Соат ўн бирга яқинлашганда кафеда олтита мижоз қолди. Буфетчи ва офицциантлар уларга қараб-қараб қўйишди-ю, лекин индашмади. Чунки ҳисоб-китоб килишган, уйга кетишларига эса ҳали вақт бор эди.
Олти мижознинг учтаси — жинси шим, қизил ва сариқ куртка кийтан, узун сочли ўспиринлар бўлиб, уларнинг бири қиз бола бўлса ҳам, ташқаридан қараганда ажратиш қийин эди. Айтаётган гапларини, билдираётган мулоҳазаларини ўзларича энг аниқ ва энг зарур, деб ҳисоблаганлари учун хахолаб кулишлари ҳам, лаллайиб ўтиришлари ҳам беғубор эди.
Бир стол нарида эса икки спортчи ўтирарди. Бири ўттиз, бири йигирма ёшлар атрофидаги ширакайф бу йигитлар ҳеч нарсага эътибор беришмасди. Тақдир ортиқча шуҳрат берган кишиларда бўладиганидек, уларнинг келбатларида ҳам андак кибр кўзга ташланарди.
Мижозларнинг олтинчиси залнинг тўрида, нимқоронғи жойда ўтирарди. Унинг столи йиғиштириб олингани учун, графинда охирлаб қолган коньяк билан бир шиша «Тошкент суви»дан бўлак нарса йўқ эди. Оттиз ёшлардаги бу одамнинг ҳам спортга алоқадорлиги келишган, қорувли қоматидан сезиларди. У кўзини икки спортчидан деярли узмас, буфет ёнида ғимирлаб юрганларга онда-сонда бир қараб қўярди-да, яна бояги икки спортчига тикиларди. Юзига ўрнашиб қолган нуроний ғамгинлик, қуюқ қошларининг чаккасига борганда бурчак бўлиб эгилиши унга аллақандай олижаноблик ифодасини берарди. Қаншаридан бошланиб лабларининг устигача келган икки ажин эса залнинг нимқоронғилигида юзини бир оз осилинқираган қилиб кўрсатарди.
У қадаҳдаги коньякдан ҳўплаб, газагига «Тошкент суви» ичди-да, соатига қаради. «Тезроқ йўқолишса бўларди, мишиқилар», дея ғудранди ўспиринларга кўз ташлаб қўяркан. Кейин баланд овозда бемалол гаплашаётган икки спортчига қаради.
— Мени биласан-а? Мен бор эканман, у жой сеники, ҳеч қанақа Собир ҳам, Нодир ҳам ўйнамайди! Кафильман бунга, — дерди спортчиларнинг каттаси.
Бу гапни эшитиб олтинчи мижоз яна ғудранди:
— Ҳа, ҳозир сенинг мартабанг улуғ.
«Мартабаси улуғ» эса, қадаҳга коньяк қуйиб, ёш спортчига ич деб имлади.
— Ичмайман, ўзи шундоқ ҳам кўп ичвордим.
— Ич-э, ким айтади сени йигит деб!..
— Индинга ўйин бор-ку!
— Э, Халил! Ҳар куни ўтирибманми сен билан? Ҳар куними? Йўқ! Ундан кейин ўзинг айт-чи, мен ўйнаган даврда олдимга тушадиган ўйинчи бормиди? А? Бормиди?
— Йўқ.
— Бўпти-да. мсн эсам бунақа пайтларда улфатимни хафа қилмасдим. Мана, кўриб турибсан, ҳозир олий лигада тренерман. Командам, Худога шукур, бошқалардан кам эмас.
— Ҳа энди, сиз бошқа-да.
— Ол, сенинг омадинг учун ичаман. Меникидан кам бўлмасин.
Улар ичишди. Ёш спортчи унчалик қийналмади. Тренер эса юзини буриштирганича шоколад олиб, уни анчагача лабига босиб турди. Кейин бир тишлаб, истар-исгамас чайнади-да, бетини кафтига қўйганча кўзини юмиб ўтирди.
У кўзларини ҳали очганича йўқ эдики, столга бир нарсанинг тараклаб қўйилганини, бўш стулнинг шовқин билан сурилганини ва кимнингдир, «яхшимисан, Акбар», деганини эшитди. Эшитди-ю, овоз келган тарафга эринибгина қаради. Кўрган нарсаси коняги охирлаб қолган бировнинг графини бўлди. Кейин... қўлини узатиб турган одамни кўрди. Кўрди-ю, бир сесканиб тушди.
— Яхшимисан, Қодир, — деди у ҳам қўлини узатар экан, безовта бўлганини шогирдидан яширишга уриниб.
— Эски қадрдонимнинг бир суҳбатини олай дедим-да. Узр, — Қодир Акбарнинг улфатига қўл узатди.
— Бемалол, бемалол, — деди Акбар атайлаб чўзиб.
Қодир ўзи келтирган графиндан учала қадаҳни тўлдирди. Ёш футболчи икковига бир-бир кўз ташлаб қўйди. У Акбарнинг авзойидаги ўзгаришни сезгани учун меҳмонни адоват билан кузатар, тренери учун ҳар дақиқада сапчиб туриши мумкинлиги билинарди. Тренер эса, бу орада ўзини тутиб олиб, Қодирга истеҳзо аралаш муомала қилишга урина бошлади.
— Қалайсан, Қодирбек, минг йиллардан бери кўринмайсан, — деди у меҳмоннинг елкасига қўлини ташлаб.
— Юрибман, фақир киши панада, де-эб.
— Ҳо, жуда ҳам фақир эмассан-ку. Ҳа, айтмоқчи, таништирмабман-ку сизларни, — деди у ёш футболчига қараб. — Эшитган чиқарсан, машур футболчи Қодир Қориэв. Он йил илгари унинг номини эшитганда кўчада трамвайлар тўхтарди. — Ёш футболчининг кўзларидаги шубҳа йўқолиб, чеҳрасига илиқлик югурди. — Бу эса, — гапида давом қилди Акбар, — келажаги порлоқ футболчилардан Халил Равшанов.
— Жуда хурсандман, — Кодир Халилга яна қўл узатди.
— Қаэрлардан сўраймиз? — Акбар Қодирга тикилди.
