Моҳир таржимон ва адив Саъдулла Кароматов 1928 йилда Бухорода туғилди. Ўрта маълумотни ҳам шу ерда олди 1949 йилда Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг филология факултетини тугатгач, Ўзбекистон Радиосида ишлади.
Саъдулла Кароматовнинг журналистик фаолияти 1954 йилдан бошланди. 60-йилларда рўзнома саҳифаларида у очеркнавис сифатида кўринди. 1963 йилда эса унинг йирик жанр даги биринчи насрий асари - “Тоғлар табассуми» номли ҳужжатли қиссаси ёзилди. Сўнг “Амунинг зар кокиллари”, “Гўзаллик рамзи”, “Кумуш камар” каби очерклар тўпламлари босмадан чиқди.
Кейинги йилларда «Бир томчи қон» (1968), “Тоғ гўзали” (1968), “Ҳижрон” (1969), “Еътиқод” (1970) қиссалалри босилиб чиқди. Бу асарлар 1971—1973 йилларда рус китобхонларига ҳам етиб борди.
Сўнгги йилларда геологлар ҳаётидан олиб ёзилган “Олтин қум” ва чўлларии ўзлаштираётганларга бағишланган «Сўнгги бархан» романларини яратди. Саъдулла Кароматов Жюл Верннинг «Сув остида 8000 милл», туркман ёзувчиси Қилич Кулиевнинг «Қора карвон» романларини, эрон ёзувчиларининг ҳикоялар тўпламларини, тожик ёзувчиси Юсуф Акобировнинг “Тегирмон тўхтагач” қиссасини ўзбек тилига таржима қилди. Ёзувчи Вадим Кожевниковнинг «Пешин чоғи кунгай томонда» деган романини ҳам ўзбек тилига ўгирган. Саъдулла Кароматовга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони берилган. Адиб 1986 йили Тошкентда вафот этди.