1889 йил, кимсасиз Мўғул чўли, Бепоён кенгликларда аҳён-аҳёнда одам яшайдиган кулбалар учрайди. Озиқ-овқатни етарлича ғамламай, узоқ йўлга енгнл-елпи отланган киши бу жойларда жуда қийналади.
Дарё соҳилидан совуқ шамол эсади. Гарчи июнь ойи бўлса ҳам совуқ шамол суяк-суяккача ўтиб кетади. Отда букчайиб олган бир неча чавандоз Урхун дарёсининг чап соҳили бўйлаб кетяпти. Улар кетидан икки от араваларни аранг тортиб бормоқда. Араваларнинг бирида оғир касал Н. Ядринцев ётибди. У бошчилик қилаётган кичкина экспедиция неча-неча кунлардан буён Мўғулистоннинг кам ўрганилган районлари ичкарисига тобора кўпроқ кириб бормоқда. Кўп нарса планлаштирилган, ҳаммасига улгуриш керак. Шунинг учун ҳам Н. Ядринцев шундай оғир йўллардан бормоқда...
Экспедиция аъзолари қадимги турк давлати маркази бўлган Қорақурум шаҳри харобаларидан қадимги турк даврига оид жуда кўп материаллар — балбаллар (боши кесик ҳайкалчалар), турли ҳайвонлар тасвирини топдилар. Уларни жуда қизиқтирган нарса ёзув битилган тошлар бўлди.
Дастлабки топилган битигтошларнинг орқа томонида хитойча текст ҳам бор эди. Бу хитойча текстлардан маълум бўлдики, битигтошлар турк хоқони Билга хоқон ва унинг укаси, турк давлатининг лашкарбошиси Қул тигин шарафига битилган эди. Аммо битигларни ҳеч ким ўқий олмади. Узоқ изланишлардан сўнг даниялик олим В. Томсен 1893 йилда бу ёзувларни ўқишга муваффақ бўлди.
Ёдномалардаги воқеалар ва шахслар тарихий бўлиб, ўз даврининг барча томонлари—туркий халқларнинг моддий, ижтимоий-сиёсий ҳаётини қамраб олади, шунингдек, ўша даврдаги қабилалар ҳаётида юз берган жиддий ўзгаришлар, бошқа халқлар билан муносабатлари ўз аксини топган. Фақат шугина эмас. Битигтошлар энг аввало туркий халқларнинг ёзма адабиёти намуналаридир. Битигларда тасвирланган воқеаларнинг реал тарихий асослари халқ оғзаки ижоди мотивлари заминида бирикиб, ёзма адабиётнинг алоҳида бир турини юзага чиқарган. Айниқса қаҳрамонлик, ватанпарварлик, гуманистик ғояларнинг бош ўринга чиқиши алоҳида диққатга сазовардир.
Тунюқуқ битиги
Бу битигтош иккинчи турк хоқонлигига асос солган Элтариш хоқоннинг маслаҳатчиси ва саркардаси Тўкюқуққа бағишлаб 712-716 йилларда ёзилган. Тўнюқуқ Қопоғон ва Билга хоқонларнинг ҳам маслаҳатчиси бўлган. Тўнюқуқ битигини ўзи тириклигида ёздирган. Битигтош Монголиянинг Баин-Цокто манзилидан топилган ва ҳозир ҳам ўша ерда сақланади.
Битигда туркийларнинг бир қанча душман қабилаларга қарши кураши, Тўнюқуқнинг халқ олдидаги хизматлари ҳикоя қилинади. Битигда Тўнюқуқнинг хизматлари юксак баҳоланади. Тўнюқуқ бутун куч-ғайратиии халқни душмандан ҳимоя қилишга, унинг ғалабаси учун сарфлайди. Тўнюқуқнинг донолиги, тадбиркорлиги, жасурлиги кўп ғалабаларнинг гарови сифатида таъкидланади. Сатрларда баён этилган воқеалар Тўнюқуқнииг фаолиятини ва унинг турк халқига содиқлигини кўрсатади.
