Миллий шеърият йигирманчи асрлик ҳаётини ниҳоялаб, навбатдаги аср бошидадир. Истангиз-истамангиз, яшаётганимиз йиллар шоиру шеърпарастларда, олиму фузалода сарҳисоб ҳиссини уйғотиб, жўштириб ўтаётир. Турмушнинг ўзи мисол суронли, мураккаб кечган айни адабий тарих ушбу кун керакли сабоқларни чиқармоққа, холис хулосаларни фаҳмламоққа, бехато асарларни ниятламоққа чорламокда.
Аср охирларининг шу янглиғ ҳур мушоҳадага бой кечганлиги гоҳ аён, гоҳ ноаён орзуланиб келинган ёғдунинг —эрк неъматининг самарасидир.
Аввалги йиллардан муслимона ифтихорликка, умуминсоний қадриятга арзигулик лирик ижодлар, фасоҳат тажрибаси, поэтик анъаналар озми-кўпми қолди, алҳамдулиллаҳ. Эндиги ўлчовлар бўйича ҳам улар орасида жаҳоний миқёсларга муносиблари борлиги билинмокда. Ёрқин назмий натижалар халқимиз ила ҳамқадам.
Ва лекин шеърият муайян ютуқлар баробарида талай ютқизиқларни ўз бошидан ўткарди. «Кўп чалғиган ва чалғитилган бизнинг бугунги жафокаш адабиётимиз» (Хайриддин Султонов), унинг шеърияти тазйиқкор машаққатлар гирдобида яшади. Беҳуда ишончлар, омонат ғоялар, бевафо мавзуларга — ёт унсурларга дарвозани ланг очди. Улар нафосат гулшанида зоғлар каби ин қуришиб, узоқ яшашди. Гулшан саҳнини истаганча кезишди, пайҳон қилишди.
Ортимизда қолаётган ўшал адабий кечмиш бугуннинг фақат дашномию қаҳрига лойиқми? Йўқ. Бир ёқлама ва пала-партиш ҳукм — ҳамиша нодонлик. Ўтмишдан оқилона идрок воситасида тўпланажак ибратлар илмига муҳтожлик туйғусига инонмоқ зарур. Шу зайл муносабатгина ҳозирги шеърият ва назмшуносликнинг афзал уфқларини, ҳаёт-мамот вазифаларини аниқлашга ёрдам беради.
Шуаро, аввало, руҳиятнинг янгича тараққий мавсумига кирганидан мамнун, миннатдор дарак беради. Шаърий покдомонликка чанқоқ шеърият яралаётганидан хушхабар берувчи намуналар, мисралар анчагина. Муҳими, эътиқодга муносиб поэтик фикрлаш ранго-ранг жиҳатлари билан юзага чиқди. Абдулла Ориповнинг ҳадислар ва ҳаж таассуротлари асосида ёзган туркуми, Шукур Қурбоннинг «Арбаъийн»лари, Сирожиддин Саййиднинг мазкур йўналишдаги ижоди, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азим Суюн, Мирзо Кенжабек, Аъзам Ўктам, Иқбол каби шоирлар шеърлари фикримизни далиллай олади. Заҳматкаш олим Анвар Ҳожиаҳмаднинг «Жаннат калити» китоби ҳам қадим арбаъийнчилик анъанасига хос улуш бўлди.
Юртнинг катта-кичик ўзгаришларини мўьмин-муслимга хос талқинлаш ҳамда озодликка масъулликни асл йўлга мувофиқ уқтириш ҳислари Азим Суюнда қуйидагича намоён бўлган:
Пайғамбаримиз деди:
«Барингиз умматимсиз,
Лекин зулм соҳибин
Қўлларидан тутингиз!»
...Ақллар чироғи-ла
Беркилди зулм йўли.
Расулуллоҳ ёди-ла
Тутилди золим қўли!
Энди майли, эй, халқим,
Қулоқ осма сўзимга,
Аммо истиқлол ҳаққи
Боғлиқ фақат ўзингга!
