Наманганлик шоир Умархон Аҳмаджоновнинг асли касби доришунос. Уни «Сардобали шоир Малҳамий» ҳам дейишади. Умархон — Малҳамий 1940 йилнинг 23 июнида Наманган вилоятининг Сардоба даҳасида илғор зиёли оиласида дунёга келган. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Тошкент Давлат Фарматсевтика олийгоҳига ўқишга киради ва уни 1965 йилда тугатиб, ўзи туғилиб ўсган жойида доришунос бўлиб ишлай бошлайди.
Худди шу даврлардан бошлаб шеър, ғазал, қўшиқлар машқ қилади. Она ер, диёр, муҳаббат ва кишилар ўртасидаги оқибат унинг шеърларида бош мавзуни ташкил этади. Унинг биринчи шеъри 1963 йилда «Тошкент ҳақиқати» рўзномасида «Қизча муборак бўлсин» номи билан босилиб чиқади. Кетма-кет эса шоир ўз шеърлари билан туман, вилоят ва республика маҳаллий матбуотларида кўрина бошлайди. «Бойчечак», «Олтин беланчак» каби алманахларда унинг шеър, газал ва қўшиқлари босилади. Жумладан, шоирнинг «Бойчечак» алманахида «Ифтихор» туркумида тўққизта шеъри чоп этилади. У ўзининг «Фидойилик» деган ғазалида:
Жонажон дўстларга ҳаргиз жон фидо этгум келур,
Етмаса ул қадрима ул дўст баҳридан ўтгум келур,— дейди.
Ҳаётда, кишилардаги энг яхши фазилат, хислат, намунали сифатларни бир томондан олқишлаб, шунга даъват этса, иккинчи томондан бемеҳр, тошбағир, инсоний фазилатлардан маҳрум кишилардан ўзини йироқ тутади. Ҳар икки ҳолатни кўпинча қарамақарши қўйиш — контраст орқали янада ёрқинроқ ифодалашга интилади. Яна бир «Оқибат» шеърида:
Орамиздан қаерларга кетиб қолдинг оқибат,
Оқибатли эл юзидан парданг олдинг, оқибат, — дейди.
Шоирнинг шу кунгача уч шеърий тўплами чоп этилган. Энг сўнггиси 1992 йилда «Зебосан» номи билан чоп этилди. Тўплам истеъдодли ва суюкли шоир Муҳаммад Юсуф фотиҳаси билан очилди. «У, — дейди М.Юсуф ўз сўзбошисида,— Она диёр, ишқ-муҳаббат ҳақида бажонидил қалам тебратаётир. Софлик, меҳроқибат, самимийликни ўзига хос услубда куйлайди. Шоир ҳар бир китобхоннинг қалбига кириб боришга ҳаракат қилади ва бунга эришган ҳам». Ҳа, шоир Умархон—Малҳамий ўз ўқувчиси қалбига маънавий малҳам бўлиш иштиёқида, У яратган қўшиқлар ҳам шундан далолат беради. Шоирнинг «Ўтар», «Билгаймусан», «Меҳрим ўзинг», «Отажон», «Дўстларим», «Иболи бўлсин» каби қўшиқлари аллақачон ҳаво тўлқинларида ўз шинавандаларини топган. Аммо шоир ҳали изланишда, изланиш камолотга етакласа ажаб эмас.