Калила ва Димна (2)

ДИМНА ИШИНИНГ ТЕКШИРИЛИШИ

Рожа брахманга деди:
—    Мен сенинг хоин ва тухматчи душман хақида айтиб берган достонингни эшитдим. У қайси йўл билан хақни нохақ қилгани, шерни йўлдан чиқаргани, дўстликни душманлик билан, ахилликни адоват билан алмаштирганини билдим. Энди агар майлинг бўлса, мархамат қилиб, шер Димнанинг ишини қандай фош этганини, Димна ўзини оқлаш учун қандай бахоналар келтирганини сўзлаб берсанг.
Брахман деди:
—    Ноҳақ қон хеч вақт ерда қолмайди. Шер хўкизни ўлдиргач, бироз ховуридан тушди. Кейинчалик бу ишни шошилинч қилиб қўйганлигидан пушаймон бўлди... Шатраба берган ваъдалари ва унинг билан қурган ажойиб сухбатлари ёдига тушиб виждон азобида қийнала бошлади. Шатраба унинг яқинлари орасида энг мўътабари эди. У доимо хайвонлардан Шатраба хақида хикоя қилиб беришини илтимос қиладиган бўлди. Бир кеча қоплон билан сўзлашиб ўтириб тунни ярим қилди. Қоплон ижозат олиб ўз уйига кетди. Йўли Калила ва Димна уйлари ёнидан ўтар эди. Уларнинг уйлари ёнидан ўтиб кетаётганида Калила билан Димнанинг гаплашаётганларини эшитиб қолди. Қоплон секин-аста бориб қулоқ солди. Калила
дер эди:
—    Димна, сен зўр таҳликали иш қилдинг. Ҳийла ишлатиб шернинг Шатрабага берган аҳдини бузишга муваффақ бўлдинг, бу билан шерга зўр хиёнат қилдинг. Бу жиноятинг хар вақт очилиши мумкин. Унда нима қиласан? Ҳеч ким сени кечирмайди, вахший хайвонларнинг хеч бири мудофаа қилмайди, балки хаммалари иттифоқ бўлиб, сени қатл этишни талаб этарлар. Мен хам бундан кейин сен билан қўшни бўлишни истамайман, сен билан дўстликдан кечаман, энди мен билан кўришмай қўяқол. Сенинг қилиқларингдан нафратланаман. Висолинг хижронингдан кўра дахшатлироқ. Олимлар дебдурларки: «Ахмоқдан қанчалик узоқ бўлсанг, бошинг шунчалик саломат бўлади... »
Димна деди:
—    Эй азизим, ўтган ишга саловат! Бўлар иш бўлди, хадеб мени таъна қилаверишдан фойда йўқ. Кел, эски гапларни қўй, хурсандчилик қилайлик, душман йўқ бўлди. Мақсадга эришиш учун йўл очилди, орзу ғунчаларининг гуллаш пайти келди. Мен хиёнат ва жиноят яхши эмаслигини ўзим хам биламан. Лекин хасад ва молу мансаб иштиёқи, шухратпарастлик мени бу ишга мажбур қилди.
Қоплон бу сўзларни эшитиб, шернинг онаси ёнига борди ва деди:
—    Малика, бир сир бор, агар уни сақлашга сўз берсангиз, сизга айтиб бераман.
Шернинг онаси сўз берди. Қоплон бутун эшитганларини, Калила хижолат чекаётганини, Димна ўз жиноятларига иқрор эканлигини сўзлаб берди.
Эртаси куни эрталаб шернинг онаси ўғлининг хузурига келди. Шернинг жуда ғамгин эканини кўриб сўради:
—    Эй ўғлим, нега хаёл суриб ўтирибсан? Шер жавоб берди:
—    Қилган ишимдан жуда хафаман. Шатрабанинг менга қилган хизматини, кўрсатган садоқатини эслаганим сари юрагим ўртаниб кетади. У менга хайрихох маслахатчи ва самимий бир дўст эди. Минг уринсам хам Шатрабани ёдимдан чиқара олмайман, у кўз ўнгимдан нари кетмайди.
Шернинг онаси деди:
—    Шоҳнинг юраги Шатрабанинг гуноҳсиз ўлдирилганлигидан дарак бериб турганга ўхшайди. Афтидан, бу иш чуқур текширилмасдан хамда асосли далилларга суянмасдан амалга оширилган. Дўстлар орасини бузган бир хоин ўзини дўст қилиб кўргаза билибди.
Шатраба хақида уйдирма афсоналар тўқиб, шохни йўлдан оздиришга муваффақ бўлибди. Энди шохнинг ақл ва идроки ғазаб ўтини сўндирганга ўхшайди. Шак-шубхалар зулмати ичида ақл нуридан кўра эътиборли бир рахнамо бўлмайди. Сен ақл нури билан хақиқатни кўрганга ўхшайсан.
Димна ўлгудек шухратпараст, уччига чиққан фитначидир. Бу унинг юриш-туришидан, гапи ва харакатларидан хам очиқ кўриниб туради. Мен унинг хамиша ёлғончи эканлигини билардим, лекин шох мулозаматида бўлганлиги учун, бадном бўлмасин, деб индамасдим.
Айниқса, бу кейинги ходиса тўғрисида қизиқ нарсаларни гапирадилар.
Шох деди:
—    Мен Шатрабани ўлдирганлигим учун ўзимни оқлашга, бошқалар олдида ўзимни хақли кўргазишга уриндим, лекин бунга важ топа билмадим. Ўйлаганим сари Шатрабанинг гунохсиз эканлигига қаноат хосил қила бошладим. У бечора хасад қилиб, менга хужум этишгача етиб бориш даражасида ақлсиз эмас эди. Мен хам норозиликка, адоватга ва нафратга сабаб бўладиган биронта иш қилганим йўқ унга. Буларнинг хаммасини ўйлаганимдан кейин шундай бир қарорга келдим: бу ишни текшириш зарур, албатта, гарчи, уни текширишнинг Шатраба учун фойдаси бўлмаса-да, лекин хақиқат аён бўлсин, фитначи жазосини тортсин ва менинг халқ олдида юзим қора бўлмасин... Ростни ёлғондан ажратиш, ким дўст, ким душман эканлигини билиб олиш жуда фойдалидир. Агар бу хақда бирон нарса билсанг ё эшитган бўлсанг, айтиб бер.
Шернинг онаси деди:
—    Эшитганман, лекин айта олмайман. Чунки сенга яқин кимсалардан бири сирни ошкор этмаслик учун менга онт ичирган. Онтни бузиш ва сирни маълум қилиш номардликдир. Олимлар хам айтибдурларки: «Сирни бировга айтиб бўлмайди, айтилса, у сир бўлмайди».
Шер деди:
—    Одамларнинг бу бобда сўзлари хар хилдир... Агар сир сақлаш фойдали бўлса, унинг йўли бошқа. Аммо бу сирни сақламоқ одамлар учун зарарли бўлса, уни фош этмоқ керак. Хиёнатчининг сирини сақламоқ унга шерик бўлмоқдир. Балки ўша сирни сенга етказган одам масъулиятдан қочиб, гунохини бўйнидан соқит қилмоқчи, сени бу ишга аралаштирмоқчи бўлгандир. Менинг бу айтганларимни назарда тутиб, агар лозим топсанг, мени бу сирдан воқиф қил.
Шернинг онаси деди:
—    Айтганларинг тўғри ва ақлга мувофиқдир. Лекин сирни айтсам, икки ёмон нарсага йўл қўйган бўламан. Биринчидан, ишониб сирни айтган зот менга душман бўлиб қолади, иккинчидан, бундан кейин хеч ким менга ишонмай қўяди.
Шер деди:
—    Сўзларингнинг самимий ва мантиқийлигини рад этиб бўлмайди. Чунки омонатга хиёнат қилиш гунохдир... Ўша кимсанинг номини айтмасанг хам бўлади, хеч бўлмаса умумий тарзда гапириб бер.
Шернинг онаси деди:
—    Афв этишнинг фазилати, саховатнинг хислати хақида олимлар нималар дегани хаммага маълум. Олимлар инсонга зиён етказмайдиган ва фитна-фасод қўзғатмайдиган ишлар юзасидан қилинган афвни маъқуллаганлар. Халққа зиён, шохга зарар етказадиган жиноятчи ва фитначиларни, душманларнинг бош кўтаришларига ёрдам берадиган хоинларни афв этиш тўғри эмас. Бундай холларда интиқом ва қасос жоиздир... Сени бу балога дучор қилган Димна ёлғончи, фитначи ва хоиндир.
Шер деди:
—    Она, мени ёлғиз қўй, бу хақда ўйлаб олай.
Шернинг онаси уйига кетди. Шер ўйга чўмди. Бироз вақт ўтгач, аскарбошиларни, саркардаларни ва онасини чақиртирди. Димнани келтиришларини буюрди. Димна ичкари кирганда шер қовоғини солиб, юзини тескари қилиб ўтириб олди. Димна дархол балонинг эшиги очилганини, чора йўли бекилганини тушунди. Сўнгра ўз дўстларининг биридан шивирлаб сўради:
—    Нима бўлди? Шох нега ғамгин кўринади? Сизларни бу ерга тўплашининг боиси нимадир? Шернинг онаси деди:
—    Сенинг қилган ишларинг шерни ўйга солиб қўйди. Хиёнатинг очилди. Шернинг садоқатли маслахатчиси устидан қилган тухмат ва бўхтонларинг ошкор бўлди.
—    Дунё ходисалари х.ақида ота-боболаримиз айтмаган ва бизга маълум бўлмаган хикматли сўзлар йўқдир. Айтибдурларки, иши юришмаган одам қанчалик ақлли бўлмасин, қанчалик чуқур фикр қилиб ўзини фалокатдан қутқармоққа харакат этмасин, барибир, бало гирдобига тушади. Шохларга хизмат қилиб, саломат қолишни орзу қилмоқ, нияти бузуқ фитначи одамлар насихатини саодат калити деб хисобламоқ — сув юзига хат ёзиш билан баробардир. Шох хузурида тўғри сўзлаган одамнинг қўрқуви хам кўп бўлади, чунки шохнинг дўстлари хам, душманлари хам бундай одамнинг рақибига айланадилар. Шунинг учун хақиқатни билган одамлар вафосиз дунёдан юз ўгириб, унинг айшу ишратидан, кайфу сафосидан қўл тортадилар, танхоликни одамлар билан бирга бўлишдан, холиққа ибодат қилишни махлуққа хизмат қилишдан юқори қўядилар, чунки ибодатда адолатсизликка йўл қўйилмайди... Инсонларнинг қиладиган ишлари эса аксинчадир: улар хамма нарсани бир-бирига аралаштириб, қориштириб юборадилар. Баъзан нолойиқ хизматчиларни самимий деб кўкларга кўтарадилар, баъзан эса содиқ ва хайрихох одамларни жазолайдилар. Инсонлар янглишадилар, улар савоб билан гунохни фарқ қилмайдилар. Тадбирлари хақиқатга яқин бўлган, эхтиёт учун нохақ қон тўкмайдиган шох яхши ва саодатлидир. Ўз хизматида бўлган одамлар билан тўғрилиги ва самимийлигига қараб муомала қилиш шохларнинг энг яхши хосиятларидандир. Шохнинг ўзи яхши билади ва бу ерда ўтирганлар хам тасдиқлаши мумкинки, мен билан хўкизнинг орасида бундай бахтсизликка сабаб бўладиган келишмовчилик ва адоват йўқ эди. Шатраба мен хасад қиладиган вазифада эмасди, айни замонда, у менинг нафратимга сабаб бўладиган бирон иш хам қилмади. Мен эшитганларимни шохга етказиб уни огохлантирдим, бу билан шохнинг тузини оқлаб, ўз бурчимни адо этдим. Шох менинг кўнглим тўғрилигини, ниятим яхши эканлигини синаб кўриб, ўз ақли ва иродаси билан бу ишни қилди. Энди бир қанча фитначи ва хоинлар, шохнинг душманлари менинг бу самимийлигимдан ташвиш ва саросимага тушиб, жонимга қасд қилмоқдалар... Ҳар холда, мен тирик қолсам, шоҳнинг роҳати бузилади деб гумон қилмайман ва шох хизматларим эвазига мени ўлдиртиради, деб ўйламайман.
Димнанинг сўзларини тинглаб шер деди:
—    Ишини текшириб, хақиқатни барқарор қилиш учун Димнани қозига топширмоқ керак. Чунки, масалани тамомила ойдинлаштирмасдан, гунохни исботламасдан, эхтимолни хақиқат деб хисоблаб хукм чиқариш адолат ва инсофдан эмас.
Димна деди:
—    Қайси бир адолатли ва виждонли қози ақл ва фаросатда, адолатда подшоҳдан хам юқори бўла олади? Шубхаларни бартараф этмоқ ва хақиқатни юзага чиқармоқ учун жиддий текшириш ўтказиш энг тўғри йўлдир. Аминманки, агар текшириш тўғри ўтказилса, содиқлигим аниқланади, шох ғазабидан қутуламан... Хоҳишим шуки, менинг ишимни жиддий текширишни амр этсангиз. Чунки астойдил харакат қилинмаса, тошдан ўт чиқариб бўлмайди. Агар менда бирон гунох бор бўлса, ишимни бу даражада жиддий текширишни талаб қилмасдим. Ишончим комилки, натижада, нақадар содиқ эканлигим аён бўлади. Сассиқ ёки хушбўй нарсанинг хиди хар тарафга тез тарқалади. Менинг кичкина бир гунохим бўлсайди, фурсат борида қочиб кетардим, шох хизматида қолиб бу балони кутиб ўтирмасдим. Ишим адолат билан текширилади, бунда ғаразга йўл қўйилмайди, деб умид қиламан. Текширишнинг кетиши хақида шохга хар куни маълумот бериб турилишини илтимос қиламан. Шох ғалабалар кўзгуси, зафарлар ойнаси, дунёнинг безаги бўлган ўз ақли тарозисида уларни ўлчаб кўрсин. Шунда хўкизнинг ўлдирилишида хеч бир гунохим йўқлиги ойдинлашади...