Тўнюқуқ битиги ҳам юксак савияда ёзилганлиги учун ва гуманизми, айниқса қаҳрамонлик мотивининг асосий ўрин тутганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур битигда халқ мақол ва маталларининг кўп қўлланиши унинг бадиий ифода имкониятларини кенгайтирган.
ТЎНЮҚУҚ БИТИГИ
Доно Тўнюқуқ—мен ўзим, Табғач давлатида тарбияландим. Турк халқи Табғач давлатига бўйсунар эди.
Турк халқи ўзининг хони билан ҳам бўлмай, Табғач хоқонлигига қўшилди, хонлик бўлди. Ўз хонини қўйиб, яна Табғач хоқонлигига қўшилди. Тангри шундай деган экан: Хон бердим. Хонингни қўйиб таслим бўлдинг. Табғачга таслим бўлгани учун тангри ўл, деган шекилли.
Турк халқи ўлди, йўқ бўлди, тугади. Турк сир халқи ерида бирорта ҳам уруғ қолмади. Ичкарию ташқарида қолгани тўпланиб етти юзта бўлди, икки қиёми отлиқ, бир қисми яёв эди. Етти юз кишини уюштирадиган бошлиғи шад эди. Унвон ол, деди. Унвон оладигани мен эдим — Билга Тўнюқуқ. Хоқонни ҳам қўлга олайин, дедим, сўнгра ўйладим: ориқ буқа ва семиз буқани (биров) тезагидан билса, биров семиз буқа ва ориқ буқани ажрата олмас эмиш, шундай деб ўйладим. Шундан сўнг Тангри билим бергани учун фақат ўзим хоқонни қўлга олдим, доно Тўнюқуқ, бўйла баға тархан билан Элтариш хоқон бирга бўлиб, жанубда Табғачни, Шарқда Хитойни, шимолда ўғузни кўплаб ўлдирди. Алломаси, човуши мен ўзимгина эдим. Чуғай кузни ва Қорақумни манзил қилиб олган эдик. У ерда кийик еб, қуён еб турар эдик. Халқнинг томоғи тўқ эди. Душманимиз атрофга қанотини етказди. Биз шай эдик, шундай турар (яшагувчи) эрк аҳли. Ўғуздан ўшанда кузатувчи келди. Кузатувчининг гаплари шундай: Тўқуз ўғуз халқи устига бир хоқон ҳукмрон бўлди, дейди. Табғачга Куни Сангунни юборибди, Хитойга Тўнгра Семни юборибди. Уларга шундай гап юборибди: озгина турк халқи юрган эмиш. Хоқони баҳодир экан, маслаҳатчиси аллома экан. Ўша икки киши бор бўлса, сени, Табғачни ўлдиражак, дейман, шимолда Хитойни ўлдиражак, дейман, мени, ўғузни у ҳам ўлдиражак, дейман. Табғач, сен ўнгдан ҳужум қил! Хитой, олдидан ҳужум қил! Мен чапдан ҳужум қилай. Турк сир халқи ерида бошқа эга юрмасин. Эпласак, ўша эгани йўқ қилайлик, дейман. Ўша гапни эшитиб, тун ухлагим келмади, кундуз ўтиргим келмади. Уйдан сўнг хоқонимга илтимос қилдим. Шундай илтимос қилдим: Табғач, Ўғуз, Хитой — бу учови қамал қилса, қамалда қолажакмиз. Унда вужудининг ичи-тошини — молу жонини топширган кишидай бўламиз. Юпқа йиғин тор-мор қилишга осон эмиш, ингичка йиғин узишга осон эмиш. Юпқа қалин бўлса, тор-мор қиладиган баҳодир эмиш. Ингичка йўғон бўлса, узадиган баҳодир эмиш. Шарқда Хитойдан, жанубда Табғачдан, ғарбда Қурдамдан, шимолда