Шайх Зайниддин бобони айланг зиёрат
Авлиёлар бешигидур, бу кўҳна Замин,
Илму зиё эшигидур, бу кўҳна Замин.
Қанча олим муттақийлар, не-не ахли дин,
Аммо, барчасига пуру, устоз ул-ҳикмат
Шайх Зайниддин бобони айланг зиёрат.
Минг икки юз йиллик “шажара” аждоди эрур,
Ул зот Шайх Сухравардий зурёди эрур,
Бут тариқат ўн бешинчи авлоди эрур,
Шажара қирқ еттинчиси бизлар-ла ҳаёт,
Шайх Зайниддин бобони айланг зиёрат.
Ғуруримиз, фаҳримиздур табаррук имомлар,
Бу даргоҳдан ўтган қанча қори-имомлар,
Зиёвуддин Бобохондек Шайхул Исломлар,
Алар илму мақомати бизларга ибрат,
Шайх Зайниддин бобони айланг зиёрат.
Абдулҳамид , Шаҳобиддин қори устозлар,
Ҳожи қори, Пўлат қори-илму мерослар,
Фозилқори масалидан йиғларди созлар,
Улар шахди юқса деймиз, бизга ҳам шояд,
Шайх Зайниддин бобони айланг зиёрат.
Раҳматулло устозда хуш ҳислатлар жамдур,
“Ар-Раҳман” дан тошюраклар ҳам гўё шамдур,
Қироатда “Булбул қори”, “Савти ажамдур”,
Кўкча ахли ўтиз йил-ки олмиш маърифат,
Шайх Зайниддин бобони айланг зиёрат.
Эзгулиг-у, савоб ишлар қолар дунёда,
Ғуломиддин домла умри бўлсин зиёда,
Нуриллохон қори устоз ҳамон дуода ,
Кексаларга хосдур қанча иззату ҳурмат,
Биз ёшларга эса қурмоқ янги иморат.
Шукр қилган элнинг мудом, ҳар куни байрам,
Бахтли ҳаёт учун бизда, ҳар не мужассам,
Жаннатмакон бу юрт учун, қанча қилсак кам,
Яратгандан ҳидоят-у, биздан ибодат,
Шайх Зайниддин бобони айланг зиёрат.
Юртимизга Ҳақнинг рахмат нури ёғилсин,
Ҳамроҳимиз Ихлос, Ёсин, Таборак бўлсин,
Барчамизга қутлуғ айём муборак бўлсин,
Ўтганларга сизу биздан бир сура оят,
Шайх Зайниддин бобони айланг зиёрат.
Шу азиз ватанга керак бўлайлик
Бургутга тоғ ошён керакдур,
Булбулга боғлардан бўстон керакдур,
Лек, аввал мусаффо осмон керакдур,
Ҳар юмуш, корига яраб юрайлик,
Шу азиз ватанга керак бўлайлик.
Лол қолмас айтинг, ким минораларига,
Кўкларга бўй чўзган чинорларига,
Боқиб кўз қувонар ниҳолларига,
Новдаларга суянч, тиргак бўлайлик,
Шу азиз Ватанга керак бўлайлик.
Шукрона тушмаса мудом сўзлардан,
Тоъле юз ўгирмас асло бизлардан,
Ҳақ ўзи асрагай ёмон кўзлардан,
Ҳар лаҳза огоҳу, зийрак бўлайлик,
Шу азиз Ватанга керак бўлайлик.
Орифлар вориси ориф бўлгайдур,
Ғолиблар вориси ғолиб бўлгайдир,
Зурёдлари илму толиб бўлгайдур,
Аждодлардек мард, довюрак бўлайлик,
Шу азиз Ватанга керак бўлайлик.
Бу Заминда қанча азиз-авлиё,
Асрлар қаъридан таратмиш зиё,
Ал-Бухорий бобо, Термизий бобо
Ҳикмат маъданидан фикрат олайлик,
Шу азиз Ватанга керак бўлайлик.
Нурли манзил сари довонлар ошиб,
Шахд ила яшайлик, денгиздай тошиб,
Юрт равнақига ўз ҳиссамиз қўшиб,
Ҳар ишда забардаст билак бўлайлик.
Шу азиз Ватанга керак бўлайлик.
Зарра гард, ғубор йўқ ўзбек кўнглида,
“Хуш келибсиз” дея нон, туз қўлида,
Эзгулик йўлида, тинчлик йўлида,
Бутун ер юзига ўрнак бўлайлик,
Шу азиз Ватанга керак бўлайлик.
“Бунёдкор ҳалқим бор” деган учун,
Ҳар ишда Ўзи Бош бўлгани учун,
Раҳнамо Султонни бергани учун,
Яратганга баҳад шукр қилайлик,
Шу азиз Ватанга керак бўлайлик.
