933 йил раббиул аввал ойининг ўн олтиси. Милодий ҳисобда 1526 йил 23 декабрь. Деҳли. Юзма-юз жангда бас келолмаган Бобур мухолифлари нотанти йўл тутадилар. Баковулни қўлга олиб, овқатига заҳар қўшадилар.
У раббиул аввалнинг йигирманчисида (27 декабрь) Қобулга ўғли Ҳумоюнга ёзади: «Одина куни кеч намози дигар ош торттилар. Товушқон ошидин хейли едим... Қоқ гўштдин бир-икки тикка олдим. Кўнглум барҳам урди... қўзғолиб келди... Охир кўрдумким, бўлмас, қўптум. Обхонаға боргунча йўлда бир навбат қусаёздим... Обхонаға бориб қалин қустум. Ҳаргиз ошдин сўнг қусмас эдим, балки ичгандан сўнг ҳам қусмас эдим. Кўнглумға шубҳа кечти. Бовурчини сахлатиб буюрдимким, ул қайни итга бериб, итни сахлағайлар. Тонгласиға бир паҳрага ёвуқ ит беҳол бўлуб, қорни дам қилғондек бўлди. Ҳар неча тош била урдилар, эвруштилар, қўпмади...»
Бу хат «Бобурнома»да келтирилган. Тарих гувоҳки, Бобур бахтли тасодиф билан ўлмай қолди, лекин бу воқеа унинг соғлиғигагина эмас, руҳига ҳам қаттиқ таъсир этгани аниқ. «Бобурнома»да у фарзандларига, хусусан, Ҳумоюн ва Комронга ушбу «ғариб воқеа»ни хат орқали маълум қилганини қайд этади. Жумладан, раббиул аввалнинг йигирма тўққизида (1527 йил 4 январь) айбдорларга дахлдор бир кишини (Иброҳим Лўдийнинг ўғлини) Комрон қошидан келган Мулла Сарсон билан қўшиб юборганини хабар қилади. Лекин Комронга юборилган мактуб «Бобурнома»га кирган эмас.
1972 йили Қозон дорулфунуни кутубхонасида сақланаётган ўзбек адабиёти намуналарини кўздан кечирар эканмиз, дафъатан Бобурнинг ўғли Комронга ёзган хатига дуч келиб қолдик. Мазмунига кўра бу ўша Мулла Сарсондан юборилган мактуб эди. Мактуб қўлёзманинг кўчирилган нусхаси бўлиб, «Насиҳатномаи Бобуршоҳ ба фарзанди худ» (Бобуршоҳнинг ўз фарзандига насиҳатномаси) номи билан 1272-Т рақами остида кутубхонанинг «Нодир қўлёзмалар бўлими»да сақланмоқда экан. Қозон дорулфунуни доценти, таниқли татар адабиётшуноси Хатиб Минигулов илтимосимизга кўра мазкур мактубнинг фотонусхасини олиб юборди (имкондан фойдаланиб, миннатдорчилигимизни билдирамиз).
Дарвоқе, хатнинг қачон, қаерда, ким томонидан кўчирилгани ҳақида бир нарса дейиш қийин. У бирмунча эътиборсизлик билан кўчирилган бўлиб, талай ғалат ва қусурлардан холи эмас.
НАСИҲАТНОМАИ БОБУРШОҲ БА ФАРЗАНДИ ХУД
ҲАЗРАТИ БОБУРШОҲ ҒОЗИЙ ТОБАСАРОҲ АЗ ҲИНДУСТОН БА ҚАНДАҲОР ФИРИСТОНИД БА ФАРЗАНДИ ХУД МИРЗОЙИ КОМГОР
Фарзанди аршаду аржуманд саодатнишон Муҳаммад Комрон баҳодирга саломи муҳаббат анжомидин сўнг ул-ким, кўкалдошу эмикдош ва ичкиларинг билан сабақ ўқурға ружуъ келтуруб эрмишсен. Бу жиҳаттин кўнгулга сурур ва хотирга ҳузур етиб, на бисёр хушҳоллиқ юз берди. Тенгри таоло даргоҳидин умидим борким, жамъи қобилият ва салоҳият бобинда, комил ва мукаммил бўлуб камолға етгайсен. Ҳамиша ушбу тарийқни маръий тутуб, зинҳор тақсир қилмағайсен. Нечукким, ҳазрати Хожа Ҳофиздин манқулдур:
Пирон сухан зи тажриба гўянду, гуфтамат,
Хон, эй(писар), ки пир шави, панд гўш кун!
(Таржимаси: «Улуғлар гапларини тажрибаларига суяниб айтадилар. Эй ўғил, улуғ бўлсанг ҳам насиҳатимга қулоқ сол».)
