Мақоламиз қаҳрамони бир катта шаҳарда ҳоким бўлган, улкан мамлакатда бош вазир вазифасида ишлаган буюк шахс. У – ҳаётини ҳалқ манфаати учун бағишлаган фидокор. У – ўнлаб мадрасалар қурган, юзлаб масжидлар барпо қилган, эл учун анҳор-ариқлар қаздирган ихлосли мансабдор. У – кундузларини халқ хизматида, тунларини Ҳақ ибодатида ўткизган обид банда. Зотан у тўққиз ёшда Қуръони Каримни тўла ёд олган, балоғат ёшига етиб-етмасданоқ зўр мулло, комил мусулмон бўлиб етишган, олим, фозил инсон, Қуръони Карим, тафсир, фиқҳ, ҳадис, балоғат, шеърият, адабиёт, тилшунослик, фалсафа ва бошқа илмларни эгаллаган забардаст аллома.
Сиз қаҳрамонимизни яхши тасаввур қилиб олдингиз-а? Энди у инсон ҳақида уни танимаган ёки таниб, ўзини танимасликка олган киши томонидан «У ароқхўр одам экан, боз устига бир қизга хуштор бўлиб қолиб, ақлидан айрилай дебди. Ёши олтмишга бориб қолганига қарамай, қирқ йилдан буён ўша маъшуқасини мақтар, унга етишолмай, бор-будини хазон қилган экан» деган гапни эшитсангиз, бунга қалбингиз ишонадими? Ақлингиз бовар қиладими?! Йўқ, албатта!
Қаҳрамонимиз исми шарифи Алишер. Ихлосли, фазилатли мусулмон оиласида дунёга келган. Ёшлигиданоқ ўзига «Навоий» деган тахаллусни ихтиёр қилган. Келинг, энди мақсадга ўтайлик.
Навоийнинг шеърлари беш-олти ёшимдаёқ қалбимни ўзига ром этган эди. Ёшим улғайиб, ақлим тўлиб, билимим ортган сайин Навоийнинг ижоди билан кўпроқ танишишга, унинг мақсадларини тушунишга бўлган иштиёқим ва имкониятим ортиб борарди. Баъзан ўйлаб қолар эдим:
«Наҳотки, шундай буюк шахс бир қизнинг ишқида шунча девонлар, достонлар ёзиб юборган бўлса?! Шаҳватпарастлик ҳеч қачон инсон фарзандига шараф олиб келган эмас. Навоийнинг сўзларида ўзига хос бир атамалар, мажозий меъёрлар бўлиши керак. Нафс истакларини қондиришни бирламчи ғояга айлантириб олган ҳозирги кишилар олдида ҳам бирорта шоир аёлларни ёки ичкиликни мақташ билан обрў топгани йўқ. Исломий тасаввуф гуркираб яшнаган, ахлоқий меъёрлар бош қонун бўлган даврда бутун халқ орасида, олиму фозиллар, подшоҳу вазирлар, аҳли тасаввуф ва зоҳидлар қошида қандайдир шилқимона олди-қочдилар билан беқиёс ҳурматга сазовор бўлиш мумкинми?! Йўқ! Асло мумкин эмас! Навоий бошқа нарсани назарда тутган бўлса керак. Унинг ўзига хос услуби бўлиши керак».
Бундай фикр фақат менинг эмас, менимча, ҳар қандай оддий ақл соҳибининг хотирига келган.
Қолаверса, устозларимиздан бири айтганидек, ҳозир ҳам агар бирор вазир ўзи ҳақида «фалон вазир фалон қизга хуштор бўлиб қолибди» деган гапни эшитса, бу гап рост бўлган тақдирда ҳам, ўша гапни айтган одамни, керак бўлса, ўлимга ҳукм қилади. Аслида бир мамлакатнинг вазири бўлиб турган, тасарруфида ҳисобсиз бойлик қалашиб ётган эркак учун битта қизни ўзининг хоҳишига юргиза олмаслик ақлга ҳам, воқеъликка ҳам тўғри келмайди.
Демак, бу ерда бошқа гап бор. Хўш, нима қилиш керак?