Ахир мен нима учун шундай бир хиёнат қилишим керак эди? Мен юксак мавқе ва мансаб эгаси эмасманки, ундан хам юқори мавқе ва даражани хавас қилсам. Мен шох хизматида бўлиб, унинг адолати ва саховати соясида хамиша бир парча нонга қорним тўқ эди, нега энди унга
қарши бош кўтарайин? Гарчи, мен шохнинг қули бўлсам хам, мени у ўз адолатидан бебахра қилади, деб ўйламайман.
Ўша ердагилардан бири деди:
—    Димна бу сўзларни хоқоннинг улуғлигини кўрсатиш учун эмас, балки балони ўзидан даф қилиш учун гапиряпти.
Димна деди:
—    Менинг қалбимни мендан яхши ким билади? Ўз фойдасини хар ким ўзи билади. Зарур бўлган пайтда хар ким ўз хаққини химоя этмаса, биров уни химоя қилармиди? Сенинг бу сўзларинг ақлинг камлигидан ва нодонлигингдан далолат бериб турибди. Шох сенинг гапинг қуруқ тухмат эканлигини тушунмаяпти деб ўйлама. Шох бироз диққат қилса, бу сўзларни нима мақсадда гапираётганингни тушуниб олади, хайрихохликни бадхохликдан, яхшиликни ёмонликдан ажратиб олади. Шохнинг ақл ва закоси бир умрлик ишни бир кечада бажаришга қодир, бир боқиш ва назар ташлаш биланоқ катта бир қўшинни ўзига тобе эта олади.
Шернинг онаси деди:
—    Ҳар доим макр ва хийла ишлатиб келган, жиноят ва хиёнатни ўз хунари деб билган хоиннинг энди панд-насихат қилаётганига ғоят таажжуб қиламан. Эй мунофиқ! Сен хамон макр ва хийла билан ўзингни қутқармоқчисан.
Димна деди:
—    Яхшини ёмондан, фойдани зарардан ажрата оладиган одам кўриб турибдики, мен ваъдага вафо қилиб ўз бурчимни садоқат билан адо этдим. Шохнинг ўзи яхши биладики, хеч бир хоин унинг олдида бирон сўз айтишга журъат қила олмайди. Энди шох менга адолатсизлик қилса, зарари ўзига хам тегади.
Кимки ишни шошиб қилса, зарарли нарса билан фойдали нарсанинг фарқига бормаса, у ўз дўстини хизматкоридан ажрата олмай қолган хотин вазиятига тушади.
Шер сўради:
—    Хотинга нима бўпти?

Димнанинг хикояти
Айтибдурларки, Кашмир вилоятида Жамиз отли бир савдогарнинг ой юзли, сунбул сочли бир хотини бор эди. Бу хотин шу қадар гўзал эдики, хали фалак кўзи бундай жамолни кўрмаган, хатто инсон хаёли хам бунақа гўзални тасаввур этмаган эди. Уларга мохир бир рассом қўшни эди. У билан савдогар хотини ошиқ ва маъшуқ эдилар.
Бир куни хотин унга деди:
—    Сен хамиша гох овоз бериб, гох тош отиб келганингни билдириб, одамларда шубҳа уйғотасан. Энди келганингни билдириш учун бошқа бир йўл топ.
Рассом деди:
—    Мен икки рангли чодир тиктираман. Бир тарафининг оқлиги ой ёғдусидек, иккинчи тарафининг қоралиги ойдинсиз қоронғи кечадек. Сен уни кўришинг билан дархол чиқиб ёнимга келасан.
Савдогарнинг хизматкори бу сўзларни девор орқасида эшитиб турган эди. Бир неча кундан кейин чодир битди. Рассом бир иш билан кўчага чиқиб кетганда хизматкор чодирни рассом канизидан сўраб олиб ёпинди-да, хотиннинг ёнига кетди. Рассомнинг канизи унинг махбуби эди. Савдогарнинг хотини билмасдан шошилиб чиқди, хизматкор муродини хосил қилиб чиқиб кетди ва чодирни ўз жойига қўйди. Сал вақт ўтмай рассом уйига келди. Маъшуқасини соғиниб, чодирни ёпинганича савдогарнинг уйига келди. Хотин яна югуриб чиқди ва деди:
—    Хайрли бўлсин эй азизим, кетганингга бир соат бўлмай, яна келдингми?
Рассом масалани дарров тушунди. Уйига қайтиб келиб, канизининг адабини берди, чодирга ўт қўйди.
Мен бу масални шунинг учун келтирдимки, хоқон шошиб менинг масаламда нотўғри хукм чиқармасинлар. Мен бу сўзларни азоб беришларидан ташвишланаётганим ёки ўлимдан қўрққаним учун айтаётганим йўқ. Чунки ўлимдан қутулиб бўлмайди. Эртами-кечми, барибир у бошингга келади.
Агар менинг бир эмас, минг жоним бўлса хам уларни шох учун қурбон қилишга тайёрман, хаммасидан кечиб икки дунёнинг рохатига эга бўлган бўламан. Лекин шох ишнинг оқибатини ўйлаб, эҳтиёт билан харакат қилиши керак. Чунки у раиятсиз яшай олмайди. Туҳмат гапга ишониб, лаёқатли мулозимларни халок этишнинг зарари кўпдир, дўстларингни ўлдирсанг, яккаланиб қоласан. Лаё-қатли мансабдорлар ва ишбилармон қуллар хамиша топилавермайди. Садоқатли, ишбилармон одамларни етиштириш унчалик осон эмас... Бир тошнинг офтоб тоби билан лаълга айланиши учун озмунча йиллар керакми?!
Шернинг онаси қараса, Димнанинг сўзлари секин-секин ўтирганларга таъсир қиляпти. У шох Димнанинг усти ялтироқ, ичи қалтироқ далиллар ва бахоналарига инониб уни жазолашдан воз кечиб ўтирмасин, деб қўрқди. Чунки Димна сўзлашда мохир, тилёғламаликда уста эди. Шунинг учун хам шерга қараб деди:
—    Хомуш ўтиришингдан душманнинг гапларига ишонаётганга ўхшайсан? «Сукут — аломати ризо», дейдилар.
Шернинг онаси шуни деб ғазаб билан ўрнидан туриб чиқиб кетди. Шер, қозилар ишни текшириб хукм чиқаргунларича Димнани зиндонга солишни буюрди.
Шундан кейин шернинг онаси ўғлини хилватга чақириб деди:
—    Мен Димнанинг ниҳоятда хийлакор эканлигини илгари жуда кўп эшитган эдим. Лекин унча ишонмас эдим. Эндиликда эса унинг ёлғонни тўқишга, бахона топишга чечанлигини кўриб шубхаларим тарқалди.
Агар хоқон гапиришга озгина фурсат берса, у ўзини гирдобдан қутқариб оларди. Бу қаллобни тезлик билан йўқ қилиш керак, унга мухлат бериб бўлмайди.
Шер деди:
—    Шоҳлар саройига яқин одамларнинг иши хамиша фисқ-фасоддир. Улар бир-бирларини кўролмайдилар, бир-бирларига хасад қиладилар. Ҳасад шундай ўтдирки, агар тутаса, хўлу қуруқ баробар ёнади. Ҳасаднинг оқибати шундайки, бир-бирини кўрарга кўзи бўлмаган уч киши қиссасидагидек, хасадчи ўзига хам яхшиликни раво кўрмай қўяди.
Шернинг онаси сўради:
—    Уч хасадчи нима қилишибди? Шер деди:
—    Айтадиларки, уч киши бир-бирига хамрох бўлиб сафарга чиққан эди. Еши улуғи қолган иккисига деди:
—    Сиз нима сабабли ўз ватанларингиз роҳатидан кечиб, сафар қийинчиликларини ихтиёр этдингиз?
Бири деди:
—    Мен бир жойда яшар эдим. Иши юришган одамларга хасад қилиб, уларни хеч кўра олмас эдим. Ўйлаб-ўйлаб бир кун, оз вақтга бўлса хам ватандан чиқиб кетсам, кўра олмайдиган нарсаларни кўрмай қўя қолсам, деган қарорга келдим.
Бошқаси деди:
—    Мен хам шу сабабдан мусофирликни ихтиёр этдим.
Еши улуғ сайёх хам шу сабабдан даштга чиқиб кетганини айтиб берди.
Учала хасадчи топишганларидан хурсанд бўлиб йўлга равона бўлдилар. Бир куни биёбонда йўлдан бир хамён олтин топиб олдилар. Ҳамжихатлик билан олтинни бўлиб олишга қарор қилдилар. Лекин хар бирининг хасад олови ёниб, бошқасининг оладиган улушига кўз олайтира бошлади. Шундай қилиб, бир кеча-ю бир кундуз жазирама биёбонда оч, ташна ва уйқусиз холда жанжал қилдилар. Эртаси кун шу ернинг подшохи овга чиққан эди, махрамлари билан ўша ердан ўтиб қолди. Подшо уч хасадчини кўриб аҳвол сўради. Улар бор гапни айтиб бердилар:
—    Биз учовимиз хам хасад ўтида куйиб-ёнамиз, шу сабабдан ватандан жудо бўлиб эдик. Мана энди топиб олган олтинларни тақсимлашда ўртамизда низо чиқди. Бу олтинни тақсимлаб беришга қодир бир одамга мухтож бўлиб турганимизда, мана шохнинг ўзлари ғойибдан келиб қолдилар.
Подшо деди:
—    Ҳар бирингиз ўзларингизнинг қай даражада хасадчи эканлигингизни сўзлаб беринг, хасадингиз даражасига қараб олтинни тақсимлаб бераман.
Бири деди:
—    Менинг хасадим шу даражада кучлики, хеч вақт эҳсон ва шафқат қилишни ва бирон кишининг хушвақт бўлишини хохламайман.
Иккинчиси деди:
—    Сенда хасаднинг ўзи йўқ экан. Мен эса биров-бировга ўз молидан эҳсон қилса, жоним чиқиб кетади.
Учинчиси деди:
—    Сиз икковингиз хам хасаддан ва хавасдан бебахра экансиз. Мен бировга яхшилик қилса, ўзгаларга хам яхшилик қилар экан, деб куйиб кетаман.
Подшо буларнинг ичи қоралигига хайрон қолиб деди:
—    Сўзларингизга қараганда, бу олтин сизларга харом. Сизларнинг хар бирингизга лойиқ азоб-уқубат лозимдир. Бировга бир нарса эхсон қилишни хохламаганнинг жазоси шуки, уни бадном қилиб, дунё неъматларидан махрум этиш керак. Бировга биров эхсон қилганини кўра олмаган одамни ўлдириб, ундан қутулган яхши. Ўзгага хам, ўзига хам хасад қилувчи одамни дунёдаги барча азоб турлари билан қийнаб ўлдириш керак.
Шох буйруғига биноан биринчи хасадчининг бошини ерга қилиб осдилар. Иккинчисининг бошини кесдилар. Учинчисининг эса баданига захар суртиб офтобга қўйдилар. Шундай қилиб, хасад уч кишини жазога гирифтор қилди. Ҳасад давосиз дарддир. Ҳасадчи хамиша бировнинг шодлигидан ғамнок, рохатидан аламнок бўлади.
Ҳасад шундай ёмон хусусиятки, унинг касридан одам ўзига хам яхшиликни раво кўра олмай қолади. Шохлар саройига яқин одамларнинг иши иғво, хасад, адоват, чақимчилик ва бир-бирини ёмонлашдан иборатдир. Кеча-кундуз улар бир-бирларининг пайига тушиб, бир-бирларини ғийбат қилади. Ким истеъдодли бўлса, унинг хақида шунча кўп миш-мишлар тўқийдилар... Балки Димнанинг мавқеи ва менга яқинлиги саройдагиларга ёқмас. Билмадим, хаммаларининг Димна хақида тил бириктиргандай бир хил сўз айтишлари менга хайрихохлигиданми ёки Димнага бўлган адоват ва нафратданми? Мен хақиқатни юзага чиқармагунимча уни ўлдиришни ўзимга раво кўра олмайман, чунки хиссиёт ва нафсониятга берилиш ақл ва камолот ойнасига доғ туширади ва тўғри қарор чиқаришга моне бўлади. Агар хунар эгаларини ва ишбилармон одамларни ёлғиз шубха ва гумонга асосланиб хоин хисоблаб ўлдирсам, балки юрагим таскин топар, лекин менга хам, мамлакатга хам бунинг зарари катта.
Димнани зиндонга ташлаб, оёқларига оғир кишан солдилар. Калиланинг эски дўстига рахми келиб, кеч кириши билан Димна ёнига келди. Димнанинг ахволини кўриб, кўзларидан қонли ёшлар оқизди ва деди:
—    Эй биродар! Сени бундай мусибат ва азобда кўриб қандай чидай оламан. Сенсиз яшашнинг мен учун маъноси йўқдир, энди мен ким билан бирга улфатчилик қилиб, ким билан ўйнаб-куламан? Шодлигим ва ғамларимни ким билан бахам кўраман?
