларга
Дарё бўлиб етгунг бор.
Дарё ўтар, ўн саккиз
Ёшингдадир айрилиқ.
Мажнундай кетолмайсан,
Бирор жонзот топилмас.
Оҳулари йўқ тоғу
Тошингдадир айрилиқ.
Йигитликнинг шомида
Ногоҳ англаб қолурсан:
Ичган ҳар қултум сувинг,
Ошингдадир айрилиқ.
Шунинг учун бардам бўл,
Умринг — эҳсондир. Чунки
Азалдан осмон каби
Бошингдадир айрилиқ.
1988
ГУНГЛАР ТЎЙИДА
Менинг оқ атиргулим,
Чиқиб келгил уйингдан.
(Ўша тўйда айтилган қўшиқдан).
Ҳеч ким чақирмади мени.
Мен ўзим келдим,
Гувоҳ бўлмоқ учун тилсиз тақдирга.
Келиннинг онаси — қартайган ҳасрат,
Суяниб ўтирар эди тандирга.
Бунда ҳамма тинмай гапирар эди,
Ким иш буюрарди, лоф сотарди ким.
Шакаргуфтор эди диёнбегилар,
Келиннинг онаси ўтирарди жим.
Бунда ҳамма нарса чинқирар эди,
Ўчоқлар, пичоқлар бари — чинқириқ.
Чинқириб ётарди сўйилган қўйлар,
Қозонлар қайнарди чатнаб, чинқириб.
Куёв турар эди айбдордай абгор,
Бийрон жўраларнинг қуршовида гунг.
Унинг кўзларида чинқирар эди
Гўёлар тушуниб етмайдиган мунг.
Бу қандай қисматким, кўрмаса раво
Меҳр такаллумин ёрига ёрнинг?
Торларинг юлинсин, бераҳм рубоб!
Тошбағир чилдирма, ёрилсин қорнинг!
Сўнгра чиқиб келди ул оқ атиргул,
Атиргуллигин ҳам билмай, эшитмай,
Ҳеч кимга қарамай, энг аввал бир зум
Онасига боқди тўхтаб эшикда.
“Қизим!” деб бўйнига осилди ҳасрат,
Атиргул титради қўллари хино.
Сен бу оқ хаёлнинг тилсиз дардини
Англаб етармидинг, сўзфуруш дунё!
Ўша тун ҳофизлар хониш қилдилар,
Ширинзабон қизлар айтдилар тилак.
Булар термилибон ўлтирар эди,
Булар ўтирарди кўз билан тинглаб.
Булар ўтирарди кўз билан айтиб,
Қўллар билан сўйлаб сеҳрларини.
Мен эса дилимда дафн этар эдим
Севги ҳақидаги бор шеърларимни.
1988
* * *
Яхши бўлди бу дунёда суйганларим,
Кўрдим гоҳи мурувват ҳам ёрлигини.
Яна билдим, севиб кўнгил қўйганларим
Орасида шунчалар мард борлигини.
Яхши бўлди бу дунёда куйганларим,
Кўрдим гоҳи муҳаббат ҳам хорлигини.
Яна билдим, севиб кўнгил қўйганларим
Орасида шунча номард борлигини.
2002
* * *
Ақлу ҳушимни дилларга солдим,
Лочин қушимни кўлларга солдим.
Миндим оловдай ишқ арғумоқин,
Қирлардан оша чўлларга солдим.
Гоҳи фалак ҳам қилди карамлар,
Отимни чўлдан гулларга солдим.
Қайта яралдим ёр ишвасидан,
Ҳижрон уйини елларга солдим.
Бўйнимга олдим кокилларини,
Занжирларини қўлларга солдим.
Савдоларини бошимга тушган
Қилдан ҳам нозик белларга солдим.
Куй бўлди жоним, сув бўлди жоним,
Мен ўзни бундоқ селларга солдим.
Бундан қолар сўнг овозаларни
Изимдан сўйлар тилларга солдим.
Бошдин оёқ бир йўл бўлди умрим,
То бу кўнгилни йўлларга солдим.
2002
ОҚ ЁҚАЛАР
Ишим тушди сенинг оппоқ ёқачангга,
Йил қанчага чўзилдию ой қанчага?
Фаслларни алмаштириб ранглар синди,
Мен йиғлаган майсаларга чанглар инди.
Талабалик йилларимдан қолган хаёл,
Сен бир ниҳол, нозиккина бир навниҳол.
Мен соғиндим, қанча ёзу қишим учди,
Сенинг оппоқ ёқачангга ишим тушди.
Ҳар тонг нафис капалакдай пайдо улар,
Бир кўрмасам, ўртанаман: қайда улар?
Ёқаларинг охир шайдо қилди мени,
Талабалар ичра гадо қилди мени.
Менинг тоза, оқ, муаттар япроқларим,
Оқ хаёлдай кечди дарсу сабоқларим.
Ёқаларинг қандай гўзал фунун бўлди,
Дорилфунун менга дорилжунун бўлди.
Фаслларга ранг алмашиб синди ранглар,
Мен йиғлаган варақларга инди чанглар.
Диллар кўрдим — мисли сувнинг лойқалари,
Кўнгилларга йўлиқдим — кир ёқалари.
Гилосларнинг гулларидай оқ муҳаббат,
Ёшлигимнинг тонгларидай пок муҳаббат,
Кўлдан ғозим, қўлларимдан қушим учди,
Яна оппоқ ёқачангга ишим тушди.
2002
ҚИРҚ БАҲОР РИВОЯТИ
Кўҳна дўстларингдай кўкда ой, қуёш,
Қирқ ёш, соғинчмидинг ва ёким бардош?
Ярми иссиқ, ярми совуб қолган ош,
Сойми, соҳилми ё сайҳонми, қирқ ёш?
Бари бир-бирига ҳайронми, қирқ ёш?
Сен тонг деб кутганинг шом чиққандайин,
Ўрган арпаларинг хом чиққандайин,
Ҳам тинган ёмғиру ҳам чақиндайин,
Ранги сал униққан кўйлагим, қирқ ёш,
Эрта нелар дея ўйлагум, қирқ ёш?
Ярми оқ, ярмиси зангор тепалик,
Унда гулхан ёнар, ёни — капалик.
Бир йўлчи отланар — қундуз телпаклик,
Бир тунда зор-маҳзун бўлганим, қирқ ёш,
Қирларда қолганим — гулханим, қирқ ёш.
Изҳор дейинмикин ва ё изтироб,
Севинчми, саодат, севгими, сароб?
Ярим кўнглим обод, ярмиси хароб,
Яшил ҳам заъфарон кўкламим, қирқ ёш,
Ичи тўла ҳижрон тўпламим, қирқ ёш.
Бу — бир кенг саҳрода қолган пайтдайин,
Армон, қушларингга не деб айтайин?
Олдга юрайми ё ортга қайтайин?
Менинг висолим ҳам фироғим, қирқ ёш,
Шабнамга ғарқ бўлган қароғим, қирқ ёш.
1999
КЎКСИМДАГИ ЗАНГОРЛАРИМ
(Ҳазрат Яссавийдан бир сатр)
Тонглар кетди, кунларимдан тонглар кетди,
Кетган тонглар йилларимни онлар этди.
Бир жонимни севгим юз минг жонлар этди,
Кўнглим, сенинг давлатингдан шонлар кетди.
Бу муттасил меҳнатларим битармукин,
«Кўксумдаги зангорларим кетармукин?»
Кўзёшимдан майса бўлган бўйроларим,
Шомларимда жимирлаган Зуҳроларим,
Кезган ерлар, адирларим, саҳроларим,
Эшигимга чайқалибон дайроларим
Келса, бул ҳам фиғонимга етармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Суйкансанг гар юз йил кўзу қошинг билан,
Уринсанг, ёр, юз йил қўлда тошинг билан,
Сўнгра силаб мижгонларинг, сочинг билан,
Яна юз йил ювиб ўтсанг ёшинг билан,
Тадбирларинг дардимга кор этармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Уч минг йиллик чинор яна куртаклади,
Эрта-индин яшил куйга буркалади,
Оҳуларим — тоғларимнинг ҳуркаклари
Кечалари таним ҳидлаб суркалади,
Уларнинг ҳам дунёлари хатармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
Бу дунёда ёр изладим дилга лойиқ,
Бу дил энди елга лойиқ, селга лойиқ.
Нур таратган сочларини ёйиб-ёйиб,
Бошим узра йиғлаб турса минг малойик,
Аламларим булутлардай ўтармукин,
Кўксумдаги зангорларим кетармукин?
1990
МУҲАББАТ КОШОНАСИ
Муҳаббатни ташлаб кетманг боғларга,
Эрмак бўлар, хор бўлар у зоғларга.
Азал гўзал нишонаси бир гулдир,
Муҳаббатнинг кошонаси кўнгилдир.
Марвариддай асраб юрса қиз уни,
Хазонларга ташлаб кетманг сиз уни.
Ҳаволардан танлаб Момо Ҳаволар
Юборгандир тонгда боди саболар.
Шабнамлардан олмиш рангу атрини,
Пайпоқларга тенг этмангиз қадрини.
Азал ифор эшиклари бор ҳаёт,
Асал, бедор бешиклари бор ҳаёт.
Диллар кейин етишмагай дилларга,
Муҳаббатни ташлаб кетманг йилларга.
Кўнгил шу деб кўз очур ҳам кўз юмур,
Бутун умр, бори умр, бир умр.
Кўксингизда олиб ўтинг доғларни,
Муҳаббатга ташлаб кетинг боғларни.
2002
ЛАЙЛАКҚОР ВА ОДАМЗОТ РИВОЯТИ
Жумлайи оламга лайлакқор ёғар,
Безиён, безахму беозор ёғар.
Ул ёғар оппоқ ҳикоят сингари,
Одамизотдан ривоят сингари.
Ул ёғар шукру шарофатлар бўлиб,
Ерга осмондан шафоатлар бўлиб.
Ул фараҳлар сингари ёғмоқдадир,
Оқ варақлар сингари ёғмоқдадир.
Оқ алам ё оқ кадарлардирми бу?
Одамизотдан хабарлардирми бу?
Бахтмидир, толемидир ё идбор?
Айрилиқдирми ва ёким дийдор?
Ул ёғар шавкатлару шонлар каби,
Ору номус, тоза имонлар каби.
Хайру хайрият мисол ёғмоқдадир,
Орзую ният мисол ёғмоқдадир.
Кимнинг умри ёки субҳу шомидир?
Ўтган инсонларнинг исму номидир.
Ул ёғар пок хотиротлар сингари,
Севгию севинчу ёдлар сингари.
Кўнгли кемтикларга бир овунчмидир
Ё тасалли бергучи соғинчмидир?
Қор ёғар, файзу фароғатлар ёғар,
Ҳам фасоҳат, ҳам нафосатлар ёғар.
Илтижолар, аҳду паймонлармидир?
Ё висол, ёинки ҳижронлармидир?
Эй самовий хат, эй зеру забар,
Менга ёшлик оламидан бер хабар.
Не битик бор менга қисмат килкидан?
Муждалар бергил муҳаббат мулкидан.
Айланиб ҳам чирманиб ёғмоқдадир,
Эврилиб ҳам эмраниб ёғмоқдадир.
Жумла риндлар, жумла хайёмлар каби,
Ул ёғар ўткинчи айёмлар каби.
Беомон рафторидан ҳайрон бўлиб,
Бекалом гуфторидан гирён бўлиб,
Дилга бундин сирру асрор айлабон,
Кўҳна бир ташбеҳни такрор айлабон,
Ёду хотир юртига қилдим сафар,
Жумлайи оламга мен солдим назар.
Жумла олам бори лак-лак хонадир,
Қанчалар лайлакка лайлакхонадир.
Борми, йўқми мақсаду маслаклари,
Кеб кетарди оқу оқ лайлаклари.
Бирларидан қолмайин жоҳу жаҳон,
Бирларидан бўлмайин ному нишон,
Бирлари ё бир дарахт ўтқизмайин,
Бирлари бир коса сув тутқизмайин,
Бирларидан боғлар ёдгор қолиб,
Бирларидан доғлар, озор қолиб,
Бирлари бир дилга кўприк солмайин,
Бирлари бир дилдан оғриқ олмайин,
Бирлари куз, бирлари фасли баҳор,
Бирлари тўқ, бирлари очу наҳор,
Талхми ё ширинми ё тақдирлари,
Бирлари келса, кетарди бирлари.
Мен бу қатновга қараб ғамлар билан,
Кўз ва дил баргида шабнамлар билан,
Ботининг ҳам зоҳирингни ўйладим,
Аввалинг ҳам охирингни ўйладим.
Келдингу қайдин, кетурсан қай томон?
Қайда манзил сенга ҳам қайда макон?
Қайда тўрванг, қайда қолгай кашкулинг?
Ўйладингми, қайда битгай мушкулинг?
Турлидир гар рамзу рафторинг сенинг,
Ўйладингми, қайда асроринг сенинг?
Қайда сендан қолди бир сўқмоқ йўл?
Қайда шодлик қолди сендан ё малул?
Ўз саволингга жавобинг қайдадир?
Ҳам гуноҳинг, ҳам савобинг қайдадир?
Қайсидир тўйингу қайси мотаминг,
Ўйладингми, ўйладингми, одами?
Гарчи зурёдинг сенинг лак-лак эрур,
Бор-йўғинг бир кеб кетар лайлак эрур.
Яъниким, онийлигингни бил ўзинг,
Қордайин фонийлигингни бил ўзинг.
Кўз очиб юмгунча умринг ўтгуси,
Булбулинг, сайроқи қумринг ўтгуси.
Ҳар даминг Ҳақдин иборат айлагил,
Яхшиликлардин иморат айлагил.
Бир-бирингга бир-бирингдан зорлар
Ўрнида қолсин фақат гулзорлар.
Ўз дилингда доғларинг қолсин сенинг,
Эзгуликдан боғларинг қолсин сенинг.
...Қор ёғар, файзу фароғатлар ёғар,
Ҳам нафосат, ҳам фасоҳатлар ёғар.
Мен бу қордан қанча хислат англадим,
Қанча панду қанча ҳикмат тингладим.
Беғараз бесўзу беминнат бўлиб,
Жумлайи оламга оқ зийнат бўлиб,
Ул ёғарди мисли оқ парвоналар,
Сўйлабон оламга оқ афсоналар.
Ўйламанг: мен йўқдин бор айладим,
Асли бор гапларни такрор айладим.
Ўйламанг ҳам бир вазият деб буни,
Панду ҳикмат ё насиҳат деб буни.
Мен насиҳатнинг ўзим муҳтожиман,
Панду ҳикматнинг ўзим муҳтожиман.
Кўҳна бу чархнинг гурунги гаплари
Аслида айтиб бўлингандир бари.
Бўйла даркор сўз такрор бўлгуси,
Бўлса ҳам такрор даркор бўлгуси.
Мен бу важҳ ўз мушкулимдан сўйладим,
Шикваю шарҳи дилимдан сўйладим.
Ҳар бирингиз ҳар хилу ҳар нақшлиғ,
Ҳар бирингизга тилай мен яхшилиғ.
Яшнатингу яшнангу озод бўлинг,
Элу юртингиз ила обод бўлинг.
Қордайин оппоқ тилаклар бирла сиз,
Оқ умидлар, пок юраклар бирла сиз,
Юз очингиз ёруғ истиқболга,
Ёр бўлингиз бахт ила иқболга.
Гулласин деб умрингизнинг ҳар куни,
Мен, Сирожиддин Саййид, айтдим буни.
1998
СЎЗ ЙЎЛИ ТО НАВОИЙ БОР...
Биз Навоий боғининг боғбонимиз,
Боғбондирмиз, вале меҳмонимиз.
Бул — “Насойим ул муҳаббат” боғидир,
Беш асрким биз бу боғ ҳайронимиз.
Қанча меҳмон ўтди, лек мезбон ўшал,
Барча меҳмон ичра биз нодонимиз.
Мир Низомиддин Алишер, яъниким
Сўз аро осмонимиз, уммонимиз.
Тил — “Хазойин ул маоний”дан келур,
Бошланур шундан адаб карвонимиз.
Паст эрурмиз билмасак ул зотни гар,
Қанча юксалган билан қўрғонимиз.
Не хавотир ичра эл шоирлари,
Гар савол этгай букун султонимиз.
То Навоий бор — муҳаббат дилдадир,
Сўлмагай ҳаргиз кўнгил бўстонимиз.
Шул исмдан юрт аро юз минг умид,
Шул исмдан нурланур давронимиз.
Қадр этайлик нону туздай ҳар сўзин,
То ризо бўлгай улуғ мезбонимиз.
2002
СЎЗ ЙЎЛИ
Зим-зиё кечалар — сиёҳдонларим,
Сомоним қайдаю қайда донларим?
Яшил адирларим тепа бўлдилар,
Қирларим энкайиб капа бўлдилар.
Кутиб қолаверди мени туш кўриб
Бир лойшувоқ уй ҳам бир ёғоч сўри.
Ўриклар баҳорда гулин тўккандай,
Ўтинлар ўчоқда кулин тўккандай,
Мен шундай тўкилиб, олислаб кетдим,
Бир сўз айтолмайин сўз излаб кетдим.
Бунда — бир муштипар, бир ғариб тандир,
Менинг ҳаётимга тополмай тадбир,
Қараб қолаверди йўлларимга зор,
Изимда синглимнинг қирқ баҳори бор!
Оламда энг оғир — Сўзнинг йўлидир,
Бу — тўкилиш йўли, кузнинг йўлидир.
Бу йўлда не ранжким кўрмиш жонларим,
Энг аввал тортмишлар қадрдонларим.
Бориб бағрим очай тандир қўрига,
Бошим қўйиб йиғлай ёғоч сўрига.
Қанча соғинчларни дилларим ичди,
Бир шеър ҳижронида йилларим кечди...
2001
* * *
Менинг шеърим нима?
Қалдирғоч оҳи.
Майсадек синглимнинг
Шабнам нигоҳи.
Отам қуриб кетган
Уй синчларидир.
Онамнинг қирқ йиллик
Соғинчларидир.
Қанча боғ дилимдан
Кўчар-да кетар.
Қалдирғоч ҳам бир кун
Учар-да кетар.
Шеърим балки севги
Сатрларидир.
Беор санамларнинг
Атирларидир.
Баланд пошналарга
Санчилган кабоб.
Ҳарир кўйлакларга
Ўралган сароб.
Она, бошим қўяй
Изларингизга.
Ажинлар экдим мен
Юзларингизга.
Не топдим дунёдан
Айтиб тарона?
Сўзга ўғил бўлдим,
Сизга бегона.
Айтинг, бу лолазор
Қирни не қилай?
Кўнгил — бу меҳрсиз
Ерни не қилай?
Ёмғирли кунларда
Сизга бир калиш,
Патак бўлолмаган
Шеърни не қилай?
