Абдулла Қодирий ва жадидчилик масаласи мавзуси қодирийшуносликнинггина эмас, адабиётшунослигимизнинг ҳам муҳим ва долзарб, лекин шу пайтга қадар етарлича эътибор берилмай келаётган масалаларидан. Муҳимлиги шундаки, Абдулла Қодирийдек ўзбек адабиётида янги йўл-йўналишни бошлаб берган, ўзбек романчилик мактабига асос солган сиймонинг жадидчилик номи билан тарихга кирган XX аср бошидаги етакчи ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракатдан четда туриши мумкин эмас эди. Тўғрироғи, Қодирий феномени, аслида, жадидчиликнинг адабиётда намоён бўлишидир. «Ўткан кунлар», биринчи навбатда жадид адабиётининг, иккинчи номи билан айтганда, янги ўзбек адабиётининг энг куркам маҳсули. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Таажжубимиз сабаби, битта ҳодисани турли номлар билан атаётганимизда ва уларнинг ҳали онгимизга сингиб улгурмаганида. Иккинчидан, совет мафкураси томонидан бир вақтлар «халқ душмани» рамзига айлантирилган «жадид» сўзини тилга олиш қўрқувининг ҳали-ҳануз сўнгакларимиздан чиқиб кетмаганлигида. Лекин бугун бу нарса қуёшнинг борлиги қадар ойдин ҳақиқат бўлиб турибди. У ҳам бўлса, жадидчилик аталмиш ҳодисанинг тарихимизда кечгани, унинг кўҳна Туркистон маданий-маънавий янгиланишида буюк омил бўлгани. Тўғри, уни баҳолашда, хусусан, мазкур ҳодисанинг майдонга келиши ва тараққиёт босқичларини белгилашда ҳар хиллик йўқ эмас ва бу, қанчалар табиий бўлса, шу қадар қонуний ҳамдир.
Шунга кўра, қуйидаги уч масалага диққатингизни қаратмоқчиман.
Биринчиси, айрим тадқиқотчиларимиз ўз илмий-тадқиқот ишларида жадидчиликни умуман эътироф этган ҳолда, уни 1905 йилдан кейин шаклланган ва 1917 йилларгагина дахлдор ҳисоблайдилар. Бизнинг нуқтаи назаримиз бир оз бошқача. Ва биз буни 2002 йилда нашр қилинган «Миллий уйғониш» китобимизда очиқроқ ҳамда батафсил ифодалашга ҳаракат қилганмиз. Бу йил чоп этилиши мўлжалланган «Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти» дарслигида бу нуқтаи назар муайян тизим ҳолига келтирилган. Ундаги лейтмотив шундай:
Туркистон жадидчилиги XIX аср охири — XX аср бошларида юртимизда майдонга келган муайян ижтимоий-сиёсий шароит маҳсули. У сиёсий ҳаётда 1892 йилги эрк ва озодлик курашларидан 1917—1918 йилларда Туркистон мухториятини эълон қилиш ва истиқлолчилик ҳаракатларигача бўлган воқеаларни ўз ичига қамраб олди. Маданий-маънавий ишларда XIX асрнинг 90-йилларида очилган «усули жадид» мактабларидан ўнлаб ёшларни тараққий қилган мамлакатлар олий ўқув юртларига юбориш ва замонавий миллий кадрлар етказиш, ниҳоят, ўз миллий университетини очиш даражасигача кўтарилди. Миллий матбуотни майдонга келтирди, миллий театрга асос солди. Бадиий ижод соҳасида эса, оддий маиший-ахлоқий мавзулар тасвиридан ўзликка талпинган оталаримизнинг турмуш ва интилишларини, мураккаб ва ғалаёнли руҳиятини бутун зиддияти билан очиб берувчи кенг диапазонли, ранг-баранг жанрларга эга серранг ва сероҳанг адаби-ётгача бўлган йўл босиб ўтилди.
