Истеъдодли носир, жамоатчи, журналист Ўктам Усмонов қисқа умр кўрсада аммо тарих ўз муҳрига оладиган ҳикоя, қисса ва «Гирдоб» каби ажойиб . роман қолдириб кетган адибдир. У 1938 йилда Тошкент вилоятининг Қибрай тумани, Байтқўрғон қишлоғида деҳқон-боғбон оиласида туғилди. Ўрта мактабдан сўнг Тошкент педагогика институтига кириб ўқиди. Уни муваффақиятли тугатгач, аввал «Ленин учқуни» (1960— 1965), сўнг «Совет Ўзбекистони» (1965—1972) рўзномаларида бўлим бошлиғи бўлиб ишлади. 1972—1982) йилларда қарийб ўн йил мобайнида Республика партия Марказий қўмитасида, сўнг Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида котиб хамда умрининг охиригача «Совет Ўзбекистони» рўзномасида бош муҳаррир вазифаларида иш олиб борди.
Адиб ижодининг бошланиши асосан 50-йилларнинг сўнгги, 60-йилларнинг бошларига тўғри келади. У аввал ҳикоянавис, сўнг қиссанавис ва пировард романнавис сифатида эл-юртга танилди. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами 1964 йилда «Гулдаста» ва 1965 йилда «Бас бойлашган бола» номларида нашр этилади. 1970 йилга келиб, «Баҳор чақмоқлари» номи билан мазкур асар ва бир қатор ҳикоялар жамланиб тўплам ҳолида нашр бўлади. Сўнгра, адибнинг «Нотинч кеча» (1976), «Сирли соҳил» (1981) каби иккита ҳикоялар тўплами ўқувчига тақдим этилди. Ушбу ҳикояларда адибнинг маънавият, одамийлик ва инсонийлик ҳақидаги хулосалари ранг-баранг образлар тимсолида, ҳаётий деталларда умумлаштирилади.
У қиссанавис сифатида «Баҳор чақмоқлари» (1970) дан сўнг «Кишан», «Қисмат» каби бир қатор жиддий асарлар ҳам яратди. Ҳар икки асар ҳам китобхон ва адабий танқид томонидан яхши баҳоланди. Шуни айтиш керакки, адиб Ўктам Усмонов ижоди жараёнида «Гирдоб» (1979) романи алоҳида рол ўйнайди. Унда бир қатор олимлар характерини яратиш мисолида адолат билан ноҳақлик, садоқат билан хиёнат ўртасидаги кураш жараёни замонавий руҳда маҳорат билан умумлаштирилиб берилади. Шунинг учун ҳам мазкур роман 1980 йилги Ойбек мукофотига сазовор бўлади.
Ёзувчининг бир қатор асарлари, жумладан, «Чест» (1977), «Расскази (1983), «Наедине» (1982) «Ожидание” (1986) каби ҳикоя ва қиссалари, романлари рус ва қардош тилларда чоп этилган. Адиб 1990 йил 3 январда ҳаётдан кўз юмди. У қолдирган маданий мерос эса ундан ёдгорлик бўлиб қолди.