Калила ва Димна (3)

БОЙҚУШ ВА ҚАРҒА БОБИ

Рожа браҳманга деди:
—    Садоқатли дўстлар ҳақидаги ибратли ҳикояни эшитдим. Энди, агар мумкин бўлса, душман ўзини зоҳиран юмшоқ феъли, тавозекор, марҳаматли ва лутф-карамли қилиб кўрсатишига қарамасдан, унинг найрангига учмаслик ва алданмаслик ҳақида бир ҳикоя айтиб берсанг.
Браҳман деди:
—    Ақлли одам маккор душманнинг сўзига ишонмайди, онт ичиб берган ваъдаларига учмайди, душмандан қанчалик кўп марҳамат ва лутф-карам кўрса, шунчалик кўп эҳтиёткор бўлади. Агар у ҳушёр бўлмаса ва фурсатни қўлдан бериб қўйса, кейинги пушаймоннинг фойдаси бўлмайди ва бойқушлар бошига тушган фалокат унинг ҳам бошига тушади.
Рожа сўради:
—    У қандай бўлган эди? Ҳикоят
Дебдурларки, бир тоғда жуда баланд ва сербутоқ дарахт бор эди. Бу дарахтда мингдан ортиқ қарғалар ўзларига уя қурган эдилар. Қарғаларнинг бир подшоси бўлиб, унинг оти Фируз эди. Барча қарғалар унга тобе бўлиб, унинг амридан чиқмас ва шод-хуррам, фаровон кун кечирар эдилар.
Ўша тоғнинг қаршисида бошқа бир тоғ бор эди. Унда жуда кўп бойқушлар яшарди. Қарғалар билан бойқушлар қадимдан бир-бирларига душман эдилар. Бойқушларнинг ҳам подшоси бор бўлиб, оти Шабоханг эди. Бир куни кечаси у ўз қўшинлари билан қарғаларга ҳужум қилди. Бойқушлар жуда кўп қарғаларни қириб, кўпларини ярадор қилишди, ғолиб бўлиб, масрурлик билан уяларига қайтишди. Эртасига қарғаларнинг подшоҳи Фируз ўз лашкарларини йиғиб, уларга деди:
—    Бойқушларнинг бизга қарши қилган кечаги ҳужумини кўрдингиз. Орангизда ўлганлар ҳам, қуйруғи, қаноти юлинган, яраланганлар ҳам оз эмас. Лекин улар бу ғалабадан журъатланиб бизни тамомила тор-мор этмоққа, уруғимизни қуритмоққа уринадилар, деб қўрқаман. Аминманки, улар тезда яна ҳужум бошлаб бошимизга кўп бало соладилар. Бу борада фикрлашиб бир тадбир кўрайлик ва бирга маслаҳатлашиб мудофаа йўлини топайлик.
Улар орасида заковатли, ақли расо бешта қарға бор эди. Қарғалар ҳар ишни уларнинг маслаҳати билан бошлар, бирор ҳодиса рўй берса, уларга мурожаат этардилар. Подшо ҳам бу беш қарғанинг фикрларини инобатга олар ва давлат ишларида уларнинг маслаҳатларидан фойдаланар эди. Шоҳ уларнинг биридан сўради:
—    Сен бу ҳақда қандай фикрдасан? У жавоб берди:
—    Менинг фикрим биздан аввал яшаган олимларнинг фикрлари кабидир. Улар айтибдурларки, кимки душманга қаршилик кўрсата олмаса, мол-давлати ва юрт-уяларини ташлаб кетмоғи керак. Зероки, уруш жуда хатарли ишдир, айниқса, мағлубиятдан сўнг у жуда ҳам таҳликалидир... Мағрурланиб ўз кучига ортиқча баҳо бериш ақлли одамларга ярашмас. Ханжарнинг икки юзи бордир. Бу қари ва шафқатсиз фалакнинг кўзи кўр, у одамларни яхши танимайди. Унинг гардишига ишониб бўлмайди...
Подшо иккинчи вазирига юз ўгириб, деди:
— Сенинг фикринг қандай?
У жавоб берди:
—    Мен у айтганидек ватанни ташлаб қочишни маслаҳат кўрмайман. Биринчи зарбадан сўнг шундай расвогарчиликка йўл қўйиб, она юртни тарк этмоқ бизга ярашмайди. Менимча, энг тўғри йўл бутун кучларимизни сафарбар қилиб, жиддий ҳозирлик кўрганимиздан кейин уруш бошлашдан иборатдир...
Маслаҳатим шуки, бир неча кузатувчиларни ҳар тарафга юбориб, қайси томондан хавф эҳтимоли бўлса, шу ёққа лашкар тортсак. Е ғолиб келамиз, ё шараф билан фидойи бўламиз.
Подшо учинчисидан сўради:
—    Сенинг фикринг қандай? Учинчиси жавоб берди:
—    Мен икковининг ҳам фикрига қўшилмайман. Яхшиси, хуфиялар, даракчилар юбориб, душман вазиятини ўрганайлик, божу хирож олсалар-да, биз билан сулҳ тузишга розимилар, йўқми, шуни аниқлайлик. Агар таклифимизни қабул қилсалар, у вақт сулҳ тузиб, божу хирож тўлайлик-да, улардан халос бўлайлик. Шоҳлар учун энг тўғри тадбирлардан бири шудир: душманнинг устунлиги, қудрати кенглиги равшан бўлганда, улар мол-пул ҳисобига бўлса-да, фалокатнинг олдини олишлари, аҳолини қирилишдан халос этишлари керак...
Подшо тўртинчисидан сўради:
—    Сен нима дейсан? У жавоб берди:
—    Мен ватанни тарк этмасликни, ғурбат азобини чекмасликни, ҳамиша биздан паст бўлган душманга бўйин эгишдан юқори қўяман... Бунинг устига, агар биз маълум миқдорда бож-хирож тўлашни бўйнимизга олсак, улар бу билан кифояланмайдилар, яна кўпроқ талаб этадилар, кейин барибир бизларни қириб ташлашга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам айтибдурлар: «Ўз мақсадингга эришмоқ учун маълум даражада душманга яқинлаш-у, аммо уни ўзинг-га хавф туғдирадиган даражада яқинлаштирма».
Қуёшга қаратиб тик қўйилган таёқни бунга мисол тариқасида келтириш мумкин: уни жудаям эгсанг, сояси камаяди, озгина эгсанг, сояси катталашади. Ҳеч қачон улар биздан оладиган бож-хирож билан қаноатланмайдилар. Шунинг учун, менинг фикримча, уруш қилмоқ лозим... Гарчи олимлар урушдан қочишни маслаҳат кўрсалар ҳам, лекин бундай қочиш ўлимдан оғир бўлса, уни ҳеч вақт маъқулламайдилар...
Подшо бешинчи қарғадан, Коршинос исмли вазиридан сўради:
—    Сен нима дейсан? Урушайликми, сулҳ тузайликми ёки ватанни тарк этайликми, қайси бири яхши?
Коршинос жавоб берди:
—    Бойқушлар билан урушиб бўлмайди, чунки улар куч-қувватда биздан устундирлар. Ақлли кимса душманни заиф ҳисоблаб, ўзини алдамайди, алданган ҳалок бўлади. Биз бу ҳодиса юз беришдан олдин ҳам бойқушлардан қўрқар эдик. Эҳтиёткор одам ҳеч қачон душман қаршисида хотиржамликка берилмайди. Душман яқинда бўлса, тўсатдан ҳужум қилиши, узоқда бўлса, қайтиб келиб чанг солиши мумкин. Енгилса, йўлда пистирма қўйиши, ёлғиз
бўлса, ҳийла ишлатиши мумкин. Урушнинг олдини оладиган одамлар энг ақллидирлар. Подшо бойқушлар билан урушиш қароридан воз кечиши керак. Фил билан урушганлар унинг оёқ остида топталанадилар.
Шоҳ деди:
—    Урушишни истамасанг, хўш, нима маслаҳат берасан? Коршинос деди:
—    Баъзан маслаҳат ва тадбир билан қилинган ишни катта қўшин ёрдами билан ҳам бажариб бўлмайди. Дарёнинг суви ирмоқчалардан йиғилгани каби, шоҳнинг ақл ва закоси ҳам вазирлар маслаҳатидан нур олади. Ақлли шоҳ душманнинг қанчалик куч-қувватга эга бўлганини, ишлатадиган ҳийла ва тадбирини билади. У ҳамиша душман тарафнинг ишларини кузатиб, бирин-кетин рўй берадиган ҳодисаларни тасаввур эта билади, синовдан ўтган ёрдамчилари билан маслаҳатлашиб туради.
Сўзга тушунадиган, ишбилармон одамлар билан маслаҳатлашмасликнинг охири ёмон бўлади. Ақл ва зако нуридан маҳрум бўлмаган, тажрибали, дунёда ҳар нарсани кўрган ва билган маслаҳатчиларнинг сўзларини ўзига шиор қилиб олган шоҳнинг бахт юлдузи дунё тургунча порлоқ бўлади...