2001
ШОИР БЎЛАМАН ДЕБ КЕЛГАН БОЛАЛАР
Дашту далаларда унган лолалар,
Яшил қирлардаги шабнам, жолалар.
Тоғларда яралган соф шалолалар —
Шоир бўламан деб келган болалар.
Оламча аламни бахт этгудайин,
Гулу чечаклардан тахт этгудайин,
Дунёни шеър билан забт этгудайин,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Тиниқ булоқлардай пок бўлар бари,
Орзулари мўлу йўқ ҳунарлари,
Мовий осмонларнинг оқ турналари —
Шоир бўламан деб келган болалар.
Шарқираб оққувчи тоза ирмоқлар,
Ҳали гард қўнмаган майса, япроқлар,
Ўн етти, ўн саккиз ёшли чақмоқлар —
Шоир бўламан деб келган болалар.
Гўё ёлқинланган олов уюрлар,
Оҳ, улар беғараз, бекин куюрлар,
Гулдайин қизларни танлаб суюрлар
Шоир бўламан деб келган болалар.
Кейин йиллар ўтар варақлар бўлиб,
Бир дарахтдан кўчган япроқлар бўлиб,
Кетгайлар ҳар ёнга тўзғиб, тарқалиб,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Энди синовларин бошлагай ҳаёт,
Энди тоблангуси бардош ва сабот,
Абдулла Орифни ёд билган авлод,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Неки бор, қисматнинг ҳукмига кўра
Рўй берар: бирлари амалдор, тўра,
Бирлари ҳали ҳам пишмаган ғўра,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Бирларин кўксига ин қуриб ҳасад,
Кўнгил ғунчаларин сўлдирар абад.
Юз жилд севинч эди, эҳ, юз жилд ҳайрат,
Шоир бўламан деб келган болалар!
Бирлари бек бўлиб майхоналарга,
Яна ҳайрон боқар ҳайроналарга,
Айлансалар экан тароналарга,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Менинг бу ҳаётдан кўпдир қарзларим,
Ўзим не йўқотиб, нени асрадим?
Эсиз, сиз-ла кечган гулгун пайтларим,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Ҳар бир сатр узра алвидо айта,
Дафтар очгандингиз у ёшлик пайтда.
У шараф қайда, у шеърият қайда,
Шоир бўламан деб келган болалар?
Шунча соф жилғадан исмсиз, изсиз,
Қолмиш йиллар ўтиб бир ё иккиси,
Қани у чаманзор кунларнинг иси,
Шоир бўламан деб келган болалар?
Фалак айланади ҳам давру замон,
Тақдир саралайди бизни беомон.
Шеъру қўшиқларсиз қолмагай жаҳон,
Шоир бўламан деб келган болалар.
Бир тонг поездлардан тушар кўп гуллар,
Жилғалар, гиёҳлар, насимлар, еллар,
Уларни асрагил, эй тақдир, улар —
Шоир бўламан деб келган болалар.
1998
ЭҲТИРОМ
Жаҳон бўлмас муҳорибсиз,
замон бўлмас мухолифсиз,
Яшаб бўлмас бу дунёда
вале шеъру маорифсиз,
Ким айтур энди яйрабсиз,
ким айтур энди ҳорибсиз,
Ҳамон Абдулла Орифсиз,
ҳамон Абдулла Орифсиз.
Туманлар, барча ёмғирлар,
фасллар суҳбати ичра,
Жунунлар, изтироблар ҳам
асрлар суҳбати ичра,
Қасрлар ҳайрати ичра,
вазирлар суҳбати ичра
Аён Абдулла Орифсиз,
ҳамон Абдулла Орифсиз.
Бу йўллардан неча устоз,
неча соҳибкалом ўтган,
Улуғ Шайхзода ҳам Ойбек,
улуғ Ғафур Ғулом ўтган,
Уларнинг ному ёдин ҳам
баётин бардавом этган,
Нишон Абдулла Орифсиз,
ҳамон Абдулла Орифсиз.
Ҳаволар, сарзаминларда
бу шеърий кайфият бордир,
Ватан бордир Ватанда то
бу янглиғ шеърият бордир.
Бу янглиғ шеърият то бор,
Ватанда қадрият бордир,
Макон Абдулла Орифсиз,
ҳамон Абдулла Орифсиз.
Тузумлар узра чақнаб,
кўкда чақмоқларни сўндирган,
Муҳит деворларига дил
билан чечаклар ундирган,
Кўмир дилларни куйдирган,
темир йилларни синдирган
Ōиғон Абдулла Орифсиз,
ҳамон Абдулла Орифсиз.
Бу шеърлар янграган уйлар
чироғида Ватан бўлгай,
Уларни ёдлаган авлод
сабоғида Ватан бўлгай,
Дилу жону қабоғи ҳам
қароғида Ватан бўлгай,
Ēамон Абдулла Орифсиз,
ҳамон Абдулла Орифсиз.
Улуғ кунлар баҳорида,
тирикликнинг наҳорида,
Улуғ эл бирла дардлашган
улуғ зотлар қаторида,
Жаҳон аҳлига юз тутган
бу ўзбеклар диёрида
Жаҳон Абдулла Орифсиз,
ҳамон Абдулла Орифсиз.
2001
ВОЗНЕСЕНСКИЙ БИЛАН УЧРАШУВ
Фасллар умумлашди,
Қайда ғам? Қайда севинч?
Ўн уч йил ўтиб кетди,
Андрей Андреевич!
Радиони титгандай
Роботлар мени титди.
Андрей Андреевич,
Ўн уч йил ўтиб кетди.
Ўн уч чинқириқ, ўн уч
Фарёд, ўн уч самолёт.
Туну кун гувлаб ётган
Аэропортдир хотирот.
Етмиш бешинчи йил. Қиш.
Тунлар узун, беохир.
Шеърингизни тушунмоқ
Сапроматдан ҳам оғир.
Менга у пайт керакди
Озроқ пул, озроқ меҳр.
Қарс этиб синди орзу,
Тошдай қаттиқ эди шеър!
Паргорнинг игнасидай
Санчилди тилга сатр.
Шеърият — қурбонликдир,
Шоирлик — мангу сабр.
Сизнинг “Аксилдунёлар”
Дунёлар бўлди асил.
Андрей Андреевич,
Учиб кетди ўн уч йил!
Мана, Москва. Мени
Қучар мармар соҳиллар.
Бир-бирига ўхшайди
Сувлар, кўприклар, йиллар.
Ўн уч оқ тулпоримга
Яна ташбеҳ излайман:
Останкино минорини
Ундов белгиси янглиғ
Йилларга қўйсам дейман!
1988
* * *
Шеърият, сен абадий
Ранжу озор йўлимсан.
Дарду ҳижрон даштида
Узатилган қўлимсан.
Тиниқ осмон чоғимдан
Сўкилдим чок-чокимдан.
Ҳам севинч, ҳам оҳимдан
Яралган оқ гулимсан.
Вомиқ Узро фиғони,
Лайли Мажнун армони.
Не кўнгиллар хазони,
Сен барибир сўлимсан.
Яссавийдек қадимий,
Насимийнинг насими,
Гоҳ Машраб, гоҳ Ҳазиний,
Гоҳи Махтумқулимсан.
Ўтди шоҳлар, вазирлар,
Номсиз кетди нозирлар.
Қолди Усмон Носирлар,
Сен — барҳаёт ўлимсан!
Мен бор-йўғи бир товуш,
Турибман абгор, хомуш.
Сен менга балки бир туш,
Балки олов, кулимсан.
1994
ЁШ КЕТГАН ШОИРЛАР
Мен ҳам қайтиб келмасман,
Ўтгай баҳорим, ёзим.
Бечора мен эмасман,
Бечора Асқар Қосим.
Дўстим, гар хору хассан,
Бу дунёда овора.
Бечора сен эмассан,
Назар Шукур бечора.
Боқиб сўнг бор чор-ночор
Қизғанак орзу-ҳавас,
Ķеларни ўйлади зор
Бечора Қори Аваз?
Ķечун бунча ғарибмиз,
Эй мунгли дўст, эй жўра?
Биз-ку тирик юрибмиз,
Бечора Тилак Жўра.
1995
ШЕЪРИЯТ
Бунчалар улуғсан,
Оддий шеърият.
Сен илоҳийсан, биз
Моддий, шеърият.
Сен — муҳаббат кўшки,
Ишқнинг айвони.
Кўнгил билан руҳининг
Мовий осмони.
Сен — безавол гулшан,
Мангу яшил боғ.
Қанча шоир ўтди
Юраклари доғ.
Улар олам юзин
Ҳайрон этдилар.
Кўнгил қони бирлан
Алвон этдилар.
Кўкларни тўлдирган
Оҳларга қуллуқ.
Навоийни суйган
Шоҳларга қуллуқ.
Токи бу чаманзор
Гулдир, райҳондир,
Қанча Бобурларинг
Барги хазондир.
Куйди, куяверди
Юлдузлар куйди.
Усмон Носир кетди,
Гул сўзлар куйди.
Яшаб юрибдику
Қанча мурдорлар.
Кетди Шавкат Раҳмон,
Асқад Мухторлар.
Бир элнинг кўзини
Ёшлади кетди.
Муҳаммад Юсуф ҳам
Ташлади кетди.
Бу шеърни ёзмоққа
Бормади қўлим,
Эй сен, гўзал ҳаёт,
Эй гўзал ўлим!
Юлдузлардан келар
Дил уришлари.
Тингланг, бу дунёнинг
Сўзфурушлари:
Ким сўз деб нафсига
Нон берар фақат.
Ҳақиқий шоирлар
Жон берар фақат.
2001
МАРСИЯ
Муҳаммад Юсуф...
Муҳаммад Юсуф...
Лабимда қолди
Таронам менинг.
Ҳавода қолди
Қўлим гул узиб.
Энди керакмас
Баҳонам менинг.
Бунчалар қалин
Дунёнинг пўсти.
Буғдойдай хоксор
Бир шоир ўсди.
Ногоҳ бир хабар
Тонгимни тўсди.
Титради олам,
Йиғлади онам:
— Боламнинг дўсти...
— Боламнинг дўсти...
Сенми, шеърият,
Сенми жон қадар!
Дилдаги сўнгги
Томчи қон қадар.
Тупроқдай азиз
Ҳам осмон қадар.
Кўкни ўша кун
Қалдирғоч босди
Хоразмдан то
Андижон қадар.
Ҳаёт — гоҳ бир бахт,
Бир омадгача.
Ё мингта номард
Ё бир мардгача.
Тошкентдан токи
Марҳаматгача,
Кета кетгунча,
Қиёматгача —
Тераклар, толлар
Қолди бўй чўзиб,
Муҳаммад Юсуф...
Муҳаммад Юсуф...
Куйлари қолди
Тоғу тошида,
Ўйлари қолди
Ой — қуёшида,
Булоқ бошида,
Хирмон бошида,
Ўзбекнинг қора
Кўзу қошида.
Бир шоир кетди,
Бир шоир ўтди
Бобур ёшида,
Бобур ёшида.
Эй булбулларга
Куй-ғазал, Ватан.
Сен — абад Ватан,
Сен — азал Ватан.
Ким сендан юлди,
Ким — ўсал, Ватан.
Гул, асал Ватан,
Сен юксал, Ватан,
Сен юксал, Ватан,
Ўйлади боланг,
Куйлади боланг,
Эй, гўзал Ватан!
Эй, гўзал Ватан!
Биз уни — ёшу —
Тупроққа қўйдик.
Тупроқни қошу
Қабоққа қўйдик.
Тушми, деб аввал
Рўёга йўйдик.
Ўзи суйган шу
Тупроққа қўйдик
Сўнгги сабр бу,
Сўнгги сафар бу —
Кўпроққа қўйдик,
Кўпроққа қўйдик.
Чирқираб қўнмай
Маконларига —
Отадин ёдгор
Айвонларига.
Сингиллари ҳам
Райҳонларига.
Армонларига,
Ҳижронларига —
Қўшиб жўнатди
Руҳ, жонларига.
Олиб кетдилар
Қалдирғочлари
Осмонларига,
Осмонларига.
Айланар чархнинг
Чархпалаклари,
Алмашиб рангу
Камалаклари.
Қолди она уй
Сумалаклари,
Мажнунтолларнинг
Жамалаклари.
Нозима қолди,
Мадина қолди —
Капалаклари,
Ҳандалаклари.
Дўсту ёр йўли
Доим йироғдир.
Гоҳи дийдору
Гоҳи фироғдир.
Дилбандларига
Ватан қароғдир.
Чин фарзандлар ҳам
Ўчмас чироғдир.
Ҳозир ҳам балки
Жим ўйлаётир.
Юртига шаъну
Шавкатлар ёғдир,
Ё, қодир Оллоҳ,
Тупроқларига
Раҳматлар ёғдир,
Раҳматлар ёғдир.
2001, август
БУЮК ШОИРЛАР
Ҳазил
Буюк шоир бўлмоқ бу не жазодир?
Афзалмасми тирик юрган чумоли?
Лутфий бобо, Мир Алишер ва Бобур
Жавонларда туришибди қамалиб.
Боқаверсанг тириклик наҳоридан,
ўунчаларнинг очилмоғи бир зебо.
Маймунлару бойқушлар дийдоридан
Бебаҳрадир бунда Гулханий бобо.
Фурқат чекар айрилиқдан оҳ-фиғон,
Ҳануз айро қисматлари умумий:
Мавлоно деб сийласалар-да, ҳамон
Муқимгина бўлиб яшар Муқимий.
Мўлтирайди бечора Усмон Носир,
Чўлпон кўрмас кўкдаги чўлпонларни.
Барчалари зиндондан чиқиб охир
Банд этмишлар шу тиғиз жавонларни.
Нелар кўрди Ойбек ёруғ жаҳондан?
Бунда ҳам у ўз сукути, ўйида.
ўафур ўулом чиқиб кетиб жавондан,
Сайр этолмас анҳорларнинг бўйида.
Нима керак сенга бундоқ буюклик,
Қалам тафтин сезмаса гар бармоғинг?
Қандай яхши шон-шуҳратсиз тириклик,
Ялло қилиб шеърлар ёзиб юрмоғинг!
1998
КЕТИШ ҚЎШИҒИ
Усмон Азимга
Тоғлар қаён, сувлар қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
Боғлар қаён, гувлаб қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
Гир айланар чархи фалак,
Қанча куну тунлар ҳалак,
Ранг олмайин илк ҳандалак,
Ёзлар қаён, кузлар қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
Кимларнидир армонлари
Шафақларнинг алвонлари.
Булутларнинг карвонлари
Бўзлаб қаён, бўзлаб қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
Йиллар кетарлар зорланиб,
Диллар қолар озорланиб,
Гоҳ қорайиб, гоҳ қорланиб
Юзлар қаён, юзлар қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
Мижгонларингда минг фиғон,
Қолгайму ҳуснингдин нишон?
Эй зори жон, эй, ёрижон,
Зулфлар қаён, кўзлар қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
Очгил кўзинг, эй одами,
Умри равонинг ҳар дами,
Кўпи қани? Ози қани?
Излар қаён, излар қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
Охир шукр қил борига,
Рағбатлари, рафторига,
Бегоналар қай сорига,
Дўстлар қаён, дўстлар қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
Дил қонидан чоғирлари,
Ўтгай замин шоирлари.
Кўринмайин охирлари
Сўзлар қаён, сўзлар қаён
Кетмоқдалар, кетмоқдалар?
1998
ТАБИАТ
(болаларга)
Меванинг ширини бола бўлади,
Бола бўлмаса гар нола бўлади.
Қорамол аслида қоп-қора эмас,
Ярми қора, ярми ола бўлади.
Ёз кузга сингилдир, куз қишга амма,
Қиш эса баҳорга хола бўлади.
Баҳор ерга берган ҳар томчи ёмғир
Ё равоч бўлар, ё лола бўлади.
Буларнинг барчаси тириклик, бунга
Шоирнинг юраги вола бўлади.
Шоир юрагидан ер қилса агар,
Минг битта ҳўкизга дала бўлади.
1995
БОЗОР ИҚТИСОДИЁТИ ВА ШЕЪР
Бир шабнамга зор бўлиб турган пайтинг
Ёмғир бўлиб қирларингга ёғайми?
Бисотимда бор-йўғи бир қоп байтим,
Тўрт килоча қофиям бор, оғайни.
Таъм бермас балки кечки шўрвангга,
Тоза, тиниқ сатрлардан ўрайми?
Ёки ғариб, шалвираган тўрвангга
Ярим кило тўртлик солиб берайми?
Шоир яшар дард ютиб, юлдуз қусиб,
Ҳосил олмоқ учун бир бет, ярим бет.
ўунчадайин сўзларимдан сен узиб,
Атиргулдай қўшиқлардан харид эт.
Ҳеч ким хор ўлмаган ҳали оч қолиб,
Чорласалар олтин, зангор соҳиллар.
Менга ҳам унча хуш эмас, бош қолиб,
Қорин билан ўйласалар шоирлар.
Дўконим борми ё йўқми — қарамай,
Тонг еллари сўраб келса ҳолимни.
Ўз кўнглимни қоғозларга ўрамай,
Шамолларга ҳадя этгум молимни.
Қашқарбалдоқлардай тўрт ташбеҳим бор,
Билагузук янглиғ беш-олти ғазал.
Ошу нондан иборат эмас рўзғор,
Бул ҳақда ҳам топиб берай кўп масал.
Ажабланди аввал у мен хастадан,
У ён боқди, бу ёнга солди назар.
Аста ўтиб сўнгра қўшни растадан
Икки кило гўшт об кетди, баччағар!
1997
ИСТАСАНГ
Истасанг зўр бўлгин.
Менга нима ғам,
Мен — кеча қўйнида қолган бир чироқ.
Йўлимга кўз тикиб сарғайди онам,
Райҳондай синглимни куйдирди фироқ.
Сендан бир ишора, бир имо басдир,
Ариқдаги сув ҳам айланар зарга.
Дунёнг бошдин оёқ ғайру ғараздир,
Мен шеърлар ўқибман бу энағарга!
Умримни жизғанак этган қайғуни
Ўйласам, зирқирар манов ерларим.
Ўз кулимга кўмдим яшил орзуни,
Барги хазонимга ўхшар шеърларим.
Надир бу кўнгилнинг майлу матлаби?
Кўринмас кўнгил ҳам, гул ҳам кўзимга.
Рости гап, бир дўстим айтгани каби
Менинг шоирлигим бир пул ўзимга!
Сен қасрлар қургин. Бойвучаларинг
Яшасин тегрангда хушҳол, мастона.
Хипча белларига камарлар таққин,
Бергил ҳар бирига битта кошона.
Шоирлик шуҳрату шонидан кечдим,
Нечун энди менга бу байту ғазал?
