03:30 / 17.04.2011 · Кутубхона
Хотинтанлов. Тоҳир Малик

(Буни ўқинг-у “Худо ўзинг асра!” деб қўйинг.)

Қорни оч одам сергўшт палову бўрсилдоқ нонни орзу қилгани каби бўйдоқнинг дарду ҳасрати момақаймоқ қизларда бўлиб қолади. Овози раста бўлган кундан бошлаб то уйлангунига қадар ўтган узоқ йиллар мобайнида ўтирса ҳам, турса ҳам, ётса ҳам хаёлидаги шахло кўз, камалак қош, киприклари ханжар, лаблари бодом, қоматлари сарв гўзаллар ишва қилаверади. Ота-онасининг оғзини пойлайвериб, жигари хун бўлган бўйдоқнинг дардини ким эшитади? Бўйдоқ “Сен ҳам уйлангин, бола-чақа орттиргин”, деган бир оғиз сўз учун ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Қийин бўлганда ўзбекнинг бўйдоғига қийин. Ота-онасига қараб: “уйлангим келяпти”, дея олмаса, “кечалари менга ёстиқ чидай олмаяпти”, дейишга тили бормаса... Европалик бўйдоқларга осон. Эрталаб танишади, пешинда никоҳдан ўтиб, кечқурун уйига бошлаб келиб: “Мамуля таниш, бу келининг”, дейди. Ҳикоямиз қаҳрамони Шодиқул шунақаларга ҳавас қиларди. Хаёлан шу тарзда, европачасига, минг бир марта уйландиёв. Лекин хаёлни ҳақиқатга айлантиришга қуриб кетмагур ўзбекчилик ҳаёси йўл қўймади-да! Ниҳоят оҳу зори Яратганга етиб бориб, отаси “вақт етди, қиз танла”, деб амр қилди. Шодиқул қувонди. Кўп йиллардан бери биринчи марта ширин уйқуга берилди.
...Бўйдоқчилик умрига якун ясаши керак бўлган Шодиқулни тонг янгилик билан қаршилади. Бугундан бошлаб совчилик санъати барҳам топадиган бўлибди. Яъни совчиларнинг уйма-уй изғишларига чек қўйилибди. Энди бўйдоқ ҳокимиятга боради, янги ташкил этилган “хотинтанлов” бошқармасига учрайди, суратларга қараб, келинни танлайди – вассалом! Шодиқулга бу янгилик маъқул келиб, қувонди. Эрталаб келинни танласам, оқшомда тўй экан-да, деб ҳокимият сари югурди.
“Хотинтанлов” бошқармасининг “бўйдоқлар” бўлимида уни бир хумкалла қарши олди. Ҳунук каллани безашни ўзига ор деб билган сочлар тўкилиб кетгач, бу одамнинг башарасини бирон бир тузукроқ нарсага қиёслаш ҳам қийин бўлиб қолган. Аммо гўзал қаллиқ орзусидаги Шодиқул бу башаранинг хунуклигига эътибор бермади.
-Ҳм, уйланмоқчимисан?-деб сўради хумкалла.
-Дадам шунақа дедилар,-деди Шодиқул ийманиб.
-Даданг яхши одамга ўхшайди. Скрапканг борми?
-Исправками? Қанақа исправка?
-Дадангнинг “уйлан” деганини қандай исбот этасан?
-Дадамнинг айтганларига ишонмасангиз, ўзимнинг уйлангим келиб қолган бўлса-чи?
-Унда уйлангинг келиб қолгани ҳақида скрапка керак. Маҳалла раиси уйлангинг келиб қолганини текшириб, аниқлаб, кейин маҳалланинг қарорини чиқариб берсин.
Шодиқул гапни чўзса, янги справкалар қайнаб чиқиши мумкинлигини англаб, индамасдан изига қайтди.Дадасига бўлган гапни уяла-уяла айтди. Дадаси сўка-сўка далолатнома ёзиб берди. Маҳалланинг раисига қуюқроқ салом бериб эди, текшириб ўтирмай, у ҳам қарор чиқарди.
Хумкалла иккала қоғозга узоқ тикилди, охири ҳукм чиқарди:
-Маҳалланики бўлади. Дадангники ўтмайди, муҳри йўқ экан. Райсабисга бориб, тасдиқлатиб кел.
Райсобесга пешинга яқин бориб, қуюқ салом берилса, иш осон битаркан. Лекин хумкаллага бу кифоя қилмади.
-Даданг бирон партияга аъзоми?-деб сўради.
Шодиқул “партиянинг ёрдами тегиб қолар”, деб ўйлаб “албатта аъзолар”, деб юборди.
-Унда партия раиси тасдиқлаб берсин-деди хумкалла.
Дадаси партиясиз эди, ўғлининг бахтини ўйлаб, бира тўла иккита партияга аъзо бўлди-ю икковидан ҳам далолатнома олиб берди.
Хумкалла далолатномаларни четга суриб, Шодиқулга тикилди:
-Тўйга тайёрмисан, ўзинг?