Шоҳ мени маслаҳат бериш шарафига муяссар қилди. Мен ўз фикрларимнинг баъзиларини очиқ, жамоат олдида сўзлашим, баъзиларини эса шоҳнинг ўзига яширин айтишим мумкин. Жамоат олдида шуни очиқ айтишим мумкинки, мен урушга қаршиман, айни замонда бўйин эгиб тобе бўлиш, муте бўлиб бож тўлаш каби расвогарчиликни ҳам тўғри деб билмайман.
Ақл эгалари яхши ва мазмунли умр кечирсалар, узоқ яшашни орзу қиладилар. Улар расвогарчилик ва бахтсизликдан ўлимни устун кўрадилар. Мен мағлубиятнинг ва ўлимнинг элчиси, ақл заифлигининг, руҳий тушкунликнинг жарчиси бўлган ожизликни оқламайман, ожизлик кўрсатмоқни маслаҳат бермайман.
Кимки ожизлик кўрсатса, фойда эшиклари унинг учун бекилади. Унинг ўйлаган тадбирлари, қилмоқчи бўлган ишлари қаршисида катта тўсиқ пайдо бўлади... Энди қолган сўзларимни хилватда айтсам яхшироқ бўлур эди, чунки ғалабанинг калити эҳтиёткорликдир. Эҳтиёткорликнинг биринчи шарти эса кенгаш ва маслаҳатдир. Мана энди шоҳ ўз хизматида бўлган одамлар билан маслаҳатлашиб, уларнинг фикрини сўраб, ўзининг узоқни кўрадиган, эҳтиётли, иродали, жасур, ақлли эканлигини кўрсатди...
Шоҳларнинг шундай ишончли ва эътиборли одамлари бўлиши керакки, уларга ўз сирларининг хазиналарини очиб қўйиб, яширин мақсадларини уларга айта билсин... Шоҳ ақл ва закода, илм ва тажрибада ўз маслаҳатчисидан устун бўлса-да, лекин мой қуйганда чироқ лопиллаб ёнгани, ўтин қалаганда ўчоқ олови баланд бўлгани каби шоҳнинг ақли ҳам мушовирининг маслаҳатидан мукаммаллашади, тажрибаси ортади.
Кимники кучли, иродали, ақлли маслаҳатчилари бўлса, унга бахт ёрдир, биринчисининг ёрдами билан ғалаба қозониб, иккинчисининг ёрдами билан хавф-хатарнинг олдини олади. Маслаҳатчиларнинг ўз бошлиқлари билан тиллари ҳам, диллари ҳам бир бўлиши керак. Агар шоҳдан хато содир бўлса, маслаҳатчи майинлик билан шоҳга хатосини тушунтирмоғи, шоҳни тўғри йўлга солмоғи ва шундай қилиб икки томон учун ҳам мақбул бўлган қарорга келмоғи лозим. Шоҳга шундай сидқидил хизмат қилмайдиган, ҳақиқатни аён қилишга тиришмайдиган вазир ва маслаҳатчилар душман деб саналишлари керак... Агар шоҳ ҳақни ноҳақдан, дўстни
душмандан ажрата билса, ёмонга жазо, яхшига инъом беришда одиллигини кўрсатса, юртни ғайратли, тадбиркор ва узоқни кўрадиган одамларга топширган бўлса, бундай тақдирда унинг шаън-шавкатига путур етмайди, фитна-фужурларга ўрин қолмайди...
Ўз сирини сақлайдиган, лаёқатли вазирлар топа оладиган, раияти ҳайиқадиган, сир бой бермайдиган, яхши ишлайдиганларни тақдирлайдиган, садоқат билан хизмат қиладиганларнинг қадрига етадиган, гуноҳкорларнинг адабини бериб турадиган, маслаҳат билан иш кўрадиган, тадбирли шоҳнинг ҳокимияти узоқ умрли бўлади. Қазонинг қўли бундай шоҳнинг ишини барбод қила олмайди, аксинча, унга хизмат этади. Аслини суриштирилса, бахт-саодат меҳнат ва ғайрат билан қўлга киритилади...
Агар шоҳ сир сақлай олмаса, ўзига ҳамда подшоҳлигига путур етади. Кашмир подшоҳи ўз вазирига сир айтгани касофатидан оз фурсатда подшоҳликдан тушиб, хор-зор бўлгани каби.
Фируз сўради:
—    У қандай бўлган эди? Бешинчи қарға жавоб берди:
—    Кашмир вилоятида бир подшо бўлиб, унинг ниҳоят даражада гўзал, сочлари узун ва қоп-қора, шўх бир маҳбубаси бор эди. У нозу карашма ва ширин сўз билан ҳамманинг тоқатини тоқ қилар эди. Айниқса, подшо мулозимларидан бир йигит унга қаттиқ меҳр қўйиб, ишқ ўтида ёнар эди. Улар кўз ва қош имоси билан гаплашар эдилар. Бир кун подшо айшу ишрат қилиб ўтирганда, у йигит хизмат учун ўрнидан турди ва ўз маъшуқасининг юзига қараб кулиб қўйди. Маъшуқаси ҳам табассум қилиб, қош учириб, унинг кўнглини овлади. Буни кўриб қолган подшоҳнинг ғазаби қўзиб, маҳбубасининг баҳридан ўтмоқчи бўлди. Кейин ўйлаб, икки кишини ўлдиришга ошиқиш ақлдан эмас, сабр қилмоқ керак деб ўзини кўрмаганга солди. Эртаси кун подшо ҳар кундагидек ўз ишлари билан шуғулланди. Кейин давлат устунларидан бўлган бир вазирни хилватга чақириб, унга кечаси бўлиб ўтган воқеани айтиб берди. Вазир уларни ўлдиришни маслаҳат берди. Подшо билан вазирнинг фикри бир жойдан чиқди: уларга заҳар бериб ўлдирмоқчи бўлдилар. Лекин бу сир подшо ва вазир орасида пинҳон қолиши керак эди. Вазир уйига келиб қизини ғамгин ҳолда кўрди ва бунинг сабабини сўради.
Вазирнинг қизи деди:
—    Бугун подшо саройига бориб эдим, подшоҳ-нинг хотини менга илтифот қилмади. Мен ўз тенгларим ва дугоналарим ўртасида хижолат тортдим.
Вазир қизига тасалли бериб деди:
—    Ғам ема, бир-икки кун ичида унинг умр чироғи ўчади ва ҳаётининг гули сўлади.
Қиз буни эшитиб нима гаплигини сўради. Вазир ҳамма гапни айтиб берди ва сир тутиб буни ҳеч кимга айтмасликни уқтирди. Қиз эшитганларидан хурсанд бўлиб отаси ҳузуридан чиқди. Бу аснода ҳарам ходимларидан бири узр сўраб, қиз ёнига келди. Қиз деди:
—    Майли, хоним мени бесабаб хафа қилгани учун жазосини кўради. Ходим хурсанд бўлиб сўради:
—    Бу сўзни қаердан эшитдинг?
Қиз жавоб берди:
—    Бировга айтмасанг, сўзлаб бераман. Ходим онт ичгач, қиз ҳамма гапни айтиб берди.
Ходим дарров уйига бориб, эшитганларидан хотинини огоҳ қилди. Хотин эса гуноҳкор йигитни хилватга чақириб, ҳамма гапни айтиб берди. У йигит бир неча шерикларини тўплаб подшоҳни ўлдирди.
Агар подшо вазирга сирини айтмаганда эди, шу ҳолга тушмаган бўлар эди. Бу қиссадан ҳисса шуки, подшо вазирлар билан кенгаш қилиши ва уларнинг берган маслаҳатларидан фойдаланиши мумкин, аммо ўз сиридан уларни воқиф қилмаслиги керак. Чунки ўзга одам ҳеч қачон бировнинг сирини сақлай олмайди.
Аммо шоҳларнинг сирлари ҳар хил бўлади. Уларнинг баъзиларини бирор одамга айтиш мумкин эмас, баъзиларини айрим кишиларга сўзлаш мумкин. Мен айтмоқчи бўлган сирга келганимизда, ундан фақат тўрт қулоқ ва икки юрак воқиф бўлмоғи мумкин.
Шоҳ бешинчи қарға, яъни Коршинос билан хилватга кириб сўради:
—    Биз билан бойқушлар орасида бўлган адоват ва душманликка нима сабаб бўлган эди? Коршинос деди:
—    Бир қарғанинг айтган бир калима сўзи сабаб бўлган эди. Шоҳ сўради:
—    Қандай сўз? Коршинос ҳикояти
Бир гала қушлар бойқушни ўзларига шоҳ кўтармоқчи бўлдилар. Улар бир ерга йиғилишиб, бу борада кенгаша бошладилар. Шу вақт узоқдан бир қарға кўринди. Қушларнинг бири деди:
—    Бироз сабр қилайлик, қарға етиб келсин, у билан ҳам маслаҳатлашиб кўрайлик-чи, нима дер экан, ахир у ҳам паррандалар жинсидан-ку. Агар бутун табақа намояндалари якдил бўлмасалар, қарор бир овоздан қабул этилган ҳисобланмайди.
Қарға келиши билан унга аҳволни баён этдилар.