Мен шайтон қўлидан шароблар ичдим,
Мен ҳурлар тилидан сипқордим асал.
Сира ўзгармади бу кўҳна олам,
Эсиз, увол бўлди покиза меҳрим.
Мен шоир эмасман, ростини айтсам,
Сариқ чақага ҳам арзимас шеърим!
1994
ШАМ
Шафоат Раҳматулло Термизийга
Менинг муҳаббатим — тупроғимдадир,
Тупроқ кўчмас бўлур, мен ҳам кўчмайман.
Бир жуфт қалдирғочим қароғимдадир,
Улар учиб юрар, мен-чи учмайман.
Асли мушкул ишга мен кўнгил қўйдим,
Умримни гоҳ хаёл, гоҳ тушга йўйдим.
Сўз ичра кўкариб, сўз ичра куйдим,
Ўздан кечдим, лекин сўздан кечмайман.
Ёшлик ўтди кетди — ул оппоқ тулпор,
Ундан қирлар аро қолмиш оқ ғубор.
Юзларинг лолага ўхшарди, эй ёр,
Гулгун шаробингдан энди ичмайман.
Гарчи хасдан баланд, касдан камдирман,
Дўстим, сенга ёндош қувонч, ғамдирман.
Термизий бободан қолган шамдирман,
Минг йил пуфласанг ҳам асло ўчмайман.
2002
* * *
Мен ўзбекнинг бир штатсиз шоириман,
Шеър айтмоққа гоҳ нўноқ, гоҳ моҳириман.
Берсин дейман ҳар кимнинг ҳам толеини,
Ҳаёт Зуҳро бўлса унинг Тоҳириман.
Мени қирдан топиб олган ул кун баҳор,
Бу дунёда менинг бор-йўқ юким баҳор,
Ҳовлингизга томингиздан тўккум баҳор,
Мен гуллар ва шамолларнинг шофириман.
Ёмғирларда ивиган оқ кўйлакларим,
Тикилсангиз, кўрингайдир юракларим.
Бир лоланинг доғи айтар даракларим,
Улку пинҳон, мен-чи шунинг зоҳириман.
Дардим ўхшар гоҳ қизим, гоҳ боламга ҳам,
Айвони кенг, саҳни баланд оламга ҳам,
Ўхшар гоҳи ўйчан, ёлғиз онамга ҳам,
Ўз онамнинг мен паришон хотириман.
Йигитликми ва ё умр хазонида
Тинчи бўлсин ҳар кимнинг ҳам маконида.
Бу ҳаётнинг ғала-ғовур дўконида
Бахтга навбат турганларнинг охириман.
1998
МАСЛАҲАТ
Менинг шеърим кўнгилнинг қони,
Лайли зори, Мажнун фиғони.
Ёзганимни боғлар хазони,
Даштлардаги лола ўқисин.
Билмам ошиқ бўлдим қай куни,
Унутдим сўз, гуфтор, кулгуни.
Менинг шеърим бир бола, уни
Бешикдаги бола ўқисин.
Ўйсам фақат ўз бағрим ўйдим,
Бир кечада кўкардим, куйдим.
Мушкул ишга мен кўнгил қўйдим,
Ҳар бир кўнгли вола ўқисин.
Майса унса, вужудим оғрир,
Гўёки у хокдир, тупроғдир.
Менинг шеърим баҳорги ёмғир,
Найсондаги жола ўқисин.
Изҳор истаб пайваста қошлар,
Ойлар куйиб, ботиб қуёшлар,
Ой чеҳралар узра ул сочлар
Бўлиб тола-тола, ўқисин.
Юлдузларга тутиб юзимни,
Қалам билан сўйдим ўзимни.
Менинг шеърим, менинг сўзимни
Диллардаги нола ўқисин.
1995
СОВҒА
Дунёнинг ярмиси — нур ва зиёдан,
Ярми — ёзув-чизув, ярмиси — ғавғо.
Қалам келтирдингиз Ёпониёдан,
Дедингиз: Бу мендан сизларга совға.
Олам мусофирлар билан бедордир,
Сайёҳлар ичра ҳам сиз мулло, ака.
Дунёнинг энг гўзал қисми дийдордир,
Дийдор қутлуғ бўлсин, Абдулло ака!
Бундай пайт кўргали дўсту ёрон ҳам
Ўғиллари келгай, қизлари келгай.
Сиздан, қучоқ очиб пешвоз олган дам,
Япон ёмғирларин ислари келгай.
Биз-чи, биз қаламни чўнтакка урдик,
Гўё бўй қўшилди қад, бўйимизга.
Олис эллар ҳақда суҳбатлар қурдик,
Сўнгра тарқаб кетдик уй-уйимизга.
Шоирлик нимадир?
Дард билан ҳижрон.
Қалам ҳам бир нени илғаса керак.
Биз ухлаб қолганда, тунлари пинҳон
Билдирмай японча йиғласа керак.
2003
СОҒИНЧ ТОРЛАРИ
ЁҒОЧ СЎРИ
Ёғоч сўри, бу дунёда нима кўрдинг?
Нима кўрдим бу дунёда, ёғоч сўри?
Кечалар сен ёлғизгина ўйлар сурдинг,
Менинг эса адо бўлди қалбим қўри.
Онам янглиғ мушфиқ ойлар ёруғида
Ўқимагай эди синглим ёзган хатим.
Қай бир азиз деворларнинг ёриғида
Хазон янглиғ қолиб кетди муҳаббатим.
Бошинг узра олтин тўккан ўрик қани?
Қани отам ўтқизган ул тойфи узум?
Мунғайтирмиш йиллар ёмғирлари сени,
Ариқларга кўмилмишдир менинг юзим.
Мана бу — мен онам билан тушган сурат,
Отам билан суратларга тушмабман ҳам.
Умр надир? Бир лаҳзалик суҳбат фақат,
Бу суҳбатга мен бир ҳикмат қўшмабман ҳам.
Куз келганда ҳовлимизга очиб эшик,
Не сўйладинг дийдираган чумчуқларга?
Мен кўнглимни ғоз-ғоз этиб, ипдай эшиб,
Топширмишман бир шафқатсиз урчуқларга.
Болалик йўқ. Йўқдир сирли қутичалар,
Қайда қолди баҳоримнинг жолалари?
Ҳовлидаги пасту баланд мусичалар
Мусичамас, бу — акамнинг болалари.
Бунда ўсган гуллар ҳар қайга сочилган,
Сен уларни маҳзун, хомуш ўйладингми?
Бир кечада ҳовлида оппоқ очилган
Олча гули опамнинг чит кўйлагими?
1995
ЁРУҒ ДУНЁ. СОЯЛАР
Чинорлар қулайди, одамлар, лекин
Йиллар сояларни йиқмайди.
Тупроқ ҳовлимизда болалигимда
Қолиб кетган соям менинг ҳеч эсимдан чиқмайди.
Олапар ўлмаган —
Сояси тирик!
Ҳовлимизни қўриқлайди ҳануз кечалар.
Тунлар хотирамда унинг занжири
Ипак ип сингари сассиз ечилар.
Яна бир жуфт яшил толу ток бўлар эди,
Ҳовлимизнинг фаввораси кеча ва кундуз.
Кесилмишлар,
Лекин улар жизғанак ёдим
Саҳросига соя ташлаб турибди ҳануз.
Бедазорда шитирламай юрибди отам,
Ҳанузгача ўроғида ярқирайди шудринглар.
Йилларим, сершовқин йилларим, келиб
Овоз чиқармасдан жим ўтиринглар.
Ана у сўрида ҳанузга қадар
Бир соя ўлтирар — юзлардан ошган:
— Э, сен Ойбибининг неварасими,
Шоир бўламан, деб шаҳарга қочган?..
Яхши-ёмонларнинг исканжасида
Одамзод тақдири гоҳ сув, гоҳ тупроқ.
Теграмга қарайман — нафаслар сийрак,
Одамлардан кўра соялар кўпроқ.
Қачонлардир шу феруза осмон остида
Сочларингнинг соясида ўтирган эдим.
Энди сочлар, қўллар, кўзлар ўрнига
Соянг келаверар куйдириб этим.
Шамол — кўйлагингнинг кўлкаси эрур,
Хонтахта кафтида қалқиб ўчар шам.
Бизлар учрашмаймиз энди ҳеч қачон,
Сояларимиз сўзсиз учрашар.
1988
БОЛАЛИКНИ ҚЎМСАШ
Дилсиз танларга ҳам
Диллар қайтадир.
Тилсиз жонларга ҳам
Тиллар қайтадир.
Фақат мен қайтолмам
Сенинг бағрингга,
Қайтмоққа ушбу кун
Илож қайдадир?
Сенинг уфқларинг,
Қирларинг чексиз,
Зангори, анвойи
Сирларинг чексиз,
Эсиз, сайҳонларинг,
Сойларинг, эсиз,
Букун қучай десам,
Қулоч қайдадир?
Ювсин деб бор дарду
Оғриқларимни,
Кеча сўроқладим
Ёмғирларингни.
Кўзга суртай десам
Томирларингни,
Исмалоқ қайдадир?
Равоч қайдадир?
Бир тоғ гиёҳ янглиғ
Биз бирга ўсдик,
Эй, бўйдош жўралар,
Тарқадик, тўздик.
Қайларда қолдинг,
Эй покиза дўстлик?
Букун сенга мендай
Муҳтож қайдадир?
Момомдан қолган,
Эй боғу баҳорим,
Отамдан ёдгор,
Эй тупроқ диёрим,
Сенинг соғинчингсиз
Бўлмас барорим,
Менинг муродимга
Ривож қайдадир?
Мен йиғиб кетганим
Сомон ўшандай,
Юлдузларинг ўша,
Осмон ўшандай,
Дашту далаларинг
Ҳамон ўшандай,
Фақат Сирож қайда,
Сирож қайдадир?
1998
СУРХОННИНГ ҚАНТАК ЎРИГИ
Барглар аро олтин-олтин
Ой томади.
Сўримизга кечалари
Бол томади.
Болалигим, соғинчларинг
Олдир сенинг.
Болишимда сўлакларим
Болдир менинг.
Мен шоҳ эдим бир боғ қизу
Ҳам арига.
Сени териб бердим Гулнор,
Гулпарига.
Етар эди уларга бир
Имогинам.
Меҳр эди бу дунё ҳам
Момогинам.
Тилло дейми сени ёки
Тилложонми?
Қантак ўрик, энди сен ҳам
Бир армонми?
Сўримизга кечалари
Ой томади.
Ортга боқсам юзларимни
Сой кўмади.
Қантак ўрик, қайда қолди
Қўнғизларинг,
Гулкезларинг, гулюзларинг,
Гулқизларинг?
Ўз боғидан кимки тонди,
Ўсал бўлди.
Сени тотган қизлар бари
Асал бўлди.
2001
БОЛАЛИК. ҚЎШНИ ҚИЗИ ГУЛПАРИ
Жангалзордай қуюқ боғ,
ўўнғиллаган қўнғизлар.
Девор устида туриб
Гилос терамиз бизлар.
Ол кўйлагинг — мисоли
Деворда унган лола.
Сен кичкина қиз эдинг,
Мен — бир кичкина бола.
Гилослар аросида
Илк бор илғаб кўрганим:
Ёшингга хос бўлмаган
Катта-катта кўзларинг.
Ёшимга хос бўлмаган
Сезги кечди кўнглимдан.
Гилосларинг тўкилди
Челак чиқиб қўлингдан.
Гўё силкинди девор,
Сен ҳам сескандинг нохос.
Лабларингда қонади
Катта, қоп-қора гилос...
Бор-йўғи шу. Сўнг йиллар
Фироғида мунг ютдим.
У гилослар кесилди,
Мен ҳам сени унутдим.
1988
* * *
Бизлардан бўлмади ҳеч ким чемпион,
Спортни тарк этди болалар кўпи.
Ҳануз мени қийнар у стадион,
Ҳануз мени қийнар у футбол тўпи.
Ҳануз мен қўмсайман йиллар кетида
Мендан айро тушган ул тетик ҳисни,
Ҳануз мен қўмсайман майдон четида
Чемпион бўлишим истаган қизни.
ўолиб келганимда турди олқишлаб,
Мағлуб келганимда эгилди боши,
Чемпион бўлмадинг барибир, мактаб,
Чемпион бўлмадинг, командадошим.
Ҳайқирди радио, телевизорлар,
Кўкларга кўтариб Пелеларини.
Таъзирин берарди ота-оналар
Футбол, деб югурган болаларини.
У пайтлар қуш каби учиб юрардим,
Кеталар — оёққа бойланган қанот,
Бугун: катта майдон, лолдир қудратим —
Оғир пойафзаллар кийгизди ҳаёт!
Мактаб, доим маъюс кўраман сени,
Қани олқишларинг, қутловчиларинг?
Чангларга беланган командам, қани
Чемпион бўлмаган футболчиларинг?
Футбол унутилди. Биров йўқолди
Яшашнинг бепоён майдонларида,
Биров илк севгим, деб йиғлади, толди,
Сўнг “чемпион” бўлди майхоналарда.
Футбол унутилди. Биров ташлади
Тақдирнинг тош каби елкасига қўл,
Биров пулдор бўлиб яшай бошлади,
Бировнинг бахтига етмай қолди пул.
Бўғзимга тиқилиб қолганда умрим,
Беғам кунларимни қўмсаган дамда,
Тизилиб келасан олдимга туриб
Йилларга сочилиб кетган командам!
Қарайман ҳайратни кўзимга йиғиб,
Қарайман, нимадир тирнар кўксимни:
Тизилиб келасан — ўн битта йигит,
Майдон чеккасида турган қиз, қани?!
1978
КОПТОКЛАР
Исматулла Комилов хотирасига
Хайр, Исмат ака!
Ўйин тугади.
Йиллар ўлим билан тугади.
Бу майдон ҳеч қачон энди тўлмайди,
Синфдошлар футбол деб келмайди.
Мактаб.
Сўнгги қўнғироқлар чинқирар,
Ойналар ҳеч қачон энди синмайди!
Энди умр бўйи кўз ўнгимдан кетмай
Оёқсиз кеталар мени қийнайди.
Хайр, Исмат ака!
Югурар ойлар,
Коптокларни олиб кунлар югурар.
Коптоклар.
Коптоклар.
Коптоклар қолар,
Коптоклардан юлқиб олар мени орзулар.
Сўнг бир кун,
ўам билан кўкка қарайман:
Узуқ-юлуқ юзиб юрган оёқлар — надир?
Англайман:
Самода булутлар эмас,
“Пахтакор”нинг портлаб кетган коптокларидир.
Теграмда нидолар, фарёдлар, ёдлар,
Видоларга тўлди ўсмир жаҳоним.
Мен ҳам коптогимни кўкларга тепдим,
Қайтариб бермади уни осмоним.
Сизни излаб юрар кўклам еллари,
Сизни кўрмоқ истаб гуллар бутоқлар.
Мени қалбда қолган сўзлардек қийнар
Йилларнинг тўрида қолган коптоклар.
1983
* * *
Тескарига оққан дарёлар қайтди,
Тоғларда йўқолган садолар қайтди.
Мени излаб кетган нидолар қайтди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
Сомонлар янчилмай қолган куз пайти
Адирлар заъфарон алвидо айтди.
Мени олиб кетган подалар қайтди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
Бу кўча, бу ҳовли, бу уй, бу тандир
Бир кун сесканади, сассиз сиқтайдир:
Ўн йил ғойиб бўлган олапар қайтди!
Болалик қайтмади. Қайтмади.
Қолдириб кетдимми уни даштларга?
Ёки топширдимми шиддат, шаштларга?
Бўзлаб чорласам-да битиб хатларга,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
Қалдирғочлар қайтди. Тойлар от бўлди.
Юртнинг тоғу тоши менга ёд бўлди,
“Уҳ” деганим менинг хотирот бўлди,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
Йилларни ағдарар бу кун сўроғим,
Қайдадир ул менинг эрка сўқмоғим?
Дилга жо бўлди бор яқин-йироғим,
Болалик қайтмади. Қайтмади.
1986
СОҒИНЧ ТОРЛАРИ
(Муаллимларга)
Боқсам йилларимнинг сардафтарига
Сиз мудом камтару хоксор тургансиз.
Менинг юрагимнинг кабутарига
Ватан деган сўзни хатлаб берган Сиз.
Қуёшдан заррин ҳам зарҳалларига,
Боқсам у йилларнинг саҳарларига:
Менинг энг мунаввар, гўзал онларим —
Она деган сўзни ёзган тонгларим.
Биз кетдик — севинчу қувончларингиз,
Фасллар, кечаю кундузлар бўлиб.
Қолмиш ортимиздан кўзёшларингиз
Мактаб томи узра юлдузлар бўлиб.
Шарҳлаб бермоқ учун меҳнатингизни —
Сизнинг бир соатлик заҳматингизни,
Қирқ минг чироғ билан кўп шамлар керак,
Қирқ баҳор яна қирқ кўкламлар керак.
Илму эзгуликдан зиналар тиклаб,
Ҳар ўғил — болангиз, ҳар қиз — қумрингиз,
Ўтдингиз дафтару китоб қўлтиқлаб,
Дарсу сабоқларда кечди умрингиз.
Боқсам у йилларнинг сарҳадларига,
Бирдан қайтгим келар саҳарларига.
Соғинч торларини чертар дилларим,
Муаллималарим, муаллимларим.
Бугун Жаҳонгирлар мактабга борар,
Меҳр чироғидир қароғларингиз.
Оламда энг улуғ, камтарин зотлар,
Ҳеч қачон ўчмасин чироғларингиз.
2001
РЎЗИ ЧОРИЕВ. ҚУМҚЎРҒОН ОЛМАЛАРИ
Қумқўрғоннинг олмалари тилсим экан,
Оқинми ё қизилини олсаммикан?
Ва лекин у олмасини олдирмайди,
Бировларга зор қилдириб қолдирмайди.
Кўзни олиб жилвалари таралгандир,
Ярми ою, ярми кундан яралгандир.
Бу дунёда меҳр қолган бўлса агар
Шунда қолган, улар шундан яралгандир.
Бу олмалар боғин барбод келтирмаган,
Ўз номига ҳеч вақт иснод келтирмаган.
Мен шундайин бир олмага етолмадим,
Кўнгил боғин ҳаргиз обод этолмадим.
Ҳар бирининг ўз нақши, ўз ранг-туси бор,
Булғанмаган тиниқ кўнгил кўзгуси бор.
Деворлари пастаккина бўлса ҳамки,
Бировларга эгилмайди — номуси бор.
1991
ТУҒИЛГАН ЕР
Қуёш сиғмас ҳовлига,
Томлар узра йўли бор.
Зардолингнинг болида
Қизчаларнинг тили бор.
Ҳар бир сўринг, ҳар кўчанг
Момоларимдай ўйчан.
