Инсонда ҳам қандайдир кароматлар зуҳур этиши мумкин. У ўзига берилган имконият туфайли ғурур ва кибрга ботади. Ботиний ҳикматларни англамаган инсон Аллоҳ таоло уни қодир этиб қўйганига шукрона келтириш ўрнига Яратганнинг ўзига қарши туғёнга тушади.
Иброҳим (а.с.) даврларида ҳукмдор подшоҳ Намруд ана шундай туғёнга кетган кишилардандир. «Бақара» сурасининг 258-ояти каримасида ана шу ҳукмдорнинг Иброҳим (а.с.) билан Парвардигори Олам ҳақида тортишгани баён қилинган:
«Аллоҳ салтанат берганидан (ғурурланиб), Иброҳим билан унинг Рабби хусусида баҳслашган кимсани (Намрудни) кўрмайсизми?! Иброҳим: «Менинг Раббим тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Аллоҳ Қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?» Бас, (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларини ҳидоят сари йўлламагай».
Мўминга бирор неъмат ато этилса, у Аллоҳга беадад шукроналар айтади. Кофирга неъмат ато этилса, куфри ортади, туғёнга кетади. Подшоҳ Намруд худди шундай шахс. Аллоҳ унга мулк берди, подшоҳлик ато этди. Кофирлиги туфайли султонлик имтиёзини, ҳукмдорлик мавқеини «ҳар ишга қодир» Тангри сифатига тенгланшириб, ҳаддидан ошиб, туғёнга кетди. Ўзи ожиз банда эканини, неъматларни унга Аллоҳ берганини унутиб, худолик даъвосини қила бошлади.
Аллоҳ берган неъмат сабабидан Аллоҳни инкор этиш қанчалик катта куфр. Қарангки, Намруд Аллоҳ унга подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Парвардигори ҳақида ҳужжат талашди.
Албатта, халқнинг ихтиёри ҳокимнинг тасарруфида бўлади. Ҳамма унинг амрига бўйсунганлиги боис Намруд одамларни тирилтириш ҳам, ўлдириш ҳам қўлимдан келади, деб ўйлай бошлайди. Аллоҳнинг сифатларини ўзига нисбат беради. Инсоннинг туғилиши, вафот этиши, тирикдан ўликнинг, ўликдан тирикнииг чиқиши, кундузнинг кечага, кечанинг кундузга айланиши, қуёш ва ойнинг аниқ ҳисоб билан ҳаракат қилиши илоҳий мўъжизалардир. Шундай мўъжизалардан бирини Намруд ҳам яратиб кўрсин-чи?!
Иброҳим (а.с.) Аллоҳнинг чексиз қудратини, унинг мўъжизакорлигини таъкидлаб: «Менинг Парвардигорим тирилтиради ва ўлдиради», деганларида худолик даъво қилувчи подшоҳ ҳокимлик имтиёзини тангрилик сифатига тенглаштириб: «Мен тирилтираман ва ўлдираман», дейди. Исботи учун икки кишини чақиртириб, бирини ўлдиради ва бирини тирик қўйиб юборади. Шунда Иброҳим (а.с.) Аллоҳнинг қудратини намоён этувчи биргина мўъжизани эслатиб, кофир подшоҳни лол қолдирадилар:
Қуёшнинг машриқдан чиқиб, мағрибга ботиш жараёни, унинг мунтазам даврийлиги борлиқнинг улуғ низоми - улкан мўъжизасидир. Аллоҳ тартибга солган бу интизомни ким ўзгартира олади? Бу қудрат ягона Аллоҳга хос. Сен ҳам худо бўлсанг, қани «қуёшни мағрибдан чиқаргии-чи?» деганларида кофир подшоҳ лол қолган.
Пушкиннинг «Қуръондан иқтибос» туркуминииг тўртинчи шеъри «Бақара» сурасининг юқорида фикр юритилган биргина 258-оятида қикоя қилинган ривоят асосида яратилган. Шоир оят мазмунини тўлиқ баён этган. Шеърнинг бутун руҳига Аллоҳ қудратининг чексизлиги ва мўъжизакор қудрат фақат Аллоҳга хос эканлиги ғояси сингдирилган.
Верёвкинда: «Не рассуждаете ли ви дъянiе такового коему даль Господь царство? Како состязается онъ о Богь со Авраамомъ? Авраамъ рекъ ему: Господь мой даёть жизнь и смерть. Онъ же: Я даю смерть и животь изъ подданнмхъ моихъ, кому и хощу. Авраамъ: Богь подъямлетъ солнце съ востока, падними его съ запада: Неверньй смутился умомъ», деб таржима қилинган оятнинг руҳи, баён тартиби Пушкин шеърида тўлиқ сақланган. Фақат Пушкин куфр даражасини зиёдалаштириш мақсадида подшоҳ Намрудни Иброҳим (а.с.) билан эмас, Аллоҳнинг ўзи билан мунозарага киритади ва:
Дединг: «Ерга бахш этиб ҳаёт,
Жазоларман ўлим билан бот,
Измимдадир менинг бор дунё.
«Мен ҳам, — деди у, бериб ҳаёт
Жазоларман ўлим билан бот
Мен сен билан тенгман, эй худо».
Худди Куръон оятида таъкидланганидек, подшоҳнинг Аллоҳ билан баҳслашишига сабаб қилиб Намруднинг ҳокимлик имтиёзидан маст бўлиб-кибрланиб туғёнга кетишини кўрсатади шоир ҳам. Худолик ва ҳар ишга қодирлик даъвосини қилган подшоҳ шеърда ҳам Аллоҳнинг биргина мўъжизаси олдида ақли лол бўлиб қолади. Пушкин подшоҳни мот қилиб, баҳсни якунловчи мўъжизани Иброҳим (а.с.) эмас, Аллоҳнинг ўз номидан таъкидлаб, шеърни шундай тугатади:
Лек сендаги илоҳий шахтдан
Ўчди осий такаббур уни:
«Мен кўтаргум қуёшни Шарқдан
Қани, кўтар Ғарбдан сен уни!»
Ҳақиқий шеърият ҳамиша маънолар уммони бўлиб келган. Кўпмаънолилик бадиий ижодда шеърий заковотга мўъжизавийлик бахш этувчи сифатлардан саналади. Пушкин муқаддас Куръон оятининг бутун моҳиятини, умумий руҳини аниқ талқин қилатуриб, фақат бир ҳолатни ўзгартиради: «Кофир подшоҳ Намруднинг Иброҳим (а.с.) билан эмас, бевосита Аллоҳнинг ўзи билан баҳслашмоғини маъқул кўрди. Сабаб: Неъматга куфр келтирган шоҳнинг нқадар даҳшатли тугёнга кетганини бўрттирмоқчи бўлди. Шоирнинг муаззам бир сурадан мазкур оятга диққат эътиборини жамлаши бежиз эмас эди, албатта.
Пушкин «Қуръондан иқтибос» шеърини шоҳнинг тазйиқига учраб, Михайловское қишлоғига сургун қилинган даврда яратганини айтдик. Тасаввур қилинг, 25 ёшлик навқирон шоир. Инсон умрининг энг гўзал мавсуми. Илҳом булоғи қайнаб, гуллаб-яшнаб ижод қилиши мумкин бўлган бир даврда занжирбанд қилиб, сор бургутни қафасга солдилар. Ўзини мутлақ ҳоким санаган замонавий Намруд - шоҳ Александрнинг Иброҳим (а.с.) билан баҳслашиб худолик даъвосини қилган Намруддан нима фарқи бор? У намрудни далил билан Иброҳим (а.с.) мот қилдилар. Лекин бу намрудга Яратганнинг ўзи бас келмаса, эзгулик даъватчиси бўлган шоир бас келолмайди.
Бағри эзгулик чечакларидан бўстонга айланган, кўнгли комиллик иштиёқидан мунаввар бўлган, қалбидаги алангаси ҳар қандай хираликни йўқотувчи ёруғ нурни оламга улашмоққа тайёр турган, ҳурликка ташна бир вужудни сургундек зулмат исканжасида сақтгаётган ҳукмдорнинг «Мен ҳар бир ишга қодирман», деган зулми устидан ҳукм чиқарувчи ҳокими мутлақ борлигини эслатадиган оят Пушкиига «тасалли фариштасинииг унлари» бўлиб эшитилган бўлса, ажабмас.
Дилбар Қамбарова
“Қуръон бахш этган илҳом” китобидан