Қарға деди:
—    Агар бутун қушлар ҳалок бўлиб, товус, турна, ғоз каби номдор паррандалар йўқ бўлиб кетсалар ҳам бойқушга тобе бўлиб, унинг сўзлари ва буйруғи билан яшашдан кўра шоҳсиз қолиб, ўз ақл-идрокимиз билан яшаш яхшироқдир. Чунки бойқуш зоҳиран қушларнинг энг хунуги, ботинан энг ёмони ва ифлосидир. Унинг ақли кам, ўзи ниҳоят даражада аҳмоқ, сержаҳл ва раҳмсиздир. Бунинг устига, у кундуз куни ҳеч нарса кўрмайди. Ҳаммасидан даҳшатлиси шуки, у хосиятсиз, шарм-ҳаёсиздир. Бинобарин, фикрингиздан қайтинг, уни ўзингизга шоҳ қила кўрманг, усиз ҳам кунингиз ўтади. Ўзини ойнинг элчиси эълон қилиб, ўз ақли билан буюк ишлар қилган қуён каби бўлинг.
Қушлар сўрадилар:
—    У қандай ишлар қилган?
Ҳикоят
Филлар яшайдиган ўлкаларнинг бирида қурғоқчилик рўй берди. Булоқлар қуриди. Сувлар тугади. Филлар сувсизлик ва ташналикка чидай олмай ўз шоҳлари ҳузурига келиб, шикоят қилдилар, зор-зор йиғладилар.
Шоҳ сув ахтаришга одамлар юборди. Кўп ахтариб, ниҳоят «Ой» номли суви бор бир булоқ топдилар. Филларнинг шоҳи бутун фуқаросини тўплаб, ўша булоққа олиб борди. Булоқ қуёнлар ўлкасида бўлганидан филлар инларида ётган қуёнларни топтаб, ҳаммаёқни вайрон қилдилар. Эртаси кун қуёнлар йиғилиб, ўз шоҳларининг ёнларига келдилар ва дедилар:
—    Филларнинг бошимизга келтирган фалокатлари сенга маълумдир. Агар тезликда бу тадбир кўрилмаса, улар бизни тамомила йўқ қилиб юборадилар.
Қуёнларнинг шоҳи деди:
—    Кимнинг нима таклифи бўлса, ёнимга келиб айтсин, кенгаш қилиб шу балони даф этамиз.
Қуёнларнинг ичида ўзининг донолиги билан шуҳрат топган Беҳруз отли бир қуён бор эди. У олдинга чиқиб шундай деди:
—    Шоҳ бу ишни менга ҳавола қилиб, филларнинг ёнига юборсинлар. Менга ишончли бир маслаҳатчи берсалар, у менинг нималар деб, нималар қилганимни шоҳиди бўлади ва келиб шоҳга айтиб беради.
Шоҳ деди:
—    Биз сенинг айтган сўзларингга ишонамиз. Қиладиган ишларинг муваффақиятли бўлишига шубҳа қилмаймиз. Майли, бор. Вазият ва шароитга қараб ҳаракат қил. Лекин унутмаки, элчи шоҳнинг тили, зеҳни ва қалбидир. Элчининг ақл-заковатига қараб, уни юборган шоҳнинг ақли ва ишлари қай аҳволдалиги тўғрисида ҳукм чиқарадилар. Агар элчи назокатсизлик қилса, уни юборган шоҳни таъна қиладилар. Элчи ўз шоҳининг номус ва иззатига, шаън ва шавкатига халал етказмаслиги, шу билан бирга душманнинг нима фикрда эканлигини билиб келиши лозим.
Бу сўзларни диққат билан эшитган Беҳруз ойдин кечада филлар томонга равона бўлди. У ўзича ўйлар эди: "Агар филлар ўзлари ёмонлик қилишни истамасалар-да уларга яқинлашмоқ мен учун хатарлидир, оёқлари остида қолиб кетишим мумкин. Илон уни ўз қўлида ўйнатаётган одамни чақишни истамаса ҳам, оғзининг суви унга тегса бас, одам ўша соатда ҳалок бўлади. Яхшиси шуки, бир тепанинг устига чиқиб, филлар билан ўша ердан туриб гаплашай". У шундай қилди. Узоқдан филларнинг шоҳини чақириб деди:
—    Мен ой тарафидан юборилган элчиман. Элчининг айтганлари кўнгилсиз бўлса-да, унга диққат билан қулоқ солмоқ ва бунинг учун элчини қораламаслик керакдир.
Филларнинг шоҳи сўради:
—    Ой нима хабар юборди? Беҳруз деди:
—    Ой дедики, ҳар ким ўз қувватига ишониб заифларни ранжитса ва ўз куч-қудратидан мағрурланиб ўзидан кучсизларни таҳқир этса, унинг бу куч-қуввати ўзининг ҳалокатига сабаб бўлади. Сен ўзингни бошқа ҳайвонлардан устун ҳисоблаб ҳаддингдан ошибсан. Иш шу даражага етибдики, менинг номим билан аталган булоққа қўшинларингни олиб бориб сувини булғатибсан. Сени огоҳлантириб қўяй, агар бундан кейин яна шу ишингни такрорласанг
кўзларинг-ни ўйиб оламан ва ўзингни ҳалок этаман. Агар бу сўзлардан шубҳа қилсанг, ҳозир булоқ бошига кел, ўша ерда сен билан учрашамиз.
Филларнинг подшоҳи бу сўзларни эшитиб таажжубланди ва булоқ тарафга йўл олди. Сувга қараб ойнинг аксини кўрди.
Беҳруз деди:
—    Нега қараб турибсан, тез бўл, хартуминг билан сув олиб юзингни юв, бош эгиб таъзим қил.
Фил хартумини сувга солиши билан сув чайқалиб ой қалқий бошлади. Фил қўрқиб Беҳруздан сўради:
—    Хартумимни сувга тиқсам ойнинг аччиғи келяпти шекилли. Беҳруз деди:
—    Албатта аччиғи келади-да, тез бўл, вақт ўтмасин, сажда қилиб узр сўра!
Фил дарҳол бош эгиб узр сўради ва бу ерга бундан кейин ўзим ҳам, бошқа филлар ҳам оёқ босмайдилар, деб онт ичди.
Қарға деди:
—    Бу масални айтишдан мақсад сизни огоҳ қилиб қўймоқдир — бойқуш маккор ва алдамчидир. Шунинг учун бойқушни ўзингизга шоҳ кўтариб ўтирмангиз ва ўз ишларингизни унга топширманг. Золим подшоҳларга, ҳийлакор ва ёлғончи ҳукмдорларга ишонганларнинг бошига тақводор мушукка мурожаат этган каклик билан тиҳу1 бошига тушган савдо тушади.
Қушлар сўрадилар:
—    Уларга нима бўлибди? Ҳикоят
Бир каклик менинг қўшним эди, бир-биримизнинг меҳру муҳаббатимиз зўр эди. Бир куни у тўсатдан йўқолиб қолди. Ҳалок бўлган бўлса керак, деб ўйладим. Бир неча вақт ўтгандан кейин бир тиҳу келиб, унинг уясида яшай бошлади. Мен унга ҳеч нарса демадим.
Орадан бир неча кун ўтгач, каклик қайтиб келди. Уйида тиҳуни кўриб деди:
—    Уйимни бўшат! Тиҳу деди:
—    Ҳозир бу уй меники. Агар сеники бўлса, исбот қил. Каклик деди:
—    Сен нима деяпсан, менинг қозидан ҳужжатим бор. Тиҳу жавоб берди:
—    Бир одил ҳокимни топиб унга мурожаат қилишимиз керак. У ҳар биримизнинг сўзларимизни тинглаб одилона қарор чиқариб берсин.
—    Яқинимизда бир мўмин мушук бор, у кечаю кундуз рўза тутиб, тоат ва ибодат билан машғул бўлади... Ундан кўра одилроқ бўлган қози топа олмаймиз. Сўзимизни эшитиб, инсоф билан ҳукм чиқариб беради.
Икковлари мушук ҳузурига келдилар. Мен ишнинг нима билан тамом бўлишини, мушукни кўриш ва унинг қандай ҳукм чиқаришини билиш мақсадида уларнинг орқасидан эргашиб бордим. Мушукнинг кўзи уларга тушиши билан меҳробга юз ўгириб намоз ўқий бошлади.
Намозни тугатгач, каклик назокат билан ундан илтимос қилди:
—    Ўртамизда низо чиқди, ҳал қилиб берсангиз. Улар ўз даъволарини айтиб бўлгач, мушук деди:
—    Менга қарилик таъсир қилиб, танимда қувват қолмаган, кўзларим нурсизланиб, қулоқларим оғирлашган... Яқинроқ келинг ва баланд-роқ сўзланг, мен гапингизни яхши эшитиб олиб, одилона ҳукм чиқарай. Лекин бундан олдин сизларга бир маслаҳат берай, агар диққат билан қулоқ солиб, сўзимга амал қилсангиз, ҳар иккингиз дунёда бахтли бўласиз. Маслаҳатим шуки, ҳар иккингиз ҳам чин гапни айтинг, чунки ҳукм ҳақиқатни айтганнинг зарарига чиқарилса ҳам у одам ғолиб ҳисобланади, агар ёлғон айтганнинг фойдасига чиқарилса ҳам, у одам енгилган ҳисобланади. Бу дунёда инсон учун тўғри сўздан, дуруст ишдан ҳам катта давлат бўлмайди. Ақлли одам бу дунёнинг молига ҳирс қўймайди, бойликни ёз булутидек ўткинчи ва қиш куни каби қисқа деб билади, катта-кичик — косиб, савдогар, камбағал, бойга бир кўз билан қарайди. Ўзига раво кўрмаган нарсаларни ўзгаларга ҳам раво кўрмайди.