Бобомдайин букчайган
Токларингнинг бели бор.
Мен босганча манглайим,
Қўлим билан тингладим.
Дилим билан англадим:
Тошларингнинг дили бор.
Чўнтакларим — хаёллар,
Ичи тўла шамоллар.
Уларда алифболар,
Дарсликларим пули бор.
Мактаб боғи яйрайди,
Дафтаримга қарайди.
Ҳар бир барги сайрайди,
Боғининг булбули бор.
Дилда недир улғаяр.
Шоир бўлиб кетсам гар,
Бунга шу дашту қирлар,
Осмонларнинг қўли бор.
Ҳали қанчалар ҳижрон
Мени қилгайдир меҳмон.
Юзингизда, онажон,
Ёмғирлари, сели бор.
Мен юрсам-да йироқда,
Ҳар баҳор бир фироқда
Дилимнинг шу тупроқда
Очилгувчи гули бор.
2002
ТЎПОЛОНДАРЁ БИЛАН ХАЙРЛАШУВ
(Достон)
ТАВАЛЛО
Одамларни даъват этиб инсоф, имонга,
Гоҳида шодмону
Гоҳ мотамсаро,
Қуруқликда сурон солди менинг бонгларим,
Сенга ёлбораман энди, жон дарё!
Кимдан боғлар қолди.
Кимдандир доғлар...
Кимдан ҳасрат қолди — тап-тақир саҳро.
Ўзинг армонимга оби ҳаёт бер,
Сенга ёлбораман энди, жон дарё!
Тўлқинлар чўққилар пойини ювди,
Гиёҳлар юз очди тармалар аро.
Қотган юракларнинг музликларида
Ўзинг қўлла энди мени, жон дарё!
Мақсадим зар, шонга ўраниш эмас,
Инсон камол топсин еру кўк аро.
Йўлимда ястанган руҳий чўлларда
Ўзинг қўлла энди мени, жон дарё!
Одамлар кўрдим мен — хасдек бенишон,
Одамлар — замину замондан айро.
Ҳаёт дарёсидан четроқда қолсам,
Ўзинг қўшиб қўйгин мени, жон дарё!
Энди тирикликнинг ўзанларида,
Туғёнлар жонимга киргайдир оро.
Дардларнинг ғов босган тўғонларида
Ўзинг туғён бергил менга, жон дарё!
МУЛЛА ОҚИЛНИНГ БЕТОБ ЁТГАН
ВАҲОБ ШОИР БИЛАН СУҲБАТИ
(ХХ асрнинг ўттизинчи йиллари. Тўполондарё қирғоғидаги чайла)
— Биз қаридик, бу дарё тинмади, тинмади. Умр — дарё дегувчи эдилар, бу дарё
— Икки ўғлим бор эди, мулла. Қаторда турган нор эди, қизлар уларга зор эди. Кўксим тўла доғ эди. Ўғилларим тоғ эди. Ай, дунё! Нима қилдинг-а! Юрак-бағрим тилдинг-а! Тўнғичим ўн тўққиз ёшда эди, мулла! Бўйнига тош боғлаб шу дарёга чўктирдилар. Кўз ёшимни тўктирдилар. Ай, дунё!
— Биз эрта-индин ўтамиз. Бу дарё
— Бу дарё менинг ўғлим, мулла!
— Бу дарё туман йиллардан бери оқяптими-ей, биз унинг соҳилига келиб кетгич бир шамол эканмиз-да...
— Бу дарё ўн тўққиз ёшда, мулла!
— Биз яшадик, ували-жували бўлдик, бу дарё
— Бу дарё уйланмаган, мулла!
— Улларимиз ҳам улғайиб уйланиб, ували-жували бўляпти, бу дарё
— Бу дарёнинг фарзанди йўқ, мулла!
— Мен сизга айтсам, армоним кўп, дармоним йўқ, бу дарё
— Бу дарё менинг армоним, мулла!
— Мен сизга айтсам, қариликка даво йўқ экан, бу дарё
— Бу дарё менинг дармоним, мулла!
— Мен сизга айтсам, озми-кўпми гуноҳимиз бор. Элга нима деймиз? Элни нима дейсиз? Эл... Нима дейсиз?
— Ҳеч кимни элдайин етим қилмасин, мулла!
Давроннинг далғовини
Мен кўрдим десам бўлар.
Она юртим соғ бўлса,
Беармон кетсам бўлар.
Мен балки эрта-индин
Қилгайдирман жон таслим.
Она юртим соғ бўлса,
Ўлмагай менинг наслим!
Ўз юртин кўксига ўқ
Отганларни кўрганман.
Элдан чиқиб, элини
Сотганларни кўрганман.
Қолса мендан СЎЗ қолар,
Дондай сочиб юрганман.
Буюк халқ бирлан буюк
Муҳтожликни кўрганман.
Бунда менинг ўғлим йўқ.
Лекин менинг кўнглим тўқ:
Фарзандлари соғ бўлса,
Ватанимга ўлим йўқ!
Момо тандирларимга
Биздан салом айтгайсиз.
Мен қолдим энди чоғи,
Сиз манзилга етгайсиз.
...Тоғларда акс садо,
Зириллайди осмонлар,
Мен ётибман,
Кўксимда
От сурмоқда замонлар.
НИҲОНДАРА
Ниҳондара — сирлар дараси,
У очиқ сўзларни севмади.
Тарихдан яширди тарихларни у,
Ҳеч кимга айтмади. Бермади.
Йигирманчи йиллар. Узун чакмонлар,
Чакмонлар остида — милтиқлар.
Ўқ янграр. Тулпорлар кишнайди.
Кўзида замонлар — кимдир йиқилар.
Ким эди? Нимага? Аёл учунми
Ё Ватан учунми у бердими жон?
“Чакмонлар” ким эди? Дара биларди,
Аммо у сир сақлар. У гапирмайди.
Ўттизинчи йиллар. Ханжарлар.
Кимнидир сўйишар. Шариллаган қон.
Отларнинг қўрқинчли кишнаши. Тамом!
Не учун сўйишди? Аёл учунми
Ё Ватан учунми у бердими жон?
Ҳеч ким билмас. Нега? Кимларди?
Дара гапирмайди. Ҳеч ким билмайди.
Дарам, гапирмагин, сўйлама тизиб
Ўтган сотқинлигу ғирромликларни.
Мен бўш қўлларимни юзимга босиб,
Йиғлайман ёд этиб йироқ йилларни.
НИДО
“Мен сизга айтсам, елкамда болам, қўлимдаги тугунчада бир сиқим тутмайиз, дарё ёқалаб кетяпман, кетяпман. Дарёки, аждарҳодай тўлғонади, вишиллайди. Қўрқиб кетяпман денг, елкамдаги чирқиллаб “нон” дейди. Мен эса кетяпман, кетяпман. Ҳеч зоғ йўқ. Фақат дарё. Калима қайтариб йўл юраман, йўл юраману пичирлайман. Ўша маҳаллар йўллар ҳам узун экан-да. Дунёда мендан бошқа ҳеч ким йўқдай, гўёки дунёнинг ўзи ҳам йўқдай, кетяпман. Қаерга кетаман — билмайман, нимага кетяпман — билмайман, лекин кетяпман. Бир маҳал соҳилда нимадир ялт этди, яна қўрқаяпман денг, яқин бориб қарасам — бешик, олтин бешик! Сувда чайқалиб, қалқиб турибди. Карахт бўлиб қолибман. ўойибдан “Ол!” деган садо келгандай бўлди. Болани ерга қўйиб, довдираб қўл узатдим, етолмадим. Ҳар қанча уринсам ҳам қўлим етмади. Чайқалиб, чайқалиб оқиб кетди. Ҳай, аттанг-ай, аттанг!
Шундан кейин тўрт болам очликдан ўлиб кетди. Сизлар кўрмагансизлар-да, билмайсизлар...”
(Хумор амма хотираларидан)
* * *
Очликдан жон берган болалармиз биз.
Туршак шимиб,
Гоҳи атала ҳўплаб
Юрган бўлсак ҳамки барибир ўлдик.
Мана бу муштдайин тепа — Тошпўлат.
Мана бу — Роҳила.
Буниси — Қодир,
Очликдан жон берган болалармиз биз.
Ёғоч қошиқлардай қатор қўлчалар...
Дунёнинг энг ҳазин нолаларимиз.
Турдининг отаси ўлганда жангда,
Бунда укаси ҳам ўлди — қўнғир сочлиги.
Кўрдик:
Теграмизни қуршади бирдан
Улуғ Ватан уруши билан
Улуғ Ватан очлиги!
Жангда ярадорни қутқармоқ мумкин.
Бунда очлик “яраласа” ўлдирар эди.
Уввос солганида қартанг жувонлар,
Биз мўлтирар эдик.
Мўлтирар эдик.
Мўлтираб-мўлтираб ўтдик дунёдан.
Хайр, келажакнинг иссиқ нонлари!
Шамоллар уйғотар буғдойзорларни
Тонглари. Тонглари. Тонглари.
Фақат оқибатдан хавотирдамиз,
Бағрин кенг очаркан пурнеъмат ҳаёт,
Бизни ҳам ёдига келтирармикин
Ҳеч қачон оч қолмаган авлод?..
ХОТИРА
“Уруш экан-да, 43-йил, госпиталдан чиққанимда уйга бориб келишга рухсат беришди, келдим. Йўлхалтамда яримта нон. Вокзалда бир муштипарга кўзим тушди, ёнида боласи — иккови ҳам зор-зор термулади. Яраланган суякларим яна ўқ егандай зирқираб кетди. Нонимни бердим. Ўзим дарё ёқалаб тахтакунжара чайнаб кетдим. Йўловчилар берган тахтакунжарани. Айтсам ишонмайсизлар.
Итнинг бошига солмасин у кунларни, итнинг!”
(Отам айтиб берган)
* * *
Тинчликда кун кечирим,
Ҳаётим-чун бежирим,
Ота, мени кечиринг!
Мусаффо осмон учун,
Миллионлаб қурбон учун,
Яшолдимми Эътиқодни тирикликка кўчириб?
Ота, мени кечиринг!
Кўкрагимга санчилади аламларнинг ханжари,
Кўряпман:
Зор кетяпсиз — қўлингизда кунжара...
Ота, мени кечиринг!
Кечиринг, чун умрингизнинг
бори дарду ғам бўлди.
Нега бугун нон кўп,
бироқ меҳру хотир кам бўлди?
Ному мансаб, шону шуҳрат
жангларида қурбонлар
Бериб, нечун инсонлигин
йўқотар бу инсонлар?
Саҳро бўлиб ўтганларнинг ёди мени ўртайди,
Дарё бўлиб ўтганларнинг ёди мени ўртайди.
Шунинг учун кўз олдимда тўлиб-тошиб ҳозир ҳам
Ўтаверар Тўполондарё —
Ҳеч туганмас Хотира.
ДАРЁ
Булоқлар ёшидан пайдо бўлдим мен,
Чўққилар “тожи”дан пайдо бўлдим мен.
Туғилдим чақинлар тўполонидан,
Шунданми Тўполондарё бўлдим мен.
Кўклам селларининг хўйи мендадир,
Асл гиёҳларнинг бўйи мендадир.
Бағримга босдим мен қалдироқларни,
Тошқинларнинг “сайил-тўйи” мендадир.
Минг йиллик чинорлар фарзандим менинг,
Ҳайқирар ҳар тошу харсангим менинг:
Асрангиз балиқлар, ўсимликларни,
Табиат — энг сўнгги асрандим менинг.
Беиз йўқолмасин то оҳуларим,
Токи зангор қолсин бу соҳилларим.
Булғамай қолдиринг соф бир жилғамни,
Токи уруғ очсин гулмоҳиларим.
ҲАЙРОНБОҒ
Шундай боғ бор эди бу қирғоқларда,
Дарахтлар ўрнида юзлаб доғ энди.
Дунёда боғ бўлиб нима кўрдинг сен,
Ҳайронбоғ, нимага ҳайронбоғ эдинг?
Ваҳший қоялар ҳам анграйди қолди,
Қани ул заранглар, метин ирғайлар?
Ҳайронбоғ, дунёга ҳайрон боқма сен,
То дунё бор экан қирқиб, қиргайлар.
Бағрини тонеллар ўйган тоғ бир ён,
Бир ёнда ор-номус,
Бир ён — зинолар.
Асру замонларнинг устунларидай
Чинорлар йиқилди,
Буюк чинорлар!
Мана бу дили йўқ тошлар ҳам билди:
Ҳайронбоғ, инградинг.
Бунда доғман мен.
Илдизлар фиғони жонимда, кетгум —
Кезиб юргувчи бир ҳайронбоғман мен.
Дўстлар қушлар каби тарк этди мени,
Чинор туйғуларим хас бўлди, кўргин:
Руҳимда хазондай ёнмоқда номлар,
Ҳайронбоғ, мендан ҳам бир аҳвол сўргин!
Наҳот шовулламас кўнгил боғлари?
Ҳар ён боқ, ҳар он боқ, ҳайрон боқ.
Бир жуфт уя каби бўм-бўш кўзларим.
Шу ҳам гап бўлдими энди, Ҳайронбоғ?
ТЎҒОН
Тўғон қад кўтарар Ниҳондарада,
Ниҳон замонлардан хотира тўқиб,
Қоялар кўксида сирғалар шамол,
Ўнг томонда — чўққи,
Чап ёнда — чўққи.
Шамолим, неларни сўйлаётирсан,
Адашган қиз янглиғ тентираб сарсон?
Балки ҳув қорлардан пинҳон хатинг бор,
Уни ўқий олмас ҳеч ким ҳеч қачон.
Тўғон.
Менинг сирли дарам ошкор ларзада,
Харсанглар ағанар сувга, чанг-тўзон.
Экскаваторлар — темир динозаврлар
Тўрт ёндан ҳамлага шайланар,
Тўғон.
Тўғон, асрларим қум бўлиб оқди,
Боболарим чопди:
— Жон даштим, уйғон!
Қурғоқчил замонлар, камчил давронлар,
Қатма-қат армонлар ҳаммаси — тўғон.
Неки айтган бўлсам рост айтдим фақат,
Лекин англаб етдим:
Ҳар неки ёлғон,
Фосиқлик, дабдаба, сўзбозлик, ғараз —
Бари Ватан камолоти йўлида тўғон!
Тўғондир мунофиқ, худбин тўралар,
Юртдан фойда пойлаб юрганлар — тўғон.
Муқаддас сўзлардан шиорлар тузиб,
Ўзи виждон пуллаб турганлар — тўғон.
“КрАЗ”, “БелАЗ”ларнинг шовқини аро
Кўксимга урилди ногоҳ зўр туғён:
Ёмонликка қарши огоҳ, жонфидо
Инсонлар тўғондир,
Мен ҳам бир тўғон.
Гоҳи тинч дарёдай ҳайрон кетдим мен,
Ўнг томонда — ёлғон,
Чап ёнда — ёлғон.
Инсоний бир меҳр, бир кафт, бир калом
Билан сиз ёлғонга бўлдингиз тўғон.
Менинг умрим надир —
Тошқиндир, селдир,
Оққувчи кўнгиллар кўклами томон.
Ёмонлик ёмондир — кулфатлари бор,
Ундан ҳам бетуғён омонлик ёмон.
ФАРЗАНД
Сен дарё бўйида дунёга келдинг,
Дарёю замоннинг тўфонларида.
Исмингни ёзишди остоналарнинг
Ҳали қуримаган бетонларига.
Ҳайқириб турарди у пайт қоялар.
Осмонларда — чақмоқ, гулдурак.
Сен тошқин қўйнида дунёга келдинг.
Демак: Кўнглинг тошқин,
Ўзинг тошқин бўлмоғинг керак!
Сенинг бешигингни тебратди еллар,
Гиёҳлар безатди уйқуларингни.
Анов чўққилардан оҳулар тонгда
Кўрди лабингда илк кулгуларингни.
Буларнинг барчаси Ватандир, Ватан!
Товонинг ўпажак ҳар бир тош — Ватан.
Сен ҳали билмайсан — янги айвоннинг
Шифтини танлаган қалдирғоч — Ватан.
Тилларинг сувлардай равон бўлганда,
Бургутлар учганда тоғдай дилингдан,
Юракнинг энг юксак чўққиларида
Бир кун учрашасан сен Ватан билан.
Унинг бир кунига ярамоқ учун,
Оғир дамларида бўлмоқ-чун тирак,
Озлик қилар фақат жим севиб юрмоқ,
Ўзинг огоҳ,
Кўнглинг огоҳ бўлмоғи керак!
Ўзинг имон,
Кўксинг имон бўлмоғи керак!
Ватан, деб ўзини ёқлаб, алдаса,
Нопоклар алдаса,
Чапаклар алдаса,
Ҳамма ҳар йўсинда уни таласа,
Сен ўз юрагингни юлмоғинг керак!
Сен ўз юрагингни юлмоғинг керак!
Виждон тешасини уриб бефарёд,
Ватанни манзилга элтмоғинг керак.
Жуда қийин йўлдир бу йўллар, Фарҳод!
Шунданми, бу ерда улкан қояда,
Оппоқ ҳарфлар билан безаб жисмини,
Қурувчилар ўрнатишибди
Сенинг Навоийдан қолган исмингни.
УЙ
“Менга ҳам тинчлик керак. Танка миниб келсанг ҳам ҳеч қаерга кетмайман. Етти пуштим шу ерда кўмилган бўлса... Душох чўққисига чиқиб чодир тикиб ўтираманки, илло бу тоғлардан кетмайман. Урушда қатнашган бўлсам, индивалид бўлсам, катта ўғлим муаллим, кенжам ўқувчи бўлса. Яна бирови армияда юрибди. Эрта-индин кириб келса-ю “Ота, уйимиз қани?” деб сўраса, сенинг булдузўрингни кўрсатаманми?!.”
(Уруш қатнашчиси Нарзиқул Норовнинг
маҳалла йиғинида айтган сўзидан).
* * *
Сизнинг ҳаётингиз бус-бутун бўлсин,
Насиб этсин Сизга шодлик ила куй.
Кўз олдимдан кетмай мени ўртайди
Отам ярмисини қуриб кетган уй.
Отам ярмисини қуриб кетган уй
Тиззалаб келади сўзлари билан:
“Мендан шу уй қолар...”
Ва йиғлайди уй
Ойнасиз ромларнинг кўзлари билан.
Эшиклар ҳангу манг.
Кесакиларда
Болғасини кутиб михлари қолди.
Отам қайга кетди?
Битган дунёда
Битмаган ёлғиз уй йиғлади қолди!
Устивор устунлар,
Сиз нима дейсиз?
Нега жим турибсиз, битмаган шифтлар?
Чала хоналарда армоним менинг,
Бўғотларда эса дардларим қишлар.
Умрлар умидин сарф этди бунга,
Отам йиллаб қурди бу иморатни.