Ўғуздан ҳимояланиш учун икки-уч минг аскаримиз бор. Бундан бошқа келадиганимиз бормиди? Шундай деб илтимос қилдим. Хоқоним, мен доно Тўнюқуқнинг арзини эшитди. Кўнглингга қараб йўл тут,— деди. Кўк ўнгни юқорилаб, Ўтукан йишга томон йўл олдим. Инигак қўл бўйига Тўғладан Ўғуз келди. Уларнинг лашкари уч минг экан, биз икки минг эдик, урушдик, тангри ёрлиқади, қочирдик, дарёга тушди. Қочган йўлида яна ўлди. Шундан кейин ўғуз кўплаб таслим бўлиб келди. Мен ўзим турк халқини ҳам Ўтукан ерига келтирдим. Билға Тўнюқуқ Ўтукан ерига қўнибди деб эшитиб, жанубдаги, шимолдаги халқ келди. Биз икки минг эдик, икки қўшин бўлди. Турк халқи ер юзига ўрнашгандан бери, Турк хоқони тахтга ўрнашгандан бери Шантунг шаҳрига, денгиз, дарёга етмаган эди. Хоқонимга арз қилиб лашкар тортдим.
Шантунг шаҳрига, денгиз, дарёга етказдим, йигирма уч шаҳар мағлуб бўлди. Душманнинг уйқуси ҳаром бўлиб, чўл-биёбонда ётиб қолди. Табғач хоқони душманимиз эди. Ўн ўқ хоқони ҳам душманимиз эди. Ундан ортиқ қирғизнинг қудратли хоқони душманимиз бўлди, ўша уч хоқон маслаҳатлашиб, Олтин йиш устига талон солайлик депти, шундай маслаҳат қилишибди. Шарққа Турк хоқонига лашкар тортайлик депти, унга қарши лашкар тортмаса, қачон ғазабланса, у бизни йўқ қилади, депти. Хоқони баҳодир экан, маслаҳатчиси аллома экан, қачон ғазабланса, ўлдирадиган кўринади. Учовимиз ёпирилиб ҳужум қилайлик, уни йўқотайлик депти. Тургаш ҳоқони шундай депти: менинг халқим у ерда бўлади. Турк халқи яна ҳаяжонда депти. Ўғузи яна пароканда депти. Ўша гапини эшитиб тунлари уйқум келмас эди, кундузлари ўтиргим келмас эди. Шундай ўйладим: Табғач, ўн ўқ, қирғиз хоқонига Кўгман тоғидан ошиб ўтиб ҳужум қиламиз. Шунинг учун аввал биз лашкар тортайлик дедим.
Кўгман йўли битта экан. Йўлни қор босган деб эштиб, бу йўл билан юрса ярамайди, дедим. Ерчи (ер биладиган киши) суриштирдим. Чўллик аз қабиласидан бир
йигитни топдим. Аз ерини у яхши билар экан, бир манзили бор экан. Ани дарёси билан борилар экан, ўша ерда бир отлиғ йўл юриб борилади, деди. Ўша йўл билан юрса имкон бор деб ўйладим. Хоқонимга буни айтиб йўшинни йўлга солдим, отлантир!— деб буйрўқ бердим.
Оқ тармал (ҳозирги Хуа Кэм) дарёсини кечиб ўтиб, қўшинга лагерь қуришга ижозат бердим. Бир оз дам олгач, отланишга буйруқ бердим, қорни ёриб, юқорига отни етаклаб, ўзимиз яёв юриб, дарахтларга таяниб қўшинни чиқардим. Олдиндаги йигитлар илгарилаб, ўсимликлар бор довондан ошдик. Ундан қийналиб пастга тушдик. Ун кун давомида биз ёнлама йўллардан юрдик, тўсиқни айланиб ўтдик. Ерчи ҳам янглишиб, бўғизланди. Хоқон хафа бўлиб, отларни чоптиринглар, деди.