Мушук шу қадар тилёғламалик билан сўзлар эдики, каклик билан тиҳу унинг гапига маҳлиё бўлиб, яқинроғига бориб ўтирдилар.
Мушук бир сапчиб, уларнинг иккаласини тутиб еди. Унинг парҳез сақлаб, рўза тутмоғининг, тоат-ибодат қилмоғининг макр-ҳийла эканлиги аён бўлди. Бойқуш ҳам шундай ваъдага вафосиз маккордир. Бинобарин, хомлик қилиб уни подшо кўтарманг. Шоҳлик тожини унинг ифлос бошига кийгизманг.
Қушлар бу сўзларни эшитгандан сўнг бой-қушни подшо кўтариш ниятидан воз кечдилар. Бойқуш пушаймон бўлиб маъюс ҳолда қарғага деди:
—    Сен мени расво қилдинг, сен орамизга шундай бир хусумат солдингки, у дунё тургунча тураверади. Мен сенга бирон ёмонлик қилдиммики, унинг аламини оласан. Ҳар ҳолда шуни билишинг керакки, дарахтни кессалар, унинг илдизидан бир шохча кўкариб, унинг ўрнини босади, қилич ва ўқ яраси битиб кетади, лекин тил яраси ҳеч вақт тузалмайди. Қалбга санчилган сўз ўқини чиқариб бўлмайди. У умрбод ўша ерда қолади. Ҳар дарднинг бир дармони бор. Сувнинг дармони ўт, заҳарнинг дармони таряк, ғамнинг дармони сабр, ишқнинг дармони висолдир; адоватни босадиган дори йўқ. Агар бутун дарёларнинг сувини сепсалар ҳам кин ва ғазаб оташини сўндира олмайди. Сен қарғалар билан бойқушлар орасида шундай бир хусумат дарахтини ўтқаздингки, унинг илдизлари жуда чуқур, шохлари жуда каттадир, у ҳеч қачон қуримайди.
Бу сўзларни бойқуш ғазаб билан айтиб, маъюс ҳолда чиқиб кетди.
Қарға қилган ишидан пушаймон бўлиб, ўз-ўзига деди: «Нодонлик қилдим, ўзим ва ўз ҳамжинс-ларимга душман орттирдим. Бу сўзларни айтишга бошқа қушларга қараганда ҳаққим кўп эмас эди, улар ҳам бойқушларнинг айбларини билар ва уларнинг нималарга қодир
эканликларини мендан яхши тушунар эдилар. Лекин бунинг оқибатини билиб, юракларидаги сўзларини айтишдан ўзларини тийганлар. Энг даҳшатлиси шуки, мен сўзни юзига айтдим, юзга айтилган сўзнинг тиғи ўткир бўлади. Куч ва қувватига ишонган ақлли одамлар ҳам бошқаларда адоват уйғотишни маслаҳат кўрмайдилар, ўз шаън-шавкатларига маҳлиё бўлмайдилар. Таряк ва бошқа дори-дармонлари бўлган одам уларга ишониб заҳар ичмайди. Энг яхши фазилат — хайрли иш қила билмоқдир. Яхши сўз хайрли ишнинг ўрнини боса олмайди, чунки чиройли сўз бўлмаган тақдирда ҳам яхши иш ўз самарасини кўрсатади ва барча томонидан тақдирланади. Аммо чиройли сўз қилинадиган ишни халқ кўзида қанчалик латофатли қилиб кўрсатмасин, барибир бу иш амалга ошмай қолганда у сўз пушаймонлик келтиради. Мен сўзга эътибор бериб, ишнинг охири нима билан тамом бўлишини билмаган, бунга аҳамият бермаган ана шундай аҳмоқларданман. Агар ақлим бўлса эди, бундай аҳмоқлик қилмаган бўлардим, аввал бирор киши билан маслаҳатлашардим. Муайян бир қарорга келгандан сўнг пардали сўзлар билан ўз фикримни айтганимда ўз ақлимнинг ноқислигини ошкор қилиб қўймаган бўлардим. Яхши ўйламасдан туриб бундай катта ва масъулиятли иш тўғрисида гап бошлаш ақлсизликдир. Дунё кўрган тажрибали одамлар билан маслаҳатлашмасдан иш бошлаганларни нодон деб ҳисоблайдилар. Ахир кўра-била туриб, ўзимизга душман орттирдим?!»
Қарға бир соатча ўз-ўзи билан шу зайлда сўзлашгандан сўнг учиб кетди.
—    Биз билан бойқушлар ўртасидаги душманчиликнинг бошланиши мана шундай бўлган эди. Шоҳ деди:
—    Бу гапларни айтиб берганларинг яхши бўлди. Энди айтчи, сен бизнинг бошимизга тушган иш тўғрисида нима фикрдасан? Бир тадбир кўрсатки, нажот топайлик.
Бешинчи қарға деди:
—    Урушишга, бож-хирож беришга, ватанни тарк этиб кетишга қарши эканлигимни айтган эдим. Менингча, бу ишнинг чораси ҳийладир. Кўп одамлар ақл билан шундай зафар қозонганларки, уларни куч ва уруш воситаси билан қўлга киритиб бўлмайди. Масалан, бир зоҳиднинг қўлидан ҳийла билан қўйини тортиб олганлари каби...
Шоҳ сўради:
—    Айтчи, қандай ҳийла билан қўйини тортиб олибдурлар? Қарғанинг ҳикояти
Бир зоҳид қурбонлик учун бир қўйни уйига олиб борар эди. Йўлда бир неча айёр одамлар унга дуч келдилар. Улар зоҳидни алдаб, қўйини олиб кетишга қарор қилдилар. Улардан бири зоҳидга яқинлашиб деди:
—    Эй шайх, бу итни қаёққа олиб кетяпсан? Иккинчи тарафдан яна бири келиб деди:
—    Шайх бу итни овга олиб бораётган бўлса керак. Яна бири бошқа томондан келиб деди:
—    Бу киши ташқи кўринишидан зоҳидга ўхшаса ҳам, лекин аслида зоҳид эмас, чунки зоҳид ит билан дўст бўла олмайди, қўлинигина эмас, ҳатто кийимини ҳам итга тегизишдан жирканади, итни ҳаром деб билади.
Зоҳид уларнинг бир хил гапираётганлигини эшитгач, юрагига шубҳа тушди ва ўз-ўзига деди: «Балки қўй сотган одам жодугардир, итни кўзимга қўй қилиб кўрсатиб, менга сотгандир». Шуни деб қўйини ташлаб кетди. Лўттибозлар эса қўйни сўйиб, гўштини бўлиб олдилар.
—    Бу масални айтмоқдан мақсадим, биз ҳам ишимизни ҳийла ва тадбир билан саранжом қилмоғимиз мумкинлигини кўрсатмоқ эди. Мен нажот йўлида ўзимни қурбон қилишга тайёрман. Шоҳ мендан ғазабланган бўлсинлар ва мени ўз қонимга бўяб, патларимни юлиб, бир дарахт тагига олиб бориб ташлашга амр қилсинлар. Сўнгра шоҳ ўз қўшинларини олиб фалон ерга чекинсинлар ва менинг қайтишимни кутсинлар. Мен ҳийлани ишлатиб ишни битиргандан кейин шоҳнинг ҳузурига бораман.
Шоҳ унинг айтганларини бажо келтирди. Худди ўша кечаси бой-қушлар яна босқин қилдилар. Лекин қарғалардан асар топа олмадилар, дарахт тагида ётган қарғани ҳам кўрмадилар. Мажақланган қарға, бойқушлар уни кўрмасдан кетиб қолишларидан ва чеккан жафолари бекор кетишидан қўрқиб, ётган ерида қимирлаб, секин-аста оҳ-воҳ қила бошлади. Бойқушлар унинг оҳ-зорини эшитиб, ўз шоҳларига хабар етказдилар. Шоҳ бир неча бойқуш билан ёнига келиб, унинг ким эканлигини, қарғалар қаерга кетганликларини сўрашни буюрди.
Қарға отини, отасининг отини айтиб дедики:
—    Қарғаларнинг қаер-га кетганликларини билмайман, бу менинг ҳозирги ҳолимдан ҳам маълумдир.
Подшо деди:
—    Бу қарғалар шоҳининг вазиридир, билиш керак, нима учун уни бу кўйга солган эканлар. Қарға деди:
—    Сиз у куни бизга ҳужум қилган кечадан сўнг шоҳ бизни чақириб бу ҳақда фикримизни сўради. Мен дедим: «Бойқушларга қаршилик кўрсатишнинг фойдаси йўқ, чунки улар бизга нисбатан кучли, шаън-шавкатлидирлар. Шунинг учун бир элчи юбориб улар билан сулҳ тузайлик, бож-хирож тўлайлик, рози бўлмасалар шаҳарларга тарқалиб кетайлик, чунки улар учун уруш, биз учун эса сулҳ фойдалидир. Кучли душманга тобе бўлишдан бошқа чора йўқдир. Кўрмайсизми, кўк ўтлар бош эгиб кучли шамолдан ўзларини сақлаб қоладилар, илдизи мустаҳкам, шохлари йўғон дарахтлар эса ағдарилиб тушадилар». Шуларни айтганимдан кейин қар-ғалар ғазабланиб, мени хоин ва бойқушларнинг тарафдори деб, шу аҳволга солдилар. Энди билишимча, улар урушга тайёргарлик кўраётирлар.
