Осмон ёришиб, тоғ чўққилари аниқ кўрина бошлаганда тепалик ёнбағридаги яккаю ягона уйда ҳаёт кундалик изига тушиб кетди. Сора хола одатдагидек уйнинг орқа томонида юзтача товуққа мўлжалланган катак томон йўл олди. Эрта билан биринчи қиладиган иши шу: товуқларни катакдан чиқариб юборади, у ёқ-бу ёқни тозалаб, бурчак-бурчаклардаги чуқурчаларга ташлаб кетилган тухумларни териб олади. Мояк учун қўйилган оқ пиёз кирланиб ёки сўлиб қолиб, товуқларнинг ғашини келтирса, ўша чуқурчага одатдагидан кўра камроқ тухум ташланади. Бундай пайтда Сора хола ошхонага кириб, янги, оппоқ пиёз олиб чикади, эскисининг ўрнига алмаштириб қўяди.
Кампир бугун одатдагидан сал кечикиброқ уйғонди. Товуқлар ундан норози бўлгандек қақағлашиб кутиб олишди. Фақат сариқ-қизғиш патлари камалакдек товланиб турган даканг хўроз ҳар галгидек хотиржам. Катак бўшаганда Сора хола ичкарига кириб, тухумларни саватга жойлай бошлади. Энг чеккадаги чуқурчага энгашганида беихтиёр «Вой!» деб юборди. Кир, тухум ёки пиёзлигини ажратиш қийин бўлиб қолган мояк ёнида бир дона тухум ётарди: қип-қизил! Чунонам теп-текис, қизилки, атайин бўялса ҳам бундай чиқмайди.
Кампир тухумни ҳаяжон билан қўлга олиб, кафтида айлантириб кўрди, ҳеч нима тушунолмади. Саватини апил-тапил кўтариб, уйга қараб чопди. Балки чоли бир нима дер? У ҳар қалай ўрмонда кўп юрган, кузатган — қушлар, ҳайвонлар.
Карим ота ҳам ўрнидан аллақачон турган, милтиғи тайёр, сафар халтасига нималарнидир жойлаётган эди. Ҳовлиқиб кирган кампирининг қўлидаги тухумни кўриб у ҳам ажабланди, айлантириб кўрди. Қирқ йил ўрмон кезиб, ҳайвонлар, қушлар, паррандаю даррандаларнинг миридан сиригача билибди-ю, товуқ қизил тухум туғишини биринчи кўриб туриши! Ёки у ҳалиям билмайдиган қуш зоти бормикин? Чол қанча бош қотирмасин, бу ажабтовур тухумнинг сирини билолмади, кейин: «Қўятур, эртага қишлоққа борганимда ола кетаман», деди ва чарм халтаси билан овора бўлиб кетди.
Иккови чой устида ҳам қизил тухум ҳақида гаплашиб ўтиришди. «Вой, тавба-эй, тухум ҳам шунақа бўладими?» деб қўярди кампир. Чол кўп гапирмасдан чойини тез-тез ичди, тайёрлаб қўйган нарсаларини олди-да, ёлғиз оёқ йўлдан ўрмонга жўнади.
Сора хола уйни йиғиштирди, ташқарига чиқиб, қизил тухумни қай бири туғди экан, деб товуқларни бир-бир кўздан кечириб келди. Ғайриоддий ҳеч нима сезмагандан кейин дўппи тикадиган игна-ип ва пилтакачларни олиб, ташқарига чиқмоқчи ҳам эдики, «қитир-қитир» этган товуш келди. Кейинги пайтларда сичқонлар кўпайиб кетиб, тез-тез «меҳмондорчиликка» келадиган бўлиб қолишганди. Кампир: «Хаҳ, яшшамагурлар!» деб товуш келган томонга талпинди. Токчанинг бир бурчагида кичкинагина тешик бўлиб, сичқон кўпинча ўша ердан чиқиб, ўша жойнинг ўзига кириб кетарди. Токча олдига етганда кампир ғалати товуш чиқариб, қичқириб юборди. Ёшлик пайтлари ўрмон айланиб юриб, қўққисдан айиққа дуч келиб қолганида ҳам шунчалик қўрққан эмасди. Ҳозир эса, оёқлари қалтираб, мадори қуриб, ўтириб қолди. Бояги қизил тухум... каттакон қирқма қовундек бўлиб шишиб кетган, усти ўша-ўша қип-қизил, олд томонида телевизорникига ўхшаган экрани ҳам бор. «Вой тавба! Ё тавба — ғўлдиради кампир. Экран ёришиб, ундан одам кўринди. Бошида ғалати кийим бор, космонавт десанг космонавт эмас, цциркларда чиқадиган масхарабоз десанг, ўхшамаяпти. «Вой, дод!» дея кампир эшикка томон эмаклаб кетди.