Энди иш бориб шу даражага етганда, мен сенга нима десам хам арзийди, чунки мен буларнинг хаммасини олдиндан кўрган, шунинг учун сенга насихат қилиб, кўзингни очишга харакат қилган эдим. Лекин сен сўзларимга қулоқ бермасдинг. Агар илгарилари сенга насихат қилмаган, огохлантирмаган бўлсам, бугун сенинг хиёнатингга шерик бўлиб ўтирар эдим. Лекин сенинг харислигинг, такаббурлигинг ақлингдан, билимингдан устунлик қилди. Мен сенга олимлар томонидан айтилган, «хоин ўз вақтидан олдин ўлади», деган масални эслатиб ўтган эдим. Бу билан олимлар инсоннинг ўлдирилишини эмас, сенинг тортаётган азоб-уқубатларингни, хозирги ахволингни назарда тутганлар, бу — ўлимдан хам оғирдир. Ҳар холда, бу ахволда яшашдан кўра ўлим афзал. «Тилингни сақласанг, бошинг омон қолади», деб жуда тўғри айтганлар.
Тил бўлсайди ўз қалбининг сирдоши, Кесилмасди тил эгасининг боши. Димна деди:
—    Эй биродар, сен хамиша хақ сўзни айтар ва тўғри маслаҳатлар берар эдинг. Лекин хасад, мансаб орзуси ақлимни олди, насихатларингни кўз олдимда беқадр қилди. Бу ишнинг зарари бағоят ва хатари бенихоя эканига ақлим етар эди, лекин нафсини тия олмай соғлиғига зарарли таомни еган касал каби ўзимни енга олмадим. Биламан, бу бало уруғини ўзим сепдим. Ким нима экса, шуни ўради. Инсон ўзи эккан дарахтнинг захарли эканини мевасини ўзига едирганларидан кейин билади. Кўриб турибманки, менга хам қилган ишларим хосилини йиғиш
ва айтган сўзларим жазосини тортиш вақти келди. Лекин дўстим бўлганинг учун сенга хам озор беришлари мумкинлиги мени ташвишга соляпти. Агар эскитдан дўст-сирдош эканимизни назарда тутиб, сени гувоҳликка чақирсалар ва сен, худо кўрсатмасин, ростгўйлигинг туфайли барча бўлган гапларни айтиб берсанг, у вақт мен икки хисса оғир азоб чекаман. Унда сен учун хам, мен учун хам нажот йўли беркилган бўлади, чунки сен менинг ишларимни билиб юрардинг. Сен бошқалар тўғрисида шаходат берсанг хам хеч кимда шак-шубха уйғонмайди, шундай самимий дўст бўлатуриб мен хақимда айтган сўзларинг инобатли бўлади. Энди менинг қай ахволда эканлигимни ўзинг кўриб турибсан. Мурувват ва мархамат пайти, гунохларни кечириш вақти етди.
Калила деди:
—    Нима демоқчи бўлганлигингни англадим. Олимлар дебдиларки, хар ким хам азобга бардош беролмайди, кулфатга тушган одам жонини азобдан қутқариш учун ёлғонми, ростми, хақми, нохақми, оғзига келганини қайтармайди. Мен сенга хозирги вазиятда нажот йўлини кўрсата олмайман. Энг яхшиси шуки, гунохингни бўйнингга ол ва бўлган ишни эътироф қилиб узр сўра. Шундай қилсанг хеч бўлмаганда нариги дунё азобидан қутулиб қоласан. Чунки барибир, сени қилган ишинг учун ўлдирадилар.
Димна деди:
—    Мен бу хақда ўйлаб кўрай, бирор қарорга келсам, сенга айтарман.
Калила бу сухбатдан юраги сиқилиб, паришон холда уйига қайтди. Кетма-кет рўй бериши мумкин бўлган мусибат ва балоларни кўз ўнгига келтирди, ғамдан кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди, бироқ ўрнида илон чиққандек тўлғана бошлади. Нихоят, кечга бориб қорни шишиб кетди, тонг отмай, нафаси бўғилиб жон таслим қилди.
Калила билан Димна зиндонда гаплашаётган пайтда бир вахший хайвон улар яқинида биқиниб ётиб, бутун гапларни эшитиб олган эди... Эртасига у шернинг онаси ёнига келиб хаммасини айтиб берди. Шернинг онаси деди:
—    Хоин одамларни кечириш, содиқ одамларни ўлдириш демакдир. Фитначи ва риёкор одамларни саломат қолдириш, уларнинг ишига шерик бўлиш, демакдир.
Шер қозига Димнанинг ишини тезлатишни, уни биладиганларни сўроқ қилиб, эшитганларини хар куни шохга хабар қилиб туришни буюрди.
Эртасига хамма қозилар тўпландилар, жар солиб жамоатни хам йиғдилар. Қозининг вакили жамоатга юзланиб баланд овоз билан деди:
—    Шох Димнанинг иши тезликда текширилиб хақиқатни аниқлашни, шубҳаларни бартараф қилиб, Димна устидан хукм чиқаришни амр қилди. Лекин, шох бу хукм жуда одил бўлиши кераклигини, бунинг учун Димнани таниганлар унинг яхши-ёмон ишларини чиқиб гапиришлари лозимлигини уқтириб ўтди. Тоинки, хун нохақ кетмасин!
Қози вакили сўзини тугатди. Ҳамма сукутга кетди. Ҳеч ким чиқиб гапиришга ботинмас эди. Чунки ўтирганлар учун бу масала анча қоронғи эди. Улар тусмоллаб бир нарса дейишни ва шу туфайли бехуда қон тўкилишини хохламасдилар.
Бу холни кўриб Димнага жон кирди ва жамоатга қараб деди:
—    Агар гуноҳкор бўлсайдим, сизнинг индамаслигингизга севинар эдим. Лекин, мен бегуноҳман. Гуноҳкор бўлмаган одам хақида хеч ким ёмон сўз айтиши мумкин эмас. Ҳар бирингиз менинг тўғримда нима билсангиз гапиринг. Лекин эсингизда тутингки, хар бир сўзнинг бу дунёда хам, у дунёда хам ўзига яраша мукофоти бор. Оғзингиздан чиққан хар бир сўз бир одамга хаёт бағишлашга ва ёки бир инсонни йўқ қилиб юборишга қодир. Ҳақиқатни билмасдан, ёлғиз гумон ва тахминга асосланиб гувохлик берадиган ва бу билан мени халок қиладиган одам табобат илмини билмай табиблик даъво қилган киши кунига тушади.
Қозилар сўрадилар:
—    У қандай бўлган эди? Димнанинг хикояти
Ривоят қилибдурларки, бир шахарда тажрибали, беморга тўғри ва фойдали маслахат берадиган, ақлли, хизрнафас бир табиб яшар эди. Бу хаким хаста бўлиб, инсоннинг энг қимматли неъмати бўлган кўзидан ажралиб, кўр бўлиб қолди. Шундан фойдаланиб, бир хаёсиз нодон одам ўзини табиб қилиб кўрсатиб, ном чиқара бошлади.
Ушбу шахар подшохининг бир қизи бор эди. Шох уни ўз акасининг ўғлига узатган эди. У хомиладор бўлиб туғиш вақти яқинлашганда оғир касал бўлиб қолди. Шох тажриба ва муолажада шухрат топган кўр табибни чақиртириб келди. У аёлнинг касалини сўраб-суриштиргач, дардини дархол топди, унга «замахрон» дорисидан бир мисқолини тоза мушк ва долчинга қўшиб ичиришни буюрди. Унга дорини тайёрлашни таклиф қилганларида, у айтди:
—    Менинг кўзларим кўрмайди, ўзларингиз тайёрларсизлар. Шу орада нодон «табиб» келиб қолиб, гапга аралашди:
—    Бу менинг ишим, мен тайёрлай оламан, — деди.
Шох уни ўз ёнига чақириб, турли гиёхлар сақланадиган хонага кириб дорини тайёрлашни буюрди. У илмсиз ва нодон одам дарров ўша хонага кириб, хеч нарса билмагани холда ишга киришди: захар солинган бир идишни олди, унга дориларни аралаштирди ва олиб чиқиб аёлга берди. Шохнинг қизи уни ичиши биланоқ жон берди. Подшо ғазабланиб ўша доридан қолганини нодон хакимга ичирди, унинг бутун аъзойи бадани кўм-кўк бўлиб, шу жойнинг ўзида қотиб қол-ди.
Бу масални шунинг учун келтирдимки, масаладан хабардор бўлмай сўз айтганнинг, билмаган ишга киришганнинг анволи шундай бўлади.
Ўтирганлардан бири деди:
—    Жиноятини авом халқдан сўраб-суриштириб ўтиришга эҳтиёж бўлмаган, разиллиги ва риёкорлиги аъёну ашрафга ойдек равшан бўлган бадбахт Димна ўлимга сазовордир. Димнанинг лўттибозлиги, қалбининг қоралиги, унинг юзидаги аломатларидан хам кўриниб турибди.
Қози деди:
—    Қайси аломатлардан, уларни айтиб бер, халққа хам маълум бўлсин.
—    Олимлар дебдурларки, кимнинг қошлари оралиғи узоқ бўлса, ўнг кўзи чап кўзидан кичикроқ бўлса ва тез-тез юмиб очса, бурни чап томонга бироз қийшайган бўлса ва учида учта тук бўлса, ўзи хамиша ерга қараса, ундай одамга фисқ-фасод хамрох, хийла ва макр йўлдошдир. Бу аломатларнинг хаммаси Димнада бордир.
Димна деди:
—    Оллоҳнинг хукми хақдир, унда саҳв-хато бўлиши мумкин эмас. Агар сен санаб чиққан аломатлар хақиқатнинг мезони, адолатнинг ўлчови бўлса ва ёлғиз шуларга асосланиб тўғрини ёлғондан, хақни нохақдан ажратиш мумкин бўлса, у вақтда хеч бир кимсани хеч қандай масъулиятга тортиб бўлмайди. На яхшилиги учун унга мукофот бериб бўлади ва на ёмонлиги учун жазо. Чунки худо томонидан яратилган бу хусусиятларни хеч ким йўқ қилиш қудратига эга эмасдир... Агар менга тухмат юзасидан тўнкалган бу ишни қилган бўлсам (худо сақласин), демак, мени бунга шу аломатлар мажбур этибди. Бу аломатларни худо яратганлиги туфайли мен уларни йўқ қилишга қодир эмасман, бинобарин, жазога хам сазовор эмасман... Гар шундай экан, қандай қилиб сизлар мени бу аломатларга асосланиб балога дучор қила оласизлар? (Сизлар бу билан худони гунохкор хисоблаган бўласизлар-ку!) Сен бу бемаъни сўзларинг билан ўз нодонлигингни ва омилигинг-ни хаммага аён қилдинг. Сен ўзинг билмаган ишингга аралашиб юрибсан, оғзингдан чиққан гапнинг маъносига тушунмайсан.
Димнанинг бу сўзларидан кейин хамма оғзига толқон солгандек жим бўлиб қолди, хеч ким бирон нарса дейишга журъат эта олмади.
Қозининг буйруғи билан Димнани зиндонга олиб кетдилар.
Димна зиндонга келган эди хамки, Калиланинг Рузбех отли дўсти Калиланинг ўлганини унга хабар қилди. Димна буни эшитгач, юраги ғам-ғуссага тўлди, ох чекиб, кўзларидан селдек ёш тўкди ва марсия ўрнида шу шеърни ўқиди:

Ҳийла-найранг ожиздир ўлимнинг қаршисида, Ҳеч қутқарган бўлганми ёқасини ажалдан?! Агарда ўлмак учун туғилган бўлса инсон, Яна яхши бўларди, туғилмаса азалдан.

Димнанинг бу сўзларини эшитиб, ўша ерда хозир бўлганлар қонли кўз ёшларини оқизиб, унга тасалли бера бошладилар.
Димна деди:
— Алвидо, Калила! Бошимга оғир кунлар келганда, бахтсиз ходисалар рўй берганда у менинг хамдардим, маслахатдошим, панохим эди. У дўстларнинг сирларини сақловчи хазина эди. Фалак хам бу сирларни айтишга уни мажбур этолмасди. Энди мен учун тирикликнинг      нима лаззати бор?! Рузбех, агар бошимга тушган бу мусибатли кунда сен бу ерга келиб дўстлик қўлини менга узатмаганингда эди, дод-фарёд қилиб ўзимни ўлдирар эдим... Энди сен Калила ўрнига менга биродарсан. Сендан бошқа хеч кимим йўқ. Қўлингни бер, дўст бўлайлик.
Рузбех жуда хурсанд бўлиб деди:
—    Сенинг бу илтифотингдан кўп миннатдорман. Дўстлик қадрини билганлар сен билан хамсухбат ва сирдош бўлишни ўзларига шараф деб хисоблайдилар. Кошки, мен бирон ишингга яраб, сенга ёрдам кўрсатолсам.
Улар бир-бирларининг қўлларини сиқиб дўст бўлишга онт ичдилар. Сўнгра Димна деди:
—    Фалон жойда хазина яшириб қўйганмиз. Калила билан иккимизники эди, олиб кел, сен хам қуруқ қолмайсан.
Рузбех хазинани олиб келди. Димна ўз хиссасини олди, Калиланинг хиссасини Рузбехга берди ва хамиша шохнинг ёнида бўлиб, унинг хақида нимаики десалар, келиб айтиб беришни илтимос қилди.
Рузбех унинг таклифини мамнунлик билан қабул қилди.
Эртаси куни бош қози йиғилишда бўлган воқеаларни шохга айтиб берди. Шер унга жавоб бериб юборгач, онасини ўз ёнига чақиртирди. Онаси бўлган воқеаларни эшитгандан кейин жуда безовта бўлиб қолди.
—    Сенга қаттиқ гапириб, хафа қилиб қўяманми, деб қўрқаман. Лекин ўйлаганларимни айтмасам, шохга хиёнат қилган, уни ўз маслахатим ва насихатимдан бебахра этган бўламан.
Шер деди:
—    Маслаҳат берилиши керак бўлган вақтда қўрқиш яхши эмас. Сенинг айтадиганларинг беғараздир. Нима десанг, қабул этаман. Сўзлайвер.