— Мактабда физкультура ўқитувчисиман. «Тошкабел»да тренерлик ҳам қиламан. Озим шу заводдан чиққаним учун ҳеч қўйишмайди... — Қодир жавоб берар экан, учрашув таъсиридаги ҳаяжони босилиб кўнгли яна ғаш тортаётганини ҳис қилди. Юзини яна қахр ва алам эгатлай бошлади. Ундаги бу ўзгаришни Акбар ҳам кўрди ва мавзу қаёққа бурилишидан қатъий назар, у четлаб ўтмоқчи бўлган нарсага тақалишини сезди.
— Ҳа, сен бечоранинг омадинг юришмади, — деди ноилож оҳангда. Бироқ баттар қовун туширганини илғаб, дарров гапни бурди. — Лекин зўр ўйинчи эдинг-да, ҳамма қойил қоларди. Қани, ичайлик! Мехико эсингдами, а?.. Акбар ёлғондан бошини қуйи солиб, гўёки ачинаётгандек, қўлини столга урди. — Кел, ўтмишни эсламайлик. Яхши фурсатларнинг ўтиб кетгани алам қилади.
— Йўқ, — деди Қодир паст, аммо салмоқли овозда. Бу сафар унинг товуши янада йўғонроқ эшитилди. — Мен олдингга худди ана шу ўтмишни эслаш, хотирадан кўтарилган нарсаларни тиклаш учун ўтдим. Эски хотираларш эслаганга нима етсин! Шундай эмасми?.. — Қодир охирги гапини устоз ва шогирдга қарата гапираркан, тўлқинланаётганини, овози ҳам титраб кетаётганини сезди. Бирдан портлаб, ишнинг пачавасини чиқариши мумкинлигини ўйлаб, бор иродасини ўзини босишга қаратди. Қадаҳни қўлига оларкан, Акбарга қараб жилмайди. Унинг бу қараши Акбарнинг нари-берисидан ўтиб кетди. Ундаги бу ўзгариш беихтиёр ёш спортчига ҳам ўтди.
— Мен бечоранинг омадим юришмади, — Қодир йигитчага аҳамият бермай, Акбарга тикилди. — Қани, ичайлик биттадан...
Акбар билан Қодир ичди. Халил эса ичмади.
— Ичавер, бизларнинг гапимизга эътибор берма, — деди Акбар. Халил шу пайтгача бу учрашувни шунчаки, икки қадрдоннинг ҳазил-мутойибаси, деб ўтирган эди. Қараса жиддий, шунинг учун сергакланди ва ичмайман деган мазмунда қатъий бош ирғади.
— Озинг биласан, — деди Акбар унга. Қодир эса гапида давом қилди:
— Мен бечоранинг ишим юришмади шундай қилиб. — У «мен бечорага» яна урғу берди. Шоколад олиб, бамайлихотирлик билан бир қимтиди. Қолган бўлагини бир оз ушлаб, томоша қилгандек, у ёқ-бу ёғига қаради-да, секин зар қоғоз устига қўйди. Панжалари билан столга тиралиб, стулга ясланди.
Орага жимлик чўкиб, кафенинг сўнаётган шовқини аро кўчада шаррос қуяётган ёмғирнинг ёқимли овози эшитилди.
— Уриш, жанжал қилмоқчи деб ўйлама. Тўғриси, ўзим ҳам сенга ўхшаб ҳозирги вазиятимдан ҳазар қилиб ўтирибман... Мен фақат бу дунйода борлигимни сенга бир эслатмоқчиман, холос. Менинг ҳаётимда, тақдиримда сенинг ҳам маълум ўрнинг борлигини айтмоқчиман.
Акбар шу пайтда: «Бор, тошингни тер», деб туриб кетишни истарди-ю, лекин қўрқувми, ҳурматми — буни ўзи ҳам билмасди — уни ушлаб турарди. Бундан ташқари, у ўзининг катта одамлигини билар, бу эса унга мустаҳкам қўрғон ичидалигига гаровдек эди. Кўп талафот етмаслигини биларди. Шунинг учун Қодирнинг дастлабки гапларини вазадаги гулга қараганча бошини ликиллатиб эшитди. Халилга: «Нима қилардим, чидайман-да», маъносида бир-икки қараб қўйди.
— Сен ҳозир каттадан-кичик танийдиган машур одамсан. Хизмат кўрсатган спорт мастери, энг севимли командага тренер. Мен эсам мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси, кўшимча равишда заводнинг оддий командасига тренерман. Нега шундай, а?..
Қодирнинг заҳарли оҳангдаги бу саволи Акбарга таъсир этиш ўрнига Халилнинг жаҳлини чиқариб юборди. Ирғиб ўрнидан турди-да, қўлини Қодирнинг юзига пахса қилиб, Акбарга гапирди:
— Йўқотинг буни, э! Йўқол, деб айтинг бунга!
Қодир унинг қорнига бир уриб, жойига ўтқизиб қўйди. Халилнинг: «Пиянисталигинг учун, ишёқмаслигинг учун шу ҳолга тушиб қолдинг, мендан сўрамайсанми?» деб бақирмоқчи бўлган гаплари ичида қолди. Бир оздан сўнг, кўз олди яна ёруғлашгач, Қодирнинг истеҳзоли юзини кўрди.
— Агар мен тренерингизга бир оз бўлса-да ўхшаганимда, салгина қаттиқроқ урган бўлардим. Эртага тренировкага чиқолмасдингиз. Балки умуман чиқолмасдингиз. Сиздан илтимос, севимли тренерингиз билан бўладиган суҳбатимизга халақит қилмасангиз, — деди Қодир охирги гапига қатъийлик оҳангини бериб. — Фақат эшицангиз. Сизга ҳам фойдаси бор.
Халил эътироз билдиролмайдиган ҳолда эди. Тренернинг бу ёқимсиз суҳбатни нима учун чўрт бўлмаётганини ҳам тушунгандай бўлди.
Бу ҳодиса бир зумда бўлиб ўтгани учун кафе ходимлари сезишмади. Бир стол наридаги ўспиринлар эса, бир қараб қўйиб жимиб қолишди. Шишада қолган шампанларини фужерларга бўлиб, тезроқ ичишга бир-бирини сўзсиз ундашди.
Акбар Халилга ачиниб қараб:
— Сен кета қолмайсанми? Биз ўзимиз келишиб олардик, — деди.
