Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева 1942 йили Бухоро вилоятининг Қизилтепа тумани Бўстон қишлоғида туғилган. 1960 йили ўрта мактабни кумуш нишон, 1966 йили Тошкент Давлат дорилфунунининг филология куллиётини имтиёзли диплом билан тугатган. 1905—1976 йиллар «Шарқ юлдузи» ойномасида адабий ходим, бўлим мудири, 1976—1985 йиллар «Саодат» ойномасида бўлим мудири, таҳририят аъзоси, 1985 йилдан то ҳозир гача «Гулхан» болалар ойномаси бош муҳаррири, 1971
йилдан Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 20 дан ортиқ шеърий тўплам муаллифи.
Ойдин Ҳожиева ижоди гарчи 60-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланган бўлсада, унинг биринчи шеърий тўплами 1970 йилда «Шабнам» номи билан чоп эттирилади. Сўнгра «Манзиллар» (1975), «Мен севган қўшиқ» (1972), «Зар кокил қиз ва қуёш» (1972), «Утренняя роса» (1973, рус тилида), «Орзу гули» (1975), «Наво» (1977), «Тароват» (1978), «Бувисининг ўз қизи» (1979), «Достонлар» (1980), «Хушхабар» (1983), «Мушфиқ онажон» (1983), «Тамал тоши» (1989), «Сайланма» (1989), «Нажот» (1991), «Олисдан келган овоз» (1991) каби кўплаб шеърий гулдасталари дунё юзини кўрди. Улар орасида «Чашмаларни излайман» (1987) каби публитсистик асарлар мажмуаси, болалар учун ёзилган ажойиб шеърлар ҳам бор.
Унинг деярли барча тўпламларида покиза ва меҳрибон, кечиримли ва садоқатли она туйғулари, вафодор ёр, дидли, фаросатли ва нозик таъб шоира қалби жўш ури туради. Айни чоғда дунё воқеаларига ҳамдардлик, инсонлар мушкулини енгиллатиш учун кураш, ўз она халқи, она тупроги, маданий меросига меҳр алоҳида янграб туради.
Шоиранинг энг кейинги «Истиқлолга қасида» номли шеърида шу она заминга, она халққа ва унинг келажаги тақдирига жонфидолик алоҳида эшитилиб турди. У моҳир шоирагина эмас, ажойиб публнтсист, таржимон ҳамдир. Айни чоғда унинг асарлари қатор қардош тиллар ва рус тилига таржима бўлган. Ана шу фаол ва самарали ижоди унга Ўзбекистон халқ шоираси (1992) деган шарафни келтирди.