Шернинг онаси деди:
—    Шох ёлғонни ростдан, фойдани зарардан ажрата олмаяпти. Димна ўзига берилган фурсатдан фойдаланиб, шундай фитна уюштириши мумкинки, шохнинг ақли унинг олдида ожиз қолади. Ҳар қандай ўткир қилич хам бу фитна тўрини кесолмай қолади... — Шу сўзларни айтди-да шернинг онаси жахл билан ўрнидан туриб кетди.
Эртаси кун Димнани келтирдилар, жамоат йиғилди, қозилар тўпланди ва мажлис бошланди. Қозихона вакили Димна хақидаги айбномани ўқиди.
Ўтирганлар бирон сўз айтмаганларидан кейин бош қози Димнага қараб деди:
—    Бу ерга йиғилганлар индамай ўтирган бўлсалар-да, кўнгилларида сенинг хоинлигингга аминдурлар. Шу ахволда жамоа ўртасида яшамоғингдан нима фойда бор? Энди сен учун энг тўғри йўл — гунохингни бўйнингга олиб тавба қилиш ва шу билан у дунё азобидан ўзингни сақлаб қолишдир. Хиёнатни эътироф этсанг, у дунёга ёруғ юз билан борган бўласан. Рост, сен сўроқ вақтида ўзингни химоя қилиш учун далиллар келтиришга устасан, лекин шуни билгинки, расво бўлиб яшамоқдан, мардлик билан ўлмоқ яхшидир.
Димна деди:
—    Қози аниқ далилларга эга бўлмаган холда, ўз эҳтимоли ва ўзгалар гумонига кўра хукм чиқармоқчи. Бу катта хатодир. Агар сизларда шубха бор бўлса-ю, мени гунохкор деган қарорга келган бўлсангиз, бу хали мен хақиқатан хам гунохкор эканлигимни билдирмайди. Мен ўзимни, нима қилган, нима қилмаганимни яхши биламан. Ўзинг билган хақиқатни бошқаларнинг гумони учун қурбон қилиш ақлсизликдир, бунга қонун хам, шариат хам йўл қўймайди. Сиз мени тухматчи, гунохкор деб гумон қилиб, шунча шовқин кўтаряпсизлар-у хеч
гунох иш қилмаган мен индамай ўтираверайми? Ҳолбуки, менинг назаримда, хеч кимнинг ўзимчалик қадри йўқдир, инсоннинг ўз жонидан хам азиз нарсаси бўларми? Менинг виждоним хатто хеч қандай қимматга эга бўлмаган одамга хам ўлимни раво кўрмайди-ю, уни ўзимга раво кўраманми?! Эй қози, бу даъволарингдан кеч, агар насихат қилмоқчи бўлсанг, унинг йўли бошқа. Авваллари сен одил эдинг, тўғри сўз эдинг, энди эса менинг бахтим қаролигиданми ёки шахсий ғаразданми, билмадим, бу ишда янглиш йўл тутиб, масалани бир тарафлама хал этмоқ, ўзингнинг шахсий гумонингга асосланиб нотўғри хукм ва нохақ қарор чиқармоқ фикрига тушиб қолибсан... Кимки билмаган иши юзасидан гувоҳлик берса, қарчиғайнинг бошига тушган нарса унинг хам бошига тушади.
Қози деди:
—    Унинг бошига нима иш тушибди? Димнанинг навбатдаги хикояти
Айтадиларки, бир машхур ва маъруф марзбон1 бор эди. Унинг Баҳория деган ой юзли, гул ёноқли, номусли ва иффатли бир хотини бор эди... Шу кишининг бир қарчиғайчиси бор эди. У жуда хаёсиз ва нопок одам эди. Бир куни бу бехаёнинг кўзи марзбоннинг хотинига тушиб қолди. Унга етишиш орзусида кўп харакатлар қилди, хеч бир иш чиқара олмади. Умиди узилгандан кейин, у хотинни беобрў қилиш ва шу йўл билан ундан қасос олиш фикрига тушди. Бир овчидан иккита тўтиқуш олди ва уларнинг бирига балх тилида: «Мен дарвозабоннинг хоним билан бир уйда ётганини кўрдим», деган жумлани, иккинчисига эса, «Мен энди хеч нарса айтмайман», деган жумлани ўргата бошлади. Етти ой ичида тўтилар бу гапларни такрорлаб айтадиган бўлдилар. Бир куни марзбон ўз дўстлари билан улфатлашиб шароб ичиб ўтирганларида, қарчиғайчиси икки тўтини олиб келиб уларнинг олдига қўйди. Тўтилар ўрганиб олган икки жумлани такрор айтар эдилар. Марзбон балх тилини билмагани учун тўтиларнинг гапини тушунмади, лекин қушларнинг овози ёқиб қолди — парвариш қилиб тур, деб уларни хотинига топширди. Орадан бир неча кун ўтгач, марзбон уйига Балхдан мехмонлар келди. Овқатдан кейин шароб ичиб ўтирган эди, марзбон тўтилар солинган қафасни ўртага олиб келиб қўйди. Тўтилар одатларига кўра, ўша икки жумлани такрор-такрор айтар эдилар. Мехмонлар тўтилар гапини эшитгач, бир-бирларига қараб хайрон бўлганларича, бошларини қуйи солиб узоқ сукут қилиб ўтирдилар. Нихоят, марзбондан сўрадилар:
—    Сен бу қушларнинг нима деяётганларини тушунасанми? Марзбон деди:
—    Йўқ, сўзларини тушунмайман, лекин овозлари жуда ёқади.
Мехмонлардан бири уй эгасига бу сўзларнинг маъносини айтиб берди ва қўлини дастурхондан тортиб, деди:
—    Бизнинг шаҳарда хотини ёмон уйдан таом емайдилар. Қарчиғайчи дархол сўзга аралашиб деди:
—    Қушларнинг сўзи тўғри, мен хам бир неча дафъа кўрганман, гувоҳлик беришим мумкин.
Марзбон дарғазаб бўлиб хотинини ўлдирмоқчи бўлди. Хотини бир одам орқали эрига айттирди:
—    Мени ўлдириш учун шошилмасин. Мен унинг қўлидаман, истаган вақтида ўлдириши мумкин. Ақл ва тажриба эгалари ҳукм чиқариш, айниқса, қон тўкишга шошилмасликлари, сабрли бўлишлари зарур. Менинг ҳақимдаги ишни текшириш керак, агар тўғри чиқса, ўлдириши мумкин. Балхлик меҳмонлардан сўрасин, ўша икки қуш шу икки жумладан бошқа нарса биладиларми? Агар билмасалар, демак, бу сўзларни тўтиларга ҳаёсиз, нонкўр хизматчи ўргатгани маълум бўлади. Чунки у менга сўз отган, мени ўйнаш қилиб олмоқчи бўлган, лекин ўқи тошга теккан эди. Шундан кейин у мендан қасос олиш ниятида бу ҳийлани ўйлаб чиқарган...
Марзбон хотинининг айтганига қулоқ солиб, тўтиларнинг иккита ўргатилган жумладан бошқа нарса билмаслигига қаноат ҳосил қилди, хотинининг гуноҳсизлиги маълум бўлди. Марзбон қарчиғайчини чақириб келишни буюрди. Қарчиғайчи мақсадга етдим, деб суюниб қўлида тўтиқуш билан кириб келди. Марзбоннинг хотини сўради:
—    Сен менинг ёмон ишлар қилганимни кўрган эдингми?
Қарчиғайчи: «Ҳа, кўрганман» демоқчи бўлиб оғзини очган ҳам эдики, қўлидаги қуш унинг икки кўзини ўйиб олди.
Хотин деди:
—    Кўрмаган нарсани кўрдим деган кўзнинг жазоси шу бўлади. Димна деди:
—    Мен бу масални шунинг учун келтирдимки, билмаган нарсани биламан деб бировга чоҳ қазиш, қоралаш — бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам оғир гуноҳдир.
Димнанинг сўзи тугагач, бўлган гапларнинг ҳаммасини ёзиб шоҳга етказдилар. У тазкирани онасига кўрсатди.
Онаси деди:
—    Шоҳ соғ ва саломат бўлсин. Бу ҳийлакор энди бошқа усуллар қўлламоқчи. У макр ва ҳийла ишлатиб шоҳни маҳв этмоқ фикрига тушибди. Бўҳтон, таҳдид ва қўрқитиш йўлига ўтибди. У энди фитна қўзғатиб, бутун ишларни ост-уст қилмоқчи, шоҳнинг содиқ, журъатли ва эътиборли вазирининг бошига солган фалокатларни шоҳнинг бошига солмоқчи.
Бу сўзлар шерни ўйлатиб қўйди, бир лаҳза мулоҳазадан сўнг онасига қараб деди:
—    Эй она, Калила ва Димнанинг сўзлашиб турганини эшитган ким эди, ҳеч бўлмаса шуни айтсанг, Димнани ўлдиришга менинг қўлимда бир асос бўлар эди.
Шернинг онаси деди:
—    Ишониб сир айтган одамнинг номини билдиришим менга жуда оғир. Омонатга хиёнат қилиб гуноҳга ботишни хоҳламайман. Лекин бу сирни менга айтган кимсадан ижозат сўраб кўрай, агар кўнса, айтиб бераман.
Шернинг онаси ўз хонасига бориб қоплонни ёнига чақиртириб, деди:
—    Шоҳнинг сенга қилган яхшиликлари, лутф-карами ўзингга ҳам, ўзгаларга ҳам аён. Бунинг натижасида шуҳрат қозондинг, мартабанг ошди. Энди сен шоҳнинг тузини оқлаш учун Димна
ҳақида менга айтган сўзларингни шернинг олдига бориб такрорлайсан. Шундай қилсанг, золимнинг жазоланишига, ноҳақ ўлдирилган ҳўкизнинг оқланишига ёрдам берган бўласан.
Қоплон итоатгўйлик билан деди:
—    Агар менинг бир эмас, мингта жоним бўлиб, ҳаммасини шоҳга фидо қилсам ҳам, менга қилган яхшиликларини уза олмайман. Мен ким эдимки, узр сўраб шер олдида гувоҳлик беришдан бўйин товласам ва шоҳнинг ёмон гумонларига сабаб бўлсам. Модомики, иш шу даражага етибди, мен шоҳнинг хоҳишига амал қилиб, нима қилиш керак бўлса, шуни бажараман.
У шер ва бутун ҳайвонлар олдида Калила ва Димна орасида бўлиб ўтган гапларни батафсил айтиб берди. Бу сўз оғиздан-оғизга ўтиб, ҳар ерга ёйилди. Калила ҳамда Димнанинг суҳбатини эшитган ҳайвонга ҳам етиб борди. Шундан кейин бу ҳайвон, мен ҳам гувоҳлик бермоқчиман, деб шоҳга хабар юборди. Шер уни олиб келишни амр этди. У келиб зиндонда эшитганларининг барини шоҳга баён қилди. Ўтирганлар ундан сўрадилар:
—    Ахир нега ўша куни келиб, эшитганларингни айтиб бермадинг? У жавоб берди:
—    Мен ёлғиз бўлганим учун бир кишининг шоҳидлиги ҳукм чиқаришга етарли бўлмайди, деб ўйлаган эдим. Энди эса шоҳид иккита бўлди, бинобарин, Димна ҳақида ҳукм чиқармоқ мумкин.
Ўтирганлар ҳам, қозилар ҳам, шоҳид иккита бўлганлиги учун энди Димна ҳақида ҳукм чиқариш мумкин, деган қарорга келишди. Шоҳ Димнанинг қўл ва оёғини занжирбанд қилиб зиндонга солишларини буюрди. Димна зиндонда очлик ва ташналикдан азоб ва уқубат чекиб ўлди. Ҳийлакор ва хоин, ҳасадчи ва фитначиларнинг оқибати шундай бўлади...


ЧИНКАБУТАР, ҚАРҒА, СИЧҚОН, ТОШБАҚА ВА ОҲУ БОБИ

Рожа браҳманга деди:
—    Бир фитначининг орага кириб икки дўст ўртасида қандай адоват ва душманлик пайдо бўлгани, ниҳоят, бир бегуноҳ бечоранинг қони тўкилгани ҳақидаги ҳикояни эшитдим. Майлинг бўлса энди самимий дўстлар ҳақида уларнинг садоқат ва биродарликлари тўғрисида, бу садоқат ва қардошликнинг фазилати борасида сўзлаб берсанг.
Браҳман деди:
—    Ақлли одамлар учун дўстликдан қимматли ҳеч нарса йўқдир. Чунки яхши кунларда дўстларинг билан улфатчилик қилиб, хурсанд бўласан, ёмон кунлар бошингга тушганда дўстларинг сенга ҳамдард ва ёрдамчи бўладилар. Қарға, сичқон, кабутар, тошбақа ва оҳу масали бунга яхши мисол бўла олади.
Рожа деди:
—    У қандай масал?
Дебдурларки, Кашмир вилоятида бир хушманзара ажойиб чаманзор бор эди. Овга сероб бўлганлиги учун у ерга овчилар тез-тез келиб туришар эди. Шу чаманзорда сершох, барглари қуюқ баланд дарахт устида қарға уя қуриб кун кечирар эди. Бир кун қарға ўз инида у ёқ-бу ёққа қараб ўтирганида, бўйнида тўр, орқасида тўрва, қўлида таёқ ушлаб, шошилганича шу дарахт томон келаётган бадбашара бир одамга кўзи тушди. Қарға ўз-ўзига деди: «Бу одам бир балони бошлаб келаётганга ўхшайди, у кимни тўрга солиш қасдида келяпти, мени тутмоқчими ё бошқасини? Яхшиси, қимир этмай ўз жойимда турай, қани нима бўлар экан».