Бойқушларнинг шоҳи бу сўзларни эшитгандан сўнг вазирларининг биридан сўради:
—    Сен бу қарға ҳақида қандай фикрдасан? Вазир деди:
—    Унинг тўғрисида фикрлашиб ўтиришга ҳожат йўқ. Ер юзини унинг ифлос ва ярамас вужудидан қанчалик тез тозаласак, шунча яхши бўлади ва унинг макр-ҳийласидан шунча тез қутулган бўламиз. Унинг ўлими қарғалар учун катта талафот бўлади. Оталар айтибдурлар: «Кимики бугун қиладиган муҳим бир ишни эртага қолдирса бармоғини тишлайди».
Ўлим гирдобидан қутулиб қолган ожиз душманни ўлдириб ундан қутулмаган пушаймон ейди. Шоҳ унинг сўзларига ишонмасинлар, сафсаталарига эътибор бермасинлар...
Шоҳ иккинчи вазиридан сўради:
—    Сен нима дейсан? Иккинчи вазир деди:
—    Мен унинг ўлдирилишини зарур деб билмайман. Чунки кучсиз ва қуролсиз душман мурувватга сазовордир, ақлли одамлар бундайларни афв этиш билан ўзларининг олижаноб эканликларини бутун дунёга намоён қиладилар. Сиғиниб, ҳимоя излаб келганларга бошпана бермоқ керак. Баъзи ишлар борки, улар ўғри киши савдогарнинг хотинини ўз эрига меҳрибон қилиб қўйган каби душманга шафқат уйғотади.
Шоҳ сўради:
—    Ўғри қандай қилиб хотинини эрига меҳрибон қилиб қўйибди? Вазирнинг хунук савдогар ҳақидаги ҳикояти
Давлатманд, лекин ҳаддан ташқари хунук бир савдогар бор эди. Унинг хотини эса ғоят гўзал
эди.
Эри уни жуда яхши кўрарди. Лекин у эридан нафратланар, ундан ўзини олиб қочиб юрар ва бутун умри бўйи бир соат ҳам эри билан бирга бўлишни истамас эди. Бир куни уларнинг уйига ўғри тушди. Савдогар ухлаб ётар, хотини уйғоқ эди. Хотин ўғрини кўриб қўрқиб кетди. Қочиб бориб эрининг қўйнига кирди ва уни маҳкам қучоқлаб олди. Эри уйқудан уйғониб кетиб сўради:
—    Бу қандай лутф, бу қандай марҳамат? Қайси хизматим эвазига бу неъмат менга муяссар бўлди?
Аммо ўғрини кўриб масалани тушунди ва ўғрига деди: — Эй шер юракли йигит, кўнглинг истаганича мол-давлатимдан ол. Сенга ҳалол бўлсин. Мен ёлғиз сенинг муборак қадаминг туфайли бу бахтга эришдим.
Иккинчи вазир ҳикоясини тугатиши билан шоҳ учинчи вазирнинг фикрини сўради. Учинчи вазир деди:
—    Албатта, буни ўлдириш керак эмас, аксинча, унга илтифот кўрсатиб бахшиш бермоқ лозимдир, шоҳ саройи унга паноҳ бўлсин. Ақлли одам душман орасига нифоқ солишни ҳам ғалаба деб ҳисоблайди. Ўғри билан дев орасидаги жанжал зоҳидга қўл келгани каби душманлар орасидаги ихтилоф ҳам ишларни йўлга солиб юборишга имкон беради.
Шоҳ сўради:
—    Ўғри билан дев нега жанжаллашиб қолишган экан? Учинчи вазирнинг ҳикояти
Зоҳид бир ҳўкизни уйига олиб кетаётган эди. Уни ўғри кўриб қолиб кетидан тушди. Бир дев ҳам инсон қиёфасини кўриб, ўғрига ҳамроҳ бўлди.
Ўғри сўради:
—    Сен кимсан ва қаерга кетяпсан? У жавоб берди:
—    Мен девман, зоҳидни таъқиб этиб келмоқдаман. Фурсат топиб уни бўғиб ўлдирмоқчиман. Хўш, сен ўзинг кимсан?
Ўғри деди:
—    Мен юлдузни бенарвон урадиган ўғриман. Ҳозир зоҳиднинг семиз ҳўкизини ўғирламоқчиман.
Улар бирга равона бўлдилар ва тунда зоҳиднинг уйига етиб келдилар. Зоҳид ҳўкизни боғлаб, унга сув, пичан бериб, ўзи ўрнига кириб ётди.
Ўғри агар дев зоҳидни ўлдирмоқчи бўлса, у уйғониб қолиб шовқин солиши мумкин. Унда ҳўкизни ўғирлаш қийин бўлади, деб ўйлади.
Дев ҳам, агар ўғри ҳўкизни ўғирласа, чиқиб кетаётганида унинг овозидан зоҳид уйғониб кетади-ю, уни ўлдириш мумкин бўлмай қолади, деб ўйлади.
Дев ўғрига деди:
—    Сен бироз сабр қил, мен зоҳидни ўлдирай, сўнгра сен ҳўкизни олиб кет. Ўғри деди:
—    Йўқ, аввал мен ҳўкизни олиб кетай, сўнгра сен зоҳидни ўлдир.
Шундай қилиб, улар бир-бирлари билан келишолмай, жанжаллашиб қолдилар. Ўғри зоҳидни чақириб деди:
—    Эй бадбахт, нима қилиб ётибсан, тур, бу ерда дев бор, у сени ўлдирмоқчи. Дев ҳам бақириб деди:
—    Зоҳид, тур, уйингга ўғри тушди, ҳўкизингни ўғирлаб кетмоқчи.
Зоҳид уйғониб кетиб, додлай бошлади. Дев ва ўғри қўрқиб қочдилар.
Шундай қилиб, душманлар орасидаги ихтилоф зоҳиднинг моли ва жонининг саломат қолишига сабабчи бўлди.
Бу сўз шу ерга етганда, қарғанинг ўлдирилишини маслаҳат кўрган биринчи вазир деди:
—    Мен кўриб турибман, бу қарға ўз макри билан сизни алдашга муваффақ бўлди. Мен ҳамон таъкидлайман, сиз ғафлат уйқусидан уйғониб, кўзингизни катта очинг, бу ишнинг оқибатини ўйланг. Ақлли одамлар ёлғон сўзларга учмайдилар. Фақат тажрибасиз одамгина кичик бир хушомадгўйликни кўрганда юмшаб, аввалги хусуматни, душманнинг хиёнати ва риёкорлигини унутади, душманнинг ёлғон гапини рост деб қабул қилади ва у билан келишади. Ҳаммасидан таажжублиси шуки, бу ёлғончининг кўзбўямачилиги натижасида Басра сизнинг кўзингизга Бағдод бўлиб кўриняпти ва сиз хотинининг сўзига ишонган дурадгорга ўхшаб қоляпсиз.
Шоҳ сўради:
—    Дурадгорга нима бўлибди?
Биринчи вазирнинг ҳикояти
Сарандип шаҳрида бир дурадгор бор эди. Унинг хотини бағоят хушрўй, ҳийлакор ва ишвали аёл эди. Дурадгор ўз хотинини ҳаддан ташқари севар, у эса қўшниларидан бири билан алоқада эди. Қариндошлар бундан хабардор бўлиб қолиб, дурадгорга етказдилар. Дурадгор аввал ишни текшириб, сўнгра чора кўрмоқчи бўлди.
У хотинига деди:
—    Мен унча ҳам узоқ бўлмаган бир қишлоққа борадиган бўлиб қолдим. Лекин сафарим уч-тўрт кунга чўзилса керак. Сафар анжомини ҳозирлаб қўй.
Хотин дарҳол сафарга керакли нарсаларни тайёрлай бошлади. Дурадгор хотини билан хайрлашиб чиқиб кетди.
Эри кетиши билан хотин ўйнашига хабар қилди. Дурадгор эса кечаси яширин йўл билан уйига кириб келди. Хотинини ўйнаши билан бирга суҳбат қуриб ўтирганини кўрди, лекин дурадгор шошилмади, улар ётоққа кирсинлар, кейин ушлайман, деб кутиб турди. Улар ётоққа кириб ётдилар. Дурадгор иш нима билан тугашини мушоҳада қилмоқ учун тахтанинг остига кириб олди. Лекин бироз вақт ўтгач, уни уйқу элитиб, оёғи тахтанинг остидан чиқиб қолганини билмай қолди. Хотинининг кўзи оёққа тушиши билан дарҳол масалани тушунди. У ўйнашининг қулоғига секингина бир нарса деб пичирлади.