— Ҳой, кампир, ҳой, Сора хола, қўрқманг! — деди экрандаги одам ғалати талаффуз билан.
Оз исмини, беозор товушни эшитиб, кампир бир оз сергакланди, қўрқув чекингандек бўлди. Битта-яримта «темир жинниси»нинг қўлидан келаётган иш бўлса керак, деб ўйлади. Эмаклаб борган жойида тўхтаб, анграйиб қолди.
— Қўркманг, Сора хола! — такрорлади одам ғалати жилмайиб. — Сувдан хўпланг.
Кампир курси устидаги чойнакка қўл чўзди. Қўллари титраб, илиб қолган чойдан қулт-қулт ютди. Экрандаги одам уни юпатмоқчи бўларди:
— Сора хола, сиз оқкўнгил одамсиз, дилингизда ғубор йўқ. Узоқ умр кўрасиз, лекин... — У гапида тўхтаб, экранда кўринмаётган кимса билан имлашиб олди. Шунда ҳам гапирмай тараддудланиб қолди.
— Нима «лекин»? — дея олди кампир ниҳоят.
— Чолингизни айтмоқчиман... уни ўрмонга чиқарманг. У ерда тезроқ куни битиб қолади, кейин... — Кутилмаганда кампир қўллари билан дағдаға қилганча туриб кетди:
— Хаҳ, яшшамагур! — У бирдан чойнакка ёпишиб, телевизорга отди. Чойнак чил-чил бўлди-ю, «телевизор»га, экрани сал хиралашиб, сўнг яна ўз ҳолига қайтганини айтмаса, жин ҳам урмади. — Кўнгли сезиб турувди-я, бу иш сен муттаҳамлардан келяпти, деб. Чолимни уйга қамаб қўйиб, ўрмонда билган ишларингни қилмоқчимисанлар?
— Озингизни босиб, гапларимга қулоқ солмасангиз, ҳозироқ ғойиб бўламиз, кейин афсусланиб қоласиз.
— Нима? Нима бўлади чолимга? Уни ўлдирмоқчими? — дея шалвираб, ўтириб қолди кампир.
— Ҳеч ким чолингизни ўлдирмайди. У ўз-ўзига завол бўлади.
— Нима дединг?
— Барча жониворлар учун туғилиш, ўлиш бор, лекин ҳеч бири куни битганини ўзи билмайди. Тўғрими? Биз эса буни биламиз.
— Нега энди, чолимнинг куни ўрмонда тезроқ битиб қоларкан?
— Негаки, у ўз вазифасини ўтаётганда ортиқча берилиб кетаркан.
— Сенингча, муз-тош бўлиб юрса умри узоқ бўларкан-да? Гапинг мунча совуқ?
— Биз олис сайёрадан келганмиз, — гап бошлади экрандаги одам.
— Арши-аълодан келган бўлсанг ҳам мазах қилгани уялмайсанми?! — деди кампир йиғламсираб.
— Сизни мазах қилаётганимиз йўқ, аксинча, яхши кўриб қолдик.
— Вой, ордона қолгур.
