Ўзбек адабиётининг яқин тарихида ўзининг юксак ва сержило истеъдоди, серсамар фаолият мақоми билан ёрқин из қолдирган Мақсуд Шайхзода ижодиёти, турфа фазлларга бойлиги боис, ҳам ҳайратбахш, ҳам ибратлидир. Унинг шеърияти тафаккур тарзи донишона, туйғулари ҳимматли, орзулари олам мусаффолигию инсоният комиллиги бўлган бетакрор лирик қаҳрамонни намоён қилади.
Жаҳон адабий жараёни сўз санъатининг қизиқарли, ғоявий- назарий тадқиқ тармоғи — шеъриятнинг моҳият ва мезонларини идроклаш масалаларига доимо ҳамнафас яшаб келади. Шеърият нималиги, қандай лириканинг мақбуллиги, қай йўсин поэтик тафаккурнинг яшовчанлиги ҳақидаги муаммоларга муносабатлар даврларга хос кун тартибида туради. Бу борадаги баҳслар, ҳислар, мушоҳадалардан ҳеч бир адиб, адабиёт олими ва ҳеч бир шеърият мухлиси чеккада қолмаган.
Шайхзода Шарқу Ғарб адабий меросини чуқур ўрганган, дурдона тажрибаларни саралаб, манзур жиҳатларини ўз ижоди ҳамда адабиётимиз манфаати учун оқилона хизмат қилдира олган, уларни холисона хулосалаб бера олган олим-адиб ҳам эди. У Фирдавсий, Низомий, Шота Руставели, Шайх Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Бедил, Фузулий, Навоий, Бобур, Машраб, Муқимий, Фурқат, Ҳамза сингари ўтмиш шоирлар, шунингдек, ўзига замондош бўлган кўплаб ўзбек ва қардош адибларнинг ижодлари бўйича изланишлар, илмий ишлар олиб борди.
Адабиёт, фалсафа, тарих, мантиқ, фольклор, тилшунослик илмларининг пухта билимдони — Шайхзоданинг Навоий ижодига оид мақолаларидан ташкил топган «Гениал шоир» (Тошкент, 1941 йил) тўплами ва унинг 1948 йилда яратган Навоий лирикасига бағишланган катта илмий ишига атоқли адабиётшунос Азиз Қаюмов юқори баҳо беради. Шайхзода кузатишлари, таҳлил ва хулосаларининг адабий-назарий аҳамияти юксак эканини эътироф этади. «Навоий шеъриятининг бу чуқур илмий тадқиқоти» барча қимматли илмий мулоҳазалари билан навоийшуносликда ҳамиша алоҳида ўрин эгаллаб қолажагини таъкидлайди.
Мақсуд Шайхзода адабиёт назариясининг ҳамма замонлар ижодкорлари учун зарурий йўл-йўриқлари, мақсад- талабларини, адабий алоқалар ва таъсирларни, муайян ижодкорларнинг хосликлари ва поэтик маҳоратларини, умуман, жараённинг ғоятда долзарб масалалари, муаммоларини теран тадқиқ этади. Мутлақ умумий меъёр, қонуният ҳамда қарашларни адабий тажрибалар мисолида далиллайди, айни чоқда, бошқаларга ўхшамас индивидуал услубий хусусиятлар орқали адабиётни юксалтириш омилларини маъқуллайди.
Сўз санъати назариясининг барқарор қоидалари, бадиият, вазн, қофия, аруз, шеърий санъат каби билимларни мустаҳкам эгаллашнинг адабиёт тараққийси учун нечоғли муҳимлигини уқтиради. Уларни кенг тарғиб этади. Ижодлар, уларнинг муносиб намуналари тадқиқи мобайнида ҳамма тез англамайдиган энг нозик қирраларни, маъноларни, тагмаънолар ва санъатларни тушунарли таҳлил орқали очиб беради.