— Йўқ, бирга кетамиз, — жавоб берди Халил қорнини ушлаганча. Қодир унга қараб гапида давом қилди:
— Мен эса тренерингизга ўхшамайман. Қаршимдаги одамнинг келажагини ўйлайман, унинг тақдирига йиғлайдиган онаси ёки севиклиси бордир, деб андиша қиламан. — Қодир бирдан Акбарга ўгирилди. — Биласанми, менинг бу ҳолга тушиб қолишим қобилиятсизлигамдан ёки жамиятда менга қарши биронта куч борлигидан эмас. Ахир мен терма командада ҳужумкор ярим ҳимоячи, сен эса запасда, менинг ўринбосарим эдинг. Фақат бошқа-бошқа клубларда эдик... Кўп ўйладим буни. Тўғри, оз-моз ича бошлаганимга, одамларни ёмон кўра бошлаганимга ўзим айбдорман... Лекин машур футболчининг бирдан саҳнадан тушиб кетишига сабаб нималигини биласанми? — Акбар индамади. У суҳбатнинг чўзилишини сезиб, зерика бошлаган ва жаҳли чика бошлаган эди.
— Сен айбдорсан! Сенинг итфеъллигинг айбдор, — деди Қодир унинг юзига ургандек қилиб.
Бу ҳақоратдан яна Халил сесканиб тушди. У бир нарсалар бўлишини, тренернинг жаҳли чиқишини, жилла бўлмаса «Оғзингга қараб гапир», дейишини кутганди. Лекин ҳеч нарса рўй бермади. Тренер истеҳзосини яширмай афтини бужмайтирганича сигарет чекарди. Гўё бу гапларнинг аҳамиятсиз эканини кўрсатмоқчи бўларди. Аммо лабларининг учиши бағридаги аламни ошкор қилиб турарди. Халил буни фаҳмлади. Айни чоғда меҳмоннинг бу таъналарга, ҳатто ҳақорат қилишга ҳаққи борлигини ҳам сезди.
Қодир беихтиёр яна шоколад олиб тишлади-да, қолган бўлагига ҳалигидек қараб туриб, қайтариб қоғозига қўйди.
— Шундай ўйинчилар бор эдики... — Қодир энди қийналиб эслаётгандек сўзларди, — терма командага тушишни арши-аълога етишдан зийод ҳисоблардилар. Уларнинг кимлигини ўзинг биласан. Терма командада қолиш ҳаётларининг мазмуни эди. Мен эса буни футболимиз шуҳратини ёйиш учун бир поғона деб ҳисоблардим. Бизда ҳам Пеле, Гарринчалар цингари ўйинчилар борлигини исботламоқчи эдим. Ҳа, ҳа, сен ўшанда ҳам бу гагшаримдан кулардинг, хозир ҳам куляпсан. Лекин... мен учун футбол... ҳаётимнинг мазмуни эди. Ҳа... футболдан ташқарида яшаш хаёлимга келмасди. Ҳозир эса... Кўриб турибсан... Орзуимсиз яшадим... яшаяпман. Парча-парча қилиб ташланган одамман. Армон билан кетяпман. Тўғри, шу кунда оила, фарзанд ташвиши мени овутади, қалбимни бир оз илитади. Топиш-тутишим яхши, янада кўпроқ пул топишни, бу билан оиламга кўпроқ фойдам тегишини ўйлаб, тиришиб харакат қилиб юраман. Лекин шунга кўникиш учун ҳам ўн икки йгл умрим кетди. Тушуняпсанми? Азобга тўла ўн икки йил! Мен — аввалга Қодир эмасман, бошқа, ўзим хоҳламаган, ҳаттоки ўзим ҳазар қиладиган одамман... Шуларнинг ҳаммаси сен туфайли бўлди!
— Менга қара, Қодир. Ахир энди ҳеч нарсани тузатиб бўлмайди-ку! Мен хақиқатан ҳам айбдорман, бўлдими? — Акбар энди ўзини солиб ўтирган бепарволик мувозанатидан чиқа бошлашга мажбур бўлган эди. Бу ҳолатдан ўнғайсизланиб, Халилга мурожаат қилди: — Сен кетавер. Ҳисоб-китоб қилганмисан?
— Ҳа.
— Бор, кетавер!
— Қўявер, ўтираверсин. Мен йиғлаётганимдан уялаётганим йўқ-ку! Акбар Қодирнинг елкасига қўлини қўйиб, ялина бошлади:
— Қодир, дўстим, тўғри, мен аблаҳман, — у шундай деб кўксига уриб-уриб қўйди. — Мен хато қилганман. Энди нима қилай? Кел, дўст бўлайлик. Бир-биримизга ёрдам берайлик. Истасанг, эртагаёқ сени ўзимга ёрдамчи тренер қилиб оламан.
— Ёрдамчи тренер?.. Сенга менинг қандай ёрдамим тегиши мумкин? Сенга-я? — Қодир Акбарнинг қўлини елкасидан олиб ташлади. Халил эса, ўзига ишонган, иложи бўлса гапини ҳам ўлчаб гапирадиган тренерини бунақанги типирчилаган ҳолда кўраётганидан ҳайрон эди.
— Билмадим, рост гапиряпсанми ёки атайлабми, ахир сен унчалик ғариб эмассан. Довруғингнинг садоси ҳали ҳам жаранглайди, — деди Акбар. — Мана, Халил, — у исбот сўраб шогирдига қаради, — сен Қориэв деган футболчини биласанми?
— Ҳа, жуда кўп эшитганман.
— Ана, кўрдингми?
— Бу бошқа масала, — деди Қодир ҳафсаласизлик билан. Акбар қўл силтади-да, қутидан сигарет ола бошлади. Орага бир дақиқалик жимлик чўкди.
— Мен ҳам бу воқэага неча марта қўл силкиганман. Лекин у лаънати худди кечагидек эсимда, — деди Қодир дард билан. — Мен сени алдаб ўтиб ўнг қанотдан дарвозаларингга яқинлашдим. Стадионда қийқириқ бўлиб кетди. Қаршимда Валентин турарди, орқамдан сен изма-из келардинг. Мен Валентинни аддаб ўтиб, яна олдинга интилишим ёки тўпни Файзуллага оширишим мумкин эди. Шунда дарвоза рўпарасида турган ҳамма ҳимоячилар, жумладан; Валентин ҳам Файзуллага ташланишар, у эса тўпни менга қайтаришдан бошқа иложи қолмасди. Ҳар икки холда ҳам сени алдаб ўтиб зўр вазият яратгандим. Стадион гувилларди. Бу вазият менинг муваффақиятим, сенинг эса хатоинг эди. Оша пайтда, албатта, буни ўйламагандим, у пайтда мен фақат яхши вазият яратганимдан, ишқибозларнинг гувиллаб олқишлашидан бошим осмонда — руҳланиб, ўкдек учиб борардим... Ҳа, ниҳоят мен Валентинни алдаб ўтиб, ундан кейингина тўпни Файзуллага оширишга қарор қилдим. Лекин шунда... оёғимда дахшатли оғриқ.сездим. Сапчиб тушиб... йиқилдим. Кўз олдим қоронғилашиб, чуқур жарга учиб кетаётгандек бўлдим... Мен ҳақиқатан ҳам жарга думалаган эканман. Оша жарда умрбод қолиб кетдим.