Ҳар нечук дард, кайфият лирик қаҳрамонга хослик баробарида халқ овозига уйғунлик мақомини топсагина қадрлидир. Шу ниятда изланишнинг натижалари сирасига сизу бизнинг замонавий истиғфорларимиз акс этган асарларни киритмоқ мумкин. «Тазарру тозартса бизни шоядким...» деб ёзади Фахриёр. Азим шоир эса ўз дилини ибодат ҳиссига — «Истиғфор»га ногаҳон рўбару этган сабабиятни кетма-кет, армонли оҳангларда санаб беради. Бундан ҳар саналмиш жиҳат-умумнинг хатокор кечмиши, хатолар эса — тавба онларига элтувчилар, деган яхши таассурот барпо бўлади: «Кўпдир менинг гунойим», «Йўл қолиб майса босдим», «Гоҳо иймоним сотдим, Нафс дея тошдай қотдим, Учар қушга ўқ отдим», «Тўсдим оқар сув йўлин»... Шахсийлик даражаси баланд кечинмаларнинг, атай кичрайтириб айтилгандек англанувчи турфа афсус ва гуноҳларнинг шеърдаги рамзлари лирик қаҳрамоннинг қулфланмаган қалбини истиғфорга рўпара қилган:
Тўрт мучам соғ, қаддим тик,
Лекин қурмадим кўприк,
Савоблар... басти эгик,
Истиғфор, истиғфор.
Йўлда ётса бир бошоқ,
Бошоқ эмас, нон-ушоқ,
Кўзга сурмадим, э воҳ,
Истиғфор, истиғфор.
Ҳар кимга ҳам насиб этмовчи неъмат — истиғфор тўйғуси фақат Яратганга қаратилганда рост, бешубҳа, ажрлидир. Ҳидоятли ёхуд покланиш майлида юрган бандаларнинг бу амали кишини кишига мутеловчи эмас, аксинча, инсон шаънини юксалтирувчи, ёлғиз Илоҳни идроклашга йўналтирувчи, комиллик томон шижоатлантирувчидир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Бакр ас-Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган муборак ҳадисларида айб, адашув, гуноҳу хатоларнинг қоронғулик, истиғфорнинг эса зулматдан олиб ўтувчи чироқ эканлиги билдирилади. Бинобарин, ҳар қандай тўғри ибодат сингари тавба-тазарру ҳам абадий мавзудир. Саноқли шоиру саноқли ашъоргина эмас, бутун дунё фасоҳатининг тавбакор яшагани маъқул. Бу ҳол сўз санъатини янада инсонийроқ қилади.
Илҳомлар билан битган катта туркумини Усмон Азим «Тазарру боғлари» деб дадил номлайди. Ботинидан гоҳо вазмин, гоҳо шошқин келаётган кечинмалар карвонига тазарруни сардор туйғу ҳисоблайди у. «Уриндим — асроринг еча олмадим» бошланмали хотималовчи шеърида мавзунинг талай аниқ қирралари, қуйма жозиб талқинларини топади. Бандалардан эрку озодлик кутгани, зим-зиё кечаларда ҳар касдан бўзлаб йўл сўрагани, мангу саволларга жавобни улардан излагани учун Тангрининг авфини тилайди шоир. Шоирона кўнгил тавбасининг тадрижи ортган сайин мардона эътирофлар бўртиб боради, жамулжам дардлар, пушмонликлар изҳори, ўз-ўзини ва олам ҳикматларини тадқиқ жараёни муқаррар Аллоҳни танишга чорлайверади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу дунёни «охират экинзори» демишлар. Бинобарин, сўз меҳнатини қисмат билганлар учун ҳам шеърий тафаккур уруғларини чин эътиқод заминида ўстирмоқ ва парвариш айламоқ, экинларидан Аллоҳ ризолигига мушарраф этувчи ҳосилни ниятламоқ энг жиддий вазифадир. Шу нуқтаи назар такомилигина иймон ҳиссиётининг «тетапоя» тараннумини иймон ҳаловати мақомига элтади.
Баландпарвоз адабий ҳукмлар, кўпиртма мақтовлар исканжасидан қутқарган, озодлик шамолини эстириб қўйган, фасоҳатда комил иймон оҳангларини орзулатаётган Яратувчи бунинг ҳам ижобатини насиб этгай, иншааллоҳ. Ҳидоятли, шаърий ниятли, исломий иймонли истиқлол адиблари ва адабиётига саломлар бўлсин: Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Тоҳир Шермуродов
1998 йил