— Чолингиз ҳам бизга ёқиб қолди, — деди одам кулгидан ўзини зўрға тутиб. — Уни иши жуда хайрли экан. Табиатга ғамхўрлик қилиб юриш ҳар бир ақлли зотнинг бурчи, бироқ ўрмонни одамлардан муҳофаза килиш ақлга сиғмайди. Умуман, ҳали-вери одамлар ниманидир бир-бирларидан қўриқлар эканлар, биз қандай келган бўлсак, шундай ими-жимида қайтиб кетганимиз маъқул. Ҳозир ҳам хатардан холи эмасмиз, лекин кимгадир яхшилик қилмасдан кетолмаймиз, қонунимиз шундай. Атроф қишлоқларни қидириб, сиз билан чолингизни танладик. Энди тушундингизми? Сиз шу тухумни авайлаб юринг, унинг ёрдамида кўп одамларнинг паймонасини узайтириб, фалокатлардан кутқариб қоласиз. Уни кафтингизга қўйиб, иккинчи кафтингизнинг орқаси билан думалацангиз, телевизорга айланади. Айни вақтда истаган кишингизнинг номини айтинг...
— Бир камим фолбинлик эди... — Зарда қилди кампир.
— Экран қизил тусга кирса... — Экран лип этиб ўчди, «телевизор» кичрайиб, илгаригидек кип-қизил тухум бўлиб қолди. Кампир қанча вақт анқайиб турганини билмайди, хаёл сургандан кўра тухумни синамайманми, деди. Уни кафтига олиб, бояги одам айтгандек қилди:
— Карим, Соранинг чоли, шаҳардаги катта дўхтир Зуҳранинг отаси... — Тухум аста шишиб, кичкина телевизорга айланди. Унинг экранида ўрмон кўринди: тоғ ёнбағирлари, арчалар, бодом, дўлана, баланд-баланд ўсган ўт-ўланлар. Кампир бу гиёҳларнинг иси уйқу келтиришини яхши билади. Иэ! Экранда одам кўриниб қолди. Карим ота?! Сора холанинг чоли!
— Ҳой! — деб юборди кампир бехосдан. Чол эшитармиди, ўт-ўланлар орасида кетаверди. — Ҳой, деяпман! Уйқу ўтлардан нарироқ юринг!
Экранда ҳеч нарса кўринмай қолди, унинг ўрни секин-аста қизара бошлаганда ўчиб қолди. Кампирни ваҳима босди: «Бояги одам экран қизариб кеца, деяётувди-я, нега охиригача эшитмадим? Чолимга нима бўлади, энди?» Озини қўярга жой тополмай, кампир ташқарига чиқди, у ёқ-бу ёққа юриб, чолни узокроқ ерга отланганини эслади, шувдаям кўриниб қолмасмикин, деган умидда ўрмонга кириб чиқди. Озини бир оз овутиш мақсадида у-буга қараган бўлди, товуқларни чақириб дон ташлади. Кўзига хунукроқ кўринган бир-иккитасини: «Қаёқдан фалокат бошлаб келдиларинг?» — деб кесак билан тушириб қолди. — «Сен яшшамагурларни етти хазинанинг бири деб юрсам, нималарга дучор қилмоқчисанлар, ҳапи? Ораларингда инсу жинслар ҳам борга ўхшаб қолди».
Кампир жаврай-жаврай овунди чоғи, бояги манзара, қизғиш рангнинг ташвиши энди арзимаган тушдай туюла бошлади, дадил қадам ташлаб, тикадиган ишларини олиб чиқиш учун уйга кирди. Қараса, токчада тухум йўқ! Иккита сичқон қувлашмачоқ ўйнаб юришган экан, лип этиб тешикка кириб кетишди. Токчанинг тагида, оёқ остида иккига ажралиб кетган қип-қизил тухум пўчоғи ётарди. Қуп-қуруқ, на сариғи кўринади, на оқи! Фақат кафтдек келадиган жой доғ бўлиб қолган, ялтираб турибди. Кампир пўчоқларни қўлига олганда, кафтига нўхатдек золдир юмалаб тушди. Унчалик оғир ҳам эмас, жуда енгил ҳам эмас. Туси сарғиш, ялтироқ. Кампир уни ташкарига олиб чикиб, ёруққа тутиб кўрди. «Олтинмикин? — хаёлидан ўтди кампирнинг. — Охшайди!»
