Фарҳод Мусажонов кўп қиррали ижодкор. У аввало адиб, носир, драматург ва киноссенарист ҳамдир. У 1932 йили Тошкентда таваллуд топган. 1956 йилга келиб, Тошкент Давлат дорилфунунининг шарқ факултетини муваффақиятли тугатади. Республика радиоси, телевидениеси ҳамда «Ўзбекистон маданияти» рўзномаси, «Ғунча» ва «Шарқ юлдузи» ойномаларида фаолиятда бўлади. Ҳозирги кунда эса «Ўзбекфилм» студиясида ишлайди.
Унинг адабий ижодининг бошланиши 50-йилларнинг ўрталарига тўғри келади. Ҳозиргача унинг ҳикоя ва қиссалардан иборат 30 га яқин тўплами нашр этилган. Шулардан 10 га яқини ҳикоялар, тўртта қиссаси мавжуд. Булардан ташқари, у драматург сифатида олтита пъеса, бешта киноссенарий муаллифи ҳамдир. Яна қанчадан-қанча ҳажвий ҳикоя, интермедия, болалар учун ранг-баранг жанрда асарлар ҳам яратган. Жумладан, «Офтобни қувалаб», «Бўш келма, Алиқулов!», «Бир қултум булоқ суви» каби китобларини эслаш кифоя. Шунингдек, яратилган юздан ортиқ ҳикояларининг ярмидан кўпи ҳажвий асарлар сирасига киради. Унинг «Душанба, нонуштадан сўнг» (1974), «Боғ кўчамни қўмсайман» (1977), «Қилич ва шамшир», «Кўргулик» каби қиссалари ҳам ўз ўқувчисига эга.
У драматург сифатида «Оқ кабутар», «Нажот истаб» (Ҳамза театрида қўйилган), «Олифта», «Хизматингга ҳозирман», «Талваса» (Муқимий театрида саҳиалаштирилган) каби драмалар ҳам яратган. Айни чоғда «Жазирама офтоб остидаги уй», «Бировнинг боши», «Миноралар» остидаги сирк» «Кўзларим йўлингда», «Ҳувайдо» (Икки серияли) каби ссенарийлар муаллифи ҳамдир. Шунингдек, адибнинг «Ҳамлет» (1984), «Боғ кўча» (1987) каби қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари «Текин томоша» (1989) каби болалар учун ҳикоялар мажмуаси ҳамда «Глоток родниковой води» (1987, рус тилида) сингари китоблари чоп этилди. Истеъдодли ва сермаҳсул ҳикоянавис, қиссанавис бўлиши билан бирга, ҳажвий жанр устаси, болалар адиби, драматург, киноссенарист ва кинопублитсист сифатида китобхон ва томошабинга яқиндир.