Шуларга кўра, биз Туркистон жадидчилигини «XIX аср охирларидан шакллана бошлаган, XX аср бошларида тўла намоён бўлган, октябрь воқеаларидан кейин ҳам 20-йилларнинг ўрталарига қадар қизғин давом этган, 1929 йилдан кейин «Ким кимни енгади?» деган шиор советлар фойдасига ҳал бўлгач, бўҳронга кирган», — деган фикрдамиз. Бинобарин, янги ўзбек адабиётимизнинг энг сара намуналари майдонга келган 20-йилларнинг биринчи ярми жадидчиликнинг сўнгги босқичи. Жадидчилик маънавий-маданий соҳаларни янги изга солгани сингари адабиётда ҳам уч буюк бонийни ўртага чиқарди. Чўлпон янги ўзбек шеъри биносига асос солди. Фитрат янги адабий-бадиий тафаккурни бошлаб берди, чинакам драматургия намуналарини яратди. Қодирий ўзбек романчилигининг отаси бўлиб тарихга кирди.
Иккинчиси, Абдулла Қодирийнинг шаклланишида жадидчиликнинг роли ва ўрни масаласи.
Абдулла Қодирий Туркистонда жадидчилик ҳаракат сифатида эндигина ниш ураётган, «усули жадид» мактаблари ўлкада яккам-дуккам очила бошлаган бир пайтда туғилди. Ўшанда юртимизга машҳур «Таржимон»нинг кела бошлаганига 10 йилдан ошган эди. «Усули жадид»нинг -халқ орасига кирганига роса 10 йил тўлган эди. Бир йил олдин — 1893 йили унинг назариётчиси ва амалиётчиси Исмоил Гаспринский Мажид Ғанизода деган ширвонлик шогирди билан ўша давр Туркистонининг аҳамиятига кўра иккинчи шаҳри ҳисобланган Самарқандда бўлиб, 40 кун «усули жадид» сабоқларини ўқиган эдилар. Абдулла мактаб ёшига етган йилларда янги усул мактаблари учун бир нечта дарслик босилиб чиққан эди. У «бир бойга хизматчиликка» берилган 1906 йилда миллий матбуотимиз дастлабки қадамларини қўяётган, машҳур Маҳмудхўжа Беҳбудий Мунавварқорининг «Хуршид» газетасида иштирокиюнчилар фирқасининг дастур ва аъмолини инсоф ва адолатгагина эмас, ахлоқ ва одобга ҳам номувофиқ топган, бир йилдан сўнг ўзининг «Туркистон мухторияти дастури»ни тузиб, «Иттифоқи муслимин» раҳбарияти орқали Давлат Думаси муҳокамасига киритиш ишлари билан шуғулланар эди. Мана, маърифат ва сиёсатдаги ўзгаришлар. Ёш, ҳар нарсага ўта қизиқувчан, унинг устига рус-тузем мактабига қатнаётган Абдулланинг булардан бехабар бўлиши эҳтимолдан узоқ, албатта.
Туркистон адабиётини зимдан кузатиб келаётган А. Н. Самойлович 1909 йилдаёқ бу ерда янги адабиёт майдонга келаётганини маълум қилган ва ҳақиқатан ҳам «Миллий шеърлар» ёзила бошлаган, 10-йиллардан театр асарлари, замонавий наср ва ўткир публицистика даврий матбуот ва ноширликни шошириб қўйган эди. Бинобарин, Абдулла Қодирий «Падаркуш» пьесаси таъсирида «Бахтсиз куёв» деган театр китобини ёзиб юборганини ўзи ҳам пайқамай қолган» экан, бунда ҳеч бир муболаға йўқ. У Ватан бағрида етилиб, тўлиб-тошиб келаётган жадидчиликдан баҳраманд бўлган, бошқача айтганда, миллий уйғониш ҳавосидан нафас олган ва ўз фаолияти билан уни янада мукаммаллаштириш истаги билан яшаётган ёшлардан эди. Унинг «Турон» жамиятига ишга ўтиши, ҳатто 1918 йилда Озиқ комитетида ишлаши ҳам буни тасдиқ этади. Бу борада биргина мулоҳаза бўлиши мумкин, у ҳам бўлса, бу талқинларнинг ёзувчи 1926 йилда ўз қўли билан ёзган «Таржимаи ҳол»ига у қадар рост келмаслиги. Менимча, бу ерда ҳеч бир англашилмовчилик бўлмаслиги керак. Чунки «Таржимаи ҳол» 1926 йили, ёзувчи «тескаричи, миллатчи» деб асоссиз айбланиши муносабати билан ёзилганлиги мутахассисларга маълум. Иккинчидан, худди шу йили советлар жадидчиликка қарши кураш компаниясини бошлаганларини, «Иноғомовчилик» деган «жиноий иш» очилиб, ўттиздан ортиқ киши қамоққа олинганини эслайлик.