Чунончи, Навоий ғазалиётини қадим Шарқ ғазалчилиги қамровида, анъанавийлик, бардавомлик, новаторлик нисбатида қиёсан кузатар экан, илк бора фавқулодда ҳаққоний илмий хулосаларни юзага чиқаради. Шайхзода ғазалнавислик тараққиётининг бадиий тасвир воситалари арсеналига Навоий томонидан олиб кирилган бир неча «поэтик усуллар»ни аниқлайди ва шундай ёзади:
«Навоий ғазалининг асосий ва биринчи хислати унинг мантиқий тарзда тузилиши, бир моментнинг иккинчи моментдан туғилиб келишидир. Бу жуда муҳим хислатдир. Чунки кўп ғазалнавис шоирларда шеър гўзал ва алоҳида байтлардан иборат бўлиб, механик равишда тузилгани учун ундаги байтлар олдинма-кейин қилиб алмаштирилса, ўқиган киши бу ўзгаришнинг фарқига етмаслиги ҳам мумкин. Шу маънода олганимизда бир қанча ғазалнависларнинг шеърларида сюжет кўринмайди».
Дарҳақиқат, Навоийга қадар яшаб ижод этган аксарият шоирларнинг назмларида ягона бир мавзу ва образ асар мобайнида устуворлик қилмас ёки мавзунинг талқинида байтлар тартиботига ўта жиддий ёндашилмас, тематик жиҳатдан бир- бирига яқин истиоралар, ташбеҳлар ёнма-ён тизилар, натижада нафис, бироқ воқеабанд бўлмаган асарлар вужудга келар эди. Бундай лирик шеърлар, Шайхзода фикрича, ўзларида субъектив ҳисларнинг тарқоқ жилваларини намоён қилади. Навоийда эса бу масаладаги маҳорат жуда юксак: ҳатто энг кичик лирик шеърларида ҳам фикрий муддаонинг бутунлигини, объектив воқеаларнинг ботартиб силсиласини, байтларнинг мантиқий ришталар билан айнан ўз ўрнида боғланишини кузатиш мумкин. Шундай моҳирлик туфайли ғазалида парчалаб бўлмас бир бутунлик, байтларнинг бир-бирига тасодифий эмас, балки мантиқий муносабатлар билан боғланиши ҳосил бўлади.
Албатта, Шайхзода тасвирланган «воқеа» деганда реал содир бўлган ёки лирик тўқима саналган аниқ, ҳаётий-эпизод ҳодисани эмас, даставвал мисраларда, байтларда баён қилинган маъно-мазмунларнинг ягона мавзу ичидаги ҳамоҳанглиги ва муштараклигини, «сюжет» деганда эса, насрдаги шу номли ёки «фабула» деб аталмиш тушунчаларни эмас, кўпроқ ўша яхлит мавзу доирасидаги фикр, маъно, образлиликнинг изчиллигини, фикр ташувчи байтларнинг ниҳоятда тўғри, ўз ўрнида жойлаштирилишини назарда тутади. Шу зайл нозик кузатувлари натижасида қатъий тўхтамга ва хулосага келадики, ғазалларда кенг маънодаги маълум бир воқеани ярата билиш, байтларни маънан, фикран ва суратан боғлаш у ёки бу даражада Навоий лирикасига хос бўлган биринчи бадиий усулдир.
Бу—мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг шеършунослик мактабидан олинадиган саноқсиз сабоқлардан бирининг олим Шайхзода томонидан қилинган илмий кашфи. Бу—айни ҳолда, лирикага хос сюжет масаласига шубҳали қарашларга, шеъриятдаги сюжет ва композицияни идрокламасликка қарши далилий илмий тадқиқ. Бу —шоирларни мантиқий воқеабандликдек юксак санъаткорликка ундов ва чорлов.