Ўйнаш кулимсираб сўради:
—    Эрингни кўпроқ севасанми ёки мени? Хотин жавоб берди:
—    Эримни кўпроқ севаман. Баъзан соддалик, баъзан нодонлик ва баъзан эҳтирос хотинларни асл ва насабига, қобилият ва лаёқатига қарамай, улар билан яқинлик қилишга мажбур этади. Энди эрга келсак, у бошқа масала. У ота, жигар ва авлод кабидир. Ўз азиз жонидан эрини минг марта ортиқ кўрмаган, эрнинг роҳати ва фароғати учун ўз ҳаётини қурбон қилмаган хотинга минг лаънат!..
Дурадгор бу сўзларни эшитгач, юраги юмшади ва ўз-ўзига деди: «Хотинимдан бадгумон бўлиб, яхши иш қилмадим. Ҳеч бўлмаса энди уларнинг кайф-сафоларини бузмай». Шундан кейин овозини чиқармай, саҳаргача тахтанинг остида ётди...
Тонг билан, ўйнаш кетгандан сўнг дурадгор тахтанинг остидан чиқиб хотинининг олдига келиб ўтирди. Хотин ўзини ухлаганга солиб ётди. У хотинини аста-секин уйғотиб, оҳиста силаб дер
эди:
—    Агар сенинг қалбинг садосини эшитмасам эди, ҳалиги кишининг уйини ёндириб юборардим, бошқа ҳаёсизларга бу ибрат дарси бўлар эди. Лекин сенинг менга бўлган муҳаббатингни ва бу ишни янглишиб соддалигингдан қилиб қўйганингни билгач, сенинг номусингни қўриқлашни лозим билдим. Қўрқма, ўзингни қўлга олиб дадил бўл.
Сенинг ҳақингда баъзи ёмон нарсалар ўйлаб, бадгумон бўлганим учун мени кечир.
Хотини ҳам узр сўрай бошлади. Шундай қилиб, ҳар икки тараф орасида тотувлик вужудга келди.
Бу масални шунинг учун келтирдимки, сиз ҳам дурадгор каби алданиб, қарғанинг макр-ҳийласига учмай ва ҳушёрлигингизни йўқотмагайсиз. Душманлар узоқ масофадан туриб зарба бера олмасалар, яқинлашиш йўлини қидира бошлайдилар ва ўзларини хайрихоҳ қилиб кўрсатишга уринадилар, шу восита билан сирдош бўлиб оладилар. Сирларни билиб, керакли маълумотларни олгач, пайт пойлаб туриб шундай зарба беришлари мумкинки, улар етказган жароҳатларни асрлар мобайнида ҳам тузатиш мумкин бўлмайди. Мен қарғаларни синаб кўрган, уларнинг ақл-фаросатларини имтиҳон қилганман. Бу малъун қарғани кўриб, унинг сўзларини эшитгач, уларнинг узоқни кўрадиган эканликлари яна бир карра маълум бўлди.
Бойқушларнинг подшоҳи вазирнинг сўзларига аҳамият бермади. Қарғани ҳурмат қилиб, едириб-ичириб, уни яхши меҳмон қилишни буюрди.
Қарғани ўлдириш тарафдори бўлган вазир деди:
—    Модомики, қарғани ўлдирмадингиз, ҳеч бўлмаса, у билан душман каби муомалада бўлинг. Унинг макр ва ҳийлаларига учиб хотиржам бўлманг. Шуни айтиб қўяйки, унинг бу ерда бўлиши — бизга бахтсизликкина келтиради.
Подшо унинг бу сўзларига ҳам эътибор бермади, доно ва ақлли вазирининг насиҳатларига қулоқ солмади. Қарға эса шоҳнинг хизматида қолиб, иззат-ҳурмат ичида яшай бошлади. У шоҳга яқин одамлар билан қалин дўст бўлиб олди. Шоҳ ва унинг мулозимлари унга меҳр қўйиб, насиҳатларига қулоқ соладиган бўлдилар.
Бир куни қарға катта бир мажлисда, жамоат олдида шундай деди:
—    Қарғаларнинг шоҳи менга сабабсиз жафо етказди, мен ундан қасос олмагунимча тинчий олмайман. Бу ҳақда кеча-ю кундуз ўйлайман. Охири шу фикрга келдимки, қарғалигимча қолсам, бу орзумга ета олмайман. Олимлардан эшитган эдимки, биров золимдан жафо кўриб, ўзини оловга ташласа ва шу чоғда дуо ўқиса илтижоси мустажоб бўлади. Подшо рози бўлса, мени ўтга ташланглар, бағримга олов ўта бошлаганда, бойқушга айланишимни сўраб дуо қиламан, зора шу йўл билан у золимдан интиқом олсам.
Қарғани ўлдиришни маслаҳат кўрган бойқуш ҳам шу мажлисда эди. У қарғанинг бу сўзларини эшитиб деди:
—    Сен ўзингни зоҳиран гулдек покиза қилиб кўрсатишга уринаётган бўлсанг ҳам, кўнглинг қора, ўзинг маккор ва риёкор махлуқсан. Сен ранги гўзал, ҳиди хуш, лекин заҳар солинган шаробга ўхшайсан. Сенинг қора қалбинг, нопок вужудинг на сув билан тозаланур, на ўт билан; сен қайси шаклда кўринмагин, семурғми, товусми қиёфасига кирмагин, барибир, ҳамиша сен қарғаларга ёрдам қилиш орзусидасан. Сен қуёш, булут, шамол ва тоғга тегиш ҳақидаги таклифни рад этиб, улардан сичқонни афзал кўрган сулув қиз қиёфасидаги сичқонга ўхшайсан.
Шоҳ сўради:
—    У сичқон қандай куёвга чиқибди? Бойқушнинг ҳикояти
Бир дуоси мустажоб зоҳид бор эди. Бир куни у ариқ лабида ўтирганида тепасидан бир калхат учиб ўтди. Унинг тумшуғидаги сичқон боласи зоҳиднинг ёнига тушиб кетди. Зоҳид у сичқон боласига шафқат қилиб, уни япроққа ўради-да, уйига жўнади. Уйдагилар уни ранжитмасин, деб бир дуо билан уни сулув қизга айлантирди. У шундай бир қиз бўлдики, кун деса кўзи бор, ой деса юзи бор эди. Хотинига деди:
—    Бу менинг қизим, ўз болаларингни қандай тарбият қилсанг, буни ҳам шундай тарбият қил. Хотини уни ўз қизидек кўриб, парвариш қила бошлади. Қиз балоғатга етгач, зоҳид унга деди:
—    Сен катта бўлиб қолибсан, энди эрга тегадиган вақтинг келди, кўнглинг истаган одамлардан бирортасини айт, мен сени унга узатай.
Қиз деди:
—    Мен энг кучли бир кимсага куёвга чиқишни истайман.
Зоҳид деди:
—    Демак, қуёшга турмушга чиқмоқчи экансан-да? — Сўнгра қуёшга қараб деди: — Бу гўзал ва иффатли қиз кучли ва қудратли ерга талабгор, уни сенга берсам дейман.
Қуёш деди:
—    Мен унга ўзимдан ҳам кучли, қудратли бир эр кўрсата оламан. У булутдир. У менинг юзимни беркитиб, инсонларни менинг жамолим ёруғлигидан маҳрум этади.
Зоҳид булутнинг ёнига келиб, ўша гапни айтди.
Булут деди:
—    Шамол мендан кучли, чунки у мени хоҳлаган ерига қувиб олиб кетади. Зоҳид шамол ёнига келиб, ўз таклифини такрорлади.
Шамол деди:
—    Тоғ мендан кучли, мен уни жойидан қўзғатолмайман, у менинг йўлимни тўсади. Зоҳид тоғнинг ёнига келиб, ўша гапни айт-ди.
Тоғ деди:
—    Сичқон мендан кучли, у менинг бағримни тешиб, юрагимда ўзига ин ясаган. Уни қувиб чиқаришга кучим етмайди. Сен унинг ёнига бор.
Қиз бу сўзни эшитгач, деди:
—    Тўғри гап. Менинг асл эрим ўша сичқон бўлиши керак. Зоҳид сичқоннинг ёнига келиб, деди:
—    Сен шу қизга уйланасанми? Сичқон деди:
—    Менинг хотиним ўз жинсимдан бўлиши керак. Қиз зоҳидга деди:
—    Дуо қил, мен сичқон бўлай.
Зоҳид дуо қилди. Қиз сичқонга айланиб қолди ва зоҳид уни сичқонга узатди, шундай қилиб, сичқон аслига қайтди.
Шуни деб бойқуш қарғага деди:
—    Эй ҳийлакор, сенинг ҳам табиатинг шу сичқоннинг табиатига ўхшайди.
Бойқушлар подшоҳи бу сафар ҳам унинг сўзларига бовар қилмади. Қарға эса ўз ишини билиб қилар, ҳар куни янги-янги мароқли ҳикоялар, ажойиб ва ғаройиб афсоналар айтиб, бойқушларнинг бошини айлантирар, секин-секин уларнинг қалбларига кириб, сирларини ўрганар, ётадиган-турадиган ерларини кўз остига олиб қўяр эди. Ниҳоят, бир куни фурсат топиб, яширинча қарғаларнинг ёнига келиб, деди:
—    Мўлжаллаган ишларимни битирдим, энди бу ёғи сизларга қолди, ишни бошлаш керак. Бир ғайрат кўрсатсангиз бойқушлар подшоҳини қўшин-пўшини билан асфаласофилинга жўнатасиз.