Овчи дарахт остига келиб тўрни ёйди-да, дон сепиб, ўзи беркинди. Бир соат ўтар-ўтмас бир тўда кабутарлар учиб келдилар. Уларнинг бошлиғини Чинкабутар дер эдилар. Кўпни кўрган, зийрак ва чаққон эди. Кабутарлар у билан фахрланар, ҳар доим унга бўйсунар, у қаерга бошласа, ўша ерга учар ва унинг шарофати билан яхши кун кечирар эдилар.
Кабутарлар тўдаси донни кўрганларидан кейин ҳеч нарсадан шубҳа қилмай пастга тушдилар ва тўрга илиндилар. Овчи буни кўриб севиниб кетди, уларни тутиш учун жойидан шошиб турди. Кабутарлар патиллаб, ҳар бири ўз жонини халос қилиш учун ҳаракат қилар ва бир-бирига урилар эдилар. Буни кўрган Чинкабутар деди:
—    Ваҳимага тушманглар. Ҳар бирингиз ўзингизнигина эмас, ҳамманинг халос бўлишини ўйланглар. Энди биргина чора қолди: ҳаммамиз кучимизни тўплаб бараварига парвоз қилишимиз керак.
Кабутарлар бошлиқлар айтгандек қилдилар, ҳаммалари бараварига учиб, тўр билан бирга кўкка кўтарилдилар.
Овчи улар кетидан югурди, у, охири булар чарчаб, бирор жойга қўнарлар, деб умид қиларди. Бўлаётган воқеаларни кузатиб турган қарға ўз-ўзига деди:
—    Мен буларнинг кетидан бориб, иш нима билан тугашини кўрай, чунки шундай ҳодиса менинг ҳам бошимга тушиши мумкин. Ўшанда булар тажрибасидан фойдаланаман. Бошқаларнинг бошига тушган ҳодисадан ўзи учун ибрат олган одамни ҳушёр ва фаросатли, дейдилар.
Овчининг чопиб келаётганини кўрган Чинкабутар ёронларига деди:
—    Бу сурбет овчи ҳамон кетимиздан келяпти, биздан воз кечадиганга ўхшамайди. Агар кўзидан ғойиб бўлмасак, биздан кўнгил узмайди. Очиқ жойга эмас, дарахтзорларга бориб қўнайлик, шунда у бизни тополмай, орқасига қайтиб кетар. Менинг бу яқинда бир сичқон дўстим бор, унга айтсак, тўримизни қирқади ва бизни озод қилади.
Кабутарлар унинг сўзига кириб, у бошлаган томонга қараб учдилар. Овчи овораи сарсон бўлиб орқасига қайтди.
Воқеанинг нима билан тамом бўлишини билиш учун қарға ҳам улар орқасидан тўхтовсиз учиб борарди.
Кабутарлар сичқон маскани ёнига тушдилар.
Сичқоннинг оти Зийрак, ўзи жуда ақлли ва чаққон эди, ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўрган, аччиқ-чучугини тотган эди. Бирор фалокат рўй берса, қочиб чиқиб кетиш учун инидан анча тешик очган, инига сомон солиб, озуқа билан тўлдирган эди.
Чинкабутар унинг уясига келиб чақирди. У ҳам кабутарнинг овозини эшитиши биланоқ инидан югуриб чиқди ва вафодор дўстини тузоқда кўргач, кўзларидан ёш оқизиб деди:
—    Эй азиз ва меҳрибон дўстим! Ким сени бу аҳволга солди? Чинкабутар жавоб берди:
—    Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тақдирдан. Кимнинг пешанасига нима ёзилган бўлса, эртами, кечми, шу нарса унинг бошига келади, ундан қочиб қутулиб бўлмайди... Қисмат бизни бу бало гирдобига солди. У бизга дон кўрсатиб, кўзимизни боғлади ва ақлимизни қора пардага чулғади. Ҳаммамиз бало занжирига, бахтсизлик чангалига тушдик. Мендан кўра қувватлироқ ва шаън-шавкатлироқ бўлганлар ҳам қисматдан қочиб қутула олмаганлар. Вақт-соати келганда кун ва ой тутилади, балиқ дарё тагидан юзага қалқиб чиқади, қуш осмон бағридан ерга тушади, нодонлар мақсадга етади, ақллилар ожиз қоладилар...
Сичқон бу сўзларни эшитгач, Чинкабутар ўралган ипларни қирқа бошлади. Чинкабутар деди:
—    Аввал ўртоқларим ўралган ипларини қирқ-қин. Сичқон унинг сўзига парво қилмади. Чинкабутар яна деди:
—    Эй азиз дўстим, аввал ўртоқларимни банддан озод қил! Сичқон деди:
—    Сен ўз жонингни халос этишни истамайсанми, яшашга сенинг ҳаққинг йўқми? Чинкабутар деди:
—    Мен уларга раҳбар бўлиш вазифасини ўз зиммамга олганман. Шунинг учун уларнинг менда ҳақлари бор, уларни асраш менинг бурчимдир... Бунинг устига, мен уларнинг ҳаракати ва ёрдами туфайли овчининг қўлидан халос бўлган эдим. Энди мен ҳам ўз бурчимни адо этиб, ўзимдан аввал уларни қутқазишим керак. Яна шуниси борки, агар сен менинг ипларимни қирқа бошласанг, чарчаб қолишинг ва дўстларим тўрда қолиб кетишлари мумкин. Лекин мен тўрда қолсам, сен қанчалик чарчамагин, барибир мени тўрда қолдирмайсан. Ҳаммадан олдин ўзимни қутқазсам, таъна ва маломатга қоламан.
Сичқон деди:
—    Бу мурувватли ва инсофли одамларнинг хосиятидир. Бу хосият дўстларингнинг сенга бўлган ишончи ва муҳаббатини янада мустаҳкамлайди.
Шуни деб сичқон астойдил ишга киришиб, кабутарларнинг ипларини қирқа бошлади. Бироздан сўнг кабутарлар ва Чинкабутар тўрдан озод бўлдилар.
Қарға сичқоннинг жонбозлигини ва ипларни қирқишдаги маҳоратини кўриб, у билан дўстлашмоқ фикрига тушди ва ўз-ўзига деди:
—    Кабутарлар бошига тушган иш менинг ҳам бошимга тушиши мумкин. Бундай дўст керак бўлиб қолади.
У сичқон ини ёнига келиб, чақирди. Сичқон сўради:
Қарға деди:
—    Мен, қарғаман.
Қарға унинг кабутарларга қилган яхшилиги, вафодорлигини айтиб берди ва деди:
—    Сенинг нақадар мурувватли ва олижаноб эканлигинг менга маълум бўлди. Шунинг учун сен билан дўстлашиш орзусига тушдим. Бу дўстликнинг нимаики шартлари бўлса, бажо келтиришга ҳозирман.
Сичқон деди:
—    Сен билан менинг ўртамда ҳеч умумийлик йўқ, бинобарин, дўст бўлишимиз ҳам мумкин эмас. Ақлли одамлар нодон одамлар аҳволига тушмаслик ва ҳикмат аҳлларига калтафаҳм бўлиб кўринмаслик учун мумкин бўлмаган нарсаларни орзу қилмаслик керак. Қуруқликда кемадан, денгизда отдан фойдаланишни истаганлар ўзларини кулгили ҳолга солган бўладилар. Чунки бошида ақли бор одам бундай ишни қилмайди. Сен билан менинг орамизда қанақа муҳаббат бўлиши мумкин! Ахир мен сенинг таомингман, демак, сенинг ёнингда бир лаҳза бўлса-да, тинч, бехавотир яшай олмайман. Кимки ўз тенги билан бўлмаса, унинг бошига ҳам каклик бошига тушган савдо тушади.
Қарға деди:
—    Унинг бошига нима савдо тушибди? Сичқоннинг ҳикояти
Бир кун бир каклик тоғ этагида сайр қилиб юрар ва қаҳқаҳасининг садоси фалак гумбазигача етарди. Ногоҳ бир лочин ўша ердан учиб ўтди. У какликнинг юришини ва хандон отиб кулишини кўриб кўнгли очилиб кетди ва унга меҳр қўйиб, у билан суҳбат қилиш хаёлига тушди. Ўзича: «Бир меҳрибон ёр ҳаммага ҳам лозимдир, — деб ўйлади. — Бу каклик жуда чиройли, дилрабо ва хушрафтор экан, агар шундай ёр ва ҳамдаминг бўлса, суҳбатидан кўнгил баҳра олғай».
Шу сўзларни айтиб, лочин оҳиста какликка яқинлашди. Какликнинг кўзи унга тушиши билан қўрққанидан бир тош тешигига кириб кетди. Лочин ҳаводан тушиб тешикка яқин келди ва
деди:
—    Эй каклик, илгари сенинг бу қадар ажойиб қуш эканлигингни билмас эканман. Бугун сенинг қаҳқаҳаларинг ва юришинг мени асир қилди. Мендан асло қўрқмай меҳр қўйсанг, дўстлик дарахтидан мурод меваси етишар деган умиддаман.
Каклик бекинган жойидан овоз берди:
—    Эй қаҳрамон, мен бечорадан қўл торт ва ўзингча бугун бир какликни тутиб едим, деб қўя қол. Ўт билан сув бир-бирига қўшилгандагина иккимиз дўст бўла оламиз.
Лочин деди:
—    Эй азиз, ўзинг бир ўйлаб кўр, меҳрибонликдан ўзга қандай нарса мени ширин сўзлашга мажбур қилиши мумкин? Чангалимдан қувват кетдимики, сенга ўхшаганларни ов қила олмай ҳийла ишлатсам, тумшуғимга путур етибдимики, шикорга ярамай қолган бўлсам. Менда ҳамдамлик ва ҳамсуҳбат бўлишдан бошқа орзу йўқ. Менинг суҳбатим сенга кўп фойда келтиради. Биринчидан, йиртқич қушлар менинг ҳимоям остида эканлигингни кўриб, сенга
тажовуз қилмайдилар ва сен тоғ этагида хотиржам йўрғалаб юраверасан. Иккинчидан, сени ўз уямга олиб бораман, у ерда баланд мавқеда, ўз ҳамжинсларингдан баланд даражада бўласан, ўз жинсинг-дан бир чиройлигини келтириб бераман, у билан бирга ўйнаб-кулиб юрасан.
Каклик деди:
—    Сен қушлар амирисан. Паррандаларнинг ихтиёри сенинг қўлингда. Агар илтифотингдан умидвор бўлиб айтганингга кўнсам, эҳтимолки, таъбингга ёқмаган бирор иш қилиб қўйиб, ғазабингга гирифтор бўламан. Яхшиси шуки, ўз хилватхонамда тинчгина ўтирай ва хатардан холи бўлмаган ҳокимлар хизматини ихтиёр қилмай қўя қолай.
Лочин деди:
—    Эй азизим, дўстликнинг кўзи кўр эканлигини билмайсанми? У айбни кўрмайди, дўстдан содир бўлган ҳар қандай ёмонлик зебо кўринади. Мен сенинг қилган ишларингга муҳаббат кўзи билан қараб, сўзларингни меҳр қулоғи билан эшитаман.
Каклик узрини айтиб қанча баҳона келтирмасин, лочин унинг узрини қабул қилмади. Ниҳоят, каклик тешикдан чиқди, улар бир-бирлари билан қучоқлашиб, дўст бўлишга аҳду паймон қилдилар. Лочин какликни ўз уясига олиб кетди. Улар тотувлик ва хурсандчилик билан умр кечира бошладилар. Каклик лочиндан қўрқмай ибосиз гаплар айтиб, беадабона ҳаракатлар қила бошлади. Сўз орасида у қаҳқаҳа отиб кулар, лочин ҳам буларни ҳазилга йўйиб, ўзини билмасликка солар эди. Аммо дўстининг ҳаракатлари унинг жаҳлини чиқаза бошлади. Бир кун лочин бетобланиб, овга чиқа олмади. Кечаси қорни жуда ҳам очди, гиналар эсига тушса, какликни егиси келар, аҳду паймон эсига тушса, ўзини босар эди.
Каклик лочиннинг авзойини кўриб, ўзининг ҳалок бўлиши муқаррар эканини тушуниб қолди ва фиғон чекиб деди: «Афсуски, аввалда ишнинг охирини ўйламадим, етти ёт бегонага ошно бўлдим. Улуғлар насиҳатини қулоққа олмадим, улар: «Ножинс суҳбатидан илондан қочгандек қоч», деган эдилар. Била туриб ўзимни ўтга ташладим, ҳаётим иплари узилди, энди нима қилай?»
Каклик ўзи билан ўзи гаплашиб турганда, лочин озор чангалини ёзиб, қонхўр тумшуғини чархлаб, какликка ташланишга баҳона қидирар эди.
Лочин ҳеч қандай баҳона топа олмай, бетоқат бўлиб, аччиқ аралаш деди:
—    Менга офтоб ёмон таъсир қилди, сен эса сояда роҳат қилиб ётибсан. Каклик деди:
—    Эй жаҳонгир амир, ҳозир тун, ҳамма олам қоронғилик қўйнида. Сизга қайси офтоб ёмон таъсир қиляпти-ю, мен ниманинг соясида роҳат қилиб ётибман.
Лочин айтди:
—    Эй беадаб, мени ёлғончи қиласанми? — деб чангалини ёзди, какликни икки бутидан ажратиб ташлаб, гўштини еди.
Бу масални шунинг учун келтирдимки, сен билиб ол: ҳар ким душман бўлган ғайрижинс махлуқ билан суҳбат қурса, зарарсиз эканлигидан кўнгли тўқ бўлмаган киши билан ошна бўлса, фалокатга йўлиқади.