Ҳаёт ниҳояга етмаган ишлар,
Кемтик қувончлардан ё иборатми?
Отам ярмисини қуриб кетган уй...
Шул сабаб умримда соғинчлар ярим.
Елкадош бўламан устунларингга,
Остонангда эзилар бағрим.
Дил билан оқлайман деворларингни,
Отам ярмисини қурган уй — юртим.
Гарчи бир меҳрга зор бўлиб баъзан
Кўча-кўйларингда ҳайрона юрдим.
Кўнглимда фироғу аразим йўқдир,
Отам ярмисини қурган уй — юртим.
Мен ҳам бир меъморман.
Юксак тоғлардай
Юксак туйғулардан мен сени қургум.
Мен бир қурувчиман.
Бунёд этгайман
Сени кўксимдаги ёлқинларимдан.
Сўзма-сўз, қадма-қад, заррама-зарра
Кўрк бергум дилдаги тошқинларимдан.
Деворлар қургайман ишончларимдан,
Қувончларим билан кўчаларингни
Чироқлар сингари мунаввар этгум.
Нурларга тўлдиргум кечаларингни.
Сўнгра кириб боргум бунёдкор каби
Кўнгли яримларнинг кўнгилларига.
Сўнган умидларнинг чироқларини
Алмаштиргум янгиларига.
Токи ҳар бир уйда Бахт тўйи бўлсин.
Токи ҳар бир тўйда Бахт бўйи бўлсин.
Токи ҳар бир орзу Бахт куйи бўлсин.
Токи ҳар бир кўнгил Бахт уйи бўлсин!
ЭСДАЛИК
Қирғоқлар сўроғидан
Қароғимга ёш олдим.
Тўлқинларнинг кафтидан
Етти дона тош олдим.
Кўзу қошим шу дарё,
Мавжлардан қуёш олдим.
Балиқларни қўйвориб,
Етти дона тош олдим.
Мангу тўполонингга
Жон-дилим пайванд, дарё.
Фарзандлар қаторида
Мен ҳам бир фарзанд, дарё.
Қояларни қайрадинг,
Харсанглар — равон-равон.
Мени қайради йиллар,
Юрагимда — тўполон.
Сени бошқа кўрмайман!
Хотирам — сув, тош, қумлар.
Сен қолурсан,
Мени-чи,
Олиб кетгай тошқинлар!
Ҳув боққан оҳуларнинг
Руҳимдадир оҳлари.
Бир зум чайқалиб қолар
Боболарим боғлари.
Энди бу ерларда мен
Бургутхаёл юрмайман.
Учратолмайман сени,
Сени бошқа кўрмайман!
Энди уйғонсам керак
Кечалари салқинлаб.
Остонамга бош уриб
Келаверар тўлқинлар.
Тоғларни ўйлагайман
Бетонларда ўлтириб.
Харсанглар келаверар
Арслон янглиғ бўкириб.
Шамоллар кўчиб келар
Фариштадай уйимга,
Чинқириб сўқмоқларим
Осилади бўйнимга.
Ва ёзув столимдан
Мисли етти митти жон,
Етти дона тош боқар —
Етти дона тўполон.
ЗУЛМАТ ВА ЗИЁ
Мен чиқдим қоронғу ўйлар қаъридан,
Бир ёруғ шамол ҳам чиқди наридан.
Булутлар юзарди кўкларда йироқ,
Бир томони қаро, бир томони оқ.
Дарё кетар эди тун аро танҳо,
Бир соҳили ёруғ, бир соҳили қаро.
Узаниб ётарди узун йўл ҳориб,
Бир томони қаро, бир томони ёруғ.
Далалар чиқдилар олдинма-кетин,
Ярмиси зим-зиё, ярмиси ойдин.
Гувлаб чарх урарди теграмда дунё,
Бир томони зулмат, бир томони зиё.
Тинмай жанг қиларди икки зўр қудрат,
Бирови Қабоҳат, бири Адолат.
ўичирлаб айланди жафокаш Замин,
Бир томони шодмон, бир томони ҳазин.
Ва бу Замин узра турарди мангу
Уйлар — ярми ёруғ, ярми қоронғу.
Қанча хон, бекларни ўткизган элим,
Қанча Ойбекларни ютқизган элим,
Нима бўлганда ҳам ҳар он, ҳар замон,
Кўнглим деразаси очиқ сен томон.
Бугун бир шамоллар эсмоқдалар, боқ,
Термиздан то Тошкенту Хевоқ,
Шу жонбахш насимга қоришиб борар,
Мамлакатнинг юзи ёришиб борар.
Мен ҳам нур элтсин деб зулмат дилларга,
Ёруғ сўзларимни сочдим елларга.
ДАЪВАТ
Юракдаги туғёнлардан
Пайдо бўлдинг, пайдо бўлдинг,
Инсон учун, иқбол учун
Дарё бўлинг! Дарё бўлинг!
Ўзгалар-чун ўзингиздан
Айро бўлинг, айро бўлинг.
Куйиб, қақраб қолсангиз ҳам
Дарё бўлинг! Дарё бўлинг!
Бу дунёнинг ишларига
Майли лолу ҳайрон бўлинг.
Саҳро бўлса бошқалар, сиз
Дарё бўлинг! Дарё бўлинг!
Тўлиб-тошиб яшанг фақат,
Тўлиб-тошиб адо бўлинг.
Кўлмак эмас, не бўлса ҳам
Дарё бўлинг! Дарё бўлинг!
Ўзбекистон, ташна юртим!
Тупроқларинг нурга тўлиб
Тошганини кўрганман мен
Дарё бўлиб, дарё бўлиб.
Фақат Аму, Сирдарёмас,
Соҳилидан айроларинг —
Усмон Носир, Қодирийлар
Сенинг улуғ дарёларинг!
Улар ёди, номларидан
Онглар гулга бурканар.
Юрагини кўкрагида
Тошдай олиб юрганлар
Ҳали ҳам бор...
Бу сўзлар ҳам
Тошқин тўзонларидай.
Виждон отлиғ дарё бўлинг
Замон ўзанларида.
ХОТИМА
Дарё билан хайрлашаман,
Хайрлашгандай сурон билан.
Дарё билан хайрлашаман,
Хайрлашгандай тўфон билан,
Лекин қанча видо айтсам
лабларимда армон билан,
Ошно бўлиб бормоқдаман
туғён билан, туғён билан.
Туйғуларим жой талашур
замин билан, осмон билан,
Шиддатларнинг тилларида
дунё билан дардлашаман.
Мен дардлашиб дарё бўлдим.
Мен хайрлашиб дарё бўлдим,
Дарё билан хайрлашаман.
Йиллар билан ташлашаман.
Дарё билан хайрлашаман!
Пахса уйлар сўнгги марта
тўлқинларда қалқирлар.
Боболарим кулбасида сайр этмоқда балиқлар!
Йўллар билан аҳдлашаман.
Дарё билан хайрлашаман!
Барчасини айтолмадим,
Соҳилларим тор келди.
Қанча дарё бўлса кўнглим,
шунча ташна, зор келди.
Лекин кўрдим: юракларга
баҳор келди, баҳор келди!
Мен дилимни энди тинмас
селларга алмашаман.
Дарё билан хайрлашаман!
Хайрлашаман. Лекин бунда
қоялардай ёдим қолар.
Оҳуларга макон излаб
чўққиларда додим қолар.
Жарларда фарёдим қолар,
Менда бир дарёдил қолар.
Дарё билан хайрлашаман,
Дарё бўлиб хайрлашаман!
1985-86 й.й.
ХОТИРАСЎЗБОШИ ЎРНИДАГИ СЎНГСЎЗ
Собиқ шўролар тузумининг энг мудҳиш ва қаттол хатоларидан бири бўлмиш Афғонистон жангида ҳалок бўлган ўзбекистонлик ўғлонлар хотирасига бағишлаб ёзилган ушбу “Ном”нинг “Адабиёт ва санъат” газетасида босилганидан буён 15 йил вақт ўтибди. 1989 йил, ошкоралик бўлишига қарамай, бу надоматнома анча-мунча қисқартишлар билан эълон қилинган эди. Шундоқ бўлса-да, у фожианинг мингдан бирини ҳам айтолмаганим ушбу битикларнинг акс садоси ўлароқ, жумҳуриятимизнинг барча гўшаларидан мингдан зиёд хат олдим. Булар — хатлар эмас, оҳу фарёдлар, нолаю фиғонлар, мотам ва надоматлар эди. Уч ойлар уйқум йўқолди, нима қилишимни билмай лолу карахт юрдим...
У машъум урушда собиқ иттифоқ республикаларидан 15 мингга яқин гулдай йигитлар бекорга жувонмарг бўлиб кетдилар, салкам 37 минг ёш-ёш ўғлонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтдилар. Бу йигитлар ҳам урушнинг қалбан, руҳан қурбон бўлиб қайтган иштирокчилари эдилар. Бизнинг Ўзбекистонимиздан қанча қурбон берилгани, ногиронларнинг сону саноғи ҳаммадан сир тутиларди, айтилмасди. Ҳолбуки, бирданига икки қўл, икки оёғидан айрилиб, ёлғиз “буталган” тирик тана билан қайтганларга ҳам гувоҳ бўлган, у шўрлик тананинг: “Жон окалар, мени отиб ташланглар, мен энди кимга керакман?!” дея зор-зор йиғлаганларини кўрган инсонлар бор.
У бетайин қирғиндан жасадлари қайтган ўзбек йигитларининг қабрлари эндиликда майсазор бўлиб, лолаларга кўмилиб ётибди. Қабрдаги лолалар — шўрлик ота-оналари, ака-укаларию ёру сингилларининг доғларидир балки...
Хотира эскирмайди. Хотира ҳеч қачон ўчмайди.
Ҳурриятига 14 йил тўлаётган озод Ватанимизда элу юртнинг жонфидо фарзандлари ёди, Инсон хотираси учун нечоғли инсоний, эзгу амаллар қилинаётгани бугунги кунда беш панжадай аён. Улуғ зотларнинг рағбату раҳнамолигида бино бўлган “Хотира боғи”, “Шаҳидлар хиёбони” сингари табаррук зиёратгоҳларда уйғоқ руҳлар янглиғ ям-яшил дарахтлар хомуш чайқаладилар. Худди, тузумлару замонларнинг хатоси учун ҳаммамиздан узр сўраётгандай, қаршимизда хижолат бўлиб тургандай.
Мен ҳам узр сўрайман.
Яна бир бор эслатганим учун, у дардли, тилу забонсиз кунларга яна бир бор қайтаётганим учун йиллар оша, ўзга асрдан туриб кечирим сўрайман.
Ватанимиз гулу чечакларга бурканажак. Бу гулларга у ўғлонларнинг ҳам ҳақи, улуши бор эди. На чора, уларга шундоқ ёзмиш буюрган экан, Худо ҳаммаларини раҳмат қилган бўлсин.
17.12.04
НОМ
Афғон жанги қурбони рассом
Сирожиддин Тўрахўжаев хотирасига
Мен беш йил бу мавзудан чўчиб юрдим.
Беш йил бу ҳовлига келишга иккиландим мен. Айтдимки шўрликларнинг дардини янгилаб нима қилдим, фарзандини тирилтириб беролмасам?
Беш йил!
Беш тоғдан ўтгандайин қийналиб кечдим беш йилдан. Гўё беш тоғ чўкиб кетдию ўрнида беш ғор қолди — гувиллаб ётган беш бўшлиқ. Ва беш шеърий дафтарим беш оққуш сингари жонсиз, паришон — уларга дардимни тўкаман деб тўколмадим. Уларда — ёзганимдан кўра ўчирганим кўпроқ.
Кечалар баланд теракнинг қуюқ шохларига ой илашиб қолади. Ой, ошиқларнинг оташ нигоҳларини ҳам, Афғонда ҳалок бўлган йигитларнинг сўник, кўкимтир юзларини ҳам бирдек ёритган ой. Беш йилдан буён шу теракнинг шохларига илашиб қолади. Гўёки сарҳаддан у ёққа ўтгиси йўқдай. Сарҳаддан у ёқда...
“Қора лолалар”1 эса музтар-нигорон мамлакатга жимгина келиб кетавердилар. “Қора лолалар” — мақсад-моҳияти ноаён урушнинг мунглуғ темир қушлари.
“Сизнинг ўғлингиз интернационал бурчини бажараётиб мардларча ҳалок бўлди”.
“Сизнинг ўғлингиз...”
“Сизнинг ўғлингиз...”
“Сизнинг...”
Мана бу сатрлар ҳам беш йил бурун ёзилган эди:
Афғонистон қумларида йиқилганида аскарлар,
Мен ҳам ёзув столимда сўзсиз яраланганман.
“Саксонинчи йиллар” достонидан ўрин олган ушбу сатрлар ўшанда цензура томонидан олиб ташланди. Журнал терилаётганда тўхтатиб қўйилди. Сатрлар ўрнини тўлдириш учун шошилинч равишда рассомга сурат буюришди. Мавзуга мос келмаса-да достон қоқ ўртасида дидсизларча солинган гул расми билан босилиб чиқди.
Мен бу сўзларни нима учун ёзмоқдаман?
Вақт ўтиб олиб ташланган сатрларни қайта тиклаш мумкиндир, лекин бетайин қатағонда ҳалок бўлган ўғлонларни ҳаётга қайтармоқ, уларга жон ато этмоқнинг ҳеч иложи йўқ. Уларнинг ўрнини ҳеч қандай гул, ҳеч қандай орден билан тўлдириб бўлмайди! Уларнинг ўрни бўш. Уларнинг ўрни... Вокзал, аэропортларда “Улуғ Ватан уруши” қатнашчиларига...” ёзувлари ўрнига “Байналмилал жангчиларга навбатсиз хизмат кўрсатилади” деган лавҳалар кўзга чалиниб қолди. Қани эди бу билан яралар битса, ногирон хаёллар шифо топса, қани эди... Салкам 15 минг қурбон, майиб-мажруҳлар сони 37 мингга яқин! Бу авлодга ном ҳам топилган: “Уруш кўрмаган оталарнинг уруш кўрган болалари”. Ном.
* * *
Сирожиддин Тўрахўжаев. 1963 йилнинг 26 январида Тошкентда туғилган. 1984 йилнинг 14 январга ўтар кечаси хизмат бурчини ўташ вақтида ҳалок бўлган.
Изтиробнинг қора ҳошияси. Айрилиқнинг мудҳиш чизиғи. “1963—1984”. Мени бир шафқатсиз ҳақиқат ларзага солади: Афғонистонда ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги 1963-64-йилларда туғилган. Бу рақамларни қўшиб чиқса 19,20 сонлари келиб чиқади. Ўн тўққиз, йигирма ёш! Тақдирнинг ўзи туғилган йилларининг санаси билан умрларини белгилаб қўйгандек. “1963—1964”. Бу саналар оралиғида кечган муддатни умр деб аташга тил бормайди, бу муддат туғилиш билан ўлимни ажратиб турган чизиқдан ҳам қисқа, гўёки умид гулбаргларига бир қатра шабнам индию қуёш нурларига етишмайин йилт этди кетди.
Бўёқлардай рангин тасаввурига
Ҳали чанг солмайин кибру қабоҳат.
Уни ўлдирганлар “душманлар” эмас,
Уни ўлдиргандир бизнинг жаҳолат.
У кетганда ўн йил уйга навбатга
Турганлар ниҳоят уйга етганлар.
Уни ўлдиргандир элни заволга
Ҳамда мамлакатни чоҳга элтганлар.
Асфальт қатламини ёрган ҳар гиёҳ
Кўнглини завқларга тўлдиргандилар.
Уни ўлдирганлар
бунда боғлару
Байкал, Оролни ҳам ўлдиргандирлар.
Лунжлари осилиб чириб тушгунча
Раҳнамо бўлганлар ўлдирган уни.
Уйига келаман.
Яланғоч январь.
Ҳовлида чирқирар туғилган куни.
* * *
Бу ҳовлига бир ўзим келишга ботинолмадим. Далда бўлсин учун ҳаётнинг аччиқ-чучугини обдон тотиб кўрган кекса журналист Абдулла Пўлатовдан бирга боришни илтимос қилдим. Йўқ демади. Келдик.
Қўйлиқ мавзеидаги чоққина ҳовли. Қиш охири. Осмон тийра. Кўнгил осмондан-да тийрароқ. Шу ҳовлига қадам қўяётиб, умримда илк марта ўз исмим ўзимга халал бераётганини англадим. Уйдан барваста гавдали, юзлари қорайиб-қовжираб кетган киши чиқди. Ота. “ўам қорайтирган”, деб ўйладим дарров. Кўзларимиз бир тўқнашди! Садриддин аканинг кўзларига бошқа тик қарай олмадим. Улардаги мунг юздаги ғам рангидан қуюқроқ, тубсиз эди. Туганмас андуҳ чинқириб ётарди уларда.
Уйга кирдик. Хонтахта. Кўрпачалар.
Жиккакина мома дастурхон тузаяпти. Салом бердик. “Сирожиддин шу кишининг қўлида катта бўлган, бувиси”, — деди Садриддин ака. Мулозаматдан сўнг ўтирдик. Жимлик... (Ҳеч бир оиланинг бошига солмасин бундай жимликни!) Кейин буви нола қилди:
— Болам шу ергинада ётарди ҳар саҳар ўзим уйғотардим чинникосани тўлдириб шу қаймоқлардан ичарди олинглар силага насиб қилган экан ман Худодан эмас бандасидан кўраман болам болам... тирик кетган боламни бўйи икки метрлик боламни тобутга солиб қайтаришди тобут ҳам кичкина хонтахтача келади (бўғзимда тош ёш, қоядай бўп ўтирган Садриддин ака кўз олдимда муштдай кичраяди. Пўлатов йиғлайди) тобутни очиргани қўйишмади бу манинг болам эмас деб дод деб ёқаларига ёпишдим... кейин ўрден беришди қизил юлдуз деган беш йил бўлди эшик тиқ этса болам дейман болам болам...
Дўстлари келсаю келмаса болам,
Дўстлари кулсаю кулмаса болам.
Бир пайтлар сочини тўзғитган еллар
Ҳовлида елсаю елмаса болам.
Яхши кўрган қизи келиб йиғласа,
Сўнгра тўй бўлсаю билмаса болам.
Суратдан чиқолмай мўлтираб зор-зор
“Тўйлар муборак”ни тингласа болам.
Куйган кечаларда уйқум келмайин
“Милт-милт” юлдуз бўлиб имласа болам.
ўира-шираликда дарахт эшикда
Боламдай турсаю кирмаса болам.
Саҳар косаларга қаймоқ тўлсаю
Кексайган бу кўнглим тўлмаса, болам.
Кеча топширишди “Қизил юлдуз”инг,
Орденни “болам” деб бўлмаса, болам...