Сўз санъатига дахлдор етук илмлардан, дунё адибларининг ютуқлари сирларидан муфассал воқифлиги, зукко ва нозиктаъб шеършунослиги Шайхзоданинг ўз шеъриятида ҳар жиҳатдан тасдиқларини топди. У яратган шеърият катта маҳорат мактаби бўлиб, унинг дарсхоналарида бадиий ижоднинг хилма-хил мақсад ва вазифаларига қай йўсинда ёндашув жоизлигини ҳисламоқ, ўрганмоқ мумкин. Шайхзода адабий меросини, хусусан, лирикадаги ижодини адабиётшунослик ва тилшунослик йўналишларида шу нуқтаи назардан алоҳида тадқиқ этиш мақсадга мувофикдир. Бундан ташқари, аллома адибнинг шеър илмига доир адабий-назарий қарашлари муайян муносабатлар билан бевосита шеъриятининг ўзида, унинг мазмунида маълум даражада ўз ифодасига эга.
Ижодкорнинг масъуллик туйғусини, унинг шараф-номусини, сўз санъатининг ўзига хос тақозоларини, ҳаётнинг шоирга таъсирлар кўламини, шоирнинг оламга муносабат миқёсларини Шайхзода «Шоир қалби дунёни тинглар...»(1960 йил) шеърида «товуш» рамзий поэтик образи орқали жўшқин, янгроқ мисраларда ифода этади: шоирнинг қалби бутун дунё ҳодисот ва манзараларига ҳамнафас, ҳамоҳанг яшайди, Ер юзининг барча кўчаларидан, кундузлари, кечаларидан унинг қалбига турли-туман овозлар кириб келади, бу унлар шоир дилининг ҳамрозларидир.
Шоир қалбин дарчаларидан талай товуш кириб келади.
Худди борлиқ парчаларидан яратилар дунё сурати.
Товушларнинг кичик, улуғи, товушларнинг ҳиди-бўйи бор. Товушларнинг совуқ, илиғи, товушларнинг ранги-рўйи бор. Товушларнинг ширин-аччиғи, бордир ҳатто юмшоқ, қаттиғи.
Ошиқлар пичири, гулханлар гуриллаши, эҳтиросли кую нағмалар, «ҳатто ранги қора, сим-сиёҳ» нолалар — овозларнинг барча-барчаси шоир қалбига беижозат оқиб кирадилар; уларни шоир бежавоб қолдирса, жабрини ўзи тортади — нашъалардан жудо бўлади, қалби ҳаво кирмас мангу берк, ғариб бир сағанага айланади.
«Соҳилда ўйланишлар» шеърида Шайхзоданинг олам ва инсон моҳияти бобидаги қарашлари янада мантиқан ёниқ, поэтик жозибадор намоён бўлган. Ер юзида инсон учун яратилган мўъжиза неъматлар, яратиқлар нақадар кўп. Бошқа гўшаларга нисбатан денгиз соҳиллари инсонда фалсафий майлларни кўпроқ қўзғайди, ўйлашни, тафаккурни талқин айлайди. Соҳиллар файласуфлар кабидир: зеҳнга муаммолардан сўз сўйлайди, ҳаёт ва ўлим низосини, фонийлик ва мангулик нисбатини ўйлатади. Оқу Қора, Қизил денгизлар, бўғоз, кўрфаз, ороллар, қумлоқ, тўлқин, тоғу ўрмонларга боқаётган шоир мақсадга чинакам мувофиқ яралишни — илоҳий меъёрни, мувозанатни ҳис қилади. Буларнинг баридан бош мудлдо — инсон манфаати гўзаллик ва эзгулик яратиш. Ўзи туйган ҳикматларини шоир шеърият зиммасидаги мажбуриятлар билан қиёслайди:
Худди шундай: шоирнинг юраги ҳам узоқ-яқин башар зотига ҳамдам.