Қарға сичқонга деди:
—    Ақлингни бошингга йиғиб ўйласанг-чи, сени ранжитишдан менга нима фойда, сени еганим билан на қорним тўяди, на кўзим. Лекин сенинг дўстлигинг менга минг даража кўп фойда келтириши мумкин. Аминманки, сен билан дўст бўлиш учун узоқдан келганимни назарга олиб, мени рад этмайсан, кўкрагимдан итариб ташламайсан, чунки бу сенинг шаънинг-га ярашмайди, инсоф бунга йўл қўймайди. Ҳаёт сенинг юксак даражада ахлоқли, саховатли ва шижоатли эканлигингни кўрсатди. Қанчалик ҳаракат қилма, ҳунар ва истеъдодингни сир сақлай олмайсан. Ҳунар ва истеъдод мушк-анбар кабидир, уни қанчалик бекитма, у шунчалик атрофга ёйилиб, ҳаммаёқни муаттар қилиб юборади.
Сичқон деди:
—    Муболағани ҳаддан ошириб юбординг. Мени дўст бўлишга тарғиб этмоқдасан, лекин кичкина сабаб билан муҳаббат иплари узилиши мумкин. Донишмандлар дебдиларки, душман сўзига алданиб бўлмайди. Муҳаббатдан лоф урганга яқинлашмоқ хатодир. Дўстлик даъвосини қилган душманнинг сўзига ишонган одамнинг бошига албатта сувори бошига тушган савдо тушади.
Қарға сўради:
—    Унинг бошига нима савдо тушибди? Сичқоннинг навбатдаги ҳикояти
Карвонлар ёқиб кетган гулханнинг ўтини шамол учириб, даштга ўт тушиб кетган эди. Туя минган бир киши ўша ердан ўта туриб, оловлар ўртасида бир илоннинг тўлғаниб ётганини кўрди. У ўт балосидан қутула олмай заҳарли кўзларидан қон ёш тўкиб суворига ялиниб деди:
—    Марҳамат қилиб, мени бу дўзахдан қутқар, савоб бўлади.
Сувори раҳмдил киши эди. У илоннинг зорини эшитиб, бечорага юраги ачиди, илон, гарчи одамзодга душман бўлса ҳам, ҳозир қийин аҳволда қолибди, уни бу балодан қут-қарсам савоб бўлар, деб ўйлади. У тўрвасини найза учига боғлаб илон томонга узатди. Илон севиниб тўрвага кирди. Сувори бироздан кейин тўрвани очиб, илонга деди:
—    Бор, эсон-омон қутулганингга шукур қилиб, уйингга кет, бундан буён ҳеч кимга озор берма. Илон деди:
—    Эй йигит, бу сўзларингни қўй. Мен сени ва туянгни чақиб, заҳаримни солмай кетолмайман. Сувори деди:
—    Ахир сенга яхшилик қилдим, сени оловдан қутқардим, гуноҳим шуми? Илон деди:
—    Ҳа, сен яхшилик қилдинг, аммо ўринсиз яхшилик қилдинг. Биласанки, мен зарарли махлуқлар авлодиданман, бошқа нарсани мендан кутиш мумкин эмас. Нима учун мени қутқардинг? Ўлдирмоқ лозим эди, сен эса одамзод душманига раҳм қилдинг. Яхшиликка ёмонлик менинг касбимдир. Емонларга яхшилик қилиш, яхшиларга ёмонлик қилиш, демакдир. Энди мен сени заҳарласам, бу ишим сенга танбеҳ, ўзгаларга ибрат бўлади.
Сувори деди:
—    Эй ноинсоф, яхшиликка ёмонлик қайси мазҳабда бор?
Илон деди:
—    Одамзод мазҳабида бор. Мен сенинг ижозатинг билан ўз матоларингизни ўзларингизга сотмоқчи ва ўз косангизда ўзингизга заҳар ичирмоқчиман. Тезроқ жавоб қил, аввал ўзингни чақайми ё тевангни?
Сувори деди:
—    Мени ҳам чақма, туямни ҳам. Илон деди:
—    Нега энди! Ўзларингиз ҳам яхшиликка ёмонлик қиласизлар-ку! Сувори илоннинг бу гапини инкор қилди ва деди:
—    Бу даъвога гувоҳ керак.
Шу орада бир сигир кўриниб қолди. Илон деди:
—    Эй сигир, яхшиликнинг жазоси нимадир? Сигир деди:
—    Одамзод мазҳабида яхшиликнинг жазоси ёмонликдир. Мен бир неча йилдан бери уларникида тураман. Ҳар йили бола туғар ва уйларини сут билан қаймоққа тўлатар эдим. Ҳозир боладан, сутдан қолдим, қаридим, ўтлаб семирсин, деб мени далага ҳайдаб қўйдилар. Кеча эгам келиб у ёғ-бу ёғимни ушлаб, бироз семирганимни кўриб, қассобга сотди. Мана бугун сўйишга олиб кетаётирлар. Яхшилигимнинг жазоси шу бўлди.
Илон деди:
—    Эй йигит, эшитдингми? Сувори деди:
—    Эшитдим, аммо бир гувоҳнинг шоҳидлиги етишмайди. Яна бир гувоҳ керак. Илон атрофга қараб бир дарахтни кўриб, унинг ёнига келди ва сўради:
—    Эй дарахт, яхшиликнинг мукофоти нима? Дарахт деди:
—    Одамзод мазҳабида яхшиликнинг мукофоти ёмонлик, фойданинг жазоси зиёндир. Далил шуки, мен бу даштда кўкарган бирдан-бир дарахтман, одамлар иссиқда ҳориб-чарчаб келиб, соямда дам олишади. Нафасларини ростлаб олгач, юқорига қараб, «анави шохи аррага даста бўлади, анавиниси тешабоп экан», деб шохларимни кесиб ёки арралаб оладилар. Мендан фойда кўрсалар ҳам, менга азобни раво кўрадилар.
Илон деди:
—    Икки гувоҳ бўлди. Энди тан бер, сени чақай.

—    Жон жуда ширин нарса. Яна бир киши гувоҳлик берса, узрга ўрин қолмайди.
Иттифоқо, ўша ердан бир тулки ўтиб қолди. Буларни кўриб тўхтади-да, сўзларига қулоқ солди, кейин саволни кутмасданоқ «Яхшиликнинг жазоси ёмонликдир, — деди, кейин суворига қараб,
—    сен бу илонга нима яхшилик қилиб эдинг?» деб сўраб қолди.
Сувори бўлган гапни айтиб берди. Тулки деди:
—    Сен ўзинг ақлли одамга ўхшайсан-у, лекин нега ёлғон гапирасан? Илон деди:
—    Ростини айтяпти, бу одам мени тўрвага солиб, оловдан чиқарди. Тулки ҳайрон бўлиб сўради:
—    Бу сўзга қандай қилиб ишонса бўлади, ахир шундай катта илон бу кичик тўрвага сиғиши мумкинми?
Илон деди:
—    Агар ишонмасанг, тўрвага кириб кўрсатай, шубҳага ўрин қолмасин. Сувори тўрва оғзини очди, илон тўрвага кириб кулча бўлиб олди. Тулки деди:
—    Эй йигит, душманинг бандга тушди, пайтни қўлдан берма.
Сувори тўрва оғзини маҳкам боғлаб ерга бир урди, илон мажақ-мажақ бўлиб кетди.
Қиссадан ҳисса шуки, ақлли одам эҳтиётни қўлдан бермайди, душман ялиниб-ёлворганда ғурурланиб кетмайди ва унинг сўзларига ишонмайди.
Қарға деди:
—    Ҳикматли ва фойдали сўзларингни эшитдим. Ле-кин олижаноблик кўрсатиб, менинг сўзларимга ишон. Сен олижанобликнинг шарти яхшиликка йўл топмоқлик эканини жуда яхши биласан. Тўғри ва соф одамлар дарров дўст бўлиб оладилар, улар орасидаги дўстлик узоққа чўзилади, фитначи одамлар дарров дўст бўла олмайдилар, муносабатлари тез бузилади. Яхши ва олижаноб одамлар бир соатлик кўришиш ва бир кунлик танишиш муддатида одамнинг кўнглини овлайдилар. Аммо кўпдан бери танишиш ва дўст бўлиш орзусида юрган ичи қора одамлардан марҳамат ва лутф кўзлаб бўлмайди. Улар қўрқув ва ғараз туфайли дўст бўлишни истайдилар. Лекин мен сенинг олижаноб эканингни кўриб турибман. Сен дўст бўлиб мени севинтирмагунингча, оғзимга бир қултум сув, бир тишлам нон ҳам олмайман, эшигингдан нари ҳам кетмайман.
Сичқон деди:
—    Сен билан дўст ва биродар бўлишга эътирозим йўқ. Агар сен хиёнат қилмоқ фикрида бўлсанг, бу сичқон лақма ва гўл экан, деган фикрга бормагин, деб айтдим. Йўқса, менинг табиатимда муҳтожларга ёрдам беришдан бўйин товлаш, беғараз дўст бўлмоқни истаганларни рад этиш хосияти йўқдир.
Сичқон буларни айтгандан кейин ўз уясининг оғзига чиқиб ўтирди... Қарға деди:
—    Уянгдан чиқиб, менинг олдимга келмаслигингга ва дўстларча суҳбат қилмаётганингга не сабаб? Еки ҳамон тараддуд ва шубҳа ичидамисан?
Сичқон деди:
—    Бу дунёнинг одамлари бир-бирига маҳрам бўлишни истасалар, дўстлик йўлида ўз азиз жонларини ҳам аямайдилар. Бундай одамлар асл дўст ва садоқатли биродарлардир. Лекин бу дунёда шундай тоифа одамлар ҳам борки, улар ёлғиз ўз вазиятларини яхшиламоқ, қўлга бир нарса киритмоқ, яхши кун кечирмоқ учун дўст бўладилар. Бундай одамлар мол-давлат дўстларидир. Улар қушларни тўйдириш учун эмас, тутиш учун дон сепадиган овчига ўхшайдилар. Дўсти учун жонини фидо этадиган одамнинг қадр-қиммати молини фидо этадиган одамдан жуда ва жуда юксакдир. Равшанки, сен билан дўстликни тарозининг бир палласига, жонимни бир палласига қўйсам, баробар келади. Агар мен сендан шубҳаланиб, ёмон гумонда бўлсайдим, бундай қилмас эдим. Мен сенинг дўстлигингга, айтган сўзларинг самимий, берган ваъдаларинг ҳақиқий эканлигига ишонаман. Сенинг садоқатинг менда ҳеч шубҳа уйғотмайди, лекин ҳамжинсларинг менинг мен каби ўйламайдилар. Улардан бири мени кўриб жонимга қасд қилмасин, деб қўрқаман.
Қарға деди:
—    Ўртоқликнинг шартларидан бири, дўстнинг дўстлари билан дўст, душманлари билан душман бўлишдир...
Бу кун сенинг билан менинг орамизда дўстлик пойдевори қурилди, бундан кейин сени ранжитмайдиган одамгина бизга дўст бўла олади. Бунинг устига, мен сенла иноқ бўлмаганлар билан дўстликни узаман, сен билан яхши муносабатда бўлганлар билангина дўст бўламан. Миришкор боғбонларда шундай бир одат бор: гуллар орасида сассиқ алаф ўт кўрсалар, дарҳол уни илдизи билан суғуриб олиб ташлайдилар.
Сичқон қарғадан бу сўзларни эшитиб, кўнгли жойига тушди, у секин юриб қарғанинг олдига келди ва меҳрибонлик билан унинг юз-кўзларидан ўпди. Иккаласи ҳам бу кўришишдан жуда мамнун бўлдилар.
Бир неча кун ўтгандан кейин сичқон қарғага деди:
—    Эй дўстим, агар бу ерда қолишни истасанг, хотин, бола-чақаларингни ҳам кўчириб олиб кел, ҳижрон ва фироқ дарди ҳам камаяди. Чунки бу ер жуда баҳаво, ҳар нарсага мўл ва кўнгил баҳра топадиган жой.
Қарға деди:
—    Бу манзил ҳақиқатан ҳам сафоли ва хушманзара экан. Лекин бундан ҳам гўзал жойлар бор. Мен шундай бир хушманзара хилват жойни кўз остимга олиб қўйганман.
У ерда менинг дўстларимдан бир тошбақа туради, кўлларида балиқ, бўстонларида мева бисёр. Шуни ҳам айтайки, сенинг ининг йўл ёқасида, ўтган-кетганлар зиён-заҳмат етказишлари мумкин. Агар истасанг, ўша ерга кетиб, тинчгина умр кечирайлик.
—    Сен билан дўст бўлиб ёнма-ён яшаш менга ҳар нарсадан азиздир. Сен билан кетмасам, ким билан кетаман? Мен ҳам ўз раъйим билан бу ерга келган эмасман, бунинг тарихи узун ва мароқлидир. Бир куни, жойи келганда айтиб бераман.
Қарға сичқоннинг думидан тишлаб тошбақа яшайдиган тарафга қараб учди. Тошбақа сув лабида ўтирган эди. Уларни кўриб қўрққанидан сув тагига шўнғиди. Қарға сичқонни секин ерга қўйди-да, тошбақани чақирди. Тошбақа қарғанинг овозини таниб сувдан чиқди. Бир-бирлари билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдилар. Қарға бўлган ишларни аввалидан охиригача гапириб берди. Кабутарларнинг тузоққа тушгани, уларнинг орқасидан боргани, сичқоннинг уларга кўрсатган ёрдами, шу туфайли сичқон билан дўстлашгани, бир неча кун унинг меҳмони бўлгани, сўнгра бу ерга тошбақани кўриш учун келганларини айтиб берди. Тошбақа сичқоннинг бунчалик ақлли ва садоқатли эканлигини эшитиб, уни меҳрибонлик билан қарши олди, эъзоз-икром қилиб деди:
—    Толе ўзи сени бу ерга келтирибдур. Сендай садоқатли ва марҳаматли кимса бу ерларнинг зеб-зийнати бўлади.
Қарға сичқонга деди:
—    Агар муносиб бўлса, менга айтиб бермоқчи бўлган ҳикоянгни айтиб берсанг. Тошбақа ҳам эшитса, чунки энди у ҳам яқин ва самимий дўстингдир.