-Тайёрман,-деди Шодиқул ишонч билан.
-Фалон минг сўм қалин пули тўлаб кел. Беш прасан солиғи билан жаъми шунча минг сўм тўлайсан.
-Қалин пули йўқ бўлиб кетган-ку?-деди Шодиқул норози оҳангда.
-Сен қадриятларимизнинг тикланишига қаршимисан? Ўйлаб гапир, бу сиёсий масала!-деди хумкалла жаҳл билан.
-Солиқни нимага тўлайман?
Хумкалла унга норози қиёфада қараб, столи устида турган китобчани варақлади.
-Ўқишни биласанми, ма, ўқи! “За обслуга” деган. Уйланганингдан кейин келин “обслуга” қиладими? Ўғил бола бўлсанг, ҳақини тўлаб қўй-да!
-“Обслуга” қилмаса-чи? Пулни қайтариб берасизми?
-Сен ҳовлиқаверма, чироқ ўчгандан кейин бошқа ташвиши бўлмайди.
Шодиқул пулни тўлаб келди. Хумкалла яна бош чайқади:
-Сут пули тўламабсан-ку? Фалон сўм сут пули, фалон сўм солиқ, жаъми фалон сўм тўлаб кел.
Бу талабдан Шодиқул аччиқланди. Бир ҳафта олдин ўртоғи уйланганида бу машмаша, бу тўловлар йўқ эди-я!
-Яна нега солиқ тўлайман, қайнонам ҳам обслуга қиладиларми?-деди кесатиб
Хумкалла кесатиққа аҳамият бермай, жиддий оҳангда жавоб қайтарди:
-Бу пешонангнинг шўрига боғлиқ, ука.
Сут пули тўлаб келингач, хумкалла яна бош чайқади:
-Туғилишда чала туғилганмисан, ука, ҳамма ишларинг чала-я!-деди у норози оҳангда.
-Яна нимаси чала? Бўлажак қайнотамга нос пули тўламабман-ми?-деди Шодиқул бўғилиб.
-Нос пули алоҳида масала. Ҳозир гинекологдан скрапка олиб келишинг шарт.
-Ие, ака, гинеколог хотинларнинг дўхтири-ку?
-Буни сендан ҳам яхшироқ биламан. Уйланмоқчимисан?
-Ҳа.
-Демак, хотин эмас, эркаксан?
-Кўриб турибсиз-ку?
-Кўриб турганим йўқ. Гинеколог кўриб, хотин эмас, деган скрапка ёзиб берсин.
Гинеколог билан иш бир ёқлик бўла қолса кошки эди. Бундан кейин Шодиқул хумкалланинг талаби билан сартарошга бориб хатна қилингани ҳақида, невропатологга бориб миясида қурт йўқлиги ҳақида, мол дўхтирига бориб кечаси маъраб юбормаслиги ҳақида, гўрковга бориб катта дадасининг ростдан ҳам  ўттиз йил аввал ўлгани ҳақида далолатномалар олди. Кейин эса электрчиларга бориб, тўйдан кейин бир ой мобайнида чироқни ўчириб қўйиш ҳақида, сувчилардан эса сувни ўчирмаслик ҳақида, бешикчиларга бориб хотини туққан кунларда иш ташламаслик ҳақида, мактабга бориб туғилажак боласини яхши ўқитиб бериш ҳақида, институтга бориб туғилажак фарзанди комилини  ўқишга порасиз қабул қилиш ҳақида мажбуриятномалар олиб келгач, хумкалла унга қоғоз-қалам узатди:
-“Ўғлимни ўттиз ёшигача уйлантираман”, деб тилхат ёз.
-Қиз туғилса-чи?
-Унда “ўғил бўлади”, деган мажбуриятнома олиб кел.
-Ҳали келин маълум эмас-ку?
-Унда ўзинг мажбурият ол. Агар қиз туғилиб қолса, мажбуриятни бузганинг учун қонун олдида жавоб берасан.
Шодиқул таваккал, деб ёзиб бергач, хумкалла: “Ана энди навбатга қўямиз, уч ойдан кейин келасан”, деди.
Уч ойдан кейин ўттиз иккита далолатноманинг эскириб қолгани маълум бўлиб, янгиланди. Шундан сўнггина хумкалла Шодиқулга бир альбом тутқазди. Шодиқул суратларни кўриб, чиройли қизни танлади. Хумкалла қоғозларини титкилаб кўргач, бош чайқади.
-Йўқ, буни сенга бера олмайман. Низом бўйича бу қиз фақат уруш инвалидларига ажратилган. “Имтиёз” деган нарсани биларсан? Уруш инвалидларига келин навбатдан ташқари берилади.
Шодиқул “ҳозир уйланадиган уруш инвалиди қолибдими?” деб эътироз билдирмоқчи бўлди-ю тилидан тутилиб қолишдан қўрқиб, индамади. Бошқасини танлади. Хумкалла яна қоғоз титиб, сўнг сўради:
-Испанчани биласанми?
-Уйланишимга испанчанинг нима кераги бор?
