ТЎРТУНЧИ НАЪТ
Ул рисолат сипеҳрининг рифъатида ва барча оламни сипеҳрдек иҳота қилғон қудратида ва асҳоби бобидаким ҳар бирига ул сипеҳрда бир кавкаби рахшандалиқ содиқ дурурки, «асҳоби кан-нужум» бу мазмунға нотиқ дурур.
Эй нафасинг мояи эъжоз ўлуб,
Руҳи қудус нутқунгга ҳамроз ўлуб.
Гоҳи такаллум санга муъжиз калом,
Назми каломинг бори муъжиз низом,
Нукта фасоҳатда мунаққаҳ санга,
Шоҳиди даъво: «ана афсаҳ» санга.
Сиҳҳати ҳукм ичра ҳадисинг саҳиҳ,
Арзи фасоҳатда каломинг фасиҳ.
Нутқ аро чун зоҳир ўлуб муъжизинг,
Аҳли фасоҳат бўлубон ожизинг.
Зотинг ўлуб баҳри жавоҳир нишон,
Сўз аро баҳринг кафи гавҳар фишон,
Каф неки, баҳре бўлуб ул панж шох,
Етти ҳубоб ул сувға бу етти кох.
Хамса салотингға чу навбат бўлуб,
Панжаи исломға қувват бўлуб.
Куфр қўлу панжасини ранжа бил.
Боис анинг ранжиға бу панжа бил.
Фақр аро ул панжа қабул этти ранж,
Лек ҳақиқатда эрур панж ганж.
Панжаи ислом чу маҳкам солиб,
Куфр ети қўрғонидин хумс олиб,
Дема илик, тиғеки бир бормоғи,
Ойни ики бўлди ишорат чоғи.
Тонг эмас ар ул кафи муъжизнамой,
Қилғач ишорат ики айрилса ой.
Ноқаси ер узра чу рафтор этиб,
Ҳар изи «шаққал-қамар» изҳор этиб.
Амри этиб нахл қадин хуш хиром,
Уйлаки қилғай бути саркаш хиром.
Хасмидин ўлғонда анга парда ғор,
Оғзида ўргамчи бўлуб пардадор.
Айламасун деб ел ила парда сайр,
Байзасидин тугма тоқиб анда тайр,
Пардаси жон риштасидин тор ўлуб,
Тугмалари гавҳари шаҳвор ўлуб.
Қўйди чу ул дом ила ул дона ғор,
Кўрки не давлат қушин этти шикор.
Ғорда ёри била ул тез ҳуш,
Тоғ ичида ўйлаки олтун-кумуш,
Куфр чу эълойи ливо айлабон,
Нусрат учун динға дуо айлабон.
Ким ики тандин бирин эт тожвар,
Бири Абужаҳлу бириси Умар.
Қисмати аввалғининг ўлди азоб,
Бўлди икинчида дуо мустажоб.
Буки каломуллоҳ ангадур насиб,
Ким йўқ анга муъжиза андин ғариб.
Сура дема, «қоф» ила «нун» ёки «сод»,
Яъники ҳар ҳарфиға онинг савод,
Сунбулидек борча паришон эди,
Жомиъ анга жомии қуръон эди.
Маккани чун қилди жуда дайрдин,
Тиғ суйи бирла юди ғайрдин.
Бўлди вале манзарадин бут фиган,
Сўнгра наби ҳақ эвида бут шикан.
Наълини гар тожи шараф қилди арш,
Қилди Али наълиға эгнини фарш.
Руҳ эди ул баҳри нубувват дури,
Тўрт рафиқи танининг унсури.
Нақд киромий улу тожир анга,
Водийи ҳижратда муҳожир анга.
Динға етиб рахна чу куффордин,
Саддиға нусрат кўруб ансордин.
Аҳлию авлодию атбоиға,
Олию аҳфодию ашъёиға ( )
Тенгри таоло карамидин қарин,
Юз туҳафи раҳмат ило явми дин.
ТЎРТИНЧИ НАЪТ
Муҳаммад с.а.в.нинг пайғамбарлик осмонининг юксаклиги ва бутун Оламни Осмондек ўз ичига қамраб олишдаги куч-қудрати ва унинг саҳобалари ҳақидаким, уларнинг ҳар бирига Осмонда бир ёруғ юлдуз садоқатда бўлган ҳамда «менинг саҳобаларим бамисоли юлдузлардир» дейилгани шу мазмунда айтилган
Эй нафасинг мўжизаларингга дастмоя бўлган, муқаддас руҳлар ҳар гапингга сирдош бўлган! Гаплашган чоғингда фасоҳат билан сўзлайсан. Шеърий нутқинг эса ҳайрон қоларли даражада тартибли. Маъноли ва қоидали гапиришингда сенга фасиҳлик хос бўлиб, бунга «Менда фасоҳат!» — деган даъво сенга ярашади. Соғлом ҳукм чиқаришда сўзларинг тўғри, фасоҳат ерида сўзларинг чиройли. Гапирганингда сендаги мўжиза айниқса яхши кўзга ташланади. Бундай пайтда ҳар қандай фасоҳат эгалари ўзларини ожиз сезадилар. Сенинг аслинг жавоҳирларга бой денгиз бўлиб, сўзлашганда бу денгизнинг кафи гавҳарлар сочади. Бу каф ҳам эмас, беш шохдан иборат баҳр бўлиб, етти осмонни етти пуфакчани ютгандек ютиб юбора олади.