Сичқон сўз бошлади:
—    Менинг аслим Нишопурдандур. Мен у ерда бир зоҳид уйининг ковагида онадан туғилганман. Бир неча сичқонлар менинг хизматимда эдилар. Зоҳиднинг хотини йўқ эди. Ҳар кун муридларидан бири уйидан овқат келтирарди. Ундан зоҳид бир қисмини еб, қолганини кеч-қурунга олиб қўярди. У ташқарига чиқиши биланоқ у таомдан хоҳлаганимча еб, қолганини бошқа сичқонларга берар эдим. Зоҳид биздан аччиғи чиқиб янги-янги ҳийла-найранг ишлатиб таомни ҳар хил ерларга яшира бошлади. Лекин фойдаси бўлмади. Кўп вақтгача аҳвол шундай ўтди. Кунлардан бир кун зоҳиднинг уйига меҳмон келди. Кечки таомдан сўнг, зоҳид меҳмондан қаердан келганини, қаерга боришини сўради. Меҳмон аччиқ-чучукни тотган, яхши-ёмонни кўрган одам эди, зоҳидга кўп ажойиб ва ғаройиб нарсаларни сўзлаб берди. Зоҳид вақти-вақти билан сичқонларни қувмоқчи бўлиб қарсак уриб қўярди.
Меҳмон ғазабланиб деди:
—    Эй зоҳид, мен сўзлаётганимда қарсак чалганингиз нимаси? Бу билан мени беҳурмат қиляпсиз-ку.
Зоҳид узр сўраб деди:
—    Мен қарсак чалиб сичқонларни қувмоқчиман, чунки нима қўйсам, ҳаммасини еб кетяптилар. Меҳмон сўради:
—    Ҳаммалари шундай журъатлими?
Зоҳид деди:
—    Биттаси жуда ҳам сурбет, ҳеч нарсадан қўрқмайди, олдимдаги дастурхондан ҳам нон олиб кетади.
—    Бўлмаса, бошқаларни жасоратлантирадиган ҳам ўша сичқон. Бу нарса менинг ёдимга бир кишининг: «Бир балоси бўлмаса, бу хотин пўсти тозаланган кунжутни тозаланмаган кунжутга алмаштирармиди», деган сўзларини туширди.
Зоҳид сўради:
—    У қандай ҳикоя экан? Меҳмоннинг ҳикояти
Келаётганимда кечқурун бир ошнамникига тушдим. Кечки овқатдан кейин менга жой солдилар. Уй эгаси хотинининг ёнига кетди. Улар билан мен ётадиган жой чий билан ажратилган эди. Бинобарин, суҳбатларини баралла эшитар эдим.
У киши хотинига деди:
—    Эй хотин, эртага танишларни чақириб, келган азиз меҳмонимиз шарафига бир зиёфат берсам дейман.
Хотини деди:
—    Уйда хотининг, бола-чақанг егулик таоминг йўқ-ку, зиёфат бериш хаёлидасан. Бугун қодир бўлсанг ҳам эртани ўйла, токи болаларинг бир бурда нонга зор бўлмагайлар, акс ҳолда, уларнинг юзига қандай қарайсан.
Киши деди:
—    Эҳсон ва меҳмондорчиликка сарф бўладиган нарсани қизғаниш инсофдан эмас. Хасислик қилиш ва ортиқча мол йиғиш яхши иш эмас, бу яхши натижа бермайди, бўрининг бошига тушган фалокат бошингга тушади.
Хотини сўради:
—    Бўрининг бошига қандай фалокат тушибди? Ҳикоят
Бир овчи чиқиб бир оҳуни отди ва уни орқалаб олиб уйига равона бўлмоқчи ҳам эдики, бир ёввойи тўнғиз уларга ҳужум қилди. Овчи унга ўқ узди. Тўнғиз жон талвасасида ўзини овчига отди ва уни қорнидан ёриб ҳалок қилди ва ўзи ҳам ҳалок бўлди. Шу вақтда бир оч бўри келиб қараса, бир овчи, бир чўчқа ва бир оҳу ўлиб ётибди. У жуда хурсанд бўлди. Унинг очкўзлиги тутиб, ўз-ўзига деди: «Бу овқатларни эҳтиёт қилиб сақлаб қўйиш керак. Энг яхшиси, бу тоза гўштларни бир чеккага йиғиб қўяй, оғир кунларимга ярайди. Бугунча камоннинг тирқиши билан кифояланай». Бўри ҳарислик қилиб камонни тортиб турган тирқишни ея бошлади, камон очилиб кетиб бир учи бўғзига тиқилди. Бўри ўша ондаёқ жон берди.
Бу масални шунинг учун келтирдимки, билиб қўй: очкўзлик қилиб мол йиғмоқнинг фойдаси
йўқдир.
Хотини деди:
—    Гапинг тўғри. Уйда бироз гуруч ва кунжут бор. Олти-етти одамга етадиган таом пиширай, истаган кишиларингни таклиф қила қол.
Эртасига эрталаб туриб хотин кунжутни оқлади ва уни офтобга ёйди, эрига қушларни қувиб туришликни тайинлаб, ўзи бошқа ишлар билан машғул бўлди. Сал ўтмай эрини уйқу элитди. Бир ит келиб кунжутга оғзини тегизди. Хотин буни кўриб қолиб, ўша кунжутдан таом тайёрлашга жирканди. Кунжутни бозорга олиб бориб, оқланган кунжутни шу миқдордаги оқланмаган кунжутга алмаштириб олди. Мен ўша ерда турган эдим, бир кишининг: «Бир балоси бўлмаса бу хотин оқланган кунжутни оқланмаган кунжутга алмаштириб кетармиди», деганини эшитиб қолдим.
Ўйлайманки, уйингдаги сичқоннинг бундай жасоратли бўлишида албатта бир сир бўлиши керак. Бир болта келтиринг, мен унинг инини бузиб кўрай, нимаси бор экан.
Зоҳид дарҳол болта олиб келди. Мен бошқа тешикдан уларнинг сўзларини эшитиб турардим. Уямда мингта қизил тилла бор эди, уларни ким қўйганлигини билмасдим, лекин ҳамиша уларни ўйнаб, устида ағанаб, теримга сиғмай юрар эдим. Белимнинг қуввати, жонимнинг роҳати шу тиллалар эди. Тиллам борлиги ёдимга тушса қувониб кетиб, ўзимда жасорат ҳис этар эдим.
Меҳмон инимни буза бошлади. Тиллаларимни топиб олиб, зоҳидга деди:
— Мана сичқонга журъат бағишлаган нарса шу. Давлат ақл чироғи, қувват манбаидир. Кўрасан, бундан сўнг сичқон қуввати ва жасоратини йўқотади.
Мен бу сўзларни эшитгач, баданимда бир заифлик, руҳимда бир тушкунлик сездим. Энди бу уйда қола олмаслигимни англадим. Бироз ўтгач, сичқонлар олдида обрўйим қолмади, қадрим кетди. Улар аввалгидек бош эгиб салом беришни тарк этиб, мени ўринли-ўринсиз таъна қила бошладилар. Мендан аввалгидек зоҳиднинг уйидан таом ўғирлаб олиб чиқишимни талаб қилдилар, бу ишнинг уддасидан чиқолмаганимдан кейин мен билан сўзлашмайдиган бўлдилар, бир-бирларига: «Бу иш унинг қўлидан келармиди, бироз вақтдан кейин ўзи бизга муҳтож бўлиб қолади», дер эдилар. Ҳаммалари мендан юз ўгириб, душманларимга қўшилдилар. Шундай мақол бор: «Кимнинг моли қўлидан кетса, шу билан бирга унинг ҳурмати ҳам кетади». Мен ўз-ўзимга дедим: «Мол-давлати бўлмаганнинг дўст-ошнаси ҳам, қавм-қариндоши ҳам бўлмайди. Мол-мулки бўлмаганга яхши гап айтмайдилар, ёрдам ва маслаҳат ҳам бермайдилар».
Бундан қиёс олиб, қўли калта, йўқсил бир одам бирор иш бошламоқчи бўлса, бунинг охири нима билан тугашини тасаввур этиш қийин эмас. Фақирлик унинг қўл-оёғини ипсиз боғлаб қўяди, ўз мақсадига етолмайди, ҳеч нарсага ҳавас қилмайди. У бамисоли ёз ёмғири: на оқиб дарёга тўкилади, на тўпланиб сой бўлади.
Биродари бўлмаган киши ғарибдир, фарзандсиз бўлса, номи тез унутилади, пули бўлмаганни ақлсиз, деб ҳисоблайдилар. Вабо касалига дуч келган одам каби ҳамма йўқсилдан қочади, ғам ва алам лашкари унинг устига ҳужум қилади, бундай одам қавму қариндош орасида ҳам хор бўлади...
Кўпинча инсон тирикчилигини ўтказиш, оилани тўйдириш учун нолойиқ йўлларга киришга ҳам мажбур бўлиб қолиб расво бўлади. Шу равишда у дунёни ҳам, бу дунёни ҳам қўлдан бериб қўяди. Шўроб жойда битган, ҳар ким шохини эгиб, синдириб кетган дарахт, ҳар кимдан туртки еб, дўстга зор бўлган камбағалга ўхшайди. Камбағаллик энг катта бахтсизлик ва зўр мусибатдир. Муҳтожлик одамни ҳаммага душман, беҳаё қилади, инсоф ва мурувватини қўлидан олади, қувват ва идрокини заифлаштиради. Муҳтожлик гуноҳ ва фасод манбаидир. Кимки камбағаллик ва муҳтожликка тушса, унинг шарми, обрўси ҳам кетади. Ҳаёни қўлдан берган одам кек сақлайдиган ва сўкишадиган бўлади, ғам пардаси унинг ақлини қоплайди, фаросати, зеҳн-закоси озаяди. Бундай бахтсизликка мубтало бўлган одамнинг бутун қилган
иши, сўзи ҳаммага ёмон кўринади, берадиган маслаҳатлари ўзига зиён етказади. Илгари уни яхши, деб юрган дўстлари уни ёмон одам, деб ҳисоблайдилар, бошқаларнинг гуноҳини ҳам унинг бўйнига тўнкайдилар. Бойлар айтганда мақтовга сазовор бўлган сўзни камбағал айтса, уни наф-рат ва таъна билан қарши оладилар. Агар камбағал шижоат кўрсатса, уни қўпол ва нодон дейдилар, сахийлик қилса, исрофгар дейдилар, мулойим бўлса қўрқоқ дейдилар, ҳикматли сўзлар айтса, сергап деб, хомуш ва сокит ўтирса, тилсиз ҳайвон, дейдилар. Хуллас, бундай йўқсилликдан ўлим яхшироқдир. Дон оғзига қўл тиқиб заҳар олмоқ ёки оч шер олдидан гўшт олиб қочмоқ, номард одамдан бир нарса сўрагандан осондир. Дебдурларки, соғайиш эҳтимоли бўлмаган хасталик, висол умиди бўлмаган ҳижрон, умрбод ғариблик — йўқсиллик ва тиланчиликдан яхшидир. Муҳтожликда тиланчилик билан яшамоқ ўлим демакдир. Бундай одамнинг ўлими ҳаётига қараганда роҳатдир.
Кўпинча инсон уялганидан ёки иззат-нафси кучлилигидан камбағал ва ночор эканлигини айта олмайди. Муҳтожлик зўр бўлса, номусли одамни ҳам охирида хиёнатга, халқнинг молига қўл чўзишга мажбур этади. Олимлар дебдурларки: «Индамаслик — ёлғон гапиришдан, дудуқланиш — сўкинишдан, камбағалликка чидаш — ўғрилик билан мол тўплашдан яхшидир».
Шундан кейин зоҳид билан меҳмони тиллаларимни бўлишиб олдилар. Тешикдан қараб турган эдим, меҳмон ўз ҳиссасини олиб ёстиқ остига қўйди. Мен шу пулдан бироз қўлга киритсам, яна бироз кучга кирарман, дўст, ошна, қавму қариндошлар орасида ҳурмат қозонарман, деган қарорга келиб, кечаси инимдан чиқиб ёстиқ томон югурган эдим, меҳмон уйғоқ экан, бир ёғоч билан миямга туширди. Оғриқнинг зўридан судрала-судрала инимга қайтиб келдим. Бироз ўтгач, оғриқларим босилди. Яна тама жўш уриб, иккинчи дафъа ташқари чиқдим. Меҳмон мени кутиб ўтирган экан, яна ёғоч билан яхшилаб туширди... Калтак зарбидан кўз олдимда чақмоқ чаққандай бўлди — оғриқ бутун дунё молларини мен учун бир пул қилиб юборди... Бироз ўзимга келгандан сўнг фикр қила бошладим. Бутун балолар манбаи тамагирлик ва бутун жафолар сабаби ҳарислик экани менга маълум бўлди. Бу дунёдаги инсонларнинг азият ва машаққатларининг ҳаммаси тамагирлик билан боғлиқдир.
Кичкинагина бола кучли бир туянинг бошига нўхта уриб, уни истаган ерга олиб боргани каби, тама ва очкўзлик ҳам инсонларнинг бўйнига арқон солиб, уларни хоҳлаган жойга судрайди... Тажрибага асосланиб шундай деса бўлади: асл бойлик — кўзи тўқлик ва қаноатдир. Бахт-саодатнинг негизи ҳам шудир...
Дебдурларки, ахлоқли бўлиш серибодат бўлишдан, қаноат бойликдан афзалдир. Олимлар дебдурларки, энг буюк яхшилик — саховат ва қўли очиқликдир, энг гўзал вақт — дўсту ошнолар билан кечирилган кундир, энг комил ақл — бўлиши мумкин бўлган иш билан бўлмайдиган ишни бир-биридан ажрата билишдир.