Орага жимлик чўкди. Ёмғир анча пасайганди. Кафенинг ойнаванд деворларида ёмғир суви илон изи бўлиб оқар, ташқаридаги неон чироқлар сувга турфа ранг жило берарди.
— Қани, укалар, бўлди қилинглар. Бизлар ҳам дўконни ёпайлик энди, — деди кафе швейцари, қирқ беш ёшлардаги думалоққина, паст бўйли киши юмшоқ ва мулойим овозига атайлаб катъийлик киритиб гапирди. Лекин бари бир унга ҳеч ким аҳамият бермади.
— Шунчалик бўлишини ким ўйлабди дейсан...
— Ҳа, шунчаликка боришини билганингда, эҳтимол, бу ишни килмаган бўлардинг. Лекин ўша пайтда, ўзингдан зўрроқ одам чиққанига, ҳалол ўйинда сени доғда қолдирганига чидаб туролмадинг. Феълингда итлик бор эди. Шунинг учун тўпни яхши тепсанг ҳам, терма командага сени иккиланиб кабул қилишарди.
— Ахир мен жазоимни олдим-ку, мени жазолашди-ку!!. — деди Акбар ялинувчан оҳангда тоқати тоқ бўлиб.
— Ҳа, сени мавсум охиригача футбол ўйнашдан четлатишди, газеталарда аблаҳлигингни ёзишди. Шу баҳонада яхши спортчи, фақат яхши спортчи эмас, яхши инсон бўлиш кераклиги ҳақида мунозаралар олиб борилди. Лекин менга бундан нима фойда? Оёғим тузалиб қолмади. Мен фақат олти ойдан кейингина бутси кийдим. Фақат бир йилдан кейингана сен билан баравар ўйинга туша олдим. — Қодир бу гапларни асабий ҳолда гапирар экан, гап орасида икки кадаҳни тўлғазиб, бирини Акбарнинг олдига суриб, иккинчисини қўлига олди. — Газеталар сафга кайтганим билан табриклашди... Лекин... — Кодир бир ҳаракат билан қадаҳни бўшатди-да, алам билан давом қилди. — Лекин учинчи ўйинда... баланддан келаётган тўпга сакраб ерга тушганимда туролмай қолдим... Сен тепганингда ҳам тиззамнинг кўзи цинган, ҳам оёғим чикиб кетганди. Натижада сал кескин ҳаракат қилсам, яна чиқиб кетадиган бўлиб колганди. Врачлар буни таъкидлашган, бошқа бир иш топинг, дейишганди. Лекин уларга ишонмай, тўғрироғи, ишонганимда ҳам футболдан бўлак ишни қилолмай, майдонга тушгандим. Афсус, врачларнинг гапи тўғри чиқди. Зарбанг бир йилдан кейин мени яна йиқитди... Яна бир йилдан кейин, яна дўхтирларнинг бефойда дейишларига қарамай майдонга тушдим. Лекин бўлмади. Биринчи ўйиндаёқ худди ўша-ўша бўлди, оёғим чиқиб кетди.
Акбар тоқатсизланиб уҳ тортиб, стулга ясланди. Қандайдир шошкалоқлик билан сигарет олиб тутатди. Бир нарса гапирмоқчи шекилли деб, суҳбатдошлари унга қарашди. Лекин у индамади. Шу пайтда Халилнинг ёнида ўтириб, бу гапларни эшитаётганидан жаҳли чиқаётган эди. Халил эса Қодирдек ажойиб футболчининг, шундай йирик одамнинг ичиб, жанжал қилиб юрадиган даражада пастлашиб колганига ачинса ҳам, унинг тарафида эмасди. «Он икки йил олдинги гапларни кавлаштиришнинг нима кераги бор», деб ўйларди Қодирнинг мақсадига тушунолмай. Акбар ҳам айнан шуни — Қодирнинг мақсадини билолмай: «Мендан нима истайсан?» деб бакиришдан ўзини зўрға тийиб ўтирарди.
Қодир эса қаршисидаги жирканч башарани уриб дабдала қилиш истаги портлаб чиқиб кетишини хоҳламай, тез-тез гапира бошлади:
— Ошанда мен сени ўйламасдим. Ҳали орзуимдан кечмаганим, курашаётганим учун вақтим йўқмиди? Ёки ёшим йигирма иккида бўлгани учунми? Билмадим. Гарринчанинг катта футболга йигирма олти ёшда келганини, Маресевнинг икки оёқсиз ҳам ўз мақсадига эришганини эсимда тутар ва тинимсиз машқ қилардим. Ҳамма нарсага, жумладан, сенинг аблаҳлигингга ҳам футболда бўладиган оддий воқэа деб қарардим. Лекин оёғим қаторасига икки марта чиқиб, футбол менга ёпиқ даргоҳлигини сезганимдан кейин бирдан ўзимни синиб тушгандек ҳис қилдим. Ҳаётнинг менга нақадар оғир зарба берганини билдим. Тренеримиз Самойличнинг, ўртоқларимнинг бир йилдан бери менга ачиниб қараб юрганини, институтга киришим учун кўп куюнишганини эсладим. Демак, улар фожиамни билиб, уч йилгача командада олиб юришган экан-да, дедим. Уч йилгача улар билан бирга яшапман-у, футбол учун ўликга айланганимни менга айтишмабди. Ким билади, балки қайтишимга уларнинг ҳам илинжлари бўлгандир... Менинг эса яшагим келмай қолди. Ичиб олиб, нуқул йиғлагим келарди, баъзан йиғлардим ҳам. Сабабини ўйлай-ўйлай, охири сенда тўхтадим. Бу аниқ ҳақиқатни ҳам бир куни сени телевизорда кўрганимдан кейин тасодифан топиб оддим. Сен майдонда кўлингни белингга қўйиб олиб тўп оширмаган шеригингга ўқрайиб тургандинг. Шу кундан бошлаб, одамларга ўтказиб қўйгандай без бўлиб кўлингни белингга кўйиб туришинг мени таъқиб қила бошлади...
...Оҳ, бу даврда онамнинг қийналганлари, дўстларимнинг қийналганлари... Орадан йиллар ўтди, ўзимни машур футболчи эмас, оддий кишилардек яшашга кўниктириш учун қандай азоб чекдим! Буни кўпроқ ўзим учун эмас, онам учун қилдим. Уйландим, фарзанд кўрдим. Улар оддидаги масъулият ҳам ўзимни одамдек тутишга ундади... Лекин мана шу холда — зўрға-зўрға юраман. Сиқиламан, зерикаман-да, ўша орзуларим цинган чоғдаги йиғлаб ўтирган ҳолимга тушгим келаверади. Шу менга хузур бағишлайди. Бундай килмаслик учун ҳар дақиқада ўзим билан ўзим курашаман. Эрталаб нонушта килаётганимда, йўл юрганимда, ишда, ўғлимни боғчага олиб кетаётганимда бу туйғу доимо юрагимни эзиб: «Қўй, шу майда-чуйда ишларни, сен фақат ўша йўқотган нарсанг учун йиғлашинг керак, бўлак ҳамма нарса бефойда, арзимайдиган иш», деб туради. Мен эса онам, хотиним ва болаларимни ўртага қўйиб ундан раҳм-шафқат қилишини сўрайман. Лекин бутунлай йўқолиб кетишини ҳам истамайман. Ҳаётимнинг мазмунини эслатувчи туйғудан ажралсам умидим ҳам йўқолаётгандек, ким эдиму ким бўлганим, қаёқдан келиб қаёққа кетаётганим, ҳамма-ҳаммаси эсимдан чиқадигандек туюлаверди. Тушуняпсанми, дардим энг покиза орзуимдан сув ичган.
Қодир жим қолди. У дарди билан бўлиб, кафедалигини унутаёзган эди. Акбар бир кимирлаб ўзининг бетоқат бўлаётганини билдирди. Қодир ичида бир сесканиб ўзига келди-да, гапида давом қилди:
— Сенга рўпара бўлишимдан мақсад, бу дунйода борлигимни билдириб қўйиш, холос. Чунки сен мени эсингдан ҳам чиқариб юборгансан. Йўқ, йўқ, агар ҳолимдан хабар олмадинг, деб таъна қиладиган бўлсам, ўзимдан ўзим нафратланган бўлардим. Мен фақат бир ҳаракатинг билан тақдирини поймол қилган одам бу дунйода аламзадалигини ва ҳар куни, қар дакикада сенга тажовуз қилиши мумкинлигини эслатиб қўймоқчиман. Олишини билган ҳўкиз болтадан қайтмайди, дейишади-ку, ахир.
Қодирнинг бу гаплари туришга ҳозирланаётган, бас энди, гапни қисқароқ қил, деб жеркимоқчи бўлган Акбарнинг ғазабини чуқурлаштириб, ҳужумкорлик руҳини берди.
— Хўш, бу истаклари нима дейди? — деди у истеҳзо билан.
— Ҳаммасини айтаман, фақат шошма, уриш қилмоқчи деб ҳам қўрқма. Чунки бу истакка ўзим қаршиман, уни ҳар дақиқада бўғиб келаман.
— Мен ҳеч нарсадан қўрқаётганим йўқ, шуни билиб кўй, Қодир! Мен, то милиция келиб, туринглар, дегунча ўтирмоқчи эмасман!
Қодир соатига қараб қўйди.
— Ҳали вақт бор, шошаверма. Икки-уч оғиз гапим қолди. Сени милиция жуда ҳам ҳайдамас дейман. Очиғини айтганда, сен билан гаплашиш истагида куйиб юрганим йўқ эди.
— Ҳали бировнинг маслаҳати билан келдим дегин?
— Ҳа.
— Ким экан сенга бу ақлни ўргатган?
— Сен!
Акбар хахолаб кулиб юборди:
— Ё, тавба, боятдан бери мен сени туппа-тузук одам деб гаплашиб ўтирибман-а! Эсинг жойидами ўзи?
— Ҳа! — Қодир худди уриб юборадигандек Акбарга тикилди.
— Қачон, тушингдами? — деди Акбар ва қўлини ювиб кўлтиққа урган кишидек Халилга мурожаат қилди. — Тур, кетамиз. Бу билан кайфи тарқалганда гаплашамиз.
— Икки-уч оғиз дедилар-ку, эшитиб кета колайлик, — деди Халил. Эшитиш иштиёқи борлигини яшириш учун эса қўшиб қўйди: — Яна қачон вақтингизни сарф қилиб юрасиз?
— Раҳмат сизга! — деди Қодир Халилга. — Лекин бу бари бир кетолмасди. Қўймасдим. Ози ҳам билади буни. Кетамиз дегани эса, одатдаги артистлиги.