* * *
Сирожиддин қанақа бола эди?
Садриддин ака сўзсиз сўровимни илғагандай куйиблар кетади, армон қилади:
— Феъли ўзгача эди унинг. Эгриликни билмасди, кишининг раҳми келадиган даражада тўғри эди. “Сен болам ҳаётда кун кўришинг ҳали қийин бўлади” дердим. Болалигидан сурат чизарди. “Битта ишимни Италия ё Францияда кўрсатмагунимча қўймайман” дерди. Ҳаёт бўлганда бу йил битириши керак эди. Жуда қизиқ эди-да у. Армияга кузатгани вокзалга чиққанимизда қайси шаҳарга тушиши бизга ҳали маълум эмасди. Поезднинг ичида офицерлардан билиб олганми, жўнаётганда вагоннинг ойнасига туянинг расмини чизганди ўшанда. Бу — “саҳрога, Туркманистонга кетяпмиз” дегани эди. Кейин хат келди. Афғонистондан... “Бўёқларимни ҳидини соғиндим” деб ёзарди. Бир хатида блокнот варағига сурат чизиб юборибди: бўри, бўрининг пешонасига тегиб ортга қайтаётган тош... “Ҳа болама, — дедим, — пешанангга тош тегиптида!..” Вой болам, вой-вой болам бечораей! Бизларни ҳам бир болта уришдида! Уришганда ҳам ёмон уришди!..
Ота, мен ҳақимда гапириб беринг
Мени сўраб келганларга,
йўқлаганларга.
Мени ёқламаган, ёқлаганларга
Ота, мен ҳақимда гапириб беринг!
Йиллар енггайдирлар Сизни ҳам охир,
Дилда соғинчингиз боғлайди йиринг.
Мени излаб келган ёзу қишларга
Ота, мен ҳақимда гапириб беринг.
Кунгай кунга етмай куйиб кетдим мен,
Кунгай чорпояда бир зум ўлтиринг.
Мен расмини чизган терак, толларга
Ота, мен ҳақимда гапириб беринг.
Хуфтон,
чора топмай хуфтон кўнгилга,
Ҳеч кимга билдирмай хонамга киринг.
Ўзим чизиб кетган ўз суратимга
Ота, мен ҳақимда гапириб беринг.
Ота, мен ҳақимда гапириб беринг.
Кечиринг, тўйларга буюрмадим мен.
Фарзандлар сингари — Сиз ҳақингизда
Гапириб беришга улгурмадим мен.
* * *
Хатлар.
Уларда ўлим йўқ. Умид ва соғинч бор уларда. Ўқиётиб, уларни ёзган фарзанд ҳозир эшикдан кириб келадигандай бўлиб туюлаверади. Бу туюлишлар ушбу хонадонда беш йилдан буён муттасил давом этиб келаётганига шубҳа йўқ. Шу даражада муттасилки, энди буви, отаю волида, ука-сингиллар учун эшик эшик эмас, невара — фарзанд — ака тимсолини олган. Улар рутубатли кечаларда ҳовлида шилдираган хазондан ҳам хушхабар кутадилар. Улар учун деразада чайқалган соя дилбандлари бўлиб туюлаверади.
Хатлар. Хонтахтадаги пиёлаларда чойимиз совуб қолган, кўрпачада — хатлар, бир йигитнинг илиқ нафаси келаётган, соғинчи, умид-омоли ҳали совуб улгурмаган хатлар!..
“... уйдаги ишлар қандай кетяпти? Ромларни қилишни ҳам бошлаб юборгандирсизлар?..”
Илкис ҳовлига қарайман. Ён томондан янги иморат тушган. Янги эшик, янги ромлар — ҳали бўялмаган ҳам, ойна ҳам ўрнатилмаган. Бу, балки, фарзанд хизматдан қайтгунга қадар битиши лозим бўлган, фарзандга ният қилинган уйдир? Ота-она келин туширамиз деб орзу этган умид уйи шудир балки? Синчлар тил чиқарсалар — осмон ёниб кетарди, остонага забон битса — шаҳар сел бўлиб оқмоғи муқаррар!
“...Мандан хавотир бўлманглар. Ўзимни эҳтиёт қилиб юрибман. Ойижоним ҳам хавотир бўлмасинлар. Бу ёғи, Худо хоҳласа, яхши бўлади...”
“...Бу ерда хат олиш жуда бошқача бўлар экан. Нима билан шуғулланаётганим ҳақида ёзолмайман... 1,5 йилдан кейин, албатта соғ-саломат бораман...”
“...Энди Сизлар билан фақат 1986 йилни бирга кутамиз... Янги йил Сизларга фақат бахт келтирсин!..”
1983 йилнинг 21 декабрида бу сўзларни битаётган фарзанд ҳали билмасдики, 24 кундан кейин ҳаммаси тамом бўлади, орзу-ниятлари чирқираб қолади, у ҳатто нима учун, қайси Ватан учун, қандай маслак йўлида ҳалок бўлганини билмасдан ҳайронлар кетади. У ҳали билмасдики, янги йилнинг 25 январида, яъни туғилган кунига бир кун қолганда туғилиб-ўсган ҳовлисига биқинида “Очиш мумкин эмас” деб ёзилган тунука тобутни кўтариб кирадилар ва бу қутининг ичида унинг борлигини ҳам, йўқлигини ҳам ҳеч ким айтиб беролмайди, у ҳали билмасдики, Савр инқилоби деган шовқин-суронлар сиёсий алаҳсирашдай бир гап бўлиб чиқади ва бу алаҳсираш салкам 15 минг ўғлоннинг умрини хазон қилганини, 37 мингга яқин гулдай йигитни ногирон этганини, у ўзини эҳтиёт қилиб юрса ҳам, “инсонпарвар” мамлакатининг калтафаҳм пешволари уни аллақачон ўлим комига топширганини у ҳали билмасди! У ҳали билмасдики, унга аталган уйнинг ромлари олти йилдан кейин ҳам бўялмайин қолаверади, уларни бўяшга, ойна ўрнатишга отасининг қўли бормаслигини у ҳали билмасди...
Хатлар ичра бир хат...
Мен бу хатнинг чиқишини билардим, одобдан бўлмаса-да, кўнглимнинг қай бир гўшасида бу хатни ўқиб кўришга илҳақ ҳам эдим, айни пайтда, Худоё!.. Лекин хат қўлимда эди, энди уни ўқимаслик асло мумкин эмасди ва отадан ҳамда уни ёзган қиздан ғойибона изн сўрадим. Гарчи бу номанинг қўлидан энди ҳеч нарса келмаса-да, гарчи, гарчи... Хат Сирожиддиннинг номига ёзилган эди ва ўлимидан сўнг шахсий буюмларига қўшиб оилага топширилганди.
“Менинг ягонагинам!
Биз сен билан бир йилда, бир ойнинг бир кунида туғилганмиз. Биз ўн саккиз ёшда учрашгандик ва мангу бирга бўламиз! Бизни ҳеч нарса энди бир-биримиздан ажратолмайди! Биз ҳамиша бирга бўламиз. Биз вақтдан ҳам кучлироқдирмиз. Сени яхши кўраман. Сенга ишонаман! Сенинг...”
Ҳамма нарса — хонтахта, пиёлалар, теграмдаги ғамзада қиёфалару деразалар нохос чекинади, уларнинг ўрнида оқиш кўланкалар қолади, сўнг булар ҳам ғойиб бўладию қарсиллаб ёмғир қуяди, ва мен ёмғирлар остида куйиб кетаётган бир қизни кўраман.
Бир йилда туғилганлар,
Бир ойда туғилганлар,
Бир кунда туғилганлар,
Бир юртда туғилганлар
Ва ўн саккиз ёшида
Учрашиб, севилганлар
Учрашмаслар ҳеч қачон!
Асрлар тўқнашгайдир,
Топишгайдир замонлар.
Қўш олтин ҳалқа янглиғ
Мос келгайдир армонлар.
Фақат... ўн саккиз ёшда
Берилган аҳд-паймонлар
Қолгайдир зору сарсон,
Учрашмаслар ҳеч қачон!
Сийминтан самоларнинг
Кўксин ювар ёмғирлар.
Севишганлар бошидан
Севинч қуяр ёмғирлар.
Сенинг бир армонинг бор,
Айтсанг — куяр ёмғирлар.
Қайдасан, қора мижгон?
Қайдасан, тоза жаҳон?
Ўн саккизда кезганлар
Учрашмаслар ҳеч қачон!
Бир исм қолди, холос,
Гул қўйиб кетмоқдасан.
Гўё ўз қисматингга
Қўл қўйиб кетмоқдасан,
Соҳилларда гул янглиғ
Тўкилиб кетмоқдасан.
Ўн саккиздан у ёғи
Сен куйиб кетмоқдасан.
Ўн саккизда — мисли жон
Дил берганлар — бу аён:
Учрашмаслар ҳеч қачон!..
* * *
У рассом эди. Аниқроғи, катта рассом бўлиши керак эди. Насиб қилмади, ўзига ҳам, юртига ҳам. Ундан уч юзга яқин иш қолди. Тугалланган, тугалланмаган суратлар. Номига бўлса-да (азбаройи Афғонистонда ҳалок бўлгани учун), ишлари у-бу кўргазмаларда намойиш қилинди, юзта ишини Туркистон Ҳарбий Округи музейи ўз ихтиёрига олмоқчи. Лекин ўзи тирик бўлганида бу ишларни кўргазмага қўйдирмасди. “Ҳали эрта, — дерди. — Ҳали ишлаш керак!”
Суратлар — туғилган уйида, мўъжазгина хонада сақланмоқда. Уларнинг ягона паноҳи — буви. Чангларини артиб туради, шу ерга кириб ҳеч кимга билрдирмайин кўз ёши қилади. Биз ҳам рухсат сўраб кирамиз. Хонадан энди бўёқлар таровати эмас, ўтган узоқ йилларнинг, эскираётган айрилиқнинг ҳиди келади. Лекин шиша идишдаги мўйқаламлар бу айрилиқни инкор этаётгандай, токчадаги китоблар бир-нимага мунтазир тизилиб тургандай...
У энди ҳеч қачон қайтиб келмайди, бу китобларни ҳеч қачон варақламайди, мўйқаламларни ҳеч қачон қўлга олмайди, бир пайтлар бу суратларни чизаётиб, у билмагандики ҳеч қачон институтни битиролмайди, энди ҳеч қачон кўкламда сурат чизгани Бахмалнинг бахмал қирларига боролмайди. Рўзи Чориев ҳеч қачон Бойсунга олиб бормайди уни, “қайноқ ганчдан янги соғилган сут ҳиди келишини” у энди икки дунёда ҳам билмайди, билолмайди! Шерали Жўраевнинг янги қўшиқларини эшитолмайди. Ҳеч қачон! Икки дунёда ҳам! Шу сабабли унинг “Куз” суратидаги кўклам чинқириғи кишини адойи-тамом қилади, 1981 йилда чизилган “Автопортрет”даги кўзлар эса яна бироз тикилсангиз йиғлаб юборадиган даражада зорланиб боқадилар.
Тунлар деразамда мўйқаламларинг
Думли юлдузлардай юзаверади.
Ойнанинг музлаган варақларига
Сенинг суратингни чизаверади.
Ойна дош бермайди.
Инграйди ойна,
Рахна-рахна бўлиб йиғлайверади.
Терак мўйқаламин юргизиб шамол
Кўкка суратингни чизаверади.
Тошкент осмонида беш йилдан буён
Бир варрак муаллақ турибди ҳамон.
Туш, дейман.
Қиш ўтди. Ёз ўтди. Тушмас.
Ерга тушмайдию кўкда ҳам учмас.
Айвонга чиқаман.
Ярим тун. Осмон.
Варрак учган жондай турибди ҳамон.
Зирқираб ўйлайман:
Ўтолмайди у,
Руҳларга қўшилиб кетолмайди у.
Шу шўрлик, афтода, ғариб заминга,
Сизнинг ҳасратингиз,
Менинг ғамимга
Узилмаган умид иплари бўлиб
Боғланиб турибди.
Булутлар юлиб
Кетмоқчи бўладир — кетолмайди у,
Ердан кўнгил узиб кечолмайди у.
Ерда...
Яна баҳор. Бўтана анҳор.
Биллур ёмғирлардан биллур шомлари,
Қаймоқдай қизларнинг чеҳраларига
Ол бўёқ сачратар Тошкент томлари.
Ва бари туш янглиғ сирғалиб кетар,
Ҳаёт шовуллайди кундузу кечин.
Тириклар тириклар учун яшарлар, фақат
Ҳеч ким яшамайди ўлганлар учун!
Бир бола туғилди. Ўсди. Улғайди,
Чизди,
чўмилгандай қувнаб, расмлар.
Фақат ўз кулгусин чизолмай кетди,
Кетди кетган янглиғ тонгги насимлар.
Куртаклар бўртса ҳам Олам — кўҳна куй.
Кўнгилни тирнайди мисли “Дилхирож”.
Олис юлдузлардан бир ўкинч келар:
“Эҳ, Сирож... Сирож...”
* * *
Шаҳарда атлас ёнғин,
Гуллар портлар Кўкчада.
Бир кеча суратларинг
Чиқиб кетар кўчага.
Юлдуз аралаш ёмғир
Ёғар ўша тун кўкдан.
Эски жўвада сен йўқ,
Чилонзорда ҳам йўқсан.
Суратлар сени излар
Ҳар кўчаю гўшадан.
Шарпалари етган жой
Кўклам бўлар ўша дам.
Рассомлар союзига
Қоровул киргизмайди.
Кўрикларда сен йўқсан,
Сен йўқсан кўргазмада.
(Тунда бир тўда сурат
Хадрада сени сўраб
Йиғлаб ўтирганини,
Кечаси кўрганини
Айтиб берар бир одам).
Улар уйга қайтмайди
Қолса ҳам жалаларда,
Ўрик, олчалар бўлиб
Гуллайди ҳовлиларда.
Тонгда отанг лол қолар
Кўзларини уқалаб:
Сув солинган идишда
Барг ёзибди мўйқалам.
* * *
Қабристон.
Февралнинг ўрталари, кўклам нафаси ҳам сезилиб қолган.
Эшикдан кирганимизда четдаги ҳужрадан миқтигина бир киши чиқди. Салом-аликдан сўнг ўзимизни таништирдик. У киши шу қабристон хизматчиси Жамбул ака экан. Мен гапиролмадим. Пўлатов “Афғонистонда ўлган йигитнинг” қабрини кўрсатишни илтимос қилди. Жамбул ака бир зум тараддудланди, сўнгра айтдики “Қайси бирини? Улар бу ерда саккиз киши...” Мен жунжикиб кетдим, Пўлатовнинг лаблари қуруқшаб пирпирай бошлади. “Рассом йигит, — деди у ниҳоят. — Тўрахўжаев. Сирожиддин”. Жамбул ака йўл бошлади, биз эргашдик.
Қабристонга кўклам эрта келади. Ташқарида, шаҳарда қор уюмлари ҳали эриб улгурмаган эса-да, бу гўшада тупроқ кўпчиб, илк майсалар ниш урган, тепачалар нафас олаётгандай, улар кўтарилиб тушаётган кўкраклар бўлиб туюлади. Кўкламлари бевақт хазон бўлганлар ётгани учун шундайдир балки? Сирожиддин бувасининг ёнига қўйилган экан. Ариқ ёқасидаги ўтирғичга ўрнашамиз. Жамбул ака тиловат қилади. Кейин Садриддин ака пайдо бўлади. Бу ерга келишимиздан уни огоҳ этган эдик, уйда ўтиролмай ортимиздан келибди. Қабрдаги оқ мармар лавҳада ёзув:
Сержант Тўрахўжаев С.
1963.26.1. — 1984. 25. 1.
Хизмат бурчини ўташ вақтида
ҳалок бўлган.
Лавҳада унинг сарғиш рангдаги бўртма сурати ҳам ўрнатилган. “Буни ўртоқлари қилган”, — дейди Садриддин ака.
Таомилни бажардик ҳисоб, лекин нимадир мени кетгани қўймайди, нимадир қадамларимни чангаллаб тургандай, нимадир... Жамбул акага ўгириламан, миқтигина одам баттар кичрайиб кетгандай туюлади, қақшабон айтаманки, бошқа йигитларнинг қабрини ҳам кўрсатсангиз. У йўл бошлайди, мен эргашаман. Номлар.
Ва мармар лавҳалардан жилмайиб турган, маъсум, маъюс ўсмирлар нима сабабдан бу ерда ётганларини билмоқчидай бизга томон зор-зор термуладилар. Улар суратларда шу қадар маъсум, шу қадар беозор! Улар — табассум бўлиб улгурмаган лаблар, севинчга чоғланиб, шу тахлит мангу сурат бўлиб қолган юзлар, деворлардаги кемтик нонлар — улар, олинмаган суюнчилар, насиб этмаган тўйлару буюрмаган куёвлик сарполари — улар, оналарининг дилида ханжардай занглаган соғинч — улар, улар шу қадар маъсум, шу қадар ёш!
“Буларни қаранг, — дейди ёнимдаги миқтигина одам, — буларнинг гуноҳи нима? Буларнинг уволи тутмайдими, а?!”
Мен буларнинг севгисини, орзу-ҳавасини ёзолмайман, келажакда ҳам ўринлари бўш қолишини битишга қўлим бормайди, мен, масалан, булардан бировининг оилада ўн фарзанд ичида катта бўлганини, ўлиги келганда онаси ақлдан озиб, ҳанузга қадар ўзига келолмай, қолган тўққиз фарзанд ҳам она меҳридан бебаҳра яшаётганини ёзолмайман, яна кўп гапларни ҳам ёзолмайман мен, чунки... чунки буларга қўшилиб мен ҳам ўз ёшлигимга фотиҳа тортганман, буларга қўшилиб мен ҳам ҳалок бўлгандайман!
Кетамиз. Хайрлашамиз-да кетамиз! Гўё йиғи шишага айлангану бўғзимга қадалиб қолгандай, гўёки тишларим остида йиғи эмас, шиша синаётгандай...
Катта йўлда таксига ўтирамиз. Ҳайдовчи, яна икки йигит. Оғайнилар. Ёшлари йигирма тўрт-йигирма бешларда. Кекирик аралаш суҳбат. Бирови ўн сих кабоб, яна бирови думба ёғида бўлган ош еганини, роса маишат бўлганини ҳайдовчига айтиб келмоқда. Ҳайдовчи эса “кеча зўр жононга борганини” суюлиб мақтанади. Тишларимда энди шишалар эмас, тошлар синаётганини англайман. Кўз олдимда эса — мармар лавҳалардаги маъсум болалар.
“Тушамиз!” — дейман Абдулла акага. Тушамиз.
* * *
ХОТИРА
Бу инсоний туйғу олдидаги инсоний БУРЧ — бировнинг нуридийдаси бўлмиш ўғлоннинг жасадини топшириш, “Сизнинг ўғлингиз интернационал бурчини бажараётиб қаҳрамонларча ҳалок бўлди” деган, ҳалигача бирон-бир ота-она мазмун-моҳиятини англаб етмаган қуруқ сўзларни айтиш ва ёки жувонмарг йигитни тупроққа қўйиб, қабрига мармар лавҳа ўрнатиш дегани эмас. “Қизил Юлдуз” топширилди, бўлди, буёғи бамайлихотир яшайверсак бўлади”, дегани ҳам эмас бу. Асло! Аслида, ўша “Қизил Юлдуз”, фарзандининг ўлимидан сўнг ота-онага топширилган ўша чўғдай орден жудоликка кўника бошлаган нотавонларнинг дардини янгилайдики камайтмайди, куйган қалбларини лахча қўрғошиндай баттар куйдирадики совутмайди.
“Ёлғиз ўғилни катта қилган она, ўғли 19 ёшда Афғонистонда ҳалок бўлган волида Минск вилоят ҳарбий қўмиссариати сиёсий бўлимининг бошлиғи ҳузурига ўғлига ёдгорлик ўрнатишга ёрдам беришни сўраб келадию шу заҳоти дўқ-пўписага дучор бўлади: ўв, нега йиғлаяпсиз, нега ҳаммага ўғлим ҳалок бўлди деб валдираяпсиз? Бу ҳақда гапириш мумкин эмаслигини наҳотки билмасангиз? Мен буни тақиқлайман сизга!..”
Белорус ёзувчиси Светлана Алексиевич келтирган бу мисол 37 йиллардан ёки Брежнев давридан ҳам эмас, атиги бир йил олдинги ҳаётдан олинган. Қани энди ўша сиёсий “зийрак” бошлиқ бировнинг фарзандини била туриб ўлимга юборишни ҳам тақиқлаб чиқса эди ва ҳар бир бошлиқ ундан ўрнак олса эди...
Садриддин ака ҳам ўғлининг номи учун, номи хас янглиғ унутилиб кетмаслиги учун кўп югурди, ҳозир ҳам югуряпти. Ҳар турли ташкилотларга, идоралару маҳкамаларга қатнайвериб, ҳамдардликни ҳам, таъна-дашномларни ҳам кўп эшитди. Ўғлининг хотирасини абадийлаштириш масаласида борганида мингбошилардан бири унга, масалан, шу тахлит жавоб берган: “Бизни тўғри тушунинг. Афғонистонда ўлганлар жуда кўп. Ҳамма кўчаларга уларнинг номини беролмаймиз”.
Илоё, бу йигитларни Худонинг ўзи авф этган бўлсин ва ўз раҳматига олган бўлсин! Уларнинг руҳлари то ҳануз самоларда чирқираб юрибди, мунглуғ ва ўксик руҳлар.
Кечир Сирожиддин, келганим учун,
Беш йил келмаганим учун кечиргин мени!
Дардини янгилаб яқинларингни,
Дардин олмаганим учун кечиргин мени.
Сендин сўрамайин суратларингни
Кириб кўрганим-чун кечиргин мени.
Жонсиз сурат бўлиб боқиб турганинг
Ва мен тирик турганим-чун кечиргин мени.
Овозим етмайди.
Овозинг келмас.
“Қора лолалар”га айттиролмайман
Ва руҳни беш йиллар яғир айлаган
Шеърлар билан сени қайтаролмайман!
Соғинчинг совуйди пиёлаларда,
Бувинг ўлтиради ҳўпламлаб ичиб.
Кечир, мен ичганим бир қултум чою
Бу йил эрта келган кўкламлар учун!
Ҳаёт шовуллайди билмай ниҳоя,
Яшаб бўлгандайман гўзал қисмини —
Туганмас қарз янглиғ тириклик аро
Мен олиб юрибман сенинг исмингни.
* * *
Генерал йиғлади. 1989 йилнинг 15 февралида, “Термиз — Ҳайратон” кўприги устида куппа-кундузи, бутун инсоният кўзи олдида генерал йиғлади! Салкам 15 минг аскарнинг ўлимини кўриб йиғисини ичига ютган, 37 мингга яқин майиб ўғлоннинг кўзига боқиб кўзёшини кўрсатмаган генерал йиғлади! “Термиз — Ҳайратон” кўприги устида куппа-кундузи, бутун инсоният кўзи олдида бронемашинадан тушдию пешвоз олгани чиққан ўн тўрт яшар ўғлини қучиб йиғлади...
1989 йил, январ — март.
ДАСТХАТ(Янги китобдан)
ҚАЛДИРҒОЧ КЎЗЛИКЛАРИМ
Нигинага
Сиз — қаро сочликларим,
Ой-қуёш юзликларим.
Қалдирғоч қошликларим,
Қалдирғоч кўзликларим.
Ҳаётим бўстонида
Қатор кетган ғунчалар.
Қуёш тонгдан сут олиб,
Сизга ёпгай кулчалар.
Булоқлардай соф, тиниқ
Жилваларим сиз менинг.
Саҳардан ўйноқлаган
Жилғаларим сиз менинг.
Кун бўйи живир-живир,
Сиз — новвот сўзликларим.
Менинг шўхликларимсиз,
Қалдирғоч кўзликларим.
Муҳаббатнинг нурлари,
Сиз — меҳрдан толалар.
Кўнгилларимга пайванд,
Умримдаги лолалар.
Менинг такрор баҳорим,
Дунёда изликларим.
Эрка ҳам нозликларим,
Қалдирғоч кўзликларим.
Сиз бирлан хаёл етмас
Манзилларга етгайман.
Тўлқин-тўлқин йилларим,
Дарё бўлиб кетгайман.
Сиз — тошқин шодликларим,
Сиз — менинг ўзликларим.
Қалдирғоч қошликларим,
Қалдирғоч кўзликларим.
Кийикларим бор менинг,
Кўкракларим тоғ бўлгай,
Сиз улғайган бу тупроқ
Чаман бўлгай, боғ бўлгай.
Эриб кетгай дилдаги
Минг йиллик музликларим.
Қалдирғоч қошликларим,
Қалдирғоч кўзликларим.
2004
ИФТИХОР
Тонг қуёши кўрпа ёйган
нурли айвоним менинг,
Бир диёрга бўй таратган
даста райҳоним менинг.
Мен қуёш фарзандиман деб
не учун завқланмайин,
Бешигимни шуъладин
тебратди осмоним менинг.
Қалдироқларга гул ортиб
кетдилар кўкламларим,
Бир умр гул бирла бўлди
васлу ҳижроним менинг.
Мўйсафид тоғлар яна бобо
адирлар ўлкаси,
Камтарин эл кўнглидай кенг
дашту сайҳоним менинг.
Мен шу эл заҳматларидан
дилни шудгор айладим,
Манглайининг терлари ҳам
гавҳари жоним менинг.
Бир фақирин қалби юз минг
шоҳу султондин баланд,
Уйдаги ҳар боласи бир
шоҳу султоним менинг.
То шу тупроқ бор экандир
менда ҳам битмас сухан,
Токи шеъру сўз ародир
сайру жавлоним менинг.
Бунда ҳар бир кишнаган той
Бойчиборлар бўлгуси,
Ҳар ўғил — Алпомишим,
полвони — деҳқоним менинг.
Киприги ойларга теккан
эрка Ойбарчинларим,
Қошлари чангу ғубору
чеҳра хандоним менинг.
Мен қўлингизнинг қадоғига
Ватан деб юз босай,
Арзигайму байтларим ё
шеъру достоним менинг?
Мангу сўлмас Термизийлар
ўтқазиб кетган чинор,
Руҳлари осмонларимда
мангу посбоним менинг.
Кўҳна Жайҳун мавжлари
кетган Ипак йўлларча бор,
Кўксида оламни бўйлар
янги карвоним менинг.
Ору номусдан келур
бунда азалдан ҳар юрак,
Гул бўлур, бўстон бўлур бу
кўҳна қўрғоним менинг.
Ўзбекистон, она Юртим,
юзлари порлоқ Ватан,
Юзлари ёруғ диёрим,
танти Сурхоним менинг.
2003 * * *
Юртим, сенинг олтин қуёш толаларинг,
Ҳаётимга ҳаёт ёмғир, жолаларинг.
Тупроқ бўлиб синггиб кетгум бир кун мен ҳам,
Юрагимдан униб чиққай лолаларинг.
Ҳазин-ҳазин ҳилолларинг жоним ўртар,
Мозийларда қолган бўлсин нолаларинг.
Сенга кўзин олайтириб юрганлар кўп,
Ичингдадир қанча ичи олаларинг.
Бобур янглиғ ҳар ким дилдан суйиб ўтсин,
Машраб янглиғ — чин ошиқу волаларинг.
Тўралармас, бешиклардан тушиб, асл
Фарзандларга айлансинлар болаларинг.
2004 * * *
Мен кўнглимни гулга бердим,
Гулнинг новдасига қийин.
Майин ичдим, болин сўрдим,
Ишқнинг бодасига қийин.
Ёр зулфини дом билган у,
Доим ажиб ҳол бирлан у,
Бўйнидаги хол бирлан у
Маржон шодасига қийин.
Ошиқ деган ташна кетар,
Ғамгин назар ташлаб кетар,
Муғомбирлар яшнаб кетар,
Бари соддасига қийин.
Ķавоийдан дил олмаган,
Машрабдан бир қил олмаган,
Ошу нон деб илм олмаган
Инсон подасига қийин.
Қилмайин юз-õотирини,
Кўролмаса бир-бирини...
Ўйлайвериб тақдирини,
Žртнинг отасига қийин.
Ватан — юксак номус-ордир,
Кимлар учун у рўзғордир.
Гарчи Темурлари бордир,
Темурзодасига қийин.
2004
БУЮК ИПАК ЙЎЛИ
Келаверар карвонлар,
Кетаверар карвонлар.
Қадим Ипак йўлдир бу —
Ҳам севинч, ҳам армонлар.
Йигирма бир асрдир,
Бардошу ҳам сабрдир.
Халқлар қурган қасрдир —
Гоҳ созу гоҳ вайронлар.
Бунчалар кенг бу очун,
Бир томони Чин-Мочин.
Инсон ёзса қулочин,
ўурур бўлган осмонлар.
Чўлмас кўкларга етган,
Ўлмас эркларга етган,
Улуғбеклардан кетган
Юлдузларга унвонлар.
Оврупоми, Осиё —
Бир қуёш, бир ой — зиё,
Адолатга, эй дунё,
Бағринг бўлсин айвонлар.
Инсоният, маконинг —
Ўт ҳам сув тўрт томонинг.
Маърифат ҳам иймонинг
Сенга бўлсин қалқонлар.
Биз оламга тикилдик,
Гоҳ туриб, гоҳ йиқилдик.
Қаддимизни тик қилдик,
Келди давру давронлар.
Кунчиқардан чиққан кун
Сурхонда тунар ҳар кун.
Ёпонча сўйлар бугун
Термиздаги қўрғонлар.
Буюк Ипак йўлдир бу,
Минг миллат, бир тилдир бу.
Аждодлардан қўлдир бу
Авлодларга томонлар.
Шанхайдан бошланган тонг
Тошкентда отса не тонг?
Олти султон — бир қўрғон,
Эзгуликка сорбонлар.
Дунё, сен солгин назар,
Манзилларинг бўлгай зар.
Абадиятга қадар
Тўхтамас бу карвонлар.
2004
ЖУҒРОФИЯ
Олам қизиқ:
Кўзлайсану,
Тўрт томонга чопгайсан,
Ҳиндистонни излайсану,
Амриқони топгайсан.
Кўҳна дунё сирларидан
Қумлар қўрғон йиққайдир.
Қадим Термиз қирларидан
Япония чиққайдир.
2003
ИНТЕРНЕТ
Интернет, айланай номингдан сенинг,
Гапга лим-лим тўлуғ жомингдан сенинг.
Бугун бу дунёнинг эгаси сенсан,
Поёнсиз оламнинг эркаси сенсан.
Секин Ер юзини айладинг ишғол,
Бир ишинг яхшию, бир ишинг — ишкал.
Сен сўнмай, сўлимай ёз-қиш яшайсан,
Қитъадан қитъага миш-миш ташийсан.
Зангор кўзларингда ҳамма нарса бор:
Ким ишдан кетдию, ким эса — бемор.
Тунлар ёритасан кулдонларни ҳам,
Бир зум тинч қўймайсан султонларни ҳам.
Ишинг бор подшою чўпонга қадар,
Дарров еткизасан ёпонга қадар.
Қочиб қутулмагай сендан пулдорлар,
Танноз санамлару сатанг дилдорлар.
Гарчи кеча-кундуз уйқуларинг йўқ,
Лек сенинг инсоний туйғуларинг йўқ.
Қалбу рўзғорига кириб бордингми,
Бирор камбағалдан сен ҳол сўрдингми?
Бойсунда бир мунглуғ мактаб — интернат,
Хабаринг бормидир бундан, Интернет?
Ўйласам, кўзимда жолаларим бор,
Унда менинг маъюс лолаларим бор.
Улар ҳали ўсиб чинор бўлгайлар,
Улғайиб соҳиби диёр бўлгайлар.
Очиқ айтайинми энди бетингга:
Ота бўлолдингми бирор етимга?
Туганмас фол билан ромингдан сенинг,
Интернет, айланай номингдан сенинг!
Зўр бўлсанг хабар бер, бергил кафолат,
Қачон Ер юзида тугар жаҳолат?
Одамзот меҳрга қачон тўйгайдир?
Қачон ёмонликнинг уйи куйгайдир?
Айтгил ука-синглим, яна боламга:
Қачон муттаҳамлар битар оламда?
Тонг чоғи сен шамол эстириб бергил,
Зўр бўлсанг, бир ниҳол ўстириб бергил!
Сен асли камолот белгиси, ҳузур,
Сал ранжитган бўлсам, Интернет, узр.
Сенда ҳам бир ажиб тантиликлар бор,
Янги келинчакдай янгиликлар бор.
Олис элларга нур ришталар еткиз,
Менинг юртимдан ҳам муждалар еткиз.
Токи хуш саҳарлар кўмсин дунёни,
Кўмса хушхабарлар кўмсин дунёни!
2003
СЕН ЁЛҒИЗ ЭМАССАН
Сен ёлғиз эмасдирсан,
Бу дунёда миннат бор.
Ҳар инсон боласининг
Манглайида бир хат бор.
Яхшилик ҳам туганмас,
Ёмонлик ҳам фақат бор.
Ва лекин бир гул диёр,
Куй — ғазал, булбул диёр —
Унда битмас муҳаббат,
Унда меҳру шафқат бор.
О, ҳаёт, кўчаларинг,
ўунча ҳам гулчаларинг!
Меҳрибонлик уйида
Мен кўрдим қўлчаларинг,
Бир асал тилчаларинг,
Бир ширин кулчаларинг.
Қалдирғоч, қушчаларинг,
Қизу ўғилчаларинг,
Булар улғайса ҳали
Боғ бўлгай гўшаларинг.
Қуёш ҳам Меҳр ахир,
Оламда айлангайдир.
Меҳрсиз жойда умр
Мотамга айлангайдир.
Кўнглинг очсанг майса ҳам
Болангга айлангайдир.
Бошинг узра Ватанинг
Онангга айлангайдир.
Бир кун бу полапонлар
Одамга айлангайдир.
Эл номин осмон этиб,
Оламга айлангайдир.
Бўстонимда саф тортиб,
Очилгувчи гулларим.
Болам десам, ҳар доим,
Жимирлаган дилларим.
Менинг бедор маконим,
Чароғон манзилларим.
Бийрон тилим ўзингиз,
Менинг уйғоқ йилларим.
Сиз менинг жаҳонларга
Элтар кўприк, йўлларим.
Қора қош ҳам қора кўз
Қанча бола бу юртда.
Тириклик чечаклари,
Гул ҳам лола бу юртда
Ой-қуёш ҳам бир тўхтаб,
Ўйлар: қолай бу юртда.
Сувларидан, куй бериб,
Куйлар олай бу юртда.
Юртим десам, онам у,
Онам десам, бу — юрт-да.
Сен ёлғиз эмассан, юрт,
Меҳрдир дўст тутганинг.
Заҳматларни жим торта,
Дунёга кўз тутганинг.
Улуғларинг хокини
Кўзларингга суртганинг.
Бир фарзанд ўстирганинг —
Бир Ватан ўстирганинг.
Бир ўғлон ўстирганинг —
Бир қўрғон ўстирганинг.
2004
УМР
Умр аввал шўх, ўйноқи тойга ўхшар,
Жилға бўлар, сўнгра тошқин сойга ўхшар.
Қуёш янглиғ чарақлагай тонг чоғида,
Кўкламдаги ёмғир ювган ойга ўхшар.
Болалигинг жаннатидир ота уйинг,
Унда сенинг бешикларинг, бешик тўйинг.
Қадди эгик отанг бўйи, сенинг бўйинг,
Устоз айтгандайин камон, ёйга ўхшар.
Баланд-баланд тоғларингда қоринг бордир,
Молинг йўқдир, лекин дилда оринг бордир.
Йигитлигинг, гар қаламқош ёринг бордир,
Юз минг динор, тиллоси бор бойга ўхшар.
Кўз ўнгингда бозорлари, баҳорлари,
Бу дунёнинг гулзорлари, гулёрлари.
Ўтаверар унинг ёғоч тулпорлари,
Бу ёни кир, у ёни сир жойга ўхшар.
Изларин ўп яхшиларнинг йўлидаги,
Ёшлигинг бир оққуш даҳр кўлидаги.
Умр асли кекса онанг қўлидаги
Соғинч тўла бир пиёла чойга ўхшар.
2004
НЕЧУН?
Юрагимнинг айвонига
Меҳмон бўлган меҳмонларим,
Қилдай ёруғ кунимни ҳам
Кўролмаган ёронларим.
Кимлар ҳасад дарёсида,
Кимлар ғараз саҳросида,
Ўтиб-ўтиб бормоқдамиз
Дарду ҳасрат дунёсида.
Баланд-баланд томлар солиб,
Тубан-тубан ишлар қилган.
Баҳоримни, ёзимни ҳам
Бир лаҳзада қишлар қилган.
Мен ўйладим: гаштин сургум,
Қўлларимда торим келди.
Шундай элдошларни кўрдим,
Ич-ичимдан орим келди.
Кўнгил йўли — чарақлаган
Осмон эди, найсон эди.
Бу дунёда менинг асли
Излаганим инсон эди.
Ёмонларга нечун сенинг,
Нечун доринг келмас, ҳаёт?
Ёлғонларга бағринг кенгдир,
Нечун оринг келмас, ҳаёт?
2003
ҚУРБОНЛИК ҚЎЙ
Худди жаннат жамолидай
Бир тонг эди,
Олам бир ён,
Сенинг кўзинг бир ён эди.