Навоийни тушуниш учун Навоийнинг даврига қайтиш керак, албатта. Маълумки, Алишер Навоий даврида бошқа илмлар қатори тасаввуф илми ҳам ривожланган эди. Алишер Навоий ҳам нақшбандия тариқати соликларидан эди. Бинобарин, Навоийни тушуниш учун исломий илмларни, жумладан тасаввуф илмини ҳам билиш лозим бўлади. Ҳар бир илмнинг ўзига яраша атамалари бўлганидек, тасаввуфнинг ҳам ўзига хос атамалари бўлиши табиий. Ибн Синонинг сўзларини тушуниш учун табобат атамаларини, Форобийнинг фикрларини илғаш учун фалсафий ибораларни, муҳаддисларнинг сўзларини англаш учун ҳадис илми истилоҳларини билиш лозим бўлганидек, тасаввуф аҳлининг сўз-ибораларини тўғри тушуниш учун ҳам уларнинг ўзларига яраша атамаларини тушуниш керак бўлади.
Масалан, «саҳиҳ» деган сўз луғатда «соғлом, тўғри», фиқҳ илмида «тўғри, хато эмас», ҳадис илмида «ишончли», сарф илмида «иллат ҳарфлардан холи сўз», табибларда «соғ-саломат» деган маънода тушунилади. Бинобарин, «саҳиҳ» сўзини қайси маънода тушиниш бу сўзнинг қайси илмга оид китобда келаётганига қараб таъйин топади. Яна бир мисол учун «вазн» сўзини олайлик. Бу сўз умумий ҳолатда «оғирлик» маъносини билдиради. «Фалон нарсанинг вазни фалонча грамм», деганга ўхшаш. Аммо бу сўз шеъриятда келса, маълум ритмга эга маълум бўғинлар йиғиндиси тушунилади. Сарф, яъни морфологияда эса бу атама сўзларнинг «фа», «ъайн», «лам» муқобилидаги ҳолатини ифодалайди. «Вазн» сўзининг истилоҳий маъноларидан бехабар одамдан «Навоий» қайси вазнда?» деб сўралса, ҳеч нарсани тушунмай туриши турган гап. Сарф истилоҳидан хабардор кишигина бу саволга «Фаъолий вазнида», деб жавоб бериши мумкин. Аруз истилоҳларини билган инсон эса «фаъулун» вазнида деб жавоб қилади. Худди шунингдек, тасаввуфга доир сўз ва асарларни ҳам тасаввуф истилоҳларисиз тушуниш имконсиз.
Ҳар бир илмнинг атамаларини ўша илмнинг мутахассисларидан ўрганилганидек, тасаввуф аҳлининг истилоҳларини ҳам ўшаларнинг ўзларидан ўрганиш керак. Бу ўринда тахмин билан иш кўриш, ўзбошимча «ижодий» ёндашув, бу илмдан хабарсиз ҳолатда оғзига келганини гапириш ёки «ўтмишни ҳозирга мослаб талқин қилиш» қабилига ўтиш ярамайди.
Камина шу мақсадда Ислом уламоларининг турли исломий атамаларни, хусусан тасаввуфий истилоҳларни ёритган асарларига мурожаат қилдим. Шундан кейингина мен учун мушкул бўлиб турган бир қанча саволларга ўзимда жавоб топгандек бўлдим.
Тасаввуф илми ҳам, бошқа исломий илмлар каби, Исломнинг илк даврларида алоҳида илм сифатида шаклланган эмас эди. Балки мусулмонлар билган Қуръон ва суннат илмларининг ичида умумий тарзда ўрганилар эди. Вақт ўтиши билан Қуръон ва Суннатдан олинган илмлар турли соҳаларга ажралиб, алоҳида-алоҳида илм сифатида шакллана борди. Ҳар бир соҳанинг ўзига яраша мутахассислари етишиб чиқа бошлади. Шу қатори Исломда инсоннинг ахлоқига, қалбига, руҳий тарбиясига оид илмлар ҳам бир тўплам бўлиб ажралиб чиқди. Бу илмга доир билимларни жамлаб, алоҳида ривожалантириш учун махсус уламолар етишиб чиқди. Улар ўзларининг саҳобаи киомлар ва тобеинлардан олган илмлари ҳамда ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан билимларни алоҳида китобларга туширишга киришишди. Кейин бу илмга «тасаввуф» деб ном берилди. Мусулмонларнинг орасида ушбу илмга алоҳида берилган, асосан қалбга доир илмлар билан шуғулланадиган, замона фитналаридан ўзини узоқроққа олиб қочадиган, тоат-ибодат, тақво ва қалб ислоҳига ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳаракат қиладиган кишилар пайдо бўлди. Ана ўша кишилар «зоҳидлар», «обидлар», кейинроқ «сўфийлар» деб ном олди.
