ХХ аср ўзбек болалар ада-биётиюшг тараққиётига муносиб ҳисса қўшган адиблардан бири шоир Қудрат Ҳикматдир. У 1925 йили Тошкентнинг энг қадимги маҳаллаларидан бири Себзорда таваллуд топади. Онаси Муборак ая эрта қазо этади (1934). Унинг отаси оддий деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади. Ўзи эса 1934 йилда ўрта мактабга кириб, уни 1944 йилда тугатади.
Шоир сифатида мактаб деворий газеталарида кўрина бошлайди, Унга Қуддус Муҳаммадий, Опбек каби устозлар меҳрибонлик кўрсатишади. 1945 йилдан бошлаб Қудрат Ҳикмат шеърлари «Ленин учқуни», «Ёш ленинчи», «Қизил Ўзбекистон» рўзномаларида, «Пионер» («Гулхан»), «Шарқ юлдузи» каби ойномаларда чоп этилади.
1947 йилга келиб машҳур бахши Ислом шоир Назар ўғлига адабий котиб сифатида хизмат этиши ундаги шеъриятга бўлган интилишини янада камол топишига олиб келади. У «Ленин учқуни», «Ёш ленинчи» рўзномалари ва «Ёш гвардия» нашриётларида фаолият кўрсатади. 1957 йилда Тошкент Давлат кечки педагогика олий билимгоҳини тугатади. Унинг биринчи шеърий тўплами «Менинг ватаним» 1950 йилда нашр этилади. Шундан сўнг унинг «Бахтли болалар», «Тинчлик—ободлик», «Москвага саёҳат», «Дўстлик», «Уч ўртоқнинг совғаси», «Набира меҳри», «Онахоним», «Алишер ва китоб», «Тошбақалар ҳужуми», «Соатжоннинг соати» каби ўнлаб шеър гулдасталари ҳамда «Чирчиқ фарзанди» каби поемаси ва «Илон шоҳ ва унинг амалдори Ари ҳақида эртак»лари яратилди.
У қайси мавзуда, қайси жанрда қалам тебратмасин, энг муҳими, меҳнаткаш, ҳалол, топқир ва чопқир болалар дунёсини кашф этишга интилади. Шунингдек, дўстлик, тинчлик, ўзаро бирдамлик, Она Ватанни севиш, уни ардоқлаш сари даъват этади. Унинг шеърларидаги болаларча самимийлик, беғуборлик ва тўғрилик шоир асарларининг ўқишли, қизиқарли бўлишини таъминлайди.
Қудрат Ҳикмат моҳир таржимон сифатида С. Маршак, С. Михалков, А. Сурков, М. Бажан, А. Барто каби атоқли адибларнинг болаларбоп шеъриятини ўзбекчага ағдарган.
У 1968 йил оғир бетобликдан сўнг 43 ёшида вафот этган.