Шоҳ деди:
—    Сенсиз ишимиз битмайди. Нима қилмоқ лозим бўлса айт, амр қилай. Қарға деди:
—    Бутун бойқушлар ҳозир фалон тоғдадирлар, кундузлари фалон ғорга тўпланадилар. Ғорнинг яқинида қуриб ётган тиканзор ва чакалакзор бор. Подшо буюрсин, қарғалар ўтинларни йиғиб ғор оғзига қаласинлар. Мен эса бирор чўпон гулханидан бир чўғ олиб келиб ўтинга ташлай, шунда қарғаларнинг ҳаммаси қанот қоқа бошласинлар, бунинг шамолидан олов гуриллаб ёниб кетади, ғордан чиққан ҳар бир бойқуш куйиб ўлаверади, чиқолмаганлари эса тутундан бўғилиб ҳалок бўлади.
Подшоҳга бу тадбир маъқул тушди. Шоҳ амр қилди, қарғанинг бутун айтганларини бажо келтирдилар. Бойқушларнинг ҳаммаси куйиб ўлди. Қарғалар ғалаба қозониб, ҳеч талафот бермай шод ва хуррам бўлиб ўз ерларига қайтдилар. Шоҳ ва унинг лашкарлари қарғанинг бу ажойиб тадбирини, кўрсатган бу улуғ хизматини мақтаб, унга миннатдорчилик билдирдилар.
Бир куни шоҳ суҳбат асносида қарғадан сўради:
—    Дейдиларки, яхшилик билан ёмонлик ўт билан сувдек бир-бирига душман, яхшилар ёвуз одам билан улфатчилик қилолмайдилар. Сен эса қандай қилиб шунча муддат бойқушлар билан бирга яшай олдинг?
Қарға жавоб берди:
—    Рост айтдингиз. Лекин ақлли одамлар ўз қабиладошларининг орзуларини рўёбга чиқариш учун жонбозлик кўрсатиб, йўлида дуч келган ҳар қандай қийинчиликлардан қўрқмайдилар, машаққат ва азиятни писанд қилмайдилар. Ахир ганж ранжсиз қўлга кирмайди, гул тикансиз бўлмайди. Катта ва масъулиятли ишларда, айниқса, ватан ва шоҳ таҳлика остида қолганда душманни даф этиш ишига совуққонлик билан қараган шахсларни ҳикмат эгалари қоралайдилар...
Подшо деди:
—    Бойқушларнинг ақл-фаросатидан сўзлаб берсанг. Қарға деди:
—    Уларнинг ичида мени ўлдиришни маслаҳат кўрган бойқушдан бўлак бирорта зийрак ва ақллисини кўрмадим. Унинг гапига ҳеч ким қулоқ осмади. Мен ўз уруғдошларим олдида юксак
ҳурмат ва баланд мавқе эгаси эканлигим, ақлли ва тажрибали ҳисобланганлигимни, ҳийла ишлатиб уларга тузоқ қўйишим мумкинлигини англашга фаросатлари етмади. Улар на ўз ақллари билан иш кўра олдилар, на маслаҳатчиларнинг айтганларини қабул этдилар. Улар мендан ўз сирларини ҳам яшира олмадилар. Ҳолбуки, подшоҳлар ўз сирларини норози дўстдан сақлашлари лозим.
Подшо деди:
—    Демак, бойқушлар ҳалокатининг сабаби подшоҳларининг такаббурлиги ва вазирларининг аҳмоқлиги эканда?
Қарға деди:
—    Худди шундай. Ғалаба қозониб мағрурликка берилмайдиган, хотинлар билан ёмон юриб, шарманда бўлмаган, кўп таом еб қорни оғримаган одам, ақлсиз вазирлар сўзига кириб ҳалок бўлмаган подшо камдан-кам топилади.
Подшо деди:
—    Душманни даф этиш учун кўп машаққатлар чекдинг. Ҳатто ўз иззат-нафсингни аямай душман олдида тиз чўкишга ва уни ҳурматлашга мажбур бўлдинг.
Қарға деди:
—    Мақсадга эришиш учун барча азоб-уқубатни бўйнига олган кимсага бундан бошқа чора йўқдир. Шоҳим, илоннинг нима учун қурбақага хизмат қилишга рози бўлганлигини эшитгандирлар.
Подшо деди:
—    Қани эшитайлик. Қарғанинг ҳикояти
Бир илон қариб, куч-қувватдан қолиб, овга ярамай тирикчилик ўтказиш йўлини тополмади. Ўз-ўзига дер эди: «Йигитлик кетди, уни энди қайтариб бўлмайди. Ҳеч бўлмаса қарилигимни тинчгина ўтказсайдим. Бу вафосиз дунёга кўнгил қўйиб бўлмайди, охири войдир. Модомики, мен шу аҳволга тушибман, азият ва машаққатга таслим бўлмай, макр ва ҳийлага мурожаат этай».
Шуни деб илон қурбақалари кўп бўлган бир кўлнинг қирғоғига судралганича келди-да, чўзилиб ётди. Бир қурбақа унинг ёнига келиб сўради:
—    Сенга нима бўлди? Хафа кўринасан? Илон жавоб берди:
—    Дунёда мендан бахтсиз бир махлуқ бормикин? Менинг тирикчилигим қурбақа тутиб ейиш билан ўтар эди. Энди шундай бир касалликка йўлиқдимки, қурбақалар ўзлари келиб оғзимга кирсалар ҳам юта олмайман.
Қурбақа бу хабарни ўз шоҳига етказди, қурбақалар шоҳи таажжуб қилиб илонни ўз ҳузурига чақиртирди ва деди:
—    Қандай қилиб сен бу касалликка йўлиқдинг?
Илон деди:
—    Бир куни бир қурбақани тутмоқчи бўлиб қувлаган эдим, у қочиб бир зоҳиднинг уйига кириб кетди, мен ҳам унинг орқасидан эргашдим. Уй қоронғи эди. Зоҳиднинг ўғли ухлаб ётган экан, билмабман. Оғзимни очиб бир ҳамла қилган эдим, қурбақа деб ўша боланинг бошмалдоғини тишлаб олибман. Зоҳиднинг ўғли ўша замоноқ жон берди.
Зоҳид буни кўриб менинг орқамдан қувлай бошлади ва мени лаънатлаб дер эди: «Илоё, сен шундай бир касалликка дучор бўлгинки, қурбақалар шоҳи сенинг устингга миниб гашт қилиб юрадиган бўлсин. Қурбақалар шоҳи ўзи инъом қилмагунча, асло қурбақа юта олмагин». Энди бу ерга, зора шоҳ менинг устимга миниб сайр қилиб юрса деган умид билан келдим, чунки қазонинг ҳукмидан қочиб қутулиб бўлмайди.
Шоҳга бу сўз маъқул тушди, ўзининг шундай бир шаън-шавкатга, шараф ва ҳурматга лойиқ бўлганлигидан шод бўлди ва илоннинг устига миниб олиб керилганича сайрга жўнади.
Бироз вақт ўтгач илон деди:
—    Шоҳим омон бўлсинлар, менга уни сайр қилдириб юриш учун куч керак, овқат керак, энди эса ҳол-жоним қолмади.
Шоҳ деди:
—    Тўғри айтасан. Ҳар куни сенга икки қурбақа инъом қиламан.
Илон ҳар куни икки қурбақа еб ўз кунини ўтказар эди. У ўзининг қурбақага қилаётган бу хизматидан фойда олаётгани учун уни ўзига ор ва номус деб билмас эди.
Мен ҳам азият чексам-да, сабр қилдим, чунки бу душманни ҳалок этмоқ, қавмимизни таҳликадан қутқармоқ ва шоҳнинг ҳаёти, давлатини сақлаб қолмоқ учун зарур эди. Душманни бартараф қилишда ҳийла ва сабрнинг ўрни каттадир. Шунга кўра «Ақл кучдан устундир», деганлар. Масалан, бир одам қанчалик кучли бўлмасин, уруш майдонида 10-20 дан ортиқ одамни ҳалок қила олмайди, ҳолбуки бир ақлли одам ўйлаб, тадбир билан иш кўрса, бутун бир ўлкани хароб этиб, қувватли бир қўшинни мағлубиятга учратиши мумкин. Масалан, ўт агар бир дарахтнинг устига тушса, ердагидан кўра кўпроқ зарар етказмайди, ҳолбуки сув суюқ бўлишига қарамай катта дарахтларни илдизлари билан қўпориб кета билади.
Дебдурларки, агар икки киши бир буюк орзуга етишишни истасалар, бунга уларнинг мурувватда устун бўлгани муваффақ бўлади; агар мурувватда тенг бўлсалар, иродаси кучли бўлгани етишади; иродада ҳам баробар бўлсалар, ёрдамчи ва дўстлари кўп бўлган енгиб чиқади; агар бу жиҳатдан ҳам ораларида фарқ бўлмаса, у вақтда толеи баланд бўлгани етишади...