Қисқа вақт ичида кўз кўриб, кулоқ эшитмаган сирли воқэаларнинг гувоҳи бўлган кампир эсанкираб қолаёзганидан эҳтиёткорликни унутди. Нўхатча кафтидан думапаб ерга тушди, энгашиб уни олгунича, бир чипор товуқ югуриб келди-да, ютиб юборди. Кампир ҳай-ҳайлаганча қолаверди, товуқ эса кочиб кетди.
* * *
Карим ота кун ботиб, ўрмонга қоронғулик чўка бошлаганда ҳориб-чарчаб, аранг уйига етиб келди. Остонада хомуш ўтирган кампир қувониб кетганидан югуриб пешвоз чиқди, чолининг қўлидан халтасини олди, чанг-чунгини қоқаётиб, кийимларининг йиртилиб кетганидан ажабланиб: «Сизга нима бўлди? Қаёқларда қолиб кетдингиз-эй?» — деди.
— Қайтиб келганимга хурсанд бўлавер, онаси, бир ўлимдан колдим, — деди чол ҳорғин товуш билан. Сора хола турган ерида котиб қолди, «Тухум... тухум», деди-ю, у ёғига ўтолмай, ҳўнграб йиғлаб юборди. Чол кампирини суяб, уйга олиб кирди, сув ичириб, бир оз ўзига келтирди. Қизил тухум кўрсатган кароматларни эшитгач, ўрмондаги воқэани гапириб берди...
Карим ота, ўрмоннинг тартиббузарлар кўпроқ изғиб юрадиган олис бир четига яқинлашиб қолганида, қўққисдан она айиққа дуч келиб қолди. Унинг ёнида тўртта боласи кўзларини йилтиратиб, ғуж туришарди. Айиқ болаларининг ҳеч қандай зиёни йўқ, лекин онасининг авзойи бузуқ, бир ҳамла билан чолни тилка-пора қилмоқчи! Чол елкасидан милтиғини тушириб, тепкини босмасиданоқ, айиқнинг кучли қўллари милтиқни осонгина тортиб олди. Чол унга чап бериб пичоғига ёпишди, лекин шу пайт миясида бир фикр чақмоқдек ялт этди, гўё уни илгаридан ўйлаб қўйгандек. Фикр қанчалик тез келган бўлса, чол шунчалик шиддат билан ёнида тикка ўсиб ётган ўтлардан бирини юлқиб олди-да, бостириб келаётган айиқнинг тумшуғига чаққонлик билан теккизди. Айиқ ўкирганча шилқ этиб тушди, гавдаси билан чолнинг белидан босиб қолди...
— Кийимларимни айиқ болалари йиртиб ташлашди. Озим нима аҳволда ётибману тўртталаси ташланса бўладими? У ёққа туртиб, бу ёққа туртиб, зўрға қутулибман-а!
Карим ота сафар халтасидан кўримсизгина ўт шохини авайлаб чиқариб, нафасига яқин келтирмай, кампирга кўрсатди:
— Мана, қарагин, онаси, ўша ўт. Ойлаб қарасам ўша пайтда кимдир қулоғимга ўтни юлиб айиқнинг тумшуғига тут, дегандек туюлди.
— Мен сизга доим, шу ўтдан эҳтиёт бўлинг, дердим-ку. Тухумнинг ичида кўринганингизда ҳам айтдим. Демак, ўша гапим қулоғингизга етиб борибди-да.
Чолу кампир бўлган воқэаларни узоқ эслашиб, ниҳоят, булар ҳаммаси қип-қизил нўчоқли олтин тухумнинг каромати, деган хулосага келишди.
— Тухум синиб қолгани чатоқ бўпти-да, онаси, ўзга сайёралик билан бир гаплашиб олардим, — деди чол.
— Паймонангиз тўлиб қолибди, энди пенсияга чиқинг, ишламанг, — деди кампир қатъий. — Шаҳарга, қизимиз, невараларимиз ёнига борамиз.
— Бе-э! — Қўл силтади чол. — Парво қилма, онаси, чипор товуғинг яна битта олтин тухум туғиб берса, сен уйда ўтириб олиб, мени фалокатлардан қутқариб қолаверасан.
Чол-кампир бараварига кулиб юборишди.