Ани дарёсидан борайлик! — дедим. Дарё сувининг қуйи томонига юрдик. Лашкарни санагани туширдик, отларни ўтга бойладик. Кейин яна йўлга тушдик. Кун ҳам, тун ҳам елиб бордик. Қирғизни уйқуда босдик. Биз лашкарларимизнинг энгагини (олд қисмини) жангга киритдик. Қирғиз хонининг лашкари йиғилди. Жанг қилдик, санчдик, хоқонини ўлдирдик. Бизнинг хоқонга қирғиз халқи таслим бўлди, таъзим қилди. Қайтдик. Яна Кўгманни айланиб келдик. Қирғиздан қайтганимиздан сўнг, Тургаш хоқонидан кузатувчи келди. Гапи шундай: Шарқдан Турк хоқонига қўшин тортайлик, қўшин тортмасак, у бизни йўқ қилади. Хоқони баҳодир экан, маслаҳатчиси аллома экан, ҳар қандай йўл билан бизни ўлдирадиган кўринади, депти. Тургаш хоқони йўлга чиқибди, деди. Ўн ўқ халқнинг ҳаммаси чиқибди, деди. Табғач лашкари ҳам бор экан, ўша гапни эшитиб, хоқоним мен уйга тушайин, деди. Хотини вафот этган эди. Унинг маросимини ўтказайин, деди. Қўшин билан боринг, деди. Олтин йишда ўрнашинг, деди. Лашкарбоши Инол хоқон, Тардуш шад борсин деди. Доно Тўнюқуққа — менга айтди: бу қўшинни олиб бор, деди. Караму ғазабни кўнглингдагидай қил, мен сенга нима ҳам дейин, деди. Душман келадиган бўлса, баҳодир йигитларни йиғ ва душманни ўлдир. Келмайдиган бўлса, тил тутиб маълумот олиб тур, деди.
Олтин йишда ўрнашдик. Уч кузатувчи киши келди, гапи бир: Хоқони лашкар билан йўлга чиққан, ўн ўқ лашкари бекаму кўст чиққан, деди. Йарис даштида йиғиламиз, деган. Ўша гапни эшитиб, хоқонга у гапни жўнатдим: «Нима ўйлайин!» Гапни олиб қайтиб келди: шу ерда туринг!— деб айтибди. Борма, яхшилаб қоровул қўй, душманга бостириб қўйма! — депти. Бугу хоқон менга шундай деб айтиб юборибди. Бош лашкарбошига махфий гап юборибди: доно Тўнюқуқ ҳушёр, у ўзи билади. Лашкар билан йўлга чиқмоқчи бўлса, унаманг. У гапни эшитиб, қўшинни йўлга солдим. Олтин йишнинг ўтиб бўлмас жойидан ошдик, Иртиш дарёсининг ўтиб бўлмас жойидан кечиб ўтдик, тунда тўхтамадик. Бўлучуга тонг отганда етиб келдик.