Худди шундай: шоирнинг байтлари ҳам
Дунёнинг дардлари ва ташвишига
Зафари, кураши, интилишига, ҳар жой, ҳар рангдаги истакларига,
Ростига, тушига, эртакларига очиб кенг бағир меъёр-ку, ахир!
Лирик қаҳрамон баъзан шоир сифатида қиёфаланади. Истеъдод зиммасидаги улкан масъулиятнинг машаққатли, марғуб-номарғуб томонлари ҳақида поэтик баҳс юритади. Вақтнинг шиддатли ўтиши, давроннинг қизғин янгиланишлари шоирдаги ҳозиржавоблик ҳиссини орттиради. Гоҳ шеърга, қаламга, шеъриятга, сиёҳдонга мурожаат усулида бу борадаги ахдини, мақсадларини изҳор қилади. Вазифанинг кўплиги ва улгиришнинг қийинлигидан ҳаяжонланиб, «қомусдай сўзлик»ка эҳтиёж сезади. «Толе йилларига негиз қўйганлар... Замон кутмаслигин билиб...» эртани бугун ўзлашТирганлар, йўлларда қадамни тезлаштирганлар («Иқбол дафтари»). Шоир юракларнинг баралла овози билан баланд пардаларда куйламоғи, унинг юраги «гўзаллик ходими» бўлмоғи керак («Йилларни кузатиб, йилларни кутиб,..»):
Шеърим, сен йилларнинг савлатин куйла!
Биламан, бу қийин... Бағоят қийин!
Шеърнинг ўлчовлик мисраси ила
Мумкинми ўлчамоқ йилларнинг бўйин!
Ижод талаблари, сўзни қўллаш маромлари ҳамда баён мезонларини Шайхзода шеърий шаклларда ҳам ўринли, таъсирчан уқтиролган назариётчидир. Беҳуда қасидачиликни, номуносиб мадҳни, сохталикни қоралайди шоир («305-бетда ўлди қаҳрамон», «Қалам»). Юлдузларнинг сони қадар шоирлар кўп ўтган, улар юлдузларга бағишлаб сон-саноқсиз нағмалар битган. «Тасвирларни устозлардан оширмоқ учун Ҳар қаламга қўшмоқ керак қирқ юлдуз кучин». Ва лекин шеъриятда бош мавзу ва мақсад мукаррам хилқат—инсон бўлиши зарур («Сен ўзинг—шеър»). «Инсон: шеър ва шоир» манзумасида Шайхзода шундай мисралар битади:
Қалбида эрк билан кўркни жамлаган,
Башарнинг иқболин, нурин ғамлаган
Инсон шарофати — шеъримга мавзу,
У билан мушарраф қўшиқ ва ёзув.
Ҳа, бундай тарона қуёшга фарзанд,
Ундан юлдузлар ҳам, гуллар ҳам хурсанд.
Мисрага юкланса оғир ўй-хаёл,
Майли, ўша байтим аталсин ҳаммол.
Мисрага туйғулар бўлсалар ҳамкор,
Аталсин у байтим учағон шунқор.
Назм соҳиби ғазалнинг-да қадрини авайлаши, сўзини ҳадеб сотишдан сақланиши, шеър неъматининг обрўсини туширмаслиги лозим. Зеро, шоир сўзнинг қадрини билолмаса, ўзини ҳам ҳеч қачон била олмайди («Икки шеър»). Шайхзоданинг «Рубоий ҳақида рубоий»сидаги поэтик сўроқлар ҳар қандай шеърга, ижодий намунага юкланувчи талабларни чуқур идрок қилишга ҳам чорлайди:
Ҳар қандай тўрт товуш нағма бўлурми?
Илгаксиз кўйлакда тугма бўлурми?
Рубоий — маънолар баҳрида кема,
Тўрт дона қайиқдан кема бўлурми?