Беш вақт намозга навбат келганда, Ислом панжаси янада кучайиб кетди. Куфрнинг қўлу панжалари эса дардга учраб, бу дарднинг сабабчиси ўша — Ислом панжаси эди, — дейиш мумкин. Муҳтожликда қолиб, у бармоқлар дард чекар экан, лекин ҳақиқатда эса бу Ислом учун қўлга киритилган беш хазина бўлди.
Ислом панжаси тобора мустаҳкам тортиб борар экан, куфрнинг етти қўрғонидан бешдан бир солиқ олар эди.
Буни оддий қўл дема, у бамисоли бир тиғ бўлиб, битта бармоғи бунга ишора бўлганда Ойни иккига бўлган қўл эди.
Ажаб эмас, унинг мўъжиза кўрсатувчи қўллари бир ишора билан ойни иккига бўлгани. Пайғамбар миниб юрган туя ер бўйлаб қадам ташлаб борар экан, унинг ҳар бир изи ўша «Ойнинг иккига бўлингани»ни эслатар эди.
Пайғамбарнинг буйруғи билан ёш кўчат чиройли ҳаракатга келар, гўё ўжар санам юриб кетаётгандай бўларди.
Душманлар туфайли у ғорга беркинганда ғорнинг оғзидаги ўргимчак уни парда тўқиб тўсган. Ўша парда шамолда учиб кетмаслиги учун қушлар ўша пардага ўз тухумларидан тугма қилган эдилар. Парданинг иплари жон риштасидан тўқилган бўлиб, тугмалари гўё шоҳона гавҳардан эди.
У шу тақлидда тузоқ қўйиб, ғор олдига эса дон сочиб, қаранг, қандай бахт қушларини овлай олди. Ғорда ҳушёр дўсти (Абу Бакр Сиддиқ) билан беркиниб турар экан, гўё улар тоғ қатида ётган олтин билан кумуш эдилар.
Кофирлар байроғининг баландлиги вақтинча ортган пайтда у дини ғалаба қозонишини дуо қилар экан, икки тандан бирига тож муяссар боиишини тилади. Буларнинг бири Абу Жаҳл бўлса, иккинчиси Умар эди. Абу Жаҳлнинг тақдири охири азоб-уқубат, иккинчиси ҳақидаги дуолар эса мустажоб бўлди. Худонинг китоби — «Каломуллоҳ» эса Муҳаммад с.а.в.га насиб бўлдики, дунёда бундан ортиқ мўжиза юз бермагай.
Суралар ҳали (тўла маънода) сура эмас, «Қоф», «Нун» ёки «Сод» ҳарфларига оид қисмлар бўлиб, булар турли ҳарфларга оид қораламалар эди. Улар Пайғамбарнинг сочларидек тарқоқ эди. (Ҳазрати Умар)«Қуръон» бўлакларини йиғиб жамлаган тўпловчи бўлди. У Муқаддас Маккани бутхонадан ажратиб, қиличининг суви билан уни бутпарастлардан тозалади. Кўринишдан бутлар тамом олиб чиқиб ташлангач, Пайғамбар Ҳақ уйида бутларни синдирувчи сифатида ўрин тутди. Унинг этигининг наъли шараф тожи сифатида энг юқорига қўйилган бўлса, Али бу наълга елкасини тутди.
Пайғамбарлик денгизининг дури — пайғамбар руҳ бўлса, тўрт рафиқи унинг танасининг тўрт унсури бўлди. У ўзи (дўкондаги) қимматбаҳо бойлик бўлса, Али унинг сотувчиси, гўё айрилиқ водийсида юрган бир муҳожир эди. Кофирлар томонидан динга дарз етказилганда, бу тўрт киши ғалаба йўлидаги девор бўлдилар. Уларнинг одамларини, авлодларини, унинг қўл остида бўлганларни, улугиари, неваралари ва дўстларини Аллоҳ қўлласин! Улар Тангри таоло карамига яқин бўлиб, қиёмат кунигача уларга юзларча миннатдорлик туҳфалари бўлсин!