Сўфийларнинг баъзиларида ўзларидаги руҳий ўзгаришлар, маънавий камолот босқичлари, қалбаларида ҳосил бўлаётган кечинмаларни сир тута олмай, айтиб юбориш ҳолатлари юзага келди. Бундай ботиний ҳолатларни ҳаммага ҳам айтиш раво бўлмаслигини билган баъзи кишилар ўзларига хос атамаларни ўйлаб топишди. Улар бу билан ўз кечинмаларини фақатгина ўзларига ўхшаган ҳолатдаги кишилар тушунадиган тарзда баён қилишни ирода қилишган эди. Бунинг учун сўзларни омма ишлатиб юрганидан бошқа маъноларда ишлатиш керак эди. Қолаверса, агар улар ўзларининг ички ҳолатларини намоён қилиб қўйишса, тушунмаган, уларнинг ҳолатини ҳис қила олмайдиган айрим инсонлар уларга таъна қилиши ҳам муқаррар эди.
Улар ана шу мажоз йўли билан ҳам ўзларидаги ҳолатни изҳор қилишга ва айни пайтда махфий тутишга эришдилар. Қалб дардини тўкиш билан бирга риёдан ҳам сақлана олдилар. Ўзларига эргашганлар учун ибрат яратиш билан бир вақтда уларни инкор этувчилардан ўзларини тўса олдилар. Шу билан бирга, ўша ҳис ва кечинмаларни мажоз билан ифодалашда ўзига яраша завқ ҳамда балоғат ва фасоҳатнинг намойиши ҳам бор. Балки уларнинг руҳий оламларида рўй бераётган ҳолатларни жўн сўз билан ифода қилишнинг имкони ҳам йўқ эди. Абдурраҳмон Жомийнинг айтишича, бундай йўлни биринчи бўлиб тутган шахс, Зуннун Мисрий бўлган.
Ҳар қандай мураккаб ва кенг илмнинг ҳам бошланиш нуқтаси кичик ва содда бўлгани каби, тасаввуф атамалари ҳам илгарги ҳолатида унча кўп бўлмаган. Аммо вақт ўтиши билан бу майдон ҳам кенгайиб кетди. Тасаввуфий истилоҳлар икки қисмга: ҳақиқий ва мажозийларга бўлинди. Ҳақиқий маънодаги истилоҳларга мисол тариқасида «тавба», «риё», «узлат», «ихлос», «муҳаббат» каби сўзларни келтириш мумкин. Мажозий истилоҳларга «фано», «бақо», «ишқ», «ҳижрон», «зулм», «аҳдга вафо», «ёр», «дилдор» каби сўзларни келтириш мумкин. Аввалги қисмнинг аксари Қуръон, Суннат ва салафи солиҳларнинг сўзларидан олинган бўлса, кейинги қисм атамалар, юқорида айтиб ўтганимиздек, ўз ҳолатини оммадан яшириш мақсадида пайдо бўлган. Эҳтимол, улар ҳали келажакда жинсий майлни ҳаётнинг бош мақсади қилиб оладиган ҳозиргидек жамиятларнинг келишини тасаввур ҳам қила олмагандирлар.
«Сўфийлар истилоҳи» деганда «сўфийнинг илоҳий висолга етишиш йўлида қилган покланиш, хулқланиш ва етишишдан иборат уч босқичли руҳоний сафари асносидаги завқий тажрибаларини акс эттирувчи тушунчаларни ифодаловчи сўзлар» назарда тутилади.
Тасаввуф истилоҳларининг шаклланиши ва бойиб боришида Қуръони Карим, Суннати набавийя, салафи солиҳларнинг ҳикматлари катта ўрин эгаллаган бўлса, шу билан бирга бошқа илмларнинг, жумладан фалсафанинг ҳам таъсири катта бўлган.
Сўфийларнинг истилоҳлари бошқа илмлардаги истилоҳлардан шуниси билан фарқ қиладики, бу истилоҳлар муайян бир маънога боғланиб қолмай, бир неча ирфоний маъноларда ишлатилиши мумкин. Уларнинг қайси маънода қўлланилганини атрофидаги бошқа сўзлардан чиқариб олинади. Масалан, «ёр» деганда Аллоҳ таолони тушуниш ҳам мумкин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёки пирни тушуниш ҳам мумкин, шунингдек, ғайбий мушоҳада назарда тутилиши ҳам мумкин.
