Таниқли драматург ва адабиётшунос Сарвар Олимжонович Азимов 1923 йили Жиззах шаҳрида зиёли оиласида дунёга келди. Машҳур ўзбек шоири Ҳамид Олимжоннннг укаси Сарвар Тошкентдаги Карл Маркс номли педагогика техникумини тамомлагач, Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факултетига кириб (1942—1946) ўқиди, сўнгра аспирантурада таълим олди.
1946—1947 йилларда Радио комитетида масъул муҳаррир, 1950 йилларда Адабиёт музейида илмий ходим, 1950—1954 йилларда А. С. Пушкин номли Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, раҳбар ўринбосари бўлиб ишлади.
1954—1956 йилларда Ўзбекистон партия Қўмитасида фан ва маданият бўлими бошлиғи, 1956—1957 ва 1980— 1985 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасига бошчилик қилди. 1957—1959 йилларда Маданият вазири, 1959—1969 йилларда Республика ҳукумати раиси ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири бўлиб хизмат қилди.
1969—1980 йиллар мобайнида собиқ СССРнинг Сурия ва Покистондаги элчиси, 1986—1990 йилларда Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлади.
Ёзувчининг адабий-танқидий фаолияти 1948 йилдан бошланган. «Ўзбек адабиёти тарихини бузишга қарши», «СССР халқлари адабиёти хрестоматияси тўгрисида», «Ёш ўзбек ёзувчилари ижоди ҳақида» каби асарлари билан илмий-назарий масалаларни илгари сурди. Сарвар Азимов Ҳамид Олимжон ижоди бўйича узоқ йиллар илмий-тадқиқот ишларини олиб бориб, 1953 йилда номзодлик, 1972 йилда докторлик диссертатсияларини ҳам қилди.
У ўрта мактаблар учун ўзбек адабиёти дарсликлари хрестоматиялари ва дастурларини яратишда катта меҳнат сарф қилган.
Сарвар Азимов ўзининг саҳна асарлари билан шўро даври ўзбек драматургияси ва театри тараққиётига муҳим ҳисса қўшиб келди. «Қонли сароб» (1961), «Оппоқ тонг қўшиғи» (1962), «Юлдузлар жамоли» (1964) асарлари ва адабиётшуносликка доир илмий-назарий китобларни ўзбек адабиётининг муносиб ютуқлариландир. «Замон» драмаси (1968) ўзининг ғоявий-бадиий пухталиги билан драматург ижодида алоҳида оърин тутади. Бу асарда колониализм кишанларини парчалаб ташлаб, ўз мустақиллигига эга бўлаётган чет-ел халқларининг ҳаёти, озодлик учун кураши, миллий озодлик учун курашинин Шарққа кенг ёйилиб, уларнинг юрак-юракларига, ақл идрокларига кириб, сингиб бораётганлиги ифодаланиб берилган.
Сарвар Азимов барча драматик асарларида чуқур халқчиллик билан даврнинг муҳим муаммоларини кўтарди. Хорижий мавзуда ёзган асарлари билан ўзбек драматургиясига дунё халқлари тақдири мавзусини олиб кирди.
Сарвар Азимов ўзбек драматургиясини янги мавзу, янги шакл, янги образлар билан бойитиб келаётган ижодкор.
Ижодкор бир қанча радиоқиссалар сенарийси муаллифи, киноқиссалар авторидир. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси.