Тилнинг бутун қудрати — унинг халқ дилида ва меҳнат жараёнида яратилиб, бойиб бориши билан боғлиқдир, Одамлар бир ишни кўплашиб қилганларида бир-бирлари билан сўзлар воситасида алоқа қилишга эҳтиёж сезадилар. Бир авлод ўзининг иш тажрибасини иккинчи авлодга сўзлар воситаси билан тушунтиради. Шу тарзда бундан юзлаб, минглаб йиллар олдин яратилган тил бойликлари авлоддан авлодга ўтиб, кишиларнинг маънавий дунёсини бойитиб боради. Тил меҳнат жараёнида яратилгани туфайли унинг бош манбаи ва асосий илдизлари, бинобарин — асосий бойликлари ҳам меҳнаткаш халқда бўлади.
Улуғ бобомиз Алишер Навоий 1499 йилда ёзган «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида туркий ва форсий тиллар ҳақида қиёсий фикр юритгани маълум. Бу асарнинг мақсади — бир тилни улуғлаб, иккинчисини камситиш эмас эди, балки ҳар икки тилнинг ўзига хос фазилатлари, афзалиятлари борлигини исботлаш эди. А. Навоий ўз она тилининг афзалиятларини исботлашда бутунича халқ тилига таянган, ёзма адабиётга меҳнаткаш халқ тилидан кирган жонли сўзларни махсус таъкидлаб кўрсатган эди:
«Сипқармоқ, қизғанмоқ, термулмоқ, безанмоқ, ўкурмак, қинғаймоқ, бўхсамоқ».
Кўпчилик миллий тилларнинг мустақил тараққиёти учун характерли бўлган умумий бир қонуният бор. Бу қонуният шундаки, ҳар бир тилнинг афзалияти шу халқнинг ўзи билан бирга яшайди. Ўз халқидан ва ўз сарзаминидан ажралиб қолган, бошқа халқнинг юқори табақаларига китоблар ёрдами билангина ўргатилган тил богдан кўчириб олинган ва тувакка ўтқазиб қўйилган ўсимликнинг аҳволига тушади. Тувакда ҳам, албатта, тупроқ бор, сув, ҳаво бор, бироқ ҳаммаси чекланган, шароит табиий эмас, сунъий. Шу сабабли ўзига хос табиий шароитларда ўсадиган ўсимликлар тувакда ўсадиган ўсимликлардан устун келаверади.
Шунга ўхшаб, ҳар бир тил ўз халқининг тарихига, урф- одатларига, психологиясига, турмуш шароитларига чамбарчас боғланган бўлади ва бу боғланиш иплари узила бошласа, тил ўзининг табиий кучини, гўзаллигини, бойлигини йўқота бошлайди.
Халқ тили бойликларидан фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида Л. Толстой шундай деган эди: «Халқ сўзлашадиган тилда ёзувчи ифодаламоқчи бўлган ҳамма товушларни бериш имконияти бор — мен шунисини яхши кўраман. Бундан ташқари, энг муҳими шуки, халқ тили — энг яхши бадиий регулятордир. Халқ тили ортиқча жимжимадор, шиширилган нарсаларни айтмоқчи бўлганингда ҳам айтгани қўймайди».
Халқ тили мана шундай регулятор бўлиши учун ёзув¬чи ўзи тасвирлаётган воқеликка ҳаққоний ва самимий муносабатда бўлиши керак, китобхоналарнинг эҳтиёжларини ҳамиша ҳис қилиши керак. Чунки жонли тил — алоқа қуролидир. Алоқа эса ҳамиша сўзловчидан эшитувчининг эҳтиёжини ҳисобга олишни талаб қилади. Одамлар бир- бирлари билан сўзлашганларида, улардан энг асосий эҳтиёж - ҳақиқатни билиш, ўзини қизиқтирадиган бирор нарса ҳақида чин, аниқ тасаввур олишдир. Айтиш мумкинки, инсоний сўз — асли туғилишида чин сўз бўлиб туғилган. Кейин унинг ёнида ёлғон сўз ҳам пайдо бўлган-у, дарахт- га чирмашиб ўсадиган зарпечак сингари чин сўзга чирмашиб, унинг ҳисобига ғовлай бошлаган.
Жимжимадор баландпарвоз тилда ростни ёлғондан, самимиятни қаллобликдан ажратиш қийин. Жонли тил эса халқ ҳаётига чинакам боғлиқ бўлганлиги учун, бунда реалистик хусусиятлар потенциал имкониятлар тарзида ҳамма даврларда мавжуд эди. Мана шу имкониятлар ҳар бир миллий адабиётда тўлақонли реализм ғалаба қилаётган даврларда бутунича юзага чиқади.