Тасаввуф аҳлининг намояндаларидан бўлган Алишер Навоийнинг асралари ҳам, табиийки, ўша истилоҳий маънолар асосида талқин қилиниши шарт. Акс ҳолда, шундай улуғ шахсиятга тил теккизган, унинг омонатига ҳам, тарихга ҳам, илмга ҳам хиёнат қилган бўламиз.
Тўғри, яқин вақтлардан бери Навоийнинг айрим шеърларини тасаввуфий шарҳлаш ҳам учраб турибди. Аммо улар кўплари бирламчи ўринда ўзларининг ғайриисломий тасаввурлари билан, таъбир жоиз бўлса, ҳавойи нафсларига мувофиқ тарзда шарҳлаши кузатиляпти. Тасаввуфий шарҳ қилмоқчи бўлганлар ҳам муқаррар илмий асосга, чин тасаввуфий истилоҳга таянмаган. Балки бу шарҳларнинг аксари мавҳум талқинлар, тушунарсиз, гажакдор иборалар, ҳиссиз таъбир, тахминий тасаввурлардан бошқа нарса бўлмай қолган. Бунинг устига баъзи бир журъатли қаламкашлар ўшандай тасаввуфий ғазалларга мухаммас боғлашга ҳам қўл теккизишган. Табиийки, натижа «қовунга қовоқни пайванд қилгандек» бўлган.
«Илм ҳар қандай мураккаб нарсани соддалаштириб беради» деган қоидага мувофиқ, агар биз ўша ирфоний шеърларни муаллиф назарда тутган истилоҳлар билан тушунишни йўлга қўйсак, ўзимизни ҳам қийнамаймиз, ўзгаларни ҳам адаштирмаймиз.
Мисол учун биргина байтни шарҳ қилиб кўрайлик:
Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб,
Хироми суръатидин гул уза ҳайдин гулоб айлаб.
Насрий баён:
Оқшом тунда ўша гулюзли ёр кулбамга шитоб билан кириб келди. Юриши тезлигидан гул юзидан терлар гулоб бўлиб қуйиларди.
Маълумки, Алишер Навоий уйланмай ўтган. Агар кечқурун Навоийнинг ҳузурига ҳамма ғафлатдалик пайтда у кишининг севган қизи келган бўлса, бу сир тутилиши керак. Агар биз байтни мана шу қабилда, бошқача қилиб айтганда, «замонавий» тушунадиган бўлсак, бу билан Навоийга фақат иснод келтиришимиз муқаррар. Навоийдек буюк инсонни қўйинг, ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган одам ҳам, бундай иш рўй берган бўлса, уни бошқалардан яшириши турган гап. Демак, Навоий бошқа нарсани кўзда тутган. Навоийнинг мақсадини тушуниш учун у кишининг истилоҳларини тушунишга уринамиз. Келинг, бу байтда ишлатилган сўзларни тасаввуфий истилоҳлар асосида шарҳ қилиб кўрайлик. Бу борада Муҳаммад Алий Таҳонавийнинг «Кашшаф истилаҳат ал-фунун», Абдурраззоқ Кошонийнинг «Истилаҳат ас-Суфийя», Докор Рафиқ Ажамнинг «Мавсуъат мусталаҳат ат-тасаввуф ал-исламий» асарлари бизларга асос бўлади:
Кулба – соликнинг қалби; (солик тариқат йўлини танлаган шахс)
Гулрух (гулюз) – шуҳуд олами, яъни Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати;
Гул уза ҳай (юздан оққан тер) – ғайбий илҳом.
Энди ушбу изоҳлар асосида байтнинг насрий баёнини кўрайлик:
«Ҳамма ёқни жаҳолат зулмати қоплаб турган бир пайтда қалбимда Аллоҳ таолонинг зотини мушоҳада қилиш ҳолати юз берди. Бу мушоҳада шу қадар тез рўй бердики, унинг тезлигидан менга ғайбий илҳомлар ҳосил бўлди».
Энди ўзингиз холис ўйлаб кўринг, Навоийга нисбатан аввалги уятли маънони ирода қилиш ақлга тўғрироқ келадими ёки мана бу ирфоний маъноларними? Қайси бири воқеъликка ва мантиққа тўғри келади? Бир тафаккурни ишлатиб кўринг,
Навоий аҳли жунун зумрасиға кирди, Илоҳий,
Чу айладинг ани мажнун, Ўзингни қил анга Лайло.