Ҳикмат эгалари айтибдурлар: «Кимки ғалабадан боши айланмайдиган ва мағлубиятдан руҳи тушмайдиган ақлли ва тажрибали шоҳлар билан олишса, ундай одам ўз бахтини қора қилган ва ўзини ўзи ўлимга ҳукм қилган бўлади. Шоҳ пайдо бўлиши мумкин бўлган барча монеликларни назарга олиши, қилинадиган ишни ҳар томонлама ўрганиши, қаерда шошилиб, қаерда сабрли бўлишни, қаерда ғазабли, қаерда мулойим бўлишни яхши билиши зарур. Жуда юмшоқлик қилиб ҳар нарсага йўл қўя бермасин, жуда ҳам шафқатсизлик қилиб ҳар нарса учун жазо беравермасин... »
—    Бойқушлар бизни назарга илмадилар, чунки бизни оз ва заиф деб ўйладилар. Қарға деди:
—    Дунёда тўрт нарса борки, уларнинг камини ҳам кўп ҳисоблайдилар. Биринчиси — олов бўлиб, унинг кўпи ҳам, ози ҳам куйдиради, кичиги жуда тез катта бўлиб кетади; иккинчиси — қарз бўлиб, қарзини сўраб келувчилардан етишадиган хижолат бир танга учун ҳам, минг тилла учун ҳам баробардир; учинчиси — беморликдирки, ҳар қандайи ҳам кишини беҳузур қилиб, заифлаштиради; тўртинчиси — душман бўлиб, у қанчалик хор ва заиф бўлмасин, ахир бир кун ўз ишини қилади. Мен бир чумчуқнинг баҳайбат бир илондан интиқом олганини эшитганман.
Шоҳ сўради:
—    Чумчуқ қандай интиқом олибди? Қарғанинг навбатдаги ҳикояти
Бир том бўғотида икки чумчуқ ин қўйган эдилар. Улар бир куни бола очдилар. Икковлари навбатма-навбат болаларини боқиш учун овқат излаб кетар эдилар. Кунлардан бир кун эри келганда она чумчуқ ўз ини олдида парвона бўлиб учиб юрарди, Эри, нима гап, деб сўради.
Аёли жавоб берди:
—    Бир лаҳза ғойиб бўлган эдим, келсам бир ҳайбатли илон келиб болаларимизга қасд қилаётган экан. Шунча ялиниб-ёлвордим, бўлмади, кейин таҳдид қилишга ўтдим: «Бу ишингдан қайт, йўқ эса болаларимнинг отаси билан интиқом камарини белимизга боғлагаймиз», дедим, бўлмади. Фарёду зоримга қарамай инимизга кириб, болаларимизни еди, ҳозир ҳам ўша ерда ётибди. Ота чумчуқнинг ғазаби қайнаб, нима қилишни билмай турган эди, шу вақт уй эгаси қора чироқ ёқмоқчи бўлиб пиликни ёндирди ва энди уни чироғдонга қўймоқчи бўлганда, чумчуқ париллаб келиб, ёниб турган пиликни олиб қочди, уни бўғотдаги инга отди. Уй эгаси уйга ўт кетишидан қўрқиб дарҳол томга чиқди ва бўғотни очиб ўтни ўчиришга уринди. Илон оловдан қутулиш учун бўғот очилган томондан бошини чиқарган эди, уй эгасининг кетмони келиб бошини чўрт узди. Бу қиссадан ҳисса шуки, илон ўз душманини менсимагани ва заиф деб ҳисоблаганлиги учун ҳалок бўлди.
Ҳозир мамлакатни муҳофаза қилиш ва душманни бартараф қилишда бизнинг шоҳ билан тенглашадигани йўқдир; ўз хизматида бўлганларга ғамхўрлик қилишда, уларни ўз истеъдод ва лаёқатларига қараб давлат ишларига тайинлашда, лутф-карам кўрсатишда, раият учун ғамхўрликда шоҳимизнинг мисли йўқдир.
Шоҳ деди:
—    Йўқ, бу буюк ишларни рўёбга чиқариш, душманларни маҳв этиш — сенинг тўғри маслаҳатларинг, мислсиз садоқатинг ва зўр маҳоратинг натижасидагина мумкин бўлди. Мен сенга илтифот қилиб, унинг самарасини кўрдим. Кимки давлат ишларининг жиловини ақлли вазирларга топширса, у ҳеч вақт пушаймон бўлмайди, ҳеч нарса унинг бахтини қўлидан тортиб ололмайди. Энг таажжубли нарса шуки, узоқ муддат душман орасида яшаб, уларнинг минг хил таъна ва таҳқирларини эшитиб, азоб-уқубатлар чекиб, бирор марта ҳам оғзингдан душманда шубҳа туғдириши мумкин бўлган сўз чиқармадинг.
—    Мен ҳар ишда, ҳар қандай вазиятда шоҳнинг берган панд-насиҳатларини қулоғимда тутдим, билими, ақли, зеҳни ғоят юксак бўлганлиги учун ҳар ишда ундан ўрнак олишга тиришдим, унинг шоҳларга хос бўлган дастуриламал ва фармонларини ўзимга раҳнамо деб билдим...
Шоҳ деди:
—    Сен хушмуомалалигинг, тўғрилигинг, ишбилармонлигинг жиҳатидан сарой мулозимларининг мумтози эдинг. Зўр ақл ва метин ирода билан шундай улуғ ишнинг уддасидан чиқа олдинг. Унгача на еганимизда, на ётар-турарда ҳаловатимиз бор эди, чунки ўзидан кучли душманга дуч келган одам то жонини ундан халос этмагунча кечани кундуздан, оқни қорадан ажрата олмай қолади. Ҳикмат эгалари айтибдурларки, касал одам то соғаймагунича еган овқатининг лаззатини билмайди, ҳаммол то оғир юк остидан чиқмагунича чуқур нафас ололмайди, мазлум халқ то душман йўқотилмагунича тинчимайди. Энди айтиб берчи, уларнинг подшоси қандай экан?
Қарға деди:
—    Унинг раёсатининг асосини фуқарога меҳрибонлик эмас, такаббурлик, худписандлик ташкил этар эди. Бунинг устига у ақл ва заковатдан маҳрум, калтафаҳм, ҳеч қандай фазилатсиз бир махлуқ эди. Унинг ёнидагилар — вазир ва вакиллари ҳам айнан ўзига ўхшарди. Елғиз мени ўлдиришни маслаҳат кўрган бойқуш вазиргина улардан ажралиб турар эди.
Шоҳ деди:
—    У вазирнинг ақлидан дарак берадиган хусусиятлари нимадан иборат экан? Қарға деди:
—    Унинг иккита хусусияти бор эди: бири — мени ўлдиришни маслаҳат бергани; иккинчиси — ўз шоҳининг рози эмаслигини билса ҳам ўз фикрини ундан яширмаганлиги. У назокат ва мулойимлик билан шоҳга қаттиқ, лекин дилга ботмайдиган сўзлар айтар, шоҳнинг қандай улуғ одам бўлиши кераклигини эсига солиб турар эди; шоҳнинг хатоларини кўрганда, гўзал ва ибратли сўзлар, масаллар билан хатосини тушунтиришга уринар эди, маъноли ривоятлар, қизиқ воқеалар, чиройли ҳикоялар айтиб бериб, шу орқали бошқаларнинг нуқсонларини шоҳга ибрат кўзгусида кўргазарди, токи шоҳ унга қараб ўзининг айбларини кўрсин ва унга ғазаб қилмасин. Бир куни шоҳга қуйидаги гапни айтиб турганини эшитиб қолдим: «Ҳукмдорлик жуда шарафли иш ва улуғ мавқедир. Бу бахтга муяссар бўлгач, унинг қадрини билмоқ ва уни қўриқлаш учун мислсиз фидокорлик кўрсатмоқ керак. Энди мумкин қадар оз хато қилиб, кўп иш қилиш пайти келди. Мамлакатнинг осойишталиги ва давлатнинг мустаҳкамлиги етук ақл, мустаҳкам ирода, тўғри маслаҳат ва ўткир қилич билан барқарордир». Лекин унинг сўзига қулоқ солувчи ва маслаҳатини қабул қилувчи топилмади. На улар бу бойқушнинг ақл ва закосидан фойдалана олдилар, на бунинг ўзи доно маслаҳатлари ва ақли билан жонини балодан қутқара билди.
Душман заиф ва кучсиз бўлса ҳам унинг макр ва ҳийласидан эҳтиёт бўлмоқ ҳақидаги ҳикоя шундан иборатдир. Қарға заиф ва кучсиз бўлса-да, ўз ақли ва заковати билан ўзи кучли, лашкари беҳисоб, лекин калтафаҳм душманни мана шундай йўл билан тор-мор келтира олди. Бошқа йўл билан у ўз мақсадига эриша олмас эди. Маърифат соҳиблари бу ҳикоядан ибрат дарсини олишлари, керакли хулосалар чиқаришлари лозим ва билишлари керакки, душман заиф бўлса-да, унга эътиборсизлик, менсимаслик билан қараш ва ҳеч нарса қила олмайди деб ўйлаш хатодир...
Садоқатли дўст ва лаёқатли кўмакчилар энг қимматли давлат ҳисобланади. Кимки буларнинг иккаласига етишса, ҳам дўстлар орасида сарафроз, ҳам душманларнинг макр-ҳийласидан эмин бўлади.