Ҳамза яратган «Майсаранинг иши» комедиясида Мулладўстнинг қандай сўзлашини эсланг: «Буни қарангки, иккам ўттиз йилдан баққа мана шу бехосият остонаи номуборакда мингдан ортиқроқ хотин ҳалола бўлади. Биздақа пешонаси тўмтоқ, қурумсоққа бирортаси ҳам... тегмапти-е! Вой сени бекорчиликда яратган худойимдан ўргулай... Бу бизнинг пешонамизга хотин битишга келганда ё қалами қудратнинг сиёҳи адо бўлиб қолган, ё... худойимнинг қулоғи билан биздақа камбағалларнинг орасига Жаброил деган бесўнақай қанотларини тўсиб олган-да... Бўлмасам, наҳот бир кам қирқ йилдан бери хотин сўрашни қилавериб оғзимиз халта бўб кетса-ю, бир алвастигаям учрамасак-а! Ўргулиб қўйдим!»
Ўтган асарларда халқчил адабиётининг шаклланишига эски жимжимадор китобий тил кўп халақит берар эди. Шунинг учун ёзувчиларимиз халқ тилини менсимайдиган текинхўр синф вакилларини ўз тилларида сўзлатиб ҳажв қиладилар. Бу жиҳатдан Абдулла Қодирийнинг 1922—1925 йилларда «Муштум»да давомли босилган «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтаридан» номли қиссаси жуда характерли.
Калвак Маҳзум ер ислоҳоти ўтказилаётган йилларда Гўристон деб аталган бир маҳаллага имом бўлади-ю, қавмларининг орасида, бировдан тортиб олинган мулк ҳаром бўлишини айтиб чаппа ташвиқот юргизади. Бундан хабардор бўлган тегишли ташкилотлар милтиқли одам юбориб, Маҳзумнинг оёғини ерга тегизмай олиб кетади.
«Алқисса, арақ-арақ тер босиб ва яна қалб мисли кабутар бачча бетоқат ва беором ул... буқъаға етдим. Ул дев сийрат фақирни бўсағада девбаччаи дигарга топшириб, ўзи ғойиб бўлди. Бул кашкашон, гардан кашон маъносидан ҳайрон ва харосон таҳорат танг қилиб... эрдим.
Алқисса, ичкаридин ўшал шапкапўш чиқиб, фақирни чоғирғонида «дуои забон басти»ни такрорлаб, бир эшиқдин кириб, бировидин чиқиб, боз бир эшикни босиб, алҳосил, учулончи хонада сандалнишин бир бадҳайкал сарбараҳнага йўлиқдим. Албатта, ҳаромзодаларнинг сардори шул бўлғай деб, муросасози дасти алиф-лом таъзим адосидин сўнг, ул сардор «келинг, домла» деб заҳарханда қилди».
Эски достонлар ва «Қисасул-анбиёлар»нинг дабдабали услубида ёзилган бу парчанинг жўнгина маъноси бор. «Буқъа» — бино. Милтиқли киши Маҳзумга афсонавий дев бўлиб кўринади. «Кашкашон, гардон кашон», дегани «милиционер мени бўйнимдан боғлагандай ва судрагандай қилиб олиб келди» дегани. Домла бундан шу қадар харосон бўлган, яъни қўрқиб кетганки, таҳорати танг келиб, расво бўлишига сал қолган. «Шапкапўш» — «шапка кийган», «сандалнишин» — «сандалда ўтирган», «дуои за¬бои баста» — «тилни боғлайдиган дуо», сарбараҳна» — «бошяланг», «муросасози дасти алиф-лом» — «муросасозлик билан қўл қовуштириб». Маҳзум атайлаб ўзбекча сўз ва иборалар ўрнига форсча-арабча ишлатади, чунки у шунга одатланган. Маҳзумнинг мулло Берди деган аттор ошнаси ҳозир идораларда ўзимизнинг она тили ишлатилаётганини айтади. Шунда Маҳзумнинг кўнглига «она тилини маҳкамаларда ишлатиш жойизмикан, йўқмикан?» деган шубҳа келади. «Аммо бу масала тўғрисида бир ўзга вақтда китоб кўрмоқчидурман», — дейди у ўзига ўзи.
Маҳзум ҳаётдан бутунлай узилиб қолган, ўз она тилидан ҳам ётсирайдиган, фақат китоб кўриб яшайдиган одам. Йигирманчи йилларда адабий тилимиз тез суръатлар билан янгиланаётган бир пайтда илгари ҳукмронлик қилиб келган жимжимадор китобий тил «Калвак Маҳзумнинг хотира дафтари»да ўзининг бутун «сепи»ни ишлатиб қолади. Чироқ ўчишдан олдин бир лопиллайди. Шунга ўхшаб, дабдабали китобий тил янги адабий тилга ўрнини бўшатиб бераётиб, Калвак Маҳзум каби «пилик» ёрдамида яна бир лопиллаб кўринади. Бироқ энди бу лопиллашдан ёзувчи ҳажвий кулги чиқаради.
Албатта, биз «жимжимадор китобий тил» деб мумтоз адабиётимиз тилини айтаётганимиз йўқ. Гўзал образларга бой бўлган классик адабиётимиз тилининг энг яхши бадиий анъаналари бугунгача давом этиб келяпти.
Пиримқул Қодиров