Охирда мен бир парча нонга қаноат қилиб, ўзимни тақдирнинг ихтиёрига топширдим ва зоҳиднинг уйидан саҳрога кўчдим. Менинг бир кабутар дўстим бор эди. У туфайли қарға билан дўстлашдим. Сенинг фазилатларинг ҳақидаги қарғанинг айтган сўзлари менда бу ерга келиш, сени зиёрат қилиб, суҳбатинг-дан баҳраманд бўлиш орзусини туғдирди. Чунки ғойибан таърифингни эшитган ўзингни кўргандек сен билан дўст бўлиб қолади... Қарға сенинг ёнингга келмоқчи эканлигини эшитиб, мен ҳам сен билан дўст бўлиш ва шундай қилиб, ғариблик, ёлғизлик даҳшатидан ёқани бўшатиш мақсадида унга ҳамроҳ бўлиб келдим. Елғизлик жуда оғирдир. Дунёда ҳеч бир шодлик дўстлар суҳбатидан ортиқ бўлмайди ва ҳеч ғам ва машаққат биродарлардан ажралишдек оғир туюлмайди. Ҳижрон шундай оғир юкки, уни ҳамма ҳам кўтаролмайди, висол шундай ширин шарбатки, ҳеч ким уни охиригача ичишга муваффақ бўлмайди... Бу айтилганлардан равшан бўладики, ақлли одам дунё молидан ўзига яшаш учун керак бўлганинигина олиши ва энг зарурий нарсалар билан кифояланиши лозим. Энг зарурий
нарса: озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпанадан иборатдир. Мен бу ерга келиб сен билан дўст ва биродар бўлишимдан ғоят фахрланаман, сен ҳам мени муҳаббатингдан бебаҳра қилмайсан деб, умидворман.
Тошбақа сичқоннинг бу сўзларига жиддий эътибор бериб қулоқ солди, фасоҳат ва балоғатли сўзлар билан жавоб берди:
—    Мен сенинг гапларингни эшитдим. Гўзал ва ибратли нутқ! Лекин бу ерга келганингдан норозидек кўринасан. Бош омон бўлсин, ҳар хил нарсаларга юрагингдан жой бераверма. Чунки гўзал сўзлар фақат амалга оширилгандагина чиройли натижалар бера олади. Муолажа йўлини топган касал одам унга амал қилмаса, табобат илмини билгани фойдасиз. Олим ўзини ишда оқлаши, ақл самараларидан истифода эта билиши, мол-дунёнинг озлигидан ранжимаслиги керак...
Боғланиб сандиққа солинган шер ўз кучини йўқотмагани каби, илм ва ҳунар эгаси ҳам бадавлат бўлмаса-да, ўз иззат-ҳурматини йўқотмайди. Аксинча, итнинг бўйнига олтин занжир боғланса-да, ҳамма жойда ҳаром ҳисоблангани каби, истеъдодсиз, саховатсиз давлатманд ҳам нафратга дучор бўлади.
Сен ғарибман деб ўйлаб, уни ўзинг учун дардга айлантирма, чунки ақлли одамларнинг ҳар қаерда куни ўтаверади. Ношукр бўлиш яхши эмас. Оғир кунларда ва камбағалликда сабрдан бошқа кўркам фазилат бўлмайди. Сабр қилиб нафсни тия билиш керак. Кимики бунга қобил экан, сув сойликни, ўрдак кўлни топгани каби, хушбахтлик ва саодат эшиклари унга очилади. Еш аёллар «шарти кетиб, парти қолган» қари чоллар суҳбатидан қочганлари каби, илм ва ҳунар ҳам танбал ва ишёқмасларга насиб бўлмайди. «Мол-давлатим қўлимдан кетди» дея афсусланма, чунки бу дунёнинг бойлиги осмонга учирилган пуфакка ўхшаган бир нарса. Унинг қачон ва қаерга тушишини билиб бўлмайди...
Донишмандлар айтибдурларки, бир неча нарса дунёда узоқ муддат қола олмайди: булутнинг сояси, ёмон одамнинг дўстлиги, суюқ оёқ, лафзи бўш хотинларнинг ишқи, ёлғон мақтов, мол-дунёнинг кўплиги, девонанинг лутф-карами, ёшларнинг гўзаллиги. Оқил одамларга давлатнинг кўплигидан хурсанд, озлигидан хафа бўлиш ярашмайди, у фақат ҳунар ва санъатини ўз моли деб ҳисоблаши керак. Чунки, булар шундай бир битмас-туганмас хазина ва давлатки, уни ҳеч ким инсондан тортиб ололмайди. Фалакнинг айланиши унга таъсир эта олмайди... Сенга насиҳат қилиб ўтиришимга ҳожат йўқ ва ўз фойдангни зарарингдан яхши фарқ қила биласан. Бугун сен бизнинг азиз дўстимиз ва биродаримизсан, қўлимиздан келганича сени эъзозлаб, ҳурматингни жойига келтирамиз.
Қарға тошбақанинг сичқонга илтифот билан муомала қилганини кўриб деди:
—    Мени жуда севинтирдинг, ўзим ҳам сендан бошқа нарса кутмаган эдим. Хурсандчилик барча учун эшиги очиқ бўлган одамларга насиб бўлади. Яқин дўстлар, қавм-қариндошлар унинг марҳамати ва ёрдами билан яхши умр кечириб уни дуо қилгайлар, муҳтожлар унинг эшигидан ноумид ва қуруқ қайтмагайлар, яхши ва содиқ дўстлар ҳамиша унинг бошидан аримагайлар... Сахий одам қийинчиликка тушса, лутф-карамли, олижаноб одамлар унга ёрдамга келадилар. Ботқоқликка ботган филни фақат филгина чиқара олади. Ақлли одам ҳамиша ҳунар ўрганиб яхши ном қолдиришга интилади. У хавф остида қолса ҳам, ҳатто боши таҳлика остида қолса ҳам қўрқмай яхшилик қилади. Чунки у бу билан ўткинчи дунё ўрнига абадийликни, озга кўпни харид қилган бўлади... Бошқаларга ёрдам қилмаган бой одам давлатманд ҳисобланмайди. Умр бўйи ёмон ишлар билан машғул бўлиб халқни ранжитадиган одамнинг номи инсонийлик дафтарига ёзилмайди.
Қарға бу сўзларни гапириб турган вақтида узоқдан чопиб келаётган бир оҳу кўринди. Уни овчи қувиб келяпти, деб гумон қилиб, сичқон ўзини инига олди, тошбақа ўзини сувга урди, қарға эса дарахтга чиқиб олди.
Оҳу сув лабига келиб бироз сувдан ичди, сўнгра қулоқларини чимириб тураверди. Оҳуни бундай аҳволда кўрган қарға овчи келаётгани йўқми, деб ўнг ва сўлга қаради, лекин ҳеч кимни кўрмади. У пастга тушиб тошбақани чақирди, сичқон ҳам инидан чиқди. Ҳаммалари оҳунинг ёнига келдилар. Оҳунинг қўрққанлигини кўрган тошбақа раҳми келиб сўради:
—    Нима бўлди, қаердан келяпсан?
Оҳу деди:
—    Мен ҳамиша саҳрода яшайман. Овчилар доим мени ҳар тарафга қувадилар. Бугун бир қари чолни учратдим, уни овчи, деб ўйлаб бу ерга қочиб келдим.
Тошбақа деди:
—    Қўрқма, бу ерларга овчилар оёқ босмайди. Кел, дўст бўлайлик. Улуғлар: «Дўстлар қанча кўп бўлса, бало шунча кам ёпишади», деганлар. Бу ер жуда яхши чаманзор, роҳат қилиб яшайсан.
Оҳу улар билан дўст бўлиб, чаманзорда қолишга рози бўлди. Атрофи қамиш билан ўралган жойга йиғилишиб суҳбат қуришар, бир-бирларига ҳикоялар айтишар, саргузаштларини сўзлаб беришар ва шод-хуррам кун кечиришар эди.
Бир куни қарға, сичқон ва тошбақа одатдагидек шу ерга яна тўпландилар. Бир соатча оҳуни кутдилар. У келмади. Хавотир олиб, қарғага дедилар:
—    Ҳавога учиб, атрофни қара, зора оҳудан бизга бирор хабар келтирсанг.
Қарға учиб бориб кўп жойларни қаради, ниҳоят, оҳунинг тўрга тушиб ётганини кўрди. Дарҳол қайтиб келиб, воқеани дўстларига айтиб берди. Қарға ва тошбақа сичқонга деди:
—    Биродар, бу масалада сендан бошқага умид боғлаб бўлмайди. Тез бўл, фурсат қўлдан кетмасин.
Сичқон тезлик билан оҳу ёнига келди ва деди:
—    Азизим, нима бўлди, нега шунча эҳтиётлигинг ва ҳушёрлигинг билан бу балога йўлиқдинг?
Оҳу деди:
—    Тақдир қаршисида эҳтиёткорлик ҳам ожиз қолади. Бало қачон келиб ёқага ёпишишини била оладими киши? Бир вақт қайрилиб қарасанг, ўзингни бало занжирида кўрасан.
Шу пайт тошбақа келиб қолди. Оҳу унга деди:
—    Дўстим, нега келдинг? Агар сичқон тузоқнинг тўрларини кесиб, мени қутқарса-ю, бирдан овчи келиб қолса, сен нима қиласан? Мен қочиб жонимни қутқараман, сичқон тешикка киради, қарға осмонга учади, сен нима қиласан? Нега келдинг?
Тошбақа деди:
—    Биродар, қандай қилиб келмайин? Дўстлардан узоқда, фироқ ва ҳижронда кечган ҳаётнинг нима лаззати бор? Қандай ақлли одам айрилиқни афзал кўради. Бахтсизлик юз берганда одамга тасалли берадиган, оғир кунларингда дардингни енгил қиладиган дўстлар билан бирга
бўлиш лозим. Ҳижрон ўтида ёнган, дўстлардан узоққа тушган одамнинг дили ҳамиша ғам ва алам билан тўла, сиҳатлик унинг вужудидан йироқ бўлади, сабр ва қаноат уни тарк этади, ақл ва камолот ўз кучини йўқотиб, фойдасиз бўлиб қолади.
Тошбақа сўзини тугатмай, узоқдан овчининг келаётганига кўзи тушди. Сичқон ипларни кесиб бўлган эди, оҳу туриб қочди, сичқон ўзини тешикка олди ва қарға учиб кўкка кўтарилди. Овчи келиб тўрнинг қирқилганини кўрди, ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа қаради, тошбақага кўзи тушди ва уни тўрвага ўраб шаҳарга жўнади.
Дўстлар овчи кетиши биланоқ йиғилиб, тошбақани қидира бошладилар. Уни овчи олиб кетганини англаб, фарёд кўтардилар...
Сичқон деди:
—    Буни қарангки, бир балодан қутулиб, иккинчисига тутилдик. Аммо ҳикматли одамлар тўғри айтганлар: инсон умидсизликка, саросимага тушмаслиги керак, акс ҳолда, бало селдек ёғилаверади, фалокат тўлқинлари кучаяверади. Киши бир қоқилмагунча ўзини бардам сезади, нотекис ерда бир қоқилдими, бўлди, кафтдек текис жойда ҳам қоқилаверади. Дўстлардан ажралишдан ҳам оғир мусибат борми дунёда? Фироқ алангаси етти дарёни қуритади.
Қарға ва оҳу деди:
—    Қанчалик куйиб-пишмайлик ва зор-зор йиғламайлик, гўзал иборалар ва таъсирли сўзлар айтмайлик, булардан тошбақага ҳеч фойда йўқ. Бир тадбир топиб, тошбақани қутқармоқ керак. Улуғлар дебдурларки, шижоатли ва кучли ботирлар — урушда, хотин ва фарзандлар — камбағалликда, дўст ва биродарлар — бошга кулфат тушганда таниладилар.
Сичқон оҳуга деди:
—    Бир чора топдим: сен овчининг йўлидан чиқиб ўзингни ярадор кўрсатасан. Қарға гўё сени тирнаб ўлдирмоқчи бўлгандай, бошингга қўниб олади. Овчи сени кўриши билан тутиб олиш ниятига тушади ва тошбақани ерга қўяди. У сенга яқинлашган сари сен чўлоқланиб, йиқилиб-туриб ундан узоқлашаверасан. Лекин шошилиб жуда тез қочма, акс ҳолда, овчи сендан умидини узиб, орқасига қайтиши мумкин. Агар сен бир соатча унинг бошини айлантирсанг, мен бу муддатда тошбақани овчи тўрвасидан озод қиламан.
Дўстлар шундай қилдилар. Овчи оҳуни тутмоқ учун роса овора бўлди, лекин ҳеч иш чиқмагач, пушаймон бўлиб орқасига қайтди. Тошбақани тополмай, тўрвасининг йиртилганини кўриб таажжубланди. Бутун бўлган воқеани (аввало оҳу тушган тўр ипларнинг қирқилиши, кейин унинг ўзини яраланган қилиб кўргазиши, унинг устига қарғанинг қўниши ва шу топда тўрванинг тешилиши, тошбақанинг йўқолишини) бирма-бир эслаб, қўрқиб кетди. Бу жой парилар ва жодугарлар маскани экан, деб ўйлаб тезда бу ерни тарк этиб жўнаб қолди.
Овчи кетгач, ёронлар йиғилишиб, севина-севина, эсон-омон ўзларининг манзилларига бордилар ва у ерда роҳат ва фароғатда умр кечира бошладилар. Шундан кейин ҳеч қандай бало уларга йўлиқмади ва ҳеч қандай ёмон ниятли одам уларнинг бахтли ҳаётини бузмади.
Садоқатли дўстлар ва самимий биродарларнинг бир-бирларига кўмаги ҳақидаги ҳикоят мана шундан иборатдир.

давоми бор...