Кечир мени,
Мен ёнингга боролмадим,
Жовдираган кўзларингга қаролмадим.
Ўзларича қўли очиқ, ҳотамлари,
Нечук одам
Бу дунёнинг одамлари?
Нечун сени,
Нечун сени сайладилар?
Ётқиздилар,
Оёқларинг бойладилар.
Нечун бўйнинг бермай,
Ерга уравердинг,
Бошгинангни қорнинг томон
Буравердинг?
Оёқларинг нечун бунча ташлашдилар?
Қорнинг тирнаб,
Нени бунча талашдилар?
Бу дунёда куйдирган
Ҳам куйган инсон,
Ўнг келганда
Ўз боласин сўйган инсон.
Қурбонлик қўй,
Майсаларга қонинг томди,
Жовдираган кўзинг билан
Жонинг томди.
Кўтаришиб,
Осдилар сўнг оёғингдан,
Саҳар ичган сувинг
Оқди томоғингдан.
Кўз ёшингни
Қонинг билан қордиларку,
Теринг шилиб,
Қорнингни ҳам ёрдиларку!
Наҳот ҳайвон қисматин ҳам
Давоси йўқ?
Қўзиларинг ётар эди
Кўзи юмуқ.
Жонсиз қорнинг,
Чавоғларинг болиш бўлиб,
Ётар эди улар
Тилсиз нолиш бўлиб.
Ҳаёт менга
Кўп ғамларни қайтиб берди,
Буни менга бир оғайним
Айтиб берди.
Жонзот кўзи билан
Боқсанг гоҳ ҳаётга,
Нафратларинг келиб кетар
Одамзотга.
Кечалари мен ҳам
Уйғоқ алам билан,
Юрак-бағрим тиғлайдирман
Қалам билан.
Лекин унга
Бир тасалли беролмайман,
Юрагимнинг кўзларига
Қаролмайман.
Жонворгинам,
Дунё нечун кирлардадир?
Хаёлларим
Сен ўтлаган қирлардадир.
Қўймас сира,
Қулоғимдан кетмас нари,
Кўзи юмуқ қўзиларнинг
Маърашлари.
2004
ҲИЛОЛ
×иқдингми ҳилолим,
Мунглуғ ярим ой,
Żнди ғам қоришди фурсатларимга.
Сен зиё сочмассан,
Қўшмассан чирой
Менинг ҳасратларим, ғурбатларимга.
Инсон келармикан эртами ё кеч
Дунёга дон каби янчилмоқ учун?
Ҳилолим, осмонга чиқдингми бу кеч
Укамнинг қабрига санчилмоқ учун?..
2003
МАРҲУМЛАР
Марҳумлар бизлардан донороқдирлар,
Олий қисмат таъмин бўлганлар тотиб.
Улар сўзламаслар, лекин ҳақдирлар,
Бизлар-чи, юрибмиз сафсата сотиб.
Сокин мозорлари — нақлу пандлари,
Ойлар ҳам бир тўõтаб, сўнг ботгайдирлар.
Оламнинг энг улуғ донишмандлари —
Қиёматга қадар жим ётгайдирлар.
2003
АЁЛ МАНЗУМАСИ
Бу диёрда ору номус,
шаъну шавкатдир аёл,
Меҳру шафқатдан яралган,
меҳру шафқатдир аёл.
Олам узра бир қуёш бор,
битта ой бордир, валек,
Ердаги нур — моҳитобон,
шамси талъатдир аёл.
Она сўзи юрт сўзи бирлан
нечун пайвастадир?
Бир улуғ элдир, Ватандир —
шунга сархатдир аёл.
Кўкдаги кунларни ҳам
чарчатгуси меҳнатлари,
Уч юз олтмиш томири
иш бирла заҳматдир аёл.
Ęон десам жононадир,
жоним десам жонимдадир,
Ул муҳаббат оламига
мангу даъватдир аёл.
Мен қошингизнинг қаросидан
дилимга хат олай,
Ваҳ, нечук нозик нафосат,
инжа санъатдир аёл!
Бу гўзал нозу адолар
ҳеч адолар қилмагай,
Қайта-қайта жон ато
этгувчи ҳайратдир аёл.
Умрингизнинг боғларига
файз берган ҳам ўшал,
Билсангиз Ҳақдин мукофот
ҳамда рағбатдир аёл.
Онажоним, Она юртим,
давлатинг кам бўлмагай,
Токи сен борсан жаҳонда
катта давлатдир аёл.
2004
КУЛЧА
Ошиқларнинг бир кўчаю,
Бунда бир тандир кулча.
Осмонда ой бир кулчаю,
Сенинг юзинг — бир кулча.
Бир ҳовли ҳам бир уйчаю,
Ичи тўла гулғунча.
Бунда бир тандир кулчаю,
Сенинг юзинг — бир кулча.
Бир йўлакча, бир йўлчаю,
Унутмасман, ўлгунча.
Сенинг юзинг — бир кулчаю,
Кимларга тақдир кулча?..
Кўнгил энди зор гўшаю,
Йиллар қайдадир кулча?
Қолиб кетди бир кўчаю,
Кўкларда ой — сир кулча.
2004
ТАКРОР
Тун чоғи бир шамол эсдию кетди,
Гулнинг титроқлари бўйнимга тушди.
Ёр ўз сочларидан узун дор этди,
Зулфин сиртмоқлари бўйнимга тушди.
Осмонлар айланиб, ойлар тўлдилар,
Қошлар камон тортиб, ёйлар бўлдилар.
Қўллар, кокиллари сойлар бўлдилар,
Ундан ирмоқлари бўйнимга тушди.
Ё раб, бу қандайин кўргулик, омад!
Хушқадам, хушқилиқ, хуш қадду қомат,
Бир тун савдосида маҳшар-қиёмат
Савол-сўроқлари бўйнимга тушди.
Ҳаётнинг энг гўзал, шоҳ устунлари,
Ваҳ бу устунлари, воҳ устунлари!
Муҳаббат қасрининг оқ устунлари —
Ёрнинг оёқлари бўйнимга тушди.
2003
ФУРҚАТ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Кўзлари бегона эрмас, дўстгина, элдошгина,
Зулфлари ҳам ўйласам, кўнглим билан тилдошгина,
Йўлга солсам, бир умр бўлгай манга дилдошгина,
Тангри берди ногаҳондин бир нигори ёшгина,
Қомати нозиккина, кўп эркаю авбошгина.
Гул қидирдим бу жаҳонда, булбули саҳро эдим,
Ўз дилимдан ҳам аразлаб, гоҳида айро эдим,
Дил ўшал дарё эдию, мен ўшал дарё эдим,
Неча муддат гўшаи ғамда ажаб танҳо эдим,
Эмди жоним пардасида асрайин йўлдошгина.
Менга ёр ўлгайми деб ўйлар эдим оз-озгина,
Ишвасидин гап олиб, сўйлар эдим оз-озгина,
Гарчи аввал мен гумон айлар эдим оз-озгина,
Ишқ дардини баён айлар эдим оз-озгина,
Ёшлигидин қилди охир сирларимни фошгина.
Хат чизиб мижгонлари бори ҳаётим захмига,
Гул хаёл айлар эдию, мен хаёли раҳмига,
Бормас эрди лек ўзи ҳам ўз хаёли фаҳмига,
Зулфининг шомида ул маҳнинг жамоли шамъига,
Айланурга жон қуши парвонадек хаффошгина.
Изларидин энди из ўрнига қолгай менга жон,
Мен эгилмасман камондек, токи бул — қоши камон,
Холи ҳам заҳматларимнинг нуқтасидин бир нишон,
Йиғларимни шиддатидин оқти ашк ўрнига қон,
Раҳм ила парвоси йўқ жонон юроги тошгина.
Юзларига термулиб ҳам қўймади армон мени,
Қайга келдим,қайга элтгай бу гўзал жайрон мени?
Не учунким ёр билан ҳам қўймади ҳижрон мени,
Оқибат даврон жафоси қилди саргардон мени,
Топмадим бир мунисеким, бўлса хуш кенгошгина.
2002
ДАСТХАТ
ҚИРҚ ЁШЛИЛАР ДАФТАРИГА
Биз ҳам яшаётирмиз,
Қирқдан ошаётирмиз.
Ярми оқ, ярми яшил
Қирдан ошаётирмиз.
Оқшомимиз кулрангдир,
Зиёламиз гулрангдир.
Бу не маъюс жарангдир?
Нечун тубинда зангдир?
Назар ташлаётирмиз,
Қирқдан ошаётирмиз.
Муҳаббатми ё ҳикмат?
Меҳнатми ёки миннат?
Севгими ёки сароб?
Севинчми ёки азоб?
Қайга шошаётирмиз?
Қирқдан ошаётирмиз.
Тўймай ота-онадан.
Қисмат қурган бинодан,
Гоҳи ибн Синодан,
Гоҳ нодону донодан,
Ўткинчи бу дунёдан
Ҳасрат бошлаётирмиз,
Қирқдан ошаётирмиз.
Ким кўнглидан уёлган,
Кўнгил қолиб, уй солган.
Ким дунёга дил бериб,
Ташвиш, алам, ўй олган.
Пайғамбарлардан қолган
Сирдан ошаётирмиз,
Қирқдан ошаётирмиз.
ЯНГИ БОҒНИНГ ЭШИГИГА
Ҳар нарсада Ўзинг ҳақсан энг аввало,
Ёмонликни бу тупроқдан кўтартиргин.
Одамзот ҳам ёғоч янглиғ ўтмасин то,
Не бўлса ҳам, э Худойим, кўкартиргин!
ЯССАВИЙ ДЕВОНИГА
Бу дунёнинг тубини мен топиб қўйдим,
Шўралаган тупроғини чопиб қўйдим.
Сиз бемаслак тушиб кетманг дея, уни
Яссавийнинг девони-ла ёпиб қўйдим.
ОҚСАРОЙ ДЕВОРИ ЛАВҲИГА
Гумбазлардан тикилгай
Темур бобо кўзлари,
Оқсарою Кўксарой
ул зотнинг иншосидир.
Шунчаки айтилмагай
подшоларнинг сўзлари,
Подшоларнинг сўзлари
сўзларнинг подшосидир.
СОҲИБҚИРОН ҲАЙКАЛИ ЛАВҲИГА
Адолат доим шундай:
қад ростлаб тикилгайдир.
Ёмонлик азал-абад
тоқ бўлиб йиқилгайдир.
Адоват бирлан келса
энди ҳар қандайин куч,
Амир Темур ҳайкалига
қоқилиб йиқилгайдир.
НАВОИЙ ТУҒИЛГАН КУН
(Ҳазрат ҳайкали лавҳига)
Ҳар кўнгил ишқ ичра пок
тийнат бўлар кундир бу кун,
Битта сўз олам аро
зийнат бўлар кундир бу кун.
Тийра дунёга зиё сочгай
мунаввар бир исм,
Бир исмдан бир улус
миллат бўлар кундир бу кун.
“ГУЛИСТОН” КИТОБИГА
Ушбу “Гулистон” ичра йўқ
сўздан гўзалроқ сийму зар,
Саъдий бобонинг ўзлари
ҳикмат чопонин кийгизар.
ҚОДИРИЙНИНГ ШИЙПОНИГА
Бунда Бедил ғазалларин рукн, байти бор
Ва Навоий девонларин сукунати бор.
Бунда ҳар барг сўйлар ўтган кунлардан маъно,
Бунда ҳануз ерга қараб турибди Раъно.
“ТУНДАЛИКЛАР” КИТОБИГА
Бу — бир уйғоқ инсон,
кўнгли бедорнинг
Умри, фасллари,
кун, йилларидир.
“Тундаликлар” эмас,
Асқад Мухторнинг
Тортган аламлари,
õун дилларидир.
“ТУРНАЛАР” КИТОБИГА
Қайга кетди Засул Ҳамзатов?
У бир шоир ҳолида кетди.
Аждодларнинг қаторигаю
Авлодларнинг ёдига кетди.
Бу дунёга, сўнг бор хўрсиниб,
Ғамгин назар солди-да кетди.
Одамлардан чарчади охир,
Турналарнинг олдига кетди.
ОТАМНИНГ ПАХСА ДЕВОРИГА
Мен ҳам бу дунёни кўраётирман,
Пасту баландида юраётирман.
Отамни соғиниб,
Отамни қўмсаб,
Мен ҳам сен каби жим нураётирман.
ЎРОҚНИНГ ДАСТАСИГА
Осмон ўша.
Ҳамон Етти қароқчи бор,
Одамзотнинг барига бир сўроқчи бор.
Кўкарамиз. Бўй чўзамиз. Сарғаямиз.
Ҳаммамизни ўргувчи бир ўроқчи бор.
ҚАМЧИНИНГ ДАСТАСИГА
Бу оламда қачон дил дилга етгай?
Умр тулпори ҳам манзилга етгай.
ҚАБР ТОШИГА
Ҳар неки истасанг
сабрдан топгунг,
Сабрдан топмасанг,
қабрдан топгунг.
ПИЁЛАНИНГ ГАРДИШИГА
Пиёла айланар.
Даврон айланар.
Айланади Еру
Осмон айланар.
Тириклик базмида
қанча зотлар йўқ,
Бу пиёла эса
ҳамон айланар.
ДОНИШМАНДНИНГ НОСҚОВОҒИГА
Қиш яхшику, баҳор яхши,
лекин тўкин ёз яхшидир,
Ўрмондаги хом хаёлдан,
Дўрмондаги ғоз яхшидир.
Юраверсанг бу дунёда
ажиб ҳикмат бўлар умринг,
Юз муттаҳам дўстдан кўра,
икки отим нос яхшидир.
ПОЛВОНЛАРНИНГ БЕЛБОҒИГА
Ҳаёт ўзи бошдан оёқ
катта кураш деганидир,
Курашмасанг ҳаётинг ҳам
асли нураш деганидир.
Улғайсалар полвон бўлиб
тузинг ичган ўғлонларинг,
Ёт элларда кўкрак кериб,
юртин сўраш деганидир.
Писанд қилмай назар солса
болангга написанд дунё,
Дунёнинг ҳам бурнига бир
чертиб бураш деганидир.
Элнинг ору номусидир
эр йигитнинг белбоғи ҳам,
Юрт номини юксак шараф
шонга ўраш деганидир.
“ҚОЗА БЕЛБОҒ”ГА
Каратэ бу — “қараб теп”ми,
“қора тер”ми ё?
“Қора белбоғ” шунинг учун
қорадирми ё?
Қорачиқлар қора чўғдай
тўқнаш келади,
“Бир карра теп” деган сўз ҳам
уйқаш келади.
Оқ яктак ҳам, ўйлаб кўрсанг,
ёпонними ё
Бизнинг чўпонларнинг ёзги
чопоними ё?
Қора терга ботиб бунда
қараб тепадир,
Балки унинг чин Ватани
Қоратепадир?..
МЕҲМОНХОНА КИТОБИГА ЭСЛАТМА
Яõши қўноқлару
Софдил инсонга
Кўкдан қуёш билан ой олиб беринг.
Ношукур бандага,
Нокас меҳмонга
Ҳўкизнинг шоõидан жой солиб беринг.
ОЙСИНГИЛНИНГ КЕЛИНЧАКЛИК ЛИБОСИГА
Настарин, исминг фаранги, Настарин,
Сен ҳаётнинг янги ранги, Настарин.
Жилвасидай икки биллур жомнинг,
Икки кўнгилнинг жаранги, Настарин.
БИР САНАМНИНГ СОАТИГА
Атиргулим,
Ўтир, гулим.
Умр ўтаётир, гулим.
Менинг мушкул бир ишим бор,
Баҳор кетмай битир, гулим!
БИР НИГОРНИНГ ДАФТАРИГА
Киприкларинг орасига киприк солсам,
Кипригимдан кипригингга кўприк солсам,
Бу кўприкни ҳижрон сели ютолмагай,
Биздан бошқа ҳеч ким бундан ўтолмагай.
ИСМ
Мажнун учун дил овунчи
саҳроларнинг қумидадир,
Кимлар учун ҳаёт завқи
май, шаробнинг хумидадир.
Кимлар учун бахт — дунёнинг
Ҳинду Хитой, Румидадир,
Сенинг учун гўзал рўё —
Умидадир, Умидадир.
Ойнинг ўзи чиройига
ҳавас билан қарабмидир?
Офтоб ўзи сочларини
нурга белаб тарабмидир?
Муҳаббат ҳам меҳр, толе
ўшал дилнинг умридадир,
Унинг ёри агар шундоқ
Умидадир, Умидадир.
МУҲАББАТ ДЕВОНИГА
Кўйи ишқида, қарангким,
андалиб бўлди кўнгил,
Андалиб бўлди кўнгил, ҳам
алданиб бўлди кўнгил.
«ТАФАККУР» ЖУРНАЛИГА
Бу дунёда ўзинг топган
йўлинг бирлан тафаккур қил,
Агарчи топмаган бўлсанг
дилинг бирлан тафаккур қил.
Сенга кошона бермабди,
вале пешона бермишдир,
Ўзингни манглайингдан бил,
қўлинг бирлан тафаккур қил.
Азалдан ўзфуруш дунё,
сўзи кўп, сўзфуруш дунё,
Тийиб юргил забонингни,
тилинг бирлан тафаккур қил.
Ҳаёт бўстонига уч кун
келиб кетгувчи гулдирсан,
Хазонинг ҳам гулинг, обу
гилинг бирлан тафаккур қил.
Нечун инсон бўлиб келдинг?
Нечундир ёнмайин кетмоқ?
Оловинг, оташинг, ўтинг,
кулинг бирлан тафаккур қил.
Жаҳолат то завол топгай,
Она юртинг камол топгай,
Тафаккур қил, тафаккур қил,
элинг бирлан тафаккур қил.
ЎЗИМИЗНИНГ ТАНДИРГА
Айтмангизким, юртнинг нону тузи ургай,
Ота-она ва ё элнинг сўзи ургай.
Ношукур ё нонкўр бўлса қай бир фарзанд,
Энг аввало шу тандирнинг ўзи ургай.
ХОТИРА МАЙДОНИ УСТУНЛАРИГА
Бунда неча авлодларнинг
соғинчлари бор,
Бунда номлар жимирлатар
жон бирла танни.
Устунлар ҳам Хотиранинг
ўзидай пойдор,
Кўтаришиб тургандайин
улуғ Ватанни.
ДАФТАРИМГА
Ўчоқ берди Худойим,
Ўтин берди Худойим.
Шу ўчоққа яраша
Тутун берди Худойим.
Кимга ярим, кимларга
Бутун берди Худойим.
Кимга ҳасса, кимларга
Устун берди Худойим.
Кимга омад қушининг
Патин берди Худойим.
Менга шу сатрларнинг
Қатин берди Худойим.
2004