«Падаркуш»га ҳавола масаласи эса, советларнинг бу борада ғоят маккорона ва мунофиқона йўл тутганлиги билан изоҳланади. Яъни бир томондан жадидлар қатағони бошланди, иккинчи томондан бир вақтлар ўзлари амирга ушлаб берган, қатл этилишини томоша қилганлари Беҳбудийнинг номини абадийлаштириш мақсадида Қарши шаҳрига унинг номи берилди.
Ва ниҳоят, Абдулла Қодирий асарларининг, биринчи навбатда, «Ўткан кунлар»нинг жадид адабиётига алоқадорлиги масаласи.
Назаримда, бу ерда ҳам гап кўпроқ атамаларимизда ва бир қадар ёндашувларимизнинг бир-биридан фарқланишида. Агар биз жадидчиликнинг XIX аср охири ва XX аср бошларидаги Туркистоннинг асосий ва етакчи ҳаракатчилиги эканини эътироф этсак, унинг шартли равишда ажратиш мумкин бўлган «ташаккул»(ХIХ асрнинг 80-90-йиллари), «тараққий» (1900-1917 йиллар), «таназзул» (1918-1929) даврларини ҳам қабул қилмоқ керак бўлади. Унинг 1917 йилдан 1929 йилгача бўлган даврини тан олмаслик, октябрь воқеасидан кейинроқ советлар ўрнатилиб, социалистик мафкура қарор топди, инқилобий ўзгаришлар амалга оширилиб, янги жамият барпо этилди, деган эски ашулани қайтариш бўлур эдики, бу ҳақиқатга хилофлигидан ташқари жадидчиликнинг ҳам моҳиятига зиддир. 1917-1929 йилларга моҳиятан фақат икки тарафдан (жадидчилик, советчилик)гина ёндашиш мумкин. Учинчи йўл йўқ. Агар жадидчилик сифатида талқин қилинадиган бўлса, бу давр адабиётини жадид адабиёти, «Ўткан кунлар»ни эса, унинг энг гўзал намунаси сифатида эътироф этмоқ керак бўлади. Асарда эса, бунга жавоб берадиган барча компонентлар бор. Ортиқча тафсилотларга берилмасдан, биргина нуқтани қайд этиш билан чекланамиз. Асар, номланишидан кўриниб турганидек, ўтган кунлар, муаллиф таъкидлаганидек, «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари» ҳақида эди. Масалани бу хил қўйиш шўро даврининг талаб ва эҳтиёжини кўзда тутади. Унга кўра, тарих ўтмиш ва бугунга ажратилиб, бири иккинчи-сига қарама-қарши қўйилмоғи, бири рад этилиб, иккинчиси улуғланмоғи лозим эди. Яширишнинг ҳожати йўқ, совет даври адабиётшунослиги 20-йилларда ҳам, 60-йилларда ҳам уни худди шу жиҳатдан таҳлил ва талқин этди, яъни тарихимизнинг «кирлик», «қора кунлари» нималар-у, улар қандай кўрсатилгани устида фикр юритди. Бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар эса, асосан, бу асарнинг юқоридаги андозага сиғмаган жиҳатлари — муаллифнинг ўз қаҳрамонларига муносабати, урф-удумларимиз, анъаналаримиз тасвири кабилар борасида кетди. Ўз даврида эса, у син-фий ёндашмаганлиги, ўтмишга тошни яхшироқ отмаганлиги учун қораланган эди. Истиқлол даврида эса, у «истиқлол қайғуси»ни ўзида ташиган асар сифатида таҳлил этилмоқда. Бунга қўшимча қилиб, романни «ўткан кунлар»дан «кир» эмас, «нур» топган, бениҳоя оғир замонларда, ҳаётларининг энг бахтсиз онларида ҳам юксак ички маданият, нозик дидлилик, комил ахлоқ ва одоб намуналарини намойиш этган оталаримиз турмуши, гўзал оилавий муносабатлар, бетакрор миллий колорит тасвири орқали ўзликни танитмоққа қаратилган асар ҳам демак керак бўла-ди. Бу эса, жадидчиликнинг, бошқача айтганда, миллий уйғонишнинг бош хусусияти, миллатни миллат қилувчи анъаналар эди.
Юқоридагиларга кўра, Абдулла Қодирий жадидчилик ва жадид адабиётининг марказий сиймоларидандир.
Бегали Қосимов, “Уйғонган миллат маърифати” китобидан