Шоир бевосита ижоднинг бирор масаласига бағишланган ёхуд тамоман бошқа мавзуларга тегишли турли жанрлардаги шеърларида, муайян мантиқий истак-майллар боис бўлиб, ижодкорлик заҳмати («Айрилиқ»), шеъриятнинг етакчи муддао, тамойил, вазифаларига ибратли муносабатлар билдиради. «Мисранинг туғилиши» шеърида қуйидагича ёзади:
Оқшом чоғи эшикни қоққан
Азиз, гўзал, лекин ногаҳон
Кутилмаган меҳмонлар каби
Хаёлимда образлар бесон.
Ҳар бири ҳам ўсмоқ истайди,
Ҳар бири ҳам истар навозиш,
Ҳар бири ҳам норасида ёш,
Қилмоқ керак уни парвариш.
Уймаланган қатор ташбиҳлар
Карвондир, сарбон истайди.
Шитирлаган баргдан тўқилган
Қофиялар мени қистайди...
Фикр кияр хаёл либосин,
Ўхшар суратхонага мия.
Руҳим кўчар шеъристонга,
Шўх қанот-ла учар қофия.
Ватан берар шоирга ишқни,
Шўх қофия—унга баҳона.
Шу Ватандан шуъла нур олган
Мисра учун, айт-чи, баҳо на!
Шайхзода шеъриятида илми адаб ва шеършуносликнинг — тур, жанр, вазн, қофия, аруз, бармоқ, услуб, шакл, мазмун каби адабий унсурларнинг шоирона талқинларига, таърифларига бот-бот дуч келасиз: «Наср —оғир қадам, назм—чопағон», «Гул» ила «булбул»ни жуфтламоқ арзон» («Тошкентнома»}; «Қайтариқ сўз назм уйин қилади вайрон» («Сен ўзинг —шеър»); «Гап қаламда ё жинсида эмасдир, Қаламкашнинг қалбидадир ҳамма сир», «Ҳар шоирнинг ўз қалами, хати бор, Шеършунос бунга қилар эътибор»(«Қалам»); «Сиёҳдон, замонга бизмиз жавобгар, Йўқса, иккимизга ҳақли гап тегар» («Сиёхдоним») ва ҳоказо.
Низомий, Навоий, Фузулий, Махтумқули, Пушкин, Толстой, Ҳамза, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир ва бошқа адибларга бағишлаган манзумалари ҳам бу ижодларга халқлар эҳтироминигина эмас, Шайхзоданинг адабиётга оид улуғвор қарашларини ҳам ўз ичига олади. «Розиман, бутун ер куррамиз учун Бир карра мен тортсам барча дардларни», дейди фидокор шоир «Товушлар» шеърида. Шайхзода шеърни «киши руҳиятининг сероҳанг сози», бадиий адабиётни дунёни ва инсон қалбини покдомон этувчи, руҳни бойитувчи, гўзаллаштирувчи «гўзал дўстимиз» деб билади. Шеърсиз қалблар аянчли, ачинарлидир. Бечоралар билмайдики, «Шеър чин гўзаллик синглиси экан»:
Шеърият диёрин шоирларимиз,
Қар уй, ҳар кўнгилга байтлар бўлсин ёр!
Элга дастёр бўлса шеърларимиз
Демакки, умримиз ўтмабди бекор!..
Шайхзода—кўламдор маънодаги сўз санъаткори, бадиий сўз муаллими. Айниқса, тадқиқ мақсадида ўрганилар экан, унинг шеърияти нодир топилма-дурдоналарни — ўзигача бўлмаган бетакрор қофияларни, янги ихтиро сўзларни, ҳикматона ибораларни, вазнларнинг имконият миқёсларини, ҳатто товушларнинг мақсадга ҳамоҳанг товланишларини намойиш қилади. Шайхзода шеърияти шеършуносликнинг барча мавзу- масалаларидан сабоқлар берувчи мактаб ҳамдир.
Тоҳир Шермуродов “Жозиб изҳор излаб” китобидан