Отир, Акбар! Акбар ўтирди. Қодир совук оҳангда гап бошлади:
— Яна қайтариб айтаман, бу ерга мени бошлаб келган сенсан! Сен... итфеъл... мени тепганингда фақат орзуимни поймол қилибгина қолмадинг. Оша зарбанг билан ўз феълингдан вужудимга уруг ҳам ташлаган экансан. Бора-бора бу уруғ ўсиб, ривожланиб, бутун вужудимга ёйилди, жисмимни эгаллади. Бир одам қиёфасига кирди. Бу қиёфа эса сеники эди. Ҳа, бу, айниқса, сени телевизорда кўрганимда аниқ бўлди... Шунинг учун билиб қўйки, ҳозир кўриб турганинг Қодир эмас, ичимнинг ярмини сен, сенинг қиёфанг эгаллаган, чунки дарахт арра билан кесилса, арранинг изини, болта билан чопилса, болтанинг изини сақлайди... Сенинг қиёфанг ўша из эди. Эртаю кеч шивирлаб, қалбимни, одамларга муносабатимни ўзгартиришга ҳаракат қила бошлади. «Орзуларингни яксон қилган, «мен»лигангни парчалаб ташлаган одам бемалол юрипти. Сен эса фақат унинг айби билангина итнинг кейинги оёғи бўлиб қолдинг», дерди у. Аввалига аҳамият бермадим. Лекин у тамомий жисмимни эгаллагач, у билан мунозара қилишдан бўлак иложим қолмади. Чунки у кечасию кундузи рўпарамда турар, кечасию кундузи менга минғирларди. Уни ўйламайин, деб кечалари минг марталаб у ёнбошдан бу ёнбошимга ағдарилардим, лекин қутулолмасдим... Охири унинг маслаҳатига қулоқ солиб измига юра бошладим. У эса нуқул одамларни ёмонларди. «Одамлар бир-бирларини янчибгина олдинга ўта олдилар», деган энг севимли ғоясини таъкидларди. Шу тарзда дунйодаги ҳар бир нарсани ўз эътиқодимга нисбатан тескари қилмоқчи бўлди. Яхшиликни у шубҳасиз беркитилган тамага, муҳаббатни лаззатга, ҳатто, она ардоғини қарилик кунларидаги таянч илинжига тенгларди. Мен ҳаммани — хотинимни, онамни, ўғлимни ёмон кўра бошладим... Ичимдаги сенинг қиёфангни қандай қилиб йўқотишни билмасдим. Қайт қилиб туфлаб ташлагим, омбир билан суғуриб ташлагим келарди. Майли, илдизига этим илашса этим, томирим илашса томирим билан. Майли, суғуриб олган жойим қонталаш бўлсин эди! Лекин иложини қилолмасдим. «Туф» десам, тупугимда кўринардинг... «Тушунсанг-чи, — дерди у менга, — бу ишларни сен учун қиляпман. Инсон зоти ўзидан яхши, ўзидан бой, ўзидан олижаноброқ одамни кўролмайди, чалиб йиқитади. Неъматларга хўжайинлик қилиш учун; бу ерда ким бор, деганда ёлғиз қолиб «Мен!» дея олиш учун шундай қилади. Чунки ўзидан яхшини йўқотганида, ҳақиқатан ҳам яхши бўлиб бир ўзи қолади-да». «Ёлғон!» дердим мен ичимда ўкирик билан. Баъзан бу ўкирик ташимга чиқиб кетар, эшитган одамлар ҳайрон бўлиб қарашарди. «Мен бундай яшай олмайман. Бундай фикр қилсам яшагим келмайди», дердим. У эса кулимсираб: «Яшагинг келмаслиги бошқа масала. Аслида, исташ-истамаслик ҳам сенинг ихтиёрингда эмас. Лекин, мен ҳақман. Мана мисоллар...» дерди-да, турмушидан ва тарихдан мисолларни қалаштириб ташларди. Мен унга қарши далил тополмаётганимни, енгилаётганимни сезиб: «ЁЛГЪОН!» деб бақирардим. Шунда у сўнгги зарбани берарди: «Хўш, ўзинг-чи? Акбардаги худбинликнинг қурбони бўлмадингми? Билиб қўй; менинг фикримга зид борганинг учун ҳам четда қолиб кетгансан. Сен ўз ҳаётингданки сабоқ олмаётган экансан, четда қолиб кетиш у ёкда турсин, ўлиб кетишга ҳам лойиқсан. Акбар гумбурлаб яшаяпти. Чунки у сени олиб ташлаб, майдонда ўзига кенглик очди. Ахир у худди сенинг жойингда, сенинг ўрнингда ўйнаяпти-ку! Ваҳоланки, у захирада эди. Турмуш учун бу эмас, балки олиб ташлагани ҳисоб. Яхшилик биланми, ёмонлик биланми, фарқи йўқ. Умуман, ахлоқнинг барча лаш-лушлари турмуш учун кўпик. Содда одамларни аҳмоқ қилиш, авраш, лўндасини айтганда эса, майдондан ва неъматлардан четлаштириш учун тўқилган ниқоб».
Мен: «Майли, сен хақсан, ишондим. Энди мени тинч қўй», деб уни алдамоқчи бўлардим.
У эса: «Э-эй, ғирт аҳмоқ экансан. Ҳозиргина кўпик ҳақида гапириб қулоғингга тамбур чертибман-да, а? Гап — менинг учун кўпик. Менга кўпик билан ваъда берма! Сендан ҳаракат талаб қиламан. Иш! Гапдан фойда йўқ», деб яна нишонга олаверди.
«Нима қилай, буюр, ҳаммасини бажараман. Фақат кейин мени тарк эт. Бўлмаса яшай олмайман!» деган шарт билан талабига кўндим.
«Бу бошқа гап. Сен энди Акбар тақдирида, яъни сени майдондан олиб ташлаган одам тақдирида ўз изингни қолдиришинг шарт. Уни уриб дабдала қилишинг, кўзини ўйиб ёки тишларини қоқиб олишинг керак. Токи у ўша кўзи ўрнига қўйилган шиша кўзни ёки тишлари ўрнига қўйилган ясама тишларни кўрганида ойнага қараб ҳар бир тиржайганида сени, сен орқали эса ўзининг аблаҳлигини эслаб турсин. Ҳар бир кулгисига огу тушиб турсин», деди у.
«Хўп, мен розиман. Лекин сен менга бир нарсани айт. Нима учун сен ўзингга ўзинг қарши чиқяпсан?» деб сўрадим мен.
«Буни изоҳлаш осон. Яхшилаб билиб қўй, эй инсон боласи! Мен орқали сенга табиат берган жон гапиряпти. Тирик жонга нимаики қасд қилар экан, мен айнан ўша шаклда пайдо бўламан. Дарахтни арра кесса арранинг изи, болта кесса болтанинг изи қолади. Сенга Акбар эмас, бошқа биров тажовуз кклганда мен ўшанинг кўринишида бўлардим? Бойни бойлик, мечкайни овқат, қонхўрни қон ўлдиришини биларсан? Рим жоҳиллар ҳисобига буюк бўлиб, жоҳиллар томонидан вайрон қилинганидек босқинчи халқни босқинчилик ўлдиради, ланж халқни ланжлик... Бу табиат қонуни. Сен эса, тушунмай мендан қочиб қутулмоқчисан... Яна бир карра таъкидлайман. Сен учун ҳеч ким жонини койитмайди. Озинг ҳаракат қилишинг керак. Ҳеч бўлмаса, унинг аблаҳлиги ҳақида жар солишинг керак. Лекин бу нарса феълингга зид эканлиги учун уни сендан талаб қилаётганим йўқ», деди у менга.
Қодир гапини тугатиб, кафеда, Акбарнинг қаршисида ўтирганини кўриб ҳайрон бўлди. Чунки хаёлидаги мунозарани тиклайман деб, ўзини унутаёзган эди. Бир хаёлда бу гапларни ўзимга ўзим гапирдимми, деб ҳам иккиланди. Лекин Акбар билан Халилнинг авзойига қараб, мақсадини аматга оширганини сезли.
Акбар бўзариб ўтирарди. Халилнинг юзидан эса менсимаслик ифодаси ўчган эди.
— Бўлдингми? — деди Акбар ижирғаниб.
— Бўлдим.
— Кайфни ҳам тарқатиб юбординг. — Акбар Халилга мурожаат қилди. — Бор, юз элликта коньяк келтир. Мени айтди десанг, беради.
Халил кетди.
— Менга қара, — деди Акбар тажанглик ва истеҳзо билан. — Агар сен ўша истагингга қулоқ солиб, мени «дабдала қиладиган» бўлсанг, судга тушишингни, шов-шув бўлишини ўйламадингми?
— Ойладим. Истагим айтдики: «Хўш, судга тушсанг, шов-шув кўтарилса нима қилибди? Фожианг ва бунга сабабчи бўлган одамнинг жазосиз қолмаганини ҳамма билишини истардинг-ку! Ҳеч нарса йўқотмайсан. Ундан кейин сени жазолашмаса керак... — Шаҳар бедарвоза эмас-ку. Сен бундан қўрқмайсан ҳам», дейди... Шуни билиб қўй, Акбар, бу менинг хоҳишим эмас, вужудимдаги турқингнинг хоҳиши. Айтганимдек, уни бошқара олмай қолишим мумкин, холос...
Қодир сўзини тугатар-тугатмас, Акбар столни итариб юборди-да, ўрнидан туриб, Қодирнинг юзига шапалоқ тортиб юборди.
— Йўқол бу ердан, пияниста!
Қодир жағини ушлаб секин қаддини тиклади. Бу орада Халил ҳам етиб келиб, Қодирнинг ўнг томонига ўтди. Улар ҳамлага тайёр ҳолда учбурчак ҳосил қилишди. Акбар қўлини пахса қилиб, бақиришда давом этди:
— Ишёқмас, пияниста. Озингнинг бадбахтлигингни менга тўнкаб, нима демоқчисан?
Залнинг тўридан бир аёлнинг чинқириб гапиргани эшитилди:
— Қани, бас қилинглар! Соня, участкавойни чақир, тез!
Лекин унга аҳамият беришмади. Озини ҳар томонлама устунликка эга деб билса ҳам, қўрққанидан Акбарнинг юзи ниҳоятда хунуклашган эди:
— Сен-чи, аввал ҳўв наридан туриб салом беришинг керак. Мен алик оламанми, йўқми — ўйлашиб кўрардим!
— Шунақами? — деди Қодир хунук жилмайиб. — Худо шоҳид, Акбар, буни ўзинг бошладинг.
Қодир юзйни силар экан, бирданига Акбарга ташланиб, бир уриб учириб юборди. Сўнгра ҳужумга ташланган Халатни кафтининг тескариси билан уриб йиқитди. Офицциантлар келиб Қодирни тинчитмоқчи бўлишди. Лекин у офицциантларни суриб қўйиб, ўкдек учиб келаётган Акбардан ўзини четга олиб, уни чалиб юборди. Акбар ҳозиргана ўзи ўтирган столга урилди-да, стол билан бирга умбалок ошди. Атрофни идишларнинг ерга тушиб цинган жаранги тутди.
Акбар ўрнидан тургач, ҳуркиб тарқалиб кетган ўспиринларнинг столидан шампан шишасини олди-да, ғижиниб Қодир томонга кела бошлади:
— Олдираман! — деди у тишларини ғижирлатиб. — Иккинчи мени кўрганда бир чақиримдан айланиб ўтадиган қиламан. — Шундай дейишга деди-ю, лекин қўрққани учун Қодирга яқинлашмай, шишани отди. Қодир энгашиб колди. Шиша тўғри бориб ойнаванд деворни чшшарчин қилиб, ташқарига чиқиб кетди.
Кафе ходимларининг қий-чуви авжига чиқди. Акбарнинг саросимага тушганидан фойдаланган Қодир унинг қорнига калла қўйди. Акбар орқасига учиб бориб, яна бир столни ағдарди-да, йиқилди. Сўнг инграниб: жуда ҳам секинлик билан ўрнидан тура бошлади. Қодир унга яқинлашди-да, ёқасидан олди. Акбар унинг қўлида деярли осилиб турарди.
— Бу ишни ўзинг бошладинг, — деди Қодир Акбарни силкиб. — Мен тугатаман. — Энди унинг юзидаги олижанобликдан асар ҳам қолмаган, ваҳшийлик ва жаҳл ўзининг хунук муҳрини босганди. — Тишларингни қоқиб оламан, — Қодир ўша совуқ ва ваҳшатли оҳангда гапирарди. — Орнига тилла тиш қўйдирасан, ҳар бир тиржайганингда мени, мен орқали ўзингнинг аблаҳлигингни эслаб турасан. Ҳар соатда, ҳар дакиқада!
Қодир ҳар битта жумласини айтганда, Акбарнинг юзига биттадан мушт туширарди. Агар шу пайтда милиционер етиб келмаганда унинг бу ваҳшийлиги қачон, қанақа тугаши номаълум эди.
Орта бўй, пишиқ гавдали, ёшгина лейтенант югуриб келиб, Акбарни ажратиб олди-да, Қодирни итариб олиб бориб стулга ўтқизди.
— Нима гап? — деб бақирди у.
Қодирнинг ўрнига офицциантлар вижирлаб кетишди:
— Нозаниндай ўтиришганди, — деди бири.
— Йўқ, бу аввал анови столда эди, — аралашди иккинчиси.
— Жим! — бақирди уларга лейтенант.
Офицциантлар кетди. Лейтенант ручка ва блокнот чиқариб, Қодир ҳақида маълумот ёза бошлади. Кейин унинг заводга кириш руҳсатномасини олиб кўрди.