Тўрт унсур қайдидин то чиқмағайсен, нафъ эмас,
Осмоний тўрт дафтарни тутайким ёд бил.
Беша шерин гар забун қилсанг шижоатдин эмас,
Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужоъ.
деган инсонга қайси маъно муносиброқ?!
Келинг, яна бир мисолни кўрайлик. «Хазоийнул-маъоний»нинг биринчи ғазалида Навоий шундай дейди:
Ғайр нақшидин кўнгил жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.
Бу байт анчагина равшан.
Ғайр – Аллоҳдан ўзга барча нарса;
Кўнгил жоми – қалб ойинаси, унда Аллоҳ таолонинг нури тажаллий қилади.
Ғам – монеълик, тўсиқ;
Соқий – муршиди комил, инсонларга руҳий тарбия берувчи устоз.
Майи ваҳдат – тавҳид завқи.
Энди байтни мазкур истилоҳлар асосида насрий баён қилиб кўрамиз:
«Эй муршид! Қалб ойинасида унга Аллоҳ таоло томонидан етадиган нурнинг акс этишини тўсадиган занг, яъни Аллоҳдан бошқа бирор нарсанинг нақши – таъсири бўлса, тавҳид завқичалик уни аритувчи, тозаловчи нарса – «ғамзудо» топилмайди».
«Тавҳид» деганда қалб тубидан Аллоҳ таолони барча жиҳатдан ягона, мутлақ танҳо деб эътиқод қилиш, фақат Аллоҳни риоя қилиш, фақат уни ўйлаш назарда тутилади. Шунингдек, «ваҳдат майи» деганда тавҳид калимасини ҳам тушуниш мумкин.
Ҳазрат Навоий унинг айтган сўзларини мақсаддан бурадиган, нотўғри талқин қиладиган кишилар ҳам унинг асарларини ўқиб, ташвиқ қилишлари мумкинлигини сезгани учун девонининг энг биринчи ғазалидаёқ бу нуктага алоҳида танбеҳ бериб қўйган. Юқорида биз биргина байтини ўқиб ўтган «Ашрақат» деб бошланувчи ғазалида яна шундай байт бор:
Сен гумон қилгандин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.
«Эй тасаввуф аҳлининг истилоҳларидан бехабар зоҳирпараст! Сен ўйлаётган маст қилувчи, ақлни кетказувчи, инсонни хор қилувчи шароб ва ўша ҳаром нарса қуйиладиган идишдан бошқа ҳам шартли равишда «жом» ва «май» бор. Бу майхонани – орифларнинг ботиний олами вакилларини (ёки муршид хонақоси аҳлини) билмасдан инкор қилиб юрма!»
Хулоса қилиб айтганда, Навоийни тушуниш учун Навоий билган ва фойдаланган билимларни, яъни Қуръон, Суннат, шариат, тариқат, тасаввуф ва бошқа илмларни билиш, ўрганиш керак бўлади. Ўрганганда ҳам асл манбалардан ўрганиш даркор. Бунинг учун, албатта, ўша давр Ислом оламида илмий муомалада бўлган тилларни яхши ўзлаштириб, манбаларни бегоналарнинг таржима ёки тавсифлари асосида эмас, асл ҳолатида ўрганиш талаб қилинади. Бинобарин, навоийшунос бўлишни истаган киши аввало ислом олими, тасаввуф билимдони бўлиши, бу илмларни билибгина қўймай, уларни ўз ҳаётида татбиқ этиб, зикр қилинган даражаларни ўзида жорий қилган бўлиши лозим. Шундагина у Навоийни тўла тушунган, у кишининг шахсиятини тўғри англаган, сўзларини яхши ҳис қилган бўлади. Менимча, бугунги навоийшуносликнинг олдида турган энг катта муаммолардан бири шу бўлса, ажаб эмас.
Улуғ бобокалонимизнинг меросларини тўла ва тўғри тушуниш ҳамда шундай талқин қилиш, бу олтин меросни ҳақиқий, соф ҳолатда кейинги авлодларга етказиш биз фарзандларнинг бурчимиздир. Бундай улкан вазифани шараф билан адо қилиш бахтини ҳозирги илм ва маърифат кишиларига, алалхусус, Алишер Навоийга ўзини авлод деб билган сизу бизларга насиб қилишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламан.
Ҳусайнхон Яҳё