Ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган истеъдодли вакилларидан бири Худойберди Тўхтабоев Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 1933 йили туғилди. У ўрта мактабни битиргач, Ўрта Осиё дорилфунунининг филология факултетида (1950—1955) таълим олди. У кўп вақт «Тошкент ҳақиқати», «Қизил Ўзбекистон» рўзномаларида, «Гулистон» ойномасида бўлим муҳаррири ва бошлиғи бўлиб хизмат қилди. 1972—1977 йилларда «Ёш гвардия» нашриётида бош муҳаррир, «Шарқ юлдузи» ойномасида муҳаррир ўринбосари, ҳозир эса «Ёш куч» ойномасининг бош муҳарриридир.
Худойберди Тўхтабоевнинг ижоди асосан 1958 йилдан бошланди. Унинг «Шошқалоқ» номли ҳикоялар тўплами 1962 йилда, «Ёш гвардия» (1963) номли ҳикоялар тўплами, «Сир очилди» (1964) ва «Сеҳрли қалпоқча» (1965) номли қиссалари бирин-кетин нашр қилиниб, кенг китобхонлар оммасининг меҳр-муҳаббатини қозонди.
У ўзининг юмористик роман, қиссаларида ёшларнинг тўғрилик, инсонларга бўлган меҳру муҳаббат, садоқат каби олижаноб хислатлартши ва фирибгарликка қарши олиб борган курашларини қизиқарли ва таъсиртан саҳифаларда акс эттиради. Бу жиҳатдан Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» (1969) ва «Сариқ девнинг ўлими» (1973), романлари 70-йиллар ўзбек болалар адабиётининг тараққиётига қўшилган салмоқли ҳиссадир. Шунингдек, Х. Тўхтабоев «Беш болали йигитча» (1975), «Қасоскорнинг олтин боши», «Йиллар ва йўллар» (1983), «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида» (1987) асарларининг ҳам муаллифидир. Адиб мазкур асари учун Ҳамза мукофотини олган. Ўзбекистон халқ ёзувчисидир (1991).
Худойберди Тўхтабоев болалар адабиётининг чинакам жонкуяри сифатида «Камалак» нашриётида муҳаррир, бош муҳаррир вазифаларида ишлаган. Бу ижодкор номи ўзбек журналистикасида А. Қодирий, К. Алиев, В. Маҳкамов, У.Юсупов сингари фелетончилик борасиа ҳам маълум ва машҳур. Унинг ўткир фелетонлари 60—70-йиллар публитсистикасининг ажойиб намуналари сифатида жамиятимизнинг салбий иллатларидан қисман тозаланишида ўз амалий ҳиссасини қўшган.