Иймон гавҳарини дилларга жойлаб,
Оила қўрғонин мустаҳкам айлаб,
Йигирма бир йиллик Тўйга бел бойлаб,
Юрт шону-шавкатин кўйлаб юрайлик,
Шу азиз Ватанга керак бўлайлик.
Шукрона
Чархпалакдай Ойлар, Йиллар ўтмоқдадур,
Замин узра тиниқ тонглар отмоқдадур,
Яна “Жоърий” манзилига ботмоқдадур.
Бу кунларга, фақат шукр қилмоқ керак,
Тафаккур-ла, тинчлик қадрин билмоқ керак
Бизлар учун Худойимнинг ҳар неъмати,
Ёғилмоқда барака-ю, нур, раҳмати.
Сабр қилиб, ўтдикпасту-баландлардан
Синовларнинг бордур ахир, бир ҳикмати.
Бу кунларга, фақат шукр қилмоқ керак,
Тафаккур-ла, тинчлик қадрин билмоқ керак
Юрт яшнаса, кўнгиллар ҳам яйрайди-да,
Боғларида булбуллар шўх сайрайди-да,
Осойишта юртда базму-байрам бўлиб,
Тўйларида куй-наволар янграйди-да.
Бу кунларга, фақат шукр қилмоқ керак,
Тафаккур-ла, тинчлик қадрин билмоқ керак
Қаранг ахир, ўзга давлат, маконларга,
Қирғин, уруш ҳавф солмоқда инсонлрга,
Ким тўфондан, ким ёнғиндан азоб чекиб
Қанча одам ғарқ бўлмоқда уммонларга.
Ҳур кунларга, фақат шукр қилмоқ керак,
Тафаккур-ла, тинчлик қадрин билмоқ керак
Озод, эркин бу кунларни кутган қанча,
Кўзи очиқ, кўксин ўққа тутган қанча,
Ким эшитди улар нол-фарёдини
Жанозасиз,оқ кафансиз кетган қанча.
Ҳур кунларга, фақат шукр қилмоқ керак,
Тафаккур-ла, тинчлик қадрин билмоқ керак
Бугун қанча қадамжолар обод бўлди,
Қанча масжид, мадрасалар бунёд бўлди,
Томирида Темур қони жўшган Инсон
Эл бахтига Ўзи меъмор бир Зот келди.
Бу кунларга, фақат шукр қилмоқ керак,
Тафаккур-ла, тинчлик қадрин билмоқ керак
Миллатнинг бўй басти бор ҳар иморатда,
Илм фану, ҳам ижодда, табобатда,
Дунёни лол айламоқда дилбандлари
Ғолиб бўлиб спортда-ю, ҳам санъатда,
Бу кунларга, фақат шукр қилмоқ керак,
Тафаккур-ла, тинчлик қадрин билмоқ керак
Маърифатли элнингмфикри тиниқ бўлгай,
Зафарлардан мудом юзи ёруғ бўлгай,
Барчамиз бир тану бир жон, дуо қилсак
Йиллар оша қўш айёмлар қутлуғ бўлгай.
Тафаккур-ла, тинчлик қадрин билмоқ керак
Бу кунларга, фақат шукр қилмоқ керак.
Яна нима керак бизга
Парвонадур замин бизга,фалак бизга,
Ватан деган шундай гузал малак бизга.
Яхши яшаб,нега шукур демаймиз гох,
Бундай ортик, яна нима керак бизга.
Кўринг, қанча юртлар одамини,
Ташлолмайди хотиржам бир қадамини.
Қадрин билинг, Хақнинг шундай карамини,
Бундай ортиқ, яна нима керак бизга?
Қанча юртлар сув остида қолмоқдадур,
Қайларгадир террор ғавғо солмоқдадур
Оллоҳ бизни панохига олмоқдадур,
Бундай ортиқ, яна нима керак бизга?
Ўзга юртда кўпдир дарддан толган беллар,
Гиёхвандлик балосидан кўйган эллар.
Оғунингмас, охуники бизнинг ерлар,
Бундай ортиқ, яна нима керак бизга?
Тунлар ётиб,тонглар яна туриб омон,
Етиб келдик шукр, ёруғ кунлар томон,
Яхши яшаш учун бор-ку барча имкон,
Бундай ортиқ, яна нима керак бизга?
Ҳар ён обод, оилар мустаҳкамдир,
Айтинг, ўзбек фарзандлари кимдан камдир,
Ношукурнинг кўрган ҳар бир куни ғамдир,
Бундай ортиқ, яна нима керак бизга?
Ҳалқим бу кун Истиқлолнинг тузин татир,
Тузлиғидан мардлар қилар юзи хотир.
Эртамиздан умидлар бор, йўқ хавотир,
Бундай ортиқ, яна нима керак бизга?
Шайхонтохур туман бош имом-хатиби
Одилхон қори Исмоилов