Ҳам журналист, ҳам шоир, ҳам драматург, ҳам носир Жуманиёз Жабборов Қашқадарё вилояти, Косон ноҳиясидаги Пўлоти қишлоғида 1930 йили дунёга келган. Ўрта мактабни тугатиб, Тошкент Давлат дорилфунунида таҳсил кўрган. 1952—1953 йилларда Москвадаги Адабиёт олий курсида ўқиган. Шундан сўнг «Шарқ юлдузи» ойномасида (1953— 1962) аввал бўлим бошлиғи, сўнг масъул котиблик қилган, 1962—1964 йилларда «Гулхан» ойномасига муҳаррир бўлган. 1964—1976 йилларда «Совет Ўзбекистони» («Ўзбекистон овози») рўзномасида бўлим бошлиғи, бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлайди. 1976—1981 йиллар мобайнида Республика партия Марказий қўмитасида шўба мудири, 1981—1985 йилларда Ғафур Ғулом нашриётида директор, 1985—1990 йилларда эса Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси қошидаги таржима ишлари бўлими маслаҳатчиси, 1990 йилдан то ҳозирги кунгача Ўзбекистон Давлат мукофотлар қўмитаси бўйича масъул котиб бўлиб ишлаб келмоқда.
Жуманиёз Жабборовнинг адабий фаолияти 50-йиллардан бошланган. Ҳозиргача йигирмадан ортиқ шеърий, насрий тўпламлар, ўнлаб достонлар ва драмалар яратган. Ашш чоғда болалар шоири сифатида «Тоғдаги учрашув» (1986), «Гулжаҳон ва Ҳасанжон» (1968) тўпламларини яратган. Унинг биринчи шеърий тўплами эса 1953 йилда «Ватанимни уйлайман» номи билан чоп этилган. Шундан сўнг «Баҳор нафаси» (1956), «Мақсад йўлида» (1958), «Тоғлар садоси» (1961), «Она ер қўшиғи» (1962), «Субҳидам хаёллари» (1964), «Шеърлар» (1966), «Саҳро санами» (1967), «Лирика» (1970), «Илҳом дақиқалари» (1971), «Еътиқод» (1978), икки жилдлик «Сайланма» (1980—1981), «Хаёлимда ўзинг» (1985), «Кўпглим гўзали» (1991) каби шеър ва достонлар тўпламлари, «Достонлар» (1974), «Қуёш юрти» (1983) каби йирик поемалар мажмуаси, «20 кун дафтари» (1967), «Соҳиллар ҳикояси» (1978) каби насрий асарлар йиғиндиси нашр бўлган. Шунингдек, «Гулшан» (1957), «Тоғлар садоси» (1959), «Она ер қўшиғи» (1961), «Саҳро санами» (1966), «ЙЎлдаги ўйлар» (1968), «Дишлоқ-даги ҳайкал» (1970), «Муҳаббат наққоши» (1980) каби достонлар яратилган.
У моҳир шоир, ҳикоянавис, очеркнависгина эмас, таниқли драматург сифатида ҳам баракали ижод қилиб келади. Айниқса, у яратган «Ўжарлар» (1971), «Йиллар ўтиб» (1975), «Тўйдан олдин томоша» (1979), «Менинг оппоқ кабутарим» каби драмалари Тошкентда, қатор вилоят театрларида, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари саҳналарида қўйилиб келади.
Жуманиёз Жабборов моҳир ва сермаҳсул таржимон сифатида Лермонтов, Байрон ва Фирдавсийлар асарларини ўз она тилида сўзлатган.
Шоир, носир, драматург ва журналист Жуманиёз Жабборов адабиёт ва халқ олдидаги ана шу хизматлари учун қўша-қўша орден ва медаллар, фахрий ёрлиқдар билан тақдирланган. 1980 йилда эса унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони берилган.