— Уни танийсизми? — сўради милиционер ҳужжатни қайтарар экан, атрофида Халил ва офицциантлар парвона бўлишаётган Акбарни кўрсатиб. Қодир «ҳа» дегач, милиционер Акбар ҳақида маълумот ёза бошлади.
— Наҳотки?! — деди лейтенант Акбарнинг ўша машур Акбарлигини эшитиб.
— Ҳа, — деди Қодир кескин қилиб.
— Сиз ҳам ўша Қориэвмисиз?
— Ҳа.
— Нима бало қилиб қўйдинглар? Нима жин урди сизларни?
Қодир Акбар томонга ўқрайиб қараб қўйди-да, индамади. Лейтенант бош чайқади-да, ўтириб туринг, деб офицциантларни сўроқ қилгани кетди.
Акбар аста ўзига келиб, бошини кўтарди. Унинг хира кўзларига маъно кира бошлади. Лейтенант актга Қодирнинг қўлини қўйдириб, унинг олдига келганида, Акбар аввал тушунмади. Фаҳмига етгач эса, милиционернинг кўлидан актни олар экан, ўрнидан турди.
— Дўстим, — деди у кемшикланиб ва атрофдагиларга эшиттирмасликка уриниб, — мени танийсиз-а?
— Танийман, албатта. Кўча чангитиб, копток тепиб юрганимизда сизларга ўхшашни орзу қилардик.
— Бўлмаса, дўстим, актингизни қўйинг-да, эвазига битта мендек оғайни орттиринг.
— Энди, Акбар ака сизни жуда ҳурмат қиламан. Лекин бурчим, қонун...
— Э-э, қўйинг шу гапларни, ўзи бугун ана у оғайним миямни қоқиб кўлимга берди. Менга қаранг, хўп, сиз акт туздингиз, дейлик, лекин эртага бошлиқларингизнинг олдига чиқиб, бу аҳмоқчилик бир бўлиб қолди, сизга мунақа иш билан тушмаганман, дейман. Нима қилишади, йўқ дейишардими? Менга йўқ дейишмайди, биласиз.
— Энди, билмадим, лекин... лекин сизга керакмикин деб ўйловдим-да.
— Бе-э, — деди Акбар оғриқ азобини босишга ҳаракат қилиб. — Ичишиб ўтириб, тўсатдан ташлашиб қолдик. Шу! Эртага яна апоқ-чапоқ бўлиб кетамиз! Тўғрими? — Акбар Қодирга қаради.
Қодир индамай бошини қимирлатди. У воқэанинг бу тарзда давом этишига ҳайрон бўлиб турган эди.
— Бўптими, оғайни? Менга шу актни беринг-да, Акбар деган футболчи дўстим бўлади, деб юраверинг.
Милиционер бир оз мубҳамлашиб турди-да, охирги далилини айтди.
— Гувоҳлар дод демайдими, — у кафе ходимларига қаради.
— Булар билан ўзимиз гаплашамиз, — деди Акбар. — София опа, — чақирди у зал мудирасини. Эллик ёшлардаги сариқ сочли нуроний аёл уларга яқинлашди. — Бу дўстимиз, бизларни қамамасдан кўйиб юбормоқчи. Бошқа уришмаймиз, деб сўз бердик. — Акбар гапига ҳазиломуз оҳанг беришга куч топа олди. — Сиз қарши эмасмисиз?
— Йўқ, албатта, қамасин, деб ким айтарди. — Зал мудираси кулиб турса ҳам, қўллари енгил титраб, сочлари ва тугмаларига бесабаб югурарди.
— Ҳамма нарсанинг яхшиликча тугагани яхши-ю, лекин идишлар синди. Ана у ойнанинг ўзи юз сўм туради. Қўйдиришини ҳисобга олмаганда...
Акбар кўйин чўнтагини кавлади-да, бир даста беш сўмлик пул чиқарди.
— Мана, — деди аёлга узатиб, — санамасангиз ҳам бўлади. Юз эллик сўм. Зал мудираси гуноҳкорона жилмайиб, кўллари титраганча пулни олди.
— Акбар Вафоэвич, сиз хафа бўлманг, лекин...
— Бўлди, София опа. Демак, кафе ходимларининг бизга ҳеч қанда! даъволари йўқ?
— Йўқ, йўк, бўлди. Биз доимий мижозларимизни ҳурмат қиламиз. Ундан кейин, ҳамма нарсанинг яхшилик билан тугагани маъқул, — деди зал мудираси пулни санай туриб.
— Бўпти, биз кетдик, — деди Акбар руҳсат сўрагандек милиционерга қараб. Милиционер атрофдагиларга бир-бир қараб чиқди. Унинг юзига бирдан қандайдир ўйноқи табассум югурди.
— Э, нима бўлса бўлди! Сизларни деб бир гап эшицак эшитибмиз-да. — У актни йиртиб, чўнтагига солиб қўйди. — Футбол қурбони бўламиз-да жуда борса, а?
Қодирдан бошқа ҳамма мамнун жилмайди. Акбар мшшционер билан қўл ташлашиб хайрлашди-да, Халилнинг елкасидан ушлади. Қодирга қараб ҳам қўймай, шогирдига суянгганча секин залдан чиқди. Вестибюлдаги тошойна олдига бориб моматалоқ бўлиб кетган юз-кўзини, ичкари тортиб кетган устки лабини бир-бир силаб чиқди. Кейин худди ўшандай оҳисталик билан шляпасини кийди-да, яна Халилга суянган ҳолда чиқиб кетди. Қодир Акбарнинг кетидан ҳайрон бўлиб бир оз қараб турди-да, ювингани кириб кетди. Қайтиб чиқиб тошойна олдига келди. Швейцар узатган плашини қўлларига оғир юк боғлагандай қийналиб кийди. Милиционер билан швейцарга гуноҳкорона бош ирғаб, ташқарига чиқди. Орқасидан швейцарнинг овози эшитилди.
— Олай агар, бўйнимни кесиб ташла, ҳозир нимага уришишганини билишмайди! Ичиб олишади-да, хўроз бўлиб кетишади. — Бу одам фикрининг тўғрилигига тўла ишонгани учун куюниб гапирарди.
Қодир худди дармонсиз одамдек секин нарироқ бориб, орқасига ўгирилди. Кафе пештоқидаги неон чироқли «Ором» деган ёзувнинг охирги ҳарфи ёнмас, узоқдан «Оро» бўлиб кўринарди.