Эшиттимким, Чиғатой эликим, ҳазрати мағфур ва марҳум Султон Ҳусайн Мирзодин қолибтурларким, ул эл (нинг) кўпрак Хуросон эли билан ўлтуруб-қўйуб, бисёр қобилият ва ҳайсият пайдо қилиб, латофатдин холи эрмаслар. Агарчи, Хуросон эли хуштабъ элдурлар, ҳайсиятларида сўз йўқтур, локин мазҳаб ва миллатларида танг бор. Фитнаангиз элдурлар. Ўғулни отодин, анони ўғулдин ойурурлар. Уларни(нг) сўзига фирифтан бўлуб, ўз эҳтиётинг(н)и қўлунгдин бермагайсен. Турк улусидин отоси қўл бошлаған, аноси тўй бошлаған (?), тўра кўрган эл борким, оталари ота-онамизга хизмат қилиб, жон тортиб, иссиғ-совуғда, сафар ва ҳазарда бирга бўлуб, лаҳза балки ламҳа айрилмаян. Хизмате шоиста қилиб ва пандин-да баржой келтурубтурлар. Ул элдин имтиҳон қилиб, (сен) эшикинга йўл беруб, вакили мутлақ этиб, ғофил бўлмағайсен. Кичик ёшлиқ эрса, алардин кенгаш сўруб, маслаҳат тилаб, аларнинг сўзи билан амал қилиб, асло ва мутлақо ҳеч муҳимға иштиғол қилмағайсен. Андишалиқ беклар илан (ва) олийрой қарочу давлатхоҳларким, ҳамиша муҳим ва маслаҳат ичинда бўла келиб туралар, аларнинг савол-жавоб ва кенгашларидин чиқмағайсен. Хушомадгўй сўзиға фирифтан бўлуб, давлатхоҳларким, давлатга муносиб сўзни эшитиб, кўруб-билиб, келиб, юзунга қотиқ айтурлар, аларга ачиғ(лан)мағайсен. Агарчи юзунга филҳол қоттиқ кўринур, охир неча кўб кулдирур.
Масалдурким, дўст йиғлатур, душман кулдура айтур. Дўсту душманни тониб, бу мазмун ила амал қилғайсен.
Мисра:
Жойе гул-гул бош ва жойе хор-хор.
Тақи Қандаҳор черики эҳтишомдур.
Ҳар қайси кичик-каримнинг сўзи билан ул сори отланғувчи бўлмағайсен. Агар зарурат бўлуб, қобу тобиб, отланур бўлсанг, иш бошлаган, мажолис кўрган, тўра-тўқай кўргон, тузук қилғон давлатхоҳларинга кўнгул бериб, яхши айтиб йибор. Элдин яхши сўзунгни айтиб, мукаммил бўлуб, истеъдоди тамом билан мутаважжиҳ бўлғайсен. Йироқ-ёқиндин эшитурга ва кўрурга муносиб бўлғусидур.
Тақи ножинс, камзот, ҳар неча хуштабъ ва қобилиятлиқ бўлсалар, тарбият қилуб, амури мамлакатга дахл бермагайсенким, ҳазрати Шайх Саъдийдин манқулдирким:
Нокас бо тарбият нашавад, эй ҳаким, кас,
Дар боғ лола рўяд ва дар шўра хору хас.
(Таржимаси: «Нокасни тарбия билан инсон қилиб бўлмайди, эй ҳаким, чунки боғда гул унади, шўрхокда эса хас-хашак битади»)
Ҳазрати мавлоно Жомийдин бу қитъа машҳурдур:
Ҳарки нокас бувад дар аслу сиришт,
Мунқалиб натавон кардан, эй жигар.
Нокасеро агар куни мақлуб,
Қалбе у ғайре баста кай нашавад.
(Таржимаси: «Кимки пасткаш бўлса, уни тузатиб бўлмайди, эй жигар. Уни одам қилган тақдирингда ҳам қалби ўша ҳолда қолади-ку»)
Тақи Мовороуннаҳр эли бисёр содалавҳ элдурлар. Ҳар нечаи беқобилият бўлсалар, аларга эътимод қилса бўлур. Тахсис ул қурси шабистонининг шамъи анваридур, аё гулистонининг андалиби суханвари ҳазрат Хожа Убайдуллоҳким, имдод қилибтурлар, то ғоят бу ишларни(нг) давлати ул азизларнинг ҳимматидиндур.
Ул силсиланинг мурид ва асҳоби подшоҳзода деб сенга келсалар, зинҳор акром ва эъзозларини маръий тутиб, аларнинг борисида тақсир қилмағайсен. Аларким, ишқ бобинда бўлурлар, севарларнинг итини ҳам севарлар.
Тақи Ҳиндустон кайфиятин фатҳномадин маълум қилғумдур. Иброҳимким, Ҳиндустон подшоҳи бўлғай, анинг ўғли қўлға тушубтур. Ани сен фарзанди дилбандга йиборилди. Нечукким, анинг аҳволиндан хабардор бўлуб, ўзунг муқайяд бўлғайсен. Мундин сўнгким, ҳар воқеаи юз бер-са, ирсол қилғумдур. Вассалом. Ҳуснунг назорасида пайвастамиз. Раҳгузир йўқ. Сўз ушбудирки: Жоно, холиқдин ўзга сўз йўқ.
Бегали Қосимов