Бизнинг кузатувчиларимиз тил тутиб келтирди. Гапи шундай: Йарис даштида ўн туман лашкар йиғилди. Бу гапни эшитиб, беклар ҳаммаси қайтайлик, покиза уят яхшидир, дедилар. Мен эса шундай деганман, мен доно Тўнюқуқ: Олтин йишни ошиб келдик, Иртиш дарёсини кечиб келдик. Жангчиларнинг келгани қаҳрамон, деганлар. Душман сезмай қолди. Тангри, Умай, муқаддас ер-сув душманни босиб берган кўринади. Нега чекинамиз, душманни кўп деб, нега қўрқамиз, ўзимизни оз деб. Қани босайлик, ҳужум қилайлик, дедим. Ҳужум қилдик, душманни тор-мор қилдик. Иккинчи кун келди. Урушдик. Уларнинг қўшини бизниккдан икки қаноти ярмича ортиқ эди. Тангри ёрлақагани учун, душман кўп деб биз қўрқмадик, жанг қилдик. Тардуш шади ҳам ўн ўқ хоқони томонда иштирок қилди. Уларни ҳам тор-мор қилдик, хоқони, йабғуси, шади ўша ерда ўлдирилди. Элликтача йигитни тутдик ва ўша кечасиёқ ҳар бирини ўз халқига жўнатдик. У гапни эшитиб, ўн ўқ беглари, халқи, ҳаммаси бизга бош эгиб келди. Келган бекларни, халқини суриб, озгина халқ қочган эди. Ўн ўқ лашкарини жанг қилдирдим. Биз ҳам лашкар тортдик, уни қувдик. Инжу ўғизни кечиб Тинси ўғли етадиган Банглигак тоғини ошиб ўтиб, Темир дарвозагача қувиб бордик. Ўша ердан қайтардик. Инал хоқонга араб ва тухор (арабларнинг иттифоқдоши) ҳужум қилди. Ўшанда ажраладиган чоки бор дубулға кийган сўғдоқ халқи ҳаммаси келди. Ўша куни ҳужум қилди. Турк халқи Темир дарвозага, Тинси ўғли ётадиган тоққа етди. Эгаси йўқ экан. У ерга мен, доно Тўнюқуқ етказиб борганим учун сариқ олтин, оқ кумуш, қиз-жувон, эгри туя, ипак ҳадсиз келтирдилар. Элтариш хоқон доно маслаҳатчиси бор учун, қаҳрамон бўлгани учун Табғачга қарши ўн етти марта уруш қилди. Қитанйларга қарши етти марта уруш қилди. Ўғузга қарши беш марта уруш қилди. Ўшанда маслаҳатчиси ҳам менинг ўзим эдим, урушувчи ҳам мен ўзим эдим. Элтариш хоқонга, Турк Бўгу хоқонга, Турк Билга хоқопга хизмат қилдим, тун ухламай, кундуз ўтирмай, қизил қонимни тугатиб, қора терим югуртиб, меҳнатни, кучни бердим, ахир, мен ўзим узоқларга босқин уюштириб турдим. Қўнғир қўй, оқ отни катта қилдим. Босиб олишга уринадиган душманни поймол қилар эдим. Хоқоним билан лашкарлар тортдик, тангри ёрлиқасин! Бу турк халқига қуролли душманни келтирмадим, яловли отни югуртирмадим. Элтариш хоқон муваффақият қозонмаса, унга қўшилиб мен ўзим муваффақият қозонмасам, давлат ҳам, халқ ҳам йўқ бўладиган эди. Хоқоним муваффақият қозонгани учун, мен ўзим муваффақият қозонганим учун давлат ҳам давлат бўлди, халқ ҳам халқ бўлди, ўзим чол бўлдим, улғайдим. Аллақандай ердаги хоқонлик халққа дон сўк бўлса ҳам, нима ғами бўлар эди?!
Турк Билга хоқон давлатида бу битигни ёздирдим, Мен Билга Тўнюқуқ, Элтариш ҳоқон муваффақият қозонмаса эди, у бўлмаса эди, мен ўзим, доно Тўнюқуқ, муваффақият қозонмасам эди, мен бўлмасам эди, Қапа ған хоқон бошлиқ Турк сир халқи ерида уруғ ҳам, халқ ҳам, киши ҳам, турк халқи ерига хўжайин ҳам бўлмас эди.
Элтариш хоқон ва доно Тўшоқуқ муваффақият қозонгани учун Қапаған хоқон, Турк сир халқи юрган бу давлат яшаб турибди. Турк Билга хоқон Турк сир халқини, ўғуз халқини тарбият қилиб турибди.