19:22 / 18.02.2012 · Кутубхона
Гул билан суҳбат

Кўринди бу кеча гулда муножот,
Забони ҳол билан кечди мулоқот.
Дедим: “Эй гул, нечун чеҳранг қизилдир?”
Деди: “Эй қул, юз изҳори кўнгилдир”.
Дедим: “Недан ажаб нозикбадансан?”
Деди: “Дил нозик эрса, найласин тан?!”.
Дедим: “Жисмингда йўқ ғунчангдаги бўй?”
Деди: “Хулқинг оғиздан кўрсатар бўй”.
Дедим: “Баргинг яшил эркан, гўзалдир”,
Деди: “Орзу-умидлардан масалдир”.
Дедим: “Сўлғин кўрингайсан хазонда?”
Деди: “Бу ерга ётмоқдан нишон-да”.
Дедим: “Ҳосилларингни не қиларсан?”
Деди: “Сув ичган ўрнимга тўкарман”.
Дедим: “Узмиш гулингни бир неча ёш?”
Деди: “То лаб очилди, кетди бу бош!”
Дедим: “Борми сенинг бир боғбонинг?”
Деди: “Жисминг турарми, йўқса жонинг?”
Дедим: “Булбул сенга ошиқ экан кўп?”
Деди: “Боғбондир ишқ аҳлига маҳбуб”.
Дедим: “Ҳар япроғинг санъат нишони”,
Деди: “Ҳар бири боғбон достони”.
Дедим: “ Нега боқарсан кўкка доим?”
Деди: “Дил талпинар, айтиб “илоҳим”.
Дедим: “Қанча қуёшдан баҳравар тан?”
Деди: “Ҳар қанча унга юзланарман”.
Дедим: “Ёнингда бу ажриққа не бор?”
Деди: “Тушса назарлар, айлагай кор”.
Дедим: “Нега гўзаллик рамзи сенсан?”
Деди: “Доим табассум суннат эркан”.
Дедим: “Сен қўлма-қўл халқ ичра доим”,
Деди: “Сен ҳам тиконсиз бўл, мулойим”.
Дедим: “Эл юзингга мафтун бўларлар?”
Деди: “Бадбўй эсам, ташлаб кетарлар”.
Дедим: “Эсса шабода тебранарсан?!”
Деди: “Гар тебранолмассан, синарсан!”
Дедим: “Ари асал олгай гулингдан”.
Деди: “Яхши, ёмон бори тилингдан”.
Дедим: “Ҳуснингга ошиқлар саноқсиз”,
Деди: “Ўткинчи ҳусн ишқ(қ)а яроқсиз”.
Дедим: “Қумғоқ нега гул-ғунча очмас?”
Деди: “Бебаҳра сув бирлан кўкармас”.
Дедим: “Меванг йўғ-у, сен серхаридор?”
Деди: “Хушчеҳраликда яхшилик бор”.
Дедим: “Жисмингни юлганни нетарсан?”
Деди: “Илгин ўпиб, атрим сепарман”.
Дедим: Недир ҳаётинг қилди барбод?”
Деди: “Барвақт очилмоқ бўлди, ҳайҳот!”
Дедим: “Қайдансан-у, сўнг қайга кетмоқ?”
Деди: “Туфроғдан-у, туфроққа қайтмоқ”.
Дедим: “Бу ўртада шаънингга не бор?”
Деди: “Гуллик вазифам қилмоқ изҳор”.
Дедим: “Умринг, валекин, унча эрмас”,
Деди: “Бир гул бўлишга етмоғи бас”.
Дедим: “Энди қачон сен-ла кўришмоқ?”
Деди: “Сен-ла кўришмоқ ўрни учмоқ”.
Дедим: “Менга насиҳат айла бир дам”,
Деди: “Туфроғни ёд эт, ожиз одам!”
Дедим: “Менга васият қил, қадрдон”,
Деди: “Қуллик вазифанг, ҳазрат инсон!”


Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
2010.08.15