-Бу қиз испанчада ўқийди. Мен уни сенга бериб юборсам. Кечаси у сендан испанчалаб бир нимани сўраб қолса, сен нодон тушунмай гаранг бўлсанг...а? Йў-ўқ, мен оиланинг бузилишига йўл қўя олмайман.
Яна бир қиз раққоса экан, Шодиқул чилдирма чалишни билмагани учун у ҳам насиб этмади. Дўхтирликка ўқийдигани ҳам берилмади: “соппа-соғ йигит экансан, дўхтирни нима қиласан?” деди хумкалла. Албомда кўзи сал ғалатироқ қизнинг сурати қолди.
-Сен боп қиз мана шу,-деди хумкалла.-Кўзига парво қилма, юмиб юрса сезилмайди. Хў-ўш, маълумотларга қараганда чап қулоғи эшитмас экан, ўнг қулоғига гапираверасан. Ўнг оёғи... чап оёғидан саккиз сантиметр калта. Бунга ҳам парво қилма. Кеча бир укахон ўн икки сантиметр калтасини ҳам жон-жон деб олиб кетди. Бўзрайма, агар йўқ десанг, бундан ҳам қуруқ қоласан. Хў-ўш, омадинг бор экан-ку, укахон! Бу қизнинг ошқозони аперайса бўлган экан. Сенга фойда-да, овқатни кам ейди! Э ука, сен хотин олмайсан, хазина оласан. Шунга рози бўлавер. Бу қиз соқов экан, ўлгунингча қулоғинг тинч бўлади. Ўзи шу қизни сенга ўхшаган укахонларга асраб юрувдим, суюнчисини бегона қилмайсан. Яна уч йил сабр қилсанг, пенсага ҳам чиқади.
Шу ерга келганда Шодиқул йиғлаб юборди:
-Ака, мен энди йигирма бешга кирдим. Мен буви оламанми  ё  уйланаманми?
-Хой яхшиликни билмаган тентак! Йигирма беш ёш бўладими ё эллик бешми – эрга тегмаган қиз бўлса бўлди-да, сенга яна қанақаси керак! Бор жўна! Бу ер онангнинг уйими, ноз қиласан!
Шодиқул ярим йилдан кейин яна келди. Бу сафар хумкаллага сўзи ўтадиган одам билан гаплашиб келди. Аввалги сафар биринчи бўлиб кўзи тушган чиройли қизни яна танлади.
-Буни сенга беролмайман, уруш инвалидларига аталган,-деди хумкалла яна ўжарлик билан.
-Асрор ака тайинлаганидилар. Йўқ десангиз қаттиқ ранжийдилар,-деди Шодиқул унга хат узатиб.
Хумкалла Асрор акасининг номини эшитиб, ўзгарди, хатни ўқигач, Шодиқул билан қайтадан сўрашди.
-Дидингизга балли, укахон, шу қиз сизга аталганда,-деди.
-Урушга бормаганманда, бераверасизми?-деди Шодиқул унинг марҳаматига ишонқирамай.
-Бу ёғини тўғирлаш бизнинг бурчимиз. Адангиз урушга боргандирлар?
-Катта дадам борганлар.
-Бўпти, қизни катта дадангиз номига расмийлаштирамиз. Сиз доверност билан уйланаверасиз.  Катта дадангиз “шу қизга уйланишни неварамга ишондим”, деб ёзиб берадилар.
-Катта дадам ўлиб кетганлар-ку? Ишончномани нариги дунёдан олиб келаманми?
-Бу энди бизнинг вазифамизга кирмайди. Нариги дунёга бориб келиш масаласи билан бошқа ташкилот шуғулланади.
Шодиқул ўлиб кетган катта дадасининг номидан ишончнома тўғрилай олмагани учун гўзал қизга  яна уйланолмай қолди. Ўша куни хумкалла шошқалоқлик қилиб, қизни расмийлаштириб қўйган, экан,  Шодиқул бир марта уйланганлар рўйхатига кириб қолибди. Энди уйланаман, деса, аввалгисидан ажраганлиги ҳақида далолатнома керак экан. Буни эшитиб, Шодиқул ўкириб-ўкириб йиғлай бошлади...
Кўз ёшларидан ёстиғи жиққа ҳўл  бўлай деганда онаси аста туртиб уйғотди.
-Вой, боламей, кейинги кунларда уйқунгда ё бақирасан, ё йиғлайсан, сени ўқитиб юбормасак бўлмайди,-деди у меҳр билан. Отаси бу гапга эътироз билдирди:
-Ўғлингни ўқитиш шартмас. Уни уйлантириш керак. Шоди, сен бугун Турсунмўйловнинг қизини бир кўриб кел, агар ёқса шу ой ичи тўйни бошлаб юбора қоламиз.
Кўрган тушни таъсиридан ҳали қутилмаган Шодиқул отасига қараб туриб “ҳокимиятга борайми?” деб сўради.
-Қанақа ҳокимият?-деди отаси ажабланиб.-Кампир, гапинг тўғрига ўхшайди, ўғлингни олдин бир ўқитиб ташла.